Янги ёзаётган «37-хонадон» китобимга маълумот излаб, дадамнинг архивларини кўздан кечиришга тўғри келди. Иттифоқо, қўлёзмалари ичидан «Эски Тошкантда» (тарихий қисса) асарлари чиқиб қолди. Қиссани ўқиб чиқиб дадамнинг: «Тошкант ҳақида бир нарса ёзиш ниятим бор. Битса, ёзганларимнинг энг зўри бўлса керак», деган гаплари ёдимга тушди. Шуниси ачиинарли эдики, қисса туганланмай энг қизиқ жойда тўхтаб қолган. Қўлёзма дастлаб 1964 йилда ёзилган бўлиб, кейинчалик қайта ишланган, янгитдан кенгайтирилган ҳолда қоғозга қўлда кўчирилган экан. Қиссада бундан икки юз йиллар илгари Тошкентда содир бўлган воқеалар тасвирланган. Эътиборни тортадиган, архивда яна бир неча варақларда ўша даврдаги хонлар, беклар ва Тошкентнинг руслар томонидан ишғол қилиниши ҳақида алоҳида қисқача маълумотлар ҳам учрайди…
Менимча дадам «Отам ҳақида» китобларини ёзишга берилиб кетиб, мазкур қиссаларини тугатишга улгурмай қолган бўлсалар керак. Бувамиз ҳақидаги «Сўнги хотира»ларини ёзиб бўлганларида эса, касалланиб умрлари поёнига етган эди.
Биз дадамиз қаламига мансуб ушбу қиссани шундайлигича сиз, азиз журналхонлар ҳукмига ҳавола этишни лозим топдик. Қиссадаги ўзига хос бадиий руҳ, гарчи у тугалланмай қолган эса-да, дилингизда ёруғ бир завқ, эзгин бир кайфият уйғотади, деган умиддамиз.
Шеркон Қодирий
Ҳабибулло Қодирий
ЭСКИ ТОШКАНТДА
Ҳабибулло Қодирий (Ҳабибулло Абдуллаевич Қодирий) 1919 йили Тошкент шаҳрида туғилган. 1962 йили Тошкент давлат тиббиёт институтини тамомлаган. Адабий фаолиятини 1958 йилдан бошлаган. «Нилуфар» ҳикоялар тўплами (1964), «Африкага саёҳат» (1966), «Яман-Миср таассуротлари» (1967) сафар очерклари, «Отам ҳақида» хотира китоби (1974), «Қора араб» ҳикоялар тўплами (1978) чоп этилган. Ҳабибулло Қодирий 1987 йили вафот этган.
Муқаддима
– Қани дада, «Афғон келини» ҳикоянгизни бошланг… – дер эдим, кайфи келиб турган чоқларда, отамга. Юз ёшлардан ошиб қолган отам эса кўксини тутган оппоқ соқолини силаб «ҳеҳ-ҳеҳ» деб кулар, пўстаги тагидан носқовоғини олиб нос искар ва бошидан кечирган узун қиссасини, ипидан-игнасигача қолдирмай аста ҳикоя қилиб берар эди:
– Бу воқеа бошланган кезларда ўрис ҳали Тошкантга келмаган эди. Аммо, эл орасида: «Ўрис Оқмасжид[1]шаҳрини олипди. Худоёрхон Оқмасжидни қайтариб олиш учун Шодмонхўжа Ўроқни лашкарбоши тайинлаб қўшин юборипди. Шодмон Ўроқ ўрис билан урушишга юраксинмай Қўқонга қайтиб келибди. Худоёр Шодмонни қўрқоқликда айблаб: «Сен хотин экансан, ўрис аскарлари билан урушмай қайтибсан», – деб уни бошига рўмол ўратиб, олдига чарх-дуг қўйиб шарманда қилибди…» – деган миш-мишлар дув тарқалиб юрар эди. У вақтларда шаҳар ҳовлимиз Эски Жўва маҳалласида бўлиб, Хўжа кўчасида турар эдик.
I. Жўва маҳалласи
Ҳеч бир нарса дунёга эски бўлиб келмаган, ҳар бир нарса ҳам аввалига янги бўлади, кейин-кейин эскийди ва «эски» сифатини олади. Шунга ўхшаш бизнинг ҳозирги кундаги Эски жўва ҳам ҳар ҳолда қачонлардир янги, обод маҳалла бўлган, кейин-кейин эскиб Эски жўва номини олган бўлса керак… Бинобарин, биз бундан юз эллик йил бурунги воқеани тасвирламоқчи бўлганимиздан, «янги», «эски» сифатларини қўйиб, Жўва деб юритсак хато бўлмас.
Жўва маҳалласи Тошкентнинг шимол қисмида чорроҳ йўл устида жойлашган. Агар ўртадаги кенг майдон – Регистонни марказ дейилса, ундан турли томонларга катта-кичик кўчалар кетади. Кўча бетлари турли бинолар билан туташ ўралган, айниқса Бўзсаройи, Жомеъ масжиди, Беглар-беги мадрасаси, Хотин масжид ва улар оралиғига жойлашган турли дўконлар, чойхоналар, новвойхоналар, сартарошхоналар Регис¬тонга бир хил кўркамлик, файз бериб туради. Регистонда эрта-кеч халқ қайнар, дўконларда савдо қизир, айниқса қиш-рўза кунларида кечалар сайилгоҳ-бозор шабга айланиб, ёз кезлари Жанггоҳ суви бўйида дор ўйини, маддоҳлик, масхарабоз-қизиқчилик ўйинлари ҳам бўлиб турар эди.
Бўз саройи[2] доим атроф шаҳар-вилоятлар, узоқ мамлакатлардан келган савдогарлар, юрт кезар дарвешлар, маддоҳлар билан лиқ тўла. Унда: қозоқ, қирғиз, тожик, туркман, эрон, афғон, ҳинд, хитой, уйғур, қорақалпоқ, озарбайжон, татар, бошқирд каби миллат кишиларини кўриш мумкин.
Шу йил баҳор эрта келди, ёқимли илиқ шабада эсиб, ўрик, шафтоли дарахтлари қийғос гуллай бошлади.
Дарвозаси жанубга қараган Бўз саройининг ўнг тарафига тираб қурилган ҳужрадек кичик бир дўкончада соч, соқол-муртларига бир-ярим оқ оралаган, баланд бўй, йўғон гавдали, чўзиққа мойил буғдой юзли, ўсиқ қора қош-кўзли қирқ ёшлардаги бир киши кўрпача устида чордана қуруб савдо қилар эди. Дўкон олдига тортилган чизимчаларга қатор-қатор осилган ранг-баранг калава ипаклар; қора, кулранг жун-тивит иплар ва теваракка кичик-кичик махсус қопчиқларда пай уриб қатор териб қўйилган хушбўй кўк-памил чойлардан боққолнинг нималар билан савдо қилиши кўриниб турар эди. Кеч тушиб қолгани учун кўчада одам товсилган, баққоллар дўконларини беркитиш ҳаракатида, ипакфуруш боққол эса кўрпачаси тагидаги бугунги савдодан тушган пулларни санар, тилло тангасини чақалардан ажратиб чўнтагига солар эди.
– Ассалому алайкум, Қодирбой!
– Ваалайк… Э, Келинг Муротали!
Қодирбой қўлидаги пулларини кўрпачага ташлаб ўрнидан қўзғолди. Қўл узатиб кўришди ва дўкон ёнига, йўл устига қўйилган курсига ўтиришга таклиф қилди. Фотиҳа ўқилиб ҳол-аҳвол сўрашди:
– Уй-ичилар, ўзлари саломатмилар?…
– Раҳмат! – деди, сийрак соқол-муртли, узун қотма бўйли, пешонаси чандиқ, оқ юзли киши.
– Ўзларидан сўрасак … Тинчмилар? Янгамиз сиҳат топиб қолдиларми, савдолар дурустми?
– Дуруст, раҳмат, кунимиз бир нави ўтиб турибди.
Қодирбой рўмолга ўраб қўйилган чойнакдан чой қуйиб узатди.
– Кўринмай қолдингиз, дўстим, тинчмисиз?
– Шукур, – деди Муротали ва кулди. – Тўй бошлаб юбордик, сизни хабарлагани келдим…
– Э-э-э, муборак, муборак! Қутлуғ бўлсин. Қандай тўй?
Қодирбой юзида хурсандчилик сезилди. Муротали чой хўплади:
– Ўғлимиз Музаффар йигирмага кирибди… Уйлантириб, шу вазифамиздан ҳам қутилиб қўя қолайлик дедик…
– Жуда соз ўйлабсиз-да. Савобли иш бошлабсиз, уйингизда дастёр кўпаяди…
Муротали Қодирбой дўсти фарзандсизлигини билгани учун сўз оҳангининг фарқига борди.
– Эзгуликни кечи йўқ дейдилар. Ҳали кўп тўй кўрамиз, ошнам.
Муротали сўзни бурди:
– Уйингизга ҳам тайинлаб чиқдик. Бириси кун чоршанбага тўй юборамиз. Жума куни никоҳ. Ўзингиз тўйимизга бош бўласиз, ўртоқ. Бизнинг ҳам кимимиз бор…
– Албатта, албатта. Насиб қилса…
– Хайр, энди мен борай. Тўйнинг таҳликаси кўп бўлар экан, ошна. Бугун куни билан тўйга хабар қилиб ҳоридим. Ҳали яна қанча иш олдинда.
Қодирбой ўрнидан қўзғалган Муроталини тўхтатиб, ёнидан беш тилло чиқариб узатди:
– Манави биздан тўёна, ошнам. Кам-кўстингизга яратарсиз…
– Э-э. Садағанг кетай Қодирбой, сиз ҳамиша мени уялтирасиз-да. Тўйнинг кам-кўсти битармиди. Қўйинг, ошнам…
Муротали Қодирбойнинг қўлини қайтармоқчи бўлди. Бироқ, дўстининг астойдил раъйини сезиб тиллоларни олди:
– Хайр, биз ҳам яхши кунларингизга қайтарайлик. Раҳмат, ошнам.
Муротали Қодирбойнинг эски дўстларидан бири эди. У билан бир вақтлар сарбозлик қилишган. Қашғарга ҳоким қилиб тайинланган пискентлик Ёқуббекни бирга кузатиб боришган. Узоқ Қашғар сафарининг аччиқ-чучукларини бирга тотишган, қалби пок, хоксор киши эди. Муротали асли Қоратош маҳаллалик бўлиб, уч-тўрт йил бурун Қодирбойлар яшаб турган кўчанинг ичкарироғидан ҳовли олиб кўчиб келган. Ўзи Кўкалдош мадрасаси тагида дўконча очиб, эгар чопар эди.
II
Қодирбой кўча эшикни очиб, йўлакдан кирди. Қатор лой томли уйлар билан ўралган ичин-ташин ҳовлилар ҳувуллар эди. Йўлак ёнидаги отхонада турган от эгасини сезиб аста кишнаб қўйди. Қодирбой тўғри ичкари ҳовлига ўтиб, айвонда кўрпа-тўшак қилиб ётган ёшгина, озғин, рангсиз хотинидан ҳол сўради:
– Қалай? Яхшимисан, Умри?
– Шукур.
Қодирбой бошқа сўз айтмай, тўнини ечиб, айвон қозиғига илди. Отга сув бериб, беда солди. Қўлини ювиб, самовар кулини қоқди. Сув тўлдириб, олов ташлади ва ошхонага кириб нимадандур хурсанд бўлгандай қайтиб чиқди:
– Овқат пишириб қўйибсанми, Умри?
– Ҳа, боя ойим келган эдилар. Қайнатиб кетдилар.
Қодирбой таҳорат янгилаб шом намозини ўқишга тутинди.
Шундай… Ҳаёт инсонларни ҳамиша ҳам тилаганларича сийлайвермас экан. Тўти қуш: «Ҳамма ёғим тўкис, оёғим пес», деб ғам чекгандек, Қодирбой ҳам, юқоридан бир қадар англашилгандек, ҳамма ёқдан бут бўлса-да, оила важҳидан қисилган эди. У уч марта уйланди. Биринчи хотини шаҳарда тарқалган вабоми, ўлат касалидан ҳали фарзанд кўрмай вафот этди. Иккинчиси туға олмай дунёдан ўтди. Мана, учинчиси келин бўлиб келгандан буён узун оғриқ касал, икки марта туққан бўлса ҳам болалари чақалоқлигидаёқ нобуд бўлган. Қўш-қават ҳовлида эр-хотин яшайдилар. Отаси ҳожи Муҳаммадбой ва онаси Фароғат биби аллақачон дунёдан ўтишган. Акаси Тошмуҳаммадбой ва синглиси Хайринисо бўлса уйли-жойли бўлиб чиқиб кетишган. Ҳар замонда бир хабар олса оладилар, бўлмаса ўзларидан ортмайдилар.
Намоздан сўнг Қодирбой дастурхон ёзди, чой дамлади ва икки коса шўрва сузиб келтириб, кечликка ўтирди.
– Нон тўғраб берайми, Умри?
– Йўқ, раҳмат. Сувидан ичсам бас…
– Овқатни дурустроқ емасанг силланг қурийверади, бу ёғи баҳор… Табибнинг дорисини ичяпсанми?
– Ичяпман… Ҳа, айтгандек, Муротали ошнангиз, хотини Рисолат хола билан келиб тўйга айтиб кетишди…
– Хабарим бор, ҳали Муротали дўконимга келди, – дея Қодирбой бўктирилган нонларни қўли билан илиб-илиб еб, парвосиз сўради: – Ким билан қудалашибди? Билдингми, ҳали сўрашни унутибман…
– Рисолат хола келганида ойим шу ерда эдилар. Улар сўрадилар, – деди Умри биби ва ўйланиб қолди. – Оти… оти… Ҳув, мен энди келин бўлиб келган кезларимда дорга осиб ўлдирилган киши бор эди-ку?
– Дорга осилганлардан кўпи борми, гапинг қизиқ.
– Ўзи сизнинг ошнангиз бўлган чоғи, Тинчоб маҳаллалик, хотини палакдўзлик қилади…
– Э-э-э , Эгамберди… Ўшанинг қизигами?
– Ҳа.
– Бўлмаса, Муротали яхши жойдан қуда қилибди. Ота-онаси яхши одамлар. Қизи ҳам ақлли, барно…
Умри биби кулимсиганча шўрва ҳўплаб, қошларини чимирди.
– Қизини қаердан биласиз?..
– Биламан-да. Отаси ошнам бўлгандан кейин… Уйларига борганимда дастурхон ёзган, чой-нон келтирган, – деди Қодирбой суяк тозалаб. – Бу қиз ҳозир ҳам баъзан-баъзан дўконимга паранжида келиб туради. Ипак харид қилади, ҳол-аҳвол сўраб тураман. Исми Зуҳро…
Эрининг батафсил жавоби ёқмадими ёки бошқа сабабданми, Умри биби қонсиз юзини четга ўгириб қўлини артди. Ярим-ёрти қолган коса¬сини четга суриб, чойнакдаги чойни қайтарди ва қуйиб эрига узатаркан, кулимсиради:
– Яхши одамлар дейсиз-у, дорга осишган…
– Хўш?
– Яхшини дорга осишадими?…
Умри биби рашкчи эди. Қодирбой буни сезди ва юзаки фикр юритиб тирноқ остидан кир ахтарган хотинидан аччиқланди. Беихтиёр тозалаган суягини ташлаб хўрсинди.
– Қизиқ гапирасан. Сенингча, ҳамма дорга осилганлар ёмон, гуноҳ¬кори азим кишилар бўлаверар экан-да!.. Эгамберди нега ўлдирилганини биласанми?!…
– Мен қаёқдан билай.
– Билмасанг, нега ёмонлайсан?
Умри биби индамади. Чунки, эрининг запти тезлигини билар, агар яна бир оғиз ортиқча сўз деса, ёниб кетишини тушунар эди… Хотини гап қайтармай паст келиши Қодирбойни ҳовуридан тушурди. У қўлини артиб, косаларни четга олиб қўйди ва чой хўплаганча ёстиққа ёнбошлади.
– Биз Муротали, Эгамберди учов тенгқур дўст бўлганмиз. Биргалашиб сарбозлик қилишганмиз. Эгамберди жуда ҳалол йигит, Раис саройида[3] чойхоначилик қилар эди, – деди Қодирбой аста сўз бошлаб.
– Бир кун саройга қаердандир бир қофила савдогарлар келиб қўнади-да, уч-тўрт кун туриб, ўз йўлларига жўнаб кетади. Ўринларига беш-ўн кунлардан кейин яна бошқа савдогарлар келиб қўнади-да, улардан бириси Эгам¬бердига: «Бизнинг ҳужрага кириб кўринг, ёмон бир ҳид келяпти. Тағин бирор нарса кўмилган бўлмасин», дейди. Эгамберди кирса, дарҳақиқат ҳужрани бир бадбўй ҳид тутиб кетган. У ёқ-бу ёқни текшириб, намат-бўйра тагларини кўтариб, кўзи уйнинг бир бурчагидаги тупроғи бўшалган ерга тушади. Шубҳаси ортган Эгамберди дарров чиқиб, сарой хўжайинига сирни айтади. Кўплашиб кириб маълум ерни очсалар, қопга солиниб, юзагина кўмилган жасад чиқади…
Қўрбоши бошлиқ бу хабар Азизбекка (Бу воқеа бўлган чоқларда Тошкент ҳокими Азизбек эди) етказилиб, унинг буйруғи билан неча-неча одамлар сўроқ-тафтиш қилинади. Бироқ, тафтишлар ҳеч қандай натижа бермай, ўлик ҳам, ўлдирувчи ҳам кимлар эканлиги аниқланмайди. Азизбекка бу муҳмал ишнинг натижасизлиги арз қилинади. Азизбек шу чоқда бирор нарсадан ғазабланиб турган бўладими, бирорта ғаразгўйнинг сўзига ишонадими ёки сиёсат юзасиданми, баҳорҳол Эгамбердининг ўзини қотилликда гумон қилиб, дорга остиради… Аммо, кейинчалик маълум бўладики, бечора ошнам нохақ ўлдирилган, қотиллар бутунлай бошқа кимсалар экан.
Умри биби ёнбошлаган кўйи эрининг ҳикоясини анқайиб тинглар эди. У кўтарилиб ўтириб, эрига яна чой қуйиб узатди ва аста сўради:
– Кимлар, нима учун ўлдирган экан?
Қодирбой камзулининг кўкрак чўнтагидан ёғлиқ қоғозга ўралган тиш кавлагичлардан бирини қўлига олди ва чой хўплаб давом қилди:
– Эгамберди дорга осилиб, орадан уч-тўрт ой ўтгандан кейин, бир кун, уч нафар мусофир Азизбекка келиб арз қилишади:
«Жаноб ҳоким, бизлар Бухорои шарифданмиз. Касбимиз тужжорликдур. Ҳар йили Шамай шаҳрига сафар қилиб, ўрисларга кўплаб қоракўл, жун, ипак, пахта каби моллар сотиб қайтамиз.
Бу йил ҳам биз тўрт дўст савдогар кўклам кези одатимизча Бухородан карвон билан Шамайга сафар қилдик. Кўзлаган еримизга эсон-омон етиб бордик ва дарҳол савдойи келишиб, биримиз молларини сотди. Аммо, учимизнинг молимиз сотилмай, тўхталиб қолди. Чунки, биз Шамай шаҳрига ярманка[4] вақтидан анча илгари бориб, ўриснинг бизга мижоз бўлган катта кўпослари[5] ҳали ички Ўрисиядан етиб келмаган эди. Биз то мижозлар келгунча ўрис шаҳарларини томоша қилмоқчи бўлдик. Бироқ моли сотилиб, олди-бердиси битган бояги шеригимиз Шамайда ортиқ қолгиси келмади. «Зарур ишларим бор», деб бизни кутмай, Бухорога қайтишни жазм этди. «Бирга кетайлик», деб қилган илтижоларимизга ҳеч кўнмагач, биз уни қайтишига ноилож розилик бердик ва Чимкент шаҳрига кетаётган қозоқлар карвонига қўшиб жўнатдик.
Ярманка ўтиб ишимиз битди. Маълум шеригимиздан бирор ой чамаси кейин шаҳримизга қайтдик. Бироқ, Бухорога етиб келсак, мазкур шеригимиз ҳали келмаган… Биз қариндошларидан сўрасак, қариндошлари биздан сўрадилар… Қисқаси, шаҳримизга саломат етиб келишимиз қувонч эмас, қайғуга айланди.
Шундай бўлса-да, келиб қолар умидида яна бир мунча вақт кутдик. Келмади. Секин-секин қариндош-ёронлари ҳақли равишда биздан гумонсирай бошладилар… Чунки, биз шеригимизни йўлда қолдириб, сафар расмини бузган эдик… Шундан сўнг биз учовлон маслаҳатлашиб, ўзимизни оқлаш мақсадида Чимкент шаҳрига сафар қилдик. Машаққатли изланишлардан кейин, мазкур қозоқ карвонбошисини топдик ва ундан шеригимизнинг дарагини сўрадик.
– Шеригингиз эсон-омон биз билан Чимкентга етиб келган ва у бунда қандайдир ҳамшаҳарларини учратиб, улар билан биргаликда Бухорога жўнаб кетган эди. Мен уларни Тошкентга бораётган карвонга қўшиб кузатган ва хотиржам бўлган эдим, – деди у.
– Агар сиз ўша бирга кетган ҳамшаҳарларни кўрсангиз танийсизми? – деб сўрадик.
– Танийман. Улар уч киши эди, – деди карвонбоши.
Биз қандай ёмон аҳволда қолганимизни айтдик.
– Жон биродар, биз билан бирга Бухорога боринг. Ўша сизга маълум кишиларни таниб беринг. Бизни гумондан халос этинг. Сизни рози қилурмиз ва саломат қайтишингизга кафил бўлурмиз, – дея ёлвордик.
Бечора қозоқ дўстимиз раҳми келиб, илтимосимизга рози бўлди. Биргалашиб Бухорога сафар қилди. Биз, йўлакай маслаҳатлашиб, эҳтиётдан қозоқ дўстимизни шаҳарга яширинча киришини маъқул кўрдик… Биримиз олдинроқ Бухорога бордик-да, Лабиҳовуз рўпарасидан бир уй ҳозирлаб, меҳмонимизни шунда тушурдик. Уйнинг кўча томонидан назорат учун махфий бир туйнук-ойна очиб, қозоқ дўстимиз ҳар кун ундан кузатиб ўтирадиган, маълум кимсаларни излайдиган бўлди…
Хуллас, кузатишнинг бир куни меҳмонимиз ойнадан қараб туриб, бирдан:
– Ана, бириси ҳовуздан сув ичаётир, қизил этиклик ёш йигит, – деб қолди.
Биз аста чиқиб йигит ортидан тушдик. У қаерда туриши, кимлигини аниқладик. Шу йўсин, бир неча кун ичида мазкур кимсаларнинг учовини ҳам билиб, дарҳақиқат улар жўн одамлар эканига ишондик. Бу сирни амиримизга арз қилдик. Амир дарҳол уларни олдириб, зиндонга солди. Сўроқ-тергаш, шоҳид-исбот қилди, қийнади… Ниҳоят, азобга бардош беролмаган қотилларнинг бириси, пул-дунё қастида шеригимизни Тошкант шаҳрингизда ўлдирган ва Раис саройи мусофирхонаси ҳужраларидан бирида қопга солиб кўмганлигига иқрор бўлди. Биз қотиллар сўзини тасдиқлаш ва чин бўлса жасадни ўз қўлимиз билан тупроққа қўйиш мақсадида шаҳрингизга келдик. Амиримиз бу борада бизга ёрдам кўрсатишингизни сўраб, ушбу номани сиз жанобларига йўлладилар…
Қодирбой ҳикоясини битириб, тез-тез чойини ича бошлади. У хуфтон намозини ўташ учун масжидга ҳозирланарди. Эрини тинглаб, тонг ажабланиб ўтирган Умри биби аста сўради:
– Кейин нима бўлибди?
– Нима бўларди? Ҳоким «Одамингизни дуои-такбир қилиб фалон мозорга қўйганмиз», дебди холос. Мусофирлар ҳам нима қилсин, тиловот-қуръон қилиб юртларига жўнаб кетишибди…
– Ҳоким-чи, ўйламай-нетмай икки орада бир гуноҳсизни ўлдиргани учун пушаймон бўлгандир?..
– Бе-е, хотин, қизиқ гапни айтасан-а, – Қодирбой ажаблангандай хотинига қаради. – Наҳотки Азизбекни билмаган бўлсанг. У пушаймон бўлишни биладиган инсонмиди? Қип-қизил каллакесар, ўз акасини ҳам ўлдирган ҳоким эди-ку…
– Азизбек ўз акасини ўлдирганми?
– Азизбекнинг акаси уламо киши бўлган. Мусулмонқул Азизбекни Чуст шаҳрига ҳоким қилиб тайинлагач, ҳалиги акаси унга: «Ука, инсофли бўл, фуқарога зулм қилма, Мусулмонқулга ўхшаб қонхўр бўлма!», – деб насиҳат қилади. Азизбек сен менинг валий неъматимни «қонхўр»га чиқардинг деб, акасини ўлдиради. Мусулмонқул эса бу «садоқат»ни эшитиб Азизбекни янада қадрлайди ва уни Тошкентга ҳоким қилиб тайинлайди. Ана ундан кейин Азизбекнинг Тошкентда фуқарога кўрсатган хилма-хил зулмини ўзинг ёш бўлсанг ҳам балки эшитгандирсан. Малъун, ҳатто «гуноҳкор»ларни чаён чақдириб ўлдиришни ҳам ўйлаб чиқарди-я! Чаён йиғиш мақсадида халққа чаён солиғини солди. Бечора фуқаронинг ўшанда солиқни тўлдириш учун эски пахса деворларини бузиб, йиқитиб чаён излаб юрганини кўрсанг… Ҳай, эсиз-эсиз кўрган кунларимиз!.. Унинг олдига чақирилган киши: «Албатта мени ўлдирса керак» деб, бола-чақаси билан хайрлашиб, рози-ризолик тилашиб кетар эди-я!
Қодирбой тўхталиб бирдан ниманидир хотирлагандай бўлди:
–Азизбек бир вақт мулла Исамуҳаммад номли сақичмонлик бир кимсани нимагадир Ўрдага чақиртирибди. Мазкур киши Ўрдага борса маълум бўлиптики, Азизбек уни эмас, бошқа бир Исамуҳаммад номли кишини чақирган экан… Мулла Исамуҳаммад ҳоким чангалидан эсон-омон қутилганига хурсанд бўлиб, уйига қайтиб келади. Бироқ, икки-уч кундан кейин мулла Исамуҳаммад тўсатдан вафот этади. Чунки, бечоранинг жони ўша чақирилгандаёқ кўчиб қолган экан-да… Ана, хотин, шунақа одамдан пушаймон, тавба-тазарру кутиш мумкинми? Бунақаларга одам ўлдириш қўй сўйгандай гап. Мана, охири нима бўлди? «Зулми кучайган подшоҳнинг умри қисқа бўлади», деб машойихлар бекорга айтмаган. Ўзи ҳам юлдуз бермай жон берди-кетди… Кел, қўй, сен муштипар ёлғиз занг босиб ётганинг учун озгина овутай, деб бу гапларни айтдим-да, қани энди секин ўрнингдан тур. Мен айвонни йиғиштириб, ўрнингни уйга киритиб бериб, масжидга чиқаман. Ҳавонинг авзойи бузуқ, ёмғир ёғса ҳам эҳтимол, бунда совуқ қотасан. Мен намоздан чиқиб, Муроталининг уйига ўтиб қайтаман…
Туҳмат
Қодирбой Муротали дўстининг уйидан қайтиб келиб ухлади. Эрта билан барвақт уйғониб, ҳайратда қолди: осмон тиниқ, очиқ. Аммо, том бошида, ҳовлида тизза баробар қор ётарди. Дераза яқинидаги бир туп ёш олманинг шохлари эгилиб, уй деворига суянгандай турар эди. Қодирбой беихтиёр аттанг, деб юборди. «Ўзи кеча ҳавонинг авзойи бузуқ эди-я. Бу йил ҳам мевалар офатга учрар экан-да», деб қўйди. У кийиниб ҳовлига чиқиб, қор кечиб бориб отхонадан куракни олди. Уй-айвон олдиларини куради, ошхона ва йўлак томонларга йўл очди. Таҳорат олиб, бомдод намозини ўтади. Самоварга ўт ташлаб, отхона от озиқларига ҳам қаради ва охири эшик олдиларини ҳам кураб қўйиш учун кўчага чиқди.
– Ассалому алайкўм. Ҳорманг, амаки, – қоркурак қўлтиқлаган оқиш рангли чиройли йигит Қодирбойга тавозеъланди.
– Ваалайкум ассалом. Ҳа, мулла Музаффар. Йўл бўлсин, азонда, курак кўтариб?..
– Далага. Қўрғон томларини кураб келмасам, босиб қолади, бу қорда…
– Укангни ҳам олдинга олақолмабсан-да, ёлғиз ўзинг хилват далага?..
Музаффар халачўп билан эшагини хихлади:
– Хавотир бўлманг, амаки, далаларда энди ишлагани чиққанлар кўпайиб қолган.
– Хайр, кўп хаёллама. Биласана, уйингда иш кўплигини, бириси кун тўй…
Музаффар Қодирбойга қайрилиб беихтиёр кулди ва катта кўча томон жадаллаб кетди.
Қодирбой кўча қорларини кураб бўлиб, айвонга чиқаркан, «Мен ҳам боққа чиқиб уй-айвонлар қорини кураб келсам бўларди. Бу қорлар эриса уйлар ивиб, дарҳақиқат, томлар таппа ташлаб юборади», деган фикрни кўнглидан кечирди. Яна: «Зораки, акамнинг болалари бизнинг томни ҳам кураб қайтса. Бу ёқда Афғон савдогорлари билан олди-бердини бугун-эрта тугатиш керак. Улар юртларига кетиш ҳаракатида» , деб қўшиб қўйди.
Қодирбой чой ҳозирлаб, Умри биби билан нонушта қилиб бўлгач, аста Жўвага дўкон очкани жўнади. У шу кунларда жуда эзилган эди. Ёлғиз уй, хотинига қаровчи йўқ, баҳор келиб боғ ишлари қайнаган вақт, бу ёқда дўкон савдоси. Хуллас, тўққиз тўлғоқ баравар келган вақт… Йўлакай шу ташвишларни ўйлаб бориб дўконини очаркан, кимнингдир шижоат билан сўзлаганини эшитиб, орқасига қаради. Кўчанинг нариги бетидаги Ашир баззознинг дўкони олдида анча одам ёғилган. Ўртада уч-тўрт нафар отлиқ йигитлар билан шаҳар қўрбошиси Салоҳиддинбек ҳам кўринар эди. Қодирбой қизиқиб бир ўткинчидан сўради :
– Нима гап у ерда?
– Ашир бойваччанинг дўконига ўғри тушибди…
– Ўғри!.. Ушлашибдими?..
– Йўқ.
Қодирбой ажабланди. Чунки, бундай ҳодиса жуда сийрак содир бўлар эди. Дўконини очар ерда яна қайтиб ёпиб, секин тўдага яқинлашиб борди ва йироқдан Аширнинг дўконига назар солди. Дарҳақиқат, дўкон саҳо¬балар уйидек шиб-шийдон, фақат у ер-бу ерда битта-яримта шоҳи матолар тўкилиб ётар эди. Дўкон олдида эса белига қилич тақиб, қўлида қамчи ўйнаётган қўрбоши ёшгина бир муллаваччани сўроқ қиларди, Ашир бўлса улар олдида маъюс бош эгиб турар эди.
– Хўш, хўш, айт-чи? – дер эди қўрбоши.
– Мен кеча кечқурун бир ўртоғимникига меҳмон бўлиб борган эдим, унда узоқ сўзлашиб ўтирдим ва саҳар чоқларида хайрлашиб кўчага чиқдим. Кўчада ҳеч ким йўқ, гупиллатиб қор ёғмоқда эди. Кела туриб, қоп орқалаб бир уйга кириб кетаётган икки кишига йироқдан кўзим тушди. Тағин билмадим, уларми, бошқами…
– Қайси кўчада?!
– Манави кўчада, – деди муллавачча, Қодирбойлар кўчасига ишора қилиб.
– Қайси эшикка кирганларини биласанми?
– Биламан.
– Қани бошла, – деди қўрбоши. Муллаваччани олдига олиб Қодирбойлар кўчаси томон юрди. Халойиқ гуриллаб қўзғалди. Қодирбой қараб турди-да, негадир кўнгли ғаш тортиб, улар кетидан аста борди.
Бораркан, ўғрининг кимлигини ўйлаб, турли мулоҳазаларни кўнглидан кечирди. Оломонни бошлаб бораётган муллаваччанинг қаерлик экан¬лигини билмаса ҳам, Беглар-беги мадрасасида ётиб ўқишини ва шу кўчага қатнаб юришини билар, шу сабабли унинг сўзи ҳақиқат бўлиб чиқса эҳтимол», деб ўйлар эди. Муллавачча Қодирбойнинг эшигидан ўтиб, анча ичкарига юрди ва тўғри бориб Муротали эшигида тўхтади.
– Мана шу эшик…
Қодирбойнинг ранги бирдан қув ўчиб, қалтираб кетди, танаси совқотиб, муздак тер сезди. «Наҳотки у?!» деди ўзига.
Муроталининг эшиги ланг очиқ эди. Ўша куни пешинда тўй юбориладиган бўлгани учун ичкарида беш-ўнта уруғ-аймоқларининг уймалашгани кўринади. Муроталининг ўзи бўлса тўнининг икки барини белбоғига қистириб олиб, болаларга бош бўлиб, томлардан тор ҳовлисига кураб туширилган қор уюмларини замбиллаб жарликка чиқариб ташламоқда эди. У эшиги олдида тўхтаган оломонни кўриб хайрон бўлди. Замбилни ерга қўйиб, қўрбошига қуллуқ қилди. Қўрбоши саломига жавоб ҳам қилмади. Йигитларидан бирини эшик олдида қолдириб, ичкарига кирди. Хотинларни яширинишга буюриб, йигитлари билан бир чеккадан уйларни тинтишга бошлади.
Кўчада йиғилган томошабин халқ иш қандай тугашини кутарди. Қодирбой бўлса ташқари ҳовлида бу ташрифдан қўрқиб дағ-дағ титраган Муротали дўстига: «Хафа бўлманг, ўзингизни тутинг, бирон тушун¬мовчилик бўлган-да», деб тасалли бериб турарди. Қайси уйдандир бир аёлнинг уввос солиб йиғлаган овози эшитилди…
Ниҳоят, қўрбоши уйларни беҳуда ахтара-ахтара хафсаласи пир бўлди шекилли, қамчисини буклаб Муротали олдига келди. Энди ундан ниманидир сўрамоқчи бўлиб турган ҳам эдики, йўлакдаги сомонхонани ахтараётган йигит бирдан қўрбошини чақириб қолди:
– Топилди! Мана бу ёқда экан, тақсир!..
Бу гап Қодирбойни бошига гўё болта мухаси тушгандай эсанкиратди. Муротали шўрлик бўлса, ҳамон ҳеч нарсага тушунмай, овсар кишидак тўрт томонга анқаяр эди. Қўрбоши шошиб сомонхонага кетди.
Бошқалар ҳам унинг ортидан олдинма кетин боришди.
Қўрбоши сомонхонага кирганида, йигит чилвир билан оғзи боғланган бир қопни сомон тагидан тортиб олмоқда эди… Қодирбой қопни кўриб ҳайратга келди, кўрувчи кўзларига ишонмагандай бўлди. Қўрбоши бориб йигитга ёрдам берди. Қопни тортиб олишди ва оғзини очдилар. Қоп ипаклик газламаларга лиқ тўла, таппа-тахт Ашир бойвачча дўконидаги моллар эди.
Салоҳиддин қўрбоши қопни қайта боғлашга буюруб, Муроталига: «Қўлга тушдингми?» – дегандай кинояли қараш қилди. Масалага энди тушуниб етган Муротали бечоранинг ранги тўсатдан оқариб, пешона¬сидан дув тер қуя бошлади.
– Йўқ! Бу туҳмат! – деди Муротали товушини борича хайқириб ва бирдан хўнграб йиғлаб юборди.
– Ўғриликни қилишга қилиб, тағин баланд келасанми, муттаҳам?! – деди қўрбоши. Унинг катта кўзлари янада олайиб, гўё косасидан чи¬қаёзди, ҳавода айланган қамчиси Муроталининг бошига шарақлаб тушди…
Қамчи зарбидан эсанкираган Муротали:
– Ё, Оллоҳ, ё Оллоҳ! – деди-да, ерга ўтириб олди. Юзини кафтларига қўйиб, худди ўлимга чоғланган кишидай калима айта бошлади… Ҳовли томондан уввос солиб йиғлаган аёл ва болалар овози эшитилди…
Бир лаҳзада рўй берган бу фожеъ ҳодиса Қодирбойни жуда шошириб қўйди. Уни бир жиҳатдан ошнасининг аянч аҳволи, эл олдида барбод бўлаётган номуси даҳшатга солса, иккинчи ёқдан: «Наҳотки, Муротали ёки Музаффарларнинг шунақа «ҳунар»лари бор бўлса-а?» – деган шубҳа ўйлатар эди. Бироқ, у ўз шубҳасига сира ишонмас, орада қандайдир бир ғараз борлигини сезар эди. Қандай бўлмасин ҳозир гуноҳ гувоҳ-исботлар билан Муроталининг бўйнига қўйилганди, уни ҳимоя қилиш оғир ва ҳатто хавфли эди. Қодирбой дўсти ёнида қуруқ томошабин бўлиб туришни эп кўрмай, кўзига ёш олиб индамай кўчага чиқиб кетди.
Кўчада анғ-танғ бўлиб турган халқ Қодирбой ичкаридан чиқиши билан: «Нима гап? Тинчликми? Сомонхонадан топилдими?» – деб сўроқ¬қа тута кетишди. Қодирбой мужмал бош қимирлатиб оломон орқасига шошилди. Кўп ўтмай кўчани жимлик босиб, эшикдан сарбоз йигитлар, бир кўзини қийиқ билан боғлаб қоп орқалаган Муротали ва кейинда мағрур қадам босиб қўрбоши чиқдилар-да, Жўва томон юрдилар.
Қодирбой оломон кетида бўшашиб маъюс борар эди. «Энди нима қилсам экан? Муроталини қўрбоши чангалидан қандай қутқарсам экан?» – деган юз хил фикрлар бир зум тинчлик бермас эди. Аммо бошига ҳеч бир дуруст фикр келмас эди.
– Муротали ака бунақа одам эмас эди. Ўғлининг тўйи куниси ўғрилик қилиб, ўлипти-да, – деди кимдир жимликни бузиб.
– Харажатга қийналиб қолган бўлса, ажаб эмас.
– Менимча, бу ишни ўғли қилган бўлса керак.
– Эҳтимол… Лекин Музаффар ҳам ундай йигитлардан эмас.
– Бўлмаса, шунча молни сомонхонасига ким келиб яширади, жинми?!
– Қани, олиб борсинлар-чи, бек поччамиз ҳақиқат қилар.
– Ҳақиқат… Ҳақиқат қаерда бўлади? Дорга осади, қўлини кесади, сазойи қилади.
Ана, ҳақиқат!..
Оломоннинг бири олиб, бири қўйиб айтган бу сўзлар Қодирбой юрагини баттарроқ увуштириб юборди. Наҳотки, бечорани ҳақиқат қилмай-нетмай оссалар, кессалар?..
Жўвага чиқгач, қўрбоши отига миниб буйруқ берди:
– Қопдаги молни эгасига топширинглар. Гуноҳкорни Ўрдага олиб боринглар. Мен олдинроқ бориб бекка арз қилиб тураман, – деди у ва ёнига икки йигитини олиб Хадрага томон елиб кетди.
Қодирбой кўча бошида ўйланиб тўхтади. «Энди-ку, бўлар иш бўлди, Муротали хақми-нохақми бирон жазо олади. Унинг ортидан қуруқ томошабин бўлиб юришдан фойда йўқ. Масаланинг иккинчи нозик томонини ўйлаш керак. Борди-ку, Муротали ҳоким олдида соддалик қилиб ёки шошиб қолиб, гуноҳни ўғлининг бўйнига қўйиб қўйса борми, иш жуда хунук тугаши, гуноҳсиз йигитнинг ҳаёти барбод бўлиши мум¬кин». Қодирбой фурсатни бой бермай, Музаффарни топмоғи ва иш бартараф бўлгунча уни кўздан қочириб турмоғи зарур эди.
У уйига бурилди. Наридан-бери хотинидан хабар олган бўлди-да, оғилхонага ўтиб отни эгарлади. Хуржин кўзига уч-тўртта нон солиб, қоркуракни қўлтиққа олди. Отга миниб йўлга тушди. Жангоҳ сувидан ўтиб Хадрага, ундан Қаландархона орқали Чорсуга тушиб, тўғри Бешоғоч дарвозасига йўл олди. Чунки, Музаффарлар даласи Чилонзор мавзеида эди. Қодирбой йўлни тиклаб бориб, Музаффар қаршисидан тўсиб чиқмоқчи эди.
Қуёш мусаффо ҳавода жим-жим товланиб ер юзини қизитмоққа, қор қатламини аста эритмоққа бошлаган эди. Том бўғотлардан осилиб турган қатор сариқ сумалаклар кўчага бир хил тус бериб, иссиқдан чирт-чирт узилар, йўлакларга тушар эди. Отлиқ ёки яёв бораётган йўловчилар эса, мавридсизроқ тушган қордан зорланиб бир-бирларига шикоят¬ланишар эди.
– Авжи мевалар гуллаганда қор тушиб, бола-чақанинг ризқини қийди-да…
– Шукур қилиш керак. Ҳали буниси холва, – дер эди эшакли узун соқол қўйган кекса йўловчи, ёшроқ ҳамроҳига. – Бобомиз раҳматли қиш чилласида тариқ пишганини, ёз чилласида музлаган Чирчиқ дарёсидан аравада ўтганларини ҳикоя қилар эдилар… Об-ҳаво шунақа қарорсиз бўлади, зўрланиш ярамайди…
Қодирбойнинг қулоғи йўловчиларнинг сўзида, кўзи Музаффарнинг йўлида бўлиб борса ҳам, хаёли бошқа андишалар билан банд эди: Музаффарни учратса нима дейишини, бечоранинг қай аҳволга тушишини тасаввур қилар эди. Ҳақиқатдан ҳам эрта-индин уйланаман, деб юраги шопириниб турган ёш йигитга кутилмаган бу шум хабарни эшитиш жуда оғир эди. Аммо уни учрата олмаса оқибати ундан-да оғир бўлиши мумкин эди. Чунки, Тошкент ҳокими Қушдодҳоҳ, боя оломонда айтилгандек, қаттиққўл – гуноҳкорни ортиқча текшириб, ҳақиқат қилиб ўтирмай, хоҳлаган буйруғини бераверар эди…
Қодирбой Қўшмозор, Чақар, Гулистон, Бадалбой маҳаллаларидан ўтиб, Бешоғоч дарвозасига етди. Бироқ, Музаффар ҳамон кўринмас эди. «Балки, у Қоратош кўчаси билан қайтдимикан-а?..» деб хавотирлана бошлади.
Жанубга қаратиб қурилган Бешоғоч дарбозаси ланг очиқ. Қор тушиб дала ишлари тўхтагани учун қатновчилар оз эди. Узун гуппаси устидан калитларини белига боғлаб олган дарвозабон ҳужраси ёнига чўнқайиб офтобда ким биландир сўзлашиб ўтирар эди. Қодирбой кўприкдан ўтиб, дарвозабон билан омонлашди-да, шаҳар ташқарисига чиқди.
У вақтларда Бешоғоч дарвозасининг сирт ён-ерлари жар-жилға тепалик ерлар бўлиб, боғот жойлар анча нари, Бадалсойдан ўтгандан сўнг бошланар эди. Теваракни босиб ётган қор қуёшда жимирлаб товланиб кўз нурини олар, онда-сонда шохлари эгилиб турган дарахтлар гўё таъзим этгандай кўринар эдилар. Бора-бора Қодирбой кўзлари қор уваларига қарашдан толий бошлади, отни йўлга қўйиб кўзларини кафтлари билан тўсди…
– Қодир амаки, йўл бўлсин, буёққа?!.
Қодирбой кўзларини очди. Тўнининг бир учини елкасига олиб ушлаган Музаффар курак қўлтиқлаб, Бадалсойдан чиқиб келар эди. Қодирбой отни тўхтатди. Музаффар ҳам аста келиб тўхтади ва савол назари билан қаради. Қодирбой орқадан келувчи бир йўловчининг ўтиб кетишини кутиб жим қолди. Кейин:
– Сени излаб келяпман, – деди.
– Хўш?
– Бизнинг боққа икков бориб келамиз.
– Нега?
– Зарур юмуш чиқиб қолди. Том кураймиз, кўмаклашасан.
Музаффар бу муҳмал таклифдан ажабланди ва иккиланди:
– Кечиксам, дадам койимасмикинлар? Уйимизда тўй…
– Койимайди. Дадангдан изм олдим. Юр.
Музаффар қобил йигит эди, индамай йўлга тушди. Бир оз орқага қайтишди-да, шаҳарга кирмай сўл томондаги Чарх кўчасига бурилдилар ва Комолон дарвозасига қараб юрдилар.
Чарх кўча боғот ерлар, тип-тинч, кимсасиз ҳувуллар, фақат чум¬чуқлар чириллаши, аллақайси боғдан кимнингдир қирт-қирт том кура¬ганигина эшитилар эди. Ҳаво ҳам энди анча илиб, қорлар эримоққа, ерлар шилип-шилип лой бўлмоққа бошлаган эди. Қодирбой кўнгилсиз хабарни кўчада очмасликка қарор бергани учун сўзсиз, ўйчан борар эди. Улар Хўжа аламбардор қабристони ёнидан Комолон дарвазасига чиқиб яна шаҳарга киришди ва Қўрғон таги билан Самарқанд дарвозаси – Қодирбойлар боғига томон бурилишди.
Музаффар Қодирбойни ўз отасидек ҳурмат қилар эди. Унинг ёлғизлигини билдирмаслик учун бўш чоқларида доим уй ва боғ ишларига қарашарди. У орқадан бораркан, бир нарсадан бад олдими ёки тўғрилиқчами, баҳорҳол, Самарқанд дарвазасига етганда деди:
– Қодир амаки, агар боғда том курашдан бошқа юмушингиз бўлмаса, сиз шаҳарга кетаверинг. Ўзим бажариб бораман…
Қодирбой гўё Музаффар сўзини эшитмагандай йўлда жим давом этди.
Қор кеча-кеча боққа етиб келишди. Қодирбой ичкарига кириб отни боғларкан, Музаффар дарров тўнини ечиб томга чиқиш ҳаракатига тушди.
– Тўхта, Музаффар, – деди Қодирбой. – Озгина гаплашиб олайлик, кейин курайверасан.
Музаффар ажабланиб тўхтади:
– Қандай гап?
Қодирбой кўча эшикни беклаб, от устидаги хуржунини айвон лабига тўшади.
Ёнма-ён ўтиришди.
– Айт-чи, Музаффар, – деди Қодирбой, олдин уни бир синаб кўр¬моқчи бўлиб. – Шу кечаси нима ишлар қилдинг?
– Нима иш қилардим?.. – деди Музаффар ҳайрон бўлиб – Сизни кузатгач, ётиб ухладим.
– Тўғрисини айт, бола?
– Айтдим-ку, тинчликми ўзи, амаки?
– Ашир баззознинг дўконини ким ўғирлади?! – Тўсатдан унга дағдаға қилди Қодир бой ва пичоғини шартта қинидан суғурди: – Агар ростини айтмасанг?
Музаффар кутилмаган бу даҳшатдан тонг ажабда қолди. Туси ўзгариб, кўзлари олаланди.
– Нималар деяпсиз, амаки? – У елкасини қисди. – Азбаройи худо, бундай ишлардан хабарим йўқ. Қасам ичайми? Сўзланг тезроқ!
Қодирбой тикилиб қаради ва бу ишда унинг қўли йўқлигига ишонди. Пичоғини қинига солиб, аввал уни тинчлатиш учун пича насиҳат қилган бўлди-да, бирин-бирин воқеани сўзлай бошлади.
Бечора йигит тингларкан, қай аҳволга тушганини айтиш оғир эди. У сўзни анқайиб тинглаб борди, воқеа маълум ўрнига етганда чидолмай лабларини тишлаб-тишлаб қонатиб ва бошларига муштлаб-муштлаб йиғлай бошлади. Қодирбой сўзини тугатди. Музаффар тўсатдан йиғидан тўхтаб узун уф тортди-да, кўзини бир нуқтага қўйиб, анча вақт жим қолди. Сўнг бирдан ўрнидан туриб тўнини кия бошлади.
– Хўш, йўл бўлсин?
– Шаҳарга
– Нима қилмоқчисан?
– Бориб ҳокимга арз қилмоқчиман.
– Нима деб?
– Бу бизга туҳмат, ҳақиқат қилинг дейман.
– Ҳақиқат қилиш учун, ҳоким сендан гувоҳ-исбот талаб қилса-чи?
– Гувоҳ-исбот йўқ дейман.
– Гумондоринг борми деса-чи?
– Гумондорим ҳам йўқ дейман.
– У ҳолда ҳоким сенинг қуруқ сўзингга ишонадими?
– Ишонадими, йўқми, ҳар ҳолда, бўҳтонга бўйин эгкандан кириб арз қилган маъқул-да, амаки.
– Арз қилганинг-ку маъқул… – Аммо ҳоким олдидан омон-эсон чиқишни ҳам ўйлаб кўр-да, болам…
– Нега чиқмас эканман?
– Ёшсан… Негаки, даъвоингни исбот қила олмадингми, демак, ўғрилиқни бўйнингга олган ҳисобланасан ва ҳатто эҳтимол жазога отангдан кўра кўпроқ сен учрайсан. Чунки, отанг улғайиб, ўзини тутган киши, ҳоким ҳам, бошқалар ҳам ундан кўпроқ гумон қилмаслар. Аммо, сен-йигит, йўлдан озиб бу ишни қилган бўлишинг мумкин. Айниқса, эрта-индин уйланмоқчисан…
– Уйланишнинг бунга нима дахли бор?
– Дахли шундаки, биров тўй харажатига қийналган бўлсалар, ўғли ўғирлагандир, деб ўйлаши, иккинчи бирови эса, адоват-рашк юзасидан тўйни бузиш учун бу ишни қилган бўлиши ва бинобарин, айбни фақат сенгагина юклашга уруниши мумкин…
Музаффар масаланинг нозик томонларини тушуниб етиб, серрайганча узоқ ўйланиб қолди.
– Майли, айбни менга юкласинлар. Бориб, отамни халос қиламан, – деди у ва эшик томонга йўл олди.
– Тўхта, ошиқма, – деди Қодирбой кескин ва ўрнидан турди. – Сен шунда қол. Мен аввал шаҳарга тушиб азмойиш олай, ишнинг охирини билай. Шунга қараб бориш- бормаслигингни маслаҳати чиқар. Мен кечгача келаман.
Музаффар бош чайқади.
– Йўқ… Бўлмас, амаки. Агар ҳозир бормасам, қўрқиб қочган, айбни бўйнимга олган бўлиб чиқаман…
Қодирбой Музаффарни тинчитди.
– Бу ёғидан хотиржам бўл, ўғлим. Ҳоким хузурига бориш зарурати бўлса, эртага эрталаб борсанг ҳам бўлаверади. «Кеча қариндошларни тўйга хабарлагани қишлоққа кетиб эдим, тунаб қайтдим дейсан, вассалом, – деди Қодирбой ва қўшиб қўйди: – Ким билсин, балки сени сўрамаслар, изламаслар ҳам…
Музаффар кўзи жиққа ёш, маслаҳатга чор-ночор кўнгандак бўлди. Қодирбой хуржунидаги нонларни олиб айвон лабига қўйди.
– Олам хадис, мабодо бугун кела олмасам, шийпон тагига йиғиб қўйилган хазонлар орасига кириб, бир амаллаб тунайсан, – деди Қодирбой ва шитоб билан шаҳарга жўнади.
Тошкент шаҳри маъмурий жиҳатдан Бешоғоч, Кўкча, Себзор ва Шайхавантоҳур даҳаларига бўлинган. Тевараги гир айлантириб саккиз газ юксакликдаги, қалин, бемалол устида одам юрадиган пахса девор билан қўрғон қилиб ўралган эди. Қўрғоннинг одим-одим ерларига баҳайбат-баҳайбат ўн иккита дарвоза қурилган ва булар: Қўқон, Қашғар, Лабзак, Тахтапул, Қорасарой, Сакбон, Чиғатой, Кўкча, Самарқанд, Комолон, Бешоғоч, Қаймос дарвозалари деб аталар эди. Ҳоким ўрдаси эса Қаймос ва Қўқон дарвозалари яқинида жойлашган эди.
Ўрда тевараги кекса тол, қайрағоч ва бошқа анвойи мева дарахтлар билан кўркам, узун-узун йўлакларга ғишт ва харсанглар ётқизилган эди. Жанубга қаратиб қурилган мураббаъ ўрданинг олд қисми тахминан икки юз газ кенгликда бўлиб, ўртасида равоқ шаклида ўйиб ишланган беш газ қадли қўш тавақа дарвоза, икки бурчагида эса ўн-ўн икки газ бўйли миноралар қад кўтариб турар эди. Минора, дарвоза ёнлари ва пештоқларга ишланган сийрак, содда, туссиз кошинларни ҳисобга олмаганда ўрданинг ташқи кўриниши ҳуснсиз, бир қарашдаёқ эскирганлиги сезилиб турар эди.
Қодирбой шаҳарга қайтиб кириб Самарқанд дарвоза кўчаси, Чорсу орқали яна Қаландархонага юзланди. Вақт пешинга яқинлашган эди. Ҳамма ўз иш-тирикчилиги билан овора, гўё кўчалар тингандай, ҳеч бир воқеа рўй бермагандай кўринар эди. Қодирбой Қаландархонага яқинлашиб қаёққа юрсам экан, деб ўйланиб тўхтади. Чунки, агар Муротали ошнаси сўроқ ва ҳукмга ҳоким ўрдасига олиб кетилган бўлса, у тўғрига, яъни Шайхавантаҳур мозори ёни билан Қашқар дарвозаси томонга юриши керак эди.
Сўнгсўз ўрнида
Янги ёзаётган «37-хонадон» китобимга маълумот излаб, дадамнинг архивларини кўздан кечиришга тўғри келди. Иттифоқо, қўлёзмалари ичидан «Эски Тошкантда» (тарихий қисса) асарлари чиқиб қолди. Қиссани ўқиб чиқиб дадамнинг: «Тошкант ҳақида бир нарса ёзиш ниятим бор. Битса, ёзганларимнинг энг зўри бўлса керак», деган гаплари ёдимга тушди. Шуниси ачиинарли эдики, қисса туганланмай энг қизиқ жойда тўхтаб қолган. Қўлёзма дастлаб 1964 йилда ёзилган бўлиб, кейинчалик қайта ишланган, янгитдан кенгайтирилган ҳолда қоғозга қўлда кўчирилган экан. Қиссада бундан икки юз йиллар илгари Тошкентда содир бўлган воқеалар тасвирланган. Эътиборни тортадиган, архивда яна бир неча варақларда ўша даврдаги хонлар, беклар ва Тошкентнинг руслар томонидан ишғол қилиниши ҳақида алоҳида қисқача маълумотлар ҳам учрайди…
Менимча дадам «Отам ҳақида» китобларини ёзишга берилиб кетиб, мазкур қиссаларини тугатишга улгурмай қолган бўлсалар керак. Бувамиз ҳақидаги «Сўнги хотира»ларини ёзиб бўлганларида эса, касалланиб умрлари поёнига етган эди.
Биз дадамиз қаламига мансуб ушбу қиссани шундайлигича сиз, азиз журналхонлар ҳукмига ҳавола этишни лозим топдик. Қиссадаги ўзига хос бадиий руҳ, гарчи у тугалланмай қолган эса-да, дилингизда ёруғ бир завқ, эзгин бир кайфият уйғотади, деган умиддамиз.
ИЗОҲЛАР
1. Оқмасжид – Қизил-Ўрда шаҳри.
2. Бўзсарой – ҳозирги 1-босмахона ўрни (муаллиф).
3. Раис саройи – ҳозирги табиат музейи ўрнида бўлган (муаллиф).
4. Ярманка – ярмарка.
5. Кўпос – купец, савдогар
Манба: «Шарқ юлдузи» журнали, 2010 йил, 1-сон
Yangi yozayotgan «37-xonadon» kitobimga ma’lumot izlab, dadamning arxivlarini ko’zdan kechirishga to’g’ri keldi. Ittifoqo, qo’lyozmalari ichidan «Eski Toshkantda» (tarixiy qissa) asarlari chiqib qoldi. Qissani o’qib chiqib dadamning: «Toshkant haqida bir narsa yozish niyatim bor. Bitsa, yozganlarimning eng zo’ri bo’lsa kerak», degan gaplari yodimga tushdi. Shunisi achiinarli ediki, qissa tuganlanmay eng qiziq joyda to’xtab qolgan. Qo’lyozma dastlab 1964 yilda yozilgan bo’lib, keyinchalik qayta ishlangan, yangitdan kengaytirilgan holda qog’ozga qo’lda ko’chirilgan ekan. Qissada bundan ikki yuz yillar ilgari Toshkentda sodir bo’lgan voqealar tasvirlangan. E’tiborni tortadigan, arxivda yana bir necha varaqlarda o’sha davrdagi xonlar, beklar va Toshkentning ruslar tomonidan ishg’ol qilinishi haqida alohida qisqacha ma’lumotlar ham uchraydi…
Menimcha dadam «Otam haqida» kitoblarini yozishga berilib ketib, mazkur qissalarini tugatishga ulgurmay qolgan bo’lsalar kerak. Buvamiz haqidagi «So’ngi xotira»larini yozib bo’lganlarida esa, kasallanib umrlari poyoniga yetgan edi.
Biz dadamiz qalamiga mansub ushbu qissani shundayligicha siz, aziz jurnalxonlar hukmiga havola etishni lozim topdik. Qissadagi o’ziga xos badiiy ruh, garchi u tugallanmay qolgan esa-da, dilingizda yorug’ bir zavq, ezgin bir kayfiyat uyg’otadi, degan umiddamiz.
Sherkon Qodiriy
Habibullo Qodiriy
ESKI TOSHKANTDA
Habibullo Qodiriy (Habibullo Abdullaevich Qodiriy) 1919 yili Toshkent shahrida tug’ilgan. 1962 yili Toshkent davlat tibbiyot institutini tamomlagan. Adabiy faoliyatini 1958 yildan boshlagan. «Nilufar» hikoyalar to’plami (1964), «Afrikaga sayohat» (1966), «Yaman-Misr taassurotlari» (1967) safar ocherklari, «Otam haqida» xotira kitobi (1974), «Qora arab» hikoyalar to’plami (1978) chop etilgan. Habibullo Qodiriy 1987 yili vafot etgan.
Muqaddima
– Qani dada, «Afg’on kelini» hikoyangizni boshlang… – der edim, kayfi kelib turgan choqlarda, otamga. Yuz yoshlardan oshib qolgan otam esa ko’ksini tutgan oppoq soqolini silab «heh-heh» deb kular, po’stagi tagidan nosqovog’ini olib nos iskar va boshidan kechirgan uzun qissasini, ipidan-ignasigacha qoldirmay asta hikoya qilib berar edi:
– Bu voqea boshlangan kezlarda o’ris hali Toshkantga kelmagan edi. Ammo, el orasida: «O’ris Oqmasjid[1]shahrini olipdi. Xudoyorxon Oqmasjidni qaytarib olish uchun Shodmonxo’ja O’roqni lashkarboshi tayinlab qo’shin yuboripdi. Shodmon O’roq o’ris bilan urushishga yuraksinmay Qo’qonga qaytib kelibdi. Xudoyor Shodmonni qo’rqoqlikda ayblab: «Sen xotin ekansan, o’ris askarlari bilan urushmay qaytibsan», – deb uni boshiga ro’mol o’ratib, oldiga charx-dug qo’yib sharmanda qilibdi…» – degan mish-mishlar duv tarqalib yurar edi. U vaqtlarda shahar hovlimiz Eski Jo’va mahallasida bo’lib, Xo’ja ko’chasida turar edik.
I. Jo’va mahallasi
Hech bir narsa dunyoga eski bo’lib kelmagan, har bir narsa ham avvaliga yangi bo’ladi, keyin-keyin eskiydi va «eski» sifatini oladi. Shunga o’xshash bizning hozirgi kundagi Eski jo’va ham har holda qachonlardir yangi, obod mahalla bo’lgan, keyin-keyin eskib Eski jo’va nomini olgan bo’lsa kerak… Binobarin, biz bundan yuz ellik yil burungi voqeani tasvirlamoqchi bo’lganimizdan, «yangi», «eski» sifatlarini qo’yib, Jo’va deb yuritsak xato bo’lmas.
Jo’va mahallasi Toshkentning shimol qismida chorroh yo’l ustida joylashgan. Agar o’rtadagi keng maydon – Registonni markaz deyilsa, undan turli tomonlarga katta-kichik ko’chalar ketadi. Ko’cha betlari turli binolar bilan tutash o’ralgan, ayniqsa Bo’zsaroyi, Jome’ masjidi, Beglar-begi madrasasi, Xotin masjid va ular oralig’iga joylashgan turli do’konlar, choyxonalar, novvoyxonalar, sartaroshxonalar Regis¬tonga bir xil ko’rkamlik, fayz berib turadi. Registonda erta-kech xalq qaynar, do’konlarda savdo qizir, ayniqsa qish-ro’za kunlarida kechalar sayilgoh-bozor shabga aylanib, yoz kezlari Janggoh suvi bo’yida dor o’yini, maddohlik, masxaraboz-qiziqchilik o’yinlari ham bo’lib turar edi.
Bo’z saroyi[2] doim atrof shahar-viloyatlar, uzoq mamlakatlardan kelgan savdogarlar, yurt kezar darveshlar, maddohlar bilan liq to’la. Unda: qozoq, qirg’iz, tojik, turkman, eron, afg’on, hind, xitoy, uyg’ur, qoraqalpoq, ozarbayjon, tatar, boshqird kabi millat kishilarini ko’rish mumkin.
Shu yil bahor erta keldi, yoqimli iliq shabada esib, o’rik, shaftoli daraxtlari qiyg’os gullay boshladi.
Darvozasi janubga qaragan Bo’z saroyining o’ng tarafiga tirab qurilgan hujradek kichik bir do’konchada soch, soqol-murtlariga bir-yarim oq oralagan, baland bo’y, yo’g’on gavdali, cho’ziqqa moyil bug’doy yuzli, o’siq qora qosh-ko’zli qirq yoshlardagi bir kishi ko’rpacha ustida chordana qurub savdo qilar edi. Do’kon oldiga tortilgan chizimchalarga qator-qator osilgan rang-barang kalava ipaklar; qora, kulrang jun-tivit iplar va tevarakka kichik-kichik maxsus qopchiqlarda pay urib qator terib qo’yilgan xushbo’y ko’k-pamil choylardan boqqolning nimalar bilan savdo qilishi ko’rinib turar edi. Kech tushib qolgani uchun ko’chada odam tovsilgan, baqqollar do’konlarini berkitish harakatida, ipakfurush boqqol esa ko’rpachasi tagidagi bugungi savdodan tushgan pullarni sanar, tillo tangasini chaqalardan ajratib cho’ntagiga solar edi.
– Assalomu alaykum, Qodirboy!
– Vaalayk… E, Keling Murotali!
Qodirboy qo’lidagi pullarini ko’rpachaga tashlab o’rnidan qo’zg’oldi. Qo’l uzatib ko’rishdi va do’kon yoniga, yo’l ustiga qo’yilgan kursiga o’tirishga taklif qildi. Fotiha o’qilib hol-ahvol so’rashdi:
– Uy-ichilar, o’zlari salomatmilar?…
– Rahmat! – dedi, siyrak soqol-murtli, uzun qotma bo’yli, peshonasi chandiq, oq yuzli kishi.
– O’zlaridan so’rasak … Tinchmilar? Yangamiz sihat topib qoldilarmi, savdolar durustmi?
– Durust, rahmat, kunimiz bir navi o’tib turibdi.
Qodirboy ro’molga o’rab qo’yilgan choynakdan choy quyib uzatdi.
– Ko’rinmay qoldingiz, do’stim, tinchmisiz?
– Shukur, – dedi Murotali va kuldi. – To’y boshlab yubordik, sizni xabarlagani keldim…
– E-e-e, muborak, muborak! Qutlug’ bo’lsin. Qanday to’y?
Qodirboy yuzida xursandchilik sezildi. Murotali choy xo’pladi:
– O’g’limiz Muzaffar yigirmaga kiribdi… Uylantirib, shu vazifamizdan ham qutilib qo’ya qolaylik dedik…
– Juda soz o’ylabsiz-da. Savobli ish boshlabsiz, uyingizda dastyor ko’payadi…
Murotali Qodirboy do’sti farzandsizligini bilgani uchun so’z ohangining farqiga bordi.
– Ezgulikni kechi yo’q deydilar. Hali ko’p to’y ko’ramiz, oshnam.
Murotali so’zni burdi:
– Uyingizga ham tayinlab chiqdik. Birisi kun chorshanbaga to’y yuboramiz. Juma kuni nikoh. O’zingiz to’yimizga bosh bo’lasiz, o’rtoq. Bizning ham kimimiz bor…
– Albatta, albatta. Nasib qilsa…
– Xayr, endi men boray. To’yning tahlikasi ko’p bo’lar ekan, oshna. Bugun kuni bilan to’yga xabar qilib horidim. Hali yana qancha ish oldinda.
Qodirboy o’rnidan qo’zg’algan Murotalini to’xtatib, yonidan besh tillo chiqarib uzatdi:
– Manavi bizdan to’yona, oshnam. Kam-ko’stingizga yaratarsiz…
– E-e. Sadag’ang ketay Qodirboy, siz hamisha meni uyaltirasiz-da. To’yning kam-ko’sti bitarmidi. Qo’ying, oshnam…
Murotali Qodirboyning qo’lini qaytarmoqchi bo’ldi. Biroq, do’stining astoydil ra’yini sezib tillolarni oldi:
– Xayr, biz ham yaxshi kunlaringizga qaytaraylik. Rahmat, oshnam.
Murotali Qodirboyning eski do’stlaridan biri edi. U bilan bir vaqtlar sarbozlik qilishgan. Qashg’arga hokim qilib tayinlangan piskentlik Yoqubbekni birga kuzatib borishgan. Uzoq Qashg’ar safarining achchiq-chuchuklarini birga totishgan, qalbi pok, xoksor kishi edi. Murotali asli Qoratosh mahallalik bo’lib, uch-to’rt yil burun Qodirboylar yashab turgan ko’chaning ichkarirog’idan hovli olib ko’chib kelgan. O’zi Ko’kaldosh madrasasi tagida do’koncha ochib, egar chopar edi.
II
Qodirboy ko’cha eshikni ochib, yo’lakdan kirdi. Qator loy tomli uylar bilan o’ralgan ichin-tashin hovlilar huvullar edi. Yo’lak yonidagi otxonada turgan ot egasini sezib asta kishnab qo’ydi. Qodirboy to’g’ri ichkari hovliga o’tib, ayvonda ko’rpa-to’shak qilib yotgan yoshgina, ozg’in, rangsiz xotinidan hol so’radi:
– Qalay? Yaxshimisan, Umri?
– Shukur.
Qodirboy boshqa so’z aytmay, to’nini yechib, ayvon qozig’iga ildi. Otga suv berib, beda soldi. Qo’lini yuvib, samovar kulini qoqdi. Suv to’ldirib, olov tashladi va oshxonaga kirib nimadandur xursand bo’lganday qaytib chiqdi:
– Ovqat pishirib qo’yibsanmi, Umri?
– Ha, boya oyim kelgan edilar. Qaynatib ketdilar.
Qodirboy tahorat yangilab shom namozini o’qishga tutindi.
Shunday… Hayot insonlarni hamisha ham tilaganlaricha siylayvermas ekan. To’ti qush: «Hamma yog’im to’kis, oyog’im pes», deb g’am chekgandek, Qodirboy ham, yuqoridan bir qadar anglashilgandek, hamma yoqdan but bo’lsa-da, oila vajhidan qisilgan edi. U uch marta uylandi. Birinchi xotini shaharda tarqalgan vabomi, o’lat kasalidan hali farzand ko’rmay vafot etdi. Ikkinchisi tug’a olmay dunyodan o’tdi. Mana, uchinchisi kelin bo’lib kelgandan
buyon uzun og’riq kasal, ikki marta tuqqan bo’lsa ham bolalari chaqaloqligidayoq nobud bo’lgan. Qo’sh-qavat hovlida er-xotin yashaydilar. Otasi hoji Muhammadboy va onasi Farog’at bibi allaqachon dunyodan o’tishgan. Akasi Toshmuhammadboy va singlisi
Xayriniso bo’lsa uyli-joyli bo’lib chiqib ketishgan. Har zamonda bir xabar olsa oladilar, bo’lmasa o’zlaridan ortmaydilar.
Namozdan so’ng Qodirboy dasturxon yozdi, choy damladi va ikki kosa sho’rva suzib keltirib, kechlikka o’tirdi.
– Non to’g’rab beraymi, Umri?
– Yo’q, rahmat. Suvidan ichsam bas…
– Ovqatni durustroq yemasang sillang quriyveradi, bu yog’i bahor… Tabibning dorisini ichyapsanmi?
– Ichyapman… Ha, aytgandek, Murotali oshnangiz, xotini Risolat xola bilan kelib to’yga aytib ketishdi…
– Xabarim bor, hali Murotali do’konimga keldi, – deya Qodirboy bo’ktirilgan nonlarni qo’li bilan ilib-ilib yeb, parvosiz so’radi: – Kim bilan qudalashibdi? Bildingmi, hali so’rashni unutibman…
– Risolat xola kelganida oyim shu yerda edilar. Ular so’radilar, – dedi Umri bibi va o’ylanib qoldi. – Oti… oti… Huv, men endi kelin bo’lib kelgan kezlarimda dorga osib o’ldirilgan kishi bor edi-ku?
– Dorga osilganlardan ko’pi bormi, gaping qiziq.
– O’zi sizning oshnangiz bo’lgan chog’i, Tinchob mahallalik, xotini palakdo’zlik qiladi…
– E-e-e , Egamberdi… O’shaning qizigami?
– Ha.
– Bo’lmasa, Murotali yaxshi joydan quda qilibdi. Ota-onasi yaxshi odamlar. Qizi ham aqlli, barno…
Umri bibi kulimsigancha sho’rva ho’plab, qoshlarini chimirdi.
– Qizini qaerdan bilasiz?..
– Bilaman-da. Otasi oshnam bo’lgandan keyin… Uylariga borganimda dasturxon yozgan, choy-non keltirgan, – dedi Qodirboy suyak tozalab. – Bu qiz hozir ham ba’zan-ba’zan do’konimga paranjida kelib turadi. Ipak xarid qiladi, hol-ahvol so’rab turaman. Ismi Zuhro…
Erining batafsil javobi yoqmadimi yoki boshqa sababdanmi, Umri bibi qonsiz yuzini chetga o’girib qo’lini artdi. Yarim-yorti qolgan kosa¬sini chetga surib, choynakdagi choyni qaytardi va quyib eriga uzatarkan, kulimsiradi:
– Yaxshi odamlar deysiz-u, dorga osishgan…
– Xo’sh?
– Yaxshini dorga osishadimi?…
Umri bibi rashkchi edi. Qodirboy buni sezdi va yuzaki fikr yuritib tirnoq ostidan kir axtargan xotinidan achchiqlandi. Beixtiyor tozalagan suyagini tashlab xo’rsindi.
– Qiziq gapirasan. Seningcha, hamma dorga osilganlar yomon, gunoh¬kori azim kishilar bo’laverar ekan-da!.. Egamberdi nega o’ldirilganini bilasanmi?!…
– Men qayoqdan bilay.
– Bilmasang, nega yomonlaysan?
Umri bibi indamadi. Chunki, erining zapti tezligini bilar, agar yana bir og’iz ortiqcha so’z desa, yonib ketishini tushunar edi… Xotini gap qaytarmay past kelishi Qodirboyni hovuridan tushurdi. U qo’lini artib, kosalarni chetga olib qo’ydi va choy xo’plagancha yostiqqa yonboshladi.
– Biz Murotali, Egamberdi uchov tengqur do’st bo’lganmiz. Birgalashib sarbozlik qilishganmiz. Egamberdi juda halol yigit, Rais saroyida[3] choyxonachilik qilar edi, – dedi Qodirboy asta so’z boshlab.
– Bir kun saroyga qaerdandir bir qofila savdogarlar kelib qo’nadi-da, uch-to’rt kun turib, o’z yo’llariga jo’nab ketadi. O’rinlariga besh-o’n kunlardan keyin yana boshqa savdogarlar kelib qo’nadi-da, ulardan birisi Egam¬berdiga: «Bizning hujraga kirib ko’ring, yomon bir hid kelyapti. Tag’in biror narsa ko’milgan bo’lmasin», deydi. Egamberdi kirsa, darhaqiqat hujrani bir badbo’y hid tutib ketgan. U yoq-bu yoqni tekshirib, namat-bo’yra taglarini ko’tarib, ko’zi uyning bir burchagidagi tuprog’i bo’shalgan yerga tushadi. Shubhasi ortgan Egamberdi darrov chiqib, saroy xo’jayiniga sirni aytadi. Ko’plashib kirib ma’lum yerni ochsalar, qopga solinib, yuzagina ko’milgan jasad chiqadi…
Qo’rboshi boshliq bu xabar Azizbekka (Bu voqea bo’lgan choqlarda Toshkent hokimi Azizbek edi) yetkazilib, uning buyrug’i bilan necha-necha odamlar so’roq-taftish qilinadi. Biroq, taftishlar hech qanday natija bermay, o’lik ham, o’ldiruvchi ham kimlar ekanligi aniqlanmaydi. Azizbekka bu muhmal ishning natijasizligi arz qilinadi. Azizbek shu choqda biror narsadan g’azablanib turgan bo’ladimi, birorta g’arazgo’yning so’ziga ishonadimi yoki siyosat yuzasidanmi, bahorhol Egamberdining o’zini qotillikda gumon qilib, dorga ostiradi… Ammo, keyinchalik ma’lum bo’ladiki, bechora oshnam noxaq o’ldirilgan, qotillar butunlay boshqa kimsalar ekan.
Umri bibi yonboshlagan ko’yi erining hikoyasini anqayib tinglar edi. U ko’tarilib o’tirib, eriga yana choy quyib uzatdi va asta so’radi:
– Kimlar, nima uchun o’ldirgan ekan?
Qodirboy kamzulining ko’krak cho’ntagidan yog’liq qog’ozga o’ralgan tish kavlagichlardan birini qo’liga oldi va choy xo’plab davom qildi:
– Egamberdi dorga osilib, oradan uch-to’rt oy o’tgandan keyin, bir kun, uch nafar musofir Azizbekka kelib arz qilishadi:
«Janob hokim, bizlar Buxoroi sharifdanmiz. Kasbimiz tujjorlikdur. Har yili Shamay shahriga safar qilib, o’rislarga ko’plab qorako’l, jun, ipak, paxta kabi mollar sotib qaytamiz.
Bu yil ham biz to’rt do’st savdogar ko’klam kezi odatimizcha Buxorodan karvon bilan Shamayga safar qildik. Ko’zlagan yerimizga eson-omon yetib bordik va darhol savdoyi kelishib, birimiz mollarini sotdi. Ammo, uchimizning molimiz sotilmay, to’xtalib qoldi. Chunki, biz Shamay shahriga yarmanka[4] vaqtidan ancha ilgari borib, o’risning bizga mijoz bo’lgan katta ko’poslari[5] hali ichki O’risiyadan yetib kelmagan edi. Biz to mijozlar kelguncha o’ris shaharlarini tomosha qilmoqchi bo’ldik. Biroq moli sotilib, oldi-berdisi bitgan boyagi sherigimiz Shamayda ortiq qolgisi kelmadi. «Zarur ishlarim bor», deb bizni kutmay, Buxoroga qaytishni jazm etdi. «Birga ketaylik», deb qilgan iltijolarimizga hech ko’nmagach, biz uni qaytishiga noiloj rozilik berdik va Chimkent shahriga ketayotgan qozoqlar karvoniga qo’shib jo’natdik.
Yarmanka o’tib ishimiz bitdi. Ma’lum sherigimizdan biror oy chamasi keyin shahrimizga qaytdik. Biroq, Buxoroga yetib kelsak, mazkur sherigimiz hali kelmagan… Biz qarindoshlaridan so’rasak, qarindoshlari bizdan so’radilar… Qisqasi, shahrimizga salomat yetib kelishimiz quvonch emas, qayg’uga aylandi.
Shunday bo’lsa-da, kelib qolar umidida yana bir muncha vaqt kutdik. Kelmadi. Sekin-sekin qarindosh-yoronlari haqli ravishda bizdan gumonsiray boshladilar… Chunki, biz sherigimizni yo’lda qoldirib, safar rasmini buzgan edik… Shundan so’ng biz uchovlon maslahatlashib, o’zimizni oqlash maqsadida Chimkent shahriga safar qildik. Mashaqqatli izlanishlardan keyin, mazkur qozoq karvonboshisini topdik va undan sherigimizning daragini so’radik.
– Sherigingiz eson-omon biz bilan Chimkentga yetib kelgan va u bunda qandaydir hamshaharlarini uchratib, ular bilan birgalikda Buxoroga jo’nab ketgan edi. Men ularni Toshkentga borayotgan karvonga qo’shib kuzatgan va xotirjam bo’lgan edim, – dedi u.
– Agar siz o’sha birga ketgan hamshaharlarni ko’rsangiz taniysizmi? – deb so’radik.
– Taniyman. Ular uch kishi edi, – dedi karvonboshi.
Biz qanday yomon ahvolda qolganimizni aytdik.
– Jon birodar, biz bilan birga Buxoroga boring. O’sha sizga ma’lum kishilarni tanib bering. Bizni gumondan xalos eting. Sizni rozi qilurmiz va salomat qaytishingizga kafil bo’lurmiz, – deya yolvordik.
Bechora qozoq do’stimiz rahmi kelib, iltimosimizga rozi bo’ldi. Birgalashib Buxoroga safar qildi. Biz, yo’lakay maslahatlashib, ehtiyotdan qozoq do’stimizni shaharga yashirincha kirishini ma’qul ko’rdik… Birimiz oldinroq Buxoroga bordik-da, Labihovuz ro’parasidan bir uy hozirlab, mehmonimizni shunda tushurdik. Uyning ko’cha tomonidan nazorat uchun maxfiy bir tuynuk-oyna ochib, qozoq do’stimiz har kun undan kuzatib o’tiradigan, ma’lum kimsalarni izlaydigan bo’ldi…
Xullas, kuzatishning bir kuni mehmonimiz oynadan qarab turib, birdan:
– Ana, birisi hovuzdan suv ichayotir, qizil etiklik yosh yigit, – deb qoldi.
Biz asta chiqib yigit ortidan tushdik. U qaerda turishi, kimligini aniqladik. Shu yo’sin, bir necha kun ichida mazkur kimsalarning uchovini ham bilib, darhaqiqat ular jo’n odamlar ekaniga ishondik. Bu sirni amirimizga arz qildik. Amir darhol ularni oldirib, zindonga soldi. So’roq-tergash, shohid-isbot qildi, qiynadi… Nihoyat, azobga bardosh berolmagan qotillarning birisi, pul-dunyo qastida sherigimizni Toshkant shahringizda o’ldirgan va Rais saroyi musofirxonasi hujralaridan birida qopga solib ko’mganligiga iqror bo’ldi. Biz qotillar so’zini tasdiqlash va chin bo’lsa jasadni o’z qo’limiz bilan tuproqqa qo’yish maqsadida shahringizga keldik. Amirimiz bu borada bizga yordam ko’rsatishingizni so’rab, ushbu nomani siz janoblariga yo’lladilar…
Qodirboy hikoyasini bitirib, tez-tez choyini icha boshladi. U xufton namozini o’tash uchun masjidga hozirlanardi. Erini tinglab, tong ajablanib o’tirgan Umri bibi asta so’radi:
– Keyin nima bo’libdi?
– Nima bo’lardi? Hokim «Odamingizni duoi-takbir qilib falon mozorga qo’yganmiz», debdi xolos. Musofirlar ham nima qilsin, tilovot-qur’on qilib yurtlariga jo’nab ketishibdi…
– Hokim-chi, o’ylamay-netmay ikki orada bir gunohsizni o’ldirgani uchun pushaymon bo’lgandir?..
– Be-ye, xotin, qiziq gapni aytasan-a, – Qodirboy ajablanganday xotiniga qaradi. – Nahotki Azizbekni bilmagan bo’lsang. U pushaymon bo’lishni biladigan insonmidi? Qip-qizil kallakesar, o’z akasini ham o’ldirgan hokim edi-ku…
– Azizbek o’z akasini o’ldirganmi?
– Azizbekning akasi ulamo kishi bo’lgan. Musulmonqul Azizbekni Chust shahriga hokim qilib tayinlagach, haligi akasi unga: «Uka, insofli bo’l, fuqaroga zulm qilma, Musulmonqulga o’xshab qonxo’r bo’lma!», – deb nasihat qiladi. Azizbek sen mening valiy ne’matimni «qonxo’r»ga chiqarding deb, akasini o’ldiradi. Musulmonqul esa bu «sadoqat»ni eshitib Azizbekni yanada qadrlaydi va uni Toshkentga hokim qilib tayinlaydi. Ana undan keyin Azizbekning Toshkentda fuqaroga ko’rsatgan xilma-xil zulmini o’zing yosh bo’lsang ham balki eshitgandirsan. Mal’un, hatto «gunohkor»larni chayon chaqdirib o’ldirishni ham o’ylab chiqardi-ya! Chayon yig’ish maqsadida xalqqa chayon solig’ini soldi. Bechora fuqaroning o’shanda soliqni to’ldirish uchun eski paxsa devorlarini buzib, yiqitib chayon izlab yurganini ko’rsang… Hay, esiz-esiz ko’rgan kunlarimiz!.. Uning oldiga chaqirilgan kishi: «Albatta meni o’ldirsa kerak» deb, bola-chaqasi bilan xayrlashib, rozi-rizolik tilashib ketar edi-ya!
Qodirboy to’xtalib birdan nimanidir xotirlaganday bo’ldi:
–Azizbek bir vaqt mulla Isamuhammad nomli saqichmonlik bir kimsani nimagadir O’rdaga chaqirtiribdi. Mazkur kishi O’rdaga borsa ma’lum bo’liptiki, Azizbek uni emas, boshqa bir Isamuhammad nomli kishini chaqirgan ekan… Mulla Isamuhammad hokim changalidan eson-omon qutilganiga xursand bo’lib, uyiga qaytib keladi. Biroq, ikki-uch kundan keyin mulla Isamuhammad to’satdan vafot etadi. Chunki, bechoraning joni o’sha chaqirilgandayoq ko’chib qolgan ekan-da… Ana, xotin, shunaqa odamdan pushaymon, tavba-tazarru kutish mumkinmi? Bunaqalarga odam o’ldirish qo’y so’yganday gap. Mana, oxiri nima bo’ldi? «Zulmi kuchaygan podshohning umri qisqa bo’ladi», deb mashoyixlar bekorga aytmagan. O’zi ham yulduz bermay jon berdi-ketdi… Kel, qo’y, sen mushtipar yolg’iz zang bosib yotganing uchun ozgina ovutay, deb bu gaplarni aytdim-da, qani endi sekin o’rningdan tur. Men ayvonni yig’ishtirib, o’rningni uyga kiritib berib, masjidga chiqaman. Havoning avzoyi buzuq, yomg’ir yog’sa ham ehtimol, bunda sovuq qotasan. Men namozdan chiqib, Murotalining uyiga o’tib qaytaman…
Tuhmat
Qodirboy Murotali do’stining uyidan qaytib kelib uxladi. Erta bilan barvaqt uyg’onib, hayratda qoldi: osmon tiniq, ochiq. Ammo, tom boshida, hovlida tizza barobar qor yotardi. Deraza yaqinidagi bir tup yosh olmaning shoxlari egilib, uy devoriga suyanganday turar edi. Qodirboy beixtiyor attang, deb yubordi. «O’zi kecha havoning avzoyi buzuq edi-ya. Bu yil ham mevalar ofatga uchrar ekan-da», deb qo’ydi. U kiyinib hovliga chiqib, qor kechib borib otxonadan kurakni oldi. Uy-ayvon oldilarini kuradi, oshxona va yo’lak tomonlarga yo’l ochdi. Tahorat olib, bomdod namozini o’tadi. Samovarga o’t tashlab, otxona ot oziqlariga ham qaradi va oxiri eshik oldilarini ham kurab qo’yish uchun ko’chaga chiqdi.
– Assalomu alayko’m. Hormang, amaki, – qorkurak qo’ltiqlagan oqish rangli chiroyli yigit Qodirboyga tavoze’landi.
– Vaalaykum assalom. Ha, mulla Muzaffar. Yo’l bo’lsin, azonda, kurak ko’tarib?..
– Dalaga. Qo’rg’on tomlarini kurab kelmasam, bosib qoladi, bu qorda…
– Ukangni ham oldinga olaqolmabsan-da, yolg’iz o’zing xilvat dalaga?..
Muzaffar xalacho’p bilan eshagini xixladi:
– Xavotir bo’lmang, amaki, dalalarda endi ishlagani chiqqanlar ko’payib qolgan.
– Xayr, ko’p xayollama. Bilasana, uyingda ish ko’pligini, birisi kun to’y…
Muzaffar Qodirboyga qayrilib beixtiyor kuldi va katta ko’cha tomon jadallab ketdi.
Qodirboy ko’cha qorlarini kurab bo’lib, ayvonga chiqarkan, «Men ham boqqa chiqib uy-ayvonlar qorini kurab kelsam bo’lardi. Bu qorlar erisa uylar ivib, darhaqiqat, tomlar tappa tashlab yuboradi», degan fikrni ko’nglidan kechirdi. Yana: «Zoraki, akamning bolalari bizning tomni ham kurab qaytsa. Bu yoqda Afg’on savdogorlari bilan oldi-berdini bugun-erta tugatish kerak. Ular yurtlariga ketish harakatida» , deb qo’shib qo’ydi.
Qodirboy choy hozirlab, Umri bibi bilan nonushta qilib bo’lgach, asta Jo’vaga do’kon ochkani jo’nadi. U shu kunlarda juda ezilgan edi. Yolg’iz uy, xotiniga qarovchi yo’q, bahor kelib bog’ ishlari qaynagan vaqt, bu yoqda do’kon savdosi. Xullas, to’qqiz to’lg’oq baravar kelgan vaqt… Yo’lakay shu tashvishlarni o’ylab borib do’konini ocharkan, kimningdir shijoat bilan so’zlaganini eshitib, orqasiga qaradi. Ko’chaning narigi betidagi Ashir bazzozning do’koni oldida ancha odam yog’ilgan. O’rtada uch-to’rt nafar otliq yigitlar bilan shahar qo’rboshisi Salohiddinbek ham ko’rinar edi. Qodirboy qiziqib bir o’tkinchidan so’radi :
– Nima gap u yerda?
– Ashir boyvachchaning do’koniga o’g’ri tushibdi…
– O’g’ri!.. Ushlashibdimi?..
– Yo’q.
Qodirboy ajablandi. Chunki, bunday hodisa juda siyrak sodir bo’lar edi. Do’konini ochar yerda yana qaytib yopib, sekin to’daga yaqinlashib bordi va yiroqdan Ashirning do’koniga nazar soldi. Darhaqiqat, do’kon saho¬balar uyidek shib-shiydon, faqat u yer-bu yerda bitta-yarimta shohi matolar to’kilib yotar edi. Do’kon oldida esa beliga qilich taqib, qo’lida qamchi o’ynayotgan qo’rboshi yoshgina bir mullavachchani so’roq qilardi, Ashir bo’lsa ular oldida ma’yus bosh egib turar edi.
– Xo’sh, xo’sh, ayt-chi? – der edi qo’rboshi.
– Men kecha kechqurun bir o’rtog’imnikiga mehmon bo’lib borgan edim, unda uzoq so’zlashib o’tirdim va sahar choqlarida xayrlashib ko’chaga chiqdim. Ko’chada hech kim yo’q, gupillatib qor yog’moqda edi. Kela turib, qop orqalab bir uyga kirib ketayotgan ikki kishiga yiroqdan ko’zim tushdi. Tag’in bilmadim, ularmi, boshqami…
– Qaysi ko’chada?!
– Manavi ko’chada, – dedi mullavachcha, Qodirboylar ko’chasiga ishora qilib.
– Qaysi eshikka kirganlarini bilasanmi?
– Bilaman.
– Qani boshla, – dedi qo’rboshi. Mullavachchani oldiga olib Qodirboylar ko’chasi tomon yurdi. Xaloyiq gurillab qo’zg’aldi. Qodirboy qarab turdi-da, negadir ko’ngli g’ash tortib, ular ketidan asta bordi.
Borarkan, o’g’rining kimligini o’ylab, turli mulohazalarni ko’nglidan kechirdi. Olomonni boshlab borayotgan mullavachchaning qaerlik ekan¬ligini bilmasa ham, Beglar-begi madrasasida yotib o’qishini va shu ko’chaga qatnab yurishini bilar, shu sababli uning so’zi haqiqat bo’lib chiqsa ehtimol», deb o’ylar edi. Mullavachcha Qodirboyning eshigidan o’tib, ancha ichkariga yurdi va to’g’ri borib Murotali eshigida to’xtadi.
– Mana shu eshik…
Qodirboyning rangi birdan quv o’chib, qaltirab ketdi, tanasi sovqotib, muzdak ter sezdi. «Nahotki u?!» dedi o’ziga.
Murotalining eshigi lang ochiq edi. O’sha kuni peshinda to’y yuboriladigan bo’lgani uchun ichkarida besh-o’nta urug’-aymoqlarining uymalashgani ko’rinadi. Murotalining o’zi bo’lsa to’nining ikki barini belbog’iga qistirib olib, bolalarga bosh bo’lib, tomlardan tor hovlisiga kurab tushirilgan qor uyumlarini zambillab jarlikka chiqarib tashlamoqda edi. U eshigi oldida to’xtagan olomonni ko’rib xayron bo’ldi. Zambilni yerga qo’yib, qo’rboshiga qulluq qildi. Qo’rboshi salomiga javob ham qilmadi. Yigitlaridan birini eshik oldida qoldirib, ichkariga kirdi. Xotinlarni yashirinishga buyurib, yigitlari bilan bir chekkadan uylarni tintishga boshladi.
Ko’chada yig’ilgan tomoshabin xalq ish qanday tugashini kutardi. Qodirboy bo’lsa tashqari hovlida bu tashrifdan qo’rqib dag’-dag’ titragan Murotali do’stiga: «Xafa bo’lmang, o’zingizni tuting, biron tushun¬movchilik bo’lgan-da», deb tasalli berib turardi. Qaysi uydandir bir ayolning uvvos solib yig’lagan ovozi eshitildi…
Nihoyat, qo’rboshi uylarni behuda axtara-axtara xafsalasi pir bo’ldi shekilli, qamchisini buklab Murotali oldiga keldi. Endi undan nimanidir so’ramoqchi bo’lib turgan ham ediki, yo’lakdagi somonxonani axtarayotgan yigit birdan qo’rboshini chaqirib qoldi:
– Topildi! Mana bu yoqda ekan, taqsir!..
Bu gap Qodirboyni boshiga go’yo bolta muxasi tushganday esankiratdi. Murotali sho’rlik bo’lsa, hamon hech narsaga tushunmay, ovsar kishidak to’rt tomonga anqayar edi. Qo’rboshi shoshib somonxonaga ketdi.
Boshqalar ham uning ortidan oldinma ketin borishdi.
Qo’rboshi somonxonaga kirganida, yigit chilvir bilan og’zi bog’langan bir qopni somon tagidan tortib olmoqda edi… Qodirboy qopni ko’rib hayratga keldi, ko’ruvchi ko’zlariga ishonmaganday bo’ldi. Qo’rboshi borib yigitga yordam berdi. Qopni tortib olishdi va og’zini ochdilar. Qop ipaklik gazlamalarga liq to’la, tappa-taxt Ashir boyvachcha do’konidagi mollar edi.
Salohiddin qo’rboshi qopni qayta bog’lashga buyurub, Murotaliga: «Qo’lga tushdingmi?» – deganday kinoyali qarash qildi. Masalaga endi tushunib yetgan Murotali bechoraning rangi to’satdan oqarib, peshona¬sidan duv ter quya boshladi.
– Yo’q! Bu tuhmat! – dedi Murotali tovushini boricha xayqirib va birdan xo’ngrab yig’lab yubordi.
– O’g’rilikni qilishga qilib, tag’in baland kelasanmi, muttaham?! – dedi qo’rboshi. Uning katta ko’zlari yanada olayib, go’yo kosasidan chi¬qayozdi, havoda aylangan qamchisi Murotalining boshiga sharaqlab tushdi…
Qamchi zarbidan esankiragan Murotali:
– YO, Olloh, yo Olloh! – dedi-da, yerga o’tirib oldi. Yuzini kaftlariga qo’yib, xuddi o’limga chog’langan kishiday kalima ayta boshladi… Hovli tomondan uvvos solib yig’lagan ayol va bolalar ovozi eshitildi…
Bir lahzada ro’y bergan bu foje’ hodisa Qodirboyni juda shoshirib qo’ydi. Uni bir jihatdan oshnasining ayanch ahvoli, el oldida barbod bo’layotgan nomusi dahshatga solsa, ikkinchi yoqdan: «Nahotki, Murotali yoki Muzaffarlarning shunaqa «hunar»lari bor bo’lsa-a?» – degan shubha o’ylatar edi. Biroq, u o’z shubhasiga sira ishonmas, orada qandaydir bir g’araz borligini sezar edi. Qanday bo’lmasin hozir gunoh guvoh-isbotlar bilan Murotalining bo’yniga qo’yilgandi, uni himoya qilish og’ir va hatto xavfli edi. Qodirboy do’sti yonida quruq tomoshabin bo’lib turishni ep ko’rmay, ko’ziga yosh olib indamay ko’chaga chiqib ketdi.
Ko’chada ang’-tang’ bo’lib turgan xalq Qodirboy ichkaridan chiqishi bilan: «Nima gap? Tinchlikmi? Somonxonadan topildimi?» – deb so’roq¬qa tuta ketishdi. Qodirboy mujmal bosh qimirlatib olomon orqasiga shoshildi. Ko’p o’tmay ko’chani jimlik bosib, eshikdan sarboz yigitlar, bir ko’zini qiyiq bilan bog’lab qop orqalagan Murotali va keyinda mag’rur qadam bosib qo’rboshi chiqdilar-da, Jo’va tomon yurdilar.
Qodirboy olomon ketida bo’shashib ma’yus borar edi. «Endi nima qilsam ekan? Murotalini qo’rboshi changalidan qanday qutqarsam ekan?» – degan yuz xil fikrlar bir zum tinchlik bermas edi. Ammo boshiga hech bir durust fikr kelmas edi.
– Murotali aka bunaqa odam emas edi. O’g’lining to’yi kunisi o’g’rilik qilib, o’lipti-da, – dedi kimdir jimlikni buzib.
– Xarajatga qiynalib qolgan bo’lsa, ajab emas.
– Menimcha, bu ishni o’g’li qilgan bo’lsa kerak.
– Ehtimol… Lekin Muzaffar ham unday yigitlardan emas.
– Bo’lmasa, shuncha molni somonxonasiga kim kelib yashiradi, jinmi?!
– Qani, olib borsinlar-chi, bek pochchamiz haqiqat qilar.
– Haqiqat… Haqiqat qaerda bo’ladi? Dorga osadi, qo’lini kesadi, sazoyi qiladi.
Ana, haqiqat!..
Olomonning biri olib, biri qo’yib aytgan bu so’zlar Qodirboy yuragini battarroq uvushtirib yubordi. Nahotki, bechorani haqiqat qilmay-netmay ossalar, kessalar?..
Jo’vaga chiqgach, qo’rboshi otiga minib buyruq berdi:
– Qopdagi molni egasiga topshiringlar. Gunohkorni O’rdaga olib boringlar. Men oldinroq borib bekka arz qilib turaman, – dedi u va yoniga ikki yigitini olib Xadraga tomon yelib ketdi.
Qodirboy ko’cha boshida o’ylanib to’xtadi. «Endi-ku, bo’lar ish bo’ldi, Murotali xaqmi-noxaqmi biron jazo oladi. Uning ortidan quruq tomoshabin bo’lib yurishdan foyda yo’q. Masalaning ikkinchi nozik tomonini o’ylash kerak. Bordi-ku, Murotali hokim oldida soddalik qilib yoki shoshib qolib, gunohni o’g’lining bo’yniga qo’yib qo’ysa bormi, ish juda xunuk tugashi, gunohsiz yigitning hayoti barbod bo’lishi mum¬kin». Qodirboy fursatni boy bermay, Muzaffarni topmog’i va ish bartaraf bo’lguncha uni ko’zdan qochirib turmog’i zarur edi.
U uyiga burildi. Naridan-beri xotinidan xabar olgan bo’ldi-da, og’ilxonaga o’tib otni egarladi. Xurjin ko’ziga uch-to’rtta non solib, qorkurakni qo’ltiqqa oldi. Otga minib yo’lga tushdi. Jangoh suvidan o’tib Xadraga, undan Qalandarxona orqali Chorsuga tushib, to’g’ri Beshog’och darvozasiga yo’l oldi. Chunki, Muzaffarlar dalasi Chilonzor mavzeida edi. Qodirboy yo’lni tiklab borib, Muzaffar qarshisidan to’sib chiqmoqchi edi.
Quyosh musaffo havoda jim-jim tovlanib yer yuzini qizitmoqqa, qor qatlamini asta eritmoqqa boshlagan edi. Tom bo’g’otlardan osilib turgan qator sariq sumalaklar ko’chaga bir xil tus berib, issiqdan chirt-chirt uzilar, yo’laklarga tushar edi. Otliq yoki yayov borayotgan yo’lovchilar esa, mavridsizroq tushgan qordan zorlanib bir-birlariga shikoyat¬lanishar edi.
– Avji mevalar gullaganda qor tushib, bola-chaqaning rizqini qiydi-da…
– Shukur qilish kerak. Hali bunisi xolva, – der edi eshakli uzun soqol qo’ygan keksa yo’lovchi, yoshroq hamrohiga. – Bobomiz rahmatli qish chillasida tariq pishganini, yoz chillasida muzlagan Chirchiq daryosidan aravada o’tganlarini hikoya qilar edilar… Ob-havo shunaqa qarorsiz bo’ladi, zo’rlanish yaramaydi…
Qodirboyning qulog’i yo’lovchilarning so’zida, ko’zi Muzaffarning yo’lida bo’lib borsa ham, xayoli boshqa andishalar bilan band edi: Muzaffarni uchratsa nima deyishini, bechoraning qay ahvolga tushishini tasavvur qilar edi. Haqiqatdan ham erta-indin uylanaman, deb yuragi shopirinib turgan yosh yigitga kutilmagan bu shum xabarni eshitish juda og’ir edi. Ammo uni uchrata olmasa oqibati undan-da og’ir bo’lishi mumkin edi. Chunki, Toshkent hokimi Qushdodhoh, boya olomonda aytilgandek, qattiqqo’l – gunohkorni ortiqcha tekshirib, haqiqat qilib o’tirmay, xohlagan buyrug’ini beraverar edi…
Qodirboy Qo’shmozor, Chaqar, Guliston, Badalboy mahallalaridan o’tib, Beshog’och darvozasiga yetdi. Biroq, Muzaffar hamon ko’rinmas edi. «Balki, u Qoratosh ko’chasi bilan qaytdimikan-a?..» deb xavotirlana boshladi.
Janubga qaratib qurilgan Beshog’och darbozasi lang ochiq. Qor tushib dala ishlari to’xtagani uchun qatnovchilar oz edi. Uzun guppasi ustidan kalitlarini beliga bog’lab olgan darvozabon hujrasi yoniga cho’nqayib oftobda kim bilandir so’zlashib o’tirar edi. Qodirboy ko’prikdan o’tib, darvozabon bilan omonlashdi-da, shahar tashqarisiga chiqdi.
U vaqtlarda Beshog’och darvozasining sirt yon-yerlari jar-jilg’a tepalik yerlar bo’lib, bog’ot joylar ancha nari, Badalsoydan o’tgandan so’ng boshlanar edi. Tevarakni bosib yotgan qor quyoshda
jimirlab tovlanib ko’z nurini olar, onda-sonda shoxlari egilib turgan daraxtlar go’yo ta’zim etganday ko’rinar edilar. Bora-bora Qodirboy ko’zlari qor uvalariga qarashdan toliy boshladi, otni yo’lga qo’yib ko’zlarini kaftlari bilan to’sdi…
– Qodir amaki, yo’l bo’lsin, buyoqqa?!.
Qodirboy ko’zlarini ochdi. To’nining bir uchini yelkasiga olib ushlagan Muzaffar kurak qo’ltiqlab, Badalsoydan chiqib kelar edi. Qodirboy otni to’xtatdi. Muzaffar ham asta kelib to’xtadi va savol nazari bilan qaradi. Qodirboy orqadan keluvchi bir yo’lovchining o’tib ketishini kutib jim qoldi. Keyin:
– Seni izlab kelyapman, – dedi.
– Xo’sh?
– Bizning boqqa ikkov borib kelamiz.
– Nega?
– Zarur yumush chiqib qoldi. Tom kuraymiz, ko’maklashasan.
Muzaffar bu muhmal taklifdan ajablandi va ikkilandi:
– Kechiksam, dadam koyimasmikinlar? Uyimizda to’y…
– Koyimaydi. Dadangdan izm oldim. Yur.
Muzaffar qobil yigit edi, indamay yo’lga tushdi. Bir oz orqaga qaytishdi-da, shaharga kirmay so’l tomondagi Charx ko’chasiga burildilar va Komolon darvozasiga qarab yurdilar.
Charx ko’cha bog’ot yerlar, tip-tinch, kimsasiz huvullar, faqat chum¬chuqlar chirillashi, allaqaysi bog’dan kimningdir qirt-qirt tom kura¬ganigina eshitilar edi. Havo ham endi ancha ilib, qorlar erimoqqa, yerlar shilip-shilip loy bo’lmoqqa boshlagan edi. Qodirboy ko’ngilsiz xabarni ko’chada ochmaslikka qaror bergani uchun so’zsiz, o’ychan borar edi. Ular Xo’ja alambardor qabristoni yonidan Komolon darvazasiga chiqib yana shaharga kirishdi va Qo’rg’on tagi bilan Samarqand darvozasi – Qodirboylar bog’iga tomon burilishdi.
Muzaffar Qodirboyni o’z otasidek hurmat qilar edi. Uning yolg’izligini bildirmaslik uchun bo’sh choqlarida doim uy va bog’ ishlariga qarashardi. U orqadan borarkan, bir narsadan bad oldimi yoki to’g’riliqchami, bahorhol, Samarqand darvazasiga yetganda dedi:
– Qodir amaki, agar bog’da tom kurashdan boshqa yumushingiz bo’lmasa, siz shaharga ketavering. O’zim bajarib boraman…
Qodirboy go’yo Muzaffar so’zini eshitmaganday yo’lda jim davom etdi.
Qor kecha-kecha boqqa yetib kelishdi. Qodirboy ichkariga kirib otni bog’larkan, Muzaffar darrov to’nini yechib tomga chiqish harakatiga tushdi.
– To’xta, Muzaffar, – dedi Qodirboy. – Ozgina gaplashib olaylik, keyin kurayverasan.
Muzaffar ajablanib to’xtadi:
– Qanday gap?
Qodirboy ko’cha eshikni beklab, ot ustidagi xurjunini ayvon labiga to’shadi.
Yonma-yon o’tirishdi.
– Ayt-chi, Muzaffar, – dedi Qodirboy, oldin uni bir sinab ko’r¬moqchi bo’lib. – Shu kechasi nima ishlar qilding?
– Nima ish qilardim?.. – dedi Muzaffar hayron bo’lib – Sizni kuzatgach, yotib uxladim.
– To’g’risini ayt, bola?
– Aytdim-ku, tinchlikmi o’zi, amaki?
– Ashir bazzozning do’konini kim o’g’irladi?! – To’satdan unga dag’dag’a qildi Qodir boy va pichog’ini shartta qinidan sug’urdi: – Agar rostini aytmasang?
Muzaffar kutilmagan bu dahshatdan tong ajabda qoldi. Tusi o’zgarib, ko’zlari olalandi.
– Nimalar deyapsiz, amaki? – U yelkasini qisdi. – Azbaroyi xudo, bunday ishlardan xabarim yo’q. Qasam ichaymi? So’zlang tezroq!
Qodirboy tikilib qaradi va bu ishda uning qo’li yo’qligiga ishondi. Pichog’ini qiniga solib, avval uni tinchlatish uchun picha nasihat qilgan bo’ldi-da, birin-birin voqeani so’zlay boshladi.
Bechora yigit tinglarkan, qay ahvolga tushganini aytish og’ir edi. U so’zni anqayib tinglab bordi, voqea ma’lum o’rniga yetganda chidolmay lablarini tishlab-tishlab qonatib va boshlariga mushtlab-mushtlab yig’lay boshladi. Qodirboy so’zini tugatdi. Muzaffar to’satdan yig’idan to’xtab uzun uf tortdi-da, ko’zini bir nuqtaga qo’yib, ancha vaqt jim qoldi. So’ng birdan o’rnidan turib to’nini kiya boshladi.
– Xo’sh, yo’l bo’lsin?
– Shaharga
– Nima qilmoqchisan?
– Borib hokimga arz qilmoqchiman.
– Nima deb?
– Bu bizga tuhmat, haqiqat qiling deyman.
– Haqiqat qilish uchun, hokim sendan guvoh-isbot talab qilsa-chi?
– Guvoh-isbot yo’q deyman.
– Gumondoring bormi desa-chi?
– Gumondorim ham yo’q deyman.
– U holda hokim sening quruq so’zingga ishonadimi?
– Ishonadimi, yo’qmi, har holda, bo’htonga bo’yin egkandan kirib arz qilgan ma’qul-da, amaki.
– Arz qilganing-ku ma’qul… – Ammo hokim oldidan omon-eson chiqishni ham o’ylab ko’r-da, bolam…
– Nega chiqmas ekanman?
– Yoshsan… Negaki, da’voingni isbot qila olmadingmi, demak, o’g’riliqni bo’yningga olgan hisoblanasan va hatto ehtimol jazoga otangdan ko’ra ko’proq sen uchraysan. Chunki, otang ulg’ayib, o’zini tutgan kishi, hokim ham, boshqalar ham undan ko’proq gumon qilmaslar. Ammo, sen-yigit, yo’ldan ozib bu ishni qilgan bo’lishing mumkin. Ayniqsa, erta-indin uylanmoqchisan…
– Uylanishning bunga nima daxli bor?
– Daxli shundaki, birov to’y xarajatiga qiynalgan bo’lsalar, o’g’li o’g’irlagandir, deb o’ylashi, ikkinchi birovi esa, adovat-rashk yuzasidan to’yni buzish uchun bu ishni qilgan bo’lishi va binobarin, aybni faqat sengagina yuklashga urunishi mumkin…
Muzaffar masalaning nozik tomonlarini tushunib yetib, serraygancha uzoq o’ylanib qoldi.
– Mayli, aybni menga yuklasinlar. Borib, otamni xalos qilaman, – dedi u va eshik tomonga yo’l oldi.
– To’xta, oshiqma, – dedi Qodirboy keskin va o’rnidan turdi. – Sen shunda qol. Men avval shaharga tushib azmoyish olay, ishning oxirini bilay. Shunga qarab borish- bormasligingni maslahati chiqar. Men kechgacha kelaman.
Muzaffar bosh chayqadi.
– Yo’q… Bo’lmas, amaki. Agar hozir bormasam, qo’rqib qochgan, aybni bo’ynimga olgan bo’lib chiqaman…
Qodirboy Muzaffarni tinchitdi.
– Bu yog’idan xotirjam bo’l, o’g’lim. Hokim xuzuriga borish zarurati bo’lsa, ertaga ertalab borsang ham bo’laveradi. «Kecha qarindoshlarni to’yga xabarlagani qishloqqa ketib edim, tunab qaytdim deysan, vassalom, – dedi Qodirboy va qo’shib qo’ydi: – Kim bilsin, balki seni so’ramaslar, izlamaslar ham…
Muzaffar ko’zi jiqqa yosh, maslahatga chor-nochor ko’ngandak bo’ldi. Qodirboy xurjunidagi nonlarni olib ayvon labiga qo’ydi.
– Olam xadis, mabodo bugun kela olmasam, shiypon tagiga yig’ib qo’yilgan xazonlar orasiga kirib, bir amallab tunaysan, – dedi Qodirboy va shitob bilan shaharga jo’nadi.
Toshkent shahri ma’muriy jihatdan Beshog’och, Ko’kcha, Sebzor va Shayxavantohur dahalariga bo’lingan. Tevaragi gir aylantirib sakkiz gaz yuksaklikdagi, qalin, bemalol ustida odam yuradigan paxsa devor bilan qo’rg’on qilib o’ralgan edi. Qo’rg’onning odim-odim yerlariga bahaybat-bahaybat o’n ikkita darvoza qurilgan va bular: Qo’qon, Qashg’ar, Labzak, Taxtapul, Qorasaroy, Sakbon, Chig’atoy, Ko’kcha, Samarqand, Komolon, Beshog’och, Qaymos darvozalari deb atalar edi. Hokim o’rdasi esa Qaymos va Qo’qon darvozalari yaqinida joylashgan edi.
O’rda tevaragi keksa tol, qayrag’och va boshqa anvoyi meva daraxtlar bilan ko’rkam, uzun-uzun yo’laklarga g’isht va xarsanglar yotqizilgan edi. Janubga qaratib qurilgan murabba’ o’rdaning old qismi taxminan ikki yuz gaz kenglikda bo’lib, o’rtasida ravoq shaklida o’yib ishlangan besh gaz qadli qo’sh tavaqa darvoza, ikki burchagida esa o’n-o’n ikki gaz bo’yli minoralar qad ko’tarib turar edi. Minora, darvoza yonlari va peshtoqlarga ishlangan siyrak, sodda, tussiz koshinlarni hisobga olmaganda o’rdaning tashqi ko’rinishi husnsiz, bir qarashdayoq eskirganligi sezilib turar edi.
Qodirboy shaharga qaytib kirib Samarqand darvoza ko’chasi, Chorsu orqali yana Qalandarxonaga yuzlandi. Vaqt peshinga yaqinlashgan edi. Hamma o’z ish-tirikchiligi bilan ovora, go’yo ko’chalar tinganday, hech bir voqea ro’y bermaganday ko’rinar edi. Qodirboy Qalandarxonaga yaqinlashib qayoqqa yursam ekan, deb o’ylanib to’xtadi. Chunki, agar Murotali oshnasi so’roq va hukmga hokim o’rdasiga olib ketilgan bo’lsa, u to’g’riga, ya’ni Shayxavantahur mozori yoni bilan Qashqar darvozasi tomonga yurishi kerak edi.
IZOHLAR
1. Oqmasjid – Qizil-O’rda shahri.
2. Bo’zsaroy – hozirgi 1-bosmaxona o’rni (muallif).
3. Rais saroyi – hozirgi tabiat muzeyi o’rnida bo’lgan (muallif).
4. Yarmanka – yarmarka.
5. Ko’pos – kupets, savdogar
Manba: «Sharq yulduzi» jurnali, 2010 yil, 1-son