O’zbekiston xalq artisti Obid Yunusov vafot etdi

011

    Ушбу саҳифани салкам бир йил аввал  Ўзбекистон халқ артисти Обид Юнусовнинг 80 ёшга тўлгани муносабати билан тайёрлаган эдик. Бугун эса атоқли санъаткорнинг вафот этганини эшитдик. Ўлим ҳақ. Аллоҳдан устоз санъаткорни раҳматига олишини сўраймиз.

08

013Обид Юнусов 1934 йил 20 ноябрида Тошкент шаҳрида атоқли бастакор Юнус Ражабийнинг оиласида туғилган.1956 йилда А. Островский номидаги Тошкент театр ва рассомлик санъати институтининг актёрлик факультетини тугатгач, то 1996 йилгача Ҳамза номидаги Ўзбек Давлат (ҳозирги Ўзбек Миллий) академик драма театрида актёр сифатида фаолият кўрсатиб юздан ортиқ турли характерга, қиёфага ва дунёқарашга эга бўлган, турли миллатга мансуб образларни яратди.

Ҳамза номли театр собиқ иттифоқ даврида ҳам, шунингдек ҳозирги кунда ҳам ҳамдўстлик мамлакатлари театрлари орасида энг кучли драматик труппалардан бири ҳисобланади. Бу театрда ғарб, шарқ, рус ва ўзбек драматургиясининг ноёб дурдоналари саҳна юзини кўрган. Уларнинг кўпчилигидаги роллар Обид Юнусовга ишониб топширилган, актёр уларни қиёмига етказиб ўйнаб, театр ижодий жамоасининг ишончини оқлаган.

Камол (О.Ёқубов, «Юрак ёнмоғи керак», 1958), Бўривой (Р.Бобожон, «Тоға ва жиянлар», 1960), Сиддиқжон (И.Сул¬тон, «Имон», 1960), Рустам (Ширвонзода, «Номус», 1961), Салим (Уйғун, «Шубҳа», 1961), Аббос (М.Шайхзода, «Мирзо Улуғбек», 1961), Жеймс Тейлор (С.Азимов, «Қонли сароб», 1965), Лаэрт, Фортенбранс, гўрков (В.Шекспир, «Хамлет»,1965), Насриддин («Насриддиннинг саргузаштлари», 1965), Валентин (В.Шекспир, «Вероналик икки йигит», 1966), Рикардо («Ўлимдан кучли», 1967), Каримжон (А.Қаҳҳор, «Аяжонларим», 1967), Холмат (Ҳамза, «Бой ила хизматчи», 1968), Буридан (А.Дюма, «Ажал минораси»), Қиличбек (Э.Воҳидов, «Олтин девор», 1970), Ғани (Н.Сафаров, «Тарих тилга кирди», 1972), Қоратегин (Уйғун, «Абу Райҳон Беруний», 1973), Собир (И.Султон, «Кўрмайин босдим тиконни», 1974), Нойман (И.Раҳим, «Чақмоқ», 1974), Маъмур (С.Аҳмад, «Келинлар қўзғолони», 1976), Ҳожи Сиддиқ (З.Фатхуллин, «То¬моша давом этади», 1979), Мадалихон (Т.Тўла, «Нодирабегим», 1980), Гарсия (Чичков, «Мен Чилига ишонаман», 1983), Маҳмудхон (П.Қодиров, «Юлдузли тунлар»), генерал Гударян («Маршал Жуков» 1985), Қосим (У.Назаров, «Ойна», 1985), Ёрмат (Ойбек, «Қутлуғ қон», 1987), Подколесников (Бердман, «Алвидо ҳаёт», 1988), Маъмур (С.Аҳмад, «Фармонбиби аразлади», 1989), Мирзарайим (Ҳамза, «Паранжи сирлари, 1990), Сулаймон (У.Ҳожибеков, «Аршин мол олан», 1990), Абдували (Ҳ.Муҳаммад, «Хотинлар гапидан чиққан ҳангома» 1993) каби ранг-баранг образлар Обид Юнусовнинг 40 йиллик ижодий меҳнати маҳсулидир. Уларнинг ҳар бири хусусида алоҳида мақола, рисола битса арзийди.

06Булар орасида ҳаётийлиги, табиийлиги, таъсирчанлиги, катта жозибаси билан Розовнинг «Оқшомдан тушгача» драмасидаги Кирилл, Уйғуннинг «Парвона» комедиясидаги Ўнсурий ва Ш.Холмирзаевнинг «Қора камар» драмасидаги Эшон образлари ажралиб туради. Обид Юнусов истеъдодини ёрқин намоён эта олган бу образлар айни пайтда актёр ижодининг етук намунаси, ўзбек театр санъатининг катта ютуғи ҳисобланади.

«Қора камар»даги Эшон образи учун Обид Юнусовга 1988 йилда Ўзбекистон Давлат мукофоти соврини берилиши ҳам бежиз эмас.
Шу ўринда актёр ижросидаги қатор образлар — ўзини халқ озодлиги курашига бағишлаган, довюрак Азамат (И.Султон, «Номаълум киши»), жоҳил ва бағритош жосус Жеймс Тей¬лор (С.Азимов «Қонли сароб»), ҳаётда тўғри йўлни тополмай доғда қолган Ғани (Н.Сафаров «Тарих тилга кирди»), Ёрмат (Ойбек «Қутлуғ қон») ва бошқа образларни ҳам таъкидламоқ ўринлидир.

Обид Юнусовнинг театрдаги ютуқларидан мамнун бўлган, у яратган ҳаётий ва ёрқин образларни кўриб баҳра олган кино ижодкорлари уни кинода суратта тушишга таклиф этишади. Актёр кинода ҳам бир-икки образни муваффақиятли яратгач, бу санъат даргоҳида ҳам ўз ўрнини топади.

Обид Юнусов кинода Юнус (Хачатуров, «Тўйлар муборак», 1978), Абдулла (Р.Муҳаммаджонов, М.Абзалов «Чинор остидаги дуэль», 1978), Асқар (С.Аҳмад, М.Абзалов, «Келинлар кўзғолони»), Мулладўст (Ҳамза, М.Абзалов ,»Майсаранинг иши», 1988) каби 30 дан ортиқ пухта ва тўлақонли образлар яратди.

«Ўзбекфильм» киностудиясида узоқ йиллар дубляжда фаол қатнашиб, 1000 дан ортиқ фильмларга овоз берди. Обид Юнусов ижодини радио ва телевидениесиз тасаввур қилиш қийин. У радиода қатор радиоспектаклларда қатнашиб, бир неча образлар яратди.
Дубровский (А.С.Пушкин, «Дубровский»), Рустам (Ширвонзода «Номус») образларини маромига етказиб ижро этди, А.Қодирийнинг «Ўтган кунлар» романи асосида тайёрланган радиоспектаклда ҳам бош роллардан бирини ижро этди. Шиллернинг «Қароқчилар» асари асосида яратилган телеспектаклда Карл Моор, О.Ёқубовнинг «Улуғбек хазинаси» телеспектаклида Али Қушчи образларини ҳам О.Юнусов муваффақият билан гавдалантирди.
Иқтидорли театр ва кино актёри Обид Юнусовнинг санъатдаги хизматлари муносиб тақдирланди. 1987 йилда унга «Ўзбекистон халқ артисти» фахрий унвони беридди. 1988 йилда у Республика Давлат мукофотига сазовор бўлди.
Атоқли санъаткор ҳозир нафақада бўлган Обид Юнусов икки ўғилнинг отаси, 6 набира, 2 эваранинг буваси.

Обид Юнусов 2015 йил 20 сентябрда вфот этди.

08

Обид Юнусовдан 15 та иқтибос
08

1. Болалигимда кино жинниси эдим, қўлимга озгина пул тушса, трамвайга осилиб бўлса-да, кинотеатрга югурардим. Эрталаб соат тўққизда кирсам, то кечки соат бешларгача сеансма-сеанс кўравериб, сула­йиб қолардим. Кейин уйга кетардим.

2. Бизнинг болалигимизда машҳур бўлган бир ярим соат давом этадиган «Тарзан» киносини синфдошларимга бир ярим соат гапириб берганимни эслайман. Уйдагиларга ҳар хил ролларни ўйнаб берардим. Улар қотиб-қотиб кулишарди. Отам Юнус Ражабийнинг санъаткорлиги ҳам санъатга қизиқишимга сабаб бўлган чиқар.

3. Институтда ўқиб юрган пайтларим домламдан: «Домлажон, қачон тўрт йил ўтаркан-а, қачон театрда ишларканмиз», деб сўрагандим. У: «Марҳамат, истасанг, бугундан театрга боришинг мумкин» деб қолди. Ўшанда хурсандлигимдан ичимга сиғмай кетганман. Эртаси куни театрга бордим, домлам юборганини айтдим. Шундан оммавий саҳналарда иштирок эта бошлаганман.

4. Тўғрисини айтсам, театрга актёр бўлиб қадам қўйганимда Навоий ролини ўйнашни ният қилгандим. Орзуим шу эди, ке­йин… армоним ҳам шу бўлди…

5. Мен устозларимни жуда ҳурмат қилганман. Уларга эътиқодим баланд бўлган. Шунинг учун биринчи ўғлимнинг исмини Олим Хўжаевга ҳавас қилганимдан Олим деб қўйганман, иккинчи ўғлимнинг исмини Наби Раҳимовга бўлган ҳурматим учун Наби деб қўйганман. Раҳматли Наби Раҳимов кўришганимизда доимо «Наби қалай, яхши юрибдими?» деб қўярдилар.

6. Олим Хўжаевнинг 60 йиллик юбилейи театрда нишонланаётган эди. Ўша куни сувенир магазиндан Навоийнинг мисдан ишланган чиройли кичик бир ҳайкалини сотиб олдим-да, ўғлим Олимнинг қўлига тут­қаздим, ўшанда у 17 ёш, келишган йигит эди. У тайинлаганимдек, Олим Хўжаевнинг ёнига бориб, совғани тутқазибди, Олим ака бобомизнинг ҳайкалчасини кўриб жуда хурсанд бўлибди ва ўғлимдан кимлигини сўрабди, у «Олимман, Обид Юнусовнинг ўғ­ли», дебди. У киши анча жим қолибди. Олим ака ўшанда вақт­нинг нақадар елиб бораётганини, кечаги мурғак гўдак, бугун давангирдай йигит бўлганидан ҳаваси ортган бўлса, ажабмас.

7. Мендан устозингиз ким деб сўрашса, доимо «менинг устозим — театр» деб жавоб бераман. Чунки нимагаки эришган бўлсам, барчаси шу театр ортидан эришганман. Актёрларнинг бирини устозим десам, бирининг кўнгли ранжиши турган гап.

8. Ҳаётда ҳамма нарса бўлиши мумкин. Устозини унутиб қўйганлар ҳам бўлган, шогирдларидан юз ўгирганлар ҳам бўлади. Бундайларга ҳеч нарса демайман. Муҳими, саҳна муқаддас, у ҳаммасига гуво

9. «Парвона» спектакли тилга тушиб қолгач, кўрганлар мен билан «Ассалому алайкум, Ўткир ака!», «Салом, Ўткурий» деб сўрашарди. Баъзида «Ана, Ўткурий келяпти», деган овозлар ҳам қулоғимга чалинарди. Аввалига бу ҳолатлар ғашимга теккани рост. Худди устимдан кулаётгандай бўларди-да. Ке­йинчалик ўрганиб кетдим. Ўйладимки, демак, ролим одамларга ёқибди. Майли, Ўткурий бўлсам, бўлақолай, дедим.

10. Жаҳон театр тарихида шундай анъана борки, битта спектакл 500 маротаба саҳнага қўйилса, у «Бенефис» бўлади. Бунда катта-катта баннерлар қилиниб, эълонлар осилади. Ойнаи жаҳонда реклама қилинади. Чипталар нархи икки-уч баробарга қиммат сотилади, одамлар чипта тополмасдан тик туриб томоша қилишади. Бизда «бенефис» бўлган спектакллардан «Отелло» бўлган, у саҳнада 500 маротаба қўйилган. «Парвона» эса 803 марта намо-йиш этилган. Лекин ўта камтар бўлганмиз, шекилли, «бенефис» даражасидан ўтиб кетсак-да, шов-шув қилмаганмиз.

11. Ҳақиқий санъат ҳеч қачон ўлмайди, у доим барҳаёт, бойлик ва бизнесдан юқори туради. Чинакам санъат бизнеснинг қурбони бўлади, деб ҳам айтолмайман. Лекин бир нарса мени умидлантиради, бугун бизнес учун ашула айтаётган, кино ишлаётган одамлар ҳам бир кун яхши санъат асари яратиб қўяди, ўшанда у чинакам санъатни ҳам англаб қолади. Машқ қила-қила ўз ишининг ҳадисини олади-да ҳаммаям. Санъат халқники, халқимиз эса эртанги саодатига ишонади.

12. Буюк санъаткорлар нимаси билан буюк биласизми? Улар санъатга, театрга эътиқодли, саҳнага меҳр ва муҳаббат, катта ҳурмат билан яшаган.

13. Машҳур рус актёри Химилёв роль ўйнаётиб, спектакл тугаган жойида қотиб қолади. Парда туширилгунча ўша ҳолатда туради ва парда туширилгандан сўнг ерга йиқилган. Тиббий текширувда шу аниқ бўладики, спектакль охирлаётиб сўнгги сўзини айтиб тугатган ондаёқ унинг жони узилган бўлади. Ҳали ҳануз ўша актёр жонсиз ҳолатда тик турганича парда туширилишини кутгани барчани ҳайратлантириб келади. Бу мўъжиза саҳнага бўлган улкан ҳурмат, санъатга эътиқоднинг маҳсули бўлса керак.

14. Ўзим гувоҳ бўлганман. Устоз ак­триса Марям Ёқубова «Қутлуғ қон» спектакли қўйилаётганда оғир бетоб бўлиб қолди. Туришга ҳам, юришга ҳам мажоли йўқ эди. Лекин уйидан машинада олиб келишар, замбилда театрга олиб киришарди. Спектакль кетяпти, гримчилар Марям опани тайёрлаб туришарди-да, унинг роли келган заҳоти саҳнага чиқарворишарди. Саҳнанинг қудратини қарангки, Марям опа ҳеч нима кўрмагандек, юриб ролини ўйнаб кетарди. Саҳнадан чиққан ондаёқ ўзини йўқотарди, зўрға ушлаб қолиб, ётқизиб, елпишарди, роли келганда саҳнада яна ўйнаб кетарди. Ўз ролини қо­йиллатиб ижро этарди. Спектакль тугагач, замбилда театрдан олиб чиқишар, яна машинада уйига олиб боришарди. Мана, саҳнанинг қудрати!

15. Театрдан кетган бўлсам-да, ҳамон санъатда яшайман. Ҳар куни қўнғироқлар, таклифлар… Кинога таклиф қилишса, рози бўлмайман, соғлигим тўғри келмаслигини айтаман, баъзилари, ҳатто уйимнинг ёнига келиб суратга олишди. Шунда ўйлайман, ҳар ҳолда мен атрофимдагиларга, халқимга керак эканман. Кимгадир кераклигингдан ортиқ бахт борми?!

Manba: furkat.uz

04
ОБИД ЮНУСОВ BBC МЕҲМОНИ
Би-би-си Ўзбек хизмати — март,2012
08

008Би-би-си: Обид ака, сиртдан бўлса ҳам, студиямизга хуш келибсиз:

Обид Юнусов: Раҳмат, хушвақт бўлинг.

Би-би-си: Обид ака, театр ва кино соҳасида фаолият юритаётган санъаткорлар кўп. Аммо уларнинг бетакрорлари саноқли бўлади. Агар ўзингиз мисолингизда айтсак, санъаткорни нима бетакрор қилади?

Обид Юнусов: Қонда бўлиши керак дейди, отам санъаткор бўлганлари учун менинг қонимда бор, деб ўйлайман. Лекин, шунда ҳам, фақат қонда бўлмаса керак. Чунки умуман санъатга алоқаси бўлмаган одамлардан ҳам санъаткор чиқади. Авваламбор, санъаткор бўлиш учун санъатга қаттиқ муҳаббат қўйиш керак. Ундан кейин меҳнат, меҳнат, меҳнат, тинимсиз меҳнат талаб қилади бу…Қани, мен уч-тўрт йил ишлаб кўрак-чи, ёқса, ишларман, ёқмаса, кетарман бошқа ёққа, деган одам санъатга кирмаслиги керак. Санъатга фақат жонини, танини, бутун вужудини бериб, кейин ишлаш керак.

Би-би-си: Обид Юнусов деганда кўпчиликнинг хотирасига лоп этиб «Тўйлар муборак» фильми келади. Ушбу фильмни суратга олиш жараёнидан бирор бир қизиқарли жойлари хотирангизда қолганми? Дубайдан Алижон сизга ана шундай савол йўллабди…

Обид Юнусов: У фильмни суратга олишга қийналганмиз. Суратга олиш ишлари сентябр ойида бошланганди. Кун салқин бўлиб қолганди. Яъни ўша йил куз анча совуқ келганди. Биринчи съёмка кунимиз Анҳорга калла ташлаб, соҳилнинг нариги бетига чиқиб, ҳалиги қизни қувлашдан бошланган. Кун салқин…Сувга калла ташлаш керак. Бунинг устига биттамас, бештадан дубл олади-да…Жуда совқотиб кетганман. “Режиссёр, бунақа салқин пайтда шамоллаб қолмасин деб, одамнинг орқаларини спирт билан массаж қилиб, артилади”, десам, “Мана, бор”, деб ароқларни кўрсатиб, бошқа қилиб олинган пайтлари бор. Ўша пайтда қийин бўлган. Кейин репетиция пайтида ҳалиги қизни қувиб кетаётиб, дарахтга бошимни урволиб, ағдарилиб тушгандек бўлиб, ётган еримдан нимадир тишлаб отгандек бўлсам, режиссёр, “Нимани тишладинг?”, деб сўраб қолди. Чунки дарахтда ҳеч нарса йўқ эди. Мен, “Дарахтга бошим урилиб кетувди, олма тушди, ўшани”, дедим. Ростдан ҳам олма дарахти бўлса-да, дарахтда олма йўқ еди. Бир пайт режиссёр, “Яблоки, немедленно!”, деди. Суратга олиш ишлари тўхтатилди. Кимдир машина билан бозорга кетди, олма олиб келди. Дарахтнинг шохларига олмаларни боғлаб қўйиб, ҳалига дарахтга бошим урилди, олма тушди, олмани олиб, чайнадим,…Кинони кўрганлар билади, ўша олма олиб келиб қилинган. Ижод дегани суратга олиш жараёнининг ўзида ҳам туғилавераркан-да! Бўлмаса, дарахтдан олма тушиб кетади, актёр дарахтдан олмани олиб, чайнайди, деган гап сценарийда йўқ.

Би-би-си: Обид ака, «Тўйлар муборак» фильмида оёғингиз албастер ичида қотиб қолган жойи бор? Ҳақиқатда ҳам шундай бўлганми?

Обид Юнусов: Ҳақиқатда шундай бўлган. Энди, кинонинг ўзини сирлари бор. Оёғимда резинка этик бўлган, резинка этик билан сувга тушганман. Албастер солишган, бирпасда қотиб қолган. Ўшанинг ростдан ҳам албастер эканига ишонтириш учун, қўлимга пиёлада чой бериб қўйишган, ичиб турибман, пиёла қўлимдан тушиб кетиб, албастернинг қаттиқлигидан синиб кетади. У неччи кун суратга олган бўлса, ҳар куни бориб, ўша этикка оёғимни тиқаман, шу ҳолича сувга албастер солишади…

Би-би-си: Навбатдаги саволимиз томошабинлар сизнинг ижронгизсиз хаёлларига ҳам келтиролмайдиган «Парвона» спектакли билан боғлиқ. Кўпчилик сизни Ўткурий ролисиз тасаввур қила олмайди. Нима учун бу ролингиз шунчалик муваффақият қозонган? Бу рол сизнинг табиатингизга қанчалик яқин?

Обид Юнусов: Билмадим, Уйғун ака театрга келиб, ўша пьесаларини ўқиганларида, яъни биринчи ўқилган кунда, билмайман, ўша ролга қанақадир завқим кетди-да, пьеса ўқилаётган пайтнинг ўзида ўша ролни ўйнагим келди. Ўқилди, пьеса қабул қилинди, роллар актёрларга бўлиб берилганда, менга тегмади ўша роль…”Менга ўша ролни берсанглар”, деб илтимос қилдим. “Хўп”, дейишди. Битта ролга икки, уч киши бўладию, мени иккинчи қилиб ёзиб қўйишди. Битта ўртоғимиз бор, исму шарифини шарт эмас айтишим, у нима бўлиб, 15-20 кунга гастролга кетиб қоладиган бўлди, яъни иш бошланган пайтда. Режиссёримиз Шариф Қаюмов эдилар, “Эй-ййй, менинг артистимни олиб кетиб қолаяпсизлар, мен энди нима қиламан бу ерда, репетициялар тўхтайдими?”, деб додлаб қолдилар. Мен, “Шариф ака, у киши келгунларича, мен репетиция қилиб турарман, унақа деманг”, дедим. “Ҳа, ҳа, сан борсана, майли, майли”, дедилар. Шу билан у актёр гастролга келиб қолди ва мен репетицияларни бошлаб юбордим. А у гастролдан келгунича, спектаклимиз анча пишиб қолганди. Келиб, кўриб, “Эй, уларни қувлаб етоламанми, етолмайманми», деб, ўйнамай, ташлаб кетди, ўзимга қолиб кетди ўша роль. Ўша пайтда мен билан бирга ўйнаган актёрларнинг кўпчилиги орамизда йўқ, ҳаммаси ўтиб, ўтиб кетди, уларнинг ўринларига бошқа, бошқа, бошқалар ўйнашдию, мен битта ўзим охиригача қолавердим. Телевидениега ёзишди, беш марта ёзилди. Илгари плёнкалар тақчил бўлганми, устига бошқа нарсаларни ёзиб юборишаверган. Кейин яна бошқатдан ёзилган. Яна шундай қилишган. Яна бошқатдан ёзилган. Ҳозир шу охирги бешинчи марта ёзилгани олтин фондда қолган.

Би-би-си: Энди, нима учун бу ролингиз томошабинлар орасида бунчалик машҳур, севимли бўлиб кетди, бунинг сири нимада?

Обид Юнусов: Жудаям ўзим хоҳлаб, истаб ўйнаганим учунми, ундан кейин, билмайман, бизнинг халқимиз мусиқани яхши кўради, ашулани яхши кўради, ўшангами, чунки мен дутор чалиб, ашулалар қўшиб юборгандим, назаримда, шулар ҳам ролнинг ютуғини анча таъминлади.

Би-би-си: Обид ака, сиз суҳбатларингизнинг бирида Ўткурий ролини 803 марта ижро этганингизни айтгансиз. Бу сизни зериктириб юбормаганми?

Обид Юнусов: Йўқ, зериктириб юборган жойлари ҳам бўлган. Спектаклда камчилик, яъни ҳаммаси бўлиб етти киши қатнашади. А каттароқ спектаклдан битта-яримтаси касал бўлиб қолса, спектаклнинг ўрнига бошқа нарса қўйолмайди. Ўша спектаклда “Парвона”дан тўртта актёр қатнашадиган бўлса, бўлди, шарт этиб, “Парвона”ни қўйиб юбораверарди, уни ҳамма келиб томоша қилаверади. “Эй, бугун репертуар ўзгариб қолибди-ку, кирмаймиз”, демайди-да, “Парвона” экан деб, аввал кўрган бўлса ҳам, яна кираверади. Ўша “Парвона” спектаклини халқимиз жуда яхши кўриб қолганди.

Би-би-си: Ўзингиз ижро этишни ниҳоятда истаган, аммо армон бўлиб қолган ролларингиз ҳам борми?

Обид Юнусов: Армон бўлиб қолган ролим бор. Армон бўлганики, мен ўша ўрта мактабда ўқиб юрган пайтимнинг ўзидаёқ, яъни тўққизинчи, ўнинчи синфларни битираётган пайтларингизда, одамлар, “Мактабни битиргач, ким бўласиз?”, деб сўраган чоғларида, “Мен актёр бўламан, актёр бўлиб Алишер Навоийни ўйнайман, мен Гамлетни ўйнайман”, деб орзу қилганман. “Театральный”га кирдим, уни битирдим, театрга ишга кирдим, шу Алишер Навоийни ўйнайман, деб орзу қилиб, актёр бўлдим…Ҳали туғилмаган фарзандимни, ҳали онасининг қорнида ҳомила экани чоғида, Олим Хўжаев кўриб қолиб, “Ийе, ийе, ийе, исмини нима қўямиз?”, деб сўраб қолганларида, “Отини Олим қўямиз”, деганман. Мен шу Олим акага бўлган муҳаббатим, Алишер Навоийга бўлган муҳаббатим учун ҳали туғилмаган фарзандимнинг исмини Олим қўйганман ўшанда. Ана шунақа қилиб, мен ҳеч қачон Алишер Навоий ролини ўйнамадим, театрдаги бошқа ёшларга бердилар. “Олим ака, мен сизни яхши кўрганим учун боламнинг исмини Олим қўйганман, шу ролни менга беринг”, десам”, “Эй, сенинг амплуанг бошқа, сен қўя қолгин”, деб менга бермаганлар. Ана шу роль кўнглимда армон бўлиб қолди. Бир куни бир кинорежиссёримиз келиб, уйда суҳбатлашиб ўтирганимизда, “Сизнинг ҳам армонингиз борми, шундой яхши яшаяпсиз, мана, яхши роллар ўйнаб юрибсиз,..”деб сўровди, “Дунёда армонсиз одам бўлмайди”, дедим. “Нима армонингиз бор?”, деди. “Мен Алишер Навоийни ўйнайман, деб актёр бўлганман. Мен шу ролни театрда ўйнамадим. Ана шу менга умрбод армон бўлиб қолди”, дедим. Буни эшитиб, унинг ўзи сценарий ёзиб, мен ҳақимда “Армон” деган ярим соатлик кино қилдик.

Би-би-си: Обид ака ўз ижролари билан сизни лол қолдирган санъаткорлар борми? Агар бўлса, кимларнинг ижроларига тан бергансиз?

Обид Юнусов: Мен ўша “Театральный” институтга кирмасимдан олдин Олим Хўжаев, Наби Раҳимов, Аброр Ҳидоятов, Сора Эшонтўраева, Тошхон Султонова, Замира Ҳидоятова, Зайнаб Садриева,..ҳаммаларини кўриб, уларга ишқибоз бўлганман. Уларнинг ҳар бирлари менга мактаб бўлган, деб ўйлайман. “Сизнинг устозингиз ким?”, деб сўрашади. Мени институтда ўқитган домлам Наби Раҳимов бўлганлар, театрга келгандан кейин, Наби аканинг ролларини ўйнай бошладим. Мен ҳақиқий Наби аканинг шогирдиман ўзим. Лекин мен ҳар доим, “Асосий устозим — театр”, деб айтаман. Театрда мен кўпчиликдан кўп нарса олганман. Мен нимаики олган бўлсам, нимагаки эришган бўлсам, ўшалардан олиб, ўрганиб, ундан кейин олганимни халқимизга берганман…

Би-би-си: Суҳбатларингиздан бирида ҳануз кинога тушишга оид кўплаб таклифлар олаётганингизни айтгандингиз. Сизга кинога тушишни таклиф этишганда, энг аввало нимасига қарайсиз? Сизга таклиф этилаётган гонораригами, сценарийсигами ёки режиссёрига?

Обид Юнусов: Мен гонорар ҳақида умуман ўйламайман. “Нима берсак, хурсанд бўласиз?”, дейишганида, “Ҳеч бировдан неча пул берасан, деб сўраганимни эшитганмисан?”, деб айтаман. Кинога чақиришдими, шу роль менга маъқул келдими, чақирганига раҳмат, дейман, бориб, “Неча пул берасан?”, деб айтган эмасман. Нима берса, шуни олиб кетаверганман. Берганини ўша бориш-келиш ва тушликнинг йўлига сарфлаб юборган киноларим ҳам бор. Мен, “Неча пул берасан?”, деб, ҳеч қачон, ҳеч қайси режиссёр билан тортишган эмасман.

Би-би-си: Отангиз Юнус Ражабий домла машҳур созанда бўлганлар. Нима учун уларнинг йўлларини тутмай, актёрликни танлагансиз? Сизнинг танловингизга отангизнинг муносабатлари қандай бўлган?

Обид Юнусов: Отам унақа қаршилик қилмаганлар. Мактабни битираётганимда, “Ўғлим, энди қаерга кирмоқчисиз?”, деб сўраганлар. Ҳеч ўйлаб ўтирмай, “Мен “Театральный»га кираман, актёр бўламан”, десам, “Эй, ўғлим, ҳа, қўя қолинг, битта оилага битта артист етар, бошқа соҳага кира қолинг”, деганларида, “Дадажон, ўқисам, шунда ўқийман, бўлмаса, умуман ўқимайман, оддий ишчи бўлиб кетавераман”, деганман. “Ҳа, ундоқ бўлса, майли, билганингизни қила қолинг, ўғлим”, деганлар.

Би-би-си: Мана, орадан шунча йил ўтиб, бугун актёр бўлиш қарорингиздан қанчалар мамнунсиз ёки кўнглингизда пушаймонлик ҳисси ҳам борми?

Обид Юнусов: Менда ҳеч қанақа пушаймонлик ҳисси йўқ. Жудаям хурсандман, жудаям мамнунман. Шу даражага етганимга минг марталаб шукроналар айтиб ўтираман. Нафақага чиққанимизга анча вақт бўлиб кетганига қарамай, ҳозиргача ҳеч тинч қўйишмайди. Ҳали у газетадан, ҳали бу журналдан, уёғдан, буёғдан, камераларини кўтариб келиб, суратга олишади, телевидение орқали беришади, бошқа қилишади, кетма-кет, қўймасдан,…”Эй, мен ҳозир театрда ишламаяпман-ку”, десам, “Эй, сизни оламиз, сиз бошқасиз-да,” деяверишади. Бундоқ ўйлаб, чарчатиб юборишганига қарамай, бир ҳисобда айтаманки, “Чарчатишса ҳам майли. Мен, демак, керак эканманки, олишаяпти экан”. Ҳар ким энг аввало дунёда керак бўлиб юриши керак!

Би-би-си: Обид ака, мазмунли суҳбатингиз учун катта раҳмат.

08

069

002

(Tashriflar: umumiy 2 596, bugungi 1)

3 izoh

  1. Бу инсонлар энди кайтмайди.
    Охиратлари обот болсин

Izoh qoldiring