Фашизм устидан қозонилган ғалабанинг шонли 72 йиллиги, Хотира ва қадрлаш куни нишонланаётган кунда жанг майдонларида қон тўккан, ўзбек адабиёти майдонида ҳам фидойи ижодкорлар сифатида ном қолдирган Шуҳрат, Одил Ёқубов, Матёқуб Қўшжонов, Қодир Мирмуҳаммедов каби инсонларни эслашни қарз деб биламан, уларнинг хотираси олдида бош эгаман Урушда офицер сифатида иштирок этган Шуҳрат домла адабиётимизнинг бурчига содиқ асл зобити эди.
ШУКУР ХОЛМИРЗАЕВ
АЙ, ШУҲРАТ АКАМ-А…
Ўзбек адабиётининг таниқли намояндаларидан бири, шоир, носир ва драматург Шуҳрат (Ғулом Алимов) 1918 йил 19 апрелда Тошкентнинг Ҳазрати Имом (Ҳастимом) маҳалласида, ҳунарманд оиласида туғилди. Эскича ва янгича мактабда таҳсил олгач, транспорт техникумида ўқиди. Бу ерда Юнус Латиф таъсирида шеърлар ёза бошлади. Сўнг Тошкент Давлат педагогика институтида таҳсил олди (1936-1940). Иижоди 1935 йилда шеър ёзиш билан бошланган. Унинг «Орзу ва қалб» достони ҳамда «Меҳри» эртак-достони 1940 йилда босилган. Шу йили ҳарбий хизматга чақирилган Шуҳрат Иккинчи жаҳон уруши жангларида офицер сифатида иштирок этади. Аммо қатағоннинг мудҳиш шамоли Шуҳратни ҳам четлаб ўтмади. 50-йиллар бошида советларга қарши тарғиботда айбланиб, беш йил Сибиру Шимолий Қозоғистондаги қамоқхоналарда ўтириб келади.
Шуҳратнинг «Шинелли йиллар» (1947-1957) романи иккинчи жаҳон уруши фронтларида орттирган катта ҳаётий тажрибаси асосида халқимизнинг жанговар ҳаёти, қаҳрамонлиги, ватанпарварлиги, қийинчиликларга бардошлилиги, келажакка умиди ҳақида ҳикоя қилса, «Олтин зангламас» (1967) романида маърифат соҳиби — ўқитувчи деган шарафли касб улуғланади, «Жаннат қидирганлар» (1968) романида эса ватангадолик фожиаси бадиий ифодасини топган. Шоирнинг ҳаёт ҳақидаги фалсафий мулоҳазалари ифодаланган шеър ва тўртликлардан иборат «Лирика» (1973) тўплами, «Беш кунлик куёв», «Қўша қаринглар» комедиялари ўзбек адабиёти ривожига улкан ҳисса бўлиб қўшилди.
«Жаннат қидирганлар» романи нашр этилгандан кейин эса (1968), айрим кимсалар уни миллатчиликда айблашга уринадилар. Шуларнинг ҳаммаси унинг соғлиғига путур етказади. Шуҳрат 1993 йил 20 июнда, 76 ёшида вафот этган.
Ўзбекистон халқ ёзувчиси Шуҳратнинг кўпгина асарлари қардош халқлар ва хорижий тилларга таржима қилинган. Вафотидан кейин «Эл-юрт ҳурмати», «Буюк хизматлари учун» орденларига сазовор бўлди.
Шуҳрат аканинг номларини тилга олишим билан кўз олдимда бақувват, барваста, оппоқ сочлари силлиқ таралган, кўкраги қалқондек мағрур ва қаракатчан инсон келади. «Инсон» дедим, ўзимдан узоқлатгандай бўлдим, йўқ, инсоним келади.
Мен у киши билан жуда унақа қалин, сирдош бўлмаганман, бундай бўлишга интилганим ҳам йўқ. Бизнинг муомала — устоз-шогирд, ёши улуғ адиб билан ёш қаламкашнинг ўртасидаги холис муносабатлар даражасида эди. Илло у киши ўзларини шундоқ тутар, мен ҳам ишқаланиб боравермас ва ўзимни жилла тортмас ҳам эдим. Қолаверса, ичимда…
Ичимдаги ҳадемай сиртимга чиқади: ана шу жараённи кўрсатувчи бир неча мулоқотлар ҳақида ҳикоя қилмоқчиман.
1
Усмон Германияда хизмат қиларди. Бир куни Эркин қўнғироқ қилиб: «Шукур ака, Усмон отпускага келди. Соат олтиларда уйингизнинг пастидаги «Лаззат» кафесига борамиз…» деди. Мен айтилган вақтда иссиқ кийиниб, пастга тушдим. Улар икковлон келиб туришган экан. Усмоннинг эгнида малла, пахмоқ пўстин. Жуни ўнг қилиб тикилган бундай пўстинни сира кўрмаган эдим. Бориб қучоқлашиб кўришдим.
— Айиқ бўп кетинг-а!
— У ёкда шундоқ ҳам бизни «русский медвед» дейишади, — деб кулди Усмон.
Кафега кириб ўтирдик. Ёш офицернинг костюми ҳам антиқа эди. Бунинг устига, дастурхонни тўлдириб ташлатди. Мен кулиб, «солдат ҳам бой бўладими?» дедим. У хорижда хизмат қилаётган офицерларга яхши маош тўланишини, умуман, у ерда бизнинг зобитлар ўзларини эркин тутишларини айтди. «Бошини силаб қўйсак ҳам писибгина туради. Лекин иложи бўлса, билагимизга оғиз солгиси келади. Айниқса, ёши улуғлари бизни ёмон кўради…
— Лекин ёшларида ҳам бор экан, — деб ўйчан давом этди ёш шоир. — Бир оқшом мана шундай ресторанда ўтириб эдик. Ундай столда бир немис йигит билан бир қиз ўтирган экан. Нимаям бўлиб денг, «Шу қизни танцага тортолмайсан», деди бир шеригим. Ўрнимдан шартта турдим. Уларнинг столига бориб, йигитдан сўрадим: «Хоним билан бир танцага тушайлик». Биз ўрисча гапирардик. Улар ҳам биз каби ўрисчани билиши шарт, деб ўйлардик. Ҳақиқатан ҳам йигитнинг қизи русчани биларкан: «Почему не спрашиваешь у меня?» деб қолди. «Хўп, сендан сўрайман», дедим. «Это другое дело», деди-да, ўрнидан турди. Бир-икки дақиқа танца қилгандан кейин жойига обориб қўйдим. Эркакка раҳмат айтдим. Эркак шод бўлди… У ерда, ҳатто хотинига бегона эркак яхши гапирса, ҳурмат қилса, эри хурсанд бўларкан… Хуллас, биз анча ўтирдик. Ресторандан чиқаётганда, ҳалиги иккови келиб, мени тўхтатди. «Эртага фалон соатда зоопаркнинг эшиги олдида учрашайлик», деди. Мен ваъда бердим. Биз офицерларга имконият берилган эди… Эртаси борсам, икковигинаси турибди. Суҳбатлашиб, фонтанни айландик. Морожний олдик. Булар ҳали турмуш қуришмаган — севишганлар экан-да… Кейин қиз менга айтди: «Юр, сенга Берлиннинг энг ажойиб жойини кўрсатаман. Сен бизга ёқиб қолдинг. Хурсанд қилмоқчимиз», деди. Кетдик. Кетяпмиз, кетяпмиз. Бир пайт бир тепаликка чиқиб қолдик. Пастда тиканли сим билан ўралган бир ваҳимали вайрона ётибди… Кўнглимга сал ваҳима тушди: биз мағлублар мамлакатида эдик, Шукур ака. Улар биздан қўрқарди, холос. Баъзида айрим солдатларнинг йўқолиб қолганини эшитардик: немислар ўлдириб, гумдон қилворишарди. Изи топилмас эди…
— Шундай экан, кўпчилик бўлиб юрмасдинглар-ми?
— Уч-тўртта бўлиб юрардиг-у, ким билади ўша куни олифтачилик қилдимми, ресторандаги жасоратли офицернинг обрўсини сақлагим келдими, ёлғиз чиқувдим. Қолаверса, буларнинг таклифи ўзи мени қизиқтириб қўйган эди: ғалати-да… Хўп, шундай қилиб, ўша ҳайҳотдек вайрона устидан чиқиб қолдик. Бир оз қараб турдим. Кейин: «Энг чиройли жойларинг шуми?» деб сўрадим. Қиз тап тортмасдан: «Ҳа, — деди. — Бу вайрона бизнинг энг улкан опера театримиз бўлган. Уни советлар вайрон қилишган. Томоша қил». Карахт тортиб кетдим. «Аттанг, — дедим кейин. — Сен бизнинг ватанимизга борсанг, мени топ. Мен сенга минглаб театрлар тугул шаҳарларнинг қабристонини кўрсатаман. Сизларнинг ишларингни…»
— Яхши жавоб айтибсиз, — дедим.
— Ҳа, Шуҳрат акам хурсанд бўлдилар, — деди Усмон. Кейин Эркинга қўлини чўзди. Эркин чўнтагидан узунасига букланган «Меҳнат ва турмуш» журналини олиб берди. Усмон журналнинг тегишли саҳифасини очиб, олдимга суриб қўйди. — «Шарқ юлдузи» пўстинда қолди… — Кейин қўлининг орқаси билан журналга урди. — Эй, бу Шуҳрат ака қанақа одам-а! Йўқ, мен бунақа меҳрибон инсонни кўрганим йўқ. Ишонинглар. Бугун танишдим, холос! Бир соат бўлди. Журнал редакциясига излаб бордим. Учрашдик. Ярим соат гаплашдик. Мендан Германия ҳақида сўрадилар. «Шинелли йиллар»ни ёзаётган эканлар…Ҳалиги воқеани айтиб берганимда, мени ўпдилар. «Сени шундай тасаввур қилардим», дедилар…
Журналнинг очиқ турган бетига тикилсам, Усмон Азимовнинг шеърлари: «Мен сени ҳеч кимга бермайман…», «Мени севинг ва мендан нафратланинг…»
«Оқ йўл!» Шуҳрат…
— О-о, табриклайман, Усмонжон… Бу — биринчи чиқишингиз-а матбуотда!
— Биринчи. Унгача шеър ёзишимни Эркин, сиз, Муҳаммаджон, Ҳалима яна бир-икки киши билишар-ди…
— Шуҳрат ака-чи?
— Юборувдим-да шу шеърларни. Таваккал «Шарқ юлдузи»га. Шуҳрат ака у ерда ишлар эканлар, қўлларига тушипти. Мана, «Оқ йўл» билан чиқариптилар. Нимага? — Усмон — қайсар, баъзан шафқатсиз бўлиб кетади. Аммо унинг таъсирланиши ҳам осон. Шунда қарасам, кўзи ғилт ёшга тўлган. — Нимага? — деб панжаларини очиб кўрсатди. — Мен нима каромат кўрсатдим у кишига? Нега мунча одамгарчилик, меҳ-рибонлик? А, Шукур ака? Буни қандай тушунса бўлади?… Ёки катта шоирларнинг ҳаммаси ҳам шундайми?
— Йўқ, — дедим. — Мен насрда фақат Абдулла Қаҳҳорнинг шунақалигини билардим.
— А, у киши сизга хат ёзган-а?
— Қизиқ. Абдулла ака Шуҳрат акани яхши кўрарди, назаримда. Олтмиш йилликларида Шуҳрат ака баковуллик қилган… — Кейин, Шуҳрат ака билан ўша даврада иккинчи марта мундай бемалол танишганимни айтиб бердим.
Абдулла аканинг Дўрмондаги боғи. Музика, ўйин-кулги. Биров кириб, биров чиқяпти. Уй олдидаги атрофи очиқ айвонда казо-казолар ўтиришипти. Раҳматли Шароф акаям бор. У киши кетгач, Шукур Бурҳонлар келиб қолишди. Тепада жой бўлмаганидан пастдаги санобарлар тагига тортишди. Абдулла ака мамнун, пастга эниб, Шуҳрат аканинг ёнига бориб ўтирди. Бирпасдан кейин биз тарафга йўл олдилар. Биз — бир гуруҳ улфатлар бир саф бўлиб ўтиргандик: Турғун Азизов, Ўлмас Умарбеков, Учқун Назаров, Ўткир Ҳошимов, мен… Устоз келиб дастурхонга дастлаб тикилдилар-да:
— Шишаларнинг ранги ўчиб кетипти-ку? — дедилар. Кейин елкалари оша қараб, чақирдилар: — Шуҳрат! Шуҳрат, қайдасан? — Шуҳрат ака айвон биқинидаги гаражда — товонхонада эканлар. Лорсиллаб-гурсиллаб етиб келдилар. — Фақат вино қопти, — деди Абдулла ака. — Буларни олдиргин-у — коньяк қўйдиргин… Буларни биласанми? Шулардан фойда бор… — Биламан. Мана бу шляпасини ечмай ўтирган — Шукур, — деб санай кетдилар Шуҳрат ака ҳар биттамизга кўз қисиб. Кейин буюрдилар: — Қани бўлмасам, юр орқамдан, Шукур!
Орқаларидан бордим. Учта коньяк, бир лаган газак бердилар. Кейин:
— Андижонга кетмоқчисизларми? — деб сўрадилар.
— Ҳа, — дедим. — Тўлан Қўзибоев уйланаётган экан. Умарбеков билан бирга ишлайди…
— Яхши ўтказиб келинглар… Шошма, йўл узоқ…Кетаётганларингда, менга учрагин. Кўп нарса ортиб қолади ҳали. Йўлда еб-ичиб кетасизлар…
— Раҳмат, Шуҳрат ака.
— Мен сенинг асарларингни ўқиб тураман. Ҳеч кимга ўхшамайсан. Шу томонинг менга ёқади. Лекин сюжетни қизиқроқ қилиш учун французларни кўпроқ ўқиш керак…
— Хўп, Шуҳрат ака.
2
Мен ушбу воқеани айтиб берганимдан кейин Усмон пешанасини икки бармоғида қисиб:
— Қаранг, йўлга деб… йўл ғаминиям еб… Йўқ, у одамга мен қойил бўлдим, — деди. — Қайтиб кетгунингча уйга бор, дедилар. Албатта бораман… Эй, келинглар, ўша одам учун ичайлик! Мен юртни соғиниб келган эдим. Умуман, Берлинда муваққат эканмиз, керилишлар ҳам жонга теккан эди… Бир гал бир кампирни ўрнидан турғизганимда йиғлаб юборди. Кўприкда ўтириб қолган экан. «Қўлингни бер» дейман, бермайди. Худди қўлини берса, мен уни сувга отиб юборадигандекман. Охири тортиб турғаздимда, кетдим. Ҳей ундай жойга бориб қарасам, яна ўтириб опти…
— Қани, Шуҳрат акам омон бўлсин… Эй, у одам чиндан ҳам қизиқ. Ўзининг яхшилигини оддий бир ҳаракатдай билади. Худди шундай қилиши керакдай… Ҳолбуки, мени, мени… шоир сифатида маълум қилди! Бунинг масъулиятини бўйнига олди. Тағин «сени шундай деб тасаввур қилардим», дейди. Демак, мени тасаввур ҳам қилипти, ўйлапти.
3
Бир куни Булунғурга борадиган бўлиб қолдим.
— Усмонжон, — дедим телефонда, — Булунғурда тўй бор. Ўрол деган жиянимнинг тўйи. Бугун тонгда биттаси айтиб кетди… Ҳозир соат тўрт. Ярим соатдан кейин Марказий телеграфдаги касса олдида учрашсак. Мен пул оламан. Бир таксига ўтириб кетамиз… икки соатлик йўл…
Мен Усмоннинг феълини билардим: бу тариқа «илтимоссиз, вақтингиз борми-йўқми?» деб айтиладиган илтимосларга кўра, шунақа дангал гапни хуш кўради.
— Шундайми? — деди.
— Шундай, — дедим.
— Бўпти, ўша ерда учрашамиз.
Телеграфга етиб, троллейбусдан тушсам, кассага чиқаверишдаги зинапоя устида Усмон нақ Шуҳрат ака билан қучоқлашиб кўришаётган экан. Бориб мен ҳам Шуҳрат ака билан кўришдим-у, узр сўраб, кассага интилдим. Қарасам, дарчаси ёпиқ, ичкаридан бир аёл кетиш тараддудини кўряпти. Ойнани тақиллатиб, омонат дафтарчамни кўрсатдим. У «Йўқ, кассир кетди», деган ишора қилди. Мен ойнани тақиллата бошладим: «Пул олишим керак! Мошина кутяпти! Илтимос сиздан». Аёл бош чайқаб-чайқаб, нари томонга очиладиган эшикдан чикди. Эшик ёпилгандан кейин мен ҳам ташқарига чикдим.
Шуҳрат ака:
— Ҳа, қовоқ-тумшуғинг осилиб кетди? Тинчликми? — дедилар.
— Пул ололмадим, кассир кетиб бўлган экан, — дедим.
Усмон орага тушди.
— Фозил Йўлдош совхозига бормоқчи эдик. Шукур аканинг жияни тўй қилаётган экан.
— Шуми? — деб кулди Шуҳрат ака. — Шунгаям қовоқ-тумшуқ… Қанча керак? — Кун иссиқ бўлишига қарамай кийиб олган оқчил костюмлари чўнтагидан бир қопчиқ чиқардилар. — Айт, айт. Қанча керак? Фозил Йўлдош. Ҳа-а, бу ёқдаям қариндошинг бор эканде? Менинг ҳам битта бувим ўша томонлардан Тошкентга тушган. «Манғит момо» дейишарди…
— Шу, бирон беш юз сўм бўлса, бўлар, — дедим.
— Ма. Сени қара-ю… Боринглар, ўйнаб келинглар. Юртни кўринглар. Ҳар жойнинг тўйи ўзгача бўлади. Ўрганиш керак. Кейин уни ўрни билан ишлатиш керак. Қизиқ қилиб… Французларга ўхшаб. Улар жуда уста…
Биз шу ердаёқ бир шахсий машинани ушлаб, Булунғурга жўнадик. Ҳожатимиз чиққан, кайфимиз чоғ эди… Билмадим, Шуҳрат ака учраб худди ўша вақтда ўша маблағни бермаганларида, қариндошларни хафа қилишим тайин эди. Чунки бизга кўз тикиб ўтиришган экан. Ҳатго базмни бошламаган экан. (Усмоннинг ҳам боражагини уларга телефон қилиб айтувдим. Улар Усмонни яхши билишар, бир гал Рауф Парфини ҳам олиб, Сурхондарёга ўтар чоғда акамнинг уйига қўнган эдик, ўша кечаси жиянларим шоирнинг бутун бошли бир китобини қўлёзма қилиб кўчириб олишган эди).
Хуллас, тўй ўтди. Индини Тошкентга қайтдик. Мен дарҳол кассага бориб, пул олдим. Шуҳрат акани «Шарқ юлдузи» редакциясидан топдим. Пулни узатгандим, қўлимни қайтарвориб, нима дедилар денг:
— Мен қарзга берувдимми сенга? Шу қаламкаш укамнинг ҳожатини чиқардим, деб хурсанд бўлиб юрсам, бунинг ишини қаранг! Нима, шу хурсандчиликдан маҳрум қилмоқчи бўлсанг, оламан-у…
— Бўлди, Шуҳрат ака.
— Бой бўлгин. Рўмонларинг чиқсин, ўшанда ман ўтириб қолган бўламан. Мани йўқлаб борасан… Усмонга салом айт. Ўзини эҳтиёт қилсин. Сандан ёш. Акалик қил… А, тўйда кўп ичмадими? Яхши, яхши бўпти…
Мен Усмон билан учрашиб, Шуҳрат ака пулни олмаганларини айтдим. У сўлжайиб, елкасини қисди.
— Қизиқ одам… Эй, Шукур ака, иккимиз ҳам би-ир тупканинг тубидан келганмиз. Шуҳрат ака бу ерлик. Бизларни тутапггирадиган нарса — фақат ўзбеклигимиз… Йўқ, адабиёт, а? Тавба, ундай десам, Шуҳрат ака тенгли қанча шоиру ёзувчилар бор. Нимага бу одам ҳаммасидан ажралиб туради… Айтмоқчи, у одам фақат сизу менга эмас, бошқа адибларгаям яхшилик қилиб юрар экан. Қайси бирининг тўйи бор, азаси бор, барида бош-қош… Вақтим кетди, дейишни билмайди. Ломбиллаб бораверади. Тавба.
— Мен ҳам ҳайронман, ука.
4
Мени тағин бир нарса ҳайрон қолдирдигина эмас, кўнглимни вайрон қилди.
Элликка кириб қолдим. Ўшанда халқ ёзувчиси, давлат мукофоти лауреати деган унвонлар олдим. Сир эмас, анчайин қаламкашлар ҳам бундай тугал саналарда Ёзувчилар уюшмасига кириб, юқоридаги маҳкамаларга мактуб битиб, ўзларининг йилликларини «нишонлашни» сўрашар, табиийки, шу асно бир кўриниб қолишни, балки бирон нишонга эга бўлишни исташар эди. Қолаверса, «юбиляр»ни туғилгану туғилмаган вилоятларига олиб бориш, китобхонлар билан учраштириш, сўнг сарполар кийдириш — булар расм эди.
Бироқ камина бу борада батамом тескари фикрда эдим. Ҳамон бу фикрим ўзгаргани йўқ, гарчи…
Ўшанда Дўрмонда эдим. Ёмғир ёғиб турганди. 24 март. Мени йўклаб Усмон, Эркин, хотиним, қизим боришди. У ерда ижод қилаётганлардан уч-тўрт киши қўшилишди. Низом Комилов, Машраб Бобоев, Николай Гацунаев…
15-хонани (люкс хонани) икки соатга ижарага олиб ўтирдик. Кейин меҳмонлар кетишди. Бор гап шу. 50 ёшимни нишонлаб бўлган эдим.
Ўша кезларда Ёзувчилар боғига қўшни бир боғ Адабий жамғармамиз томонидан сотиб олинган ва ерсиз адибларга бўлиб берилганди. Менгаям 5,5 сотих ер текканди. Баҳорнинг ўтишини кутдим. Ерни тартибга келтирмасдан бурун бирон нарса қилиш — фойдасиз бўларди. Ёзгача денг, пули бор ҳамкасбларимиз иморат қуришга киришиб кетишди. Бизнинг боғ — иккинчи дача машиналар юрадиган йўлга айланди. Айниқса кранлиси юрса, ерни чўктириб юбораркан. Хуллас, ёзга чиқавериб, ернинг атрофини четан девор билан ўрашга тутиндим.
Бир куни ҳаво дим, иссиқ эди. Мен кичкина ўғлим Жаҳонгир билан катта йўл ёқаларидан судраб келганимиз ҳар хил шохларни ерга қадаб, тагини шиббалаб, четан қураётган эдик. Каттакон дарвозадан яп-янги мовий «Волга» кириб келди. Тўхтаб сигнал берганди, мен бошимни кўтариб қарадим. Қандайдир таниш киши кўрингандек бўлди. Тахминан эшикча ўрнатаман деган жойдан нарёққа чиқсам, Шуҳрат ака мошинадан тушяпти.
— Салом, Шукур ака! — деб бақирди рулда ўтирган Бобур. Кейин ниманидир қўлтиқлаб уям ерга тушди.
Шуҳрат акага яқинлашувимоқ бағрини очди. Кулиб, чаккамдан ўпиб:
— Кўпга кир. Эллик ёшга бир неча марта кириб чиқ, — дедилар-да, ўғилларининг қўлидаги тугунни олиб очдилар. Банорас тўн чикди, белбоғ чикди, дўппи чиқди. Мен титраб кетиб, қотиб қолдим. У киши ҳеч иккиланмасдан чопонни елкамга ёптилар. Шляпамни олиб, дўппини кийдирдилар. Белбоғни боғлаб:
— Ана энди ўзбек ёзувчиси бўлдинг, — дедилар. Кейин қўлларини фотиҳага очдилар. — Обрўли адиб бўл, Шукуржон. Ҳеч кимга номардлик қилма. Ундайлардан қоч… Билгингки, сен ўзбек ёзувчисисан. Шу ўзбек адабиётининг ўсиши учун хизмат қил. Шунга маҳкумлигингни тан ол, болам…
Мен йиғлаб юбордим.
— Нега энди?
— Нима, нима — «нега?»
— Бу… мени сийлаш…
— Бир-биримизни сийлашимиз керак. Шундай кунларда йўқламасак, қачон йўқлаймиз, Шукур?… Сен ёзувчисан, вассалом. Ўткир ёзувчи бўл. Саксонга кирганингда ҳам ўрган, ўқи, кузат… Гапларимга худо шоҳид. Оллоҳу акбар!
Учовлон фотиҳа ўқидик. Кейин Шуҳрат ака жеркиброқ сўради:
— Нега бировга билдирмадинг? Ман ҳам яқинда эшитдим, Усмондан…
— Энди, нима кераги бор… Ўзимни кўрсатиб, нима топаман, Шуҳрат ака? Ёзганим — амал…
— Бир француз ёзувчисининг гапини эслатди бу гапинг, — деб жилмайди Шуҳрат ака.
— Ҳа, — дедим. — Флобердаям шундай нарсани ўқувдим… айтиб берайми? Хўп… Флобер элликка кирипти… Юринг, сояга ўтайлик, Шуҳрат ака…
— Ҳечқиси йўқ. Ўзинг кўчат ўтқаз, боғ қил… Кейин сояда ўтирамиз. Эсиз, дарахтлар дабдала бўпти… Хўш, Флобер нима деган экан?
— Элликка кирганини ўша куни эслаган экан. Мопассанга хат ёзибди. «Дорогой Ги, приезжай пожалуйста. Милий москвич оставил у меня русскую водку. Випьем. Сегодня мне исполняется пятьдесять лет…»
— О, Бобур, эшитдингми? Худди шундай деган… «Милий москвич» Тургенев бўлса керак?
— Ҳа, — дедим. — Ҳолбуки у ўшанда олам танийдиган ёзувчи бўлган. «Бовария хоним»ни ёзган… Шуҳрат ака, улар таъмани билишмас экан. Айниқса, ҳукуматдан. Уларда Ёзувчилар уюшмасиям бўлмаган экан… Қолаверса, Флобернинг ўзи шунақа — холис, мағрур бир инсон ўтган экан. Лекин, кечирасиз, Шуҳрат ака, мен уларга тақлид қилганим йўқ. Ўзим, ўзим уяламан: элликка кирдим, нишонласам, деб юргандан кўра, ўзимни бўғиб…
— Бас, бас! — Шуҳрат ака бир зум сукутга толиб турдилар-да, лаблари алланечук учиб, мени яна қучдилар. — Омон бўл. Лекин бундай яхлит саналарни яширма. Унда яна сени излаб келишимга тўғри келади…
Шуҳрат ака яна мошинга ўтирдилар. Бобуржон ҳайдаб кетди. Мен сарпони ечиб, қўлтиқлаб, пайҳон бўлган дарахтзорга кирдим. Ўғлим донг қотиб турарди. «Ким у, ада?» деб сўради. «Қўявер», дедим. Кейин шошиб, у инсоннинг кимлигини тушунтира кетдим.
— Жа, қизиқ-е, — деди уям. — Ғалати эканлар… Сиз у кишига бирон нарса кийдирувмидингиз?
— Бачкана бўлма!
Кейин букчайган шафтоли томирига ўтирдим. Ҳеч ўрнимдан тургим келмас эди. Кун иссиқ, чигирткалар чириллайди. Лекин мен буни сезмас, чунки бошқа бир фароғат оғушида эдим, бу фароғат масканини таърифлаб бўлмайди. У соя-салқин боғ ҳам эмас. Ана шундай боғдан ҳам салқинроқ, ҳар гиёҳи, ҳар кўчати тилли-забонли, осмони ҳам, тупроғи ҳам меҳрга йўғрилган бир ажиб-афсонавий маскан эдики, шундай ҳолатга ҳам тушиш мумкинлигини биринчи марта ҳис этишим эди.
Меҳр, қадр, сенга шараф-шон бўлсин! Сизлар чиқиб келган қалб эгаси то абад барҳаёт бўлсин!
5
Шундай деяпман-у, Шуҳрат ака ётиб қолганлари-да, кўргани боролмадим. «Эрта бораман, индин бораман», деб Сурхондарёга бориб қолдим. Хуллас, у киши шифохонадан чиқиб, Ёзувчилар боғида ҳордиқ оляптилар, деган гапни эшитдим-у, кўнглим тинчиди. Кейин ўзим ҳам уч-тўрт кун ишлагани дачага бордим.
Ҳали навбатчи билан гаплашиб, калит олишга улгурмаган ҳам эдим, узун йўлакдан бир жужуқ етагида чиқиб келаётган Шуҳрат домлани кўрдим. У киши майда-майда қадам босар, шунда ҳам шиппаклари гиламдан деярли узилмас, эгниларида енги калта оқ кўйлак.
Юрагим вайрон бўлди: қани у барваста қомат, қалқондек кўкрак, серҳаракат вужуд? Эй, Тангрим, инсон… ҳатто Шуҳрат акадек киши ҳам шундай ночор аҳволга тушар эканми? Хўрлигим келиб, аммо дамимни ичимга ютиб, у кишига йўналдим. Шуҳрат ака дарҳол тўхтаб, ўнг қўлини чўзиб турди.
Кўришдик. Дудуқланиб:
— Яхшимисан… Болаларинг… Мен яхшиман, ях-шиман. Ҳечқиси йўқ, — дедилар.
Бу қисқа саволлару «ҳечқиси йўқ» калимасида ҳамма нарса бор эди.
Ташқарига чикдим. Ёғоч ўриндиққа ўтирдик. Фотиҳа ўқиган бўлдик. Кейин Шуҳрат ака менга бир муддат тикилиб турди-да:
— Юртингга кетувдингми? — деб сўрадилар.
— Ҳа.
— Яхши қипсан. Бориб туриш керак… Туғилган жойдан ажралмаслик керак… Усмон қаерда?
— Билмайман.
— У катта шоир бўлади… Бўлиб бўлди… Мен адашмаганман… Мана шундоқ аҳволга тушишиммиям билардим… Ўтмиш азоблари изсиз кетмайди.
Шуҳрат аканинг эллигинчи йил бошларида «халқ душмани» деб қамаб юборилгани ва бир неча йил қамоқларда ўтириб келганларини билардим. Аммо ярасини янгиламаслик учунми, бошқа бир андиша туфайлими, бунинг тафсилотларини сўрамасдим: бошидаям айтдим шекилли, Шуҳрат ака билан сирдош бўлмаганман, шунчаки холис устоз-шогирд мақомида эдик. Кейин…
— Мана, оёқ, — дедилар тиззаларини уқалаб, — яхши ишламай қолди. Қамоқда ўн соатлаб тикка турғазарди… Ўн соатлаб. Оёғим халта бўлиб қоларди.
Шунда шоир Мирза Кенжабек тушиб келиб, кўришди. Кейин менга айтди:
— Шукур ака, мен Шуҳрат ака ҳақида бир рисола ёзсам, — деди. — Айниқса, қамокдаги ҳаётлари… Мени билардилар-у, яхшилаб таништирсанглар. Усмон акагаям айтувдим…
Шуҳрат ака бармоқларини қимирлатиб қўйдилар.
— Гаплашамиз, гаплашамиз ҳали… Сен ҳам яхши шоирсан. Биламан, биламан…
— Менга ишонсангиз…
— Мен ҳаммангга ишонаман. Аммо бизнинг авлодда… Майли, кейин айтиб бераман…
Шу куни тушлик таомга бирга кирдик ошхонага. Шуҳрат аканинг тирсакларидан ушлаб олганман, бир қўллари невараларида. Эшикдан кириб, тўрга — жойларига ўтаётувдик, у киши бирдан тўхтаб қолдилар-да, ён томондаги стол ёнида ёлғиз ўтирган кишига қўлларини узатдилар.
У киши — шоир Уйғун эди. Уйғун домла ижод уйида қўшни боғда кеннойи билан яшарди. Аммо негадир бизнинг ошхонада овқатланар, деярли ҳеч ким билан гаплашмасди. Бошқалар — ёшлар ҳам у кишига қатишиб бормасди.
Энди, мен Шуҳрат аканинг у кишига қўлини бигиз қилиб айтган гапларини қуйида битаман. Битмасам, ёлғончи бўламан, ахир бу ёзганларим — бор, бўлиб ўтган суҳбатлар, гурунглар, учрашувлардир: марҳум одамнинг орқасидан ёлғон сўзласам, гуноҳга ботаман, ахир.
Қолаверса, Шуҳрат ака айтган ушбу калиманинг тагида нималар ётганини ҳам билмайман: кейинчалик ҳам қизиққаним йўқ. Бу калиманинг рост-ёлғонлиги Шуҳрат акаю Уйғун домланинг виждонига — руҳига ҳавола.
Мен ўз вазифамни бажараман, холос.
Шуҳрат ака у кишига, яъни Уйғун домлага қўлини чўзиб:
— Бу, бу… Бундан қўрқинглар… Бундайлар… — Мен олға жилдим. Шуҳрат акаям жилиб, давом этдилар, — шулар маниям шу кўйга туширди… Фақат кечроқ чалиндим дардга. Жоним қаттиқ экан… Уҳ, унча-мунча гапни, дардни ўзимга олмасдим. Вужудда қолаверар экан… Танинг ақлингга бўйсунавермас экан…
Бу гап-сўзлар атрофда ўтирганларни қандай ўнғайсиз ҳолга солган бўлмасин, барибир шу ўринда ҳам Шуҳрат ака — Шуҳрат ака бўлиб қолди: у киши жуда танти, мард инсон эдики, бу ҳолни оддий хатти-ҳаракатларидан ҳам сезиш мумкин эди.
Мен Усмонга қўнғироқ қилиб, ушбу воқеани айтиб бердим.
— Шу гаплари билан ҳам сабоқ берипти-да бизга, — деди Усмон. — Қизиқ… Ҳа-ҳа, ўша гапни сиз учун, атрофдагилар эшитсин учун айтганлар. Бўлмасам илгарироқ катта-ката йиғинларда ҳам айтишлари мумкин эди.
6
Икки кундан кейин Усмон келди.
— Шукур ака, келинингиз Раъноям шу ерда. Шуҳрат акани кўргани келувдим. Еттинчи хонадамиз. Тушинг, — деди. — Мирза қайси хонадайкин? Унга иш бор…
Бирпасдан кейин айтган хонага кирсам, чапдаги ҳужрада келиним каттакон карсондаги паловни капгирлаб олиб пахта гулли лаганга солаётир. Мирзабек йирик-йирик помидорлардан танлаб олиб, аччиқ-чучук қилаяпти.
Ҳорманг-бор бўл қилиб, тўғридаги хонага кирдим. Устоз билан шогирд, яъни Шуҳрат ака билан Усмон кичкина столчанинг икки ёнида, бир-бирига қараб ўтириб, гурунг қиляпти.
Вей, қандай чиройли бўлар экан бундай ўтириш! Усмон айтганидек, «тупканинг тубидан келган» бир ёш шоир билан «Парижда яшаб турган каттакон шоирнинг бундай қамти ўтириши! Бир-бирига самимияти, меҳрибончилиги, ҳатто бирининг — кичигининг каттасига ҳайрат билан қарашию каттасининг кичигига шунчаки бир оғадек муомалада бўлиши!
Шудиров устоз-шогирд деганлари! Ўйлаб кўрсанг, устоз ўз фарзандларидан сир тутган айрим ҳақиқатларини ҳам шогирдига айтар экан. Ва шогирд ҳам устоздан ҳеч бир сирини пинҳон тутмас экан!
Бу — ғалати, ҳайратомуз алоқа!
— Ке, Шукур. Бу, бу — жойга ўт, — деди Шуҳрат ака диваннинг деразага қараган томонини кўрсатиб. Мен диваннинг эшик томонига ўтира қолдим. Дастурхонга фотиҳа ўқиган бўлдик. Дарвоқе, дастурхон ҳам яхшигина тузалган эди. — Ҳа, мана келди, — деди кейин Шуҳрат ака Усмонни кўрсатиб.
— Бунинг тенгқурлариям яхши. Хуршид, Шавкат, Муҳаммаджон…
— Ҳа, шундай, Шуҳрат ака, — дедим мен.
— Сен ичарсан?
— Бугун ишламайман…
— Ану… тортмани оч. Бор. Коньяк. Сизларга олиб қўйганман. Уйда ҳамма нарса бўлиши керак. Кўчада сарфламанглар, барака кетади…
Шунда Усмон ҳам кулимсираб туриб, портфелидан бир шиша оқ олди.
— Шукур ака бузғунчи, бизни ичишга ўргатдилар… Ҳе, бу кишига ўхшайман, деб кўп талантларнинг бели синиб кетди…
— Ёлғон айтяпти, Шуҳрат ака, — дедим мен. — Мана, ўзи соғ юрипти-ку, белиям, бақувват…
— Ҳ-ҳазиллашади, — деб кулди Шуҳрат ака. — С-сени қилиғингниям қилиб беради. Артист бўп кетади… Яхши. Шундай бўлинглар. Кўнгилга олманглар… Мирзажон, кел. Ке ўтир. Сениям нафасинг яхши. Биз сен билан кўп суҳбат қиламиз. А-айтиб бераман… Э, палов-ку…
Усмон ароқни очиб, менгаям қуйди: коньяк ичмаслигимни билади. Кейин Шуҳрат акага илиқ бир меҳр билан боқиб:
— Бир нарса дейсизми? Номига қуйиб қўяй, — деди.
— Ҳа, ҳа. Мени… атаган гапим бор. Қуй. С-с… Қ-қизим, ўтиринг. М-мени гапимни эшитиб олинг сиз ҳам. Ман а-айтаман…
Ҳаммамиз у кишига тикилдик… О, Шуҳрат ака-е! Ичида гапи кўп экан бу инсоннинг. Дарди дейсизми, ҳасратими… Афсуски, дудуқланиб сўзлар, у кишини толиқтириб қўйишдан ҳарчанд чўчимайлик, миқ этмай қулоқ солдик.
— Мен сизларни яхши кўраман. Сизлар — менинг келажагим… Адабиётимиззи келажагисизлар… О-ой-дин, Муҳаммад Али… А-абдуллажон бошқа олам. Ман унга қойилман. «Сенга қойилман» деб шеър ҳам ёздим. Эркинлар… Сизлар зўр. Биздан зўр… Биз, биз… бир-биримизни ей-ейишгача бордик. Қўрқоқлик т-туфайли. Юрак олдириб қўйдик. Жон ширин экан… Уф… Г-гапимми бўлманглар. Бизнинг ичимиздан с-сотқинлар кўп чиқди. Сотқинлик ёмон. Урушда билишади дарров. У ўлиши керак. Улар — имонсиз, худосиз. Сизлар биздай бўлманглар, ўхшаманглар бизга. И-илтимос… — Ажаб, Шуҳрат аканинг нигоҳи йилтиради. Кап-катта одам, улкан шоир ва носир бизларнинг бир-биримизга садоқатли бўлишимизни илтимос қилиб, хўрозқанд сўраган бесўнақай боладек йиғлар эди.
— М-менинг ҳамишаги обрўйим шу бўлган… Турмада онт ичганман. Омон чиқиб борсам, ёшларни биздай бўлмасликка ўргатишим керак… Мен, мана шунга ҳаракат қилиб келдим. Бугунгача…
Шуҳрат ака жимиб қолди. Ошга тикилган кўзлари таомни кўрмаётгандек эди. Биз «гапларини бўлмаслик» учун жим турардик. Лекин кўзларимиз бир-бирига бир неча бор қадалиб олди. Мен Усмоннинг нигоҳидан ва хиёл бош чайқашидан: «Ана гап қаёкда экан. Бизнинг тарбиямиз — бу инсоннинг дарди экан», деган маънони уқдим. Ва ўзим ҳам шу фикрга келганимни билдирдим.
— Биздан олдинги авлод ҳам шундаи бўлган-да, — деб давом этди Шуҳрат ака. — Сотқинлар ўз-ўзлари-дан чиққан. — Кейин кўзлари иттифоқо ярақлаб бизга бир-бир тикилди. — Улар ҳам, биз ҳам аслида У-унга а-аппазицияда бўлганмиз… Ҳа, улар ҳам, биз ҳам озодликни, суверен бўлишни орзу қилганмиз. Ҳа. Ичимиздан чиққан сотқинлар кўпайгандан кейин… У-у атай излай бошлади: орамизга одам қўйди. Озодлик, мустақилликни — ў-ўша замон деб билганларниям олиб тиқдилар. А-ана шуларни мажбурлаб қўл қўйдирди… Бизниям мажбурлади, ҳа. Л-лекин биз… уф-ф… Т-тушундингларми? Шундай қилиб, ёнғин тушди, ҳўл-қуруқ баравар ёнди… Чин шоир ҳамма вақт халқ тарафида бўлади, қалбига қулоқ солади. Шунинг учун, билиб бўлмайди, бир куни келиб… Уф-ф. Ҳозир тугайди гапим. Ишқилиб сизлар иноқ бўлинглар, аҳиллик керак… Бир-бирингга меҳрли-оқ-қибатли бўлларинг… Ман шунда г-гўримда тинч ётаман. А-арвоҳим шод бўлади. Бизнинг озми-кўпми сабоғимиз ў-ўтди, дейман… Гапни бўлмаларинг… Ман ҳаммангни яхши кўраман… ёмон кўриш лозим бўлганларни ҳам ёмон кўрмайман. Бу яхши бўлади, натижаси яхши… Сизлар ҳам ўзларингдан ёшларга насиҳат қилинглар… Қуруқ насиҳатдан иш билан, қўлдан келган ёрдам билан қилинган насиҳат с-самарали бўлади… Сизларга умр, соғлиқ тилаб дуо қиламан. С-сўрайман. Ўзидан, менинг авлодимни паноҳингда асра…
Биз ҳаммамиз ўрнимиздан турдик. Шу ҳаракатимиздаям, кўз қарашларимиз, нафас олишимиздаям ажиб бир тантанаворлик, жиддийлик бор эдики, шу алфозда тили каловланиб қолган барваста устозга онт ичаётган эдик: илло шу лаҳзада бу порлоқ жилмайишли, кўкраги қалқондек қабариқ, учраган ёш ижодкор борки, бошини силаб, аммо яхшилигини жилла билдирмайдиган бағри кенг инсонни — ижодкорни — устозни кўриб турардик.
Шуҳрат ака худди шу қиёфада қолдилар…
7
Кунларнинг бирида эшитдимки, Шуҳрат ака бу оламдан кўз юмиптилар.
Уйларига етиб бордик. Оломон! Фарзандлари, қавм-қариндошлар кўк чопонда, тақдирга тан бериб мутелик билан туришибди. Шивирлашиб гаплашишади.
Бир замон ҳовлидан хотин-халажнинг йиғиси, уввос тортаётгани эшитилиб, одамлар ёрилди. Ўртада қолган бўш ерга ичкаридан олиб чиқилган тобут қўйилди.
Ҳамма жим. Кўзлар тобутда. Шуҳрат ака кетяптилар. Бошқа оламга…
Саид Аҳмад ака таъсирли бир овозда йиғламсираб сўз айтди:
— Шуҳрат… шуҳрат чўққисига чиққан чоғда ҳам бировдан бир нима таъма қилмади. На орден, медаль, на амал курсиси… Йўқ, у адабиёт учун, халқимиз учун беминнат, таъмасиз хизматлари учун кўп азоб чекди… Шуҳрат мард инсон эди… Шуҳрат ёшларга чин мураббий, меҳрибон эди… Қаердаки бир адибнинг бошига иш тушса, Шуҳрат ёрдамга борар, унинг ўзи ҳам Шуҳратни излаб келарди. Шуҳрат адабиётни ҳам, ижодкорларни ҳам бағрига олгандай, бўлар… ўзининг хусусий мулкидай туяр, ардоқлар эди… Ёшлар уни отадек кўришар, у бир меҳрибон қиблагоҳдек уларни бошини силар, кўмаги ва насиҳатини аямас эди…
Саид Аҳмад аканинг сўзларини эътибор билан тинглаб амин бўлдимки, Шуҳрат акани — сафдош дўстларини, қамоқдош ҳамкасбларини яхши билар эканлар.
Саид Аҳмад ака сўзлари охирида шундай дедилар:
— Шуҳрат, азизим, қабрингда тинч ёт. Биздан, адабиётингдан, шогирдларингдан хотиржам бўл…
Ўша куни уйга қайтиб келганимдан кейин диванда ётиб, Шуҳрат ака билан учрашган чоғларим, у кишининг, хусусан, Усмон билан мулоқотлари, ўзимга қилган яхшиликлари ва бир гал йиғлаганлари, хуллас, хотирамда борини бир-бир эслаб кўз олдимдан ўтказдим-у, қандоқ меҳрибон инсондан жудо бўлганимни, ҳа, шахсан ўзим ҳам жудо бўлганимни, шу онда ўзимни ғоят ғариб сезаётганимни ҳис қилдим.
Кейин Саид Аҳмад аканинг сўнгги — видолашув нутқини эслаб, агар мана шу ўйларга бормаган бўлсам, Аллоҳ олдида гуноҳкорман:
«Саид Аҳмад ака, борган жойингда тинч ёт, дедилар… Аттанг, бир кун келиб, орқангдан биз ҳам борамиз, демадилар. Балки ичларида айтгандир… Мен, мана сиртимда айтаман: Шуҳрат ака, вақти-соати келганда, мен ҳам орқангиздан етиб бораман. Ахир, руҳлар тирик! Менинг ҳам руҳим Сизнинг руҳингизни топади, албатта. Айтишларича, ёмон руҳлар ҳам бўларкан у оламда… Ўшандаям, Шуҳрат ака, Сизнинг руҳингиздан паноҳ топсам керак: паноҳ топса керак менинг руҳим ҳам…
Сиз — барҳаётсиз!»
1997
Fashizm ustidan qozonilgan g’alabaning shonli 72 yilligi, Xotira va qadrlash kuni nishonlanayotgan kunda jang maydonlarida qon to’kkan, o’zbek adabiyoti maydonida ham fidoyi ijodkorlar sifatida nom qoldirgan Shuhrat, Odil Yoqubov, Matyoqub Qo’shjonov, Qodir Mirmuhammedov kabi insonlarni eslashni qarz deb bilaman, ularning xotirasi oldida bosh egaman Urushda ofitser sifatida ishtirok etgan Shuhrat domla adabiyotimizning burchiga sodiq asl zobiti edi.
SHUKUR XOLMIRZAEV
AY, SHUHRAT AKAM-A…
O’zbek adabiyotining taniqli namoyandalaridan biri, shoir, nosir va dramaturg Shuhrat (G’ulom Alimov) 1918 yil 19 aprelda Toshkentning Hazrati Imom (Hastimom) mahallasida, hunarmand oilasida tug’ildi. Eskicha va yangicha maktabda tahsil olgach, transport texnikumida o’qidi. Bu yerda Yunus Latif ta’sirida she’rlar yoza boshladi. So’ng Toshkent Davlat pedagogika institutida tahsil oldi (1936-1940). Iijodi 1935 yilda she’r yozish bilan boshlangan. Uning «Orzu va qalb» dostoni hamda «Mehri» ertak-dostoni 1940 yilda bosilgan. Shu yili harbiy xizmatga chaqirilgan Shuhrat Ikkinchi jahon urushi janglarida ofitser sifatida ishtirok etadi. Ammo qatag’onning mudhish shamoli Shuhratni ham chetlab o’tmadi. 50-yillar boshida sovetlarga qarshi targ’ibotda ayblanib, besh yil Sibiru Shimoliy Qozog’istondagi qamoqxonalarda o’tirib keladi.
Shuhratning «Shinelli yillar» (1947-1957) romani ikkinchi jahon urushi frontlarida orttirgan katta hayotiy tajribasi asosida xalqimizning jangovar hayoti, qahramonligi, vatanparvarligi, qiyinchiliklarga bardoshliligi, kelajakka umidi haqida hikoya qilsa, «Oltin zanglamas» (1967) romanida ma’rifat sohibi — o’qituvchi degan sharafli kasb ulug’lanadi, «Jannat qidirganlar» (1968) romanida esa vatangadolik fojiasi badiiy ifodasini topgan. Shoirning hayot haqidagi falsafiy mulohazalari ifodalangan she’r va to’rtliklardan iborat «Lirika» (1973) to’plami, «Besh kunlik kuyov», «Qo’sha qaringlar» komediyalari o’zbek adabiyoti rivojiga ulkan hissa bo’lib qo’shildi.
«Jannat qidirganlar» romani nashr etilgandan keyin esa (1968), ayrim kimsalar uni millatchilikda ayblashga urinadilar. Shularning hammasi uning sog’lig’iga putur yetkazadi. Shuhrat 1993 yil 20 iyunda, 76 yoshida vafot etgan.
O’zbekiston xalq yozuvchisi Shuhratning ko’pgina asarlari qardosh xalqlar va xorijiy tillarga tarjima qilingan. Vafotidan keyin «El-yurt hurmati», «Buyuk xizmatlari uchun» ordenlariga sazovor bo’ldi.
Shuhrat akaning nomlarini tilga olishim bilan ko’z oldimda baquvvat, barvasta, oppoq sochlari silliq taralgan, ko’kragi qalqondek mag’rur va qarakatchan inson keladi. «Inson» dedim, o’zimdan uzoqlatganday bo’ldim, yo’q, insonim keladi.
Men u kishi bilan juda unaqa qalin, sirdosh bo’lmaganman, bunday bo’lishga intilganim ham yo’q. Bizning muomala — ustoz-shogird, yoshi ulug’ adib bilan yosh qalamkashning o’rtasidagi xolis munosabatlar darajasida edi. Illo u kishi o’zlarini shundoq tutar, men ham ishqalanib boravermas va o’zimni jilla tortmas ham edim. Qolaversa, ichimda…
Ichimdagi hademay sirtimga chiqadi: ana shu jarayonni ko’rsatuvchi bir necha muloqotlar haqida hikoya qilmoqchiman.
1
Usmon Germaniyada xizmat qilardi. Bir kuni Erkin qo’ng’iroq qilib: «Shukur aka, Usmon otpuskaga keldi. Soat oltilarda uyingizning pastidagi «Lazzat» kafesiga boramiz…» dedi. Men aytilgan vaqtda issiq kiyinib, pastga tushdim. Ular ikkovlon kelib turishgan ekan. Usmonning egnida malla, paxmoq po’stin. Juni o’ng qilib tikilgan bunday po’stinni sira ko’rmagan edim. Borib quchoqlashib ko’rishdim.
— Ayiq bo’p keting-a!
— U yokda shundoq ham bizni «russkiy medved» deyishadi, — deb kuldi Usmon.
Kafega kirib o’tirdik. Yosh ofitserning kostyumi ham antiqa edi. Buning ustiga, dasturxonni to’ldirib tashlatdi. Men kulib, «soldat ham boy bo’ladimi?» dedim. U xorijda xizmat qilayotgan ofitserlarga yaxshi maosh to’lanishini, umuman, u yerda bizning zobitlar o’zlarini erkin tutishlarini aytdi. «Boshini silab qo’ysak ham pisibgina turadi. Lekin iloji bo’lsa, bilagimizga og’iz solgisi keladi. Ayniqsa, yoshi ulug’lari bizni yomon ko’radi…
— Lekin yoshlarida ham bor ekan, — deb o’ychan davom etdi yosh shoir. — Bir oqshom mana shunday restoranda o’tirib edik. Unday stolda bir nemis yigit bilan bir qiz o’tirgan ekan. Nimayam bo’lib deng, «Shu qizni tantsaga tortolmaysan», dedi bir sherigim. O’rnimdan shartta turdim. Ularning stoliga borib, yigitdan so’radim: «Xonim bilan bir tantsaga tushaylik». Biz o’rischa gapirardik. Ular ham biz kabi o’rischani bilishi shart, deb o’ylardik. Haqiqatan ham yigitning qizi ruschani bilarkan: «Pochemu ne sprashivaesh` u menya?» deb qoldi. «Xo’p, sendan so’rayman», dedim. «Eto drugoe delo», dedi-da, o’rnidan turdi. Bir-ikki daqiqa tantsa qilgandan keyin joyiga oborib qo’ydim. Erkakka rahmat aytdim. Erkak shod bo’ldi… U yerda, hatto xotiniga begona erkak yaxshi gapirsa, hurmat qilsa, eri xursand bo’larkan… Xullas, biz ancha o’tirdik. Restorandan chiqayotganda, haligi ikkovi kelib, meni to’xtatdi. «Ertaga falon soatda zooparkning eshigi oldida uchrashaylik», dedi. Men va’da berdim. Biz ofitserlarga imkoniyat berilgan edi… Ertasi borsam, ikkoviginasi turibdi. Suhbatlashib, fontanni aylandik. Morojniy oldik. Bular hali turmush qurishmagan — sevishganlar ekan-da… Keyin qiz menga aytdi: «Yur, senga Berlinning eng ajoyib joyini ko’rsataman. Sen bizga yoqib qolding. Xursand qilmoqchimiz», dedi. Ketdik. Ketyapmiz, ketyapmiz. Bir payt bir tepalikka chiqib qoldik. Pastda tikanli sim bilan o’ralgan bir vahimali vayrona yotibdi… Ko’nglimga sal vahima tushdi: biz mag’lublar mamlakatida edik, Shukur aka. Ular bizdan qo’rqardi, xolos. Ba’zida ayrim soldatlarning yo’qolib qolganini eshitardik: nemislar o’ldirib, gumdon qilvorishardi. Izi topilmas edi…
— Shunday ekan, ko’pchilik bo’lib yurmasdinglar-mi?
— Uch-to’rtta bo’lib yurardig-u, kim biladi o’sha kuni oliftachilik qildimmi, restorandagi jasoratli ofitserning obro’sini saqlagim keldimi, yolg’iz chiquvdim. Qolaversa, bularning taklifi o’zi meni qiziqtirib qo’ygan edi: g’alati-da… Xo’p, shunday qilib, o’sha hayhotdek vayrona ustidan chiqib qoldik. Bir oz qarab turdim. Keyin: «Eng chiroyli joylaring shumi?» deb so’radim. Qiz tap tortmasdan: «Ha, — dedi. — Bu vayrona bizning eng ulkan opera teatrimiz bo’lgan. Uni sovetlar vayron qilishgan. Tomosha qil». Karaxt tortib ketdim. «Attang, — dedim keyin. — Sen bizning vatanimizga borsang, meni top. Men senga minglab teatrlar tugul shaharlarning qabristonini ko’rsataman. Sizlarning ishlaringni…»
— Yaxshi javob aytibsiz, — dedim.
— Ha, Shuhrat akam xursand bo’ldilar, — dedi Usmon. Keyin Erkinga qo’lini cho’zdi. Erkin cho’ntagidan uzunasiga buklangan «Mehnat va turmush» jurnalini olib berdi. Usmon jurnalning tegishli sahifasini ochib, oldimga surib qo’ydi. — «Sharq yulduzi» po’stinda qoldi… — Keyin qo’lining orqasi bilan jurnalga urdi. — Ey, bu Shuhrat aka qanaqa odam-a! Yo’q, men bunaqa mehribon insonni ko’rganim yo’q. Ishoninglar. Bugun tanishdim, xolos! Bir soat bo’ldi. Jurnal redaktsiyasiga izlab bordim. Uchrashdik. Yarim soat gaplashdik. Mendan Germaniya haqida so’radilar. «Shinelli yillar»ni yozayotgan ekanlar…Haligi voqeani aytib berganimda, meni o’pdilar. «Seni shunday tasavvur qilardim», dedilar…
Jurnalning ochiq turgan betiga tikilsam, Usmon Azimovning she’rlari: «Men seni hech kimga bermayman…», «Meni seving va mendan nafratlaning…»
«Oq yo’l!» Shuhrat…
— O-o, tabriklayman, Usmonjon… Bu — birinchi chiqishingiz-a matbuotda!
— Birinchi. Ungacha she’r yozishimni Erkin, siz, Muhammadjon, Halima yana bir-ikki kishi bilishar-di…
— Shuhrat aka-chi?
— Yuboruvdim-da shu she’rlarni. Tavakkal «Sharq yulduzi»ga. Shuhrat aka u yerda ishlar ekanlar, qo’llariga tushipti. Mana, «Oq yo’l» bilan chiqariptilar. Nimaga? — Usmon — qaysar, ba’zan shafqatsiz bo’lib ketadi. Ammo uning ta’sirlanishi ham oson. Shunda qarasam, ko’zi g’ilt yoshga to’lgan. — Nimaga? — deb panjalarini ochib ko’rsatdi. — Men nima karomat ko’rsatdim u kishiga? Nega muncha odamgarchilik, meh-ribonlik? A, Shukur aka? Buni qanday tushunsa bo’ladi?… Yoki katta shoirlarning hammasi ham shundaymi?
— Yo’q, — dedim. — Men nasrda faqat Abdulla Qahhorning shunaqaligini bilardim.
— A, u kishi sizga xat yozgan-a?
— Qiziq. Abdulla aka Shuhrat akani yaxshi ko’rardi, nazarimda. Oltmish yilliklarida Shuhrat aka bakovullik qilgan… — Keyin, Shuhrat aka bilan o’sha davrada ikkinchi marta munday bemalol tanishganimni aytib berdim.
Abdulla akaning Do’rmondagi bog’i. Muzika, o’yin-kulgi. Birov kirib, birov chiqyapti. Uy oldidagi atrofi ochiq ayvonda kazo-kazolar o’tirishipti. Rahmatli Sharof akayam bor. U kishi ketgach, Shukur Burhonlar kelib qolishdi. Tepada joy bo’lmaganidan pastdagi sanobarlar tagiga tortishdi. Abdulla aka mamnun, pastga enib, Shuhrat akaning yoniga borib o’tirdi. Birpasdan keyin biz tarafga yo’l oldilar. Biz — bir guruh ulfatlar bir saf bo’lib o’tirgandik: Turg’un Azizov, O’lmas Umarbekov, Uchqun Nazarov, O’tkir Hoshimov, men… Ustoz kelib dasturxonga dastlab tikildilar-da:
— Shishalarning rangi o’chib ketipti-ku? — dedilar. Keyin yelkalari osha qarab, chaqirdilar: — Shuhrat! Shuhrat, qaydasan? — Shuhrat aka ayvon biqinidagi garajda — tovonxonada ekanlar. Lorsillab-gursillab yetib keldilar. — Faqat vino qopti, — dedi Abdulla aka. — Bularni oldirgin-u — kon`yak qo’ydirgin… Bularni bilasanmi? Shulardan foyda bor… — Bilaman. Mana bu shlyapasini yechmay o’tirgan — Shukur, — deb sanay ketdilar Shuhrat aka har bittamizga ko’z qisib. Keyin buyurdilar: — Qani bo’lmasam, yur orqamdan, Shukur!
Orqalaridan bordim. Uchta kon`yak, bir lagan gazak berdilar. Keyin:
— Andijonga ketmoqchisizlarmi? — deb so’radilar.
— Ha, — dedim. — To’lan Qo’ziboev uylanayotgan ekan. Umarbekov bilan birga ishlaydi…
— Yaxshi o’tkazib kelinglar… Shoshma, yo’l uzoq…Ketayotganlaringda, menga uchragin. Ko’p narsa ortib qoladi hali. Yo’lda yeb-ichib ketasizlar…
— Rahmat, Shuhrat aka.
— Men sening asarlaringni o’qib turaman. Hech kimga o’xshamaysan. Shu tomoning menga yoqadi. Lekin syujetni qiziqroq qilish uchun frantsuzlarni ko’proq o’qish kerak…
— Xo’p, Shuhrat aka.
2
Men ushbu voqeani aytib berganimdan keyin Usmon peshanasini ikki barmog’ida qisib:
— Qarang, yo’lga deb… yo’l g’aminiyam yeb… Yo’q, u odamga men qoyil bo’ldim, — dedi. — Qaytib ketguningcha uyga bor, dedilar. Albatta boraman… Ey, kelinglar, o’sha odam uchun ichaylik! Men yurtni sog’inib kelgan edim. Umuman, Berlinda muvaqqat ekanmiz, kerilishlar ham jonga tekkan edi… Bir gal bir kampirni o’rnidan turg’izganimda yig’lab yubordi. Ko’prikda o’tirib qolgan ekan. «Qo’lingni ber» deyman, bermaydi. Xuddi qo’lini bersa, men uni suvga otib yuboradigandekman. Oxiri tortib turg’azdimda, ketdim. Hey unday joyga borib qarasam, yana o’tirib opti…
— Qani, Shuhrat akam omon bo’lsin… Ey, u odam chindan ham qiziq. O’zining yaxshiligini oddiy bir harakatday biladi. Xuddi shunday qilishi kerakday… Holbuki, meni, meni… shoir sifatida ma’lum qildi! Buning mas’uliyatini bo’yniga oldi. Tag’in «seni shunday deb tasavvur qilardim», deydi. Demak, meni tasavvur ham qilipti, o’ylapti.
3
Bir kuni Bulung’urga boradigan bo’lib qoldim.
— Usmonjon, — dedim telefonda, — Bulung’urda to’y bor. O’rol degan jiyanimning to’yi. Bugun tongda bittasi aytib ketdi… Hozir soat to’rt. Yarim soatdan keyin Markaziy telegrafdagi kassa oldida uchrashsak. Men pul olaman. Bir taksiga o’tirib ketamiz… ikki soatlik yo’l…
Men Usmonning fe’lini bilardim: bu tariqa «iltimossiz, vaqtingiz bormi-yo’qmi?» deb aytiladigan iltimoslarga ko’ra, shunaqa dangal gapni xush ko’radi.
— Shundaymi? — dedi.
— Shunday, — dedim.
— Bo’pti, o’sha yerda uchrashamiz.
Telegrafga yetib, trolleybusdan tushsam, kassaga chiqaverishdagi zinapoya ustida Usmon naq Shuhrat aka bilan quchoqlashib ko’rishayotgan ekan. Borib men ham Shuhrat aka bilan ko’rishdim-u, uzr so’rab, kassaga intildim. Qarasam, darchasi yopiq, ichkaridan bir ayol ketish taraddudini ko’ryapti. Oynani taqillatib, omonat daftarchamni ko’rsatdim. U «Yo’q, kassir ketdi», degan ishora qildi. Men oynani taqillata boshladim: «Pul olishim kerak! Moshina kutyapti! Iltimos sizdan». Ayol bosh chayqab-chayqab, nari tomonga ochiladigan eshikdan chikdi. Eshik yopilgandan keyin men ham tashqariga chiqdim.
Shuhrat aka:
— Ha, qovoq-tumshug’ing osilib ketdi? Tinchlikmi? — dedilar.
— Pul ololmadim, kassir ketib bo’lgan ekan, — dedim.
Usmon oraga tushdi.
— Fozil Yo’ldosh sovxoziga bormoqchi edik. Shukur akaning jiyani to’y qilayotgan ekan.
— Shumi? — deb kuldi Shuhrat aka. — Shungayam qovoq-tumshuq… Qancha kerak? — Kun issiq bo’lishiga
qaramay kiyib olgan oqchil kostyumlari cho’ntagidan bir qopchiq chiqardilar. — Ayt, ayt. Qancha kerak? Fozil Yo’ldosh. Ha-a, bu yoqdayam qarindoshing bor ekande? Mening ham bitta buvim o’sha tomonlardan Toshkentga tushgan. «Mang’it momo» deyishardi…
— Shu, biron besh yuz so’m bo’lsa, bo’lar, — dedim.
— Ma. Seni qara-yu… Boringlar, o’ynab kelinglar. Yurtni ko’ringlar. Har joyning to’yi o’zgacha bo’ladi. O’rganish kerak. Keyin uni o’rni bilan ishlatish kerak. Qiziq qilib… Frantsuzlarga o’xshab. Ular juda usta…
Biz shu yerdayoq bir shaxsiy mashinani ushlab, Bulung’urga jo’nadik. Hojatimiz chiqqan, kayfimiz chog’ edi… Bilmadim, Shuhrat aka uchrab xuddi o’sha vaqtda o’sha mablag’ni bermaganlarida, qarindoshlarni xafa qilishim tayin edi. Chunki bizga ko’z tikib o’tirishgan ekan. Hatgo bazmni boshlamagan ekan. (Usmonning ham borajagini ularga telefon qilib aytuvdim. Ular Usmonni yaxshi bilishar, bir gal Rauf Parfini ham olib, Surxondaryoga o’tar chog’da akamning uyiga qo’ngan edik, o’sha kechasi jiyanlarim shoirning butun boshli bir kitobini qo’lyozma qilib ko’chirib olishgan edi).
Xullas, to’y o’tdi. Indini Toshkentga qaytdik. Men darhol kassaga borib, pul oldim. Shuhrat akani «Sharq yulduzi» redaktsiyasidan topdim. Pulni uzatgandim, qo’limni qaytarvorib, nima dedilar deng:
— Men qarzga beruvdimmi senga? Shu qalamkash ukamning hojatini chiqardim, deb xursand bo’lib yursam, buning ishini qarang! Nima, shu xursandchilikdan mahrum qilmoqchi bo’lsang, olaman-u…
— Bo’ldi, Shuhrat aka.
— Boy bo’lgin. Ro’monlaring chiqsin, o’shanda man o’tirib qolgan bo’laman. Mani yo’qlab borasan… Usmonga salom ayt. O’zini ehtiyot qilsin. Sandan yosh. Akalik qil… A, to’yda ko’p ichmadimi? Yaxshi, yaxshi bo’pti…
Men Usmon bilan uchrashib, Shuhrat aka pulni olmaganlarini aytdim. U so’ljayib, yelkasini qisdi.
— Qiziq odam… Ey, Shukur aka, ikkimiz ham bi-ir tupkaning tubidan kelganmiz. Shuhrat aka bu yerlik. Bizlarni tutapggiradigan narsa — faqat o’zbekligimiz… Yo’q, adabiyot, a? Tavba, unday desam, Shuhrat aka tengli qancha shoiru yozuvchilar bor. Nimaga bu odam hammasidan ajralib turadi… Aytmoqchi, u odam faqat sizu menga emas, boshqa adiblargayam yaxshilik qilib yurar ekan. Qaysi birining to’yi bor, azasi bor, barida bosh-qosh… Vaqtim ketdi, deyishni bilmaydi. Lombillab boraveradi. Tavba.
— Men ham hayronman, uka.
4
Meni tag’in bir narsa hayron qoldirdigina emas, ko’nglimni vayron qildi.
Ellikka kirib qoldim. O’shanda xalq yozuvchisi, davlat mukofoti laureati degan unvonlar oldim. Sir emas, anchayin qalamkashlar ham bunday tugal sanalarda Yozuvchilar uyushmasiga kirib, yuqoridagi mahkamalarga maktub bitib, o’zlarining yilliklarini «nishonlashni» so’rashar, tabiiyki, shu asno bir ko’rinib qolishni, balki biron nishonga ega bo’lishni istashar edi. Qolaversa, «yubilyar»ni tug’ilganu tug’ilmagan viloyatlariga olib borish, kitobxonlar bilan uchrashtirish, so’ng sarpolar kiydirish — bular rasm edi.
Biroq kamina bu borada batamom teskari fikrda edim. Hamon bu fikrim o’zgargani yo’q, garchi…
O’shanda Do’rmonda edim. Yomg’ir yog’ib turgandi. 24 mart. Meni yo’klab Usmon, Erkin, xotinim, qizim borishdi. U yerda ijod qilayotganlardan uch-to’rt kishi qo’shilishdi. Nizom Komilov, Mashrab Boboev, Nikolay Gatsunaev…
15-xonani (lyuks xonani) ikki soatga ijaraga olib o’tirdik. Keyin mehmonlar ketishdi. Bor gap shu. 50 yoshimni nishonlab bo’lgan edim.
O’sha kezlarda Yozuvchilar bog’iga qo’shni bir bog’ Adabiy jamg’armamiz tomonidan sotib olingan va yersiz adiblarga bo’lib berilgandi. Mengayam 5,5 sotix yer tekkandi. Bahorning o’tishini kutdim. Yerni tartibga keltirmasdan burun biron narsa qilish — foydasiz bo’lardi. Yozgacha deng, puli bor hamkasblarimiz imorat qurishga kirishib ketishdi. Bizning bog’ — ikkinchi dacha mashinalar yuradigan yo’lga aylandi. Ayniqsa kranlisi yursa, yerni cho’ktirib yuborarkan. Xullas, yozga chiqaverib, yerning atrofini chetan devor bilan o’rashga tutindim.
Bir kuni havo dim, issiq edi. Men kichkina o’g’lim Jahongir bilan katta yo’l yoqalaridan sudrab kelganimiz har xil shoxlarni yerga qadab, tagini shibbalab, chetan qurayotgan edik. Kattakon darvozadan yap-yangi moviy «Volga» kirib keldi. To’xtab signal bergandi, men boshimni ko’tarib qaradim. Qandaydir tanish kishi ko’ringandek bo’ldi. Taxminan eshikcha o’rnataman degan joydan naryoqqa chiqsam, Shuhrat aka moshinadan tushyapti.
— Salom, Shukur aka! — deb baqirdi rulda o’tirgan Bobur. Keyin nimanidir qo’ltiqlab uyam yerga tushdi.
Shuhrat akaga yaqinlashuvimoq bag’rini ochdi. Kulib, chakkamdan o’pib:
— Ko’pga kir. Ellik yoshga bir necha marta kirib chiq, — dedilar-da, o’g’illarining qo’lidagi tugunni olib ochdilar. Banoras to’n chikdi, belbog’ chikdi, do’ppi chiqdi. Men titrab ketib, qotib qoldim. U kishi hech ikkilanmasdan choponni yelkamga yoptilar. Shlyapamni olib, do’ppini kiydirdilar. Belbog’ni bog’lab:
— Ana endi o’zbek yozuvchisi bo’lding, — dedilar. Keyin qo’llarini fotihaga ochdilar. — Obro’li adib bo’l, Shukurjon. Hech kimga nomardlik qilma. Undaylardan qoch… Bilgingki, sen o’zbek yozuvchisisan. Shu o’zbek adabiyotining o’sishi uchun xizmat qil. Shunga mahkumligingni tan ol, bolam…
Men yig’lab yubordim.
— Nega endi?
— Nima, nima — «nega?»
— Bu… meni siylash…
— Bir-birimizni siylashimiz kerak. Shunday kunlarda yo’qlamasak, qachon yo’qlaymiz, Shukur?… Sen yozuvchisan, vassalom. O’tkir yozuvchi bo’l. Saksonga kirganingda ham o’rgan, o’qi, kuzat… Gaplarimga xudo shohid. Ollohu akbar!
Uchovlon fotiha o’qidik. Keyin Shuhrat aka jerkibroq so’radi:
— Nega birovga bildirmading? Man ham yaqinda eshitdim, Usmondan…
— Endi, nima keragi bor… O’zimni ko’rsatib, nima topaman, Shuhrat aka? Yozganim — amal…
— Bir frantsuz yozuvchisining gapini eslatdi bu gaping, — deb jilmaydi Shuhrat aka.
— Ha, — dedim. — Floberdayam shunday narsani o’quvdim… aytib beraymi? Xo’p… Flober ellikka kiripti… Yuring, soyaga o’taylik, Shuhrat aka…
— Hechqisi yo’q. O’zing ko’chat o’tqaz, bog’ qil… Keyin soyada o’tiramiz. Esiz, daraxtlar dabdala bo’pti… Xo’sh, Flober nima degan ekan?
— Ellikka kirganini o’sha kuni eslagan ekan. Mopassanga xat yozibdi. «Dorogoy Gi, priezjay pojaluysta. Miliy moskvich ostavil u menya russkuyu vodku. Vip`em. Segodnya mne ispolnyaetsya pyat`desyat` let…»
— O, Bobur, eshitdingmi? Xuddi shunday degan… «Miliy moskvich» Turgenev bo’lsa kerak?
— Ha, — dedim. — Holbuki u o’shanda olam taniydigan yozuvchi bo’lgan. «Bovariya xonim»ni yozgan… Shuhrat aka, ular ta’mani bilishmas ekan. Ayniqsa, hukumatdan. Ularda Yozuvchilar uyushmasiyam bo’lmagan ekan… Qolaversa, Floberning o’zi shunaqa — xolis, mag’rur bir inson o’tgan ekan. Lekin, kechirasiz, Shuhrat aka, men ularga taqlid qilganim yo’q. O’zim, o’zim uyalaman: ellikka kirdim, nishonlasam, deb yurgandan ko’ra, o’zimni bo’g’ib…
— Bas, bas! — Shuhrat aka bir zum sukutga tolib turdilar-da, lablari allanechuk uchib, meni yana quchdilar. — Omon bo’l. Lekin bunday yaxlit sanalarni yashirma. Unda yana seni izlab kelishimga to’g’ri keladi…
Shuhrat aka yana moshinga o’tirdilar. Boburjon haydab ketdi. Men sarponi yechib, qo’ltiqlab, payhon bo’lgan daraxtzorga kirdim. O’g’lim dong qotib turardi. «Kim u, ada?» deb so’radi. «Qo’yaver», dedim. Keyin shoshib, u insonning kimligini tushuntira ketdim.
— Ja, qiziq-ye, — dedi uyam. — G’alati ekanlar… Siz u kishiga biron narsa kiydiruvmidingiz?
— Bachkana bo’lma!
Keyin bukchaygan shaftoli tomiriga o’tirdim. Hech o’rnimdan turgim kelmas edi. Kun issiq, chigirtkalar chirillaydi. Lekin men buni sezmas, chunki boshqa bir farog’at og’ushida edim, bu farog’at maskanini ta’riflab bo’lmaydi. U soya-salqin bog’ ham emas. Ana shunday
bog’dan ham salqinroq, har giyohi, har ko’chati tilli-zabonli, osmoni ham, tuprog’i ham mehrga yo’g’rilgan bir ajib-afsonaviy maskan ediki, shunday holatga ham tushish mumkinligini birinchi marta his etishim edi.
Mehr, qadr, senga sharaf-shon bo’lsin! Sizlar chiqib kelgan qalb egasi to abad barhayot bo’lsin!
5
Shunday deyapman-u, Shuhrat aka yotib qolganlari-da, ko’rgani borolmadim. «Erta boraman, indin boraman», deb Surxondaryoga borib qoldim. Xullas, u kishi shifoxonadan chiqib, Yozuvchilar bog’ida hordiq olyaptilar, degan gapni eshitdim-u, ko’nglim tinchidi. Keyin o’zim ham uch-to’rt kun ishlagani dachaga bordim.
Hali navbatchi bilan gaplashib, kalit olishga ulgurmagan ham edim, uzun yo’lakdan bir jujuq yetagida chiqib kelayotgan Shuhrat domlani ko’rdim. U kishi mayda-mayda qadam bosar, shunda ham shippaklari gilamdan deyarli uzilmas, egnilarida yengi kalta oq ko’ylak.
Yuragim vayron bo’ldi: qani u barvasta qomat, qalqondek ko’krak, serharakat vujud? Ey, Tangrim, inson… hatto Shuhrat akadek kishi ham shunday nochor ahvolga tushar ekanmi? Xo’rligim kelib, ammo damimni ichimga yutib, u kishiga yo’naldim. Shuhrat aka darhol to’xtab, o’ng qo’lini cho’zib turdi.
Ko’rishdik. Duduqlanib:
— Yaxshimisan… Bolalaring… Men yaxshiman, yax-shiman. Hechqisi yo’q, — dedilar.
Bu qisqa savollaru «hechqisi yo’q» kalimasida hamma narsa bor edi.
Tashqariga chikdim. Yog’och o’rindiqqa o’tirdik. Fotiha o’qigan bo’ldik. Keyin Shuhrat aka menga bir muddat tikilib turdi-da:
— Yurtingga ketuvdingmi? — deb so’radilar.
— Ha.
— Yaxshi qipsan. Borib turish kerak… Tug’ilgan joydan ajralmaslik kerak… Usmon qaerda?
— Bilmayman.
— U katta shoir bo’ladi… Bo’lib bo’ldi… Men adashmaganman… Mana shundoq ahvolga tushishimmiyam bilardim… O’tmish azoblari izsiz ketmaydi.
Shuhrat akaning elliginchi yil boshlarida «xalq dushmani» deb qamab yuborilgani va bir necha yil qamoqlarda o’tirib kelganlarini bilardim. Ammo yarasini yangilamaslik uchunmi, boshqa bir andisha tufaylimi, buning tafsilotlarini so’ramasdim: boshidayam aytdim shekilli, Shuhrat aka bilan sirdosh bo’lmaganman, shunchaki xolis ustoz-shogird maqomida edik. Keyin…
— Mana, oyoq, — dedilar tizzalarini uqalab, — yaxshi ishlamay qoldi. Qamoqda o’n soatlab tikka turg’azardi… O’n soatlab. Oyog’im xalta bo’lib qolardi.
Shunda shoir Mirza Kenjabek tushib kelib, ko’rishdi. Keyin menga aytdi:
— Shukur aka, men Shuhrat aka haqida bir risola yozsam, — dedi. — Ayniqsa, qamokdagi hayotlari… Meni bilardilar-u, yaxshilab tanishtirsanglar. Usmon akagayam aytuvdim…
Shuhrat aka barmoqlarini qimirlatib qo’ydilar.
— Gaplashamiz, gaplashamiz hali… Sen ham yaxshi shoirsan. Bilaman, bilaman…
— Menga ishonsangiz…
— Men hammangga ishonaman. Ammo bizning avlodda… Mayli, keyin aytib beraman…
Shu kuni tushlik taomga birga kirdik oshxonaga. Shuhrat akaning tirsaklaridan ushlab olganman, bir qo’llari nevaralarida. Eshikdan kirib, to’rga — joylariga o’tayotuvdik, u kishi birdan to’xtab qoldilar-da, yon tomondagi stol yonida yolg’iz o’tirgan kishiga qo’llarini uzatdilar.
U kishi — shoir Uyg’un edi. Uyg’un domla ijod uyida qo’shni bog’da kennoyi bilan yashardi. Ammo negadir bizning oshxonada ovqatlanar, deyarli hech kim bilan gaplashmasdi. Boshqalar — yoshlar ham u kishiga qatishib bormasdi.
Endi, men Shuhrat akaning u kishiga qo’lini bigiz qilib aytgan gaplarini quyida bitaman. Bitmasam, yolg’onchi bo’laman, axir bu yozganlarim — bor, bo’lib o’tgan suhbatlar, gurunglar, uchrashuvlardir: marhum odamning orqasidan yolg’on so’zlasam, gunohga botaman, axir.
Qolaversa, Shuhrat aka aytgan ushbu kalimaning tagida nimalar yotganini ham bilmayman: keyinchalik ham qiziqqanim yo’q. Bu kalimaning rost-yolg’onligi Shuhrat akayu Uyg’un domlaning vijdoniga — ruhiga havola.
Men o’z vazifamni bajaraman, xolos.
Shuhrat aka u kishiga, ya’ni Uyg’un domlaga qo’lini cho’zib:
— Bu, bu… Bundan qo’rqinglar… Bundaylar… — Men olg’a jildim. Shuhrat akayam jilib, davom etdilar, — shular maniyam shu ko’yga tushirdi… Faqat kechroq chalindim dardga. Jonim qattiq ekan… Uh, uncha-muncha gapni, dardni o’zimga olmasdim. Vujudda qolaverar ekan… Taning aqlingga bo’ysunavermas ekan…
Bu gap-so’zlar atrofda o’tirganlarni qanday o’ng’aysiz holga solgan bo’lmasin, baribir shu o’rinda ham Shuhrat aka — Shuhrat aka bo’lib qoldi: u kishi juda tanti, mard inson ediki, bu holni oddiy xatti-harakatlaridan ham sezish mumkin edi.
Men Usmonga qo’ng’iroq qilib, ushbu voqeani aytib berdim.
— Shu gaplari bilan ham saboq beripti-da bizga, — dedi Usmon. — Qiziq… Ha-ha, o’sha gapni siz uchun, atrofdagilar eshitsin uchun aytganlar. Bo’lmasam ilgariroq katta-kata yig’inlarda ham aytishlari mumkin edi.
6
Ikki kundan keyin Usmon keldi.
— Shukur aka, keliningiz Ra’noyam pgu yerda. Shuhrat akani ko’rgani keluvdim. Yettinchi xonadamiz. Tushing, — dedi. — Mirza qaysi xonadaykin? Unga ish bor…
Birpasdan keyin aytgan xonaga kirsam, chapdagi hujrada kelinim kattakon karsondagi palovni kapgirlab olib paxta gulli laganga solayotir. Mirzabek yirik-yirik pomidorlardan tanlab olib, achchiq-chuchuk qilayapti.
Hormang-bor bo’l qilib, to’g’ridagi xonaga kirdim. Ustoz bilan shogird, ya’ni Shuhrat aka bilan Usmon kichkina stolchaning ikki yonida, bir-biriga qarab o’tirib, gurung qilyapti.
Vey, qanday chiroyli bo’lar ekan bunday o’tirish! Usmon aytganidek, «tupkaning tubidan kelgan» bir yosh shoir bilan «Parijda yashab turgan kattakon shoirning bunday qamti o’tirishi! Bir-biriga samimiyati, mehribonchiligi, hatto birining — kichigining kattasiga hayrat bilan qarashiyu kattasining kichigiga shunchaki bir og’adek muomalada bo’lishi!
Shudirov ustoz-shogird deganlari! O’ylab ko’rsang, ustoz o’z farzandlaridan sir tutgan ayrim haqiqatlarini ham shogirdiga aytar ekan. Va shogird ham ustozdan hech bir sirini pinhon tutmas ekan!
Bu — g’alati, hayratomuz aloqa!
— Ke, Shukur. Bu, bu — joyga o’t, — dedi Shuhrat aka divanning derazaga qaragan tomonini ko’rsatib. Men divanning eshik tomoniga o’tira qoldim. Dasturxonga fotiha o’qigan bo’ldik. Darvoqe, dasturxon ham yaxshigina tuzalgan edi. — Ha, mana keldi, — dedi keyin Shuhrat aka Usmonni ko’rsatib.
— Buning tengqurlariyam yaxshi. Xurshid, Shavkat, Muhammadjon…
— Ha, shunday, Shuhrat aka, — dedim men.
— Sen icharsan?
— Bugun ishlamayman…
— Anu… tortmani och. Bor. Kon`yak. Sizlarga olib qo’yganman. Uyda hamma narsa bo’lishi kerak. Ko’chada sarflamanglar, baraka ketadi…
Shunda Usmon ham kulimsirab turib, portfelidan bir shisha oq oldi.
— Shukur aka buzg’unchi, bizni ichishga o’rgatdilar… He, bu kishiga o’xshayman, deb ko’p talantlarning beli sinib ketdi…
— Yolg’on aytyapti, Shuhrat aka, — dedim men. — Mana, o’zi sog’ yuripti-ku, beliyam, baquvvat…
— H-hazillashadi, — deb kuldi Shuhrat aka. — S-seni qilig’ingniyam qilib beradi. Artist bo’p ketadi… Yaxshi. Shunday bo’linglar. Ko’ngilga olmanglar… Mirzajon, kel. Ke o’tir. Seniyam nafasing yaxshi. Biz sen bilan ko’p suhbat qilamiz. A-aytib beraman… E, palov-ku…
Usmon aroqni ochib, mengayam quydi: kon`yak ichmasligimni biladi. Keyin Shuhrat akaga iliq bir mehr bilan boqib:
— Bir narsa deysizmi? Nomiga quyib qo’yay, — dedi.
— Ha, ha. Meni… atagan gapim bor. Quy. S-s… Q-qizim, o’tiring. M-meni gapimni eshitib oling siz ham. Man a-aytaman…
Hammamiz u kishiga tikildik… O, Shuhrat aka-ye! Ichida gapi ko’p ekan bu insonning. Dardi deysizmi, hasratimi… Afsuski, duduqlanib so’zlar, u kishini toliqtirib qo’yishdan harchand cho’chimaylik, miq etmay quloq soldik.
— Men sizlarni yaxshi ko’raman. Sizlar — mening kelajagim… Adabiyotimizzi kelajagisizlar… O-oy-din, Muhammad Ali… A-abdullajon boshqa olam. Man unga qoyilman. «Senga qoyilman» deb she’r ham yozdim. Erkinlar… Sizlar zo’r. Bizdan zo’r… Biz, biz… bir-birimizni yey-yeyishgacha bordik. Qo’rqoqlik t-tufayli. Yurak oldirib qo’ydik. Jon shirin ekan… Uf… G-gapimmi bo’lmanglar. Bizning ichimizdan s-sotqinlar ko’p chiqdi. Sotqinlik yomon. Urushda bilishadi darrov. U o’lishi kerak. Ular — imonsiz, xudosiz. Sizlar bizday bo’lmanglar, o’xshamanglar bizga. I-iltimos… — Ajab, Shuhrat akaning nigohi yiltiradi. Kap-katta odam, ulkan shoir va nosir bizlarning bir-birimizga sadoqatli bo’lishimizni iltimos qilib, xo’rozqand so’ragan beso’naqay boladek yig’lar edi.
— M-mening hamishagi obro’yim shu bo’lgan… Turmada ont ichganman. Omon chiqib borsam, yoshlarni bizday bo’lmaslikka o’rgatishim kerak… Men, mana shunga harakat qilib keldim. Bugungacha…
Shuhrat aka jimib qoldi. Oshga tikilgan ko’zlari taomni ko’rmayotgandek edi. Biz «gaplarini bo’lmaslik» uchun jim turardik. Lekin ko’zlarimiz bir-biriga bir necha bor qadalib oldi. Men Usmonning nigohidan va xiyol bosh chayqashidan: «Ana gap qayokda ekan. Bizning tarbiyamiz — bu insonning dardi ekan», degan ma’noni uqdim. Va o’zim ham shu fikrga kelganimni bildirdim.
— Bizdan oldingi avlod ham shundai bo’lgan-da, — deb davom etdi Shuhrat aka. — Sotqinlar o’z-o’zlari-dan chiqqan. — Keyin ko’zlari ittifoqo yaraqlab bizga bir-bir tikildi. — Ular ham, biz ham aslida U-unga a-appazitsiyada bo’lganmiz… Ha, ular ham, biz ham ozodlikni, suveren bo’lishni orzu qilganmiz. Ha. Ichimizdan chiqqan sotqinlar ko’paygandan keyin… U-u atay izlay boshladi: oramizga odam qo’ydi. Ozodlik, mustaqillikni — o’-o’sha zamon deb bilganlarniyam olib tiqdilar. A-ana shularni majburlab qo’l qo’ydirdi… Bizniyam majburladi, ha. L-lekin biz… uf-f… T-tushundinglarmi? Shunday qilib, yong’in tushdi, ho’l-quruq baravar yondi… Chin shoir hamma vaqt xalq tarafida bo’ladi, qalbiga quloq soladi. Shuning uchun, bilib bo’lmaydi, bir kuni kelib… Uf-f. Hozir tugaydi gapim. Ishqilib sizlar inoq bo’linglar, ahillik kerak… Bir-biringga mehrli-oq-qibatli bo’llaring… Man shunda g-go’rimda tinch yotaman. A-arvohim shod bo’ladi. Bizning ozmi-ko’pmi sabog’imiz o’-o’tdi, deyman… Gapni bo’lmalaring… Man hammangni yaxshi ko’raman… yomon ko’rish lozim bo’lganlarni ham yomon ko’rmayman. Bu yaxshi bo’ladi, natijasi yaxshi… Sizlar ham o’zlaringdan yoshlarga nasihat qilinglar… Quruq nasihatdan ish bilan, qo’ldan kelgan yordam bilan qilingan nasihat s-samarali bo’ladi… Sizlarga umr, sog’liq tilab duo qilaman. S-so’rayman. O’zidan, mening avlodimni panohingda asra…
Biz hammamiz o’rnimizdan turdik. Shu harakatimizdayam, ko’z qarashlarimiz, nafas olishimizdayam ajib bir tantanavorlik, jiddiylik bor ediki, shu alfozda tili kalovlanib qolgan barvasta ustozga ont ichayotgan edik: illo shu lahzada bu porloq jilmayishli, ko’kragi qalqondek qabariq, uchragan yosh ijodkor borki, boshini silab, ammo yaxshiligini jilla bildirmaydigan bag’ri keng insonni — ijodkorni — ustozni ko’rib turardik.
Shuhrat aka xuddi shu qiyofada qoldilar…
7
Kunlarning birida eshitdimki, Shuhrat aka bu olamdan ko’z yumiptilar.
Uylariga yetib bordik. Olomon! Farzandlari, qavm-qarindoshlar ko’k choponda, taqdirga tan berib
mutelik bilan turishibdi. Shivirlashib gaplashishadi.
Bir zamon hovlidan xotin-xalajning yig’isi, uvvos tortayotgani eshitilib, odamlar yorildi. O’rtada qolgan bo’sh yerga ichkaridan olib chiqilgan tobut qo’yildi.
Hamma jim. Ko’zlar tobutda. Shuhrat aka ketyaptilar. Boshqa olamga…
Said Ahmad aka ta’sirli bir ovozda yig’lamsirab so’z aytdi:
— Shuhrat… shuhrat cho’qqisiga chiqqan chog’da ham birovdan bir nima ta’ma qilmadi. Na orden, medal, na amal kursisi… Yo’q, u adabiyot uchun, xalqimiz uchun beminnat, ta’masiz xizmatlari uchun ko’p azob chekdi… Shuhrat mard inson edi… Shuhrat yoshlarga chin murabbiy, mehribon edi… Qaerdaki bir adibning boshiga ish tushsa, Shuhrat yordamga borar, uning o’zi ham Shuhratni izlab kelardi. Shuhrat adabiyotni ham, ijodkorlarni ham bag’riga olganday, bo’lar… o’zining xususiy mulkiday tuyar, ardoqlar edi… Yoshlar uni otadek ko’rishar, u bir mehribon qiblagohdek ularni boshini silar, ko’magi va nasihatini ayamas edi…
Said Ahmad akaning so’zlarini e’tibor bilan tinglab amin bo’ldimki, Shuhrat akani — safdosh do’stlarini, qamoqdosh hamkasblarini yaxshi bilar ekanlar.
Said Ahmad aka so’zlari oxirida shunday dedilar:
— Shuhrat, azizim, qabringda tinch yot. Bizdan, adabiyotingdan, shogirdlaringdan xotirjam bo’l…
O’sha kuni uyga qaytib kelganimdan keyin divanda yotib, Shuhrat aka bilan uchrashgan chog’larim, u kishining, xususan, Usmon bilan muloqotlari, o’zimga qilgan yaxshiliklari va bir gal yig’laganlari, xullas, xotiramda borini bir-bir eslab ko’z oldimdan o’tkazdim-u, qandoq mehribon insondan judo bo’lganimni, ha, shaxsan o’zim ham judo bo’lganimni, shu onda o’zimni g’oyat g’arib sezayotganimni his qildim.
Keyin Said Ahmad akaning so’nggi — vidolashuv nutqini eslab, agar mana shu o’ylarga bormagan bo’lsam, Alloh oldida gunohkorman:
«Said Ahmad aka, borgan joyingda tinch yot, dedilar… Attang, bir kun kelib, orqangdan biz ham boramiz, demadilar. Balki ichlarida aytgandir… Men, mana sirtimda aytaman: Shuhrat aka, vaqti-soati kelganda, men ham orqangizdan yetib boraman. Axir, ruhlar tirik! Mening ham ruhim Sizning ruhingizni topadi, albatta. Aytishlaricha, yomon ruhlar ham bo’larkan u olamda… O’shandayam, Shuhrat aka, Sizning ruhingizdan panoh topsam kerak: panoh topsa kerak mening ruhim ham…
Siz — barhayotsiz!»
1997
Бунинг тенгқурлариям яхши. Хуршид (Даврон), Шавкат (Раҳмон), Муҳаммаджон (Раҳмон)… Устоз бир миллиграмм адашмаган экан. Қойил!