Mengziyo Safarov. Tog’larda gulxan yonadi

09
Менгзиё Сафаров яратган асарлар кишиларнинг қалбини ҳаётсеварлик иштиёқи билан тўлдиради, ватанпарварлик ва инсонпарварлик туйғуларини ўстиради, инсонларни ўзаро ҳамкорлик ва биродарликка ундайди. Ёшларни улуғвор орзу-умидлар, мусаффо туйғулар билан ошна этади, юксак идеаллар йўлига чорлайди, юрт, табиат, тарих ҳақида беқиёс билимлар билан қуроллантиради.

07
Менгзиё Сафаров
ТОҒЛАРДА КУЛХАН ЁНАДИ
09

Йилқилар чошгоҳга бориб ҳолдан тойди. Улар ёлғиз оёқ йўлдан бошларини эгганича, бир-бир қадам ташлаб боришарди. Эрталаб узоқ сафарга отланишаётганда анча-мунча нағма кўрсатган икки ёш айғир ҳам ҳовуридан тушган, баъзан бирон йилқи яқин келиб қолгандагина ғужури кўтарилиб, сўқмоқдан чиқар, бошини кўтарганича бор овози билан кишнашарди. Айғирлар ҳушёр келаётган Азимнинг амирона қичқиришидан сўнггина тинчланишарди. Унинг ёрдамчиси Самад ҳам чарчаган бўлиб, отларни қистамас, уларни ўз ҳолига қўйиб, эгарга бир ёнбош бўлиб ўтирганича Азимнинг тўнғич ўғли Камол билан гап ташлашиб келарди.

Камол ўтган йили мактабни тугатиб, олий ўқув юртига кирмоқчи бўлиб, Термизга борган эди. Бироқ у таваккал иш тутмади, ўз имкониятини чамалаб кўриб, қурилиш техникумига ҳужжат топширди. Ўғлининг қандай касбни тутиши, қайси ўқишга кириши Азим учун бари бир эди. У ўғлининг хоҳиш-истаги билан қарийб қизиқмаса ҳам бутун эркни унинг ўзига бериб қўйди. У фақат, ўғлим ўқишни истабдими, ўқисин, бўйинсаларидан ортда қолиб, кўнгли ўксимасин, деб ўйлади. Шунинг учун ҳам Камол ўқишга кириб, уйга хурсандчилигидан терисига сиғмай келганида ҳам пинагини бузмади. Аксинча ўғлини енгилтакликда айблади. Камолнинг мамнун ва бахтиёр кўзларига тик қараб:
— Ҳей, ўғлим, нимасига мунча севинасан, ўқишга кирибсан, яхши. Лекин ўқишнинг тоғ одамига нима нафи бор? — деди ўсмоқчилаб. — Ота-бобонг, инчунун, мен ҳам ўқимай бир кунимизни кўриб юрибмиз.
Отанинг бу гаплари Камолнинг ҳафсаласини пир қилди. У то шаҳарга қайтгунча ўзини отасидан олиб қочиб, ётсираб юрди.

Бу йил ёзги таътилга келган Камол Азимнинг кўзига бошқача кўринди. Бўйи чўзилган, юзига ҳуснбузарлар тошганидан уялиб, ўзини ноқулай сезиши, кўзларида илгарилари пайқамаган қандайдир паришонлик отанинг кўнглини юмшатди. У энди ич-ичидан қишлоқдаги йигитлардан кийиниши, юриш-туриши билангина эмас, балки хулқ-атвори билан ҳам алоҳида ажралиб турадиган ўғлига кўпчиликнинг ҳаваси келаётганини сезмасдан иложи йўқ эди. Кеча эса яйловга, мен билан борасанми, деб сўраганида ўғлининг иккиланмасдан рози бўлганини кўриб, унга бўлган ихлоси ва меҳри яна ошиб кетди. У ортда Самад билан ҳангомалашиб келаётган Камолга ўғринча назар ташларкан, қалбида оталаргагина хос ғурурли ҳаяжон тошганини ҳис этарди.

Самад эса узоқ сафарда ҳамроҳ топилганидан хурсанд бўлиб, Камолни саволларга кўмиб келарди.
— Айт-чи, шаҳар яхшими, тоғ?
— Кимга қандай. Бу — ўрганишга боғлиқ.
— Мен сендан сўраяпман.
— Менгами? Албатта, тоғ яхши.
— Ана кўрдингми? — дерди Самад маънодор боқиб, суҳбатдошининг нозик жойидан тутган кишидек. — Ҳеч ер тоққа келмайди…
— Лекин шаҳар ҳам ўрганганга яхши.
— Айтайлик, сен ўргандинг. Ўша ерда қоласанми?
— Йўқ.
— Ана шу-да, — таъкидлайди Самад.

Камол қамчи дастаси билан елкасини қашийди. Кўзларини пирпиратиб олға, сурувни бошлаб бораётган отасига қарайди. Самад яна уни гапга тутади:
— Ўқишни тугатганингдан кейин ким бўласан?
— Курувчи.
— Нималар қурасан?
— Бинолар… — Камол мужмал жавоб беради. Ҳамсуҳбатининг эзмалиги уни зериктиради. Отни қистайди ва дам ўтмай гап мавзуини ўзгартириш учун сўрайди:
— Кечалари тоғларда совуқ бўлса керак?
— Ўзинг биласан-ку.
— Сўраяпман-да.
— Тоғ шамолидан ҳали лабларинг тарс-тарс ёрилиб кетади.

Камол беихтиёр лабларини ялайди:
— Кечалари гулхан ёқамиз, роса гуриллатиб.
Орадан чорак соат ўтгач, арчазор ўрмон бошланди. Камол узалиб, арча пюхини синдириб олиб, ҳидлайди.
— Ҳой, Самад ака, арча солиб тандир кабоб қилиб берасизларми?
— Отанг рози бўлса биз ҳамиша гўштхўрликка тайёрмиз.
— Сенга ётиб ейиш бўлса бас, Самад, — деди Азим ён томондаги арча шохларини кўллари билан ёриб, отда чиқиб келаркан. — Еганларинг кабоб бўлсин.
Камол отасининг тантилигидан севиниб кетди.

— Отларни илдамроқ ҳайданглар, — деди Азим йигитларга, — қош қорайгунча Заркосага етиб олайлик. Ўтин-пўтинни кун ёруғида термасак, момоларинг тайёрлаб қўйгани йўқ у ерда. — У шундай деди-да, отини йўрттириб, олдингга ўтиб кетди.

Заркоса — тоғнинг энг баланд чўққиси. Унинг этаклари анча текис бўлиб, йилқиларни ёзда боқиш учун жуда боп яйлов эди. Йилнинг ҳамма фаслларида бу ерда кучли шамоллар бўлиб туради. Ёзнинг ўрталарида ҳам унинг ёнбағирларидаги баланд арчазорлар тагида қор эримайди. Шамол турган пайтларда эса чор-атрофдаги ўрмон ваҳимали шовиллайди. Қордан эндигина бўшаган соя-салқин ерларда баъзан бойчечаклар кўзга чалиниб қолади. Бўтакўзлар эса бутун сайҳонлик, арчалар орасидаги очиқ майдонларда гиламдек сарғайиб ётади. Бу ерда қиш билан саратон қўшни яшайди. Кундузи ёз бўлса, кечаси қиш. Кундузи кўкрагини шамолга бериб майкачан чопиб юрган киши, кечаси пўстинда совқотади. Камол шаҳарда юриб ана шу тез ўзгарувчан манзара ва дақиқаларни соғинган эди. У ҳали узоқдан Заркоса чўққисининг қўрғошин рангли елкаларига кўзи тушиши билан болалигидан азиз бўлиб қолган шу ёввойи табиат қучоғига қайтганидан шодланиб кетди.

Отаси билан Самад қўшхона тиклашга киришиб кетишганда, Камол арчазор оралаб юрарди. Усти сарғайиб, гард ва барглар билан қопланган қорни ғарч-гарч босиб бораркан, арча ва бошқа турли гиёҳларнинг ҳидини ҳузур қилиб сипқорарди. Қуюқ ўрмонзор ичига киргач, қалин қор устига чўккалаб ўтирди ва қорни ковлаб, тоза еридан бир чангал олиб каппалади.

Қўшхонага қайтиб келганида Самад унинг қўлидаги қорни кўриб:
— Ҳой, нодон, қор ема, бу ерда томоғингни даволайдиган дўхтир холанг йўқ, — деб калака қилди.
— Нима, шаҳарда юриб нозиклашиб кетган, деб ўйлаяпсанми бизнинг ўғилни, — деди Азим брезент чодирнинг учидаги ипни қозиққа тортиб боғларкан.

Камол бу ҳазил гапларга ҳам, атрофини ўраб турган арчаларга ҳам; чўққилар, аллақачон яйловга ёйилиб, бош кўтармай кўкат кавшаётган йилқиларга ҳам боқиб тўймасди. Камол хуржундан арқон ва болтани олди-ю, чопқиллаганича ўрмон ичкарисига кириб кетди.

Кеч кирди. Атрофдаги арчалар қоронғилик таъсирида кичрайгандек, ярим белигача тоғ бағрига кириб кетгандек, энди эса тоғ ўркачлари ва улар устида осилиб турган юлдузли осмон садобатли бўлиб қолди. Камол ўрмон ичидан қуриган шох-шаббаларни орқалаб ташиди. Сўнгга марта отасининг: «Бас, етар», деган эътирозига ҳам қарамасдан Самад билан бориб катта арча шохини судраб келди. Шундан сўнг очиқ жойда гулханга ўтин қалади. Самаднинг тоқати тоқ бўлди.
— Ёқсанг, ёқ-да, — деди зорланиб.
— Ҳали барвақт, соат тўққиз бўлсин. — Камол тунда рақамлари ёнадиган соатига қаради.

Камол роппа-роса тўққизда гулханни ёндириб юборди. Нонушта қилишаётган Азим билан Самад дастлаб дастурхон бошида бамайлихотир ўтиришди. Кейин аланганинг қизғиш тиллари тобора юқорига ўрлагач, дастурхонни судраб орқага чекинишди. Бирпасда атроф ёришди. Қоронғида кичрайиб кўринган арчалар яна салобатли бўлиб кўринди.
— Ўрин солинглар, мен йилқилардан хабар олиб келай, — деб қўзғалди Азим нонуштадан сўнг.

Камол гуриллаб ёнаётган гулханга ўзини тоблар ва йироқларда, арчалар ортида кўринаётган водийдаги сон-саноқсиз чироқларга тикилар эди.
— Ҳой, бола, нега қаққайиб қолдинг, — Самад унинг елкасига туртди.
— Мана, бу учқунлар анави чироқларга ўхшайди-я, — деди талмовсираб Камол. — Самад ака, Денов шаҳри қаерда, бир кўрсатинг?
— Деновними? Ҳу ана, ғужжа чироқлар ёняпти-ку, ўша. Нима эди?
— Ўзим, шундай.
— Менга қара, — деди синчковлиги тутиб кетган Самад шаҳар номини эшитиб гумонсираб. — Шаҳардан биронтасини топдингми, дейман?

Камол ялт этиб қаради ва Самаднинг нигоҳига тоб беролмай кўзларини олиб қочди.
— Ҳа, боласи тушмагур, — Самад кўрсаткич бармоғини бигиз қилиб ўдағайлади. — Ҳали шундай де. Айтчи, исми нима?
— Нималар деяпсиз?
— Гапир, бўлмаса отангга айтаман!
— Кейин… Ана, отам келяпти…
— Бўпти, лафзингда турасан-а?
— Хўп.

Самад зўрма-зўраки йўталиб, ўрин сола бошлади.
— Мен чарчадим, ухлайман. Сизлар отлардан хабардор бўлиб туринглар, — деди Азим ва ечинмасдан шолчанинг четидаги ўринга кириб чўзилди.
Камол билан Самад гулхан атрофида ўтиришар ва Азимнинг уйқуга кетишини кутишарди. Ниҳоят, узоқ чўзилиб кетган жимликни биринчи бўлиб Самад бузди:
— Қани, энди айт.
— Секин, эшитиб қолади, — шивирлади Камол.
— Эшитмайди, айтавер.
— Нима қизиғи бор сизга?
— Аҳ-ҳа, ҳали айтмайсанми?
— Айтаман дедим-ку. Ҳеч кимга оғзингиздан чиқармайсизми?
— Одам эмасман.
— Бўпти… Исми Ойхол.
— Ойхол? Яхши исм экан. Ўзиям ойга ўхшайдими?
— Ким билади дейсиз.
— Севиб қолдингми?

Камол елкасини учирди.
— Ота-онаси яхши одамларми?
— У ёғини суриштирганим йўқ.
— Шаҳарнинг ўзиданми?
— Ҳа.
— Бечора укам, шаҳарлик бўлса, тағин лақиллатиб юрган бўлмасин.
— Йўғ-э. Биз хайрлашаётганда келишганмиз: мен беш кун тоғда гулхан ёқаман, у эса қарайди. Гулханни кўриб, менинг ёққанимга ишонади.
— Эй, содда укам. Гулханинг нимаси? Нима, тоғда сендан бошқа киши гулхан ёқмайдими?
— Менинг гулханим ҳаммасиникидан катта. Ўзи айтган: гулхан ёқасиз, мен гулханни кўриб сизни кўргандай бўламан, деган.

— Ҳозир мана, сен гулхан ёқдинг. Ойхол шунга қараб турганига ишонасанми?
— Ишонаман.
— Қизиқ… Мен ишонмайман.
— Сиз сиз-да. Мен ишонаман. Худди ҳозир ҳам мен билан бирга, мени кузатиб ўтиргандек. Ҳу, чироқлар кўриняпти-ку, шу чироқларнинг ёруғида у ҳам мен тўғримда хаёл суряпти.
— Айнибсан, ука. Ёшинг нечада?
— Ўн саккизда.
— Чиндан ҳам гўдак экансан.
— Нега ундай дейсиз? — иззат-нафси оғринган Камол Самадни жеркиб ташлади.
— Ҳали сирканг сув кўтармай қолдими. Отангга айтсам-ку, мулла килиб қўяди.
— Айтсангиз айтаверинг, қўрқмайман, — деди Камол.

Азим эса иккаласининг гурунгини бошидан охиригача тинглаб ётарди. Ўғлининг тоққа чиқишидан отасининг кўнглига қараб иш қилишидан ўзга ҳам сабаблари борлигини энди англаган бўлса-да, лекин бу сабаблардан ранжимади. Аксинча у ўғлига нисбатан илгарилари жуда шафқатсиз бўлганини ҳис этди. Камол бугун унинг кўз ўнгида балоғатга етган, орияти кучли, ажойиб йигит бўлиб гавдаланди. Демак, бир замонлар ўзини банд этган ҳаётнинг катта ташвишлари энди ўғлига кўчибди. Бу ҳаёт ташвишларининг илк шабадалари шу ёввойи тоғ чўққиларига ўғли билан ҳамроҳ бўлиб келибди. Самад билан суҳбатда илк дафъа ёлқинланган орият ўти унинг кўзларида порлаб турибди. Ана шу ориятни биринчи бор дадил туриб ҳимоя қилди. Ўғлининг дадиллиги ва журъати Азимни қувонтириб юборди.
— Самад, гапларинг мунча совуқ-а? — деди у ўрнидан тураркан. — Камол, ўғлим, гулханга ўтин ташла, гуриллаб ёнсин, — Азим вазмин бўлишга уринарди. — Совқотдим…

011
Болта Ёриев
ТУРНАЛАР УЧАВЕРАДИ
09

08Бадиий адабиёт ўзига хос олам, уни улкан уммон, баҳри муҳитга қиёс этиш мумкин. Океаннинг баҳайбат китлари, толиқмас наҳанглари бўлгани каби, катта-кичик жониворлари ҳам ҳаёт кечиради. Бугун мен хотирага олаётган ёзувчи Менгзиё Сафаров ҳам адабиётда ўз ўрнини топган, ўзининг табиий талант ва иқтидор кучи, ишчанлик, курашчанлик, изланувчанлик фазилатлари билан эл эътиборига тушган, севиб ўқиса аригулик асарлар яратган адибларимиздан эди.

Мен юқоридаги қиёсни- ўхшатишни беҳуда келтирмадим. Бадиий адабиётда мавқе топиш осон эмас. Ёзувчининг мавзуси инсон ва у инсонлар учун ижод қилади. Муваффақият эса ўз-ўзидан юзага келмайди. Бу ерда табиий талант, иқтидор билан бир қаторда катта билим, изланиш, чуқур меҳнат ҳам талаб этилади. Жаҳон адабиётининг классикларининг ижодий фаолияти ҳам шу ҳодисани яна бир карра исбот этади. Жумладан, улуғ санъаткор Л.Н.Толстой «Уруш ва тинчлик» эпопеясини ўн тўрт марта қўлда кўчирган. Бундай машаққатли меҳнат жараёнида ёзувчи асар тили устида ишлашга ҳам алоҳида эътибор берган, чунки у фикрни ёрқин ва аниқ ифодалаш учун, кишидан катта лаёқат талаб қилинишини уқтирган эди.

Эсларингизда бўлса, Низомий Ганжавийнинг асарида машқнинг улкан фазилати ҳақида яхши бир ҳикоят бор. Унда айтилишича, бузоқни тепаликка ҳар куни кўтариб чиқишни машқ қилган йигит, унинг новвос, ҳўкиз бўлганида ҳам бемалол тепаликга кўтариб чиқиб юрган.

Бу ерда машқнинг муваффақият омили эканлигига катта баҳо берилган. Шу билан бирга, ўша йигитнинг табиатида полвонлик сифати бўлмаганда, бузоқни тепаликка кўтариб чиқиб- тушиш билан машғул бўлмас ҳам эди. Иккинчидан, ҳар қанча полвон киши ҳам машқсиз ҳўкизни тепаликка кўтариб чиқиши маҳолдир.
Адабиётда ҳам шундай.Кишидаги табиий талант билан доимий машқ, изчил меҳнат, ўқиш-ўрганиш ва изланиш уйғунлашгандагина юксак самаралар юзага келади. Улкан ижодкорларнинг ҳаммаси ўзларига нисбатан ўта талабчан бўлишган.

Афсуски, ҳамма ҳам бундай ўзига ва ўзгаларга нисбатан принципиал ва талабчан бўлавермайди. Шунинг учун ҳам адабиёт майдонида ҳўкиз кўтариб кетаётган номдорлар ҳам, бузоқ кўтариб узоқни кўзлаган, келажагидан умидвор ёшлар ҳам талайгинадир. Шу билан бирга, улоқ ёки мушук кўтариб, мен зўрман деб кўча чангитиб юрганлар ҳам учрайди.

Менгзиё Сафаров ижод майдонида бизнинг ҳўкиз кўтарган полвонларимиздан эди.
У 1938 йили Денов туманидаги Хайробод қўрғонида туғилди. Отаси мулла Раҳмонқул ўқимишли, зиёли инсон эди. 1937 йили халқ душмани сифатида сургун қилинди. Кенжа фарзанди Менгзиё отаси қамалгандан олти ой ўтгач дунёга келди.

М.Сафаров ўрта мактабни тугатгач, бир йил пахта заводида ишчи бўлиб ишлади. Сўнг Тошкент давлат университетининг тарих факультетига ўқишга кирди. Талабалик йилларида фанларни чуқур ўзлаштириш билан бир қаторда, жамоат ишларида фаол иштирок этди, атоқли актёр Шукур Бурхонов раҳбарлик қилган талабалар театрига қатнади, бадиий ижод билан шуғулланди. Шукур Холмирзаев, Абдулла Орипов каби дўстлари билан доимий ҳамкор ва маслаҳатда бўлди.

Университетни тугатгач, мактабда ўқитувчи, Ўзбекистон халқлари тарихи музейида илмий ходим, вилоят газетаси таҳририятида адабий ходим, таржимон, бўлим мудири, вилоят радиоэшиттириш қўмитасида катта муҳаррир, Пайғамбар ороли қуриқхонаси директорининг ўринбосари, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Сурхондарё вилоят бўлимининг масъул котиби лавозимларида ишлади.

Менгзиё Сафаров ўз асарларида табиат ва инсон мавзусига алоҳида эътибор берди, инсон руҳиятини бадиий тадқиқ этишга киришди. У яратган асарларда табиат муқаддас ва абадий даргоҳ, инсоният учун умумий хонадон сифатида тасвир этилади, уни асраш, эъзозлаш туйғулари турли-туман кечинмалар орқали бадиий талқин этилади. Инсон табиатнинг ноёб маҳсули, унинг бир бўлаги, ажралмас қисми сифатида қаралади. Табиат обидалари каби, эъзоз-эҳтиромга сазовар деб билади ёзувчи инсон зотини.

Менгзиё Сафаров ижодида табиат мавзуси турли йўналишларда қаламга олингандир. Биринчидан, бу мавзу экологик муҳитни сақлаш, табиатни қўриқлаш, унинг бойликларидан оқилона фойдаланишни тарғиб этувчи публицистик йўналиш. Шу жиҳатдан унинг «Боботоғ» мавзусидаги эссеси ва қатор публицистик мақолалари эътиборга сазовордир. Бу публицистик асарларда Менгзиё Сафаров юрт кезган ёзувчи, ватанпарвар ва фидойи инсон сифатида кўзга ташланади. Бу асарларни ўқир экансиз, ёзувчининг нақадар синчковлиги, табиат ҳақида нақадар кенг билимга эга эканлиги, кучли эҳтирос соҳиби эканлигидан лол қоласиз.

Иккинчидан, унинг бадиий асарларида табиат тасвири жўшқин, оташли бир муҳаббат билан ифодасини топади. Унинг «Турналар учади», «Олис қирлар ортида», «Айришох» ва бошқа қиссалари, қатор ҳикояларида бундай жозибали табиат тасвирлари бениҳоя кўпдир.

Учинчидан, Менгзиё Сафаровнинг бевосита табиат, жониворлар образини яратиш маҳорати кучлидир. «Қадрдон ҳидлар», «Она каклик», «Беданалар» каби ҳикоялари бундан далолат беради.

Тўртинчидан, табиат ёзувчи Менгзиё Сафаров яратган асарларнинг тўлақонли образлари, қаҳрамонлари тилида ўзига хос эъзоз-эҳтиром топади. «Кийикларнинг қайтиши» ҳикоясида Саид ака, «Бахмал» ҳикоясида меҳрибон она, «Қадрдон ҳидлар» ҳикоясида жонкуяр кампир образлари шулар жумласидандир.

Менгзиё Сафаров асарларида она табиат, ҳурриятсевар инсон, тарих ва тақдир ажойиб бир тарзда уйғунлашиб кетади. Ёзувчининг бутун диққат- эътибори табиат оғушида инсонни ҳур, эркин кўришга, абадий бу кенгликларда инсон меҳнати ва тафаккури эришган ютуқларни тараннум этишга, ҳақиқат, фақат ҳақиқатни куйлашга қаратилади. Табиат, жамият ва инсон тафаккуридаги зиддиятларни ёрқин чизиб кўрсатиш, яхшилик ва ёмонлик ўртасидаги бу абадий курашда эзгуликнинг ғолиб келишини тараннум этиш ушбу асарларнинг асосий ғоявий мотивларидандир.

Менгзиё Сафаров яратган асарлар кишиларнинг қалбини ҳаётсеварлик иштиёқи билан тўлдиради, ватанпарварлик ва инсонпарварлик туйғуларини ўстиради, инсонларни ўзаро ҳамкорлик ва биродарликка ундайди. Ёшларни улуғвор орзу-умидлар, мусаффо туйғулар билан ошна этади, юксак идеаллар йўлига чорлайди, юрт, табиат, тарих ҳақида беқиёс билимлар билан қуроллантиради.

Менгзиё Сафаров кучли ёзувчи бўлиш баробарида, чин инсон, серзавқ дўст, фидокор ва меҳнаткаш гражданин эди. Унинг яхши фазилатлари ҳақида дўстлари қайта-қайта таъкидлашади. Уни кўрган, суҳбатидан баҳраманд бўлган киши унутилмас таассуротда қолар эди. Шукур Холмирзаев «Сенинг қадринг ўтди» мақоласида /»Ўзбекстон адабиёти ва санъати», 1995 йил, 6 январь / «Эй Мизи, қайси адиб иссиқ ўрнини совутиб, олимлигию редакцияда бўлим мудирлигини ташлаб, асов Амударё ўртасидаги оролга «қоровул» бўлиб боради! Ундаги бўрилари, буғилари, қадим тўқайлари, писта ва патта дарахтларини ҳимоя қилиш учун… Ва қайси адиб у ҳақда шундай жўшқин меҳр, ачиниш ва билимдонлик билан ёза олади?»-деб ёзади.

Шоир Сайёр «Дўстни эслаб» мақоласида /»Сурхон тонги», 1995 йил, 19 январь/ «Сурхонда кимни кўрган бўлсам, не ривоят, афсона, ҳикоя, ҳақиқат эшитган бўлсам… ҳамма-ҳаммасини, қанча ака-ука, дўст-биродар орттирган бўлсам, барини Менгзиё орқали топганман», дейди.
Бундай дил сўзларини яна кўплаб келтириш мумкин.

Қисқаси, Менгзиё Сафаров ўз ижтимоий фаолияти, ёзувчилик иқтидори билан табиат ва инсонни улуғлаб ўтди, уларни севишга ўргатди. Унинг асарлари адабиёт ихлосмандларининг қўлидан тушмай ўқилиб келмоқда ва шундай бўлиб қолаверади. Юртсевар, инсонпарвар ёзувчини юрти, ватандошлари, тараққийпарвар ҳар бир инсон унутмайди. Биз, дўстлари ҳам унинг хотирасини муқаддас тутамиз. Бу туйғу жойларда ўтаётган хотира кечаларида, ёдга олиш учрашувларида доимо сезилиб туради. Яқинда унинг фарзандлари, яқинлари, дўстлари ҳомийлигида «Айришох» тўплами нашрдан чиқди. Унда ёзувчининг архивида сақланаётган қисса-ю ҳикоялардан намуналар жамланган.

Она ер ҳидидан ифтихор туйган турналар парвози эса тугамайди…

09

07
Mengziyo Safarov
TOG’LARDA KULXAN YONADI
09

Yilqilar choshgohga borib holdan toydi. Ular yolg‘iz oyoq yo‘ldan boshlarini egganicha, bir-bir qadam tashlab borishardi. Ertalab uzoq safarga otlanishayotganda ancha-muncha nag‘ma ko‘rsatgan ikki yosh ayg‘ir ham hovuridan tushgan, ba’zan biron yilqi yaqin kelib qolgandagina g‘ujuri ko‘tarilib, so‘qmoqdan chiqar, boshini ko‘targanicha bor ovozi bilan kishnashardi. Ayg‘irlar hushyor kelayotgan Azimning amirona qichqirishidan so‘nggina tinchlanishardi. Uning yordamchisi Samad ham charchagan bo‘lib, otlarni qistamas, ularni o‘z holiga qo‘yib, egarga bir yonbosh bo‘lib o‘tirganicha Azimning to‘ng‘ich o‘g‘li Kamol bilan gap tashlashib kelardi.

Kamol o‘tgan yili maktabni tugatib, oliy o‘quv yurtiga kirmoqchi bo‘lib, Termizga borgan edi. Biroq u tavakkal ish tutmadi, o‘z imkoniyatini chamalab ko‘rib, qurilish texnikumiga hujjat topshirdi. O’g‘lining qanday kasbni tutishi, qaysi o‘qishga kirishi Azim uchun bari bir edi. U o‘g‘lining xohish-istagi bilan qariyb qiziqmasa ham butun erkni uning o‘ziga berib qo‘ydi. U faqat, o‘g‘lim o‘qishni istabdimi, o‘qisin, bo‘yinsalaridan ortda qolib, ko‘ngli o‘ksimasin, deb o‘yladi. Shuning uchun ham Kamol o‘qishga kirib, uyga xursandchiligidan terisiga sig‘may kelganida ham pinagini buzmadi. Aksincha o‘g‘lini yengiltaklikda aybladi. Kamolning mamnun va baxtiyor ko‘zlariga tik qarab:
— Hey, o‘g‘lim, nimasiga muncha sevinasan, o‘qishga kiribsan, yaxshi. Lekin o‘qishning tog‘ odamiga nima nafi bor? — dedi o‘smoqchilab. — Ota-bobong, inchunun, men ham o‘qimay bir kunimizni ko‘rib yuribmiz.
Otaning bu gaplari Kamolning hafsalasini pir qildi. U to shaharga qaytguncha o‘zini otasidan olib qochib, yotsirab yurdi.

Bu yil yozgi ta’tilga kelgan Kamol Azimning ko‘ziga boshqacha ko‘rindi. Bo‘yi cho‘zilgan, yuziga husnbuzarlar toshganidan uyalib, o‘zini noqulay sezishi, ko‘zlarida ilgarilari payqamagan qandaydir parishonlik otaning ko‘nglini yumshatdi. U endi ich-ichidan qishloqdagi yigitlardan kiyinishi, yurish-turishi bilangina emas, balki xulq-atvori bilan ham alohida ajralib turadigan o‘g‘liga ko‘pchilikning havasi kelayotganini sezmasdan iloji yo‘q edi. Kecha esa yaylovga, men bilan borasanmi, deb so‘raganida o‘g‘lining ikkilanmasdan rozi bo‘lganini ko‘rib, unga bo‘lgan ixlosi va mehri yana oshib ketdi. U ortda Samad bilan hangomalashib kelayotgan Kamolga o‘g‘rincha nazar tashlarkan, qalbida otalargagina xos g‘ururli hayajon toshganini his etardi.

Samad esa uzoq safarda hamroh topilganidan xursand bo‘lib, Kamolni savollarga ko‘mib kelardi.
— Ayt-chi, shahar yaxshimi, tog‘?
— Kimga qanday. Bu — o‘rganishga bog‘liq.
— Men sendan so‘rayapman.
— Mengami? Albatta, tog‘ yaxshi.
— Ana ko‘rdingmi? — derdi Samad ma’nodor boqib, suhbatdoshining nozik joyidan tutgan kishidek. — Hech yer toqqa kelmaydi…
— Lekin shahar ham o‘rganganga yaxshi.
— Aytaylik, sen o‘rganding. O’sha yerda qolasanmi?
— Yo‘q.
— Ana shu-da, — ta’kidlaydi Samad.

Kamol qamchi dastasi bilan yelkasini qashiydi. Ko‘zlarini pirpiratib olg‘a, suruvni boshlab borayotgan otasiga qaraydi. Samad yana uni gapga tutadi:
— O’qishni tugatganingdan keyin kim bo‘lasan?
— Kuruvchi.
— Nimalar qurasan?
— Binolar… — Kamol mujmal javob beradi. Hamsuhbatining ezmaligi uni zeriktiradi. Otni qistaydi va dam o‘tmay gap mavzuini o‘zgartirish uchun so‘raydi:
— Kechalari tog‘larda sovuq bo‘lsa kerak?
— O’zing bilasan-ku.
— So‘rayapman-da.
— Tog‘ shamolidan hali lablaring tars-tars yorilib ketadi.

Kamol beixtiyor lablarini yalaydi:
— Kechalari gulxan yoqamiz, rosa gurillatib.
Oradan chorak soat o‘tgach, archazor o‘rmon boshlandi. Kamol uzalib, archa pyuxini sindirib olib, hidlaydi.
— Hoy, Samad aka, archa solib tandir kabob qilib berasizlarmi?
— Otang rozi bo‘lsa biz hamisha go‘shtxo‘rlikka tayyormiz.
— Senga yotib yeyish bo‘lsa bas, Samad, — dedi Azim yon tomondagi archa shoxlarini ko‘llari bilan yorib, otda chiqib kelarkan. — Yeganlaring kabob bo‘lsin.
Kamol otasining tantiligidan sevinib ketdi.
— Otlarni ildamroq haydanglar, — dedi Azim yigitlarga, — qosh qorayguncha Zarkosaga yetib olaylik. O’tin-po‘tinni kun yorug‘ida termasak, momolaring tayyorlab qo‘ygani yo‘q u yerda. — U shunday dedi-da, otini yo‘rttirib, oldingga o‘tib ketdi.

Zarkosa — tog‘ning eng baland cho‘qqisi. Uning etaklari ancha tekis bo‘lib, yilqilarni yozda boqish uchun juda bop yaylov edi. Yilning hamma fasllarida bu yerda kuchli shamollar bo‘lib turadi. Yozning o‘rtalarida ham uning yonbag‘irlaridagi baland archazorlar tagida qor erimaydi. Shamol turgan paytlarda esa chor-atrofdagi o‘rmon vahimali shovillaydi. Qordan endigina bo‘shagan soya-salqin yerlarda ba’zan boychechaklar ko‘zga chalinib qoladi. Bo‘tako‘zlar esa butun sayhonlik, archalar orasidagi ochiq maydonlarda gilamdek sarg‘ayib yotadi. Bu yerda qish bilan saraton qo‘shni yashaydi. Kunduzi yoz bo‘lsa, kechasi qish. Kunduzi ko‘kragini shamolga berib maykachan chopib yurgan kishi, kechasi po‘stinda sovqotadi. Kamol shaharda yurib ana shu tez o‘zgaruvchan manzara va daqiqalarni sog‘ingan edi. U hali uzoqdan Zarkosa cho‘qqisining qo‘rg‘oshin rangli yelkalariga ko‘zi tushishi bilan bolaligidan aziz bo‘lib qolgan shu yovvoyi tabiat quchog‘iga qaytganidan shodlanib ketdi.

Otasi bilan Samad qo‘shxona tiklashga kirishib ketishganda, Kamol archazor oralab yurardi. Usti sarg‘ayib, gard va barglar bilan qoplangan qorni g‘arch-garch bosib borarkan, archa va boshqa turli giyohlarning hidini huzur qilib sipqorardi. Quyuq o‘rmonzor ichiga kirgach, qalin qor ustiga cho‘kkalab o‘tirdi va qorni kovlab, toza yeridan bir changal olib kappaladi.

Qo‘shxonaga qaytib kelganida Samad uning qo‘lidagi qorni ko‘rib:
— Hoy, nodon, qor yema, bu yerda tomog‘ingni davolaydigan do‘xtir xolang yo‘q, — deb kalaka qildi.
— Nima, shaharda yurib noziklashib ketgan, deb o‘ylayapsanmi bizning o‘g‘ilni, — dedi Azim brezent chodirning uchidagi ipni qoziqqa tortib bog‘larkan.

Kamol bu hazil gaplarga ham, atrofini o‘rab turgan archalarga ham; cho‘qqilar, allaqachon yaylovga yoyilib, bosh ko‘tarmay ko‘kat kavshayotgan yilqilarga ham boqib to‘ymasdi. Kamol xurjundan arqon va boltani oldi-yu, chopqillaganicha o‘rmon ichkarisiga kirib ketdi.

Kech kirdi. Atrofdagi archalar qorong‘ilik ta’sirida kichraygandek, yarim beligacha tog‘ bag‘riga kirib ketgandek, endi esa tog‘ o‘rkachlari va ular ustida osilib turgan yulduzli osmon sadobatli bo‘lib qoldi. Kamol o‘rmon ichidan qurigan shox-shabbalarni orqalab tashidi. So‘ngga marta otasining: «Bas, yetar», degan e’tiroziga ham qaramasdan Samad bilan borib katta archa shoxini sudrab keldi. Shundan so‘ng ochiq joyda gulxanga o‘tin qaladi. Samadning toqati toq bo‘ldi.
— Yoqsang, yoq-da, — dedi zorlanib.
— Hali barvaqt, soat to‘qqiz bo‘lsin. — Kamol tunda raqamlari yonadigan soatiga qaradi.

Kamol roppa-rosa to‘qqizda gulxanni yondirib yubordi. Nonushta qilishayotgan Azim bilan Samad dastlab dasturxon boshida bamaylixotir o‘tirishdi. Keyin alanganing qizg‘ish tillari tobora yuqoriga o‘rlagach, dasturxonni sudrab orqaga chekinishdi. Birpasda atrof yorishdi. Qorong‘ida kichrayib ko‘ringan archalar yana salobatli bo‘lib ko‘rindi.
— O’rin solinglar, men yilqilardan xabar olib kelay, — deb qo‘zg‘aldi Azim nonushtadan so‘ng.
Kamol gurillab yonayotgan gulxanga o‘zini toblar va yiroqlarda, archalar ortida ko‘rinayotgan vodiydagi son-sanoqsiz chiroqlarga tikilar edi.

— Hoy, bola, nega qaqqayib qolding, — Samad uning yelkasiga turtdi.
— Mana, bu uchqunlar anavi chiroqlarga o‘xshaydi-ya, — dedi talmovsirab Kamol. — Samad aka, Denov shahri qaerda, bir ko‘rsating?
— Denovnimi? Hu ana, g‘ujja chiroqlar yonyapti-ku, o‘sha. Nima edi?
— O’zim, shunday.
— Menga qara, — dedi sinchkovligi tutib ketgan Samad shahar nomini eshitib gumonsirab. — Shahardan birontasini topdingmi, deyman?

Kamol yalt etib qaradi va Samadning nigohiga tob berolmay ko‘zlarini olib qochdi.
— Ha, bolasi tushmagur, — Samad ko‘rsatkich barmog‘ini bigiz qilib o‘dag‘ayladi. — Hali shunday de. Aytchi, ismi nima?
— Nimalar deyapsiz?
— Gapir, bo‘lmasa otangga aytaman!
— Keyin… Ana, otam kelyapti…
— Bo‘pti, lafzingda turasan-a?
— Xo‘p.

Samad zo‘rma-zo‘raki yo‘talib, o‘rin sola boshladi.
— Men charchadim, uxlayman. Sizlar otlardan xabardor bo‘lib turinglar, — dedi Azim va yechinmasdan sholchaning chetidagi o‘ringa kirib cho‘zildi.
Kamol bilan Samad gulxan atrofida o‘tirishar va Azimning uyquga ketishini kutishardi. Nihoyat, uzoq cho‘zilib ketgan jimlikni birinchi bo‘lib Samad buzdi:
— Qani, endi ayt.
— Sekin, eshitib qoladi, — shivirladi Kamol.
— Eshitmaydi, aytaver.
— Nima qizig‘i bor sizga?
— Ah-ha, hali aytmaysanmi?
— Aytaman dedim-ku. Hech kimga og‘zingizdan chiqarmaysizmi?
— Odam emasman.
— Bo‘pti… Ismi Oyxol.
— Oyxol? Yaxshi ism ekan. O’ziyam oyga o‘xshaydimi?
— Kim biladi deysiz.
— Sevib qoldingmi?

Kamol yelkasini uchirdi.
— Ota-onasi yaxshi odamlarmi?
— U yog‘ini surishtirganim yo‘q.
— Shaharning o‘zidanmi?
— Ha.
— Bechora ukam, shaharlik bo‘lsa, tag‘in laqillatib yurgan bo‘lmasin.
— Yo‘g‘-e. Biz xayrlashayotganda kelishganmiz: men besh kun tog‘da gulxan yoqaman, u esa qaraydi. Gulxanni ko‘rib, mening yoqqanimga ishonadi.
— Ey, sodda ukam. Gulxaning nimasi? Nima, tog‘da sendan boshqa kishi gulxan yoqmaydimi?
— Mening gulxanim hammasinikidan katta. O’zi aytgan: gulxan yoqasiz, men gulxanni ko‘rib sizni ko‘rganday bo‘laman, degan.

— Hozir mana, sen gulxan yoqding. Oyxol shunga qarab turganiga ishonasanmi?
— Ishonaman.
— Qiziq… Men ishonmayman.
— Siz siz-da. Men ishonaman. Xuddi hozir ham men bilan birga, meni kuzatib o‘tirgandek. Hu, chiroqlar ko‘rinyapti-ku, shu chiroqlarning yorug‘ida u ham men to‘g‘rimda xayol suryapti.
— Aynibsan, uka. Yoshing nechada?
— O’n sakkizda.
— Chindan ham go‘dak ekansan.
— Nega unday deysiz? — izzat-nafsi og‘ringan Kamol Samadni jerkib tashladi.
— Hali sirkang suv ko‘tarmay qoldimi. Otangga aytsam-ku, mulla kilib qo‘yadi.
— Aytsangiz aytavering, qo‘rqmayman, — dedi Kamol.

Azim esa ikkalasining gurungini boshidan oxirigacha tinglab yotardi. O’g‘lining toqqa chiqishidan otasining ko‘ngliga qarab ish qilishidan o‘zga ham sabablari borligini endi anglagan bo‘lsa-da, lekin bu sabablardan ranjimadi. Aksincha u o‘g‘liga nisbatan ilgarilari juda shafqatsiz bo‘lganini his etdi. Kamol bugun uning ko‘z o‘ngida balog‘atga yetgan, oriyati kuchli, ajoyib yigit bo‘lib gavdalandi. Demak, bir zamonlar o‘zini band etgan hayotning katta tashvishlari endi o‘g‘liga ko‘chibdi. Bu hayot tashvishlarining ilk shabadalari shu yovvoyi tog‘ cho‘qqilariga o‘g‘li bilan hamroh bo‘lib kelibdi. Samad bilan suhbatda ilk daf’a yolqinlangan oriyat o‘ti uning ko‘zlarida porlab turibdi. Ana shu oriyatni birinchi bor dadil turib himoya qildi. O’g‘lining dadilligi va jur’ati Azimni quvontirib yubordi.

— Samad, gaplaring muncha sovuq-a? — dedi u o‘rnidan turarkan. — Kamol, o‘g‘lim, gulxanga o‘tin tashla, gurillab yonsin, — Azim vazmin bo‘lishga urinardi. — Sovqotdim…

011
Bolta Yoriev
TURNALAR UCHAVERADI
09

06Badiiy adabiyot o’ziga xos olam, uni ulkan ummon, bahri muhitga qiyos etish mumkin. Okeanning bahaybat kitlari, toliqmas nahanglari bo’lgani kabi, katta-kichik jonivorlari ham hayot kechiradi. Bugun men xotiraga olayotgan yozuvchi Mengziyo Safarov ham adabiyotda o’z o’rnini topgan, o’zining tabiiy talant va iqtidor kuchi, ishchanlik, kurashchanlik, izlanuvchanlik fazilatlari bilan el e’tiboriga tushgan, sevib o’qisa arigulik asarlar yaratgan adiblarimizdan edi.

Men yuqoridagi qiyosni- o’xshatishni behuda keltirmadim. Badiiy adabiyotda mavqe topish oson emas. Yozuvchining mavzusi inson va u insonlar uchun ijod qiladi. Muvaffaqiyat esa o’z-o’zidan yuzaga kelmaydi. Bu yerda tabiiy talant, iqtidor bilan bir qatorda katta bilim, izlanish, chuqur mehnat ham talab etiladi. Jahon adabiyotining klassiklarining ijodiy faoliyati ham shu hodisani yana bir karra isbot etadi. Jumladan, ulug’ san’atkor L.N.Tolstoy «Urush va tinchlik» epopeyasini o’n to’rt marta qo’lda ko’chirgan. Bunday mashaqqatli mehnat jarayonida yozuvchi asar tili ustida ishlashga ham alohida e’tibor bergan, chunki u fikrni yorqin va aniq ifodalash uchun, kishidan katta layoqat talab qilinishini uqtirgan edi.

Eslaringizda bo’lsa, Nizomiy Ganjaviyning asarida mashqning ulkan fazilati haqida yaxshi bir hikoyat bor. Unda aytilishicha, buzoqni tepalikka har kuni ko’tarib chiqishni mashq qilgan yigit, uning novvos, ho’kiz bo’lganida ham bemalol tepalikga ko’tarib chiqib yurgan.

Bu yerda mashqning muvaffaqiyat omili ekanligiga katta baho berilgan. Shu bilan birga, o’sha yigitning tabiatida polvonlik sifati bo’lmaganda, buzoqni tepalikka ko’tarib chiqib- tushish bilan mashg’ul bo’lmas ham edi. Ikkinchidan, har qancha polvon kishi ham mashqsiz ho’kizni tepalikka ko’tarib chiqishi maholdir.Adabiyotda ham shunday.Kishidagi tabiiy talant bilan doimiy mashq, izchil mehnat, o’qish-o’rganish va izlanish uyg’unlashgandagina yuksak samaralar yuzaga keladi. Ulkan ijodkorlarning hammasi o’zlariga nisbatan o’ta talabchan bo’lishgan.

Afsuski, hamma ham bunday o’ziga va o’zgalarga nisbatan printsipial va talabchan bo’lavermaydi. Shuning uchun ham adabiyot maydonida ho’kiz ko’tarib ketayotgan nomdorlar ham, buzoq ko’tarib uzoqni ko’zlagan, kelajagidan umidvor yoshlar ham talayginadir. Shu bilan birga, uloq yoki mushuk ko’tarib, men zo’rman deb ko’cha changitib yurganlar ham uchraydi.

Mengziyo Safarov ijod maydonida bizning ho’kiz ko’targan polvonlarimizdan edi.
U 1938 yili Denov tumanidagi Xayrobod qo’rg’onida tug’ildi. Otasi mulla Rahmonqul o’qimishli, ziyoli inson edi. 1937 yili xalq dushmani sifatida surgun qilindi. Kenja farzandi Mengziyo otasi qamalgandan olti oy o’tgach dunyoga keldi.

M.Safarov o’rta maktabni tugatgach, bir yil paxta zavodida ishchi bo’lib ishladi. So’ng Toshkent davlat universitetining tarix fakul`tetiga o’qishga kirdi. Talabalik yillarida fanlarni chuqur o’zlashtirish bilan bir qatorda, jamoat ishlarida faol ishtirok etdi, atoqli aktyor Shukur Burxonov rahbarlik qilgan talabalar teatriga qatnadi, badiiy ijod bilan shug’ullandi. Shukur Xolmirzaev, Abdulla Oripov kabi do’stlari bilan doimiy hamkor va maslahatda bo’ldi.

Universitetni tugatgach, maktabda o’qituvchi, O’zbekiston xalqlari tarixi muzeyida ilmiy xodim, viloyat gazetasi tahririyatida adabiy xodim, tarjimon, bo’lim mudiri, viloyat radioeshittirish qo’mitasida katta muharrir, Payg’ambar oroli quriqxonasi direktorining o’rinbosari, O’zbekiston Yozuvchilar uyushmasi Surxondaryo viloyat bo’limining mas’ul kotibi lavozimlarida ishladi.

Mengziyo Safarov o’z asarlarida tabiat va inson mavzusiga alohida e’tibor berdi, inson ruhiyatini badiiy tadqiq etishga kirishdi. U yaratgan asarlarda tabiat muqaddas va abadiy dargoh, insoniyat uchun umumiy xonadon sifatida tasvir etiladi, uni asrash, e’zozlash tuyg’ulari turli-tuman kechinmalar orqali badiiy talqin etiladi. Inson tabiatning noyob mahsuli, uning bir bo’lagi, ajralmas qismi sifatida qaraladi. Tabiat obidalari kabi, e’zoz-ehtiromga sazovar deb biladi yozuvchi inson zotini.

Mengziyo Safarov ijodida tabiat mavzusi turli yo’nalishlarda qalamga olingandir. Birinchidan, bu mavzu ekologik muhitni saqlash, tabiatni qo’riqlash, uning boyliklaridan oqilona foydalanishni targ’ib etuvchi publitsistik yo’nalish. Shu jihatdan uning «Bobotog'» mavzusidagi essesi va qator publitsistik maqolalari e’tiborga sazovordir. Bu publitsistik asarlarda Mengziyo Safarov yurt kezgan yozuvchi, vatanparvar va fidoyi inson sifatida ko’zga tashlanadi. Bu asarlarni o’qir ekansiz, yozuvchining naqadar sinchkovligi, tabiat haqida naqadar keng bilimga ega ekanligi, kuchli ehtiros sohibi ekanligidan lol qolasiz.

Ikkinchidan, uning badiiy asarlarida tabiat tasviri jo’shqin, otashli bir muhabbat bilan ifodasini topadi. Uning «Turnalar uchadi», «Olis qirlar ortida», «Ayrishox» va boshqa qissalari, qator hikoyalarida bunday jozibali tabiat tasvirlari benihoya ko’pdir.

Uchinchidan, Mengziyo Safarovning bevosita tabiat, jonivorlar obrazini yaratish mahorati kuchlidir. «Qadrdon hidlar», «Ona kaklik», «Bedanalar» kabi hikoyalari bundan dalolat beradi.

To’rtinchidan, tabiat yozuvchi Mengziyo Safarov yaratgan asarlarning to’laqonli obrazlari, qahramonlari tilida o’ziga xos e’zoz-ehtirom topadi. «Kiyiklarning qaytishi» hikoyasida Said aka, «Baxmal» hikoyasida mehribon ona, «Qadrdon hidlar» hikoyasida jonkuyar kampir obrazlari shular jumlasidandir.

Mengziyo Safarov asarlarida ona tabiat, hurriyatsevar inson, tarix va taqdir ajoyib bir tarzda uyg’unlashib ketadi. Yozuvchining butun diqqat- e’tibori tabiat og’ushida insonni hur, erkin ko’rishga, abadiy bu kengliklarda inson mehnati va tafakkuri erishgan yutuqlarni tarannum etishga, haqiqat, faqat haqiqatni kuylashga qaratiladi. Tabiat, jamiyat va inson tafakkuridagi ziddiyatlarni yorqin chizib ko’rsatish, yaxshilik va yomonlik o’rtasidagi bu abadiy kurashda ezgulikning g’olib kelishini tarannum etish ushbu asarlarning asosiy g’oyaviy motivlaridandir.

Mengziyo Safarov yaratgan asarlar kishilarning qalbini hayotsevarlik ishtiyoqi bilan to’ldiradi, vatanparvarlik va insonparvarlik tuyg’ularini o’stiradi, insonlarni o’zaro hamkorlik va birodarlikka undaydi. Yoshlarni ulug’vor orzu-umidlar, musaffo tuyg’ular bilan oshna etadi, yuksak ideallar yo’liga chorlaydi, yurt, tabiat, tarix haqida beqiyos bilimlar bilan qurollantiradi.

Mengziyo Safarov kuchli yozuvchi bo’lish barobarida, chin inson, serzavq do’st, fidokor va mehnatkash grajdanin edi. Uning yaxshi fazilatlari haqida do’stlari qayta-qayta ta’kidlashadi. Uni ko’rgan, suhbatidan bahramand bo’lgan kishi unutilmas taassurotda qolar edi. Shukur Xolmirzaev «Sening qadring o’tdi» maqolasida /»O’zbekston adabiyoti va san’ati», 1995 yil, 6 yanvar` / «Ey Mizi, qaysi adib issiq o’rnini sovutib, olimligiyu redaktsiyada bo’lim mudirligini tashlab, asov Amudaryo o’rtasidagi orolga «qorovul» bo’lib boradi! Undagi bo’rilari, bug’ilari, qadim to’qaylari, pista va patta daraxtlarini himoya qilish uchun… Va qaysi adib u haqda shunday jo’shqin mehr, achinish va bilimdonlik bilan yoza oladi?»-deb yozadi.

Shoir Sayyor «Do’stni eslab» maqolasida /»Surxon tongi», 1995 yil, 19 yanvar`/ «Surxonda kimni ko’rgan bo’lsam, ne rivoyat, afsona, hikoya, haqiqat eshitgan bo’lsam… hamma-hammasini, qancha aka-uka, do’st-birodar orttirgan bo’lsam, barini Mengziyo orqali topganman», deydi.
Bunday dil so’zlarini yana ko’plab keltirish mumkin.

Qisqasi, Mengziyo Safarov o’z ijtimoiy faoliyati, yozuvchilik iqtidori bilan tabiat va insonni ulug’lab o’tdi, ularni sevishga o’rgatdi. Uning asarlari adabiyot ixlosmandlarining qo’lidan tushmay o’qilib kelmoqda va shunday bo’lib qolaveradi. Yurtsevar, insonparvar yozuvchini yurti, vatandoshlari, taraqqiyparvar har bir inson unutmaydi. Biz, do’stlari ham uning xotirasini muqaddas tutamiz. Bu tuyg’u joylarda o’tayotgan xotira kechalarida, yodga olish uchrashuvlarida doimo sezilib turadi. Yaqinda uning farzandlari, yaqinlari, do’stlari homiyligida «Ayrishox» to’plami nashrdan chiqdi. Unda yozuvchining arxivida saqlanayotgan qissa-yu hikoyalardan namunalar jamlangan.

Ona yer hididan iftixor tuygan turnalar parvozi esa tugamaydi…

022

(Tashriflar: umumiy 640, bugungi 1)

Izoh qoldiring