Gulnoz Mo’minova. Dil siniqlari

011    “Шарқ” нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси Бош таҳририяти шоира Гулноз Мўминованинг «Дил синиқлари» китобини нашр этди. Китобга сўзбоши битган Ўзбекистон халқ шоираси Ҳалима Худойбердиева тўпламдаги шеърлар ҳақида фикр юритар экан, шундай ёзади:»Тўртликлар ёзиш яшаб ўтган азиз аждодларимизда ҳам, бизда ҳам, биздан кейин келаётган қалам аҳлида ҳам содир бўлган, бўлаётган ва бўладиган ижодий жараён. Аммо Гулноз ўз тўртликларига ноёб сарлавҳа топибди. “Дил синиқлари”. Ҳақиқатан ҳам бир биллур қадаҳ синса, унинг камёблиги ҳар бир парча синиғида, ҳар бир қиррасида ярқираб акс этиб туради…»

ҚЎРҒОНЛАРНИ ЗАБТ ЭТИШ ЙЎЛИ
05

Кимса эгни гарчи ишқдин чокдир,
Покдир у, ҳирсу айбдин покдир.

Жалолиддин Румий

Шоирлик — шоирликми ё жонфидолик, жоннисорликми?

Гулноз Мўминованинг тайёрланаётган янги китобини кўздан кечирарканман, бошимни шундай хаёллар чулғаб олаяпти.
Шоирда жоннисорлик бўлмаса китобдаги “ Мангуберди ноласи”дай нолалар дарё сувларидай тоза, равон оқиб келармиди?

Қирғоқда отасию, кўкда юлдузи гирён,
Бир тўлқинда бешиги, бирида ўзи гирён,
Ҳам беғубор лафзида ўша илк сўзи гирён
“Ота” дея ўғлоним, норим оқиб борадир.

Ёки “ Қурбонжон додхоҳ монологи” даги Қурбонжон додхоҳнинг дор остида турган ўғлига қарата айтган оҳу-зорлари, жонни ларзага солувчи даъватларини эшитинг:

Кўзим дор оғочига
Тикканча келмоқдаман.
Кўз ёшимни юракка
Тўкканча келмоқдаман.

* * *
Берган сутим оқ бўлсин
Кўзим дорда, ўғлоним.
Дунёнинг қирқ дорида
Хирқирайди қирқ жоним.

Энди руҳинг кезадир
Ўйнаб ўсган боғингни.
Ўғлим, ҳатто жаллод ҳам
Эшитмагай “ оҳ”ингни.

Отанг шаҳиддир, болам,
Аканг шаҳиддир, болам.
Шаҳидлик бизга мерос
Кўзингдан кетсин алам.

Ўртамизда олис йўл,
Нажоткор ёлғиз Худо!
Сен онангдан рози бўл,
Шаҳид болам, алвидо!

Гулноз кўнгилни тўлқинлантириб юборадиган най нолаларидай муҳаббат шеърлари, ишқ изҳорлари билан адабиётга кириб келган эди. Бу мулоқот жараёнида шунга ишончим комил бўлди-ки, энди бошқа мавзуларда ҳам эркин фикрлашга ўтгандай. У “ Навоий ҳайкали пойида” шеърида баъзи норасоликларимиздан биз учун ҳам уялади.

Ишқнинг ул азалий қоидалари
Аллақачон қайта тузилиб бўлган.
Севги билан ҳаё ўртасидаги
Искандар девори бузилиб бўлган.

* * *
Ёрқин туслардадир либослар гарчи
Юраклар қашшоғ- у, туйғулар ғариб.
Шунинг учун ҳатто ҳайкалингизга
Қаролмаймиз бошни баланд кўтариб.

Мен “ Гулноз адабиётга муҳаббат замзамалари билан кириб келган эди” дедим. Бугун унинг бу борадаги ижоди янаям тиниқлик, равонлик, жарангдорлик касб этаётгандай. Кўнгил торлари янада ингичка тортиб, таранглашгандай.

Кўзингизнинг гулханларидан
Билдим менга ичикканини.
Бир кун йиғлаб англарман яна
Кўнглингизга кечикканимни.
Сиз жим қолинг, мен сокин кетай.

Тўртликлар ёзиш яшаб ўтган азиз аждодларимизда ҳам, бизда ҳам, биздан кейин келаётган қалам аҳлида ҳам содир бўлган, бўлаётган ва бўладиган ижодий жараён. Аммо Гулноз ўз тўртликларига ноёб сарлавҳа топибди. “Дил синиқлари”. Ҳақиқатан ҳам бир биллур қадаҳ синса, унинг камёблиги ҳар бир парча синиғида, ҳар бир қиррасида ярқираб акс этиб туради.

Ҳақиқатан ҳам ҳар бир асаримиз, шеъримиз ё тўртлигимиз дилимизнинг бир парчаси эмасми? “Дил синиқлари” айниқса тўртликларга мос келаркан.

Ишқ сирри тугади — фошларга етди,
Ғаминг кўздан ўтди — қошларга етди.
Кўнглимни кўрсатсам, тўзғийди тоғлар,
Ҳажринг изтироби тошларга етди.

* * *
Мудом юксакдасан, мудом пастдаман,
Дарду ғамларингга камарбастаман.
Ошиқлик қисматин мезонига боқ:
Сан гулу япроқда, хору хасда ман.

* * *

Кулиб ўтолмадим— ғамдан уялдим,
Куйдим делмадим— шамдан уялдим.
Гарчи дардманд эдим, фарёд этмадим,
Сен-ла хушбахт ўтган дамдан уялдим.

Шу тўртликни қайта-қайта ўқидим. Кўнгил ҳам, фикр ҳам шу қадар самимий бўладими?

“Куйдим деёлмадим — шамдан уялдим.”

— Гулноз, — дегим келади унга, кўклам ниҳолидай хипчагина, чиройли, ўйчан кўзли қизалоққа, жаннат чечакларидай тўрт фарзанднинг суюмли онасига, кўнглингни, шу кўклам жилғаларидай тоза туйғулар макон кўнглингни шу бокира, пок ҳолида асрагин!

Дунё яралибдики Муҳаббат бор. Муҳаббат яшар экан висолнинг хуш дамлари-ю , ҳижрон изтироблари, аламлари инсонларга ҳамроҳ. Қизиқ, Муҳаббат ўзининг фиғонлари, қайғулари билан ҳам гўзалми, у, яъни ошиғи ё маъшуқаси йўлида сўнгги чора, ўлимга-да тайёрлиги билан қудратлими?

Бу ҳақда сўз кетганда шоҳ шоиримиз, йўлбарс шоиримиз Бобур мирзо ҳазратларини эсламай ўтиб бўлмайди. Ҳижроннинг бор азоблари, дардлари тасвирини бул қадар қисқа, бул қадар мукаммал, яъни бор- йўғи икки сатрга жойланганини мен бошқа миллат адабиётида учратмадим.

Хазон япроғи янглиғ гул юзинг ҳажрида сарғардим,
Кўруб раҳм айлагил, эй лоларуҳ, бу чеҳрайи зардим.

Балки шу сабаб маъюс булоқ, жаннатмакон Саида Зуннонова ҳам “Васлингни уммедида дунёдан ўтиб боргум” деб нола чеккандирлар.

Ҳижронномаларни кўчираётганда азал хаттотларининг қўллари бежиз қалтирамаган, юраклари бежиз титрамаган.

Ҳижрон найларининг нолалари аждодларимиздан бизга, биздан эса биздан кейингиларга, кейингилардан-да кейин келаётганларга ўтиб бораверади.

Гулноз мана шу муқаддас мерос хирқасини ўзига яраштириб кийган. У мана шу меросхўрлик хизматини ўрнига қўйиб, жуда чиройли адо этаяпти. Қуйидаги унинг “ Айрилиқ” ғазали шундан далолат беради. Бу ғазални мукаммаллик даражасига кўтарилган асар деб ўйладим. Унинг садоларига жоним билан қулоқ тутдим.

Эй дил, ғам ризқини ол— ғаниматдир айрилиқ,
Ки маҳзун тийнатингга фазилатдир айрилиқ.

Нечук ғалат ошиқсан, мудом васл тиларсан
Хаста руҳимга даво— азиятдир айрилиқ.

Билсанг умр дайрина висоллар йўл сололмас,
То кўнгил ҳарби учун Панипатдир айрилиқ.

Гоҳи бетоқат бўлсам, юракдан садо етгай:
“ Заруратдир айрилиқ, заруратдир айрилиқ!”

Куйдим, деб даъво қилсанг, чин ошиқ эмасдирсан
То сен учун заҳмату риёзатдир айрилиқ.

Бу маккор дунёсининг бор ҳикмати саробдир,
Мен англадим— энг азим ҳақиқатдир айрилиқ.

Фалак кулса бошингда, хитоб айтгил-ки Гулноз:
“Ишқ эътиқоддир манга, тариқатдир айрилиқ!”

Дарвоқе, бу ўтар-кетар умргузаронлигимиздаги айрилиқ, ҳижрон кунлари ҳам бизга тақдирнинг инояти, совғаси. Айрилиқ кунлари ҳам ғанимат.

Гулноз, қизалоғим, Румий ҳазратларининг тили билан айтганда “ишқдин чок эгнинг”, ишқдан чок, аммо покдин пок юрагингга Аллоҳдан қувват, қудрат тилайман. Чунки биз дунёдаги ҳар қандай юракларни, ҳар қандай қўрғонларни забт этганда, фақат ишқ билан, кучли, ўтли меҳру муҳаббат билан забт этамиз. Забт этиш, эгаллашнинг бошқа ҳалол йўли йўқ.

Сени яхши кўраман.

Эҳтиром билан Ўзбекистон халқ шоири
Ҳалима ХУДОЙБЕРДИЕВА

Гулноз МЎМИНОВА
«ДИЛ СИНИҚЛАРИ» КИТОБИДАН
012

ИШҚНОМАЛАР

1.
Руҳимда ҳам ишқдир, вужудимда — ишқ,
Осийлигимда, ҳам сужудимда — ишқ.
Ёр, манга қисматдан омонлиғ тила,
Ки манинг барбоду мавжудимда — ишқ.

2.
Ёраб, гулларимиз туроб ичинда,
Ҳама ободимиз хароб ичинда.
Бир дардкаш қидириб майга юзлансак,
Суратинг аксланар шароб ичинда.

3.
Гарчи шамолларда шитобимиз бор,
Бизнинг ҳам қисматга жавобимиз бор.
Чин ошиқлар каби сукутдадирмиз —
Гарчанд чақмоқларда хитобимиз бор.

4.
Эй дил, гул фаслида нолонлиғ нечун,
Қисмат саҳнасида ҳайронлиғ нечун?
Ошиқлик адоғи ҳалокат бўлса —
Омонлиғ нечундир, омонлиғ нечун?

5.
Ишқ сирри тугади — фошларга етди,
Ғаминг кўздан ўтди — қошларга етди.
Кўнглимни кўрсатсам, тўзғийди тоғлар —
Ҳажринг изтироби тошларга етди.

6.
Биз гулдирмиз, гулобимиз — ишқ,
Ўлсак, хоки туробимиз — ишқ.
Воҳ, бу кўҳна дунё қасрида
Ободимиз, харобимиз — ишқ!

7.
Мудом юксакдасан, мудом пастдаман,
Дарду ғамларингга камарбастаман.
Ошиқлик қисматин мезонига боқ:
Сан — гулу япроқда, хору хасда — ман.

8.
Сен бир чексиз уммондирсан — мавжинг менинг кўнглимдадир,
Энг дардли куйсан оламда — авжинг менинг кўнглимдадир.
Ёра, исминг ҳайбатидан жон-жонимга кирар титроқ,
Ишқ ояти Ўзингдирсан — шарҳинг менинг кўнглимдадир.

9.
Ишқ биза ҳам бахт, ҳам балолиғ бўлди,
Қисматда қошингдай қаролиғ бўлди.
Биз Лайли Мажнунга ҳавасмандмасдик,
Вале, тақдиримиз айролиғ бўлди.

10.
Бу йўлда гоҳ ҳуд, гоҳ беҳудлиғ бордир,
Гоҳ омон, гоҳида нобудлиғ бордир.
Агар сабр этсанг, умр шомида
Ажал шаробидан хушнудлиғ бордир.

11.
Манга ибтидо керак, эй Ёр, охир талабсан,
Бир дам ғамза истадинг — Санам соҳир талабсан!
Ҳасратим ичга ютсам, мандин ўгирдинг юзни,
Ҳамон зоҳир талабсан, мудом зоҳир талабсан.

12.
Манам бир жилғадирман — ибтидом Ўзингдурсан,
Бориб етажак жойим — интиҳом Ўзингдурсан.
Ки ман-да кўнгли билан курашгувчи ғозийман —
Интиқом Ўзингдурсан, интиқом Ўзингдурсан!

13.
Сенга сўз йўқ — маю жом Сен биландур,
Дил дарсида имтиҳон Сен биландур.
Бу фанода халойиқ Сен-ла яккаш
Ҳам Машҳарда издиҳом Сен биландур.

14.
Боқ, юрагим талаб кетилган гўё —
Сенинг изтиробинг — ишқим йўқ маним.
Кўз ёшимни ичиб тугатди дунё —
Йиғлаб борай десам, ашким йўқ маним.

15.
Эй шаъм, “ёритгувчим, кўзим, исматим”,
Десам, кибру ҳаво пайдо қилурсан.
Ахир парвоналиғ манинг қисматим,
Сен нега ”куйдим” деб ғавғо қилурсан?!

16.
Кавсар сувини кўз ёшимдан олдинг,
Гоҳ толеъ рангини қошимдан олдинг.
Тандан бунча айро туюлар жоним,
Қачон ишқ савдосин бошимдан олдинг?!

17.
Кулиб ўтолмадим — ғамдан уялдим,
Куйдим деёлмадим — шамдан уялдим.
Гарчи дардманд эдим, фарёд этмадим,
Сен-ла хушбахт ўтган дамдан уялдим.

18.
Ишқ шеваси турли, имло биттадир,
Ғам шомлари аро ялдо биттадир.
Магар Ҳақ талабсан, дунёни кузат:
Мажнун минг ирқда-ю, Лайло биттадир.

19.
Бу мунглиғ дил букун Ёра етишгай,
Гунг бир забон қадар зора етишгай.
“Қандоқ етишди” деб сўрмагил, англа:
Вужуд қафасини ёра етишгай.

20.
Теграмда айланар жаҳон суврати,
Дил тубинда Ёрнинг ниҳон суврати.
Маҳшар куни қандоқ бош кўтаргайман,
Бош устимда турса Жонон суврати?!

21.
Осийлигим тараҳҳумингга боис,
Ожизлигим табассумингга боис.
Эй Худойим, наҳот манинг ҳайратим,
Ҳар заррада тажассумингга боис?

22.
Дедим: ишқ сирридан мудом ҳайронман:
Севгинг кўзада-ю, аксинг майдадур.
Деди: сир мангудир, ахир посбон — Ман,
Англа, дард- қамишда, фиғон- найдадур.

23.
Ошиқ айтар: “Найнинг навосидир ишқ”,
Гоҳ ғам водийсининг ҳавосидир ишқ.
Аввалда бу дарднинг боиси Ўзи,
Ҳам охирда унинг давосидир ишқ.

ХАЛҚ

Гарчи ёлғончи деб ёзғирадилар,
Шоир ҳам шеърида ҳақ бўлар экан:
Гоҳи бутун халқдан бир одам чиқмай,
Гоҳ битта одам ҳам халқ бўлар экан.

Эслаганда Широқ ҳикоясини
Бу қисматдан этинг жунжикар ёмон.
У бўлмаса халққа айланармиди
Саҳро кезиб юрган ўша оломон?

Чингиз қаҳ- қаҳ отар, кўриб Хоразм
Элининг дарёда оқиб кетганин.
Қайдан билсин, Жалолиддин бу халқни
От билан дарёдан олиб ўтганин.

Тақдир кўп синамиш Амир Темурни,
Ахир имтиҳондир асли бандалик.
Ором билмас эди саркарда қалби:
“ Халқни халқ қиларми парокандалик?”

Ахир токайгача она Ватанни
Душманлар талайди, қилади ғорат.
Унинг наърасидан кетди уйғониб
Миллат қалбидаги қадим жасорат.

Кўп катта синовдир йўлдошчилик ҳам,
У халққа интилди, халқ у томонга.
Муаззам риштадан яралган шу ҳис
Уни айлантирди Соҳибқиронга!

То ўша жасорат қонимизда жо,
Шоир ҳақни ёзсин, турсин хақ бўлиб.
Бу миллат то рўзи қиёмат қадар
Халқ бўлиб яшасин, қолсин халқ бўлиб.

НАВОИЙ ҲАЙКАЛИ ПОЙИДА

Сочлари ҳурпайган йигитни Мажнун
Десалар, юзимда ловуллар уят:
Гоҳо шакл ғолиб келиб қолганда
Чеккага чиқармиш шўрлик моҳият.

Ғозалар керакмас кўнгил қонидан,
Ул ошиқ дилларни бўлдик ўлдириб:
Лаблари, ёноғи алвон тусдаги
Лайлолар юришар кўча тўлдириб.

Ишқнинг ул азалий қоидалари
Аллақачон қайта тузилиб бўлган.
Севги билан ҳаё ўртасидаги
Искандар девори бузилиб бўлган.

Кўҳна табиатнинг кўксидан ҳамон
Олинмай турибди Баҳром отган ўқ.
Энди муҳаббатдан йиғлаган инсон,
Инсонни йиғлатар муҳаббат ҳам йўқ.

Шаксиз, башоратдир айтганларингиз,
Бизнинг замонларни қайдан биларсиз?
Балки қайтиб келиб, қуш тилин эмас,
Инсонлар лисонин достон қиларсиз…

Энди ишқ жавҳари тошдек беқадр,
Ҳақиқат равшандир мисоли кундай:
Бугун Фарҳод тоғни йўниб турса ҳам,
Сув эмас, маъданлар қидирар ундан.

Беш юзу етмиш йил ўтмиш орадан,
Неча бор эврилиб, тикланмиш мезон.
Сизни ранжитади, аммо айтиш шарт:
Бугун дўст бўлолмас шоир ва султон.

Барини бирма- бир айтсам, нуроний
Бошингиз оғритар маним ҳасратим.
Меҳр сўраганлар жуда кўп, бироқ
Меҳр ноёб бўлиб қолди, Ҳазратим.

Ёрқин туслардадир либослар гарчи,
Юраклар қашшоғу, туйғулар — ғариб.
Шунинг учун ҳатто ҳайкалингизга
Қаролмаймиз бошни баланд кўтариб.

МЕҲР

Ҳайронман
Шунчалар
Нозик бўлсанг ҳам,
Юракни турасан
Тўлдириб.
Жуда ҳам нафиссан,
Қўлимга олсам,
Қўрқаман қўйишдан
Ўлдириб.

Қўйгил, инжилмагин,
Ранжитма мени,
Лаҳза ўтмай яна
Фикримдан қайтмай.
Сени ўзинг билган
Ўша одамга
Бериб юбораман
Ҳеч кимга айтмай.

ОЛОМОН

Муҳаммад чорласа “қошимга кел” деб,
Бутун оломонни лол этиб, бирдан
Дарахт қаршисига юриб борганмиш
Ҳамма илдизларин суғуриб ердан.

Мўъжиза сўрамиш яна оломон—
Асли ер гуноҳга макон бўлган жой.
Расул амр этса, узоқ куттирмай
Иккига ажралиб кетган эмиш ой.

Шубҳада қолармиш ғаним барибир
Ва бошлаб келармиш гувоҳларини.
Тилга кирган жасад сўзлаб берармиш
Тирик чоғидаги гуноҳларини…

Асрлар ўтади, бошқа пайғамбар
Энди туғилмагай— ҳақиқат аён.
Буни англаса-да, аммо барибир
Мўъжиза кутади ғофил оломон.

* * *
Юрагингга ишонма мени,
Шафқатлидир юрагинг мудом.
Ташлаб кетмоқ истасам сени
Мени қўйиб юборар осон.

Нафратингга ишонма мени,
Макрдандир маним бунёдим.
Уни ишққа айлантирмоққа
Кифоядир битта фарёдим.

Ҳаётингга ишонма мени,
Мени унга ишонма сира.
Тўзғиб кетар қуриган гулдай
Мендан қолган ҳамма хотира.

Кўзларингга ишонгин фақат,
Нигоҳингга дуч келсам бирдан,
Кишанига кўниккан қулдай
Оёқларим узилмас ердан…
Кўзларингга ишонгин мени…

ЎХШАШ УМРЛАР

Мен дарахтга айландим бу кеч,
Қўлларимда бўртди куртаклар.
Шамол менга шивирлар бўлди
Гулламоқ ҳақинда эртаклар.

Ахир дарахт бўлмас муаллақ,
Кўниколмай турсам бу сирга.
Томирларим илдиз сингари
Мени боғлаб қўйишди ерга.

Босинқираб чиқдим, тушимга
Кириб инсон бўлган чоғларим.
Шамолларнинг бўйнига узоқ
Осилиб йиғлади шохларим.

Ғувиллади қулоқларимда
Бўронлардан мерос қўшиқлар.
Вужудимга исмини ўйиб
Ёзиб кетди ошиқ- маъшуқлар.

Яшайвердим хотирда яна
Инсон бўлган чоғларим билан.
Ўтаётган анов одамни
Уролсайдим шохларим билан!

Дарахт бўлиш ёмон қийнади,
Довулларга солиб сиртмоғим,
Кетар чоғим… барг ёзар бўлди
Юрак деган сўнгги япроғим.

Гоҳ истайсан дарахт бўлишни—
Ҳали мавҳум жуда кўп сирлар.
Инсон билан дарахтни нега
Қиёслашар телба шоирлар?!

Шоир айбдорми, дарахтнинг
Тебраниши ўхшаса шахдга?
Ҳасрат эзган одам ўхшаса
Яшин урган абгор дарахтга?

Ҳақиқатнинг залвори ортар
Такрор- такрор сўйланар экан:
Ул йўлларда толса, буниси
Муқимликдан қийналар экан.

088   “Sharq” nashriyot-matbaa aktsiyadorlik kompaniyasi Bosh tahririyati shoira Gulnoz Mo’minovaning «Dil siniqlari» kitobini nashr etdi. Kitobga so’zboshi yozgan O’zbekiston xalq shoirasi Halima Xudoyberdieva  to’plamdagi she’rlar haqida fikr yuritar ekan, shunday yozadi:»To’rtliklar yozish yashab o’tgan aziz ajdodlarimizda ham, bizda ham, bizdan keyin kelayotgan qalam ahlida ham sodir bo’lgan, bo’layotgan va bo’ladigan ijodiy jarayon. Ammo Gulnoz o’z to’rtliklariga noyob sarlavha topibdi. “Dil siniqlari”. Haqiqatan ham bir billur qadah sinsa, uning kamyobligi har bir parcha sinig’ida, har bir qirrasida yarqirab aks etib turadi…»

QO’RG’ONLARNI ZABT ETISH YO’LI
05

Kimsa egni garchi ishqdin chokdir,
Pokdir u, hirsu aybdin pokdir.

Jaloliddin Rumiy

Shoirlik — shoirlikmi yo jonfidolik, jonnisorlikmi?

Gulnoz Mo’minovaning tayyorlanayotgan yangi kitobini ko’zdan kechirarkanman, boshimni shunday xayollar chulg’ab olayapti.  Shoirda jonnisorlik bo’lmasa kitobdagi “ Manguberdi nolasi”day nolalar daryo suvlariday toza, ravon oqib kelarmidi?

Qirg’oqda otasiyu, ko’kda yulduzi giryon,
Bir to’lqinda beshigi, birida o’zi giryon,
Ham beg’ubor lafzida o’sha ilk so’zi giryon
“Ota” deya o’g’lonim, norim oqib boradir.

Yoki “ Qurbonjon dodxoh monologi” dagi Qurbonjon dodxohning dor ostida turgan o’g’liga qarata aytgan ohu-zorlari, jonni larzaga soluvchi da’vatlarini eshiting:

Ko’zim dor og’ochiga
Tikkancha kelmoqdaman.
Ko’z yoshimni yurakka
To’kkancha kelmoqdaman.

* * *
Bergan sutim oq bo’lsin
Ko’zim dorda, o’g’lonim.
Dunyoning qirq dorida
Xirqiraydi qirq jonim.
Endi ruhing kezadir
O’ynab o’sgan bog’ingni.
O’g’lim, hatto jallod ham
Eshitmagay “ oh”ingni.
Otang shahiddir, bolam,
Akang shahiddir, bolam.
Shahidlik bizga meros
Ko’zingdan ketsin alam.
O’rtamizda olis yo’l,
Najotkor yolg’iz Xudo!
Sen onangdan rozi bo’l,
Shahid bolam, alvido!

Gulnoz ko’ngilni to’lqinlantirib yuboradigan nay nolalariday muhabbat she’rlari, ishq izhorlari bilan adabiyotga kirib kelgan edi. Bu muloqot jarayonida shunga ishonchim komil bo’ldi-ki, endi boshqa mavzularda ham erkin fikrlashga o’tganday. U “ Navoiy haykali poyida” she’rida ba’zi norasoliklarimizdan biz uchun ham uyaladi.

Ishqning ul azaliy qoidalari
Allaqachon qayta tuzilib bo’lgan.
Sevgi bilan hayo o’rtasidagi
Iskandar devori buzilib bo’lgan.

* * *
Yorqin tuslardadir liboslar garchi
Yuraklar qashshog’- u, tuyg’ular g’arib.
Shuning uchun hatto haykalingizga
Qarolmaymiz boshni baland ko’tarib.

Men “ Gulnoz adabiyotga muhabbat zamzamalari bilan kirib kelgan edi” dedim. Bugun uning bu boradagi ijodi yanayam tiniqlik, ravonlik, jarangdorlik kasb etayotganday. Ko’ngil torlari yanada ingichka tortib, taranglashganday.

Ko’zingizning gulxanlaridan
Bildim menga ichikkanini.
Bir kun yig’lab anglarman yana
Ko’nglingizga kechikkanimni.
Siz jim qoling, men sokin ketay.

To’rtliklar yozish yashab o’tgan aziz ajdodlarimizda ham, bizda ham, bizdan keyin kelayotgan qalam ahlida ham sodir bo’lgan, bo’layotgan va bo’ladigan ijodiy jarayon. Ammo Gulnoz o’z to’rtliklariga noyob sarlavha topibdi. “Dil siniqlari”. Haqiqatan ham bir billur qadah sinsa, uning kamyobligi har bir parcha sinig’ida, har bir qirrasida yarqirab aks etib turadi.

Haqiqatan ham har bir asarimiz, she’rimiz yo to’rtligimiz dilimizning bir parchasi emasmi? “Dil siniqlari” ayniqsa to’rtliklarga mos kelarkan.

Ishq sirri tugadi — foshlarga yetdi,
G’aming ko’zdan o’tdi — qoshlarga yetdi.
Ko’nglimni ko’rsatsam, to’zg’iydi tog’lar,
Hajring iztirobi toshlarga yetdi.

* * *
Mudom yuksakdasan, mudom pastdaman,
Dardu g’amlaringga kamarbastaman.
Oshiqlik qismatin mezoniga boq:
San gulu yaproqda, xoru xasda man.

* * *
Kulib o’tolmadim— g’amdan uyaldim,
Kuydim delmadim— shamdan uyaldim.
Garchi dardmand edim, faryod etmadim,
Sen-la xushbaxt o’tgan damdan uyaldim.

Shu to’rtlikni qayta-qayta o’qidim. Ko’ngil ham, fikr ham shu qadar samimiy bo’ladimi?

“Kuydim deyolmadim — shamdan uyaldim.”

— Gulnoz, — degim keladi unga, ko’klam niholiday xipchagina, chiroyli, o’ychan ko’zli qizaloqqa, jannat chechaklariday to’rt farzandning suyumli onasiga, ko’nglingni, shu ko’klam jilg’alariday toza tuyg’ular makon ko’nglingni shu bokira, pok holida asragin!

Dunyo yaralibdiki Muhabbat bor. Muhabbat yashar ekan visolning xush damlari-yu , hijron iztiroblari, alamlari insonlarga hamroh. Qiziq, Muhabbat o’zining fig’onlari, qayg’ulari bilan ham go’zalmi, u, ya’ni oshig’i yo ma’shuqasi yo’lida so’nggi chora, o’limga-da tayyorligi bilan qudratlimi?

Bu haqda so’z ketganda shoh shoirimiz, yo’lbars shoirimiz Bobur mirzo hazratlarini eslamay o’tib bo’lmaydi. Hijronning bor azoblari, dardlari tasvirini bul qadar qisqa, bul qadar mukammal, ya’ni bor- yo’g’i ikki satrga joylanganini men boshqa millat adabiyotida uchratmadim.

Xazon yaprog’i yanglig’ gul yuzing hajrida sarg’ardim,
Ko’rub rahm aylagil, ey lolaruh, bu chehrayi zardim.

Balki shu sabab ma’yus buloq, jannatmakon Saida Zunnonova ham “Vaslingni ummedida dunyodan o’tib borgum” deb nola chekkandirlar.

Hijronnomalarni ko’chirayotganda azal xattotlarining qo’llari bejiz qaltiramagan, yuraklari bejiz titramagan.

Hijron naylarining nolalari ajdodlarimizdan bizga, bizdan esa bizdan keyingilarga, keyingilardan-da keyin kelayotganlarga o’tib boraveradi.

Gulnoz mana shu muqaddas meros xirqasini o’ziga yarashtirib kiygan. U mana shu merosxo’rlik xizmatini o’rniga qo’yib, juda chiroyli ado etayapti. Quyidagi uning “ Ayriliq” g’azali shundan dalolat beradi. Bu g’azalni mukammallik darajasiga ko’tarilgan asar deb o’yladim. Uning sadolariga jonim bilan quloq tutdim.

Ey dil, g’am rizqini ol— g’animatdir ayriliq,
Ki mahzun tiynatingga fazilatdir ayriliq.

Nechuk g’alat oshiqsan, mudom vasl tilarsan
Xasta ruhimga davo— aziyatdir ayriliq.

Bilsang umr dayrina visollar yo’l sololmas,
To ko’ngil harbi uchun Panipatdir ayriliq.

Gohi betoqat bo’lsam, yurakdan sado yetgay:
“ Zaruratdir ayriliq, zaruratdir ayriliq!”

Kuydim, deb da’vo qilsang, chin oshiq emasdirsan
To sen uchun zahmatu riyozatdir ayriliq.

Bu makkor dunyosining bor hikmati sarobdir,
Men angladim— eng azim haqiqatdir ayriliq.

Falak kulsa boshingda, xitob aytgil-ki Gulnoz:
“Ishq e’tiqoddir manga, tariqatdir ayriliq!”

Darvoqe, bu o’tar-ketar umrguzaronligimizdagi ayriliq, hijron kunlari ham bizga taqdirning inoyati, sovg’asi. Ayriliq kunlari ham g’animat.

Gulnoz, qizalog’im, Rumiy hazratlarining tili bilan aytganda “ishqdin chok egning”, ishqdan chok, ammo pokdin pok yuragingga Allohdan quvvat, qudrat tilayman. Chunki biz dunyodagi har qanday yuraklarni, har qanday qo’rg’onlarni zabt etganda, faqat ishq bilan, kuchli, o’tli mehru muhabbat bilan zabt etamiz. Zabt etish, egallashning boshqa halol yo’li yo’q.

Seni yaxshi ko’raman.

Ehtirom bilan O’zbekiston xalq shoiri
Halima XUDOYBERDIEVA

Gulnoz MO’MINOVA
«DIL SINIQLARI» KITOBIDAN
012

ISHQNOMALAR

1.
Ruhimda ham ishqdir, vujudimda — ishq,
Osiyligimda, ham sujudimda — ishq.
Yor, manga qismatdan omonlig’ tila,
Ki maning barbodu mavjudimda — ishq.

2.
Yorab, gullarimiz turob ichinda,
Hama obodimiz xarob ichinda.
Bir dardkash qidirib mayga yuzlansak,
Surating akslanar sharob ichinda.

3.
Garchi shamollarda shitobimiz bor,
Bizning ham qismatga javobimiz bor.
Chin oshiqlar kabi sukutdadirmiz —
Garchand chaqmoqlarda xitobimiz bor.

4.
Ey dil, gul faslida nolonlig’ nechun,
Qismat sahnasida hayronlig’ nechun?
Oshiqlik adog’i halokat bo’lsa —
Omonlig’ nechundir, omonlig’ nechun?

5.
Ishq sirri tugadi — foshlarga yetdi,
G’aming ko’zdan o’tdi — qoshlarga yetdi.
Ko’nglimni ko’rsatsam, to’zg’iydi tog’lar —
Hajring iztirobi toshlarga yetdi.

6.
Biz guldirmiz, gulobimiz — ishq,
O’lsak, xoki turobimiz — ishq.
Voh, bu ko’hna dunyo qasrida
Obodimiz, xarobimiz — ishq!

7.
Mudom yuksakdasan, mudom pastdaman,
Dardu g’amlaringga kamarbastaman.
Oshiqlik qismatin mezoniga boq:
San — gulu yaproqda, xoru xasda — man.

8.
Sen bir cheksiz ummondirsan — mavjing mening ko’nglimdadir,
Eng dardli kuysan olamda — avjing mening ko’nglimdadir.
Yora, isming haybatidan jon-jonimga kirar titroq,
Ishq oyati O’zingdirsan — sharhing mening ko’nglimdadir.

9.
Ishq biza ham baxt, ham balolig’ bo’ldi,
Qismatda qoshingday qarolig’ bo’ldi.
Biz Layli Majnunga havasmandmasdik,
Vale, taqdirimiz ayrolig’ bo’ldi.

10.
Bu yo’lda goh hud, goh behudlig’ bordir,
Goh omon, gohida nobudlig’ bordir.
Agar sabr etsang, umr shomida
Ajal sharobidan xushnudlig’ bordir.

11.
Manga ibtido kerak, ey Yor, oxir talabsan,
Bir dam g’amza istading — Sanam sohir talabsan!
Hasratim ichga yutsam, mandin o’girding yuzni,
Hamon zohir talabsan, mudom zohir talabsan.

12.
Manam bir jilg’adirman — ibtidom O’zingdursan,
Borib yetajak joyim — intihom O’zingdursan.
Ki man-da ko’ngli bilan kurashguvchi g’oziyman —
Intiqom O’zingdursan, intiqom O’zingdursan!

13.
Senga so’z yo’q — mayu jom Sen bilandur,
Dil darsida imtihon Sen bilandur.
Bu fanoda xaloyiq Sen-la yakkash
Ham Mashharda izdihom Sen bilandur.

14.
Boq, yuragim talab ketilgan go’yo —
Sening iztirobing — ishqim yo’q manim.
Ko’z yoshimni ichib tugatdi dunyo —
Yig’lab boray desam, ashkim yo’q manim.

15.
Ey sha’m, “yoritguvchim, ko’zim, ismatim”,
Desam, kibru havo paydo qilursan.
Axir parvonalig’ maning qismatim,
Sen nega ”kuydim” deb g’avg’o qilursan?!

16.
Kavsar suvini ko’z yoshimdan olding,
Goh tole’ rangini qoshimdan olding.
Tandan buncha ayro tuyular jonim,
Qachon ishq savdosin boshimdan olding?!

17.
Kulib o’tolmadim — g’amdan uyaldim,
Kuydim deyolmadim — shamdan uyaldim.
Garchi dardmand edim, faryod etmadim,
Sen-la xushbaxt o’tgan damdan uyaldim.

18.
Ishq shevasi turli, imlo bittadir,
G’am shomlari aro yaldo bittadir.
Magar Haq talabsan, dunyoni kuzat:
Majnun ming irqda-yu, Laylo bittadir.

19.
Bu munglig’ dil bukun Yora yetishgay,
Gung bir zabon qadar zora yetishgay.
“Qandoq yetishdi” deb so’rmagil, angla:
Vujud qafasini yora yetishgay.

20.
Tegramda aylanar jahon suvrati,
Dil tubinda Yorning nihon suvrati.
Mahshar kuni qandoq bosh ko’targayman,
Bosh ustimda tursa Jonon suvrati?!

21.
Osiyligim tarahhumingga bois,
Ojizligim tabassumingga bois.
Ey Xudoyim, nahot maning hayratim,
Har zarrada tajassumingga bois?

22.
Dedim: ishq sirridan mudom hayronman:
Sevging ko’zada-yu, aksing maydadur.
Dedi: sir mangudir, axir posbon — Man,
Angla, dard- qamishda, fig’on- naydadur.

23.
Oshiq aytar: “Nayning navosidir ishq”,
Goh g’am vodiysining havosidir ishq.
Avvalda bu dardning boisi O’zi,
Ham oxirda uning davosidir ishq.

XALQ

Garchi yolg’onchi deb yozg’iradilar,
Shoir ham she’rida haq bo’lar ekan:
Gohi butun xalqdan bir odam chiqmay,
Goh bitta odam ham xalq bo’lar ekan.

Eslaganda Shiroq hikoyasini
Bu qismatdan eting junjikar yomon.
U bo’lmasa xalqqa aylanarmidi
Sahro kezib yurgan o’sha olomon?

Chingiz qah- qah otar, ko’rib Xorazm
Elining daryoda oqib ketganin.
Qaydan bilsin, Jaloliddin bu xalqni
Ot bilan daryodan olib o’tganin.

Taqdir ko’p sinamish Amir Temurni,
Axir imtihondir asli bandalik.
Orom bilmas edi sarkarda qalbi:
“ Xalqni xalq qilarmi parokandalik?”

Axir tokaygacha ona Vatanni
Dushmanlar talaydi, qiladi g’orat.
Uning na’rasidan ketdi uyg’onib
Millat qalbidagi qadim jasorat.

Ko’p katta sinovdir yo’ldoshchilik ham,
U xalqqa intildi, xalq u tomonga.
Muazzam rishtadan yaralgan shu his
Uni aylantirdi Sohibqironga!

To o’sha jasorat qonimizda jo,
Shoir haqni yozsin, tursin xaq bo’lib.
Bu millat to ro’zi qiyomat qadar
Xalq bo’lib yashasin, qolsin xalq bo’lib.

NAVOIY HAYKALI POYIDA

Sochlari hurpaygan yigitni Majnun
Desalar, yuzimda lovullar uyat:
Goho shakl g’olib kelib qolganda
Chekkaga chiqarmish sho’rlik mohiyat.

G’ozalar kerakmas ko’ngil qonidan,
Ul oshiq dillarni bo’ldik o’ldirib:
Lablari, yonog’i alvon tusdagi
Laylolar yurishar ko’cha to’ldirib.

Ishqning ul azaliy qoidalari
Allaqachon qayta tuzilib bo’lgan.
Sevgi bilan hayo o’rtasidagi
Iskandar devori buzilib bo’lgan.

Ko’hna tabiatning ko’ksidan hamon
Olinmay turibdi Bahrom otgan o’q.
Endi muhabbatdan yig’lagan inson,
Insonni yig’latar muhabbat ham yo’q.

Shaksiz, bashoratdir aytganlaringiz,
Bizning zamonlarni qaydan bilarsiz?
Balki qaytib kelib, qush tilin emas,
Insonlar lisonin doston qilarsiz…

Endi ishq javhari toshdek beqadr,
Haqiqat ravshandir misoli kunday:
Bugun Farhod tog’ni yo’nib tursa ham,
Suv emas, ma’danlar qidirar undan.

Besh yuzu yetmish yil o’tmish oradan,
Necha bor evrilib, tiklanmish mezon.
Sizni ranjitadi, ammo aytish shart:
Bugun do’st bo’lolmas shoir va sulton.

Barini birma- bir aytsam, nuroniy
Boshingiz og’ritar manim hasratim.
Mehr so’raganlar juda ko’p, biroq
Mehr noyob bo’lib qoldi, Hazratim.

Yorqin tuslardadir liboslar garchi,
Yuraklar qashshog’u, tuyg’ular — g’arib.
Shuning uchun hatto haykalingizga
Qarolmaymiz boshni baland ko’tarib.

MEHR

Hayronman
Shunchalar
Nozik bo’lsang ham,
Yurakni turasan
To’ldirib.
Juda ham nafissan,
Qo’limga olsam,
Qo’rqaman qo’yishdan
O’ldirib.

Qo’ygil, injilmagin,
Ranjitma meni,
Lahza o’tmay yana
Fikrimdan qaytmay.
Seni o’zing bilgan
O’sha odamga
Berib yuboraman
Hech kimga aytmay.

OLOMON

Muhammad chorlasa “qoshimga kel” deb,
Butun olomonni lol etib, birdan
Daraxt qarshisiga yurib borganmish
Hamma ildizlarin sug’urib yerdan.

Mo»jiza so’ramish yana olomon—
Asli yer gunohga makon bo’lgan joy.
Rasul amr etsa, uzoq kuttirmay
Ikkiga ajralib ketgan emish oy.

Shubhada qolarmish g’anim baribir
Va boshlab kelarmish guvohlarini.
Tilga kirgan jasad so’zlab berarmish
Tirik chog’idagi gunohlarini…

Asrlar o’tadi, boshqa payg’ambar
Endi tug’ilmagay— haqiqat ayon.
Buni anglasa-da, ammo baribir
Mo»jiza kutadi g’ofil olomon.

* * *
Yuragingga ishonma meni,
Shafqatlidir yuraging mudom.
Tashlab ketmoq istasam seni
Meni qo’yib yuborar oson.

Nafratingga ishonma meni,
Makrdandir manim bunyodim.
Uni ishqqa aylantirmoqqa
Kifoyadir bitta faryodim.

Hayotingga ishonma meni,
Meni unga ishonma sira.
To’zg’ib ketar qurigan gulday
Mendan qolgan hamma xotira.

Ko’zlaringga ishongin faqat,
Nigohingga duch kelsam birdan,
Kishaniga ko’nikkan qulday
Oyoqlarim uzilmas yerdan…
Ko’zlaringga ishongin meni…

O’XSHASH UMRLAR

Men daraxtga aylandim bu kech,
Qo’llarimda bo’rtdi kurtaklar.
Shamol menga shivirlar bo’ldi
Gullamoq haqinda ertaklar.

Axir daraxt bo’lmas muallaq,
Ko’nikolmay tursam bu sirga.
Tomirlarim ildiz singari
Meni bog’lab qo’yishdi yerga.

Bosinqirab chiqdim, tushimga
Kirib inson bo’lgan chog’larim.
Shamollarning bo’yniga uzoq
Osilib yig’ladi shoxlarim.

G’uvilladi quloqlarimda
Bo’ronlardan meros qo’shiqlar.
Vujudimga ismini o’yib
Yozib ketdi oshiq- ma’shuqlar.

Yashayverdim xotirda yana
Inson bo’lgan chog’larim bilan.
O’tayotgan anov odamni
Urolsaydim shoxlarim bilan!

Daraxt bo’lish yomon qiynadi,
Dovullarga solib sirtmog’im,
Ketar chog’im… barg yozar bo’ldi
Yurak degan so’nggi yaprog’im.

Goh istaysan daraxt bo’lishni—
Hali mavhum juda ko’p sirlar.
Inson bilan daraxtni nega
Qiyoslashar telba shoirlar?!

Shoir aybdormi, daraxtning
Tebranishi o’xshasa shaxdga?
Hasrat ezgan odam o’xshasa
Yashin urgan abgor daraxtga?

Haqiqatning zalvori ortar
Takror- takror so’ylanar ekan:
Ul yo’llarda tolsa, bunisi
Muqimlikdan qiynalar ekan.

088

(Tashriflar: umumiy 786, bugungi 1)

Izoh qoldiring