Muhammad Salom. Ikki maqola

02   Отахон ёзувчиларимиздан бўлмиш Муҳаммад Саломнинг юртимизда ва жамиятимизда бўлаётган ўзгаришлар ҳақида ёзган икки долзарб мақоласини диққатингизга ҳавола этмоқдамиз.

Муҳаммад САЛОМ
ИККИ МАҚОЛА
033

011Муҳаммад Салом (Саломов) 1938 йилнинг 19 апрелида Бухоро вилоятининг Ғиждувон туманига қарашли Улфатбиби фуқаролар йиғини Чўғолон қишлоғида деҳқон оиласида таваллуд топган. Ўн тўрт ёшидан колхозда ишлаган. Ўрта мактабни тугатгач, икки йил билим масканида болалар етакчиси бўлган. 1963 йилда Самарқанд Давлат университетининг филология қуллиётини имтиёзли диплом билан тамомлагач, “Бухоро ҳақиқати”, “Ёш ленинчи” (“Туркистон”) газетида адабий ходим, катта адабий ходим, Ўзбек Қомусида катта илмий муҳаррир, “Ёш гвардия” нашриётида муҳаррир, катта муҳаррир, бўлим бошлиғи бўлиб ишпаган. 1989 йилдан нафақага чиққанига қадар Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси наср кенгашида адабий маслаҳатчи бўлиб, фаолият кўрсатган.
Муҳаммад Саломнинг матбуотдаги биринчи хабари 1951 йилда Ғиждувон тумани газети ”Колхоз ҳақиқати”да пайдо бўлган. Шундан кейин унинг хабар, мақола, лавҳаю очерклари “Бухоро ҳақиқати”, “Ёш ленинчи”, “Ўзбекистон маданияти”, “Қизил Ўзбекистон” газеталарида, “Ўзбекистон хотин-қизлари” ойномасида тез-тез босилиб турган, Ўзбекистон радиоси эфирларида янграган. 1960 йилда Самарқанд вилоятининг рўзномаси “Ленин йўли”да бўлажак адибнинг “Ҳозирча кечирсанг бас” деган биринчи ҳикояси ўқувчиларга тақдим этилган. 1964 йилда унинг “Кечиролсанг бас”, “Икки ошна” ҳикоялари “Гулдаста” адабий-бадиий алманахида чоп этилган.
Ёзувчининг “Кечирим” (ҳикоялар, 1969), “Юракдаги излар” (қисса ва ҳикоялар, 1970), “Тошлоқдаги хазина (очерклар, 1971), “Севги тори” (қисса, 1973), “Иқрор” (қисса ва ҳикоялар, 1975), “Шифобахш қўллар” (очерк, 1976), “Довул” (қисса, 1977), “Мувозанат” (роман, 1984, тўлдирилган янги нашри “Амал ҳавоси”, 2014), “КАТТА ХОНАДОН. Изтироблар ва севинчлар”. Тўрт қисмли роман, 2014) деб номланган китобларини ўқувчилар самимий кутиб олганлар.
Мустақиллик йилларида ҳам Муҳаммад Салом бетиним ижодий фаолият билан шуғулланди. Унинг очерк, бадиа, ҳикоялари республика ҳафтанома ва ойномаларида чиқиб турди, мустақиллик шабадалари эсган “Танаффус” қиссаси эса 2005 йилда “Шарқ юлдузи” жаридасида чоп этилди. Узоқ йиллик меҳнати самараси бўлмиш тўрт қисмли “Нажот” деб номланган романини ёзувчи 2012 йилнинг май ойида уюшманинг наср кенгаши муҳокамасидан ўтказди. Муҳокамада асар юқори баҳоланди. Романнинг биринчи қисми 2007 йилда “Шарқ юлдузи” журналида босилган. 2014 йилда эса мазкур асар “КАТТА ХОНАДОН. Изтироблар ва севинчлар” номи остида ҳамда аввал қисқартиб чиқарилган “Мувозанат” романи (“АМАЛ ҲАВОСИ” номида) тўлдирилган ҳолда “Тафаккур” нашриётида чоп этилди. Шу асарлар асосида 2015 йил, 28 май куни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг мажлислар залида тақдимот маросими ўтказилди.

САРА “УРУҒЛАР” СЕПИЛЯПТИ

Янги минг йиллик хавф-хатарлар авжига чиққан, таҳликаю ғалвалар кўпайган бир алфозда бошланди. Ҳаёт шундай давом этса, оқибати қандай кечаркин, она сайёрамиз бунга чидаш берармикан, деган хаёллар вужудларни кемиришга тушди. Бошқаларни билмайман, шахсан мен ўзимда тушкинлик ҳис этдим. Тўғри, бизнинг диёрда гўё осойишталик, хотиржамлик, бахтдан сархушлик кўзга ташланарди. Ким ўзарга тўйлар, баланд руҳдаги тантаналар, хилма-хил томошаю консертлар, кулги кечалари қийинчилигу ташвишларни унутишга, чуқурроқ фикр юритишдан чалғитишга чорлар эди. Ҳеч қандай камчидик йўқдай, шу сабабдан танқид йўлларига бетон ётқизгандай туюлар, бирор бир ҳолатга салбий муносабат билдирганлар қувғинга учрарди. Ўзга эллардан келиб, ўша йиллар матбуотини кўздан кечирган киши: “Во, ажаб замонлар бўлган эканми?”, дея ҳайратда қолиши, шубҳасиз.
Болалигимдан хаёлпарастман: гоҳ ширин, ақлга сиғмас фикрлар ичра кезиб, турфа кашфиётлар қиламан; турмушни тубдан ўзгартириб, гўзал ҳаёт барпо этаман; золиму ёлғончи раҳбарларни қаттиқ жазолаб, ишчан, фидойи одамларга катта¬-катта амаллар олиб бераман. Энг кўп ўйларимдан бири: “Қанийди халқимиз орасидан ҳар томонлама пишиб-етилган, ҳалол, хатога йўл қўймайдиган — етук етакчи етишиб чиқсаю барча мушкулларни осонгина ҳал этса, ўзи жуда сезгир ва чарчамайдиган одам бўлса…” Бироқ шунақа мўъжиза юз беришига ишонмас, ўзидан қўрқадиган амалдорлар ундайларга кун бермай, йўқотишга уринади, деб эзилар эдим. Бундай ҳолатлар ҳамма замонларда юз берган, ҳукмини ўтказиб, тараққиётга тўғаноқ бўлган. Аммо баъзан кучли, тадбирли, доно етакчилар ҳам етишиб чиққану ҳар қандай тамбаларни ёриб ўтиб, ўз йўлларини очганлар.
Назаримда, 2016 йил охирларида Олло-таоло бизнинг юртимизга худди шундай, орзу қилганимиздан ҳам баланд — мўъжиза янглиғ имкон берди. Ўйлашимча, Президент порталининг ўзиёқ дилда ўчган чироқларни лоп этиб ёндирди, бутун дунёни ҳайратлару ҳаяжонга солди. Порталга ёғилган минг¬-минглаб мактублар, арз-додлар, хилма-хил, эзгу тилаклару таклифлар… Бунақасини бизнинг диёрда ҳам, бошқа юртларда ҳам аввал амал қилганини эшитган, ўқиган эмас эдим. Одамларнинг дардлари шу қадар кўп ва тўлиб¬-тошган эканки, буни тасаввур қилмаганмиз. Ўша кунларда кундалигимга: “Зулматни ёриб, қуёш чиқдиёв. Энди музлар эриб, олам яшарса, юртимизда зўр янгиланишлар юз берса, ажаб эмас…” деб ёзганман.
Бу ҳали ишнинг бошланиши, буюк келажакка очилган туйнук экан. Туйнук кенгайиб, катталашиб, офтоб янглиғ тобора ёрқинлашиб бораверди. Офтоб, шубҳасиз, музларни эритади, сувни кўпайтириб, тупроқни қиздиради, гиёҳларни гуркиратиб, ерга янги уруғлар сочишга имкон туғдиради, ажиб чаманзорлар, тўкин-сочинлар пайдо қилади, вужудларни яйратиб, қувват бахш этади. Назаримда, кейинги икки йил ичида мамлакатимиз ҳаётида юз берган ўзгаришлар худди шундай ҳолга ўхшади. Офтоб балқиди. Ростини айтсам, охирги ўн йиллар мобайнида деярли матбуот ўқимай, ойнаи жаҳон мурватини бурамай қўйган эдим. Уни очсам ҳам асосан об-ҳаво маълумотига назар ташлардим. Ажабки, бу маълумотлар ҳам кўпинча ҳавойига ўхшарди – рақамлар пасайтириб кўрсатиларди. Баъзилар бу ҳолдан кулиб:
-“Ўзбек модели” бу, — деб қўярди.
-Қанақасига? – деб сўрасангиз, у ён-бу ёнга хавотирланиб қараб олиб у:
-Бизнинг юртимизда жазирама иссиқ, хавфли қаҳратон бўлиши мумкин эмас, — дерди. – Бундай ҳалокатли иссиқлару совуқлар фақат хорижда бўлади, одамларга, иқтисодиётга, бутун табиатга катта зиён етказади.
-Палон жойда кеча ҳарорат эллик даражадан ошиб кетибди, баъзилар бунга дош беролмай, сувдан чиқмабди, таъзиялар кўпайибди. Бунга нима дейсиз?
-Қўйинг, бунақа гапларни гапирманг, — дерди у кўзини юмиб-очиб. – Булар бизнинг моделимизга сиғмайди. Чет эл мухбирлари эшитиб қолса, дарров илиб олиб, бутун оламга жар солади. Бизнинг ҳеч кимга ўхшамаган ўз йўлимиз бор-да. Бизнинг юртда машиналар тўқнашмайди, одамлар ўлмайди, сув тошқинлари, ғорат келтирғувчи кучли шамоллар, катта ўғирликлар, одам ўлдиришлар, давлат мулкини талон-тарож қилишлар ҳеч содир бўлмайди. Зилзилаларни ҳам аввал Масковдан эшитиб, сўнгра халққа етказиш маъқул кўрилади. Порахўрликми? Йўўқ, бу ҳақда сира оғиз оча кўрманг… Биз ана шундай мамлакатда яшаймиз. Ўзимизнинг моделимиз бор.
“Ўзимизнинг модел…”
Компютерда ишлаб ўтирибсиз, аёлингиз тикув машинасида бир нима тикаётир, қайсидир корхоналар маҳсулот ишлаб чиқариш билан банд… Ана, лоп этиб, чироқ ўчди. Ҳамма ишлар тақа-тақ тўхтади. Эҳ, компютерда ҳозир ёзилган нарсалар “ёпиштирилмаган” экан, “учиб” кетди… Хуноб бўлиб, мутасадди ташкилотга сим қоқасиз, ҳеч ким дастакни кўтармайди. Бу ҳол тез-тез содир бўлади, бир неча соатлаб давом этади. Шикоятлар қабул қилинмайди. Бугина эмас, бирор идорага бориб, ишингизни битиролмайсиз. Қўлингизга, сиздан бирор фойда бор-йўқлигига — мавқеингизга қарашади. Ижод аҳлининг фаолияти ҳам кескин ўзгарган. Унинг ҳаёти, хаёли китоб билан боғлиқ. Китоб чиқариш эса… Пул! Дардингизни айтолмайсиз, барча оммавий нашрлар танқидни яқинига ҳам йўлатмайди… Хаёлимда қоронғулик сари, ботқоқликлар томон силжиб, чўкиб, йўқолиб бораётгандаймиз…
Чалғидим, дарвоқе, чироқ… Пойтахтда шундай аҳвол. Вилоятларда, туманларда, қишлоқларда бундан ҳам баттар: чироқсиз, газсиз турмушга ўтилгандай. Кўмир анқонинг уруғи, ўтин нархи осмонда. Яшаш учун кураш: ажиб боғлару ноёб дарахтларми ёхуд одамлар? Дарахтлар ўз боғбони олдида мулзам: кунпаякун бўлишга маҳкум–ўчоққа, тандиру сандалига ўтин. Ҳа демай, меваларни ҳам тушимизда кўрамиз, шекилли. Боз устига, ахир фақат ўтин билан тирикчилик қилиб бўлмайди-ку! Тирикчилик учун пул керак, ишлаш зарур. Иш эса йўқ. Қишлоқлар хароблашиб боряпти. Одамлар ҳовли- жойларини ташлаб, иш ва исиниш учун шаҳарларга оқяптилар, олис, ўзга юртларга иш қидириб кетяптилар. Кўп қишлоқлар ҳувиллаб қолган. Ҳатто, тобут кўтаришга яроқли эркаклар етишмайди. Шу жараён давом этаверса, аҳволимиз не кечишини ҳеч ким билмайди, айтолмайди.
Бу ҳолни кўриб, йиғлай дейсиз: “Наҳотки газ заҳираларимиз тугаяпти? Электр қуввати ишлаб чиқариш пасайиб кетдими? Нега?”
Шундай саволлар бошимда ғужғон ўйнар экан, саксон тўққизинчи йилдаги бир суҳбат ногоҳ хаёлимда жонланди. Зобитлар уйи рўпарасидаги электирлаш вазирлигига ишим тушди. Вазирнинг биринчи ўринбосари гапимни тинглаб, ишимни рисоладагидай ҳал қилиб берди. Яхши одам экан. Қувондим. Ўша кезларда юртимиз осмонида, кўпларнинг фикри-хаёлида мустақилликнинг умидбахш, ҳузурбахш шабадалари кезиб юрар, орзиқиш ила нафас олардик. Чунки, Болтиқ бўйи халқлари бу ноёб неъматга эришиб улгурган эдилар. Бу ҳолни мен ҳам ичимга сиғдиролмасдим. Энди… шундай неъматга катта раҳбарлар, етакчилар қандай қарашар экан? Шу ниятда вазир ўринбосарининг кўнглини билгим келди:
-Шоакбар Яхшибоевич, бир ғалати савол берсам, майлими?
-Марҳамат.
-Англаб турибмизки, мамлакатнинг ҳаёт тарзида, тараққиётида, томир уришида электр қуввати беқиёс аҳамият касб этаркан.
-Худди шундай.
-Бордию биз, Оллоҳ насиб этса, мустақилликка эришсак…
-Хўш?
-Ўзимизни, ўз юртимизни электр қуввати билан таъминлай биламизми?
У киши кулимсираб, афтимга бир қараб олди-да:
-Ҳа, таъминлай оламиз, — деди ишончли овозда.
-Бошқаларга кунимиз қолмайдими? – яна таъкидлаб сўрадим.
-Йўқ, мутлақо! Имкониятимиз анча катта.
-Раҳмат сизга, — дедиму қанот боғлаб учганча у ердан чиқдим. Кейин ўзимга савол бердим: “Мустақилликни таъминлаш сенга боғлиқ эканми?” Ўйлаб туриб, ўзимга жавоб қайтардим: “ Менга ҳам, бошқаларгаям – ҳаммага боғлиқ, жипсликка, аҳилликка, фидойиликка боғлиқ!”
Аслида ҳам шундай. У суҳбатни эслаб, яна ўзимни саволга тутдим: “Ажабо, қани ўша таъминот? Нималар юз беряпти ўзи? Соҳа раҳбарлари билиб-билмай, ҳаммани жарликка, ботқоқликка бошламаяптиларми?..”
Бир куни ардоқли шоиримиз Эркин Воҳидов билан суҳбат чоғида:
-Эркин ака, сиз ҳозир чўққидасиз, — дедим ҳавасу куйиниш оҳанггида. – Олий Мажлис депутати, нуфузли халқаро бўлимининг раҳбарисиз… Халқ шоири, Қаҳрамонсиз…
-Ҳа… – Эркин ака кўзимга қаради, ниманидир илғагандай бўлди. – Бир нима демоқчисиз, шекилли…
-Мамлакат аҳволини бизлардан кўра чуқурроқ биласиз… Каттаконга яқинсиз… Сизни ҳурмат қилишини ҳамма билади…
Эркин ака бошини чап томонга хиёл эгиб, елка қисди. Мен сўздан тўхтамадим:
-У кишига вазиятни тушунтирсангиз…
Эркин ака индамай бош чайқади.
-Ёки сўзга чиққанингизда халқ вакилларига ҳаммасини айтсангиз…
Халқнинг улуғ вакили чуқур хўрсинди, хаёлимда бу хўрсиниқ нафасига гугурт чақса, ёнадигандай. Қалтис фикр айтганимдан ноқулай ҳолга тушдим. Шундай эса-да, энди чекинолмас эдим:
-Обрўйингиз жуда баланд: вакиллар ҳам, ҳалқ ҳам сизга эргашади.
Эркин Воҳидов юмшоқ табиатли, бировга озор беришни истамайдиган одам эди, раҳмати, менга ҳам қаттиқ гапиргиси келмади, яна бош чайқади:
-Буни ҳеч иложи йўқ, Муҳаммаджон, — деди паст овозда.
-Нимага? Сиздай одам…
-Бунақа гапни ҳеч ким айтолмайди. Фақат бир киши ҳаммага айтади… Биз мажлисда айтадиган гаплар ҳам ўзимизга ёзиб берилади.Уни ўқиб берамиз, холос. Ундан ортиғига ўтолмаймиз.
-“Келажагимиз порлоқ экан”, — деб шивирладим ўзимча.
Ўша топда Эркин Воҳидовдан ҳафсалам пир бўлди. У кишини қиёссиз шоирлигидан ташқари, ҳар қандай одам билан гаплаша биладиган, суҳбати ёқимли, жуда билимдон, етук, катта ШАХС деб ҳисоблардим. Албатта, дунё миқёсида танилиш, обрў қозониш мумкин. Аммо чинакам ШАХС даражасига кўтарилиш… Бу улуғворликка камдан-кам кишилар муяссар бўладилар, деган ўй ўтди хаёлимдан.
Кейинчалик турли ҳолату вазиятларни кўриб, эшитиб, фикр юритиб, Эркин акага ўзимча тан бердим: “Ғоят ақилли, узоқни кўрадиган, андишали одам”. Мен айтган таклифни ҳеч ким айтолмас, фикр ўтказолмас, айтган тақдирда ҳечдан-ҳечга бошини кундага қўяр экан-да. Эркин Воҳидов ҳам, эҳтимол, мўлжаллаб кўргандир, ишора қилгандир. Шу боисдан ҳам бош раҳбарнинг қаҳрига учраб, у даргоҳдан оёғи узилгандир. Шундай йўл тутиб, дадилроқ фикр айтганлардан энг улуғи, кейинги юз йилликнинг ғоят буюк алломаси, муфтий Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари, яна таниқли қаламкаш Жаҳонгир Маматов сингари бир неча кишилар жонажон юртидан қувилиб, не дарду аламларни бошдан кечирмадилар! Не-не ватанпарварлар эса йигирма йиллаб қамоқхоналарда азоб чекдилар. Юрт изтиробида юраги ёниб, ими-жимида ҳаётдан кўз юмганлар ҳам оз эмас…
Камина ҳам лоқайд ё томошабин бўлиб юргани йўқ: ўз имкони қадар, виждони буюрганча дардларини билдиришга, катта даргоҳга етказишга уринган. Шу ниятда мушоҳадага ундовчи мақолалар ёзган. Аммо чоп этилмаган. Жиддий рад ҳам қилинмаган. Шундан сўнг ўз фикрларини етказиши мумкин бўлган баъзи зотларни суҳбатга чорлаган. Бироқ уларнинг ўзи билан эмас, вакили билан суҳбатда айтганлари жавобсиз қолган…
2016 йилнинг куз фаслида, сўнг илк қиш кунларида мамлакатимизда вазият тамоман ўзгарди: орзу қилганим каби даврнинг энг кучли ШАХСИ фавқулодда ўзини намоён этди. Гўёки севимли қаҳрамоним ДАНКО янглиғ. Буюк ёзувчи Мақсум Горькийнинг “Изергиль кампир” ҳикоясини, асардаги Данко ҳақидаги афсонани ўқимаган киши кам топилса керак. Данко қоронғу ўрмону ботқоқликлар аро адашиб, жуда оғир вазиятда қолган халқини дадил олға бошлайди. Вазият жуда танглашади. Орқага қайтиш мумкин эмас: ғоят кучли, маккор душман уларни янчиб ташлайди, олдинга юришда давом этишса, янада хатарли: бир-бирига туташиб кетган, қуёш нурини ҳам ўтказмайдиган, ботқоқликлару хилма-хил касалликларга тўла қоронғу ўрмон. Бу йўл қаёққа олиб боришини ҳеч ким билмайди. Данкога таъна-маломатлар ёғиляпти. Нима қилса, оғир вазиятдан қутилади? Юраги ёняпти… У шартта ўз ханжари билан кўксини ёриб, юрагини боши узра баланд кўтаради. Юрак ёғдуси атрофни ёритади, йўл кўринади. Данко ўз халқини яна олға бошлайди, ёруғликка чиққач, юрак тўхтайди…
Президент портали менга Данконинг жасоратини эслатди. Жуда дадил, янгича усул ўзини оқлаб, бутун мамлакат бўйлаб ёйилди: вилоятлару туман марказларида ва ҳатто йирик ишхоналарда ҳам халқ қабулхоналари пайдо бўлди, амалий натижалар бўй кўрсата бошлади. Ҳар куни бир янгилик, турмушни ўзгартирадиган хилма-хил фармону қарорлар, турли масканларда учрашувлар, халқ билан эркин мулоқотлар, одамлар эҳтиёжларини дарҳол қондиришлар тушдаги, эртаклардаги каби тез юзага чиқаверди. Қарорларни шарҳлаш, ижро этиш йўллари айтиб турилди.
Бош раҳбар фармон берсаю амалга ошмаса, ижроси текширилмаса, бунақа фармоннинг ҳеч қандай аҳамияти йўқлигини ҳамма билади. Бундай ҳолларни, ҳар хил ваъдаларни кўравериб, ишончлар йўқолган… Янги бош етакчимиз эса ижрони текширишга алоҳида эътибор қаратди. Буни ойнаи жаҳон орқали одамлар ҳаяжон билан кузатиб бордилар. Мен ҳам олиб кўрсатувчи, гапирувчи қутидан нари кетолмай қолдим. Мамлакат бўйлаб ҳаётбахш шабада эсиб, яшартирадиган, ёқимли, янги иқлим уч кўрсатар эди. Ҳеч ким ўйламаган, хаёлга ҳам келмаган бир ҳол диққатни тортди: одамлар идоралару раҳбарлар учун эмас, идораю раҳбарлар халқ учун ишлаши зарур, деган фикр, жиддий топшириқ авж суратларда фаолият кўрсатишга ўтди. Бу усул бутун дунёни ҳайратга солиб, катта шов-шувларга сабаб бўлди. Эндиликда ҳаёт мезонига айланиб бормоқди.
Кўнгилларга ғубор, айтиш мумкинки, қора доғ туширган бир вазият ҳаммамизни хижолат ичра қолдирганди. Биз салкам йигирма йил мобайнида яқин қўшнилар билан орамизни буздик, муносабатларимиз ёмонлашди. Доно халқимиз қўшничилик бобида бой тажриба тўплаб, яхши фикрлар айтишган: “Ҳовли олма, қўшни ол”, “Узоқдаги қариндошдан яқиндаги қўшни яхши”, “Қўшнинг тинч – сен тинч”… Халқимиз ихлосу катта умид билан сайлаган янги Юртбошимиз эса мудҳиш хатони тузатиб, қўшнилару ўзимиз учун ҳам эшикларни ланг очди, азалий дўстлик ришталарини тиклаб, эъзозга эришди. Шунингдек, бошқа кичигу қудратли давлатлар билан ҳам жуда муҳим, тарихий алоқаю битишувларга эришилдики, бу имконлар тез ва соз ривожланиш йўлларини кенгайтириб, совуқ “иқлим”ни иситишга бебаҳо ҳисса қўшяпти.
Шу ўринда мени ҳамиша қизиқтирган, қатор асарларимда кўп марталаб қаламга олиб келганим бир фикрни яна ва яна кўтаргим келаверади. Гап шундаки, баъзи бировлар ўз оиласини, кичик жамоани тузукроқ, эплаброқ бошқаролмаган ҳолда катта амалларга интиладилар, чўққини кўзлаб, бор куч- қувватларини ишга солиб, дейлик, мақсадга ҳам эришадилар. Аммо кўпинча ишни барбод этадилар, ҳаётни боши берк кўчага тақайдилар. Ҳар жиҳатдан етук, чуқур билимга эга, етти ўлчаб, бир кесадиган, сабр-тоқатли, адолатли етакчилар эса энг оғир дамда ҳам қийинчиликларни осон бартараф этиб, етовидагиларга ёрқин йўл очадилар. Маёқ вазифасини ўтайдилар. Одамларни бошқариш – бу маҳорат, билим ва санъатдир. Бу ўта муҳим, масъулиятли, ноёб санъатни эгаллаш учун кучли ирода, чидам, нозик лаҳзаларда ўзини тута билишлигу ҳозиржавоблик муҳим аҳамият касб этар экан. Айтайлик: қаҳри қаттиқ ҳукмдор чалғияпти, фойдасиз ёки адашадиган йўлга бошлаяпти. Нима қилиш керак? Тобе киши дангал айтса, камида амалидан, кўпинча жонидан айрилади. Индамаса, яна бир бало. Индамай қутилдинг, индаб тутилдинг, дейдилар-ку. Албатта, бу усул ўзини оқламас. Севимли шоиримиз Эркин Воҳидовга менинг “маслаҳатим” ҳам, кейин билишимча, бизнинг юртимиз шароитида жуда қалтис экан. Оллоҳнинг ўзи халқимизга сабр-тоқат санъатини мўли билан берган экан.
Шундай иқтидорликларни ўзида жамлаб, матонатли қадамлар ила олға босаётган, ажиб кузатувларини ҳаётга изчил тадбиқ қилаётган, ҳаммамизни улуғ ишларга сафарбар этаётган бош етакчимизнинг муваффақиятларини ўз кўзимиз билан кўриб турибмиз. Одам имконияти нақадар кенг эканлиги ўз исботини топмоқда. Узлуксиз эълон қилинаётган ҳаётий, жозибали фармону қарорлар, буларнинг ижроси билан боғлиқ фавқулодда ҳаракатлару кечаю кундуз, темир одам янглиғ, дам олмай, тинимсиз фаолиятлар бутун оламни лол этаётгани кўз ўнгимизда намоён. Мен кўп ўйлардим ва ёзганман ҳам: муҳим ишда ўз ўрнини топган бир одам ҳам ҳаётни, дунёни ўзгартириши мумкин. Фотиҳ Искандару Чингизхон ва Амир Темур, рақамларни – кўпайиш ва озайишни кашф этган Ал Хоразмий, интернету қўл телефонларини ўйлаб топган зукко олимларни эсланг. Яқиндагиси эса яна бизнинг юртдан қад кўтарди: дунё минбаридан фавқулодда муҳим, жуда зарурий фикрларни кўтариб чиқди, ўзаро муносабатлар иқлимини илитишга, ярим асрдан кўпроқ вақтдан буён аниқ ечимини топмаган Орол фожеасини олам ҳамжамиятининг қалбига етказишга, ҳаракатга келтиришга эришиб, ниҳоятда буюк хизмат қилди. Дарҳақиқат, эндиликда дунё қарашларимиз, дунёмизнинг ўзи ҳам буюк ўзгаришлар сари ёрқин юз тутмоқда. Ажаб эмаски, бизнинг йўлимиз олам андозасига айланиб, барча талатўплар барҳам топар, Одам атонинг зурёдлари қўлни қўлга бериб, соғлом даврларга етажак.
Юртбошимиз етакчилигида кейинги икки йил ичида амалга ошган, ошаётган, ошаяжак ишларни санашга ҳожат бўлмаса керак. Бу ишга минглаб саҳифалар камлик қиларов, кўплаб бадиий асарларга сиғмасов. Менга қолса, илм-фанга, маънавиятга, адабиётга, оддий одамларга, ногиронларга жиддий эътиборнинг ўзиниёқ йирик асарлар учун ажойиб мавзулар, дегим келади. Ойнаи жаҳондан янги, шинам уйларга кўчиб кираётган оддий кишиларнинг қувонч кўзёшларини кўриб, ҳаяжонга тушасиз. Ёки китоб ўқишлар “ўлаётган” вақтда китобхонлик, аввал таъқиқ ҳисобланган “Қуръон”хонлик мусобақалари, ғолибларни юксак тақдирлаш, буларни ойнаи жаҳон орқали кенг намойиш этишлар-чи? Бу тадбирлар, ҳа демай, ажойиб натижалар беришига, келажак сари ёрқин, истиқболли йўллар очишига ишончим комил.
Дарвоқе, шаҳарда, яна кўп манзилларда чироқлар ўчмаяпти, одамлару корхоналар бир маромда ишлаяпти; газ қувурлари “тирилган” каби уйларни иситишда, қозонларни қайнатишда давом этяпти. Одамлар ободлик сари юз тутган азалий маконларига қайтяпдилар, янги боғлар бунёд этяпдилар. Бу жараён тўхтовсиз, муваффақиятли якун топишига шубҳа йўқ, албатта…
Жуда кўплаб амалга оширилган бу ишларни мен омилкор деҳқон ерларга сара уруғлар сепганига, сочганига қиёслагим келади. Соз тупроққа тушган сара уруғлар тез униб, гуркирагани ҳолда тақир ерга тўкилганлари қовжираб, қушларга, қурт-қумурсқаларга ем бўлиши табиий. Мақсад эса ноёб уруғлар тўла ундириб олинишидан, мўл ҳосил етиштиришдан иборат! Ахир тажрибали деҳқонлар қиру ўрлардан, лалмикор ерлардан ҳам юқори унумдорликка эришадилар-ку! Бунда қизғин фаолият, ўз ишига меҳр-садоқат, чин фидойилик, кучли ақл-заковат иш бериши ҳеч кимга сир эмас. Ҳозирги тезкор, шиддатли замон шуни талаб қилади…
Диёримизда “сара уруғлар” тўхтовсиз сепиляпти. Дастлабки уруғлар униб чиқяпти, гуркираяпти, ҳосил беряпти. Ҳали унмаганлари ҳам жуда кўп. Ҳаммасини тезроқ, тўлалигича ундириш, ҳосилга индириш зарур! Бунинг учун ҳаммамиз бир ёқадан бош чиқариб, УЛУҒ ДЕҲҚОНга камарбаста, ҳамкору ҳамнафас, юртга фидойи бўлсаккина, олий мақсадга эришамиз. Йўқ эса сара уруғлар беҳуда кетади, тақирликда қовжирайди. Бунга бефарқ бўлиш мумккин эмас! Ахир:

Сен агар ёнмасанг
Мен агар ёнмасам
Унда ким ёритар
Бу қаро тунни?!

Тошкент, 2019 йил, февраль.

БУХОРОНИНГ СУВЛАРИ

Ҳаво иссиқ чоғларда учоқда учишнинг ўз машаққатлари бор. Шунинг учун ҳам салқинда – тонгдаёқ тайёрагоҳга етиб бордик. Бахтга қарши, учиш икки соатга кечиктирилди. Нима гап? Балки учоқ носоз — йўлга шай эмасдир? Икки соат ўтиб, учишлар яна орқага сурилди. Кимдир гап топиб келди: “Бухоро қўналғаси самолётларни қабул қилмаётган эмиш”. Ажабо, ёзнинг қок ўртасида, иссиқдан жизғинак бўлиб ўтирганимизда… Бўралаб қор ёғаётган бўлса, бошқа гап: қор пардаси ерни кўришга имкон бермайди десанг; атрофни қуюқ туман чулғаса, шубҳасиз, учоқ қўнишга ожиз; қаттиқ шамоллардан ҳам “само қуши” чўчиши мумкин. Лекин ҳозир, айни саратонда қадимий шаҳарнинг қўналғаси нега раддия эълон қиляпти? Дарвоқе, Навоий шаҳрининг чўл бурчидаги қўналға ҳам учоқларни рад этибди. Хоразм ва қорақалпоғистонлик йўловчилар кечадан буён рухсат берилишини интиқ кутишаётган экан. Ана, Қаршию Китоб томонлар ҳам беркилди…
Кун ботяпти: қанча-қанча йўловчилар чипталарини топшириб, қайтиб кетдилар. Биз сафаримизни эртага қолдиролмаймиз — Бухорога бугуноқ етиб боришимиз шарт!
Тўсатдан карнай хириллади. Умидсиз, лоқайд қулоқ тутдик. Э-ҳе, бир неча рейсга баравар йўл очилибди-ку! Ари уяси бузилгани каби ҳамма ғимирлаб қолди. Бyёғи тезлашиб кетди. Кўз очиб юмгунча “қушчамиз” қадимий шаҳар тепасида айлана бошлади.
Энди қишлоққа, тўйхонага етиб олиш муаммоси бошимизни қотирганча қўниш майдонидан узоқлашдик. Кун ботишдан салқин шамол эсарди. Тошкентнинг иссиғидан сўнг бу бизга роҳат бағишлар эди. Буниси яхши, аммо тунда олис қишлоққа борадиган такси топилармикин? Шуни муҳокама қилганча ҳисобсиз йўловчилару кутиб олувчилар сари йўртарканмиз, улар сафида таниш бир қиёфа диққатимизни тортди. У бизга қараб, нималардир деганча тинимсиз қўл силкирди. Тўй эгасининг жўраси Қувондиқ Қувноқ!
– Осмон уч кундан бери кўз очирмаяпти: қаттиқ шамол, чанг-тўзон, гирдибод. Авваллари бунақа ёмон хуружлар бўлмасди-да. Тўғри, чўлларда, хусусан, Қизилқумда тез-тез ғашга тегиб турарди. Мана, энди, уч йилдан буён қишлоқларгаям, шаҳаргаям бош суқди, – деди Қувондиқ хижолатомуз оҳангда.
– Э, гап бу ёқда экан-да! Чанг-тўзон пайтида самолёт учмаслигини энди эшитяпман. Бизнинг учоқлар шамолни писанд қилмас деб билардим, — елка қисдим мен.
Бир лаҳза сукутга чўмдик, дамимиз ичимизга тушди. Ҳаво етишмаётгандай ютоқиб нафас олардик. Баъзилар терга пишган, айримлар ўзида чанқоқлик сезиб, тамшанишди. Маши¬на эса тун қўйнини ёриб, вазмин сузиб борарди.
– Бунга ўзимиз айбдор, – деди тинчликни бузиб Қувондиқ. – Амуни бўғиб, йўлини ўзгартирдик. Оролнинг қон томирини кесдик, ҳаётдан маҳрум қилдик. Буни ҳозир тан оляпмиз. Лекин энди кеч-да! Тўй ўтгандан кейин хинани думингга қўй, дептлар. Шунча ўзлаштирилган ерлардан ким воз кечиб, Амуни яна ўз изига оқизишни истайди? Тайёр сувни ким қайтариб берарди!
– Э, оғайнилар, аэропортда кун бўйи эзилганимиз ҳам етар, – дея бир дўстимиз қўл силтади. – Кўнгил кўтарадиган гаплардан сўзлашайлик. Хўш, Қувондиқ қувноқ, тўйдан гапир, оғайни! Самад қалинни каттароқ олдими ёки воз кечдими?
– Берган Худога ёқибди, – деди кулимсираб Қувондиқ. – Бунча берасан демагандир-у, лекин ноз қилиб ўтирмаган, шекилли.
Самад жўрамизнинг ҳовлисига яқинлашдик. Бироқ на ёрқин чироқлар, на мусиқа садолари, на алёру хуррамлик овозлари эътиборни тортди. Ўзи нима гап? Ҳайратланиб, Қувондиққа қарадик. У елка қисдию машинани секинлаштириб, Самаднинг дарвозаси рўпарасида тўхтатди. Дарвоза ланг очиқ, аммо ҳеч ким кўринмас, битта чироқ атрофни хира ёритарди. Ахир бу пайтда тантана авжга чиққан бўлмасмиди? Қишлоқда тўйлар анча кеч бошланишини ҳисобга олганда ҳозир ўйин-кулги, қўшиқлар қулоқни қоматга келтириши лозим эди-ку…
– Балки тўй эртагадир? – сўрадим Қувондиқдан.
–Йў-ўғ-э, бугунгайди… – ўзи ҳам адашган каби зўрға овоз чиқарди Қувондиқ. – Бирор нима бўлгандир. Балки эртага қолдирилгандир.
Ичкаридан сочини яқиндагина устарада олдирган, ола дўппи кийган, алп қоматли Самад ўзига ярашмаган, ясама жилмайиш билан шошилиброқ чиқди. Бош тебратганча қучоқ очди. Қизиқ, зоҳиран очиқ ва қувноқ, ботинан теран дарё сингари ғулғулали кўринади. Ўзини ўнғайсиз ҳис этаётгани яққол сезилади. Дарвоқе, ҳовли юзида ҳам бир-икки киши кўзга ташланади, холос.
– Хуш келибсизлар, жўражонлар! – дея Самад ҳаммамизни бир-бир бағрига босиб, меҳмонхонага бошлади. Ундан ҳозир бирор нима сўрашга негадир истиҳола қилардик. Ўзи изоҳ берди. – Сизларга озгина ёлғончи бўлдик, жўралар. Сал ўзгариш юз берди: тўйни кейинга қолдиришга тўғри келди.
– Нимага? – шошилиб, айни пайтда ҳайрат ичра сўради Қувондиқ. – Кеча ҳаммаси жойидайди. Тайёргарлик зўрди. Мени меҳмонларни кутиб олишга жўнатдингиз…
– Ҳа, шунақайди… Жамилани мазаси қочиб қолди. Касалхонага ётқиздик.
– Нима қилибди?
– Сарғайма дейишди. – Самаднинг овози қалтираб, кўзида ёш айланди. – Анча ўтиб кетганмиш. ЗАГС пайти ҳушидан кетибди…
– Э, яхши бўлмабди-да! – деди Рустамжон. – Аҳволи шу даражага боргунча наҳотки ҳеч нимани пайқамагансизлар?
– У ерим оғриди, бу ерим оғриди деб юрарди. Лекин салга чарчаб қоларди. Эътибор бермабмиз-да, жўражон. Калтафаҳмлик қилибмиз.
Эртаси куни бир неча хонадонда қисқа фурсатли ўтиришларда қатнашдик. Ҳаво ниҳоятда исиб кетганидан нафас олиш қийинлашди. Кечанинг акси ўлароқ бугун “ғир” этган шамол ҳам эсмас эди. Бизни кўпроқ ташналик эзарди: на сув, на аччиқ чойлар чанқоқни қондирарди.
– Ҳамма ерда шунақа сув ичадиларми ё фақат сизларда шундайми? – деб сўради Рустамжон. – Тиниқликка – тиниқ, чиройли, лекин мазаси намокобга ўхшайди-я!
Ҳаммамиз ўйга чўмдик. Шубҳасиз, болалик дамларимиз бир-бир кўз ўнгимиздан ўтди. Тўғри, у пайтларда сув унчалик сероб эмас, ариқлару рўдлар ҳамиша ҳам тўлиб оқавермас, гоҳида экин суғориш учун кишилар ёқавайрон бўлишар, ҳар томчи сув зар каби қадрланар эди. Шунга қарамай, бутун жонзод ариқлардан, ҳовузлардан, гоҳида қудуқлардан ташналик қондирарди.
Сув истеъмол хусусиятини йўқотса… Қандай даҳшат! Дарвоқе, сув бўлмаса, унинг ўрнини нима босади? Ҳаёт нима туфайли давом этади? Ўз мамлакати телевидениесида сўзлаган Франциянинг собиқ президенти Жискар д Эстен шундай савол ташлайди: “Сув ҳам худди нефть каби тахчил бўлиб қолмасмикан? Нефть ўрнини энергиянинг бошқа манбалари босиши мумкин, аммо сув ўрнини нима босади?”
Бу саволга иккиланиб ўтирмасдан: “Ҳеч нима!” деб жавоб берасан киши. Бинобарин, бошқа бирор нарсани тасаввурга сиғдириб ҳам бўлмайди. Ўшанда президент ҳам: “Сув ўрнини фақат сув босади”, деган. Шу ўринда яна бир француз фарзандининг, ёзувчи ва учувчи Антуан де Сент-Экзюперининг сувни улуғлаб ёзган ва ҳатто гимн даражасига кўтарилган ажойиб сўзлари эсга тушади:
“Оби ҳаёт! Сенда на таъм, на ранг ва на бўй бор. Сени тасвирлашга қалам ожиз. Инсон сендан баҳра олади-ю, сенинг асл қудратингни тушунмайди. Сени ҳаёт учун зарур дейиш гуноҳ, чунки сен ҳаётнинг ўзисан. Сен инсонга ҳамиша ва ҳар ерда роҳат бағишлайсан, аммо буни сезгимизнинг беш аъзосидан бирортаси ҳам ҳис қила олмайди. Сен бизга қувватимизни қайтарасан. Сенинг марҳаматинг қалбимизнинг қуриб қолаёзган чашмаларига қайта шижоат инъом этади”.
– Ташналикни бошдан кечирмаган киши сув қадрига етиши кийин, – дея чуқур энтикиш билан қўшиб қўйди ҳамон чанқоғини қондира олмаётган Рустамжон.
…Жамилахонлар ҳовлисининг ёнгинасидан бир неча бригадани сув билан бемалол таъминлайдиган ариқ оқиб ўтади. Ариқ атрофида баланд ўсган тераклар, гужумлар, кора толлар кишини ўзига чорлайди. Ариқда эса тезаклар, ҳар хил ахлатлар, купиклару яна қандайдир алламбалолар сузиб ўтяпти. Нарироқда ёш болакайлар қийқираб чўмилишяпти, бир-бирига сув сачратишяпти. Ҳеч ким уларни йўлдан қайтаролмайди. Йўлларда, хонадонларда сурати келишган одамлар, уй бекалари тоғора-тоғора суприндиларни, ахлат уюмларини ариққа отадилар ва ҳеч нима юз бермагандай бепарво изга қайтадилар. Ҳеч ким уларни тўхтатиб, “Эй нодон, нима қиляпсан?” деб сўрамайди. Сўрагиси келса ҳам ёмон кўринишдан чўчийди. Холбуки, бу ҳаракат билан одамзод ўзига ўзи чоҳ қазияпти. У фақат бирпасликни, ҳозирги лаҳзанигина ўйлаб, шундай қадам ташлаяпти. Эртанинг, узоқ келажакнинг ташвиши, авлодлар тақдири хаёлида ҳам йўқ. Эртаги кун унга нималар бериши, қандай кўргиликлар келтириши уни мутлақо қизиқтирмайди.
Ташқарида гармсел эсарди. Оловли ел очиқ баданга, юзларга ёқимсиз тармашар, нафас олишни қийинлаштирар эди. Бунақа ҳавода юриш зиёнлигини билардик. Лекин ошиққа на ёмғир, на довул писанд дегандай оташ сели бизни Зарафшон висолидан айнитолмас, ўзимизни тезроқ инжу томчилар, кумуш тўлқинлар оғушида кўришни, шу тариқа янги куч-қувватга тўлишни мўлжаллаб борардик. Чорак аср, ҳатто, йигирма йиллар аввал худди шундай туйғуларни бошдан кечирардик. Ўша пайтларда дарё қирғоқлари бизга олам-олам қувонч бахш этарди, атрофларидаги гўзал, айни пайтда бокира табиат қўйнида тонгдан шомгача “йитдим-кетдим” ўйнаб, молларимизни ҳам ўз ҳолига ташлаб қўярдик. Қизиқ, ҳозирги болалар, ўспиринлар ҳам шундай ҳиссиётлар оламида сузармиканлар? Бу ҳиссиётлар сунъий тарзда, ойнаи жаҳон рўпарасида ўтирган кезларда дилларни қитиқлар балки. Эндиги болалар сигир етакламайди, пода ортидан яёв юрмайди, молларига ўт термайди, ўт-ўланлар билан сирлашмайди. Ҳа, бизлар табиат билан, дов-дарахтлар билан сўзлашардик, уларга гард юқтирмасликка тиришардик. Беғубор табиат эндиликда фильмларда, китобларда қолгандай туюлади кишига. Бунга ёрқин мисол – Зарафшон…
Шаҳарчага ўхшаш Ғиштининг Ҳўппила қишлоғидан ўтиб, пастга тушдигу ҳафсаламиз пир бўлди. Авваллари шу eрда – баҳайбат Қалқон рўднинг тепасида каттагина Ғишти ариғи оқарди. Ариқ ёқасида атрофга гулдирос солиб, икки тошли – икки уйли тегирмон айланар, новдан пастга отиладиган сувга тикилиб кўз тинарди. Қад ростлаб, шундоқ жануби шарқ сари кўз ташланса, бир чақиримча нарида ҳар қатраси дардга дармон Зарафшон кўпириб, яйраб, тўлиб-тўлқинланиб оқиб ётарди. Кўзларни қамаштирарди, дилларга ғулғула соларди, асабларни тинчлантирарди, кўнгилда шавқ уйғотарди – одамни ишга, ғайратга чорлар эди. Гоҳида, айниқса баҳор, ёз кезлари жаҳлга ҳам минар; талафотлар етказар, кейин яна аслига қайтиб, кишиларга ҳадялар сочар – тупроқларда гўё зар ундирар, камарларда сонсиз-ҳисобсиз, лаззатли балиқлар, антиқа наҳанглар етилтирар эди. Ҳамма уни “она” деб атар, “Она Зарафшон” деб эъзозларди.
Улуғ онанинг тўртта суюкли, фидойи, алп ўғиллари бўларди. Улар ҳар хил олисликда онанинг бағридан ҳаётга “йўлланма” олишарди. Ирмоқлардан бири Қалқон рўд деб аталарди. Донишмандлар каби вазмин, аммо теран оқарди. Унинг ёнида гўё эгиз каби чўзилган, лекин бироз саёз, нисбатан кичикроқ, Пермаст жилваланарди. У Ғиждувонга етар-етмас қуриб қолар эди. Лекин бир томчисини ҳам зое кеткизмасди. Апрелдан октябргача мактаб ўқувчилари майин тўлқинлари узра шўнғигани-шўнғиган эдилар… Учинчи “ўғил”нинг кечмиши бошқаларидан ўзгачароқ. Султонобод деб аталмиш бу рўд сервиқорлиги, жозибаси билан алоҳида ажралиб турарди. Исми-жисмига монанд, оға рўдлар орасида чиндан ҳам Султони саналарди. Буралиб-буралиб, гоҳ пишқириб-шарқираб, гоҳ сокин оқарди. Афсуски, ҳозир Султонободга Зарафшон балиқлари меҳмон бўлолмайди, борди-ю, адашиб ўтганда ҳам айрича меҳр-оқибат кўрмайди. Чунки рўд ўз қиёфасини тамоман ўзгартирган – худди ўзга юрак билан яшаётган одамга ўхшайди. Сўлимлик уни тарк этган, мажнун толу юлғунлар юз ўгирган, қушлар чуғури, булбуллар хониши эшитилмайди. Бўтана суюқлик тезроқ манзилга етиш учун олд томонга шиддатли чопади, ҳеч кимга, ҳеч нимага қиё ҳам боқмайди, роҳат ҳам бахш этмайди…
Кенжа “ўғил”нинг отини Жилвон деганлар. Уни она Зарфшон кексайганда, ақлга тўлган пайтларда “туққан”. Одамларнинг арз-додини тинглаб, Жилвонни чўлдан, Қизилқум этагидан оқизган. Жилвон юрган йўллар боғ-роғларга, экинларга бой. Яйловларга қут-барака киритган, чўпон-чўлиқларни, caҳро сайёҳларию қўй-қўзиларни ўлимдан асраган. Эндиликда Жилвон… яхшиси бу ҳақда кейинроқ тўхтармиз.
Она Зарафшон чап соҳилни ўз назоратига олган, йўл-йўлакай катта-кичик “болакайлар” – ариқлар, рўдларга оби-ҳаёт таратган. Шу тариқа бутун борлиғини фарзандларига улашиб, ўзи ҳам аста-секин кичрайиб, Қоракўл, Олот районларида; Қорақум этакларидаги қумликларга сингиб, адойи тамом бўлган. Унинг асл нияти – гўзал Орол денгизига қўшилиш эди. Бир умр шунга интилди. Лекин “фарзандлар” кўпайгандан-кўпайиб, уни куч-қувватдан қолдириб, толдириб борди. Уни ўз ҳолига қўймадилар; Орол узра чузилган қўлларини ярмидан қирқиб, оралиқ масофани янада узайтирдилар. Оқибатда ажиб денгиз ўз ризқининг бир қисмидан бенасиб қолди.
Устма-уст қурғоқчиликлар Зарафшон бўйларига ҳам ҳукмини ўтказди; атроф-теварак тобора қашшоқлашиб бораётир, ҳатто оқавалар оқими ҳам кескин камайди, гўё ифлос сувлар ҳам ўзининг “нархи”ни ошираётган кўринади. Агар шундай оқавалар қиё боқмаганида ҳозир бўй кўрсатиб турган гиёҳлар ҳоли не кечарди? Ахир шундай бўлиши ҳам ҳеч гап эмас-ку? Иссиқ ўтадиган биргина ёз Дайрободга ўхшаш ерлар тақдирини ҳал қилади-қўяди-ку! Қовжираган ажриқлар, жон узаётган бошқа ўсимликлар шундан далолат. Ҳатто сувнинг ўзи ҳам истеъмол сифатини йўқотган – илиқ, намакоб, айниган, палағда тухумнинг ҳидига ўхшаш иси бор. Уни кўриб, боя алданганимни, оқава сувлар ҳам ҳар ҳолда оқиб тургани тузук, деган хаёлга бориб, адашганимни ҳис этдим. Бир лаҳзалик яшилликка маҳлиё бўлиб, бутун тирикликдан, неъматлар яратувчи азиз ердан, соз тупроқдан ажралиш нечун керак?! Бу оқаётган суюқликлар эса шунақа ғоратликларни бемалол эплаши аниқ.
Дарё ёқасида ташналикдан томоқлар қақраб, эзилган кўйи ортга қайтдик. Ўзи бошдаёқ табиат гўё бу диёр тупроғига қадам қўйишимизни унчалик хуш кўрмаган, кейин тўй кўнгилсизлиги дилларни вайрон қилган эди. Жамиланинг аҳволи анча оғир кечарди. Ҳордиқ чиқариш, табиатдан баҳра олиш умиди ҳам пучга чиққан, кўнглимиз чўккан эди. Ўз уйларимизга қайтганимиздан кейин ўша ёқимсиз ҳолатлар, ҳар хил кўргиликлар бот-бот эсга тушди. Ниҳоят, орадан маълум вақт ўтказиб, Бухоро воҳасида ичимлик сув ва экология муаммоларни, табиат ва одамлар истиқболини ўрганишга жазм этдик. Шу ниятда вилоятнинг қатор шаҳар ва қишлокларида, бошқа аҳоли қўрғонларида кузатув ишлари олиб бордик. Вазият айрим кишилар айтганидан ҳамда ўзимиз ўйлаганимиздан бир мунча мураккаброқ эди ва бу борада шошилинч чоралар кўришни ҳаёт тақозо этарди. Албатта, айрим ҳаракатлар, куйинишлар, ҳатто қарорлар ҳам бор. Бироқ, шуларнинг ўзи билангина чегараланиб бўлмайди. Чунки, худди шу муаммолар эндиликда бутун ер куррасини ташвишга соляпти. Бухоро воҳаси эса энди ўт ола бошлаган улкан яктакнинг этагидай таассурот қолдиради бизда. Агар этакдаги ўт ўз вақтида ўчирилмаса, аланга олиши, бутун “яктак”ни ёндириши ҳеч гап эмас. Холбуки, бу азалдан бой воҳа ҳам яхлит ер куррасининг ажралмас “қон томир”ларига туташ парчаси ҳисобланадики, уни алоҳида бўлакка ажратиб, мустақил сайёра ҳолатига келтириш амримаҳол. Гўё шохига урса, бутун танаси зирқирайди, бутун вужудда зилзила юзага келтиради…
– Табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш учун даставвал айни жой табиатини, яъни табиатнинг регионал қонуниятларини ўрганиш жуда муҳимдир, – дейди Бухоро давлат педагогика институтининг доценти, география фанлари номзоди Исроил Назаров. – Акс ҳолда, яхши ният билан амалга оширилган улкан тадбирлар янги муаммоларни, ҳисобсиз кулфатларни келтириб чиқариши турган гап.
– Бу жиҳатдан Бухоро воҳасининг сув ресурслари қандай?
–Воҳамизнинг сув ресурслари ҳам ўзига хосликка, алоҳидаликка эга. Вилоят ҳудуди Зарафшон дарёсининг қуйи қисмида жойлашган. Бу дарё Тожикистондаги осмонўпар тоғлардан бошланади – аввал Панжикент тумани, сўнг Са¬марқанд воҳаси, охирида Бухоро вилояти ундан сув ичиб келган. Миллион йиллар давомида дарёнинг юқори қисмидан қуйисига ҳар хил эриган моддалар, тузлар оқиб ўтиб, тўпланган. Бунинг устига, қадимги Палео – Қашқадарё олиб келган ётқизиқларни айтмайсизми! Бир вақтлар Қашқадарё Зарафшоннинг чап ирмоғи ҳисобланган. У Қоровулбозор массиви орқали Когон шаҳридан жануброқда Зарафшонга қуйилиб тур¬ган. Бу эса Бухоро вилояти ерларининг янада кўпроқ шўрланишига сабабчи бўлган. Худди шу сифат унинг ер усти ва ер ости сувларига ҳам тааллуқлидир.
Йигирма-ўттиз йиллар аввал сўнгги томчилари Орол денгизига яқин ҳам йўлолмай қумликларга сингиб, йўқолиб кетган Зарафшон кўз ўнгимиздан ўтди. Яна бошқа кўплаб йирик дарёларни эсладик. Мамлакатимиздаги катта дарёларнинг асосий қисми океанларга ҳамда уларга туташган денгизларга қуйилади. Табиийки, дарё орқали турли хил кимёвий модда¬лар ва бошқа ифлосликлар океанга оқиб кетиши билан дарё ҳавзаси тозаланиб туради. Бутун республикамизда бўлгани каби Зарафшон орқали оқиб келган ҳар хил тузлар, бошқа ифлосликлар Бухоро вилояти тупроқларига сингиб қолаверган. Бу жиҳатдан айниқса, берк ҳавза сўнгида жойлашган Бухоро воҳаси вақтлар ўтган сайин тупроғи ҳам, сувлари ҳам сафдан чиқаверган.
– Ҳатто, баъзи пастқам жойларда ўзига хос туз конлари – тузли балчиқлар ҳосил бўлган, – дея Исроил Назаров сўзини давом эттирди. – Бундай туз балчиқлари (Ҳожкаб, Шўркўл) шифобахш хусусиятга эга. Ҳозир ҳам даволаниш учун одамлар ўша томонларга борадилар. Шу сабабларга кўра, сифатли ичимлик суви Бухоро вилояти учун азалий муаммодир. Буни бухороликларга табиат мерос қолдирган кулфат деса бўлади. Табиий фанлар шуни аниқлаб бердики, айни жой табиати (ландшафти) билан инсон организми чамбарчас боғлиқдир. Аниқроғи, айни жой тупроғида, сувида, муҳитида қандай ки¬мёвий модда тахчил бўлса, инсон танасида ҳам ўша модда етишмайди. Қайси модда ортиқча бўлса бу ҳол инсон организмига ҳам ўз таъсирини ўтказади. Натижада организмдаги физиологик жараёнлар бузилади ва маҳаллий ёхуд регионал касалликлар келиб чиқади. Бухоро халқи орасида жигар, буйрак, бўғинларда туз тўпланиши, ошқозон-ичак, кейинги пайтларда сарғайма касалликларининг кўпроқ тарқалганлигининг боиси шунда.
– Амударё сувини Бухоро томон оқизилишига, янги каналларга нима дейсиз? – сўраймиз олимдан. – Сув муаммоси ҳал этилди, шекилли?
–Воҳага кўтарма каналлар орқали Амударёдан сув келтирилгани билан муаммо тўла ҳал этилгани йўқ. Гап шундаки, Амударё қадимги сув иншоотларига нисбатан тескари оқизилди. Насос станциялари сувни 60-80-112 метргача баландга кўтаради ва суғорма шаҳобчалар орқали тарқатади. Қарангки, экин ерлари сатҳидан кўтарма, бетон канал суви 4-6-8 метр баландда туради.
–Демак, Султонобод рўдига ўхшаш ирмоқларга ер ости сувлари сизиб ўтолмайди, иккала сув қўшилиши рўй бермайди.
– Худди шундай. Бу ҳол кўп ерларда ер ости сувлари сатҳининг кўтарилишига, тупроқларнинг қўшимча шўрланишига олиб келяпти. Қишлоқ аҳолиси аксарият қудуқ суви ичишини назарда тутсак, ичимлик сув муаммоси янада кескинлашади. Чунки ер ости сувларининг ўзи йил сайин ёмонлашиб, минераллашув даражаси ниҳоятда ортиб боряпти.
Анча-мунча кузатувларимиз, ҳар хил кишилардан эшитганларимиз хаёлда яна жонландию вужудларимиз яна титраб кетди. Ахир биз фақат бугунимизни, ҳозирги лаҳзаларимизни ўйлаяпмиз, келажак ҳақида сал бўлса-да мушоҳада юритмаяпмиз. Агар келажак авлодларимизни, жонажон еримизни ўйлаганимизда, ҳар бир гиёҳни муқаддас билиб, асраб-авайлардик, ҳар томчи оби ҳаётнинг мусаффолиги учун жанг қилардик, ҳар зарра тупроқнинг заҳарлардан холи бўлиши учун бор имкониятларни ишга солардик. Холбуки, она тупроғимиз, яшаш унсури – ҳаво ва сувлар, бутун табиат дунёси бугунги кунда гўё кимёвий урушлар қуршовида. Ҳар йили деҳқончиликда ишлатиладиган минг-минглаб тонна минерал ўғитлар, ҳар хил чиқиндилар, заҳарли моддалар очиқ сув ҳавзаларида, ер ости сувларида тўпланиб боряпти, оби ҳаёт сифатини тобора ёмонлаштиряпти.
Экинларга минерал ўғитлар ишлатиш, шубҳасиз, ҳосилдорликни оширади. Эҳтиёж ошиб бораётган ҳозирги пайтда ҳосилдорликни кескин кўтармай илож йўқ. Аммо, фақат минерал ўғитлар, пестицидлар “ёрдами” билан эмас-да. Фақат бойлик орттиришга асосланган капитал дунёсида бу тушунарли ҳол – кўп фойда олиш учун одамлар ҳам, табиат ҳам ҳолдан тойгунча ишлатилади. Бу борада ер имкониятлари кам бўлган Япония билан Нидерландия рекорд кўрсаткичга етган: ҳар гектар ер ҳисобига 300–400 килогача минерал ўғит солиб, анча кўп ҳосил олишган. Шу туфайли уларда жуда кўп майдонлар сафдан чиққан. Бизнинг мамлакатимизда ҳам минерал ўғит ишлаб чиқариш ва қўллаш шиддатли ўсяпти: 1970–1980 йилларда ўғит ишлаб чиқариш 10 баравар ошди. Минерал ўғитлар ишлатиш бўйича Ўрта Осиё республикалари, айниқса, Ўзбекистон энг олдинги ўринларда туриши ҳаммага маълум. Ҳатто, айрим колхоз ва совхозларда ҳар йили гектар бошига тонналаб кимёвий ўғитлар, ҳар хил пестицидлар сочилади. Табиатнинг ғорат қилиниши, ерларнинг ишдан чиқиши ҳам асосан ана шу кейинги йигирма йилда авж олиб кетди. Ёввойи ўтлар ва ҳар хил ҳашаротларга қарши кураш йўли билан қарийб ўн фоиз ҳосил сақлаб қолинади. Аммо бунинг эвазига атроф-муҳитнинг ифлосланиши, айрим фойдали ҳашарот турларининг йўқолиб кетиши, тупроқ эрозияси янада кучаяди. Одамлар соғлиғига ҳам жиддий путур етади.
“Кўплаб текширишлар шуни кўрсатадики, пестицидларнинг катта қисми жонли организм учун, жумладан, инсон учун у ёки бу даражада хавф солади, – деб ёзади таниқли совет олими В. В. Сисуев. – ДДТ ҳамда бошқа чидамли хлорланган углеводородлар қўлланганда уларнинг носпецифик таъсири тажрибалардан маълум. АҚШнинг Вьетнамга қарши кимёвий уруши фожиавий асорат қолдирди. Бунда ёппасига гербицидлар қўллаш оқибатида экологик системага ўнглаб бўлмас зиён етказилди, кўплаб одамлар қурбон берилди… ДДТ қўлланиши кўп мамлакатларда аллақачон таъқиқланган. Пестицидлар айниқса самолёт орқали сепилганда янада катта зиён кўриладики, бу химикатлар ишлов берилаётган ерларга қараганда атрофдаги ўрмону ўтлоқларга, сув ҳавзаларига, дарёларга, ҳатто аҳоли пунктларига кўпроқ тушади…”
Мамлакатимизда ҳам ДДТ қўллаш эллигинчи йиллар охирларида таъқиқ этилган. Бироқ ҳозирга қадар қишлоқ хўжалигида ундан воз кечилган эмас. Гоҳ ошкора тарзда, гоҳ, пинҳона усулда — турли номлар остида, хилма-хил дозаларда уни кенг ишлатиб келадилар: ёввойи ўтларга қирон келтириш баҳонасида, ҳашаротларни йўқотишни мўлжаллаб, дефолиацияни рўкач қилиб, оқибати нималарга олиб боришини мутлақо ўйламасдан табиатни топтайдилар, ўзлари билиб-билмай, уни ҳалокатга маҳкум этадилар.
Помидорга, карамга ва бошқа хилма-хил экинларга шира тушганда ёки дарахтларга чумоли ўралашганда одамлар ДДТ сепишганини кўп марталар кўрганмиз. Уларга ўз фикрларимизни айтганмиз. Ўша пайтда тушунгандай бўлишган ёки қўл силташган: “Ҳеч нима қилмайди. Ажали етган одам ўлади”. Холбуки, бу зарарли “дори” саломатликни аста-секин емириб бориши, сафдан чиқариши, қатор касалликларга дучор этиши, узоқ вақтлар организмдан кетмаслиги кузатувлардан маълум.
Сир эмаски, пиёз истеъмол қилмайдиган бирор хонадон, бирор кимса топилмайди. Кейинги йилларда республикамизда бу ажойиб ўсимликни етиштириш анча кўпайди, ҳатто баҳор чоғларида ҳам магазинларнинг пештахталарига уюб қўйилади. Бухоро областининг чекка қишлоқларидаги аралаш моллар магазинларидан ҳам шу йилнинг апрель ойида бемалол пиёз харид қилиш мумкин эди. Ўтган йили етиштирилган, йирик-йирик қизил пиёз. Кўзлар қувонади. Бироқ кесиб боқсангиз, ажабланасиз. Аввало, ўтмас — обдан чархланмаган пичоқлар бу ишнинг эпини келтиролмайди – қаттиқ. Кейин ундан қандайдир ёқимсиз ҳид таралади. Мазаси ҳам ғалатироқ…
– Пудратчи Кимлар бизни пиёзга сероб қилишди, – дейди савдо ходимлари. – Жуда меҳнаткаш бўларкан-да. булар!
Чиндан ҳам ўша пудратчиларнинг меҳнаткашлигига, оғир меҳнатлардан қайтмаслигига тан берамиз. Оила пудратининг кенг ёйилишида уларнинг катта ҳиссаси бор. Республиканинг кўплаб хўжаликларида улар ўз оилалари билан ёки бир нечаси қўшилиб пиёз, сабзи ва бошқа сабзавот етиштирадилар. Ҳо¬силни ҳам энг юқори нуқтага етказишади. Аммо ерларнинг кашандага айланаётгани, сафдан чиқаётгани, сувлар сифати бузилаётгани, одамлар ва ҳайвонот олами жиддий заҳарланаётгани ҳеч кимни қизиқтирмайди. Ҳолдан тойган, оғир дардга мубтало бўлган тупроқнинг келажаги қандай кечади? Тупроғи эрозияга учраган, фойдали микроорганизмлари қирилган – ҳеч нарса битмайдиган ерни ҳалиги пудратчилар кейинги йилларда ташлаб кетадилар, бошқа хўжаликларга тўр ташлайдилар. Уларга барибир эмасми? Энди унинг кармони тўла, истаган жойига кўчиши, хоҳлаган шаҳарда яшаши мумкин. Раис ёки бошқа раҳбарлар-чи? Дарвоқе, улар ҳам кармонни қаппайтириб олишмоқчи, орден-медалларга эга бўлишмоқчи. Балки, “ре¬корд” ҳосил учун янги амал чўққиларига чиқиб олишар. У бошқа ёққа ўтганидан сўнг дунёни сув босиб кетмайдими…
Мен яқинда ўша “пудратчилар” ишлаётган дала ёнидан машинада ўтиб қолдим. Бир неча киши противогаз кийиб олганча ўт босган пиёз пайкалига – заҳари анча баланд далафон сепишаётган экан. Атроф-теварак, ўсимликлар сарғайган, сассиқ бўйдан нафас олиш қийин. Машина тезлигини оширишга тўғри келди.
Ҳадемай, ўша пиёзлар Бухоро вилоятининг бир чекка қишлоқларида кўрганимиздай, магазинларнинг пештахталарини, бозорларни безайди, ҳавасни келтиради, ўзига чорлайди. Таркибида нималар борлигини ўйлаб ўтирмай харид қиламиз. Чунки пиёзсиз овқат овқатдай бўлмайди. Ҳамиша ширгуруч ёки атала билан кун кўролмайсиз-ку! Холбуки, эндиликда сут ва гўштлар таркибида ҳам селитра тўлиб-тошиб ётибди, пестицидлар яширинган. Пиёз ва сабзида, карам ва картошкада эса улардан истаганча топилади.
Ўтган йили июнь ойида Ғиждувон ва Бухоро бозорларида вақтидан анча аввал чиқарилган қовун-тарвузларга кўзимиз тушди. Ажабо, полиз маҳсулотлари ёнида яна ўша гектарчилар харидор чорлаб туришибди. “Миришкорлигига”, устомонлигига, “меҳнаткашлигига”, тезкорлигига қойил қолмай иложингиз йўқ. Минг йиллардан буён деҳқончилик қилиб, шуҳрат қозонган одамларимиз жуда қисқа фурсатда “байроқ”ни “пудратчилар”га икки қўллаб топширдилар. Агар чиндан ҳам бу полиз ҳамда сабзавот маҳсулотлари фидойи меҳнат маҳсули бўлганида иккала қўлимизни кўксимизга қўйиб, уларга таъзим этардик. Аммо шунақа “деҳқончилик” туфайли она еримиз яроқсиз ҳолга келяпти, ноёб ўсимлик ва дарахтлар турлари йўқолиб кетяпти, қушлар, ҳайвонлар ва балиқларга ўлат тегяпти. Бугунги кунда республикамиз, хусусан, Бухоро вилояти баъзи-бир касалликлар бўйича, болалар ўлими борасида Иттифоқда олдинги ўринга чиқиб олган. Кейинги йилларда биргина Бухоро воҳасида гепатит – сариқ касаллиги оммавий тус олмоқда.
Суҳбатларни яна давом эттирамиз.
– Ҳаммасидан ҳам ичимлик ва суғориладиган сувлар ёмонлашганига куясан киши, – дейди Улфатбиби қишлоқ касалхонасининг бош шифокори Насриддин Рўзиев. – Ариқ сувини ичишни-ку, қўяверинг, энди бу тушга ёки хаёлга айланди. Ҳозир қудуқларнинг сувини ҳам мириқиб ичолмайсан киши. Ташналикни бадтар оширади. Лекин ичмай илож йўқ…
Бир неча йил аввал вилоят раҳбари билан қилган суҳбатимни эслайман. Ўша пайтда ундан “мот” бўлган эдим.
– Ерларнинг шўрини ювиш учун қанчадан-қанча меҳнат сарфланади, тоза сув исроф қилинади. Шўркўлнинг суви эса ерларни бадтар шўрлантириб юбормайдими? – деб сўрадим ундан.
– Бир-икки йилда бу сув омборининг номи қолади, холос. Амунинг суви лойқа. Ҳадемай, омбор тагида лой қатлами юзага келади. Тагидаги шўр тузлар юзага чиқолмайди. Ишонаверинг, зўр иш бўлади!
Уни “зўр ирригатор” деб эшитганмиз. Довруғи таралган. Инондик. Кейин:
– Дарё, рўдлар, ариқлар бетонлаштирилди, – дедим. – Табиий, секин оқим барҳам топди. Атрофидаги дарахтлар ҳам, ўтлоклар ҳам, ҳар хил жониворлар ҳам энди йўқ. Гўё саҳродан узун илон чопиб ўтаётгандай…
– Янглишибсиз! – сўзимни кесди у. – Қанча кўп сув тежаётганимизни тасаввур қиласизми? Ўша сувлар эвазига қанчадан-қанча янги ерлар очяпмиз, пахтани айтмайсизми? Янги боғлар-чи? Олдинни кўриш керак, ўртоқ!
Бетон каналлар туфайли сув тежалиши яққол кўзга ташланади. Сув ерга синголмайди, тез оқиши туфайли парланиш ҳам камаяди. Аммо бизни бошқа бир фикр ўзига тортади. Ерга сингиган сув қаёққа кетади? Ернинг ўзида қоладими ё бошқа бирор нимага айланадими? Ҳар қалай, ўзга сайёраларга учиб кетмаса керак. Аслида фильтрланиб, ҳар хил “ашё”лардан тозаланиб, ер ости сувларига қўшилади. Холбуки, ер остида дунё океанлари сувининг учдан икки қисмичалик оби ҳаёт бор. Ўша сувлардан ҳозир бизда ҳам, ўзга ерларда ҳам самарали фойдаланиляпти. Бунинг устига, оқар сувлар ўтган ерлардан анча чучук; роҳатбахш ичимлик сувлар чиқиши тажрибалардан маълум. Шундай экан, сув табиий ариқ ва анҳорларда оққани, ундаги ҳар хил жинслар ерга чўккани маъқул эмасми? Йўқ, ўша пайтда бунақа фикрларни у раҳбар тан олмас эди. Кўнгилдан кечганни яна унга айтамиз:
– Бетон каналларга ер ости сувлари сингиб ўтолмас экан. У сувлар юқори кўтарилиб дарахтларнинг, экинларнинг илдизини чиритаркан.
– Ер ости суви қўшилмаса, яна соз, каналники тозалигича қолади, – дея у ўз фикрини ўтказади. – Дарахтларга ҳеч нима қилмайди. Янги-янги дарахтлар ўстирамиз. Сувимиз кўп.
Иккиланамиз, инонгандай бўламиз. Гўё кўнглимиз тинчийди. Бироқ йиллар ўтиб, қўйнимиз пуч ёнғоққа тўлгaнини ҳис этамиз. Tўғри, Шўркўл, Қуйимозор, Тўдакўл сув омболарида балиқлар йўқ эмас. Аммо улар минглаб ариқларда, дарё ва рўдларда сузиб, ўйноқлаб юрган ҳисобсиз балиқлар қадар эмас. Авваллари балиқпазлар оқар сув балиғини кўз-кўз қилишарди. Ҳамма улар атрофида парвона бўларди.
– Инсон ҳаёти, фаолияти учун балиқлар хосияти жуда катта, – дейди Бухоро педагогика институтининг доценти, биология фанлари номзоди Даврон Ниёзов. – Унда фосфор моддасининг сероблиги мия фаолиятига самарали таъсир этади. Озиқ сифатида бир кило балиқ маҳсулотида 1200–1400 калория энергия бор. Балиқ ови гаштини айтмайсизми! Энг яхши ҳордиқ чиқариш усули саналади.
– Порох, олтингугурт билан овлаш-чи? – ўсмоқчилаб сўраймиз балиқшунос олимдан.
– Энди бу ўта шафқатсизлик, ўта ваҳшийлик! – дейди ғазабланиб Даврон Саидович. – Ҳозирги замон техникаси ҳам балиқлар бошига кулфат соляпти. Дарёдан сув оладиган насос ёнида бирпас ўтирсангиз, жароҳатланган, қаттиқ шикастланган, мажруҳ балиқлар отилиб чиқишини кўрасизу юрак-бағрингиз эзилади, йиғлагингиз келади.
– Ёз ойларида минг-минглаб насослар ишлайди-я!
– Балли… 1972 йил ҳеч эсимдан чиқмайди. Ўшанда ҳам йил қурғоқчил келганди. Август ойига бориб, Қашқадарё областидаги Пачкамар сув омборининг сўнгги томчисигача пахта учун сарфланди. Камида 80–100 тонна балиқ нобуд бўлди.
– Сув таркиби ҳам балиқларга жиддий таъсир этадими?
– Таъсир этганда қандай! Афсуски, сувлар ва унинг таркиби йилдан-йилга ёмонлашиб боряпти. Биз табиатшунослар шуни биламизки, табиатда доминант (устун) ва рецесив (бўйсуниш) амал қилади. Бизнинг ўлкамизда ўсимликлар, айниқса пахтачилик доминантлик қилар экан, балиқ сингари ҳайвонот олами чекинишга ё қирилишга маҳкум. Чунки ғўзаларга ишлатилган турли минерал ўғитлар ва пестицидларнинг бир қисми аввал зовурларга, кейин оқава шаклида ариқ ва кўлларга тушади. Натижада сув таркиби бузилади, жониворларга қирон келади. Ҳатто 0,01 грамм хлорли, аммиакли сувда ҳам балиқлар ҳалок бўлади.
Хлорланган сув ҳақидаги сўз мени ўйга толдиради. Гоҳида магазинлардан тирик балиқ келтириб, ваннага қўйганларимиз, сувда балиқларнинг сузиб, ўйноқлаб юришини томоша қилганларимиз кўз ўнгимизда гавдаланади. Бироқ, қувончлар узоққа бормайди. Водопровод суви – хлорли сув балиқларга ёқмаслиги шундоққина сезилиб туради. Кўп вақт ўтмай ўйноқлаган ўша балиқлар чалқанча тушиб, ҳолсизланиб қолади. Яна бироздан сўнг ҳаракатдан тўхтаб, ҳалок бўлади. Ана шу сув биз¬нинг кундалик турмушимиз, нафас олишимиз – умуман тириклигимиз. Хлор моддаси сувдаги хавфли микробларни йўқотиш билан бирга инсон организми учун фойдали микроэлементларни ҳам ўлдириши табиий. Албатта, бундай сувни истеъмол қилувчилар ҳам унинг зараридан бебаҳра қолмайдилар. Бир вақтлар жарроҳлик амалиёти чоғида беморнинг ичак ва ошқозонига чўкиб қолган хлорли бирикмаларни газетадан ўқиганмиз. Бундан хлорли сувни ичмаслик керак, деган хулосага келмоқчи эмасмиз. Ҳозир табиат жиддий булғанган, сув ҳавзаларига ишонч анча йўқолган шароитда бундай қалтис қадам ташлаб бўлмайди. Чунки хлорланган сув ҳозирча ягона ишончли восита. Фақатгина келажакка умид, табиат устидан жиддий назорат, ичимлик сувларнинг тозалиги учун қаттиқ курашгина табиатнинг роҳатбахш – ҳаётбахш неъматига элтиши мумкин. Йўқса, заҳарлар ҳалқаси тобора сиқиб келавериши аниқ…
– Икки йилдан буён Бухорога лайлак келмай қўйди, – дейди биология фанлари кандидати Савриддин Бақоев. – Атроф-муҳитнинг ифлосланиши, сувлар таркибининг жудаям ёмонлашуви, лайлакбоп озуқа хилларининг йўқолиб бораётгани бунга сабаб деб ўйлайман. Умуман, воҳада бошқа қушлар ҳам тобора камаймоқда. Қушларнинг фойдаси тўғрисида айтиб ўтиришнинг ҳожати йўқ. Буни эндиликда ёш болалар ҳам яхши биладилар. Шундай экан, табиатнинг бир бўлаги ва санитари — қушлар ҳақида алоҳида ғамхўрлик қилиш бугунги куннинг энг долзарб масаласидир.
Тўғри гап. Аммо ҳозир долзарб бўлмаган бирор масала қолдими? Қизиғи шундаки, муаммоларнинг деярли ҳаммаси бир-бири билан гўё занжир каби уланган, бири иккинчиси билан алоқадор. Аслида табиат ҳам мутаносиб ҳолатда яратилган.
Куррамизнинг кичик бир нуқтаси – Бухоро воҳасидаги бу¬гунги аҳвол шу даражага етган экан, даҳшатли урушлар кечаётган, ядровий қуроллар синови ўтказилаётган гўшалар хусусида нималар дейиш мумкин?! Холбуки, Бухорода портлашлар юз берган эмас, ўқ товушлари ҳам эшитилмайди. Аммо бошқа “зарба”лар унинг танасини зирқиратяпти. Бунинг устига, завод-фабрикалар туйнигидан тепага ўрлаётган тутунлар, ерларига сочилаётган химикатлар уни чиндан ҳам гўё “химиявий уруш”лар гирдобига ташлагандай.
Текширишларга қараганда, воҳада ичимлик ва суғорма сув¬лар мутлақо талабга жавоб бермайди. Шунинг учун ҳам кейинги йилларда вилоятда, айниқса, Ғиждувон, Шофиркон, Қоракўл, Олот ва Свердлов районларида юқумли сариқ касаллиги анча кўпайди. Болалар ўлими борасида кўнгилсиз ҳодисалар бот-бот қайд этиладиган бўлди. Ҳозирги вақтда вилоят аҳолисининг 63,4 фоизи очиқ сув ҳавзаларидан, қўл насослари орқали қудуқлардан олинадиган сувларни ичишга мажбур: булар бактериологик ва кимёвий кўрсаткичлар бўйича сани¬тария нормаларидан анча йироқ. Шу туфайли умумий овқатланиш ва савдо тармоқлари эпидемияга қарши кураш режимининг оддий талабларига жавоб бериш имкониятларига эга эмас. 555 та мактабгача тарбия муассасанинг 18 тасида артезиан қудуқларидан фойдаланилади, 306 тасида қўл насослари ишлатилади, 14 тасида машиналарда сув келтирилса, 7 тасида ариқ суви ичилади. Худди шунингдек, умумтаълим мактабларидаги аҳвол ҳам бундан яхши эмас. 441 мактабдан 46 тасида артезиан қудуқларидан, 210 тасида қудуқлардан, 17 тасида ташиб келтирилган сув ичилади. 18 мактабда эса очиқ сув ҳавзалари ташналикни қондиради. Шундай сув ҳавзаларидан текшириш учун олинган 10616 та пробадан 104 тасида касаллик қўзғатувчи микроблар чиққан ва 817 тасида нормадагидан юқори даражада ичак хасталиги вируслари топилган. Кимёвий кўрсаткичлар бўйича эса бирорта ҳам сув пробаси ГОСТнинг “Ичимлик сув” талабига жавоб беролмаган.
Қишлоқларда мавжуд водопроводларгина аҳолини сифатли сув билан таъминлаш имконига эга. Аслида, вилоят ҳудудидаги сувларнинг деярли ҳаммаси ичимлик – истеъмол сифатини йўқотган. Ер усти ва ер ости манбалари кучли минераллашгани туфайли ГОСТнинг 2874–82 деб белгиланган хўжалик истеъмоли нормасига жавоб бермайди. Уларни қайта ишлаб, минераллашув даражасини камайтиргандан сўнггина хўжалик эҳтиёжларига ишлатиш мумкин. Аммо бу қоидага деярли амал қилинмайди. Ҳатто водопроводларнинг ишланган – тозаланган сувлари ҳам кўнгилдагидай эмас. Айрим сув ҳавзалари, водопровод тармоқлари санитария талабларига тўғри келмайди. Кейинги икки йилда текширувдан ўтказилган водопроводлардан 7 таси талаб даражасидан ёмон, 5 тасида тозалаш қурилмалари ўрнатилмаган ёки эскирган, 2 тасида эса зарарсизлантирадиган қурилмалар йўқ. Шунингдек, ташкилотларга қарашли 18 сув манбасининг 6 тасида тозалаш, 4 тасида зарарсизлантириш қурилмалари қўйилмаган.
Давлат санитария назоратининг сув ҳавзаларида олиб борган кузатувларига қараганда, ўтган йили 20 та маиший турмуш, 6 та ишлаб чиқариш объектларининг ҳаммасида ифлос оқавалар сув ҳавзаларига оқизилган. Бу сувларнинг бир қисми тозаланмаган, бир қисми чала тозаланган. Сувдан текшириш учун олинган 238 пробадан 102 таси кимёвий кўрсаткич бўйича, 1906 бактериологик пробадан 72 таси санитария нормаларига жавоб бермайди. Шунингдек, аввалги йили 342 пробадан 35 тасида нормадан зиёд пестицидлар чиққан.
Вилоят аҳолисини тоза, водопровод суви билан таъминлаш қониқарсиз аҳволда: бу бор-йўғи 33,2 фоизни ташкил этади, холос. “Қониқарли” рақамлар асосан Бухоро, Когон, Ғиждувон шаҳарлари, Шофиркон, Галаосиё, Олот, Свердлов, Вобкент, Рометон, Қоракўл сингари туман марказлари водопроводлари ҳисобига “бойиган” жами водопроводлар сони 30 та бўлиб, уларнинг 19 таси “облводоканал”га, 11 таси ташкилотларга қарашли. Шофирконда атиги битта коммунал водопровод тармоғи бор: марказдаги 8241 кишидан атиги 32,8 фоизи – 2704 киши водопровод сувидан ичади. У сувлар ҳам бутун вилоятда бўлгани каби минераллашув даражаси жуда юқори – ичишга яроқсиз, 775 бактериологик таҳлилдан 10 таси анча сифатсиз чиққан.
Меҳнаткаш воҳа истеъмол қилаётган, ҳар хил касалликларга чалинтираётган, аммо ичишдан ўзга чора қолмаган сувлар тар¬киби ҳақида истаганча мисоллар келтириш мумкин. Бу сувлар фақат минераллашув даражаси билангина кўнгилда нохуш кайфиятлар уйғотмайди, балки улар таркибида касаллик кўзғатувчи микробларнинг сероблиги ҳам кишини изтиробга солади. Ичимлик ва суғориладиган сувларнинг бундай ҳолати, атроф-муҳитнинг булғанаётгани, ерларга ҳисобсиз минерал ўғитлар ва кимёвий дорилар солинаётгани озиқ-овқат маҳсулотларига ҳам жиддий зарар етказяпти. Уларнинг айримлари лаборатория таҳлилидан ўтказилганида ҳар хил заҳарли дори¬лар из қолдирганини кўрасиз. Гўшт маҳсулотларининг 76 тек¬ширувдан 16 тасида, балиқлардан 46 таҳлилнинг 44 тасида, 521 сут маҳсулотларининг 184 тасида пестицидлар чиққан. Ун, тухум, мева-сабзавотлардан ҳам нормадагидан бирмунча зиёд заҳарли химикат элементлари топилган. Тупроқлар кузатилганда 74 пробадан 68 тасида, водопровод сувларидан 208 пробадан 45 тасида, чиқинди – канализация сувларининг 20 тасидан 12 тасида, очиқ сув ҳавзаларидан олинган 342 про-бадан 145 тасида пестицидлар борлиги аниқланган. Бу жиҳатдан ҳаво таркибидаги заҳарли моддалар кишини янада кўпроқ ташвишлантиради. Бу борада ўтказилган 1180 текширувнинг 1132 тасида ҳар хил пестицидлар борлиги, айниқса 235 тасида юқори даражада заҳарли химикатлар ҳавони ифлослаб турганлиги қайд этилган. Ҳар хил корхоналар тепасидаги таҳлиллар эса ҳаммасидан ҳам ачинарли: 102 пробанинг ҳаммасидан, айниқса 70 тасидан жуда ортиқча пестицидлар, атроф-муҳит учун жуда зарарли моддалар чиққан. Албатта, бунга дахлдор кишилар жиддий огоҳлантирилган. Бироқ, бу тадбирларнинг ўзи тузукроқ самара бераётгани йўқ. Бозорларга чиқарилаётган мева-сабзавотлар, полиз маҳсулотлари ҳаммасидан ҳам ошиб тушади. Юқорида айтганимиз гектарчиларнинг таркибида селитра, ДДТлар жуда кўп бўлган тонна-тонна пиёзлари, помидорлари, қовун ва тарвузлари чиқитга чиқарилган – йўқ қилиб ташланган.
Бухоро паррандачилик фабрикасининг ишчилари корхона ахлатларини юқори Когон коллекторига ташлашлари оқибатида сув жуда ифлосланган. Фабрика раҳбарларига катта жа¬рима солиниб, ишдан бўшатилди. Шаҳардаги бир қатор заводларнинг раҳбарлари ҳам ҳавони ифлослаган ўз корхоналари учун жиддий огоҳлантирилганлар.
Ер, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсининг ҳалокатида қишлоқ хўжалиги энг кўп “ҳисса қўшиши” ҳаммага аён. Ишлатиладиган минерал ўғитлар, кимёвий дорилардан ташқари, айрим кишиларнинг масъулиятсизлиги туфайли ҳам табиатга ўнглаб бўлмас зиён келтирилади. Бу борада битта кичик мисол билан чегараланамиз. 1986 йилнинг август охирларида Сверд-лов (Жондор) туманидаги “Ленинград” колхозида ғўзага Б–58 препарати билан ишлов бераётган тракторчи зарарли челагини яқиндаги коллекторда чайиб олади. Фалокат юз бериб, ўша сувдан одамлар ичса нима бўларди? Бунақа ҳодисалар республикамизнинг турли бурчакларида тез-тез юз бериб туради. Томчилар йиғилиб, дарё ҳосил бўлгани каби бундай фаолиятлар бутун куррамизни ҳалокат сари етаклайди.
Шу ўринда яна бир ҳолат эсга тушадию кишини умидсизлик ўз қаърига тортади. Албатта, бу шунчаки ўй, унча далилланмаган фикр. Лекин чуқур мушоҳада юритишга, лоқайдликка барҳам бериб, қатор кузатувлар ўтказишга туртки беришини истайди киши.
Маълумки, она сайёрамиз салкам беш миллиард йил мобайнида шаклланган, ажиб табиатни, онгли мавжудотни яратган. Ер ости ва ер усти бойликлари ҳам миллион-миллион йиллар маҳсули. Одамни, умуман, жонли мавжудотни ҳаракатга келтирувчи куч унинг “ёқилгиси” – озиқ-овқат, тупроқ, сув, ҳаво. Ерники-чи? Унинг бир текис ҳаракатида, боқийлигида, ҳаётийлигида сув, атмосфера, тупроқ билан бирга ер ости бойлик¬лари ҳам “ички ёнув двигатели” сифатида маълум даражада роль ўйнамасмикан? Биз чуқур ўйламай-нетмай гўё замин юрагини, ичак-чавоғини “суғуриб” ташламаяпмизми? Ер ости маъданларини аёвсиз тарзда қазиб олмаяпмизми? Асримиз бошларида ёки ўтган асрларда қазилган бойликлар билан ҳозирги пайтларни солиштирсангиз, кайфингиз учиб кетади. Ахир ҳозир ҳар йили сайёрамизда одам бошига 20 тоннадан зиёд турли минерал ва тоғ жинслари ер бағридан тортиб олиняпти. Шунинг атиги икки фоизигина халқ хўжалигига фойда етказади. Қолгани чиқиндига айланади, табиат ҳолатию мувозанатини бузади. Шундай тезкорликда юз йиллардан, минг йиллардан сўнг ҳамма ички бойликларидан маҳрум бўл¬ган, ташқи бойликлари булғанган, чиқиндилар тўлиб-тошган куррамиз не аҳволга тушаркин? Табиат ўшанда қанақа нағмалар кўрсатаркин? Дарвоқе, сўнгги чорак асрда Бухоро замини миллионлаб куб газдан айрилди. Унинг зангори олови минглаб чақирим олисдаги хонадонларни иситди. Буниси яхши-я, лекин… нега кейинги чоғларда бу замин кўп титроққа тушяпти? Нега қаттиқ зилзилалар, тўхтовсиз шамолу довуллар қуршовида қолмоқда? Нега унинг сувлари ичиб бўлмас, мевалари яроқсиз ҳолга тушмокда? Ҳаёт шундай тарзда – ер ўзлаштиришлар, ер остига “қўл солишлар”, табиатни булғашлар шу тариқа давом этаверса, ишнинг охири нима билан тугайди? Келажак наслларга нималар қолади ва улар бизга қандай муносабатда бўладилар? Бу гаплар фақат Бухоро воҳасига эмас, балки бутун Ўзбекистонимизга тегишли. Бизни ардоқлайдиган жонажон еримизга – бутун куррамизга, барча инсонларга тааллуқли.
Бундан бир неча йил аввал Рига яқинидаги санаторийда дам олиш ва даволанишга тўғри келди. Мазкур шифобахш маскан катта ўрмон ичида жойлашган эди. Настарин айни гуллаган пайт. Ҳамшаҳарларимиздан бири йўл чеккасида балқиб турган эгасиз настариндан бир шохчасини синдириб олиб, йўлида давом этди. Рўпарадан келаётган қарирок латиш аёли бизни тўхтатиб, шундай танбеҳ бердики, бирпасда терга тушдик.
— Чиройли гулни танасидан жудо қилиш уят эмасми? – дерди у. – Узиб олгач, у сўлади, тугайди. Ўрнида турса, қанча кўзларни қувонтиради, қанча дилларга севинч бағишлайди. Одамларни шундай севинчдан бебаҳра қолдирдинглар, – сўнг у бизларга юзланди. – Бу одам-ку, шафқатсиз экан, сизлар гулнинг ўлимига нега томошабин бўлиб ўтирибсизлар? Уят-уят…
Ўшанда аёлни ўзимизча гулпарастга чиқардик. Аммо бошқа кунларда кўм-кўк ўтлоққа чордана қуриб ўтирган яна баъзилар, кейин ўрмондаги қарагайдан ўзига таёқча ясаб олган бир йигит ригаликлардан қаттиқ танқид эшитдилар, маломатга қолдилар.
Бу манзаралар ҳеч эсимдан чиқмайди. Ажабо, ўрмонларга, ўтлоқларга, гулларга жуда бой диёрда яшайдилар. Аммо, хасис кишилар сингари кичкина шохчани қизганадилар. Чуқурроқ ўйлаб қарасангиз, улар қизғанмайдилар, балки гўзалликни эъзозлайдилар, табиатни авайлайдилар, унга муқаддас туйғу билан қарайдилар. Нега бизда шундай эмас? Нега табиатга бепарвомиз? Аввал бунчалар лоқайд эмасдик-ку? Ҳатто сувга тупуришни гуноҳ санардик…
Албатта, ичимлик сувларини асраш борасида Бухоро воҳсида ҳам айрим ҳаракатлар йўқ эмас. Вилоят ижроия қўмитасининг ўтган йил апрель ойидаги қарори бўйича 1987–2000 йиллар мобайнида шаҳар ва қишлоқларни сифатли ичимлик сув билан таъминлашнинг кенг программаси белгиланган. Ушбу программа тўла бажарилса, сувларнинг минераллашув даражаси бир мунча яхшиланади, энг муҳими, табиат булғаниши батамом тўхтатилади, ҳар қалай, хавф-хатардан қутилиш имкони туғилади. Ҳамма гап – қарорни қандай ижро этишда. Ҳозирдан айтиш мумкинки, воҳа шаҳарларини сифатли ичимлик сув билан таъминлаш мўлжалланган ва аввалроқ ишга киришилган “Дамхўжа – Навоий – Бухоро” қувурли сув йўлининг қурилиши тўхтаб қолган. Бу қурилиш шу беш йиллик режасига кирмай қолгани сабабли лойиҳаланган ҳолатича турибди. Қишлоқ аҳли эса тоза сув оладиган режага ҳам эга эмас. Мавжуд режада асосан ер ости сувларидан фойдаланиш кўзда тутилган. Ер ости сувларининг бугунги ҳолати эса кўнгилларга ғулғула солади.
– Воҳани тоза, сифатли, чучук сув билан таъминлаш иложи бор, – дейди Ғарбий Ўзбекистон гидрогеология экспедициясининг катта гидрогеолог инженери Раҳимжон Фозилов. – Ер остида шундай манбалар борки, уларга ҳали минерал ўғитлар, пестицидлар етиб бормаган, ифлосланмаган. Ғиждувоннинг шимолидаги Қутчи массивини олиб кўрайлик. Массивнинг анча чуқурлигида талабга ҳар томонлама жавоб берадиган сув бор. Аммо жуда кўплаб ерлар ўзлаштирилганлиги сувга ўз таъсирини кўрсатмай қўймайди. Айни ўша сувлар тепасига ўрдакчилик комплекси қурилган. Зовурларга ҳар хил чиқиндилар, ахлатлар ташланяпти. Улар ер остига тобора сингиб боряпти. Ҳадемай, мусаффо оби ҳаётга қўшилади, унинг истеъмоллик хусусиятини йўқотади. Яна атрофдаги пахтазорлардан чиққан оқавалар ҳам ҳужумга “ташланиши” табиий ҳолдир. Шу кунларда бунинг олди олинса, воҳанинг жуда кўп қишлоқлари секундига бир куб метр оқиб турадиган ҳаётбахш неъматни йўқотмасди…
Зовур сувлари, оқавалар… Дарвоқе, бунақа яроқсиз сувлар Бухоро вилоятида жуда кўпчиликни ташкил этади. Боз устига, ўринсиз қурилган Шўркўл сув омборининг сувлари ҳам ерга сингиб, ўз таъсирини кўрсатган, ер ости сувлари сифатини бузган. Хўш, шунақа “сувлар”ни нима қилиш керак? Балки уларни тозалаш, чучуклаштириш лозимдир. Лекин ҳозирги техника воситасида бу ишлар жуда қимматга тушади. Агар катта зовурлар орқали Орол сари ҳайдалса, денгизга қуйилмаган тақдирда ҳам алоҳида кўлларга тўпласа, эҳтимол намликлар сақланишига, тузли қумлар кўчишининг камайишига, балки айрим чидамли сув ҳайвонлари ва ўсимликларнинг яшаб қолишига, умуман Оролнинг ўлмаслигига ҳисса қўшар. Ахир бунақа нобакор сувлар фақат Бухоро воҳасида эмас, бошқа кўплаб манзилларда ҳам тўлиб-тошиб ётибди, “бузғунчилик” қиляпти. Бекор ётиб, зарари теккандан кўра бекор “ишлагани” маъкул эмасми? Ҳар қалай, ҳали улар “ўлик сув” даражасига тушган эмас…

***

Сафаримиз пайтида, мартнинг сўнгги кунларида Дайрободга яна йўлимиз тушди. Аввалги ҳамроҳларнинг кўпчилиги йўқ эди. Аммо Самад, Қувондик ва Аслон акани топиб олган эдик. Самад ғамгин кўринарди. қолдирилган тўй ҳамон “музлаб” ётарди. Ҳозирча уни “эритиш”нинг иложи йўқ.
– Болам яримта бўлиб қолди-да, — деди Самад уф тортиб. – Қишда замбил кўтарган экан, касали қайталади. Айрилишимизга сал қолди. Жуда қийналди. Шу ҳолда турмушга чиқариб бўладими? Куёвгаям кеча жавоб бердик. Нима қиламиз бахтини боғлаб…
Бирпас сукут сақлаб, ўйга толдик. Ҳар биримиз Жамилага қандай ёрдам бериш ҳакида бош қотирардик. Шубҳасиз, уни энди асл ҳолига қайтариш имкони йўқ. Ўлмай қолгани ота-она учун қувонч – мунгли қувонч… Бироқ, қишлоқда ундан ҳам ёмон ҳодиса юз берибди. Спорт бўйича мактаб фахри ҳисобланган ўн олти ёшли дуркун йигитча туман касалхонасида абадий кўз юмибди. Сарғаймани ўтказиб юборган эмиш. Бутун қишлоқ йиғлабди, мактаб мотам тутибди. Йигитча таърифини эшитиб, биз ҳам чидолмадик. Эски ўзанга яқинлашар эканмиз, кўзларимиз ёшланди. Бу қувонч ёшлари эди. Ажабо, туш кўраётган кишиларга ўхшардик. Ахир Зарафшон тўлиб, ҳайқириб оқарди. Ёқаларини ялаб, тупроғу тошларни емириб, кўзларни тиндириб чопиб борарди. Гўё оламга сиғмасди. Сон-саноқсиз одамлар, трактору бульдозерлар ёнларига шох-шабба босардилар, дамба ташлардилар, қирғоқларни баландроқ кўтаришга уринардилар. Аммо Зарафшон бўйин эгмас, тошиб чиқишга, ўзини қуритганларни жазолашга аҳд қилгандай ҳар ёнга тўлғанарди. Осмон унга ҳамоҳанг тарзда йирик-йирик томчилар отарди.
–Зарафшон тирилди! – дея Аслон ака беихтиёр ҳайқирди. – Қанийди ҳамиша шундайлигича қолсайди, одамларга ҳаёт улашсайди! Қанийди шу юришда Оролга бориб қўшилса, унга мадор бўлса! Шояд тузли қумлар ёғилишидан қутулсак!
Ярим шод, ярим маъюс, аммо қандайдир илинж билан йўлга тушдик. Бироқ бирпасда баҳор ҳам ўтиб кетди – Зарафшонни яна йўқотдик. Аму ҳамон кишанда, табиат ҳануз мажруҳ. У одамларнинг ўзидан нажот кутяпти. Бутун куррамиз мададга муҳтож…
1988 йил, апрель, Тошкент – Бухоро – Тошкент.

***

Ушбу бадиа-очерк “Ёшлик” ойномасида чиққанидан сўнг орадан ўттиз йил вақт ўтди. Дунёда буюк ўзгаришлар юз берди. Кўп мамлакатлар қатори севимли Ўзбекистонимиз ҳам қизил империя исканжасидан қутилиб, озодликка эришди, ўзига хос йўлдан дадил одимлаяпти. Бутун куррамиз давлатлари сингари юксак тараққиёт манзиларини кўзлаган. Хўш, шундай шароитда барча жонзоднинг бош эҳтиёжи — об-ҳаёт тақдири қандай кечди: ёруғлик сари юрилдими ёхуд қоронғулик томон силжияпмизми?
Хаёл ҳар ёнга тортқилайди. Лаб тишлаб, бош тебратаман. Яна ўйга толаман. Ўттиз йил аввал пойтахтдаги уйлар жўмрагидан роҳатланиб, ташналик қондирар эдик. Узоқлардан келадиган меҳмонлар чой ичмасдан косани жўмракка тутишар, ҳузурланиб, ноёб сув симиришарди. Ҳозир… рости, унақа ҳаловат тополмайсиз. Бошқалар каби биз ҳам дўконлардан харид қилинган, катта бакалажкадардаги булоқ сувидан ичамиз, чой қайнатамиз. Жўмраклардан оқаётган, аслини хлорга бой берган сувнинг “вазифаси” қисман ўзгаргандай туюлади. Оби-ҳаёт исрофи тизгиндан чиққан: ватта маблағлар эвазига қайта ишланган сувлар кўп ерларда беҳуда оқиб ётади; машиналар, кўчаю йўллар ювишларга, экинларга аямай сочилади. Чўмилиш ҳавзаларидаги ифлосланишлар эса чидаб бўлмас даражада…
Янги минг йилликда Она сайёрамизда яшашнинг янги, жуда тезкор даври бошланди. Бундай вазиятда ҳаёт-мамотимиз бўлмиш жонажон табиатга — сувга, ҳавога, тупроғу дарахтларга мунасабат кескин ўзгармаса, йўқотишлар кўлами ғоят кенгайиб бораверади, фожеали воқеларни келтириб чиқараверади…
Хайрият, бизнинг юртимизга Оллоҳ шафқат қилди: бой ҳаёт тажрибасига, кенг қиррали билимларга эга, матонатли ва жасур Етакчини ҳадя этди. У қисқа вақтда ҳамма жабҳани оёққа турғазиб, бутун дунёда ҳайрату жонланиш юзага келтирди. Қарашларда бурилишлар кўзга ташланди. Аммо қарашу ҳайрат билан иш битмайди. Каттаю кичик — ҳаммамиз У зотга камарбаста бўлиб, бир тану бир жон янглиғ ҳаракат қилсаккина, Улуғ мақсадларга етамиз, тоза, шифобахш сувлар ҳам ичамиз.
Сувв… Сув-а… Қани уни бирор кун, бирор ҳафта ичмай кўрайлик-чи… Шундоқ экан, лоқайдликка чек қўйиб, бутун вужудни ишга солайлик, одамлар.

2018 йил, апрель, Тошкент.

088Otaxon yozuvchilarimizdan bo’lmish Muhammad Salomning yurtimizda va jamiyatimizda bo’layotgan o’zgarishlar haqida yozgan ikki dolzarb maqolasini diqqatingizga havola etmoqdamiz.

Muhammad SALOM
IKKI MAQOLA
05

19Muhammad Salom (Salomov) 1938  yilning 19 aprelida Buxoro viloyatining G’ijduvon tumaniga qarashli Ulfatbibi fuqarolar yig’ini Cho’g’olon qishlog’ida dehqon oilasida tavallud topgan. O’n to’rt yoshidan kolxozda ishlagan. O’rta maktabni tugatgach, ikki yil bilim maskanida bolalar yetakchisi bo’lgan. 1963 yilda Samarqand Davlat universitetining filologiya qulliyotini imtiyozli diplom bilan tamomlagach, “Buxoro haqiqati”, “Yosh leninchi” (“Turkiston”) gazetida adabiy xodim, katta adabiy xodim, O’zbek Qomusida katta ilmiy muharrir, “Yosh gvardiya” nashriyotida muharrir, katta muharrir, bo’lim boshlig’i bo’lib ishpagan. 1989 yildan nafaqaga chiqqaniga qadar O’zbekiston Yozuvchilar uyushmasi nasr kengashida adabiy maslahatchi bo’lib, faoliyat ko’rsatgan.
Muhammad Salomning matbuotdagi birinchi xabari 1951 yilda G’ijduvon tumani gazeti ”Kolxoz haqiqati”da paydo bo’lgan. Shundan keyin uning xabar, maqola, lavhayu ocherklari “Buxoro haqiqati”, “Yosh leninchi”, “O’zbekiston madaniyati”, “Qizil O’zbekiston” gazetalarida, “O’zbekiston xotin-qizlari” oynomasida tez-tez bosilib turgan, O’zbekiston radiosi efirlarida yangragan. 1960 yilda Samarqand viloyatining ro’znomasi “Lenin yo’li”da bo’lajak adibning “Hozircha kechirsang bas” degan birinchi hikoyasi o’quvchilarga taqdim etilgan. 1964 yilda uning “Kechirolsang bas”, “Ikki oshna” hikoyalari “Guldasta” adabiy-badiiy almanaxida chop etilgan.
Yozuvchining “Kechirim” (hikoyalar, 1969), “Yurakdagi izlar” (qissa va hikoyalar, 1970), “Toshloqdagi xazina (ocherklar, 1971), “Sevgi tori” (qissa, 1973), “Iqror” (qissa va hikoyalar, 1975), “Shifobaxsh qo’llar” (ocherk, 1976), “Dovul” (qissa, 1977), “Muvozanat” (roman, 1984, to’ldirilgan yangi nashri “Amal havosi”, 2014), “KATTA XONADON. Iztiroblar va sevinchlar”. To’rt qismli roman, 2014) deb nomlangan kitoblarini o’quvchilar samimiy kutib olganlar.
Mustaqillik yillarida ham Muhammad Salom betinim ijodiy faoliyat bilan shug’ullandi. Uning ocherk, badia, hikoyalari  respublika haftanoma va oynomalarida chiqib turdi, mustaqillik shabadalari esgan “Tanaffus” qissasi esa 2005 yilda “Sharq yulduzi” jaridasida chop etildi. Uzoq yillik mehnati samarasi bo’lmish to’rt qismli “Najot” deb nomlangan romanini  yozuvchi 2012 yilning may oyida uyushmaning nasr kengashi muhokamasidan o’tkazdi. Muhokamada asar yuqori baholandi. Romanning birinchi qismi 2007 yilda “Sharq yulduzi” jurnalida bosilgan. 2014 yilda esa mazkur asar “KATTA XONADON.  Iztiroblar va sevinchlar” nomi ostida hamda avval qisqartib chiqarilgan “Muvozanat” romani (“AMAL HAVOSI” nomida) to’ldirilgan holda “Tafakkur” nashriyotida chop etildi. Shu asarlar asosida 2015 yil, 28 may kuni O’zbekiston Yozuvchilar  uyushmasining majlislar zalida taqdimot marosimi o’tkazildi.

SARA “URUG’LAR” SEPILYAPTI

Yangi ming yillik xavf-xatarlar avjiga chiqqan, tahlikayu g’alvalar ko’paygan bir alfozda boshlandi. Hayot shunday davom etsa, oqibati qanday kecharkin,
ona sayyoramiz bunga chidash berarmikan, degan xayollar vujudlarni kemirishga tushdi. Boshqalarni bilmayman, shaxsan men o’zimda tushkinlik his etdim. To’g’ri, bizning diyorda go’yo osoyishtalik, xotirjamlik, baxtdan sarxushlik ko’zga tashlanardi.
Kim o’zarga to’ylar, baland ruhdagi tantanalar, xilma-xil tomoshayu konsertlar, kulgi kechalari qiyinchiligu tashvishlarni unutishga, chuqurroq fikr yuritishdan chalg’itishga chorlar edi. Hech qanday kamchidik yo’qday, shu sababdan tanqid yo’llariga  beton yotqizganday tuyular, biror bir holatga salbiy munosabat bildirganlar quvg’inga uchrardi. O’zga ellardan kelib, o’sha yillar matbuotini ko’zdan kechirgan kishi: “Vo, ajab zamonlar bo’lgan ekanmi?”, deya hayratda qolishi, shubhasiz.

Bolaligimdan xayolparastman: goh shirin, aqlga sig’mas fikrlar ichra kezib, turfa kashfiyotlar qilaman; turmushni tubdan o’zgartirib, go’zal hayot barpo etaman; zolimu yolg’onchi rahbarlarni qattiq jazolab, ishchan, fidoyi odamlarga katta-katta amallar olib beraman. Eng ko’p o’ylarimdan biri: “Qaniydi xalqimiz orasidan har tomonlama pishib-yetilgan, halol, xatoga yo’l qo’ymaydigan — yetuk yetakchi yetishib chiqsayu barcha mushkullarni osongina hal etsa, o’zi juda sezgir va charchamaydigan odam bo’lsa…” Biroq shunaqa mo»jiza yuz berishiga ishonmas, o’zidan qo’rqadigan amaldorlar undaylarga kun bermay, yo’qotishga urinadi, deb ezilar edim. Bunday holatlar hamma zamonlarda yuz bergan, hukmini o’tkazib, taraqqiyotga to’g’anoq bo’lgan.
Ammo ba’zan kuchli, tadbirli, dono yetakchilar ham yetishib chiqqanu har qanday tambalarni yorib o’tib, o’z yo’llarini ochganlar.
Nazarimda, 2016 yil oxirlarida Ollo-taolo bizning yurtimizga xuddi shunday, orzu qilganimizdan ham baland — mo»jiza yanglig’ imkon berdi. O’ylashimcha, Prezident portalining o’ziyoq dilda o’chgan chiroqlarni lop etib yondirdi, butun dunyoni hayratlaru hayajonga soldi. Portalga yog’ilgan ming¬-minglab maktublar, arz-dodlar, xilma-xil, ezgu tilaklaru takliflar…
Bunaqasini bizning diyorda ham, boshqa yurtlarda ham avval amal qilganini eshitgan, o’qigan emas edim. Odamlarning dardlari shu qadar ko’p va to’lib-toshgan ekanki, buni tasavvur qilmaganmiz. O’sha kunlarda kundaligimga: “Zulmatni yorib, quyosh chiqdiyov. Endi muzlar erib, olam yasharsa, yurtimizda zo’r yangilanishlar yuz bersa, ajab emas…” deb yozganman.
Bu hali ishning boshlanishi, buyuk kelajakka ochilgan tuynuk ekan. Tuynuk kengayib, kattalashib, oftob yanglig’ tobora yorqinlashib boraverdi. Oftob, shubhasiz, muzlarni eritadi, suvni ko’paytirib, tuproqni qizdiradi, giyohlarni gurkiratib, yerga yangi urug’lar sochishga imkon tug’diradi, ajib chamanzorlar, to’kin-sochinlar paydo qiladi, vujudlarni yayratib, quvvat baxsh etadi.
Nazarimda, keyingi ikki yil ichida mamlakatimiz hayotida yuz bergan o’zgarishlar xuddi shunday holga o’xshadi. Oftob balqidi. Rostini aytsam, oxirgi o’n yillar mobaynida deyarli matbuot o’qimay, oynai jahon murvatini buramay qo’ygan edim. Uni  ochsam ham asosan ob-havo ma’lumotiga nazar tashlardim. Ajabki, bu ma’lumotlar ham ko’pincha havoyiga o’xshardi – raqamlar pasaytirib ko’rsatilardi. Ba’zilar bu holdan kulib:
-“O’zbek modeli” bu, — deb qo’yardi.
-Qanaqasiga? – deb so’rasangiz, u yon- bu yonga xavotirlanib qarab olib u:
-Bizning yurtimizda jazirama issiq, xavfli qahraton bo’lishi mumkin emas, — derdi. – Bunday halokatli issiqlaru sovuqlar faqat xorijda bo’ladi, odamlarga, iqtisodiyotga, butun tabiatga katta ziyon yetkazadi.
— Palon joyda kecha harorat ellik darajadan oshib ketibdi, ba’zilar bunga dosh berolmay, suvdan chiqmabdi, ta’ziyalar ko’payibdi. Bunga nima deysiz?
-Qo’ying, bunaqa gaplarni gapirmang, — derdi u ko’zini yumib-ochib. – Bular bizning modelimizga sig’maydi. Chet el muxbirlari eshitib qolsa, darrov ilib olib, butun olamga jar soladi. Bizning hech kimga o’xshamagan o’z yo’limiz bor-da. Bizning yurtda mashinalar to’qnashmaydi, odamlar o’lmaydi, suv toshqinlari, g’orat keltirg’uvchi kuchli  shamollar, katta o’g’irliklar, odam o’ldirishlar, davlat mulkini talon-taroj qilishlar hech sodir bo’lmaydi. Zilzilalarni ham avval Maskovdan eshitib, so’ngra xalqqa yetkazish ma’qul ko’riladi. Poraxo’rlikmi? Yo’o’q, bu haqda sira og’iz ocha ko’rmang… Biz ana shunday mamlakatda yashaymiz. O’zimizning modelimiz bor.
“O’zimizning model…”
Kompyuterda ishlab o’tiribsiz, ayolingiz tikuv mashinasida bir nima tikayotir, qaysidir korxonalar mahsulot ishlab chiqarish bilan band… Ana, lop
etib, chiroq o’chdi. Hamma ishlar taqa-taq to’xtadi. Eh, kompyuterda hozir yozilgan narsalar “yopishtirilmagan” ekan, “uchib” ketdi… Xunob bo’lib, mutasaddi tashkilotga sim qoqasiz, hech kim dastakni ko’tarmaydi. Bu hol tez-tez sodir bo’ladi, bir necha  soatlab davom etadi. Shikoyatlar qabul qilinmaydi. Bugina emas, biror idoraga borib, ishingizni bitirolmaysiz. Qo’lingizga, sizdan biror foyda bor-yo’qligiga — mavqeingizga qarashadi. Ijod ahlining faoliyati ham keskin o’zgargan. Uning hayoti,  xayoli kitob bilan bog’liq. Kitob chiqarish esa… Pul! Dardingizni aytolmaysiz, barcha ommaviy nashrlar tanqidni yaqiniga ham yo’latmaydi… Xayolimda qorong’ulik sari, botqoqliklar tomon siljib, cho’kib, yo’qolib borayotgandaymiz…
Chalg’idim,  darvoqe, chiroq… Poytaxtda shunday ahvol. Viloyatlarda, tumanlarda, qishloqlarda bundan ham battar: chiroqsiz, gazsiz turmushga o’tilganday. Ko’mir anqoning urug’i, o’tin narxi osmonda. Yashash uchun kurash: ajib bog’laru noyob daraxtlarmi yoxud  odamlar? Daraxtlar o’z bog’boni oldida mulzam: kunpayakun bo’lishga mahkum–o’choqqa, tandiru sandaliga o’tin. Ha demay, mevalarni ham tushimizda ko’ramiz, shekilli. Boz ustiga, axir faqat o’tin bilan tirikchilik qilib bo’lmaydi-ku! Tirikchilik uchun  pul kerak, ishlash zarur. Ish esa yo’q. Qishloqlar xaroblashib boryapti. Odamlar hovli- joylarini tashlab, ish va isinish uchun shaharlarga oqyaptilar, olis, o’zga yurtlarga ish qidirib ketyaptilar. Ko’p qishloqlar huvillab qolgan. Hatto, tobut  ko’tarishga yaroqli erkaklar yetishmaydi. Shu jarayon davom etaversa, ahvolimiz ne kechishini hech kim bilmaydi, aytolmaydi.
Bu holni ko’rib, yig’lay deysiz: “Nahotki gaz zahiralarimiz tugayapti? Elektr quvvati ishlab chiqarish pasayib ketdimi?
Nega?”
Shunday savollar boshimda g’ujg’on o’ynar ekan, sakson to’qqizinchi yildagi bir suhbat nogoh xayolimda jonlandi. Zobitlar uyi ro’parasidagi elektirlash vazirligiga ishim tushdi. Vazirning birinchi o’rinbosari gapimni tinglab, ishimni  risoladagiday hal qilib berdi. Yaxshi odam ekan. Quvondim. O’sha kezlarda yurtimiz osmonida, ko’plarning fikri-xayolida mustaqillikning umidbaxsh, huzurbaxsh shabadalari kezib yurar, orziqish ila nafas olardik. Chunki, Boltiq bo’yi xalqlari bu  noyob ne’matga erishib ulgurgan edilar. Bu holni men ham ichimga sig’dirolmasdim. Endi… shunday ne’matga katta rahbarlar, yetakchilar qanday qarashar ekan? Shu niyatda vazir o’rinbosarining ko’nglini bilgim keldi:
-Shoakbar Yaxshiboevich, bir
g’alati savol bersam, maylimi?
-Marhamat.
-Anglab turibmizki, mamlakatning hayot tarzida, taraqqiyotida, tomir urishida elektr quvvati beqiyos ahamiyat kasb etarkan.
-Xuddi shunday.
-Bordiyu biz, Olloh nasib etsa, mustaqillikka erishsak…
-Xo’sh?
— O’zimizni, o’z yurtimizni elektr quvvati bilan ta’minlay bilamizmi?
U kishi kulimsirab, aftimga bir qarab oldi-da:
-Ha, ta’minlay olamiz, — dedi ishonchli ovozda.
-Boshqalarga kunimiz qolmaydimi? – yana ta’kidlab so’radim.
-Yo’q, mutlaqo!
Imkoniyatimiz ancha katta.
-Rahmat sizga, — dedimu qanot bog’lab uchgancha u yerdan chiqdim. Keyin o’zimga savol berdim: “Mustaqillikni ta’minlash senga bog’liq ekanmi?” O’ylab turib, o’zimga javob qaytardim: “ Menga ham, boshqalargayam – hammaga bog’liq, jipslikka, ahillikka, fidoyilikka bog’liq!”
Aslida ham shunday. U suhbatni eslab, yana o’zimni savolga tutdim: “Ajabo, qani o’sha ta’minot? Nimalar yuz beryapti o’zi? Soha rahbarlari bilib-bilmay, hammani jarlikka, botqoqlikka  boshlamayaptilarmi?..”
Bir kuni ardoqli shoirimiz Erkin Vohidov bilan suhbat chog’ida:
-Erkin aka, siz hozir cho’qqidasiz, — dedim havasu kuyinish ohanggida. – Oliy Majlis deputati, nufuzli xalqaro bo’limining rahbarisiz… Xalq shoiri, Qahramonsiz…
-Ha… – Erkin aka ko’zimga qaradi, nimanidir ilg’aganday bo’ldi. – Bir nima demoqchisiz, shekilli…
-Mamlakat ahvolini bizlardan ko’ra chuqurroq bilasiz… Kattakonga yaqinsiz… Sizni hurmat qilishini hamma biladi…
Erkin aka  boshini chap tomonga xiyol egib, yelka qisdi. Men so’zdan to’xtamadim:
-U kishiga vaziyatni tushuntirsangiz…
Erkin aka indamay bosh chayqadi.
-Yoki so’zga chiqqaningizda xalq vakillariga hammasini aytsangiz…
Xalqning ulug’ vakili chuqur xo’rsindi,
xayolimda bu xo’rsiniq nafasiga gugurt chaqsa, yonadiganday. Qaltis fikr aytganimdan noqulay holga tushdim. Shunday esa-da, endi chekinolmas edim:
-Obro’yingiz juda baland: vakillar ham, halq ham sizga ergashadi.
Erkin Vohidov yumshoq tabiatli,  birovga ozor berishni istamaydigan odam edi, rahmati, menga ham qattiq gapirgisi kelmadi, yana bosh chayqadi:
-Buni hech iloji yo’q, Muhammadjon, — dedi past ovozda.
-Nimaga? Sizday odam…
-Bunaqa gapni hech kim aytolmaydi. Faqat bir kishi
hammaga aytadi… Biz majlisda aytadigan gaplar ham o’zimizga yozib beriladi.Uni o’qib beramiz, xolos. Undan ortig’iga o’tolmaymiz.
-“Kelajagimiz porloq ekan”, — deb shivirladim o’zimcha.
O’sha topda Erkin Vohidovdan hafsalam pir bo’ldi. U kishini  qiyossiz shoirligidan tashqari, har qanday odam bilan gaplasha biladigan, suhbati yoqimli, juda bilimdon, yetuk, katta SHAXS deb hisoblardim. Albatta, dunyo miqyosida tanilish, obro’ qozonish mumkin. Ammo chinakam SHAXS darajasiga ko’tarilish…
Bu ulug’vorlikka kamdan-kam kishilar muyassar bo’ladilar, degan o’y o’tdi xayolimdan.
Keyinchalik turli holatu vaziyatlarni ko’rib, eshitib, fikr yuritib, Erkin akaga o’zimcha tan berdim: “G’oyat aqilli, uzoqni ko’radigan, andishali odam”. Men aytgan  taklifni hech kim aytolmas, fikr o’tkazolmas, aytgan taqdirda hechdan-hechga boshini kundaga qo’yar ekan-da. Erkin Vohidov ham, ehtimol, mo’ljallab ko’rgandir, ishora qilgandir. Shu boisdan ham bosh rahbarning qahriga uchrab, u dargohdan oyog’i  uzilgandir. Shunday yo’l tutib, dadilroq fikr aytganlardan eng ulug’i, keyingi yuz yillikning g’oyat buyuk allomasi, muftiy Shayx Muhammad Sodiq Muhammad Yusuf hazratlari, yana taniqli qalamkash Jahongir Mamatov singari bir necha kishilar  jonajon yurtidan quvilib, ne dardu alamlarni boshdan kechirmadilar! Ne-ne vatanparvarlar esa yigirma yillab qamoqxonalarda azob chekdilar. Yurt iztirobida yuragi yonib, imi-jimida hayotdan ko’z yumganlar ham oz emas…
Kamina ham loqayd yo  tomoshabin bo’lib yurgani yo’q: o’z imkoni qadar, vijdoni buyurgancha dardlarini bildirishga, katta dargohga yetkazishga uringan. Shu niyatda mushohadaga undovchi maqolalar yozgan. Ammo chop etilmagan. Jiddiy rad ham qilinmagan. Shundan so’ng o’z  fikrlarini yetkazishi mumkin bo’lgan ba’zi zotlarni suhbatga chorlagan. Biroq ularning o’zi bilan emas, vakili bilan suhbatda aytganlari javobsiz qolgan…
2016 yilning kuz faslida, so’ng ilk qish kunlarida mamlakatimizda vaziyat tamoman o’zgardi: orzu qilganim kabi davrning eng kuchli SHAXSI favqulodda o’zini namoyon etdi. Go’yoki sevimli qahramonim DANKO yanglig’. Buyuk yozuvchi Maqsum Gor`kiyning “Izergil` kampir” hikoyasini, asardagi Danko haqidagi afsonani o’qimagan kishi  kam topilsa kerak. Danko qorong’u o’rmonu botqoqliklar aro adashib, juda og’ir vaziyatda qolgan xalqini dadil olg’a boshlaydi. Vaziyat juda tanglashadi. Orqaga qaytish mumkin emas: g’oyat kuchli, makkor dushman ularni yanchib tashlaydi, oldinga yurishda davom etishsa, yanada xatarli: bir-biriga tutashib ketgan, quyosh nurini ham o’tkazmaydigan, botqoqliklaru xilma-xil kasalliklarga to’la qorong’u o’rmon. Bu yo’l qayoqqa olib borishini hech kim bilmaydi. Dankoga ta’na-malomatlar yog’ilyapti.
Nima qilsa, og’ir vaziyatdan qutiladi? Yuragi yonyapti… U shartta o’z xanjari bilan ko’ksini yorib, yuragini boshi uzra baland ko’taradi. Yurak yog’dusi atrofni yoritadi, yo’l ko’rinadi. Danko o’z xalqini yana olg’a boshlaydi, yorug’likka chiqqach, yurak  to’xtaydi…
Prezident portali menga Dankoning jasoratini eslatdi. Juda dadil, yangicha usul o’zini oqlab, butun mamlakat bo’ylab yoyildi: viloyatlaru tuman markazlarida va hatto yirik ishxonalarda ham xalq qabulxonalari paydo bo’ldi, amaliy natijalar bo’y ko’rsata boshladi. Har kuni bir yangilik, turmushni o’zgartiradigan xilma-xil farmonu qarorlar, turli maskanlarda uchrashuvlar, xalq bilan erkin muloqotlar, odamlar ehtiyojlarini darhol qondirishlar tushdagi, ertaklardagi kabi
tez yuzaga chiqaverdi. Qarorlarni sharhlash, ijro etish yo’llari aytib turildi.
Bosh rahbar farmon bersayu amalga oshmasa, ijrosi tekshirilmasa, bunaqa farmonning hech qanday ahamiyati yo’qligini hamma biladi. Bunday hollarni, har xil  va’dalarni ko’raverib, ishonchlar yo’qolgan… Yangi bosh yetakchimiz esa ijroni tekshirishga alohida e’tibor qaratdi. Buni oynai jahon orqali odamlar hayajon bilan kuzatib bordilar. Men ham olib ko’rsatuvchi, gapiruvchi qutidan nari ketolmay qoldim. Mamlakat bo’ylab hayotbaxsh shabada esib, yashartiradigan, yoqimli, yangi iqlim uch ko’rsatar edi. Hech kim o’ylamagan, xayolga ham kelmagan bir hol diqqatni tortdi: odamlar idoralaru rahbarlar uchun emas, idorayu rahbarlar xalq uchun ishlashi zarur, degan fikr, jiddiy topshiriq avj suratlarda faoliyat ko’rsatishga o’tdi. Bu usul butun dunyoni hayratga solib, katta shov-shuvlarga sabab bo’ldi. Endilikda hayot mezoniga aylanib bormoqdi.
Ko’ngillarga g’ubor, aytish mumkinki, qora dog’  tushirgan bir vaziyat hammamizni xijolat ichra qoldirgandi. Biz salkam yigirma yil mobaynida yaqin qo’shnilar bilan oramizni buzdik, munosabatlarimiz yomonlashdi. Dono xalqimiz qo’shnichilik bobida boy tajriba to’plab, yaxshi fikrlar aytishgan: “Hovli olma, qo’shni ol”, “Uzoqdagi qarindoshdan yaqindagi qo’shni yaxshi”, “Qo’shning tinch – sen tinch”… Xalqimiz ixlosu katta umid bilan saylagan yangi Yurtboshimiz esa mudhish xatoni tuzatib, qo’shnilaru o’zimiz uchun ham eshiklarni lang ochdi, azaliy do’stlik rishtalarini tiklab, e’zozga erishdi. Shuningdek, boshqa kichigu qudratli davlatlar bilan ham juda muhim, tarixiy aloqayu bitishuvlarga erishildiki, bu imkonlar tez va soz rivojlanish yo’llarini kengaytirib, sovuq  “iqlim”ni isitishga bebaho hissa qo’shyapti.
Shu o’rinda meni hamisha qiziqtirgan, qator asarlarimda ko’p martalab qalamga olib kelganim bir fikrni yana va yana ko’targim kelaveradi. Gap shundaki, ba’zi birovlar o’z oilasini, kichik jamoani  tuzukroq, eplabroq boshqarolmagan holda katta amallarga intiladilar, cho’qqini ko’zlab, bor kuch- quvvatlarini ishga solib, deylik, maqsadga ham erishadilar. Ammo ko’pincha ishni barbod etadilar, hayotni boshi berk ko’chaga taqaydilar. Har  jihatdan yetuk, chuqur bilimga ega, yetti o’lchab, bir kesadigan, sabr-toqatli, adolatli yetakchilar esa eng og’ir damda ham qiyinchiliklarni oson bartaraf etib, yetovidagilarga yorqin yo’l ochadilar. Mayoq vazifasini o’taydilar. Odamlarni boshqarish  – bu mahorat, bilim va san’atdir. Bu o’ta muhim, mas’uliyatli, noyob san’atni egallash uchun kuchli iroda, chidam, nozik lahzalarda o’zini tuta bilishligu hozirjavoblik muhim ahamiyat kasb etar ekan. Aytaylik: qahri qattiq hukmdor chalg’iyapti,
foydasiz yoki adashadigan yo’lga boshlayapti. Nima qilish kerak? Tobe kishi dangal aytsa, kamida amalidan, ko’pincha jonidan ayriladi. Indamasa, yana bir balo. Indamay qutilding, indab tutilding, deydilar-ku. Albatta, bu usul o’zini oqlamas.
Sevimli shoirimiz Erkin Vohidovga mening “maslahatim” ham, keyin bilishimcha, bizning yurtimiz sharoitida juda qaltis ekan. Ollohning o’zi xalqimizga sabr-toqat san’atini mo’li bilan bergan ekan.
Shunday iqtidorliklarni o’zida jamlab,  matonatli qadamlar ila olg’a bosayotgan, ajib kuzatuvlarini hayotga izchil tadbiq qilayotgan, hammamizni ulug’ ishlarga safarbar etayotgan bosh yetakchimizning muvaffaqiyatlarini o’z ko’zimiz bilan ko’rib turibmiz. Odam imkoniyati naqadar keng  ekanligi o’z isbotini topmoqda. Uzluksiz e’lon qilinayotgan hayotiy, jozibali farmonu qarorlar, bularning ijrosi bilan bog’liq favqulodda harakatlaru kechayu kunduz, temir odam yanglig’, dam olmay, tinimsiz faoliyatlar butun olamni lol  etayotgani ko’z o’ngimizda namoyon. Men ko’p o’ylardim va yozganman ham: muhim ishda o’z o’rnini topgan bir odam ham hayotni, dunyoni o’zgartirishi mumkin. Fotih Iskandaru Chingizxon va Amir Temur, raqamlarni – ko’payish va ozayishni kashf etgan Al  Xorazmiy, internetu qo’l telefonlarini o’ylab topgan zukko olimlarni eslang. Yaqindagisi esa yana bizning yurtdan qad ko’tardi: dunyo minbaridan favqulodda muhim, juda zaruriy fikrlarni ko’tarib chiqdi, o’zaro munosabatlar iqlimini ilitishga,  yarim asrdan ko’proq vaqtdan buyon aniq yechimini topmagan Orol fojeasini olam hamjamiyatining qalbiga yetkazishga, harakatga keltirishga erishib, nihoyatda buyuk xizmat qildi. Darhaqiqat, endilikda dunyo qarashlarimiz, dunyomizning o’zi ham buyuk  o’zgarishlar sari yorqin yuz tutmoqda. Ajab emaski, bizning yo’limiz olam andozasiga aylanib, barcha talato’plar barham topar, Odam atoning zuryodlari qo’lni qo’lga berib, sog’lom davrlarga yetajak.  Yurtboshimiz yetakchiligida keyingi ikki yil ichida
amalga oshgan, oshayotgan, oshayajak ishlarni sanashga hojat bo’lmasa kerak. Bu ishga minglab sahifalar kamlik qilarov, ko’plab badiiy asarlarga sig’masov. Menga qolsa, ilm-fanga, ma’naviyatga, adabiyotga, oddiy odamlarga, nogironlarga jiddiy  e’tiborning o’ziniyoq yirik asarlar uchun ajoyib mavzular, degim keladi. Oynai jahondan yangi, shinam uylarga ko’chib kirayotgan oddiy kishilarning quvonch ko’zyoshlarini ko’rib, hayajonga tushasiz. Yoki kitob o’qishlar “o’layotgan” vaqtda kitobxonlik,  avval ta’qiq hisoblangan “Qur’on”xonlik musobaqalari, g’oliblarni yuksak taqdirlash, bularni oynai jahon orqali keng namoyish etishlar-chi? Bu tadbirlar, ha demay, ajoyib natijalar berishiga, kelajak sari yorqin, istiqbolli yo’llar ochishiga
ishonchim komil.
Darvoqe, shaharda, yana ko’p manzillarda chiroqlar o’chmayapti, odamlaru korxonalar bir maromda ishlayapti; gaz quvurlari “tirilgan” kabi uylarni isitishda, qozonlarni qaynatishda davom etyapti. Odamlar obodlik sari yuz tutgan  azaliy makonlariga qaytyapdilar, yangi bog’lar bunyod etyapdilar. Bu jarayon to’xtovsiz, muvaffaqiyatli yakun topishiga shubha yo’q, albatta…
Juda ko’plab amalga oshirilgan bu ishlarni men omilkor dehqon yerlarga sara urug’lar sepganiga, sochganiga qiyoslagim keladi. Soz tuproqqa tushgan sara urug’lar tez unib, gurkiragani holda taqir yerga to’kilganlari qovjirab, qushlarga, qurt-qumursqalarga yem bo’lishi tabiiy. Maqsad esa noyob urug’lar to’la undirib olinishidan, mo’l hosil yetishtirishdan  iborat! Axir tajribali dehqonlar qiru o’rlardan, lalmikor yerlardan ham yuqori unumdorlikka erishadilar-ku! Bunda qizg’in faoliyat, o’z ishiga mehr-sadoqat, chin fidoyilik, kuchli aql-zakovat ish berishi hech kimga sir emas. Hozirgi tezkor,  shiddatli zamon shuni talab qiladi…
Diyorimizda “sara urug’lar” to’xtovsiz sepilyapti. Dastlabki urug’lar unib chiqyapti, gurkirayapti, hosil beryapti. Hali unmaganlari ham juda ko’p. Hammasini tezroq, to’laligicha undirish, hosilga indirish zarur!
Buning uchun hammamiz bir yoqadan bosh chiqarib, ULUG’ DEHQONga kamarbasta, hamkoru hamnafas, yurtga fidoyi bo’lsakkina, oliy maqsadga erishamiz. Yo’q esa sara urug’lar behuda ketadi, taqirlikda qovjiraydi. Bunga befarq bo’lish mumkkin emas!
Axir:

Sen agar yonmasang
Men agar yonmasam
Unda kim yoritar
Bu qaro tunni?!

Toshkent, 2019 yil, fevral.

BUXORONING  SUVLARI

Havo issiq chog’larda uchoqda uchishning o’z mashaqqatlari bor. Shuning uchun ham salqinda – tongdayoq tayyoragohga yetib  bordik. Baxtga qarshi, uchish ikki soatga kechiktirildi. Nima gap? Balki uchoq nosoz — yo’lga shay emasdir? Ikki soat o’tib, uchishlar yana orqaga surildi. Kimdir gap topib keldi: “Buxoro qo’nalg’asi samolyotlarni qabul qilmayotgan emish”. Ajabo,  yozning qok o’rtasida, issiqdan jizg’inak bo’lib o’tirganimizda… Bo’ralab qor yog’ayotgan bo’lsa, boshqa gap: qor pardasi yerni ko’rishga imkon bermaydi desang; atrofni quyuq tuman chulg’asa, shubhasiz, uchoq qo’nishga ojiz; qattiq shamollardan ham “samo  qushi” cho’chishi mumkin. Lekin hozir, ayni saratonda qadimiy shaharning qo’nalg’asi nega raddiya e’lon qilyapti? Darvoqe, Navoiy shahrining cho’l burchidagi qo’nalg’a ham uchoqlarni rad etibdi. Xorazm va qoraqalpog’istonlik yo’lovchilar kechadan buyon  ruxsat berilishini intiq kutishayotgan ekan. Ana, Qarshiyu Kitob tomonlar ham berkildi…
Kun botyapti: qancha-qancha yo’lovchilar chiptalarini topshirib, qaytib ketdilar. Biz safarimizni ertaga qoldirolmaymiz — Buxoroga bugunoq yetib borishimiz
shart!
To’satdan karnay xirilladi. Umidsiz, loqayd quloq tutdik. E-he, bir necha reysga baravar yo’l ochilibdi-ku! Ari uyasi buzilgani kabi hamma g’imirlab qoldi. Byyog’i tezlashib ketdi. Ko’z ochib yumguncha “qushchamiz” qadimiy shahar tepasida aylana  boshladi.
Endi qishloqqa, to’yxonaga yetib olish muammosi boshimizni qotirgancha qo’nish maydonidan uzoqlashdik. Kun botishdan salqin shamol esardi. Toshkentning issig’idan so’ng bu bizga rohat bag’ishlar edi. Bunisi yaxshi, ammo tunda olis qishloqqa  boradigan taksi topilarmikin? Shuni muhokama qilgancha hisobsiz yo’lovchilaru kutib oluvchilar sari yo’rtarkanmiz, ular safida tanish bir qiyofa diqqatimizni tortdi. U bizga qarab, nimalardir degancha tinimsiz qo’l silkirdi. To’y egasining jo’rasi Quvondiq Quvnoq!
– Osmon uch kundan beri ko’z ochirmayapti: qattiq shamol, chang-to’zon, girdibod. Avvallari bunaqa yomon xurujlar bo’lmasdi-da. To’g’ri, cho’llarda, xususan, Qizilqumda tez-tez g’ashga tegib turardi. Mana, endi, uch yildan buyon  qishloqlargayam, shahargayam bosh suqdi, – dedi Quvondiq xijolatomuz ohangda.
– E, gap bu yoqda ekan-da! Chang-to’zon paytida samolyot uchmasligini endi eshityapman. Bizning uchoqlar shamolni pisand qilmas deb bilardim, — yelka qisdim men.
Bir lahza  sukutga cho’mdik, damimiz ichimizga tushdi. Havo yetishmayotganday yutoqib nafas olardik. Ba’zilar terga pishgan, ayrimlar o’zida chanqoqlik sezib, tamshanishdi. Mashi¬na esa tun qo’ynini yorib, vazmin suzib borardi.
– Bunga o’zimiz aybdor, – dedi  tinchlikni buzib Quvondiq. – Amuni bo’g’ib, yo’lini o’zgartirdik. Orolning qon tomirini kesdik, hayotdan mahrum qildik. Buni hozir tan olyapmiz. Lekin endi kech-da! To’y o’tgandan keyin xinani dumingga qo’y, deptlar. Shuncha o’zlashtirilgan yerlardan  kim voz kechib, Amuni yana o’z iziga oqizishni istaydi? Tayyor suvni kim qaytarib berardi!
– E, og’aynilar, aeroportda kun bo’yi ezilganimiz ham yetar, – deya bir do’stimiz qo’l siltadi. – Ko’ngil ko’taradigan gaplardan so’zlashaylik. Xo’sh, Quvondiq Quvnoq, to’ydan gapir, og’ayni! Samad qalinni kattaroq oldimi yoki voz kechdimi?
– Bergan Xudoga yoqibdi, – dedi kulimsirab Quvondiq. – Buncha berasan demagandir-u, lekin noz qilib o’tirmagan, shekilli.
Samad jo’ramizning hovlisiga yaqinlashdik.
Biroq na yorqin chiroqlar, na musiqa sadolari, na alyoru xurramlik ovozlari e’tiborni tortdi. O’zi nima gap? Hayratlanib, Quvondiqqa qaradik. U yelka qisdiyu mashinani sekinlashtirib, Samadning darvozasi ro’parasida to’xtatdi. Darvoza lang ochiq, ammo hech kim ko’rinmas, bitta chiroq atrofni xira yoritardi. Axir bu paytda tantana avjga chiqqan bo’lmasmidi? Qishloqda to’ylar ancha kech boshlanishini hisobga olganda hozir o’yin-kulgi, qo’shiqlar quloqni qomatga keltirishi lozim edi-ku…
– Balki to’y ertagadir? – so’radim Quvondiqdan.
–Yo’-o’g’-e, bugungaydi… – o’zi ham adashgan kabi zo’rg’a ovoz chiqardi Quvondiq. – Biror nima bo’lgandir. Balki ertaga qoldirilgandir.
Ichkaridan sochini yaqindagina ustarada oldirgan, ola do’ppi  kiygan, alp qomatli Samad o’ziga yarashmagan, yasama jilmayish bilan shoshilibroq chiqdi. Bosh tebratgancha quchoq ochdi. Qiziq, zohiran ochiq va quvnoq, botinan teran daryo singari g’ulg’ulali ko’rinadi. O’zini o’ng’aysiz his etayotgani yaqqol seziladi.
Darvoqe, hovli yuzida ham bir-ikki kishi ko’zga tashlanadi, xolos.
– Xush kelibsizlar, jo’rajonlar! – deya Samad hammamizni bir-bir bag’riga bosib, mehmonxonaga boshladi. Undan hozir biror nima so’rashga negadir istihola qilardik. O’zi izoh
berdi. – Sizlarga ozgina yolg’onchi bo’ldik, jo’ralar. Sal o’zgarish yuz berdi: to’yni keyinga qoldirishga to’g’ri keldi.
– Nimaga? – shoshilib, ayni paytda hayrat ichra so’radi Quvondiq. – Kecha hammasi joyidaydi. Tayyorgarlik zo’rdi. Meni mehmonlarni  kutib olishga jo’natdingiz…
– Ha, shunaqaydi… Jamilani mazasi qochib qoldi. Kasalxonaga yotqizdik.
– Nima qilibdi?
– Sarg’ayma deyishdi. – Samadning ovozi qaltirab, ko’zida yosh aylandi. – Ancha o’tib ketganmish. ZAGS payti hushidan ketibdi…
– E, yaxshi bo’lmabdi-da! – dedi Rustamjon. – Ahvoli shu darajaga borguncha nahotki hech nimani payqamagansizlar?
– U yerim og’ridi, bu yerim og’ridi deb yurardi. Lekin salga charchab qolardi. E’tibor bermabmiz-da, jo’rajon. Kaltafahmlik qilibmiz.

Ertasi kuni bir necha xonadonda qisqa fursatli o’tirishlarda qatnashdik. Havo nihoyatda isib ketganidan nafas olish qiyinlashdi. Kechaning aksi o’laroq bugun “g’ir” etgan shamol ham esmas edi. Bizni ko’proq tashnalik ezardi: na suv, na achchiq choylar  chanqoqni qondirardi.
– Hamma yerda shunaqa suv ichadilarmi yo faqat sizlarda shundaymi? – deb so’radi Rustamjon. – Tiniqlikka – tiniq, chiroyli, lekin mazasi namokobga o’xshaydi-ya!
Hammamiz o’yga cho’mdik. Shubhasiz, bolalik damlarimiz bir-bir ko’z  o’ngimizdan o’tdi. To’g’ri, u paytlarda suv unchalik serob emas, ariqlaru ro’dlar hamisha ham to’lib oqavermas, gohida ekin sug’orish uchun kishilar yoqavayron bo’lishar, har tomchi suv zar kabi qadrlanar edi. Shunga qaramay, butun jonzod ariqlardan,  hovuzlardan, gohida quduqlardan tashnalik qondirardi.
Suv iste’mol xususiyatini yo’qotsa… Qanday dahshat! Darvoqe, suv bo’lmasa, uning o’rnini nima bosadi? Hayot nima tufayli davom etadi? O’z mamlakati televideniesida so’zlagan Frantsiyaning  sobiq prezidenti Jiskar d Esten shunday savol tashlaydi: “Suv ham xuddi neft` kabi taxchil bo’lib qolmasmikan? Neft` o’rnini energiyaning boshqa manbalari bosishi mumkin, ammo suv o’rnini nima bosadi?”
Bu savolga ikkilanib o’tirmasdan: “Hech  nima!” deb javob berasan kishi. Binobarin, boshqa biror narsani tasavvurga sig’dirib ham bo’lmaydi. O’shanda prezident ham: “Suv o’rnini faqat suv bosadi”, degan. Shu o’rinda yana bir frantsuz farzandining, yozuvchi va uchuvchi Antuan de Sent-  Ekzyuperining suvni ulug’lab yozgan va hatto gimn darajasiga ko’tarilgan ajoyib so’zlari esga tushadi:
“Obi hayot! Senda na ta’m, na rang va na bo’y bor. Seni tasvirlashga qalam ojiz. Inson sendan bahra oladi-yu, sening asl qudratingni tushunmaydi.
Seni hayot uchun zarur deyish gunoh, chunki sen hayotning o’zisan. Sen insonga hamisha va har yerda rohat bag’ishlaysan, ammo buni sezgimizning besh a’zosidan birortasi ham his qila olmaydi. Sen bizga quvvatimizni qaytarasan. Sening marhamating  qalbimizning qurib qolayozgan chashmalariga qayta shijoat in’om etadi”.
– Tashnalikni boshdan kechirmagan kishi suv qadriga yetishi kiyin, – deya chuqur entikish bilan qo’shib qo’ydi hamon chanqog’ini qondira olmayotgan Rustamjon.
…Jamilaxonlar  hovlisining yonginasidan bir necha brigadani suv bilan bemalol ta’minlaydigan ariq oqib o’tadi. Ariq atrofida baland o’sgan teraklar, gujumlar, kora tollar kishini o’ziga chorlaydi. Ariqda esa tezaklar, har xil axlatlar, kupiklaru yana  qandaydir allambalolar suzib o’tyapti. Nariroqda yosh bolakaylar qiyqirab cho’milishyapti, bir-biriga suv sachratishyapti. Hech kim ularni yo’ldan qaytarolmaydi. Yo’llarda, xonadonlarda surati kelishgan odamlar, uy bekalari tog’ora-tog’ora  suprindilarni, axlat uyumlarini ariqqa otadilar va hech nima yuz bermaganday beparvo izga qaytadilar. Hech kim ularni to’xtatib, “Ey nodon, nima qilyapsan?” deb so’ramaydi. So’ragisi kelsa ham yomon ko’rinishdan cho’chiydi. Xolbuki, bu harakat bilan  odamzod o’ziga o’zi choh qaziyapti. U faqat birpaslikni, hozirgi lahzanigina o’ylab, shunday qadam tashlayapti. Ertaning, uzoq kelajakning tashvishi, avlodlar taqdiri xayolida ham yo’q. Ertagi kun unga nimalar berishi, qanday ko’rgiliklar keltirishi  uni mutlaqo qiziqtirmaydi.
Tashqarida garmsel esardi. Olovli yel ochiq badanga, yuzlarga yoqimsiz tarmashar, nafas olishni qiyinlashtirar edi. Bunaqa havoda yurish ziyonligini bilardik. Lekin oshiqqa na yomg’ir, na dovul pisand deganday otash seli  bizni Zarafshon visolidan aynitolmas, o’zimizni tezroq inju tomchilar, kumush to’lqinlar og’ushida ko’rishni, shu tariqa yangi kuch-quvvatga to’lishni mo’ljallab borardik. Chorak asr, hatto, yigirma yillar avval xuddi shunday tuyg’ularni boshdan
kechirardik. O’sha paytlarda daryo qirg’oqlari bizga olam-olam quvonch baxsh etardi, atroflaridagi go’zal, ayni paytda bokira tabiat qo’ynida tongdan shomgacha “yitdim-ketdim” o’ynab, mollarimizni ham o’z holiga tashlab qo’yardik. Qiziq, hozirgi  bolalar, o’spirinlar ham shunday hissiyotlar olamida suzarmikanlar? Bu hissiyotlar sun’iy tarzda, oynai jahon ro’parasida o’tirgan kezlarda dillarni qitiqlar balki. Endigi bolalar sigir yetaklamaydi, poda ortidan yayov yurmaydi, mollariga o’t  termaydi, o’t-o’lanlar bilan sirlashmaydi. Ha, bizlar tabiat bilan, dov-daraxtlar bilan so’zlashardik, ularga gard yuqtirmaslikka tirishardik. Beg’ubor tabiat endilikda fil`mlarda, kitoblarda qolganday tuyuladi kishiga. Bunga yorqin misol – Zarafshon…
Shaharchaga o’xshash G’ishtining Ho’ppila qishlog’idan o’tib, pastga tushdigu hafsalamiz pir bo’ldi. Avvallari shu erda – bahaybat Qalqon ro’dning tepasida kattagina G’ishti arig’i oqardi. Ariq yoqasida atrofga guldiros solib, ikki toshli – ikki uyli tegirmon aylanar, novdan pastga otiladigan suvga tikilib ko’z tinardi. Qad rostlab, shundoq janubi sharq sari ko’z tashlansa, bir chaqirimcha narida har qatrasi dardga darmon Zarafshon ko’pirib, yayrab, to’lib-to’lqinlanib oqib yotardi.
Ko’zlarni qamashtirardi, dillarga g’ulg’ula solardi, asablarni tinchlantirardi, ko’ngilda shavq uyg’otardi – odamni ishga, g’ayratga chorlar edi. Gohida, ayniqsa bahor, yoz kezlari jahlga ham minar; talafotlar yetkazar, keyin yana asliga qaytib, kishilarga hadyalar sochar – tuproqlarda go’yo zar undirar, kamarlarda sonsiz-hisobsiz, lazzatli baliqlar, antiqa nahanglar yetiltirar edi. Hamma uni “ona” deb atar, “Ona Zarafshon” deb e’zozlardi.
Ulug’ onaning to’rtta suyukli, fidoyi, alp o’g’illari bo’lardi. Ular har xil olislikda onaning bag’ridan hayotga “yo’llanma” olishardi. Irmoqlardan biri Qalqon ro’d deb atalardi. Donishmandlar kabi vazmin, ammo teran oqardi. Uning yonida go’yo egiz kabi cho’zilgan, lekin biroz sayoz, nisbatan kichikroq, Permast jilvalanardi. U G’ijduvonga yetar-yetmas qurib qolar edi. Lekin bir tomchisini ham zoe ketkizmasdi. Apreldan oktyabrgacha maktab o’quvchilari mayin to’lqinlari uzra sho’ng’igani-sho’ng’igan edilar… Uchinchi “o’g’il”ning kechmishi boshqalaridan o’zgacharoq. Sultonobod deb atalmish bu ro’d serviqorligi, jozibasi bilan alohida ajralib turardi. Ismi-jismiga monand, og’a ro’dlar orasida chindan ham Sultoni sanalardi. Buralib-buralib, goh pishqirib-sharqirab, goh sokin oqardi. Afsuski, hozir Sultonobodga Zarafshon baliqlari mehmon bo’lolmaydi, bordi-yu, adashib o’tganda ham ayricha mehr-oqibat ko’rmaydi. Chunki ro’d o’z qiyofasini tamoman o’zgartirgan – xuddi o’zga yurak bilan yashayotgan odamga o’xshaydi. So’limlik uni tark etgan, majnun tolu yulg’unlar yuz o’girgan, qushlar chug’uri, bulbullar xonishi eshitilmaydi. Bo’tana suyuqlik tezroq manzilga yetish uchun old tomonga shiddatli chopadi, hech kimga, hech nimaga qiyo ham boqmaydi, rohat ham baxsh etmaydi…
Kenja  “o’g’il”ning otini Jilvon deganlar. Uni ona Zarfshon keksayganda, aqlga to’lgan paytlarda “tuqqan”. Odamlarning arz-dodini tinglab, Jilvonni cho’ldan, Qizilqum etagidan oqizgan. Jilvon yurgan yo’llar bog’-rog’larga, ekinlarga boy. Yaylovlarga  qut-baraka kiritgan, cho’pon-cho’liqlarni, cahro sayyohlariyu qo’y-qo’zilarni o’limdan asragan. Endilikda Jilvon… yaxshisi bu haqda keyinroq to’xtarmiz.
Ona Zarafshon chap sohilni o’z nazoratiga olgan, yo’l-yo’lakay katta-kichik “bolakaylar” – ariqlar, ro’dlarga obi-hayot taratgan. Shu tariqa butun borlig’ini farzandlariga ulashib, o’zi ham asta-sekin kichrayib, Qorako’l, Olot rayonlarida; Qoraqum etaklaridagi qumliklarga singib, adoyi tamom bo’lgan. Uning asl niyati – go’zal Orol dengiziga qo’shilish edi. Bir umr shunga intildi. Lekin “farzandlar” ko’paygandan-ko’payib, uni kuch-quvvatdan qoldirib, toldirib bordi. Uni o’z holiga qo’ymadilar; Orol uzra chuzilgan qo’llarini yarmidan qirqib, oraliq masofani yanada uzaytirdilar.
Oqibatda ajib dengiz o’z rizqining bir qismidan benasib qoldi.
Ustma-ust qurg’oqchiliklar Zarafshon bo’ylariga ham hukmini o’tkazdi; atrof-tevarak tobora qashshoqlashib borayotir, hatto oqavalar oqimi ham keskin kamaydi, go’yo iflos suvlar ham  o’zining “narxi”ni oshirayotgan ko’rinadi. Agar shunday oqavalar qiyo boqmaganida hozir bo’y ko’rsatib turgan giyohlar holi ne kechardi? Axir shunday bo’lishi ham hech gap emas-ku? Issiq o’tadigan birgina yoz Dayrobodga o’xshash yerlar taqdirini hal
qiladi-qo’yadi-ku! Qovjiragan ajriqlar, jon uzayotgan boshqa o’simliklar shundan dalolat. Hatto suvning o’zi ham iste’mol sifatini yo’qotgan – iliq, namakob, aynigan, palag’da tuxumning hidiga o’xshash isi bor. Uni ko’rib, boya aldanganimni, oqava suvlar ham har holda oqib turgani tuzuk, degan xayolga borib, adashganimni his etdim. Bir lahzalik yashillikka mahliyo bo’lib, butun tiriklikdan, ne’matlar yaratuvchi aziz yerdan, soz tuproqdan ajralish nechun kerak?! Bu oqayotgan suyuqliklar esa shunaqa g’oratliklarni bemalol eplashi aniq.
Daryo yoqasida tashnalikdan tomoqlar qaqrab, ezilgan ko’yi ortga qaytdik. O’zi boshdayoq tabiat go’yo bu diyor tuprog’iga qadam qo’yishimizni unchalik xush ko’rmagan, keyin to’y ko’ngilsizligi dillarni vayron qilgan edi. Jamilaning ahvoli ancha og’ir kechardi. Hordiq chiqarish, tabiatdan bahra olish umidi ham puchga chiqqan, ko’nglimiz cho’kkan edi. O’z uylarimizga qaytganimizdan keyin o’sha yoqimsiz holatlar, har xil ko’rgiliklar bot-bot esga tushdi.
Nihoyat, oradan ma’lum vaqt o’tkazib, Buxoro vohasida ichimlik suv va ekologiya muammolarni, tabiat va odamlar istiqbolini o’rganishga jazm etdik. Shu niyatda viloyatning qator shahar va qishloklarida, boshqa aholi qo’rg’onlarida kuzatuv ishlari olib bordik. Vaziyat ayrim kishilar aytganidan hamda o’zimiz o’ylaganimizdan bir muncha murakkabroq edi va bu borada shoshilinch choralar ko’rishni hayot taqozo etardi. Albatta, ayrim harakatlar, kuyinishlar, hatto qarorlar ham bor. Biroq,
shularning o’zi bilangina chegaralanib bo’lmaydi. Chunki, xuddi shu muammolar endilikda butun yer kurrasini tashvishga solyapti. Buxoro vohasi esa endi o’t ola boshlagan ulkan yaktakning etagiday taassurot qoldiradi bizda. Agar etakdagi o’t o’z vaqtida o’chirilmasa, alanga olishi, butun “yaktak”ni yondirishi hech gap emas. Xolbuki, bu azaldan boy voha ham yaxlit yer kurrasining ajralmas “qon tomir”lariga tutash parchasi hisoblanadiki, uni alohida bo’lakka ajratib, mustaqil sayyora holatiga  keltirish amrimahol. Go’yo shoxiga ursa, butun tanasi zirqiraydi, butun vujudda zilzila yuzaga keltiradi…
– Tabiiy resurslardan oqilona foydalanish uchun dastavval ayni joy tabiatini, ya’ni tabiatning regional qonuniyatlarini o’rganish juda muhimdir, – deydi Buxoro davlat pedagogika institutining dotsenti, geografiya fanlari nomzodi Isroil Nazarov. – Aks holda, yaxshi niyat bilan amalga oshirilgan ulkan tadbirlar yangi muammolarni, hisobsiz kulfatlarni keltirib chiqarishi  turgan gap.
– Bu jihatdan Buxoro vohasining suv resurslari qanday?
–Vohamizning suv resurslari ham o’ziga xoslikka, alohidalikka ega. Viloyat hududi Zarafshon daryosining quyi qismida joylashgan. Bu daryo Tojikistondagi osmono’par tog’lardan  boshlanadi – avval Panjikent tumani, so’ng Sa¬marqand vohasi, oxirida Buxoro viloyati undan suv ichib kelgan. Million yillar davomida daryoning yuqori qismidan quyisiga har xil erigan moddalar, tuzlar oqib o’tib, to’plangan. Buning ustiga, qadimgi Paleo – Qashqadaryo olib kelgan yotqiziqlarni aytmaysizmi! Bir vaqtlar Qashqadaryo Zarafshonning chap irmog’i hisoblangan. U Qorovulbozor massivi orqali Kogon shahridan janubroqda Zarafshonga quyilib tur¬gan. Bu esa Buxoro viloyati yerlarining yanada ko’proq sho’rlanishiga sababchi bo’lgan. Xuddi shu sifat uning yer usti va yer osti suvlariga ham taalluqlidir.
Yigirma-o’ttiz yillar avval so’nggi tomchilari Orol dengiziga yaqin ham yo’lolmay qumliklarga singib, yo’qolib ketgan  Zarafshon ko’z o’ngimizdan o’tdi. Yana boshqa ko’plab yirik daryolarni esladik. Mamlakatimizdagi katta daryolarning asosiy qismi okeanlarga hamda ularga tutashgan dengizlarga quyiladi. Tabiiyki, daryo orqali turli xil kimyoviy moddalar va  boshqa iflosliklar okeanga oqib ketishi bilan daryo havzasi tozalanib turadi. Butun respublikamizda bo’lgani kabi Zarafshon orqali oqib kelgan har xil tuzlar, boshqa iflosliklar Buxoro viloyati tuproqlariga singib qolavergan. Bu jihatdan  ayniqsa, berk havza so’ngida joylashgan Buxoro vohasi vaqtlar o’tgan sayin tuprog’i ham, suvlari ham safdan chiqavergan.
– Hatto, ba’zi pastqam joylarda o’ziga xos tuz konlari – tuzli balchiqlar hosil bo’lgan, – deya Isroil Nazarov so’zini davom ettirdi. – Bunday tuz balchiqlari (Hojkab, Sho’rko’l) shifobaxsh xususiyatga ega. Hozir ham davolanish uchun odamlar o’sha tomonlarga boradilar. Shu sabablarga ko’ra, sifatli ichimlik suvi Buxoro viloyati uchun azaliy muammodir. Buni  buxoroliklarga tabiat meros qoldirgan kulfat desa bo’ladi. Tabiiy fanlar shuni aniqlab berdiki, ayni joy tabiati (landshafti) bilan inson organizmi chambarchas bog’liqdir. Aniqrog’i, ayni joy tuprog’ida, suvida, muhitida qanday kimyoviy  modda taxchil bo’lsa, inson tanasida ham o’sha modda yetishmaydi. Qaysi modda ortiqcha bo’lsa bu hol inson organizmiga ham o’z ta’sirini o’tkazadi. Natijada organizmdagi fiziologik jarayonlar buziladi va mahalliy yoxud regional kasalliklar kelib  chiqadi. Buxoro xalqi orasida jigar, buyrak, bo’g’inlarda tuz to’planishi, oshqozon-ichak, keyingi paytlarda sarg’ayma kasalliklarining ko’proq tarqalganligining boisi shunda.
– Amudaryo suvini Buxoro tomon oqizilishiga, yangi kanallarga nima  deysiz? – so’raymiz olimdan. – Suv muammosi hal etildi, shekilli?
–Vohaga ko’tarma kanallar orqali Amudaryodan suv keltirilgani bilan muammo to’la hal etilgani yo’q. Gap shundaki, Amudaryo qadimgi suv inshootlariga nisbatan teskari oqizildi.
Nasos stantsiyalari suvni 60-80-112 metrgacha balandga ko’taradi va sug’orma shahobchalar orqali tarqatadi. Qarangki, ekin yerlari sathidan ko’tarma, beton kanal suvi 4-6-8 metr balandda turadi.
–Demak, Sultonobod ro’diga o’xshash irmoqlarga yer osti  suvlari sizib o’tolmaydi, ikkala suv qo’shilishi ro’y bermaydi.
– Xuddi shunday. Bu hol ko’p yerlarda yer osti suvlari sathining ko’tarilishiga, tuproqlarning qo’shimcha sho’rlanishiga olib kelyapti. Qishloq aholisi aksariyat quduq suvi ichishini nazarda  tutsak, ichimlik suv muammosi yanada keskinlashadi. Chunki yer osti suvlarining o’zi yil sayin yomonlashib, minerallashuv darajasi nihoyatda ortib boryapti.
Ancha-muncha kuzatuvlarimiz, har xil kishilardan eshitganlarimiz xayolda yana jonlandiyu  vujudlarimiz yana titrab ketdi. Axir biz faqat bugunimizni, hozirgi lahzalarimizni o’ylayapmiz, kelajak haqida sal bo’lsa-da mushohada yuritmayapmiz. Agar kelajak avlodlarimizni, jonajon yerimizni o’ylaganimizda, har bir giyohni muqaddas  bilib, asrab-avaylardik, har tomchi obi hayotning musaffoligi uchun jang qilardik, har zarra tuproqning zaharlardan xoli bo’lishi uchun bor imkoniyatlarni ishga solardik. Xolbuki, ona tuprog’imiz, yashash unsuri – havo va suvlar, butun tabiat  dunyosi bugungi kunda go’yo kimyoviy urushlar qurshovida. Har yili dehqonchilikda ishlatiladigan ming-minglab tonna mineral o’g’itlar, har xil chiqindilar, zaharli moddalar ochiq suv havzalarida, yer osti suvlarida to’planib boryapti, obi hayot  sifatini tobora yomonlashtiryapti.
Ekinlarga mineral o’g’itlar ishlatish, shubhasiz, hosildorlikni oshiradi. Ehtiyoj oshib borayotgan hozirgi paytda hosildorlikni keskin ko’tarmay iloj yo’q. Ammo, faqat mineral o’g’itlar, pestitsidlar “yordami”  bilan emas-da. Faqat boylik orttirishga asoslangan kapital dunyosida bu tushunarli hol – ko’p foyda olish uchun odamlar ham, tabiat ham holdan toyguncha ishlatiladi. Bu borada yer imkoniyatlari kam bo’lgan Yaponiya bilan Niderlandiya rekord  ko’rsatkichga yetgan: har gektar yer hisobiga 300–400 kilogacha mineral o’g’it solib, ancha ko’p hosil olishgan. Shu tufayli ularda juda ko’p maydonlar safdan chiqqan. Bizning mamlakatimizda ham mineral o’g’it ishlab chiqarish va qo’llash shiddatli  o’syapti: 1970–1980 yillarda o’g’it ishlab chiqarish 10 baravar oshdi. Mineral o’g’itlar ishlatish bo’yicha O’rta Osiyo respublikalari, ayniqsa, O’zbekiston eng oldingi o’rinlarda turishi hammaga ma’lum. Hatto, ayrim kolxoz va sovxozlarda har yili
gektar boshiga tonnalab kimyoviy o’g’itlar, har xil pestitsidlar sochiladi. Tabiatning g’orat qilinishi, yerlarning ishdan chiqishi ham asosan ana shu keyingi yigirma yilda avj olib ketdi. Yovvoyi o’tlar va har xil hasharotlarga qarshi kurash yo’li  bilan qariyb o’n foiz hosil saqlab qolinadi. Ammo buning evaziga atrof-muhitning ifloslanishi, ayrim foydali hasharot turlarining yo’qolib ketishi, tuproq eroziyasi yanada kuchayadi. Odamlar sog’lig’iga ham jiddiy putur yetadi.
“Ko’plab  tekshirishlar shuni ko’rsatadiki, pestitsidlarning katta qismi jonli organizm uchun, jumladan, inson uchun u yoki bu darajada xavf soladi, – deb yozadi taniqli sovet olimi V. V. Sisuev. – DDT hamda boshqa chidamli xlorlangan uglevodorodlar  qo’llanganda ularning nospetsifik ta’siri tajribalardan ma’lum. AQShning V`etnamga qarshi kimyoviy urushi fojiaviy asorat qoldirdi. Bunda yoppasiga gerbitsidlar qo’llash oqibatida ekologik sistemaga o’nglab bo’lmas ziyon yetkazildi, ko’plab  odamlar qurbon berildi… DDT qo’llanishi ko’p mamlakatlarda allaqachon ta’qiqlangan. Pestitsidlar ayniqsa samolyot orqali sepilganda yanada katta ziyon ko’riladiki, bu ximikatlar ishlov berilayotgan yerlarga qaraganda atrofdagi o’rmonu  o’tloqlarga, suv havzalariga, daryolarga, hatto aholi punktlariga ko’proq tushadi…”
Mamlakatimizda ham DDT qo’llash elliginchi yillar oxirlarida ta’qiq etilgan. Biroq hozirga qadar qishloq xo’jaligida undan voz kechilgan emas. Goh oshkora tarzda, goh, pinhona usulda — turli nomlar ostida, xilma-xil dozalarda uni keng ishlatib keladilar: yovvoyi o’tlarga qiron keltirish bahonasida, hasharotlarni yo’qotishni mo’ljallab, defoliatsiyani ro’kach qilib, oqibati nimalarga olib  borishini mutlaqo o’ylamasdan tabiatni toptaydilar, o’zlari bilib-bilmay, uni halokatga mahkum etadilar.
Pomidorga, karamga va boshqa xilma-xil ekinlarga shira tushganda yoki daraxtlarga chumoli o’ralashganda odamlar DDT sepishganini ko’p  martalar ko’rganmiz. Ularga o’z fikrlarimizni aytganmiz. O’sha paytda tushunganday bo’lishgan yoki qo’l siltashgan: “Hech nima qilmaydi. Ajali yetgan odam o’ladi”. Xolbuki, bu zararli “dori” salomatlikni asta-sekin yemirib borishi, safdan chiqarishi,  qator kasalliklarga duchor etishi, uzoq vaqtlar organizmdan ketmasligi kuzatuvlardan ma’lum.
Sir emaski, piyoz iste’mol qilmaydigan biror xonadon, biror kimsa topilmaydi. Keyingi yillarda respublikamizda bu ajoyib o’simlikni yetishtirish ancha ko’paydi, hatto bahor chog’larida ham magazinlarning peshtaxtalariga uyub qo’yiladi. Buxoro oblastining chekka qishloqlaridagi aralash mollar magazinlaridan ham shu yilning aprel` oyida bemalol piyoz xarid qilish mumkin edi. O’tgan yili  yetishtirilgan, yirik-yirik qizil piyoz. Ko’zlar quvonadi. Biroq kesib boqsangiz, ajablanasiz. Avvalo, o’tmas — obdan charxlanmagan pichoqlar bu ishning epini keltirolmaydi – qattiq. Keyin undan qandaydir yoqimsiz hid taraladi. Mazasi ham  g’alatiroq…
– Pudratchi Kimlar bizni piyozga serob qilishdi, – deydi savdo xodimlari. – Juda mehnatkash bo’larkan-da. bular!
Chindan ham o’sha pudratchilarning mehnatkashligiga, og’ir mehnatlardan qaytmasligiga tan beramiz. Oila pudratining  keng yoyilishida ularning katta hissasi bor. Respublikaning ko’plab xo’jaliklarida ular o’z oilalari bilan yoki bir nechasi qo’shilib piyoz, sabzi va boshqa sabzavot yetishtiradilar. Ho¬silni ham eng yuqori nuqtaga yetkazishadi. Ammo yerlarning  kashandaga aylanayotgani, safdan chiqayotgani, suvlar sifati buzilayotgani, odamlar va hayvonot olami jiddiy zaharlanayotgani hech kimni qiziqtirmaydi. Holdan toygan, og’ir dardga mubtalo bo’lgan tuproqning kelajagi qanday kechadi? Tuprog’i eroziyaga uchragan, foydali mikroorganizmlari qirilgan – hech narsa bitmaydigan yerni haligi pudratchilar keyingi yillarda tashlab ketadilar, boshqa xo’jaliklarga to’r tashlaydilar. Ularga baribir emasmi? Endi uning karmoni to’la, istagan joyiga ko’chishi, xohlagan shaharda yashashi mumkin. Rais yoki boshqa rahbarlar-chi? Darvoqe, ular ham karmonni qappaytirib olishmoqchi, orden-medallarga ega bo’lishmoqchi. Balki, “re¬kord” hosil uchun yangi amal cho’qqilariga chiqib olishar. U boshqa  yoqqa o’tganidan so’ng dunyoni suv bosib ketmaydimi…
Men yaqinda o’sha “pudratchilar” ishlayotgan dala yonidan mashinada o’tib qoldim. Bir necha kishi protivogaz kiyib olgancha o’t bosgan piyoz paykaliga – zahari ancha baland dalafon sepishayotgan ekan.
Atrof-tevarak, o’simliklar sarg’aygan, sassiq bo’ydan nafas olish qiyin. Mashina tezligini oshirishga to’g’ri keldi.
Hademay, o’sha piyozlar Buxoro viloyatining bir chekka qishloqlarida ko’rganimizday, magazinlarning peshtaxtalarini, bozorlarni  bezaydi, havasni keltiradi, o’ziga chorlaydi. Tarkibida nimalar borligini o’ylab o’tirmay xarid qilamiz. Chunki piyozsiz ovqat ovqatday bo’lmaydi. Hamisha shirguruch yoki atala bilan kun ko’rolmaysiz-ku! Xolbuki, endilikda sut va go’shtlar tarkibida ham selitra to’lib-toshib yotibdi, pestitsidlar yashiringan. Piyoz va sabzida, karam va kartoshkada esa ulardan istagancha topiladi.
O’tgan yili iyun` oyida G’ijduvon va Buxoro bozorlarida vaqtidan ancha avval chiqarilgan qovun-  tarvuzlarga ko’zimiz tushdi. Ajabo, poliz mahsulotlari yonida yana o’sha gektarchilar xaridor chorlab turishibdi. “Mirishkorligiga”, ustomonligiga, “mehnatkashligiga”, tezkorligiga qoyil qolmay ilojingiz yo’q. Ming yillardan buyon dehqonchilik  qilib, shuhrat qozongan odamlarimiz juda qisqa fursatda “bayroq”ni “pudratchilar”ga ikki qo’llab topshirdilar. Agar chindan ham bu poliz hamda sabzavot mahsulotlari fidoyi mehnat mahsuli bo’lganida ikkala qo’limizni ko’ksimizga qo’yib, ularga  ta’zim etardik. Ammo shunaqa “dehqonchilik” tufayli ona yerimiz yaroqsiz holga kelyapti, noyob o’simlik va daraxtlar turlari yo’qolib ketyapti, qushlar, hayvonlar va baliqlarga o’lat tegyapti. Bugungi kunda respublikamiz, xususan, Buxoro viloyati  ba’zi-bir kasalliklar bo’yicha, bolalar o’limi borasida Ittifoqda oldingi o’ringa chiqib olgan. Keyingi yillarda birgina Buxoro vohasida gepatit – sariq kasalligi ommaviy tus olmoqda.
Suhbatlarni yana davom ettiramiz.
– Hammasidan ham
ichimlik va sug’oriladigan suvlar yomonlashganiga kuyasan kishi, – deydi Ulfatbibi qishloq kasalxonasining bosh shifokori Nasriddin Ro’ziev. – Ariq suvini ichishni-ku, qo’yavering, endi bu tushga yoki xayolga aylandi. Hozir quduqlarning suvini ham  miriqib icholmaysan kishi. Tashnalikni badtar oshiradi. Lekin ichmay iloj yo’q…
Bir necha yil avval viloyat rahbari bilan qilgan suhbatimni eslayman. O’sha paytda undan “mot” bo’lgan edim.
– Yerlarning sho’rini yuvish uchun qanchadan-qancha mehnat
sarflanadi, toza suv isrof qilinadi. Sho’rko’lning suvi esa yerlarni badtar sho’rlantirib yubormaydimi? – deb so’radim undan.
– Bir-ikki yilda bu suv omborining nomi qoladi, xolos. Amuning suvi loyqa. Hademay, ombor tagida loy qatlami yuzaga keladi. Tagidagi sho’r tuzlar yuzaga chiqolmaydi. Ishonavering, zo’r ish bo’ladi!
Uni “zo’r irrigator” deb eshitganmiz. Dovrug’i taralgan. Inondik. Keyin:
– Daryo, ro’dlar, ariqlar betonlashtirildi, – dedim. – Tabiiy, sekin oqim barham topdi.
Atrofidagi daraxtlar ham, o’tloklar ham, har xil jonivorlar ham endi yo’q. Go’yo sahrodan uzun ilon chopib o’tayotganday…
– Yanglishibsiz! – so’zimni kesdi u. – Qancha ko’p suv tejayotganimizni tasavvur qilasizmi? O’sha suvlar evaziga qanchadan-qancha yangi yerlar ochyapmiz, paxtani aytmaysizmi? Yangi bog’lar-chi? Oldinni ko’rish kerak, o’rtoq!
Beton kanallar tufayli suv tejalishi yaqqol ko’zga tashlanadi. Suv yerga singolmaydi, tez oqishi tufayli parlanish ham kamayadi. Ammo bizni boshqa bir fikr o’ziga tortadi. Yerga singigan suv qayoqqa ketadi? Yerning o’zida qoladimi yo boshqa biror nimaga aylanadimi? Har qalay, o’zga sayyoralarga uchib ketmasa kerak. Aslida fil`trlanib, har xil “ashyo”lardan tozalanib, yer osti suvlariga qo’shiladi.
Xolbuki, yer ostida dunyo okeanlari suvining uchdan ikki qismichalik obi hayot bor. O’sha suvlardan hozir bizda ham, o’zga yerlarda ham samarali foydalanilyapti. Buning ustiga, oqar suvlar o’tgan yerlardan ancha chuchuk; rohatbaxsh ichimlik suvlar  chiqishi tajribalardan ma’lum. Shunday ekan, suv tabiiy ariq va anhorlarda oqqani, undagi har xil jinslar yerga cho’kkani ma’qul emasmi? Yo’q, o’sha paytda bunaqa fikrlarni u rahbar tan olmas edi. Ko’ngildan kechganni yana unga aytamiz:
– Beton
kanallarga yer osti suvlari singib o’tolmas ekan. U suvlar yuqori ko’tarilib daraxtlarning, ekinlarning ildizini chiritarkan.
– Yer osti suvi qo’shilmasa, yana soz, kanalniki tozaligicha qoladi, – deya u o’z fikrini o’tkazadi. – Daraxtlarga hech nima  qilmaydi. Yangi-yangi daraxtlar o’stiramiz. Suvimiz ko’p.
Ikkilanamiz, inonganday bo’lamiz. Go’yo ko’nglimiz tinchiydi. Biroq yillar o’tib, qo’ynimiz puch yong’oqqa to’lganini his etamiz. To’g’ri, Sho’rko’l, Quyimozor, To’dako’l suv ombolarida baliqlar yo’q  emas. Ammo ular minglab ariqlarda, daryo va ro’dlarda suzib, o’ynoqlab yurgan hisobsiz baliqlar qadar emas. Avvallari baliqpazlar oqar suv balig’ini ko’z-ko’z qilishardi. Hamma ular atrofida parvona bo’lardi.
– Inson hayoti, faoliyati uchun
baliqlar xosiyati juda katta, – deydi Buxoro pedagogika institutining dotsenti, biologiya fanlari nomzodi Davron Niyozov. – Unda fosfor moddasining serobligi miya faoliyatiga samarali ta’sir etadi. Oziq sifatida bir kilo baliq  mahsulotida 1200–1400 kaloriya energiya bor. Baliq ovi gashtini aytmaysizmi! Eng yaxshi hordiq chiqarish usuli sanaladi.
– Porox, oltingugurt bilan ovlash-chi? – o’smoqchilab so’raymiz baliqshunos olimdan.
– Endi bu o’ta shafqatsizlik, o’ta  vahshiylik! – deydi g’azablanib Davron Saidovich. – Hozirgi zamon texnikasi ham baliqlar boshiga kulfat solyapti. Daryodan suv oladigan nasos yonida birpas o’tirsangiz, jarohatlangan, qattiq shikastlangan, majruh baliqlar otilib chiqishini  ko’rasizu yurak-bag’ringiz eziladi, yig’lagingiz keladi.
– Yoz oylarida ming-minglab nasoslar ishlaydi-ya!
– Balli… 1972 yil hech esimdan chiqmaydi. O’shanda ham yil qurg’oqchil kelgandi. Avgust oyiga borib, Qashqadaryo oblastidagi Pachkamar suv  omborining so’nggi tomchisigacha paxta uchun sarflandi. Kamida 80–100 tonna baliq nobud bo’ldi.
– Suv tarkibi ham baliqlarga jiddiy ta’sir etadimi?
– Ta’sir etganda qanday! Afsuski, suvlar va uning tarkibi yildan-yilga yomonlashib boryapti.
Biz tabiatshunoslar shuni bilamizki, tabiatda dominant (ustun) va retsesiv (bo’ysunish) amal qiladi. Bizning o’lkamizda o’simliklar, ayniqsa paxtachilik dominantlik qilar ekan, baliq singari hayvonot olami chekinishga yo qirilishga mahkum. Chunki  g’o’zalarga ishlatilgan turli mineral o’g’itlar va pestitsidlarning bir qismi avval zovurlarga, keyin oqava shaklida ariq va ko’llarga tushadi. Natijada suv tarkibi buziladi, jonivorlarga qiron keladi. Hatto 0,01 gramm xlorli, ammiakli suvda  ham baliqlar halok bo’ladi.
Xlorlangan suv haqidagi so’z meni o’yga toldiradi. Gohida magazinlardan tirik baliq keltirib, vannaga qo’yganlarimiz, suvda baliqlarning suzib, o’ynoqlab yurishini tomosha qilganlarimiz ko’z o’ngimizda gavdalanadi.
Biroq, quvonchlar uzoqqa bormaydi. Vodoprovod suvi – xlorli suv baliqlarga yoqmasligi shundoqqina sezilib turadi. Ko’p vaqt o’tmay o’ynoqlagan o’sha baliqlar chalqancha tushib, holsizlanib qoladi. Yana birozdan so’ng harakatdan to’xtab, halok  bo’ladi. Ana shu suv biz¬ning kundalik turmushimiz, nafas olishimiz – umuman tirikligimiz. Xlor moddasi suvdagi xavfli mikroblarni yo’qotish bilan birga inson organizmi uchun foydali mikroelementlarni ham o’ldirishi tabiiy. Albatta,  bunday suvni iste’mol qiluvchilar ham uning zararidan bebahra qolmaydilar. Bir vaqtlar jarrohlik amaliyoti chog’ida bemorning ichak va oshqozoniga cho’kib qolgan xlorli birikmalarni gazetadan o’qiganmiz. Bundan xlorli suvni ichmaslik kerak,  degan xulosaga kelmoqchi emasmiz. Hozir tabiat jiddiy bulg’angan, suv havzalariga ishonch ancha yo’qolgan sharoitda bunday qaltis qadam tashlab bo’lmaydi. Chunki xlorlangan suv hozircha yagona ishonchli vosita. Faqatgina kelajakka umid, tabiat  ustidan jiddiy nazorat, ichimlik suvlarning tozaligi uchun qattiq kurashgina tabiatning rohatbaxsh – hayotbaxsh ne’matiga eltishi mumkin. Yo’qsa, zaharlar halqasi tobora siqib kelaverishi aniq…
– Ikki yildan buyon Buxoroga laylak kelmay qo’ydi, – deydi biologiya fanlari kandidati Savriddin Baqoev. – Atrof-muhitning ifloslanishi, suvlar tarkibining judayam yomonlashuvi, laylakbop ozuqa xillarining yo’qolib borayotgani bunga sabab deb o’ylayman. Umuman, vohada boshqa qushlar ham tobora kamaymoqda. Qushlarning foydasi to’g’risida aytib o’tirishning hojati yo’q. Buni endilikda yosh bolalar ham yaxshi biladilar. Shunday ekan, tabiatning bir bo’lagi va sanitari — qushlar haqida alohida g’amxo’rlik qilish bugungi kunning eng  dolzarb masalasidir.
To’g’ri gap. Ammo hozir dolzarb bo’lmagan biror masala qoldimi? Qizig’i shundaki, muammolarning deyarli hammasi bir-biri bilan go’yo zanjir kabi ulangan, biri ikkinchisi bilan aloqador. Aslida tabiat ham mutanosib holatda yaratilgan.
Kurramizning kichik bir nuqtasi – Buxoro vohasidagi bu¬gungi ahvol shu darajaga yetgan ekan, dahshatli urushlar kechayotgan, yadroviy qurollar sinovi o’tkazilayotgan go’shalar xususida nimalar deyish mumkin?! Xolbuki, Buxoroda portlashlar yuz bergan emas, o’q tovushlari ham eshitilmaydi. Ammo boshqa “zarba”lar uning tanasini zirqiratyapti. Buning ustiga, zavod-fabrikalar tuynigidan tepaga o’rlayotgan tutunlar, yerlariga sochilayotgan ximikatlar uni chindan ham go’yo  “ximiyaviy urush”lar girdobiga tashlaganday.
Tekshirishlarga qaraganda, vohada ichimlik va sug’orma suv¬lar mutlaqo talabga javob bermaydi. Shuning uchun ham keyingi yillarda viloyatda, ayniqsa, G’ijduvon, Shofirkon, Qorako’l, Olot va Sverdlov  rayonlarida yuqumli sariq kasalligi ancha ko’paydi. Bolalar o’limi borasida ko’ngilsiz hodisalar bot-bot qayd etiladigan bo’ldi. Hozirgi vaqtda viloyat aholisining 63,4 foizi ochiq suv havzalaridan, qo’l nasoslari orqali quduqlardan olinadigan suvlarni ichishga majbur: bular bakteriologik va kimyoviy ko’rsatkichlar bo’yicha sani¬tariya normalaridan ancha yiroq. Shu tufayli umumiy ovqatlanish va savdo tarmoqlari epidemiyaga qarshi kurash rejimining oddiy talablariga javob berish imkoniyatlariga ega emas. 555 ta maktabgacha tarbiya muassasaning 18 tasida artezian quduqlaridan foydalaniladi, 306 tasida qo’l nasoslari ishlatiladi, 14 tasida mashinalarda suv keltirilsa, 7 tasida ariq suvi ichiladi. Xuddi shuningdek, umumta’lim maktablaridagi ahvol ham bundan yaxshi emas. 441 maktabdan 46 tasida artezian quduqlaridan, 210 tasida quduqlardan, 17 tasida tashib keltirilgan suv ichiladi. 18 maktabda esa ochiq suv havzalari tashnalikni qondiradi. Shunday suv  havzalaridan tekshirish uchun olingan 10616 ta probadan 104 tasida kasallik qo’zg’atuvchi mikroblar chiqqan va 817 tasida normadagidan yuqori darajada ichak xastaligi viruslari topilgan. Kimyoviy ko’rsatkichlar bo’yicha esa birorta ham suv probasi GOSTning “Ichimlik suv” talabiga javob berolmagan.
Qishloqlarda mavjud vodoprovodlargina aholini sifatli suv bilan ta’minlash imkoniga ega. Aslida, viloyat hududidagi suvlarning deyarli hammasi ichimlik – iste’mol sifatini yo’qotgan. Yer usti va yer osti manbalari kuchli minerallashgani tufayli GOSTning 2874–82 deb belgilangan xo’jalik iste’moli normasiga javob bermaydi. Ularni qayta ishlab, minerallashuv darajasini kamaytirgandan so’nggina xo’jalik  ehtiyojlariga ishlatish mumkin. Ammo bu qoidaga deyarli amal qilinmaydi. Hatto vodoprovodlarning ishlangan – tozalangan suvlari ham ko’ngildagiday emas. Ayrim suv havzalari, vodoprovod tarmoqlari sanitariya talablariga to’g’ri kelmaydi.
Keyingi ikki yilda tekshiruvdan o’tkazilgan vodoprovodlardan 7 tasi talab darajasidan yomon, 5 tasida tozalash qurilmalari o’rnatilmagan yoki eskirgan, 2 tasida esa zararsizlantiradigan qurilmalar yo’q. Shuningdek, tashkilotlarga qarashli 18 suv manbasining 6 tasida tozalash, 4 tasida zararsizlantirish qurilmalari qo’yilmagan.
Davlat sanitariya nazoratining suv havzalarida olib borgan kuzatuvlariga qaraganda, o’tgan yili 20 ta maishiy turmush, 6 ta ishlab chiqarish ob’ektlarining
hammasida iflos oqavalar suv havzalariga oqizilgan. Bu suvlarning bir qismi tozalanmagan, bir qismi chala tozalangan. Suvdan tekshirish uchun olingan 238 probadan 102 tasi kimyoviy ko’rsatkich bo’yicha, 1906 bakteriologik probadan 72 tasi sanitariya normalariga javob bermaydi. Shuningdek, avvalgi yili 342 probadan 35 tasida normadan ziyod pestitsidlar chiqqan.
Viloyat aholisini toza, vodoprovod suvi bilan ta’minlash qoniqarsiz ahvolda: bu bor-yo’g’i 33,2 foizni tashkil etadi, xolos. “Qoniqarli” raqamlar asosan Buxoro, Kogon, G’ijduvon shaharlari, Shofirkon, Galaosiyo, Olot, Sverdlov, Vobkent, Rometon, Qorako’l singari tuman markazlari vodoprovodlari hisobiga “boyigan” jami vodoprovodlar soni 30 ta bo’lib, ularning 19 tasi “oblvodokanal”ga, 11 tasi tashkilotlarga qarashli. Shofirkonda atigi bitta kommunal vodoprovod tarmog’i bor: markazdagi 8241 kishidan atigi 32,8 foizi – 2704 kishi vodoprovod suvidan ichadi. U suvlar ham butun viloyatda bo’lgani kabi minerallashuv darajasi juda yuqori – ichishga yaroqsiz, 775 bakteriologik tahlildan 10 tasi ancha sifatsiz chiqqan.
Mehnatkash voha iste’mol qilayotgan, har xil kasalliklarga chalintirayotgan, ammo ichishdan o’zga chora qolmagan suvlar tarkibi haqida istagancha misollar keltirish mumkin. Bu suvlar faqat minerallashuv darajasi bilangina ko’ngilda noxush kayfiyatlar uyg’otmaydi, balki ular tarkibida kasallik ko’zg’atuvchi mikroblarning serobligi ham kishini iztirobga  soladi. Ichimlik va sug’oriladigan suvlarning bunday holati, atrof-muhitning bulg’anayotgani, yerlarga hisobsiz mineral o’g’itlar va kimyoviy dorilar solinayotgani oziq-ovqat mahsulotlariga ham jiddiy zarar yetkazyapti. Ularning ayrimlari  laboratoriya tahlilidan o’tkazilganida har xil zaharli dori¬lar iz qoldirganini ko’rasiz. Go’sht mahsulotlarining 76 tek¬shiruvdan 16 tasida, baliqlardan 46 tahlilning 44 tasida, 521 sut mahsulotlarining 184 tasida pestitsidlar chiqqan. Un,  tuxum, meva-sabzavotlardan ham normadagidan birmuncha ziyod zaharli ximikat elementlari topilgan. Tuproqlar kuzatilganda 74 probadan 68 tasida, vodoprovod suvlaridan 208 probadan 45 tasida, chiqindi – kanalizatsiya suvlarining 20 tasidan  12 tasida, ochiq suv havzalaridan olingan 342 pro-badan 145 tasida pestitsidlar borligi aniqlangan. Bu jihatdan havo tarkibidagi zaharli moddalar kishini yanada ko’proq tashvishlantiradi. Bu borada o’tkazilgan 1180 tekshiruvning 1132 tasida  har xil pestitsidlar borligi, ayniqsa 235 tasida yuqori darajada zaharli ximikatlar havoni ifloslab turganligi qayd etilgan. Har xil korxonalar tepasidagi tahlillar esa hammasidan ham achinarli: 102 probaning hammasidan, ayniqsa 70 tasidan juda ortiqcha pestitsidlar, atrof-muhit uchun juda zararli moddalar chiqqan. Albatta, bunga daxldor kishilar jiddiy ogohlantirilgan. Biroq, bu tadbirlarning o’zi tuzukroq samara berayotgani yo’q. Bozorlarga chiqarilayotgan meva-  sabzavotlar, poliz mahsulotlari hammasidan ham oshib tushadi. Yuqorida aytganimiz gektarchilarning tarkibida selitra, DDTlar juda ko’p bo’lgan tonna-tonna piyozlari, pomidorlari, qovun va tarvuzlari chiqitga chiqarilgan – yo’q qilib  tashlangan.
Buxoro parrandachilik fabrikasining ishchilari korxona axlatlarini yuqori Kogon kollektoriga tashlashlari oqibatida suv juda ifloslangan. Fabrika rahbarlariga katta ja¬rima solinib, ishdan bo’shatildi. Shahardagi bir qator  zavodlarning rahbarlari ham havoni ifloslagan o’z korxonalari uchun jiddiy ogohlantirilganlar.
Yer, suv, o’simlik va hayvonot dunyosining halokatida qishloq xo’jaligi eng ko’p “hissa qo’shishi” hammaga ayon. Ishlatiladigan mineral o’g’itlar,  kimyoviy dorilardan tashqari, ayrim kishilarning mas’uliyatsizligi tufayli ham tabiatga o’nglab bo’lmas ziyon keltiriladi. Bu borada bitta kichik misol bilan chegaralanamiz. 1986 yilning avgust oxirlarida Sverd-lov (Jondor) tumanidagi  “Leningrad” kolxozida g’o’zaga B–58 preparati bilan ishlov berayotgan traktorchi zararli chelagini yaqindagi kollektorda chayib oladi. Falokat yuz berib, o’sha suvdan odamlar ichsa nima bo’lardi? Bunaqa hodisalar respublikamizning turli burchaklarida tez-tez yuz berib turadi. Tomchilar yig’ilib, daryo hosil bo’lgani kabi bunday faoliyatlar butun kurramizni halokat sari yetaklaydi.
Shu o’rinda yana bir holat esga tushadiyu kishini umidsizlik o’z qa’riga tortadi. Albatta, bu shunchaki  o’y, uncha dalillanmagan fikr. Lekin chuqur mushohada yuritishga, loqaydlikka barham berib, qator kuzatuvlar o’tkazishga turtki berishini istaydi kishi.
Ma’lumki, ona sayyoramiz salkam besh milliard yil mobaynida shakllangan, ajib tabiatni,  ongli mavjudotni yaratgan. Yer osti va yer usti boyliklari ham million-million yillar mahsuli. Odamni, umuman, jonli mavjudotni harakatga keltiruvchi kuch uning “yoqilgisi” – oziq-ovqat, tuproq, suv, havo. Yerniki-chi? Uning bir tekis  harakatida, boqiyligida, hayotiyligida suv, atmosfera, tuproq bilan birga yer osti boylik¬lari ham “ichki yonuv dvigateli” sifatida ma’lum darajada rol` o’ynamasmikan? Biz chuqur o’ylamay-netmay go’yo zamin yuragini, ichak-chavog’ini “sug’urib” tashlamayapmizmi? Yer osti ma’danlarini ayovsiz tarzda qazib olmayapmizmi? Asrimiz boshlarida yoki o’tgan asrlarda qazilgan boyliklar bilan hozirgi paytlarni solishtirsangiz, kayfingiz uchib ketadi. Axir hozir har yili sayyoramizda odam  boshiga 20 tonnadan ziyod turli mineral va tog’ jinslari yer bag’ridan tortib olinyapti. Shuning atigi ikki foizigina xalq xo’jaligiga foyda yetkazadi. Qolgani chiqindiga aylanadi, tabiat holatiyu muvozanatini buzadi. Shunday tezkorlikda yuz  yillardan, ming yillardan so’ng hamma ichki boyliklaridan mahrum bo’l¬gan, tashqi boyliklari bulg’angan, chiqindilar to’lib-toshgan kurramiz ne ahvolga tusharkin? Tabiat o’shanda qanaqa nag’malar ko’rsatarkin? Darvoqe, so’nggi chorak asrda Buxoro  zamini millionlab kub gazdan ayrildi. Uning zangori olovi minglab chaqirim olisdagi xonadonlarni isitdi. Bunisi yaxshi-ya, lekin… nega keyingi chog’larda bu zamin ko’p titroqqa tushyapti? Nega qattiq zilzilalar, to’xtovsiz shamolu dovullar qurshovida qolmoqda? Nega uning suvlari ichib bo’lmas, mevalari yaroqsiz holga tushmokda? Hayot shunday tarzda – yer o’zlashtirishlar, yer ostiga “qo’l solishlar”, tabiatni bulg’ashlar shu tariqa davom etaversa, ishning oxiri nima bilan tugaydi?
Kelajak nasllarga nimalar qoladi va ular bizga qanday munosabatda bo’ladilar? Bu gaplar faqat Buxoro vohasiga emas, balki butun O’zbekistonimizga tegishli. Bizni ardoqlaydigan jonajon yerimizga – butun kurramizga, barcha insonlarga  taalluqli.
Bundan bir necha yil avval Riga yaqinidagi sanatoriyda dam olish va davolanishga to’g’ri keldi. Mazkur shifobaxsh maskan katta o’rmon ichida joylashgan edi. Nastarin ayni gullagan payt. Hamshaharlarimizdan biri yo’l chekkasida balqib turgan egasiz nastarindan bir shoxchasini sindirib olib, yo’lida davom etdi. Ro’paradan kelayotgan qarirok latish ayoli bizni to’xtatib, shunday tanbeh berdiki, birpasda terga tushdik.
— Chiroyli gulni tanasidan judo qilish uyat emasmi? – derdi u.
– Uzib olgach, u so’ladi, tugaydi. O’rnida tursa, qancha ko’zlarni quvontiradi, qancha dillarga sevinch bag’ishlaydi. Odamlarni shunday sevinchdan bebahra qoldirdinglar, – so’ng u bizlarga yuzlandi. – Bu odam-ku, shafqatsiz ekan, sizlar gulning  o’limiga nega tomoshabin bo’lib o’tiribsizlar? Uyat-uyat…
O’shanda ayolni o’zimizcha gulparastga chiqardik. Ammo boshqa kunlarda ko’m-ko’k o’tloqqa chordana qurib o’tirgan yana ba’zilar, keyin o’rmondagi qaragaydan o’ziga tayoqcha yasab olgan bir yigit  rigaliklardan qattiq tanqid eshitdilar, malomatga qoldilar.
Bu manzaralar hech esimdan chiqmaydi. Ajabo, o’rmonlarga, o’tloqlarga, gullarga juda boy diyorda yashaydilar. Ammo, xasis kishilar singari kichkina shoxchani qizganadilar. Chuqurroq  o’ylab qarasangiz, ular qizg’anmaydilar, balki go’zallikni e’zozlaydilar, tabiatni avaylaydilar, unga muqaddas tuyg’u bilan qaraydilar. Nega bizda shunday emas? Nega tabiatga beparvomiz? Avval bunchalar loqayd emasdik-ku? Hatto suvga  tupurishni gunoh sanardik…
Albatta, ichimlik suvlarini asrash borasida Buxoro vohsida ham ayrim harakatlar yo’q emas. Viloyat ijroiya qo’mitasining o’tgan yil aprel` oyidagi qarori bo’yicha 1987–2000 yillar mobaynida shahar va qishloqlarni  sifatli ichimlik suv bilan ta’minlashning keng programmasi belgilangan. Ushbu programma to’la bajarilsa, suvlarning minerallashuv darajasi bir muncha yaxshilanadi, eng muhimi, tabiat bulg’anishi batamom to’xtatiladi, har qalay, xavf-xatardan  qutilish imkoni tug’iladi. Hamma gap – qarorni qanday ijro etishda. Hozirdan aytish mumkinki, voha shaharlarini sifatli ichimlik suv bilan ta’minlash mo’ljallangan va avvalroq ishga kirishilgan “Damxo’ja – Navoiy – Buxoro” quvurli suv  yo’lining qurilishi to’xtab qolgan. Bu qurilish shu besh yillik rejasiga kirmay qolgani sababli loyihalangan holaticha turibdi. Qishloq ahli esa toza suv oladigan rejaga ham ega emas. Mavjud rejada asosan yer osti suvlaridan foydalanish ko’zda
tutilgan. Yer osti suvlarining bugungi holati esa ko’ngillarga g’ulg’ula soladi.
– Vohani toza, sifatli, chuchuk suv bilan ta’minlash iloji bor, – deydi G’arbiy O’zbekiston gidrogeologiya ekspeditsiyasining katta gidrogeolog injeneri Rahimjon  Fozilov. – Yer ostida shunday manbalar borki, ularga hali mineral o’g’itlar, pestitsidlar yetib bormagan, ifloslanmagan. G’ijduvonning shimolidagi Qutchi massivini olib ko’raylik. Massivning ancha chuqurligida talabga har tomonlama javob  beradigan suv bor. Ammo juda ko’plab yerlar o’zlashtirilganligi suvga o’z ta’sirini ko’rsatmay qo’ymaydi. Ayni o’sha suvlar tepasiga o’rdakchilik kompleksi qurilgan. Zovurlarga har xil chiqindilar, axlatlar tashlanyapti. Ular yer ostiga tobora  singib boryapti. Hademay, musaffo obi hayotga qo’shiladi, uning iste’mollik xususiyatini yo’qotadi. Yana atrofdagi paxtazorlardan chiqqan oqavalar ham hujumga “tashlanishi” tabiiy holdir. Shu kunlarda buning oldi olinsa, vohaning juda ko’p  qishloqlari sekundiga bir kub metr oqib turadigan hayotbaxsh ne’matni yo’qotmasdi…
Zovur suvlari, oqavalar… Darvoqe, bunaqa yaroqsiz suvlar Buxoro viloyatida juda ko’pchilikni tashkil etadi. Boz ustiga, o’rinsiz qurilgan Sho’rko’l suv omborining  suvlari ham yerga singib, o’z ta’sirini ko’rsatgan, yer osti suvlari sifatini buzgan. Xo’sh, shunaqa “suvlar”ni nima qilish kerak? Balki ularni tozalash, chuchuklashtirish lozimdir. Lekin hozirgi texnika vositasida bu ishlar juda qimmatga tushadi.
Agar katta zovurlar orqali Orol sari haydalsa, dengizga quyilmagan taqdirda ham alohida ko’llarga to’plasa, ehtimol namliklar saqlanishiga, tuzli qumlar ko’chishining kamayishiga, balki ayrim chidamli suv hayvonlari va o’simliklarning yashab  qolishiga, umuman Orolning o’lmasligiga hissa qo’shar. Axir bunaqa nobakor suvlar faqat Buxoro vohasida emas, boshqa ko’plab manzillarda ham to’lib-toshib yotibdi, “buzg’unchilik” qilyapti. Bekor yotib, zarari tekkandan ko’ra bekor “ishlagani”  ma’kul emasmi? Har qalay, hali ular “o’lik suv” darajasiga tushgan emas…

***

Safarimiz paytida, martning so’nggi kunlarida Dayrobodga yana yo’limiz tushdi. Avvalgi hamrohlarning ko’pchiligi yo’q edi. Ammo Samad, Quvondik va Aslon akani topib  olgan edik. Samad g’amgin ko’rinardi. qoldirilgan to’y hamon “muzlab” yotardi. Hozircha uni “eritish”ning iloji yo’q.
– Bolam yarimta bo’lib qoldi-da, — dedi Samad uf tortib. – Qishda zambil ko’targan ekan, kasali qaytaladi. Ayrilishimizga sal  qoldi. Juda qiynaldi. Shu holda turmushga chiqarib bo’ladimi? Kuyovgayam kecha javob berdik. Nima qilamiz baxtini bog’lab…
Birpas sukut saqlab, o’yga toldik. Har birimiz Jamilaga qanday yordam berish hakida bosh qotirardik. Shubhasiz, uni endi  asl holiga qaytarish imkoni yo’q. O’lmay qolgani ota-ona uchun quvonch – mungli quvonch… Biroq, qishloqda undan ham yomon hodisa yuz beribdi. Sport bo’yicha maktab faxri hisoblangan o’n olti yoshli durkun yigitcha tuman kasalxonasida abadiy ko’z  yumibdi. Sarg’aymani o’tkazib yuborgan emish. Butun qishloq yig’labdi, maktab motam tutibdi. Yigitcha ta’rifini eshitib, biz ham chidolmadik. Eski o’zanga yaqinlashar ekanmiz, ko’zlarimiz yoshlandi. Bu quvonch yoshlari edi. Ajabo, tush ko’rayotgan  kishilarga o’xshardik. Axir Zarafshon to’lib, hayqirib oqardi. Yoqalarini yalab, tuprog’u toshlarni yemirib, ko’zlarni tindirib chopib borardi. Go’yo olamga sig’masdi. Son-sanoqsiz odamlar, traktoru bul`dozerlar yonlariga shox-shabba bosardilar,  damba tashlardilar, qirg’oqlarni balandroq ko’tarishga urinardilar. Ammo Zarafshon bo’yin egmas, toshib chiqishga, o’zini quritganlarni jazolashga ahd qilganday har yonga to’lg’anardi. Osmon unga hamohang tarzda yirik-yirik tomchilar otardi.
Zarafshon tirildi! – deya Aslon aka beixtiyor hayqirdi. – Qaniydi hamisha shundayligicha qolsaydi, odamlarga hayot ulashsaydi! Qaniydi shu yurishda Orolga borib qo’shilsa, unga mador bo’lsa! Shoyad tuzli qumlar yog’ilishidan qutulsak!
Yarim shod, yarim ma’yus, ammo qandaydir ilinj bilan yo’lga tushdik. Biroq birpasda bahor ham o’tib ketdi – Zarafshonni yana yo’qotdik. Amu hamon kishanda, tabiat hanuz majruh. U odamlarning o’zidan najot kutyapti. Butun kurramiz madadga muhtoj…

1988 yil, aprel, Toshkent – Buxoro – Toshkent.

***

Ushbu badia-ocherk “Yoshlik” oynomasida chiqqanidan so’ng oradan o’ttiz yil vaqt o’tdi. Dunyoda buyuk o’zgarishlar yuz berdi. Ko’p mamlakatlar qatori sevimli O’zbekistonimiz ham qizil imperiya iskanjasidan qutilib, ozodlikka erishdi, o’ziga xos yo’ldan dadil odimlayapti. Butun kurramiz davlatlari singari yuksak taraqqiyot manzilarini ko’zlagan. Xo’sh, shunday sharoitda barcha jonzodning bosh ehtiyoji — ob-hayot taqdiri qanday kechdi: yorug’lik sari
yurildimi yoxud qorong’ulik tomon siljiyapmizmi?
Xayol har yonga tortqilaydi. Lab tishlab, bosh tebrataman. Yana o’yga tolaman. O’ttiz yil avval poytaxtdagi uylar jo’mragidan rohatlanib, tashnalik qondirar edik. Uzoqlardan keladigan mehmonlar  choy ichmasdan kosani jo’mrakka tutishar, huzurlanib, noyob suv simirishardi. Hozir… rosti, unaqa halovat topolmaysiz. Boshqalar kabi biz ham do’konlardan xarid qilingan, katta bakalajkadardagi buloq suvidan ichamiz, choy qaynatamiz.
Jo’mraklardan oqayotgan, aslini xlorga boy bergan suvning “vazifasi” qisman o’zgarganday tuyuladi. Obi-hayot isrofi tizgindan chiqqan: vatta mablag’lar evaziga qayta ishlangan suvlar ko’p yerlarda behuda oqib yotadi; mashinalar, ko’chayu yo’llar yuvishlarga, ekinlarga ayamay sochiladi. Cho’milish havzalaridagi ifloslanishlar esa chidab bo’lmas darajada…
Yangi ming yillikda Ona sayyoramizda yashashning yangi, juda tezkor davri boshlandi. Bunday vaziyatda hayot-mamotimiz bo’lmish jonajon  tabiatga — suvga, havoga, tuprog’u daraxtlarga munasabat keskin o’zgarmasa, yo’qotishlar ko’lami g’oyat kengayib boraveradi, fojeali voqelarni keltirib chiqaraveradi…
Xayriyat, bizning yurtimizga Olloh shafqat qildi: boy hayot tajribasiga, keng qirrali bilimlarga ega, matonatli va jasur Yetakchini hadya etdi. U qisqa vaqtda hamma jabhani oyoqqa turg’azib, butun dunyoda hayratu jonlanish yuzaga keltirdi. Qarashlarda burilishlar ko’zga tashlandi. Ammo qarashu hayrat bilan ish bitmaydi.
Kattayu kichik — hammamiz U zotga kamarbasta bo’lib, bir tanu bir jon yanglig’ harakat qilsakkina, Ulug’ maqsadlarga yetamiz, toza, shifobaxsh suvlar ham ichamiz.
Suvv… Suv-a… Qani uni biror kun, biror hafta ichmay ko’raylik-chi… Shundoq ekan,  loqaydlikka chek qo’yib, butun vujudni ishga solaylik, odamlar.

2018 yil, aprel, Toshkent.

02

(Tashriflar: umumiy 273, bugungi 1)

Izoh qoldiring