Muhammad Sharif. Uch hikoya: Muqaddima & Yashil alanga

033    Илҳом қизни яхши кўришини ҳаммадан яширарди. Бу унинг ҳеч кимга ошкор этиб бўлмайдиган сири бўлиб, маълум қилиб қўйишларидан қаттиқ чўчир эди. Носир эса ана шу малагини ҳақоратлади, гарчи ўзи ҳам Раънонинг олдида оғзидан бол томиб-этти букилиб, турса-да, атайин шу гапни айтди. Наинки, Раъно унга рўйхушлик бермай буни ёқтирса…

Муҳаммад Шариф
ИККИ ҲИКОЯ

02

011Адиб ва журналист Муҳаммад Шариф 1968 йил Наманган вилояти, Косонсой туманининг Гўримирон қишлоғида туғилган. Тошкент давлат университетининг журналистика факултетида таҳсил олган (1988-1993).Турли йилларда «Ҳаёт ва иқтисод», «Ўзбекистон табиати», «Ватан» нашрларида, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигида, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Атроф-муҳит дастурида фаолият юритган. 2004-йилдан Франциянинг «Франц-Пресс» ахборот агентлигида хизмат қилади.
Бир қанча мақола ва ҳикоялари миллий ва хориж матбуотида чоп этилган.

02

МУҚАДДИМА

Носир у ҳақда жуда ёмон гап айтди.
Раъно мактабдаги энг чиройли, энг сулув қиз эди.
Илҳом ғазабдан қизариб кетди, буни сездирмаслик учун бошини эгиб, кўм-кўк ажриқларни чимдиб юла бошлади.
Илҳом қизни яхши кўришини ҳаммадан яширарди. Бу унинг ҳеч кимга ошкор этиб бўлмайдиган сири бўлиб, маълум қилиб қўйишларидан қаттиқ чўчир эди. Носир эса ана шу малагини ҳақоратлади, гарчи ўзи ҳам Раънонинг олдида оғзидан бол томиб-этти букилиб, турса-да, атайин шу гапни айтди. Наинки, Раъно унга рўйхушлик бермай буни ёқтирса…

Илҳом билан Носир ҳамманинг кўзига дўстга ўхшаб кўринса ҳам, тўқнашиб қолишдан доим қочишади. Йўқ, Илҳом қўрқоқ эмас, лекин Носирнинг шум ниятлигидан чўчийди, ҳамиша у ҳақда ўйламасликка тиришади, эсига тушиб қолса, кўнгли ғаш бўлиб, дунё кўзига қоронғу кўриниб кетаверади. Баъзан ҳаммасига қўл силтамоқчи бўлади-ю, лекин…
У Раънони яхши кўради.
Раъно эса мактабдаги энг сулув қиз.

Ҳозир ҳам Илҳом Носирнинг пасткашлигидан жирканди, Раъно ҳақида айтган гапи хўрлигини келтирди, лекин бир сўз демади, сири ошкор бўлишини истамади. Шу пайт Ориф Носирни қўллаб уятли бир сўз айтди. Илҳом энди чидай олмади:
— Олдида итдек ялтоқланасан-у, ортидан бундай гап қиласанми?
— Ие, ановини, аччиғинг келса, бурнингни тишла. Ё Раънони яхши кўрасанми?!— Ориф бопладимми, дегандек Носирга қараб олди. Илҳом ғазабдан қалтираб кетди, шартта ўрнидан туриб, Орифнинг ёқасига чанг солди:
— Тур ўрнингдан. Уришасанми? Ориф довдираб, базўр чийиллади:
— Нима, кучим кўп деб мақтанаверасанми?
Илҳомнинг кулгиси қистади:
— Ҳе, қўрқоқ!
Орага сукунат чўкди. Бундан фойдаланган Фахриддин гапни бошқа томонга бурди:
— Ўзинг шунчалик қўрқмас экансан, Кулолнинг йўлини тўса оласанми?
— Тўсаман.
— Кўл бериб сўрашасан ҳамми?
— Сўрашаман ҳам!—Илҳомнинг кўнглига мудҳиш бир нарса соя солиб ўтди-ю, сездирмади…

Кулол қишлоқ четида, қабристон ёнидаги ташландиқ, қайсидир замонларда шўро идораси вазифасини ўтаган, ўша кезлари деворлари оқланавериб, ёмғирларда ювилавериб ола-чалпоқ ҳолга келган уйда ёлғиз яшар эди. Унинг бу қишлоққа кўчиб келганига бир йил бўлган эса-да, кимлиги ва қаердан келганлиги ҳамон номаълум. Шу муддат ичида унинг қишлоқдаги бирор кимса билан гаплашганини, ҳеч қурса салом-алик қилганини биров кўрган эмас. Уни кунда икки бор — тонг қоронғусида ишга кетаётганидаю шом қоронғусида ишдан қайтаётганида учратиш мумкин. Кулолхонаси ҳам қишлоқдан бир чақирим нарида, ғиштхона ёнида бўлиб, у ердагилариинг ҳаммаси шаҳардан ёки бошқа қишлоқлардан келиб ишлашар эди. Одамлар аввалига унинг бу ҳунари билан қандай тирикчилик қилаётганига ҳайрон бўлишди. Кейин бу қизиқиш ўрнини шубҳа ва ҳадик эгаллади. Гўё у бу дунёнинг одами эмас, ҳает тарзи ҳам қандайдир сир-асрорли… Болалар ҳам ундан чўчиб қолишган, қораси кўринди дегунча йўлда ҳеч ким қолмас эди. Унинг афт-ангорини ҳам бирор кимса айтиб беролмасди. Ўзинй ҳам қишлоқ чеккасидаги йўлда бошини олдинга сал эгиб, бир маромда қадам ташлаб келаётган ҳолдагина кўриш мумкин, холос. У бир шарпа ёхуд соя мисоли эди.

Болалар бугун молларини ҳар кунгидан кечроқ етовга олишди. Улар кулол ўтадиган йўл бўйига яқинлашишганида, қўёш тоғ чўққилари оша сўнгги марта мўралаётган эди. Болалар йўлдан бироз нарида тўхташди. Илҳом ёлғиз ўзи йўл бўйига келди ва четроқдаги тош устига ўтириб, кута бошлади. Қуёш тоғлар ортига жуда тез яширинди, уфқ лоларанг тусда товланди. Ғира-шира қоронғулик тушиб, чигирткаларнинг чириллаши қулоқни қоматга келтирди. Қўналғасига кечиккан бир гала қушлар потирлаб учиб ўтди. Бегона ва сирли бир ҳадик Илҳомни исканжага олди. У бетоқатланиб кулолни кутарди. Ниҳоят, олисда қора шарпа кўринди. Илҳом шошиб болалар томонга кўз ташлаб олди. Юраги гупиллаб ура бошлади. Назарида, орадан кўп вақт ўтганига қарамай масофа ҳамон ўша-ўша эди. Унинг нигоҳи толиқди, илкис атрофга зим-зиё тун чўккандек, ҳеч нарсани кўрмай қолди. Кўзларини бир юмиб очган эди, кулолнинг мункайган гавдасини яқингинасида кўрди. У даҳшатли ва мудҳиш дақиқаларни қисқартириш учун кулолга қарши юра бошлади. Ораларида ўн қадамча масофа қолди. Кулол ҳамон бошини эгиб келар ва қаршисидаги болани кўрмасди. Ана, беш қадам қолди. Тўрт қадам.
Уч…
Икки…

…Ва қўққис кўзлар тўқнашди. Аввалига Илҳом кулолнинг кўзлари ўрнида қоп-қора бўшлиқ ва чексизликни куриб ҳайратдан тош қотди. Сўнг эса… Қулоқлари остида шамолнинг зувиллашини эшитди, учаётганини ҳис этди. Қайсидир лаҳзада у кулолнинг кўзларига ўзининг сингиб бораётганини англаб қолди. У жуда ҳам тез уча бошлади. Беадад чексизликлар узра чирпирак бўлиб айланди. Қўққис ёнида шамолдан ҳосил бўлган гирдобни кўрди. Бу улкан гирдоб ичида тоғлар, дарёлар, уммонлар, баланд-баланд иморатлар, шаҳарлар, одамлар оломони, қушлар, илонлар ва бошқа шу қадар кўп нарсалар бор эдики, ҳаммаси аралаш-қуралаш бўлиб, гоҳ оқиш айлана чизиқларга йўғрилиб кетар, гоҳ ярқ этиб бир лаҳза кўзга ташланиб қоларди. У кимсасиз, хароб бўлган қишлоқни, жуда ҳам узун йўл ва бу йўлда кетаётган ёшгина йигитни кўрди. Йигитни кимгадир ўхшатди ва энди эсламоқчи бўлганида, у ғойиб бўлди. Шу заҳоти ўрнида соч-соқоли оппоқ нуроний чол кўринди. Ёш, сулув бир қизни, сўнгра эса, умрида кўрмаган, лекин жуда таниш, қадрдон, бироқ кимлигини ёдидан чиқазиб юборган одамларни кўрди. Буларнинг ичида бир жувон ҳам бўлиб, у боягина кўрган ёш қизга ўхшарди. Қандайдир аламлар, дарду фироқлар ва хўрликларни туйди. Худди биров юрагига пичоқ суқиб олгандек даҳшатли оғриқ сезди, шу заҳоти оғриқ ҳам юқолиб, таърифлаб бўлмас бир ҳузур топди. Сўнг кўрган-билганлари яна бир-бирига шундай қоришиб кетдики, алал-оқибат буларнинг бари туш бўлса керак, деб ўйлади. Ва шу ондаёқ қоп-қора зулмат қўйнига тушиб қолди. Қанчадир муддат — бир дақиқами, юз йилми, — ўтиб, қулоқлари остидаги зувиллаш тиниб кўзини очган эди, ўзини йўлнинг ўртасида чўк тушган ҳолда кўрди. Кулолнинг узоқлашиб бораётган шарпаси эса қоронғулик ичига сингиб кетди.

Ҳаллослаб чопиб келган болалар ундан не воқеа юз берганини, нега кулолнинг қаршисига келиб чўккалаб олганини сўрай бошлашди. Носир эса бир четда унга истеҳзо билан қараб турарди. Илҳом уни кўргач, болаларга «ҳеч нарса» деди-ю, шу тобда Носирнинг рақиблиги ҳам, ўртадаги адоват ҳам бемаъни ва бачкана кўриниб кетди.
Юз берган воқеадан сўнг кулол кўчиб кетди. Одамлар уни тезда унутиб ҳам улгуришди. Фақат Илҳомгина бу кимсани бот-бот эслар ва тинимсиз қаерларгадир ошиқар эди.
Раъно эса мактабдаги энг сулув қиз эди.

«Шарқ юлдузи» журналнинг 1992 йил 7-сонида босилган.

ЯШИЛ АЛАНГА

Ўзбекнинг полвони Турсун Али Муҳаммадга

Шамол қари бургутни булутлар уюрига қўшиб ҳайдаб кетишига сағал қолди. У гоҳ юқорилаб, гоҳ пастлаб, шамолга қарши уча-уча амал-тақал Тешиктош қояга етиб, чўққи устига оғир қўнди. Шу қўнганича уч кун қилт этмади. Учинчи кун тонгда қари бургутни яна ўз ўрнида кўрган тасқараларнинг кўнглидаги шубҳа-гумон куртак отиб, бадниятлари совуқ бўй кўрсатди: олдидан ортган сарқитига қаноат қилиб юрганлар, бугун унинг ўзига кўз тикиб, бу мағрур турган муаззам гавданинг тап этиб йиқилишини кута бошладилар. Кеча улар қуйироқдаги қоя устида кун бўйи қанотларини беўхшов қоқиб, чуғурлашиб, бетоқат бўлишди.Бугун эса тап тортмай қари бургутнинг юз йиллик қўналғаси бўлмиш Тешиктош қоянинг ёнгинасидаги улкан ясси тош устига келиб қўнишди. Шу пайтгача қуш зоти бу чегарани бузишга ҳадди сиғган эмасди. Тасқаралар бўлғуси базмга тайёргарлик кўраётгандек қайсидир ўлимтикнинг шилимшиқ гўшти ёпишиб қолган тумшуқларини гоҳ панжаларига уриб, гоҳ тошга суркаб намойишкорона тозаламоқда эдилар. Фақат қуйида яшаб, тоғ устига камдан-кам кўтарилувчи ғажирлар ҳам бугун эрталабдан тасқараларнинг тадорикка тушиб қолганидан дарак берувчи товушларни эшитиб, аллақачон юқорилаб келишга улгуришганди.Бу анчайин беодоблик саналса-да, қари бургут асло парво қилмади, бўйнидан бошланиб, кўксида оппоқ доғ ҳосил қилган патлари устига тумшуғини қўйиб, ҳурпайиб ўтираверди. Шу тобда у эрталабки қуёшнинг майин қитиқловчи нурлари оғушида мириқаётгандир ёки ҳув уфқдаги бир тўда иркит булутларни кузатаётгандир. Ҳарқалай, шу ҳафта ичи унда қандайдир тушуниксиз ўзгаришлар юз берди. У шундан алағда бўлиб, атрофда юз бераётган нарсаларга эътиборсиз қаради.Қўққис тасқаралардан бири ҳаволади, афтидан ёшроқ бўлса керак, кўксидаги патлари қорайишга улгурмабди. Бир-икки айлана ясаб, сўнг тўппа-тўғри бургут ўтирган қоя томон учиб келаверди.

Қоятошнинг бир четига келиб қўнди. Бургут илкис унга ўгирилган эди, кўзларида яшил аланга ловиллаб кетди. Қўрқиб кетган тасқара келган изига қараб урра қочди. Ўлаксахўрлар бир безовталаниб олишди. Ў-ў… бургутнинг вазминлиги, у бу сурбетликни кўрмагандек яна сокин ўтираверди. Фақат энди пойида ястаниб ётган текисликларни кузата бошлади. Орадан чорак соат ўтгач, кўкдан тўқайзор этагидаги ўтлоққа тошдек отилган қарчиғайни кўриб қолди. Тошлар остига яширинишга улгурмаган каклик қанотларини патиллатиб ерга урганча, қарчиғайнинг чангалига тушди. Қарчиғай ўлжасини кўтариб учди ва ялангликдаги қўнғир тош устига қўнди. Чангалидаги каклик жон ҳолатда типирчилади. Қарчиғай какликнинг бўйнига чангал солиб сиқди. Унинг пайрахадай сарғиш тили отилиб чиққанида бир чўқиб узиб олди ва лиқ этиб ютди. Шундан сўнг калласини узиб олиб, узун ичакларини осилтирганча, ўлжасини бамайлихотир чўқилай бошлади. Бургут иссиқ, кўпириб турган қон ҳидини туйди. Суқланиб тикилди. Йўқ! Ўлжага эмас. Ғолиблик нашидаси сурилаётган ўша лаҳзага, ўша манзарага суқланди. Бир пайтлари унинг бақувват қанотлари бўронни ҳам писанд этмасди, тошни чангалласа уқаланиб кетарди.Бир пайтлари чиябўрининг сағриси ила бўйнига чангал солиб, бир силтаганда, шўрлик сайднинг умуртқаси қарсиллаб синиб кетарди. Шу қарсиллаш унинг шижоати, куч-қудрати ва маҳобатини намойиш этувчи ғолиблик садоси бўлиб янграрди. Осмон энкайиб, тоғлар бир қарич чўкиб, дарё бир тўхтаб оларди ўша лаҳза.У кезлар бургут ўлжасини қояга кўтариб чиқар ва иссиқ қон кўпириб турган жасаддан бир-икки луқма тотиниб кўрарди, холос. Лошнинг қолган-қутганини ҳозир унинг ўлимига кўз тикиб турган анави ўлаксахўрлар талашиб-тортишиб еб битиришарди. Улар бургутдан қаттиқ ҳайиқишар, қораси ўчгач, сарқитига қуюндек ёпириларди.

Ҳозир эса ўшанда мурувват тилаб, ялтоқланиб йилтираган шилпиқ кўзлар унинг қаршисида совуқ ёниб турибди. Бироқ қари бургут жасади бу қасанғиларга ем бўлмаслигини билади. Ҳали замон қуёш тиғга келганда у кўкка кўтарилади, сўнгги овга чиқади.Бир қултум қон, бир луқма гўшт унинг қанотига куч бўлади. Сўнг ҳув юксакдаги қорли чўққилар томон учиб кетади. Икки йил муқаддам қари бургутнинг жуфти шу томонларга учиб кетган. Муз қоя узра учаверган, учаверган, учаверган. Кеча-ю кундуз учган. Танасидан қон қочиб, булутлар ҳўллаган қанотлари музга айланганида ҳам учаверган. Токи абадий муз парчасига айланмагунга қадар учган. Қуш зоти борки учаётиб муз қотади, қўниб турганида ҳар қандай совуққа дош беради. Шу тариқа мангу музқояликлар орасида янги, қанотларини елпиғичдек ёйган бургутқоя пайдо бўлган. Ўша бургут шаклидаги музқоя уни ўзи томон чорламоқда. Қуёш тиккага келиб, тоғ этагидаги қир-адирларни беаёв қиздира бошлади. Бургут оғир қўзғалиб, қанотларини бир-икки силкиди, сўнг кенг ёйиб пастга эна бошлади. Ён-атрофдаги қояларда тизилишиб ўтирган ўлаксахўрлар безовталаниб, унинг ортидан чағир кўзларини қадаб қолишди. Бургут бўз тупроқли адирларга етиб боргач, қанот қоқмай, осуда айлана бошлади.

У жон койитмай ҳаволашнинг ҳадисини олган, тандирдек қизиган адирдан кўтарилаётган иссиқ ҳаво уни ҳеч қандай қийинчиликсиз осмон тоқига чиқариб қўярди. Авваллари иссиқ ҳаво оқими кўмагида кўтарилиш эрмак бўлган эса, ҳозир эҳтиёжга айланган эди. Кекса вужуди бу беминнат ёрдамга муҳтожлик сезмоқда. Бирор соатлардан сўнг у кўз зўрға илғайдиган қора нуқтага айланди.Бир ҳафта давомида емаксиз қолган қари бургут учун ҳавода муаллақ туриб ўтказаётган дақиқалари йиллардек узоқ туюлмасин, у соялар қайтгунига қадар кўкда кезиб юришга мажбур эди. Бу вақтда тўқайдаги жониворлар пана-пастқам, серсоя инларидан чиқмай, тилларини захга босиб, ҳансираб ётишади. Қуёш найзаси чўққиларга санчилиб, сарин шаббода ғириллаб эса бошлаганда жониворлар ғимирлаб, тирикчилик ташвишига тушиб қолади. Жўрттага қилгандек, сира ўрнидан жилмаётган қуёш, ниҳоят тангрининг амри ила пастга қараб ғилдиради. Бургут ҳавода айлана ясаб, пастлай бошлади. Ер ҳали жуда-жуда узоқ эди.

Бу орада тўс-тўполон билан осмонга кўтарилган тасқара ва ғажирлар тоғдаги дараларни бир қур кўздан кечириб чиқиб, тўқай билан дарё оралиғидаги яланглик узра изғий бошлашди. Емак қидиришга киришган тўқай жониворлари кўк юзидаги қора кўланкалардан чўчиб, ўзларини қайта инга уришди. Ахийри, ўлаксахўрлар кечки сайрни тугатгандек ёқимсиз қийқиллашлари билан тоғу тошни ларзага солиб қояларга қўндилар. Ушбу кечки сайр ҳув юксакдаги бургут учун ҳаёт-мамот масаласи бўлган ғанимат дамларни “бир неча йил” нарига суриб юборган эди. Ялангликда тўнғиз пайдо бўлди. У тўқайдаги ягона сўқмоқ оралаб чиқиб келди, тумшуғи билан ер титиб, пишқириб дарё томон юрди. Тўнғизнинг бепарволиги бежиз эмас, одам ҳиди камдан-кам пайдо бўладиган бу маконда унга таҳдид солувчи ёв йўқ эди. Лекин эҳтиёти шарт, у ҳар замон тўхтаб, ҳаво искаб, ҳид оларди. Тўқайдан пилдираб чиққан тўнғизни кўриб, бургутнинг кўзида олов чақнади. Бироқ савқи таъбиийси уни иккилантирди.

Жонзот борки, ўз кушандаси киму емаги нимадан иборат яхши билади. Табиатнинг ўзи берган сезгиси, салоҳияти буни айтиб туради. Лекин бирда иккида ўз феъл-хўйига номувофиқ ҳаракат қилиб туриш ҳам тирик жонга хос нарса. Қари бургут кўпни кўрган эса-да, тўнғизни қўлдан чиқаришни истамади, қолаверса, бу сўнгги имконият бўлиши мумкин, ҳадемай қуёш ботади. Ўлаксахўрлар қолган майда жониворларни чўчитиб қўйди, улар ҳали-бери қорасини кўрсатмайди. Тўнғиз сув бўйига яқинлашганда бургут ҳамлага чоғланиб, мўлжал олди. Тўнғиз чанқоғини қондирса, кучига куч қўшилади. Шунда уни енгиш оғир кечади. Бургут қанотларини йиғиб, бир сония муаллақ қолди, сўнг ўқдек пастга отилди.Даҳшатли чинқириқ тоғу тошни ларзага келтириб, даралар узра узоқ акс-садо бериб турди. Қояда тизилишиб ўтирган тасқара ва ғажирлар сергакланди. Тулкилар, товушқонлар ўзларини қалин чакалакзор орасига урди. Тўнғизнинг белига қоя ағдарилгандек кучли зарба келиб урилди.

Сағриси ва калта бўйнини тиғдек тирноқлар ўйиб ташлади. У жон ҳолатда хуриллаб, бир мункиди, бир қалқиди…оёқларини чор тарафга кериб олди…тўпиғигача нам ерга ботиб кетди, лекин умуртқаси синмади, калталиги иш берди. Кўзи қонга тўлган бургут важоҳат билан чираниб, уни букиб ташламоқчи бўлди. Афсус…қани у қарсиллатиб умуртқа синдириш, қани ғолиблик садоси? Аламдан, номусдан унинг куч-қудрати, шижоати аввалгилардан ўн чандон ошса ошдики, асло камаймади. Тўнғизнинг жони тошдан. Бургутдан хатолик ўтди. Хатолик ўтди-ю, уни тузатишнинг энди иложи йўқ эди. Бургут бургут бўлиб ушлаганини қўйган эмас. Бургут тўнғизнинг белида чавандоздек силкинди, чиранди, кўзларидан тирик жонни тешиб юборадиган олов ёғилди. Лекин…қани энди, бу жонли ғўлани букиб бўлса?! Иссиқ қон кўпиргандан кўпирди, фаввора янглиғ отилди. Танаси метин тўнғиз пишқириб, чинқириб, қутургандан қутуриб борарди.Тўнғиз тўқайзорга етиб борганда бургут унинг бошига чанг солди. Тўнғизнинг чап кўзи ўйилиб тушди.

У йўналишини йўқотиб, ўзини қалин чакалак орасига урди. Тиканаклар, шох-шаббалар бургутнинг патларини юла бошлади. Қари бургутнинг оқиш-қизғиш патлари ҳавода тўзғиб кетди. Тўнғиз чангалзорни тасир-тусур ёриб ўтганида бургутнинг ярим гавдаси қонга беланган, синиб, ёнга осилиб қолган қаноти хас-хашакларга илашиб, уни ортга тортқиларди. Қора қонга беланган икки рақиб жон олиб, жон бериб олишар, таслим бўлишни, енгилишни бирови-да хаёлига келтирмасди. Қоядаги ғажирлар, тасқаралар, тоғу тошдаги, тўқайдаги жамики жонзот бу қонли ҳангоманинг қандай якун топишини сабрсизлик билан кутарди.Қаршисидан қалин дарахтзор чиққанида бургут сўнгги чорани қўллаб, ўлжасини тўхтатмоқчи бўлди: ёш бир дарахтни шаппа чангаллаб олди, тирноғи борича дарахт танасига ботиб кетди. У тўнғиз ва дарахт орасида бир лаҳза таранг тортилди-ю, сўнг қоқ ўртасидан иккига айрилиб кетди. Рақибидан халос бўлган тўнғиз бир неча одим забт билан чопгач, гурсиллаб қулади. Қаттиқ пишқирди, хириллаб-хириллаб жон берди. Бургутнинг ярим гавдаси дарахтни, ярми тўнғизни маҳкам чангаллаган кўйи қотиб қолган эди. Ўлаксахўр ва ғажирлар қий-чув солиб кўкка кўтарилди. Осмонни қора кўланкалар қоплади. Улар тўқай томон эниб кела бошладилар. Лекин шу кеча ва эртасига ҳам тўдадан бирор қуш ажраб чиқиб, машъум жанггоҳга қўна олмади. Чунки бургутнинг очиқ кўзларидаги яшил аланга ҳали сўнмаган эди.

“Ёшлик” журналининг 1993 йил 10-11 сонида босилган.

035

Muhammad Sharif
IKKI  HIKOYA

02

  Adib va jurnalist Muhammad Sharif 1968 yil Namangan viloyati, Kosonsoy tumanining Go’rimiron qishlog’ida tug’ilgan. Toshkent davlat universitetining jurnalistika fakultetida tahsil olgan (1988-1993).Turli yillarda «Hayot va iqtisod», «O’zbekiston tabiati», «Vatan» nashrlarida, O’zbekiston Milliy axborot agentligida, Birlashgan Millatlar Tashkilotining Atrof-muhit dasturida faoliyat yuritgan. 2004-yildan Frantsiyaning «Frants-Press» axborot agentligida xizmat qiladi.  Bir qancha maqola va hikoyalari milliy va xorij matbuotida chop etilgan.

02

MUQADDIMA

Nosir u haqda juda yomon gap aytdi.
Ra’no maktabdagi eng chiroyli, eng suluv qiz edi.
Ilhom g‘azabdan qizarib ketdi, buni sezdirmaslik uchun boshini egib, ko‘m-ko‘k ajriqlarni chimdib yula boshladi.
Ilhom qizni yaxshi ko‘rishini hammadan yashirardi. Bu uning hech kimga oshkor etib bo‘lmaydigan siri bo‘lib, ma’lum qilib qo‘yishlaridan qattiq cho‘chir edi. Nosir esa ana shu malagini haqoratladi, garchi o‘zi ham Ra’noning oldida og‘zidan bol tomib-etti bukilib, tursa-da, atayin shu gapni aytdi. Nainki, Ra’no unga ro‘yxushlik bermay buni yoqtirsa…
Ilhom bilan Nosir hammaning ko‘ziga do‘stga o‘xshab ko‘rinsa ham, to‘qnashib qolishdan doim qochishadi. Yo‘q, Ilhom qo‘rqoq emas, lekin Nosirning shum niyatligidan cho‘chiydi, hamisha u haqda o‘ylamaslikka tirishadi, esiga tushib qolsa, ko‘ngli g‘ash bo‘lib, dunyo ko‘ziga qorong‘u ko‘rinib ketaveradi. Ba’zan hammasiga qo‘l siltamoqchi bo‘ladi-yu, lekin…
U Ra’noni yaxshi ko‘radi.
Ra’no esa maktabdagi eng suluv qiz.
Hozir ham Ilhom Nosirning pastkashligidan jirkandi, Ra’no haqida aytgan gapi xo‘rligini keltirdi, lekin bir so‘z demadi, siri oshkor bo‘lishini istamadi. Shu payt Orif Nosirni qo‘llab uyatli bir so‘z aytdi. Ilhom endi chiday olmadi:
— Oldida itdek yaltoqlanasan-u, ortidan bunday gap qilasanmi?
— Ie, anovini, achchig‘ing kelsa, burningni tishla. Yo Ra’noni yaxshi ko‘rasanmi?!— Orif bopladimmi, degandek Nosirga qarab oldi. Ilhom g‘azabdan qaltirab ketdi, shartta o‘rnidan turib, Orifning yoqasiga chang soldi:
— Tur o‘rningdan. Urishasanmi? Orif dovdirab, bazo‘r chiyilladi:
— Nima, kuchim ko‘p deb maqtanaverasanmi?
Ilhomning kulgisi qistadi:
— He, qo‘rqoq!
Oraga sukunat cho‘kdi. Bundan foydalangan Faxriddin gapni boshqa tomonga burdi:
— O’zing shunchalik qo‘rqmas ekansan, Kulolning yo‘lini to‘sa olasanmi?
— To‘saman.
— Ko‘l berib so‘rashasan hammi?
— So‘rashaman ham!—Ilhomning ko‘ngliga mudhish bir narsa soya solib o‘tdi-yu, sezdirmadi…
Kulol qishloq chetida, qabriston yonidagi tashlandiq, qaysidir zamonlarda sho‘ro idorasi vazifasini o‘tagan, o‘sha kezlari devorlari oqlanaverib, yomg‘irlarda yuvilaverib ola-chalpoq holga kelgan uyda yolg‘iz yashar edi. Uning bu qishloqqa ko‘chib kelganiga bir yil bo‘lgan esa-da, kimligi va qaerdan kelganligi hamon noma’lum. Shu muddat ichida uning qishloqdagi biror kimsa bilan gaplashganini, hech qursa salom-alik qilganini birov ko‘rgan emas. Uni kunda ikki bor — tong qorong‘usida ishga ketayotganidayu shom qorong‘usida ishdan qaytayotganida uchratish mumkin. Kulolxonasi ham qishloqdan bir chaqirim narida, g‘ishtxona yonida bo‘lib, u yerdagilariing hammasi shahardan yoki boshqa qishloqlardan kelib ishlashar edi. Odamlar avvaliga uning bu hunari bilan qanday tirikchilik qilayotganiga hayron bo‘lishdi. Keyin bu qiziqish o‘rnini shubha va hadik egalladi. Go‘yo u bu dunyoning odami emas, haet tarzi ham qandaydir sir-asrorli… Bolalar ham undan cho‘chib qolishgan, qorasi ko‘rindi deguncha yo‘lda hech kim qolmas edi. Uning aft-angorini ham biror kimsa aytib berolmasdi. O’ziny ham qishloq chekkasidagi yo‘lda boshini oldinga sal egib, bir maromda qadam tashlab kelayotgan holdagina ko‘rish mumkin, xolos. U bir sharpa yoxud soya misoli edi.
Bolalar bugun mollarini har kungidan kechroq yetovga olishdi. Ular kulol o‘tadigan yo‘l bo‘yiga yaqinlashishganida, qo‘yosh tog‘ cho‘qqilari osha so‘nggi marta mo‘ralayotgan edi. Bolalar yo‘ldan biroz narida to‘xtashdi. Ilhom yolg‘iz o‘zi yo‘l bo‘yiga keldi va chetroqdagi tosh ustiga o‘tirib, kuta boshladi. Quyosh tog‘lar ortiga juda tez yashirindi, ufq lolarang tusda tovlandi. G’ira-shira qorong‘ulik tushib, chigirtkalarning chirillashi quloqni qomatga keltirdi. Qo‘nalg‘asiga kechikkan bir gala qushlar potirlab uchib o‘tdi. Begona va sirli bir hadik Ilhomni iskanjaga oldi. U betoqatlanib kulolni kutardi. Nihoyat, olisda qora sharpa ko‘rindi. Ilhom shoshib bolalar tomonga ko‘z tashlab oldi. Yuragi gupillab ura boshladi. Nazarida, oradan ko‘p vaqt o‘tganiga qaramay masofa hamon o‘sha-o‘sha edi. Uning nigohi toliqdi, ilkis atrofga zim-ziyo tun cho‘kkandek, hech narsani ko‘rmay qoldi. Ko‘zlarini bir yumib ochgan edi, kulolning munkaygan gavdasini yaqinginasida ko‘rdi. U dahshatli va mudhish daqiqalarni qisqartirish uchun kulolga qarshi yura boshladi. Oralarida o‘n qadamcha masofa qoldi. Kulol hamon boshini egib kelar va qarshisidagi bolani ko‘rmasdi. Ana, besh qadam qoldi. To‘rt qadam.
Uch…
Ikki…
…Va qo‘qqis ko‘zlar to‘qnashdi. Avvaliga Ilhom kulolning ko‘zlari o‘rnida qop-qora bo‘shliq va cheksizlikni kurib hayratdan tosh qotdi. So‘ng esa… Quloqlari ostida shamolning zuvillashini eshitdi, uchayotganini his etdi. Qaysidir lahzada u kulolning ko‘zlariga o‘zining singib borayotganini anglab qoldi. U juda ham tez ucha boshladi. Beadad cheksizliklar uzra chirpirak bo‘lib aylandi. Qo‘qqis yonida shamoldan hosil bo‘lgan girdobni ko‘rdi. Bu ulkan girdob ichida tog‘lar, daryolar, ummonlar, baland-baland imoratlar, shaharlar, odamlar olomoni, qushlar, ilonlar va boshqa shu qadar ko‘p narsalar bor ediki, hammasi aralash-quralash bo‘lib, goh oqish aylana chiziqlarga yo‘g‘rilib ketar, goh yarq etib bir lahza ko‘zga tashlanib qolardi. U kimsasiz, xarob bo‘lgan qishloqni, juda ham uzun yo‘l va bu yo‘lda ketayotgan yoshgina yigitni ko‘rdi. Yigitni kimgadir o‘xshatdi va endi eslamoqchi bo‘lganida, u g‘oyib bo‘ldi. Shu zahoti o‘rnida soch-soqoli oppoq nuroniy chol ko‘rindi. Yosh, suluv bir qizni, so‘ngra esa, umrida ko‘rmagan, lekin juda tanish, qadrdon, biroq kimligini yodidan chiqazib yuborgan odamlarni ko‘rdi. Bularning ichida bir juvon ham bo‘lib, u boyagina ko‘rgan yosh qizga o‘xshardi. Qandaydir alamlar, dardu firoqlar va xo‘rliklarni tuydi. Xuddi birov yuragiga pichoq suqib olgandek dahshatli og‘riq sezdi, shu zahoti og‘riq ham yuqolib, ta’riflab bo‘lmas bir huzur topdi. So‘ng ko‘rgan-bilganlari yana bir-biriga shunday qorishib ketdiki, alal-oqibat bularning bari tush bo‘lsa kerak, deb o‘yladi. Va shu ondayoq qop-qora zulmat qo‘yniga tushib qoldi. Qanchadir muddat — bir daqiqami, yuz yilmi, — o‘tib, quloqlari ostidagi zuvillash tinib ko‘zini ochgan edi, o‘zini yo‘lning o‘rtasida cho‘k tushgan holda ko‘rdi. Kulolning uzoqlashib borayotgan sharpasi esa qorong‘ulik ichiga singib ketdi.
Halloslab chopib kelgan bolalar undan ne voqea yuz berganini, nega kulolning qarshisiga kelib cho‘kkalab olganini so‘ray boshlashdi. Nosir esa bir chetda unga istehzo bilan qarab turardi. Ilhom uni ko‘rgach, bolalarga «hech narsa» dedi-yu, shu tobda Nosirning raqibligi ham, o‘rtadagi adovat ham bema’ni va bachkana ko‘rinib ketdi.
Yuz bergan voqeadan so‘ng kulol ko‘chib ketdi. Odamlar^uni tezda unutib ham ulgurishdi. Faqat Ilhomgina bu kimsani bot-bot eslar va tinimsiz qaerlargadir oshiqar edi.
Ra’no esa maktabdagi eng suluv qiz edi.

«Sharq yulduzi» jurnali, 1992 yil 7-son.

YASHIL ALANGA

O‘zbekning polvoni Tursun Ali Muhammadga

Shamol qari burgutni bulutlar uyuriga qo‘shib haydab ketishiga sag‘al qoldi. U goh yuqorilab, goh pastlab, shamolga qarshi ucha-ucha amal-taqal Teshiktosh qoyaga yetib, cho‘qqi ustiga og‘ir qo‘ndi. Shu qo‘nganicha uch kun qilt etmadi. Uchinchi kun tongda qari burgutni yana o‘z o‘rnida ko‘rgan tasqaralarning ko‘nglidagi shubha-gumon kurtak otib, badniyatlari sovuq bo‘y ko‘rsatdi: oldidan ortgan sarqitiga qanoat qilib yurganlar, bugun uning o‘ziga ko‘z tikib, bu mag‘rur turgan muazzam gavdaning tap etib yiqilishini kuta boshladilar. Kecha ular quyiroqdagi qoya ustida kun bo‘yi qanotlarini beo‘xshov qoqib, chug‘urlashib, betoqat bo‘lishdi.
Bugun esa tap tortmay qari burgutning yuz yillik qo‘nalg‘asi bo‘lmish Teshiktosh qoyaning yonginasidagi ulkan yassi tosh ustiga kelib qo‘nishdi. Shu paytgacha qush zoti bu chegarani buzishga haddi sig‘gan emasdi. Tasqaralar bo‘lg‘usi bazmga tayyorgarlik ko‘rayotgandek qaysidir o‘limtikning shilimshiq go‘shti yopishib qolgan tumshuqlarini goh panjalariga urib, goh toshga surkab namoyishkorona tozalamoqda edilar. Faqat quyida yashab, tog‘ ustiga kamdan-kam ko‘tariluvchi g‘ajirlar ham bugun ertalabdan tasqaralarning tadorikka tushib qolganidan darak beruvchi tovushlarni eshitib, allaqachon yuqorilab kelishga ulgurishgandi.
Bu anchayin beodoblik sanalsa-da, qari burgut aslo parvo qilmadi, bo‘ynidan boshlanib, ko‘ksida oppoq dog‘ hosil qilgan patlari ustiga tumshug‘ini qo‘yib, hurpayib o‘tiraverdi. Shu tobda u ertalabki quyoshning mayin qitiqlovchi nurlari og‘ushida miriqayotgandir yoki huv ufqdagi bir to‘da irkit bulutlarni kuzatayotgandir. Harqalay, shu hafta ichi unda qandaydir tushuniksiz o‘zgarishlar yuz berdi. U shundan alag‘da bo‘lib, atrofda yuz berayotgan narsalarga e’tiborsiz qaradi.
Qo‘qqis tasqaralardan biri havoladi, aftidan yoshroq bo‘lsa kerak, ko‘ksidagi patlari qorayishga ulgurmabdi. Bir-ikki aylana yasab, so‘ng to‘ppa-to‘g‘ri burgut o‘tirgan qoya tomon uchib kelaverdi. Qoyatoshning bir chetiga kelib qo‘ndi. Burgut ilkis unga o‘girilgan edi, ko‘zlarida yashil alanga lovillab ketdi. Qo‘rqib ketgan tasqara kelgan iziga qarab urra qochdi. O‘laksaxo‘rlar bir bezovtalanib olishdi.
O‘-o‘… burgutning vazminligi, u bu surbetlikni ko‘rmagandek yana sokin o‘tiraverdi. Faqat endi poyida yastanib yotgan tekisliklarni kuzata boshladi. Oradan chorak soat o‘tgach, ko‘kdan to‘qayzor etagidagi o‘tloqqa toshdek otilgan qarchig‘ayni ko‘rib qoldi. Toshlar ostiga yashirinishga ulgurmagan kaklik qanotlarini patillatib yerga urgancha, qarchig‘ayning changaliga tushdi. Qarchig‘ay o‘ljasini ko‘tarib uchdi va yalanglikdagi qo‘ng‘ir tosh ustiga qo‘ndi. Changalidagi kaklik jon holatda tipirchiladi. Qarchig‘ay kaklikning bo‘yniga changal solib siqdi. Uning payraxaday sarg‘ish tili otilib chiqqanida bir cho‘qib uzib oldi va liq etib yutdi. Shundan so‘ng kallasini uzib olib, uzun ichaklarini osiltirgancha, o‘ljasini bamaylixotir cho‘qilay boshladi. Burgut issiq, ko‘pirib turgan qon hidini tuydi. Suqlanib tikildi. Yo‘q! O‘ljaga emas. G‘oliblik nashidasi surilayotgan o‘sha lahzaga, o‘sha manzaraga suqlandi.
Bir paytlari uning baquvvat qanotlari bo‘ronni ham pisand etmasdi, toshni changallasa uqalanib ketardi.
Bir paytlari chiyabo‘rining sag‘risi ila bo‘yniga changal solib, bir siltaganda, sho‘rlik saydning umurtqasi qarsillab sinib ketardi. Shu qarsillash uning shijoati, kuch-qudrati va mahobatini namoyish etuvchi g‘oliblik sadosi bo‘lib yangrardi. Osmon enkayib, tog‘lar bir qarich cho‘kib, daryo bir to‘xtab olardi o‘sha lahza.
U kezlar burgut o‘ljasini qoyaga ko‘tarib chiqar va issiq qon ko‘pirib turgan jasaddan bir-ikki luqma totinib ko‘rardi, xolos. Loshning qolgan-qutganini hozir uning o‘limiga ko‘z tikib turgan anavi o‘laksaxo‘rlar talashib-tortishib yeb bitirishardi. Ular burgutdan qattiq hayiqishar, qorasi o‘chgach, sarqitiga quyundek yopirilardi. Hozir esa o‘shanda muruvvat tilab, yaltoqlanib yiltiragan shilpiq ko‘zlar uning qarshisida sovuq yonib turibdi. Biroq qari burgut jasadi bu qasang‘ilarga yem bo‘lmasligini biladi. Hali zamon quyosh tig‘ga kelganda u ko‘kka ko‘tariladi, so‘nggi ovga chiqadi.
Bir qultum qon, bir luqma go‘sht uning qanotiga kuch bo‘ladi. So‘ng huv yuksakdagi qorli cho‘qqilar tomon uchib ketadi. Ikki yil muqaddam qari burgutning jufti shu tomonlarga uchib ketgan. Muz qoya uzra uchavergan, uchavergan, uchavergan. Kecha-yu kunduz uchgan. Tanasidan qon qochib, bulutlar ho‘llagan qanotlari muzga aylanganida ham uchavergan. Toki abadiy muz parchasiga aylanmagunga qadar uchgan. Qush zoti borki uchayotib muz qotadi, qo‘nib turganida har qanday sovuqqa dosh beradi. Shu tariqa mangu muzqoyaliklar orasida yangi, qanotlarini yelpig‘ichdek yoygan burgutqoya paydo bo‘lgan. O‘sha burgut shaklidagi muzqoya uni o‘zi tomon chorlamoqda.
Quyosh tikkaga kelib, tog‘ etagidagi qir-adirlarni beayov qizdira boshladi. Burgut og‘ir qo‘zg‘alib, qanotlarini bir-ikki silkidi, so‘ng keng yoyib pastga ena boshladi. Yon-atrofdagi qoyalarda tizilishib o‘tirgan o‘laksaxo‘rlar bezovtalanib, uning ortidan chag‘ir ko‘zlarini qadab qolishdi. Burgut bo‘z tuproqli adirlarga yetib borgach, qanot qoqmay, osuda aylana boshladi. U jon koyitmay havolashning hadisini olgan, tandirdek qizigan adirdan ko‘tarilayotgan issiq havo uni hech qanday qiyinchiliksiz osmon toqiga chiqarib qo‘yardi. Avvallari issiq havo oqimi ko‘magida ko‘tarilish ermak bo‘lgan esa, hozir ehtiyojga aylangan edi. Keksa vujudi bu beminnat yordamga muhtojlik sezmoqda. Biror soatlardan so‘ng u ko‘z zo‘rg‘a ilg‘aydigan qora nuqtaga aylandi.
Bir hafta davomida yemaksiz qolgan qari burgut uchun havoda muallaq turib o‘tkazayotgan daqiqalari yillardek uzoq tuyulmasin, u soyalar qaytguniga qadar ko‘kda kezib yurishga majbur edi. Bu vaqtda to‘qaydagi jonivorlar pana-pastqam, sersoya inlaridan chiqmay, tillarini zaxga bosib, hansirab yotishadi. Quyosh nayzasi cho‘qqilarga sanchilib, sarin shabboda g‘irillab esa boshlaganda jonivorlar g‘imirlab, tirikchilik tashvishiga tushib qoladi.
Jo‘rttaga qilgandek, sira o‘rnidan jilmayotgan quyosh, nihoyat tangrining amri ila pastga qarab g‘ildiradi. Burgut havoda aylana yasab, pastlay boshladi. Yer hali juda-juda uzoq edi. Bu orada to‘s-to‘polon bilan osmonga ko‘tarilgan tasqara va g‘ajirlar tog‘dagi daralarni bir qur ko‘zdan kechirib chiqib, to‘qay bilan daryo oralig‘idagi yalanglik uzra izg‘iy boshlashdi. Yemak qidirishga kirishgan to‘qay jonivorlari ko‘k yuzidagi qora ko‘lankalardan cho‘chib, o‘zlarini qayta inga urishdi. Axiyri, o‘laksaxo‘rlar kechki sayrni tugatgandek yoqimsiz qiyqillashlari bilan tog‘u toshni larzaga solib qoyalarga qo‘ndilar. Ushbu kechki sayr huv yuksakdagi burgut uchun hayot-mamot masalasi bo‘lgan g‘animat damlarni “bir necha yil” nariga surib yuborgan edi.
Yalanglikda to‘ng‘iz paydo bo‘ldi. U to‘qaydagi yagona so‘qmoq oralab chiqib keldi, tumshug‘i bilan yer titib, pishqirib daryo tomon yurdi. To‘ng‘izning beparvoligi bejiz emas, odam hidi kamdan-kam paydo bo‘ladigan bu makonda unga tahdid soluvchi yov yo‘q edi. Lekin ehtiyoti shart, u har zamon to‘xtab, havo iskab, hid olardi.
To‘qaydan pildirab chiqqan to‘ng‘izni ko‘rib, burgutning ko‘zida olov chaqnadi. Biroq savqi ta’biiysi uni ikkilantirdi. Jonzot borki, o‘z kushandasi kimu yemagi nimadan iborat yaxshi biladi. Tabiatning o‘zi bergan sezgisi, salohiyati buni aytib turadi. Lekin birda ikkida o‘z fe’l-xo‘yiga nomuvofiq harakat qilib turish ham tirik jonga xos narsa. Qari burgut ko‘pni ko‘rgan esa-da, to‘ng‘izni qo‘ldan chiqarishni istamadi, qolaversa, bu so‘nggi imkoniyat bo‘lishi mumkin, hademay quyosh botadi. O‘laksaxo‘rlar qolgan mayda jonivorlarni cho‘chitib qo‘ydi, ular hali-beri qorasini ko‘rsatmaydi. To‘ng‘iz suv bo‘yiga yaqinlashganda burgut hamlaga chog‘lanib, mo‘ljal oldi. To‘ng‘iz chanqog‘ini qondirsa, kuchiga kuch qo‘shiladi. Shunda uni yengish og‘ir kechadi. Burgut qanotlarini yig‘ib, bir soniya muallaq qoldi, so‘ng o‘qdek pastga otildi.
Dahshatli chinqiriq tog‘u toshni larzaga keltirib, daralar uzra uzoq aks-sado berib turdi. Qoyada tizilishib o‘tirgan tasqara va g‘ajirlar sergaklandi. Tulkilar, tovushqonlar o‘zlarini qalin chakalakzor orasiga urdi. To‘ng‘izning beliga qoya ag‘darilgandek kuchli zarba kelib urildi. Sag‘risi va kalta bo‘ynini tig‘dek tirnoqlar o‘yib tashladi. U jon holatda xurillab, bir munkidi, bir qalqidi…oyoqlarini chor tarafga kerib oldi…to‘pig‘igacha nam yerga botib ketdi, lekin umurtqasi sinmadi, kaltaligi ish berdi.
Ko‘zi qonga to‘lgan burgut vajohat bilan chiranib, uni bukib tashlamoqchi bo‘ldi. Afsus…qani u qarsillatib umurtqa sindirish, qani g‘oliblik sadosi? Alamdan, nomusdan uning kuch-qudrati, shijoati avvalgilardan o‘n chandon oshsa oshdiki, aslo kamaymadi. To‘ng‘izning joni toshdan. Burgutdan xatolik o‘tdi. Xatolik o‘tdi-yu, uni tuzatishning endi iloji yo‘q edi. Burgut burgut bo‘lib ushlaganini qo‘ygan emas. Burgut to‘ng‘izning belida chavandozdek silkindi, chirandi, ko‘zlaridan tirik jonni teshib yuboradigan olov yog‘ildi. Lekin…qani endi, bu jonli g‘o‘lani bukib bo‘lsa?! Issiq qon ko‘pirgandan ko‘pirdi, favvora yanglig‘ otildi. Tanasi metin to‘ng‘iz pishqirib, chinqirib, quturgandan quturib borardi.
To‘ng‘iz to‘qayzorga yetib borganda burgut uning boshiga chang soldi. To‘ng‘izning chap ko‘zi o‘yilib tushdi. U yo‘nalishini yo‘qotib, o‘zini qalin chakalak orasiga urdi. Tikanaklar, shox-shabbalar burgutning patlarini yula boshladi. Qari burgutning oqish-qizg‘ish patlari havoda to‘zg‘ib ketdi. To‘ng‘iz changalzorni tasir-tusur yorib o‘tganida burgutning yarim gavdasi qonga belangan, sinib, yonga osilib qolgan qanoti xas-xashaklarga ilashib, uni ortga tortqilardi.
Qora qonga belangan ikki raqib jon olib, jon berib olishar, taslim bo‘lishni, yengilishni birovi-da xayoliga keltirmasdi. Qoyadagi g‘ajirlar, tasqaralar, tog‘u toshdagi, to‘qaydagi jamiki jonzot bu qonli hangomaning qanday yakun topishini sabrsizlik bilan kutardi.
Qarshisidan qalin daraxtzor chiqqanida burgut so‘nggi chorani qo‘llab, o‘ljasini to‘xtatmoqchi bo‘ldi: yosh bir daraxtni shappa changallab oldi, tirnog‘i boricha daraxt tanasiga botib ketdi. U to‘ng‘iz va daraxt orasida bir lahza tarang tortildi-yu, so‘ng qoq o‘rtasidan ikkiga ayrilib ketdi. Raqibidan xalos bo‘lgan to‘ng‘iz bir necha odim zabt bilan chopgach, gursillab quladi. Qattiq pishqirdi, xirillab-xirillab jon berdi. Burgutning yarim gavdasi daraxtni, yarmi to‘ng‘izni mahkam changallagan ko‘yi qotib qolgan edi.
O‘laksaxo‘r va g‘ajirlar qiy-chuv solib ko‘kka ko‘tarildi. Osmonni qora ko‘lankalar qopladi. Ular to‘qay tomon enib kela boshladilar. Lekin shu kecha va ertasiga ham to‘dadan biror qush ajrab chiqib, mash’um janggohga qo‘na olmadi. Chunki burgutning ochiq ko‘zlaridagi yashil alanga hali so‘nmagan edi.

“Yoshlik” jurnalining 1993 yil, 10-11 sonida chop etilgan.

012

(Tashriflar: umumiy 283, bugungi 1)

Izoh qoldiring