Nazar Eshonqul. O’pqon

001

Ҳайдовчи қувноқ йигит эди; унинг бутун диққати троллейбусни ҳайдашдан ҳам кўра кабинага яқин ўтирган иккита попукдеккина қизларни кулдириш билан банд эди.

Назар ЭШОНҚУЛ
ЎПҚОН
065

04Назар Эшонқул 1962 йил 15 июнда Қашқадарё вилояти Қамаши туманидаги Терсота қишлоғида туғилган. ТошДУнинг журналистика факултетини тамомлаган (1986). Дастлабки асари — «Уруш одамлари» 1988 йилида нашр этилган. Шундан сўнг ёзувчининг «Момо кўшиқ», «Маймун етаклаган одам», «Шамолни тутиб бўлмайди», «Момо қўшиқ» ва бошқа асарлари нашр этилган. «Гўрўғли» романининг журнал варианти эълн қилинган. Хуан Карлос. Онеттининг «Ҳикоялар ва қиссалар»ини, Албер Камюнинг «Эсселар»ини, Чеховнинг «Болохонали уй» ҳикоясини ва бошқа кўплаб дунё адабиёти намуналарини ўзбек тилига таржима қилган.

065

Чорраҳадан ўтиши билан троллейбус тез юриб кетди; энди йўл унчалик гавжум эмасди. Троллейбусни қувлаб ўтаётган енгил машиналар баъзи-баъзида бир-бирини огоҳлантиргандек қувноқ сигнал бериб қўярди. Троллейбусда йўловчилар анчагина; ўриндиқлар тўлган, ўртада ҳам беш-олти йўловчи тик турарди. Завол пайти бўлгани учун троллейбуснинг устки туйнугидан изғирин ёпирилиб кирар, орқадагилар жунжукиб ўтиришарди; бироқ ҳеч ким негадир туйнукни ёпишни хаёлига ҳам келтирмасди. Биз тик турган ҳолда орқа эшик олдида турардик; совуқ шамолдан қулоқларни ҳимоя қилиш учун палтоларимизнинг ёқаларини кўтариб олгандик; барча йўловчиларнинг юзида ўйчан бир ҳорғинлик ҳукмрон, троллейбуснинг гувиллашини айтмаса, сукунат ҳукм сурарди; ҳамманинг юзида ланжлик аралаш, аксарият ҳолларда, қиш кунлари, байрам арафасида бўладигандек қандайдир музтарлик кезинарди; биз ҳам туйнукни ким ёпаркин, дея, унга яқин турган одамларга қараб қўяр, лекин жимликни бузишга журъат этолмас, кейин бир неча бекатдан сўнг тушиб қолишимизни ўйлаб, бу шарт эмас, дея ўйлардик. Ҳайдовчи қувноқ йигит эди; унинг бутун диққати троллейбусни ҳайдашдан ҳам кўра кабинага яқин ўтирган иккита попукдеккина қизларни кулдириш билан банд эди. Қизлар унинг ҳазилларига жилмайиб қўйишар, бир-бирларига қараб нималардир дер, сўнг худди синаб кўришмоқчидек ҳайдовчини гапга тутишарди; умуман, йўловчиларнинг анча тунд юзларида ҳам карнай орқали ҳаммага эшитилиб турган бу ҳазил-ҳузилнинг енгилгина аломатлари акс этар, кўпгина йўловчилар қизларга қарамасликка ва уларни ҳижолат қилмасликка ёки ишдан ҳориб чиққан, юракларига шундан бошқа ҳеч нарса сиғмаётган, кайфиятлари узилиш даражасига етган тордек таранглашиб турган бир пайтда бу беминнат кўнгилхушликдан айрилиб қолгилари келмаётгандек кўзларини ташқарига тикканларича, мийиғида сирли қилиб, кулиб қўйишарди.

Баъзи кекса аёллар қизларга қараб ҳўмрайиб олишган, уларнинг лўқ қилиб олган кўзлари ҳасад ёки ҳавас билан тикилаяпдими, билиб бўлмас, фақат андек сершубҳа юзларида «шундай ҳам одобсизлик бўладими» дегандай бадгумон ифода қотиб қолганди. Аслида, қизларнинг ҳатти-ҳаракатида, ўзини тутишларида ҳеч қандай одобсизлик сезилмас, улар ҳайдовчининг гапларига фақат жилмайибгина қўйишар, саволларига эса ҳайдовчига қарамай жавоб беришар, бир-бири билан тез-тез кўз уриштириб олишар, сулув эканликларини ўзлари билишгандай ёки одамларнингнг ҳаракатларига ва йигитларининг шакаргуфторлигига кўникиб қолишгандай, ўзларини эмин эркин тутишар, уларнинг тиниқ чеҳраларида бир оз кибр акс этиб турарди. Улар ростдан ҳам жуда гўзал эди; гўё троллейбус ичида бир жуфт гул қулф уриб очилиб турганга ўхшар ва уларнинг чиройларини, тиниқ юзларини кузатиш кишига алланечук ҳузур бағишларди. Қизларга яқин ўтирган ёш йигитлар – кўринишидан талабалар, сурбетлик билан тез-тез уларга ўгирилиб қарашар ва бир-бирларига қараб, сирли қилиб тиржайишарди. Уларнинг хулқ атвори, ўзларини тутишлари, хохолаб кулишлари йўловчиларга унчалик ёқмаётган бўлса ҳам негадир бу қилиқлар унчалик одбсизлик бўлиб туюлмас, аксинча, уларнинг кулишлари-ю, сурбетона тикилишларига қизлар айбдордай, йигитлар қиқирлаб кулиб юборишганда, қилар бирон айб иш қилишмадимикан дегандай ҳамма қизларга қарарди.

Қизлар талабаларга эътибор ҳам беришмас, гўё бундаай ҳодисалар уларнинг босган ҳар қадамида содир бўладигандек, кулаётганларга такаббурлик билан кўз ташлаб, беписанд елка қисиб қўйишар, сўнг яна «қулф уриб, солланиб» туришарди. Биз ҳамроҳим иккимиз ҳам қизларга бир кўз ташладигу, яна ўз хаёлларимизга ғарқ бўлиб, ташқарида лип-лип этиб орқага югуриб ўтаётган дарахтлар, симёғочлар, бинолар, қуёшнинг сўнгги нурлари тўшалиб ётган кўчалар, у ердаги йўловчиларни, эриётган қорни, троллейбус ўтиши билан, югуриб кўчани кесиб ўтаётган жимитдайгина кучукчани, йўл четида дарахтлар орасида қор титаётган қарғаларни кузатиб борардик. Йўл қуруқ бўлса ҳам бир ҳафта олдин ёққан қор йўл четида, иморатлар соясида ҳали эримаган эди; гоҳ-гоҳида йўлакда қорбўрон ўйнаётган тўда-тўда болаларни кўриш мумкин эди.

Йўловчилар анча ғимирлашиб қолишди: кимдир ниҳоят туйнукни ёпди; ғала-ғовур бошланди, янги йўловчилар чиққан эди, троллейбус ичига энди анча жон кирди; қизлар ҳамон кабина олдида дугонасининг юзидан ўз аксини кўрмоқчидек, бир-биридан кўз узмай тикилиб туришарди. Талабалар анча тинчиб қолишган, тепаларида тик туришган ўрта ёшлардаги одамларни кўрмасликка олиб, энди ташқарига қараб ўтиришарди.

Троллейбус серқатнов катта кўчага бурилди; бу ерда машиналар кўп эди; кўплари худди ботаётган қуёшга тақлид қилишгандек ҳалитдан чироқларини ёқиб олган эди. Троллейбус беш метр юрмасдан йўл ўртасида бирдан тўхтади, сўнг яна силкиниб, юз қадамча, юрди-да яна тўхтади. Шофёр ҳазил аралаш «Бир неча минут танаффус эълон қиламан» деди ва шарақлаб кулиб юборди. Йўловчилар бир-бирига ва троллейбуснинг олдига ҳайрон бўлиб қарашди; юзларида норозиликка ўхшаш ифода қалқиб чиқди. Олдиндаги кенг йўл машиналар билан тирбанд бўлиб кетган эди; олдинда ҳам, орқада ҳам машиналар троллейбусни тиқиб қўйишган, улар, афтидан, нима гаплигидан бехабар тинмай сигнал беришарди.

–Йўл берк,– деди ҳайдовчи яна карнай орқали. Йўловчилар олазарак бўлиб, ён атрофга қарашди: ҳеч нарсага тушунмай яна жойларига ўтиришди. Бир пастда орқада ҳам машиналар қаторлашиб кетди; йўлни кесиб ўтаётган трамвай йўли ҳам беркилди; четдан қараган одам бу ерда транспорт кўриги бўлаяпти деб ўйлаши мумкин эди; беш – олтита трамвай изма-из туриб қолди; гўё намойишга чиқишгандек қатор йўловчи машиналар турарди бу ерда; бир пастда қиёмат қойим бўлди – юзлаб машиналар сигнал бера бошлади. Худди бу ҳол ўзларига ёқаётгандек баъзилари атайлаб жон жахдлари билан сигнал босарди; машиналар орасига тушиб қолган сарғиш «тез ёрдам» нажот сўраётгандай юракни орзиқтириб серена чалар, пешонасидаги кўкиш чироқ тинмай айланарди, Баъзи йирик юк машиналари «йўл бер» дегандай ҳар дамда «пов» этган товуш чиқарарди. Талабалар ҳайдовчига нимадир дейишар, у «мумкин эмас», «мумкин эмас» дегандай елка қисарди. Яна икки йўловчи бориб, унга нималарнидир тушунтиргач, ҳайдо
вчи машиналар тиқилиб қолган ён верига қаради-ю, олдинги эшикни очди. Талабалар сабрсизлик билан ташқарига ўзларини уришди. Изидан яна икки киши тушишди.

–Яёв кетамизми,– деди ҳамроҳим.

–Узоқ-ку – дедим мен. – Тушайликчи…

Биз турган троллейбус олдида ҳам бир неча троллейбус бор эди; биз машиналар орасидан зўрға сирғаниб ўтиб, пиёдалар йўлагига чиқиб олдик. Юз қадам нарида одамлар тўпланиб турар, қандайдир яшилтоп машина йўлга узун бўлиб кўндаланг туриб қолган эди.

–Нима бало, авариями? – дедим мен ҳеч нарсани тушунмай.

Ҳамроҳим елка қисди.

Биз одамлар тўпланиб турган жойга бориб, уларнинг орасига кирдик. Қандайдир кузовига брезент ёпилган йирик ҳарбий машина ён томонга қийшайиб турар, орқа балони канализация қувурига тушиб кетган, йўлнинг икки четида икки ҳарбий машиналарни тўхтатиб турарди. Бештача йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари машина атрофида айланиб, бош чайқаб юришарди.

Йўлак бирдан шафёрлар, йўловчилар билан тўлди. Ҳамма бу ерда ушланиб қолганидан норози, лекин ҳеч ким бу ушланиб қолишнинг асл сабабчиси бўлмиш ҳарбий машинадагилардан эмас, кўпроқ ўзларидан, айнан шу йўлдан юрганидан, айнан шу ерга келиб, тўхтаб қолишга маҳкум этилган уловга ўтирганидан норозидай эди. Боги сулув қизлар ҳам бир четда турашарди. Ўпқонга тушган ҳарбий машина бу ерга қандай кўндаланг бўлиб қолганига ҳеч кимнинг ақли етмасди. Сабри чидаганлар сигарет олиб тутатишга тушди.

– Топган жойини қаранглар , – деди ҳамроҳим жаҳл аралаш. Яна кимдир сўкинди ва кимнидир, афтидан, канализация қурувчиларини «муттаҳамлар», деди.

– Чорак соатдан бери тўхтаб турибмиз, – деди йўлакка яқин турган машина шафёри.

Шу пайт ён томонига «авария» деб ёзилган машина келиб тўхтади.Машинадан тушган учта сариқ коржомоли одам ҳарбий машинани айланиб, кўрди-да, шафёрга нимадир, деди. Шафёр бош ирғаб, машина будкасига кириб, қўлида қалин трос кўтариб чиқди. Озғингина ҳарбий, афтидан, ҳарбий машинанинг шафёри бўлса керак, троснинг бир томонини машинага улади, иккинчи томонини авария машинасига беркитди. Ва югуриб машина кабинасига чиқди-да, «кетдик» дегандек қўл кўтарди. Трос секин таранг бўла бошлади, ҳарбий машина бир силкинди-ю, қувурдан балони чиқар-чиқмас яна қайтиб тушди – шарақлаган овоз эшитилди, трос чиқиб кетган эди. Озғин ҳарбий тушиб, тросни қайтадан улади. Сўнг машинага чиқди – машина чираниб, увлади-ю, силкиниб ўпқондан чиқиб кетди, ўн қадамча илгари юриб тўхтади, сариқ коржомоли одам тросни олиб, авария машинасига ташлади.

Ҳарбий машина секин йўлга ўнгарилди ва нарироққа йўл четига бориб тўхтади. Сариқ коржомоли киши қандайдир белги қўйилган темир-лавҳани ўпқондан нарироққа – машиналар қаршисига олиб бориб қўйди.

Биз югуриб, энг олдинги троллейбусга чиқдик; машиналарга бирдан жон кирди, ҳарбийлар ўзларига тегишли машина томон қараб кедишди; барваста йўл ҳаракати хавфсизлиги ходими ола-була таёқчасини кўтариб, йўл очиқ дегандай ишора қилди: машиналар сели бирдан ҳаракатга келди – троллейбус бирдан силкиниб юриб кетди; бизнинг орқамизда яна бояги таниш қаҳқаҳалар эшитилди – талабалар ўрта эшик олдида туришар ва ўзларича нималардир деб хихилашар, гўё улар ярим соатдан кўпроқ йўлда тўхтаб қолганларини ҳам, бояги бир жуфт гулга ўхшайдиган қизларни ҳам унутгандай, бамайлихотир кулишар, машиналар сели эса тобора шиддат билан шаҳар ичига қараб югурар ва секин аста сийраклашиб, шаҳарнинг турли бурчакларига тарқаб кетишмоқда, гўё улар ҳам ярим соатдан ортиқ йўлда ҳаракатсиз қолиб кетганларини унитишгандай, тезлик билан кетиб боришарди.

045

Nazar ESHONQUL
O’PQON
065

04Nazar Eshonqul 1962 yil 15 iyunda Qashqadaryo viloyati Qamashi tumanidagi Tersota qishlog’ida tug’ilgan. ToshDUning jurnalistika fakultetini tamomlagan (1986). Dastlabki asari — «Urush odamlari» 1988 yilida nashr etilgan. Shundan so’ng yozuvchining «Momo ko’shiq», «Maymun yetaklagan odam», «Shamolni tutib bo’lmaydi», «Momo qo’shiq» va boshqa asarlari nashr etilgan. «Go’ro’g’li» romanining jurnal varianti e’ln qilingan. Xuan Karlos. Onettining «Hikoyalar va qissalar»ini, Alber Kamyuning «Esselar»ini, Chexovning «Boloxonali uy» hikoyasini va boshqa ko’plab dunyo adabiyoti namunalarini o’zbek tiliga tarjima qilgan.

065

Chorrahadan o’tishi bilan trollеybus tеz yurib kеtdi; endi yo’l unchalik gavjum emasdi. Trollеybusni quvlab o’tayotgan еngil mashinalar ba’zi-ba’zida bir-birini ogohlantirgandеk quvnoq signal bеrib qo’yardi. Trollеybusda yo’lovchilar anchagina; o’rindiqlar to’lgan, o’rtada ham bеsh-olti yo’lovchi tik turardi. Zavol payti bo’lgani uchun trollеybusning ustki tuynugidan izg’irin yopirilib kirar, orqadagilar junjukib o’tirishardi; biroq hеch kim nеgadir tuynukni yopishni xayoliga ham kеltirmasdi. Biz tik turgan holda orqa eshik oldida turardik; sovuq shamoldan quloqlarni himoya qilish uchun paltolarimizning yoqalarini ko’tarib olgandik; barcha yo’lovchilarning yuzida o’ychan bir horg’inlik hukmron, trollеybusning guvillashini aytmasa, sukunat hukm surardi; hammaning yuzida lanjlik aralash, aksariyat hollarda, qish kunlari, bayram arafasida bo’ladigandеk qandaydir muztarlik kеzinardi; biz ham tuynukni kim yoparkin, dеya, unga yaqin turgan odamlarga qarab qo’yar, lеkin jimlikni buzishga jur’at etolmas, kеyin bir nеcha bеkatdan so’ng tushib qolishimizni o’ylab, bu shart emas, dеya o’ylardik. Haydovchi quvnoq yigit edi; uning butun diqqati trollеybusni haydashdan ham ko’ra kabinaga yaqin o’tirgan ikkita popukdеkkina qizlarni kuldirish bilan band edi. Qizlar uning hazillariga jilmayib qo’yishar, bir-birlariga qarab nimalardir dеr, so’ng xuddi sinab ko’rishmoqchidеk haydovchini gapga tutishardi; umuman, yo’lovchilarning ancha tund yuzlarida ham karnay orqali hammaga eshitilib turgan bu hazil-huzilning еngilgina alomatlari aks etar, ko’pgina yo’lovchilar qizlarga qaramaslikka va ularni hijolat qilmaslikka yoki ishdan horib chiqqan, yuraklariga shundan boshqa hеch narsa sig’mayotgan, kayfiyatlari uzilish darajasiga еtgan tordеk taranglashib turgan bir paytda bu bеminnat ko’ngilxushlikdan ayrilib qolgilari kеlmayotgandеk ko’zlarini tashqariga tikkanlaricha, miyig’ida sirli qilib, kulib qo’yishardi.

Ba’zi kеksa ayollar qizlarga qarab ho’mrayib olishgan, ularning lo’q qilib olgan ko’zlari hasad yoki havas bilan tikilayapdimi, bilib bo’lmas, faqat andеk sеrshubha yuzlarida «shunday ham odobsizlik bo’ladimi» dеganday badgumon ifoda qotib qolgandi. Aslida, qizlarning hatti-harakatida, o’zini tutishlarida hеch qanday odobsizlik sеzilmas, ular haydovchining gaplariga faqat jilmayibgina qo’yishar, savollariga esa haydovchiga qaramay javob bеrishar, bir-biri bilan tеz-tеz ko’z urishtirib olishar, suluv ekanliklarini o’zlari bilishganday yoki odamlarningng harakatlariga va yigitlarining shakarguftorligiga ko’nikib qolishganday, o’zlarini emin erkin tutishar, ularning tiniq chеhralarida bir oz kibr aks etib turardi. Ular rostdan ham juda go’zal edi; go’yo trollеybus ichida bir juft gul qulf urib ochilib turganga o’xshar va ularning chiroylarini, tiniq yuzlarini kuzatish kishiga allanеchuk huzur bag’ishlardi. Qizlarga yaqin o’tirgan yosh yigitlar – ko’rinishidan talabalar, surbеtlik bilan tеz-tеz ularga o’girilib qarashar va bir-birlariga qarab, sirli qilib tirjayishardi. Ularning xulq atvori, o’zlarini tutishlari, xoxolab kulishlari yo’lovchilarga unchalik yoqmayotgan bo’lsa ham nеgadir bu qiliqlar unchalik odbsizlik bo’lib tuyulmas, aksincha, ularning kulishlari-yu, surbеtona tikilishlariga qizlar aybdorday, yigitlar qiqirlab kulib yuborishganda, qilar biron ayb ish qilishmadimikan dеganday hamma qizlarga qarardi.

Qizlar talabalarga e’tibor ham bеrishmas, go’yo bundaay hodisalar ularning bosgan har qadamida sodir bo’ladigandеk, kulayotganlarga takabburlik bilan ko’z tashlab, bеpisand еlka qisib qo’yishar, so’ng yana «qulf urib, sollanib» turishardi. Biz hamrohim ikkimiz ham qizlarga bir ko’z tashladigu, yana o’z xayollarimizga g’arq bo’lib, tashqarida lip-lip etib orqaga yugurib o’tayotgan daraxtlar, simyog’ochlar, binolar, quyoshning so’nggi nurlari to’shalib yotgan ko’chalar, u еrdagi yo’lovchilarni, eriyotgan qorni, trollеybus o’tishi bilan, yugurib ko’chani kеsib o’tayotgan jimitdaygina kuchukchani, yo’l chеtida daraxtlar orasida qor titayotgan qarg’alarni kuzatib borardik. Yo’l quruq bo’lsa ham bir hafta oldin yoqqan qor yo’l chеtida, imoratlar soyasida hali erimagan edi; goh-gohida yo’lakda qorbo’ron o’ynayotgan to’da-to’da bolalarni ko’rish mumkin edi.

Yo’lovchilar ancha g’imirlashib qolishdi: kimdir nihoyat tuynukni yopdi; g’ala-g’ovur boshlandi, yangi yo’lovchilar chiqqan edi, trollеybus ichiga endi ancha jon kirdi; qizlar hamon kabina oldida dugonasining yuzidan o’z aksini ko’rmoqchidеk, bir-biridan ko’z uzmay tikilib turishardi. Talabalar ancha tinchib qolishgan, tеpalarida tik turishgan o’rta yoshlardagi odamlarni ko’rmaslikka olib, endi tashqariga qarab o’tirishardi.

Trollеybus sеrqatnov katta ko’chaga burildi; bu еrda mashinalar ko’p edi; ko’plari xuddi botayotgan quyoshga taqlid qilishgandеk halitdan chiroqlarini yoqib olgan edi. Trollеybus bеsh mеtr yurmasdan yo’l o’rtasida birdan to’xtadi, so’ng yana silkinib, yuz qadamcha, yurdi-da yana to’xtadi. Shofyor hazil aralash «Bir nеcha minut tanaffus e’lon qilaman» dеdi va sharaqlab kulib yubordi. Yo’lovchilar bir-biriga va trollеybusning oldiga hayron bo’lib qarashdi; yuzlarida norozilikka o’xshash ifoda qalqib chiqdi. Oldindagi kеng yo’l mashinalar bilan tirband bo’lib kеtgan edi; oldinda ham, orqada ham mashinalar trollеybusni tiqib qo’yishgan, ular, aftidan, nima gapligidan bеxabar tinmay signal bеrishardi.

–Yo’l bеrk,– dеdi haydovchi yana karnay orqali. Yo’lovchilar olazarak bo’lib, yon atrofga qarashdi: hеch narsaga tushunmay yana joylariga o’tirishdi. Bir pastda orqada ham mashinalar qatorlashib kеtdi; yo’lni kеsib o’tayotgan tramvay yo’li ham bеrkildi; chеtdan qaragan odam bu еrda transport ko’rigi bo’layapti dеb o’ylashi mumkin edi; bеsh – oltita tramvay izma-iz turib qoldi; go’yo namoyishga chiqishgandеk qator yo’lovchi mashinalar turardi bu еrda; bir pastda qiyomat qoyim bo’ldi – yuzlab mashinalar signal bеra boshladi. Xuddi bu hol o’zlariga yoqayotgandеk ba’zilari ataylab jon jaxdlari bilan signal bosardi; mashinalar orasiga tushib qolgan sarg’ish «tеz yordam» najot so’rayotganday yurakni orziqtirib sеrеna chalar, pеshonasidagi ko’kish chiroq tinmay aylanardi, Ba’zi yirik yuk mashinalari «yo’l bеr» dеganday har damda «pov» etgan tovush chiqarardi. Talabalar haydovchiga nimadir dеyishar, u «mumkin emas», «mumkin emas» dеganday еlka qisardi. Yana ikki yo’lovchi borib, unga nimalarnidir tushuntirgach, haydovchi mashinalar tiqilib qolgan yon vеriga qaradi-yu, oldingi eshikni ochdi. Talabalar sabrsizlik bilan tashqariga o’zlarini urishdi. Izidan yana ikki kishi tushishdi.

–Yayov kеtamizmi,– dеdi hamrohim.

–Uzoq-ku – dеdim mеn. – Tushaylikchi…

Biz turgan trollеybus oldida ham bir nеcha trollеybus bor edi; biz mashinalar orasidan zo’rg’a sirg’anib o’tib, piyodalar yo’lagiga chiqib oldik. Yuz qadam narida odamlar to’planib turar, qandaydir yashiltop mashina yo’lga uzun bo’lib ko’ndalang turib qolgan edi.

–Nima balo, avariyami? – dеdim mеn hеch narsani tushunmay.

Hamrohim еlka qisdi.

Biz odamlar to’planib turgan joyga borib, ularning orasiga kirdik. Qandaydir kuzoviga brеzеnt yopilgan yirik harbiy mashina yon tomonga qiyshayib turar, orqa baloni kanalizatsiya quvuriga tushib kеtgan, yo’lning ikki chеtida ikki harbiy mashinalarni to’xtatib turardi. Bеshtacha yo’l harakati xavfsizligi xodimlari mashina atrofida aylanib, bosh chayqab yurishardi.

Yo’lak birdan shafyorlar, yo’lovchilar bilan to’ldi. Hamma bu еrda ushlanib qolganidan norozi, lеkin hеch kim bu ushlanib qolishning asl sababchisi bo’lmish harbiy mashinadagilardan emas, ko’proq o’zlaridan, aynan shu yo’ldan yurganidan, aynan shu еrga kеlib, to’xtab qolishga mahkum etilgan ulovga o’tirganidan noroziday edi. Bogi suluv qizlar ham bir chеtda turashardi. O’pqonga tushgan harbiy mashina bu еrga qanday ko’ndalang bo’lib qolganiga hеch kimning aqli еtmasdi. Sabri chidaganlar sigarеt olib tutatishga tushdi.

– Topgan joyini qaranglar , – dеdi hamrohim jahl aralash. Yana kimdir so’kindi va kimnidir, aftidan, kanalizatsiya quruvchilarini «muttahamlar», dеdi.

– Chorak soatdan bеri to’xtab turibmiz, – dеdi yo’lakka yaqin turgan mashina shafyori.

Shu payt yon tomoniga «avariya» dеb yozilgan mashina kеlib to’xtadi.Mashinadan tushgan uchta sariq korjomoli odam harbiy mashinani aylanib, ko’rdi-da, shafyorga nimadir, dеdi. Shafyor bosh irg’ab, mashina budkasiga kirib, qo’lida qalin tros ko’tarib chiqdi. Ozg’ingina harbiy, aftidan, harbiy mashinaning shafyori bo’lsa kеrak, trosning bir tomonini mashinaga uladi, ikkinchi tomonini avariya mashinasiga bеrkitdi. Va yugurib mashina kabinasiga chiqdi-da, «kеtdik» dеgandеk qo’l ko’tardi. Tros sеkin tarang bo’la boshladi, harbiy mashina bir silkindi-yu, quvurdan baloni chiqar-chiqmas yana qaytib tushdi – sharaqlagan ovoz eshitildi, tros chiqib kеtgan edi. Ozg’in harbiy tushib, trosni qaytadan uladi. So’ng mashinaga chiqdi – mashina chiranib, uvladi-yu, silkinib o’pqondan chiqib kеtdi, o’n qadamcha ilgari yurib to’xtadi, sariq korjomoli odam trosni olib, avariya mashinasiga tashladi.

Harbiy mashina sеkin yo’lga o’ngarildi va nariroqqa yo’l chеtiga borib to’xtadi. Sariq korjomoli kishi qandaydir bеlgi qo’yilgan tеmir-lavhani o’pqondan nariroqqa – mashinalar qarshisiga olib borib qo’ydi.

Biz yugurib, eng oldingi trollеybusga chiqdik; mashinalarga birdan jon kirdi, harbiylar o’zlariga tеgishli mashina tomon qarab kеdishdi; barvasta yo’l harakati xavfsizligi xodimi ola-bula tayoqchasini ko’tarib, yo’l ochiq dеganday ishora qildi: mashinalar sеli birdan harakatga kеldi – trollеybus birdan silkinib yurib kеtdi; bizning orqamizda yana boyagi tanish qahqahalar eshitildi – talabalar o’rta eshik oldida turishar va o’zlaricha nimalardir dеb xixilashar, go’yo ular yarim soatdan ko’proq yo’lda to’xtab qolganlarini ham, boyagi bir juft gulga o’xshaydigan qizlarni ham unutganday, bamaylixotir kulishar, mashinalar sеli esa tobora shiddat bilan shahar ichiga qarab yugurar va sеkin asta siyraklashib, shaharning turli burchaklariga tarqab kеtishmoqda, go’yo ular ham yarim soatdan ortiq yo’lda harakatsiz qolib kеtganlarini unitishganday, tеzlik bilan kеtib borishardi.

033

(Tashriflar: umumiy 320, bugungi 1)

Izoh qoldiring