Nodir Normatov. Ayol ovozi

045    Бу воқеа жануб шаҳарларининг бирида бўлган эди. Дарё бўйидаги касалхонанинг энг осойишта, энг чекка хонаси кўм-кўк экинзор рўпарасида жойлашганди. Бу хонада бир ҳафтадан бўён ёш, ориққина йигит ёлғиз ётар, ташқарига чиқмас, ҳеч ким билан гаплашмас, ҳаттоки, овқатга ҳам бормасди.

Нодир НОРМАТОВ
АЁЛ ОВОЗИ
07

Бу воқеа жануб шаҳарларининг бирида бўлган эди. Дарё бўйидаги касалхонанинг энг осойишта, энг чекка хонаси кўм-кўк экинзор рўпарасида жойлашганди. Бу хонада бир ҳафтадан бўён ёш, ориққина йигит ёлғиз ётар, ташқарига чиқмас, ҳеч ким билан гаплашмас, ҳаттоки, овқатга ҳам бормасди. Унга ўзлари овқат келтиришарди. Сабаби, унинг иккала кўзи ҳам кўрмай қолган, шошилинч операция қилиш зарур эди. Аллақандай гиёҳларни териш учун тоққа кетган профессор қайтиши билан, операцияни бошлаб юборди.

Бир неча соатлик оғир операциядан сўнг унинг олдига қора қош, қора кўз ҳамширадан бошқа ҳеч ким киритилмади. Тўғрироғи, уни излаб бирон кимса келмади. Афтидан, ҳеч кими йўқ эди. Бемор ёлғиз ўзи хонадаги дераза ёнига қўйилган каравотда қимирламай ётар, бинт боғланган кўзлари устига қўнғир сочлари тушган, чўзинчоқ, кулгич юзи сарғимтир тусда… Профессор унга ҳорғин нигоҳ ташлади-да, ҳамширага беморнинг кўзи устига тушган қўнғир сочларини қайчилаб ташлашни буюрди. Ўзи эса чиқиб кетди. Ҳамшира қайчи топиб, беморнинг муздек пешонасига қайноқ қўлини қўйганида ҳам у ўзини сезмай ётар, фақат нафас олганидан тирик эканлигини пайқаш мумкин эди. Ҳамшира учинчи кун деганида, бемор устидаги чойшабни ғижимлаб, безовталаниб қимирлаётганини кўрди.

— Қимирламанг, сиз ётишингиз керак, — деди у мулойим товушда.
Бу товуш беморнинг ҳаракатини сусайтирди. Ҳамшира йигирма саккизларда бўлса-да, овози ёш қизники каби мулойим, мафтункор эди. «Табиат балким, ҳаддан ташқари олийжаноб бўлган аёлларга шундай мўъжиза ато этади», дейишарди Малика ҳақида касалхона ходимлари.

Бемор ана шундай ажойиб товушни эшитганидан кейин, зарурат юзасидан тураётганлигини ҳам эсдан чиқариб қўйди. Уялди шекилли, яна ўз ўрнига чўкди. Малика эса уни тушуниб, ишини осонлаштирди-да, чиқиб кетди. Бемор бир неча кундан сўнг, ундан исмини шивирлаб сўради:
— Кейин, фақат кейин айтаман. Ҳозирча сизга гапириш ман этилган, — жавоб қилди ҳамшира.
Бемор индамади. Фақат ҳамшира чиқиб кетаётганида унинг:
— Қизиқ, кўзларим кўряпти. Кўзларимга фақат чиннигуллар кўриняпти, — деб шивирлагани эшитилди.

Малика ҳайрон бўлганича чиқиб кетди. У эшитганини профессорга айтди.
— Чамаси, чиннигулларни яхши кўрса керак, — деб жавоб қилди профессор. — Уни гапиртирманг. Дарвоқе, у мусиқа билим юрти талабаси экан. Ҳаяжонланиши мумкин. Бу унга жуда зарар.
Профессор бир неча кундан сўнг бемор йигитни текширар экан, унинг тузалиш жараёни чўзилаётганидан ажабланди. Кейин беморнинг озғин, хунук юзига тикилиб, бош чайқади.

Куз эрта келган, шаҳарда чиннигул аллақачон тугаб кетган, Малика эса ташвишда эди. У сўроқлай-сўроқлай шаҳар чеккасидаги бир немис чолдан чиннигул топиб келди. Унинг чиннигул келтираётганини кўриб, шу кунларда хомуш юрган профессорнинг ҳам чиройи очилди. Бемор ҳам ўша кун жилмайганича, каравот ёнидаги тумбочкага қўлларини чўзиб ётди. Чунки, у ердаги графинда чиннигуллар ёқимли, муаттар ҳид таратиб яшнаб турарди.
— Ҳамшира, бу сизми? — деди бемор шивирлаб. — Менга чиннигул? Умримда менга ҳеч ким чиннигул берган эмас…
Бемор шундан буён Маликани қадам товушларидан, ҳатто нафас олишидан танир ва унинг келганидан қувониб кетар эди. Шу қувонч билан биргаликда маъюсланиб қоларди.
— Мен… кўрдингизми, жудаям хунукман, — дерди у ғамгин кулиб. — Ҳеч ким мени севмайди.

Касаллик кенг гавдали, норғул бу йигитни гўдак қилиб қўйганди.
Унинг гапларини эшитиб, Маликанинг кўзларида ёш йилтиллар, аммо ўзини тутиб, хонадан секин-аста чиқиб кетар, кун бўйи бемор йигит хаёлидан кетмас эди.
«Сизни ҳали қизлар севишади, деб айтганим билан, йигит бу гапни кўнгил учун, юпатишга айтаётганимни сезади ахир», деб ўйларди у. Сўнгги пайтларда Малика беморнинг қўлидаги титроқларидан, ҳаракатларидан, ҳар сафар хонага кирганида юзидаги ўзгаришларидан унинг ўзига кўнгил қўяётганлигини фаҳмлаб турарди. Бир куни Малика унинг иссиғини ўлчаб кетаётган пайтида:
— Ҳамшира, сиз мени севасиз-а, — деб сўради йигит тўсатдан. Шу лаҳзада унинг юзи оқарган, гезарган лаблари эса титраб турарди.
— Ҳа, — деб юборди Малика.

Шундай деди-ю, унга қараб қолди. Бу пайтда беморнинг юзи севинч учқунлари билан порлар, бу маъсум, бу покиза учқунлар Маликанинг нигоҳини сеҳрлаб, қалбини тўлқинлантириб, ҳаяжонга соларди. Маликанинг севаман, деб ёлғон гапиргани унинг жозибали, тиниқ товуши оғушида сингиб йўқ бўлиб кетганлигини фақат аёл қалби ҳис этиб турарди.
Бемор эса уни тезроқ кўриш истагида кундан-кун, соатма-соат соғайиб борар, у ҳар куни ҳамширанинг чиннигулларини, қўнғирокдек маъсум овозини кутар, буни ҳатто профессор ҳам пайқаб қолган эди.
— Ортиқча бирон сўз айтманг, — деб тайинларди у Маликага.

Бу уни беморни ранжитмай, кўнглини кўтаринг, дегани эди. Малика эса, бемор хонасига кирганида, ҳар сафар унга эри борлигини айтмоқчи бўлар, аммо унинг тағин умидсизликка тушиб, кўзи тузалмай қолишини ўйлаб, айтишга ботинолмасди.

Беморнинг эртага кўзи очилиши керак бўлган кун. Малика уйига ҳорғин ва ҳаяжон билан қайтди. Эртага у, албатта, кутади, кўришни истайди. Кейин Маликанинг ёлғон гапирганини фаҳмлайди-да, унга жирканиш билан қарайди. Малика ишдан қайтган эрига бўлган воқеани ҳаяжонланиб айтаркан, маслаҳат сўради. Эрининг қувноқ, чўзинчоқ юзи тундлашиб, таъбини хира қилди.
— Ўзингиз пиширган ошни ўзингиз енг! — деди у тўнғиллаб. — Мен сизга доим айтаман, шунақа ишларга аралашманг, деб. Сизни шу ишга қўйиб, мен аҳмоқ…
Бундай пайтда уни тингламаган маъқул.

Малика унинг гапларига эътибор бермай, паришонлик билан ётоқхонага кирди. Ухлаб ётган қизчасига қараб, кўнгли ёришиб кетди…
Эртаси куни йигитнинг кўзини очишди. У даставвал хира, оппоқ хонани, профессорни кўрди. Гандираклаб атрофидагиларга тикила бошлади.
— Мен кўряпман, — деди у пичирлаб, кейин мажолсиз лабларини тишлаганича ўтириб қолди. Бироздан сўнг уни ўз хонасига бошлаб келишди. Аммо, унинг кўзлари сабрсизлик билан ҳамширани қидирар, бетоқатланар, узун бармоқлари графинда қуриб қолган чиннигул баргларини чирт-чирт юларди. Ёлғиз каравот қўйилган ёруғ, шинам хонада йигит ғамгин, бошини қуйи солиб ўтирарди.

Куз қуёши деразадан мўралай бошлаганда, хонага олти яшар чамасидаги ёқимтойгина, кўзлари кулиб турган қизалоқ кириб келди. Кокилларидаги бир жуфт оқ бантик жуда ярашган. Қўлларида шабнамда ҳўл бўлган чиннигуллар бор эди.
— Сизга келтирдим, — деди у ширин товуш билан.

Йигит бошини кўтариб, унга қаради.
— Буни ким бериб юборди? — деди у таажжуб билан.
Қизча орқасига бир қараб олди-да:
— Аям, сизга бериб юбордилар. Олинг, — деди.

Йигит гап нимадалигини пайқаб, сесканиб тушди.

Бир-бир қадам босиб, қизчанинг олдига келди ва уни кўтариб бағрига босди.
Эшик тирқишидан йигитнинг қизчани кўтариб, ўпаётганини кўриб, Маликанинг кўзига ёш келди.

Сарлавҳада ишлатилган суратни Оловуддин СОБИР ўғли чизган
Манба: www.fermeruz.uz/

022

Nodir NORMATOV
AYOL OVOZI
07

Bu voqea janub shaharlarining birida bo’lgan edi. Daryo bo’yidagi kasalxonaning eng osoyishta, eng chekka xonasi ko’m-ko’k ekinzor ro’parasida joylashgandi. Bu xonada bir haftadan bo’yon yosh, oriqqina yigit yolg’iz yotar, tashqariga chiqmas, hech kim bilan gaplashmas, hattoki, ovqatga ham bormasdi. Unga o’zlari ovqat keltirishardi. Sababi, uning ikkala ko’zi ham ko’rmay qolgan, shoshilinch operatsiya qilish zarur edi. Allaqanday giyohlarni terish uchun toqqa ketgan professor qaytishi bilan, operatsiyani boshlab yubordi.

Bir necha soatlik og’ir operatsiyadan so’ng uning oldiga qora qosh, qora ko’z hamshiradan boshqa hech kim kiritilmadi. To’g’rirog’i, uni izlab biron kimsa kelmadi. Aftidan, hech kimi yo’q edi. Bemor yolg’iz o’zi xonadagi deraza yoniga qo’yilgan karavotdaqimirlamay yotar, bint bog’langan ko’zlari ustiga qo’ng’ir sochlari tushgan, cho’zinchoq, kulgich yuzi sarg’imtir tusda… Professor unga horg’in nigoh tashladi-da, hamshiraga bemorning ko’zi ustiga tushgan qo’ng’ir sochlarini qaychilab tashlashni buyurdi. O’zi esa chiqib ketdi. Hamshira qaychi topib, bemorning muzdek peshonasiga qaynoq qo’lini qo’yganida ham u o’zini sezmay yotar, faqat nafas olganidan tirik ekanligini payqash mumkin edi. Hamshira uchinchi kun deganida, bemor ustidagi choyshabni g’ijimlab, bezovtalanib qimirlayotganini ko’rdi.

— Qimirlamang, siz yotishingiz kerak, — dedi u muloyim tovushda.
Bu tovush bemorning harakatini susaytirdi. Hamshira yigirma sakkizlarda bo’lsa-da, ovozi yosh qizniki kabi muloyim, maftunkor edi. «Tabiat balkim, haddan tashqari oliyjanob bo’lgan ayollarga shunday mo»jiza ato etadi», deyishardi Malika haqida kasalxona xodimlari.

Bemor ana shunday ajoyib tovushni eshitganidan keyin, zarurat yuzasidan turayotganligini ham esdan chiqarib qo’ydi. Uyaldi shekilli, yana o’z o’rniga cho’kdi. Malika esa uni tushunib, ishini osonlashtirdi-da, chiqib ketdi. Bemor bir necha kundan so’ng, undan ismini shivirlab so’radi:
— Keyin, faqat keyin aytaman. Hozircha sizga gapirish man etilgan, — javob qildi hamshira.
Bemor indamadi. Faqat hamshira chiqib ketayotganida uning:
— Qiziq, ko’zlarim ko’ryapti. Ko’zlarimga faqat chinnigullar ko’rinyapti, — deb shivirlagani eshitildi.

Malika hayron bo’lganicha chiqib ketdi. U eshitganini professorga aytdi.
— Chamasi, chinnigullarni yaxshi ko’rsa kerak, — deb javob qildi professor. — Uni gapirtirmang. Darvoqe, u musiqa bilim yurti talabasi ekan. Hayajonlanishi mumkin. Bu unga juda zarar.
Professor bir necha kundan so’ng bemor yigitni tekshirar ekan, uning tuzalish jarayoni cho’zilayotganidan ajablandi. Keyin bemorning ozg’in, xunuk yuziga tikilib, bosh chayqadi.

Kuz erta kelgan, shaharda chinnigul allaqachon tugab ketgan, Malika esa tashvishda edi. U so’roqlay-so’roqlay shahar chekkasidagi bir nemis choldan chinnigul topib keldi. Uning chinnigul keltirayotganini ko’rib, shu kunlarda xomush yurgan professorning ham chiroyi ochildi. Bemor ham o’sha kun jilmayganicha, karavot yonidagi tumbochkaga qo’llarini cho’zib yotdi. Chunki, u yerdagi grafinda chinnigullar yoqimli, muattar hid taratib yashnab turardi.
— Hamshira, bu sizmi? — dedi bemor shivirlab. — Menga chinnigul? Umrimda menga hech kim chinnigul bergan emas…
Bemor shundan buyon Malikani qadam tovushlaridan, hatto nafas olishidan tanir va uning kelganidan quvonib ketar edi. Shu quvonch bilan birgalikda ma’yuslanib qolardi.
— Men… ko’rdingizmi, judayam xunukman, — derdi u g’amgin kulib. — Hech kim meni sevmaydi.

Kasallik keng gavdali, norg’ul bu yigitni go’dak qilib qo’ygandi.Uning gaplarini eshitib, Malikaning ko’zlarida yosh yiltillar, ammo o’zini tutib, xonadan sekin-asta chiqib ketar, kun bo’yi bemor yigit xayolidan ketmas edi.«Sizni hali qizlar sevishadi, deb aytganim bilan, yigit bu gapni ko’ngil uchun, yupatishga aytayotganimni sezadi axir», deb o’ylardi u. So’nggi paytlarda Malika bemorning qo’lidagi titroqlaridan, harakatlaridan, har safar xonaga kirganida yuzidagi o’zgarishlaridan uning o’ziga ko’ngil qo’yayotganligini fahmlab turardi. Bir kuni Malika uning issig’ini o’lchab ketayotgan paytida:
— Hamshira, siz meni sevasiz-a, — deb so’radi yigit to’satdan. Shu lahzada uning yuzi oqargan, gezargan lablari esa titrab turardi.
— Ha, — deb yubordi Malika.

Shunday dedi-yu, unga qarab qoldi. Bu paytda bemorning yuzi sevinch uchqunlari bilan porlar, bu ma’sum, bu pokiza uchqunlar Malikaning nigohini sehrlab, qalbini to’lqinlantirib, hayajonga solardi. Malikaning sevaman, deb yolg’on gapirgani uning jozibali, tiniq tovushi og’ushida singib yo’q bo’lib ketganligini faqat ayol qalbi his etib turardi.Bemor esa uni tezroq ko’rish istagida kundan-kun, soatma-soat sog’ayib borar, u har kuni hamshiraning chinnigullarini, qo’ng’irokdek ma’sum ovozini kutar, buni hatto professor ham payqab qolgan edi.
— Ortiqcha biron so’z aytmang, — deb tayinlardi u Malikaga.

Bu uni bemorni ranjitmay, ko’nglini ko’taring, degani edi. Malika esa, bemor xonasiga kirganida, har safar unga eri borligini aytmoqchi bo’lar, ammo uning tag’in umidsizlikka tushib, ko’zi tuzalmay qolishini o’ylab, aytishga botinolmasdi.

Bemorning ertaga ko’zi ochilishi kerak bo’lgan kun. Malika uyiga horg’in va hayajon bilan qaytdi. Ertaga u, albatta, kutadi, ko’rishni istaydi. Keyin Malikaning yolg’on gapirganini fahmlaydi-da, unga jirkanish bilan qaraydi. Malika ishdan qaytgan eriga bo’lgan voqeani hayajonlanib aytarkan, maslahat so’radi. Erining quvnoq, cho’zinchoq yuzi tundlashib, ta’bini xira qildi.
— O’zingiz pishirgan oshni o’zingiz yeng! — dedi u to’ng’illab. — Men sizga doim aytaman, shunaqa ishlarga aralashmang, deb. Sizni shu ishga qo’yib, men ahmoq…
Bunday paytda uni tinglamagan ma’qul.

Malika uning gaplariga e’tibor bermay, parishonlik bilan yotoqxonaga kirdi. Uxlab yotgan qizchasiga qarab, ko’ngli yorishib ketdi…
Ertasi kuni yigitning ko’zini ochishdi. U dastavval xira, oppoq xonani, professorni ko’rdi. Gandiraklab atrofidagilarga tikila boshladi.
— Men ko’ryapman, — dedi u pichirlab, keyin majolsiz lablarini tishlaganicha o’tirib qoldi. Birozdan so’ng uni o’z xonasiga boshlab kelishdi. Ammo, uning ko’zlari sabrsizlik bilan hamshirani qidirar, betoqatlanar, uzun barmoqlari grafinda qurib qolgan chinnigul barglarini chirt-chirt yulardi. Yolg’iz karavot qo’yilgan yorug’, shinam xonada yigit g’amgin, boshini quyi solib o’tirardi.

Kuz quyoshi derazadan mo’ralay boshlaganda, xonaga olti yashar chamasidagi yoqimtoygina, ko’zlari kulib turgan qizaloq kirib keldi. Kokillaridagi bir juft oq bantik juda yarashgan. Qo’llarida shabnamda ho’l bo’lgan chinnigullar bor edi.
— Sizga keltirdim, — dedi u shirin tovush bilan.

Yigit boshini ko’tarib, unga qaradi.
— Buni kim berib yubordi? — dedi u taajjub bilan.
Qizcha orqasiga bir qarab oldi-da:
— Ayam, sizga berib yubordilar. Oling, — dedi.

Yigit gap nimadaligini payqab, seskanib tushdi.

Bir-bir qadam bosib, qizchaning oldiga keldi va uni ko’tarib bag’riga bosdi.
Eshik tirqishidan yigitning qizchani ko’tarib, o’payotganini ko’rib, Malikaning ko’ziga yosh keldi.

Sarlavhada ishlatilgan suratni Olovuddin SOBIR o’g’li chizgan
Manba: www.fermeruz.uz/

022

(Tashriflar: umumiy 142, bugungi 1)

Izoh qoldiring