Nodira Afoqova. Ijod — yaratishga g’ozal mubtalolikdir

007    Ижод – инсон зотига дахлдор бўлган энг сирли ҳодисалардан бири. Ижоднинг асоси (мояси десак ҳам бўлади), моҳияти, намоён бўлишини тушуниш ва тушунтириш анча мушкул, чунки ижод ҳам илоҳий-табиий, ҳам ижтимоий жиҳатга эга. Ижоднинг ҳар икки жиҳати ҳақида ҳозирга қадар анча-мунча фикрлар, қарашлар баён қилинган; булар ичида унинг ижтимоий томони ҳақидаги фикрлар салмоқлироқдай назаримда…

ИЖОД – ЯРАТИШГА ГЎЗАЛ МУБТАЛОЛИКДИР
Нодира АФОҚОВА
филология фанлари доктори
04

Ижод – инсон зотига дахлдор бўлган энг сирли ҳодисалардан бири. Ижоднинг асоси (мояси десак ҳам бўлади), моҳияти, намоён бўлишини тушуниш ва тушунтириш анча мушкул, чунки ижод ҳам илоҳий-табиий, ҳам ижтимоий жиҳатга эга. Ижоднинг ҳар икки жиҳати ҳақида ҳозирга қадар анча-мунча фикрлар, қарашлар баён қилинган; булар ичида унинг ижтимоий томони ҳақидаги фикрлар салмоқлироқдай назаримда. Яъни: “санъат асарлари
— давр талаби, китобхоннинг талаби билан;
— ўқувчини тарбиялаш, унга эстетик завқ улашиш мақсадларида ёзилади;
— айни пайтда ижод қилиш асосида иқтисодий манфаатлар ҳам;
— шон-шуҳратга эришиш мақсади ҳам ётади” қабилидаги мулоҳазалар ижодни кўпроқ ижтимоий ҳодиса сифатида тушуниш натижаси.

Психоанализнинг отаси Зигмунд Фрейд эса ижодни амалга ошмай қолганлиги туфайли онг остига ўтган сексуал хоҳиш-истакларнинг воқеланиши деб тушунтиради. Албатта, у гаплар ҳам, бу гаплар тўла асосга ва ёрқин мисолларга эга. Айни пайтда бу ҳаммаси ҳам эмас.

Аслида, бизнингча, ижодкор ўзига табиат томонидан берилган энергияни воқеликка айлантириш учун ёзади – ижод қилишнинг энг биринчи ва асосий сабаби ана шу.

Инсонда Аллоҳнинг жамийки сифатлари мужассамлашган. Аллоҳ – Яратувчидир ва у инсоннинг фитратига ўзидаги яратувчилик сифатини ҳам жо этган. Ижод – Инсондаги ана шу илоҳий сифатнинг – яратувчиликнинг намоён бўлиши демак. Шунинг учун ҳам ижод фақат айрим кишиларга берилган иқтидор бўлмай, балки Ер юзидаги жамийки одамларда озми-кўпми ниманидир ижод қилиш қобилияти мавжуд. Бадиий ижод эса, албатта, юксак даражадаги яратувчилик демак. Чунки адабий-назарий қарашларнинг отаси Аристотелнинг қарийб уч минг йилдан буён рад қилинмай қабул қилиб келинган қарашларига кўра ҳам ижодкор сўз воситасида тақлид орқали ўзи яшаб турган оламга ўхшаган оламни яратади (мимесис назарияси). Ижодкор шахснинг ёлғизликка интилиши, заминий ҳаётдан бироз узоқлиги; гўзаллик, мақтовни беҳад севиши сабаби ҳам унда Аллоҳ сифатларининг кўпроқ тажассум топганлигидан.

Адабий жараёнда бот-бот “адабиёт ўладими?” деган баҳс туғилиб туради ва унга турлича жавоблар берилади. Масалага ижодкорликнинг илоҳий сифат эканлигидан келиб чиқиб ёндашилса, шундай манзара намоён бўлади: адабиёт – биринчи навбатда, уни ижод қилувчи кишининг эҳтиёжи; асло ижод намунаси итеъмолчисининг эмас. Бадиий асар истеъмолчи-ўқувчининг талаби ёки эҳтиёжи туфайлигина яратилмайди.

Санъаткорга Аллоҳдан яратувчилик сифати ўтган, дедик. Шунга кўра, бадиий асар яратиш – ижодкор учун овқатланиш, нафас олиш каби табиий эҳтиёж. У агар ёзмаса – яратувчиликдан иборат улкан потенциал воқеликка айлана олмай, ичига қамалиб, ижодкорни ҳалок қилади. Бу худди дамбаланган сувнинг қирғоқни вайрон қилишига ўхшайди. Бунинг ёрқин мисоли “Сароб”даги Саидийдир. Ёки ёзган шеърини айтиб бериб ичидаги оғриқли тугундан халос бўлган шоир ҳақидаги ривоят ҳам ана шундан далолат беради. Адабиёт ижодкорнинг ички эҳтиёжи туфайли яратилмай, нуқул ўқувчининг талабидан барпо бўлганда эди, “Хамса”, “Тирилиш”, “Жиноят ва жазо”, “Ўткан кунлар” каби асарлар ҳамма замонларда яратилган бўлурди. Чунки хоҳлаган даврда бундай буюк санъат асарларига эҳтиёж катта. Билъакс, эҳтиёж катта бўлатуриб, арзирли асарлар яратилмаган “адабий турғунлик” даврларини хоҳлаган халқ адабиёти тарихида учратиш мумкин. Ижодкор ёзиб турмаса – ўлади, чунки ижодкор кимса учун ёзиш – тирикликнинг шарти. Шунга кўра, токи яратувчилик сифатини ўзида муҳрлаган, ижод табиий эҳтиёжи бўлган инсон зоти – ижодкор шахс бор экан, адабиёт ўлмайди!

“Ёзувчи нафақат умуминсоний эҳтиёжга – дардларини айтиб, юрагини бўшатиш эҳтиёжига дахлдор, — дейди бу ҳақда ижод псиологиясини теран тадқиқ қилган сўзшунос Ян Парандовский, — балки у ана шу эҳтиёжни анча-мунча кенгайтиради ҳам, негаки, у алоҳида бир устунликка эга – у ўзининг ижоди билан ўзини теран изтироблардан, кишини қийнайдиган ўй-фикрлардан халос этади” .
“Мен ҳам мангуликни яратишим керак, шунинг учун тиним нималигини билмайман”, — дейди 27 ёшидаёқ жуда узоқ умрга етгулик ишларни амалга оширарак, ҳаётни тарк этган Михаил Лермонтов. Бу – илҳомнинг ўтли қанотларида парвоз қила туриб, ҳаяжон ғулусида айтилган гап эмас. Мангуликни яратиш даъвосини фақат ўзида Яратувчининг беқиёс қудратини ҳис қилган кишигина қилиши мумкин.

Ижод – табиат томонидан ижод қилиш истеъдоди берилган кишилар учун қисмат, ҳаёт-мамотдир. Ижод бундай кишилар учун ейиш, ичиш, ухлаш, дам олиш каби табиий бир эҳтиёж, дедик; ваҳоланки, ижод қилиш баъзан бошқа табиий эҳтиёжлардан ҳам юксакроқда туради. Бу қора ва кўк рангни қўшганда қора ранг устиворлик қилгани, қуёшнинг олдида шамнинг нурсизлангани, ноғора ҳуштакнинг овозини босиб кетгани сингари; одамнинг икки аъзоси қаттиқ оғриб турганда, нисбатан заифини сезмаслик каби бир ҳолдир.

Ян Парандовский ёзади: “Жеромскийнинг “Кундаликлар”и илк ёшлигидан бошлаб жуда оғир шароитларда, очлик ва яланғочлик азобларини тортиб, муҳтожликлар кўриб неча марталаб дунёдан ҳафсаласи пир бўлган дақиқаларда туғилган ҳамда шаклланган адибнинг йўли ҳақидаги ғоятда ҳаяжонли асардир. …Ёш йигит фақат ўзининг ёзувчилик меҳнатини ўйлаб, адиблик шуҳрати иштиёқида ҳар қандай тўсиқларга, ҳар қандай одамларнинг ғашлигига қарамай ўз иқтидорини рўёбга чиқариш учун зўр шиддат билан қаҳрамонона кураш олиб боради. У машаққат билан ўзига керакли билимларни излаб топиб ўзлаштиради ва шу йўл билан ўз дунёсини яратади, у тушликдан воз кечиб, унинг пулига театрга ёхуд суратлар кўргазмасига боради, кейин эса ўзининг музхонага ўхшаш кулбасида совуқдан уюшган бармоқларига пуфлай-пуфлай таассуротларини тасвирлаб беради. Жеромский ёшлигиданоқ шунақа одам эди – унинг учун санъат нондан кўра муҳимроқ эди (таъкид бизники – Н.А.)”.

Яратиш – ижод аҳли учун бошқаларнинг манфаатини ўйлаб – одамларни тарбиялаш, уларга завқ улашиш учун ёки баъзилар ўйлагандай шон-шуҳрат тамаида – ташқи таъсир натижасида қилинадиган ҳаракатгина эмас (албатта, ижод билан боғлиқ интилишнинг ичида буларнинг барчасидан бор – буни инкор қилиб бўлмайди). Аммо
— одамларни тарбиялаш ёки уларга эстетик завқ улашиш мақсадида ёзишдан иборат ижтимоий;
— шон-шуҳрат ёки бойлик топишдан иборат шахсий манфаат ижоддай машаққатли меҳнатнинг мояси, бошланғичи бўлолмайди, одамзод юқоридагиларга ижоддан осонроқ меҳнат воситасида ҳам эришиши мумкин. Ижодкорликнинг замирида илоҳий, фитратий субстанция ётади.

Ижод – бу, энг аввало, ўзидаги имкониятни воқелантириш, мавҳум кучга шакл бериш, ички энергияни ташқарига чиқариш, “ич”га озодлик бериш, ич ҳурриятини таъминлашдир. Бундай қобилият берилган кишилар ижод қилмасалар яшай олмайдилар. Айтилмаган сўз, яратилмаган асар юракка оғир тош бўлиб чўкади. Ҳатто оғир касалликка, муболағасиз, ўлимга ҳам олиб бориши мумкин. Ижод – фақат яратиш завқигина эмас, яратишга мубталолик, яратишдай оғир заҳмат остида эзилиш қисматидир.

Агар шундай бўлмаганда, ёзгани учун ҳаёти хавф остида қолган жадид адиблари ёзишдан тўхтаган бўлардилар; билъакс, улар “муҳит кучлик экан, бўйнимни эгдим” дея замонга, сиёсатга мослашиброқ бўлса-да, ижод қилишда давом этавердилар. Бу – санъатнинг, нондан ташқари, ҳаётдан ҳам муҳимроқлигини кўрсатмайдими?
Мирзо Бобурнинг буткул уруш ва суронларда кечган “осойиши кам” ҳаёти давомида ижод қилишдан тўхамаганлигини бошқача қандай изоҳлаш мумкин? Ахир, Мирзо Бобур адабиётдан бойлик ҳам, шон-шуҳрат ҳам изламаган – буларнинг ҳар иккиси адабиётсиз ҳам унда етарли эди.

Усмон Носир-чи? У ўзининг сўнгги шеърларини қамоқхона деворларига қон билан ёзган эди. Буни ҳам “ёзмасдан туролмаслик”, “ёзишга мубталолик” билан изоҳлаш мумкин.
“Мен шунинг учун ёзаманки, — дейди америкалик ёзувчи Эрскин Колдуэлл, — кўрган одамларим ва ашёларим ҳақида ҳикоя қилиб беришни истайман. Мен ҳатто ўйлайманки, булар тўғрисида ҳикоя қилиб беришга мажбурман (таъкид бизники – Н.А.)” .

Ўзбекистон қаҳрамони Абдулла Орипов шундай ёзади: “Одамлар илҳомни “қанот қоқиб келган фаришта” деб ўйлайди. Бекор гап! Мен учун илҳом – изтироб. Илҳом – фожиа ҳам. Қалбни қўзғатган нарсани илҳом деб атаса бўлади. Қизиқ, нимага уни гўзал қилиб “илҳом” дейилади? Ахир, у одамнинг қалбини тилиб, уни мувозанатдан чиқаради. Ана шу илҳом бўлади!”
Бинобарин, “эҳтиёж фарзанди” (А.Орипов) деган жумла ҳам ижод психологиясига Яратган томонидан муҳрланган илоҳий ўзига хосликни жуда терандан англаб, топиб айтилган.
Яна бир ўринда шоир шундай ёзади: “Асли Илҳом инсон қалбидаги туйғулар мувозанатининг бузилишидир. Мувозанат бузилгандан кейин қалб жунбишга келиб, тил сўзлайди, кўзда ёш қалқади. Илҳом фақат қувонч эмас”.

Фақат ва фақат Илоҳий борлиқдан яратиш “бало”сига дучор этилган, ижод этмай яшолмаслик қисмати билан юзма-юз чорасиз қолган, тириклиги-мавжудлиги ижод билан шартланган кишигина ижодни, илҳомни шундай тавсифлаши мумкин! Бундай гапларни ижод аҳлининг фаолиятини кузатибгина айтиб бўлмайди; бунинг учун киши изтироб, фожиа ўлароқ қабул қилинадиган илҳом жазавасини ўз танасида синаб кўрган бўлиши керак. “Шоирлик – бу касб эмас. Бу бир тақдир дейишади, фазилат ҳам дейишади. Шоирликка мактаб ҳам, диплом ҳам йўқ” . Чунки табиат ато этадиган нарсага мактаб воситасида етишиб бўлмайди.

Ижод қилиш истаги – санъатнинг шаклланган талабларига мутаносиблиги нуқтаи назаридан қандай асар туғилишидан қатъи назар – санъаткорни шу даражада қуршаб оладики, у борлиқни фақат ўша туйғу, яратаётган асари призмаси орқали кўра бошлайди. Бундай ҳолат одамнинг ихтиёридан ташқари содир бўлади; одамнинг табиий ва руҳий имкониятлари воситасида бу ҳолатга чек қўйиш, уни ўзгартириш ёки унга парво қилмаслик мумкин бўлмай қолади.

“Дўзах”ни таржима қилган кезларим, — деб ёзади Абдулла Орипов, — тушларимда қўлимда кетмон билан одамларнинг суякларини қазиб юрардим. Бундай туш кўриш – кетмон билан қабрларни кавлаб, каллалар, суяклар билан гаплашиб чиқиш – кимга ёқади, дейсиз”.

Мавжудлиги ижод билан шартланган шахснинг характери ва тақдирини америкалик ёзувчи Жек Лондоннинг “Мартин Иден” романида ҳам ёрқин кўра оламиз. Мартин гўзал Руфни қанчалик севмасин, ўзини “унинг васлига етиш учун ижод қиляпман” деб ишонтиришга ҳарчанд уринмасин, ўзи сезмаган ҳолда яратишга бўлган мубталоликдан қутула олмайди.

Агар асарга жуда чуқур тушмай ёндашсак, Мартин Иден ўзига мутлақо тескари муҳитларда ўсиб тарбияланган гўзал Руфга етишиш учун – бойлик ва шон-шуҳрат учун ёзаётган кишидай тасаввур туғдиради. АммоЖек Лондон ижод – Мартин Иден учун қисмат, ўз ихтиёридан ташқари мубталолик эканлигини жуда нозик ишораларда бериб ўтади:
“Унинг мияси худди хотиралар ва ўйдирмалар тўла каттакон омборга ўхшарди… Мартиннинг хаёли ўша омбордан бир зумда бир-бирига ўхшаш ёки, аксинча, бир-бирига зид нарсаларни олиб чиқарди-да, уни ёрқин образларда ифодалаб берарди. Бу иш тамомила ғайри ихтиёрий равишда (таъкид бизники – Н.А.) бажариларди” ;

“У ўз ўртоқларини хурсанд қила олар, лекин ўзининг ҳеч қачон кўнгли тинчимасди. Уни доимо аллақандай ташвиш безовта қилар, қулоғига доимо уни аллақаёқларга чорловчи садо эшитиларди, шунинг учун у то китоблар, санъат ва муҳаббатга эришгунча ором тополмай бутун умрини дарбадарликда ўтказди” .

Бир ўринда эса шоир Бриссинден томонидан “шоирнинг қувончи эришилган муваффақиятда эмас, ижоднинг ўзидадир”, дейилади.

Мартиннинг ўлими, аввало, ижтимоий ва психоаналитик мотивлар билан асосланган. Яъни: у қуйи табақадан юқорилашга уриниб, юқори табақадан ҳам ўз интилишларига ҳамоҳанглик тополмай муаллақ қолади (ижтимоий) ва ўлимни афзал билади. Психоаналитик жиҳатдан эса ишқий интилишларнинг қониқтирилмаганлиги Мартинни ҳалокатга олиб боради.

Бизни қизиқтирган жиҳат эса шуки, Мартиннинг ўлими булардан ташқари, илоҳий-табиий мотив – мавжудлигининг бутун маъносини ташкил қилган ёзиш иштиёқининг барҳам топганлиги билан ҳам шартланади. “Энди у ҳеч қачон ёзмайди. Буни Мартин қатъиян ва узил-кесил ҳал қилган”, — дейилади романда бу ҳақда. Мана шундай узил-кесил қарордан сўнг орадан ҳеч қанча ўтмай ёшгина йигит шон-шуҳратнинг энг юксак чўққисига ўзи орзу қилган каби чиққан маҳали, Руфдай гўзал қизнинг ўзи бош эгиб келганига ва пуллар тўрт тарафдан оқиб келаётганига қарамасдан, ўзи бир умр орзу қилган нарсаларга энди эришдим, деган чоғда жонига қасд қилади. Чунки унинг ҳаётини ташкил қилган куч – ижод иштиёқи барҳам топган эди. Ваҳоланки, у очликдан сулайиб қолган маҳаллари ҳам, Руфь “ишга кирсанг, сени дейман” деб васлга эришишнинг жуда осон йўлини кўрсатиб турганда ҳам ҳушдан кетиб йиқилиб қолиш даражасидаги оғир меҳнат – ёзишдан ўзини тўхтатолмаган эди.

Ижод ҳодисасининг ижтимоий, шахсий ва бошқа манфаатлар билан боғлиқлигини эътироф этган ҳолда айтиш мумкинки, ижод, энг аввало, табиат берган потенциални реаллаштириш эҳтиёжи. Бошқача айтганда, ёзувчилик иқтидори берилган одам, санъат асарининг жамиятга керак-керак эмаслигидан қатъи назар, ёзишдан тўхтамайди. Уни на очлик, на машаққат, на ҳаётидаги тўкислик-фаровонлик ва ҳатто на ҳаётига туғилган хавф ёзишдан тўхтатиб қололмайди. Образли қилиб айтадиган бўлсак, ёзувчи одам мабодо бир ўзи битта сайёрада яшаганда ҳам, ижод қилаверган бўларди. Зеро, у – ижод учун туғилган инсондир.

Ижод эҳтиёжи тарихий-ижтимоий ҳаёт, юксак дунёқараш, илм, олижаноб инсоний-маънавий қадриятлар, гражданлик пафоси билан уйғунлашган жойда санъат дурдоналари дунёга келади.
Ижодни ички энергияни воқелантириш деб тушунсак, “адабиёт ўладими?” деган саволга “йўқ” деб жавоб бериш мумкин бўлади; чунки ижодкор, юқорида айтганимиздек, жамиятга керак-керакмаслигидан қатъи назар, илоҳий юксакликдан келган илҳом онларида ўзини тўхтатиб туролмайди. Такрор айтсак-да, ножоиз эмас: яратувчилик сифатини ўзида муҳрлаган, ижод табиий эҳтиёжи бўлган, ижодга мубтало бўлган инсон зоти – ижодкор шахс бор экан, адабиёт ўлмайди!

Айни пайтда бундай воқеланиш ижодкор шахснинг ўзини ҳеч бир аямасдан, таъбир жоиз бўлса, дўзахий меҳнат қучоғига ташлашининг сабабини ҳам тўла оча олади. “Дўзахий” дейишимизнинг сабаби шундаки, “Хамса” ёки “Уруш ва тинчлик”дай бир асарни ижод қилиш у ёқда турсин, қўлёзмада кўчириб чиқишни ўйлаганингдаёқ юрагинг орқага тортиб кетади.

05

IJOD – YARATISHGA GO’ZAL MUBTALOLIKDIR
Nodira AFOQOVA
filologiya fanlari doktori
04

Ijod – inson zotiga daxldor bo’lgan eng sirli hodisalardan biri. Ijodning asosi (moyasi desak ham bo’ladi), mohiyati, namoyon bo’lishini tushunish va tushuntirish ancha mushkul, chunki ijod ham ilohiy-tabiiy, ham ijtimoiy jihatga ega. Ijodning har ikki jihati haqida hozirga qadar ancha-muncha fikrlar, qarashlar bayon qilingan; bular ichida uning ijtimoiy tomoni haqidagi fikrlar salmoqliroqday nazarimda. Ya’ni: “san’at asarlari
— davr talabi, kitobxonning talabi bilan;
— o’quvchini tarbiyalash, unga estetik zavq ulashish maqsadlarida yoziladi;
— ayni paytda ijod qilish asosida iqtisodiy manfaatlar ham;
— shon-shuhratga erishish maqsadi ham yotadi” qabilidagi mulohazalar ijodni ko’proq ijtimoiy hodisa sifatida tushunish natijasi.

Psixoanalizning otasi Zigmund Freyd esa ijodni amalga oshmay qolganligi tufayli ong ostiga o’tgan seksual xohish-istaklarning voqelanishi deb tushuntiradi. Albatta, u gaplar ham, bu gaplar to’la asosga va yorqin misollarga ega. Ayni paytda bu hammasi ham emas.

Aslida, bizningcha, ijodkor o’ziga tabiat tomonidan berilgan energiyani voqelikka aylantirish uchun yozadi – ijod qilishning eng birinchi va asosiy sababi ana shu.

Insonda Allohning jamiyki sifatlari mujassamlashgan. Alloh – Yaratuvchidir va u insonning fitratiga o’zidagi yaratuvchilik sifatini ham jo etgan. Ijod – Insondagi ana shu ilohiy sifatning – yaratuvchilikning namoyon bo’lishi demak. Shuning uchun ham ijod faqat ayrim kishilarga berilgan iqtidor bo’lmay, balki Yer yuzidagi jamiyki odamlarda ozmi-ko’pmi nimanidir ijod qilish qobiliyati mavjud. Badiiy ijod esa, albatta, yuksak darajadagi yaratuvchilik demak. Chunki adabiy-nazariy qarashlarning otasi Aristotelning qariyb uch ming yildan buyon rad qilinmay qabul qilib kelingan qarashlariga ko’ra ham ijodkor so’z vositasida taqlid orqali o’zi yashab turgan olamga o’xshagan olamni yaratadi (mimesis nazariyasi). Ijodkor shaxsning yolg’izlikka intilishi, zaminiy hayotdan biroz uzoqligi; go’zallik, maqtovni behad sevishi sababi ham unda Alloh sifatlarining ko’proq tajassum topganligidan.

Adabiy jarayonda bot-bot “adabiyot o’ladimi?” degan bahs tug’ilib turadi va unga turlicha javoblar beriladi. Masalaga ijodkorlikning ilohiy sifat ekanligidan kelib chiqib yondashilsa, shunday manzara namoyon bo’ladi: adabiyot – birinchi navbatda, uni ijod qiluvchi kishining ehtiyoji; aslo ijod namunasi ite’molchisining emas. Badiiy asar iste’molchi-o’quvchining talabi yoki ehtiyoji tufayligina yaratilmaydi.

San’atkorga Allohdan yaratuvchilik sifati o’tgan, dedik. Shunga ko’ra, badiiy asar yaratish – ijodkor uchun ovqatlanish, nafas olish kabi tabiiy ehtiyoj. U agar yozmasa – yaratuvchilikdan iborat ulkan potentsial voqelikka aylana olmay, ichiga qamalib, ijodkorni halok qiladi. Bu xuddi dambalangan suvning qirg’oqni vayron qilishiga o’xshaydi. Buning yorqin misoli “Sarob”dagi Saidiydir. Yoki yozgan she’rini aytib berib ichidagi og’riqli tugundan xalos bo’lgan shoir haqidagi rivoyat ham ana shundan dalolat beradi. Adabiyot ijodkorning ichki ehtiyoji tufayli yaratilmay, nuqul o’quvchining talabidan barpo bo’lganda edi, “Xamsa”, “Tirilish”, “Jinoyat va jazo”, “O’tkan kunlar” kabi asarlar hamma zamonlarda yaratilgan bo’lurdi. Chunki xohlagan davrda bunday buyuk san’at asarlariga ehtiyoj katta. Bil’aks, ehtiyoj katta bo’laturib, arzirli asarlar yaratilmagan “adabiy turg’unlik” davrlarini xohlagan xalq adabiyoti tarixida uchratish mumkin. Ijodkor yozib turmasa – o’ladi, chunki ijodkor kimsa uchun yozish – tiriklikning sharti. Shunga ko’ra, toki yaratuvchilik sifatini o’zida muhrlagan, ijod tabiiy ehtiyoji bo’lgan inson zoti – ijodkor shaxs bor ekan, adabiyot o’lmaydi!

“Yozuvchi nafaqat umuminsoniy ehtiyojga – dardlarini aytib, yuragini bo’shatish ehtiyojiga daxldor, — deydi bu haqda ijod psiologiyasini teran tadqiq qilgan so’zshunos Yan Parandovskiy, — balki u ana shu ehtiyojni ancha-muncha kengaytiradi ham, negaki, u alohida bir ustunlikka ega – u o’zining ijodi bilan o’zini teran iztiroblardan, kishini qiynaydigan o’y-fikrlardan xalos etadi” .
“Men ham mangulikni yaratishim kerak, shuning uchun tinim nimaligini bilmayman”, — deydi 27 yoshidayoq juda uzoq umrga yetgulik ishlarni amalga oshirarak, hayotni tark etgan Mixail Lermontov. Bu – ilhomning o’tli qanotlarida parvoz qila turib, hayajon g’ulusida aytilgan gap emas. Mangulikni yaratish da’vosini faqat o’zida Yaratuvchining beqiyos qudratini his qilgan kishigina qilishi mumkin.

Ijod – tabiat tomonidan ijod qilish iste’dodi berilgan kishilar uchun qismat, hayot-mamotdir. Ijod bunday kishilar uchun yeyish, ichish, uxlash, dam olish kabi tabiiy bir ehtiyoj, dedik; vaholanki, ijod qilish ba’zan boshqa tabiiy ehtiyojlardan ham yuksakroqda turadi. Bu qora va ko’k rangni qo’shganda qora rang ustivorlik qilgani, quyoshning oldida shamning nursizlangani, nog’ora hushtakning ovozini bosib ketgani singari; odamning ikki a’zosi qattiq og’rib turganda, nisbatan zaifini sezmaslik kabi bir holdir.

Yan Parandovskiy yozadi: “Jeromskiyning “Kundaliklar”i ilk yoshligidan boshlab juda og’ir sharoitlarda, ochlik va yalang’ochlik azoblarini tortib, muhtojliklar ko’rib necha martalab dunyodan hafsalasi pir bo’lgan daqiqalarda tug’ilgan hamda shakllangan adibning yo’li haqidagi g’oyatda hayajonli asardir. …Yosh yigit faqat o’zining yozuvchilik mehnatini o’ylab, adiblik shuhrati ishtiyoqida har qanday to’siqlarga, har qanday odamlarning g’ashligiga qaramay o’z iqtidorini ro’yobga chiqarish uchun zo’r shiddat bilan qahramonona kurash olib boradi. U mashaqqat bilan o’ziga kerakli bilimlarni izlab topib o’zlashtiradi va shu yo’l bilan o’z dunyosini yaratadi, u tushlikdan voz kechib, uning puliga teatrga yoxud suratlar ko’rgazmasiga boradi, keyin esa o’zining muzxonaga o’xshash kulbasida sovuqdan uyushgan barmoqlariga puflay-puflay taassurotlarini tasvirlab beradi. Jeromskiy yoshligidanoq shunaqa odam edi – uning uchun san’at nondan ko’ra muhimroq edi (ta’kid bizniki – N.A.)”.

Yaratish – ijod ahli uchun boshqalarning manfaatini o’ylab – odamlarni tarbiyalash, ularga zavq ulashish uchun yoki ba’zilar o’ylaganday shon-shuhrat tamaida – tashqi ta’sir natijasida qilinadigan harakatgina emas (albatta, ijod bilan bog’liq intilishning ichida bularning barchasidan bor – buni inkor qilib bo’lmaydi). Ammo
— odamlarni tarbiyalash yoki ularga estetik zavq ulashish maqsadida yozishdan iborat ijtimoiy;
— shon-shuhrat yoki boylik topishdan iborat shaxsiy manfaat ijodday mashaqqatli mehnatning moyasi, boshlang’ichi bo’lolmaydi, odamzod yuqoridagilarga ijoddan osonroq mehnat vositasida ham erishishi mumkin. Ijodkorlikning zamirida ilohiy, fitratiy substantsiya yotadi.

Ijod – bu, eng avvalo, o’zidagi imkoniyatni voqelantirish, mavhum kuchga shakl berish, ichki energiyani tashqariga chiqarish, “ich”ga ozodlik berish, ich hurriyatini ta’minlashdir. Bunday qobiliyat berilgan kishilar ijod qilmasalar yashay olmaydilar. Aytilmagan so’z, yaratilmagan asar yurakka og’ir tosh bo’lib cho’kadi. Hatto og’ir kasallikka, mubolag’asiz, o’limga ham olib borishi mumkin. Ijod – faqat yaratish zavqigina emas, yaratishga mubtalolik, yaratishday og’ir zahmat ostida ezilish qismatidir.

Agar shunday bo’lmaganda, yozgani uchun hayoti xavf ostida qolgan jadid adiblari yozishdan to’xtagan bo’lardilar; bil’aks, ular “muhit kuchlik ekan, bo’ynimni egdim” deya zamonga, siyosatga moslashibroq bo’lsa-da, ijod qilishda davom etaverdilar. Bu – san’atning, nondan tashqari, hayotdan ham muhimroqligini ko’rsatmaydimi?
Mirzo Boburning butkul urush va suronlarda kechgan “osoyishi kam” hayoti davomida ijod qilishdan to’xamaganligini boshqacha qanday izohlash mumkin? Axir, Mirzo Bobur adabiyotdan boylik ham, shon-shuhrat ham izlamagan – bularning har ikkisi adabiyotsiz ham unda yetarli edi.

Usmon Nosir-chi? U o’zining so’nggi she’rlarini qamoqxona devorlariga qon bilan yozgan edi. Buni ham “yozmasdan turolmaslik”, “yozishga mubtalolik” bilan izohlash mumkin.
“Men shuning uchun yozamanki, — deydi amerikalik yozuvchi Erskin Kolduell, — ko’rgan odamlarim va ashyolarim haqida hikoya qilib berishni istayman. Men hatto o’ylaymanki, bular to’g’risida hikoya qilib berishga majburman (ta’kid bizniki – N.A.)” .

O’zbekiston qahramoni Abdulla Oripov shunday yozadi: “Odamlar ilhomni “qanot qoqib kelgan farishta” deb o’ylaydi. Bekor gap! Men uchun ilhom – iztirob. Ilhom – fojia ham. Qalbni qo’zg’atgan narsani ilhom deb atasa bo’ladi. Qiziq, nimaga uni go’zal qilib “ilhom” deyiladi? Axir, u odamning qalbini tilib, uni muvozanatdan chiqaradi. Ana shu ilhom bo’ladi!”
Binobarin, “ehtiyoj farzandi” (A.Oripov) degan jumla ham ijod psixologiyasiga Yaratgan tomonidan muhrlangan ilohiy o’ziga xoslikni juda terandan anglab, topib aytilgan.
Yana bir o’rinda shoir shunday yozadi: “Asli Ilhom inson qalbidagi tuyg’ular muvozanatining buzilishidir. Muvozanat buzilgandan keyin qalb junbishga kelib, til so’zlaydi, ko’zda yosh qalqadi. Ilhom faqat quvonch emas”.

Faqat va faqat Ilohiy borliqdan yaratish “balo”siga duchor etilgan, ijod etmay yasholmaslik qismati bilan yuzma-yuz chorasiz qolgan, tirikligi-mavjudligi ijod bilan shartlangan kishigina ijodni, ilhomni shunday tavsiflashi mumkin! Bunday gaplarni ijod ahlining faoliyatini kuzatibgina aytib bo’lmaydi; buning uchun kishi iztirob, fojia o’laroq qabul qilinadigan ilhom jazavasini o’z tanasida sinab ko’rgan bo’lishi kerak. “Shoirlik – bu kasb emas. Bu bir taqdir deyishadi, fazilat ham deyishadi. Shoirlikka maktab ham, diplom ham yo’q” . Chunki tabiat ato etadigan narsaga maktab vositasida yetishib bo’lmaydi.

Ijod qilish istagi – san’atning shakllangan talablariga mutanosibligi nuqtai nazaridan qanday asar tug’ilishidan qat’i nazar – san’atkorni shu darajada qurshab oladiki, u borliqni faqat o’sha tuyg’u, yaratayotgan asari prizmasi orqali ko’ra boshlaydi. Bunday holat odamning ixtiyoridan tashqari sodir bo’ladi; odamning tabiiy va ruhiy imkoniyatlari vositasida bu holatga chek qo’yish, uni o’zgartirish yoki unga parvo qilmaslik mumkin bo’lmay qoladi.

“Do’zax”ni tarjima qilgan kezlarim, — deb yozadi Abdulla Oripov, — tushlarimda qo’limda ketmon bilan odamlarning suyaklarini qazib yurardim. Bunday tush ko’rish – ketmon bilan qabrlarni kavlab, kallalar, suyaklar bilan gaplashib chiqish – kimga yoqadi, deysiz”.

Mavjudligi ijod bilan shartlangan shaxsning xarakteri va taqdirini amerikalik yozuvchi Jek Londonning “Martin Iden” romanida ham yorqin ko’ra olamiz. Martin go’zal Rufni qanchalik sevmasin, o’zini “uning vasliga yetish uchun ijod qilyapman” deb ishontirishga harchand urinmasin, o’zi sezmagan holda yaratishga bo’lgan mubtalolikdan qutula olmaydi.

Agar asarga juda chuqur tushmay yondashsak, Martin Iden o’ziga mutlaqo teskari muhitlarda o’sib tarbiyalangan go’zal Rufga yetishish uchun – boylik va shon-shuhrat uchun yozayotgan kishiday tasavvur tug’diradi. AmmoJek London ijod – Martin Iden uchun qismat, o’z ixtiyoridan tashqari mubtalolik ekanligini juda nozik ishoralarda berib o’tadi:
“Uning miyasi xuddi xotiralar va o’ydirmalar to’la kattakon omborga o’xshardi… Martinning xayoli o’sha ombordan bir zumda bir-biriga o’xshash yoki, aksincha, bir-biriga zid narsalarni olib chiqardi-da, uni yorqin obrazlarda ifodalab berardi. Bu ish tamomila g’ayri ixtiyoriy ravishda (ta’kid bizniki – N.A.) bajarilardi” ;

“U o’z o’rtoqlarini xursand qila olar, lekin o’zining hech qachon ko’ngli tinchimasdi. Uni doimo allaqanday tashvish bezovta qilar, qulog’iga doimo uni allaqayoqlarga chorlovchi sado eshitilardi, shuning uchun u to kitoblar, san’at va muhabbatga erishguncha orom topolmay butun umrini darbadarlikda o’tkazdi” .

Bir o’rinda esa shoir Brissinden tomonidan “shoirning quvonchi erishilgan muvaffaqiyatda emas, ijodning o’zidadir”, deyiladi.

Martinning o’limi, avvalo, ijtimoiy va psixoanalitik motivlar bilan asoslangan. Ya’ni: u quyi tabaqadan yuqorilashga urinib, yuqori tabaqadan ham o’z intilishlariga hamohanglik topolmay muallaq qoladi (ijtimoiy) va o’limni afzal biladi. Psixoanalitik jihatdan esa ishqiy intilishlarning qoniqtirilmaganligi Martinni halokatga olib boradi.

Bizni qiziqtirgan jihat esa shuki, Martinning o’limi bulardan tashqari, ilohiy-tabiiy motiv – mavjudligining butun ma’nosini tashkil qilgan yozish ishtiyoqining barham topganligi bilan ham shartlanadi. “Endi u hech qachon yozmaydi. Buni Martin qat’iyan va uzil-kesil hal qilgan”, — deyiladi romanda bu haqda. Mana shunday uzil-kesil qarordan so’ng oradan hech qancha o’tmay yoshgina yigit shon-shuhratning eng yuksak cho’qqisiga o’zi orzu qilgan kabi chiqqan mahali, Rufday go’zal qizning o’zi bosh egib kelganiga va pullar to’rt tarafdan oqib kelayotganiga qaramasdan, o’zi bir umr orzu qilgan narsalarga endi erishdim, degan chog’da joniga qasd qiladi. Chunki uning hayotini tashkil qilgan kuch – ijod ishtiyoqi barham topgan edi. Vaholanki, u ochlikdan sulayib qolgan mahallari ham, Ruf` “ishga kirsang, seni deyman” deb vaslga erishishning juda oson yo’lini ko’rsatib turganda ham hushdan ketib yiqilib qolish darajasidagi og’ir mehnat – yozishdan o’zini to’xtatolmagan edi.

Ijod hodisasining ijtimoiy, shaxsiy va boshqa manfaatlar bilan bog’liqligini e’tirof etgan holda aytish mumkinki, ijod, eng avvalo, tabiat bergan potentsialni reallashtirish ehtiyoji. Boshqacha aytganda, yozuvchilik iqtidori berilgan odam, san’at asarining jamiyatga kerak-kerak emasligidan qat’i nazar, yozishdan to’xtamaydi. Uni na ochlik, na mashaqqat, na hayotidagi to’kislik-farovonlik va hatto na hayotiga tug’ilgan xavf yozishdan to’xtatib qololmaydi. Obrazli qilib aytadigan bo’lsak, yozuvchi odam mabodo bir o’zi bitta sayyorada yashaganda ham, ijod qilavergan bo’lardi. Zero, u – ijod uchun tug’ilgan insondir.

Ijod ehtiyoji tarixiy-ijtimoiy hayot, yuksak dunyoqarash, ilm, olijanob insoniy-ma’naviy qadriyatlar, grajdanlik pafosi bilan uyg’unlashgan joyda san’at durdonalari dunyoga keladi.
Ijodni ichki energiyani voqelantirish deb tushunsak, “adabiyot o’ladimi?” degan savolga “yo’q” deb javob berish mumkin bo’ladi; chunki ijodkor, yuqorida aytganimizdek, jamiyatga kerak-kerakmasligidan qat’i nazar, ilohiy yuksaklikdan kelgan ilhom onlarida o’zini to’xtatib turolmaydi. Takror aytsak-da, nojoiz emas: yaratuvchilik sifatini o’zida muhrlagan, ijod tabiiy ehtiyoji bo’lgan, ijodga mubtalo bo’lgan inson zoti – ijodkor shaxs bor ekan, adabiyot o’lmaydi!

Ayni paytda bunday voqelanish ijodkor shaxsning o’zini hech bir ayamasdan, ta’bir joiz bo’lsa, do’zaxiy mehnat quchog’iga tashlashining sababini ham to’la ocha oladi. “Do’zaxiy” deyishimizning sababi shundaki, “Xamsa” yoki “Urush va tinchlik”day bir asarni ijod qilish u yoqda tursin, qo’lyozmada ko’chirib chiqishni o’ylaganingdayoq yuraging orqaga tortib ketadi.

05

(Tashriflar: umumiy 217, bugungi 1)

Izoh qoldiring