Nodira Afoqova. She’rlar

042Кутубхонамиз саҳифаларида вилоятларда яшаб қалам тебратаётган шоиру ёзувчилар ижоди билан мунтазам таништириб бормоқдамиз. Ўтган йили ва куни кеча бухоролик шоира, адабиётшунос олима Нодира Афоқованинг Чўлпон ғазалларига боғлаган мухаммаслари, бетакрор рус адиби Константин Паустовский ҳикояларидан қилган таржималари билан таништирган эдик. Бугун шоиранинг бир туркум янги шеърларини диққатингизга тақдим этмоқдамиз.

09
Нодира АФОҚОВА
ШЕЪРЛАР
09

032 Адабиётшунос олима ва шоира Нодира Афоқова 1966 йил 20 ноябрь Бухорода туғилган. Филология фанлари доктори. Бухоро давлат университети профессори. Бир неча шеърий ва таржима тўпламлари, «Жадид лирикасида мусаммат», «Жадид ғазалиёти», ХХ аср ўзбек адабиётида рубоий ва қитъа», » Шавкат Раҳмон олами» (ҳамкорликда)   ва бошқа бир қатор илмий-адабий китоблар муаллифи.

011

***

“Ал-видоъ”ни айтди турналар,
Бир тўлди-ю, бўшади осмон.
Шеър ёзмайин қўйдим, жўралар,
Ўшал ғамгин кунлардан буён.

Ким у – гулдай хаёлларимни
Узун-узун тунларга сочди?
Ҳуштак чалиб, хўжайин каби
Эшигимни шамоллар очди.

Жим ётибди даракчи тушлар,
Неча ойким, муштоқман, зорман.
Кузда учиб кетмади қушлар,
Кузда учиб кетган баҳор – ман…

Қорлар ёғар сассиз-садосиз,
Тўхтаб қолар адашган йўллар.
Муз ойнага босганича юз
Йўл қарайди нақшинкор гуллар.

Бунчалар кенг, тубсиздир осмон,
Адашмасми кетган турналар?
Ўшал ғамгин кунлардан буён
Шеър ёзмайин қўйдим, жўралар…

ЭРТАК

Мен – қалдирғоч, сен – шоир бўлсанг…
Булут кийса кузги осмонлар,
Учса ғамгин далалар узра
Шамолларни минган хазонлар.

Учиб кетсам қуёшни излаб,
Учиб кетсам беғам, бебода.
Чатнаса-ю қанотлар, ўйнаб
Майин парлар қолса ҳавода.

Дарёларга югуриб борсанг,
Айтолмасанг маъюс тушингни.
Майин қорлар ёдингга солса
Учиб кетган эрка қушингни.

Лаҳзаларни, кунларни узиб
Отаверсанг ортингга бадар.
Учаверса шеърларинг қушдек
Олис-олис тонгларга қадар.

Бир кун… кўклам эртакларига
Элтса борса-келмас йўллари.
Мусаввир Вақт эрмакларидан
Ўчса қишнинг нақшин гуллари.

Яшил байроқ кўтариб, ичкин
Чопиб чиқса ҳар битта оғоч…
Фақат… фақат мен қайтмасам, мен…
Нима қилар эдинг, қалдирғоч?

***

Кетдинг. Яна ёлғизлик эски
Ошнолардай дарчамни чертди.
Сенсизликка кўникмоқ мушкул,
Нечун кетдинг, ёлғизим, кетдинг?!

Ўхшамайди августга август,
Боғчаларда ноаён зорлик.
Саҳарларда вижирлайди Куз,
Ўхшамайди шодликка шодлик.

Қарайсанми оқшомлар ойга,
Илғайсанми нигоҳларимни –
Кўкдан ерга оққувчи сойда
Ойдай сузган гулмоҳиларни?

Сувдай эриб, кўрасанми туш
Зумуррадсув Амударёни –
Деразангга пастлаб ўтган қуш
Боғлаган чоғ еру самони?

Ғижимларми кўксингни баъзан
Яра янглиғ яланг ҳақиқат –
Интизорлик, кутиш, соғинчда
Ўтармизми дийдорга илҳақ?

Календардан бирма-бир учган
Капалаклар ортимда ғужғон.
Қўй, уларни сўрама мендан,
Барисининг исмидир “Ҳижрон”.

Дарёдайин оқиб борар йўл,
Қайдасан Сен, қайдадир ёшлик?
Сенсизликка кўникмоқ мушкул,
Ўхшамайди шодликка шодлик…

***

Кўзларимга қарама – денгиз,
Тубларида ҳалокат бордир.
Энди ишқдан сўзлама, ишқнинг
Йўлларида залолат бордир.

Қонларимда уйғонди жунун,
Кўтаргайман йиқилса осмон.
Фақат ишқдан сўзлама, қалбнинг
Қудратини синдирар ёлғон.

Мен сукутни най қилиб чалсам
Кузга чўмар дунё боғлари.
Тоғдай ўсар ой кўзгусида
Юрагимнинг жимит доғлари.

Кўксимдадир оловранг япроқ,
Ёнмаса бас бир кун жаҳонлар.
Пинҳон ётар, ахир, дилдироқ
Япроқларда буюк тўфонлар.

***

Музладим. Нафас бер. Олов бер. Сас бер.
Бўғилдим. Ҳаво бер, узоқ осмоним.
Йиқилдим. Йиқитган қасосдир, қасддир.
Бунча мазлум бўлиб туғилдинг, жоним?

Майли, қуёшларни қизғангил, тақдир,
Майли, ҳар нафасим қоргил кўз ёшга;
Бу қандай ваҳшийлик: қачондан, ахир,
Мусибат, изтироб бўлмиш томоша?

***

Далалар кифтида
Жигарранг ридо,
Ёмғирлар қасида
Айтар бошида…

Хотира – маҳшаргоҳ,
Бошланар ғавғо:
Бунча дилга яқин
Шу туришида.

Эгатлар ичидан
Ҳамон ризқ излар –
Шамоллар ўхшайди
Деҳқон онамга.

Бўм-бўш қўлларини
Фалакка чўзган
Ғўзалар ўхшайди
Деҳқон отамга…

А Ё Л

Унинг боис яралган бешак
Соғинч, ҳасрат, шодлик ва кадар.
У шундайин ажиб бир хилқат
Заифлиги фазилат қадар.

Ўйнаганда қиличлар қаттол
Қоядайин этолган бардош
Қаҳри қаттиқ эрлар ҳам ҳатто
Ҳузурида тўкканлар кўз ёш.

Икки дунё арзимас, бу рост,
Ой жамоли, жуфт ҳилолига.
Самарқанду маним Бухоро
Ҳадя бўлмиш битта холига.

Балки ҳақдир, афсонадир ё
Ғариб ҳол бу – шундай демишлар:
Унинг учун бўлганмиш гўё
Дунёдаги жамъи урушлар.

Улуғ Ҳомер, Навоий, Пушкин,
Шекспир ва Гёте пурғам –
Не шоирлар бир умр унинг
Васфи учун йўнмишлар қалам.

Унинг боис яралган оё
Фалакларда жаннат, жаҳаннам.
Не бўларди унингсиз дунё,
Не бўларди Ҳазрати Одам?

Кўзларида кундуз ила тун,
Юзларида хуршиди талъат,
Қошларининг меҳробида дин,
Оёқларин остида жаннат…

НАВРЎЗ АЛЁРИ

Нафас олсам – ичимда боғ гуллагандай,
Термуламан – қаро тупроқ гуллагандай,
Бармоғимда минг бир сўроқ гуллагандай:
Кўкламмидир, наврўзмидир, ёсуман ё?
Омон-омон қўшиқлар айт, ёр, омонёр.

Исён қилар оташпараст қизғалдоқ, ҳайй!
Қирларини кўтарганча учмоқчидай.
Кўҳна тоғлар дарё бўлиб кўчмоқчидай,
Кўкдан келар пайғом бўлиб янги алёр,
Омон-омон қўшиқлар айт, ёр, омонёр.

Хандон отган новдалар шўх синглим маним,
Жим кузатган Ер – отамдир, мунглим маним,
Гоҳ кимнидир кечирмади кўнглим маним –
Наврўз, сандан узрларим қолди бисёр,
Омон-омон қўшиқлар айт, ёр, омонёр.

Қуёш мушфиқ онам бўлиб сочим силар,
Товонимни ўпмоқ бўлиб майса кулар,
Толлар қўлин чўзиб мендан нени тилар,
Фаришталар таъзимгами келди оё?
Омон-омон қўшиқлар айт, ёр, омонёр.

Наврўзнинг қилкўпригидан соғ ўт, эй дил!
Неки бизга нораводир, тарк эт, эй дил!
Гар унутса, дўстларни ҳам унут, эй дил!
Шоир дилнинг гоҳи шундай ҳукми ҳам бор,
Омон-омон қўшиқлар айт, ёр, омонёр.

Омон-омон қўшиқлар айт, дамдир бу дам,
Наврўз ҳаққи, ишқдир фақат бизнинг қасам,
Чекма ғусса, сурадирким, келди “Ваш-шамс” :
Муҳаббатли дилларга зўр муждалар бор,
Омон-омон қўшиқлар айт, ёр, омонёр.

ЭРНСТ ҲЕМИНГУЭЙ

Меҳварида айланар замин,
Тонг отмоқда, кун ботаётир.
Боиси не? Билмайман. Лекин
Юрагимда улкан хавотир.

Ёмғирларда кезинаман жим,
Ёғаверар тинимсиз ойлаб.
Ваҳма босар ногоҳ, аллаким
Турган каби йўлимни пойлаб.

Қўнғироқлар мени сўроқлар,
Севгилимга очолмасман дил.
Теваракда васваса оқар:
Мени пинҳон тинглайди кимдир.

Сўниб борар яшамоқ шавқи,
Айқиради айғир шамоллар.
Мен денгизни енгарман балки,
Мени янчар қора хаёллар.

Дўстларимдан шубҳа қиламан,
Овозимдан чўчийман нега?
Солмасларми қўлимга кишан,
Тиқмасларми ернинг комига?

Мен-ку чиздим ҳаётни рўй-рост,
Лаънат дедим қуролга, жангга.
Ваҳимами менга мукофот,
Васвасами инъомдир менга.

Мен севгини севган эдим-ку,
Ким кўксимга тош осаётир?
Айланмагин бошимда, қўрқув,
Пойламагин йўлим, хавотир.

Кундузлари кезарлар ҳушёр,
Тунларимга қуярлар заҳар.
Кечам, эртам, бугуним, ҳатто
Ўйларимни титмоқ тиларлар.

Қуршаб келар шарпалар – айғоқ,
Қоним сотқин – қаттол қуюлар.
Мен яшашни севардим, бироқ
Ҳаёт ўлим каби туюлар.

Кезолмасман ёмғирда ёлғиз,
Боқолмасман уфққа ўйчан.
Хат ёзмасман… Таъқибдадир сўз,
Ҳайҳот, хаёл суролмасман ман.

О одамзод! О эрк овчиси,
Темир тузум наққошлари, о!
О бозингар! Дил ўйновчиси!
Ўйнармисан умримни ҳатто?

Келажак, сен гуноҳга ботма,
Менга билмай осмагин ёрлиқ;
Мен жонимга қасд қилмасман, ҳа,
Қасд қилмоқда оромхўр борлиқ.

ҚИЛИЧ ТУТГАН ШОИР

“Ҳилолия” – муборак ашъор
Садолари тинмайин ҳали
Не бир сабаб Ҳусайн Мирзо
Пойтахтдан чиқди ташқари.

Тожу амлок талашларидан
Толғин эди улуғ салтанат.
Мансабу шон дардида бу гал
Ғавғо қилди Ёдгор Муҳаммад.

Ойсиз тундай, офтобсиз кундай,
Султонидан айру каби тахт
Тортар эди мусибат шундай
Ҳирот – ўшал муаззам пойтахт.

Ҳали қирққа кирмаган Мирзо
Хабари йўқ янги исёндан
Мамлакатга қайтди-ю, аммо
Киролмади қасри шоҳонга.

Кенгашдилар салтанат аҳли,
Қувватлади фалакда нужум
Ҳали кирмай бомдод маҳали
Исёнкорга бошланур ҳужум.

Ўрадилар, турдилар саф-саф,
Нозик эди вазият ғоят:
Ким биринчи бошлагайдир жаҳд,
Ким биринчи айлар жасорат?

Кимни кутар ул биринчи ўқ? –
Ўлим турар эшикда ҳушёр.
Лекин Ватан тикар эди кўз.
Кўз тикарди темурий диёр.

Замон, сенга ўт кетсин, замон!
Вайрон бўлгин, дунёи сўқир!
Ёронлар, ҳай, минг-минг алъамон,
Қилич тутди Алишер – шоир!

Қилич тутди шоир Алишер
Илк марта ва охирги марта.
Нима қилсин, шўрлик она-Ер
Талошлардан бўлмишди зада.

Етмасмиди орзулар зинҳор
Ушалмайин мадфун қолгани;
Етмасмиди даврон неча бор
Юрагига қилич солгани?

Кўтармади қилични қўлга,
Ерга босди асодай… Малул …
Нима қилсин, темурий ўлка
Адосида мажруҳ эди ул.

Борар шоир… Шеър эмас, ё раб!
Дилда ҳаёт ва ўлим баҳси.
Кўзгудайин қиличи узра
Сўнаётган юлдузлар рақси.

Борар шоир. Дилда муқаррар
Ҳақ ёдию Ватан қайғуси.
Кимки ҳақдир, кимдир диловар
Тангри ўзи ҳофиз бўлғуси.

Олийшавкат Мирзога шул кун
Ғолибийят ёр бўлди гарчанд,
Замон, замон! Дилларга лекин
Қилич солдинг, айладинг парканд!

Ўшал саҳар фикр дурлари
Фалак аро юлдуздай йитди.
Муаррих ҳам шул тонг музтариб ,
Ҳасрат тўла саҳифа битди.

Хитодан то Хуросон қадар
Черик тортмай фатҳ этган зўр шер
Қилич тутди! Бўлганмиди кар
Шуҳрату тахт кўйида бир эл?

Ўшал саҳар узилди, ҳайҳот,
Не-не торлар шоир қалбидан:
“Фитна, ҳасад, хиёнат, иғво
Йўқолгайми қилич зарбидан?

Қачон битгай адоват, даъво?
Қачон бўлмас мансаб талоши?
Қачон мазҳаб жанглари аро
Тўкилмагай инсоннинг ёши?

Қачон тўлгай султонлар кўнгли?
Қачон эллар даврон сурар тинч?
Қачон тингай одамзод ўғли?
Қачон шоир кўтармас қилич?”

08

  Kutubxonamiz sahifalarida viloyatlarda yashab qalam tebratayotgan shoiru yozuvchilar ijodi bilan muntazam tanishtirib bormoqdamiz. O’tgan yili va kuni kecha buxorolik shoira, adabiyotshunos olima Nodira Afoqovaning Cho’lpon g’azallariga bog’lagan muxammaslari, betakror rus adibi Konstantin Paustovskiy hikoyalaridan qilgan tarjimalari bilan tanishtirgan edik. Bugun shoiraning bir turkum yangi she’rlarini diqqatingizga taqdim etmoqdamiz.

09
Nodira AFOQOVA
SHE’RLAR
09

 Adabiyotshunos olima va shoira Nodira Afoqova 1966 yil 20 noyabr` Buxoroda tug’ilgan. Filologiya fanlari doktori.Buxoro davlat universiteti professori. Bir necha she’riy va tarjima to’plamlari, «Jadid lirikasida musammat», «Jadid g’azaliyoti», XX asr o’zbek adabiyotida ruboiy va qit’a», » Shavkat Rahmon olami» va boshqa bir qator ilmiy-adabiy kitoblar muallifi.

011

***

“Al-vido’”ni aytdi turnalar,
Bir to’ldi-yu, bo’shadi osmon.
She’r yozmayin qo’ydim, jo’ralar,
O’shal g’amgin kunlardan buyon.

Kim u – gulday xayollarimni
Uzun-uzun tunlarga sochdi?
Hushtak chalib, xo’jayin kabi
Eshigimni shamollar ochdi.

Jim yotibdi darakchi tushlar,
Necha oykim, mushtoqman, zorman.
Kuzda uchib ketmadi qushlar,
Kuzda uchib ketgan bahor – man…

Qorlar yog’ar sassiz-sadosiz,
To’xtab qolar adashgan yo’llar.
Muz oynaga bosganicha yuz
Yo’l qaraydi naqshinkor gullar.

Bunchalar keng, tubsizdir osmon,
Adashmasmi ketgan turnalar?
O’shal g’amgin kunlardan buyon
She’r yozmayin qo’ydim, jo’ralar…

ERTAK

Men – qaldirg’och, sen – shoir bo’lsang…
Bulut kiysa kuzgi osmonlar,
Uchsa g’amgin dalalar uzra
Shamollarni mingan xazonlar.

Uchib ketsam quyoshni izlab,
Uchib ketsam beg’am, beboda.
Chatnasa-yu qanotlar, o’ynab
Mayin parlar qolsa havoda.

Daryolarga yugurib borsang,
Aytolmasang ma’yus tushingni.
Mayin qorlar yodingga solsa
Uchib ketgan erka qushingni.

Lahzalarni, kunlarni uzib
Otaversang ortingga badar.
Uchaversa she’rlaring qushdek
Olis-olis tonglarga qadar.

Bir kun… ko’klam ertaklariga
Eltsa borsa-kelmas yo’llari.
Musavvir Vaqt ermaklaridan
O’chsa qishning naqshin gullari.

Yashil bayroq ko’tarib, ichkin
Chopib chiqsa har bitta og’och…
Faqat… faqat men qaytmasam, men…
Nima qilar eding, qaldirg’och?

***

Ketding. Yana yolg’izlik eski
Oshnolarday darchamni chertdi.
Sensizlikka ko’nikmoq mushkul,
Nechun ketding, yolg’izim, ketding?!

O’xshamaydi avgustga avgust,
Bog’chalarda noayon zorlik.
Saharlarda vijirlaydi Kuz,
O’xshamaydi shodlikka shodlik.

Qaraysanmi oqshomlar oyga,
Ilg’aysanmi nigohlarimni –
Ko’kdan yerga oqquvchi soyda
Oyday suzgan gulmohilarni?

Suvday erib, ko’rasanmi tush
Zumurradsuv Amudaryoni –
Derazangga pastlab o’tgan qush
Bog’lagan chog’ yeru samoni?

G’ijimlarmi ko’ksingni ba’zan
Yara yanglig’ yalang haqiqat –
Intizorlik, kutish, sog’inchda
O’tarmizmi diydorga ilhaq?

Kalendardan birma-bir uchgan
Kapalaklar ortimda g’ujg’on.
Qo’y, ularni so’rama mendan,
Barisining ismidir “Hijron”.

Daryodayin oqib borar yo’l,
Qaydasan Sen, qaydadir yoshlik?
Sensizlikka ko’nikmoq mushkul,
O’xshamaydi shodlikka shodlik…

***

Ko’zlarimga qarama – dengiz,
Tublarida halokat bordir.
Endi ishqdan so’zlama, ishqning
Yo’llarida zalolat bordir.

Qonlarimda uyg’ondi junun,
Ko’targayman yiqilsa osmon.
Faqat ishqdan so’zlama, qalbning
Qudratini sindirar yolg’on.

Men sukutni nay qilib chalsam
Kuzga cho’mar dunyo bog’lari.
Tog’day o’sar oy ko’zgusida
Yuragimning jimit dog’lari.

Ko’ksimdadir olovrang yaproq,
Yonmasa bas bir kun jahonlar.
Pinhon yotar, axir, dildiroq
Yaproqlarda buyuk to’fonlar.

***

Muzladim. Nafas ber. Olov ber. Sas ber.
Bo’g’ildim. Havo ber, uzoq osmonim.
Yiqildim. Yiqitgan qasosdir, qasddir.
Buncha mazlum bo’lib tug’ilding, jonim?

Mayli, quyoshlarni qizg’angil, taqdir,
Mayli, har nafasim qorgil ko’z yoshga;
Bu qanday vahshiylik: qachondan, axir,
Musibat, iztirob bo’lmish tomosha?

***

Dalalar kiftida
Jigarrang rido,
Yomg’irlar qasida
Aytar boshida…

Xotira – mahshargoh,
Boshlanar g’avg’o:
Buncha dilga yaqin
Shu turishida.

Egatlar ichidan
Hamon rizq izlar –
Shamollar o’xshaydi
Dehqon onamga.

Bo’m-bo’sh qo’llarini
Falakka cho’zgan
G’o’zalar o’xshaydi
Dehqon otamga…

A YO L

Uning bois yaralgan beshak
Sog’inch, hasrat, shodlik va kadar.
U shundayin ajib bir xilqat
Zaifligi fazilat qadar.

O’ynaganda qilichlar qattol
Qoyadayin etolgan bardosh
Qahri qattiq erlar ham hatto
Huzurida to’kkanlar ko’z yosh.

Ikki dunyo arzimas, bu rost,
Oy jamoli, juft hiloliga.
Samarqandu manim Buxoro
Hadya bo’lmish bitta xoliga.

Balki haqdir, afsonadir yo
G’arib hol bu – shunday demishlar:
Uning uchun bo’lganmish go’yo
Dunyodagi jam’i urushlar.

Ulug’ Homer, Navoiy, Pushkin,
Shekspir va Gyote purg’am –
Ne shoirlar bir umr uning
Vasfi uchun yo’nmishlar qalam.

Uning bois yaralgan oyo
Falaklarda jannat, jahannam.
Ne bo’lardi uningsiz dunyo,
Ne bo’lardi Hazrati Odam?

Ko’zlarida kunduz ila tun,
Yuzlarida xurshidi tal’at,
Qoshlarining mehrobida din,
Oyoqlarin ostida jannat…

NAVRO’Z ALYORI

Nafas olsam – ichimda bog’ gullaganday,
Termulaman – qaro tuproq gullaganday,
Barmog’imda ming bir so’roq gullaganday:
Ko’klammidir, navro’zmidir, yosuman yo?
Omon-omon qo’shiqlar ayt, yor, omonyor.

Isyon qilar otashparast qizg’aldoq, hayy!
Qirlarini ko’targancha uchmoqchiday.
Ko’hna tog’lar daryo bo’lib ko’chmoqchiday,
Ko’kdan kelar payg’om bo’lib yangi alyor,
Omon-omon qo’shiqlar ayt, yor, omonyor.

Xandon otgan novdalar sho’x singlim manim,
Jim kuzatgan Yer – otamdir, munglim manim,
Goh kimnidir kechirmadi ko’nglim manim –
Navro’z, sandan uzrlarim qoldi bisyor,
Omon-omon qo’shiqlar ayt, yor, omonyor.

Quyosh mushfiq onam bo’lib sochim silar,
Tovonimni o’pmoq bo’lib maysa kular,
Tollar qo’lin cho’zib mendan neni tilar,
Farishtalar ta’zimgami keldi oyo?
Omon-omon qo’shiqlar ayt, yor, omonyor.

Navro’zning qilko’prigidan sog’ o’t, ey dil!
Neki bizga noravodir, tark et, ey dil!
Gar unutsa, do’stlarni ham unut, ey dil!
Shoir dilning gohi shunday hukmi ham bor,
Omon-omon qo’shiqlar ayt, yor, omonyor.

Omon-omon qo’shiqlar ayt, damdir bu dam,
Navro’z haqqi, ishqdir faqat bizning qasam,
Chekma g’ussa, suradirkim, keldi “Vash-shams” :
Muhabbatli dillarga zo’r mujdalar bor,
Omon-omon qo’shiqlar ayt, yor, omonyor.

ERNST HEMINGUEY

Mehvarida aylanar zamin,
Tong otmoqda, kun botayotir.
Boisi ne? Bilmayman. Lekin
Yuragimda ulkan xavotir.

Yomg’irlarda kezinaman jim,
Yog’averar tinimsiz oylab.
Vahma bosar nogoh, allakim
Turgan kabi yo’limni poylab.

Qo’ng’iroqlar meni so’roqlar,
Sevgilimga ocholmasman dil.
Tevarakda vasvasa oqar:
Meni pinhon tinglaydi kimdir.

So’nib borar yashamoq shavqi,
Ayqiradi ayg’ir shamollar.
Men dengizni yengarman balki,
Meni yanchar qora xayollar.

Do’stlarimdan shubha qilaman,
Ovozimdan cho’chiyman nega?
Solmaslarmi qo’limga kishan,
Tiqmaslarmi yerning komiga?

Men-ku chizdim hayotni ro’y-rost,
La’nat dedim qurolga, jangga.
Vahimami menga mukofot,
Vasvasami in’omdir menga.

Men sevgini sevgan edim-ku,
Kim ko’ksimga tosh osayotir?
Aylanmagin boshimda, qo’rquv,
Poylamagin yo’lim, xavotir.

Kunduzlari kezarlar hushyor,
Tunlarimga quyarlar zahar.
Kecham, ertam, bugunim, hatto
O’ylarimni titmoq tilarlar.

Qurshab kelar sharpalar – ayg’oq,
Qonim sotqin – qattol quyular.
Men yashashni sevardim, biroq
Hayot o’lim kabi tuyular.

Kezolmasman yomg’irda yolg’iz,
Boqolmasman ufqqa o’ychan.
Xat yozmasman… Ta’qibdadir so’z,
Hayhot, xayol surolmasman man.

O odamzod! O erk ovchisi,
Temir tuzum naqqoshlari, o!
O bozingar! Dil o’ynovchisi!
O’ynarmisan umrimni hatto?

Kelajak, sen gunohga botma,
Menga bilmay osmagin yorliq;
Men jonimga qasd qilmasman, ha,
Qasd qilmoqda oromxo’r borliq.

QILICH TUTGAN SHOIR

“Hiloliya” – muborak ash’or
Sadolari tinmayin hali
Ne bir sabab Husayn Mirzo
Poytaxtdan chiqdi tashqari.

Toju amlok talashlaridan
Tolg’in edi ulug’ saltanat.
Mansabu shon dardida bu gal
G’avg’o qildi Yodgor Muhammad.

Oysiz tunday, oftobsiz kunday,
Sultonidan ayru kabi taxt
Tortar edi musibat shunday
Hirot – o’shal muazzam poytaxt.

Hali qirqqa kirmagan Mirzo
Xabari yo’q yangi isyondan
Mamlakatga qaytdi-yu, ammo
Kirolmadi qasri shohonga.

Kengashdilar saltanat ahli,
Quvvatladi falakda nujum
Hali kirmay bomdod mahali
Isyonkorga boshlanur hujum.

O’radilar, turdilar saf-saf,
Nozik edi vaziyat g’oyat:
Kim birinchi boshlagaydir jahd,
Kim birinchi aylar jasorat?

Kimni kutar ul birinchi o’q? –
O’lim turar eshikda hushyor.
Lekin Vatan tikar edi ko’z.
Ko’z tikardi temuriy diyor.

Zamon, senga o’t ketsin, zamon!
Vayron bo’lgin, dunyoi so’qir!
Yoronlar, hay, ming-ming al’amon,
Qilich tutdi Alisher – shoir!

Qilich tutdi shoir Alisher
Ilk marta va oxirgi marta.
Nima qilsin, sho’rlik ona-Yer
Taloshlardan bo’lmishdi zada.

Yetmasmidi orzular zinhor
Ushalmayin madfun qolgani;
Yetmasmidi davron necha bor
Yuragiga qilich solgani?

Ko’tarmadi qilichni qo’lga,
Yerga bosdi asoday… Malul …
Nima qilsin, temuriy o’lka
Adosida majruh edi ul.

Borar shoir… She’r emas, yo rab!
Dilda hayot va o’lim bahsi.
Ko’zgudayin qilichi uzra
So’nayotgan yulduzlar raqsi.

Borar shoir. Dilda muqarrar
Haq yodiyu Vatan qayg’usi.
Kimki haqdir, kimdir dilovar
Tangri o’zi hofiz bo’lg’usi.

Oliyshavkat Mirzoga shul kun
G’olibiyyat yor bo’ldi garchand,
Zamon, zamon! Dillarga lekin
Qilich solding, aylading parkand!

O’shal sahar fikr durlari
Falak aro yulduzday yitdi.
Muarrix ham shul tong muztarib ,
Hasrat to’la sahifa bitdi.

Xitodan to Xuroson qadar
Cherik tortmay fath etgan zo’r sher
Qilich tutdi! Bo’lganmidi kar
Shuhratu taxt ko’yida bir el?

O’shal sahar uzildi, hayhot,
Ne-ne torlar shoir qalbidan:
“Fitna, hasad, xiyonat, ig’vo
Yo’qolgaymi qilich zarbidan?

Qachon bitgay adovat, da’vo?
Qachon bo’lmas mansab taloshi?
Qachon mazhab janglari aro
To’kilmagay insonning yoshi?

Qachon to’lgay sultonlar ko’ngli?
Qachon ellar davron surar tinch?
Qachon tingay odamzod o’g’li?
Qachon shoir ko’tarmas qilich?”

08

(Tashriflar: umumiy 873, bugungi 1)

Izoh qoldiring