Nurillo Narzullayev. Rejisyor. Badia.

048
Табиат ҳодисалари ҳақида илк одамларда ҳам маълум тасаввурлар бор эди. Қизиғи шундаки, биз инсон тафаккури маҳсули деб ўйлаган нанотехнологиянинг асоси бўлмиш нано найчалари бундан миллион йиллар олдин ҳам мавжуд бўлган экан. Ҳозир нанотехнология орқали коинотга лифт қуриш мумкин, де­йишаяпти. Техникага оид янгиликлар вақт-соати билан юзага чиқаверади, лекин одамзодга – ўзидан ташқарига чиқиб – ўзини англаши учун бор-йўғи 70-80 йил оралиғидаги умр берилган, холос. Бугунги авлод техниканинг бир авлод наридаги босқичларини кўрмайди. Ҳеч­қиси йўқ. Асл ҳикмат бошқа.

099
Нурулло Нарзуллаев
РЕЖИССЁР
Бадиа

Режиссёр мени шамнинг рўпарасига ўтқазиб, қандайдир фикрни ифодаламоқчи… Тасвирчи бу ҳолатни яққолроқ изоҳлайдиган кадр қўйиш пайида… Бунақа нўноқ режиссёрларнинг навбатдаги томошаларидан баъзан ҳафсалам пир бўлади.

Булар умрларининг ша­ми тўкилиб бораётганидан хабардормикан?

Бу аччиқ савол менга кўпдан бери таниш. Мен бир умр умрим шамига пар­вона бўлдим. Агар юрагим куймаганида, умрнинг аччиқ лаззатини, ҳаётнинг мураккаб ҳақи­қа­тини ҳис қилмаган бўлардим.

Тушуниш ҳам осон, ҳам қийин бўлган ҳаётда умрга ошуфталик бир пайтлар ҳазрат Навоийни ҳам қийнаган:

“Жондин сени кўп севармен, эй, умри азиз…”

Мен умримни ҳали яшамагандайман.

Юсуф Хос Ҳожибда ажиб ҳикмат бор. Соврилган умр ҳақида бундан ҳам гўзалроқ образли ифода бўлмаса керак: “Умрим бўйи қуш овлаш билан машғул бўлибману, асл қушни – ёшлигим қушини учириб юборибман.”

Шамоллар ҳасратини тушуниш қийин, денгизлар долғасидаги илоҳий ҳикматни тугал илғашга онг ва шуур ожизлик қилади.

Табиат ҳодисалари ҳақида илк одамларда ҳам маълум тасаввурлар бор эди. Қизиғи шундаки, биз инсон тафаккури маҳсули деб ўйлаган нанотехнологиянинг асоси бўлмиш нано найчалари бундан миллион йиллар олдин ҳам мавжуд бўлган экан. Ҳозир нанотехнология орқали коинотга лифт қуриш мумкин, де­йишаяпти. Техникага оид янгиликлар вақт-соати билан юзага чиқаверади, лекин одамзодга – ўзидан ташқарига чиқиб – ўзини англаши учун бор-йўғи 70-80 йил оралиғидаги умр берилган, холос. Бугунги авлод техниканинг бир авлод наридаги босқичларини кўрмайди. Ҳеч­қиси йўқ. Асл ҳикмат бошқа. Лифтда коинотга кўтарилиш шарт эмас, муҳими, одам ўзини англаши керак. Олам ичида туриб, ўзидан ташқарига чиқмоғи ва ўзини томоша қилмоғи лозим. У ана шундагина лаҳзани ҳис қилади, англайди, осон тушуниш мумкин бўлмаган абадиятни идрок этади.

“Дам – бу дамдир. Ўзга дамни дам дема.”

Одамнинг ўзи ҳар қандай мураккаб технологиядан кўра сирли ҳодиса. Шу ҳақиқат маълум бўлгани ҳолда, ҳамма нарса тириклик билан ўлимнинг орасидаги ҳикматдан иборат эканлиги қизиқ. Нимаданки кўз узсанг, ўша нарса ҳаёт нишонаси. Нимагаки кўз ташласанг, у сенга ўлимдан дарак беради. Балки шунинг учундир, ботинига чўккан шоир: “шеър ёзиш шарт эмас, нарсаларнинг аслига қарашнинг ўзи кифоя”, – дейди. Яхши гап. Эҳтимол, чуқур ҳикматдир. Лекин мен бу фикрга қўшилмайман. Нарсанинг аслига қараб, ҳикматни тушуниш мумкин бўлганида эди, ҳамма санъаткор бўларди. Рассом гулнинг мўъжизалигини била туриб, уни яна чизади. Нега у гулни чизаяпти? Биз унинг чизганидан кўра минг карра нафис, нозик, жонли мўъжиза бўлган гулнинг ўзини ушлаб кўришимиз, узишимиз ҳам мумкин-ку? Лекин нима учун асл гулдан рассом чизган гул қимматроқ? Санъаткор илҳом билан қилаётган мана шу ишининг боисини тушунса, коинотни тугал англайди. Лекин у илҳомининг боисини тушуниб етолмайди. Санъат шунинг учун ҳам илоҳий.

Нарсаларнинг асли ҳақида ўйлаш эса ҳаммага ҳам насиб қилавермайди.

Актёр. Ғалати халқ.

Унинг кўзида дард йўқ, дейди кимдир. Мен саҳнада актёрни эмас, одамни ўйнатмоқчи бўлдим. Шундай ҳам бўлди. У саҳнада қайсики образни яратишини хоҳласам, шуни яратишга ҳаракат қилди. Актёрнинг дардини, азобини, изтиробларини кўрдим. Аммо парда ортида уни барибир таниб бўлмади… Актёрнинг қисмати мени театр ҳақида эмас, ҳаёт ҳақида ўйлашга мажбур қилади. Шуни тушунган пайтингда кимдир Самуэл Беккет ва у асос сол­ган абсурд театри ҳақида гапирса, инсоннинг қалби табиатга ва табиатдаги нисбий вақтга нисбатан нақадар мураккаблигини ўйлаб қоласан.

Нисбий вақт ичида актёрнинг умри фақатгина саҳнага нисбатан эмас, балки ҳаётга нисбатан ҳам жавобсиз аччиқ саволдир. Абсурд театрини театр санъатининг яна бир поғонага кўтарилиши билан изоҳласа бўлади, бироқ театрнинг ўзи абсурд. Актёрнинг иши – девонанинг иши. Ва шундай экан, абсурд театрини изоҳлашга ҳожат йўқ.

Одамлар уйқудадирлар, ўлгач, уйғонадилар, деган ҳикмат бор. Ҳаёт туш бўлса, театр нима? Театр ўша тушнинг қайсидир тушунуксиз парчасими? Лекин ундаги виждон амрига оид даъватлар-чи? Одамнинг ўзи ҳақидаги саволлари-чи? Мен буни тушунтириб беролмайман. Бу мавзуда ҳеч бир файласуфнинг изоҳини тинглагим ҳам келмайди. Чунки театрда, ёки умуман, асл санъатда қалбни уйғотгувчи куч бор. Унда мол-дунё ёки фароғат ғафлатидаги кўнгилларимизни асл ҳақиқатдан огоҳ этадиган хитоб бор. Бир китоб бир одамнинг умри учун кифоя қилади, дейдилар. Менга битта китоб кўплик қилади. Менга санъат ғафлатдаги қалбни уйғотади, деган тушунчанинг ўзи кифоя.

Санъат инсонни аслига қайтишга, ўзини топишга ундайди.

Санъат – инсонни англаш йўлидаги илоҳий ҳодиса. Ёки уни оддийроқ қилиб, инсон учун ўзликни англаш йўлидаги илоҳий восита деса ҳам бўлади.

Санъаткор – инсон умри йўлидаги беҳожат қаландар. У шоир айтганидек типирчилайди, куяди, ўртанади, тўкилади. У найга ўхшайди.

Тингла, най андоқ ҳикоятлар қилур,
Ким, жудолиғдин шикоятлар қилур.

Агар санъаткор йўлдан адашса, маънан ҳалок бўлади. Шавқни, юксак эҳтиросни кўтаролмаслик ҳам адашишга сабаб бўлиши мумкин. Ёз кунларида эрталаб боғни айлансангиз, шавқи ичига сиғмасдан, юраги ёрилиб ўлган битта-иккита булбулга кўзингиз тушади. Айрим санъаткорлар жон ҳолатда сайраган ўша булбулга ўхшайди, ўзларини асрай олмайдилар.

Санъаткорнинг ҳаёти ҳам оддий одамларнинг ҳаёти каби эътиқодига кўра кечади. Одамнинг эътиқоди борасида эса бирор нарса дейиш жуда мушкул иш. Мен учун эътиқод ўзликни қидириш, шу йўл орқали яратганнинг Ўзини англаш.

Умрим давомида ғалати бир ҳолга гувоҳ бўлдим: шундай одамлар борки, улар тақводан кўра, илмга муҳтож. Ва яна шундай одамлар борки, уларнинг қалблари тақвога муҳтож. Менимча, одам ўзини қидирмаса, аввало, ўзини қидиришга эҳтиёж сезмаса, унинг ёруғ дунёга келганидан нима маъно бор? Ўзини қидирмаган одамнинг ибодати ҳам, илми ҳам беҳуда эмасми?!

Узоқ замонлар олдин, дарвешлардан бири Боязиднинг эшигини қоқиб, менга Боязид Бистомий керак, дейди. Боязид унга жавобан шундай дейди: “Ўттиз йилдирки, мен ҳам Боязидни қидираяпман, ҳануз уни тополганим йўқ.”

“Эл нетиб топқай мениким, мен ўзимни топмасам.”

Зарра ва коинот ҳақидаги ўйлар…

Мураккаб инсон тушунчаси…
Бир-биридан ажратиб бўлмайдиган фасллар… ойлар… йиллар…
Бахт қушидан кўра чиройли қушим – кўрмаганим, тутмаганим – ёшлигимнинг қуши.
Навоий инсон умри абадият қаршисида бир лаҳзача эмаслигини анг­лагани учун ҳам бошқалардан кўра кўпроқ қийналган бўлса керак.

“Менинг заволиму,
Сенинг камолинг – тун ила тонг.”

Яна оқшом чўкаяпти.
Мен яна енгилдим.

099
Nurullo Narzullaev
REJISSYOR
Badia

Rejissyor meni shamning ro’parasiga o’tqazib, qandaydir fikrni ifodalamoqchi… Tasvirchi bu holatni yaqqolroq izohlaydigan kadr qo’yish payida… Bunaqa no’noq rejissyorlarning navbatdagi tomoshalaridan ba’zan hafsalam pir bo’ladi.

Bular umrlarining sha­mi to’kilib borayotganidan xabardormikan?

Bu achchiq savol menga ko’pdan beri tanish. Men bir umr umrim shamiga par­vona bo’ldim. Agar yuragim kuymaganida, umrning achchiq lazzatini, hayotning murakkab haqi­qa­tini his qilmagan bo’lardim.

Tushunish ham oson, ham qiyin bo’lgan hayotda umrga oshuftalik bir paytlar hazrat Navoiyni ham qiynagan:

“Jondin seni ko’p sevarmen, ey, umri aziz…”

Men umrimni hali yashamagandayman.

Yusuf Xos Hojibda ajib hikmat bor. Sovrilgan umr haqida bundan ham go’zalroq obrazli ifoda bo’lmasa kerak: “Umrim bo’yi qush ovlash bilan mashg’ul bo’libmanu, asl qushni – yoshligim qushini uchirib yuboribman.”

Shamollar hasratini tushunish qiyin, dengizlar dolg’asidagi ilohiy hikmatni tugal ilg’ashga ong va shuur ojizlik qiladi.

Tabiat hodisalari haqida ilk odamlarda ham ma’lum tasavvurlar bor edi. Qizig’i shundaki, biz inson tafakkuri mahsuli deb o’ylagan nanotexnologiyaning asosi bo’lmish nano naychalari bundan million yillar oldin ham mavjud bo’lgan ekan. Hozir nanotexnologiya orqali koinotga lift qurish mumkin, de­yishayapti.
Texnikaga oid yangiliklar vaqt-soati bilan yuzaga chiqaveradi, lekin odamzodga – o’zidan tashqariga chiqib – o’zini anglashi uchun bor-yo’g’i 70-80 yil oralig’idagi umr berilgan, xolos. Bugungi avlod texnikaning bir avlod naridagi bosqichlarini ko’rmaydi. Hech­qisi yo’q. Asl hikmat boshqa. Liftda koinotga ko’tarilish shart emas, muhimi, odam o’zini anglashi kerak. Olam ichida turib, o’zidan tashqariga chiqmog’i va o’zini tomosha qilmog’i lozim. U ana shundagina lahzani his qiladi, anglaydi, oson tushunish mumkin bo’lmagan abadiyatni idrok etadi.

“Dam – bu damdir. O’zga damni dam dema.”

Odamning o’zi har qanday murakkab texnologiyadan ko’ra sirli hodisa. Shu haqiqat ma’lum bo’lgani holda, hamma narsa tiriklik bilan o’limning orasidagi hikmatdan iborat ekanligi qiziq. Nimadanki ko’z uzsang, o’sha narsa hayot nishonasi. Nimagaki ko’z tashlasang, u senga o’limdan darak beradi. Balki shuning uchundir, botiniga cho’kkan shoir: “she’r yozish shart emas, narsalarning asliga qarashning o’zi kifoya”, – deydi. Yaxshi gap. Ehtimol, chuqur hikmatdir. Lekin men bu fikrga qo’shilmayman. Narsaning asliga qarab, hikmatni tushunish mumkin bo’lganida edi, hamma san’atkor bo’lardi. Rassom gulning mo»jizaligini bila turib, uni yana chizadi. Nega u gulni chizayapti? Biz uning chizganidan ko’ra ming karra nafis, nozik, jonli mo»jiza bo’lgan gulning o’zini ushlab ko’rishimiz, uzishimiz ham
mumkin-ku? Lekin nima uchun asl guldan rassom chizgan gul qimmatroq? San’atkor ilhom bilan qilayotgan mana shu ishining boisini tushunsa, koinotni tugal anglaydi. Lekin u ilhomining boisini tushunib yetolmaydi. San’at shuning uchun ham ilohiy.

Narsalarning asli haqida o’ylash esa hammaga ham nasib qilavermaydi.

Aktyor. G’alati xalq.

Uning ko’zida dard yo’q, deydi kimdir. Men sahnada aktyorni emas, odamni o’ynatmoqchi bo’ldim. Shunday ham bo’ldi. U sahnada qaysiki obrazni yaratishini xohlasam, shuni yaratishga harakat qildi. Aktyorning dardini, azobini, iztiroblarini ko’rdim. Ammo parda ortida uni baribir tanib bo’lmadi… Aktyorning qismati meni teatr haqida emas, hayot haqida o’ylashga majbur qiladi. Shuni tushungan paytingda kimdir Samuel Bekket va u asos sol­gan absurd teatri haqida gapirsa, insonning qalbi tabiatga va tabiatdagi nisbiy vaqtga nisbatan naqadar murakkabligini o’ylab qolasan.

Nisbiy vaqt ichida aktyorning umri faqatgina sahnaga nisbatan emas, balki hayotga nisbatan ham javobsiz achchiq savoldir. Absurd teatrini teatr san’atining yana bir pog’onaga ko’tarilishi bilan izohlasa bo’ladi, biroq teatrning o’zi absurd. Aktyorning ishi – devonaning ishi. Va shunday ekan, absurd teatrini izohlashga hojat yo’q.

Odamlar uyqudadirlar, o’lgach, uyg’onadilar, degan hikmat bor. Hayot tush bo’lsa, teatr nima? Teatr o’sha tushning qaysidir tushunuksiz parchasimi? Lekin undagi vijdon amriga oid da’vatlar-chi? Odamning o’zi haqidagi savollari-chi? Men buni tushuntirib berolmayman. Bu mavzuda hech bir faylasufning izohini tinglagim ham kelmaydi. Chunki teatrda, yoki umuman, asl san’atda qalbni uyg’otguvchi kuch bor. Unda mol-dunyo yoki farog’at g’aflatidagi ko’ngillarimizni asl haqiqatdan ogoh etadigan xitob bor. Bir kitob bir odamning umri uchun kifoya qiladi, deydilar. Menga bitta kitob ko’plik qiladi. Menga san’at g’aflatdagi qalbni uyg’otadi, degan tushunchaning o’zi kifoya.

San’at insonni asliga qaytishga, o’zini topishga undaydi.

San’at – insonni anglash yo’lidagi ilohiy hodisa. Yoki uni oddiyroq qilib, inson uchun o’zlikni anglash yo’lidagi ilohiy vosita desa ham bo’ladi.

San’atkor – inson umri yo’lidagi behojat qalandar. U shoir aytganidek tipirchilaydi, kuyadi, o’rtanadi, to’kiladi. U nayga o’xshaydi.

Tingla, nay andoq hikoyatlar qilur,
Kim, judolig’din shikoyatlar qilur.

Agar san’atkor yo’ldan adashsa, ma’nan halok bo’ladi. Shavqni, yuksak ehtirosni ko’tarolmaslik ham adashishga sabab bo’lishi mumkin. Yoz kunlarida ertalab bog’ni aylansangiz, shavqi ichiga sig’masdan, yuragi yorilib o’lgan bitta-ikkita bulbulga ko’zingiz tushadi. Ayrim san’atkorlar jon holatda sayragan o’sha bulbulga o’xshaydi, o’zlarini asray olmaydilar.

San’atkorning hayoti ham oddiy odamlarning hayoti kabi e’tiqodiga ko’ra kechadi. Odamning e’tiqodi borasida esa biror narsa deyish juda mushkul ish. Men uchun e’tiqod o’zlikni qidirish, shu yo’l orqali yaratganning O’zini anglash.

Umrim davomida g’alati bir holga guvoh bo’ldim: shunday odamlar borki, ular taqvodan ko’ra, ilmga muhtoj. Va yana shunday odamlar borki, ularning qalblari taqvoga muhtoj. Menimcha, odam o’zini qidirmasa, avvalo, o’zini qidirishga ehtiyoj sezmasa, uning yorug’ dunyoga kelganidan nima ma’no bor? O’zini qidirmagan odamning ibodati ham, ilmi ham behuda emasmi?!

Uzoq zamonlar oldin, darveshlardan biri Boyazidning eshigini qoqib, menga Boyazid Bistomiy kerak, deydi. Boyazid unga javoban shunday deydi: “O’ttiz yildirki, men ham Boyazidni qidirayapman, hanuz uni topolganim yo’q.”

“El netib topqay menikim, men o’zimni topmasam.”

Zarra va koinot haqidagi o’ylar…

Murakkab inson tushunchasi…
Bir-biridan ajratib bo’lmaydigan fasllar… oylar… yillar…
Baxt qushidan ko’ra chiroyli qushim – ko’rmaganim, tutmaganim – yoshligimning qushi.
Navoiy inson umri abadiyat qarshisida bir lahzacha emasligini ang­lagani uchun ham boshqalardan ko’ra ko’proq qiynalgan bo’lsa kerak.

“Mening zavolimu,
Sening kamoling – tun ila tong.”

Yana oqshom cho’kayapti.
Men yana yengildim.

хдк

 

(Tashriflar: umumiy 146, bugungi 1)

Izoh qoldiring