Nurulloh Muhammad Raufxon. Etakdagi kulba.

03

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон. Этакдаги кулба. Тошкент. «Akademnashr» нашриёти. 376 бет, 1000 нусха, 2014 / Nurulloh Muhammad Raufxon. Etakdagi kulba. Toshkent. «Akademnashr» nashriyoti. 376 bet, 1000 nusxa, 2014

«…мен кимман – ўзидан-ўзи пайдо бўлиб қолган, қийматсиз, тасодифий бир нарсаманми ёки яратилишимдан кўзланган олий мақсадлар туфайли юксак даражада қиймат берилган бир олий яралмишманми?! Ҳаёт нима – бугун бор, эртага йўқ бўладиган қийматсиз, мазмунсиз бир вақт тушунчасими ёки эртага ҳам давом этадиган абадий ҳаётнинг бошланғич палласими?! Ўлим нима – тасодифий келишнинг муқаррар якуни бўлмиш абадий йўқликми ёки вақтинчалик ҳаётдан абадий борликка, абадий ҳаётга ўтиш ҳолатими?! Ёзувчи ижодда шу ўзак билимга асосланса, адабиёт ҳаётни шу нуқтаи назардан ёритса, замонлар ўтса ҳам мавзуи эскирмайди, ўқиган одамни ҳаяжонга солаверади…»
Ушбу китобга адибнинг сара асарлари тўпланди.

022
Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон
ЭТАКДАГИ КУЛБА
023

04   Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон (Нурулло Отахонов) 1955 йил 14 февралида Фарғона вилояти, Ўзбекистон туманидаги Ойимча қақир қишлоғида хизматчи оиласида туғилган. Тошкент Давлат (ҳозирги Миллий ) Университетининг Ўзбек филологияси бўлимида таҳсил олган. Меҳнат фаолиятини Сурхондарё вилоят Ленинйўли (ҳозирги Қизириқ) туманидаги саккиз йиллик мактабда ўқитувчиликдан бошлаган. 1981-1991-йилларда «Ёшлик» журнали таҳририятида хатларни ҳисобга олувчи, муҳаррир ва бўлим мудири, «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси таҳририятида мухбир, “Муштум” журнали таҳририятида масъул котиб бўлиб ишлаган. 1991-йилдан Ўзбекистон мусулмонлари диний идорасининг «Мовароуннаҳр» нашриётида бош муҳаррир, «Шарқ юлдузи» журнали таҳририятида бўлим мудири ва «Ҳидоят» журнали таҳририятида бош муҳаррир. 2010- 2014 йиллар «Мовароуннаҳр» нашриётининг бош директори лавозимида ишлаб келган.
Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон «Оқ бино оқшомлари» ҳикояси ва айни номдаги киносценарий муаллифидир. Ёзувчининг «Дунё кенг» (ҳикоялар, 1986) ҳамда «Шу ерлик киши» (қисса ва ҳикоя, 1988) китоблари чоп этилган. У шунингдек, Алишер Навоийнинг «Лайли ва Мажнун» достони асосида икки қисмли киносценарий ёзган. Турк, гуржи, хитой ва рус адибларининг бир қатор асарлари, Темур Пўлатовнинг «Завсегдатай» («Шинаванда») қиссаси ҳамда «Черепаха Тарази» («Торозий тошбақаси») романларини ўзбек тилига таржима қилган. Ҳозирги замон турк адиби, олими Аҳмад Лутфий Қозончининг олти жилдлик «Саодат асри қиссалари» асари ҳам Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон таржимасида ўзбек тилида дунё юзини кўрган ва бир неча марта қайта нашр этилган.

023

07Жимжит Қишлоққа жимжитликни бузиб ўхшовсиз бир девона оралади. У бир маром ва бир оҳангда нималардир деб жар солар, ора-чира жинкўчанинг икки томонидаги пастқам уйларга ва ундан ҳам пастқам эшикларга кўз ташлаб, гўё жарига жавоб кутар эди.
Ер юзида пайдо бўлганидан бери Қишлоқ бунақа девоналарни, ҳар турли келган-кетганни кўп кўрган. Бирда: «Қайчи-пичоқ ўткирлайма-а-ан! Ўроқ-кетмон эговлайма-а-ан!» деб чархчи жар солиб ўтади. Қишлоқда нима кўп, ўтмас пичоғу тўмтоқ кетмон кўп – бир зумда ҳаммаси шақир-шуқур қилиб чархчининг олдида тўпланади. Бирда чегачи келиб қолади: «Синган чойнак-пиёла чегалайма-а-ан!» Қишлоқликлар болаларининг қўлларига чақа бериб, чегачининг олдинги келиши билан ҳозирги келиши оралиғида синган чойнак-пиёла ва коса-лаганларини тутқазиб, кўчага чиқазишади. Яна: «Жун олама-ан!» дегани қанча, «Увада титама-ан!» дегани қанча. Бошқа кунлари Қишлоқ қиш бўлса қора¬совуқдан дилдираб, ёз бўлса саратондан жизғинаги чиқиб ётаверади. Баҳорда бир нафас олади, кузда бир нафас чиқаради. Зерикарли.

Бунақа келгиндиларни кўравериб Қишлоқ кўникиб кетган, ҳамишаги ҳол деб қарайди. Девонага ҳам парво қилмаслиги мумкин эди, лекин унинг сўзлари бу гал сал бўлакчароқ туюлди. Девона одам¬лардан қотган нон эмас, эски кийим-бош эмас, нимадир бошқа нарса сўраётган эди:
— Уйи куйган ким бор?.. Моли куйган ким бор?.. Бағри куйган ким бор?..
Қишлоқ сергак тортди, шубҳаланди. Зерикарли ва туссиз ҳаётига сал бўлса-да бўлакча бир ҳаво киритиши мумкин бўлган бу ишдан негадир қувонмади, аксинча, бир оз қўрқинч босди уни.

Ғалати товуш ва ундан ҳам ғалати сўзлар эгасини кўришга қизиққан тажрибасиз бола-бақрага тажрибали ота-оналар ўшқириб беришди:
– Ҳа, қаёққа?! Қайт орқангга!
– Эшикни тамбала! Уйда хап ўтир!

Диққинафас кўчада ҳали ҳам Девонанинг товуши кезар, жимжитлик шовқинидан том битган қулоқларга унинг товуши аллақандай ёқимли бир эпкин бўлиб кирар, ҳатто ширали эшитилар эди:
—Уйи куйган ким бор?.. Моли куйган ким бор?.. Бағри куйган ким бор?..
Минг тийилмасин, барибир мароқ устун келди: қаттиқ тамбаланган, зулфинланган ва камига яна ичдан қулфланган эшиклар орқасига Қишлоқ аста-секин ва ихтиёрсиз равишда сурилиб келди, тирқишлардан кўчага мўралай бошлади.

Ким бўлди бу одам? Нега бирдан бунақа нарсаларни сўроқлаб қолди? Уста бўлиб устага ўхшамайди, куйган уйларни бутлаб берай деса? Бой бўлиб бойга ўхшамайди, моли куйганларга суянчиқ бўлса? Табиб бўлиб табибга ўхшамайди, куйган бағирларга дори қўйса? Ким ахир?..

Ғирт девона! Сўзи туришига, туриши сўзига уйғун келмайдиган дали! Албатта, Қишлоқда уйи, моли ё бағри куйганлар қанча, лекин шу пайтгача биров буларни сўрамаган-да. Узоқдан келиб сўраш тугул, қишлоқликларнинг ўзи ҳам бир-биридан юрак ютиб, товуш чиқариб ҳол сўрамай қўйган. Бир ҳисобга, сўраб нима қилади, қачондан бери бир осмон остида, бир тупроқ устида бирга-бирга яшаб келади, бир-бирининг ҳолини ҳар ким ўзи кўриб-билиб турибди, кўриб-билиб турган нарсасини яна сўрайдими?!
Шундай бир паллада… қандайдир бир Девона… иссиқдан пишиллаб ётган Қишлоқда… кўчама-кўча юриб… қанақадир бир нарсалар деса!

Жинкўчалар узра момақалдироқдек туйқус янграган бу товуш, албатта, шубҳали ва қўрқинчли эди. Ахир, момақалдироқ ҳам баҳорга ярашади. Куздаям майли дейлик, аммо ёзнинг қоқ ўртасида гулдираши…
– Нима деяпти? – деб сўрайди қизиқувчан хотинлар.
– Овозингни ўчир! Ишинг бўлмасин! – деб жеркийди эҳтиёткор эрлар.

Ичкариларда ҳол бу экан, ташқарида Девона ҳайрон эди. Ўликми бу қишлоқ, деб ўйлайди. Узун умри ичида не-не юртларни кезди, не-не одамларни кўрди, аммо бунақа гунг Қишлоққа энди йўлиқиши. Бирон-бир офатдан аҳолиси қирилиб, кимсасиз шўппайиб қолган шаҳару қишлоқлар ўтмишда кўп бўлган, албатта. Бу қишлоққаям яқин орада бирон офат келдимикан ё? Ундай деса, кўринишидан жуда унақа ташландиқ маконга ўхшамайди, яқин-яқинларгача одам яшаганининг излари билиниб турибди.
Лекин жимжитлик, худди ўлик дейсиз.

Шунга қарамай, Девона қандайдир бир ички сезги билан, Қишлоқда биронта тирик жонзот қолган бўлиши керак-ку, ахир, деган умидда жар солишдан тўхтамасди:
— Уйи куйган ким бор?.. Моли куйган ким бор?.. Бағри куйган ким бор?..
Шу палла… этакдаги бир эшик ғийқиллади. Бунақа сўровга жавобан биронта эшикнинг очилишини сира кутмаган Қишлоқ сапчиб тушди. Шу дамгача жимжит кечаётган турмушини безовта қилган бу ғийқиллаш, назарида, яна жуда узоқ замон боши узра қўрқинч солиб янграб тургандай бўлди. Эшикларни қия очиб, ҳадик-хавотирда, товуш чиққан томонга мўралади.

Этакдаги кулбада эски замонлардан бери бу Қишлоққа бегона бир одам яшарди. Қаердан келиб қолган, ота-онаси ким, ҳешлари борми, нима иш қилади – Қишлоқ буни билмас, уни танимас эди. Кейинги пайтлар ҳамма ўзи билан ўзи бўлиб кетиб, Бегона баттар кўзга чалинмай қолганидан, ҳатто ўлдига ҳам чиқариб қўйган.

Бу нима деган гап, бир киши ўлса, Қишлоқ билмасми, одамлар тўпланиб кўммасми?!.
Ҳа, одам тўпланмаса ҳам, ўлган кишини кўммаса ҳам, кимнингдир ўлганини Қишлоқ билмай қолса ҳам, бўлавераркан! Нега деганда, ҳозир кўплар ҳовлисидан ўзига гўр қазиб, уйини мозор қилиб олган – шу йўл ўнғай келиб қолди: ҳа, деса, ювинмаёқ, кафанга ўранмаёқ, гўрига кириб кетяпти. Ўлиш осон ва текин бўлиб қолди. Ҳеч кимга оғирингиз тушмайди, Қишлоқ ҳам билмай қолаверади.

Йўқ, ҳартугул, Бегона ҳали ўлмаган экан, ўлмаганини Қишлоққа ёғсираган эшиги билдирди. Жимжитлик пардасини чок-чокидан сўкиб, бу пасқам эшик бу улкан оламга жар солди:
— Ғий-й-йиқ!..
Кейин остонада Бегонанинг жуссаси ҳам кўринди. Бўйнини чўзиб, пича теваракни синчилади, ниҳоят, кўнгли тинчландими, аста кўчага оёқ қўйди.
Девона тўхтади. Ўлимсанги Қишлоқда туйқус пайдо бўлган бу тирик одамга ажабсиниб қаради.

Чиндан ҳам, Бегона шу туришида худди гўрдан чиқиб келаётганга ўхшарди: тириш босган юзида қон асари йўқ, ўсиқ қошларидан қулоқларигача, қулоқларидан елкаларигача, елкаларидан бурнию патила соқол-мўйловигача ўргимчак ин тўқиб ташлаган; кийимлари ҳам илвироқ. Юрганида, ўргимчак тўрларини авайлагандай, оёғидан бошқа жойини қимирлатмасликка тиришиб юрарди.

Девонага яқинроқ келиб, тўхтади. Оғзини хиёл очди, орада Қишлоққа олазарак боқди, ҳайиқдими, гапира олмади, аммо нималардир дегиси келаётгани қуюқ тўр ичра хирагина йилтираб турган кўзларидан билгили эди.
Девона узоқ кутди, ҳадеганда Бегонадан сас чиқавермагач, ўзи бирнималар дегандай бўлди.

Қишлоқ унинг гапини эшитмади, лекин кўчага чиқишга, бу Девона билан бу Бегонага яқинлашишга, гапларига қулоқ солишга юраги бетламади ҳам.
Девона яна кута-кута, кутганига эришавермагач, охири Бегонанинг ис босган қулоғига оғзини қўйди ва… бир ўкирди!

Бу ўкириқдан Бегона титраб кетди, бошию қўлларини ихтиёрсиз қимирлатиб юборди.
Ўргимчак тўрлари чирт узилди.

Кейин Девона кетди. Жар ҳам солмай қўйди, орқасига ҳам қарамади, Қишлоқда қандай тўсатдан ва билинтирмай пайдо бўлган бўлса, шундай тўсатдан ва билинтирмай йўқолди.
Бегона яна эшигини ғийқиллатиб… гўрига кириб кетди.

Қишлоқ тағин жимжитлик чуқурига чўкди.

Бу сирли-жумбоқли манзара кўзлардан тез ўчгани сингари эслардан ҳам тез ўчди. Худди аслида бўлмагандай…

033

022
Nurulloh Muhammad Raufxon
ETAKDAGI KULBA
023

08Nurulloh Muhammad Raufxon (Nurullo Otaxonov) 1955 yil 14 fevralida Farg’ona viloyati, O’zbekiston tumanidagi Oyimcha qaqir qishlog’ida xizmatchi oilasida tug’ilgan. Toshkent Davlat (hozirgi Milliy ) Universitetining O’zbek filologiyasi bo’limida tahsil olgan. Mehnat faoliyatini Surxondaryo viloyat Leninyo’li (hozirgi Qiziriq) tumanidagi sakkiz yillik maktabda o’qituvchilikdan boshlagan. 1981-1991-yillarda «Yoshlik» jurnali tahririyatida xatlarni hisobga oluvchi, muharrir va bo’lim mudiri, «O’zbekiston adabiyoti va san’ati» gazetasi tahririyatida muxbir, “Mushtum” jurnali tahririyatida mas’ul kotib bo’lib ishlagan. 1991-yildan O’zbekiston musulmonlari diniy idorasining «Movarounnahr» nashriyotida bosh muharrir, «Sharq yulduzi» jurnali tahririyatida bo’lim mudiri va «Hidoyat» jurnali tahririyatida bosh muharrir. 2010- 2014 yillar «Movarounnahr» nashriyotining bosh direktori lavozimida ishlab kelgan.
Nurulloh Muhammad Raufxon «Oq bino oqshomlari» hikoyasi va ayni nomdagi kinostsenariy muallifidir. Yozuvchining «Dunyo keng» (hikoyalar, 1986) hamda «Shu yerlik kishi» (qissa va hikoya, 1988) kitoblari chop etilgan. U shuningdek, Alisher Navoiyning «Layli va Majnun» dostoni asosida ikki qismli kinostsenariy yozgan. Turk, gurji, xitoy va rus adiblarining bir qator asarlari, Temur Po’latovning «Zavsegdatay» («Shinavanda») qissasi hamda «Cherepaxa Tarazi» («Toroziy toshbaqasi») romanlarini o’zbek tiliga tarjima qilgan. Hozirgi zamon turk adibi, olimi Ahmad Lutfiy Qozonchining olti jildlik «Saodat asri qissalari» asari ham Nurulloh Muhammad Raufxon tarjimasida o’zbek tilida dunyo yuzini ko’rgan va bir necha marta qayta nashr etilgan.

023

Jimjit Qishloqqa jimjitlikni buzib o’xshovsiz bir devona oraladi. U bir marom va bir ohangda nimalardir deb jar solar, ora-chira jinko’chaning ikki tomonidagi pastqam uylarga va undan ham pastqam eshiklarga ko’z tashlab, go’yo jariga javob kutar edi.

Yer yuzida paydo bo’lganidan beri Qishloq bunaqa devonalarni, har turli kelgan-ketganni ko’p ko’rgan. Birda: «Qaychi-pichoq o’tkirlayma-a-an! O’roq-ketmon egovlayma-a-an!» deb charxchi jar solib o’tadi. Qishloqda nima ko’p, o’tmas pichog’u to’mtoq ketmon ko’p – bir zumda hammasi shaqir-shuqur qilib charxchining oldida to’planadi. Birda chegachi kelib qoladi: «Singan choynak-piyola chegalayma-a-an!» Qishloqliklar bolalarining qo’llariga chaqa berib, chegachining oldingi kelishi bilan hozirgi kelishi oralig’ida singan choynak-piyola va kosa-laganlarini tutqazib, ko’chaga chiqazishadi. Yana: «Jun olama-an!» degani qancha, «Uvada titama-an!» degani qancha. Boshqa kunlari Qishloq qish bo’lsa qora¬sovuqdan dildirab, yoz bo’lsa saratondan jizg’inagi chiqib yotaveradi. Bahorda bir nafas oladi, kuzda bir nafas chiqaradi. Zerikarli.

Bunaqa kelgindilarni ko’raverib Qishloq ko’nikib ketgan, hamishagi hol deb qaraydi. Devonaga ham parvo qilmasligi mumkin edi, lekin uning so’zlari bu gal sal bo’lakcharoq tuyuldi. Devona odam¬lardan qotgan non emas, eski kiyim-bosh emas, nimadir boshqa narsa so’rayotgan edi:
— Uyi kuygan kim bor?.. Moli kuygan kim bor?.. Bag’ri kuygan kim bor?..
Qishloq sergak tortdi, shubhalandi. Zerikarli va tussiz hayotiga sal bo’lsa-da bo’lakcha bir havo kiritishi mumkin bo’lgan bu ishdan negadir quvonmadi, aksincha, bir oz qo’rqinch bosdi uni.

G’alati tovush va undan ham g’alati so’zlar egasini ko’rishga qiziqqan tajribasiz bola-baqraga tajribali ota-onalar o’shqirib berishdi:
– Ha, qayoqqa?! Qayt orqangga!
– Eshikni tambala! Uyda xap o’tir!

Diqqinafas ko’chada hali ham Devonaning tovushi kezar, jimjitlik shovqinidan tom bitgan quloqlarga uning tovushi allaqanday yoqimli bir epkin bo’lib kirar, hatto shirali eshitilar edi:
—Uyi kuygan kim bor?.. Moli kuygan kim bor?.. Bag’ri kuygan kim bor?..
Ming tiyilmasin, baribir maroq ustun keldi: qattiq tambalangan, zulfinlangan va kamiga yana ichdan qulflangan eshiklar orqasiga Qishloq asta-sekin va ixtiyorsiz ravishda surilib keldi, tirqishlardan ko’chaga mo’ralay boshladi.

Kim bo’ldi bu odam? Nega birdan bunaqa narsalarni so’roqlab qoldi? Usta bo’lib ustaga o’xshamaydi, kuygan uylarni butlab beray desa? Boy bo’lib boyga o’xshamaydi, moli kuyganlarga suyanchiq bo’lsa? Tabib bo’lib tabibga o’xshamaydi, kuygan bag’irlarga dori qo’ysa? Kim axir?..

G’irt devona! So’zi turishiga, turishi so’ziga uyg’un kelmaydigan dali! Albatta, Qishloqda uyi, moli yo bag’ri kuyganlar qancha, lekin shu paytgacha birov bularni so’ramagan-da. Uzoqdan kelib so’rash tugul, qishloqliklarning o’zi ham bir-biridan yurak yutib, tovush chiqarib hol so’ramay qo’ygan. Bir hisobga, so’rab nima qiladi, qachondan beri bir osmon ostida, bir tuproq ustida birga-birga yashab keladi, bir-birining holini har kim o’zi ko’rib-bilib turibdi, ko’rib-bilib turgan narsasini yana so’raydimi?!
Shunday bir pallada… qandaydir bir Devona… issiqdan pishillab yotgan Qishloqda… ko’chama-ko’cha yurib… qanaqadir bir narsalar desa!

Jinko’chalar uzra momaqaldiroqdek tuyqus yangragan bu tovush, albatta, shubhali va qo’rqinchli edi. Axir, momaqaldiroq ham bahorga yarashadi. Kuzdayam mayli deylik, ammo yozning qoq o’rtasida guldirashi…
– Nima deyapti? – deb so’raydi qiziquvchan xotinlar.
– Ovozingni o’chir! Ishing bo’lmasin! – deb jerkiydi ehtiyotkor erlar.

Ichkarilarda hol bu ekan, tashqarida Devona hayron edi. O’likmi bu qishloq, deb o’ylaydi. Uzun umri ichida ne-ne yurtlarni kezdi, ne-ne odamlarni ko’rdi, ammo bunaqa gung Qishloqqa endi yo’liqishi. Biron-bir ofatdan aholisi qirilib, kimsasiz sho’ppayib qolgan shaharu qishloqlar o’tmishda ko’p bo’lgan, albatta. Bu qishloqqayam yaqin orada biron ofat keldimikan yo? Unday desa, ko’rinishidan juda unaqa tashlandiq makonga o’xshamaydi, yaqin-yaqinlargacha odam yashaganining izlari bilinib turibdi.
Lekin jimjitlik, xuddi o’lik deysiz.

Shunga qaramay, Devona qandaydir bir ichki sezgi bilan, Qishloqda bironta tirik jonzot qolgan bo’lishi kerak-ku, axir, degan umidda jar solishdan to’xtamasdi:
— Uyi kuygan kim bor?.. Moli kuygan kim bor?.. Bag’ri kuygan kim bor?..
Shu palla… etakdagi bir eshik g’iyqilladi. Bunaqa so’rovga javoban bironta eshikning ochilishini sira kutmagan Qishloq sapchib tushdi. Shu damgacha jimjit kechayotgan turmushini bezovta qilgan bu g’iyqillash, nazarida, yana juda uzoq zamon boshi uzra qo’rqinch solib yangrab turganday bo’ldi. Eshiklarni qiya ochib, hadik-xavotirda, tovush chiqqan tomonga mo’raladi.

Etakdagi kulbada eski zamonlardan beri bu Qishloqqa begona bir odam yashardi. Qaerdan kelib qolgan,
ota-onasi kim, heshlari bormi, nima ish qiladi – Qishloq buni bilmas, uni tanimas edi. Keyingi paytlar hamma o’zi bilan o’zi bo’lib ketib, Begona battar ko’zga  chalinmay qolganidan, hatto o’ldiga ham chiqarib qo’ygan.

Bu nima degan gap, bir kishi o’lsa, Qishloq bilmasmi, odamlar to’planib ko’mmasmi?!. Ha, odam to’planmasa ham, o’lgan kishini ko’mmasa ham, kimningdir o’lganini Qishloq bilmay qolsa ham, bo’laverarkan! Nega deganda, hozir ko’plar hovlisidan o’ziga go’r qazib, uyini mozor qilib olgan – shu yo’l o’ng’ay kelib qoldi: ha, desa, yuvinmayoq, kafanga o’ranmayoq, go’riga kirib ketyapti. O’lish oson va tekin bo’lib qoldi. Hech kimga og’iringiz tushmaydi, Qishloq ham bilmay qolaveradi.

Yo’q, hartugul, Begona hali o’lmagan ekan, o’lmaganini Qishloqqa yog’siragan eshigi bildirdi. Jimjitlik pardasini chok-chokidan so’kib, bu pasqam eshik bu ulkan olamga jar soldi:
— G’iy-y-yiq!..
Keyin ostonada Begonaning jussasi ham ko’rindi. Bo’ynini cho’zib, picha tevarakni sinchiladi, nihoyat, ko’ngli tinchlandimi, asta ko’chaga oyoq qo’ydi. Devona to’xtadi. O’limsangi Qishloqda tuyqus paydo bo’lgan bu tirik odamga ajabsinib qaradi.

Chindan ham, Begona shu turishida xuddi go’rdan chiqib kelayotganga o’xshardi: tirish bosgan yuzida qon asari yo’q, o’siq qoshlaridan quloqlarigacha, quloqlaridan yelkalarigacha, yelkalaridan burniyu patila soqol-mo’ylovigacha o’rgimchak in to’qib tashlagan; kiyimlari ham ilviroq. Yurganida, o’rgimchak to’rlarini avaylaganday, oyog’idan boshqa joyini qimirlatmaslikka tirishib yurardi.

Devonaga yaqinroq kelib, to’xtadi. Og’zini xiyol ochdi, orada Qishloqqa olazarak boqdi, hayiqdimi, gapira olmadi, ammo nimalardir degisi kelayotgani quyuq to’r ichra xiragina yiltirab turgan ko’zlaridan bilgili edi.
Devona uzoq kutdi, hadeganda Begonadan sas chiqavermagach, o’zi birnimalar deganday bo’ldi.

Qishloq uning gapini eshitmadi, lekin ko’chaga chiqishga, bu Devona bilan bu Begonaga yaqinlashishga, gaplariga quloq solishga yuragi betlamadi ham. Devona yana kuta-kuta, kutganiga erishavermagach, oxiri Begonaning is bosgan qulog’iga og’zini qo’ydi va… bir o’kirdi!

Bu o’kiriqdan Begona titrab ketdi, boshiyu qo’llarini ixtiyorsiz qimirlatib yubordi.
O’rgimchak to’rlari chirt uzildi.

Keyin Devona ketdi. Jar ham solmay qo’ydi, orqasiga ham qaramadi, Qishloqda qanday to’satdan va bilintirmay paydo bo’lgan bo’lsa, shunday to’satdan va bilintirmay yo’qoldi.
Begona yana eshigini g’iyqillatib… go’riga kirib ketdi.

Qishloq tag’in jimjitlik chuquriga cho’kdi.

Bu sirli-jumboqli manzara ko’zlardan tez o’chgani singari eslardan ham tez o’chdi. Xuddi aslida bo’lmaganday…

02

(Tashriflar: umumiy 966, bugungi 1)

Izoh qoldiring