Ozod Mo’min Xo’ja. Yer,havo,suv,olov va…

099     Бу дунёда тўрт асосий унсур бор: ер, ҳаво, сув ва олов. Қадим-қадимдан шундай ҳисобланиб келади. Ўтган замонлардаги файласуфлару ҳозирги давр тадқиқотчилари шу аксиомани ҳеч бир гап-сўзсиз қабул қилишган. Замонамиздаги айримлар, аниқроғи ўзларини ХХI аср мунажжимлари деб атовчилар, хаттоки, инсоннинг қайси ойда туғилганига қараб, сен – ерсан, сен – ҳавосан, сен – сувсан, сен – оловсан дейишади ва шунга қараб, башоратлар тўқишади.

05
Озод МЎЪМИН ХЎЖА
ЕР, ҲАВО, СУВ, ОЛОВ ВА…
(воқеий-фантастик ҳикоя)
07

Бу дунёда тўрт асосий унсур бор: ер, ҳаво, сув ва олов. Қадим-қадимдан шундай ҳисобланиб келади. Ўтган замонлардаги файласуфлару ҳозирги давр тадқиқотчилари шу аксиомани ҳеч бир гап-сўзсиз қабул қилишган. Замонамиздаги айримлар, аниқроғи ўзларини ХХI аср мунажжимлари деб атовчилар, хаттоки, инсоннинг қайси ойда туғилганига қараб, сен – ерсан, сен – ҳавосан, сен – сувсан, сен – оловсан дейишади ва шунга қараб, башоратлар тўқишади. Ҳайратланарлиси шуки, жуда кўп одамлар бу тўқималарга ишонишади, улар асосида ўз ҳаёт жараёнларини режалаштиришади. Майли, барчанинг ихтиёри ўзида, инсонга танлаш имконияти берилган.

Мен бу, ўзимизни ўраб турган муҳитни ва борлиқни обдон тадқиқ этганимдан сўнг, ушбу қадимги унсурлар қаторига яна бир унсур қўшиш лозим деган хулосага келдим. Топинг-чи нима?
Тополмайсиз! Ўзим айтганим дуруст. Мен ҳеч кимнинг ҳаёлига келмаган бир сифат, яъни, инсон аҳмоқлигининг доимийлигига ва умуман ер, ҳаво, сув ва оловдек йўқолмас ҳамда керакли эканлигига амин бўлдим. Ушбу янги унсур табиатда ва ер юзининг ҳар бир нуқтасида ҳозиру нозир.
Энди, ушбу сатрларни ўқиётган кишиларда пайдо бўлиши мумкин бўладиган саволларга жавоб бераман. Савол мана бундай бўлиши мумкин: “Ахир, қадимги унсурлар фақат табиатга тегишли-ку! Аҳмоқлик эса фақат инсонга! Ушбу, одамга хос хислатни табиат унсурлари сафига қўшиш нотўғри эмасми? ” Энди жавоб бераман.

Табиат деганда биз нимани тушунамиз?.. Тўппа-тўғри! Ерни, яъни тупроқни ва унинг устидаги оламни-ю тагидаги маъданларни. Ернинг устидаги олам – атрофимизни ўраб турган флора, яъни ўсимликлар дунёсини. Шунингдек, ҳайвонот, ҳашоратлар оламларини ҳамда дарёлар, кўллар, денгизлар, океанлар, уларнинг тубидаги сув жонзотлар ҳам табиат бўлакларини. Хўш, бу санаб ўтилган табиатни ташкил этувчилар қаторига инсониятни киритиш ман этилганми? Агар, шундай бўлса, ким томонидан?.. Ана, кўрдингизми, демак қўрқмасдан инсонни ҳам табиатнинг бир бўлаги деб ҳисобласак бўлади.

Мана, шундай фикрлар асосида, инсоннинг аҳмоқлиги табиатга тегишли эканлигини исботланди. Ва мен уни асосий унсурларидан бири деб ҳисоблайман.
Мен ёшлигимда, талабалик йилларимда шу мавзуда бир ажойиб шеър тўқигандим. Ҳозир уни фурсатдан фойдаланиб, диққатингизга ҳавола этаман.

Аҳмоқларга тўлган бу дунё,
Аҳмоқларча тузилган гўё.
Барча ўзин ақлли санар –
Атрофига ташламас қиё.
Аҳмоқларга тўлган бу олам,
Бундан халос бўлинмас хеч ҳам.
Ҳар ким ҳар кун бирор аҳмоққа
Бўлар шаксиз албатта ҳамдам.
Аҳмоқларга тўлган бу шаҳар,
Бир мақсадни улар кўзлашар:
“Маишатдир ҳаёт мазмуни!
Умр ўткинчидир, меҳнат бесамар.”
Аҳмоқларга дуч келар юзим,
Ёки алдайдирми, менинг бу кўзим?
Тушунмадим, билмадим, нетай –
Балки аҳмоқдирман менинг бир ўзим.

Афсуски, бу шеъримни ўша пайтдаги шўро адабиётининг ашаддий соқчилари, ўз рақобатчиларини янчиб, коммунистик партиянинг масъул ходимларига ялтоқлик қилиб эгаллаган курсиларига ўтириб олганча, ўзларига берилган ваколат қуроллари билан кўксимга ўқталиб, шеърларимни матбуот оламига яқин йўлатишмаган. Улар, умуман менинг ижодимга ола кўз билан қарашган. Шеърларингда маюслик, тушкунлик ҳукмрон, сен нимадан норозисан, а?.. Ва ҳоказо, ва ҳоказо. Тўғри-да, аҳмоқ бўлмасам, шоир ора-чора маддоҳлик қилиб турмаса, кун кечира олмаслигини англамасмидим? Ҳар бир ижодкорнинг ўзига хос йўли бўлади, деб ўйлаган эканман, ўшанда.

Натижада, мен шоир эмас, физик ва фантаст-ёзувчи бўлиб қўя қолганман…

Жуда ўзига хос фикрловчи, ўзбек адабиётидаги мана ман деган ижодкорларнинг асарларини ҳам ўткир ва кескир мақолалари билан беаёв танқид қилувчи, мени илк бор кўриб, “Адабиётга “Ялла” ансамбли керак эмас!” деган адабиётшунос олим, раҳматли Норбой Худойберганов мени ҳар учратганда: “Хўш, Озодбой! Физика соҳасида нималарни қойиллатяпсиз? Аҳмоқлик қилмай, адабиёт жабҳасига ўтинг!..”, дерди. У биринчи учрашувимиздан кейин, хаттоки қўлимдан етаклаб радиога олиб бориб, эфир орқали айрим шеърларимни ўқитдирганди. Кейин, ўша пайтда ўқувчилари мўл ва машҳур бўлган “Гулистон” журналига олиб борди. Муҳаррир Маҳмуд Саъдий шеърларимдан қандайдир бир, большевиклар томонидан отилган шоирнинг ҳидини пайқаганини айтди ва менга “Сен нега физик бўлиб юрибсан?!” деди. Ўша пайтдаги шеърларимдан яна иккитасини келтираман:

Қайтди Шимолдан музлаган шамол,
Совуқ ўлкалардан кўнгли кўп қолиб.
Бор кучин кетказди, бўлди у беҳол,
Иситмоқ бўлганда Жанубдан бориб.

* * *

Олча қийғос гуллади, сўнг қилди мева.
Аммо, афсус, шохлари жуда ҳам баланд.
На иложким, болалар
Тошлар отишиб,
Сўнг синдириб,
Бўлишди ундан баҳраманд.

Маҳмуд Саъдий назмий машқларимни саралаб, уларни бош муҳаррирга узатди. Аммо… ул коммунист жанобга шеърларим хуш келмади. Ва у Ҳиндистондаги инглиз босқинчиларидек, мени замбаракнинг оғзига киритиб, узоқдаги физика фанининг бриллиантлар тадқиқи учун илмий қурилма яратиш майдонига қараб отдирди.

Мавзудан сал четга чиқдик. Яна саволларга келамиз. Кимдир мени қуйидагича қийин-қистоққа олиши мумкин: “Хўш, ўзини янги бир унсур ихтирочиси деб ҳис қилаётган зот! Қани, айтингчи, сизга ким рухсат берди бунга?! Ўзингизни ким деб ўйлаяпсиз? Нима, сиз Ер юзидаги яшаш жараёнидаги улкан даврлар мобайнида фаолият кўрсатган буюк файласуфлардан донороқмисиз? Уларнинг нима, бунга ақли етмаган деган фикрдамисиз?! Йиғиштиринг тўрва-халтангизни! Мана бу ерда бир нечта университетларни битирган, чет эллардаги довруғли ўқувгоҳларда таълим олган, палон-палон мукофотларга сазовор олимлар ўтиришибди! Сизга ким қўйибди, йигирма – йигирма беш асрлик тушунчаларга ўзгартириш киритишни?! Бундай ишларни бизга қўйиб беринг! Ўзимиз қойиллатимиз, тегишли буйруқ келса!”

Жавоб: Сизнинг саволларингиз, менинг “аҳмоқлик ҳам – асосий унсурлардан бири” деган постулатимни исботлайди. Ўтмишдаги бир файласуф айтган экан: “Турли-туман билимлар билан тўлдирилган онгдан кўра, тўғри фикрлай оладиган онг яхшироқдир!” Москвада ўқиганми, Мисрда таълим олганми ё профессор, академикми ёки ўзича мавлоно бўлиб олганми ва қўша-қўша мукофоту турли сохта-чин мақтовларга кўмилганми, улар мен каби ихтиролар, янгиликлар қила олишмаяптими, тегишли буйруқни кутиб ўтираверишсин. Вақт кутиб турмайди. Янгиликлар, тушунчаларни ривожлантириш уларсиз ҳам туғилиб бораверади…

Бўлди, бошқа гипотетик саволларга жавоб бермайман. Асосий қисмга ўтамиз.
Мен бир куни жуда ақлли ҳисобланувчи одам билан танишиб қолдим. Унинг бундайлигини билмас эдим, лекин бир дўстим уни шундай сифатли кимса деб таништирди. Оғайним мени “Бир фойдали иш бор!” гапи билан қизиқтириб, ўз офисига чақирди. Бир пиёладан чой бергач, бизларни бақамти қилди-да, сизлар бемалол гаплашиб олинглар, деб, қўшни хонада иши борлигини маълум қилиб, чиқиб кетди.
Янги танишим мендан сўради.
– Озодбек! Сизга битта таклифим бор.
– Қандай таклиф? Яхшими, ишқилиб?
– Ҳа. Жуда зўр таклиф!
– Айтинг бўлмаса!
– Мен билан ўзга сайёрага бориб кела олмайсизми?

Мен ҳайрон бўлдим. Фазогир бўлмасам, хатто самолёт бошқара олмайман. Соғлиғим ҳам космонавтларникидек эмас. Ортиқча вазним бор. Танам коинотдаги босимларга бардош бера олармикан?
– Сиз бундай ҳаёлларга борманг. Менда шундай бир фазо кемаси мавжудки, худди дам олиш уйидаги шинам хона дейсиз. Сизга ҳеч қандай ғайри оддий таъсирлар бўлмайди. Худди, тоққа чиққандек айланиб келамиз! Қалай, розимисиз?
– Ундай бўлса майли… Фақат, мени ўзга сайёраликлар танамда тажрибалар ўтказиш учун олиб қолишмайдими?
– Аксинча! – ҳаяжон билан маълум қилди у. – Сизга бир зўр хислат инъом этишади!
– Қандай хислат?! – табиий равишда қизиқдим мен.
– О! Мен буни айта олмайман. Сиз улар билан бир марта мулоқот қилинг, сўнг ўзлари тутқизишади.
– Улар сизга қаршингиздаги одамнинг ҳаёлларини ўқиш хислатини беришганга ўхшайди, – дедим мен.
– Тўғри топдингиз! Жуда сезгир одам экансиз!

– Йўқ! – жавоб бердим мен. – Менда ҳеч қачон бу сифат кучли бўлмаган. Хулосам – мантиқий фикрлаш маҳсули. Сизга бир сирни очаман, агар ҳеч кимга айтмасангиз…
– Йўқ, йўқ, асло айтманг! Мен сир сақлашни билмайман. Аммо, нима демоқчи эканлигингизни аниқ ҳис қиляпман. Сиз унчалик аҳмоқ эмассиз. Биласизми, юринг мен билан ўзга сайёрага! У ерда жуда ғаройиб ҳаёт ва одамлар мавжуд. Суҳбатлашсангиз, маза қиласиз! Сизни қизиқарли таклифлар кутиб турибди!
– Хўш, эсон-омон қайтишимга қандай кафолат бор? Мен сизни энди кўриб турибман-ку! Илгари танимасдим.
– Мен эса сизни анчадан бери биламан. Орқаворотдан. Газета-журналларда нашр этилаётган ҳикояларингиздаги айрим фикрлар менга жўяли туюлади. Шунинг учун, умумий дўстимиздан илтимос қилдим. У бизни таништирди.

– Ундай бўлса, сизнинг менга нисбатан яширин ниятингиз бор экан. Яширмасдан айтинг. Акс ҳолда, тураман-у кетаман.
– Яширмайман. Сиз фантаст-ёзувчи сифатида коинотдаги, оламдаги барча сирларни билишни истайсиз. Ва бу билимлар асосида ҳаётингизда кўп-кўп ижобий ўзгаришлар қилмоқчисиз. Топдимми? Сизнинг айни шу изланувчанлигинигиз менинг диққат-эътиборимни тортган. Мен дуч келган кимсани ўзимга йўлдош қилабермайман. Рози бўлинг. Кейин, хурсанд бўласиз.
– Майли! – дедим мен. – Нима бўлса бўлди! Шундай имкониятдан фойдаланмасам, қанақа тадқиқотчиман? Қачон йўлга тушамиз?
У менга тикилди.
– Вақтингиз бўлса, ҳозироқ.
– Вой! Сафар анжомларини йиғиш, кийим, сочиқ, тиш чўтка, совун ва ҳоказоларни олишим учун ярим кун кетади-ку! Оилам билан хайрлашишим, яқинларимни узоқ йўлга тушаётганимни хабардор қилиб қўйишим ҳам зарур.

– Озодбек! Жуда соддасиз-да! Биринчидан, кемада ҳамма нарса бор. Сизга янги ажабтовур кийим совға қиламан. Ўзга сайёрадаги энг охирги мода! Уни кийиб юрсангиз, Ер юзидаги барча хурилиқолар ортингиздан югуришади.
– Унда, ҳеч бўлмаса, оиламга ва яқинларимга қўнғироқ қилиб қўяй!
– Бу ҳам зарур эмас. Бизнинг саёҳатимизга бор-йўғи икки соатча вақт кетади.
– Узоқ сайёрага-я!
– Ҳа, чунки кемамиз дарҳол гиперфазога киради ва ўн дақиқада керакли жойда бўламиз. Бир соат сайёрани айланамиз, бир соат у ернинг мутахассислари билан гаплашамиз, яна ўн дақиқа қайтиб келишга кетади.
– Қани кемангиз? – сўрадим мен.
– Бинодан ташқарига чиқсак бўлди. Кема кутиб турибди!

Ҳақиқатдан, кўчада кема эмас-у, бир “Ласетти” машинаси бизга илҳақ бўлиб турган экан, янги танишим мени салонга таклиф қилди, ўзи рулга ўтирди. Мен бу машинада яширин фазо портига борамиз деб, ҳаёл қилибман. Лекин, кутилмаганда эшикни ёпишим билан машина ичи кенгайиб, шинам хонага айланди. Фақат деразалари оддий эмасди, уларнинг чети доирасимон бўлиб қолди. Улар иллюминатор шаклини олгандилар. Ҳайрону лол бўлиб қолдим.
– Атрофдагиларга бу сезиладими? – сўрадим мен.
– Йўқ. Ҳозир, хаттоки, уларга машина кўринмаяпти ҳам, – деди у ва ёнидаги деворда ялтираётган қизил тугмани босди.

Шинам хона бир зумда осмону фалакка чиқди-да, атроф фазо қоп-қора бўлиб қолди.
– Гиперфазода учаётганимизда юлдузлар ҳам, сайёра-ю бошқа осмон жисмлари ҳам кўзга илғанмайди, – тушунтириш берди у ва ёнидаги мўъжаз шкафни очиб, менга спорт костюмига ўхшаш усти ялтироқ кийимни узатди. – Кийиб олинг! Ўзга сайёрадаги оддий одамларга Ер кийими ғайри табиий туюлиб, диққатларини тортмасин.
Унинг ўзи ҳам кийимларини тез алмаштириб олди. Таъкидланганидек, ўн дақиқа ўтар-ўтмас, атрофимизда ёруғлик пайдо бўлди ва биз оҳиста бир шаҳар ичига тушиб, катта кўчанинг четига қўндик.

О-о! Ана шаҳар-у, мана шаҳар! Бундай манзарани на фантаст-рассомларнинг ижодларида ва на ўзимнинг ҳаёлларим-у тушларимда кўрмаганман. Америка Қўшма Штатларидаги Нью-Йорк шаҳрининг Манхаттан туманида қурилган бинолар бу ердаги архитектура олдида ўйинчоқдек туюлади.

Янги дўстим… Айтгандек, сизга унинг исми нима эканлигини билдирмабман. Хуллас, янги дўстим Нақибжон, ушбу шаҳарни роса айлантирди. Катта, кенг кўчаларида яёв юрдик, манзарали дарахтлар экилган каттагина истироҳат боғига кирдик. У менга музқаймоқ олиб берди. Чўнтагида бу ернинг пулидан бор экан. Мазаси худди ўзимизникидака. Кейин, тин олиш учун шу ердаги атрофлари баланд дарахтлар билан ўралган ҳовуз олдига қўйилган ўриндиққа жойлашдик. Мен ундан сўрадим.
– Нақибжон! Бу жойлар Ернинг келажаги эмасми? Биз вақт бўйича саёҳат қилмадикми?
– Йўқ! Бу олам бутунлай бошқа. Лекин, одамлари бизнинг инсонлар билан бир хил. Фақат уларда бизнинг ҳаётимиздаги бир унсур жуда кам учрайди.
Мен Нақибжон билан ҳазиллашгим келди.
– Мабодо, аҳмоқлик унсури эмасми?

У менга қараб ҳайратомуз жилмайди.
– Мен асосий унсурлар Ер, ҳаво, сув ва оловларини эшитганман. Аҳмоқликни унсур деб ким киритди?
– Мен. Яқинда шундай хулосага келдим.
– Жуда антиқа ҳолат. Биласизми, мана шу оламда ҳам аҳмоқлик ҳам асосий унсурларнинг бири деб тан олинган. Ва унга маънавий уруш эълон қилинган. Ушбу оламдаги ривожланиш, тараққиёт тезлиги худди шу тадбирдан сўнг кескин ошиб кетган!
– Ростданми? – бу гал мен ажабландим.
– Сизни алдашдан менга нима фойда? Демак, сиз билан танишиш истагим бежиз туғилмабди.
Нақибжон шу сўзларни гапиргач, бироз ўйга толди ва яна менга юзланди.
– Дам олиб бўлдингизми?
– Йўлга тушамизми? Мен тайёрман.
– Биз ҳозир бир ташкилотга борамиз. Ана ўша ерда мулоқот ўтказамиз.
– Қанақа ташкилот, агар сир бўлмаса? – сўрадим мен. – У ерда, ишқилиб, менинг танамни тажриба мақсадларида текширишмайдими?

Нақибжон жилмайди.
– Матбуотда эълон қилинадиган турли тўқима ахборотларга кўпам ишонаверманг. Ўзга сайёраликларнинг барчаси одамга душман эмас. Сиз дўстлар оламидасиз. Айтдим-ку, аксинча танангизга янги хислат инъом қилинади.
– Ташкилотнинг номи нима? – сўрадим мен.
– Илгари “Аҳмоқлик унсурига ўт очамиз!” қўмитаси эди, ҳозир “Аҳмоқлик – давр талаби!” деб аталади.
– Жуда антиқа ном экан! – дедим мен.
– Аммо, уларнинг ишлари анча самара бермоқда, – сирли жилмайди Нақибжон.
– Кетдик! – дедим мен.

Қўмитадагилар биз иккимизни хушфеъллик билан қарши олишди.
– Сизни кутиб тургандик, ҳурматли ерликлар! – деди уларнинг бири соф ўзбек тилида.
У қўмита Раҳбари бўлса керак, тусмолладим мен ва жилмайиб жавоб бердим.
– Сизни кўришдан хурсандмиз, ҳурматли ўзга сайёраликлар!

Нақибжон мени уларга таништирди. Бир Раҳбар ва икки Ёрдамчи. Кўринишлари ўзимизнинг ўзбекларга ўхшаш. Кийимлари биз фазо кемасида кийиб олганимиз каби. Фақат ранглари билан фарқланади. Бу ерлик инсонларнинг исмларини эслаб қололмадим. Талаффузи жуда қийин экан. Хонага кириб улар билан бир думалоқ стол атрофига қўйилган стулларга ўтирдик. Раҳбар Нақибжонга юзланди.
– Нақибжон ака! Бу янги дўстингизнинг касблари нима?
– Ёзувчи! – деди у. – Фантастика ва тарих соҳаларига қизиқадилар.
– Сайёрамиздаги ушбу шаҳар ҳақида таассуротларингиз қанақа? – сўради у менга қараб.
– Жуда ажойиб! – дедим мен. – Тараққиётингиз анча илгарида экан.
– Ҳа! Ҳаракат қиляпмиз… Биз, Ер билан алоқаларни кучайтиришни истаймиз. Шунинг учун, ана шу янги дўстингиз Нақибжонни элчи сифатида танладик. У ҳар ҳафта, биз билан мулоқотга лойиқ деб ҳисоблаган кимсаларни меҳмонга олиб келади. Шаҳримизни кўрсатади. Кейин, шу ерда суҳбатлашамиз.

– Бизнинг тарихимизда ўтган машойихлар айтишганки, сафар қилиб туриш – ҳар бир инсоннинг руҳий тараққиёти учун лозим ишдир. Шунинг учун, Нақибжон дўстимга раҳмат.
– Менинг бир таклифим бор, сизга! – деди Раҳбар жилмайиб.
– Қулоғим сизда, — жавоб бердим мен.
– Биласизми, шаҳримиздаги ижодкорлар бир хил фикрлайдиган, деярли бир хил услубда ёзадиган бўлиб қолишган. Адабиётимизга соғломлаштирувчи дори сифатини ўтовчи янги ёзувчилар керак. Сиз бизнинг сайёрага кўчиб кела олмайсизми? Сизга барча шароитларни муҳайё қиламиз. Яшаш учун уй, ижод қилиш учун алоҳида манзил, яхши гонорарлар берамиз.
– Мен – ёмон ижодкорман. Дангасаман. Баъзан, йиллаб ҳеч нарса ёзмайман. Умуман олганда, профессионал ижодкор эмасман. Менинг сизга ҳеч қандай фойдам тегмайди. Ишончингизни оқлай олишимга кўзим етмайди, – дедим рўйи-рост.

– Биз ҳар бир соҳадан ерлик мутахассисларни ўз сайёрамизга чақиряпмиз. Улар бизнинг тараққиётимиз учун янги, кутилмаган ғояларни бермоқдалар. Бу катта фойда келтиряпти. Шунинг учун, ерликлар бизнинг жамиятимизга ер, ҳаво, сув ва оловдек зарур. Сиздек, бу ерга кўчиб келишни истамаётганларга бошқа вариантни таклиф қиляпмиз. Кўпчилик рози бўлмоқда.
– Қандай вариант экан?
– Сиз Нақибжон ака билан биз яратган антиқа фазо кемасида учиб келдингиз. Бунга кўп вақт кетгани йўқ. Ўн-ўн беш дақиқа сарф бўлди. Сизга худди шундай, айтайлик “Ласетти” ёки “Кобальт” машиналари шаклидаги фазо кемаси берамиз. Ҳар куни эрталаб, оилангизга мен ишга кетдим, деб сайёрамизга келасиз, ҳаётимизни ўрганиб, ижодий асарлар ёзасиз ва кечқурун уйингизга яна учиб кетаверасиз. Яъни, асосий иш вақтингизни бизга бахшида қиласиз. Яхши эмас, жуда яхши ҳақ тўлаймиз. Ерда топаётган пулингиз чойчақадек бўлиб қолади. Шанба, якшанба кунлари ўз уйингизда дам олаберасиз. Розимисиз?

– Мени тадқиқотчи сифатида, бунинг, яъни ерлик мутахассисларнинг қандай сабаб билан сизга зарур бўлиб қолишгани қизиқтиради. Фақат, тўғрисини айтинг!
– Майли, сиздан яширмайман. Бизнинг боболаримиз юз йил олдин сайёрамиз инсонлари онгидан аҳмоқлик унсурини сиқиб чиқариш керак, деган ғояни илгари суришган ва унга қарши ўт очишган. Ҳар бир туғилган, вояга етаётган инсонга аҳмоқлик нималигини тушунтиришган, қандай ҳаёт кечирса тўғри бўлишини анлатишган, аҳмоқона фикрлардан нари туриш йўлларини ўргатишган. Натижада, янги авлод вакилларининг барчаси аҳмоқона қадамлар қўймайдиган бўлдилар, улар фақат тўғри қарорлар қабул қила олиш даражасига етдилар. Бу албатта, ўз мевасини бера бошлади ва тараққиёт тезлиги кескин кўтарилди. Аммо, йиллар ўтиб, бу ҳолат ўзининг кутилмаган салбий натижаларини ҳам келтириб чиқарди.
– Ушбу салбий натижалар нималардан иборат? – сўрадим мен.
– Сиз тарихга қизиқасиз! Нақибжон сиз билан танишишдан аввал сиз тўғрингизда тўлиқ информация йиғган ва уларни бизга юборган. Шунинг учун, бу гапимга ҳайрон бўлманг.
– Ишни яхши йўлга қўйган экансиз! – сўз қистирдим мен.

Раҳбар гапини давом этдирди.
– Ўйлаб, таҳлил қилиб кўринг. Энг зўр ғоялар кимларнинг онгида туғилади? Нотўғри ва ностандарт фикрловчиларнинг! Ҳеч бир қолипга тушмаганларнинг! Қўполроқ қилиб айтсам, атрофдагилар аҳмоқ ҳисобловчи кимсаларнинг онгларида жуда кутилмаган кашфиётлар пайдо бўладики, бу жуда ажиб ҳолатдир!
– Гапингизда жон бор, – дедим оҳиста.

– Юртингиз тарихидаги буюк инсонларнинг хатти-ҳаракатларини эсланг. Айтайлик, буюк Ибн Сино ўзига барча шароитларни муҳайё қилиб бермоқчи бўлган Султон Маҳмуд Ғазнавийдан қочиб, дарбадарликда яшаган – бу тўғри фикрловчиларнинг наздида аҳмоқлик бўлган. Иссиқққина шароитга бориб жойлашиш ва хотиржамликда, Абу Райҳон Беруний каби кучли шоҳ паноҳида ишлашни негадир истамаган. Дарбадарликда юрса ҳам, лекин, у эркин ижод қилган, тиббиётда ҳозирга қадар жаҳоншумул аҳамиятга эга ўлмас асарлар ёзиб қолдирган. Савол туғилади: Ибн Сино ўшанда кўпчилик наздида тўғри иш қилганда, ўзининг муҳим асарларини ёзган бўлармиди? Назаримда, йўқ! Сабаби, унинг кўп асарлари турли шаҳарлардаги турли буюртмачиларнинг илтимослари бўйича битилган. Ғазна шаҳрида у шундай буюртмалар олармиди? Бу номаълум. Демак, нодир ва ноёб асарларнинг ёзилиши эҳтимоллиги ҳам номаълум!

– Мантиқий фикр юритсак, унинг аҳмоқона қарор қабул қилиши, инсоният тараққиётига хизмат қилган экан-да! – дедим мен.
– Албатта! Мен худди шу фикрни олға сураяпман. Сайёрамиздаги жамият фақат тўғри қарор қабул қилувчи одамлардан иборат бўлиб қолди. Ҳеч кимдан, сизнинг ўзбек тилингизда ифодаласак, теша тегмаган ғоялар чиқмай қўйган! – хулоса қилди Раҳбар.
– Ва, шунинг учун, Ер аҳолиси орасидан аҳмоқона ғоялар берувчи одамларни излаяпсиз ва уларга шаҳрингиз кўркини намойиш қилиб, яхши шароит, яхши ҳақ ваъда қилиб, ўз жамиятингизга чорлаяпсиз! – унинг ниятини юзага чиқардим.

– Биласизми, мен юртингиз тарихини яхшилаб ўрганяпман. Бу билим менга ҳозир жуда зарур. Мен жуда кўп шунга ўхшаш воқеаларни келтиришим мумкин…
Мен шартта Раҳбарнинг гапини бўлдим. Чунки, онгимда куни кеча ўқиган китобимдаги воқеалар ғужғон ўйнаётганди.
– Сизга, шунга ўхшаш, ўша ғазнавийлар сулоласини вужудга келтирган бир оддий тарихий воқеани айтиб берай. Майлими?
Раҳбар бош силкиди.
– Эшитаман! – деди у.

– Х асрда Бухорони пойтахт қилган сомонийлардан Аҳмад ибн Исмоилга, Наср ибн Аҳмадга, Нуҳ ибн Насрга сидқидилдан хизмат қилган, қудратли қўшиннинг лашкарбошиси бўлган Алптегин бир хатога йўл қўяди. Бошқача айтганда, аҳмоқона маслаҳат беради. Нуҳ ибн Наср отдан йиқилиб вафот этганда, у Нишопурда эди. Алптегин жуда ишончли ва обрўли инсон бўлгани учун, вазирлар ва умароларнинг бир қисми ундан маслаҳат сўраб хат ёзадилар: “Ёш бўлса ҳам ўғли Мансурни тахтга ўтказайликми ёки Нуҳнинг ҳаётий тажрибага эга акасиними?” Алптегин она сути оғзидан кетмаган ўн олти ёшлик Мансурни эмас, унинг амакисини тахтга лойиқ топиб, жавоб хат ёзади. Бироқ, нома етиб боргунча, Мансур тахтга ўтказилади. Хатни ўқиган янги ҳукмдор Алптегиндан хафа бўлади. Лашкарбошининг душманлари Мансурни сомонийларига ўта содиқ бўлган, уларни қаҳрамонларча ҳимоя қилиб келган инсонга нисбатан гиж-гижлайдилар. “У қари бўрини яхши гаплар билан ҳузурингизга чақириб, бошини кестиринг, акс ҳолда у сизни тахтдан қулатади!”, дейишади. Алптегин бу фитнадан хабар топгач, Бухорога қайтиб бормайди. Яқин амирларининг тахтни ўзингиз эгалланг, деган гапларига ҳам кирмайди ва қолган умрини мажусийларни ислом динига киритиш ишларига бағишлашга қарор қилади. У ўз тарафдорлари билан Ғазна шаҳрини эгаллаб, ҳинд ўлкасига ҳужумлар қилиб, уларни Муҳаммад пайғамбарга уммат қилишга интилади. Бу курашларда саксон ёшга кириб вафот этади ва ўғлида ҳукмдорлик сифаталари бўлмаганлиги туфайли энг софдил, ўзи тарбия қилган амирларидан бири Сабуктегин унинг ўрнини эгаллайди. Сабуктегин эса катта империяни вужудга келтирган фарзанд – Маҳмуд Ғазнавийни вояга етказади. Шундай қилиб, Алптегиннинг ўзига зиён келтирган нотўғри, аҳмоқона маслаҳати натижасида, ҳинд ҳалқининг бир қисми мусулмонлаштирилади, калтафаҳм Мансур сомонийларнинг таназзулига йўл очади. Маҳмуд Ғазнавийга бўйсунишни истамаган салжуқийлар Сирдарё бўйларини тарк этиб, оҳиста ғарбга силжийдилар. Келгусида уларнинг саъйи-ҳаракатлари билан Византия номли мамлакат йўқотилади, ўрнида Туркия пайдо бўлади. Форснинг бир қисми Озарбайжонга айланади, Курдистон диёри пайдо бўлади, Қуддусдан салбчилар қувиб чиқарилади.

– Кўрдингизми, ҳаётнинг ижобий томонга ривожланиши учун хатолар ҳам керак! Демак, биз сайёрамизда аҳмоқликни йўқ қиламиз деб, нотўғри қадам қўйган эканмиз. Шунинг учун, шароитни ўзгартиришимиз лозим. Бунга эса сизнинг ёрдамингиз керак! Таклифимга рози бўлинг! – ҳаяжонланди Раҳбар.
Мен эса буни истамадим. Балки, катта пулдан воз кечишни кимдир ғирт аҳмоқлик санар, аммо мени кейинги пайтларда катта пул унчалик қизиқтирмай қўйган, сабаби асосий интилиш – бахтли яшаш ва мақсадларга етиш бўлиши кераклигини англаганман. Қанча пулдорлар оилавий ҳаётларида бахтсиз, ўта бахтсиз ва касалвондирлар. Ижодим ўзга сайёраликларга эмас, ўз ҳалқимга бағишланиши керак. Шунинг учун, дипломатларга хос йўл тутишга қарор қилдим. Ва Нақибжонга маънодор қарадим. Агар, фикрларимни ўқиётган бўлса, индамаслиги учун.

– Муҳтарам Раҳбар! – жавоб бера бошладим мен. – Албатта, сизнинг таклифингиз жуда жозибали. Лекин, мен ҳеч қачон дабдурустдан жавоб беришга одатланмаганман. Менга бир ҳафта муддат беринг. Фикр-мулоҳазасиз аниқ қарор чиқара олмайман.
– Майли, нима ҳам дердик, – сўз қотди Раҳбар. – Зоримиз бор, зўримиз йўқ, деган гап бор сиз ўзбекларда. Ўйлаб кўринг, балки фикрингиз биз томонга оғар? Инсон қаерда керак бўлса, ўша жойда фаолият юритиши лозим. Сиз бизга керакроқсиз!.. Мендан ҳеч қандай талабингиз, илтимосингиз йўқми?
– Албатта, бор! – дедим мен. – Фақат, билмайман, нималарни сўраш мумкин сиздан?
– Истаганингизни сўранг!
– Бу сайёрага келишдан олдин Нақибжон менга хислат ваъда қилганди.

Раҳбар қошларини чимирди.
– Қанақа хислат?.. Ҳа, дарвоқе. Афсуски, сиз биз билан битим тузмадингиз. Демак, бу илтимосингизни қондиришнинг иложи йўқ.
– Унда, рухсат берсангиз, уйимга кетсам!
– Албатта, албатта! – хорғин товушда жавоб берди у. Менинг юмшоққина, деярли рад жавобимдан у тушкунликка тушганди. Раҳбар янги дўстимга юзланди.
– Нақибжон ака! Сизлар йўлга тушаверинглар. Менинг бугун қилишим лозим бўлган ишларим хали мўл. Кейинги ҳафта учрашгунча хайр! Бу гал маош бермаймиз.

Шундай қилиб, менинг ўзга сайёрага биринчи ва охирги сафарим тугади. Эсон-омон уйимга етиб келдим. Ва анча кунлар ўй суриб юрдим.
Хўш, менинг ўша етмишинчи йилларда шеърларим босила бошлаганда нима бўларди? Бриллиантлар тадқиқи учун ҳозир бутун дунёда ишлатилаётган асбобларнинг асоси бўлмиш илмий қурилмани яратмасдим. Ажойиблиги, аксар адабиёт вакиллари томонидан тан олинган “Буюк Амир Темурнинг ёқути” асарини битмасдим. Фантастика ёзармидим ёки йўқми? Билмайман. Тадбиркорлик қилармидим? Билмайман…

Нақибжонни ўшандан кейин кўрмадим. У ҳамон айрим, пулга қизиққан одамларни ўзга сайёрага ишга жўнатаётгандир. Баъзан-баъзан эшитиб қоламан: “Кимдир йўқолибди, кимдир дом-дараксиз кетибди!” деб. Балки, бу ҳодисалар унинг ишидир. Билмайман.
Фақат бир нарсани аниқ биламан: шу Ер юзида менга юклатилган вазифаларни тўлиқ бажаришга интилиб яшашим керак.

Тошкент. 7 – 16 март, 2015 йил.

08

(Tashriflar: umumiy 511, bugungi 1)

Izoh qoldiring