
Таниқли адиб Зоҳир Аълам 70 ёшга тўлди. Чин юракдан қутлаймиз!
Адиб, таржимон, публицист, драматург Зоҳир Аълам 1943 йилнинг 23 июнида Тошкентда туғилган. Мактабни тугатгач, кундузлари Тошкент трактор заводида ишлаб, кечқурунлари эса Тошкент Давлат дорилфунунида таҳсил олади. «Ўзбекистон» нашриётида, «Шарқ юлдузи» ойномаларида фаолият кўрсатган. Биринчи китоби — «Бахтли билет» 1972 йилда чоп этилган. «Муқаддима», «Кийик кўзлари» насрий тўпламлари ҳамда «Боёвут», «Майиз атрофидаги гаплар», «Жомбой ҳангомалари» сингари публицистик асарлар муаллифи. Унинг «Афандининг қирқ бир пашшаси» пъесаси республика театрларида қайта ва қайта саҳналаштирилган ҳамда рус ва болгар тилларига таржима қилинган. Плутархнинг «Искандар Макидунли» асарини ҳамда П. Васильевнинг «Тўсиқ», «Ўлчамлар» каби қиссаларини, рус адиби С. Залигиннинг «Комиссия» романини ўзбек тилига таржима килган. 1980-йилларнинг иккинчи ярмидан ўзбек тилига давлат мақоми бериш, атроф-муҳит ҳимояси ва миллий мустақиллик эришиш ҳаракатларида фаол иштирок этган.
Истеъдодли адибни муборак ёши билан самимий табриклаймиз ва узоқ умр,янги асарлар ёзишини тилаб қоламиз. Davomini o'qish




Одатда, рамзий-мажозий ифодаларда сеҳрли бир хусусият бўлади. Шунинг учун улар хаёл ва виждонни ҳаракатга келтириб, юксак руҳ билан алоқага чорлайди. Бу хусусият “Баҳовуддиннинг ити” учун ҳам хосдурки, буни ёзувчининг асосий бир муваффақияти ўлароқ баҳолаш лозимдир. Мен бу ўринда ҳикоянинг маъно-мазмунини гапириб ўтирмайман. Чунки уни кўпчилик бир хилда тушуниб, бир йўсинда қабул қилолмаслигига ишонаман. Айни пайтда ўзликни англаш лаёқати бутунлай сўнмаган, жамият ва инсон муносабатларига мустақил нигоҳ ташлай оладиган ҳар бир киши унга бефарқ қололмаслигига ҳам шубҳам йўқ. 




