Qo’chqor Norqobil. Yer hali ham yumaloq & Marhabo Qo’chqorova. Ikki hovuch nur

011

Самовот айвонида бу машваратни кузатиб турган икки малак, тубандаги гуруҳ музокараси, айтган гапига юзи қизармаётган бу сурбетларнинг алжирашлари, пинҳоний режаси яратганга етиб бормасин, дея жонҳалак қанот ёзиб тўсқинлик қилишар, ҳар иккиси самовотни кўкси билан тўсиб муаллақ турар, қанотлари ломакон қадар кенгайиб борар, тубсизлик қаъридан отилиб келаётган ёвузлик уруғидан униб чиққан макруҳ сўзлар эса курраи заминни қоқ иккига бўлиб ташлайдиган даражадаги улкан тиғга айланиб, самовотга кўтарилиб, шўрлик фаришталарнинг кўксига санчилар, қанотларига қадалиб азоб берар эди. Бироқ, Парвардигор ҳаммасидан воқиф эди.

022
Марҳабо Қўчқорова
ИККИ ҲОВУЧ НУР
ёхуд ёзувчи Қўчқор Норқобилга адабий мактуб
02

07Марҳабо Қўчқорова 1976 йилда Хоразм вилоятида туғилган. Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Алишер Навоий номидаги Тил ва адабиёт институти докторанти. “Бадиий сўз ва руҳият манзаралари” илмий монографиясининг муаллифи. Республика нашрларида кўплаб илмий, илмий-оммабоп мақолалари чоп этилган.

02

Ҳурматли Қўчқор Норқобил! Сизнинг “Китоб дунёси” газетасида чоп этилган “Ер ҳали ҳам юмалоқ” ҳикоянгизни ўқидим. Бир неча кун ҳикоя таъсирида юрдим. Ҳикоянгиз баҳона уруш мавзуси ва ижодингиз ҳақида ўзимнинг фикр-мулоҳазаларимни изҳор этишга қарор қилдим.

«Ер ҳали ҳам юмалоқ»да икки фаришта, афғон урушининг иштирокчиси бўлган собиқ шифокор Сора Алиева, Раис бува, Ботир ғурбат, Ник Адамс, Барно, Ёдгор, хуллас, барча образлар табиий яратилибди. Ҳар бир образнинг аниқ чизгилари бор, характер чизгилари шундоқ кўриниб турибди. Воқеалар, унутилган ўтмишнинг кун келиб эсланиши, собиқ хотин (Сора Апиева) ва ота-боланинг касалхонадаги учрашуви, ернинг юмалоқ бўлгани каби одамзоднинг кун келиб, учрашиб, тўқнашиб қолишига рамзий ишора, албатта. Тинчлик курашчиси Ник Адамс образи ҳам ҳикояга бемақсад киритилмаган. У Хемингуэйнинг доимий қаҳрамонларидан бири. Ҳа, ҳикояда бир тарафдан Хемингуэй анъаналари (Ник Адамс образининг киритилиши), яна бошқа тарафдан эса Абдулла Қаҳҳорга хос кучли сатира, ирония (Чехов домла ҳақидаги тасвирларда), учинчи тарафдан зса диний-мифологик образларга янгича неомифологик талқин берилиши (икки фаришта образи), знг сўнгги жиҳат, отасининг измидан чиқа олмайдиган молпараст, дунёпараст ўғил образи (бу менга А.Қаҳҳорнинг “Бошсиз одам” ҳикояси қаҳрамони Фахриддинни эслатди; метафорик бадиий модель) ҳамма-ҳаммаси катта маҳорат билан ҳеч қандай зўриқишларсиз, табиий равишда яратилибди. Воқеалар кетма-кетлиги, такдирлар ва қаҳрамонларнинг йигирма йилдан мўлроқ вақт ўтиб, учрашиши, журналист Ник Адамс ёзган хотира китобнинг Сора қўлига етиб келишида ҳам ҳеч қандай сунъийликни кўрмадим.

Шахсан мени ҳикоядаги уруш кўрган аёл Сора Алиевна, унинг ўғли Ёдгор, тинчлик курашчиси Ник Адамс, икки фаришта образларидан ҳам кўра Ботир ғурбат ҳаяжонга солди. Ҳамма образ бир тарафу, Ботир ғурбат бир тараф. Қизиқ-да! Адабий танқид, таҳлил ҳам ажойиб ижодий жараён-да! Аслида Ботир ғурбатдан ижирғаниш керак, нафратланиш керак. Қоралаш керакмикин? Хуллас, уни яхши кўриб бўлмайди. Молпараст одам. Отасининг измидан, чизган чизиғидан илло-билло чиқа олмайдиган одамларнинг типик вакили-да. Раис бува билан Ботир ғурбат образлари (ота-бола) Абдулла Қаҳҳорнинг “Бошсиз одам” ҳикоясидаги Абдураҳмон билан Фахриддин (ота-бола) образларига ўхшаб кетади. Ҳар ҳолда Абдулла Қаҳҳор Фахриддин образини яратишда салбий бўёқни жуда қуюқлаштириб юборган. Майлигада, ёзувчининг бундан кўзлаган мақсади бор. Тентаксифат ўғил образини яратиш орқали Абдулла Қаҳҳор XX асрнинг 20-йилларида мустақил фикрлай олмайдиган, фикрсиз одам образини маҳорат билан яратган, бундай кимсаларнинг ироник-сатирик қиёфасини тасвирлаган эди.

Назаримда, истеьдодли адиб А.Қаҳҳор “Бошсиз одам” ҳикоясида жоҳил ота-бола образини яратиши билан кундан-кун бойиб, шаклланиб, ўсиб-ўзгариб бораётган ҳозирги ўзбек насри учун ҳам “МЕТАФОРИК БАДИИЙ МОДЕЛЬ” қуриб берган. Яъники, оиладаги жоҳил ота ва унинг измидан чиқа олмайдиган мутеъ ўғил образи қандайдир бошқачароқ, шунга яқинроқ шакл ва қиёфаларда Тоғай Мурод, Аҳмад Аъзам, Хуршид Дўстмуҳаммад, Шойим Бўтаев, Қўчқор Норқобил ижодида яратилиб, яшаб келмоқда. Мен ўзимча янги назария яратишга даъвогар эмасман. Лекин англаганим шуки, “Бошсиз одам” образи бугунги ўзбек насрига жиддий таъсир кўрсатди. Унинг рамзий маъно қатламлари қай маънодадир, қандайдир шаклларда яшамоқда. Бунинг исботи, сиз яратган Ботир ғурбат образидир. Қаранг, у худди Фахриддинга ўхшаб отасининг гапидан чиқа олмайди. Сора Алиевнанинг ота-онаси бевақт вафот этгач, Раис бува ўғлининг оиласини бузиб, иккинчи қайта уйлантиради. Ўғил ҳеч қандай эътироз билдирмайди. Чунки, оиланинг тутуми шундай. Ота шундай дедими, тамом, шундай қилиш керак. Ботир ғурбат Сорани қорнидаги боласи билан ташлаб кетади-қолади, Хабар ҳам олмайди. Демак, “Бошсиз одам” метафорик бадиий модели қайсидир маънода ҳикояда анъанавий тарзда давом эттирилиб, ижодий жиҳатдан бойитилган Аммо Ботир ғурбат образи асло Қаҳҳорга тақлид эмас. У индивидуал, оригинал образ сифатида яратилган. Ҳикояда қаҳҳорона киноя, ирония, ҳажв кузатилади. Масалан, Ботир ғурбатга рус адабиётидан ёмон баҳо қўйиб, раис бува томонидан “Чехип” лақабини олган ўқитувчи билан боғлиқ лавҳалар кигобхонда кулги уйғотади. Бу лавҳада мен қаҳҳорнинг заҳарханда кулгисини эшитгандек бўлдим.

Рус хемингуэйшунослари адиб ижодида “ёмғир” образининг символик, руҳий таҳлил воситаси даражасига чиққанини жиддий ўрганишган. Хемингуэйнинг ўзбек насридаги издоши Қўчқор Норқобил насрида ҳам “ёмғир” детали кўп учрайди. Ёмғир ҳар икки ёзувчи ижодида шунчаки табиатдаги мавсумий ўзгариш, табиат инжиқлиги, табиий жараён каби қаралмайди. Балки ёмғир образи Эрнест Хемингуэй ва Қўчқор Норқобил насрида психологик восита, қаҳрамон кайфиятига уйғун ёки зидма-зид пейзаж тасвири сифатида акс этади. Ёмғир — қаҳрамон руҳиятининг рамзий тимсоли сифатида кўриниш беради. Бу биринчи жиҳати. Иккинчи вазифаси, ёмғир ҳар икки адиб ижодида экспозиция ва ечимни бошловчи ҳамда якунловчи муҳим бадиий лейтмотив ҳам саналади. Эслаймиз… “Алвидо қурол” романи шаррос ёмғир ёғиб турган мавсумда шинель ва оғир қурол-аслаҳаларни ортмоқлаб олган аскарларнинг ҳорғин кайфияти билан бошланади. Асар якуни эса Кэтриннинг ўлими, бу маҳалда шиғалаб ёғаётган ёмғир остида кетаётган Генрининг тушкун, эзгин кайфияти билан якун топади.

Худди шунингдек, Қ.Норқобилнинг “Ер ҳали ҳам юмалоқ” ҳикояси ҳам худди шундай бошланма ва ечим билан тугалланади. Эътибор берамиз: “Шу лаҳзада улкан шаҳарлар узра шиғиллаб ёмғир қуйди. Шаррос қуйяпти…”. Ҳикоя ечими ҳам эзиб ёғаётган ёмғир тасвири билан якунланади: “Ташқарида ёмғир эзиб ёғарди. Булут қоплаган тубсиз осмоннинг бир бурчида фалакнинг нигоҳи каби милтиллаб турган икки ҳовуч нур аста-секин олислашиб, сўниб борарди”.

Ҳар икки адиб ижодида ёмғир образининг қаватма- қават рамзий маънолари кузатилади. Бизнингча, бу рамзий маънолар эзгин кайфият, тозаланиш, покланиш, тушкунлик, фожиавийлик, ўз қалбига чуқур кириш учун қулай лаҳзалар, одамовилик, бегоналашиш, қўнимсиз, норози кайфият, инжиқ ижодкорнинг феъл- табиати каби хилма-хил ижобий ёки салбий ҳолат, кайфият, вазиятларнинг ифодаси бўлиб келади.

Ёмғир — Э.Хемингуэй ва Қ.Норқобипнинг энг севимли пейзаж тасвири. Ёмғирнинг эзилиб, босиб, шиғалаб, савалаб, шаррос қуйиб ёғиши ҳар икки адиб насрининг бадиий ритмини белгилаётгандек таассурот қолдиради. Урушдан тирик қайтиб келган бўлса ҳам руҳи ўша даҳшатли жанг майдонларида қолиб кетган қаҳрамон изтиробларининг тугаб-битмаслиги билан ёмғир ёғишининг тўхтовсизлигида бадиий мантиқ бирлашиб кетаётгандек гўё.

Назаримизда, Э.Хемингуэй ва Қ.Норқобил учун ЁМҒИР ҳам бора-бора илҳом рамзига айланади. Ёмғир табиатда айланма ҳаракатда бўлади. У ерга сингиб, яна буғланиб ёмғир бўлиб ёғади. Бу икки ижодкор қалбида, ичида ёғаётган ёмғир эса қоғозга тўкилиб, роман, қисса, ҳикоя, драма бўлиб яралади.

“Ер ҳали ҳам юмалоқ” ҳикоясида Қ.Норқобил бежиз фаришта образига мурожаат қилмаган. Фаришта диний мифологияга кўра, одамзодга хайрихоҳ образ. Ҳикояда икки фаришта ер юзида геосиёсий мақсадлар йўлида уруш оловини ёқмоқчи бўлиб машварат ўтказаётган одамларнинг ўзаро гурунгу мажлисбозлигидан даҳшатга тушади. Икки фаришта образи одамзод ҳаётини тепадан туриб кузатади. Касалхонада клиник ўлимни бошидан кечирган Соранинг ҳаётга яна қайтиб келишига ва унинг ҳамхонасининг суҳбатларига ҳам гувоҳ бўлиб туришади. Гўёки, икки фаришта образи Аллоҳнинг элчилари каби самода туриб, ҳикояда кечаётган воқеликлар, инсоний муносабатларга яхши-ёмон муносабатини билдириб туришади. Ҳикояда икки фаришта билан боғлиқ ўринлар воқеаларни бир-бирига уловчи, кесишган тақдирларни боғловчи воситавий образ сифатида ўз аксини топади. Фаришта ҳикояда унчалик кўп тасвирий ўринларда учрамаса-да, жуда катта бадиий-ғоявий мазмунга эга бўлган образ, рамзий, диний-неомифологема ҳисобланади. Назаримда, икки фаришта образи ҳикоя ечимида ҳам залворли ўрин эгаллаши керак эди. Ҳикоя якунига қараймиз: “Ташқарида ёмғир эзиб ёғарди. Булут қоплаган тубсиз осмоннинг бир бурчида фалакнинг нигоҳи каби милтиллаб турган икки ҳовуч нур аста-секин олислашиб, сўниб борарди”. Икки ҳовуч нур — шубҳасиз икки фариштага ишора. Ҳикоянинг бошланиши, ўрталарида қаҳрамонлар ҳаётини тепада туриб кузатаётган, сиқилаётган, нафратланаётган, қайғураётган, енгил нафас олаётган икки фаришта образини кўрамиз. Лекин ҳикоя ечимида нимагадир фаришта образи жуда сустлашади. Ваҳоланки, икки фаришта ҳикояда кечган воқелик, тақдир ва ачинарли қисматга энг фаол муносабат билдириши керак эди. Мен ёзувчи эмасман. Балки, ҳикоя ечими фаришталарнинг изоҳисиз ҳам тугалланиши тўғридир. Битта тайинли фикрга келолмаяпман. Аммо, умумий хулосам, ҳикояда икки фаришта образи жуда мақсадли, муваффақиятли танланган. Ҳикоянинг у ер-бу ерида учрайдиган бу образ ҳақида юқорида айтганимдек, фаришта неомифологемасида жуда жиддий бадиий-ғоявий юк бор.

Нима бўлганда ҳам, муҳтарам Қўчқор Норқобил, мен сизни янги, ажойиб ҳикоянгиз билан табриклайман. Ҳикояда Ник Адамс образи тимсолида мен сизни кўргандек бўлдим. Сиздан келгусида янада залворли асарлар кутиб қоламиз.

Манба: «Ёшлик» журнали,2014/11

011
Қўчқор Норқобил
ЕР ҲАЛИ ҲАМ ЮМАЛОҚ
012

005ен тақдирга ишонмайман, деган одам айни фалон кун, пакун вақтда шу гапни айтишининг ўзи ҳам унинг тақдир китобига аввалдан ёзиб қўйилганини билмайди-да. Қаёқдан билсин?!
Инсон ўз пешонасидаги битикларни ўқий олмайди. Агар шунга саводи етганда эди, бу ҳаётни ўзгартиришга уриниши гумроҳликдан бошқа нарса эмаслигини тушуниб оларди.

Бу ҳаётга нега келдинг?
Жавоб йўқ.
Нега кетасан?
Жимлик…
Шу аҳволингда ҳаётни ўзгартираман, дейсан?

Нима, ҳаётни Сен яратганмидинг? Уни сен барпо қилмагансан, ҳаёт бағридаги бани-борлиқ, жамики тириклик тақдирига ҳам дахл қилолмайсан. Чунки сен ўз ёзиғингни ўқий олмайсан. Уни ўз измингга сололмайсан-ку…

Кичик бир чанг зарраси, қумурсқанинг мўйлови учидаги ғубордан ҳам нимта-нимта одамлар йиғилволиб, ниманидир муҳокама қилишаяпти. Самовот айвонида бу машваратни кузатиб турган икки малак, тубандаги гуруҳ музокараси, айтган гапига юзи қизармаётган бу сурбетларнинг алжирашлари, пинҳоний режаси яратганга етиб бормасин, дея жонҳалак қанот ёзиб тўсқинлик қилишар, ҳар иккиси самовотни кўкси билан тўсиб муаллақ турар, қанотлари ломакон қадар кенгайиб борар, тубсизлик қаъридан отилиб келаётган ёвузлик уруғидан униб чиққан макруҳ сўзлар эса курраи заминни қоқ иккига бўлиб ташлайдиган даражадаги улкан тиғга айланиб, самовотга кўтарилиб, шўрлик фаришталарнинг кўксига санчилар, қанотларига қадалиб азоб берар эди. Бироқ Парвардигор ҳаммасидан воқиф эди. Ердаги гуруҳнинг муддаоси — иблис қутқуси — улар ўзлари яшаб турган маконга ўт қўйишмоқчи. Нуқтадай жойда минг бўлакка бўлиниб, яшаётган қавмнинг ҳуши айниган. Ел бузган елкасига иблис ўтирган одамлар курраи заминнинг бошқа бир тупкаси аҳли бошига қирғин солмоқчи. Улар шуни маърака-мажлис қилаяптилар. Турли хил ажал аслаҳалари, ядро қуроллари ҳақидаги гаплар, кўз кўриб, қулоқ эшитмаган қиёмат-қир­ғиннинг иси келаётган бу даврада ҳарбий иборалар жарангламоқда. Одам боласининг ўз тақдир соҳилларини ўпириб чиқишга уринаётган тошқин каби қутуриши кўк тоқидаги малакларни ҳам даҳшатга солди.

Малаклардан бири чидай олмади. Тубанга шўнғиди. Нима қилиб бўлса ҳам бу одамларни ўз фикридан қайтаришни ўйлаб, ер томон чексиз тезлик билан учиб келарди. Фаришта қанчалаб қат-қат осмонларни юксакда қолдириб, тубандаги биринчи осмонга ўтиши ҳамоно кўринмас шаклга кирди. У пастликда ястанган уммон тепасида бироз турди-да, қуюқ булут босган қанотларини оҳиста, беозор силкиди. Шу лаҳзада улкан шаҳарлар узра шиғиллаб ёмғир қуйди. Фаришта пастдаги шаҳарлардан биридаги ўша машваратхонага йиғилган одамларнинг айримлари ташқарига ҳайратланиб қараганини англади. Кутилмаганда ёмғир қаёқдан келди? Шаррос қуйяпти. Ҳозиргина қуёш чарақлаб чиқиб турувди. Мамлакат миқё­сида об-ҳавога масъул шахс йиғиннинг охирги ўринларидан бирида ўтирган экан, нима қилишини билмай типирчилаб қолди. Стол тагига энгашиб кириб, ўз идорасига қўнғироқ қилди. “Нима гап? Ёмғир қаёқдан келди? Нега жимсан? Икки ҳафта ҳаво очиқ бўлиши керак эди-ку?”. “Биз ҳам ҳеч нарсани тушунмаяпмиз. Синоптик қурилма ҳозир ҳам мамлакатда қуёшли кун эканлиги, ёмғир йўқлигини кўрсатиб турибди-ку…”, деган жавобни эшитиб, ақлдан озаёзди. Фаришта гувиллаган шамол тўс-тўполони авж олиб, шаррос ёмғир ичида қолган шаҳардаги машваратхона деразасига безовталаниб қараб қўяётган одамчалар қалбига ёруғ нур улашиш учун анча пайтгача ҳавода қимир этмай турди, сўнг уларнинг кўнглига илоҳий нур етиб боришига шамол билан ёмғир тўсқинлик қилаяпти, халал бераяпти, деб ўйлади. Сўнг… Сўнг уларнинг қалб йўли аллақачон бекилиб қолганини сезиб қолди-да, вужуд-вужуди титраб, борлиғи ларзага келди. Не бир аҳволга тушган фаришта машварат уйидаги юзлаб одамчалардан бири иккиланаётгани, унинг ҳали ёпилиб улгурмаган қалб йўлида ҳаёт нури оқиб турганини ҳис қилди ва шу ҳолатда туй­қус теварак-атрофни унутиб, унинг нигоҳини қидириб топди. Шунда эзгуликка хайрихоҳ кимса кўзларидан унинг тақдир китобидаги битикларни уқиб олди ва бу тошқин оломон одамчалар ичида ўзини асрашга уринаётган одамнинг тақдир китобида осмондагилар нуқта, деб атайдиган ер масканининг яна бир бурчида шифохона ойнасидан ташқарига қараб турган инсоннинг исмини ҳам ўқиди. Улар ҳаётидаги маълум пайтдаги тақдирдошлик ҳиссини фаришталик илоҳияти ила англаб етди.

У қалби тамғаланган бу одамчалар йиғинига илиқлик олиб киришни Парвардигорга қолдириб, илкис бурилди. Шунда фариштанинг сўл қаноти пасайиб, уммон сувини елпиб ўтди. Шаҳар тошқин ичида қолди. Машварат тўхтатилди. Фавқулодда ҳолат юз берди. Шаҳар кўчаларидаги одамлар саросимага тушиб, ҳар ёнга тўзғиб кетди. Биноларни сув босди. Шамол аралаш урган ёмғир бўронга айланиб, илдизи ожиз дов-дарахтларни таг-томири билан қўпориб ташлар эди. Осмон илоҳи қайтаётиб, дунёи дуннинг бор бурчагидаги ана ўша шифохона дарчасига назар солди. Нигоҳи ичкарида тўшакда ётиб тундлашган осмонга қараб, ёмғир ёғишини жон дилдан хоҳлаётган хаста аёлнинг кўзлари билан тўқнашди. Ва аёлнинг тақдир китобида дунёнинг чекка бир қисмидаги машваратхонадан ҳовлиқиб чиқиб, таги ўйилиб челаклаб ёмғир ураётган осмон остида тошқин ҳамла қилаётган шаҳарда эс-ҳуши учиб, уйига шошилаётган Ник Адамс исмини ўқиди!

* * *

Пойтахтдаги казо-казолар даволанадиган шифохонанинг учинчи қавати деразаларидан ҳам олис осмону фалакка бўй чўзган ўрис дарахтларнинг майда тиллабаргларини учириб кўкка совураётган куз шамолининг самони қоплаган қуюқ, кулранг булутларни тўзғитиб юборишига мажоли етмади. Дарахтлар новдаларидан юлқинган тиллабаргларнинг тўзони чирпирак бўлиб учар, гўёки борлиқни хазонрезлик шивири тутган, самодан тилла­барг­лар ўйнаб ёғаётган эди. Ташқаридаги бу гўзал манзара — мусаввир куз чизган жонли суратга боқиб аёл ёнидаги хонадошига юз буриб жилмайди:

— Ҳозир ёмғир ёғади. Кузнинг биринчи ёмғири! — У тўшакда ётган кўйи деразага махтал термулди.

— Ишқилиб биз томонда ёғмасин-да, — зорлангандай бўлди ҳамхона. Сўнг ўрнига тумшайиб ўтириб олди-да, қўшиб қўйди, — ҳали нариги ҳовлимиз битмади.

— Синглим, шкафдан халатимни олиб беринг, — аёл ўрнидан оғир қўзғалиб, деворга суянди.

Кроватда ўтирган ҳамхона таажжуб билан ўрнидан турди. Кенг-мўл пахмоқ халатни аёлнинг елкасига ташлади, дераза ёнига суяб келди.

— Ҳозир ёмғир ёғади, — шивирлади аёл, — ёмғирни томоша қилайлик.

Эллик ёшдан ўтган, обрў-эътибори юксак (буни ҳамхона шифохонадаги шифокорлардан тортиб, ҳамшираларгача унга иззат-икром кўрсатиб, муомала қилишидан сезиб қолди) Сора Алиевнанинг айни дамда ёш боладай эркалик қилиб, шу ҳолида деразага олиб бор, ёмғирни томоша қиламан, дейиши эриш туюлди. “Опа, сидирғагина ўтиринг, кўнглингизга ёмғир сиққанига ўлайми?…” дейишига оз қолди. Шундай демоқчи ҳам бўлди, тилини тишлаганининг сабаби, опа уйқусизлик пайтида бид-бидлоқ ҳамшира опанинг таъриф-таснифини жойига қўйиб гапириб берувди: опа мамлакатда таниқли жарроҳ, медицина фанлари доктори, профессор, юзлаб шогирдлари бор. Хуллас, машҳур шифокор. Шунинг учун опани келди-кетдилар ҳам чарчатиб қўйяптимикин? Охири, бош шифокор опанинг олдига ҳаммани ҳам қўяверманглар, деб топшириқ берибди. Палатадан одам оёғи бироз узилгани ҳам шундан, лекин кеп-кетиб туришипти, ҳаммаси азза-базза одамлар.

Шундай экан, довруқли дўхтирга опа соғлиғингизни ўйлаб, жим ётинг, деб бўларканми…

Аёл дераза рахига тирсак қўйди, кафтларига ияк тираб, ташқарига кўз солди. Шамол ҳам ҳолсизланиб қулагандай бўлди, туйқус борлиқ сукут ичида қолди. Базўр нафас олаётган аёл ботинида, аниқроғи, жигаридаги оғриқни ҳис қилди. Ёмғир исёнини кўксида зўрға ушлаб турган осмон чодирини ердан кўтарилган шовқин, ҳеч бўлмаса, биргина тиқ этган товуш тилка-пора қилиб юбориши муқаррар эди, гўё. Лекин борлиқ ўлик сукут оғушида, ўша тиқ этган товушнинг ўзи йўқ. Аёлнинг бор вужуди қалтиради. Пешонасини совуқ тер босди. Қора­йиб бораётган осмон тоқида нимадир ялт этгандай бўлди. Чақмоқ, деб ўйлади аёл. Ҳозир осмон қасирлаб кетади. Бир… икки… уч… Жимлик. Аёлнинг кўз олди қоронғилашди, атроф зимистон тортди, ҳеч нарсани кўрмай қолди. Бироқ қуюқ булутлардан ҳам олисларда, баландда тобора юксалиб бораётган доирасимон нур унинг хаёлини ёп-ёруғ этди. У кўнгил кўзи орқали самовотдаги абадий шуълани кўрди, унга талпинди. Аёл шу нур сари парвоз қиларди, қулоқлари остида ёмғир томчиларининг нимагадир, дераза ойнасигами чирсиллаб урилаётгани элас-элас эшитилиб турарди.

Ҳали ўз маконига қайтиб кетмаган фаришта чуқур-чуқурлардан, тубанликдан ўзи томон келаётган аёлни кўрди. Самога кўтарилган сари аёлнинг аъзойи-бадани нурланиб, шаффоф тортиб борарди. Самовий элчи дар­ҳол шамолни чақириб, ҳовучингни оч, деди. Шамол ҳовучини очди. Фаришта унинг ҳовучини нурга тўлдирди.

— Тез уч! Тезроқ ел! Ҳовучингдаги нурни аёлга ичир. Ортига қайтариб юбор, — деб амр этди.

Аёл навқирон, гулгун яшнаган ёшлик чоғига қайтган, ҳаддан зиёд гўзал эди. Шамолнинг ҳаваси келди:

— Қўй, индама. Келаверсин. Қара, қандайин гўзал, гуноҳсиз — нур бўлиб учаяпти. Ўзинг билан бирга олиб кетақол.

— Йўқ. Ўзим билан олиб кетолмайман. Бу менинг вазифамга кирмайди. Шундоғам бесўроқ ерга яқин келиб, одамларнинг майда-чуйда ишларига аралашганим учун Парвардигордан оладиганимни оламан.

…Шамол пастга, тубандан учиб келаётган аёл томон шўнғиди.

Ёмғир томчиларининг нимагадир, дераза ойнасигами чарсиллаб урилиши эшитиларди. Аёл базўр кўзини очди. Ташқарида ёмғир шаррос қуймоқда эди.

— Ишқилиб, биз томондан ёғмасин-да. Янги ҳовлимиз битмаган, — ёзғирди ҳамхона.

Аёл ўзига келиб-келмай карахт аҳволда пичирлади.

— Синглим, ёмғирда ивиб кетдим. Шамол ичирган сув ичимни куйдириб боряпти.

Ҳамхонанинг эси чиқиб, эсанкираб қолди. Тик оёқда туриб, алаҳсиётган одамга илк бор дуч келиши эди. Чиндан ҳам аёлнинг жисму жонидан худди ҳаммомдагидай буғ чиқар, иситма зўридан пахмоқ халати остидаги ки­йим-боши жиққа ҳўл бўлиб кетган эди. Ҳамхона нималардир деб эмранаётган аёлни бир амаллаб суяб турди-да, жон уҳмида қичқириб, ҳамширани ёрдамга чақирди.

* * *

Фаришта енгил тортди. Бироқ унинг қанотларига ҳамхонанинг “ишқилиб биз томонда ёғмасин-да. Янги ҳовлимиз битмаган”, — деган илтижоси юк бўлиб осилиб турарди. Фаришта нурли, ҳарир қанотларини кенг ёзиб, паст­га назар ташлади. Ҳамхона айтган ўша “биз томон”, деган жойни топди. Сўл қанотини билинар-билинмас қилиб, оҳиста силкиб қўйди-да, ўз маконига парвоз қилди. “Биз томон”нинг осмонини қоплаган булутлар шамол зарбига дош беролмай, тарқаб кетди. “Биз томон” қуёш нурларига чул­ғанди. Туман марказига туташ қишлоқнинг четида, биринчи қавати ернинг ости, иккинчи, учинчи қаватлари устида қад ростлаган ўттиз хонали уйнинг қимматбаҳо томи ярқираб турарди. Ўн беш, йигирма чоғли мардикор эса, ҳовли йўлакларига бетон ётқизиш билан овора эди.

… Бир ҳафтадан кейин ҳовли тўйи ўтказишни ният этган Ботир ғурбат бирпасда кун очилиб кетганидан қувонди. Агар уч, тўрт кун ичида ёғин-сочин бўлмаса, ҳовлидаги майда, икир-чикир ишларни ҳам тугатиб олишади. Хотини ҳам шу ҳафтада шифохонадан чиқади. Қарсиллатиб зиёфат беради. Дўст-душманнинг ичида ўзини яна бир кўрсатиб қўйгани ҳам яхши-да. Ҳовли тўйи баҳонасида аккам-дуккамга берган тўёна пулларини ҳам йиғиб олади. Нима қипти, бергандан кейин олиш керак-да. Пул зиён қилмайди. Дунёда ҳамма нарсанинг оғири бор. Лекин пулнинг оғири йўқ.

Ботир ғурбат ҳамма нарсани пул билан ўлчайдиганлар тоифасидан. Ҳамма нарсани — мансабни ҳам, обрўни ҳам пул билан сотиб олиш мумкин, деб ўйлайди. Ҳатто инсоннинг тақдирини ҳам пул ўзгартиради, у ўз тақдир китобини пулга сотиши ёки сотиб олиши мумкин, деб ўйлайди. Агар у ўзи қураётган мана шу қасрнинг умри давомида ҳамма хонасига кириб чиқиши учун вақт тополмаслиги ҳам мумкинлигини англаб етганда эди, умуман, одам боласи учун бунча кўп хоналарнинг, бундай дов-дасканинг ўзи мутлақ ортиқчалигини пайқаганида эди, ўзининг еб тўймас касалга йўлиқаётганини тушуниб қоларди. Шунинг учун ҳам инсон инсон-да, — ўзининг фожиасини англамайди. Нафснинг майда яраси маддалаб кетса, эҳтиёж ўпқонга айланади. Бу дунёнинг барча қирғин-баротлари, урушлари ана шу ўпқонни тўлдириш эвазига содир бўлмоқда.

Фаришта қат-қат осмонлардан юқорига учиб ўтаётиб, пастликка — ерга яна бир қараб қўйди. Ботир ғурбатнинг тақдир китобининг қайсидир бандларига кўз ташлади. Фаришта “ердаги ҳаёт бунчалар мураккаб, одамлар тақдири бир-бири билан шунчалар чамбарчас боғланиб кетган”, деган ўйга келди.

* * *

Ажал чангали чанг солиб турган бемор Сора Алиевна анчадан бери бундай оромбахш уйқу оғушида ҳузур топмаган эди. Аёл узоқ ухлади. Ҳамшира дамба-дам палатага кириб, ундан хабар олиб турди. Бўлим бошлиғи икки марта унинг томир уришини текшириб кўрди — бир маромда. Бош шифокор дунёга довруқли дўхтир, ўз соҳасининг пири бўлган академикни бошлаб келди. Аёл ҳамон ухларди. Академик беморга синчиклаб назар солди:

— Безовта қилманг. Ҳаммаси яхши. Ваҳимага ўрин йўқ.

Кутилмаган мўъжиза юз бераётганди, гўё. Аёлнинг юзига қон югуриб, тиниқлашган чеҳрасини ўлим шарпасининг мискин сояси тарк этганди. Бош шифокор туйқус миясига келган ўйдан бир сесканиб тушди: “Ўлим олдидан инсон соғлом ҳолига бир қайтиб олади, деган гап наҳот рост бўлса?” Зукко академик унинг хаёлидаги кечинмани англаб бош чайқади.

— Хавотир олманг. Ҳаммаси яхши. Ҳамкасбимиз танасига ёпишган дард­ни руҳий қудрат, ботиний муолажа билан енгиб ўтаётганга ўхшайди.

Ҳамхона эса гоҳ ҳеч нарсадан бехабар ухлаётган беморга, гоҳ унинг тепасида нималарнидир муҳокама қилаётган шифокорларга хавотир билан қараб қўярди. У хонадагилар беморнинг дераза ёнига боргани-ю, оқибатда зўриқиб йиқилгани, алаҳсиб ҳушидан кетганини, бунда ўзининг ҳам иштироки борлиги, деразага қадар суяб борганини шифокорлар сезиб қолишидан чўчирди. Ҳамширанинг оғзи маҳкам экан. Мум тишлаб турибди, чурқ этмади — чақимчилик қилмади.

Шифокорлар хонадан чиқиб кетишди. Ҳамхона ўзини уйқу оромига топширган Сора Алиевнага узоқ тикилиб турди. Аёлнинг чеҳрасига табассум инди, сўнг кўзларини очди, жилмайиб қўйди, дераза томон оҳиста юз бурди:

— Ёмғир ёғаяптими?

— Опа-ей, ёмғирингиз ҳам бор бўлсин-а. Ёғаяпти. Ёғаяпти. Шу ёмғирни деб ўтакамни ёрдингиз-а. Озгина қолди-я, хайр-хўшни насия қилиб кетворай дедингиз.

Аёл ҳамхонанинг бегидир гапларига яна мулойимгина кулиб қўйди.

— Менга қаранг. Сиз менга косада муздек сув тутдингизми?

Ҳамхонанинг юраги шув этди. Уни яна ваҳима босди:

— Вой… Жон опа, қўрқитманг. Нима бало, яна алаҳсираяпсизми? Ишқилиб, бирор нарсага йўлиқмадингизми, опа?

Сора Алиевна тўшакда ўзини ўнглаб, ёстиқни белига суяб, яримбел бўлиб ўтириб олди. Ҳамхонага синовчан тикилди:

— Сизнинг исмингизни ҳам сўрамапман. Бўларимча бўлиб, ўзим билан (у ўлим билан демади) ўзим олишиб ётдим, шекилли…

— Ҳа… Кўп алахсирадингиз… Бугун яхши. Анча яхшисиз… Ҳа-я, исмим — Барно. Сизнинг исмингиз — Сора опа. Келди-кетди одамлардан билиб олдим. — Барно соддалик билан яна қўшиб қўйди. — Ўзингиз ҳам катта дўхтир экансиз.

Сора Алиевна бош ирғаб, кулиб қўйди. Сўнг яна деразага кўз ташлади.

— Ёмғир чиройли ёғаяпти… Мен энди соғайдим, Худога шукр, соғайдим, — деди оҳиста. — Қизиқ, анчадан бери туш кўрмай қўйгандим. Ҳозир туш кўрибман. Тушимда ўғлим — Ёдгорим отаси билан бирга тезоқар дарё қир­ғоғида турганмиш. Отаси ўша йигирма беш ёшида эди. Мен дарёда, тип-тиниқ, тезоқар дарё сувида оқиб бораяпман, денг. Улар қирғоқда туриб, менга қўл силкишади. Кейин… уйғониб кетдим. Аъзойи-баданим куйиб-ёниб қақшагани учун дарё сувини туш кўргандирман, эҳтимол.

— Опа, тиниқ сув — яхшилик аломати. Яхши туш кўрибсиз.

— Ким билсин.

— Опа… Бир нарса сўрасам…

— Хўш.

— Ўғлингизнинг исмини Ёдгор дедингиз. Болангиз қорнингиздаги пайти эрингиз вафот этганмилар?

Сора Алиевнанинг вужудини титроқ босиб, лаблари пирпиради. Ботинида алланечук оғриқ қўзғалгандай бўлди, бироқ шу лаҳзада ички бир қатъият, ҳаётга ташналик туйғусининг лаззатли шавқи руҳиятига кўтаринкилик бахшида этаяпти, боши тип-тиниқ, вужудини кемириб, ич-ичини дард оловида ёқаётган оғриқ азоби қаёққадир чекингандай. Унинг бу ҳаётвандлик кайфиятига мосу хос тарзда ташқарида шиғирлаб ёмғир ёғаяпти. Дунё кузнинг намчил нафаси оғушида. Ҳаётнинг энди майда-чуйда дарди ҳасратларини этагидаги чангдай қоқиб, ҳаё-ҳут, деб қўл силкиш керак, вассалом. Сора Алиевна ҳамхонасининг юзига тик қаради:

— Йўқ. Эрим ўлмаган. Аллақаерларда юргандир ҳам.

— Опа… Жон опа, мени кечиринг.

— Ҳечқиси йўқ. Майли, сизга гапириб бера қолай. Очиғи, бу мавзуда сўз очишни сира-сира хоҳламаганман. Бугун… бугун негадир, гапиргим келди. Қизиқ, тамомила бошқача одамга айланиб бораётганга ўхшайман. Хўш, чалғимасдан, сизга бор ҳақиқатни гапириб бераман, чунки тинкамни қуритган оғриқ юки ҳамон юрагим тубида чўкиб ётибди. Эшитинг…

Сора Алиевна бошидан кечирган ўша олис хотиралар ҳақида сўзлаб, нотанти ҳаётнинг хиёнатлари, тақдир зарбалари билан яна бир бор рўбару келгандай бўлди. Барно ҳам унинг бошдан кечирган кунлари борасида мубҳам тасаввурга эга бўлиб, қандай қилиб опанинг кўнглини кўтариш ҳақида ўйларди:

— Номардлик қипти-да.

— Ким билсин? Эҳтимол, орзу-мақсади, ўй-режалари барбод бўлгани учун у шундай қилгандир… Мен энди унга керак бўлмай қолган эдим-да, — Сора Алиевна оғир тин олди.

Жондорга жола қилсанг ҳам номард­га нола қилма. Бебурдлик қалбини қанчалик ўт азобида куйдирмасин, Сора ўшанда унинг ортидан эргашмади, чўк тушиб ялиниб-ёлвормади. Палаги тоза гул кўлмакдан сув ичмайди.

* * *

Сора тиббиёт ўқув даргоҳида ўқирди. Йигит қишлоқ хўжалик олийгоҳида таҳсил оларди. Қизнинг отаси йигит ўқийдиган олийгоҳнинг ректори эди. Онаси ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларининг бирида юқори лавозимда ишларди. Йигитнинг отаси ўша пайтлар Олтиндаланинг номи чиққан хўжалигини бошқарарди. Раис. Ўғли ёлғиз эди. Отанинг якка-ёлғиз таянчи, суянчи, насли-насабининг давомчиси. Раис ёлғиз ўғлининг келажаги учун ҳеч нарса, ҳеч бир ғов-тўсиқдан қайтмас, сув келса симириб, тоғ келса кемирар эди. Ўқиш давомида донгдор хўжаликнинг довруқли раиси сифатида тўппа-тўғри ректорнинг хонасига кириб келаверарди. Эшикни ректорнинг ўзи очарди, чунки меҳмоннинг икки қўли банд бўларди. Олтиндаланинг катта бир хўжалигидан топган-ўмарганини Тошкентга, аниқроғи, ректор амакининг уйига ташиди. Бир кўрган таниш, икки кўрган билиш, уч кўрган қариндош, тўрт кўрган қуда-қондош. Ректор ота рози, ҳуқуқшунос она рози-ю-рамзада. Яхши-да, кимсан, фалончи раис­нинг яккаю ёлғиз арзандаю дармондаси! Бунинг устига “Одам қилинг, шугина кўз қорамиз Тошкентда қолсин…”, дея бош эгиб турибди. Данғиллама ҳовли ҳам олиб бериб, ёлғиз ўғлини буларга қўшқўллаб топшираяпти. Ичкуёвдан нима фарқи бор! Сора-чи, Сора? Сора ота измида, она раъйида эди. Муҳими, у куёв бўлмиш билан учрашганди. Сиртида сиртлоннинг салобати бор. Бироқ ичи… ичини билмади. Ичида не гап, билмадим, деган эди, онадан балога қолди: “Тентаклик қилма! Ёлғиз ўғил бўлса ҳам бизнинг ёнимизда қолаяпти. Сени ўша Олтиндаласига судраб опкетиб, даласига тиқиб қўйса, нима қилардинг!”. Онанинг гапи жўяли. Отанинг гапи уяли. Майли, деди. Рози бўлди. Буёғи тўй. Раиснинг ҳам боши осмонда. Кимсан, ўша даврда мамлакатнинг етук кадрларини тайёрлаб берадиган ўқув даргоҳининг ректори, янаям айтса, фалончи-писмадончиевнинг туғишган укаси билан қуда бўлаяпти. Энди унинг олдида райкомиям, керак бўлса, обкомиям зириллайди. Олтиндалада бошланган тўй Тошкентда давом этди. Тўйнинг зўри Тошкентда бўлди. Тўғри-да, куёв шаҳарда қолаяпти-ку, қайнотанинг кенг қаноти остида обдон яйрасин, амал-памални ҳам пойтахтда эгаллагани яхши-да. Катта шаҳардан учган барг ҳам қишлоқнинг дарахтига оғирлик қилади. Барибир пойтахт деган номи бор. Ҳа, энди бирор вазифалик ишга ўтиб қолса кўринг, Олтиндаланинг улуғидан тортиб жупкарчи йўриғигача соясига салом беради. Хуллас, ёлғиз ўғил, ёлғиз қиз оила қуришди.

Манфаатнинг миси, миннатнинг иси чиқади, барибир. Манфаат пойдевори устига қурилган оила иморати мўрт бўлади. Турмушнинг шунчаки эсган шамоллари ҳам қулатиб юборади.

Бироқ Соранинг ҳаётида қисмат довули ўкирди. Бу шунчаки шабада эмас эди. Тўйдан кейин етти ой ўтар-ўтмас, иқбол қуёшини қайғу тўзони қоплади. Унинг ота-онаси — ректор ота, ҳуқуқшунос она водийдан қайтаётиб автоҳалокатга йўлиқиб, ҳалок бўлишди, Сора бу ҳаётда муаллақ қолди. Суянч тоғлари қулади. Ўзига куч-қувват бериб яшнатаётган муқаддас илдизларини аллақандай бир куч рўйи замин қаъридан суғуриб ташлади. Сора тош-метин, юзи қаттиқ ерга гурсиллаб қулади, гўё унинг ўрнидан туриши амримаҳол эди. Ана шундай тўзон-тўфонли чоғда амакиси фалончи фалончиевичнинг ҳам тегирмони тескари айланди. Уни ишдан олишди. Москвадан келган терговчилар бўйнига ўн йиллик умр ўлчовига зомин бўлажак жиноят юкини осишди. Энди ким қолди? Соранинг суянчи У эди. Ёлғизгина У.

Бир куни раис ота келди. Ҳовлига боши кириб, кети қайтди. Ўғилни четга имлаб чақирди:

— Бу қарғиш урган хонадон менинг ҳам, сенинг ҳам бошингга бало бўлмасин. Тамом, шартта кес! Ҳаммаси тугади. Касофати ўзларига урган бўлсин! Энди келажакни ўйла! Олдимга туш, кетдик! Нима? Бунинг хотин бўлгани гўр бўлармиди? Ажраш. Биров билиб, биров билмасин! ФҲДЁга ариза бериб кетамиз.

Бу гапларни Сора эшитди. Жони жаҳони зимистон тортди. Ўзини базўр тутди. Музтар, нотавон ўғил отанинг йўриғида йўртанглаб, ғинг демай, олдига тушиб кетаверди. Олти ойлик гумонаси билан Сора қон-зардоб ютиб қолаверди.

Тақдир уқубат гирдобига улоқтириб юборган Сора ўғил кўрди. Ёдгор, деб исм қўйди. Ёдгор ёшига етар-етмас, Сора уни онасининг синглиси — холасига қолдириб, ҳарбий шифокор сифатида афғон урушига кетди. Ҳасрат имлосида битилган тақдир китобининг кейинги саҳифаларида рўшнолик акс этганига унинг ақли етмас, дунёда бахт-саодат борлигига энди ишонмас эди. Нима бўлган тақдирда ҳам бу ерлардан олис-олисларга кетишни, ўқ ёмғирлари ичида жон олиб, жон бериб яшашни афзал билди, бирор дайди ўқ ўлжасига айланиб, ўлиб кетиш энди унинг ҳеч қандай қўрқув уйғотмасди.

* * *

Сора ўша қора кунлари ҳақида ҳаётда илк бор оғиз очмоқда эди. Юрак қаърида ётган дард достонини у илк бор ҳамхонаси Барнога айтди. Балки бугун ажал остонасидан қайтиб келгани, ҳаёт яна кўзига гўзал ва сержилва кўрингани, қалбида яшашга иштиёқи ёниб, тириклик чечаклари ниш ура бошлагани учун шундай қилгандир…

— У жуда пасткаш, ифлос одам экан, — деди Барно ниҳоят кўнглида алланечук оғриқ тўлғоғини ҳис қилиб.

— Мен ундан ажралганим учун хафа эмасман. Бу ҳодиса вақтида рўй бергани учун тақдирга шукр қиламан. Мени бошқа нарса қийнайди. Агар одам боласи мансаб, обрў-эътибор, бойлик йўлида муқаддас оиласидан ҳам воз кечишга қодир бўлса, у бу ёруғ дунёда бошқа ҳамма нарсани оёқости қилишга, керак бўлса, ота-она, Ватан деган тушунчаларга ҳам хиёнат қилишга қодир бўлади. Ватанини ҳам сотиб юбормайдими? Дунёдаги улкан фожиа­лар нафс балоси комида тўлғонган бебурд ва очофатларнинг иши-ку. Ер юзидаги улкан фожиалар одам боласининг бир-бирига қилган машъум муносабати, хиёнати эвазига содир бўлмаяптими? Улкан фожиалар аслида шу хиёнатлардан урчимайдими?

Барно жим, ҳайрону лол қотган эди. У бундай гапларни умри бино бўлиб эшитмаган эди. Бойлик ва мансаб-мартаба ҳақида бундай гапларни тинг­лаб шўрлик жувон гандираклаб қолди. Юзи оқарди, кейин дув қизарди.

— Мен ўша ёқда, афғонда кўп нарсаларни англаб етдим. Инсоннинг лаҳзалик ҳаёти бу дунёнинг барча мартаба-ю сийловларидан авло экани, яшаш, тириклик, қуёшни кўриб туриш, ёмғирдан завқланишнинг ўзи инсонга берилган энг улуғ неъмат экани, тинч ва осойишта ҳаёт одам боласининг бахт-иқболи, саодати эканини ҳис қилдим. Қобулдаги марказий госпиталга америкалик бир журналистни олиб келишди. Бояқиш ўзича ҳаётни ўрганаман, деб афғонга сандироқлаб келган экан. Мен унинг чап кўкрак қисмига санчилиб қолган осколкани олиб ташладим. Ичкарига кириб кетган темир парчаси юракни тилкалаб ўтишига оз қолганди. Журналист рус тилида яхши гапирар эди. Ким билсин, балки шпиондир. Хуллас, у икки ҳафта ўтиб госпиталдан чиқиб кетаётиб, менга бош эгиб таъзим қилди-да, қўлларимни ўпди. Кўзларидан ёш сизди:

— Ҳаётимда содир бўлган барча катта-кичик воқеалар, яхши-ёмон ҳодисалар, ғам-аламли кунларни чарх­нинг ҳазили, шунчаки майда гаплар, деб ўйлай бошладим. Уруш менга бу дунёнинг икир-чикирларига қўл силкишни ўргатди. Одамзотнинг барча қилгуликлари, пасткашликлари уруш фожиаси олдида ҳеч нарсага арзимай қолади. Ўзингизни асранг. Мен умримнинг охиригача тинчлик учун курашаман ва бу йўлда ҳамиша сизни ёдга олишга ҳаракат қиламан, деди. Унинг исми Ник эди. Ник Адамс.

* * *

…Самовот тубида бу суҳбатни эшитиб турган икки фаришта бир-бирига маъноли қарашди.

— Улар айни дамда бир-бирини ўйлаб турганини, бир-бирини ёдга олаётганини ўзлари сезишаяптими, — деб сўради ҳали ерга яқин келган фариштадан шериги.

— Йўқ. Улар буни билмайди. Қара, анави Ник Адамсга қара!

Машваратхонадан бир алфозда уйи­га етиб келган Ник сув босган ҳовлидан ақл-ҳуши учган кўйи чопиб ўтди-да, ўзини ичкарига урди. Уй ичи ҳам сувга тўлган. Хотини ҳали ишдан қайт­мабди. У сув кечиб у ёқдан-бу ёққа югургилаб ичкарилади. Шунда ярим белигача пўртанада қолган шкаф устидаги бароқ мушукчага кўзи тушди. Мушукча Никка зорлангандай бўлди.

— Бизнинг савдойиларча дунёни қўрқитиб, таҳликага соламан, тобе қиламан, дея қуюшқондан чиқиб жазава солишимиз, жаҳонни уруш жари ёқасига олиб бориш даражасидаги телбаликларимиз учун Парвардигорнинг қаҳрини қўзғатганимизни англаб етмаётганга ўхшаймиз, — деб ўкинди.

Сўнг ўша шкаф устидаги бароқни суратга олди-да, ёғоч пиллапоядан кўтарилиб, ёзув хонасига кирди. Компьютерни ёқди. Интернетга сув ичида қолган мушукча суратини жойлаб, бояги Машваратбошига хат жўнатди. “Жаноб, раҳмингиз келсин. Уруш бошламайлик. Одамлар, болалар, ҳамма-ҳамма нарса хонавайрон бўлади. Анави мушукчанинг мунг-озорли кўзларига қаранг. У бизларнинг гуноҳларимиз эвазига шу аҳволга тушди. Бу дунё­да ҳеч нарса жавобсиз қолмайди, жаноб! Бу фалокатлар беҳуда эмас. Ҳали вақт бор, ўйлаб кўринг! Ҳа, мен тинчлик учун курашаман! Уруш оловидан омон чиққан куним бир гўзал аёлга сўз берганман. Умрим охиригача тинчлик учун курашаман деб! Унинг исми Сара! Тинчлик учун курашаман, Сара!..”

Ник Адамснинг ушбу электрон хати бир зумда дунёга тарқаб кетди. Жаҳоннинг барча телеканаллари Ник Адамснинг сурати тагида ушбу хатини титр қилиб бериб, турли хил шакл-шамойилда шарҳлаш билан овора эди.

— Анаву жувон телевизор пультини қўлга олди. Телевизор қўймоқчими? — деди биринчи фаришта.

— Ҳа, шундай, — деди ерга яқин келиб кетган фаришта.

Қайсидир телеканал дунё янгиликларини бермоқда эди. Экранда фалокат юз берган шаҳарнинг сув тош­қини ичида қолган хонадонларининг бирида, шкаф устида бир амаллаб жон сақлаб турган мушукчанинг тасвири. Тасвир тагида шундай ёзув бор. “Уруш вайроналари ичида болалар бундан ҳам кўра даҳшатли ва аянчли аҳволга тушадилар. Раҳмингиз келсин!..” Телеканал ушбу ҳайқириқ муаллифининг сувратини намойиш қилди. Сора Алиев­на қизғиш жингалак сочли, кенг пешона, юзида табассум инган, кўзойнак остидаги нигоҳлари чақнаб турган бу одамга узоқ тикилиб турди. Кимгадир ўхшатди. Эслолмади.

— Ўлсин. Ҳамма томонда уруш, қирғин, фалокат, — Барно телевизорни ўчириб қўйди.

* * *

Сора Алиевна ташқарига қаради. Ҳамон ёмғир ёғмоқда. У мўъжиза рўй бериб, тузала бошлаганига энди мутлақо амин бўлди. Айни дам ўрнидан туриб дераза ёнига бориш, шифохона саҳнидаги кузги боғни томоша қилишни жуда-жуда истаётган эди. Бироқ ҳамхонасининг бу гал айюҳаннос солиб юбориши, шифокорларни яна безовта қилиб қўйишини ўйлаб кўзларини юмди. Шу чоғда ҳамкасбларини ҳар лаҳзада тузалиб, кучга тўлиб бораётганига ишонтира олмасди. Чунки бундай ўзгариш ҳали тиббиёт илмида кузатилмаган… Кутилмаганда аёлнинг соғлиги ўнгланиши тиббий назария ёхуд тажрибаларга мутлақо зид ҳодиса эди.

Уни уйқу элитган экан, қўл телефоннинг бехос жаранги уйғотиб юборди. Барно ким биландир шанғиллаб гаплаша кетди:

— Алло, нима? Нима бўлди? А? Яхши эшитмадим. Хўп, Хўп. Бугун келмайсизми? Болалар яхшими? Ҳовли нима бўлди? Яхши! Бизда ёмғир ёғаяпти. Ҳа-а, Худога шукр, қуёш чиқиб турибди, денг. Яхши, мендан хавотир олманг. Хўп, майли.

Барно ҳамхонаси томон ўгирилиб, уни уйғотиб юборганидан хижолат тортди.

— Опа, узр… Хўжайиним телефон қилди. Эртага келаркан. Бугун ишим бор, деди.

…“Биз томонда” туман марказига кетаётган Ботир ғурбат асабий ҳолатда қўл телефонни чўнтагига урди. Ўзига ўзи ғўлдиради:

— Ҳей, энағарди қизи. Гапнинг бош-охирини тушунмайди. Мен нима дейману қўбизим нима дейди? Буниям эси-дарди ҳовли тўй. Кўнглимга қил сиғмай турганда, кетимга кетмон уриб, чилдирма чалади, энағарди қизи.

Ботир ғурбатнинг жиғи-бийрони авжида. Нима фалокат бўлиб, энди прокуратурага чақириб туришибди. Газанда Чехип чол ёзиб берибди. Ҳамма томонни хусусий қип, еб тугатди, қишлоқнинг таъмирласа бўладиган икки юз тонналик сув минорасини ҳам кесиб кетди. Ҳазарбоғ каналининг тагидаги қурилиш идорасини талон-тарож этиб, атайлаб банкрот қилиб тугатди, деб ёзибди чаён чол. Қишлоқдаги клуб билан кутубхонани ҳам ўғлининг номига расмийлаштириб, ўрнига қассобхона, гўшт дўкони, кафе-бар қуриб олгани ҳам четда қолмабди. Ёмони, Сувлисой ўрмон хўжалигининг тоғ ён-бағридаги уч гектар ердаги арчазорни кесиб, пуллаб юборганидан ҳам хабари бор экан…

Бу атрофда унга ҳеч ким миқ этолмай келаётувди. Мана шу қари қирчанғи бош кўтарди. Шуни деб боласи тенги прокурорнинг олдида кеча бўларича бўлди. Бугун яна чақирибди. Маш­қи баландга ўхшайди мишиқининг. Раҳматли отаси Раис бовага ҳам ўхшаб кетади, чап қошини учириб, ўнг кўзини қисиб қараши отасининг ўзи! Кеча қаршисида шу келбату салобати билан довдираб қолди, терлаб кетди. Ҳе-ей, мансаб отидан тушсанг, қаш­қир ҳам, кучук ҳам талайверар экан-да. Туманнинг раҳбари бўлиб юрган пайтларида шимидан тушган чангга кўрпа тўшайдиганлар саф тортиб турарди. Ундан сўнг вилоятда ўғит-дорининг каттаси бўлган кезлар ҳам дами дарёни тоширадигандай бутун қишлоқ аҳли бир оғиз сўзига маҳтал бўлгувчи эди. Бугун-чи, бугун уни кўрганлар ўзларини панага олишади, кўриб-кўришмайдилар гўё. Ботир ғурбатнинг қалби, алам ўтида қоврилаяпти Айниқса, прокурор чақиргандан бери ҳаловати ҳавода, чақиртикон устига йиғилгандай минг бир азоб нишига нишон.

— Кўзинг ўйилгур Чехип чол. Юзинг­да кўзинг борми демади. Сен ҳеч қачон давлатни ўйламагансан. Давлатни ҳам ютадиган ўпқонсан деди… Аламини олди, бойўғли. Барибир ичида заҳари занглаган экан, энағарди — ижир­ғаниб қўйди ўзича.

* * *

Ботир ғурбат ёшликдаги ўша воқ­е­­ани эслади.

Ўнинчи синфни тугатиш арафасида. Ҳамма баҳолари беш. Кимсан фалончи раиснинг ўғли. Раис бова чап кўзини қисиб, ўнг қошини учирса борми, мактаб-пактаби, ўқитувчи-мўқитувчиси билан… Бироқ рус тили ва адабиёти фанидан иш чатоқ эди. Қайсар Қоржов малим Ботирга “отанг Боботоғни кўтариб турган бўлса ҳам ўзинг билган баҳони оласан. Манманлик майиб қилади бола”, деди заҳархандалик билан.

Қоржов қайсарни раис уйига чақиртирди. Шотирлари муаллимни шипиллатиб солиб келишди. Сўрида девдай бўлиб ўтирган раис қўлининг учи билан кўришди.

— Ботирбойди биласиз. Ёлғиз болам. Шу боланинг эртаси, менинг ҳам эртам бўлади, малим! Кўнгли ўксимасин, олтин медаль олмоқчи бўп турибди. Шу ўрис тилингизни ўрганиб олар… Баҳосини қўйиб беринг… Ке­йин, Говтўда томондан ўн беш сотих ер бераман, ҳовли-повли тиклаб олинг, малим! Шуйтинг, буйтиб болани хапа қилманг?

Сўри ёнида яп-янги “Жигули”ни ювиб-артиб турган Ботир бу гапларни ўз қулоғи билан эшитди. Отасининг салмоқли гап-сўзи болани тўлқинлантириб юборди. Қоржов малимга қараб юз ифодасида кинояли жилмайиш пайдо бўлди.

— Узр, раис бова. Ўғлингиз, шу, шу рус тилини, рус адабиётини умуман билмайди, ўқимайди, ўқимаган. Ҳеч бўлмаса Чехипнинг бир нарсасини айтиб бер, десам, қўл силкиб жойига ўтириб олди.

Раис мийиғида кулди:

— Чехип, ким у?

Муаллим қип-қизариб кетди:

— Шундай катта ёзувчи бор.

Раис:

— Ҳим-м-м! Нима қиласиз? Беш қўясизми?

Муаллим раиснинг юзига тик қаради.

— Йўқ. Ўғлингиз икки баҳога ҳам билмайди. Майли. Сизнинг ҳурматингиз учун уч қўяман.

Шундай деб ҳовлидан чиқди-кетди. Раис ҳангу манг бўлиб қолаверди.

— Энағар Чехип, мен сенга ҳали кўрсатиб қўяман!

Шу-шу раис бова унга Чехип, деб отми, лақабми қўйди. Раис айтгач, бош­қаларда жон қоладими, бошқалар ҳам уни Чехип деб чақирадиган бўлишди.

* * *

…Ботир ғурбат прокурор ҳузуридан бўларича бўлиб чиқди. Йўл четида анчагача эгаси урган маймунга ўхшаб, шумшайиб турди. Бетимнинг қаттиқлиги болтани кемтик қилади, деб ноқис ўйлаган экан. Кетига муз ургандай бўлиб, яхлаб ўтирибди энди. Фаромуш алфозда прокурор билан бўлиб ўтган воқеани хаёлидан ўтказди. Аъзойи бадани қалтираб, кўкрак қафаси сиқила бошлади. Нафас олиши ҳам бинойидай эмас. Оғир. Кўкси оғир. Кўз олди жимирлашди. Ўзини зўрға тутиб дўконга кириб, газсиз сув олиб ичди. “Тўхта, бир бошдан эслайин, қаерда бефаҳмлик қилдим,” — ўйлади у.

Кирди. Тўрда прокурор ўтирибди. Худди раис бованинг аччиқланганига ўхшаб, чап кўзини қисиб, ўнг қошини учирди. Ботир ғурбат аллахаёл бўлиб кетди. Хуллас, ундан-бундан алжираб, ён чўнтагига қўл солиб ҳам кўрди. Конверт жойида. Кейин… Прокурорга хизмат-пизмат бўлса қилишини, атагани ҳам бор эканлигини писанд қила бошловди, прокурорнинг ажинаси қўзиб қолди. Ўрнидан сапчиб туриб қўли қора телефонга қараб югураётувди, Ботир ғурбат ўрнидан туриб, ялиниб-ёлворишга тушди. Унинг олдида тиз чўкиб, бидирлай кетди. Прокурор ўзини босиб олди. Лекин қаҳрамони босолмади.

— Сур бўтдан. Ҳозир тиқиб қўяман!

Ботир жон ҳолатда эшикка югурди. Қочиб чиққан жойи мана шу ер! Энағарди боласи, тиқадиган жойига тиқиб қўйишига озгина қолди. Одамларчиликдан узоқда экан, падарлаънат! Ҳечқиси йўқ. Эртага Тошкентга кетаман… Сенинг суробингни Тошкент орқали тўғрилайман.

* * *

…Кузнинг яна бир тонги отди. Олам кўз ёриш олдидан кузак боғлари қирмиз ёғдулар оғушига чўмди. Барно ўрнидан туриб пардани суриб, деразанинг бир қанотини қиялатиб очиб қўйди. Кечаги ёмғир тинган, намчил боғлар узра тортилган куз чойшаби шуъласи дов-дарахтлар баргига жилва берар, борлиқ оқариш олдидан тўлғониб, чулғониб туради. Об-ҳаво илиқ. Очиқ дераза қаноти орқали хонага кузнинг баҳорийми, наҳорийми ҳавоси кирди. Барно ҳамхонасига кўз ташлади. Сора Алиевна уйқу аралаш нимадир деб алаҳсигандай бўлди. Сўнг кўз очиб Барнога қаради. Оғир хўрсинди. Шифтга тикилиб турди. Яна ғалати туш кўрибди. Тез оқар дарё. Дарё қирғоғида қийғос гулга кирган сершох улкан дарахт бор эмиш. Ёдгор ана шу дарахтнинг бир шохига чиқиб олиб ўтирганмиш, ўғлининг отаси. У ҳам навқирон ёшида эмиш. Унинг қўлида болта. Дарахт танасига болта ураяпти, — уни қулатмоқчи. У болта сермаганда дарахт бир чайқалиб қўяди. Сора бор овозда, қичқириб йиғлаяпти, лекин овози чиқмайди. Олисда қўлида оқ байроқ кўтариб, бир қўлини ҳавода силкитиб, кимдир чопиб келаяпти. Сора таниди, бу Ник Адамс эди. У дарахтга яқинлашиб, нималардир деб бақирар, дарахтни айланиб югурар, уни кесаётган одамни шаштидан қайтаролмас эди. Нимадир тарақлаб уйғониб кетди…

Дераза қанотини қия очаётган Барнони кўрди.

Сора Алиевна анчагача шифтга тикилиб ётди. Барно унга чурқ этмади. Сора Алиевна вужудига дармон қайтиб, танаси қувватга тўлганини ҳис қилди. Ўрнидан туриб, ювиниб-таранди. Ўзига оро берган бўлди. Ойнага ҳам қаради. Кўзлари тубида порлаган ажиб сеҳрни кўрди. Мийиғида кулиб қўйди. Бир оздан сўнг нонушта қилди.

Пешинга яқин кун яна қовоқ уйди. Осмонни булут қоплади, кузакнинг асаби таранглашди. Узоққа чўзилмаган эзғин сукунатдан сўнг ёмғир қуя бошлади. Худди кечагидай. Куз боғи ёмғир қамчилари ичра титради. Сора Алиевна табиатнинг бу мукаммал ижодига маҳлиё бўлиб термуларкан, хона эшиги тақиллаб, ичкарига ўғли — Ёдгори кириб келганини ҳам пайқамади. Жойидан дик этиб турган Барно қаршисидаги келишган, хушчақчақ, басавлат, катта тим қора кўзлари порлаб турган, вужудидан йигитликнинг шаҳди-шижоати ёғилиб турган ўғлонга бир зум маҳлиё бўлиб, тикилиб, ҳамон дераза ёнида ташқаридан кўз узмаётган Сора Алиевнага қаради:

— Опа, Сизга… Сизга меҳмон келди.

Сора Алиевна дераза ортидаги ажиб гўзаллик сеҳридан узилиб, ўғли томон ўгирилиб, унинг бағрига отилди.

— Болам, болажоним. Соғ-омонмисан… ишларинг яхшими? Бораман, деб телефон ҳам қилиб қўймадинг. Мен… Мен… Соғман… Соғайдим, соппа-соғман, болам.

Аёл ўғлининг кўксига бош қўйиб, қалбида оналик меҳри ва ғурур-ифтихори тошиб, кўз ёш тўкарди. Ўғил ҳам онасининг оёқда тик туриб, қарши олганлигидан ўзида йўқ шод эди.

Ёдгор курсига чўкди. Сора Алиевна ўғлининг қалин тим-қора сочларини силаб, пешонасидан ўпди.

Аёл ўлим чангалида дард билан жон олиб, жон бериб олишганда, энг аввало, ўғли билан хайри-хўшлашиб, сўнг бу дунёдан рози-ризолик сўраб қўйганди. Бугун, бугун эса жони-танига куч ёғилиб, яна ҳаётга қайтди. Парвардигорнинг амри-карамига қойил қолмай иложинг йўқ. Табобат танг қолган ҳолатда беморга қайта жон бағишлаш ҳам фақат Яратганнинг қўлида. Шунинг учун мана мен деган аҳли арбоб, ўз ишининг устаси бўлган шифокорлар ҳам оғир хасталик олдида боши гангиб, “энди бу ёғи Оллоҳдан, нажот Оллоҳдан. Худодан сўрашдан бошқа иложимиз йўқ.”, деб тақдирга тан бериб ўтиришаверади. Машҳур жарроҳ Сора Алиевнага тиббиёт тузалмас дард ташхисини қўйиб, икки кунлик умри қолди, деган хулосага келган эди. Беморнинг икки кун ичида хасталикни енгиб ўтиши эса чиндан ҳам мўъжиза бўлди. Шунинг учун ҳам унинг соғайиб кетгани ҳақидаги оламшумул гап шифохонадан ташқарига чиқиб, ҳатто вазирликкача оёқлади. Мамлакат шифокорларининг каттаси ҳурматли вазирга ҳам етиб борди.

“Оллоҳ шифосини берибди”, — деб қўйди вазир жаноблари ҳам. Ва столи устидаги кечагина қайсидир хорижий давлат элчихонаси орқали келган Ник Адамс деган таниқли арбобнинг қалин муқовали хотира китобини қўлга олди. Элчихона томонидан ушбу китобнинг машҳур шифокор, афғон уруши қатнашчиси Сора Алиевнага етказилиши сўралганди. Китоб муал­лифи уни узоқ йиллар излагани ҳақида ҳам қайд қилиб ўтилганди. Вазир Сора Алиевнанинг ана кетди, мана кетди бўлиб ётганидан хабар топгач, индамай қўя қолганди. Аёлнинг оёққа турганини эшитиб, ёрдамчисини чақирди:

— Ма, манави китобни олиб шифохонага бор. Танийсан, Сора Алиевна ётибди у ерда. Бош шифокор Насима Жалиловнани ҳам ўзинг билан бирга олиб, опани кўриб, унга бериб қўйинглар. Мен ўзим кечқурун хабар оламан.

Ёрдамчи чиқиб кетгач, вазир енгил тин олди. Кўнгли хуш тортди:

— Хайрият-эй, қарз қиёматга қолмади.

* * *

Қарз қиёматга қолмади. Айниқса, дийдор қарзи қиёматга қолмаса, неча-неча йиллардан бери орада тикланган изтироб, ўкинч девори қулаб тушиб тақдир китобининг барҳақлиги, ер юмалоқ эканлиги аён бўлиб, дунёнинг турли бурчидаги инсонларнинг тўқнашиб туриши, бу тўқнашувнинг айнан бугунга тўғри келганига нима дейсиз?

Дийдор ҳам қиёматга қолмади…

Фарзанди атрофида минг айланиб, минг ўргилиб гиргиттон бўлаётган Сора Алиевна бугун, айниқса, ёшлик завқ-шавқига тўлиб, чеҳраси гулгун яшнаб, бир гапириб, ўн кулар, гоҳида ёлғиз таянчи ва суянчи Ёдгорига ишга берилиб ҳориб-чарчаб, озиб-тўзиб қолмаслигини айтиб, кўз ёш ҳам тўкиб оларди. Ҳамхона Барно эса ўттиз ёшга етиб-етмаган, баодоб, вазмин ва босиқ ўғлонга боқиб кўнглининг алланечук жойига титроқ тушди. Уни қачонлардир, қаердадир кўргандай бўларди. Сўнг оний ҳолат ўрнини қалб­даги меҳр ва ҳавас тўлқини мавжлантирди. Шундай ўғлонни отасиз тарбия қилган Сора опага ботинида ҳамду сано айтар эди.

Шу маҳал хона эшиги шаҳд билан очилиб, тасур-тусур қилиб, гурсо-гур қадам ташлаб, Ботир ғурбат кириб келди. Барно атрофдагилардан ийманган кўйи қараб қўйди.

— Ана, бизнинг хўжайин ҳам келдилар, — деди оҳиста.

Сора билан ўғли ўрнидан туриб, кенг келбат, дароз, қирғий нигоҳ, юзи бироз чўзинқираган, чўзма-чуқурияк кишига кўз ташладилар. Ботир ғурбат уларни кўриши ҳамоно сесканиб тушди. Беихтиёр ортга тисланди. Ҳангу манг бўлиб қолган Ёдгор чап кўзини қисиб, ўнг қошини учирди. Ранги оқариб, ботин-ботинида оғриқ турган Ботир ғурбат туман прокурори Ёдгор Алиевични бу ерда кўраман деб хаёлига ҳам келтирмаганди. Гандираклаб чайқалди-да, четдаги курси қирғоғига базўр суяниб қолди. Ҳеч нарсадан бехабар Барно эрининг дабдурустдан шаштидан тушиб, талмовсираб қолганига ҳайрон бўлди.

— Сизга нима бўлди, дадаси? Келинг… қўлингиздагини столга қўйинг.

Барно Сора Алиевнанинг эзғин алфозда Ботир ғурбат томон қадам ташлаб, лаблари пичирлаганини кўрди.

— С…и…из. С…сиз?!

Аёл оғир хўрсиниб, сўнг ўғлига қаради-да, ҳаво етишмаётган каби чуқур-чуқур нафас ола бошлади. Кўзларини чирт юмиб, ҳолдан тойган каби кроват четига ўтириб қолди. Ботир ғурбат гунгу карахт аҳволда, жисму жони титраб-қақшаб, Сорага бир нафас термулиб турди, соч толалари гўёки минг-минглаб ниналарга айланиб ўз бошига санчилгандай бўлди. Оғриқдан юзи жимирлаб, ичидан мунг келди, оч биқинига сузги еган эчкидай ожиз овоз чиқарди, сўнгра мувозанатини йўқотиб, гурсиллаб йиқилди. Қўлидаги у-бу нарсалар ерга тушиб сочилди, шарбат шишалари чил-чил синди. Чинқириб эри томон отилган Барно ақли-ҳушидан айрилиб, уни ўрнидан турғизмоққа уринарди. Хонага навбатчи шифокор ва ҳамшира югуриб киришди. Ҳамшира Барнони ўзига келтирмоқчи бўлиб стол устидаги идишдан сув олиб юзига сепди. Билагига тинчлантирувчи укол санч­ди. Шифокор тил-забонсиз бақрайиб ётган Ботир ғурбатнинг томир уришини аниқлади, кўйлаги ёқасини бўшатиб, чап кўкрак қисмига эндоскоп қўйиб, юрагини текшириб кўрди.

— Инфаркт! Югур, тезроқ бўл, замбиларава келтиринглар, — деди шифокор ҳамширага.

Бир зумда хонага замбиларава олиб киришди. Сора Алиевна жойидан оғир қўзғалди. Ҳамон тош қотиб анграйиб турган ўғлига оҳиста сўз қотди:

— Болам бор, дадангни кўтар! Дўхтирга ёрдамлаш. Даданг — у. Сенинг даданг, болажоним.

Сора Алиевна мадори-мажоли қуриб кроват четига ўтирди-да, юрак бағри ўртаниб, йиғлай бошлади. Ёдгор ҳамон жойида тош бўлиб серрайиб, гоҳ атрофида шифокорлар уймалашаётган эрига, гоҳ Сора Алиевнага, елкалари силкиниб-силкиниб йиғлаётган аёлга эси кирди-чиқди бўлиб қараб қўярди.

Сора Алиевна қўлларини мушт қилиб тиззаларига уриб-уриб, унсиз йиғлар экан, ҳануз ўзига келолмай тик қотиб турган ўғлига шундай деди:

— Болам, ер барибир юмалоқ экан. Қисмат китобини Яратганнинг ўзи ўқий олади, болам.

Ташқарида ёмғир эзиб ёғарди. Булут қоплаган тубсиз осмоннинг бир бурчида фалакнинг нигоҳи каби милтиллаб турган икки ҳовуч нур аста-секин олислашиб, сўниб борарди.

2014 йил, 21-сон.

98

022
Marhabo Qo’chqorova
IKKI HOVUCH NUR
yoxud yozuvchi Qo’chqor Norqobilga adabiy maktub
02

Marhabo Qo’chqorova 1976 yilda Xorazm viloyatida tug’ilgan. O’zbekiston Respublikasi Fanlar Akademiyasi Alisher Navoiy nomidagi Til va adabiyot instituti doktoranti. “Badiiy so’z va ruhiyat manzaralari” ilmiy monografiyasining muallifi. Respublika nashrlarida ko’plab ilmiy, ilmiy-ommabop maqolalari chop etilgan.

02

Hurmatli Qo’chqor Norqobil! Sizning “Kitob dunyosi” gazetasida chop etilgan “Er hali ham yumaloq” hikoyangizni o’qidim. Bir necha kun hikoya ta’sirida yurdim. Hikoyangiz bahona urush mavzusi va ijodingiz haqida o’zimning fikr-mulohazalarimni izhor etishga qaror qildim.

«Yer hali ham yumaloq»da ikki farishta, afg’on urushining ishtirokchisi bo’lgan sobiq shifokor Sora Alieva, Rais buva, Botir g’urbat, Nik Adams, Barno, Yodgor, xullas, barcha obrazlar tabiiy yaratilibdi. Har bir obrazning aniq chizgilari bor, xarakter chizgilari shundoq ko’rinib turibdi. Voqealar, unutilgan o’tmishning kun kelib eslanishi, sobiq xotin (Sora Apieva) va ota-bolaning kasalxonadagi uchrashuvi, yerning yumaloq bo’lgani kabi odamzodning kun kelib, uchrashib, to’qnashib qolishiga ramziy ishora, albatta. Tinchlik kurashchisi Nik Adams obrazi ham hikoyaga bemaqsad kiritilmagan. U Xemingueyning doimiy qahramonlaridan biri. Ha, hikoyada bir tarafdan Xeminguey an’analari (Nik Adams obrazining kiritilishi), yana boshqa tarafdan esa Abdulla Qahhorga xos kuchli satira, ironiya (Chexov domla haqidagi tasvirlarda), uchinchi tarafdan zsa diniy-mifologik obrazlarga yangicha neomifologik talqin berilishi (ikki farishta obrazi), zng so’nggi jihat, otasining izmidan chiqa olmaydigan molparast, dunyoparast o’g’il obrazi (bu menga A.Qahhorning “Boshsiz odam” hikoyasi qahramoni Faxriddinni eslatdi; metaforik badiiy model`) hamma-hammasi katta mahorat bilan hech qanday zo’riqishlarsiz, tabiiy ravishda yaratilibdi. Voqealar ketma-ketligi, takdirlar va qahramonlarning yigirma yildan mo’lroq vaqt o’tib, uchrashishi, jurnalist Nik Adams yozgan xotira kitobning Sora qo’liga yetib kelishida ham hech qanday sun’iylikni ko’rmadim.

Shaxsan meni hikoyadagi urush ko’rgan ayol Sora Alievna, uning o’g’li Yodgor, tinchlik kurashchisi Nik Adams, ikki farishta obrazlaridan ham ko’ra Botir g’urbat hayajonga soldi. Hamma obraz bir tarafu, Botir g’urbat bir taraf. Qiziq-da! Adabiy tanqid, tahlil ham ajoyib ijodiy jarayon-da! Aslida Botir g’urbatdan ijirg’anish kerak, nafratlanish kerak. Qoralash kerakmikin? Xullas, uni yaxshi ko’rib bo’lmaydi. Molparast odam. Otasining izmidan, chizgan chizig’idan illo-billo chiqa olmaydigan odamlarning tipik vakili-da. Rais buva bilan Botir g’urbat obrazlari (ota-bola) Abdulla Qahhorning “Boshsiz odam” hikoyasidagi Abdurahmon bilan Faxriddin (ota-bola) obrazlariga o’xshab ketadi. Har holda Abdulla Qahhor Faxriddin obrazini yaratishda salbiy bo’yoqni juda quyuqlashtirib yuborgan. Mayligada, yozuvchining bundan ko’zlagan maqsadi bor. Tentaksifat o’g’il obrazini yaratish orqali Abdulla Qahhor XX asrning 20-yillarida mustaqil fikrlay olmaydigan, fikrsiz odam obrazini mahorat bilan yaratgan, bunday kimsalarning ironik-satirik qiyofasini tasvirlagan edi.

Nazarimda, iste`dodli adib A.Qahhor “Boshsiz odam” hikoyasida johil ota-bola obrazini yaratishi bilan kundan-kun boyib, shakllanib, o’sib-o’zgarib borayotgan hozirgi o’zbek nasri uchun ham “METAFORIK BADIIY MODEL`” qurib bergan. Ya’niki, oiladagi johil ota va uning izmidan chiqa olmaydigan mute’ o’g’il obrazi qandaydir boshqacharoq, shunga yaqinroq shakl va qiyofalarda Tog’ay Murod, Ahmad A’zam, Xurshid Do’stmuhammad, Shoyim Bo’taev, Qo’chqor Norqobil ijodida yaratilib, yashab kelmoqda. Men o’zimcha yangi nazariya yaratishga da’vogar emasman. Lekin anglaganim shuki, “Boshsiz odam” obrazi bugungi o’zbek nasriga jiddiy ta’sir ko’rsatdi. Uning ramziy ma’no qatlamlari qay ma’nodadir, qandaydir shakllarda yashamoqda. Buning isboti, siz yaratgan Botir g’urbat obrazidir. Qarang, u xuddi Faxriddinga o’xshab otasining gapidan chiqa olmaydi. Sora Alievnaning ota-onasi bevaqt vafot etgach, Rais buva o’g’lining oilasini buzib, ikkinchi qayta uylantiradi. O’g’il hech qanday e’tiroz bildirmaydi. Chunki, oilaning tutumi shunday. Ota shunday dedimi, tamom, shunday qilish kerak. Botir g’urbat Sorani qornidagi bolasi bilan tashlab ketadi-qoladi, Xabar ham olmaydi. Demak, “Boshsiz odam” metaforik badiiy modeli qaysidir ma’noda hikoyada an’anaviy tarzda davom ettirilib, ijodiy jihatdan boyitilgan Ammo Botir g’urbat obrazi aslo Qahhorga taqlid emas. U individual, original obraz sifatida yaratilgan. Hikoyada qahhorona kinoya, ironiya, hajv kuzatiladi. Masalan, Botir g’urbatga rus adabiyotidan yomon baho qo’yib, rais buva tomonidan “Chexip” laqabini olgan o’qituvchi bilan bog’liq lavhalar kigobxonda kulgi uyg’otadi. Bu lavhada men qahhorning zaharxanda kulgisini eshitgandek bo’ldim.

Rus xemingueyshunoslari adib ijodida “yomg’ir” obrazining simvolik, ruhiy tahlil vositasi darajasiga chiqqanini jiddiy o’rganishgan. Xemingueyning o’zbek nasridagi izdoshi Qo’chqor Norqobil nasrida ham “yomg’ir” detali ko’p uchraydi. Yomg’ir har ikki yozuvchi ijodida shunchaki tabiatdagi mavsumiy o’zgarish, tabiat injiqligi, tabiiy jarayon kabi qaralmaydi. Balki yomg’ir obrazi Ernest Xeminguey va Qo’chqor Norqobil nasrida psixologik vosita, qahramon kayfiyatiga uyg’un yoki zidma-zid peyzaj tasviri sifatida aks etadi. Yomg’ir — qahramon ruhiyatining ramziy timsoli sifatida ko’rinish beradi. Bu birinchi jihati. Ikkinchi vazifasi, yomg’ir har ikki adib ijodida ekspozitsiya va yechimni boshlovchi hamda yakunlovchi muhim badiiy leytmotiv ham sanaladi. Eslaymiz… “Alvido qurol” romani sharros yomg’ir yog’ib turgan mavsumda shinel` va og’ir qurol-aslahalarni ortmoqlab olgan askarlarning horg’in kayfiyati bilan boshlanadi. Asar yakuni esa Ketrinning o’limi, bu mahalda shig’alab yog’ayotgan yomg’ir ostida ketayotgan Genrining tushkun, ezgin kayfiyati bilan yakun topadi.

Xuddi shuningdek, Q.Norqobilning “Er hali ham yumaloq” hikoyasi ham xuddi shunday boshlanma va yechim bilan tugallanadi. E’tibor beramiz: “Shu lahzada ulkan shaharlar uzra shig’illab yomg’ir quydi. Sharros quyyapti…”. Hikoya yechimi ham ezib yog’ayotgan yomg’ir tasviri bilan yakunlanadi: “Tashqarida yomg’ir ezib yog’ardi. Bulut qoplagan tubsiz osmonning bir burchida falakning nigohi kabi miltillab turgan ikki hovuch nur asta-sekin olislashib, so’nib borardi”.

Har ikki adib ijodida yomg’ir obrazining qavatma- qavat ramziy ma’nolari kuzatiladi. Bizningcha, bu ramziy ma’nolar ezgin kayfiyat, tozalanish, poklanish, tushkunlik, fojiaviylik, o’z qalbiga chuqur kirish uchun qulay lahzalar, odamovilik, begonalashish, qo’nimsiz, norozi kayfiyat, injiq ijodkorning fe’l- tabiati kabi xilma-xil ijobiy yoki salbiy holat, kayfiyat, vaziyatlarning ifodasi bo’lib keladi.

Yomg’ir — E.Xeminguey va Q.Norqobipning eng sevimli peyzaj tasviri. Yomg’irning ezilib, bosib, shig’alab, savalab, sharros quyib yog’ishi har ikki adib nasrining badiiy ritmini belgilayotgandek taassurot qoldiradi. Urushdan tirik qaytib kelgan bo’lsa ham ruhi o’sha dahshatli jang maydonlarida qolib ketgan qahramon iztiroblarining tugab-bitmasligi bilan yomg’ir yog’ishining to’xtovsizligida badiiy mantiq birlashib ketayotgandek go’yo.

Nazarimizda, E.Xeminguey va Q.Norqobil uchun YOMG’IR ham bora-bora ilhom ramziga aylanadi. Yomg’ir tabiatda aylanma harakatda bo’ladi. U yerga singib, yana bug’lanib yomg’ir bo’lib yog’adi. Bu ikki ijodkor qalbida, ichida yog’ayotgan yomg’ir esa qog’ozga to’kilib, roman, qissa, hikoya, drama bo’lib yaraladi.

“Er hali ham yumaloq” hikoyasida Q.Norqobil bejiz farishta obraziga murojaat qilmagan. Farishta diniy mifologiyaga ko’ra, odamzodga xayrixoh obraz. Hikoyada ikki farishta yer yuzida geosiyosiy maqsadlar yo’lida urush olovini yoqmoqchi bo’lib mashvarat o’tkazayotgan odamlarning o’zaro gurungu majlisbozligidan dahshatga tushadi. Ikki farishta obrazi odamzod hayotini tepadan turib kuzatadi. Kasalxonada klinik o’limni boshidan kechirgan Soraning hayotga yana qaytib kelishiga va uning hamxonasining suhbatlariga ham guvoh bo’lib turishadi. Go’yoki, ikki farishta obrazi Allohning elchilari kabi samoda turib, hikoyada kechayotgan voqeliklar, insoniy munosabatlarga yaxshi-yomon munosabatini bildirib turishadi. Hikoyada ikki farishta bilan bog’liq o’rinlar voqealarni bir-biriga ulovchi, kesishgan taqdirlarni bog’lovchi vositaviy obraz sifatida o’z aksini topadi. Farishta hikoyada unchalik ko’p tasviriy o’rinlarda uchramasa-da, juda katta badiiy-g’oyaviy mazmunga ega bo’lgan obraz, ramziy, diniy-neomifologema hisoblanadi. Nazarimda, ikki farishta obrazi hikoya yechimida ham zalvorli o’rin egallashi kerak edi. Hikoya yakuniga qaraymiz: “Tashqarida yomg’ir ezib yog’ardi. Bulut qoplagan tubsiz osmonning bir burchida falakning nigohi kabi miltillab turgan ikki hovuch nur asta-sekin olislashib, so’nib borardi”. Ikki hovuch nur — shubhasiz ikki farishtaga ishora. Hikoyaning boshlanishi, o’rtalarida qahramonlar hayotini tepada turib kuzatayotgan, siqilayotgan, nafratlanayotgan, qayg’urayotgan, yengil nafas olayotgan ikki farishta obrazini ko’ramiz. Lekin hikoya yechimida nimagadir farishta obrazi juda sustlashadi. Vaholanki, ikki farishta hikoyada kechgan voqelik, taqdir va achinarli qismatga eng faol munosabat bildirishi kerak edi. Men yozuvchi emasman. Balki, hikoya yechimi farishtalarning izohisiz ham tugallanishi to’g’ridir. Bitta tayinli fikrga kelolmayapman. Ammo, umumiy xulosam, hikoyada ikki farishta obrazi juda maqsadli, muvaffaqiyatli tanlangan. Hikoyaning u yer-bu yerida uchraydigan bu obraz haqida yuqorida aytganimdek, farishta neomifologemasida juda jiddiy badiiy-g’oyaviy yuk bor.

Nima bo’lganda ham, muhtaram Qo’chqor Norqobil, men sizni yangi, ajoyib hikoyangiz bilan tabriklayman. Hikoyada Nik Adams obrazi timsolida men sizni ko’rgandek bo’ldim. Sizdan kelgusida yanada zalvorli asarlar kutib qolamiz.

Manba: «Yoshlik» jurnali,2014/11

011
Qo’chqor Norqobil
YER HALI HAM YUMALOQ
012

005en taqdirga ishonmayman, degan odam ayni falon kun, pakun vaqtda shu gapni aytishining o’zi ham uning taqdir kitobiga avvaldan yozib qo’yilganini bilmaydi-da. Qayoqdan bilsin?!
Inson o’z peshonasidagi bitiklarni o’qiy olmaydi. Agar shunga savodi yetganda edi, bu hayotni o’zgartirishga urinishi gumrohlikdan boshqa narsa emasligini tushunib olardi.

Bu hayotga nega kelding?
Javob yo’q.
Nega ketasan?
Jimlik…
Shu ahvolingda hayotni o’zgartiraman, deysan?

Nima, hayotni Sen yaratganmiding? Uni sen barpo qilmagansan, hayot bag’ridagi bani-borliq, jamiki tiriklik taqdiriga ham daxl qilolmaysan. Chunki sen o’z yozig’ingni o’qiy olmaysan. Uni o’z izmingga sololmaysan-ku…

Kichik bir chang zarrasi, qumursqaning mo’ylovi uchidagi g’ubordan ham nimta-nimta odamlar yig’ilvolib, nimanidir muhokama qilishayapti. Samovot ayvonida bu mashvaratni kuzatib turgan ikki malak, tubandagi guruh muzokarasi, aytgan gapiga yuzi qizarmayotgan bu surbetlarning aljirashlari, pinhoniy rejasi yaratganga yetib bormasin, deya jonhalak qanot yozib to’sqinlik qilishar, har ikkisi samovotni ko’ksi bilan to’sib muallaq turar, qanotlari lomakon qadar kengayib borar, tubsizlik qa’ridan otilib kelayotgan yovuzlik urug’idan unib chiqqan makruh so’zlar esa kurrai zaminni qoq ikkiga bo’lib tashlaydigan darajadagi ulkan tig’ga aylanib, samovotga ko’tarilib, sho’rlik farishtalarning ko’ksiga sanchilar, qanotlariga qadalib azob berar edi. Biroq Parvardigor hammasidan voqif edi. Yerdagi guruhning muddaosi — iblis qutqusi — ular o’zlari yashab turgan makonga o’t qo’yishmoqchi. Nuqtaday joyda ming bo’lakka bo’linib, yashayotgan qavmning hushi aynigan. Yel buzgan yelkasiga iblis o’tirgan odamlar kurrai zaminning boshqa bir tupkasi ahli boshiga qirg’in solmoqchi. Ular shuni ma’raka-majlis qilayaptilar. Turli xil ajal aslahalari, yadro qurollari haqidagi gaplar, ko’z ko’rib, quloq eshitmagan qiyomat-qir­g’inning isi kelayotgan bu davrada harbiy iboralar jaranglamoqda. Odam bolasining o’z taqdir sohillarini o’pirib chiqishga urinayotgan toshqin kabi quturishi ko’k toqidagi malaklarni ham dahshatga soldi.

Malaklardan biri chiday olmadi. Tubanga sho’ng’idi. Nima qilib bo’lsa ham bu odamlarni o’z fikridan qaytarishni o’ylab, yer tomon cheksiz tezlik bilan uchib kelardi. Farishta qanchalab qat-qat osmonlarni yuksakda qoldirib, tubandagi birinchi osmonga o’tishi hamono ko’rinmas shaklga kirdi. U pastlikda yastangan ummon tepasida biroz turdi-da, quyuq bulut bosgan qanotlarini ohista, beozor silkidi. Shu lahzada ulkan shaharlar uzra shig’illab yomg’ir quydi. Farishta pastdagi shaharlardan biridagi o’sha mashvaratxonaga yig’ilgan odamlarning ayrimlari tashqariga hayratlanib qaraganini angladi. Kutilmaganda yomg’ir qayoqdan keldi? Sharros quyyapti. Hozirgina quyosh charaqlab chiqib turuvdi. Mamlakat miqyo­sida ob-havoga mas’ul shaxs yig’inning oxirgi o’rinlaridan birida o’tirgan ekan, nima qilishini bilmay tipirchilab qoldi. Stol tagiga engashib kirib, o’z idorasiga qo’ng’iroq qildi. “Nima gap? Yomg’ir qayoqdan keldi? Nega jimsan? Ikki hafta havo ochiq bo’lishi kerak edi-ku?”. “Biz ham hech narsani tushunmayapmiz. Sinoptik qurilma hozir ham mamlakatda quyoshli kun ekanligi, yomg’ir yo’qligini ko’rsatib turibdi-ku…”, degan javobni eshitib, aqldan ozayozdi. Farishta guvillagan shamol to’s-to’poloni avj olib, sharros yomg’ir ichida qolgan shahardagi mashvaratxona derazasiga bezovtalanib qarab qo’yayotgan odamchalar qalbiga yorug’ nur ulashish uchun ancha paytgacha havoda qimir etmay turdi, so’ng ularning ko’ngliga ilohiy nur yetib borishiga shamol bilan yomg’ir to’sqinlik qilayapti, xalal berayapti, deb o’yladi. So’ng… So’ng ularning qalb yo’li allaqachon bekilib qolganini sezib qoldi-da, vujud-vujudi titrab, borlig’i larzaga keldi. Ne bir ahvolga tushgan farishta mashvarat uyidagi yuzlab odamchalardan biri ikkilanayotgani, uning hali yopilib ulgurmagan qalb yo’lida hayot nuri oqib turganini his qildi va shu holatda tuy­qus tevarak-atrofni unutib, uning nigohini qidirib topdi. Shunda ezgulikka xayrixoh kimsa ko’zlaridan uning taqdir kitobidagi bitiklarni uqib oldi va bu toshqin olomon odamchalar ichida o’zini asrashga urinayotgan odamning taqdir kitobida osmondagilar nuqta, deb ataydigan yer maskanining yana bir burchida shifoxona oynasidan  tashqariga qarab turgan insonning ismini ham o’qidi. Ular hayotidagi ma’lum paytdagi taqdirdoshlik hissini farishtalik ilohiyati ila anglab yetdi.

U qalbi tamg’alangan bu odamchalar yig’iniga iliqlik olib kirishni Parvardigorga qoldirib, ilkis burildi. Shunda farishtaning so’l qanoti pasayib, ummon suvini yelpib o’tdi. Shahar toshqin ichida qoldi. Mashvarat to’xtatildi. Favqulodda holat yuz berdi. Shahar ko’chalaridagi odamlar sarosimaga tushib, har yonga to’zg’ib ketdi. Binolarni suv bosdi. Shamol aralash urgan yomg’ir bo’ronga aylanib, ildizi ojiz dov-daraxtlarni tag-tomiri bilan qo’porib tashlar edi. Osmon ilohi qaytayotib, dunyoi dunning bor burchagidagi ana o’sha shifoxona darchasiga nazar soldi. Nigohi ichkarida to’shakda yotib tundlashgan osmonga qarab, yomg’ir yog’ishini jon dildan xohlayotgan xasta ayolning ko’zlari bilan to’qnashdi. Va ayolning taqdir kitobida dunyoning chekka bir qismidagi mashvaratxonadan hovliqib chiqib, tagi o’yilib chelaklab yomg’ir urayotgan osmon ostida toshqin hamla qilayotgan shaharda es-hushi uchib, uyiga shoshilayotgan Nik Adams ismini o’qidi!

* * *

Poytaxtdagi kazo-kazolar davolanadigan shifoxonaning uchinchi qavati derazalaridan ham olis osmonu falakka bo’y cho’zgan o’ris daraxtlarning mayda tillabarglarini uchirib ko’kka sovurayotgan kuz shamolining samoni qoplagan quyuq, kulrang bulutlarni to’zg’itib yuborishiga majoli yetmadi. Daraxtlar novdalaridan yulqingan tillabarglarning to’zoni chirpirak bo’lib uchar, go’yoki borliqni xazonrezlik shiviri tutgan, samodan tilla­barg­lar o’ynab yog’ayotgan edi. Tashqaridagi bu go’zal manzara — musavvir kuz chizgan jonli suratga boqib ayol yonidagi xonadoshiga yuz burib jilmaydi:

— Hozir yomg’ir yog’adi. Kuzning birinchi yomg’iri! — U to’shakda yotgan ko’yi derazaga maxtal termuldi.

— Ishqilib biz tomonda yog’masin-da, — zorlanganday bo’ldi hamxona. So’ng o’rniga tumshayib o’tirib oldi-da, qo’shib qo’ydi, — hali narigi hovlimiz bitmadi.

— Singlim, shkafdan xalatimni olib bering, — ayol o’rnidan og’ir qo’zg’alib, devorga suyandi.

Krovatda o’tirgan hamxona taajjub bilan o’rnidan turdi. Keng-mo’l paxmoq xalatni ayolning yelkasiga tashladi, deraza yoniga suyab keldi.

— Hozir yomg’ir yog’adi, — shivirladi ayol, — yomg’irni tomosha qilaylik.

Ellik yoshdan o’tgan, obro’-e’tibori yuksak (buni hamxona shifoxonadagi shifokorlardan tortib, hamshiralargacha unga izzat-ikrom ko’rsatib, muomala qilishidan sezib qoldi) Sora Alievnaning ayni damda yosh boladay erkalik qilib, shu holida derazaga olib bor, yomg’irni tomosha qilaman, deyishi erish tuyuldi. “Opa, sidirg’agina o’tiring, ko’nglingizga yomg’ir siqqaniga o’laymi?…” deyishiga oz qoldi. Shunday demoqchi ham bo’ldi, tilini tishlaganining sababi, opa uyqusizlik paytida bid-bidloq hamshira opaning ta’rif-tasnifini joyiga qo’yib gapirib beruvdi: opa mamlakatda taniqli jarroh, meditsina fanlari doktori, professor, yuzlab shogirdlari bor. Xullas, mashhur shifokor. Shuning uchun opani keldi-ketdilar ham charchatib qo’yyaptimikin? Oxiri, bosh shifokor opaning oldiga hammani ham qo’yavermanglar, deb topshiriq beribdi. Palatadan odam oyog’i biroz uzilgani ham shundan, lekin kep-ketib turishipti, hammasi azza-bazza odamlar.

Shunday ekan, dovruqli do’xtirga opa sog’lig’ingizni o’ylab, jim yoting, deb bo’larkanmi…

Ayol deraza raxiga tirsak qo’ydi, kaftlariga iyak tirab, tashqariga ko’z soldi. Shamol ham holsizlanib qulaganday bo’ldi, tuyqus borliq sukut ichida qoldi. Bazo’r nafas olayotgan ayol botinida, aniqrog’i, jigaridagi og’riqni his qildi. Yomg’ir isyonini ko’ksida zo’rg’a ushlab turgan osmon chodirini yerdan ko’tarilgan shovqin, hech bo’lmasa, birgina tiq etgan tovush tilka-pora qilib yuborishi muqarrar edi, go’yo. Lekin borliq o’lik sukut og’ushida, o’sha tiq etgan tovushning o’zi yo’q. Ayolning bor vujudi qaltiradi. Peshonasini sovuq ter bosdi. Qora­yib borayotgan osmon toqida nimadir yalt etganday bo’ldi. Chaqmoq, deb o’yladi ayol. Hozir osmon qasirlab ketadi. Bir… ikki… uch… Jimlik. Ayolning ko’z oldi qorong’ilashdi, atrof zimiston tortdi, hech narsani ko’rmay qoldi. Biroq quyuq bulutlardan ham olislarda, balandda tobora yuksalib borayotgan doirasimon nur uning xayolini yop-yorug’ etdi. U ko’ngil ko’zi orqali samovotdagi abadiy shu’lani ko’rdi, unga talpindi. Ayol shu nur sari parvoz qilardi, quloqlari ostida yomg’ir tomchilarining nimagadir, deraza oynasigami chirsillab urilayotgani elas-elas eshitilib turardi.

Hali o’z makoniga qaytib ketmagan farishta chuqur-chuqurlardan, tubanlikdan o’zi tomon kelayotgan ayolni ko’rdi. Samoga ko’tarilgan sari ayolning a’zoyi-badani nurlanib, shaffof tortib borardi. Samoviy elchi dar­hol shamolni chaqirib, hovuchingni och, dedi. Shamol hovuchini ochdi. Farishta uning hovuchini nurga to’ldirdi.

— Tez uch! Tezroq yel! Hovuchingdagi nurni ayolga ichir. Ortiga qaytarib yubor, — deb amr etdi.

Ayol navqiron, gulgun yashnagan yoshlik chog’iga qaytgan, haddan ziyod go’zal edi. Shamolning havasi keldi:

— Qo’y, indama. Kelaversin. Qara, qandayin go’zal, gunohsiz — nur bo’lib uchayapti. O’zing bilan birga olib ketaqol.

— Yo’q. O’zim bilan olib ketolmayman. Bu mening vazifamga kirmaydi. Shundog’am beso’roq yerga yaqin kelib, odamlarning mayda-chuyda ishlariga aralashganim uchun Parvardigordan oladiganimni olaman.

…Shamol pastga, tubandan uchib kelayotgan ayol tomon sho’ng’idi.

Yomg’ir tomchilarining nimagadir, deraza oynasigami charsillab urilishi eshitilardi. Ayol bazo’r ko’zini ochdi. Tashqarida yomg’ir sharros quymoqda edi.

— Ishqilib, biz tomondan yog’masin-da. Yangi hovlimiz bitmagan, — yozg’irdi hamxona.

Ayol o’ziga kelib-kelmay karaxt ahvolda pichirladi.

— Singlim, yomg’irda ivib ketdim. Shamol ichirgan suv ichimni kuydirib boryapti.

Hamxonaning esi chiqib, esankirab qoldi. Tik oyoqda turib, alahsiyotgan odamga ilk bor duch kelishi edi. Chindan ham ayolning jismu jonidan xuddi hammomdagiday bug’ chiqar, isitma zo’ridan paxmoq xalati ostidagi ki­yim-boshi jiqqa ho’l bo’lib ketgan edi. Hamxona nimalardir deb emranayotgan ayolni bir amallab suyab turdi-da, jon uhmida qichqirib, hamshirani yordamga chaqirdi.

* * *

Farishta yengil tortdi. Biroq uning qanotlariga hamxonaning “ishqilib biz tomonda yog’masin-da. Yangi hovlimiz bitmagan”, — degan iltijosi yuk bo’lib osilib turardi. Farishta nurli, harir qanotlarini keng yozib, past­ga nazar tashladi. Hamxona aytgan o’sha “biz tomon”, degan joyni topdi. So’l qanotini bilinar-bilinmas qilib, ohista silkib qo’ydi-da, o’z makoniga parvoz qildi. “Biz tomon”ning osmonini qoplagan bulutlar shamol zarbiga dosh berolmay, tarqab ketdi. “Biz tomon” quyosh nurlariga chul­g’andi. Tuman markaziga tutash qishloqning chetida, birinchi qavati yerning osti, ikkinchi, uchinchi qavatlari ustida qad rostlagan o’ttiz xonali uyning qimmatbaho tomi yarqirab turardi. O’n besh, yigirma chog’li mardikor esa, hovli yo’laklariga beton yotqizish bilan ovora edi.

… Bir haftadan keyin hovli to’yi o’tkazishni niyat etgan Botir g’urbat birpasda kun ochilib ketganidan quvondi. Agar uch, to’rt kun ichida yog’in-sochin bo’lmasa, hovlidagi mayda, ikir-chikir ishlarni ham tugatib olishadi. Xotini ham shu haftada shifoxonadan chiqadi. Qarsillatib ziyofat beradi. Do’st-dushmanning ichida o’zini yana bir ko’rsatib qo’ygani ham yaxshi-da. Hovli to’yi bahonasida akkam-dukkamga bergan to’yona pullarini ham yig’ib oladi. Nima qipti, bergandan keyin olish kerak-da. Pul ziyon qilmaydi. Dunyoda hamma narsaning og’iri bor. Lekin pulning og’iri yo’q.

Botir g’urbat hamma narsani pul bilan o’lchaydiganlar toifasidan. Hamma narsani — mansabni ham, obro’ni ham pul bilan sotib olish mumkin, deb o’ylaydi. Hatto insonning taqdirini ham pul o’zgartiradi, u o’z taqdir kitobini pulga sotishi yoki sotib olishi mumkin, deb o’ylaydi. Agar u o’zi qurayotgan mana shu qasrning umri davomida hamma xonasiga kirib chiqishi uchun vaqt topolmasligi ham mumkinligini anglab yetganda edi, umuman, odam bolasi uchun buncha ko’p xonalarning, bunday dov-daskaning o’zi mutlaq ortiqchaligini payqaganida edi, o’zining yeb to’ymas kasalga yo’liqayotganini tushunib qolardi. Shuning uchun ham inson inson-da, — o’zining fojiasini anglamaydi. Nafsning mayda yarasi maddalab ketsa, ehtiyoj o’pqonga aylanadi. Bu dunyoning barcha qirg’in-barotlari, urushlari ana shu o’pqonni to’ldirish evaziga sodir bo’lmoqda.

Farishta qat-qat osmonlardan yuqoriga uchib o’tayotib, pastlikka — yerga yana bir qarab qo’ydi. Botir g’urbatning taqdir kitobining qaysidir bandlariga ko’z tashladi. Farishta “erdagi hayot bunchalar murakkab, odamlar taqdiri bir-biri bilan shunchalar chambarchas bog’lanib ketgan”, degan o’yga keldi.

* * *

Ajal changali chang solib turgan bemor Sora Alievna anchadan beri bunday orombaxsh uyqu og’ushida huzur topmagan edi. Ayol uzoq uxladi. Hamshira damba-dam palataga kirib, undan xabar olib turdi. Bo’lim boshlig’i ikki marta uning tomir urishini tekshirib ko’rdi — bir maromda. Bosh shifokor dunyoga dovruqli do’xtir, o’z sohasining piri bo’lgan akademikni boshlab keldi. Ayol hamon uxlardi. Akademik bemorga sinchiklab nazar soldi:

— Bezovta qilmang. Hammasi yaxshi. Vahimaga o’rin yo’q.

Kutilmagan mo»jiza yuz berayotgandi, go’yo. Ayolning yuziga qon yugurib, tiniqlashgan chehrasini o’lim sharpasining miskin soyasi tark etgandi. Bosh shifokor tuyqus miyasiga kelgan o’ydan bir seskanib tushdi: “O’lim oldidan inson sog’lom holiga bir qaytib oladi, degan gap nahot rost bo’lsa?” Zukko akademik uning xayolidagi kechinmani anglab bosh chayqadi.

— Xavotir olmang. Hammasi yaxshi. Hamkasbimiz tanasiga yopishgan dard­ni ruhiy qudrat, botiniy muolaja bilan yengib o’tayotganga o’xshaydi.

Hamxona esa goh hech narsadan bexabar uxlayotgan bemorga, goh uning tepasida nimalarnidir muhokama qilayotgan shifokorlarga xavotir bilan qarab qo’yardi. U xonadagilar bemorning deraza yoniga borgani-yu, oqibatda zo’riqib yiqilgani, alahsib hushidan ketganini, bunda o’zining ham ishtiroki borligi, derazaga qadar suyab borganini shifokorlar sezib qolishidan cho’chirdi. Hamshiraning og’zi mahkam ekan. Mum tishlab turibdi, churq etmadi — chaqimchilik qilmadi.

Shifokorlar xonadan chiqib ketishdi. Hamxona o’zini uyqu oromiga topshirgan Sora Alievnaga uzoq tikilib turdi. Ayolning chehrasiga tabassum indi, so’ng ko’zlarini ochdi, jilmayib qo’ydi, deraza tomon ohista yuz burdi:

— Yomg’ir yog’ayaptimi?

— Opa-yey, yomg’iringiz ham bor bo’lsin-a. Yog’ayapti. Yog’ayapti. Shu yomg’irni deb o’takamni yordingiz-a. Ozgina qoldi-ya, xayr-xo’shni nasiya qilib ketvoray dedingiz.

Ayol hamxonaning begidir gaplariga yana muloyimgina kulib qo’ydi.

— Menga qarang. Siz menga kosada muzdek suv tutdingizmi?

Hamxonaning yuragi shuv etdi. Uni yana vahima bosdi:

— Voy… Jon opa, qo’rqitmang. Nima balo, yana alahsirayapsizmi? Ishqilib, biror narsaga yo’liqmadingizmi, opa?

Sora Alievna to’shakda o’zini o’nglab, yostiqni beliga suyab, yarimbel bo’lib o’tirib oldi. Hamxonaga sinovchan tikildi:

— Sizning ismingizni ham so’ramapman. Bo’larimcha bo’lib, o’zim bilan (u o’lim bilan demadi) o’zim olishib yotdim, shekilli…

— Ha… Ko’p alaxsiradingiz… Bugun yaxshi. Ancha yaxshisiz… Ha-ya, ismim — Barno. Sizning ismingiz —
Sora opa. Keldi-ketdi odamlardan bilib oldim. — Barno soddalik bilan yana qo’shib qo’ydi. — O’zingiz ham katta do’xtir ekansiz.

Sora Alievna bosh irg’ab, kulib qo’ydi. So’ng yana derazaga ko’z tashladi.

— Yomg’ir chiroyli yog’ayapti… Men endi sog’aydim, Xudoga shukr, sog’aydim, — dedi ohista. — Qiziq,
anchadan beri tush ko’rmay qo’ygandim. Hozir tush ko’ribman. Tushimda o’g’lim — Yodgorim otasi bilan birga tezoqar daryo qir­g’og’ida turganmish. Otasi o’sha yigirma
besh yoshida edi. Men daryoda, tip-tiniq, tezoqar daryo suvida oqib borayapman, deng. Ular qirg’oqda turib, menga qo’l silkishadi. Keyin… uyg’onib ketdim. A’zoyi-badanim kuyib-yonib qaqshagani uchun daryo suvini tush ko’rgandirman, ehtimol.

— Opa, tiniq suv — yaxshilik alomati. Yaxshi tush ko’ribsiz.

— Kim bilsin.

— Opa… Bir narsa so’rasam…

— Xo’sh.

— O’g’lingizning ismini Yodgor dedingiz. Bolangiz qorningizdagi payti eringiz vafot etganmilar?

Sora Alievnaning vujudini titroq bosib, lablari pirpiradi. Botinida allanechuk og’riq qo’zg’alganday bo’ldi, biroq shu lahzada ichki bir qat’iyat, hayotga tashnalik tuyg’usining lazzatli shavqi ruhiyatiga ko’tarinkilik baxshida etayapti, boshi tip-tiniq, vujudini kemirib, ich-ichini dard olovida yoqayotgan og’riq azobi qayoqqadir chekinganday. Uning bu hayotvandlik kayfiyatiga mosu xos tarzda tashqarida shig’irlab yomg’ir yog’ayapti. Dunyo kuzning namchil nafasi og’ushida. Hayotning endi mayda-chuyda dardi hasratlarini etagidagi changday qoqib, hayo-hut, deb qo’l silkish kerak, vassalom. Sora Alievna hamxonasining yuziga tik qaradi:

— Yo’q. Erim o’lmagan. Allaqaerlarda yurgandir ham.

— Opa… Jon opa, meni kechiring.

— Hechqisi yo’q. Mayli, sizga gapirib bera qolay. Ochig’i, bu mavzuda so’z ochishni sira-sira xohlamaganman. Bugun… bugun negadir, gapirgim keldi. Qiziq, tamomila boshqacha odamga aylanib borayotganga o’xshayman. Xo’sh, chalg’imasdan, sizga bor haqiqatni gapirib beraman, chunki tinkamni quritgan og’riq yuki hamon yuragim tubida cho’kib yotibdi. Eshiting…

Sora Alievna boshidan kechirgan o’sha olis xotiralar haqida so’zlab, notanti hayotning xiyonatlari, taqdir zarbalari bilan yana bir bor ro’baru kelganday bo’ldi. Barno ham uning boshdan kechirgan kunlari borasida mubham tasavvurga ega bo’lib, qanday qilib opaning ko’nglini ko’tarish haqida o’ylardi:

— Nomardlik qipti-da.

— Kim bilsin? Ehtimol, orzu-maqsadi, o’y-rejalari barbod bo’lgani uchun u shunday qilgandir… Men endi unga kerak bo’lmay qolgan edim-da, — Sora Alievna og’ir tin oldi.

Jondorga jola qilsang ham nomard­ga nola qilma. Beburdlik qalbini qanchalik o’t azobida kuydirmasin, Sora o’shanda uning ortidan ergashmadi, cho’k tushib yalinib-yolvormadi. Palagi toza gul ko’lmakdan suv ichmaydi.

* * *

Sora tibbiyot o’quv dargohida o’qirdi. Yigit qishloq xo’jalik oliygohida tahsil olardi. Qizning otasi yigit o’qiydigan oliygohning rektori edi. Onasi huquqni muhofaza qilish idoralarining birida yuqori lavozimda ishlardi. Yigitning otasi o’sha paytlar Oltindalaning nomi chiqqan xo’jaligini boshqarardi. Rais. O’g’li yolg’iz edi. Otaning yakka-yolg’iz tayanchi, suyanchi, nasli-nasabining davomchisi. Rais yolg’iz o’g’lining kelajagi uchun hech narsa, hech bir g’ov-to’siqdan qaytmas, suv kelsa simirib, tog’ kelsa kemirar edi. O’qish davomida dongdor xo’jalikning dovruqli raisi sifatida to’ppa-to’g’ri rektorning xonasiga kirib kelaverardi. Eshikni rektorning o’zi ochardi, chunki mehmonning ikki qo’li band bo’lardi. Oltindalaning katta bir xo’jaligidan topgan-o’marganini Toshkentga, aniqrog’i, rektor amakining uyiga tashidi. Bir ko’rgan tanish, ikki ko’rgan bilish, uch ko’rgan qarindosh, to’rt ko’rgan quda-qondosh. Rektor ota rozi, huquqshunos ona rozi-yu-ramzada. Yaxshi-da, kimsan, falonchi rais­ning yakkayu yolg’iz arzandayu darmondasi! Buning ustiga “Odam qiling, shugina ko’z qoramiz Toshkentda qolsin…”, deya bosh egib turibdi. Dang’illama hovli ham olib berib, yolg’iz o’g’lini bularga qo’shqo’llab topshirayapti. Ichkuyovdan nima farqi bor! Sora-chi, Sora? Sora ota izmida, ona ra’yida edi. Muhimi, u kuyov bo’lmish bilan uchrashgandi. Sirtida sirtlonning salobati bor. Biroq ichi… ichini bilmadi. Ichida ne gap, bilmadim, degan edi, onadan baloga qoldi: “Tentaklik qilma! Yolg’iz o’g’il bo’lsa ham bizning yonimizda qolayapti. Seni o’sha Oltindalasiga sudrab opketib, dalasiga tiqib qo’ysa, nima qilarding!”. Onaning gapi jo’yali. Otaning gapi uyali. Mayli, dedi. Rozi bo’ldi. Buyog’i to’y. Raisning ham boshi osmonda. Kimsan, o’sha davrda mamlakatning yetuk kadrlarini tayyorlab beradigan o’quv dargohining rektori, yanayam aytsa, falonchi-pismadonchievning tug’ishgan ukasi bilan quda bo’layapti. Endi uning oldida raykomiyam, kerak bo’lsa, obkomiyam zirillaydi. Oltindalada boshlangan to’y Toshkentda davom etdi. To’yning zo’ri Toshkentda bo’ldi. To’g’ri-da, kuyov shaharda qolayapti-ku, qaynotaning keng qanoti ostida obdon yayrasin, amal-pamalni ham poytaxtda egallagani yaxshi-da. Katta shahardan uchgan barg ham qishloqning daraxtiga og’irlik qiladi. Baribir poytaxt degan nomi bor. Ha, endi biror vazifalik ishga o’tib qolsa ko’ring, Oltindalaning ulug’idan tortib jupkarchi yo’rig’igacha soyasiga salom beradi. Xullas, yolg’iz o’g’il, yolg’iz qiz oila qurishdi.

Manfaatning misi, minnatning isi chiqadi, baribir. Manfaat poydevori ustiga qurilgan oila imorati mo’rt bo’ladi. Turmushning shunchaki esgan shamollari ham qulatib yuboradi.

Biroq Soraning hayotida qismat dovuli o’kirdi. Bu shunchaki shabada emas edi. To’ydan keyin yetti oy o’tar-o’tmas, iqbol quyoshini qayg’u to’zoni qopladi. Uning ota-onasi — rektor ota, huquqshunos ona vodiydan qaytayotib avtohalokatga yo’liqib, halok bo’lishdi, Sora bu hayotda muallaq qoldi. Suyanch tog’lari quladi. O’ziga kuch-quvvat berib yashnatayotgan muqaddas ildizlarini allaqanday bir kuch ro’yi zamin qa’ridan sug’urib tashladi. Sora tosh-metin, yuzi qattiq yerga gursillab quladi, go’yo uning o’rnidan turishi amrimahol edi. Ana shunday to’zon-to’fonli chog’da amakisi falonchi falonchievichning ham tegirmoni teskari aylandi. Uni ishdan olishdi. Moskvadan kelgan tergovchilar bo’yniga o’n yillik umr o’lchoviga zomin bo’lajak jinoyat yukini osishdi. Endi kim qoldi? Soraning suyanchi U edi. Yolg’izgina U.

Bir kuni rais ota keldi. Hovliga boshi kirib, keti qaytdi. O’g’ilni chetga imlab chaqirdi:

— Bu qarg’ish urgan xonadon mening ham, sening ham boshingga balo bo’lmasin. Tamom, shartta kes! Hammasi tugadi. Kasofati o’zlariga urgan bo’lsin! Endi kelajakni o’yla! Oldimga tush, ketdik! Nima? Buning xotin bo’lgani go’r bo’larmidi? Ajrash. Birov bilib, birov bilmasin! FHDYoga ariza berib ketamiz.

Bu gaplarni Sora eshitdi. Joni jahoni zimiston tortdi. O’zini bazo’r tutdi. Muztar, notavon o’g’il otaning yo’rig’ida yo’rtanglab, g’ing demay, oldiga tushib ketaverdi. Olti oylik gumonasi bilan Sora qon-zardob yutib qolaverdi.

Taqdir uqubat girdobiga uloqtirib yuborgan Sora o’g’il ko’rdi. Yodgor, deb ism qo’ydi. Yodgor yoshiga  yetar-yetmas, Sora uni onasining singlisi — xolasiga qoldirib, harbiy shifokor sifatida afg’on urushiga ketdi. Hasrat imlosida bitilgan taqdir kitobining keyingi sahifalarida ro’shnolik aks etganiga uning aqli yetmas, dunyoda baxt-saodat borligiga endi ishonmas edi. Nima bo’lgan taqdirda ham bu yerlardan olis-olislarga ketishni, o’q yomg’irlari ichida jon olib, jon berib yashashni afzal bildi, biror daydi o’q o’ljasiga aylanib, o’lib ketish endi uning hech qanday qo’rquv uyg’otmasdi.

* * *

Sora o’sha qora kunlari haqida hayotda ilk bor og’iz ochmoqda edi. Yurak qa’rida yotgan dard dostonini u ilk bor hamxonasi Barnoga aytdi. Balki bugun ajal ostonasidan qaytib kelgani, hayot yana ko’ziga go’zal va serjilva ko’ringani, qalbida yashashga ishtiyoqi yonib, tiriklik chechaklari nish ura boshlagani uchun shunday qilgandir…

— U juda pastkash, iflos odam ekan, — dedi Barno nihoyat ko’nglida allanechuk og’riq to’lg’og’ini his qilib.

— Men undan ajralganim uchun xafa emasman. Bu hodisa vaqtida ro’y bergani uchun taqdirga shukr qilaman. Meni boshqa narsa qiynaydi. Agar odam bolasi mansab, obro’-e’tibor, boylik yo’lida muqaddas oilasidan ham voz kechishga qodir bo’lsa, u bu yorug’ dunyoda boshqa hamma narsani oyoqosti qilishga, kerak bo’lsa, ota-ona, Vatan degan tushunchalarga ham xiyonat qilishga qodir bo’ladi. Vatanini ham sotib yubormaydimi? Dunyodagi ulkan fojia­lar nafs balosi komida to’lg’ongan beburd va ochofatlarning ishi-ku. Yer yuzidagi ulkan fojialar odam bolasining bir-biriga qilgan mash’um munosabati, xiyonati evaziga sodir bo’lmayaptimi? Ulkan fojialar aslida shu xiyonatlardan urchimaydimi?

Barno jim, hayronu lol qotgan edi. U bunday gaplarni umri bino bo’lib eshitmagan edi. Boylik va mansab-martaba haqida bunday gaplarni ting­lab sho’rlik juvon gandiraklab qoldi. Yuzi oqardi, keyin duv qizardi.

— Men o’sha yoqda, afg’onda ko’p narsalarni anglab yetdim. Insonning lahzalik hayoti bu dunyoning barcha martaba-yu siylovlaridan avlo ekani, yashash, tiriklik, quyoshni ko’rib turish, yomg’irdan zavqlanishning o’zi insonga berilgan eng ulug’ ne’mat ekani, tinch va osoyishta hayot odam bolasining baxt-iqboli, saodati ekanini his qildim. Qobuldagi markaziy gospitalga amerikalik bir jurnalistni olib kelishdi. Boyaqish o’zicha hayotni o’rganaman, deb afg’onga sandiroqlab kelgan ekan. Men uning chap ko’krak qismiga sanchilib qolgan oskolkani olib tashladim. Ichkariga kirib ketgan temir parchasi yurakni tilkalab o’tishiga oz qolgandi. Jurnalist rus tilida yaxshi gapirar edi. Kim bilsin, balki shpiondir. Xullas, u ikki hafta o’tib gospitaldan chiqib ketayotib, menga bosh egib ta’zim qildi-da, qo’llarimni o’pdi. Ko’zlaridan yosh sizdi:

— Hayotimda sodir bo’lgan barcha katta-kichik voqealar, yaxshi-yomon hodisalar, g’am-alamli kunlarni charx­ning hazili, shunchaki mayda gaplar, deb o’ylay boshladim. Urush menga bu dunyoning ikir-chikirlariga qo’l silkishni o’rgatdi. Odamzotning barcha qilguliklari, pastkashliklari urush fojiasi oldida hech narsaga arzimay qoladi. O’zingizni asrang. Men umrimning oxirigacha tinchlik uchun kurashaman va bu yo’lda hamisha sizni yodga olishga harakat qilaman, dedi. Uning ismi Nik edi. Nik Adams.

* * *

…Samovot tubida bu suhbatni eshitib turgan ikki farishta bir-biriga ma’noli qarashdi.

— Ular ayni damda bir-birini o’ylab turganini, bir-birini yodga olayotganini o’zlari sezishayaptimi, — deb so’radi hali yerga yaqin kelgan farishtadan sherigi.

— Yo’q. Ular buni bilmaydi. Qara, anavi Nik Adamsga qara!

Mashvaratxonadan bir alfozda uyi­ga yetib kelgan Nik suv bosgan hovlidan aql-hushi uchgan ko’yi chopib o’tdi-da, o’zini ichkariga urdi. Uy ichi ham suvga to’lgan. Xotini hali ishdan qayt­mabdi. U suv kechib u yoqdan-bu yoqqa yugurgilab ichkariladi. Shunda yarim beligacha po’rtanada qolgan shkaf ustidagi baroq mushukchaga ko’zi tushdi. Mushukcha Nikka zorlanganday bo’ldi.

— Bizning savdoyilarcha dunyoni qo’rqitib, tahlikaga solaman, tobe qilaman, deya quyushqondan chiqib jazava solishimiz, jahonni urush jari yoqasiga olib borish darajasidagi telbaliklarimiz uchun Parvardigorning qahrini qo’zg’atganimizni anglab yetmayotganga o’xshaymiz, — deb o’kindi.

So’ng o’sha shkaf ustidagi baroqni suratga oldi-da, yog’och pillapoyadan ko’tarilib, yozuv xonasiga kirdi. Kompyuterni yoqdi. Internetga suv ichida qolgan mushukcha suratini joylab, boyagi Mashvaratboshiga xat jo’natdi. “Janob, rahmingiz kelsin. Urush boshlamaylik. Odamlar, bolalar, hamma-hamma narsa xonavayron bo’ladi. Anavi mushukchaning mung-ozorli ko’zlariga qarang. U bizlarning gunohlarimiz evaziga shu ahvolga tushdi. Bu dunyo­da hech narsa javobsiz qolmaydi, janob! Bu falokatlar behuda emas. Hali vaqt bor, o’ylab ko’ring! Ha, men tinchlik uchun kurashaman! Urush olovidan omon chiqqan kunim bir go’zal ayolga so’z berganman. Umrim oxirigacha tinchlik uchun kurashaman deb! Uning ismi Sara! Tinchlik uchun kurashaman, Sara!..”

Nik Adamsning ushbu elektron xati bir zumda dunyoga tarqab ketdi. Jahonning barcha telekanallari Nik Adamsning surati tagida ushbu xatini titr qilib berib, turli xil shakl-shamoyilda sharhlash bilan ovora edi.

— Anavu juvon televizor pul`tini qo’lga oldi. Televizor qo’ymoqchimi? — dedi birinchi farishta.

— Ha, shunday, — dedi yerga yaqin kelib ketgan farishta.

Qaysidir telekanal dunyo yangiliklarini bermoqda edi. Ekranda falokat yuz bergan shaharning suv tosh­qini ichida qolgan xonadonlarining birida, shkaf ustida bir amallab jon saqlab turgan mushukchaning tasviri. Tasvir tagida shunday yozuv bor. “Urush vayronalari ichida bolalar bundan ham ko’ra dahshatli va ayanchli ahvolga tushadilar. Rahmingiz kelsin!..” Telekanal ushbu hayqiriq muallifining suvratini namoyish qildi. Sora Aliev­na qizg’ish jingalak sochli, keng peshona, yuzida tabassum ingan, ko’zoynak ostidagi nigohlari chaqnab turgan bu odamga uzoq tikilib turdi. Kimgadir o’xshatdi. Eslolmadi.

— O’lsin. Hamma tomonda urush, qirg’in, falokat, — Barno televizorni o’chirib qo’ydi.

* * *

Sora Alievna tashqariga qaradi. Hamon yomg’ir yog’moqda. U mo»jiza ro’y berib, tuzala boshlaganiga endi mutlaqo amin bo’ldi. Ayni dam o’rnidan turib deraza yoniga borish, shifoxona sahnidagi kuzgi bog’ni tomosha qilishni juda-juda istayotgan edi. Biroq hamxonasining bu gal ayyuhannos solib yuborishi, shifokorlarni yana bezovta qilib qo’yishini o’ylab ko’zlarini yumdi. Shu chog’da hamkasblarini har lahzada tuzalib, kuchga to’lib borayotganiga ishontira olmasdi. Chunki bunday o’zgarish hali tibbiyot ilmida kuzatilmagan… Kutilmaganda ayolning sog’ligi o’nglanishi tibbiy nazariya yoxud tajribalarga mutlaqo zid hodisa edi.

Uni uyqu elitgan ekan, qo’l telefonning bexos jarangi uyg’otib yubordi. Barno kim bilandir shang’illab gaplasha ketdi:

— Allo, nima? Nima bo’ldi? A? Yaxshi eshitmadim. Xo’p, Xo’p. Bugun kelmaysizmi? Bolalar yaxshimi? Hovli nima bo’ldi? Yaxshi! Bizda yomg’ir yog’ayapti. Ha-a, Xudoga shukr, quyosh chiqib turibdi, deng. Yaxshi, mendan xavotir olmang. Xo’p, mayli.

Barno hamxonasi tomon o’girilib, uni uyg’otib yuborganidan xijolat tortdi.

— Opa, uzr… Xo’jayinim telefon qildi. Ertaga kelarkan. Bugun ishim bor, dedi.

…“Biz tomonda” tuman markaziga ketayotgan Botir g’urbat asabiy holatda qo’l telefonni cho’ntagiga urdi. O’ziga o’zi g’o’ldiradi:

— Hey, enag’ardi qizi. Gapning bosh-oxirini tushunmaydi. Men nima deymanu qo’bizim nima deydi? Buniyam esi-dardi hovli to’y. Ko’nglimga qil sig’may turganda, ketimga ketmon urib, childirma chaladi, enag’ardi qizi.

Botir g’urbatning jig’i-biyroni avjida. Nima falokat bo’lib, endi prokuraturaga chaqirib turishibdi. Gazanda Chexip chol yozib beribdi. Hamma tomonni xususiy qip, yeb tugatdi, qishloqning ta’mirlasa bo’ladigan ikki yuz tonnalik suv minorasini ham kesib ketdi. Hazarbog’ kanalining tagidagi qurilish idorasini talon-taroj etib, ataylab bankrot qilib tugatdi, deb yozibdi chayon chol. Qishloqdagi klub bilan kutubxonani ham o’g’lining nomiga rasmiylashtirib, o’rniga qassobxona, go’sht do’koni, kafe-bar qurib olgani ham chetda qolmabdi. Yomoni, Suvlisoy o’rmon xo’jaligining tog’ yon-bag’ridagi uch gektar yerdagi archazorni kesib, pullab yuborganidan ham xabari bor ekan…

Bu atrofda unga hech kim miq etolmay kelayotuvdi. Mana shu qari qirchang’i bosh ko’tardi. Shuni deb bolasi tengi prokurorning oldida kecha bo’laricha bo’ldi. Bugun yana chaqiribdi. Mash­qi balandga o’xshaydi mishiqining. Rahmatli otasi Rais bovaga ham o’xshab ketadi, chap qoshini uchirib, o’ng ko’zini qisib qarashi otasining o’zi! Kecha qarshisida shu kelbatu salobati bilan dovdirab qoldi, terlab ketdi. He-yey, mansab otidan tushsang, qash­qir ham, kuchuk ham talayverar ekan-da. Tumanning rahbari bo’lib yurgan paytlarida shimidan tushgan changga ko’rpa to’shaydiganlar saf tortib turardi. Undan so’ng viloyatda o’g’it-dorining kattasi bo’lgan kezlar ham dami daryoni toshiradiganday butun qishloq ahli bir og’iz so’ziga mahtal bo’lguvchi edi. Bugun-chi, bugun uni ko’rganlar o’zlarini panaga olishadi, ko’rib-ko’rishmaydilar go’yo. Botir g’urbatning qalbi, alam o’tida qovrilayapti Ayniqsa, prokuror chaqirgandan beri halovati havoda, chaqirtikon ustiga yig’ilganday ming bir azob nishiga nishon.

— Ko’zing o’yilgur Chexip chol. Yuzing­da ko’zing bormi demadi. Sen hech qachon davlatni o’ylamagansan. Davlatni ham yutadigan o’pqonsan dedi… Alamini oldi, boyo’g’li. Baribir ichida zahari zanglagan ekan, enag’ardi — ijir­g’anib qo’ydi o’zicha.

* * *

Botir g’urbat yoshlikdagi o’sha voq­ye­­ani esladi.

O’ninchi sinfni tugatish arafasida. Hamma baholari besh. Kimsan falonchi raisning o’g’li. Rais bova chap ko’zini qisib, o’ng qoshini uchirsa bormi, maktab-paktabi, o’qituvchi-mo’qituvchisi bilan… Biroq rus tili va adabiyoti fanidan ish chatoq edi. Qaysar Qorjov malim Botirga “otang Bobotog’ni ko’tarib turgan bo’lsa ham o’zing bilgan bahoni olasan. Manmanlik mayib qiladi bola”, dedi zaharxandalik bilan.

Qorjov qaysarni rais uyiga chaqirtirdi. Shotirlari muallimni shipillatib solib kelishdi. So’rida devday bo’lib o’tirgan rais qo’lining uchi bilan ko’rishdi.

— Botirboydi bilasiz. Yolg’iz bolam. Shu bolaning ertasi, mening ham ertam bo’ladi, malim! Ko’ngli o’ksimasin, oltin medal` olmoqchi bo’p turibdi. Shu o’ris tilingizni o’rganib olar… Bahosini qo’yib bering… Ke­yin, Govto’da tomondan o’n besh sotix yer beraman, hovli-povli tiklab oling, malim! Shuyting, buytib bolani xapa qilmang?

So’ri yonida yap-yangi “Jiguli”ni yuvib-artib turgan Botir bu gaplarni o’z qulog’i bilan eshitdi. Otasining salmoqli gap-so’zi bolani to’lqinlantirib yubordi. Qorjov malimga qarab yuz ifodasida kinoyali jilmayish paydo bo’ldi.

— Uzr, rais bova. O’g’lingiz, shu, shu rus tilini, rus adabiyotini umuman bilmaydi, o’qimaydi, o’qimagan. Hech bo’lmasa Chexipning bir narsasini aytib ber, desam, qo’l silkib joyiga o’tirib oldi.

Rais miyig’ida kuldi:

— Chexip, kim u?

Muallim qip-qizarib ketdi:

— Shunday katta yozuvchi bor.

Rais:

— Him-m-m! Nima qilasiz? Besh qo’yasizmi?

Muallim raisning yuziga tik qaradi.

— Yo’q. O’g’lingiz ikki bahoga ham bilmaydi. Mayli. Sizning hurmatingiz uchun uch qo’yaman.

Shunday deb hovlidan chiqdi-ketdi. Rais hangu mang bo’lib qolaverdi.

— Enag’ar Chexip, men senga hali ko’rsatib qo’yaman!

Shu-shu rais bova unga Chexip, deb otmi, laqabmi qo’ydi. Rais aytgach, bosh­qalarda jon qoladimi, boshqalar ham uni Chexip deb chaqiradigan bo’lishdi.

* * *

…Botir g’urbat prokuror huzuridan bo’laricha bo’lib chiqdi. Yo’l chetida anchagacha egasi urgan maymunga o’xshab, shumshayib turdi. Betimning qattiqligi boltani kemtik qiladi, deb noqis o’ylagan ekan. Ketiga muz urganday bo’lib, yaxlab o’tiribdi endi. Faromush alfozda prokuror bilan bo’lib o’tgan voqeani xayolidan o’tkazdi. A’zoyi badani qaltirab, ko’krak qafasi siqila boshladi. Nafas olishi ham binoyiday emas. Og’ir. Ko’ksi og’ir. Ko’z oldi jimirlashdi. O’zini zo’rg’a tutib do’konga kirib, gazsiz suv olib ichdi. “To’xta, bir boshdan eslayin, qaerda befahmlik qildim,” — o’yladi u.

Kirdi. To’rda prokuror o’tiribdi. Xuddi rais bovaning achchiqlanganiga o’xshab, chap ko’zini qisib, o’ng qoshini uchirdi. Botir g’urbat allaxayol bo’lib ketdi. Xullas, undan-bundan aljirab, yon cho’ntagiga qo’l solib ham ko’rdi. Konvert joyida. Keyin… Prokurorga xizmat-pizmat bo’lsa qilishini, atagani ham bor ekanligini pisand qila boshlovdi, prokurorning ajinasi qo’zib qoldi. O’rnidan sapchib turib qo’li qora telefonga qarab yugurayotuvdi, Botir g’urbat o’rnidan turib, yalinib-yolvorishga tushdi. Uning oldida tiz cho’kib, bidirlay ketdi. Prokuror o’zini bosib oldi. Lekin qahramoni bosolmadi.

— Sur bo’tdan. Hozir tiqib qo’yaman!

Botir jon holatda eshikka yugurdi. Qochib chiqqan joyi mana shu yer! Enag’ardi bolasi, tiqadigan joyiga tiqib qo’yishiga ozgina qoldi. Odamlarchilikdan uzoqda ekan, padarla’nat! Hechqisi yo’q. Ertaga Toshkentga ketaman… Sening surobingni Toshkent orqali to’g’rilayman.

* * *

…Kuzning yana bir tongi otdi. Olam ko’z yorish oldidan kuzak bog’lari qirmiz yog’dular og’ushiga cho’mdi. Barno o’rnidan turib pardani surib, derazaning bir qanotini qiyalatib ochib qo’ydi. Kechagi yomg’ir tingan, namchil bog’lar uzra tortilgan kuz choyshabi shu’lasi dov-daraxtlar bargiga jilva berar, borliq oqarish oldidan to’lg’onib, chulg’onib turadi. Ob-havo iliq. Ochiq deraza qanoti orqali xonaga kuzning bahoriymi, nahoriymi havosi kirdi. Barno hamxonasiga ko’z tashladi. Sora Alievna uyqu aralash nimadir deb alahsiganday bo’ldi. So’ng ko’z ochib Barnoga qaradi. Og’ir xo’rsindi. Shiftga tikilib turdi. Yana g’alati tush ko’ribdi. Tez oqar daryo. Daryo qirg’og’ida qiyg’os gulga kirgan sershox ulkan daraxt bor emish. Yodgor ana shu daraxtning bir shoxiga chiqib olib o’tirganmish, o’g’lining otasi. U ham navqiron yoshida emish. Uning qo’lida bolta. Daraxt tanasiga bolta urayapti, — uni qulatmoqchi. U bolta sermaganda daraxt bir chayqalib qo’yadi. Sora bor ovozda, qichqirib yig’layapti, lekin ovozi chiqmaydi. Olisda qo’lida oq bayroq ko’tarib, bir qo’lini havoda silkitib, kimdir chopib kelayapti. Sora tanidi, bu Nik Adams edi. U daraxtga yaqinlashib, nimalardir deb baqirar, daraxtni aylanib yugurar, uni kesayotgan odamni shashtidan qaytarolmas edi. Nimadir taraqlab uyg’onib ketdi…

Deraza qanotini qiya ochayotgan Barnoni ko’rdi.

Sora Alievna anchagacha shiftga tikilib yotdi. Barno unga churq etmadi. Sora Alievna vujudiga darmon qaytib, tanasi quvvatga to’lganini his qildi. O’rnidan turib, yuvinib-tarandi. O’ziga oro bergan bo’ldi. Oynaga ham qaradi. Ko’zlari tubida porlagan ajib sehrni ko’rdi. Miyig’ida kulib qo’ydi. Bir ozdan so’ng nonushta qildi.

Peshinga yaqin kun yana qovoq uydi. Osmonni bulut qopladi, kuzakning asabi taranglashdi. Uzoqqa cho’zilmagan ezg’in sukunatdan so’ng yomg’ir quya boshladi. Xuddi kechagiday. Kuz bog’i yomg’ir qamchilari ichra titradi. Sora Alievna tabiatning bu mukammal ijodiga mahliyo bo’lib termularkan, xona eshigi taqillab, ichkariga o’g’li — Yodgori kirib kelganini ham payqamadi. Joyidan dik etib turgan Barno qarshisidagi kelishgan, xushchaqchaq, basavlat, katta tim qora ko’zlari porlab turgan, vujudidan yigitlikning shahdi-shijoati yog’ilib turgan o’g’longa bir zum mahliyo bo’lib, tikilib, hamon deraza yonida tashqaridan ko’z uzmayotgan Sora Alievnaga qaradi:

— Opa, Sizga… Sizga mehmon keldi.

Sora Alievna deraza ortidagi ajib go’zallik sehridan uzilib, o’g’li tomon o’girilib, uning bag’riga otildi.

— Bolam, bolajonim. Sog’-omonmisan… ishlaring yaxshimi? Boraman, deb telefon ham qilib qo’ymading. Men… Men… Sog’man… Sog’aydim, soppa-sog’man, bolam.

Ayol o’g’lining ko’ksiga bosh qo’yib, qalbida onalik mehri va g’urur-iftixori toshib, ko’z yosh to’kardi. O’g’il ham onasining oyoqda tik turib, qarshi olganligidan o’zida yo’q shod edi.

Yodgor kursiga cho’kdi. Sora Alievna o’g’lining qalin tim-qora sochlarini silab, peshonasidan o’pdi.

Ayol o’lim changalida dard bilan jon olib, jon berib olishganda, eng avvalo, o’g’li bilan xayri-xo’shlashib, so’ng bu dunyodan rozi-rizolik so’rab qo’ygandi. Bugun, bugun esa joni-taniga kuch yog’ilib, yana hayotga qaytdi. Parvardigorning amri-karamiga qoyil qolmay ilojing yo’q. Tabobat tang qolgan holatda bemorga qayta jon bag’ishlash ham faqat Yaratganning qo’lida. Shuning uchun mana men degan ahli arbob, o’z ishining ustasi bo’lgan shifokorlar ham og’ir xastalik oldida boshi gangib, “endi bu yog’i Ollohdan, najot Ollohdan. Xudodan so’rashdan boshqa ilojimiz yo’q.”, deb taqdirga tan berib o’tirishaveradi. Mashhur jarroh Sora Alievnaga tibbiyot tuzalmas dard tashxisini qo’yib, ikki kunlik umri qoldi, degan xulosaga kelgan edi. Bemorning ikki kun ichida xastalikni yengib o’tishi esa chindan ham mo»jiza bo’ldi. Shuning uchun ham uning sog’ayib ketgani haqidagi olamshumul gap shifoxonadan tashqariga chiqib, hatto vazirlikkacha oyoqladi. Mamlakat shifokorlarining kattasi hurmatli vazirga ham yetib bordi.

“Olloh shifosini beribdi”, — deb qo’ydi vazir janoblari ham. Va stoli ustidagi kechagina qaysidir xorijiy davlat elchixonasi orqali kelgan Nik Adams degan taniqli arbobning qalin muqovali xotira kitobini qo’lga oldi. Elchixona tomonidan ushbu kitobning mashhur shifokor, afg’on urushi qatnashchisi Sora Alievnaga yetkazilishi so’ralgandi. Kitob mual­lifi uni uzoq yillar izlagani haqida ham qayd qilib o’tilgandi. Vazir Sora Alievnaning ana ketdi, mana ketdi bo’lib yotganidan xabar topgach, indamay qo’ya qolgandi. Ayolning oyoqqa turganini eshitib, yordamchisini chaqirdi:

— Ma, manavi kitobni olib shifoxonaga bor. Taniysan, Sora Alievna yotibdi u yerda. Bosh shifokor Nasima Jalilovnani ham o’zing bilan birga olib, opani ko’rib, unga berib qo’yinglar. Men o’zim kechqurun xabar olaman.

Yordamchi chiqib ketgach, vazir yengil tin oldi. Ko’ngli xush tortdi:

— Xayriyat-ey, qarz qiyomatga qolmadi.

* * *

Qarz qiyomatga qolmadi. Ayniqsa, diydor qarzi qiyomatga qolmasa, necha-necha yillardan beri orada tiklangan iztirob, o’kinch devori qulab tushib taqdir kitobining barhaqligi, yer yumaloq ekanligi ayon bo’lib, dunyoning turli burchidagi insonlarning to’qnashib turishi, bu to’qnashuvning aynan bugunga to’g’ri kelganiga nima deysiz?

Diydor ham qiyomatga qolmadi…

Farzandi atrofida ming aylanib, ming o’rgilib girgitton bo’layotgan Sora Alievna bugun, ayniqsa, yoshlik zavq-shavqiga to’lib, chehrasi gulgun yashnab, bir gapirib, o’n kular, gohida yolg’iz tayanchi va suyanchi Yodgoriga ishga berilib horib-charchab, ozib-to’zib qolmasligini aytib, ko’z yosh ham to’kib olardi. Hamxona Barno esa o’ttiz yoshga yetib-yetmagan, baodob, vazmin va bosiq o’g’longa boqib ko’nglining allanechuk joyiga titroq tushdi. Uni qachonlardir, qaerdadir ko’rganday bo’lardi. So’ng oniy holat o’rnini qalb­dagi mehr va havas to’lqini mavjlantirdi. Shunday o’g’lonni otasiz tarbiya qilgan Sora opaga botinida hamdu sano aytar edi.

Shu mahal xona eshigi shahd bilan ochilib, tasur-tusur qilib, gurso-gur qadam tashlab, Botir g’urbat kirib keldi. Barno atrofdagilardan iymangan ko’yi qarab qo’ydi.

— Ana, bizning xo’jayin ham keldilar, — dedi ohista.

Sora bilan o’g’li o’rnidan turib, keng kelbat, daroz, qirg’iy nigoh, yuzi biroz cho’zinqiragan, cho’zma-chuquriyak kishiga ko’z tashladilar. Botir g’urbat ularni ko’rishi hamono seskanib tushdi. Beixtiyor ortga tislandi. Hangu mang bo’lib qolgan Yodgor chap ko’zini qisib, o’ng qoshini uchirdi. Rangi oqarib, botin-botinida og’riq turgan Botir g’urbat tuman prokurori Yodgor Alievichni bu yerda ko’raman deb xayoliga ham keltirmagandi. Gandiraklab chayqaldi-da, chetdagi kursi qirg’og’iga bazo’r suyanib qoldi. Hech narsadan bexabar Barno erining dabdurustdan shashtidan tushib, talmovsirab qolganiga hayron bo’ldi.

— Sizga nima bo’ldi, dadasi? Keling… qo’lingizdagini stolga qo’ying.

Barno Sora Alievnaning ezg’in alfozda Botir g’urbat tomon qadam tashlab, lablari pichirlaganini ko’rdi.

— S…i…iz. S…siz?!

Ayol og’ir xo’rsinib, so’ng o’g’liga qaradi-da, havo yetishmayotgan kabi chuqur-chuqur nafas ola boshladi. Ko’zlarini chirt yumib, holdan toygan kabi krovat chetiga o’tirib qoldi. Botir g’urbat gungu karaxt ahvolda, jismu joni titrab-qaqshab, Soraga bir nafas termulib turdi, soch tolalari go’yoki ming-minglab ninalarga aylanib o’z boshiga sanchilganday bo’ldi. Og’riqdan yuzi jimirlab, ichidan mung keldi, och biqiniga suzgi yegan echkiday ojiz ovoz chiqardi, so’ngra muvozanatini yo’qotib, gursillab yiqildi. Qo’lidagi u-bu narsalar yerga tushib sochildi, sharbat shishalari chil-chil sindi. Chinqirib eri tomon otilgan Barno aqli-hushidan ayrilib, uni o’rnidan turg’izmoqqa urinardi. Xonaga navbatchi shifokor va hamshira yugurib kirishdi. Hamshira Barnoni o’ziga keltirmoqchi bo’lib stol ustidagi idishdan suv olib yuziga sepdi. Bilagiga tinchlantiruvchi ukol sanch­di. Shifokor til-zabonsiz baqrayib yotgan Botir g’urbatning tomir urishini aniqladi, ko’ylagi yoqasini bo’shatib, chap ko’krak qismiga endoskop qo’yib, yuragini tekshirib ko’rdi.

— Infarkt! Yugur, tezroq bo’l, zambilarava keltiringlar, — dedi shifokor hamshiraga.

Bir zumda xonaga zambilarava olib kirishdi. Sora Alievna joyidan og’ir qo’zg’aldi. Hamon tosh qotib angrayib turgan o’g’liga ohista so’z qotdi:

— Bolam bor, dadangni ko’tar! Do’xtirga yordamlash. Dadang — u. Sening dadang, bolajonim.

Sora Alievna madori-majoli qurib krovat chetiga o’tirdi-da, yurak bag’ri o’rtanib, yig’lay boshladi. Yodgor hamon joyida tosh bo’lib serrayib, goh atrofida shifokorlar uymalashayotgan eriga, goh Sora Alievnaga, yelkalari silkinib-silkinib yig’layotgan ayolga esi kirdi-chiqdi bo’lib qarab qo’yardi.

Sora Alievna qo’llarini musht qilib tizzalariga urib-urib, unsiz yig’lar ekan, hanuz o’ziga kelolmay tik qotib turgan o’g’liga shunday dedi:

— Bolam, yer baribir yumaloq ekan. Qismat kitobini Yaratganning o’zi o’qiy oladi, bolam.

Tashqarida yomg’ir ezib yog’ardi. Bulut qoplagan tubsiz osmonning bir burchida falakning nigohi kabi miltillab turgan ikki hovuch nur asta-sekin olislashib, so’nib borardi.

2014 yil, 21-son.

98

(Tashriflar: umumiy 1 260, bugungi 1)

Izoh qoldiring