Qodir Mirmuhamedov. Tarjima ma’naviy ko’prik…mi?

077   Мен таржимонлик фаолиятимнинг дастлабки 10-15 йили давомида қўлимга топширилган ҳар қандай бадиий асар ё бадиий фильмни, асосан, қалам ҳақи ишлаб топиш мақсадида таржима қилаверганман. Фақат кейинчалик, ёшим анча ўтиб қолганда, уйимдаги шкафимда терилиб турган 30 дан ортиқ таржималаримга кўз югуртирар эканман, уларнинг анча-мунчасини таржима қилишга кетган вақтимга ачинганман, афсусланган пайтларим бўлган.

132
ТАРЖИМА МАЪНАВИЙ КЎПРИК…МИ?
Моҳир таржимон Қодир Мирмуҳаммедов билан суҳбат
Суҳбатдош: Алишер Назар

– XIX асрнинг охири, XX асрнинг бошларида Ўзбекистондаги ижтимоий-сиёсий маънавий-маърифий жараёнлар қадим ва бой ўзбек адабиёти тарихида ғоят муҳим даврлар бўлди. Мамлакат ва халқ ҳаётида юз берган энг улкан бахтсизлик – миллат ва давлат сифатида ўз мустақиллигини йўқотиши зиёлилар руҳиятига катта таъсир этган бўлса-да, бироқ бу тушкунлик даври ҳақиқий ижодкорлар руҳини синдиролмади. Атоқли маърифатпарвар Абдулла Авлоний таъбири билан айтганда «Адабиёт миллат ойнаси» ўлароқ халқ ҳаётида ренессанс даврини бошлаб берди. Ўз-ўзидан адабиётда янги жанрлар ва тадқиқотлар пайдо бўлди. Айниқса, ўлкада маданият марказлари ҳисобланган Самарқанд, Хива, Қўқон, Тошкент ва Бухоро сингари шаҳарларда янгича адабий муҳит пайдо бўла бошлаган эди. Жумладан, адабиётимиздаги зуллисонайн анъанаси ёнида энди аста-секин таржима мактаблари пайдо бўла бошлаганди. Мисол учун, 1880-1890 йилларда ўзбек ўқувчилари Л. Н. Толстой, А. С. Пушкин, А. А. Крилов сингари рус адабиёти намоёндаларининг ижод намуналаридан баҳраманд бўлишган. 1887 йилда илк марта Л. Н. Толстойнинг «Одамлар нима билан тирик?» ҳикояси ўзбек тилига таржима қилинган. 1899 йили Пушкиннинг «Боқчасарой фонтани», «Шоир» асарлари таржимаси «Туркистон вилоятининг газети» саҳифаларида чоп этилган.
Қодир ака, адабиётимиз тарихидаги бу жараёнларни кузата туриб савол туғилади: таржимачилик ҳам бошқа адабий жанрлар сингари муайян эҳтиёжлар туфайли пайдо бўлмаганмикин?

02  – Ҳамонки инсон бу фоний дунёга фақат бир марта келишини биларкан, унда ўзидан сўнг из қолдириш эҳтиёжи пайдо бўлади, албатта. Унда янгилик яратиш, ижод қилиш, фарзандлар тарбиялаб ўстириш, бунёдкорлик қилишга эҳтиёж уйғонади. Сўнг бу эҳтиёжларнинг самарасини кўриб, халқ таъбири билан айтганда, “ишқи йўқ – эшак, дарди йўқ – кесак” бўлиб умр кечирмаганидан кўнгли тоғдек кўтарилади. Буюк Италия сайёҳи Марко Поло жаҳонни кезиш, турфа хил юртлар, мамлакатларни ўрганиш ниятида узоқ сафарга чиқиб, то шимолий Хитойгача етиб борган. Лекин ватанига қайтаётганида у кўп азоб-уқубатлар чеккан, асирга тушган, қамоқда ётган бўлишига қарамай ўзининг бу узоқ сафари чоғида жамики кўрган-кечирганларини ёзиб китоб қилиб чиқаришга муваффақ бўлган. Буюк Ипак йўлини кашф этган тижорат аҳлини эсланг. Улар ҳам кўп талофатларга, жудоликларга, муҳтожликка рўпара келган бўлсалар ҳам бир-биридан йироқ бўлган ўлка ва халқларга кўприк бўлиб бир-бирларига улаган. Ахир бу ҳаётда олға интилишга, кўпроқ кўриш, кўпроқ билиш, кўпроқ ўрганишга бўлган эҳтиёж эмасми? Адабиётимизнинг таржимачилик жанрида ҳам шундай эҳтиёж бўлган ва у ҳануз камол топиб келмоқда. Лев Толстойни “Семиз Шер” деб таржима қилишганида дунёга келган таржимачилик жанри бир қанча ижодий босқичларни бошидан кечириб, бугунги кунда таржима учун мураккаб бўлган, дурдона асарларни ўзбек тилида дунёга келтирди. Л.Толстойнинг “Уруш ва тинчлик”, “Ана Каренина” романлари, Ф.Достоевскийнинг “Жиноят ва жазо”, “Телба” романлари, Н.Некрасовнинг “Россияда ким яхши яшайди?” достони, Гётенинг “Фауст”и, Дантенинг «Илоҳий комедия»си, Ҳомернинг “Илиада” ва жаҳон адабиёти классикларининг яна жуда кўп дурдона асарлари таржимачилик жараёнида олға интилишга, яратувчиликка бўлган эҳтиёж самарасидир.

Мен юқорида “ижодий босқичлар” деганимда, ўзим шоҳид бўлган бир воқеа эсимга тушди. Бир пайтлар, Ғафур Ғулом номидаги нашриётда таржима бўлими бошлиғи лавозимида ишлаб юрган кезларимда украин классик ёзувчиси Панос Мирнийнинг “Павиa” (“Бузуқ қиз”) романини аслиятдан таржима қилиш ниятим борлигини айтдим. (Мен украин тилини яхшигина биламан). Шунда нашриёт раҳбарлари: “Бизда украин тилини биладиган муҳаррир йўқ. Таржимангизни ҳеч ким таҳрир қила олмайди”, деб жавоб берган эдилар. Гап шундаки, ўтган асрнинг 50-60 йилларида таржима қилинган асарлар жумлама-жумла аслиятга солиштирилиб таҳрир қилинарди.

– Ўтган асрнинг 30-йилларига келиб, ўзбек адабиётига янги-янги номлар кириб кела бошлаган эди. Таъбир жоиз бўлса, бу авлод адабий анъаналар қобиғини ёриб чиққан, янгиликка ва янгиланишга ташна бир авлод эди. Бадиий адабиётдаги бу янгиланишларни Абдулла Қодирий «Ўтган кунлар» романига ёзган муқаддимасида “мажбурият” деб эътироф этади. Қодирий ёзадики: «Модомики, биз янги даврга оёқ қўйдик, бас, биз ҳар бир йўсинда ҳам шу янги даврнинг янгиликлари кетидан эргашамиз ва шунга ўхшаш достончилик, рўмончилик ва ҳикоячиликларда ҳам янгаришға, халқимизни шу замоннинг «Тоҳир-Зуҳро»лари, «Чор дарвеш»лари, «Фарҳод-Ширин» ва «Баҳромгўр»лари билан танишдиришка ўзимизда мажбурият ҳис этамиз». Мана шу мажбурият таржимачилик ишларига ҳам тааллуқли эди. Шунинг учун ҳам кейинчалик жаҳон адабиётининг муҳташам асарлари бирин-кетин ўзбек тилига таржима қилинди. Мана шу қайноқ жараён ўтган асрнинг 80-йилларига қадар давом этди. Назаримда кейинги ўн йилликларда дунё адабий жараёнидан бироз бехабар қолгандекмиз…

– Гапингиз тўғри. Кейинги ўн йилликларда чоп этилаётган китобларда дунёвий адабий ҳаёт камроқ ёритилмоқда. Жаҳон адабиёти дурдоналари таржималари деярли нашр қилинмай қўйди. Бунга сабаб, менимча, китоблар билан телекўрсатувлар ўртасида пайдо бўлган рақобат бўлиши мумкин.
Кўпчилик китобхонларга китоб ўқишдан кўра телевизор экранида серилларни кўриш қулайроқ бўлиб қолди. Ваҳоланки, таржима қилиниб, ўзбек тилида намойиш этилаётган айрим фильмлар на ғоявий, на бадиий қимматга эга. Уларнинг томошабинлар учун мутлақо тарбиявий аҳамияти йўқ. Лекин Аллоҳга шукрки, 1997 йилдан бошлаб мамлакатимизда “Жаҳон адабиёти” журнали нашр этила бошланди. Бу хайрли иш Ўзбекистондаги китобхон аҳлининг жуда кўп йиллардан бери интизорлик билан кутган орзуси эди. Бу журнал ўзининг дастлабки сонларидан бошлаб, боя сиз айтганингиздек “дунё адабий жараёнидан” ўзбек китобхонларини бохабар қила бошлади. Бу адабиётимизнинг энг катта ютуқларидан бири бўлди. Маълумингизки, ҳозирда бу қимматли журнал 14 ёшга кирди. Унинг саҳифаларида ўзбек адабиёти билан бир қаторда жаҳон адабиётининг энг нодир дурдоналари ҳам таниқли таржимонлар ва шоирларимиз ҳамда журнал раҳбариятининг фаол ҳаракати билан чоп этилмоқда. Журналга жалб қилинаётган ёш таржимонлар ҳам ўзларининг нималарга қодир эканини намойиш қилмоқда.

– Бир пайтлар атом бомбасини вужудга келтирадиган элементларни кашф этган атоқли олимлардан бири бу кашфиёт инсоният бошига қай даражада кулфат келтиришини англаб етгач, ўша кундан бошлаб қора кийим кийиб олган экан. Сўнгги йилларда том маънода фаҳшият ва зўравонликни тарғиб этувчи ўнлаб порнаграфик асарлар, юзлаб кинофильмлар, сериаллар ўзбек тилига таржима қилиниб истеъмолга киритилди. Маънавий вайроналик келтириб чиқарадиган бу асарлар зарари, кўлами жиҳатдан атом бомбасидан қолишмайди. Аммо бу ҳолат учун ҳозирча ҳеч кимнинг қора кўйлак кийгиси йўқ.
Қодир ака, мана сиз ҳам ижодий фаолиятингиз давомида юзлаб асарларни таржима қилгансиз. Сизда шу пайтгача бирор асарнинг таржимаси юзасидан афсусланиш бўлганми?

– Мен таржимонлик фаолиятимнинг дастлабки 10-15 йили давомида қўлимга топширилган ҳар қандай бадиий асар ё бадиий фильмни, асосан, қалам ҳақи ишлаб топиш мақсадида таржима қилаверганман. Фақат кейинчалик, ёшим анча ўтиб қолганда, уйимдаги шкафимда терилиб турган 30 дан ортиқ таржималаримга кўз югуртирар эканман, уларнинг анча-мунчасини таржима қилишга кетган вақтимга ачинганман, афсусланган пайтларим бўлган.
Тўғри, улар ҳам китобхонга ёқадиган яхши асарлар, ҳаммаси катта-катта ададда босилиб сотилиб кетган. Бироқ ўкинчим шуки, модомики, мен таржимон сифатида камолга етар эканман, ижодимни, масалан, В.Ҳугонинг “Хўрланганлар”, Ф.Рабленинг “Гаргантюа ва Пантагрюэл”, Ф.Достоевскийнинг “Ака-ука Карамазовлар”, Сервантеснинг “Дон Кихот” асарларини таржима қилишга бағишласам бўлмасмиди, деб ўйлайман. Ана шу армонларим мени яна антик дунё юнон адабиётидан Ҳомернинг “Одиссея” достонини таржима қилишга даъват этди. Юнонистоннинг антик даври тарихини мен “Илиада”ни таржима қилганимда яхши ўрганган эдим. “Одиссея” эса “Илиада”нинг давоми. Адабиётимизнинг барча мухлисларига аёнки, “Одиссея”ни устозим Миртемир домла таржима қилишга киришган эдилар. Афсуски, шафқатсиз ўлим ул зотни бевақт орамиздан олиб кетди. Домла достоннинг фақат биринчи қўшиғини таржима қилишга улгурган эканлар. Мен устозимнинг руҳларини шояд шод этсам, деган умид билан 1999 йилда “Одиссея”ни таржима қилишга киришдим ва 10 йилдан сўнг 2008 йилда таржимани тугатдим. Ҳозир достон қўлёзмаси Ғафур Ғулом номидаги нашриётда чоп этилиш арафасида.

Бу – Сизнинг саволингизга жавобим эмас, балки ўз дардим. Энди жавобимни ўқинг: менинг бир таржимам нафақат ўзимга, ҳатто китобхонларга, таржимачилик бўйича шуғулланувчи олимларимизга ҳам ёқмаган. Гап, Темир Пўлатнинг “Душан қайсарнинг бошидан кечирганлари” романи ҳақида боряпти. Бу асарнинг таржимаси “юқоридан тушган” кўрсатма бўйича менга топширилган эди. У пайтлар кўрсатмага итоат этмай бўлмасди.
Романни ўқиб чиқиб ҳафсалам пир бўлди. Нафақага чиққан, ишламаётган пайтларим эди. Дўрмондаги ёзувчиларнинг ижод уйига бориб таржима қилишга киришдим. Асардаги ўзбек урф-одатларини нотўғри таърифловчи жумлаларни тузатдим, ўхшовсиз жойларни ўчириб, аниқлик киритдим. Қарангки, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Темур Пўлат ҳатто ҳижрий йил санаси билан милодий йил санасини бир-биридан фарқ қилолмас экан. У асарида: “Каждый год в сентебре приходит месяц Рамазан», деб ёзибди. Хуллас, китоб босилиб чиқди, мен қалам ҳақини олдим. Аммо бу ишимдан кўнглим ғаш бўлиб қолди. Хулосам шуки, саёз асарни ҳатто таржима қилиб ҳам яхшилаб бўлмас экан.

– Ўзбек адабиётидаги дастлабки таржималар рус тили орқали амалга оширилди. Ва бу уринишлар кейинчалик ўзига хос таржимачилик мактабларининг пайдо бўлишига асос бўлди. Айтиш мумкинки, бугунги ўзбек адабиёти жаҳон адабиёти дурдоналари билан бевосита танишиш жараёни жуда кўп босқичларни босиб ўтди. Айтинг-чи, ўзбек адабиётидаги бугунги таржимачилик жараёнини қандай баҳолаш мумкин?

– Бугунги кундаги таржимачилик жараёнини мамнуният билан яхши деб баҳолайман. Таржимачилик фаолиятининг ривожи шу даражага етганки, бугунги кунда биз чет эллар адабиёти намуналарини бевосита аслиятдан ўзбек тилига, шу билан бирга, ўзбек адибларининг асарларини хорижий тилларга таржима қила бошладик. Мана шундай салоҳиятга эга ёш таржимонларимиз пайдо бўлмоқда. Тўғри, бу ҳали муқаддима, дастлабки қадамлар. Лекин теран истеъдод соҳиблари бўлмиш бу ижодкор ёшларни ҳали олдинда буюк ишлар – жаҳон адабиётининг дурдона асарлари кутмоқда. Аминманки, ўзбек таржимачилигининг истиқболи порлоқ бўлгай.

– Бугунги ёш таржимонларга устоз сифатида нималарни тавсия қилган бўлардингиз?

– Таржимон ёшларимизга менинг таклифларим:
а) Ҳаётни ўрганинг, ҳар бир ҳаётий урф-одатларни ифодалашда муносиб ибора ишлатишга ҳаракат қилинг.
б) Ҳар қандай таржимон ўз тилини пухта билмоғи керак. Бунинг учун эса кўп китоб ўқиши, изоҳли луғатларни мудом кўздан кечириб туриши керак.
в) Ҳеч қачон китоб мутолаасини канда қилманг, шу билан бирга Абдулла Қаҳҳор, Мирзакалон Исмоилий, Миркарим Осим, Ваҳоб Рўзиматов, Холида Аҳророва, Озод Шарафиддинов каби устоз таржимонларнинг таржималарини ўқиб, улар ишлатган нозик, диққатга сазовор ибораларни аслиятга солиштиринг ва шу йўл билан бу устозлар амалиётидан собиқ олинг.
Худога шукр, мана бугунги кунда республикамизда ажнабий тиллардан ўзбек тилига бевосита таржима қила оладиган салоҳиятли ёшларимиз адабиётимиз даргоҳига кириб келишмоқда. Бу таржимонлар бирор асарни ўзбек тилига таржима қилишга чоғланишар экан, бир-бирига зид бўлган иккита адабий усулга рўпара келадилар.

Биринчи усул: хорижий тилдаги классик адабиёт намунасини ўзбек тилига ўгира бошлаган таржимон учун бир қулайлик бор. Яъни, у бу асарнинг рус тилидаги таржимасидан таглама (подстрочник) таржима сифатида фойдаланиши мумкин. Шунда таржимоннинг иши анча енгиллашади. Аммо бу енгилликнинг салбий томони ҳам бор. Гап шундаки, бир пайтлар мен Жек Лондоннинг “Мартин Иден” романини таржима қилган эдим. Китоб 1968 йилда нашр этилди. Шунда “Таржима санъати” номи билан нашр этила бошлаган мақолалар тўпламининг бирида ўзбекча “Мартин Иден”ни инглизча аслиятига солиштирган бир мақола босилди. Мақола муаллифининг ёзишича, таржима матнларида аслиятга ўхшамаган жумлалар бормиш. Бинобарин, “шўрванинг шўрваси” бадҳазм бўлиши мумкин.
Ўз фикримни ёшларга пухтароқ таъкидлаш учун яна бир мисол келтирмоқчиман. “Одиссея”ни Пушкиннинг замондоши шоир В.Жуковский немис тилидан таржима қилган. ХХ аср ўрталарида эса шоир В.Вересаев бу достонни юнон тилидан таржима қиларкан, у Жуковский йўл қўйган баъзи бир хатоларни тузатиб, асар охирида бу тузатувларга изоҳ берган.
Айтмоқчиманки, ажнабий тилдаги асарни таржима қилмоқчи бўлсангиз, иккинчи усулдан, яъни бевосита аслиятнинг ўзидан фойдаланинг.

– Қодир ака, журналхонларимиз номидан қимматли маслаҳатларингиз ва мулоҳазаларингиз учун миннатдорчилик билдирамиз.

Manba: «Yoshlik» jurnali — 2011 yil, 10-son

хдк

(Tashriflar: umumiy 380, bugungi 1)

1 izoh

  1. Men Qodir aka Mirmuhamedov tarjimalarini sevib mutoala qilaman.Hozirgi vaqtda esa Aleksandr Dyumaning ‘ASKANIO’ romanini zòr qiziqish bilan òqiyapman.

Izoh qoldiring