Naim Karimov. Mavlono Oybekka gulchambar.

1345

Биз, бир кам дунёнинг фарзандлари, баъзан иккита қўшиқ айтган ёки тўртта шеъри босилиб чиққан кишиларни кўкларга кўтариб, улар соясига таъзим қилиб юрамиз ва бундан ўзимиз ҳам мунаввар бўлгандек роҳатланиб кетамиз. Ҳолбуки, бу дунёдаги жуда кўп нарсалар ўткинчи: кишилар ҳам, воқеалар ҳам, амаллар ҳам, орзу-армонлар ҳам, дарду аламлару изтироблар ҳам… Аммо шу ўткинчи дунёнинг гўзаллиги шундаки, у ўз бағрида Сония билан бирга Абадиятни ҳам олиб юради.

887

Наим Каримов
МАВЛОНО ОЙБЕККА ГУЛЧАМБАР

Инсон руҳий оламидаги энг гўзал фазилатлардан бири, балки биринчиси тиниқ ва ёлқин туйғуларнинг жавлон уриб туришидир. Илк баҳор кунлари майсаларнинг қор гиламлари тагидан яшил кўзлари билан мўралай бошлашини, кўкдаги оппоқ булутларнинг бирдан тундлашиб, ерга эриган дур шодаларини сочишини ёхуд ҳали нимжон қадларини кўтаролмаган ниҳол навдаларидан гул баргчаларнинг кулиб туришини кўрган ва табиатнинг бу илоҳий манзараларидан туйғулари балқиб жўш урмаган қалбни қалб деб бўладими?!.. Камина ўзбек халқининг буюк адиби Мусо Тошмуҳаммад ўғли Ойбек ҳузурига илк бор борганимда, баҳор ҳаммаёқни ўзининг ям-яшил ранглари билан бўяб улгурган, қиш қиличи қайрилиб, баҳорнинг латиф нафаси эса бошлаган сурурли кезлар эди. Аммо адиб, кутилмаганда, «ўт йўқ, ўт йўқ!» деб қолди. Мен унинг сўзларини эшитиб, тонг қолдим ва адиб кўнглининг бир чеккаси хира эканлигини сездим. Қутлуғ хонадондан чиқиб кетар эканман, дов-дарахтлар баргларнинг яшил булути билан қуршалганига қарамай, йўл чеккаларидан сизга яшил кўзлари билан қараб турадиган майсаларни, хаста адиб ифодаси билан айтганда, ўтларни кўрмадим. Шунда баҳор келишининг биринчи белгиси дарахтларнинг барг ёзиши эмас, балки майсаларнинг яшил қўллари билан ерни тешиб чиқиши эканлигини сездим… Тақдир мени улуғ адиб билан кейин ҳам бир неча бор кўришиш шарафига муяссар этган. Аммо мен У ҳақида ўйлар эканман, нима учундир ўша хотира кўнглим денгизидан юзиб чиқаверади. Камина Миртемир, Миркарим Осим сингари дарёдил адибларнинг устоз Ойбек номини тилга олганларида, улар чеҳрасида ўзгача ҳурмат ва эъзоз нурлари товланиб кетганига кўп бор шоҳид бўлганман. Улар учун Ойбек буюк шоир ва адиб бўлишидан ташқари, авлиё ҳам эди. Мен устоз Ойбек ҳақидаги замондошларининг ва, аввало, Уни ҳаммадан ҳам яхши билган рафиқаси Зарифахонимнинг хотираларини ўқиб, адиб асарлари қатига сингиб кетган теран фикрлари, булоқ суви янглиғ мусаффо ҳис-туйғуларини кўриб, Унинг, чиндан ҳам, халқимизнинг ХХ асрдаги авлиёларидан бири бўлганига астойдил ишонаман.
Биз, бир кам дунёнинг фарзандлари, баъзан иккита қўшиқ айтган ёки тўртта шеъри босилиб чиққан кишиларни кўкларга кўтариб, улар соясига таъзим қилиб юрамиз ва бундан ўзимиз ҳам мунаввар бўлгандек роҳатланиб кетамиз. Ҳолбуки, бу дунёдаги жуда кўп нарсалар ўткинчи: кишилар ҳам, воқеалар ҳам, амаллар ҳам, орзу-армонлар ҳам, дарду аламлару изтироблар ҳам… Аммо шу ўткинчи дунёнинг гўзаллиги шундаки, у ўз бағрида Сония билан бирга Абадиятни ҳам олиб юради. Шундай кишилар бўладики, уларнинг борлиги сизнинг ҳаётингизни, бутун бир халқнинг ҳаётини безайди. Улар умрнинг, ёру дўстларнинг, ҳатто замоннинг бевафолигига қарамай, бутун умрлари давомида ҳатто баҳор майсасининг кечикаётганидан ҳам куюниб, халқ дарди билан яшаб, халқ дардига малҳам бўлиб яшайдилар.
Устоз Ойбек шундай унутилмас кишилардан, халқнинг ор-номуси ва виждони бўлган зотлардан бири эди. Қўлингиздаги жажжи мажмуадан ўрин олган шеърларнинг бир қисми Ойбек ҳаётлик пайтида ёзилган бўлса, қолган аксар қисми У абадиёт оламига кетганидан сўнг муаллифларнинг аламнок қалбларидан кўз ёшларига қоришиб тўкилган. Бу шеърларнинг ҳар икки қисмида ҳам муаллифларнинг улуғ адибга бўлган беадад ҳурмат ва муҳаббат туйғулари чарақлаб туради. Улуғ инсон ва улуғ адибнинг вафоти нафақат адабиёт аҳли, балки уни дил-дилидан севган ва унга катта эътиқод қўйган илм аҳлининг ҳам, ҳатто минглаб оддий кишиларнинг ҳам қалбини ларзага келтирган эди. Шу боис улар-да ўз дилларини ўртаган туйғуларини шеъриятнинг халқона оҳангларида ифодалашга интилганлар. Қўлингиздаги жажжи мажмуадан жой олган шеър ва достонлар қандай бадиий қимматга эга бўлмасин, улар муҳим бир жиҳати билан эътиборга сазовор: ўйлаймизки, муаллифларнинг улуғ инсон ва улуғ адиб Ойбекка ва унинг хотирасига бўлган самимий муносабатларида ўзбек халқининг ҳурмат ва муҳаббати ўз тажассумини топган.
Ҳали мавлоно Ойбек ҳақида кўплаб адабиёт ва санъат асарлари яратилади. Бу асарларда Унинг шоир, адиб ва инсон сифатидаги улуғлиги ҳам, баҳор майсаси кечикканидан озор чекадиган қалбинингжароҳатлари ҳамўз ифодасини топади. Энг муҳими, шундай асарлар туфайли ҳам Унинг порлоқ номи, ўлмас асарлари узоқ даврлар мобайнида халқ хотирасида яшайди.

(Tashriflar: umumiy 180, bugungi 1)

Izoh qoldiring