Rahimberdi Mamayusupov. She’rlar

097    Раҳимберди Мамаюсупов  1983 йилнинг 27 сентябрида Фарғона вилоятининг Бағдод туманидаги Қаҳат қишлоғида туғилган. 2000 йилда ўрта мактабни, 2005 йили Жаҳон Иқтисодиёти ва Дипломатия Университетини имтиёзли диплом билан тамомлаган. Ёш шоир  ўзи ҳақида: «Адабиётга болаликдан ихлосим баланд бўлган,бунинг сабаби оилавий муҳит бўлса ажабмас. Уйимизда, дадамнинг шахсий кутубхонасидакитобларнинг аксариятини бир неча бор ўқиб чиққандим. Ўша пайтларданоқ шеърий машқлар қилиб турардим» деб  ёзаркан, таъкидлайди: «Лекин ёзганларимдан ҳеч қачон, то бугунги кунгача ўзимнинг кўнглим тўлган эмас…»
Маълум маънода  Раҳимберди ҳақ. Унинг шеърларида ҳали таҳрирга муҳтож сатрлар, қофиялар, тимсоллар,  сатрлар мавжуд. Аммо, унинг  шеърларида, энг муҳими, дард бор. Ана шу дардни ҳаёт шодликларига ҳамроз этишга қанчалик интилса, шеърни бир ёзишда ташлаб қўймасдан, уни таҳрир этиш билан мукаммаллаштирса, ишончим комилки, шеърлари қўувчига маъқул бўлиб бораверади. Буни ўз тажрибамдан яхши биламан. Мен ҳам ёшликда аксарият шеърни бир ёзишда қоғозга туширгач, уни таҳрир билан маромига етказишни кам ўйлаганман. Ҳолбуки, ижод  нозик ва мураккаб жараён. Илҳом пайтида алангаланиб ёнган шоир эртаси куни  совуқ муҳаррирга айланиши керак. Мен Раҳимбердига ана шу жараёнга ўта юксак масъулият билан эътибор беришини тилаб қоламан.

Хуршид Даврон

077
Раҳимберди Мамаюсупов
ШЕЪРЛАР
045

КУЗ

Ранглари заъфарон эски қадрдон,
Келдингми ҳолимдан олгани хабар?
Кеча эшик қоқди тўнғичинг – мезон,
Сен юрганда олис қирда дарбадар.

07

Гувиллаган шамоллар бетин
Тўзғитиб учирар хаёлларимни.
Тунда ёққан ёмғир ўчирар секин
Дилим ойнасидан саволларимни.

Лекин битта савол ўчмайди мангу:
Бунчалар маъсума, гўзал бу чеҳранг?
Сенда табиатнинг энг маъюс ранги,
Ҳазон доянгмикан, ёмғир энаганг?

Ҳар сафар қаршингга чиқаман мамнун,
Ўзинг бўлакчасан ҳаммасидан ҳам.
Сенда кўргандайман ўзимни бугун,
Сенга ҳам ошнодек қайғу, ғам-алам.

Яхшиям келганинг, соҳир сирдошим,
Юракда борини сенга бўшатдим.
Сенинг ийманишли, маъюс қарашинг
Қишлоқ четидаги ёғоч эшикдан мўралаб турган
Сепкилли, рангпар … исмли қизга ўхшатдим!

 

***

Шундай дил бергинки…
Бир дунё туйғуни сиғдира олсин ўзига,
Токи дунёга жой қолмасин унда.
Бир тола нур топа олсин ўзига,
Иблис зуғумидек тим қаро тунда.

Шундай юз бергинки…
Очилсин нафис ғунчадек,
Бир ғариб кўнгилни учратиб қолса.
Яшириб кўздаги ёшини,
Қаҳ-қаҳ отиб кулсин, дилдан, қониб кулсин у!
(Қанийди ўшандек кулолса!)

Шундай сўз бергинки…
Тилим ёниб кетсин,
Патирлаб-патирлаб учиб чиқар бўлса у…
Ҳамма мудроқ, уйқучан диллар уйғониб кетсин,
Оҳиста кифтидан қучар бўлса у!

Шундай умр бергин…
Токи…бошқача яшашга қолмасин ҳожат,
(Башарти қайтадан туғилар бўлсам).
Кўзларимда қотиб қолсин қатра ҳаловат,
Кун келиб паймонам тўлсаю, … ўлсам.

***

Дейсан “осмондаги ойни олиб бер!”
Шу ҳам шарт бўптими, шу ҳам имтиҳон!?
Жилмайсам, кафтимга қўнар она ер,
Хўмрайсам, пойимга тиз чўкар осмон.

Шу ҳам иш бўптими йигит бошимга!?
Юзта ой бўлса ҳам, айлансин сендан!
Келтириб қўйгайман зумда қошингга,
Аммо, айт, шу “матоҳ” керакми чиндан?

Яхшиси, кел, гулга буркай оламни,
Ахир чаманларда барқ урар туйғу!
Бошга урасанми бу ғариб шамни?
Тунингни менчалик ёритмайди у!

Бошга болиш қилиб бўлмаса уни,
Қанддек эримаса, чойга солганда,
Гулим, келиб-келиб сўрдингми шуни,
Мен ошиқнинг куни сенга қолганда?

Билмайсан-да, жоним, кўк етти қават,
Барча қаватидан ўтган жойим бор.
Рашкинг келарми, деб қўрқаман фақат,
Ойнинг ёноғида ўпган жойим бор…

ОҚ ФОТИҲА

Кеча субҳидамда туғилган шеърим,
Қўй, юксак минбарни қилмагин ҳавас!
Тилагим — бир мазлум, кўнгли ўксикнинг
Кўздаги ёшини артиб қўйсанг бас!

Сизнинг манзилингиз саройлар эмас,
Ғамхонаю ғарибхоналар сизга.
Оқбилак, нозанин, юзи ойлармас,
Шўрлик, бахти қаро оналар сизга.

Сиздан баҳра олсин, гулдек яшнасин,
Барча дарди бутун, кўнгли яримлар.
Меҳрибон қўл бўлиб силангиз бошин,
Кўнгилларда эссин хушбўй насимлар.

Дилбандин йўқотган онага боринг,
Айтмасин марсия, айтсин яллалар.
Беланчак осилган хонага боринг,
Янгрангиз тилидан бўлиб аллалар!

Орзу чечаклари қийғос очилсин,
Бокира қизларнинг қалб гулшанида.
Бахти очилмаган ҳур қизлар учун
Тўйлар қилиб беринг дил айвонида.

Ашъорим, йўқлангиз тирноққа зорни,
Дилидан дард-алам, андуҳлар кетсин.
Пичирласин лаби, енгиб ғуборни:
Менга ҳам шундайин ўғиллар берсин!

Дунёни тўлдиринг шодон алёрга,
Дилларда қолмасин гина-кудурат.
Таскин бўлолсангиз битта ночорга,
Пойингизга чўкиб айтаман раҳмат!

ЙЎҚОТИШ

Ёдингдами ҳув, ойдин тонглар
Кутганимиз анҳор бўйида?
Қуёш уриб чиқарди бонглар,
Тун малаги ойнинг кўйида.

Қумлоқ йўллар, пахсали девор
― Муҳаббатнинг чин шоҳидлари.
Дунё ғофил, биз эдик бедор —
Соҳир туннинг чин ошиқлари.

Туну тонглар анҳор бўйида
Ўтар эди беташвиш, сокин.
Бу дунёнинг фикру ўйида
Минг хил қутқу бор эди, лекин.

Ҳаёт бизни отди бешафқат,
Анҳори йўқ тунларга томон.
Қумлоқ йўллар йўқолди, фақат
Йўллар келди сип-силлиқ, равон…

Бугун яна бордим анҳорга,
Ўша йўллар, ўша деворлар.
Бўй бермапти улар заволга,
Ўтиб неча кузу баҳорлар.

Лекин бир ғам куйдирди дилни,
Оҳ, ненидир топмадим бунда…
Тимирскилаб мен қумлоқ йўлни
Девонавор изғидим тунда…

Ногоҳ шу пайт бир шуур, бир сир
Ярақ этиб очди кўзимни.
Мен англадим, мисоли басир
Қидиргандим бунда ўзимни!

Мен йўқ эдим! Бутун гўшани
Ағдар-тўнтар, пойдарпой этдим!
Тополмадим ўша телбани,
То тонггача ўзимни кутдим!

Лайлим, бир кун бу гўша аро
Келганингда беун ва маҳзун
Кўз ўнгингда бўлади пайдо
Мен қидириб топмаган Мажнун!

***

Сен ― самовий малак, илоҳий хилқат,
Мен ерлик ғарибга йўл бўлсин висол.
Сенга рўёлар ҳам тополмас журъат,
Ороминг бузишга ботинмас хаёл…

Илинж йўқ васлингдан, ҳеч даъвоим йўқ,
Ҳижрон саҳросидан хунбор ўтаман.
Нетай, жондан ўзга ҳеч вақоим йўқ,
Кунда бир парчасин сенга тутаман.

Сенга дунёларни қилолмам тортиқ,
Бисотим ночорлик ҳукмида қолган.
Олақол жонимни ― дунёдан ортиқ!
(Менсиз бу жаҳоннинг борлиги ёлғон).

Гоҳо васлинг истаб кўкларга учдим,
Бутун коинотла тутундим дилдош.
Заминга тушсам гоҳ, сени деб тушдим,
Сенсиз самолар тор… ва бетафт қуёш.

Кун келар, шафақдан бир ранг қарз олиб,
Исминг осмонларга ёзиб қўяман…
Кейин… битта нурин бўйнимга солиб,
Ўзимни ҳилолга осиб қўяман!

***

Димоғим осмонда эди бир вақтлар,
Кўклардан ерларга келмасди тушгим.
Ўзимга бинолар қўйсам ҳар сафар,
Олқишлаб қўярдинг, қадрдон дўстим.

Нигоҳимни тўсган пардалар
Қуюқлашиб борди тобора…
Бу кўз сўқир бўлиб қолгунга қадар,
Парда ташиш билан бўлдинг овора.

Ҳар бир қарсагингдан минг газ юксалдим,
Мақтовларинг мойдек ёқиб қулоққа.
Кўкнинг нақ томига бориб етгандим,
“Пақ” этиб ёрилиб, тушганда чоҳга.

Дарҳол бошгинамга келдинг сен етиб,
Забонинг бир қарич, қўлларинг бигиз.
“Қўлингни бер, дўстим, турволай” дедим,
Дединг: “Киборларни танимаймиз биз!”

Оёққа қалқидим, оғриқлар кетди,
Ҳаётдан сабоқ ҳам олгдим, англадим.
Жисмимда бор яра, жароҳат битди,
Аслига қайтди бор кетган рангларим…

Яқинда кўрдим: бир адашган одам
Тепага ўрларди узилиб ердан.
Ногоҳ қуйироқда кўрдим сени ҳам,
Олқишлаб турардинг қарсагинг билан.

ЎКИНЧ

“Тур, турақол,
Уйғонгин, болам!”
Ялинчоқ чорловга тўлар тор хона…
… Эҳ, кошки билсайди
Ахир, шу он, шу лаҳза…
Билолсайди, қанчалар сеҳрли, мунаввар тушни
Ҳуркитиб қўйганин муштипар она!

Билса эди, қани!
Айни дам
Рўёлар бағридан
Юлқиб олгани,
Баҳайбат эшикдан
Бахти кулмасдан
Қайтган бечора,
Шўрлик дилбанди
Бугун…
Ҳа, бугун ―
Шу ойдин тонгда
Ўша остонага куёв бўлганди!

Нотавон кўнгилда армонлар ғужғон…
Бемажол сабрни қуртдек кемирар…
Иложсиз айтмоқлик минг битта ёлғон..
Умидлар етимдек бўзлаган маҳал.
Лекин битта ўкинч дилга айни дам
Ниш суқар чуқурроқ ҳаммасидан ҳам:
Бу ғариб кўнгилга, бу ожиз дилга…
Дунёда тушларни қолган жойидан
Кўролмаслик қиларди алам!

***

Ногоҳ шеърим фарёд кўтариб қолди:
“Хиёнатнинг сездим ҳидини!”…
Бирдан чўкиб қолди, мунғайиб қолди,
Лаҳзада совуқ тер босди юзини.

“Сенга ишонгандим” деди мўлтираб,
“Барча дарду ғаминг олгандим, ахир!
Сенга умр бўйи яхшилик тилаб,
Куракда ханжаринг ҳис қилдим охир!”

“Оҳ, лойимни қординг пуч туйғуларга,
Томир-томиримга сингиди оғу,
“Ҳавас қиламан” — деб “ҳур оҳуларга…”
Оёқ-қўлларимга тушов урдинг-ку!”

Жоним ҳалқумимга келгандек бўлди,
Кўзим ерга тикдим, беролмадим дош!
Юракка надомат, хўрсиниқ тўлди,
Қароқдан силқиди шаффоф томчи ёш…

Бир томчи ёш ювди шеърим вужудин,
Барча ёлғонларим тутдек тўкилди.
Даливор тўлғониб кетди-ку шеърим!
Ва йиғлаб юборди… ҳўнграб ўкирди!

… Ниҳоят дилда ғам тарқади тундай,
Шеърим тонг нуридан айланди қушга.
Ажаб, ўша гўзал, фараҳбахш кунда
Барча кўрганларим ўхшарди тушга.

Сўнг шеърим юракдан сирғалиб чиқиб,
Илоҳий орзулар бағрига чўмди…
Учаркан минг турфа дилга йўлиқиб,
Охири қуёшнинг юзига қўнди…

Қуёшнинг бағрига ўт тушди, эвоҳ!
Ёнди дил ўтидан урганича тоб,
Орадан бир лаҳза ўтиб-ўтмаёқ…
Шеърим оташида кул бўлди офтоб!

КЕЧИКИШ

Меҳр йиғлаб келди, зорланиб келди
Жонин ёқиб отди самовотларга,

Бағри қон ўтинди: “қайта қол энди!”
Мен-чи, йўллар солдим аросатларга.

Худком кўчаларда мудроқ изғидим
Алданиб шайтоний синоатларга,

Кўнгилдан бир эзгу ўйни қизғандим
Жой бериб меҳробдан залолатларга.

Ўзимдан қочдиму унсиз, орланиб
Кўксим босиб ётдим ҳаловатларга…

Бир бор юкунмадим, минг бор чоғланиб
Бешигим тебратган пари зотларга.

Кибрлар ин қурди телба руҳимга
Сўқирдек сиғиндим хаёлотларга,

Талпиндим самовий орзиқиш ила
Тоатмас, минг турлик хурофотларга.

Таассуф чулғади онгим, шуурим
Чўян тил чоғланди тиловатларга,

Афсус, поёнига етганда умрим
Юз бурди руҳият шафоатларга.

Дардла аҳд бойлашиб, эргашиб нурга
Отландим қалб ичра саёҳатларга,

Ваҳ, ойдин иқрорлар келдию тилга
Жон бердим … кун қолди қиёматларга.

ОНА

Чиройли юзингга ажинлар солдим,
Эгик бошинг тўлди оппоқ сочларга.
Бир ҳовуч қайғуга бахтингни олдим,
Кулгинг айирбошлаб ғамга, ёшларга.

Ҳузур-ҳаловатинг олдиму, ундан
Орзуларим томон ясадим кўприк,
Бир бор эсламадим яхши кунимда,
Ёмон кунимда-чи, дардимга шерик…

“Яхши болам” дединг, бўлсамда ёмон,
Мени силаб-сийпаб, ўзингни туртиб.
Оқ йўллар тиладинг орзулар томон,
Берган озорларим кўзингга суртиб.

Ҳар лаҳза надомат йўлимни пойлар,
Бўғсамми ўзимни?! Етмас қўлларим!
Ажинлар — кўз ёшинг оқувчи сойлар,
Оппоқ соч — пуч орзу сари йўлларим!

Ислари райҳоним, юзлари ойим,
Сароб орзуларим аъломи сендан?
Сендан домангирман, ҳафаман доим,
Сен қачон ранжийсан, онажон, мендан?

Онажон, кел бугун, бағримга босай,
Дилдан ҳайдаб солай ҳамма ғурбатни!
Мадад бер, куч бергин — пойингга отай
Бир этак ҳаловат, бир қучоқ бахтни!

ТЎРТЛИК

Асли, қисмат жабрию қоралиғи умримдир,
Юрагимнинг минг бўлак, поралиғи умримдир.
Жанозамнинг азонин айтмишлар таваллудда,
Азон билан намознинг оралиғи умримдир…

002

    Rahimberdi Mamayusupov 1983 yilning 27 sentyabrida Farg’ona viloyatining Bag’dod tumanidagi Qahat qishlog’ida tug’ilgan. 2000 yilda o’rta maktabni, 2005 yili Jahon Iqtisodiyoti va Diplomatiya Universitetini imtiyozli diplom bilan tamomlagan. Yosh shoir o’zi haqida: «Adabiyotga bolalikdan ixlosim baland bo’lgan,buning sababi oilaviy muhit bo’lsa ajabmas. Uyimizda, dadamning shaxsiy kutubxonasidakitoblarning aksariyatini bir necha bor o’qib chiqqandim. O’sha paytlardanoq she’riy mashqlar qilib turardim» deb yozarkan, ta’kidlaydi: «Lekin yozganlarimdan hech qachon, to bugungi kungacha o’zimning ko’nglim to’lgan emas…»
Ma’lum ma’noda Rahimberdi haq. Uning she’rlarida hali tahrirga muhtoj satrlar, qofiyalar, timsollar, satrlar mavjud. Ammo, uning she’rlarida, eng muhimi, dard bor. Ana shu dardni hayot shodliklariga hamroz etishga qanchalik intilsa, she’rni bir yozishda tashlab qo’ymasdan, uni tahrir etish bilan mukammallashtirsa, ishonchim komilki, she’rlari qo’uvchiga ma’qul bo’lib boraveradi. Buni o’z tajribamdan yaxshi bilaman. Men ham yoshlikda aksariyat she’rni bir yozishda qog’ozga tushirgach, uni tahrir bilan maromiga yetkazishni kam o’ylaganman. Holbuki, ijod nozik va murakkab jarayon. Ilhom paytida alangalanib yongan shoir ertasi kuni sovuq muharrirga aylanishi kerak. Men Rahimberdiga ana shu jarayonga o’ta yuksak mas’uliyat bilan e’tibor berishini tilab qolaman.

Xurshid Davron

077
Rahimberdi Mamayusupov
SHE’RLAR
045

KUZ

Ranglari za’faron eski qadrdon,
Keldingmi holimdan olgani xabar?
Kecha eshik qoqdi to’ng’iching – mezon,
Sen yurganda olis qirda darbadar.

034

Guvillagan shamollar betin
To’zg’itib uchirar xayollarimni.
Tunda yoqqan yomg’ir o’chirar sekin
Dilim oynasidan savollarimni.

Lekin bitta savol o’chmaydi mangu:
Bunchalar ma’suma, go’zal bu chehrang?
Senda tabiatning eng ma’yus rangi,
Hazon doyangmikan, yomg’ir enagang?

Har safar qarshingga chiqaman mamnun,
O’zing bo’lakchasan hammasidan ham.
Senda ko’rgandayman o’zimni bugun,
Senga ham oshnodek qayg’u, g’am-alam.

Yaxshiyam kelganing, sohir sirdoshim,
Yurakda borini senga bo’shatdim.
Sening iymanishli, ma’yus qarashing
Qishloq chetidagi yog’och eshikdan mo’ralab turgan
Sepkilli, rangpar … ismli qizga o’xshatdim!

 

***

Shunday dil berginki…
Bir dunyo tuyg’uni sig’dira olsin o’ziga,
Toki dunyoga joy qolmasin unda.
Bir tola nur topa olsin o’ziga,
Iblis zug’umidek tim qaro tunda.

Shunday yuz berginki…
Ochilsin nafis g’unchadek,
Bir g’arib ko’ngilni uchratib qolsa.
Yashirib ko’zdagi yoshini,
Qah-qah otib kulsin, dildan, qonib kulsin u!
(Qaniydi o’shandek kulolsa!)

Shunday so’z berginki…
Tilim yonib ketsin,
Patirlab-patirlab uchib chiqar bo’lsa u…
Hamma mudroq, uyquchan dillar uyg’onib ketsin,
Ohista kiftidan quchar bo’lsa u!

Shunday umr bergin…
Toki…boshqacha yashashga qolmasin hojat,
(Basharti qaytadan tug’ilar bo’lsam).
Ko’zlarimda qotib qolsin qatra halovat,
Kun kelib paymonam to’lsayu, … o’lsam.

***

Deysan “osmondagi oyni olib ber!”
Shu ham shart bo’ptimi, shu ham imtihon!?
Jilmaysam, kaftimga qo’nar ona yer,
Xo’mraysam, poyimga tiz cho’kar osmon.

Shu ham ish bo’ptimi yigit boshimga!?
Yuzta oy bo’lsa ham, aylansin sendan!
Keltirib qo’ygayman zumda qoshingga,
Ammo, ayt, shu “matoh” kerakmi chindan?

Yaxshisi, kel, gulga burkay olamni,
Axir chamanlarda barq urar tuyg’u!
Boshga urasanmi bu g’arib shamni?
Tuningni menchalik yoritmaydi u!

Boshga bolish qilib bo’lmasa uni,
Qanddek erimasa, choyga solganda,
Gulim, kelib-kelib so’rdingmi shuni,
Men oshiqning kuni senga qolganda?

Bilmaysan-da, jonim, ko’k yetti qavat,
Barcha qavatidan o’tgan joyim bor.
Rashking kelarmi, deb qo’rqaman faqat,
Oyning yonog’ida o’pgan joyim bor…

OQ FOTIHA

Kecha subhidamda tug’ilgan she’rim,
Qo’y, yuksak minbarni qilmagin havas!
Tilagim — bir mazlum, ko’ngli o’ksikning
Ko’zdagi yoshini artib qo’ysang bas!

Sizning manzilingiz saroylar emas,
G’amxonayu g’aribxonalar sizga.
Oqbilak, nozanin, yuzi oylarmas,
Sho’rlik, baxti qaro onalar sizga.

Sizdan bahra olsin, guldek yashnasin,
Barcha dardi butun, ko’ngli yarimlar.
Mehribon qo’l bo’lib silangiz boshin,
Ko’ngillarda essin xushbo’y nasimlar.

Dilbandin yo’qotgan onaga boring,
Aytmasin marsiya, aytsin yallalar.
Belanchak osilgan xonaga boring,
Yangrangiz tilidan bo’lib allalar!

Orzu chechaklari qiyg’os ochilsin,
Bokira qizlarning qalb gulshanida.
Baxti ochilmagan hur qizlar uchun
To’ylar qilib bering dil ayvonida.

Ash’orim, yo’qlangiz tirnoqqa zorni,
Dilidan dard-alam, anduhlar ketsin.
Pichirlasin labi, yengib g’uborni:
Menga ham shundayin o’g’illar bersin!

Dunyoni to’ldiring shodon alyorga,
Dillarda qolmasin gina-kudurat.
Taskin bo’lolsangiz bitta nochorga,
Poyingizga cho’kib aytaman rahmat!

YO’QOTISH

Yodingdami huv, oydin tonglar
Kutganimiz anhor bo’yida?
Quyosh urib chiqardi bonglar,
Tun malagi oyning ko’yida.

Qumloq yo’llar, paxsali devor
? Muhabbatning chin shohidlari.
Dunyo g’ofil, biz edik bedor —
Sohir tunning chin oshiqlari.

Tunu tonglar anhor bo’yida
O’tar edi betashvish, sokin.
Bu dunyoning fikru o’yida
Ming xil qutqu bor edi, lekin.

Hayot bizni otdi beshafqat,
Anhori yo’q tunlarga tomon.
Qumloq yo’llar yo’qoldi, faqat
Yo’llar keldi sip-silliq, ravon…

Bugun yana bordim anhorga,
O’sha yo’llar, o’sha devorlar.
Bo’y bermapti ular zavolga,
O’tib necha kuzu bahorlar.

Lekin bir g’am kuydirdi dilni,
Oh, nenidir topmadim bunda…
Timirskilab men qumloq yo’lni
Devonavor izg’idim tunda…

Nogoh shu payt bir shuur, bir sir
Yaraq etib ochdi ko’zimni.
Men angladim, misoli basir
Qidirgandim bunda o’zimni!

Men yo’q edim! Butun go’shani
Ag’dar-to’ntar, poydarpoy etdim!
Topolmadim o’sha telbani,
To tonggacha o’zimni kutdim!

Laylim, bir kun bu go’sha aro
Kelganingda beun va mahzun
Ko’z o’ngingda bo’ladi paydo
Men qidirib topmagan Majnun!

***

Sen ? samoviy malak, ilohiy xilqat,
Men yerlik g’aribga yo’l bo’lsin visol.
Senga ro’yolar ham topolmas jur’at,
Oroming buzishga botinmas xayol…

Ilinj yo’q vaslingdan, hech da’voim yo’q,
Hijron sahrosidan xunbor o’taman.
Netay, jondan o’zga hech vaqoim yo’q,
Kunda bir parchasin senga tutaman.

Senga dunyolarni qilolmam tortiq,
Bisotim nochorlik hukmida qolgan.
Olaqol jonimni ? dunyodan ortiq!
(Mensiz bu jahonning borligi yolg’on).

Goho vasling istab ko’klarga uchdim,
Butun koinotla tutundim dildosh.
Zaminga tushsam goh, seni deb tushdim,
Sensiz samolar tor… va betaft quyosh.

Kun kelar, shafaqdan bir rang qarz olib,
Isming osmonlarga yozib qo’yaman…
Keyin… bitta nurin bo’ynimga solib,
O’zimni hilolga osib qo’yaman!

***

Dimog’im osmonda edi bir vaqtlar,
Ko’klardan yerlarga kelmasdi tushgim.
O’zimga binolar qo’ysam har safar,
Olqishlab qo’yarding, qadrdon do’stim.

Nigohimni to’sgan pardalar
Quyuqlashib bordi tobora…
Bu ko’z so’qir bo’lib qolgunga qadar,
Parda tashish bilan bo’lding ovora.

Har bir qarsagingdan ming gaz yuksaldim,
Maqtovlaring moydek yoqib quloqqa.
Ko’kning naq tomiga borib yetgandim,
“Paq” etib yorilib, tushganda chohga.

Darhol boshginamga kelding sen yetib,
Zaboning bir qarich, qo’llaring bigiz.
“Qo’lingni ber, do’stim, turvolay” dedim,
Deding: “Kiborlarni tanimaymiz biz!”

Oyoqqa qalqidim, og’riqlar ketdi,
Hayotdan saboq ham olgdim, angladim.
Jismimda bor yara, jarohat bitdi,
Asliga qaytdi bor ketgan ranglarim…

Yaqinda ko’rdim: bir adashgan odam
Tepaga o’rlardi uzilib yerdan.
Nogoh quyiroqda ko’rdim seni ham,
Olqishlab turarding qarsaging bilan.

O’KINCH

“Tur, turaqol,
Uyg’ongin, bolam!”
Yalinchoq chorlovga to’lar tor xona…
… Eh, koshki bilsaydi
Axir, shu on, shu lahza…
Bilolsaydi, qanchalar sehrli, munavvar tushni
Hurkitib qo’yganin mushtipar ona!

Bilsa edi, qani!
Ayni dam
Ro’yolar bag’ridan
Yulqib olgani,
Bahaybat eshikdan
Baxti kulmasdan
Qaytgan bechora,
Sho’rlik dilbandi
Bugun…
Ha, bugun ?
Shu oydin tongda
O’sha ostonaga kuyov bo’lgandi!

Notavon ko’ngilda armonlar g’ujg’on…
Bemajol sabrni qurtdek kemirar…
Ilojsiz aytmoqlik ming bitta yolg’on..
Umidlar yetimdek bo’zlagan mahal.
Lekin bitta o’kinch dilga ayni dam
Nish suqar chuqurroq hammasidan ham:
Bu g’arib ko’ngilga, bu ojiz dilga…
Dunyoda tushlarni qolgan joyidan
Ko’rolmaslik qilardi alam!

***

Nogoh she’rim faryod ko’tarib qoldi:
“Xiyonatning sezdim hidini!”…
Birdan cho’kib qoldi, mung’ayib qoldi,
Lahzada sovuq ter bosdi yuzini.

“Senga ishongandim” dedi mo’ltirab,
“Barcha dardu g’aming olgandim, axir!
Senga umr bo’yi yaxshilik tilab,
Kurakda xanjaring his qildim oxir!”

“Oh, loyimni qording puch tuyg’ularga,
Tomir-tomirimga singidi og’u,
“Havas qilaman” — deb “hur ohularga…”
Oyoq-qo’llarimga tushov urding-ku!”

Jonim halqumimga kelgandek bo’ldi,
Ko’zim yerga tikdim, berolmadim dosh!
Yurakka nadomat, xo’rsiniq to’ldi,
Qaroqdan silqidi shaffof tomchi yosh…

Bir tomchi yosh yuvdi she’rim vujudin,
Barcha yolg’onlarim tutdek to’kildi.
Dalivor to’lg’onib ketdi-ku she’rim!
Va yig’lab yubordi… ho’ngrab o’kirdi!

… Nihoyat dilda g’am tarqadi tunday,
She’rim tong nuridan aylandi qushga.
Ajab, o’sha go’zal, farahbaxsh kunda
Barcha ko’rganlarim o’xshardi tushga.

So’ng she’rim yurakdan sirg’alib chiqib,
Ilohiy orzular bag’riga cho’mdi…
Ucharkan ming turfa dilga yo’liqib,
Oxiri quyoshning yuziga qo’ndi…

Quyoshning bag’riga o’t tushdi, evoh!
Yondi dil o’tidan urganicha tob,
Oradan bir lahza o’tib-o’tmayoq…
She’rim otashida kul bo’ldi oftob!

KECHIKISH

Mehr yig’lab keldi, zorlanib keldi
Jonin yoqib otdi samovotlarga,

Bag’ri qon o’tindi: “qayta qol endi!”
Men-chi, yo’llar soldim arosatlarga.

Xudkom ko’chalarda mudroq izg’idim
Aldanib shaytoniy sinoatlarga,

Ko’ngildan bir ezgu o’yni qizg’andim
Joy berib mehrobdan zalolatlarga.

O’zimdan qochdimu unsiz, orlanib
Ko’ksim bosib yotdim halovatlarga…

Bir bor yukunmadim, ming bor chog’lanib
Beshigim tebratgan pari zotlarga.

Kibrlar in qurdi telba ruhimga
So’qirdek sig’indim xayolotlarga,

Talpindim samoviy orziqish ila
Toatmas, ming turlik xurofotlarga.

Taassuf chulg’adi ongim, shuurim
Cho’yan til chog’landi tilovatlarga,

Afsus, poyoniga yetganda umrim
Yuz burdi ruhiyat shafoatlarga.

Dardla ahd boylashib, ergashib nurga
Otlandim qalb ichra sayohatlarga,

Vah, oydin iqrorlar keldiyu tilga
Jon berdim … kun qoldi qiyomatlarga.

ONA

Chiroyli yuzingga ajinlar soldim,
Egik boshing to’ldi oppoq sochlarga.
Bir hovuch qayg’uga baxtingni oldim,
Kulging ayirboshlab g’amga, yoshlarga.

Huzur-halovating oldimu, undan
Orzularim tomon yasadim ko’prik,
Bir bor eslamadim yaxshi kunimda,
Yomon kunimda-chi, dardimga sherik…

“Yaxshi bolam” deding, bo’lsamda yomon,
Meni silab-siypab, o’zingni turtib.
Oq yo’llar tilading orzular tomon,
Bergan ozorlarim ko’zingga surtib.

Har lahza nadomat yo’limni poylar,
Bo’g’sammi o’zimni?! Yetmas qo’llarim!
Ajinlar — ko’z yoshing oquvchi soylar,
Oppoq soch — puch orzu sari yo’llarim!

Islari rayhonim, yuzlari oyim,
Sarob orzularim a’lomi sendan?
Sendan domangirman, hafaman doim,
Sen qachon ranjiysan, onajon, mendan?

Onajon, kel bugun, bag’rimga bosay,
Dildan haydab solay hamma g’urbatni!
Madad ber, kuch bergin — poyingga otay
Bir etak halovat, bir quchoq baxtni!

TO’RTLIK

Asli, qismat jabriyu qoralig’i umrimdir,
Yuragimning ming bo’lak, poralig’i umrimdir.
Janozamning azonin aytmishlar tavalludda,
Azon bilan namozning oralig’i umrimdir…

002

(Tashriflar: umumiy 509, bugungi 1)

Izoh qoldiring