Nodir Normatov. Sabr daraxtida ochilgan gullar

057    “Ўлмасингиздан бурун ўлинг” деган машҳур ақидани рассом Файзулла Аҳмадалиев мактабда ўқиб юрганларидаёқ эшитган, бу ҳикматнинг у туғилиб ўсган Сайрам қишлоғидан чиққан буюк Ахмад Яссавийга тегишли эканлигини ҳам билган, аммо ўша замонларда бу гап мағзини чуқур тушуниб етмаган, ҳатто, бир қадар совуқ туюлган, ундан ажабланган, энсаси қотган. Бунинг устига, ўзбек адабиёти тарихида Яссавийнинг мистик, реакцион шоир ва илоҳиётчи сифатида талқин этилиши Файзуллага янада қўрқинчли туш каби таассурот қолдирар эди. Пайти келиб, ҳаётнинг мингбир хил чигалликлари ёш Файзулланинг бошига тушганида, бу иборанинг буюк қудратини ҳис қилди, сўфийлар ва қаландарлар ҳақида асарлар ярата бошлаган кезларида аста -секин унинг мағзини чақа бошлади. Унинг замирида ўлмасдан бурун ўлимни бўйинга олиш, у орқали фонийликни тушуниш, шу мақомда бу дунё ҳақиқатларини англаш, унинг ўлчовида яшаш ва ижод қилиш, ҳаёт машаққатларини енгиб ўтиш маъноси жойланган экан.

09
Нодир Норматов
САБР ДАРАХТИДА ОЧИЛГАН ГУЛЛАР
077

090  “Ўлмасингиздан бурун ўлинг” деган машҳур ақидани рассом Файзулла Аҳмадалиев мактабда ўқиб юрганларидаёқ эшитган, бу ҳикматнинг у туғилиб ўсган Сайрам қишлоғидан чиққан буюк Ахмад Яссавийга тегишли эканлигини ҳам билган, аммо ўша замонларда бу гап мағзини чуқур тушуниб етмаган, ҳатто, бир қадар совуқ туюлган, ундан ажабланган, энсаси қотган. Бунинг устига, ўзбек адабиёти тарихида Яссавийнинг мистик, реакцион шоир ва илоҳиётчи сифатида талқин этилиши Файзуллага янада қўрқинчли туш каби таассурот қолдирар эди. Пайти келиб, ҳаётнинг мингбир хил чигалликлари ёш Файзулланинг бошига тушганида, бу иборанинг буюк қудратини ҳис қилди, сўфийлар ва қаландарлар ҳақида асарлар ярата бошлаган кезларида аста -секин унинг мағзини чақа бошлади. Унинг замирида ўлмасдан бурун ўлимни бўйинга олиш, у орқали фонийликни тушуниш, шу мақомда бу дунё ҳақиқатларини англаш, унинг ўлчовида яшаш ва ижод қилиш, ҳаёт машаққатларини енгиб ўтиш маъноси жойланган экан. Йиллар ўтиб, пайғамбар ёшига етганда, ана шу ақидага билиб-билмай амал қилганлигини, машаққатларни шу аснода енгиб ўтганлигини, шу синовлар туфайли тақдир эшиклари очилганлигини тушуниб етди. Шукроналикда яшаб келаётган рассом энди умр бекатларида учрайдиган ҳаёт синовларидан чўчишга ботинмайди. Ҳар гал Аҳмад Яссавий, Жалолиддин Румий, Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий каби буюк сўфийлар битган китобларни ўқий бошласа, қалбида завқ, юрагида буюк бир муҳаббат ва таскин пайдо бўлади. Худди ана шу муҳаббат ва таскинлик асарларида тимсолларга айланади, унинг рангтасвирида яшаш моҳиятини, фалсафаси ва мақсадини намоён этишда сеҳрли калит бўлади. Муҳаббат ва таскинлик тимсоллари… Бу хазинада аждодларимиз яратиб қолдирган ижодий мерослар: қадимги обидалар, саройлар, равотлар, улар ичра яширинган ривоятлар, шакллар ва ранглар, ўтмиш шарпалари, кўҳна заминнинг ёруғлик ва зулмат ичидаги манзаралари, одамларнинг яшаш тарзлари, замонлар узра ҳукмрон Вақт ва Абадият манзиллари тасвирлари балқиб турибди. Бу мавзудаги асарларни англаш ва ҳис қилиш томошабинда сўфийлик йўли ва мақомлари каби турлича кечади. Рассом уларни ҳар ким ўзича талқин қила олиши учун имконият яратиб беради. Бу имконият мухлис кўнглини қитиқловчи эстетик завқ жозибасидир. Бу туйғунинг эврилишида муаллиф ўз асарларида шарқ матоларининг товланишларидан, кўҳна заминнинг бўз ва илиқ рангларидан, осмоннинг сирли кўринишларидан, инсон қоматининг майинлик йўғрилган турли шаклларидан усталик билан фойдаланади. У баъзи рассомлардаги каби фалсафий ғояларни картина ёки композицияларига очиқчасига тиқиштириб ташлаш йўлидан бормайди. Файзулла учун ўз асаридаги жозиба ва ранг шуълалари сизни хаёлотнинг минг бир оламига етаклаб кетиши муҳим. Бундай магик, сеҳрли чорловга асир бўлган томошабин аста- секин ўз кўнглининг дарвозаларини ана шу тариқа рангтасвир карвонларига кенг оча бошлайди.

Рассом баъзида томошабинга сўфизмга йўғрилган ўз асарларини шарқона гилам, сўзана, жойпўш, дастурхон, рўмол каби ҳошияланган шакл ичида тақдим этади. Халқ хотирасида мустаҳкам ўрин олган ва миллат хазинасига айланган, ўзбекнинг яшаш тарзига сингиб кетган бундай унсурлар азал- азалдан унинг ризқу рўзи, насибаси, тақдири ва қисмати, хаёлоти ва орзу армонлари тимсоллари бўлиб келган. Томошабин қалбига ана шу йўл билан киришга интилган рассом энди унга малол келтирмайдиган тарзда ўз фалсафасини тақдим этади. Рассом ижодидаги бундай содда шаклдаги сирлилик, хотира синиқларидаги олис лавҳалар ва манзаралар, улкан воқеликнинг кичрайтирилган шартли кўриниши кўндаланг кесимда, айни пайтда Туронзамин одамлари ва макон тасвирларининг вақт тарозисидан холи тарзда ифода этилиши ўтган асрнинг тўқсонинчи йилларида бошланган эди. Унгача рассом ижодида бирмунча эркинроқ тарзда кўринган реализмнинг анъанавий усуллари янги давр учун тамал тошини қўйди. Ҳар қандай қўрғонга кириш учун унинг сиртини билиш, кўриш ва ўрганишдан бошланади, яъни зоҳирий оламдан ботиний оламга йўл олиш ҳар кимда турлича содир бўлса-да, аммо мақсаду натижаси эса кўнгил ва руҳ мулкига саёҳатдан иборатдир. У яратган дунёвий тасвирлар ташқи олам ҳикматларини илғашга ва улар орқали руҳ мулкига киришга, мангу Ҳақиқат ва Яратганнни англашга бир дебоча бўлди десак, хато бўлмас. Дунёнинг мавжудлиги, ундаги янгиланишлар, баҳор чечаклари, қушлар сайраши Яратганнинг намоён бўлишидаги ўзига хос рамзлари бўлса, инсон гўзаллиги эса ундан таралган нур тажаллисидир. Дунё эса Яратганнинг ижоди сифатида намоёндир. Суфизм оҳанглари сингган ана шундай ғоялар Файзулланинг сўнгги йиллардаги асарларида етакчилик қилади.

Рассомнинг ўзи таъкидлашича, унинг реализмдан бошқа йўлга ўтиши ўтган асрнинг тўқсонинчи йилларида бошланган. Ўшанда Бутуниттифоқ Бадиий академиясининг Тошкентда ўқув устахонаси очилган, унга таниқли рассом Раҳим Аҳмедов бошчилик қиларди. “Бу устахонада ишлаганларнинг кўпчилиги бугунги кунда замонавий тасвирий санъатимизнинг етакчи рассомлари бўлиб етишди. Акмал Икромжонов, Собир Раҳметов, Раҳмон Шодиев, Бахтиёр Маҳкамов, Раҳим Ризомуҳамедов, Акмал Нур, Мухтор Эсанов, Ортиқали Қозоқов, Жамол Усмонов, Аблаким Турдиев…Бизга устахона бериб қўйилган, халтура ишларга берилмай яшашимиз, ижод қилишимиз учун озроқ бўлсада, маош билан таъминланган эдик,- деб эслайди рассом.- Бу устахонада ишлаб, бир- биримиздан ўрганар эдик. Биз бошқа йўл қидира бошладик. Ана шундай қилиб, менинг воқеликни, оламни тасвирлашда реализмдан ўзгача йўлдаги асарларим пайдо бўла бошлади. Энди мен ўзимнинг болалик ва ёшлик ҳаёт йўлимга бошқача бир назар ташлай бошладим.”

Рассом ўз ҳаёт йўлини нимтабассум, гоҳида маҳзун ва маъюс бир кайфиятда эслайди. Файзулла мактабни битиргач, театр ва рассомлик институтига киролмай, Германияга кетади. Ҳарбий хизматда безакчи рассом бўлиб хизмат қилади. У ерда Руслан Каратаев деган бир йигитдан акварелни, чизматасвирни ўрганади. Кези келганда, Дрезден галереясини бориб кўради. Булар унинг учун кўнгилли иш бўлсада, фалокат ҳам ёнма ён экан. Кунларнинг бирида газниқоб билан кимёвий синов машғулотида иштирок этиб, бир ҳафта ичида сочлари бутунлай тўкилиб қолди. Икки йилдан сўнг, армиядан уйга, Сайрамга қайтди. Тошкентга эса етти йилдан сўнг, минг бир даво туфайли сочи ўсиб чиққач, келди, яна Театр ва рассомлик институтига ҳужжат топширди. Ўшанда у йигирма етти ёшда эди. Унинг машқларини Тачат Оганесов ва Маннон Саидов кўриб, “Энди кеч. Ёшинг ўтиб қолибди. Қайтиб кетабер. Бошқа касбга ўқи” деб, ҳафсаласини пир қилишди. Паршин деган таниқли график, институт домласи уларга “Мана қаранглар, унинг аквареллари жуда яхши, менга беринглар, саноат графикаси бўлимида ўқийди” дейишганини ҳам ҳисобга олишмади. Паршин Файзуллага “Эртага келгин, барибир, бирор йўлини қилармиз” деб, уни юпатиб, чиқариб юборди. Эртаси эса Файзулла Паршинни институтда топа олмади. Шундай бўлса ҳам у Сайрамга қайтиб кетмади. Қанчалик қийин бўлмасин, Тошкентда қолиб, шу санъатга яқин бўлишни истади. Тайёрлов курсига ҳужжат топширди. У ерда ҳам хоҳловчилар кўп экан, қабул қилинадиган 10 киши ўрнига 100 таси имтиҳон киришди. Файзулла ҳам улар билан қўшилиб, ижодий ишлар ва белгиланган кўза натюрмортини чизиб, чиқиб кетди. Энди у бу ерга ҳам киришига кўзи етмай, ўша даврда машҳур бўлган Комсомол кўли боғига безакчи рассом бўлиб ишлайдиган дўстига ёрдамчи бўлиб, ишлаб юрди. Кунларнинг бирида институтда ишлайдиган Афуксиниди деган ўқитувчи “Сен нега институтга келмаяпсан, тайёрлов курсига қабул қилингансан-” деб қолди. Шундай қилиб, у тайёрлов курсида бир йил ўқиди, синовлардан ўтгач, имтиҳонларсиз институтга қабул қилинди. Тақдирнинг ўйинини қарангки, учинчи ва тўртинчи курсларда у ижодий танловдан ўтказмаган Маннон Саидов ва Тачат Оганесов қўлида таҳсил олди. Рассом биринчи курсда эндигина Ленинграддаги Репин номидаги бадиий институтни битириб келган Муҳаммад Нуриддиновдан олган сабоқларини Ковинин, Неъмат Қўзибоев берган дарслар билан мустаҳкамлашга интилганини мамнуният билан эслайди. Бу устозларнинг ҳар бири кўзга кўринган таниқли рассомлар эди, аммо уларнинг рангтасвирга, ҳаётга, дарс беришга муносабати ҳар хил эди. Бўлажак рассом ҳаёт ҳақиқатларининг минг бир зарраларини ижодий тасвирларида кўришни истади, институтни битиргач, кўп изланишлар қилди. Файзулланинг “Ҳақиқат томон йўл” асари ана шундан далолат беради. Рассом бу мулкка турлича айланишлар билан боришга уринган бўлса-да, аммо дарвиш дунёси ва йўли орқали киришга интилишлари катта мувафаққиятларга олиб келди.

Унинг Уч дарвиш” асаридаги тасвир соддагина: осмонда кезиб юрган ой, гардишидаги хира чизиқлар, ним ёруғликда қўним топиб ўтирган турли ҳолатдаги уч дарвиш. Мато юзасида манзаранинг томоша қилишга осон қилиниб, мослаштирилган кесимларда кўрамиз.Гарчи дарвешларнинг ташқи кўринишлари киши эътиборини тортсада, беихтиёр кўнгилда илиқ бир таскинлик берувчи оҳанг пайдо бўлаётганлигини сезамиз. Рассом икки олам ҳикматларини ўзида мужассам этишга интилган бу дарвишлар тасвирлари баробарида кўкни узлуксиз кезиб турадиган тўртинчи дарвиш- бедор Ой тимсолини бизга тақдим этади. Муаллиф дарвешлар ҳаётини фалсафий-поэтик рамзлар ва ташбеҳлар, мажозларга бой ечимларда тақдим этар экан, уларнинг эзгулик, илоҳий ишқ йўлидаги заҳматлари, таскинликка йўғрилган ҳаёт тарзларини мушоҳада қилишга чорлайди. Биз бундай лавҳаларни “Сув элтаётган дарвеш” (1990й.), “Ёлғиз карвон.” (1990й.), “Девор”. (Дарвешлар.2001 й.), “Дарвешнинг юраги” (2000 й.), “ Ухлаётган дарвеш” (2000 й.), “Уч дарвеш” ( 2004 й.), “Дарвешнинг туши” (2009 й.) каби қатор ишларида кўришимиз мумкин. Улардаги символик белгилар муаллифнинг бошқа кўпгина картиналарида мавжуд, аммо улар бир-бирларини такрорламайди, айни пайтда ортиқча адабий рамзлар ва Шарқ адабиёти ҳамда шеъриятидаги машҳур персонажлар тасвирларидан холи. Бундай асарларда кўпроқ олис хотира ёғдулари ва шарқона анъаналар асосида яратилган маконлар мажмуаси кўзга ташланиб туради. Улар модернга яқин йўналишда ишланган бўлсада, воқелик тасвири миллий эстетика чегарасидан чиқмайди. Муаллифнинг асосий йўналишини белгилаган мавзу ва образларда тасаввур ва таассурот сингиб кетади, улардаги бадиийлик ҳаёт ҳақиқатларидан узоқлашмайди, бу эса реал дунёни англашдаги анъанавий қарашларимизни ислоҳ қилишга ёрдам беради. Файзулла турлича нуқтаи назар билан дунё ҳодисотларига муносабат билдирар экан, у рангтасвир самимияти содиқ қолади. ( “Ярим тун”, “Хумсон манзараси”. 2000 й.“Ҳаёт”. 2008 й. “Маҳалладошлар”.Эскиз. 2000 й.).

Биз кейинги ўтган йиллар давомида бадиий тўқиманинг чексиз эркинлиги оғушига шўнғиб, гоҳ у, гоҳ бошқа йўлига кириб, образлар ва тимсолларнинг тасқара ҳолига келтираётганлиги, қалбни мусаффолаштириш, дидни ўстириш ўрнига уйғунлик ҳис қилинмаган қоришмалар, бўёқларнинг чапланганидан ҳосил бўлган, ойдинлик касб этмайдиган мавҳум бир рўёлар тасвири акс этган ишларни ҳам учратмоқдамиз. Файзулланинг нафақат ёрқин, балки камтарона рангларида ҳам Ёруғлик, Эзгулик улашадиган тимсоллар силсиласини кўриш мумкин. Тўғри, уларда дунёдаги абадий қарама-қаршиликлар жараёнини, бизни мафтун қиладиган метаморфозалар ўйини кўрмаймиз ёки муаллиф ҳаётий муаммоларга жавоб излаш, қандайдир сюжетлар баёнини рангтасвирда шунчаки ташқи белгиларда беришдан ҳам узоқ. Бу рангтасвирда мавжуд ва хаёлий дунё, ҳаёт ва бадиий образни ўзида мужассам этган маконда рўй берадиган шартли воқеликни кўрамиз. Тасвирдаги ҳаёт ва ундаги ўйинлар шартлилиги, олис замон ва мавҳум маконлар чегарасига олиб борадиган ранглар суртмалари томошабинни асосий мақсаддан чалғитмайди. Одамларнинг ўйчан нигоҳлари беҳаловатликдан йироқлиги боис қандайдир виқор билан қараб тургандек туюлади. Файзулла “Дахлдорлик” асарини метафизик рангтасвирга яқинлаштиради. Бундай усул эса томошабинни ботиний суҳбатга чорлайди. Охиригача айтилмаган фикрнинг сирлилиги, ўзининг нафислиги билан мафтун этувчи ва айни пайтда хавотирга солувчи нозик шаклларнинг ниҳоятда ўзгарувчанлиги постмодернистик талқинларга мойилдай туюлади. Кишининг нозик ҳисларини уйғотишга йўналтирилган камтарона ранг ва ним тусдаги рангтасвир хотира лавҳаларининг асл маъносини очиб бера олади. Бу услуб томошабиннинг бутун эътиборини жамлаб, мақсадни англашга қаратади. Бундай табиий эҳтиёж ҳосил қиладиган кучни муаллифнинг кўп қиёфали, карнавалбоп тасвирларга бой композицияларида, жигари ва қора ранглар орқали юзага пайдо бўладиган пластик ечимларда ҳам кўрамиз.

Замонавий рангтасвирнинг бугунги талаблари фақат шакл ва ранглар ўйинидан иборат эмас. Туйғулар сочмаси ва маъно касб этишга улгурмайдиган унсурларнинг мафтункорлиги, дунёга янгича нигоҳ билан қарашга бошлайдиган чексиз муҳити ҳам муҳим. Ана шу мақомда Файзулланинг йўли ниҳоятда замонавий ва самимийдир. У қурган рангтасвир маконида миллатнинг хотираси ва этномаданият афзаллиги намоён. Бундай нигоҳ бугунги кунда оммавий маданият деб аталувчи таҳдиднинг олдини олишга ҳам хизмат қилади. Бугунги кунда дунёда нафақат маданият, балки биосфера хилма-хиллигини муҳофаза қилиш масаласи кўндаланг бўлиб турибди. Муаллиф бундай мавзуларни ўтмиш лавҳалари ва бугунги кун воқелигига суянган ҳолда талқин қилади. Унинг “Карвон” деб номланган (2010 й.) картинасида тарихий либослар шаклу шамойилларига маълум бир минтақа, замон ва макон нуқтаи назаридан ёндашилса-да, улар аниқ бир андоза ёки қолипга солинмайди. Рассом инсон эгнидаги либосию бош кийимлари, безакларидан , сюжетга хизмат қиладиган керакли унсурларидан фаол рангларни танлаб, яхлит, сидирға бўёқлар суртмаси тарзда қўллайди. Бундай ишлаш услуби инсон қомати, унинг турли ҳолатлари кўринишлари билан бақамти келади. Бу жиҳатдан муаллиф маълум даражада Камолиддин Беҳзод ва Мир Саид Али, Маҳмуд Музаҳҳиб, Мурод Самарқандий каби миниатюра усталарининг мафтункор анъаналарини давом эттиради.

Файзулла рангтасвиридаги ранглар мундарижасини кўпроқ илиқ ранглар ташкил этади. Айниқса, жигари, нимқизил, сариқ, оқимтир, заррин ва бўз, оч кулранг туслар айтайлик, қора, кўк, бинафша ёки мовий ранглар ва тусларга нисбатан етакчилик қилади. Айниқса, уларга мослашиб борган нимрангларнинг шаффоф суртмалари бизга олис хотиралар, залворли ўтмиш, узуқ -юлуқ туш ва самовий манзаралар моҳиятини ҳис қилишда енгиллик туғдиради. 2006 йилда Санкт-Перетбургдаги «Кунст камера» номи билан машҳур Буюк Пётр номидаги Антропология ва этнография музейида «Шарқ ҳақидаги хаёллар. Рус авангарди ва Бухоро шойиси» мавзусида кўргазма бўлиб ўтган эди. Бу кўргазмага Ўзбекистон Давлат санъат музейидаги рус авангарди асарлари, Бухоро матолари, заргарлик буюмлари билан бирга, Буюк Пётр номидаги Антропология ва этнография музейи коллекциялари намойиш этилди. Ўшанда Жавлон Умарбеков, Леким Ибрагимов, Файзулла Аҳмадалиев, Хуршид Зиёхонов, Имяр Мансуров, Ғафур Қодиров, Шавкат Ҳакимов, Шаҳноза Абдуллаева каби рассомларининг ўзбек матоларига ҳамоҳанг асарлари ҳам намойиш этилди. Файзулланинг “Ҳақиқатга йўл” (Сўфизмга бағишлов. 2002 й.) асарида ана шу матоларда яширинган сирли белгилар ва шаклларнинг акс этган замонавий талқини муаллиф ниятини очишга хизмат қилади. “Шакл авангард санъатида ҳам ислом санъатидагидек муҳим аҳамият касб этди (биринчи ҳолатда «концептуал», иккинчисида – «илоҳий», деб ёзади санъатшунос Нигора Аҳмедова. Бундай ҳолатлар Файзулла асарларида иккала қарашларни ҳам ўзига сингдирган ҳолда намоён бўлади.

Файзулла ўз асарларида аёллар ва болалар, қариялар тасвирларига алоҳида урғу бериб ишлагандай туюлади. (“Икки она”.2001 й. “Афросиёб мадоннаси”.2002 й. “ Опа сингиллар”.2005 й. “.Оналик”. 2010 й). Уларда болаликдан сингиб кетган Сайрамнинг қадимги маданияти ва анъаналарини ( бу жойда кўплаб авлиёларнинг эски хилхонаю турли қабрлари бор, ҳатто Идрис пайғамбар хоки пойи ҳам шу ерда деб тахмин қилинади) рамзлар, метафоралар юклаган ҳолда поэтик кўринишларда тасвирлайди. (“ Сайрам соялари”.2000 й.) Бу воқеликни анъанавий картиналар йўлидан қочиб, янгича рангтасвир тилига кўчиришга уринади. Шартли пластик шакллар, поэтик ечимлар томошабин учун осон қабул қилинса-да, уларнинг моҳияти бирданига юзага қалқиб чиқмайди. Улардаги эстетик ўлчовлар маълум бир маънода миниатюрадаги талабларга ҳам мос тушади. Пасха деворларни эслатиб турувчи ранглар жилваси, жигар ва зарҳал рангларнинг меъёрда ушланиши, анъанавий нақшу нигорлар, атласлар, шоҳи, адраслар, турли матолар безаги ва хилма хиллиги, майолика, сополни эслатадиган сархил, мовий рангларнинг яйраб кетиши, каллиграфия, ҳаттотлик чизгилари, қумранг сайқаллари Файзулла Аҳмадалиевнинг сюжетларини жонлантириб юборади. Бу асарларда аниқ бир сюжет воқеаси сезилмайди, аммо томошабинда маълум бир хотирага дахлдор таассуротлар уйғотади. Шу сабабдан ҳам картиналардаги зиёратчилар, сўфийлар, дарвешлар, ровийлар ва замондошлар образлари кўнгил кенгликларида визиуал тарзда намоён бўлади. Сирасини айтганда, Файзулланинг асарларидан кўзланган мақсад томошабинда мана шундай ҳолат пайдо қилишдир. Бу ҳолат замирида ҳар бир ишнинг ўзига хос хусусиятларидвн келиб чиққан ҳолда, ҳайрат, завқу шавқ, маъюслик, шоду хуррамлик, ўзни англаш, фахр туйғуси, сабру қаноат, раҳму шафқат, оламга ва одамга тийрак, қалб кўзи билан қарашга чорлов оҳанглари яширин. Файзулла асарларини, хусусан, “Чилим чекувчилар”.2010 й. “Сўфийлар мажлиси”.2011 й. “Ҳаёт карвони”. 2012 й. “Баҳовуддин Нақшбанд”. 2012 й. “ Авлодлар” 2004 й. “Ҳаёт давоми”.2003й. каби ишларини кўриб, кишида айрим саволлар ҳам пайдо бўлади: кўҳна ҳаёт, ўтмиш анъаналари сизни бир зум ўзига маҳлиё этгандек туюлади, шунда шаҳарнинг ғалвали, сершовқин, долғали ҳаёт шиддатларидан ўзингизни олиб қочгингиз келади, шоир айтганидек, “Бошимни олиб, эй, Бобур, оёғим еткунча кетгаймен” деган бир фикр айланади кўнгилда. Ўша замонда ҳам, ҳатто, шоҳки, шундай деб турса, йигирма биринчи асрда коиноту фалакларни кезаётган инсоннинг яна нималарнидир қўмсаши табиий ҳол эмасми? Назаримда, рассом асарларида унданда муҳимроқ бир ҳикмат, яъни кўнгилнинг, қалбнинг озодлиги, лойқаланган руҳнинг покизаланишига чорлов уфуриб туради.

Рассом жониворлар оламига назар ташлар экан, уларнинг инсон ва табиатга бўлган муносабати нуқтаи назаридан туриб тасвирлайди. Чингиз Айтматовнинг “Кунда” романидаги она бўри- Тошчайнарнинг матонатли ҳолатини рассом ўз рангтасвирига олиб кирди. Бугунги кунда Ўзбекистон Давлат Санъат музейида сақланаётган бу асардаги изтиробли тасвир томошабинни ҳаяжонга солади. Файзулла ушбу роман таъсирида бир неча ишлар яратганлигини, уларни ёзувчининг ўзига кўрсата олмай қолганлигидан ўкинади. Муаллифнинг “Иссиқкўллик овчи” асари (.2004 й.) ҳам беихтиёр Чингиз Айтматовнинг “Қулаётган тоғлар” романини ёдга солади. Аммо Файзулланинг бу овчиси романдаги каби ёвузлик тимсоли эмас, аксинча, кўнгил овловчи, табиатга, меҳру муҳаббат билан қаровчи инсон, унинг орзу –ўйларини англаш қийин эмас, Тагида гижинглаб турган учар тулпор отию қўлидаги лочин қуши ва гулдор дўмбираси эзгуликни ифодалайди. Бунда биз яна ўша қалб эркинлигию унинг озодалиги мавзуси талқинини кўрамиз. Аммо унинг меъёри, ўлчови қаерда? Бу мангу саволга рассом жавоб сифатида ўтмиш салафлари ва сўфийларнинг яшаш тарзлари, орзу- ўйлари орқали жавоб излайди. Бундай дунёвий тасвирлар акс этган рассом асарларини мистик деб бўлмайди, чунки уларда ғайритабиийлик эмас, замон унсурлари, макон, белги ва рамзлар, тимсоллар бадиий ҳақиқатнинг шартли бир тасвирлари сифатида намоён бўлади. Тўғри, баъзан айрим асарларидаги предметлар, тимсоллар нотабиий жойлаштирилгандай, ўзаро бир- бирига боғланмагандай кўринади. Аммо улардаги рамзлар, нигоҳлар, имо- ишоралар маълум бир ритмга бўйсундирилганлиги учун томошабинни қайта- қайта фикрлашга мажбур этади. Мана, Бухоро ёки Хива одамларига бағишланган тасвирларни олайлик. (“Бир куни Бухорода”.2001 й.”Хиваликлар.” 2002й.”.Бухоро фуқаролари”.2005й. “.Хива нақшлари”. 2006 й.”Хивадаги бир ҳовли”. 2004 й. “Қадим Бухоро лавҳалари”.2012 й). Эски шаҳарларнинг баланд ва салобатли уйлари, деворлари, кўчалари ортидаги осойишта ҳовлиларда нималар яширин ўзи? Олдинги ўринда қатор турган турли либослардаги одамлар, хотин -халажлар, зийнатлару рангли матолар шуълалари диққатни тортса-да, негадир тасаввур кўзгусида ҳалимлик, латифлик, сирлилик акс этган манзаралар жонлана бошлайди: меҳроб, токчадаги шамчироқлар, сандиқдаги қадимги китоблар, ўчоқ, бир жуфт дарахт, бир- бирига мингашган уйлар томи, улардаги қизғалдоқлар.. Ҳар ким ўзида ана шундай болалик хотирларини қўмсай бошлайди. Матолардаги рангтасвирдан таралган наволар тасаввурларингизни мана шундай кенгайтиради, маънавиятингизни янада қувватлантиради. Яратилган ҳар қандай ижод намунаси маънавиятга мансуб эканлигига иқрор бўласиз. Ана шунинг учун ҳам рассомнинг рангтасвир олами нафас олади, жонланади, мусаффо ва ёруғ хаёлларга чорлайди. Энди уларда мавҳумлик моҳияти ойдинлашади,, ҳаёлот олами оқ рангдаги композицияларда тантана қилади. Рассом баъзан ўзининг табиатга, жамиятга бўлган муносабатини турли ҳайвонот орқали беришга интилади. “Ўғри қуш”.2005 й. “.Она бўри.2005 й.”От.2008 й.”Қушлар маликаси”.2000 й. каби асарларидаги мажозий талқинлар шундан далолат беради.

Рассом ўтган асрнинг тўқсонинчи йилларидан бошлаб, инсталляция билан ҳам фаол шуғулана бошлади. Айниқса, “Асрлар оша» инсталляциясида (ҳажми 400Х90) олис ўтмиш билан бугунги кунни боғлаб турган анъаналар, қадриятлар, шарқона назокат гулдасталари қатор тизилган турли хил авлод вакилларидан иборат одамлар тасвирларида яққол кўринди. Бу ишда қора-оқ босмага ўхшаш график услубидан фойдаланилган, баъзи полотноларидаги каби яхлит сидирға абстракция ҳам мавжуд. Тошкент тажриба- электромеханик хаводи цехларида ташкил этилган «Констелляция» кўргазмасида намойиш этилган «Х-позиция» (Файзулла Аҳмадалиев, Жамол Усмонов) инсталляцияси эса бугунги куннинг глобал масалаларига бағишланди. Унда тасвирланган каламушлар тўдаси ва инсон томонидан ғорат қилинган дунё таққосланади. Табиийки, бу лойиҳа икки муаллифнинг кенг қамровли, образли тафаккур ва қарашлари билан бойитилган. Файзулла ўз рангтасвирига сиғмаган дунёсини мана шу тарзда ифода этиш ўринли деб билади. Рассом дунёси эса ўн саккиз минг олам жилвалари билан сайқал топган. Бундан ўн беш йиллар аввал Файзулланинг тўққиз қаватли уй чордоғидаги устахонасида бўлганимда, ана шундай жилваларнинг бир заррасини кўргандай бўлган эдим. Устахонанинг деворлари ярми сомонлой билан сувалган эди. Ўшанда қуюқ зиёфат, давра гурунглари туфайли рассомнинг асарларини томоша қилишга улгурган бўлмасам-да, ана шу сомонлой мозаикаси хотирамда бир умр муҳрланиб қолган эди. Яқинда яна устахонасида бўлдим, энди бу девор йўқолиб, ўрнига замонавий қилиб сувалибди. “Ўғлим Фаррух (уям бугунги кунда ижоди ўзига хос, умидли рассомларимиздан) таъмир қилдиртирган эди, ўчириб юборишибди. Ҳечқиси йўқ, мана бу деворнинг бир қисмини ўшандай сомонлойли сувоқ қилмоқчиман. Ўзим пахса девору сомонлой қилишга катта устаман, қишлоқда бу ишни кўп қилишимга тўғри келган” дейди Файзулла.

Ўша куни мен Файзулла билан тўрт ўзбек рассомининг ( Файзулла Аҳмадалиев, Жамол Усмонов, Бобур Исмоилов, Мурод Қорабоев) Москвадаги Шарқ халқлари санъати музейи залларида “Қаландар” деб номланган кўргазмаси ҳақида, бугунги кунда рассомлик мақоми ҳақида суҳбат қурдиқ. Файзулла менга ўша кўргазма учун чиқарилган каталогни совға қилди. Мен ундаги асарларни бирма- бир томоша қилар эканман, унда Файзулланинг Буюк Ипак йўли ҳақидаги суҳбатларини эсладим. Бир пайтлар, тўғрироғи, Бадиий академия ташкил этилгандан сўнг (1997 йил), кўпинча кўргазма залларида ва Буюк ипак йўли метроси ёнида жойлашган қамиш билан тўсилган кафе ичида учрашар эдик. Файзуллага худди ана шу қамиш деворлар ёқар эди. Балки, у яхши кўрадиган Жалолиддин Румийнинг “Маснавийлари” дебочасида тасвир этилган Най ноласини эслатар? Рассомнинг устахонаси беш юз қадам чамаси нарида бўлиб, у оқшом чоғи ишини тугатгач, дўстлари ва танишлари, рассом ҳамкасабалари билан шу кафега қўниб, фикр алмашишлар анъанага айланган эди. Файзулла камгап, аммо ижод кишиси ҳақида эса фикр сўрасангиз, ўз билганларини жўяли гапириб беради. Эсимда, кунларнинг бирида, Бадиий академия биноси ёнида бир одамдан имзосиз бўлган бир картинани сотиб олишга иккиланиб турганимда, Файзулла ёнимиздан ўтиб қолди. “Қўрқмай олаберинг, бу асар Неъмат ака (Қўзибоев) ижодига тегишли. Санъатда унинг ўрни баланд, ҳали унинг ҳам даври келади”, деб таъкидлаб қўйди.

Бугунги кунда Файзулланинг санъати ҳам энди муносиб қадр топмоқда. Ҳалқаро биенналеларда Гранд при -Бош соврин ва етакчи ўринларни қўлга киритиши, ҳорижий коллекқионерлар ва музейлар, галереяларнинг асарларига талабгор бўлаётганлиги, 2013 йилда эса “Дўстлик” ордени билан тақдирланганлиги шундан далолат беради. Тинимсиз меҳнат, сабр ва фидойилик, тафаккур орқали дунёни англаш, енгил ғалабага интилмаслик унинг табиатига хос, бу хислатлар унинг буюк ажодларимизга бўлган эҳтиромидан туғилган бўлса, ажаб эмас.

Файзулла Аҳмадалиев асарларидан намуналар
045

001

012

021

01

02

03

04

05

06

022

07

08

09

23

011

088

13

033

14

044

045

057

066

(Tashriflar: umumiy 423, bugungi 1)

1 izoh

Izoh qoldiring