Таниқли тарихшунос олим Шариф Юсупов бутун илмий фаолиятини Қўқон хонлиги тарихини ўрганишга бағишлаган фидойи тадқиқотчи эди. Унинг хонлик ва хонлар тарихи, ўша даврнинг кўзга кўринган арбоблари, хусусан, Фурқат шахсига оид ишлари катта эътиборга сазовор. Олимнинг ишларида кўзга ташланадиган битта қусур бор, бу ўша асрдаги Бухоро ва Қўқон муносабатлари ҳақида мулоҳаза юритганда албатта Қўқон тарафга қисман ён босиб фикрлашида кўзга ташланади. Мен Қўқон ёхуд Бухорога ён босишни бутунлай рад этаман. Олим тарихий ҳақиқат (ҳужжат) ва илмий холислик тарафга ён босиши керак деб ўйлайман. XIX асрда Туркистон халқи бошига тушган оғир ва мураккаб синовлар, рус босқини олдида калтабин сиёсат маълум маънода Бухоро амирлиги, Қўқон ва Хива хонликларининг ўша пайтдаги ҳукмдорлари «юритган» ночор ва нодон бошқарув натижаси бўлди деб ўйлайман. Бу хусусда, яъни ўша даврдаги вазият ҳақида бир гап айтишдан олдин Ҳакимхон Тўранинг «Мунтахаб ат-таворих» асарини синчиклаб ўқиш ва уқиш лозим. Бу тарихий асар ўқиётганимда ўша давр ҳукмдорларининг қилмишларидан юзим қип-қизариб кетганини ҳали-ҳануз унутолмайман.
Атоқли олим Шариф Юсуповнинг фаолиятига келсак, у халқимиз ва юртимиз ўтмишини ўрганишга қизиққан ҳар бир инсон учун қимматли бўлиб қолаишига ишонаман.
Хуршид Даврон
Шариф Юсупов
ХОННИНГ СЎНГГИ ИЛИНЖИ
удоёрхоннинг тахтга уч марта — 1845, 1862 ва 1865 йилларда чиқиб, йигирма беш йил чамаси мамлакатни бошқарганлиги кўпчиликка аён. Худоёрхон илк бор 1858 йили акаси Маллахон томонидан, сўнгра 1863 йили машҳур Алимқули тарафидан тахтдан жудо қилинган. Уч йилдан ортиқроқ муддат тахт соҳиби бўлган Маллахон 1862 йил бошида бир гуруҳ сарой аъёнлари томонидан ўлдирилади. Алимқули 1865 йили Тошкент шаҳрига бостириб келган рус аскарлари томонидан, у тахтга ўтқазган ёш Султон Саидхон эса Бухоро амири Музаффар фармойишига кўра қатл этилади. Тошкентда ҳаёт-мамот жанглари бораётган бир паллада Худоёрхон амир ҳомийлигидан фойдаланиб, Қўқон хонлиги тахтини учинчи бор эгаллайди. Шундан сўнг 10 йилдан ортиқроқ муттасил ҳукмфармолик қилади.
Акаси Маллабекнинг Мусулмонқулини енгишдаги жасоратига тан берган Худоёрхон 1852 йилдаёқ хонлик тахтини унга таклиф этган, ўзи унинг хизматида камарбаста бўлишини айтган. Лекин Маллабек хон таклифини қабул қилмаган, укасини ўз раъйига юргизадиган баъзи маслаҳатлар бериш билан кифояланган эди. Орадан беш йил ўтгач, мамлакат ҳудудларидан бирида юз берган тартибсизликларни бостириш учун қўшин билан жўнаб, ўрнига вақтинча Маллахонни қолдирганида акаси дарҳол куч тўплаб, ҳокимиятни қўлга олишга қатъий киришади. Бундан хабар топган Худоёрхон дарҳол Қўқонга қайтиб, ўз тахтини эгаллайди. Маллабек Қўқондан қочиб кетадию бир йил чамаси вақт ичида кўп аскар йиғиб, хонлик тахтини эгаллайди. Худоёрхон эса Бухорога қочиб, 4 йил давомида тахтга қайтиш иштиёқида заҳматли ҳаёт кечиради. Иккинчи марта тахт қўлдан кетганидан кейинги муддат икки йилни ташкил этиб, бу даврда ҳам Худоёрхон Бухорода олдинги аянчли ҳаётини давом эттириб, амир Музаффарнинг барча хўрликларига чидаб кун кўради.
Лекин учинчи, сўнгги бор тахтдан ажралишнинг Худоёрхон учун қанчалар зўр фожиа бўлганини сўз билан ифодалаш қийин. Хон тахтдан жудо бўлишидан икки-уч йил олдин қирғиз жамоалари орасидан Исҳоқ Ҳасан ўғли деган бир носфуруш Самарқандда муллаваччалик қилаётган, асли хон авлодларидан бўлган Пўлатхон номидан тахт даъвоси билан чиқади ва атрофига кўп аскар тўплаб, катта хавф туғдира бошлайди.
Худоёрхоннинг катта фожиаси шундаки, унинг энг ишонган лашкарбошилари Абдураҳмон офтобачию Исо авлиёгача, Марғилон беги лавозимидаги иниси Султон Муроду фарзандлари Насриддин билан Муҳаммад Аминбеккача ўз қўл остиларидаги ўн минглаб аскарлари билан бирин-кетин сохта Пўлатхон томонига ўтиб кетадилар. Хон учун бундан кўра даҳшатлироқ ҳолни тасаввур этиш қийин. Хонни тахтни ташлаб рус босқинчиларидан паноҳ сўраб боришга мажбур этган сохта Пўлатхон, аслида носфуруш Исҳоқ Ҳасан ўғли эса, тахтга асло муносиб бўлмаган, ўта тўпори, жаллодтабиат одам эди. У тахтда ўтирган уч ойча муддат ичида шунча одамнинг қонини тўкдики, унга замондош муаррихлар асарларини, архивларда сақланиб қолган ҳужжатларни кўрганда кишининг тепа сочи тикка бўлиб кетади. Масалан, Умидий-Ҳавоий «Мактубчаи хон» достонида сохта Пўлатхон ёш гўдакларни кундага қўйиб чопишга зўр бергани учун уни «Заҳҳоки соний» деб атайди. Худоёрхоннинг сохта Пўлатхон кундасига қўйилиб чопилишдан аранг қутулган ўғли Ибн Яминбек «Туркистон вилоятининг газети»да чоп этилган таржимаи ҳол асарида бу қонхўр яқиндагина у билан ёнма-ён туриб, акаси Худоёрхонни тахтдан ағдариш учун курашган ҳамтовоғи Султон Муродбекнинг ўзинигина эмас, балки унинг ҳали балоғатга етмаган олти ўғлини, шунингдек, хоннинг бири уч яшар, иккинчиси тўрт яшар гўдакларини ҳам қиличдан ўтказганлигини чексиз алам билан ёзади.
Хонликни босиб олишда алоҳида «фидойилик» кўрсатган генерал-майор Скобелов 1875 йил 4 ноябрда фон Кауфманга берган маълумотларни ўқисак, сохта Пўлатхоннинг юқоридаги ишлари ҳам ҳолва бўлиб қолади:
«Пўлатхонни ҳаддан ташқари шафқатсиз ва ўжар одам демоқдалар. Айтишларича, Пўлатхон бир мўътабар одамни ўлдирмасликни илтимос қилгани учун ҳатто ўз отасини қатл этишга буюрибди (Республика Марказий архиви, 715-жамғарма, 1-қайд, 65-иш, 38-саҳифа)».
Ана шуларнинг ҳаммасидан кейин бу жаллодлар жаллодини «халқ озодлик ҳаракати раҳнамоси» шоҳсупасига кўтариб, у ҳақда рисола чоп эттираётган, ҳатто унга қаҳрамон сифатида мақтовлар айтаётган баъзи тарихчиларимизнинг ҳақиқатга зид ишлари кишини ажаблантиради. Шуниси ҳам борки, «Ўзбекистоннинг янги тарихи»да: «ватан озодлиги учун жон олиб, жон берган халқ қаҳрамони, истиқлол жангчиси» дея кўкларга кўтарилган сохта Пўлатхон эзгу мақсадлар учун сўнгги нафасигача курашган фидойи шахс эмасди, асло. Буни шундан ҳам билса бўладики, у рус босқинчиларига таслим бўлиш мақсадида 1876 йил 18 январда Россия ҳукуматининг Хўжанддаги ҳокими барон Нольде ҳузурига Мир Бадал охунд бошчилигида 14 кишидан иборат элчиларни юборади. Нольде уларни Тошкентга жўнатади. Ўша кунларда Петербургда бўлган фон Кауфман буйруғига кўра сохта Пўлатхон элчилари Қўйлиқда тўхтатилиб, улар билан ҳеч қандай расмий учрашув ўтказилмай, орқасига қайтариб юборилади (Республика Марказий архиви. 1-жамғарма, 34-қайд, 327-иш, 7-11- саҳифалар)».
Хуллас, Худоёрхон тахти уни тортиб олганларнинг ҳеч бирига вафо қилмади. Уларнинг ҳаммаси орадан бироз вақт ўтгач, тахтга кўз тиккан бошқа даъвогарлар томонидан қатл этилди.
Маълумки, Тошкент учун ҳаёт-мамот жанглари бораётган бир паллада Худоёрхон амир Музаффар ҳомийлигидан фойдаланиб, хонлик тахтини учинчи марта эгаллайди. Шундан кейин ўн йилдан ортиқ муттасил ҳукмронлик қилади. Худди ана шу даврда чор аскарлари хонликнинг Хўжанд, Бухоро амирлигининг Жиззах, Ўратепа сингари ғоят муҳим ижтимоий-иқтисодий вилоятларини бир йилнинг ўзида, яъни 1866 йили босиб оладилар.
Ана шу босиб олинган вилоятлар ҳисобига кенгайиб кетган Туркистон губернаторлиги 1867 йилга келиб, генерал-губернаторликка айлантирилди, генерал-адъютант Константин Петрович фон Кауфман ўлканинг бош ҳукмдори сифатида иш бошлади.
Худоёрхон хонлигининг учинчи муддатида қарийб 8 йил мобайнида ана шу ўта шафқатсиз ва илоннинг ёғини ялаган генерал-губернатор билан муросаю мадора йўлларини излаб, ғоят қалтис шароитда салтанатни бошқаришига тўғри келди. Фон Кауфман Худоёрхонга қандай муносабатда бўлганини кўрсатувчи баъзи архив ҳужжатларини келтирайлик. 1867 йил ёзи охирида генерал-губернаторлик фаолиятини бошлаган фон Кауфман дастлабки ойлардаёқ Қўқон хонлиги билан муносабатларини «хўжа кўрсин»га яхшилаш пайига тушади. Шу мақсадда октябр ва ноябр ойларида Худоёрхонга бир неча мактублар йўллаб, уларда ўзининг Туркистон ўлкасига бош ҳоким бўлиб келганини, Россия императори Александр II унга қандай ҳуқуқ ва имтиёзлар берганлигини маълум қилгач, энг яқин қўшни мамлакат бўлмиш Қўқон хонлиги билан генерал-губернаторлик ўртасидаги асосий масалаларни ҳал этиш учун нуфузли элчилар юборишни таклиф этади. Шу муносабат билан 3 декабр куни хонликдан келган элчиларни тантанали қабул этиш чоғида Кауфман уларга: «юқори мартабали Қўқон хони каби кейинги йилларда Россия билан дўстона муносабатларга содиқ бўлганлар биз билан қўрқмасдан иш олиб боришлари ва хотиржам бўлишлари мумкин» деса (Республика Марказий архиви, 715-жамғарма, 1-қайд, 35-иш, 292-саҳифа), 1868 йил 29 январда Худоёрхонга ниҳоятда хотиржам қилувчи ваъдалар бериб, шундай ёзади: «Бизга қўшни давлатларда хонлар билан халойиқ ўртасида низолар чиқишига буюк рус подшоҳи ҳеч қачон йўл қўймайди».
Шундан сўнг 1868 йил қиш фаслида Мирза ҳаким парвоначи бошлиқ элчилар Петербургга борадилар, император уларни шахсан қабул қилади ҳамда ўз номидан Худоёрхоннинг фаолияти мақталган мактуб йўллайди.
1870 йилга келиб Россия бош вазири княз Горчаков билан Худоёрхон ўртасида ёзишмалар бўлиб туради. Шу даврларда Қўқон хонига император оиласидаги энг нуфузли кишиларга бериладиган «Светлой» унвони берилади, жавоҳир юлдузли биринчи даражали Станислав ордени билан сийланади.
1871 йил 24 мартда фон Кауфман Худоёрхонга ёзган мактубида: «Сиз «оқ подшоҳ»нинг буюк ҳомийлигида экансиз, Сизнинг ҳар бир дўстингиз бизнинг дўстимиз, ҳар қандай душманингиз эса бизнинг ёвимиз бўлиб қолади», дея жуда катта ваъда бериб юборган эди (715-жамғарма, 1-қайд, 45-иш, 344-саҳифа).
1872 йил бошида Қўқон хонлиги тахтининг валиаҳди шаҳзода Насриддинбек Тошкентга келганида унинг шарафига берилган зиёфатда фон Кауфман Худоёрхонни Ғарбга бориб, кўп нарсаларни ўрганиб қайтиб келгач, ўз мамлакатини бир неча поғона юксакликка кўтара олган Петр I га ўхшатган, «Яшасин Худоёрхон!» дея қадаҳ кўтарган ва энг тўғри йўлдан бораётган раҳнамо сифатида роса улуғлаган эди (1-жамғарма, 34-қайд, 45-иш, 119-120-саҳифалар).
Лекин орадан бир неча йил ўтиб, Қўқон хонлигида тож-тахт талашувлари халқ бошига оғир кунлар келтириб, Худоёрхон ҳал этиш мумкин бўлмаган муаммолар гирдобида қолганида фон Кауфмандан ёрдам сўрар экан, генералгубернатор унга «насиҳат» қилишдан нари ўтмайди. Сохта Пўлатхон қўшинларига бас келолмаган Худоёрхонга Тошкентга келишни буюриб, уни қўриқлаб келиш учун 60 кишидан иборат казак аскарларини юборган фон Кауфман хоннинг барча қаршиликларига қарамай, пойтахт Петербургга бориб императорнинг ўзи билан масалангни ҳал қиласан, дея алдаб, мажбуран жўнатиб, Оренбург генерал-губернатори Крижановский томонидан ушлаб қолиниб, ҳуқуқсиз маҳбус сифатида икки йилдан ортиқ афсус-надоматда кун кечиришига эришади.
Фон Кауфман шу воқеадан сўнг имзо чеккан икки ҳужжат унинг нақадар мунофиқлик билан иш тутганидан далолат беради ва ҳақиқий қиёфасини кўз олдимизда гавдалантиради.
Худоёрхон тахтни ташлаб, Хўжандда яшаётган кунлардаёқ фон Кауфман ўз ниқобини йиртиб ташлайди ва хонлик тахтига ўтирганига беш кунгина бўлган Насриддинхонга бундай деб ёзади: «Сизга маълумдирки, узоқ йиллар давомида дўст бўлишимга қарамай, мен ҳеч қачон унинг (отангизнинг демоқчи — қавс ичидаги барча изоҳлар муаллифники) хатти-ҳаракатини маъқуллаган эмасман» (Ўзбекистоннинг янги тарихи, 1-жилд, 156-бет).
Худоёрхон Петербургга бориш умидида сафарга чиққач, орадан ўн кун ўтибоқ фон Кауфман Қўқон халқига ёзган мурожаатномасида: «Сизларнинг собиқ хонингиз Худоёрни мен Петербургга жўнатдим. Энди у сизларга хон бўлмайди» деган сўзларни битади (715-жамғарма, 1-қайд, 63-иш, 46а-саҳифа).
Мана шу гаплардан кейин ўқувчида Кауфман Худоёрхоннинг хатти-ҳаракатларини ҳеч қачон маъқулламаган бўлса, нега энди унга олий даражадаги унвон ва орден берилишини сўраб, пойтахтдаги энг йирик амалдорларга қайта-қайта ёзма равишда мурожаат қилди ва бунга эришди? Қолаверса, Оренбургда тутиб қолишни олдиндан режалаштирган генерал-губернатор Худоёрхонни ҳам, хонлик фуқароларини ҳам у Петербургга жўнади деб ишонтириши, ҳатто хон Петербургга кетди, деб газетада бостириши нега керак бўлди, деган саволлар туғилиши табиий. Бу ниҳоятда чигал саволларнинг жавоби Туркистоннинг ўша вақтдаги бош ҳукмдори виждонига ҳавола.
Қўқон хонлигидаги тахт учун курашлар кучайгандан-кучайиб, Худоёрхон сохта Пўлатхоннинг ва унинг ёнига қўшилган энг яқин кишиларининг ҳужумларига бардош беролмай қолган 1875 йил июл ойи иккинчи ўн кунлигида хонликни ҳимоя қилиш учун фон Кауфмандан ҳарбий ёрдам сўрашга мажбур бўлади. Бироқ хонликнинг бутун ҳудудини босиб олишни илгаридан режалаштириб юрган Туркистон генерал-губернатори бу қулай вазиятдан фойдаланиб қолиш учун, аввало, хоннинг ўзини Тошкентга чақириш, уни ҳийла-найранг йўли билан Россия ичкарисига жўнатиш ва шундан сўнг бу қўшни мамлакатга қарши ҳарбий юриш бошлашни мақсад қилиб олади. Фон Кауфман гўё Худоёрхонни унинг душманлари ҳужумидан омон сақлаш учун 60 кишидан иборат казак аскарларини юбориб, унга Тошкентга келишни таклиф этган. Зотан, «Туркестанские ведомости»нинг 1875 йил 5 августдаги 31-сонида: «Собиқ Қўқон хонига Хўжанддан Тошкентга кўчиб келиш таклиф этилди», деган сўзлар битилган эди. Ҳақиқатан ҳам, газетада юқоридаги сўзлар эълон қилинишидан аввалроқ, яъни 24 июлда Худоёрхон фон Кауфман маслаҳатига кўра ўз оиласи, яқин аъёнлари ва бир гуруҳ соқчи аскарлари билан Хўжандга келиб, шу ерда ўн кун чамаси яшаб турган. Фон Кауфманнинг қора ниятларидан бехабар Худоёрхон генерал-губернатор таклифига кўра Тошкентга келаётганида кўп йиллар давомида хонга олтин тоғлар ваъда қилган ўз валийнеъматидан ҳақиқий нажот топишни, бу ердан рус қўшинлари ва даҳшатли тўп-тўпхоналари билан Қўқонга қайтиб, тахтни яна эгаллашни ният қилган, чамаси. Авваллари икки бор тахтдан тушиб, икки бор тахтга ўтириб, ҳаётнинг паст-баландини кўп кўрган хон Тошкентдаги эски қадрдонларига учраб, фон Кауфман билан қандай муомала қилиш ҳақида маслаҳат олиш учун ўз хуфияси Ориф рикобни барвақт Сайид Азимбой олдига жўнатади. Тошкентликлар маслаҳатини Ориф рикоб Хўжанддан чиқиб Тошкентга келаётган хонга йўлда етказади.
«Туркистон вилоятининг газети»: «Хўқанднинг хони Худоёрхон Туркистон генерал-губернатури генерал-адютант фон Кауфманнинг рухсатлари билан Хўжанд шаҳридин чиқиб, саккизинчи овғустда Тошканд шаҳриға келдилар», деган хабарни босган эди (19 август 1875 йил, 20-сон).
Не-не умидлар билан фон Кауфман ҳузурига етиб келган Худоёрхон боши харсангга урилгандек лолу ҳайрон бўлиб қолади. Чунки Туркистон генерал-губернатори унинг катта ҳарбий куч билан юртига қайтиб бориб, тахтни қайта эгаллаш орзусини сароб деб атаб, «русия давлатидан катта нафақа олиб, шу мамлакат ҳудудида яшаш»ни таклиф этган эди.
Фон Кауфманнинг ҳамма масала Петербургга бориб Россия императори билан учрашганидан кейин ҳал бўлажаги ҳақидаги найрангига учган хон сархуш ҳолда бу таклифни қабул қилади. Фон Кауфман Худоёрхонни Петербургга жўнатганлиги ҳақида расмий доираларда қайта-қайта гапириб, аслида уни Оренбургда эрксиз маҳбус ҳолатида тутиб қолажаги ҳақидаги фикрни у кунларда ўз атрофидаги энг ишончли кишилардан ҳам сир тутганди.
Хуллас, ҳали кўнглида умид учқунлари бўлган Худоёрхон Петербургга, император ҳузурига бораман, деган ниятда йўлга тушади. Аммо кўнглининг бир чеккасида Петербургга кетяпману ўз юртимга қайтиб кела олмаслигим ҳам мумкин, деган мудҳиш хаёл кезарди. Шунинг учун йўлни Туркистон шаҳрига буриб, у ерда севикли хотини Оғача ойимни, азиз фарзандлари Ўрмонбек билан Фансуруллобекни баъзи хизматкорлар билан бирга қолдириб кетади. Шундан сўнг Петербург йўлидаги энг катта шаҳарлардан бўлмиш Оренбургга тушиб, у ернинг генерал-губернатори Крижановский билан учрашиб, унга ўз ҳол-аҳволидан хабар бериш мақсадида шаҳарга кириб келади. Бироқ ўша кунлари Крижановский шаҳарда йўқ экан. Унинг маҳкама ходимлари хонга генерал-губернатор шаҳарга қайтишини, кутиш кераклигини қатъий равишда таъкидлайдилар. Орадан бир неча кун ўтгач, шаҳарга қайтган Крижановский хонни юзда сохта тавозе билан кутиб олади, улар бир-бирлари билан совға алмашган ҳам бўладилар. Ўша куннинг эртаси ёки индинига бориб, Крижановский Худоёрхонни ўз ҳузурига чақириб, унга пойтахтдан алоҳида кўрсатма келгунига қадар Оренбургда яшаб туриши зарур эканини айтади.
Аввалда Россияга эркин меҳмон сифатида бориб, саёҳат қилиб, дам олиб келаман, деб ўйлаган Худоёрхон ўзининг эрки юлиб олинганини, ярим маҳбус сифатида яшашга мажбур эканини энди тушунади. Хоннинг эрксиз кунлари бошланади, пойтахтдан ўзи ҳақида қачон кўрсатма келишини генерал-губернатор маҳкамасидан сўрай-сўрай ҳолдан тойган Худоёрхон энди Оренбургдан ҳали-бери кетиши мушкул эканига кўникиб, шаҳарнинг Водяной ва Атаман кўчалари чорраҳасида бир ёғоч уй сотиб олиб, ўзи бирга олиб кетган хотинлари, қариндош-уруғ ва хизматкорлари билан биргаликда шу уйда яшай бошлайди. Бу даврда Крижановский хонни бир неча марта ўз ҳузурига чақириб гаплашади. Петербург ва Тошкентда Худоёрхоннинг келгуси тақдирини белгилаб бериши мумкин бўлган идоралар ва амалдорлар билан ёзишмалар олиб боради.
Худоёрхон Крижановскийдан ўзини Петербургга император ҳузурига юборишни илтимос қилган эди. Унинг бу илтимоси императорга етказилганида, генерал-адъютант граф Гейден Крижановскийга 1875 йил 27 сентябрда: «Олий ҳазрат ўз иродаларини маълум қилиб, Худоёр Санкт-Петербургга келмасин, дея буюрдилар», мазмунида телеграмма беради (715-жамғарма, 1-қайд, 63-иш, 622-саҳифа). Худоёрхон ўзининг ҳажга боришига рухсат беришларини илтимос қилган эди. Шу муносабат билан 1875 йил 6 ноябрда Россия ҳарбий вазири Милютин Крижановскийга: «ҳозир шарқда нотинчлик бўлиб турган шароитда Худоёрхонни Маккага чиқариб юбориш ноқулай бўлади, кечиктириш керак», деб телеграмма беради (715-жамғарма, 1-қайд, 65-иш, 64-саҳифа).
Петербургга, император ҳузурига бориш нияти барбод бўлгач, Худоёрхон Москвада бир бой қариндоши борлигини, ўшаникига бориб яшаш орзусида эканини маълум қилади. Хоннинг бу мақсадига император томонидан монеълик йўқдай эди. Чунончи, Бош штаб бошлиғи граф Гейденнинг Крижановскийга 1875 йил 21 ноябрда ёзган хатида император Худоёрхонга мамлакатнинг Петербург ва Туркистондан ташқари ҳудудларидан яшаш учун ўзига жой танлашига рухсат бергани айтилган (715-жамғарма,1-қайд, 65-иш, 221-саҳифа). Бироқ икки йилдан ортиқ давр мобайнида бу масала ҳам ҳал этилмайди. Ташқи дунёдан бутунлай ажратиб қўйилган хон Оренбургда диққинафас бўлиб яшайверади. Ана шундай энг оғир бир вазиятда Крижановский одамлари унга хон тўғрисида чақувларни тез-тез етказиб турар эдилар. Кейинчалик Бўмбайдан Кауфманга ёзган хатида Худоёрхон: «Бир пора одамларимизни тарафидин губирнатурға шикоят қилибдурларки: от олди ва яна одам жам қилур, дебдурлар. Бир неча одамлар ул тарафдин бизга хабар бердиларки, губирнатур баҳодир сиздин кўп ранжибдурлар, деб сўзланди… Ноҳақ сўзлар бизнинг ҳақимизда сўзланди».
Ана шундай танг бир шароитда 1877 йил 3 октябрга ўтар кечаси Худоёрхоннинг Оренбургдаги уйига ўғрилар тушади. Юқорида эслатилган Бўмбайдан фон Кауфманга хатида Худоёрхон «Шу аснода уйимизға ўғри келди ва яна бир хафалик тушди», деб ёзади. Хон уйига ўғрилар тушганлиги ўша давр матбуотида ҳам ўз ифодасини топган. Масалан, «Туркестанские ведомости» ўзининг ўша йил 8 ноябрдаги сонида «Оренбургский листок»дан шу ҳақдаги хабарни кўчириб босади. Унда, жумладан, бундай дейилган эди: «3 октябрда, кечаси соат бирда, собиқ Қўқон хони Худоёрникига икки фойтунда ёвуз ниятли номаълум кишилар келиб, ҳовлидаги эшикка тиралганча, деразанинг битта ойнасини кўчирганлар ва келганларнинг бири деразадан ичкарига суқилиб кира бошлаган, лекин Худоёр ҳали ухламай ётган экан, суқилиб кираётган ўғрини кўргач, у ёнидаги темир сўйил билан ўғрини шундай қаттиқ урганки, деразада қон доғлари пайдо бўлган. Шундан сўнг барча ўғрилар тирақайлаб қочиб кетганлар. Рўй берган бу ҳодиса юзасидан тергов олиб борилмоқда».
Шуларнинг ҳаммасидан сўнг Худоёрхон анчадан бери кўнглида сақлаб юрган Маккага жўнаш ниятини амалга оширишга шитоб билан киришади. Баъзи тадқиқотларда айтилганидек, хон ўзи билан бирга Оренбургга олиб борган икки хотинини юртига, жияни Акромхон тўрани эса энг севимли фарзанди Ўрмонбекка қараб туриш учун Туркистон шаҳрига жўнатади, хизматкорларининг баъзиларига ҳам жавоб бериб юборади, Оренбург банкида сақланаётган маблағидан 32 минг рублни олиб, 3 мингдан кўпроғини «хўжа кўрсин»га қолдиради. Ўша йилнинг 11 ноябрида уйидаги икки хизматкорга овга кетаётганини айтиб, қариндошлари бўлмиш Султонхон ва Нурмуҳаммад деган кишилар ҳамроҳлигида йўлга тушади. Аввалдан келишиб қўйилган Турди ёфис ва Нуржон тўрани йўлдан ўзларига ҳамроҳ қилишади.
Тадқиқотчи А.Акрам ўша сафар вақтида Худоёрхон ва шериклари томонидан зўрлаб бирга олиб кетилмоқчи бўлган, маълум вақтгача улар билан бирга юриб, имкон туғилиши билан хоннинг тўриқ оти ва милтиғини ўғирлаб қочган Ўтужа Жоновнинг кейинчалик тергов чоғида берган маълумотларида Худоёрхоннинг ёнида тўрт киши, улардан Султон ва Нурмуҳаммад ўзбек, Нуржон тўра қозоқ ва Турди туркман экани айтилганига эътиборни қаратади. Муҳими шундаки, Ўтужанинг айтишича, Худоёрхон ва ҳамроҳлари унга аввал Англияга, сўнгра Туркияга бормоқчи эканликларини айтганлар, хон ўз тахтига қайтгач, Ўтужага кўп бойлик ва мансаб беришга ваъда қилган. Демак, Худоёрхон ҳаж зиёратига боришдан олдин Англияга бормоқ ниятида бўлган. Лекин юртидан тезроқ чиқиб кетиш йўли Кобул орқали тушганидан, иккинчи томондан, чамаси, ҳаж мавсуми яқинлашиб қолганидан (1877 йили ҳаж мавсуми 17 декабрдан бошланган) Маккаи мукаррамага етиб олишни мўлжаллаган ва бошқа сафарларини орқага сурган кўринади.
Худоёрхон Оренбургдан қочиши биланоқ Россия ҳудудларида ва хонликларда уни дарҳол тутиб, ҳукумат маъмурларига топшириш учун кенг фаолият бошлаб юборилади, пойтахтдаги мутасаддилар Оренбург генерал-губернатори Крижановский, фон Кауфман, Амир Насруллога кетма-кет кўрсатмалар беришади. Лекин буларнинг бирортаси ҳам фойда бермайди.
Хоннинг ҳаж сафари учун йўлга чиққандан кейин кириб борган дастлабки мамлакати баъзи манбаларда Эрон, баъзиларида эса Афғонистон деб кўрсатилади. «Туркистон вилоятининг газети»да 1878 йил 21 июнда босилган хабарда у дастлаб Афғонистонга, у ердан Эронга, сўнгра Ироқ орқали Маккаи мукаррамага боргани айтилса, Исҳоқхон Ибратнинг «Тарихи Фарғона»сида «Анда (Эронда демоқчи) Амир Насриддин шоҳ экан. Анга хат юбориб сўзлашганда, хонни кирмакиға қабул қилмай, афғон амири Шералихон ҳам олмай, тўғри Афғонистоннинг ичи ила Пешовар шаҳриға юриб, Пешоварға кирганда ҳамшаҳарлар истиқбол қилиб, тўғри Пешоварға кириб, Гўрканд деган эски ўрдаға тушган экан». Ибратнинг ёзишича, шу ердан хон Аҳмадободга, сўнгра Бўмбайга, ниҳоят Жидда орқали Маккаи мукаррамага борган.
Ҳарқалай, Худоёрхон изидан ҳажга борган ва хонни кўрган кўплаб кишилар билан суҳбатлашган, хоннинг хориждаги ҳаётига оид тафсилотларни аниқлаган андижонлик Мулла Муҳаммад Умарбек берган маълумотларга асосланганини ҳисобга олсак, хоннинг Маккаи мукаррамагача бўлган сафар йўналиши ҳақидаги Исҳоқхоннинг фикрлари кўпроқ ишонарли, дейишга асос бор.
Худоёрхон ҳаж зиёратига бориш жараёнида ҳам, ҳаж арконларини адо этгандан кейин ҳам унинг бошига кўп мусибатлар тушади. Ҳавоий-Умидий «Мактубчаи хон» достонида Худоёрхон ўз жамғармасидан 50000 сўм олиб, йўлга тушганини, Маккага бориш йўлида маблағининг барини ўғрига олдиргани, фақат битта олтин соатигина қолганини рақам қилса, «Туркистон вилоятининг газети» 1878 йил 21 июндаги сонида: «Шералихоннинг (Афғонистоннинг ўша вақтдаги амири) Кобулдан юборган фармойиши бўйича, Худоёрхоннинг қўлидаги барча пулларини олиб, ўзини Эрон мамлакатига ўтказиб юборибдур», дейилган. Бу маълумотларнинг қайси бири тўғри бўлганида ҳам, ҳарқалай Худоёрхон ҳажга бориш вақтида ўзи ва ҳамроҳларининг тирикчилиги учун зарур бўлган асосий маблағидан маҳрум этилган. Лекин хонга садоқатиданми ёки унга раҳми келганиданми, Бўмбайда истиқомат қилаётган фарғоналиклар унга 1000 рупий пул жамлаб бериб, ҳаж йўлига солиб юборганликларини Исҳоқхон Ибрат илгарироқ айтганимиз Мулла Муҳаммад Умарбек ҳожи тилидан баён этади.
Йўл-йўлакай ўзининг ҳамюртларидан ҳожи Муҳиддин Бухорий, ҳожи Юсуфали Марғиноний, Қори Абдулҳаким Марғиноний, ҳожи Содиқ Конибодомий ва бошқалар билан учрашиб, улардан илтифот кўрган хон Жидда орқали Маккаи мукаррамага етиб олади. Ҳаж рукнларини адо этиб, ҳаж муддати тугагандан кейин яна бошига кетма-кет кулфатлар тушади. Маккада, ҳарам яқинидаги эски бир ўрдада ҳожи Шаҳид Калон эшон Намангоний ва унинг солиҳ фарзандлари Юсуфхон тўра ҳамда Омон халифа билан биргаликда истиқомат қилиб, ҳар куни беш вақт намозни ҳарамнинг ўзида адо этиб юрган кезида илгари хоннинг Наманган тарафдаги солиқ йиғувчиларидан бўлган ва эгри қўлликда айбланиб, мол-мулки мусодара этилиб, хонлик ҳудудидан бадарға қилинган Содиқ саркор Ортиқ саркор ўғли ўч олиш ниятида атайлаб Худоёрхон орқасидан келиб, катта бир тош билан уриб, икки тишини синдиради.
Бу иш юзасидан тергов бўлиб, айбдорни 4 йил қамоққа ҳукм қилаётганларида хон «менинг даъвом йўқ», деб унга бериладиган жазони кўп жиҳатдан енгиллаштиришга эришади.
Худоёрхон Маккада яна бир мунча муддат истиқомат қилгач, унинг билагига ёмон яра чиқади. Бу ҳақда хоннинг ўзи кейинчалик фон Кауфманга ёзган мактубида аниқ маълумот беради: «Бир неча вақтлардан сўнг Маккада қўлимизга бир жароҳат чиқди ва бу жароҳатдин дўхтири Макка бир неча гўштларни кесиб олди ва яна олти ой Маккада турдук. Жароҳат яхши бўлмади. Ва яна бир неча одамлар сўзларики, Ҳиндустонда кўп яхши дўхтурлар бор, дедилар. Ул сабабдин Бўмбайга келдук. Дўхтири инглис жароҳатни кўрди, дорию дармон қилди. Муддати беш ой Бўмбайда турдук. Жароҳат яхши бўлди». Демак, қўлига чиққан яра азобини хон бир йил чамаси тортган, сўнгра ундан фориғ бўлган.
«Ана шу яра чиқишидан олдинги ва жароҳат тузалганидан кейинги қайси муддатларда Худоёрхон қаерда бўлган ва қандай ишлар билан шуғулланган?», деган савол келиб чиқади. Бу ҳақда маълумотлар кам учрайди ва уларнинг зидлиги кўзга ташланади. Шунга қарамай, уларни таҳлил этишга ва баъзи хулосалар чиқаришга уриниб кўрамиз. Чунки бу маълумотларнинг муайян қисми Худоёрхон, аввало, Бўмбайга, ундан Англияга, қиролича Виктория ҳузурига қандай борганлиги ва бу ишнинг оқибатлари билан бевосита боғлиқдир.
Синхрон жадвалга кўра, ҳаж мавсуми 1877 йили 16 декабрдан, 1878 йили эса 5 декабрдан бошланган. 1877 йилги ҳаж мавсумига етиб бориш учун Худоёрхон ихтиёрида 45 кун муддат бўлган. Бу муддат ичида ҳам хон бемалол Маккаи мукаррамага етиб бориши мумкин эди, деб ўйлаймиз.
Аммо, бир тарафдан, «Туркистон вилоятининг газети»да 1878 йил 21 июлда босилган хабарда хоннинг ҳаётига оид анча тафсилотлар берилганига қарамай, унинг олдинги йили ҳажда бўлганлиги хусусида ҳеч нарса дейилмайди. Иккинчидан, Умидий-Ҳавоий Худоёрхоннинг императорга, Туркистон генерал-губернаторига, шунингдек, фарзандларига ёзган хатларини Истанбулга келтириб, Россия элчихонасига топширган. Оға Абдураҳим 1878 йили ҳаж зиёратига борганида, Жиддада хон билан учрашгани ҳақида ёзади. Бинобарин, хон 1878 йили Маккаи мукаррамани ва Мадинаи мунавварани зиёрат қилиб, Маккадаги ҳарам яқинида яшаётган даврдан бошлаб фожиали ҳодисаларни бошдан кечиради. Ҳаж мавсуми 1878 йили декабрнинг иккинчи ярмигача давом этганини ҳисобга олсак, хон ҳарам яқинида Содиқ саркор томонидан икки тиши синдирилгач, бир-икки ой чамаси Содиқ саркор устидан қўзғатилган жиноий иш можароси билан овора бўлиб қолган, кейин билагига ёмон яра чиққач, олти ой чамаси Макка табиблари томонидан даволанган. Шифо топилмагач, Бўмбайга йўл олгунича у ерда беш ой даволангани, ундан Ироқда маълум муддат яшаганини ҳисобга олсак, Худоёрхон Ҳиндистонга 1879 йили борганлиги ҳақидаги архив материалларига тўла ишониш керак бўлади.
Зотан, Оренбург генерал-губернатори Крижановский ҳузуридаги хос ходим, ҳақиқий давлат маслаҳатчиси Бекчурин 1880 йил 14 январда фон Кауфманга ёзган мактубида ўша кунларда Маккадан Ўрта Осиёга, ўз юртларига қайтиб келаётган баъзи зиёратчилар Худоёрхонни яқинда Бўмбайда кўрганликларини, у номини ўзгартириб, бошқа ҳожилар билан биргаликда Жиддадан денгиз орқали ўтиб, Ҳиндистонга борганини айтганлари хусусида маълумот беради. Мактуб охирида: «Улар (ҳожилар) Бўмбай орқали ўтишган ва менга айтишларича, Худоёрхонни шахсан кўришган, унинг ҳузурида Фарғона вилоятидан кетган 11 нафар қўқонлик ҳам бор экан», дейилади.
Бекчурин инглизлар Худоёрхонни ўз ҳомийликларига олиб, Бўмбай яқинидан жой беришибди ва улар Афғонистонни босиб олгудек бўлсалар, уни шу юртга вассал қилиб тайинлаб, Кобул шаҳрига жўнатмоқчи эканликлари ҳақидаги хабарни ҳам ўша ҳожилардан эшитганлигини маълум қилади.
Мактубни олган фон Кауфманни Худоёрхоннинг Афғонистон тахтига Англиянинг вассали сифатида чиқарилиш эҳтимоли жилла ҳам ташвишга солмайди, шекилли. У мактубни қабул қиладию Петербургдаги тегишли амалдорлар билан ёзишмалар олиб бориш орқали Бекчурин маълумотлари ҳақиқатга қанчалик мувофиқлигини аниқлашга шошилмайди.
Орадан саккиз ой ўтгач, фон Кауфман ҳузуридаги хос ходим ҳақиқий давлат маслаҳатчиси Мирза Ҳаким Умидов (генерал-губернатор идораси ходимлари уни Карл Карлович деб атаганлар) томонидан берилган ёзма маълумотномани олгач, генерал-губернатор жиддий хавотирга тушади ва пойтахт идоралари ила зудлик билан алоқа боғлайди. Зотан, Умидовнинг маълумотномаси Қўқон хонлигини қайта тиклаш ва тахтга Худоёрхоннинг ўзини ёки фарзандларидан бирини чиқариш йўлида жиддий ҳаракат борлигидан далолат берарди.
Тадқиқотчилардан атиги бир киши, яъни Акмал Акрам 1992 йили «Туркистон» газетасида босилган мақоласида Умидовнинг маълумотномасига мурожаат этиб, унинг баёнини берган.
Лекин бу баёнда жиддий ноаниқлик ва хатоларга ҳам йўл қўйилган. Чунончи, Бағдодда яшаётган Худоёрхоннинг 300 тилла қарзини Бўмбайдаги бир савдогар воситасида ҳоким томонидан юборилган одам тўлаб, хонни ўзи билан бирга Бўмбайга олиб кетганлиги ҳақидаги воқеа А.Акрам баёнида гўё Худоёрхон 300 тилла қарз эмас-у унинг олдига Бўмбайдан одам юборган савдогар хондан қарздор эди, тарзида берилади. Умидов маълумотномасидаги хоннинг Россияда таълим олаётган ўғли тўғрисидаги қайдни изоҳлар экан, А.Акрам бу ўғилни Ўрмонбек деб кўрсатади. Ваҳоланки, бу ерда гап хоннинг 1875-1880 йиллар орасида Владимирда сургунда яшаган ўғли Насриддинхон ҳақида бормоқда. Ўрмонбекка келсак, у 1875-1879 йиллар орасида хоннинг севикли хотини Оғача ойим ва унинг ўғли Фансуруллобек билан биргаликда Туркистон шаҳрида яшаб, сўнгра Тошкентга кўчиб келиб, орадан оз вақт ўтгач, оғир сил касалидан вафот этгани ўша давр манбаларида аниқ акс эттирилган.
Ана шу ва бошқа баъзи камчиликларни ҳисобга олиб, Умидов маълумотномасининг Республика Марказий архивида сақланаётган тўла матнини келтирмоқчимиз:
«Оренбургдан қочганидан сўнг Худоёр Кобул орқали Бағдод шаҳрига борган ва муқаддас жойларни зиёрат қилгач, яна шу шаҳарга қайтиб, анча узоқ муддат унда яшаган. Бўмбайда яшаб турувчи бир қўқонлик савдогар Бағдодга махсус одам юбориб, илтижо қилгани сабабли Худоёр ўша махсус юборилган одамга ўзининг 300 тилла (кумуш ҳисобида 1200 сўм) қарзини тўлаттириб, шу йил бошида Бўмбай шаҳрига жўнаган. Шаҳар ҳокими томонидан иззат-икром билан кутиб олинган Худоёр ҳоким фармойишига кўра аввалдан ўзи учун тайёрлатиб қўйилган бинога келиб тушган, ҳоким уникига ташриф буюрган. Бу учрашув чоғида Худоёр шаҳар ҳокимига Россия ҳукумати устидан шикоят қилган ва қудратли Англиядан ҳомийлик ҳамда ҳимоя кутаётганини айтган. Ҳоким марказий ҳукуматга маълум қилганидан сўнг Худоёр Лондонга жўнатилган ва у ерда ўз шахсига зўр қизиқиш ва ўз аҳволига ҳамдардликни кўрган. Саройда ўтказилган расмий қабул маросимида собиқ хон қиролича Виктория ҳузурида Россия ҳукуматига кескин норозилик билдириб, тахминан қуйидаги сўзларни айтган:
Хонликдаги тартибсизликлар туфайли русларнинг ҳузурига ўз ихтиёри билан келганида руслар зўравонлик билан уни эркидан жудо қилишган, яшаш учун Оренбургга жўнатишган, сўнгра Худоёрхонга тобеъ хонликни асоссиз равишда эгаллаб олишганки, бу эрксизликдан у қочиб кетган ва ҳуқуқлари поймол этилгани учун ўзини ҳимоя қилишни ҳамда ҳақ-ҳуқуқларини қайта тиклашни Британия ҳукуматидан ва куч-қудрати ҳамма ёққа машҳур ажойиб қироличадан илтижо қилади. Худоёрхоннинг бу қатъий норозилиги ҳазрати олиялари томонидан шу воқеа юзасидан махсус тайинланган мажлисда хорижий давлатларнинг 12 нафар вакили иштирокида тингланган.
Юқорида айтилган маънодаги ўз қатъий норозилигининг далили сифатида хон учта ҳужжатни тақдим этган (ҳужжатлар қай мазмунда эканлиги маълум эмас). Шу масала юзасидан Сенат ва Петербург кабинетлари орасида музокаралар олиб борилган ва Худоёрнинг кескин норозилигига Россия ҳукумати қуйидагича тушунтириш берган эмиш: Худоёр хонлик лавозимидан ўз халқи томонидан маҳрум этилган. У хонлик ҳудудидан руслар ҳузурига бошпана сўраб келган, шунинг натижасида, яшаш учун Оренбургга юборилган, у ердан номаълум жойга яширинган. Унинг ўғли юқори лавозимларга мўлжалланган турк шаҳзодалари чет элларда таълим олаётганлари сингари Россияда тарбияланмоқда. Британия ҳукумати Петербургнинг бундай жавобидан қониққанми-йўқми, маълум эмас. Лекин Англия қироличаси музокаралар орқали ёки Британия қуролли кучи билан Худоёрга ёки унинг ўғилларига хонлик мавқеини тиклаб беришни ваъда қилган.
Эркалатилган ва тўла умидлантирилган Худоёр Лондондан Бўмбайга қайтиб келиб, ҳозирда ўзига ҳукумат томонидан ажратилган бинода яшамоқда. Инглизлар хазинасидан оладиган ойлигидан ташқари яна ҳар кеча-кундуз учун 60 рупийдан олмоқда.
Баён этилганларни маълум қилар экан, бўмбайлик савдогар Бўмбайдан уч ой илгари йўлга чиққанини ва ўзи берган маълумот маҳаллий вақтли матбуотда Британиядан олинган янги хабарлар сифатида чоп этилганлигини қўшимча қилди.
Умидов, 19 сентабр 1880 йил, Тошкент».
Умидов маълумотномаси ҳошиясида фон Кауфманнинг ўша йил 24 сентябрдаги резолюцияси бўлиб, унда шу фактларни текшириб кўриш буюрилган.
Орадан яна икки ой ўтгач, Туркистон генерал-губернатори Россия ташқи ишлар вазири Н.К.Гирсга шу маълумотнома юзасидан қуйидагича хат ёзади:
«Менинг фармойишимда тургувчи ҳақиқий давлат маслаҳатчиси Умидов яқинда Қўқонга Бўмбайдан келган савдогарлар томонидан ўзига маълум қилинган собиқ Қўқон хони Худоёр ҳақидаги маълумотларни менга тақдим этди.
Жаноб Умидов ёзма баёноти нусхасини юборар эканман, Сиз олий ҳазратдан, Худоёрхон хусусида Англия ҳукумати билан қандайдир ёзишмалар бўлганми-йўқми эканидан, шунингдек Сиз олий ҳазрат жаноб Умидовнинг эслатилган маълумотида кўрсатилган баъзи фактларни, чунончи, Худоёрхоннинг Лондонга борганлиги, у ерда кутиб олинганлиги, шунингдек, Худоёрхоннинг Бўмбайдаги ҳозирги аҳволи (агар у чиндан ҳам Бўмбайда бўлса) ҳақидаги фактларни текшириб кўриш мумкинми эканидан мени бехабар қолдирмаслигингизни ўтиниб сўраш шарафига нойилман», деб ёзгач, «Собиқ Қўқон хони Худоёр ҳақида ҳақиқий давлат маслаҳатчиси Умидов томонидан билдирилган маълумотлар» дея биз юқорида келтирган маълумотноманинг тўла матнини илова қилади.
Хуллас, Англия ҳукумати билан собиқ Қўқон хонининг муносабатларига Туркистон генерал-губернатори дарҳол қизиқиб қолади ва ундаги энг муҳим нуқталарни Петербургдаги шу соҳага мутасадди йирик амалдорлар орқали аниқлаш тараддудига тушади.
Лекин шуниси ҳам борки, Республика Марказий архивидаги генерал-губернаторлик фондида фон Кауфманнинг бу мактубига Н.К.Гирс томонидан берилган жавоб хатига дуч келмадик. Бунинг сабаби аниқ эмас. Балки император аъёнлари бу гапнинг шов-шувга айланиб кетишидан чўчигандир, балки жавоб келгану бирор сабаб билан йўқолган ёки бирор киши билмас бурчакда сақланиб ётгандир. Ҳарқалай, шамол бўлмаса, дарахтнинг шохи қимирламаганидек, Умидов маълумотномасида камоли жиддият билан билдирилган бу воқеаларнинг мустаҳкам асоси бор.
Худоёрхондан бир неча йил аввал Бухоро хонлиги ҳукмфармоси амир Музаффар ҳам ўз юртини рус босқинчиларидан озод этишда ёрдам беришни сўраб Англия ҳукуматига мурожаат этганлиги тарихдан маълум. Лекин амир Музаффар қиролича Викторияга эмас, балки Буюк Британиянинг Ҳиндистондаги олий комиссарига Аббосхожа деган одамни элчи сифатида юборган ва у орқали ўз махфий мактубини ҳам жўнатган эди. Мактубда, жумладан, қуйидаги гаплар ёзилган: «… бир гуруҳ рус тоифасидаги одамлар бу ерни (Бухоро амирлиги ҳудудларини демоқчи) ўз тасарруфига олишга киришдилар ва икки томон ўртасида жанг бошланди. Ислом аҳли уруш маҳоратининг етишмаслиги туфайли босқинчиликка қарши чиқа олмади ва натижада айрим қитъаларни руслар босиб олдилар, тақдир тақозоси билан у ерлар рус қўли остига ўтиб қолди… Ҳозирги вақтда Ислом аҳли руслардан қутула оладилар ва халқ манфаати йўлида ёрдам сўраб, Сизга мурожаат этадилар. Ҳозир ҳар бир ҳаракат қулай вазиятга боғлиқ… Сиз бизнинг истакларимизни қабул этиш билан халқимизнинг манфаатларини инобатга олган бўласиз».
Форс тилида битилган бу мактубни ўзбекчага ўгириб, факсимиле билан бирга «Тафаккур»нинг 1999 йил 1-сонида эълон қилдирган профессор Н.Исматуллаев хатни 1870 йилга мансуб деб ҳисоблайди. Аммо мактубга ҳеч қандай жавоб ҳам, Британия империяси билан Бухоро амирлиги муносабатларида бирор ижобий ўзгариш ҳам бўлмайди.
Хўш, бунинг сабаби нимада? Нега Бўмбайда ҳам, Лондонда ҳам собиқ Қўқон хонини дабдабаю асъаса билан кутиб олган, унга дунё-дунё ваъдалар берган инглиз ҳукмдорлари Бухоро амирига номига бўлса ҳам бир дипломатик мактуб юборишни лозим кўрмайдилар?
Бизнингча, бунинг сабаби анча илгарига, амир Музаффарнинг отаси амир Насрулло Бухоро хонлигида ҳукмфармолик қилган ХIХ асрнинг 40-йиллари бошига бориб тақалади. Россия императори Николай I 1842 йили Амир Насрулло Қўқон хонлигини босиб олиб, бутун хонлик ҳудудларини амирликнинг бир қисми дея эълон қилиб, Қўқонга Иброҳим хаёл деган нўноқ бир кишини ноиб қилиб, тайинлаганида уни табриклаб, хос элчи орқали мактуб жўнатгани, амирнинг қўлтиғига сув пуркаб, унинг яна ҳам ҳаддан ошишига сабабчи бўлганлиги маълум. Шундан сўнг амир Насрулло Россия империясига хуш ёқадиган ишларни қила бошлаган бир пайтда, яъни 1842 йилнинг иккинчи ярмида Англия ҳукумати Ўрта Осиёдаги уч хонликнинг Россияга тобеъ қилиниши олдини олиш тадбирини кўради.Бу тадбир хонликларнинг ҳар учовини ҳам Россия босқинига қарши курашда ҳамжиҳат қилишни, энг замонавий қуроллар билан таъминлаб, ундан кейин урушга киритишни кўзда тутар эди. Шу мақсадда Англия йирик ҳарбий мутахассислар бўлмиш полковник Стоддарт ва капитан Коннолини махфий вакил сифатида Ўрта Осиёга юборади. Англиялик вакиллар Қўқонда Шералихон ва Хивада Аллоқулихон билан учрашиб, уларга Лондоннинг режаларини маъқуллатадилар. Бироқ Бухорога борганда иш чаппасидан кетади.
Суратда: Худоёрхоннинг ўғиллари: Муҳаммад Аминбек (олдинги қаторда, чапда иккинчи), Ибн Яминбек (иккинчи қаторда, чапдан учинчи), Сайид Умарбек (чапдан тўртинчи), Фансуруллобек (чапдан охирги), ва жияни Назирбек (олдинги қаторда, чапдан иккинчи). Қолганлари неваралари.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2004 йил 48 ва 50-сонидан олинди.
ХОН ВА ЎҒИЛЛАРИ ФОТОЛАРИ
Қўқон хони Худоёрхон
Худоёрхоннинг тўнғич ўғли Насридинбек
Худоёрхоннинг кичик ўғли Муҳаммад Аминбек
Sharif Yusupov
XONNING SO’NGGI ILINJI
udoyorxonning Angliyada, qirolicha Viktoriya huzurida bo‘lgani, xonlik taqdiri borasida u bilan muzokaralar olib borgani haqidagi hujjatlardan xabardormisiz? Bu xon uchun Vatanni mustamlakachilardan asrab qolishning so‘nggi chorasi edi. Xudoyorxonning bu yo‘lda chekkan zahmatlari ozmuncha edimi?
Uning taxtga uch marta — 1845, 1862 va 1865 yillarda chiqib, yigirma besh yil chamasi mamlakatni boshqarganligi ko‘pchilikka ayon. Xudoyorxon ilk bor 1858 yili akasi Mallaxon tomonidan, so‘ngra 1863 yili mashhur Alimquli tarafidan taxtdan judo qilingan. Uch yildan ortiqroq muddat taxt sohibi bo‘lgan Mallaxon 1862 yil boshida bir guruh saroy a’yonlari tomonidan o‘ldiriladi. Alimquli 1865 yili Toshkent shahriga bostirib kelgan rus askarlari tomonidan, u taxtga o‘tqazgan yosh Sulton Saidxon esa Buxoro amiri Muzaffar farmoyishiga ko‘ra qatl etiladi. Toshkentda hayot-mamot janglari borayotgan bir pallada Xudoyorxon amir homiyligidan foydalanib, Qo‘qon xonligi taxtini uchinchi bor egallaydi. Shundan so‘ng 10 yildan ortiqroq muttasil hukmfarmolik qiladi.
Akasi Mallabekning Musulmonqulini yengishdagi jasoratiga tan bergan Xudoyorxon 1852 yildayoq xonlik taxtini unga taklif etgan, o‘zi uning xizmatida kamarbasta bo‘lishini aytgan. Lekin Mallabek xon taklifini qabul qilmagan, ukasini o‘z ra’yiga yurgizadigan ba’zi maslahatlar berish bilan kifoyalangan edi. Oradan besh yil o‘tgach, mamlakat hududlaridan birida yuz bergan tartibsizliklarni bostirish uchun qo‘shin bilan jo‘nab, o‘rniga vaqtincha Mallaxonni qoldirganida akasi darhol kuch to‘plab, hokimiyatni qo‘lga olishga qat’iy kirishadi. Bundan xabar topgan Xudoyorxon darhol Qo‘qonga qaytib, o‘z taxtini egallaydi. Mallabek Qo‘qondan qochib ketadiyu bir yil chamasi vaqt ichida ko‘p askar yig‘ib, xonlik taxtini egallaydi. Xudoyorxon esa Buxoroga qochib, 4 yil davomida taxtga qaytish ishtiyoqida zahmatli hayot kechiradi. Ikkinchi marta taxt qo‘ldan ketganidan keyingi muddat ikki yilni tashkil etib, bu davrda ham Xudoyorxon Buxoroda oldingi ayanchli hayotini davom ettirib, amir Muzaffarning barcha xo‘rliklariga chidab kun ko‘radi.
Lekin uchinchi, so‘nggi bor taxtdan ajralishning Xudoyorxon uchun qanchalar zo‘r fojia bo‘lganini so‘z bilan ifodalash qiyin. Xon taxtdan judo bo‘lishidan ikki-uch yil oldin qirg‘iz jamoalari orasidan Ishoq Hasan o‘g‘li degan bir nosfurush Samarqandda mullavachchalik qilayotgan, asli xon avlodlaridan bo‘lgan Po‘latxon nomidan taxt da’vosi bilan chiqadi va atrofiga ko‘p askar to‘plab, katta xavf tug‘dira boshlaydi. Xudoyorxonning katta fojiasi shundaki, uning eng ishongan lashkarboshilari Abdurahmon oftobachiyu Iso avliyogacha, Marg‘ilon begi lavozimidagi inisi Sulton Murodu farzandlari Nasriddin bilan Muhammad Aminbekkacha o‘z qo‘l ostilaridagi o‘n minglab askarlari bilan birin-ketin soxta Po‘latxon tomoniga o‘tib ketadilar. Xon uchun bundan ko‘ra dahshatliroq holni tasavvur etish qiyin. Xonni taxtni tashlab rus bosqinchilaridan panoh so‘rab borishga majbur etgan soxta Po‘latxon, aslida nosfurush Ishoq Hasan o‘g‘li esa, taxtga aslo munosib bo‘lmagan, o‘ta to‘pori, jallodtabiat odam edi. U taxtda o‘tirgan uch oycha muddat ichida shuncha odamning qonini to‘kdiki, unga zamondosh muarrixlar asarlarini, arxivlarda saqlanib qolgan hujjatlarni ko‘rganda kishining tepa sochi tikka bo‘lib ketadi. Masalan, Umidiy-Havoiy «Maktubchai xon» dostonida soxta Po‘latxon yosh go‘daklarni kundaga qo‘yib chopishga zo‘r bergani uchun uni «Zahhoki soniy» deb ataydi. Xudoyorxonning soxta Po‘latxon kundasiga qo‘yilib chopilishdan arang qutulgan o‘g‘li Ibn Yaminbek «Turkiston viloyatining gazeti»da chop etilgan tarjimai hol asarida bu qonxo‘r yaqindagina u bilan yonma-yon turib, akasi Xudoyorxonni taxtdan ag‘darish uchun kurashgan hamtovog‘i Sulton Murodbekning o‘zinigina emas, balki uning hali balog‘atga yetmagan olti o‘g‘lini, shuningdek, xonning biri uch yashar, ikkinchisi to‘rt yashar go‘daklarini ham qilichdan o‘tkazganligini cheksiz alam bilan yozadi.
Xonlikni bosib olishda alohida «fidoyilik» ko‘rsatgan general-mayor Skobelov 1875 yil 4 noyabrda fon Kaufmanga bergan ma’lumotlarni o‘qisak, soxta Po‘latxonning yuqoridagi ishlari ham holva bo‘lib qoladi:
«Po‘latxonni haddan tashqari shafqatsiz va o‘jar odam demoqdalar. Aytishlaricha, Po‘latxon bir mo‘‘tabar odamni o‘ldirmaslikni iltimos qilgani uchun hatto o‘z otasini qatl etishga buyuribdi (Respublika Markaziy arxivi, 715-jamg‘arma, 1-qayd, 65-ish, 38-sahifa)».
Ana shularning hammasidan keyin bu jallodlar jallodini «xalq ozodlik harakati rahnamosi» shohsupasiga ko‘tarib, u haqda risola chop ettirayotgan, hatto unga qahramon sifatida maqtovlar aytayotgan ba’zi tarixchilarimizning haqiqatga zid ishlari kishini ajablantiradi. Shunisi ham borki, «O‘zbekistonning yangi tarixi»da: «vatan ozodligi uchun jon olib, jon bergan xalq qahramoni, istiqlol jangchisi» deya ko‘klarga ko‘tarilgan soxta Po‘latxon ezgu maqsadlar uchun so‘nggi nafasigacha kurashgan fidoyi shaxs emasdi, aslo. Buni shundan ham bilsa bo‘ladiki, u rus bosqinchilariga taslim bo‘lish maqsadida 1876 yil 18 yanvarda Rossiya hukumatining Xo‘janddagi hokimi baron Nolde huzuriga Mir Badal oxund boshchiligida 14 kishidan iborat elchilarni yuboradi. Nolde ularni Toshkentga jo‘natadi. O‘sha kunlarda Peterburgda bo‘lgan fon Kaufman buyrug‘iga ko‘ra soxta Po‘latxon elchilari Qo‘yliqda to‘xtatilib, ular bilan hech qanday rasmiy uchrashuv o‘tkazilmay, orqasiga qaytarib yuboriladi (Respublika Markaziy arxivi. 1-jamg‘arma, 34-qayd, 327-ish, 7-11- sahifalar)».
Xullas, Xudoyorxon taxti uni tortib olganlarning hech biriga vafo qilmadi. Ularning hammasi oradan biroz vaqt o‘tgach, taxtga ko‘z tikkan boshqa da’vogarlar tomonidan qatl etildi.
Ma’lumki, Toshkent uchun hayot-mamot janglari borayotgan bir pallada Xudoyorxon amir Muzaffar homiyligidan foydalanib, xonlik taxtini uchinchi marta egallaydi. Shundan keyin o‘n yildan ortiq muttasil hukmronlik qiladi. Xuddi ana shu davrda chor askarlari xonlikning Xo‘jand, Buxoro amirligining Jizzax, O‘ratepa singari g‘oyat muhim ijtimoiy-iqtisodiy viloyatlarini bir yilning o‘zida, ya’ni 1866 yili bosib oladilar.
Ana shu bosib olingan viloyatlar hisobiga kengayib ketgan Turkiston gubernatorligi 1867 yilga kelib, general-gubernatorlikka aylantirildi, general-ad’yutant Konstantin Petrovich fon Kaufman o‘lkaning bosh hukmdori sifatida ish boshladi.
Xudoyorxon xonligining uchinchi muddatida qariyb 8 yil mobaynida ana shu o‘ta shafqatsiz va ilonning yog‘ini yalagan general-gubernator bilan murosayu madora yo‘llarini izlab, g‘oyat qaltis sharoitda saltanatni boshqarishiga to‘g‘ri keldi. Fon Kaufman Xudoyorxonga qanday munosabatda bo‘lganini ko‘rsatuvchi ba’zi arxiv hujjatlarini keltiraylik. 1867 yil yozi oxirida general-gubernatorlik faoliyatini boshlagan fon Kaufman dastlabki oylardayoq Qo‘qon xonligi bilan munosabatlarini «xo‘ja ko‘rsin»ga yaxshilash payiga tushadi. Shu maqsadda oktyabr va noyabr oylarida Xudoyorxonga bir necha maktublar yo‘llab, ularda o‘zining Turkiston o‘lkasiga bosh hokim bo‘lib kelganini, Rossiya imperatori Aleksandr II unga qanday huquq va imtiyozlar berganligini ma’lum qilgach, eng yaqin qo‘shni mamlakat bo‘lmish Qo‘qon xonligi bilan general-gubernatorlik o‘rtasidagi asosiy masalalarni hal etish uchun nufuzli elchilar yuborishni taklif etadi. Shu munosabat bilan 3 dekabr kuni xonlikdan kelgan elchilarni tantanali qabul etish chog‘ida Kaufman ularga: «yuqori martabali Qo‘qon xoni kabi keyingi yillarda Rossiya bilan do‘stona munosabatlarga sodiq bo‘lganlar biz bilan qo‘rqmasdan ish olib borishlari va xotirjam bo‘lishlari mumkin» desa (Respublika Markaziy arxivi, 715-jamg‘arma, 1-qayd, 35-ish, 292-sahifa), 1868 yil 29 yanvarda Xudoyorxonga nihoyatda xotirjam qiluvchi va’dalar berib, shunday yozadi: «Bizga qo‘shni davlatlarda xonlar bilan xaloyiq o‘rtasida nizolar chiqishiga buyuk rus podshohi hech qachon yo‘l qo‘ymaydi».
Shundan so‘ng 1868 yil qish faslida Mirza hakim parvonachi boshliq elchilar Peterburgga boradilar, imperator ularni shaxsan qabul qiladi hamda o‘z nomidan Xudoyorxonning faoliyati maqtalgan maktub yo‘llaydi.
1870 yilga kelib Rossiya bosh vaziri knyaz Gorchakov bilan Xudoyorxon o‘rtasida yozishmalar bo‘lib turadi. Shu davrlarda Qo‘qon xoniga imperator oilasidagi eng nufuzli kishilarga beriladigan «Svetloy» unvoni beriladi, javohir yulduzli birinchi darajali Stanislav ordeni bilan siylanadi.
1871 yil 24 martda fon Kaufman Xudoyorxonga yozgan maktubida: «Siz «oq podshoh»ning buyuk homiyligida ekansiz, Sizning har bir do‘stingiz bizning do‘stimiz, har qanday dushmaningiz esa bizning yovimiz bo‘lib qoladi», deya juda katta va’da berib yuborgan edi (715-jamg‘arma, 1-qayd, 45-ish, 344-sahifa).
1872 yil boshida Qo‘qon xonligi taxtining valiahdi shahzoda Nasriddinbek Toshkentga kelganida uning sharafiga berilgan ziyofatda fon Kaufman Xudoyorxonni G‘arbga borib, ko‘p narsalarni o‘rganib qaytib kelgach, o‘z mamlakatini bir necha pog‘ona yuksaklikka ko‘tara olgan Petr I ga o‘xshatgan, «Yashasin Xudoyorxon!» deya qadah ko‘targan va eng to‘g‘ri yo‘ldan borayotgan rahnamo sifatida rosa ulug‘lagan edi (1-jamg‘arma, 34-qayd, 45-ish, 119-120-sahifalar).
Lekin oradan bir necha yil o‘tib, Qo‘qon xonligida toj-taxt talashuvlari xalq boshiga og‘ir kunlar keltirib, Xudoyorxon hal etish mumkin bo‘lmagan muammolar girdobida qolganida fon Kaufmandan yordam so‘rar ekan, generalgubernator unga «nasihat» qilishdan nari o‘tmaydi. Soxta Po‘latxon qo‘shinlariga bas kelolmagan Xudoyorxonga Toshkentga kelishni buyurib, uni qo‘riqlab kelish uchun 60 kishidan iborat kazak askarlarini yuborgan fon Kaufman xonning barcha qarshiliklariga qaramay, poytaxt Peterburgga borib imperatorning o‘zi bilan masalangni hal qilasan, deya aldab, majburan jo‘natib, Orenburg general-gubernatori Krijanovskiy tomonidan ushlab qolinib, huquqsiz mahbus sifatida ikki yildan ortiq afsus-nadomatda kun kechirishiga erishadi.
Fon Kaufman shu voqeadan so‘ng imzo chekkan ikki hujjat uning naqadar munofiqlik bilan ish tutganidan dalolat beradi va haqiqiy qiyofasini ko‘z oldimizda gavdalantiradi.
Xudoyorxon taxtni tashlab, Xo‘jandda yashayotgan kunlardayoq fon Kaufman o‘z niqobini yirtib tashlaydi va xonlik taxtiga o‘tirganiga besh kungina bo‘lgan Nasriddinxonga bunday deb yozadi: «Sizga ma’lumdirki, uzoq yillar davomida do‘st bo‘lishimga qaramay, men hech qachon uning (otangizning demoqchi — qavs ichidagi barcha izohlar muallifniki) xatti-harakatini ma’qullagan emasman» (O‘zbekistonning yangi tarixi, 1-jild, 156-bet).
Xudoyorxon Peterburgga borish umidida safarga chiqqach, oradan o‘n kun o‘tiboq fon Kaufman Qo‘qon xalqiga yozgan murojaatnomasida: «Sizlarning sobiq xoningiz Xudoyorni men Peterburgga jo‘natdim. Endi u sizlarga xon bo‘lmaydi» degan so‘zlarni bitadi (715-jamg‘arma, 1-qayd, 63-ish, 46a-sahifa).
Mana shu gaplardan keyin o‘quvchida Kaufman Xudoyorxonning xatti-harakatlarini hech qachon ma’qullamagan bo‘lsa, nega endi unga oliy darajadagi unvon va orden berilishini so‘rab, poytaxtdagi eng yirik amaldorlarga qayta-qayta yozma ravishda murojaat qildi va bunga erishdi? Qolaversa, Orenburgda tutib qolishni oldindan rejalashtirgan general-gubernator Xudoyorxonni ham, xonlik fuqarolarini ham u Peterburgga jo‘nadi deb ishontirishi, hatto xon Peterburgga ketdi, deb gazetada bostirishi nega kerak bo‘ldi, degan savollar tug‘ilishi tabiiy. Bu nihoyatda chigal savollarning javobi Turkistonning o‘sha vaqtdagi bosh hukmdori vijdoniga havola.
Qo‘qon xonligidagi taxt uchun kurashlar kuchaygandan-kuchayib, Xudoyorxon soxta Po‘latxonning va uning yoniga qo‘shilgan eng yaqin kishilarining hujumlariga bardosh berolmay qolgan 1875 yil iyul oyi ikkinchi o‘n kunligida xonlikni himoya qilish uchun fon Kaufmandan harbiy yordam so‘rashga majbur bo‘ladi. Biroq xonlikning butun hududini bosib olishni ilgaridan rejalashtirib yurgan Turkiston general-gubernatori bu qulay vaziyatdan foydalanib qolish uchun, avvalo, xonning o‘zini Toshkentga chaqirish, uni hiyla-nayrang yo‘li bilan Rossiya ichkarisiga jo‘natish va shundan so‘ng bu qo‘shni mamlakatga qarshi harbiy yurish boshlashni maqsad qilib oladi. Fon Kaufman go‘yo Xudoyorxonni uning dushmanlari hujumidan omon saqlash uchun 60 kishidan iborat kazak askarlarini yuborib, unga Toshkentga kelishni taklif etgan. Zotan, «Turkestanskie vedomosti»ning 1875 yil 5 avgustdagi 31-sonida: «Sobiq Qo‘qon xoniga Xo‘janddan Toshkentga ko‘chib kelish taklif etildi», degan so‘zlar bitilgan edi. Haqiqatan ham, gazetada yuqoridagi so‘zlar e’lon qilinishidan avvalroq, ya’ni 24 iyulda Xudoyorxon fon Kaufman maslahatiga ko‘ra o‘z oilasi, yaqin a’yonlari va bir guruh soqchi askarlari bilan Xo‘jandga kelib, shu yerda o‘n kun chamasi yashab turgan. Fon Kaufmanning qora niyatlaridan bexabar Xudoyorxon general-gubernator taklifiga ko‘ra Toshkentga kelayotganida ko‘p yillar davomida xonga oltin tog‘lar va’da qilgan o‘z valiyne’matidan haqiqiy najot topishni, bu yerdan rus qo‘shinlari va dahshatli to‘p-to‘pxonalari bilan Qo‘qonga qaytib, taxtni yana egallashni niyat qilgan, chamasi. Avvallari ikki bor taxtdan tushib, ikki bor taxtga o‘tirib, hayotning past-balandini ko‘p ko‘rgan xon Toshkentdagi eski qadrdonlariga uchrab, fon Kaufman bilan qanday muomala qilish haqida maslahat olish uchun o‘z xufiyasi Orif rikobni barvaqt Sayid Azimboy oldiga jo‘natadi. Toshkentliklar maslahatini Orif rikob Xo‘janddan chiqib Toshkentga kelayotgan xonga yo‘lda yetkazadi.
«Turkiston viloyatining gazeti»: «Xo‘qandning xoni Xudoyorxon Turkiston general-gubernaturi general-adyutant fon Kaufmanning ruxsatlari bilan Xo‘jand shahridin chiqib, sakkizinchi ovg‘ustda Toshkand shahrig‘a keldilar», degan xabarni bosgan edi (19 avgust 1875 yil, 20-son).
Ne-ne umidlar bilan fon Kaufman huzuriga yetib kelgan Xudoyorxon boshi xarsangga urilgandek lolu hayron bo‘lib qoladi. Chunki Turkiston general-gubernatori uning katta harbiy kuch bilan yurtiga qaytib borib, taxtni qayta egallash orzusini sarob deb atab, «rusiya davlatidan katta nafaqa olib, shu mamlakat hududida yashash»ni taklif etgan edi.
Fon Kaufmanning hamma masala Peterburgga borib Rossiya imperatori bilan uchrashganidan keyin hal bo‘lajagi haqidagi nayrangiga uchgan xon sarxush holda bu taklifni qabul qiladi. Fon Kaufman Xudoyorxonni Peterburgga jo‘natganligi haqida rasmiy doiralarda qayta-qayta gapirib, aslida uni Orenburgda erksiz mahbus holatida tutib qolajagi haqidagi fikrni u kunlarda o‘z atrofidagi eng ishonchli kishilardan ham sir tutgandi. Xullas, hali ko‘nglida umid uchqunlari bo‘lgan Xudoyorxon Peterburgga, imperator huzuriga boraman, degan niyatda yo‘lga tushadi. Ammo ko‘nglining bir chekkasida Peterburgga ketyapmanu o‘z yurtimga qaytib kela olmasligim ham mumkin, degan mudhish xayol kezardi. Shuning uchun yo‘lni Turkiston shahriga burib, u yerda sevikli xotini Og‘acha oyimni, aziz farzandlari O‘rmonbek bilan Fansurullobekni ba’zi xizmatkorlar bilan birga qoldirib ketadi. Shundan so‘ng Peterburg yo‘lidagi eng katta shaharlardan bo‘lmish Orenburgga tushib, u yerning general-gubernatori Krijanovskiy bilan uchrashib, unga o‘z hol-ahvolidan xabar berish maqsadida shaharga kirib keladi. Biroq o‘sha kunlari Krijanovskiy shaharda yo‘q ekan. Uning mahkama xodimlari xonga general-gubernator shaharga qaytishini, kutish kerakligini qat’iy ravishda ta’kidlaydilar. Oradan bir necha kun o‘tgach, shaharga qaytgan Krijanovskiy xonni yuzda soxta tavoze bilan kutib oladi, ular bir-birlari bilan sovg‘a almashgan ham bo‘ladilar. O‘sha kunning ertasi yoki indiniga borib, Krijanovskiy Xudoyorxonni o‘z huzuriga chaqirib, unga poytaxtdan alohida ko‘rsatma kelguniga qadar Orenburgda yashab turishi zarur ekanini aytadi.
Avvalda Rossiyaga erkin mehmon sifatida borib, sayohat qilib, dam olib kelaman, deb o‘ylagan Xudoyorxon o‘zining erki yulib olinganini, yarim mahbus sifatida yashashga majbur ekanini endi tushunadi. Xonning erksiz kunlari boshlanadi, poytaxtdan o‘zi haqida qachon ko‘rsatma kelishini general-gubernator mahkamasidan so‘ray-so‘ray holdan toygan Xudoyorxon endi Orenburgdan hali-beri ketishi mushkul ekaniga ko‘nikib, shaharning Vodyanoy va Ataman ko‘chalari chorrahasida bir yog‘och uy sotib olib, o‘zi birga olib ketgan xotinlari, qarindosh-urug‘ va xizmatkorlari bilan birgalikda shu uyda yashay boshlaydi. Bu davrda Krijanovskiy xonni bir necha marta o‘z huzuriga chaqirib gaplashadi. Peterburg va Toshkentda Xudoyorxonning kelgusi taqdirini belgilab berishi mumkin bo‘lgan idoralar va amaldorlar bilan yozishmalar olib boradi. Xudoyorxon Krijanovskiydan o‘zini Peterburgga imperator huzuriga yuborishni iltimos qilgan edi. Uning bu iltimosi imperatorga yetkazilganida, general-ad’yutant graf Geyden Krijanovskiyga 1875 yil 27 sentyabrda: «Oliy hazrat o‘z irodalarini ma’lum qilib, Xudoyor Sankt-Peterburgga kelmasin, deya buyurdilar», mazmunida telegramma beradi (715-jamg‘arma, 1-qayd, 63-ish, 622-sahifa). Xudoyorxon o‘zining hajga borishiga ruxsat berishlarini iltimos qilgan edi. Shu munosabat bilan 1875 yil 6 noyabrda Rossiya harbiy vaziri Milyutin Krijanovskiyga: «hozir sharqda notinchlik bo‘lib turgan sharoitda Xudoyorxonni Makkaga chiqarib yuborish noqulay bo‘ladi, kechiktirish kerak», deb telegramma beradi (715-jamg‘arma, 1-qayd, 65-ish, 64-sahifa).
Peterburgga, imperator huzuriga borish niyati barbod bo‘lgach, Xudoyorxon Moskvada bir boy qarindoshi borligini, o‘shanikiga borib yashash orzusida ekanini ma’lum qiladi. Xonning bu maqsadiga imperator tomonidan mone’lik yo‘qday edi. Chunonchi, Bosh shtab boshlig‘i graf Geydenning Krijanovskiyga 1875 yil 21 noyabrda yozgan xatida imperator Xudoyorxonga mamlakatning Peterburg va Turkistondan tashqari hududlaridan yashash uchun o‘ziga joy tanlashiga ruxsat bergani aytilgan (715-jamg‘arma,1-qayd, 65-ish, 221-sahifa). Biroq ikki yildan ortiq davr mobaynida bu masala ham hal etilmaydi. Tashqi dunyodan butunlay ajratib qo‘yilgan xon Orenburgda diqqinafas bo‘lib yashayveradi. Ana shunday eng og‘ir bir vaziyatda Krijanovskiy odamlari unga xon to‘g‘risida chaquvlarni tez-tez yetkazib turar edilar. Keyinchalik Bo‘mbaydan Kaufmanga yozgan xatida Xudoyorxon: «Bir pora odamlarimizni tarafidin gubirnaturg‘a shikoyat qilibdurlarki: ot oldi va yana odam jam qilur, debdurlar. Bir necha odamlar ul tarafdin bizga xabar berdilarki, gubirnatur bahodir sizdin ko‘p ranjibdurlar, deb so‘zlandi… Nohaq so‘zlar bizning haqimizda so‘zlandi».
Ana shunday tang bir sharoitda 1877 yil 3 oktyabrga o‘tar kechasi Xudoyorxonning Orenburgdagi uyiga o‘g‘rilar tushadi. Yuqorida eslatilgan Bo‘mbaydan fon Kaufmanga xatida Xudoyorxon «Shu asnoda uyimizg‘a o‘g‘ri keldi va yana bir xafalik tushdi», deb yozadi. Xon uyiga o‘g‘rilar tushganligi o‘sha davr matbuotida ham o‘z ifodasini topgan. Masalan, «Turkestanskie vedomosti» o‘zining o‘sha yil 8 noyabrdagi sonida «Orenburgskiy listok»dan shu haqdagi xabarni ko‘chirib bosadi. Unda, jumladan, bunday deyilgan edi: «3 oktyabrda, kechasi soat birda, sobiq Qo‘qon xoni Xudoyornikiga ikki foytunda yovuz niyatli noma’lum kishilar kelib, hovlidagi eshikka tiralgancha, derazaning bitta oynasini ko‘chirganlar va kelganlarning biri derazadan ichkariga suqilib kira boshlagan, lekin Xudoyor hali uxlamay yotgan ekan, suqilib kirayotgan o‘g‘rini ko‘rgach, u yonidagi temir so‘yil bilan o‘g‘rini shunday qattiq urganki, derazada qon dog‘lari paydo bo‘lgan. Shundan so‘ng barcha o‘g‘rilar tiraqaylab qochib ketganlar. Ro‘y bergan bu hodisa yuzasidan tergov olib borilmoqda».
Shularning hammasidan so‘ng Xudoyorxon anchadan beri ko‘nglida saqlab yurgan Makkaga jo‘nash niyatini amalga oshirishga shitob bilan kirishadi. Ba’zi tadqiqotlarda aytilganidek, xon o‘zi bilan birga Orenburgga olib borgan ikki xotinini yurtiga, jiyani Akromxon to‘rani esa eng sevimli farzandi O‘rmonbekka qarab turish uchun Turkiston shahriga jo‘natadi, xizmatkorlarining ba’zilariga ham javob berib yuboradi, Orenburg bankida saqlanayotgan mablag‘idan 32 ming rublni olib, 3 mingdan ko‘prog‘ini «xo‘ja ko‘rsin»ga qoldiradi. O‘sha yilning 11 noyabrida uyidagi ikki xizmatkorga ovga ketayotganini aytib, qarindoshlari bo‘lmish Sultonxon va Nurmuhammad degan kishilar hamrohligida yo‘lga tushadi. Avvaldan kelishib qo‘yilgan Turdi yofis va Nurjon to‘rani yo‘ldan o‘zlariga hamroh qilishadi.
Tadqiqotchi A.Akram o‘sha safar vaqtida Xudoyorxon va sheriklari tomonidan zo‘rlab birga olib ketilmoqchi bo‘lgan, ma’lum vaqtgacha ular bilan birga yurib, imkon tug‘ilishi bilan xonning to‘riq oti va miltig‘ini o‘g‘irlab qochgan O‘tuja Jonovning keyinchalik tergov chog‘ida bergan ma’lumotlarida Xudoyorxonning yonida to‘rt kishi, ulardan Sulton va Nurmuhammad o‘zbek, Nurjon to‘ra qozoq va Turdi turkman ekani aytilganiga e’tiborni qaratadi. Muhimi shundaki, O‘tujaning aytishicha, Xudoyorxon va hamrohlari unga avval Angliyaga, so‘ngra Turkiyaga bormoqchi ekanliklarini aytganlar, xon o‘z taxtiga qaytgach, O‘tujaga ko‘p boylik va mansab berishga va’da qilgan. Demak, Xudoyorxon haj ziyoratiga borishdan oldin Angliyaga bormoq niyatida bo‘lgan. Lekin yurtidan tezroq chiqib ketish yo‘li Kobul orqali tushganidan, ikkinchi tomondan, chamasi, haj mavsumi yaqinlashib qolganidan (1877 yili haj mavsumi 17 dekabrdan boshlangan) Makkai mukarramaga yetib olishni mo‘ljallagan va boshqa safarlarini orqaga surgan ko‘rinadi.
Xudoyorxon Orenburgdan qochishi bilanoq Rossiya hududlarida va xonliklarda uni darhol tutib, hukumat ma’murlariga topshirish uchun keng faoliyat boshlab yuboriladi, poytaxtdagi mutasaddilar Orenburg general-gubernatori Krijanovskiy, fon Kaufman, Amir Nasrulloga ketma-ket ko‘rsatmalar berishadi. Lekin bularning birortasi ham foyda bermaydi.
Xonning haj safari uchun yo‘lga chiqqandan keyin kirib borgan dastlabki mamlakati ba’zi manbalarda Eron, ba’zilarida esa Afg‘oniston deb ko‘rsatiladi. «Turkiston viloyatining gazeti»da 1878 yil 21 iyunda bosilgan xabarda u dastlab Afg‘onistonga, u yerdan Eronga, so‘ngra Iroq orqali Makkai mukarramaga borgani aytilsa, Ishoqxon Ibratning «Tarixi Farg‘ona»sida «Anda (Eronda demoqchi) Amir Nasriddin shoh ekan. Anga xat yuborib so‘zlashganda, xonni kirmakig‘a qabul qilmay, afg‘on amiri Sheralixon ham olmay, to‘g‘ri Afg‘onistonning ichi ila Peshovar shahrig‘a yurib, Peshovarg‘a kirganda hamshaharlar istiqbol qilib, to‘g‘ri Peshovarg‘a kirib, Go‘rkand degan eski o‘rdag‘a tushgan ekan». Ibratning yozishicha, shu yerdan xon Ahmadobodga, so‘ngra Bo‘mbayga, nihoyat Jidda orqali Makkai mukarramaga borgan.
Harqalay, Xudoyorxon izidan hajga borgan va xonni ko‘rgan ko‘plab kishilar bilan suhbatlashgan, xonning xorijdagi hayotiga oid tafsilotlarni aniqlagan andijonlik Mulla Muhammad Umarbek bergan ma’lumotlarga asoslanganini hisobga olsak, xonning Makkai mukarramagacha bo‘lgan safar yo‘nalishi haqidagi Ishoqxonning fikrlari ko‘proq ishonarli, deyishga asos bor.
Xudoyorxon haj ziyoratiga borish jarayonida ham, haj arkonlarini ado etgandan keyin ham uning boshiga ko‘p musibatlar tushadi. Havoiy-Umidiy «Maktubchai xon» dostonida Xudoyorxon o‘z jamg‘armasidan 50000 so‘m olib, yo‘lga tushganini, Makkaga borish yo‘lida mablag‘ining barini o‘g‘riga oldirgani, faqat bitta oltin soatigina qolganini raqam qilsa, «Turkiston viloyatining gazeti» 1878 yil 21 iyundagi sonida: «Sheralixonning (Afg‘onistonning o‘sha vaqtdagi amiri) Kobuldan yuborgan farmoyishi bo‘yicha, Xudoyorxonning qo‘lidagi barcha pullarini olib, o‘zini Eron mamlakatiga o‘tkazib yuboribdur», deyilgan. Bu ma’lumotlarning qaysi biri to‘g‘ri bo‘lganida ham, harqalay Xudoyorxon hajga borish vaqtida o‘zi va hamrohlarining tirikchiligi uchun zarur bo‘lgan asosiy mablag‘idan mahrum etilgan. Lekin xonga sadoqatidanmi yoki unga rahmi kelganidanmi, Bo‘mbayda istiqomat qilayotgan farg‘onaliklar unga 1000 rupiy pul jamlab berib, haj yo‘liga solib yuborganliklarini Ishoqxon Ibrat ilgariroq aytganimiz Mulla Muhammad Umarbek hoji tilidan bayon etadi. Yo‘l-yo‘lakay o‘zining hamyurtlaridan hoji Muhiddin Buxoriy, hoji Yusufali Marg‘inoniy, Qori Abdulhakim Marg‘inoniy, hoji Sodiq Konibodomiy va boshqalar bilan uchrashib, ulardan iltifot ko‘rgan xon Jidda orqali Makkai mukarramaga yetib oladi. Haj ruknlarini ado etib, haj muddati tugagandan keyin yana boshiga ketma-ket kulfatlar tushadi. Makkada, haram yaqinidagi eski bir o‘rdada hoji Shahid Kalon eshon Namangoniy va uning solih farzandlari Yusufxon to‘ra hamda Omon xalifa bilan birgalikda istiqomat qilib, har kuni besh vaqt namozni haramning o‘zida ado etib yurgan kezida ilgari xonning Namangan tarafdagi soliq yig‘uvchilaridan bo‘lgan va egri qo‘llikda ayblanib, mol-mulki musodara etilib, xonlik hududidan badarg‘a qilingan Sodiq sarkor Ortiq sarkor o‘g‘li o‘ch olish niyatida ataylab Xudoyorxon orqasidan kelib, katta bir tosh bilan urib, ikki tishini sindiradi.
Bu ish yuzasidan tergov bo‘lib, aybdorni 4 yil qamoqqa hukm qilayotganlarida xon «mening da’vom yo‘q», deb unga beriladigan jazoni ko‘p jihatdan yengillashtirishga erishadi.
Xudoyorxon Makkada yana bir muncha muddat istiqomat qilgach, uning bilagiga yomon yara chiqadi. Bu haqda xonning o‘zi keyinchalik fon Kaufmanga yozgan maktubida aniq ma’lumot beradi: «Bir necha vaqtlardan so‘ng Makkada qo‘limizga bir jarohat chiqdi va bu jarohatdin do‘xtiri Makka bir necha go‘shtlarni kesib oldi va yana olti oy Makkada turduk. Jarohat yaxshi bo‘lmadi. Va yana bir necha odamlar so‘zlariki, Hindustonda ko‘p yaxshi do‘xturlar bor, dedilar. Ul sababdin Bo‘mbayga kelduk. Do‘xtiri inglis jarohatni ko‘rdi, doriyu darmon qildi. Muddati besh oy Bo‘mbayda turduk. Jarohat yaxshi bo‘ldi». Demak, qo‘liga chiqqan yara azobini xon bir yil chamasi tortgan, so‘ngra undan forig‘ bo‘lgan.
«Ana shu yara chiqishidan oldingi va jarohat tuzalganidan keyingi qaysi muddatlarda Xudoyorxon qaerda bo‘lgan va qanday ishlar bilan shug‘ullangan?», degan savol kelib chiqadi. Bu haqda ma’lumotlar kam uchraydi va ularning zidligi ko‘zga tashlanadi. Shunga qaramay, ularni tahlil etishga va ba’zi xulosalar chiqarishga urinib ko‘ramiz. Chunki bu ma’lumotlarning muayyan qismi Xudoyorxon, avvalo, Bo‘mbayga, undan Angliyaga, qirolicha Viktoriya huzuriga qanday borganligi va bu ishning oqibatlari bilan bevosita bog‘liqdir.
«O‘zbekiston adabiyoti va san’ati» gazetasining 2004 yil 48-sonidan olindi.
Sharif Yusupov. Xudoyorxon va Furqat by Khurshid Davron on Scribd