Шуҳрат (Алимов Ғулом Аминжонович) 1918 йили Тошкентда туғилган. Ўзбекистон халқ ёзувчиси (1986). Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими (1978). Транспорт техникуми (1932— 33), Ўрта Осиё транспорт инженерлари тайёрлаш институти (1934—36) ва Низомий номидаги Тошкент педагогика институти (1936—40)да ўқиган. 2-жаҳон уруши қатнашчиси (1941—43). Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг маслаҳат бюросида котиб (1934—36), адабий маслаҳатчи (1955—58; 1960—70), Адабиёт жамғармасида директор (1958), ёшлар газетасида бўлим мудири (1945—48), «Шарқ юлдузи» журналида бўлим мудири (1948—50), масъул котиб (1960-70). Шуҳрат 1951 йилда қатағон қилиниб, қамоқ лагерларида бўлган. 1955 йилда оқланган.
Дастлабки асари — «Меҳрол» (эртак-достон, 1940). Шуҳрат урушдан қайтгач, бадиий ижод билан самарали шуғулланган ва кўплаб шеърий («Бизнинг кўча», 1947; «Ҳаёт нафаси», 1948; «Қардошлар», 1950; «Балладалар», 1958; «Сенинг севгинг», 1961; «Ишқингда ёниб», 1964; «Буюк муҳаббат», 1966; «Лирика», 1973; «Шайдо кўнгил», 1976; «Ҳали тун узоқ», 1984 ва бошқалар) ва насрий («Оила», 1946; «Рустам», 1947; «Балоғат», 1958; «Бир кеча фожиаси», 1976 ва бошқалар) тўпламларини эълон қилган. 60—70-йилларда яна достон жанрига қайтиб, «Мардлик афсонаси» (1959), «Гулдурсин» (1960), «Сўлмас чечаклар», «Жамила» (1962), «Қувғинди» (1963) цингари достонлар ёзган.
Асарлари нафис лиризми, лирик қаҳрамон руҳий оламининг ёрқин ифодаланганлиги, ҳис-туйғуларнинг самимийлиги билан ажралиб туради. Шуҳратнинг сўнгги йилларда ёзган шеърларида фалсафий ўйлар тасвири устуворлик қилади; лирик қаҳрамони энди ўзининг ҳис-туйғулари билан эмас, балки бир кам дунёнинг сиру синоатларини англай бошлаган киши сифатида, ҳаёт ва абадият, табиат ва жамият, ўтмиш, ҳозирги давр ва келажак ҳақида мушоҳада юритувчи инсон сифатида намоён бўлади.
Шуҳратнинг 2-жаҳон урушида иштирок этиб, вайрон бўлган шаҳар ва қишлоқларни, мағлубият ва ғалабани ўз кўзи билан кўриши унинг йирик насрга ўтиб, «Шинелли йиллар» (1958) романини ёзишига туртки берган. Шуҳрат «Олтин зангламас» (1965) романида мустабид совет тузуми даврида инсон ҳақ-ҳуқуқларининг топталишини ўзи гувоҳ бўлган воқеаларни умумлаштирган ҳолда тасвирлаган, эътиқод, ватанпарварлик, виждон амрини ҳар бир кишининг жамиятдаги мавқеи ва инсоний қадрқимматини белгиловчи муҳим маънавий қадриятлар сифатида талқин этган. Шуҳратнинг «Жаннат қидирганлар» (1968) романи «Олтин зангламас»нинг мантиқий давомидир. Шуҳрат бу асарида ҳақиқат (жаннат) ахтариб яшовчи кишиларнинг икки хил кўринишини тасвирлашни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. Ёзувчи умрининг сўнгги кунларида исёнкор шоир Машраб ҳақидаги тарихий роман устида ишлаган, бироқ асар тугалланмай қолган.
Шуҳрат — «Беш кунлик куёв» (1970), «Қўша қаринглар» (1971), «Она қизим» (1973) ва бошқалар драмаларнинг муаллифи.
Г. Гейне, А.С. Пушкин, М.Ю. Лермонтов, А.Митскевич, Т. Шевченко, М.Воқиф асарларини, шунингдек, япон ва ветнам, озарбайжон шоирларининг шеърларини ўзбек тилига таржима қилган.
Вафотидан сўнг «Буюк хизматлари учун» ордени билан мукофотланган (2003).
Шуҳрат Ризаев
«МЕН ТИРИКМАН, ТО ОЛАМДА СЎЗИМ БОР»
Ўтган асрнинг 60-70-йилларида ўсмирлар орасида «Дил дафтар»лар тутиш расм бўлган эди. Унда турли безак ва синфдошларнинг фотосуратларидан ташқари, дилни қитиқлайдиган бир қанча саволлар бўларди: «Бахт нима?», «Муҳаббат борми?», «Қандай касб эгаси бўлишни орзу қиласиз?» ва ҳоказо. Ана шулар қатори, албатта, «Ўқиган китобларингиздан қайси бири сизга кўпроқ ёқади?» деган савол ҳам бўларди. Аксарият ўқувчилар Абдулла Қодирийнинг «Ўтган кунлар»идан кейин Шуҳратнинг «Олтин зангламас» романини қайд этарди. Қизиқ, мактаб ўқувчиларига у қадар яхши маълум бўлмаган 30-йилларнинг мураккабликлари, иккинчи жаҳон уруши манзаралари акс этган асар нега бунчалар машҳур бўлган, севиб ўқилган экан?
Шуҳрат ака адабиётимизда олтмиш йилдан ортиқ ҳалол тер тўккан ёзувчи. Ўнлаб шеърий тўпламлар, шеърий таржималар, уч роман, бир неча повестлар ва драматик асарлар шунча йиллик изтироб ва изланишлар сарҳисобидир. Уларнинг баъзилари Ойбек, Ҳамид Олимжон, Абдулла Қаҳҳор, Ғафур Ғулом, Мақсуд Шайхзода ва Миртемирлар назарига тушган.
Тошкент Давлат педагогика институтини тугаллаб, 1940 йил кузида армия сафига чақирилган Шуҳратнинг хизмати яримлай деб қолганда, машъум иккинчи жаҳон уруши бошланди. У урушнинг дастлабки кунларидан бошлаб, то Полшада кечган қонли жангларгача иштирок этади. Ҳарбий мухбир бўлиб эмас, жангчи сифатида жанггоҳларга киради. Шу боис, Шуҳратнинг кейинги йиллар ижодида уруш бош мавзуга айланди. Таассуротлар аввал «Шинелли йиллар дафтари» («Жангчи блокноти») туркум шеърларига жо бўлди. Ўз Ватани ҳимояси учун отланган оловқалб йигитнинг жасоратини мадҳ этувчи «Фарзанд», сўлмас чечаклар тимсолида «мардга ўлим йўқ» деган ақидани таъкидлаган «Сўлмас чечаклар» поемалари шоирнинг насрга, яъни йирик эпик жанрларга ўтиши арафасида ўзига хос босқич эди.
«Шинелли йиллар» Шуҳратнинг катта прозадаги илк изланишлари, айни замонда ўзбек ҳарбий прозасининг илк намуналаридан биридир. Асарнинг биографик материал асосига қурилгани, муаллифнинг ўзи шоҳид бўлган воқеа ва ҳолатлар, ўзи кўрган, таниган, елкама-элка туриб жанг қилган кишиларни қаламга олиши образларнинг жонлилигини таъмин этган.
Шуҳрат аканинг эътирофича, «Олтин зангламас» романи — ҳаётининг энг асосий китоби эди. Тўғри, адиб мазкур асаридан кейин бир қанча китоблар эълон қилди. Икки қайта сайланмаларини чоп эттирди. Аммо “Олтин зангламас” романининг илк саҳифаларидан то сўнгги варақларигача уфуриб турадиган қайноқ меҳр, қалб қўри, қувончли дамлар билан эш ҳазинлик, дард, инсонийлик, айни пайтда шафқатсиз ҳаққоният, асарда қайд этилганидек, у икки йиллик муддатда эмас, балки икки йилу яна бутун умр давомида ёзилганидан далолат беради.
Ўтган асрнинг 50-йиллари бошларида Шўро тузумининг қирғин машинаси яна ишга тушди. Собиқ иттифоқнинг барча республикалари каби Ўзбекистонда ҳам ҳалол, тўғрисўз, заҳматкаш зиёлилар ҳибсга олина бошлади. Устозлари Мақсуд Шайхзода, Мирзакалон Исмоилий ва дўстлари Ҳамид Сулаймон, Саид Аҳмад, Ёнғин Мирзолар қатори Шуҳрат ака ҳам «халқ душмани» дея қораланиб, қамалди. Не-не азобларга дучор этилган адиб озод этилгач иродаси букилмай, шиддат билан ижодга киришди. Кўрган-кечирганларини қоғозга туширди. Ўз дарди, кечмишларини дастлаб «Олтин зангламас» романи саҳифаларига жо қилди. Инсон иродасининг нақадар кучлилигини, матонат ва сабот, адолат ва инсонийлик ғояларини роман бош қаҳрамони Содиқ образида мужассам этди.
Олтмишинчи йиллар ёзувчининг ҳақиқатан ҳам ижодий етуклик палласи бўлди. Адабиётимизнинг мавзу ранг-баранглигига яна бир саҳифа ўлароқ, «Жаннат қидирганлар» романи майдонга келди. Романда акс этган воқеалар адабиётда муайян маънода янгилик эди. Ватангадолар қисмати, ватанфурушлик фожиаси, инсонларнинг туғилиб ўсган юртига муҳаббати ва садоқати мавзуси асарнинг мазмунини белгилаган.
Шуҳрат драматургия йўналишида ҳам баракали ижод этган. Унинг 60-80-йиллар оралиғида яратган «Беш кунлик куёв», «Қўша қаринглар», «Она қизим» каби саҳна асарлари пойтахт ва турли вилоят театрларида муваффақиятли саҳналаштирилиб, театр санъати ривожига, қатор ўзбек актёрлари маҳоратининг юксалишига хизмат қилди. «Беш кунлик куёв» спектакли Аброр Ҳидоятов номидаги театрда беш юз мартадан ортиқ ўйналгани, ўнлаб турли театрларнинг репертуаридан мустаҳкам жой олгани адиб ва шоир Шуҳратнинг драматургияда ҳам ўз истеъдодини намойиш этганига яққол далилдир.
Адиб Шуҳрат ҳаётлик даврида юртимизнинг истиқлолга эришганини кўрди. Оиласи, фарзандлари, набиралари ардоғида сўнгги йиллари сокин умр кечириб, яна қатор шеърий тўпламлар тайёрлаб нашр эттирди. 1998 йили адибнинг саксон йиллик тўйи усиз нишонланди. Мустақиллик байрами арафасида халқимизнинг маънавий дунёсини бойитишга, ўзбек адабиётини ривожлантиришга қўшган улкан ҳиссаси, Ватан олдидаги фидойи меҳнатлари эътиборга олиниб, марҳум адиб Шуҳрат (Ғулом Алимов) «Буюк хизматлари учун» ордени билан тақдирланди.
Кўчаларни айланиб кўр, изим бор,
Мен тирикман, чунки ҳали ўзим бор.
Изим ўчгач, ўзим кўчгач, барибир
Мен тирикман, то оламда сўзим бор.
Шуҳрат
МАШРАБ
Роман
«… ҚОШИ ҚАРОСИНИ КЎРУНГ»
Омади келган йигитнинг севгани ҳам олдидан чиқади.
Баҳор нафаси қайта бошлабди. Аммо саратон яллиғи ҳали олисда. Қамиш бўтотларга баҳор кўркини бахш этган кўкатлар орасида унган мунчоқкўз сариқ чечаклар ва лолақизғалдоқлар қорамтир тортиб, ял-ял ёнган гулларини тўкканлар. Болаларнинг чўнтагида ҳовуч-ҳовуч ғўра, тиши йўқ кексалар оғзининг сувини келтириб, касир-касир чайнайдилар. Барра ўту турли-туман гул-чечагини кўз-кўз қилмаган боғу хиёбон йўқ.
Бу пайтда жажжи шаҳар — Наманганнинг тили чучук қизлари-ку, жуда очилиб кетадилар. Қирқ кокил қилиб соч ўриигу сатанг қилиб фарқ очишни ўшаларга чиқарган! Хипча белларни янада хипча ва нозик қилиб чиққан беқасам нимчалар уларни самбитқомат қилиб юборади. Уларнинг бу пайтдаги юриш-туришлари ва гап-сўзларида ўзгача бир латофат ва назокат бор. Токзору олмазор, анжирзору анорзорлардан янграган, завқ-шавққа тўлиб тошган ашулаю яллалари баҳор нафасини гуркиратиб, олис-олис умид манзилларига чорлайди. Кампирлар ёшлигини қўмсаб, димоғига ялпиз тутса, чоллар неварасига ясаб берган варракларининг учишини ҳассага энгаҳини тираб томоша қиладилар. Фақат дала бошида деҳқоннинг иши жадал. Айни тут пишиғи.
Машраб жилдини бўйнига осиб, тор кўчани ёқалаб бораркан, бир тўда қизларнинг беғубор ва шўх қийқириғи диққатини тортди. Товуш келган томонга қараб эди, аввалон кўзига тарвақайлаб ўсган тут ва таги билан битта бўлиб тўкилган марварид тутлар кўринди. Тутнинг қалин шохлари орасида бир одамнинг шарпаси кўзга чалингандай ҳам бўлди. Тутнинг бир шохи кўча томонга қанотини ёзиб тушган, баҳор ёмғирида ивиб нураган деворга тиркалиб турарди. Устидаги одам шу шохни силкиган шекилли кўча томонда ҳам тут ер билан битта бўлиб ётибди!
Йигитнинг кўнгли суст кетди-ю, лекин териб ейишга журъат этмай турган эди, яна қизлар чуғиллашиб бердилар. Машраб уларнинг сўзларини аниқ эшитди:
— Ҳой, сал тўхтаб тур, ердагиларни териб олайлик, ахир.
— Вой, ўл, бошимни ғурра қилдинг!
— Вой-вой-вой, бўйнимдан ичимга тушиб кетди. Бунча муздай экан!
Тут устида шериклари қотиб-қотиб кулар, тепадан уларга таъна қиларди:
— Мен тутнинг устида қаққайиб, сенларнинг териб бўлишларингни кутиб тураманми! Кетмайди! Чодир топларинг! Бўлмаса ҳозир тушиб кетаман!
Ораларида тутга чиқадиган «азамат»лари йўқ шекилли, қизлар чувиллашиб қолди:
— Жон Арзигул, бу шахтингдан қайт, ўзинг яхши қизсан-ку.
— Ақлли қизсан, доносан!
— Чиройлисан, жиблажибонсан!
Кулги орасида бошқа бири кекса хотинлардек салмоқлади:
— Илойим, яхши жойлардан ато қилсин!
Яна чуввос кулги-қийқириқ кўтарилди. Ҳовлида қизларнинг ўзидан бошқа ҳеч ким йўқ шекилли, улар беғубор ҳазиллашар ва беҳадик кулишарди.
Тутдан туриб Арзигул «кекса хотин»га пичинг қилди:
— Ўзингга тила, ўзингга, мингяшар ойим! Меники тайёр!
— Вой, ўлмасам!! — бу кутилмаган гапдан қизлар ҳайрат аралаш чувиллашди. Уларни биттаси босди:
— У бир қоп ёнғоқ-ку, шунга ишониб ўтирибсизларми, суф-е, ҳаммаларингга!
— У ичидан пишган! — деди барибир қайси бири унинг оҳангида.
Шу маҳал жиддий товуш янграб қолди:
— Чодир йўқ, Арзигул, чойшаб топиб чиқдим, мана.
— Нима бало, ачангни ўлимлигини олиб чиқдингми? — тепадан тегишди ўша Арзигул дегани.
Арзигулнинг гапига кимдир пастдан жавоб қайтарди, лекин уни Машраб эшитолмади. Яна кулги кўтарилди. Тепадаги қиз уларга қўшилиб хандон солаётган бўлса ҳам, товуши алоҳида ажралиб турарди, худди бўғиқ қувурдан отилиб чиққан баҳор тошқинидек жарангдор ва шўх эди. Машраб бу алоҳида кулги келган томонга ялт этиб қараб, бўз кўйлакли, сочини бошига ўраб танғиган, ялангоёқ, дуркунгина бир қизни кўрди. Унинг юз-кўзи қалин барглар орасида яхши кўринмас, бунинг устига ёни билан турарди. Шу баҳорда товуши дўриллаб, қиз деса, қулоғи қимирлайдиган бўлиб қолган йигитнинг шундай ёқимли товуш эгасини кўриш иштиёқи шу онда уйғониб қолди. Йўлнинг у бетидан бу бетига ўғри юриш қилиб ўтди. Бўйнини чўзиб аста мўралади. Эшикдан биров чиқиб қолса ё бирон қиз кўриб қолса нима бўлади, деган андиша хаёлига ҳам келмади. Хуллас, у ёққа ўтиб аста қаради, бу ёққа ўтиб барглар орасидан мўралади — ахийри, башарасини кўрди. Кўрди-ю, илон авраган қурбақадай қотди-қолди. Умри бино бўлиб бунақа истарали қизни кўрмаган! Ҳалигина ердан териб олган тутнинг қўлидагиси қўлида, оғзидагиси бўғзида қолди.
Оламнинг бу ташвишларидан бехабар қиз ҳамон шўхлик билан ўртоқларига гап отар, гоҳ у шохни, гоҳ бу шохни силкиб, гоҳ кичкина оёқлари билан гурс-гурс тепиб, ўртоқларини шоширарди. Марварид тутлар дув-дув тўкиляпти.
Ана шунда тут устидаги қиз торгина кўчанинг четида бақа бўлиб турган йигитни кўриб қолди.
— Вой, ўлмасам, кўчада бир киши қараб турибди! — деди-ю бир қўлини юзига парда қилди. Шу заҳотиёқ бир қиз кўча эшигини очиб қаради ва уни кўрибоқ эшикни тарс ёпди, ичкаридан товуш келди:
— Ўпкангни бос! Киши эмас, ёшгина бола-ку!
Шу гап сабаб бўлдими ёки бояги ҳаракати бир ҳазилмиди, тут устидаги қиз қўлини юзидан олиб, пешанабоғининг бир учини қайириб тишлади ва қиё боқиб йигитга гап қотди:
— Силкитиб берайми, тут ейсизми?
— Майли, — деди Машраб оёқ-қўли бўшашиб.
Қиз икки шохни ҳатлаб ўтиб, кўча томон шохига оёғини қўйди ва гурс-гурс тепди. Марвариддек тут, гарқ пишиб, бир имо-ишорага илҳақ турган экан, дув тўкилди. Ярми кўчага, деворнинг у ёғига, ярми ҳовлига тушди.
Машраб миннатдор қараб, саралаб-саралаб тера бошлади. Тут чиндан ҳам роса пишган экан, қўлида шираси қолиб, бармоқлари бир-бирига ёпиша бошлади. Гарчанд кўзи ерда, тўкилган тутларда бўлса ҳам хаёли тепада, тўғриси, тут устида турган соҳибжамолда эди. Хаёлида у қиз кўзини узмай кузатиб тургандек туюларди. Шу сабаб бошини кўтариб юқорига қарашга ботинолмас эди. Вужудида аллақандай майин титроқ ва қалбида шу замонгача бўлмаган алланечук ҳаяжон бор эди. Уни тизгинлаб, ерга қаратиб турган куч ҳам шу титроқ ва шу ҳаяжон эди. Йўқ, бу куч ҳам эмас, бошқа бир нарса. У нарсанинг нималигини Машрабнинг ўзи ҳам ҳали билмасди. Хуллас, у бошини кўтаришга, қалби интилган қизга қарашга журъат этолмас, аммо хаёли унда, унинг ёнган кўзларида, қўнғироқ овозида эди.
Қиз чиндан ҳам уни кузатиб турган эканми, Машраб ердан сал бошини кўтариши билан яна гап қотди:
— Тўйдингизми, ё яна силкиб берайми?
— Бўлди, раҳмат, тўйдим, — деди Машраб ва қизнинг кўзига кўзи тўқнашиб, бугун аъзойи бадани ловиллаб ёниб кетди. Унинг қаршисида ўн гулидан эндигина бир гунчаси лаб кўрсата бошлаган навниҳол қиз турарди! Қиз эмас, пари, дейсиз: қош-кўзи келишган, ғунча даҳан, оғзидан шакар тўкилади.
Шу ҳушини олиб қочдими ёки йигитлик журъати жўш уриб кетдими, Машраб бирдан луқма отди:
— Сиз қоқсангиз, қанча бўлса, еганим бўлсин!
— Вой, ўлмасам! — деган қиз тутнинг устида шошиб қолди. Тапир-тупир шохдан-шохга ўтиб, ўзини ерга «гуп» этиб отди. Унинг кўзи Машрабнинг кўзига қамти бўлган, унинг қаршисида кап-катта йигит, йигит бўлганда ҳам кўзлари алланечук ҳаяжон билан ёнган чиройли йигит турарди. «Сиз қоқсангиз, қанча бўлса еганим бўлсин!» деган сўзни ҳам шунақа чертиб айтдики, унинг юрагига ўқдек санчилди. Маъноси ялт этиб, ҳозиргача бепарво бўлган қизнинг кўзини мошдек очиб юборди. У келишган бир йигит билан ҳазил-мутойиба қилаётган экан! Ана, холос!
Арзигулнинг юраги гуп-гуп урар, хаёлида тут тагидаги йигит ҳамон ўша сўзини такрорлаб турарди.
— Ҳа, бунча! — деди дугоналари у томонда. — Ёв қувдими? Ўзингни бос.
— Ё даданг келиб қолдими?
Қизлар бири олиб, бири қўйиб сўроққа тутар, лекин Арзигул нимадир деб жавоб беришдан ожиз эди. Фақат:
— Бола эмас, кап-катта йигит экан-ку! — дея олди. Қизлар яна жонланиб, бир нечтаси яна кулгига олди, бир нечтаси эшикка чопди.
— Йўқ, кетиб қолибди! — деди биттаси. Бошқаси гап қўшди:
— Келишгангина эканми? Балки қисматингдаги йигит ўшадир.
— Яхшилаб кўриб олдингми, тагин йўқотиб қўйиб, қидириб юрма! — деб кулди бошқаси.
— Ҳей, ўл, ҳазилинг қурсин! — деди Арзигул ва лекин бу сўзидан қалбининг аллақаери ғалати бўлиб кетди. Ичидан «Ҳа, шунақами, ҳали,ўйлаб гапир», деган нидо келди. Бу нидони унинг ўзигина эшитиб турарди. Шу боис гапни чалғитди:
— Менга териб қўйганларинг қани?
— Мана шу чодирдагининг ҳаммаси сеники, ўртоқжон! — деган қиз унинг башарасига қараб, Арзигулнинг ранги қўрққан кишиникига ўхшамай, ўзи ҳам тил билан айтиб беролмайдиган аллақандай ҳис-туйгулар тўфонида эканини аниқ кўрди. Ниманидир фаҳмлагандек бўлиб, пастки лабини аста тишлади. Буни Арзигул фаҳмлади ва кўзини олиб қочди.
Бу пайтда кутилмаган учрашувдан карахт бўлиб қолган Машраб тўрвасини йўқотган гадойдек талмовсираб, бошини қуйи солиб боради. Ўзи нима гап? Бутун вужуди ўт бўлиб ёниб кетяпти. Умрида ҳеч бунақа бўлган эмас. Ҳа, тиззасида ҳам жиндай титроқ бор-а! Оғир юк кўтаргани йўқ-ку, ё чарчадими? Нимадан чарчайди? Тутга чиққани йўқки, оёғи толиққан бўлса! Тутда қиз, Арзигул эди-ку! Ҳа, ростданам, қиз нима деди-ю, у нима деб жавоб қилди, нега қиз тутдан ўзини ташлаб қочди?
Машраб бу қизиқ лаҳзани таг-томири билан идрок этиб ололмас эди. Анча ерга боргач, яна орқасига, ўша тутга, қиз турган шохга қарагиси келди, бир нарсадан ҳаё қилгандек тортиниб қаради. Ҳеч ким йўқ. Салдан кейин яна қандайдир куч орқага ундади. Яна қаради. Бу гал ҳам ҳеч кимни кўрмади. У қидирган одамни кўролмай энтикарди.
Машрабнинг бутун бадани мис бўлиб қизиб кетган, назарида ловуллаб ёнарди. Кўча ёқалаб оққан, қирғоқларини майса-гиёҳ қоплаган ариқдан чатаноғини кериб, юз-қўлини ювди. Муздай сув шундай хуш ёқардики, асти қўяберасиз! Бутун вужудига ҳузур-ҳаловат нур бўлиб унсиз тараларди. Бунга сари яна юзига сув сочар, бўйниларини қўшиб юварди. Оромбахш томчилар қизиган юз-кўзининг тафтини олиб, нурли из қолдириб пастга думаларди, хаёлидаги кимсани янада равшанроқ, янада жозибалироқ кўрсатгандек, унинг кўркини очаётгандек бўларди.
Машраб ички бир ҳаяжон ва қалбини ларзага солиб келган нотаниш қувонч билан сувни ҳовучлаб, юзига сепмоқчи бўлиб эди, қўллари соҳилдаги гиёҳларга тегиб кетди. Ялпиз ҳиди анқиб, атроф атрга тўлди. Бу унга яна ҳам хуш ёқди. Ўсиб кетган, илк баҳорги кўм-кўк рангини кул тусига алмашган, узун ва сершох ялпизнинг иккита нозик шохчасини тирноги билан узиб, димоғига тутди. Ундан таралган ҳидга тўймай, бармоқлари билан эркалади. Ана шунда ҳаммаёқни тутган алламбало бўй кўнглини яшнатиб юборди. Наҳот, ялпиз шунақа ёқимли ҳид таратса?! Шу оддий ялпиз-а! Бу мўъжиза она тупроқнинг ҳикматими ёки баҳорнинг кишиларга сахий инъомими? О, бу ерларда не-не гул-чечак, не-не гул-лолалар бор. Ҳаммасининг ўз ҳусни-кўрки, ўз атри-анбари бор!
Машраб яна иккита ялпиз баргини узиб ҳидлади, ҳузур қилди. Шу алпозда туриб қолди. Беихтиёр белидан қийиғини ечиб, бир учига бетини артди. Артарди-ю, хаёлини яна ўша тутдан, тутда турган ўша қиздан узиб оломасди, у қуюндек беҳадик босиб келарди.
Машраб бошқа оламга кириб қолганга, бу оламда ҳали хаёлига келтирмаган ҳис-туйғулар ҳукмронга ўхшар эди.
Машраб яна орқасига қайтиб, ўша тутли ҳовлининг эшигида туриб қолди. Аланглаб, аллакимни қидирди. Тутнинг устларига қаради. Ғарқ пишган тут марвариддек йилтиллаб, қуёш шуълалари тушган баланд шохлари эса, алоҳида товланади. Чумчуқлар ғужғон ўйнаб, базм қурадилар, уларнинг тумшуғидан узилган тутлар ерга тап-тап тушиб турибди. Бояги бижилдоқ қизлар эса, қаёққадир гумдон бўлишибди. Шу вақт бирдан нимадир даранглаб қолди-ю, юз чумчуққа бир кесак дегандек, паррандалар дув кўтарилдилар. Яна ҳаммаёқ жимиб қолди.
Машраб овоз келган томонга қараса, чумчуқларнинг ўтини ёрган тутнинг баланд шохига богланган эски челак экан. «Ипини ким тортди экан? Ўша қизми? Исми нима эди? Ҳа, Арзигул деб эди-я! Қандай чиройли исм! Арзи гул эмиш, арзи гулга ўхшармиш! Қизиқ! Бу номни қўйган одам шу маънони билармикин? »
Бу исм Машрабнинг кўнглига шунақа яқин тушдики, агар биров «Бу исмни сен ҳалигина эшитдинг» деса, асти ишонмас эди. Гўё эсини таниганидан буён бу исмни биладигандек ва кунда такрорлаб юрадигандек эди.
Машраб хаёл билан қанча туриб қолганини билмайди, бир вақт бундоқ қараса, тутни яна чумчуқлар талай бошлабди, чуғур-чуғури оламни бузяпти.
Романнинг давомини (пастда) Calameo дастури ёрдамида мутолаа қилинг.
Shuhrat (Alimov G’ulom Aminjonovich) 1918 yili Toshkentda tug’ilgan. O’zbekiston xalq yozuvchisi (1986). O’zbekistonda xizmat ko’rsatgan madaniyat xodimi (1978).
Transport texnikumi (1932— 33), O’rta Osiyo transport injenerlari tayyorlash instituti (1934—36) va Nizomiy nomidagi Toshkent pedagogika instituti (1936—40)da o’qigan. 2-jahon urushi qatnashchisi (1941—43). O’zbekiston Yozuvchilar uyushmasining maslahat byurosida kotib (1934—36), adabiy maslahatchi (1955—58; 1960—70), Adabiyot jamg’armasida direktor (1958), yoshlar gazetasida bo’lim mudiri (1945—48), «Sharq yulduzi» jurnalida bo’lim mudiri (1948—50), mas’ul kotib (1960-70). Shuhrat 1951 yilda qatag’on qilinib, qamoq lagerlarida bo’lgan. 1955 yilda oqlangan.Dastlabki asari — «Mehrol» (ertak-doston, 1940). Shuhrat urushdan qaytgach, badiiy ijod bilan samarali shug’ullangan va ko’plab she’riy («Bizning ko’cha», 1947; «Hayot nafasi», 1948; «Qardoshlar», 1950; «Balladalar», 1958; «Sening sevging», 1961; «Ishqingda yonib», 1964; «Buyuk muhabbat», 1966; «Lirika», 1973; «Shaydo ko’ngil», 1976; «Hali tun uzoq», 1984 va boshqalar) va nasriy («Oila», 1946; «Rustam», 1947; «Balog’at», 1958; «Bir kecha fojiasi», 1976 va boshqalar) to’plamlarini e’lon qilgan. 60—70-yillarda yana doston janriga qaytib, «Mardlik afsonasi» (1959), «Guldursin» (1960), «So’lmas chechaklar», «Jamila» (1962), «Quvg’indi» (1963) singari dostonlar yozgan.
Asarlari nafis lirizmi, lirik qahramon ruhiy olamining yorqin ifodalanganligi, his-tuyg’ularning samimiyligi bilan ajralib turadi. Shuhratning so’nggi yillarda yozgan she’rlarida falsafiy o’ylar tasviri ustuvorlik qiladi; lirik qahramoni endi o’zining his-tuyg’ulari bilan emas, balki bir kam dunyoning siru sinoatlarini anglay boshlagan kishi sifatida, hayot va abadiyat, tabiat va jamiyat, o’tmish, hozirgi davr va kelajak haqida mushohada yurituvchi inson sifatida namoyon bo’ladi.
Shuhratning 2-jahon urushida ishtirok etib, vayron bo’lgan shahar va qishloqlarni, mag’lubiyat va g’alabani o’z ko’zi bilan ko’rishi uning yirik nasrga o’tib, «Shinelli yillar» (1958) romanini yozishiga turtki bergan. Shuhrat «Oltin zanglamas» (1965) romanida mustabid sovet tuzumi davrida inson haq-huquqlarining toptalishini o’zi guvoh bo’lgan voqealarni umumlashtirgan holda tasvirlagan, e’tiqod, vatanparvarlik, vijdon amrini har bir kishining jamiyatdagi mavqei va insoniy qadrqimmatini belgilovchi muhim ma’naviy qadriyatlar sifatida talqin etgan. Shuhratning «Jannat qidirganlar» (1968) romani «Oltin zanglamas»ning mantiqiy davomidir. Shuhrat bu asarida haqiqat (jannat) axtarib yashovchi kishilarning ikki xil ko’rinishini tasvirlashni o’z oldiga maqsad qilib qo’ygan. Yozuvchi umrining so’nggi kunlarida isyonkor shoir Mashrab haqidagi tarixiy roman ustida ishlagan, biroq asar tugallanmay qolgan.
Shuhrat — «Besh kunlik kuyov» (1970), «Qo’sha qaringlar» (1971), «Ona qizim» (1973) va boshqalar dramalarning muallifi.
G. Geyne, A.S. Pushkin, M.YU. Lermontov, A.Mitskevich, T. Shevchenko, M.Voqif asarlarini, shuningdek, yapon va vetnam, ozarbayjon shoirlarining she’rlarini o’zbek tiliga tarjima qilgan.
Vafotidan so’ng «Buyuk xizmatlari uchun» ordeni bilan mukofotlangan (2003).
Shuhrat Rizayev
«MEN TIRIKMAN, TO OLAMDA SO’ZIM BOR»
O’tgan asrning 60-70-yillarida o’smirlar orasida «Dil daftar»lar tutish rasm bo’lgan edi. Unda turli bezak va sinfdoshlarning fotosuratlaridan tashqari, dilni qitiqlaydigan bir qancha savollar bo’lardi: «Baxt nima?», «Muhabbat bormi?», «Qanday kasb egasi bo’lishni orzu qilasiz?» va hokazo. Ana shular qatori, albatta, «O’qigan kitoblaringizdan qaysi biri sizga ko’proq yoqadi?» degan savol ham bo’lardi. Aksariyat o’quvchilar Abdulla Qodiriyning «O’tgan kunlar»idan keyin Shuhratning «Oltin zanglamas» romanini qayd etardi. Qiziq, maktab o’quvchilariga u qadar yaxshi ma`lum bo’lmagan 30-yillarning murakkabliklari, ikkinchi jahon urushi manzaralari aks etgan asar nega bunchalar mashhur bo’lgan, sevib o’qilgan ekan?
Shuhrat aka adabiyotimizda oltmish yildan ortiq halol ter to’kkan yozuvchi. O’nlab she`riy to’plamlar, she`riy tarjimalar, uch roman, bir necha povestlar va dramatik asarlar shuncha yillik iztirob va izlanishlar sarhisobidir. Ularning ba`zilari Oybek, Hamid Olimjon, Abdulla Qahhor, G’afur G’ulom, Maqsud Shayxzoda va Mirtemirlar nazariga tushgan.
Toshkent Davlat pedagogika institutini tugallab, 1940 yil kuzida armiya safiga chaqirilgan Shuhratning xizmati yarimlay deb qolganda, mash`um ikkinchi jahon urushi boshlandi. U urushning dastlabki kunlaridan boshlab, to Polshada kechgan qonli janglargacha ishtirok etadi. Harbiy muxbir bo’lib emas, jangchi sifatida janggohlarga kiradi. Shu bois, Shuhratning keyingi yillar ijodida urush bosh mavzuga aylandi. Taassurotlar avval «Shinelli yillar daftari» («Jangchi bloknoti») turkum she`rlariga jo bo’ldi. O’z Vatani himoyasi uchun otlangan olovqalb yigitning jasoratini madh etuvchi «Farzand», so’lmas chechaklar timsolida «mardga o’lim yo’q» degan aqidani ta`kidlagan «So’lmas chechaklar» poemalari shoirning nasrga, ya`ni yirik epik janrlarga o’tishi arafasida o’ziga xos bosqich edi.
«Shinelli yillar» Shuhratning katta prozadagi ilk izlanishlari, ayni zamonda o’zbek harbiy prozasining ilk namunalaridan biridir. Asarning biografik material asosiga qurilgani, muallifning o’zi shohid bo’lgan voqea va holatlar, o’zi ko’rgan, tanigan, yelkama-elka turib jang qilgan kishilarni qalamga olishi obrazlarning jonliligini ta`min etgan.
Shuhrat akaning e`tiroficha, «Oltin zanglamas» romani — hayotining eng asosiy kitobi edi. To’g’ri, adib mazkur asaridan keyin bir qancha kitoblar e`lon qildi. Ikki qayta saylanmalarini chop ettirdi. Ammo “Oltin zanglamas” romanining ilk sahifalaridan to so’nggi varaqlarigacha ufurib turadigan qaynoq mehr, qalb qo’ri, quvonchli damlar bilan esh hazinlik, dard, insoniylik, ayni paytda shafqatsiz haqqoniyat, asarda qayd etilganidek, u ikki yillik muddatda emas, balki ikki yilu yana butun umr davomida yozilganidan dalolat beradi.
O’tgan asrning 50-yillari boshlarida Sho’ro tuzumining qirg’in mashinasi yana ishga tushdi. Sobiq ittifoqning barcha respublikalari kabi O’zbekistonda ham halol, to’g’riso’z, zahmatkash ziyolilar hibsga olina boshladi. Ustozlari Maqsud Shayxzoda, Mirzakalon Ismoiliy va do’stlari Hamid Sulaymon, Said Ahmad, Yong’in Mirzolar qatori Shuhrat aka ham «xalq dushmani» deya qoralanib, qamaldi. Ne-ne azoblarga duchor etilgan adib ozod etilgach irodasi bukilmay, shiddat bilan ijodga kirishdi. Ko’rgan-kechirganlarini qog’ozga tushirdi. O’z dardi, kechmishlarini dastlab «Oltin zanglamas» romani sahifalariga jo qildi. Inson irodasining naqadar kuchliligini, matonat va sabot, adolat va insoniylik g’oyalarini roman bosh qahramoni Sodiq obrazida mujassam etdi.
Oltmishinchi yillar yozuvchining haqiqatan ham ijodiy yetuklik pallasi bo’ldi. Adabiyotimizning mavzu rang-barangligiga yana bir sahifa o’laroq, «Jannat qidirganlar» romani maydonga keldi. Romanda aks etgan voqealar adabiyotda muayyan ma`noda yangilik edi. Vatangadolar qismati, vatanfurushlik fojiasi, insonlarning tug’ilib o’sgan yurtiga muhabbati va sadoqati mavzusi asarning mazmunini belgilagan.
Shuhrat dramaturgiya yo’nalishida ham barakali ijod etgan. Uning 60-80-yillar oralig’ida yaratgan «Besh kunlik kuyov», «Qo’sha qaringlar», «Ona qizim» kabi sahna asarlari poytaxt va turli viloyat teatrlarida muvaffaqiyatli sahnalashtirilib, teatr san`ati rivojiga, qator o’zbek aktyorlari mahoratining yuksalishiga xizmat qildi. «Besh kunlik kuyov» spektakli Abror Hidoyatov nomidagi teatrda besh yuz martadan ortiq o’ynalgani, o’nlab turli teatrlarning repertuaridan mustahkam joy olgani adib va shoir Shuhratning dramaturgiyada ham o’z iste`dodini namoyish etganiga yaqqol dalildir.
Adib Shuhrat hayotlik davrida yurtimizning istiqlolga erishganini ko’rdi. Oilasi, farzandlari, nabiralari ardog’ida so’nggi yillari sokin umr kechirib, yana qator she`riy to’plamlar tayyorlab nashr ettirdi. 1998 yili adibning sakson yillik to’yi usiz nishonlandi. Mustaqillik bayrami arafasida xalqimizning ma`naviy dunyosini boyitishga, o’zbek adabiyotini rivojlantirishga qo’shgan ulkan hissasi, Vatan oldidagi fidoyi mehnatlari e`tiborga olinib, marhum adib Shuhrat (G’ulom Alimov) «Buyuk xizmatlari uchun» ordeni bilan taqdirlandi.
Ko’chalarni aylanib ko’r, izim bor,
Men tirikman, chunki hali o’zim bor.
Izim o’chgach, o’zim ko’chgach, baribir
Men tirikman, to olamda so’zim bor.
Shuhrat
MASHRAB
Roman
«… QOSHI QAROSINI KO’RUNG»
Omadi kelgan yigitning sevgani ham oldidan chiqadi.
Bahor nafasi qayta boshlabdi. Ammo saraton yallig’i hali olisda. Qamish bo’totlarga bahor ko’rkini baxsh etgan ko’katlar orasida ungan munchoqko’z sariq chechaklar va lolaqizg’aldoqlar qoramtir tortib, yal-yal yongan gullarini to’kkanlar. Bolalarning cho’ntagida hovuch-hovuch g’o’ra, tishi yo’q keksalar og’zining suvini keltirib, kasir-kasir chaynaydilar. Barra o’tu turli-tuman gul-chechagini ko’z-ko’z qilmagan bog’u xiyobon yo’q.
Bu paytda jajji shahar — Namanganning tili chuchuk qizlari-ku, juda ochilib ketadilar. Qirq kokil qilib soch o’riigu satang qilib farq ochishni o’shalarga chiqargan! Xipcha bellarni yanada xipcha va nozik qilib chiqqan beqasam nimchalar ularni sambitqomat qilib yuboradi. Ularning bu paytdagi yurish-turishlari va gap-so’zlarida o’zgacha bir latofat va nazokat bor. Tokzoru olmazor, anjirzoru anorzorlardan yangragan, zavq-shavqqa to’lib toshgan ashulayu yallalari bahor nafasini gurkiratib, olis-olis umid manzillariga chorlaydi. Kampirlar yoshligini qo’msab, dimog’iga yalpiz tutsa, chollar nevarasiga yasab bergan varraklarining uchishini hassaga engahini tirab tomosha qiladilar. Faqat dala boshida dehqonning ishi jadal. Ayni tut pishig’i.
Mashrab jildini bo’yniga osib, tor ko’chani yoqalab borarkan, bir to’da qizlarning beg’ubor va sho’x qiyqirig’i diqqatini tortdi. Tovush
kelgan tomonga qarab edi, avvalon ko’ziga tarvaqaylab o’sgan tut va tagi bilan bitta bo’lib to’kilgan marvarid tutlar ko’rindi. Tutning qalin shoxlari orasida bir odamning sharpasi ko’zga chalinganday ham bo’ldi. Tutning bir shoxi ko’cha tomonga qanotini yozib tushgan, bahor yomg’irida ivib nuragan devorga tirkalib turardi. Ustidagi odam shu shoxni silkigan shekilli ko’cha tomonda ham tut yer bilan bitta bo’lib yotibdi!
Yigitning ko’ngli sust ketdi-yu, lekin terib yeyishga jur’at etmay turgan edi, yana qizlar chug’illashib berdilar. Mashrab ularning so’zlarini aniq eshitdi:
— Hoy, sal to’xtab tur, yerdagilarni terib olaylik, axir.
— Voy, o’l, boshimni g’urra qilding!
— Voy-voy-voy, bo’ynimdan ichimga tushib ketdi. Buncha muzday ekan!
Tut ustida sheriklari qotib-qotib kular, tepadan ularga ta’na qilardi:
— Men tutning ustida qaqqayib, senlarning terib bo’lishlaringni kutib turamanmi! Ketmaydi! Chodir toplaring! Bo’lmasa hozir tushib ketaman!
Oralarida tutga chiqadigan «azamat»lari yo’q shekilli, qizlar chuvillashib qoldi:
— Jon Arzigul, bu shaxtingdan qayt, o’zing yaxshi qizsan-ku.
— Aqlli qizsan, donosan!
— Chiroylisan, jiblajibonsan!
Kulgi orasida boshqa biri keksa xotinlardek salmoqladi:
— Iloyim, yaxshi joylardan ato qilsin!
Yana chuvvos kulgi-qiyqiriq ko’tarildi. Hovlida qizlarning o’zidan boshqa hech kim yo’q shekilli, ular beg’ubor hazillashar va behadik kulishardi.
Tutdan turib Arzigul «keksa xotin»ga piching qildi:
— O’zingga tila, o’zingga, mingyashar oyim! Meniki tayyor!
— Voy, o’lmasam!! — bu kutilmagan gapdan qizlar hayrat aralash chuvillashdi. Ularni bittasi bosdi:
— U bir qop yong’oq-ku, shunga ishonib o’tiribsizlarmi, suf-ye, hammalaringga!
— U ichidan pishgan! — dedi baribir qaysi biri uning ohangida.
Shu mahal jiddiy tovush yangrab qoldi:
— Chodir yo’q, Arzigul, choyshab topib chiqdim, mana.
— Nima balo, achangni o’limligini olib chiqdingmi? — tepadan tegishdi o’sha Arzigul degani.
Arzigulning gapiga kimdir pastdan javob qaytardi, lekin uni Mashrab eshitolmadi. Yana kulgi ko’tarildi. Tepadagi qiz ularga qo’shilib xandon solayotgan bo’lsa ham, tovushi alohida ajralib turardi, xuddi bo’g’iq quvurdan otilib chiqqan bahor toshqinidek jarangdor va sho’x edi. Mashrab bu alohida kulgi kelgan tomonga yalt etib qarab, bo’z ko’ylakli, sochini boshiga o’rab tang’igan, yalangoyoq, durkungina bir qizni ko’rdi. Uning yuz-ko’zi qalin barglar orasida yaxshi ko’rinmas, buning ustiga yoni bilan turardi. Shu bahorda tovushi do’rillab, qiz desa, qulog’i qimirlaydigan bo’lib qolgan yigitning shunday yoqimli tovush egasini ko’rish ishtiyoqi shu onda uyg’onib qoldi. Yo’lning u betidan bu betiga o’g’ri yurish qilib o’tdi. Bo’ynini cho’zib asta mo’raladi. Eshikdan birov chiqib qolsa yo biron qiz ko’rib qolsa nima bo’ladi, degan andisha xayoliga ham kelmadi. Xullas, u yoqqa o’tib asta qaradi, bu yoqqa o’tib barglar orasidan mo’raladi — axiyri, basharasini ko’rdi. Ko’rdi-yu, ilon avragan qurbaqaday qotdi-qoldi. Umri bino bo’lib bunaqa istarali qizni ko’rmagan! Haligina yerdan terib olgan tutning
qo’lidagisi qo’lida, og’zidagisi bo’g’zida qoldi.
Olamning bu tashvishlaridan bexabar qiz hamon sho’xlik bilan o’rtoqlariga gap otar, goh u shoxni, goh bu shoxni silkib, goh kichkina oyoqlari bilan gurs-gurs tepib, o’rtoqlarini shoshirardi. Marvarid tutlar duv-duv to’kilyapti.
Ana shunda tut ustidagi qiz torgina ko’chaning chetida baqa bo’lib turgan yigitni ko’rib qoldi.
— Voy, o’lmasam, ko’chada bir kishi qarab turibdi! — dedi-yu bir qo’lini yuziga parda qildi. Shu zahotiyoq bir qiz ko’cha eshigini ochib qaradi va uni ko’riboq eshikni tars yopdi, ichkaridan tovush keldi:
— O’pkangni bos! Kishi emas, yoshgina bola-ku!
Shu gap sabab bo’ldimi yoki boyagi harakati bir hazilmidi, tut ustidagi qiz qo’lini yuzidan olib, peshanabog’ining bir uchini qayirib tishladi va qiyo boqib yigitga gap qotdi:
— Silkitib beraymi, tut yeysizmi?
— Mayli, — dedi Mashrab oyoq-qo’li bo’shashib.
Qiz ikki shoxni hatlab o’tib, ko’cha tomon shoxiga oyog’ini qo’ydi va gurs-gurs tepdi. Marvariddek tut, garq pishib, bir imo-ishoraga ilhaq turgan ekan, duv to’kildi.
Yarmi ko’chaga, devorning u yog’iga, yarmi hovliga tushdi.
Mashrab minnatdor qarab, saralab-saralab tera boshladi. Tut chindan ham rosa pishgan ekan, qo’lida shirasi qolib, barmoqlari bir-biriga yopisha boshladi. Garchand ko’zi yerda, to’kilgan tutlarda bo’lsa ham xayoli tepada, to’g’risi, tut ustida turgan sohibjamolda edi. Xayolida u qiz ko’zini uzmay kuzatib turgandek tuyulardi. Shu sabab boshini ko’tarib yuqoriga qarashga botinolmas edi. Vujudida allaqanday mayin titroq va qalbida shu zamongacha bo’lmagan allanechuk hayajon bor edi. Uni tizginlab, yerga qaratib turgan kuch ham shu titroq va shu hayajon edi. Yo’q, bu kuch ham emas, boshqa bir narsa. U narsaning nimaligini Mashrabning o’zi ham hali bilmasdi. Xullas, u boshini ko’tarishga, qalbi intilgan qizga qarashga jur’at etolmas, ammo xayoli unda, uning yongan ko’zlarida, qo’ng’iroq ovozida edi.
Qiz chindan ham uni kuzatib turgan ekanmi, Mashrab yerdan sal boshini ko’tarishi bilan yana gap qotdi:
— To’ydingizmi, yo yana silkib beraymi?
— Bo’ldi, rahmat, to’ydim, — dedi Mashrab va qizning ko’ziga ko’zi to’qnashib, bugun a’zoyi badani lovillab yonib ketdi. Uning qarshisida o’n gulidan endigina bir gunchasi lab ko’rsata boshlagan navnihol qiz turardi! Qiz emas, pari, deysiz: qosh-ko’zi kelishgan, g’uncha dahan, og’zidan shakar to’kiladi.
Shu hushini olib qochdimi yoki yigitlik jur’ati jo’sh urib ketdimi, Mashrab birdan luqma otdi:
— Siz qoqsangiz, qancha bo’lsa, yeganim bo’lsin!
— Voy, o’lmasam! — degan qiz tutning ustida shoshib qoldi. Tapir-tupir shoxdan-shoxga o’tib, o’zini yerga «gup» etib otdi. Uning ko’zi Mashrabning ko’ziga qamti bo’lgan, uning qarshisida kap-katta yigit, yigit bo’lganda ham ko’zlari allanechuk hayajon bilan yongan chiroyli yigit turardi. «Siz qoqsangiz, qancha bo’lsa yeganim bo’lsin!» degan so’zni ham shunaqa chertib aytdiki, uning yuragiga o’qdek sanchildi. Ma’nosi yalt etib, hozirgacha beparvo bo’lgan qizning ko’zini moshdek ochib yubordi.
U kelishgan bir yigit bilan hazil-mutoyiba qilayotgan ekan! Ana, xolos!
Arzigulning yuragi gup-gup urar, xayolida tut tagidagi yigit hamon o’sha so’zini takrorlab turardi.
— Ha, buncha! — dedi dugonalari u tomonda. — Yov quvdimi? O’zingni bos.
— YO dadang kelib qoldimi?
Qizlar biri olib, biri qo’yib so’roqqa tutar, lekin Arzigul nimadir deb javob berishdan ojiz edi. Faqat:
— Bola emas, kap-katta yigit ekan-ku! — deya oldi. Qizlar yana jonlanib, bir nechtasi yana kulgiga oldi, bir nechtasi eshikka chopdi.
— Yo’q, ketib qolibdi! — dedi bittasi. Boshqasi gap qo’shdi:
— Kelishgangina ekanmi? Balki qismatingdagi yigit o’shadir.
— Yaxshilab ko’rib oldingmi, tagin yo’qotib qo’yib, qidirib yurma! — deb kuldi boshqasi.
— Hey, o’l, haziling qursin! — dedi Arzigul va lekin bu so’zidan qalbining allaqaeri g’alati bo’lib ketdi. Ichidan «Ha, shunaqami, hali,o’ylab gapir», degan nido keldi. Bu nidoni uning o’zigina eshitib turardi. Shu bois gapni chalg’itdi:
— Menga terib qo’yganlaring qani?
— Mana shu chodirdagining hammasi seniki, o’rtoqjon! — degan qiz uning basharasiga qarab, Arzigulning rangi qo’rqqan kishinikiga o’xshamay, o’zi ham til bilan aytib berolmaydigan allaqanday his-tuygular to’fonida ekanini aniq ko’rdi. Nimanidir fahmlagandek bo’lib, pastki labini asta tishladi. Buni Arzigul fahmladi va ko’zini olib qochdi.
Bu paytda kutilmagan uchrashuvdan karaxt bo’lib qolgan Mashrab to’rvasini yo’qotgan gadoydek talmovsirab, boshini quyi solib boradi. O’zi nima gap? Butun vujudi o’t bo’lib yonib ketyapti. Umrida hech bunaqa bo’lgan emas. Ha, tizzasida ham jinday titroq bor-a! Og’ir yuk ko’targani yo’q-ku, yo charchadimi? Nimadan charchaydi? Tutga chiqqani yo’qki, oyog’i toliqqan bo’lsa! Tutda qiz, Arzigul edi-ku! Ha, rostdanam, qiz nima dedi-yu, u nima deb javob qildi, nega qiz tutdan o’zini tashlab qochdi?
Mashrab bu qiziq lahzani tag-tomiri bilan idrok etib ololmas edi. Ancha yerga borgach, yana orqasiga, o’sha tutga, qiz turgan shoxga qaragisi keldi, bir narsadan hayo qilgandek tortinib qaradi. Hech kim yo’q. Saldan keyin yana qandaydir kuch orqaga undadi. Yana qaradi. Bu gal ham hech kimni ko’rmadi. U qidirgan odamni ko’rolmay entikardi.
Mashrabning butun badani mis bo’lib qizib ketgan, nazarida lovullab yonardi. Ko’cha yoqalab oqqan, qirg’oqlarini maysa-giyoh qoplagan ariqdan chatanog’ini kerib, yuz-qo’lini yuvdi. Muzday suv shunday xush yoqardiki, asti qo’yaberasiz! Butun vujudiga huzur-halovat nur bo’lib unsiz taralardi. Bunga sari yana yuziga suv sochar, bo’ynilarini qo’shib yuvardi. Orombaxsh tomchilar qizigan yuz-ko’zining taftini olib, nurli iz qoldirib pastga dumalardi, xayolidagi
kimsani yanada ravshanroq, yanada jozibaliroq ko’rsatgandek, uning ko’rkini ochayotgandek bo’lardi.
Mashrab ichki bir hayajon va qalbini larzaga solib kelgan notanish quvonch bilan suvni hovuchlab, yuziga sepmoqchi bo’lib edi, qo’llari sohildagi giyohlarga tegib ketdi. Yalpiz hidi anqib, atrof atrga to’ldi. Bu unga yana ham xush yoqdi. O’sib ketgan, ilk bahorgi ko’m-ko’k rangini kul tusiga almashgan, uzun va sershox yalpizning ikkita nozik shoxchasini tirnogi bilan uzib, dimog’iga tutdi. Undan taralgan hidga to’ymay, barmoqlari bilan erkaladi. Ana shunda hammayoqni tutgan allambalo bo’y ko’nglini yashnatib yubordi. Nahot, yalpiz shunaqa yoqimli hid taratsa?! Shu oddiy yalpiz-a! Bu mo»jiza ona tuproqning hikmatimi yoki bahorning kishilarga saxiy in’omimi? O, bu yerlarda ne-ne gul-chechak, ne-ne gul-lolalar bor. Hammasining o’z husni-ko’rki, o’z atri-anbari bor!
Mashrab yana ikkita yalpiz bargini uzib hidladi, huzur qildi. Shu alpozda turib qoldi. Beixtiyor belidan qiyig’ini yechib, bir uchiga betini artdi. Artardi-yu, xayolini yana o’sha tutdan, tutda turgan o’sha qizdan uzib olomasdi, u quyundek behadik bosib kelardi.
Mashrab boshqa olamga kirib qolganga, bu olamda hali xayoliga keltirmagan his-tuyg’ular hukmronga o’xshar edi.
Mashrab yana orqasiga qaytib, o’sha tutli hovlining eshigida turib qoldi. Alanglab, allakimni qidirdi. Tutning ustlariga qaradi. G’arq pishgan tut marvariddek yiltillab, quyosh shu’lalari tushgan baland shoxlari esa, alohida tovlanadi. Chumchuqlar g’ujg’on o’ynab, bazm quradilar, ularning tumshug’idan uzilgan tutlar yerga tap-tap tushib turibdi. Boyagi bijildoq qizlar esa, qayoqqadir gumdon bo’lishibdi. Shu vaqt birdan nimadir daranglab qoldi-yu, yuz chumchuqqa bir kesak degandek, parrandalar duv ko’tarildilar. Yana hammayoq jimib qoldi.Mashrab ovoz kelgan tomonga qarasa, chumchuqlarning o’tini yorgan tutning baland shoxiga boglangan eski chelak ekan. «Ipini kim tortdi ekan? O’sha qizmi? Ismi nima edi? Ha, Arzigul deb edi-ya! Qanday chiroyli ism! Arzi gul emish, arzi gulga o’xsharmish! Qiziq! Bu nomni qo’ygan odam shu ma’noni bilarmikin? »
Bu ism Mashrabning ko’ngliga shunaqa yaqin tushdiki, agar birov «Bu ismni sen haligina eshitding» desa, asti ishonmas edi. Go’yo esini taniganidan buyon bu ismni biladigandek va kunda takrorlab yuradigandek edi.Mashrab xayol bilan qancha turib qolganini bilmaydi, bir vaqt bundoq qarasa, tutni yana chumchuqlar talay boshlabdi, chug’ur-chug’uri olamni buzyapti.
«MASHRAB» ROMANININING DAVOMINI CALAMEO DASTURI YORDAMIDA MUTOLAA QILING, PRINTERDAN CHIQARING YOKI YUKLAB OLING