Polvonniyozhoji Yusupov. «Yosh xivaliklar» harakati: quvonchlar, iztiroblar, fojialar (04)

035

Ўз даврининг илғор зиёлиси бўлган Полвонниёз ҳожи Юсупов,табиий, доимий равишда газет-журналларга ошнолик, қолаверса сиёсий воқеаларнинг “қайноқ” жараёнида кечган ҳаёти сабаб, у тарихнинг жонли гувоҳи сифатида кундалик ёзишни одат қилганди. Хива музейидаги сокин ҳаёт уни кундаликлар асосида хотиралар ёзишга ундайди. Натижада эътиборингизга ҳавола қилинаётган хотиралар 1926 йилда юзага келади ( Ушбу бобга Умид Бекмуҳаммаднинг «Бўғизлаб ўлдирилган Исфандиёрхон» мақоласи илова этилди).

ПОЛВОННИЁЗҲОЖИ ЮСУПОВ
“ЁШ ХИВАЛИКЛАР” ҲАРАКАТИ:
ҚУВОНЧЛАР, ИЗТИРОБЛАР, ФОЖИАЛАР
Нашрга тайёрловчи ва изоҳлар муаллифи: Умид БЕКМУҲАММАД
033

4-БЎЛИМ: ИСФАНДИЁРХОННИНГ ЁВМУТЛАР ТОМОНИДАН ЎЛДИРИЛИШИ ВА САЙЙИД АБДУЛЛАНИНГ ХИВА ХОНИ ҚИЛИБ ТАХТГА ЧИҚАРИЛИШИ

08Энди Исфандиёрхоннинг нечук бўлиб ўлдирилгани ҳақида ёзамиз.Маълум бўлсинким, бизлар Тошкентда бўлиб юрган вақтларимизда Самарқанддин бизларни кўрмоқ учун биродар Юсуф девон Отажон ўғли ҳам Ҳакимбой Ёқуб ўғиллари келдилар.Бир неча кун бизларни ёнимизда бўлдилар.Бир неча кун бизларни ёнимизда бўлдилар.Хивада бўлиб турадиган ахборотни тамом баён қилдилар.

Меним кўнглимга бир сиёсат келиб, Жунайидхонга хат ёздим.Юсуф девонга айтдум:
— Бир хат қилиб Сизга юборган бўлиб ёзармиз.Сиз шул хатни Чорига юборинг.Албатта Чори Жунайидхонга кўрсатса керак.Шунда Исфандиёрхондан қутулурмиз, дедим. Юсуф девон маъқул кўриб, “ёзинг” , деди.Мен , Мулла Жуманиёз Султонмуродов хат ёзмоққа машғул бўлдик.Мазмуни шул турур:
“Кўп салом, биродаримиз Юсуф Девонга, алҳамдуллилоҳи раббил оламин, бизлар кўп бунда саломат, субҳи оқшом сизларнинг дуойи хайрингизга машғул турурмиз.Илоҳи ҳазрати ҳақ субҳони ва таоло сизларни ўз паноҳида омон сақлаб дийдор кўришмоқни насиби рўзи қилгай.омин, биҳурмати сандул мурсалимун бодаст.

Махфий қолмасинким, бунда инқилоб қўмиталаримиз яхши ишлаб турибди.Ўтган кун Нозирлар шўросининг раиси Колесов мани чақириб . бир хат берди ўқиб кўринг, деб.Хатни ўқиб кўрсам, Исфандиёрхон ёзган эркан.Мазмуни шул турур: дўстлик авзойи адносидан сўнгра, қўшма шўролар жумҳуриятига маълум бўлсинким, ушбу калтабон хон Жунайид зулмидин фуқаролар жонларидан тўйдилар.Ман ҳам қочиб кетмакка рози бўлдим.Кўп-кўп ўтиниб илтимос қилурман, тез вақтда катта бир аскар юбориб, ушбу золим ёвмут калтабонларнинг зулмидан Хоразм халқини халос қилсангиз.Ҳамма фуқаролар дуойи хайр қилиб, ҳар нечук фармон қилсангизлар жону дилларимиз билан қабул қилур эрдик, деб Исфандиёрхон қўл қўйган ва муҳр босган.Товариш Колесов манга айтди: Сиз ҳамиша Жунайидхон фуқароларини яхши кўрур, фуқаролар тарафидин бир сўз бўлса, Исфандиёрхондин сўраб турур, деб.Ман айтдум: товариш хоннинг ёзганлари ёлғон турур.Хон фуқароларнинг аҳли аёлларига таръиз қилмоққа одат қилган золим турур.Жунайид анга ҳеч ихтиёр бермас турур.Шунинг учун ёзиб юборган хат турур, деб хонни ёмон қилиб, чиқиб кетдим.Энди сизга маълум бўлсинким, бизларнинг ушбу хатимизни Чори ўғли орқали хон оғага юборинг.Хон оға ғофил бўлиб юрмасин.Ушбу бадбахт Исфандиёр хон бир кун бир ерлардин ёрдам топиб, албатта аскар олдирса керак.Ул вақтда пушаймон қилган ҳеч фойда қилмаса керак”, деб хатни тамом қилиб қўмитанинг печатларини босиб ҳам қўл қўйиб Чоржавда биродар Юсуф девонга етишсин деб лапанинг устига ёзиб қўлига бердук.Биродар Юсуф девон бир неча кундин сўнг қайтиб кетди, узатиб хўшлашиб қолдик.

Махфий қолмасинким, туркман жамоаларига ушбу ёзган хатимиз кўп мувофиқ бўлса керак.Нечун ким хон олар бирлан аввалдин душман турур.Агар вақтини топса ҳар нечук қилмоқи маълум турур.Албатта ушбу хатга кўп аҳамият берса керак, деб мунтазир бўлиб ўтирдик.Юсуф девон бир неча кундин сўнг соғ-саломат Хивага бориб, вақтини топиб ўзининг одами бирлан хатни Жунайидни ўшбу хатни ўқиб кўрган ҳамон бир неча юз отли бирлан саркарда ёвмутлар бирлан ўғли Эшшини юборган, хонни маҳрамлари бирлан ўлдириб келинглар, деб.Ўзи ҳам Ғовук деган қишлоққа келиб ўтирган.Дарҳол бошлиқ Эшши, Ушоқ бек ва бошқа саркардалар келиб, отларни казармада қўйиб ўзлари қаълага келиб ҳар ерда меҳмон бўлганлар.
06Андин сўнг хоннинг кўриниш вақти бўлган.Баён бўлган саркардалар Нуриллабойга келганлар.Фуқароларнинг арзи тамом бўлгандин сўнг Давлат Мурот ясовулбошига айтганлар: хондин жавоб олгин, бизлар кириб кўрармиз, деб.Ясовулбоши кириб жавоб олиб ёвмутларни бирга олиб кирган.Ёвмутлар ўз одатлари бўйича хон бирлан кўришганлар.Ичларидин бировга топшириб қўйган эрканлар.У хон бирлан кўришиб, унинг маҳкам тутиб, кийимларини чиқариб олиб пичоқ бирлан бир неча маротаба санчиб ташлаган.Тамоми кийимларини ушбу жаллодга берганлар.Бул воқеани кўриб хон олдида турган маҳрам хизматкорлари қочиб кетганлар.Хоннинг жасади ёнида ҳеч ким қолмаган.Бир одам Худойберган банги деганга бир неча танга бериб хоннинг жасадидан хабардор бўлиб тургил, ит тегмасин деб. Туркманлар ташқарига чиқиб, Иброҳим хўжа ҳам Рўзимуҳаммад маҳрамларни ҳам отиб ўлдирганлар.Андин сўнг хоннинг ҳарам саройига ясовулбоши олиб кириб хоннинг тамоми олтин брилиант жавоҳиротларини талон-тарож қилиб олиб бўлгандин сўнг қаълага жар чектирганлар.Фуқаролар фароғат бўлиб,ҳеч қўрқмасинлар деб.Рўзимуҳаммад маҳрам бирлан Иброҳим Хўжанинг уйларида бўлган тамоми ошё-асбобларини ҳам олганлар.Эртанги эрта бирлан хоннинг биродари Саид Абдулла тўрани Ушоқбек олиб келиб хон қилган.Андин сўнг Исфандиёрхонни жанозасини ўқиб Абулвафойи Хоразмий деган азизнинг жойинда ўзининг бино қилиб қўйган мадрасасида дафн қилганлар.
Шунинг бирлан ёвмут тамоми амволи-ашёларни олиб отлиқ аскарлари бирлан қайтиб Жунайидхон олдига бориб сурат воқеаларни баён қилганлар.

Махфий қолмасинким, хонни маҳрамлари бирлан ёвмутлар ўлдиргандин сўнг биродар мулла Жуманиёз Султонмуродов бизларга Тошкентга телеграм берган эркан.Бизлар телеграммни олган ҳамон шод масрур бўлиб дарҳол ҳукумат идорасига бориб телеграмни кўрсатиб маълум қилдук.
Дарҳол тамоми газеталар босиб чиқардилар.Иттифоқо 6-чи шўролар қурултойи эрди.Ҳаммага маълум бўлди.Қурултойда тамоми вакиллар мандин бир-бир сўраб воқеани билдилар.Махфий қолмасинким, золим Ашир маҳрамни ўлгани шул суратда бўлган: марҳум шаҳиди ҳурриятпарвар яъни Ҳусаинбек, Исоқбек, Абдусалом, Толибхўжалар ўлгандин сўнг машҳур Жалоладдин Эшонникида бир фотиҳа лозим бўлган.Жунайидхон фотиҳага келган.Эшон ҳазрат хон Жунайидни кўрмасдин ичкари уйга кириб кетган.Хон Жунайид эшон ҳазратни чиқмоғини илтимос қилган.Кўришиб қайтмоқ учун.Эшон ҳазрат айтиб юборган:
-Золимнинг юзини кўрмоқ лозим эрмас турур.Бир ланъати бадбахт Ашир маҳрам деган одамнинг сўзи бирлан шунча бегуноҳ одамларни ўлдириб, қонига зомин бўлди.Агар ушбу бадбахт Ашир маҳрамни ўлдириб юбормаса ман қиёматда ҳам Жунайидхоннинг юзини кўрмасман, ҳам безор турурман,-деган.
Туркман жамоалари Эшон бўлган одамларнинг ҳеч бир сўзларини рад қилмас турурлар.Шунинг бирлан хон Жунайид Ушоқ Саид Муҳаммадбекка буйирган ,дарҳол бориб Ашир маҳрамни хондин сўраб олиб ўлдиргил ва тамоми моли-ашёларини олгил, деб.
Дарҳол Ушоқбек бир неча отлиқлар бирлан келиб Ашир маҳрамни уйига тушиб ўзини ҳибсга олган.Хон Ушоқбекдан тилаб кўп ақчалар ваъда қилган.Ушоқбек буни қабул қилмасдин миршабларга буйириб Ашир маҳрамни бўғиб ўлдирганлар.Оллоҳнинг адолатини тамоша қилинг, ўзининг қилган ёмон амалининг мукофотини олди.Қаъла одамлари бу золимдан қутулганликлари учун худойтаолога шукурлар қилганлар.Жасадини бир-икки одам жаноза ўқиб дафн қилганлар.Ҳатто баъзий бировлар жанозасининг изидан тош-касак отиб қолганлар.Шунинг бирлан Исфандиёрхоннинг зулми даври ўтиб кетган.

Махфий қолмасинким, Сайид Абдулла тўра хон бўлиб ўтирган.Аммо хон Жунайидга Давлатмурод ясовулбоши яқин бўлган.Тамоми амр Давлатмурод маҳрамнинг қўлинда бўлган.Хон мазий исм бўлиб ўтирган.Абдираҳмонбой Баққоловни меҳтар қилиб қўйган.Бир неча кундин сўнг Сайид Абдуллахон Жунайиднинг уйига меҳмон бўлиб бориб, ондин сўнг Исмамут отага (ҳозирги Туркманистондаги зиёратгоҳ қабристон-У.Б.) зиёрат қилиб Хивага қайтиб келганлар.

Махфий қолмасинким, шул вақтда Тошкентдин келган элчилар ҳам Хивага келиб хон Жунайиднинг олдига бориб сўзларни сўйлашиб, дўстлашиб , аҳдинамолар ёзишиб, ҳайъат раиси Люценко Тўрткўлга ўтиб кетган.Фақат турк Козимбек Хивада қолган.Козимбек афанди бир неча кун Хивада бўлгандин сўнг Исфандиёрхоннинг қизига уйланмоқчи бўлган.Ҳам хоннинг қайнотаси Фахриддин нақиб хўжа розилик берган.Ушбу воқеаларни хон Жунайидга маълум қилган.Хон Жунайид қаҳрланиб киши юборган.Бир муслима бор эрди хонларнинг қизларини ўқитиб юрар эрди.Шул мазлумадин гумон қилиб отиб шаҳид қилганлар.Козимбек афанди ушбу воқеаларни англаб шу кечаси қочиб Тўрткўлга ўтиб кетган.Шунинг бирлан ушбу ҳайъат қанча ақча ҳадиялар сарф қилиб ҳеч бир натижа чиқармаган.Ушбу ҳайъат фаолияти “Ёш хиваликлар”нинг инқилоб қўмитаси ишлаб чиқарган ишларини бир неча вақтлар кейинга қолдирган.Нечунким, “Ёш хивалилар” Тўрткўлдаги аскарлар бирлан иттифоқ қилиб Хива тарафига ўтиб уришмоқчи бўлиб турган вақтларида ушбу ҳайъат одамлари келиб буларни тўхтатиб қолдирганлар.Ўзлари ҳам ҳеч бир иш қилмасдин Тошкентга қайтиб кетдилар.

Махфий қолмасинким, Чимбой тарафидин отлиқ казак уралскалар исён қилганлар.Тўрткўлдан аскар жамлаб Нукусга юборганлар.Ҳам “Ёш хивалилар”дан биродар Ҳакимбой Божибон ҳам Муҳиддинларни Чимбой тарафидин хабар олиб келмоқ учун юборганлар.Булар бориб, кўриб келиб, отлиқ казак уралскаларнинг қилиб турган ишларидан хабардор қилганлар.

Махфий қолмасинким, биродаримиз Бобоохун эшитиб, Бийбозордин Мулла Жуманиёз ва Бобожонбойларнинг ёнига Тўрткўлга келган.Комиссар Коноплевга кўрсатиб воқеаларни баён қилганлар.Коноплев Бобоохунга кўнгил бериб айтган:
-Иншоллоҳ тез вақтларда Хивани яна ўзларингизга олиб берурмиз,-деб бироз ақча, милтиқ бериб, қайтариб юборган.

Махфий қолмасинким, Ҳаким божибонлар келгандин сўнг Чимбойдан уралскалар Нукусга келиб уришиб кўп одамларни асир олиб, бир тўп, бир милтиқни ғанимат қилиб олиб кетганлар.Ушбу воқеаларни эшитган ҳамон Христофоров бир неча сотрудниклар бирлан майдонга чиқариб отиб, чопиб ўлдирганлар.Христофоровнинг ўрнига Ҳасанов ўтириб қолган.Ушбу воқеаларни Тошкентга ёзиб маълум қилганлар.

5-БЎЛИМ, “ЁШ ХИВАЛИКЛАР”НИНГ ШЎРОЛАР ҲУКУМАТИ ҚУРОЛЛИ КУЧЛАРИ ЁРДАМИДА ЖУНАЙИДХОН ВА ХОНЛИК ТУЗУМИГА ҚАРШИ КУРАШИ

Энди ўз инқилоб қўмитамиздан сўз эшитинг: қўмитамизга аъзолар кўп кира бошлаган.Ҳам Тўрткўлда бозорда митинг қилиб, халққа агитация қилмоқ вазифасини “ёш хиваликлар” қўмитасига ҳавола қилганлар.Мулла Жуманиёз Султонмуродов ҳар бозор куни бозорда митинг қилиб, халққа агитация қила бошлаган.Ҳам Тошкентга агитаторлар курсига кишилар юборганлар.Ҳам Тўрткўлда бўлиб турган воқеаларни Марказий Қўмитага доклад қилмоқ учун Бобожонбой Ёқуб ўғли, Назир Шоликаровни курсантлар бирлан қўшиб, Қозонли устидан туя бирлан Тошкентга юборганлар.Ушбу биродарлар йўлга чиққанлар.Алардин ҳукуматнинг саккизланчи сеъздига рус вакиллари бирлан қўшиб Ҳаким Божибон ва Муҳиддин Умаровларни юборганлар.Чоржав устидан.Энди сўзни ўз аҳволларимиздан сўзлармиз.Тошкентда Отажон Маҳрам Сапаев бирлан қолган эрдик.Биродар Отажон Маҳрамнинг касали ҳар кунда зиёда бўлур эрди.Ахир оқибат Ҳабиббула афанди “Ёш хиваликлар”ни инқилоб қўмитаси тарафидин сиҳат назоратига ариза ёзиб берди: ”Ёш хиваликлар” инқилоб қўмитасининг маъсул саркотиби касал турур.Шуни ҳукумат ҳисобига бир шаҳарга даволанмоқ учун юборсангиз”, деб.Ушбу аризани ман сиҳат назоратига элтиб топшириб жавоб сўрадим.Бир кунни муқаррар қилди, “ушбу баён бўлган касални городской касалхонага элтиб комиссияга кўрсатинг”, деди.

Махфий қолмасинким, қолмасинким, муқаррар бўлган кунда городской касалхонага олиб бориб комиссияга кўрсатдук.Комиссия кийимларини чиқартириб кўрди.Ман шунда кўрдим, бечора биродаримиз пўсти устихон бўлган эркан.Ҳам ҳар куни ўксириги зиёда бўлур эрди.Ман комиссия раисидан илтимос қилдим.Чимкентга юбормакни.Нечунким биродаримиз Чимкентни аввалдин бир-икки мартаба кўрган эрди.Ҳам бир неча ошна-ёру дўстлари бор эрди.Комиссия ҳам қабул қилди, сиҳатга ёзиб маълум қилурмиз,деди.Ман ушбу биродарни касалини кўп хавфли кўрдим.
Маълум бўлсинким, бундин бир неча кун олдин Тошкентли биродаримиз Умриузоқ афанди Ёқубжон айтган эрди: “ Сиз эски шаҳарга бориб мани уйимда бўлинг.Касал одам ҳар турли ноҳарини орзу қилур.Бунда унинг ҳеч бола-чақаси йўқ турур, сизга ноҳари тайёрлаб бермакка.Ҳожи бобо бўлса ҳамиша қўмита хизматидин бўшамас турур.Маним уйим сизларни ўз уйингиз турур”, деб кўп сўраган эрди.Ман ўз-ўзимга муқаррар қилдим, биродаримизни албатта эски шаҳарга Умриузоқ афандининг хонасига элтиб қўймоқ керак.Агар бир воқеъа бўлиб қолса мусулмонларни ичинда тапкин-тачхиз қилиб катта бир зиёратхонага дафн қилурмиз, деб . Биродаримиз Отажон афандига айтдим:
-Биродар сизни Умриузоқ афандининг уйига юборурман.Бола-чақалари сизга ҳар турлук ошлар пишириб берурлар,-дедим.Ҳам ул кишининг ҳовлиси бўлса ўз жойимиз турур,-дедим.
Бу таклифни биродаримиз ҳам қабул қилди.Шул вақтда иттифоқан Умриузоқ афандимиз ҳам келиб қолди.

Докторлар кўриб, Чимкентга юбормак бўлганларини баён қилдим ҳам айтдум:
-Худо ҳоҳласа эртанг келиб Отажон афандини уйингизга олиб бориб қўйинг,-дедим.
Умриузоқ афанди хўп деб, кўп хушвақт бўлди ва эртанги арава келтириб, биродаримизни олиб кетди.Ман йиғлаб қолдим.Биродаримиз Отажон мандин илтимос қилди, тез-тез бориб турмоқни.Ман айтдум:
-Албатта бориб турурман, хотиржам бўлинг, деб оллоҳга топшириб узотиб юбордим.Бир неча кундин сўнг Аширбой бирлан бориб кўрдим.Олла рози бўлсин Умриузоқ афанди биродаримиз Отажонга кўп яхши тарбия қилиб турган эркан.Ҳам эски шаҳарда ўзбек ҳакимидан бир табиб келтириб муолижа қилдириб ўтирган эркан.Лекин биродаримизнинг касалига ҳеч дорининг фойдаси йўқ турур.Кўп сўйлашиб аҳвол сўрашиб ўтирдик.Хива тарафидин сўз сўради, қўмитадин хат келдими, деб.Ман хат-хабарларни маълум қилдим.Шунинг бирлан хўшлашиб жавоб олиб кетдим.Яна таъкид қилдим, тез-тез келиб турмоққа.Лекин учланчи кун кўп паришон кўрдим.На чора қилмоқ керак, Оллоҳ Таолонинг ҳоҳлагани шул бўлса.Шунинг бирлан бир неча кун ўтди.Бир кун эрта бирлан туриб самоварга ўт солиб. Чой ичиб кўрмакка бормоқчи бўлиб муқаррар қилган эрдим.Эрта бирлан биров келиб эшикни қоқди.Кўп қўрқиб кетдим.Нечунким, биродар Отажон тарафидин кўп хавфда эрдим.Дарҳол эшикни очдим.Умриузоқ афандининг одами Юнус эркан.Дарҳол хабар сўрадим, Отажон дунёдин ўтди, деб хабар қилди.Ман йиғлаб иналла ва илоҳим Ражун, деб борурман деб узатиб юбордим.Чой ҳам ичмай ярмарка бозорига мусофир биродаримиз олдига кетдим.Нечунким, ман уйда якка ўзим эрдим.Аширбойнинг дўконига бориб баъзи камбағал биродарларга жинозага айтдум.Маҳи шариф рамазоннинг учланчи куни 1919 йилнинг 2 июн куни эрди.Дарҳол Аширбой, Муса Хайтбой ва яна бир неча камбағал Хивали биродарлар бирлан эски шаҳарга равона бўлдик.Бориб кўрсак, Умриузоқ афанди Жамолбой акага хабар қилган экан, ҳам тамоми керак-яроқ бўлган нарсаларга киши юборган эркан.Покишўй ҳам келган эркан.Ман Пакишўй бирлан Отажоннинг ётган ерига кирдим.Покишўй биродарим марҳумни кўзини очди.Кўрдим гўё ухлаб ётгандин ётибтур.Ушбу ётгани ҳеч кўзим олдидан кетмас турур.Илоҳи оллоҳтаоло раҳмат ва мағфират қилгай деб чиқиб табкин ва тажхизга машғул бўлдик.Жамолбой ака ҳам келиб қолди.Ўн икки масчитга жанозага хабар қилдик.Одамлар пуч-пуч келабошладилар.Ушбу маҳалда бир катта эшон бор эркан, келдилар.Давронини ушбу эшон ҳазрат қилдилар.Шундай қилиб обрўйи тамом бирлан жамият касир бўлиб, қоратош маҳалласи масчитида жаноза ўқиб , ҳазрати Шайхи Аламдорнинг мозористонида бир мевазор дарахтнинг остинда лаҳадга қўйдик. Лаҳадга қўйиб бўлгандин сўнг биродар Жамолбой бир нутқ ирода қилди.Нутқ шундан иборат турур:
-Эй жон биродар, сан аввалда бунда келиб бизлар бирлан ошна бўлиб Оллоҳ таолонинг тақдири бирлан бизларни ўрталаримиздин чиқиб кетдинг.Ҳам бизлардин жудо бўлиб ўз манзилинг, ватанинг бўлган Хоразмга кетмасдин бизларнинг манзил маконимизда дунёдин интиқлол қилдинг.Энди бизларга лозим турур ҳамиша санинг қабрингни зиёрат қилиб, дуои фотиҳа қилиб турмоқ.Сани Оллоҳ таоло раҳмат қилиб тупроқингни енгил қилгай, Омин!-деди.

Ман йиғлаб ҳеч бир сўзламоққа тоқатим бўлмади.Қуръон ўқиб хўшлашиб, азиз биродаримизни тупроққа жо қилиб, Оллоҳга топшириб йиғлай-йиғлай маъюс бўлиб қайтиб Умриузоқ афандининг ҳовлисига келиб қуръон ўқитиб, Умриузоқ афандидин жавоб олиб қайтиб кетдук.Нечунким, уйимизда ҳеч ким йўқ эрди.Илоҳим мусофирликда ғурбатда ўлган биродаримиз Отажон маҳрам Сапо ўғлини раҳмат қилғай, омин.Биродаримиз 37 ёшинда эрди.Хивада бир соҳира 3-4 яшар қизи қолди.
Энди ўз аҳволотимиздан ёзармиз.Маним бир ўзим якка танҳо мусофирликда, ёнимда ҳеч бир йўлдошим йўқ Олооҳ таолонинг берганига рози бўлиб вазифам бўлган хизматларни қилиб юрдим.Бир неча кундин сўнг биродар Бобожонбой Ёқуб ўғли, Назир Шоликаров ҳам бир неча курсантлар ўқимоқчи бўлиб келиб тушдилар.Ушбу биродарларни кўриб вақтим бир неча хуш бўлди.Отажон маҳрамнинг ўлганини баён қилдим.Биродарлар ҳам йиғлаб фотиҳа ўқиб қўйдилар.Назир афанди ҳам йўлда кўп қаттиқ касал бўлган эркан. Йўлда кўрган ранжу машаққат ҳам Тўрткўлда бўлган сиёсатлардин сўйлашиб ўлтурдик.Наҳори тайёр бўлди.Наҳори қилдук.

Биродарларимиз йўлда чарчаб келган эрканлар ётиб ухладилар, маним севинганимдан ҳеч уйқум келмади.Эртанг туриб Тўрткўлда бўлиб турган ҳам ўтган аҳволотдин сўйлашиб ўтирдилар.Хон тарафидан Собир маҳрам, Хон Жунайид тарафидан Шайхи Нафас элчи бўлиб келганларини баён қилдилар.Ҳам ул тарафдин қочиб Тўрткўлга ўтган Жабборқули Қўчқор ўғли, Эшчан маҳрам ва бошқалар нечук қочиб ўтганларини сўйладилар.Ҳам Хивага хабар юбориб бизларнинг болаларимизни соғлиқларини билганларини баён қилдилар.Пинҳони суратда Назир афандининг биродари Отаниёз охун ва Бобо дойилар келиб кетганларини баён қилдилар.Ман гўё Хивага боргандек бўлдим.Бир неча кундин сўнг Ҳаким божибон, Муҳиддинлар, Мулла Жуманиёз Султонмуродовнинг болалари Хатича, Марям, Ориф, Исмоил, Олавуддин нўғойнинг болалари, Сирожаддин, Низомаддин, Надировнинг болалари Аҳмаджон.Отвуллалар келиб чиқдилар.Буларни келтириб жойлаштирдим.Мулла Жуманиёз хат қилиб юборган эркан болаларини мактабга бермак ҳақинда.Ушбу болаларнинг бунча кейин қолганига сабаб Хивага бизнинг болаларга хат юборганлар.Тўрткўлга уларни келтириб улар бирлан бирга қўшиб юбормакчи бўлган эрканлар.Икки кун ўтгандин сўнг Мулла Жуманиёзни дорулмуаллиминга жойлаштирдим.Отовулла, Аҳмаджонларни ҳам шунда ўрнаштирдим.Болалар ётиб ўқий бошладилар.Курсантлар ҳар ҳафта жума куни маним олдимга келур эрдилар.Катта курсантлардин Ирожиддин Фахриддинов, Ҳасан Диликомов, Қаландар Одинаев, Ёқуббек Отабеков, Назир Шоликаровларни агитция курсига юбордим. Булар “Қосим” нўмерида эрди.Курс шунинг ҳузурида эрди.

Махфий қолмасинким, Тўрткўл шўъбасидин бир протокол келиб қолди.Мазмуни шундан иборат турур.Биродар Назир Шоликаров Тўрткўлда баъзий қўмитанинг программасига номувофиқ ишлар қилган эркан.У кетгандин сўнг катта мажлис қилиб қарор қилганлар.Биродар Шоликаровни судга бермоққа.Марказий Қўмитага таклиф қилганлар.Ҳам бир юздин зиёда аъзолар қўл қўйиб юборганлар.Ушбу Тўрткўл шўъбасининг қарорини ўқиб кўргандин сўнг Марказий Қўмита ҳам обший мажлис қилиб қарор қилди: “Биродар Шоликаровнинг эски инқилобчилигини назарга олиб судга бермай ўзимга яхши танбеҳ бўлсин, деб олти ой партиядин чиқариб юбормакка бир оғиздан қарор қабул қилинди.Шунинг бирлан биродар Шоликаров қўлидин қўмита берган шаҳодатнома олинди.Шоликаров хорижий тижорат шўъбасига хизматга кирди.Товариш Литовский бирлан Бухоро тарафларга кетди.

Махфий қолмасинким,Тўрткўл шўъбамиз Хива тарафидин қочиб кетган ўзбек ва қозоқлардин партийний дружина ташкил қилган.Ушбуларга Тўрткўлда қурол бермаганлар.Мулла Жуманиёз яроғ сўраб хат ёзган эркан. Ман бориб мусулманский краевой бюрога маълум қилдим.Қурол талаб қилдим.Қўшма мажлис қилиб қарамоқчи бўлиб муқаррар қилдилар.

Махфий қолмасинким, афғон вакили Муҳаммад Салимхонга ҳам маълум қилиб эрдим.Муҳаммад Салимхон айтиб эрди:
-Сизларнинг миллий аскарларингизга милтиқ бермасалар Сиз эълон қилинг: агар Россия Шўролар Жумҳурияти Сизларга қурол бермасалар бизларга жавоб берсинлар.Бошқа давлатдин талаб қилиб оламиз, деб.Ман Қобулга хат юборурман.Афғон ҳукумати Сизларга қурол бирлан ёрдам берур,- деб эрди.
Шунинг бирлан краевой бюронинг мажлиси бўлди.Биродар Турсунхўжаев айтдилар:
— Бир минг милтиқ олиб Хивада тинч ўтирғон одамларни ўлдирасизларми? –деди.
Ман айтдум:-Биродар ушбу айтган сўзингиздин оллоҳ сақласин, биз “Ёш хивалилар” шунинг учун милтиқ сўрармизким, бизларнинг хондин ҳам ёвмутлардин қочиб кетган аъзоларимиз кўп турур.Шулардин партийний дружина ташкил қилганлар. Шуларга милтиқ лозим турур.Бизлар одам ўлдириб қон тўкмак учун милтиқ талаб қилмасмиз, фақат биз “Ёш хиваликлар” Хива тарафга ўтганда анда қолган.”Ёш хивали” биродарлар билсинлар, бизларда куч-қувват бор эркан, деб.Андин сўнг ҳеч кимдин қўрқмасдин бизларнинг олдимизга келсалар керак.Агарда бизларда қувват бўлмаса, бизларнинг олдимизга келмоққа қўрқсалар керак, дедим.Ҳам айтдум: агар ушбу мартаба ҳам сўраган милтиқларимизни бермасангизлар “ёш хиваликлар” инқилоб қўмитасига рухсат беринг, бошқа бир давлатдин қурол сўраб олсин, дедим.

Кўп музокаралардин сўнг 500 милтиқ “Ёш хивалилар”нинг инқилоб қўмитасининг Тўрткўл шўъбасига бермакка қарор қилдилар ва протокол копиясини ҳукуматга юбордилар.Ва яна маълум бўлсинким, собиқ ҳарбий нозир Осиповни ҳақинда ҳукуматга берган аризамиз бор эрди.Кўп воқеалар бўлгандин онга ҳеч жавоб бўлгани йўқ эрди.Шул аризамизнинг натижасини сўраб ҳукуматга бордум.Саркотиб Фатиҳов маълум қилди:
-Сизларнинг аризангиз Вотинцевнинг шкафларида йўқ бўлиб кетди.Агар сизда нусхаси бўлса тозадин ёзиб беринг, -деди.Ман дарҳол нусхасидин кўчириб келиб топширдим.Ҳам илтимос қилдим, дарҳол мажлисга қўймоқни.Икки кун кейин келиб сўрадим: ушбу аризани ҳам қайда қўйганини билмади.Ман саркотиб бирлан урушдим ва айтдум:
-Сизлар нечук одамларсиз, кишилар муҳим бўлган аризаларни ёзиб берурлар, сизлар илтифот қилмасдин йўқ қилурсизлар.Бул ватанга, миллатга катта бир жиноят турур.Ҳам “Ёш хиваликлар”нинг инқилоб қўмитаси Осиповни аксил ҳаракатчилигини англаб ушбу аризани ёзган эрди.Сиз ёзилган аризанинг мазмунини англамасдин ҳамон йўқ қилурсизлар.Агар ушбу кун бизларнинг аризаларни мажлисга қўймасангиз сизни бепарволигингиздан судга берурмиз,-дедим.Саркотиб ўтиниб илтимос қилди:
-Яна нусхаси бўлса беринг, шул кун мажлисга қўярмиз,-деди.

Ман айтдум:-Печатларимиз қўмитада турур,-деб.
-Печат даркор эмас, нусха бўлса кифоя турур,-деди.Яна бир нусха бердим.Шул кунги мажлисда кўриб қарор қилдилар.оператив штабга буюрганлар. “Ёш хивалилар”ни инқилоб қўмитасини сўраган аскарни дарҳол берсин, деб.Бир нусха протокол оператив штабга,бир нусха бизларнинг қўмитага юборганлар.Нусха протоколни олган ҳамон биродар Ҳабибулла Алиев бирлан оперативний штабга бордик.Штаб раиси собиқ хорижия назири Домпатский дарҳол Самарқанддин бир неча аскарга буйруқ қилди, ушбу соат Тўрткўлга келмоққа.Шунинг бирлан биродар Ҳаким Божибон Тўрткўлга қайтармоқчи бўлиб мусулманский краевой бюродин қўмита шўъбаси учун ақча сўрадик, бердилар.Анда ишлаган ишлар докладини топширдим.Ҳам биродар Бобожон Ёқуб ўғли ва Муҳиддинларни Чоржавда қўмита шўъбаси очиб иш қилмоққа.Шўъбага раис қилиб марказий қўмитадин қўлга мандат бердим.Марвда шўъба очмоққа ихтиёр бердик.Шунинг бирлан ман ёлғиз бўлиб қолдим.Фақат мактабда ўқиб юрган болалар ҳар вақт келар эрдилар.Шунинг билан қўмитамизда инқилобга доир ҳар бир иш бўлса ишлаб юрдим.Бир куни Чоржавдин шифрованний телеграм келиб қолди, Зокир Бекчуриннинг имзоси бирлан.Нима ёзгани маълум бўлмади.Шул оқшом партиядин мажлис бор эрди.Мани ҳам чақириб эрдилар.Ушбу телеграмни муҳандис Кобесовга кўрсатдим, ҳал қилиб бермак учун.ул киши эртанг ҳал қилиб бермакчи бўлди.Баъзий масалаларни ҳал қилиб мажлис тамом бўлди.Ҳамма қайтиб кетдилар.Эртанг келиб телеграмни сўрадим.калити йўқ эркан.Телеграмни олиб хорижий назоратига бордим, анда ҳам калити йўқ эркан.Андин военний советга бордим, телеграмни олар ҳам ҳал қила билмадилар.Айтдилар:
-Чоржавга Бекчуринга телеграм бердук, ўзи келур,-дедилар.Бир неча кундин сўнг Зокир Бекчурин ҳам ёвмутнинг солиҳ тийрасидин Ҳасанхон деганлар келиб етишдилар.Чой ичиб, ҳол-аҳвол сўрашиб ўтирдик.Тўрткўл қўмитадин Мулла Жуманиёздин хат олиб келдилар.Хат шундан иборат турур.Хива тарафдин машҳур Ғуломали, Илонли( ҳозирги Туркманистоннинг Дошўғиз вилоятидаги туман-У.Б.)дан Мулла Наврўз, ҳам Ҳасанхон келган.Ёвмут Қўшмамадхондин Машарип Мулла Ўроз келганлар.Булар келиб Тўрткўл ҳукуматдин аскар сўраганлар. “Ёш хивалилар” марказий қўмиталари аскар жамлаб бул тарафга ўтмоқчи турурлар.Ўтиб Жунайидхонни йўқ қилсалар керак.Агар бизлар ҳам шул вақтда улар бирлан хабарлашиб шуларга қўшилиб қолсак ўзларимизга кўп фойда қилган бўлармиз.Йўқ эрса бизларни ҳам хон Жунайид изидин йўқ қилурлар, деб ушбу элчиларни юборган бўлсалар керак.Албатта ёвмут жамоалари шундай ҳийлаларни кўп яхши билурлар.Шунинг бирлан ман военний советга келиб маълум қилдим.Кечда турккомиссияга келдик. Турккомиссия кирмакка рухсат қилди.Ичкарига кирдук.Турккомиссия раиси Элиава бизлар бирлан кўришиб Тўрткўл тарафидин бир неча сўзлар савол қилди.Бизлар бўлган воқеаларни баён қилдик.Ҳам дарҳол ушбу келган биродарлар бирлан аскар қўшиб юбормакка қарор қилдилар.Хўшлашиб кетдик.Эртаси Ҳасанхонни Чоржавга узатиб юбордик.Биродар Закир Бекчурин қолиб Тўрткўл ҳақинда муфассал доклад ёза бошлади.Тўрткўлда бўлиб ўтган воқеаларни ёзиб “Известия” газетасига берди.

Махфий қолмасинким, бир неча кундин сўнг Зокир афанди ҳам қайтиб кетди.Ушбу вақтда Маскавдин турк файласуфи Мустафо Субҳий афанди бир армани бирлан келиб, совет интернационал пропаганда “Освобожденний Восток” деган бир қўмита очдилар.Шул вақтларда биродар Жуманиёз Оллақулиев ҳам Бухоро тарафидин келиб, инқилоб қўмитага аъзо бўлиб , саркотиблик вазифасини олди.Ҳам Тўрткўлдаги Мулла Жуманиёзовдин хат келди.Декабрнинг ўнларида Хива тарафига ўтармиз, деб.Бир вақт Чоржавдин телеграм келиб қолди, Ҳасанов имзоси бирлан.Хивага аскарлар ўтдилар, муваффақият бизлар тарафда.Худо ҳоҳласа тез вақтда Хивани олурлар, ўзим борурман, деб.Телеграмни краевой бюрога маълум қилдим.Маълум бўлсинким, товариш Христофоров ўлгандин сўнг Тўрткўлда инқилоб қўмитаси барпо қилган эрдилар.Рисқи Акаев деган туркистонли бир татар йигит бир аъзо, Салдатовни яна бир аъзоси, Тўрткўлдин бўлмоғи керак эркан, манга таклиф қилдилар.Ман Тўрткўлдин қозоқи Муҳаммаджон Болжоновни сайлаб бердим.Бир неча кундин сўнг Шайхутдин Ҳасанов ҳам келиб қолди.Биргалашиб ишламакка бошладик.Мустафо Субҳи афандининг олдига ҳар кун борар эрдик.Бир куни бизларнинг қўмитамиз программасини сўраб олди.Кўриб, Хоразмни Туркистонни бир жузвий қилмоқ, деган моддасини қолдириб, мустақил Хоразм жумҳурияти, деб Туркистонни бир жузвий деганини тушириб қолдирди.Шуни бирлан таржима қилиб газеталарга бостириб Маскавга, марказга юборди.Шунинг бирлан “Ёш хивалилар”нинг инқилоб қўмитаси тарафидин пинҳоний равишда Бухоро аҳволатидин билиб турмоқ учун Мустафо Субҳий мандин сўраб биродар Ҳасановни Чоржавга юборди.Жуманиёз Оллоқулиевни ҳам қўмитасига олмоқчи бўлди.Ман қабул қилмадим.Айтдум:
-Ҳар нечук хизматингиз бўлса ишлаб турсин, расмий суратда Сизни қўмитага ўтмасин,-дедим.Шунинг бирлан бирга ишлаб юрдик.

Саккизланчи шўролар қурултойи бўлиб ўтди.Бир неча вақтдин сўнг Чоржав шўъбасининг раиси Бобожонбой Назир Шоликаров бирлан келиб қолдилар.Чоржавда кўприкдан ўтган Хивалилар молларидан закот олур эрканлар.Шунинг бирлан маълум қилмоқ учун ҳам Чоржавдаги аъзолардин партийний дружина қилмоққа марказий қўмитадин буйруқ олмоққа келган эрканлар.Ҳам Назир Шоликаров қўмитага ариза ёзиб берди.Мазмуни: “Ман бир кўна инқилобчи турурман, ҳаммага маълум турур.Баъзий бир хато қилган бўлсам қўмита мани кўна инқилобчилигимни ҳисобга олиб афу қилсин”, деб.Бундин сўнг мани Тўрткўлдин келган ишларим бўлса шахсий адоватдин эшитилган бир иш турур, деган.Андин сўнг қўмитамизда бутун аъзоларимизни жамлаб бир мажлис қилдук.Ман биродар Шоликаровни аризасини ўқиб маълум қилдим.Назир афандини инқилоб йўлинда кўрган ранжу-машаққатларини, шунинг бирлан ҳеч кўнглини совутмай бизлар бирлан ишлаб юрганини баён қилиб қўмита аъзоларидан ўтиндим.Гуноҳини афу қилмоқни ҳам таклиф қилдим.Андин сўнг товушга қўйдим.Ҳар ким Назир афандини “Ёш хивалилар” инқилоб қўмитасига аъзо бўлсин, деган қўл кўтарсин, деб.Ҳамма бир оғиздан кўтариб шаҳодатнома бермоққа қўмитага ҳавола қилдилар.Шундан ушбу шаҳодатнома берилди. Бир неча кун ўткандин сўнг Бобожонбой бирлан Чоржав тарафига бир неча Хивали аскарларни олиб кетдилар.Бобожонбой Чоржав тарафига бир неча Хивали аскарларни олиб кетдилар.Бобожонбой Чоржавга келиб Муҳиддин Умаровни Марвга юбориб, онда ҳам “Ёш хивалилар”нинг инқилоб қўмитасини барпо қилганлар.Марвда, Ашхабодда бўлиб юрган Хоразмликларни аъзо қилиб олганлар.

Энди Хива тарафидан ёзармиз.Чоржавдин товариш Шайдаков ўз отряди бирлан Тўрткўлга кетган.Товариш Скалов ҳам уларга етишган.”Ёш хивалилар” инқилоб қўмитасига келиб тамоми аъзоларни кўриб, фикрларини сўраб билганлар.Туркмандин келган элчиларни ҳам мақсадини сўраб билганлар.Шундай қилиб, ўзлари пинҳоний бир вақт қилиб қўйганлар.Бир неча вақт ўз керак нарсаларини тайёр муқаррар бўлган соатда 1919 йил декабрнинг охирларида Қорамози душидин биродар Скалов Мулла Жуманиёз Султонмуродов бирлан ўтганлар.Товариш Шайдаков, товариш Шербаков, Ҳаким божибон бирлан пароходда ошоқ ( паст, яъни бу ерда Амударёнинг паст, қуйи тарафига назарда тутилмоқда -У.Б.) тарафга кетганлар.Хўжайлидан чиқмоқ учун.Товариш Скалов Мулла Жуманиёз бирлан дарёдин ўтиб чиқиб ёвмут хон Жунайиднинг қўйган қоровуллари бирлан кўп отишганлар.Оқибат ёвмут аскарлари тўп-пулемётларига тоқат қилаолмасдин қочиб Урганчга кетганлар.Бизнинг аскарлар ҳам камол эҳтиёт бирлан ўқ ота-ота изларидан қувиб Урганчга кириб крафтнинг заводига келиб жойлашганлар.Хон Жунайид ўз отлиқ аскарлари бирлан Урганч қаъласини Хива тарафида, бир ярим чақирим масофада Ёқуббой Гўжанинг боғинда манзил қилган.Ҳар икки тарафдин қоровуллари чиқиб оз-оз отишиб турганлар.

Махфий қолмасинким, туркманлар Урганчни талон-тарож қилиб, ўрис, нўғайлар Тўрткўлга қочиб кетган вақтда Ризаевнинг Хивада бўлатурган приказчиги Ҳасан Алиакбаров деган бир кўна солдати бор эркан.Ул одам бола-чақаси кўп бўлганлиги сабабли нўғайлар бирлан Тўрткўлга кета билмаган эрканлар.Тангрига таваккал қилиб, Урганч қаъласининг ташқарисида Ризаевнинг боғинда бўлиб турган эркан. Шўролар аскари келгандин сўнг кўп машаққатлар бирлан бир хат ёзиб,қоровулга бериб ўтинган: “командирларингизга беринг”, деб.Қоровул хатни олиб командирга топширган.Командир хатни ўқиб, Скаловга маълум қилган.Скалов пинҳоний суратда Ҳасан Алиакбаровни олдириб Урганчда нима сўз бор турур, ўзбеклар русларга қарарлар ҳам ёвмутлар бирлан муомила нечук турур, ёвмут аскарлари қанча? Сўраб суриштирган.Ҳасан Алиакбаров тамоми билган ва эшитган сўзларини бирма-бир баён қилган.Андин сўнг рухсат сўраган.Товариш Скалов :
-Ҳар нечук бир тоза воқеа эшитсанг, дарҳол келиб хабар қилгил,-деб рухсат берган.Ҳасан афанди ҳеч кимга кўринмасдан келиб, ўз уйинда ўтирган.

Энди ошоққа кетган товариш Шайдаков, Ҳаким Божибонлардин эшитинг.Пароход соғ-саломат Қипчоқ душига (тўғрисига-У.Б.) келган.Ёвмутларни қўйган қоровулларни пароходга пешвоз чиққанлар.Товариш Шайдаков ёнида бўлган Фарғонали Ҳожи Азим Большаков деган бир кўнгилли аскарни таржимон қилиб сўйлашган.Ёвмутлар айтган:
-Бизлар сизлар бирлан дўст турурмиз.Ҳеч вақт сизлар бирлан урушишимиз йўқ турур.Ҳам бул оқшом сизларни меҳмон қилиб, харажатларингизни берурмиз,-деганлар.
Товариш Шайдаков хушвақт бўлган.Ҳаким Божибон кулиб айтган:
-Бул оқшомни меҳмондорчилигидан худо сақлагай.Чунки Ҳаким Божибон туркманларнинг қоидаларини кўп яхши билур эрди.Шунинг бирлан кеч бўлиб, қоронғу тушкан ҳамон пароходга қараб ўқ ота бошлаганлар.Товариш Шайдаков воқеани англаб дарҳол аскарга буйруқ қилган:Тўп, пулемётларни ота бошлаганлар, туркманлар тоқат қила билмай қочиб кетганлар.Андин сўнг аскарлар кўп эҳтиёт қилиб Нукусга келиб Хўжайлига ўтганлар.Хўжайлида турган ёвмутлар бир оз отишиб қочиб кетганлар.Товариш Шайдаков Хўжайлида бир катта заводга аскарларни жойлаштирган.
Энди Урганчдин ёзармиз.
Товариш Скалов Урганчда бир неча кунлар бўлган.Аввалги мартаба аскарлар Урганчга келганларида Баққоловларнинг жойларини талон-тарож қилиб, кўп нарсаларни олган эрканлар.Товариш Скалов дарҳол аскарларга буйруқ қилган: олган нимарсаларини қайтариб топширсинлар.Андин сўнг обиск қилурмиз, агар ҳар кимда талаб олинган нарсалар топилса дарҳол отиб ўлдирурмиз, деб.Шунинг бирлан ҳамма аскарлар олган нимарсаларини эгасига қайтариб берганлар.Ушбу вақтларда ҳеч бир катта уруш бўлмаган, фақат қоровуллар вақти-вақти билан отишуб турганлар.

Махфий қолмасинким, товариш Скалов Мулла Жуманиёз Султонмуродовдин сўраган:
-Сизлар айтиб эрдингизлар Қўшмамадхон, Ғуломалихонлар Хива тарафига ўтган замон келурлар деб.Ҳозир бир неча ҳафталар ўтуб кетди, келмак турсин хабар ҳам олганлари йўқ.
Мулла Жуманиёз айтган: -Албатта келурлар.Лекин йўлларда хон Жунайиднинг қоровуллари бўлганлиги сабабли вақт қараб турган бўлсалар керак.Шундай ҳам бўлса Илонличилардан ( бу ерда ҳозирги Туркманистоннинг Дошўғиз (Тошҳовуз) вилоятидаги туман назарда тутилмоқда-У.Б.) Матёқуб деган бир аскар йигит бўлган.Шул йигитга Мулла Жуманиёз кўп нимарсалар ваъда қилиб Хўжаэлига Шайдаков аскаридаги Ҳаким божибонга хат бериб юборган.Ҳар нечук бўлса ҳам Қўшмамадхонни аскари бирлан келтирмоқчи, иложини кўринг, деб.Матёқуб Хўжайлига подачи суратинда кетган.Бир неча кунда Хўжайлига бориб Ҳаким Божибонга Мулла Жуманиёзнинг хатини, Скаловга Мулла Жуманиёзнинг хатини топширган.Ҳаким божибон Қўшмамадхонга хабар қилган.Отлиси бўлмаса ҳам ўзи бир келиб кетсин, деб.Қўшмамадхон Хўжайлига етишиб келган.
Шайдаков сурат воқеани ёзиб Скаловга, Ҳаким божибон, Мулла Жуманиёзга юборганлар.Ушбу хатлар Урганчга келиб етишганда кўп шодлик бўлган.

Махфий қолмасинким, Урганч фуқаролари ҳам аскарларни овқат ва керак нимарсаларни топиб етказиб турганлар.Хўжайлига Қўшмамадхонга дарак отли ёвмутлар ҳам келганлар.Товариш Шайдаков бир ёвмут отлиқлари Шоббоз Гузаридан ўтиб Скаловнинг олдига келиб баъзий сўзларни сўйлашиб қайтиб кетган.Туркман отлиқлари бирлан Қўшмамадхон келиб қўшилганини хон Жунайид эшитуб, ишлар ёмон бўлганини англаб ҳам Шайдаков ошоқ тарафдин (бу ерда Амударёнинг қуйи ҳудудларидан бўлган Хўжайли назарда тутилмоқда-У.Б.) чиқиб, Хўжайлини олганини билиб, қайтиб ёвмут ичига бориб ўз иложини қилмоқни яхши кўриб, кўчмакка буйруқ қилган.Ҳам Давлатмурод Ясовулбошига айтган:
-Бизлар энди кетдук, хон ҳазрат нечук қилса ихтиёр ўзинда турур, шуни бориб айтгин,-деган ҳам дарҳол кўчиб кетганлар.Давлатмурод ясовулбоши Хивага хоннинг олдига келиб йиғлаб воқеани баён қилган:
-Жунайидхон кетдилар, Хива ишларини Сизнинг ихтиёрингизга қўйдилар.
Хон (сўнгги Хива хони Саид Абдуллахон назарда тутилмоқда-У.Б.)шул воқеани эшитиб, ҳайрон бўлиб, уламоларни , саройдаги бойларни, сипоҳийларни ҳузурига олдириб, сурат воқеаларни баён қилиб маслаҳат сўраган:
-Энди нечук қилмоқ керак?-деб.

Ахир шунга қарор қилганлар: Урганчга элчилар юбориб сулҳ қилмоққа.Урганчга бормоқ учун уламолардин қози калон Ҳикматулло эшон, Собир охун, сипоҳийлардин Қушбеги, Оталиқ, Нақиб, Савдогарлардан Матниёз оқсоқол, Мадамин Ҳожи, Матпанабой Матчанбой, Садуллабой, Ортиқбойларга хон ҳазрат вакиллик берган.Элчилар дарҳол Урганчга равона бўлганлар.Бориб Маширибой парининг жойига меҳмон бўлганлар.Шул оқшом шунда бўлиб, эртанги эрта бирлан туриб товариш Скалов буларни қабул қилган.Скалов сўз бошлаб айтган:
-Шўролар жумҳуриятининг шиори шул турур: мазлум халққа ҳамиша ёрдам қилмоқ.Ҳам шўролар жумҳурияти мулки бўлиб турган Тўрткўлга ҳужум қилиб фароғат ўтиган фуқароларни қўрқитиб қонлар тўкмоққа сабаб бўлгани учун “Ёш хиваликлар” илтимосини назар-эътиборга олиб, Турккомиссия мани аскарбоши қилиб комил ҳуқуқ бериб юборди.Энди сизлар фароғат бўлиб ўз ватанларингизда ўтиринглар.Худо ҳоҳласа бизлар ёвмут ичига бориб ундаги ёмонларни йўқ қилиб Хивага борурмиз,-деб жавоб бериб қайтариб юборган.Шунинг бирлан эшонлар, сипоҳийлар ҳам савдогарлар қайтиб Хивага келиб воқеаларни беками-кўст баён қилганлар.Эндиги сўзни Хўжайлидан эшитинг:

Товариш Шайдаков Хўжайлига неча қоровул аскар қолдириб, Қўшмамадхонни одамлари бирлан олиб Пўрсига келган.Човдур жамоалари пешвозга чиқиб, қабул қилиб зиёфат тайёр қилиб қўйган эрканлар.Товариш Шайдаковга Ҳаким Божибон орқали тақдим қилганлар.Ҳам Човдир катхудолари розиликларини баён қилганлар.Пўрсида 2-3 кун турганлар.Машҳур Ғуломалихон Жунайид ёнида эркан.Лекин Жунайидхон ушбу оқшом Ғуломалини ўлдирмакка буйирган.Ёвмутлар ичидан бир одам Ғуломалига пинҳоний эълон қилган.Ғуломали таҳорат синдирмоқчи бўлиб пўстинни ҳам қолдириб ташқарига чиққан.Оҳиста-оҳиста қоронғи оқшомда бир тўқай ичига кириб ғойиб бўлиб кетган.Жунайидхон билиб изидан кўп отлиларни ҳар тарафга юборган.Топа олмаганлар, ҳатто қоронғи оқшомда бир чуқурда ётган вақтида отлилар устидан икки мартаба ўтиб кетганлар.Ажали етмаган эркан, топа олмай қайтиб кетганлар.Отлилар кетганидан сўнг Ғуломали этигини ҳам ташлаб юриб кўп машаққатлар бирлан Пўрсига Шайдаков аскарига келиб етишган.Шайдаков уни чақириб чой қилиб бериб Жунайидхондин хабар сўраган.Ғуломали тамоми воқеаларни баён қилган.Андин кўчиб Шайдаков Тошҳовузга келиб тушган.Ғуломалига дарак отлиқлар ҳам келабошлаганлар.

Маълум бўлсинким, Хўжайлига Уралский отли казаклар ўтиб, ҳужум қилиб қоровул бўлиб турган аскарларни ўлдирганлар.Тошҳовузга Шайдаковга хабар келган.Шайдаков дарҳол аскар бирлан Хўжайлига бориб уришиб уралскийларни қочириб қаълани тозодин олган.Ҳам бир неча гумонли одамларни тутиб ўлдирган.Шу жумладин Дурдибой деган Урганчли бир йигит бор эрди, они ҳам ўлдирганлар.Ушбу йигит кўп тараққийпарвар эрди.Баъзиларининг шахсий адовати бирлан ёлғондин ёмонлаб айтганлари бирлан отиб ўлдирганлар.Душман бўлган уралскийлар қочиб кетгандин сўнг Шайдаков аскарларни олиб Тошҳовузга келиб, ондин кўчиб Гурланга келиб тушган.Гурлан халқи кўп қўрққанлар қаълани талон-тарож қиладурлар деб.Дарвоқе аскарлар Гурланни таломоқчи бўлганлар.Лекин шу вақтда биродар Бобоохун Гурланда бор бўлиб, онинг Гурлан халқи ҳамиша шўролар ҳукумати тарафдори бўлиб, унга ҳеч қаршиликлари йўқ турур, деб берган маълумотига ва қилган сайи ғайратига биноан ҳамда аскарларни товариш Шайдаковнинг кўп қаттиқ интизомда тутганлиги ҳамда “агар бировларнинг бир нарсаларини зўрлик қилиб олсалар, дарҳол суд қилиб отиб ўлдирурмиз”, деб аскарларга эълон қилгани сабабли халқ таланмаган.Шунга қарамай баъзибир бебош аскарлар ўз тўралари билан бир нечалари Иброҳим эшоннинг уйига бориб, мусулмонларни келтириб қўйган бир неча аржа (сандиқ-У.Б.) нарнсаларини олиб кетганлар.Андин кўчиб Шайдаков Ғозиободга келиб тушган.Урганчдин товариш Скалов ҳам ёнида бўлган.Аскарлар билан келиб Шайдаковга қўшилган.ёвмутлар отишиб қочиб кетганлар.Аввалги одатлари бўйича тамоми ёмонлар кўчиб қумга кетганлар.Шундай бўлиб ёвмутлар уруши тамом бўлган.Андин сўнг Скалов, Шайдаков, Қўшмамадхон ва Ғуломалилар Бадиркентга бориб, Жунайиднинг тобеларини ўлдириб, молу-мулкларини олиб, жойларини ўтлаб хароб қилганлар.Жунайидхон уйининг дарвозасини йиқиб, тамоми дарвоза, ойна-қопи (дераза-эшик-У.Б.) , тахталари, ёғочлари бўлсин Қўшмаматхон олиб ўз уйига юборган.Ҳатто электр лампа симлари ҳам кўп бўлган.Гўё Исфандиёрхон ва тамоми бой сипоҳийларнинг давлати ҳам шул жойда бўлган.Тамомисини Қўшмаматхон, Скалов ва Шайдаковлардин сўраб олиб ўз жойига юборган.Шунинг бирлан ишлар тамом бўлган.
Маълум бўлсинким, ушбу Жунайидхоннинг жойини беҳуда хароб қилганлар.Ушбу жой кўп катта жой бўлганки, тамоми нарсалари ҳозир бир крепост бўлган.Агар бузмай қолдирган ёвмут ичинда аскар бўлмоқ учун биринчи мувофиқ ўрин бўлур эрди.Хайфким йиқиб хароб қилганлар.Қўшмаматхоннинг сўзлари бирлан ондин аскарлар бирлан Ғозиободга қайтиб келиб тушганлар.

6-БЎЛИМ: ХИВА ХОНЛИГИНИНГ БОЛЬШЕВИКЛАР ТОМОНИДАН ТУГАТИЛИШИ,
ХХРНИНГ ТАШКИЛ ТОПИШИ ВА “ЁШ ХИВАЛИКЛАР”НИНГ БУ ЖАРАЁНДА ТУТГАН ЎРНИ.

Бир икки кун туриб ( Шайдаков қўшинининг Ғозиободда туриб кейин Хивага юриши назарда тутилмоқда-У.Б.) 1920 йил 1-февралда Хивага ирода қилиб ушбу кунда келиб Хивага кирганлар.Скалов Баққоловнинг ( хонлик даврида бош вазир бўлган Матвафо Баққолов кўзда тутилмоқда-У.Б.) жойига( уйига-У.Б.) тушган.Аскарларни Тоза боғда ва бошқа ерда ўрнаштирганлар.Мулла Жуманиёз Султонмуродов ва Ҳаким божибонлар шаҳиди ҳурриятпарвар Ҳусинбек ( “Ёш хиваликлар” ҳаракатининг йўлбошчиларидан Ҳусинбек Матмуродов назарда тутилмоқда-У.Б.) жойига тушганлар.Ҳуррият ҳам шу жойида олинган эрди. “Ёш хивалилар” ҳам Исфандиёрхондин қочиб Тошкентга кетган эрди.Ҳам Хивани фатҳ қилиб олганда ҳам ушбу жойни муносиб кўриб, ушбу жойга тушганлар.Йўқ эрса олар учун Сайид Абдуллахоннинг жойи ҳозирлаб қўйилган эркан, қабул қилмай ушбу жойга тушганлар.

Махфий қолмасинким, товариш Скалов Давлатмурод ясовулбошини ўз олдига чақириб бир неча саволларни сўраб буйруқ берган: отиб ўлдирмакка.Дарҳол отиб ўлдирганлар.Муҳаммад Юсуф Девон ва Юнус девонларни ҳам ўлдирмакчи бўлганлар.Мулла Жуманиёз айтган:
-Агар буларни ўлдирсангиз Хива мамлакатининг тамоми даход ва расходлари буларнинг қўлинда турур.Хивада унингдек тамоми нимарсаларни ёзилган дафтарлар йўқ турур.Бу ерда аввалдин одат тилдин сўраб билмоқ бўлган. Нечундир бунда бухгалтер бўлмаган.Шунинг учун ўлдирмакни бироз тўхтатиб турсангизлар, бизлар тамоми нимарсаларни сўраб ёзиб олиб бўлгандин сўнг ўлдирсангизлар ҳам бўлур,-деган.

Мулла Жуманиёзнинг бу сўзи маъқул бўлиб, Муҳаммад Юсуп девон ва Юнус девонларни ўлдирмай Мулла Жуманиёзга топширганлар.Ҳам бир хат тартиб қилиб хонга юборганлар.Хат шундан иборат иборат: “Ўз ихтиёри бирлан хонликдин ўзини азил қилиб, қўл қўйиб муҳр боссин”.Шунинг бирлан Ҳаким божибон хонни олдига келиб хатни кўрсатган ҳам айтган: ушбу хатдаги сўзларга рози бўлиб муҳр босинг.Шунда сизнинг хайрингиз турур, деган. Саид Абдуллахон қозиларни чақириб келтириб маслаҳат қилиб сўраган.Қозилар ҳам чор-начор кўп яхши турур, деб рози бўлганлар.Шунинг бирлан хон қўл қўйиб муҳр босиб Ҳаким божимоннинг қўлига берган.Ҳаким Божибон хатни келтириб Скалов қўлига берган.Шунинг бирлан эртанги Скалов, Шайдаков, Мулла Жуманиёз, Ҳаким Божибон ва тамоми “ёш хиваликлар”дин ташкил топган аскарлар қаъла ичиндаги аркнинг олдига келиб жам бўлганлар.Ҳам томошабин шаҳар одамлари кўп бўлганлар.Мулла Жуманиёз сўз олиб сўзлаган:
-Биродарлар ўзларингизга маълум, бул вақтгача зулм истибдод бирлан эзилиб бўлдингизлар.Хонлар , тўралар ҳам аларнинг хоин сипоҳийлари бул вақтгача молу-жонларингизни талон-тарож қилиб ўз ҳоҳишлари бирлан харж қилдилар.Ҳам номусларингизни оёқ ости қилдилар.Ҳам буларни устига золим Жунайидхон ҳам 3 йилнинг ичинда кўнглига тушган зулмни қилиб келди.Алҳамдуллилоҳи раббил оламийн, Сизларни аҳд-нолаларингизни таъсири бирлан Оллоҳ таолога Руссия шўролар ҳукуматини ёрдамчи қилиб ўз ичларингиздан чиқиб золим Исфандиёр хонни зулмидан қочиб кетган бир неча нафар “ёш хиваликлар” сўрови бирлан ҳам аларнинг иштиҳод ғайратлари бирлан келиб Хоразм мамлакатини олмоққа муяссар бўлди.Оллоҳ Таолонинг лутфи карамидин кўп хурсанд бўлмоқ лозим турур ва яна Сизларга маълум қилурман.Энди бундан сўнг Хоразмда ҳеч хон бўлмас турур.Энди ўз ичларингиздан яхши , инсофли, диёнатли одамларингизни бир неча вақт сайлаб қўярсизлар.Агар сайлаб қўйган одамларингиз сизларни хайрингиздан бошқа ўз фойдаси учун бир иш қилса дарҳол ўрнидан тушириб ўрнига бошқа бировни сайлаб қўярсизлар,-деб сўзни тамом қилган.

Бу нутқдин тамоми халойиқлар хурсанд бўлиб, қўл чопганлар(қарчак чалганлар дейилмоқда-У.Б.).Ҳам Саид Абдуллахонга буйруқ қилганлар, аркдин чиқмасликка.Шунинг бирлан қайтиб кетиб муваққат ҳукумат қилмоққа маслаҳат қилиб шул қарорга келганлар:Мулла Жуманиёз Султонмуродов-“Ёш хиваликлар” тарафидан раис, Матпанабой савдогарлар тарафидин аъзо , Одам муллалар тарафидин аъзо ва саркотиб Мулла Ўроз Қўшмаматхон тарафидин аъзо, Мулла Наврўз Ғулом Али тарафидин аъзо.Жами 5 кишидин мураккаб қилиб, муваққат ҳукумат барпо қилганлар.Андин сўнг Қўшмаматхон,Ғулом Алилар ўз жойларига кетганлар.Муваққат ҳукумат мамлакат ишларини кўра бошлаган.

Махфий қолмасинким, хон вақтинда Хивадин Бухоро амирига элчи бўлиб хон тарафидин Абдукарим божибон, Жунайидхон тарафидан ёвмут Шейхим сулгинлар шул вақтда Бухорода бўлганлар.Хива олиниб, муваққат ҳукумат барпо бўлгандин сўнг Абдукарим божибон яқин одамларидин Мулла Иброҳим деганни қўлига хат бериб, Бухорога хабарчи қилиб юборганлар, ҳам айтганлар: Абдукарим божибон. Шейхимдан бошқа бўлиб ўзи келсин, деб. Чунки қочиб кетди.Шейхим ҳам ўз иложини кўрсин.Мулла Иброҳим Бухорога келгандин сўнг тамоми Хивада бўлиб ўтган хабарлар ошкора бўлиб кетган.Назир Шоликаров ҳам Бухорода эркан.Тамоми воқеаларни ёзиб, манга-Тошкентга юборган.Ҳам дарҳол Чоржавга келмакни ёзиб, ўзи Чоржавга Бобожонбойни олдига кетган.Чоржавга бориб тамоми Хивада бўлган ахборотларни англаб, Хивага кетмакчи бўлиб яна манга телеграм берганлар.Ман телеграмни олдим.Ёзганлар:” дарҳол ишларингизни ташлаб келгайсиз.Хивадин хабар келди, сизни келсин деб.Агар йўл учун ақча йўқ бўлса, ҳеч кимдин сўраб юрманг, бунда ақча кўп турур.Хотиржам бўлиб дарҳол йўлга чиқиб, бизга телеграм беринг”, деб.Шоликаров, Ёқубовлар имзо қилганлар.Ман телеграмни ўқиб, биродарларга телеграм бердим: “ Сизлар дарҳол ҳеч тўхтамасдин Хивага чиқиб кетинглар.Ман худо ҳоҳласа, бундин катта бир куч бирлан борурмиз.Маним саломимни Хивадаги биродарларимга айтинглар”, деб. Телеграм олгандин сўнг Назир Бобожонбой, ўз аъзомиз “Ёш Бухороли” Аҳмаджон Юлдошев, Муҳиддин Умаровлар ёнларидаги одамлар кемага ўлтириб, Хивага қараб кетганлар.Шул кун Назирнинг Бухородин ёзиб юборган хати келиб етишди.Хивада бўлиб ўтган воқеаларни тафсил бирлан ёзган эркан.Бобоохунни муваққат ҳукуматга олмоқчи бўлган эрканлар. Бобоохун қабул қилмаган:” Полвонниёз Ҳожи келмагунча ҳеч бир ишни қабул қилмасман” деб.Абдукарим божибон ҳам салом ёзган.Ондин Жуманиёз Оллоқулов бирлан бирга бориб, телеграм ва хатларни Мустафо Субҳий афандига кўрсатдук. Ҳам бизлар бирлан Хивага юбормакка.Юсуп Иброҳимовни сўрадук.Субҳий афанди “ яхши” деб, ушбу кун Турккомиссияда катта қўшма мажлисда музокара қилиб “иншоллоҳ қабул қилдирурман”, деди. Ҳам Турккомиссияда мажлис бўлганида бизларнинг талабаларимизни қабул қилганлар.Фақат Юсуф Иброҳимов, Татарский, Береговой бирлан Фарғонада “босмачилар”нинг устинда эрди.Ҳозир ул киши яхши иш ишлаб турган эркан.Агар ул қайтиб Хивага кетса ишлар бошқа бўлур.Анинг иши ҳозир очиқ қолсин, деганлар.Лекин хорижия нозири товариш Бройдога таклиф қилганлар : Бизлар бирлан Хивага бориб, Хивада шўролар жумҳуриятини ташкил қилиб қайтмоққа.Эртанги эрта бирлан Субҳий афанди олдига Жуманиёз Олллақулиев бирлан бордук.Субҳий афанди хуш вақт бўлиб айтди:
-Сизларнинг ишингиз кўп яхши бўлиб кетди.Оллоҳ хайирли иш қилсин, биродар Бройдони Сизлар бирлан кетмакка қарор қилдилар.Энди ҳар бир ишларингиз бўлса биродар Бройдога бориб айтинглар,-деб бизларга жавоб берди.

Бизлар дарҳол Турккомиссия туратурган собиқ аптекачи Капланнинг жойига ( собиқ маориф вазирлиги жойлашган бино, Собиқ пушкин кўчасида) бориб, пропуска олиб ичкарига кириб, товариш Бройдонинг приём дафтарига қайд қилдириб, сўрадук.Товариш Бройдо келди, ёнига кирдук.Товариш Бройдо кулиб айтди:
-Ман Сизлар бирлан Хивага бормоқчи бўлдум,-деб.
Ман :
— Кўп яхши, оллоҳ рози бўлсин, албатта.Сиздек одамнинг бормоқи зиёда зарур турур.Нечунким, Шарқда биринчи шўролар ҳукуматига қўшилмоқчи бўлиб турган Хоразм турур.Албатта Сизнингдек дунёнинг сиёсатидан огоҳ бўлиб турган одам бўлса мамлакатнинг ҳам халқнинг аҳволи руҳиясига келиб, бир идора ташкил қилиб берилса шўролар ҳукуматига катта бир хизмат қилган бўлур.Ҳам Шарқ мамлакатлари Хоразмнинг яхши идораидан ибрат олиб қўшилмоқни орзу қилурлар,-дедим.

Биродар Бройдо кулиб айтди:
-Сўзингиз рост турур, -деб эътироф қилиб қўйди.Ҳам биродар Юсуф Иброҳимовни такрор сўрадим:
-Албатта ул кишини Хивага бормоқи зиёда зарур,-дедим. У “хўп кўрармиз”, деди. Ҳам ҳар кун келиб қилажак ишларни маслаҳатлашиб турмоқни буюрди.
Товариш Бройдонинг ишлари шундай кўп турур, бир киши бирлан икки минутдан зиёда сўйлашмакка вақти йўқ турур.Хўшлашиб чиқиб кетдик.Бошқа ишларимиз бирлан машғул бўлдик.

Махфий қолмасинким, хорижия назирлигидан бир хат келди.”Хивага ўз аъзоларингиздан бир одамни хорижий нозирлигига юборинг”, деб.”Ёш бухоролилар”дан ўз аъзомиз биродар Фатҳулла Комиловни ўзимиз бирга олиб бориб хорижия назиратига тақдим қилдик ҳам “Ёш хивалилар”нинг марказий қўмитасидин қўлига командировкага хат бердик :”Икки кунда Хивага кетарсиз” деб.Фатҳулла афандига тамоми бош-оёқ кийим бердилар.Фатҳулла афанди ҳам ўз саранжомига машғул бўлди.Ман ҳам Мулла Жуманиёзга, Бобоохун эшонга ҳамда ўз болаларимга хат ёзмоққа машғул бўлдим.Мулла Жуманиёзга ёздим, “албатта Бобоохун Эшонни ўз хизматингизга олинг.Ул кишини кўрсатуви бўйича уламолардин кимни айтса, дарҳол шул одамни қози ва раис, аълам, охун қилиб беринг.Хивада бўлган барча одамларни ул киши кўп яхши биладурлар”, деб.

Бобоохун эшонга ҳам хат ёздим: “ албатта келиб ҳукумат хизматига киргайсиз , нечунким бул ҳуррият йўлинда кўрган ранжи-машаққатларингизни ёдингиздан чиқармай ғариб миллатингизни саодати учун ҳар нечук оғирлиги бўлса ҳам ўзингизга олгайсиз.Иншолллоҳ худо ҳоҳласа ман ҳам бир катта куч бирлан хизматингизга тез етишурмиз. Мандин биродарларингизга ҳам тамоми дўст уламо, охун-эшонларга кўп-кўп салом айтгайсиз”, деб хатни тамом қилиб, биродар Фатҳулла афандининг қўлига топширдим.Ҳам биродар Бройдонинг бизнинг бирлан бормоқчи бўлганини ва унинг нечук одам эрканини ўзингиз айтурсиз”, дедим. Фатҳулла афанди чиқиб кетди.Бизлар ҳамиша ўз ишларимиз билан машғул бўлдик.Андин сўнг биродар Бройдонинг олдига Жуманиёз бирлан бордук.Бройдога Хивадин хабар келган эркан.Хонни тахтдин тушириб муваққат ҳукумат ташкил қилганларини ҳам кимлар аъзо бўлганларини ҳақинда. Бройдо савол қилди:
-Мулла Жуманиёз Султонмуродов ким?,-деб.

Ман айтдим:-“Ёш хивалилар”нинг инқилоб қўмитасини Тўрткўл шўъбасини раиси,-дедим.Бошқаларни ҳам сўради, жавоб бердим.Бройдо “яна 3-4 кунга Хивага йўлга чиқармиз”, деди.Ман Юсуф Иброҳимовни сўрадим. Унда у ўзига телеграм берурман, деди.Хўшлашиб чиқиб кетдик.Ҳар кунда Хивага кетатурган инструкторлар ҳозирламоққа машғул бўлдилар.Шу жумладин Тошкент уламоларидин қози Абдулвоҳид қори, мударрис Ибодулла Хўжа, Абдулҳофиз, Карим Қори Ниёзий ҳам бир неча мулла баччалар ҳозир бўлдилар.Ҳам аввалда Хивада банкда хизмат қилиб турган Иван Иванович Парулин ҳам Хива аҳволи руҳиясига ошно бўлган одамларни ҳозир қила бошладилар. Бизлар ҳам бўлсак партия учун ақча, бошқа керак бўлган нарсаларимизни олиб ҳозир бўла бошладик.Ҳар кун хорижия назиратига бориб Хивага кетатурган одамлар бирлан англашиб, маслаҳатлашиб юрдик.Охири 1920 йил 4 мартда Хивинский экспедицияга махсус экстренний поезд бирлан яхши соатда Тошкентдин чиқдик.Товариш Бройдо раис, член коллегия товариш Измайлов ҳам Ризоаддин Шокиров ҳам бир неча адад татар қизил офицер ҳам Миркомил Миршаропов, Эрмуҳаммедов, Мансуров ҳам охран учун аскарлар, турк котиби Ҳаким афанди, Марказий Фирқа қўмитадин Кавказли Исмоилов, ҳукуматдин Олимжон Оқчурин, “Ёш бухоролилар”дан Усмонхўжа ва бошқа бир нечалари катта бир состав поезд бирлан “Ё Оллоҳ”, деб Тошкентдин жўнаб кетдик. Оллоҳ Таоллога хайирли қилсин.Мустафо Субҳий афанди бошқа ҳукумат аъзолари ва Турккомиссия аъзолари хўшлашиб, узатиб қолдилар.Бизлар: Жуманиёз Оллақулиев, Катли Аширбой бола-чақаси бирлан, Хивали Худойберган ҳаммаларимиз ўзларимизга муқаррар бўлган купега ўтириб, “Ё Оллоҳ, сандин мадад!” деб юриб кетдик. Эртага Самарқандга келиб, бир кун тўхтаб, биродар Бройдо Самарқандга бориб ўз ишларини биткариб, яна бир неча адад ишчилар олиб келди.Андин ҳам ўтиб кетдик.Эртанси Қизилтепага келдик.Амир Бухоросининг одамлари пешвоз қилиб олдилар.Андин ҳам жўнаб кетдук.Бухоро вокзали Когонга келиб етишдук. Амир Бухоросининг махсус аскарлари музика бирлан қарши олдилар. Ушбу ерда уч кун тўхтаб қолдик. Товариш Бройдо Руссия мухтор вакилига бориб баъзи ўзига махсус бўлган ишларни қилиб келди.

Махфий қолмасинким, ман Бухорои шарифга бормадим, қўрқдим. Нечунким, Бухорода амир ҳукумати эрди, ҳамда “Ёш бухоролилар” бирлан душман эди. Мани “Ёш хивалилар” инқилобий қўмитасининг раиси эканлигим аларга маълум эрди. Андин ҳам ўтиб Чоржавга қараб жўнаб кетдик. Соғ-саломат Чоржавга келиб тушдик. Хивали тамоми савдогарлар ҳамда Хивадин бизларни қарши олмоққа вакил бўлиб келган Фарғонали Ҳожи Азим Болшаков, Шайхаддин Ҳасанов ҳам чиғатойли Мирзо юзбошилар ва Хива тарафидин оқсоқол бўлиб турган Муҳаммад Раҳим Раҳмонқули ўғли қарши олдилар.Кўришиб, саломатлик сўрашиб бўлгандин сўнг Болшаков “Грандотел” меҳмонхонасида меҳмонлар учун зиёфат ҳозирлаб қўйган эркан. Меҳмонхонага чой ва ошга таклиф қилдилар. Тамоми меҳмонлар бирлан пешин наҳорасини шунда қилдук. Товариш Бройдо Ҳожи Болшаковга, Муҳаммад Раҳим оқсоқолга сарпо берди. Наҳоратдин сўнг товариш Бройдо бошқа ишларга машғул бўлди. Бизлар ҳам Хивадин келган одамлар бирлан кўришиб, Хивада бўлиб ўтган сўзлардин маълумот олиб турдик.Эртаси Тошкентдин Туркистонни кўриб келмоқчи бўлиб аскарбошилар товариш Фрунзе ҳам Мустафо Субҳий ҳам Казимбеклар келиб етишдилар. Товариш Бройдо ҳам бизлар бирлан вокзалда сўйлашиб ўз йўлларига ўтиб кетдилар. Бизлар 4-5 кун Чоржавда турдик. Оллоҳ рози бўлсин. Чоржавда турган Хивали биродарлар, хусусан Мадрим оқсоқол, Сафобойлар кўп-кўп зиёфат қилдилар. Шундай қилиб бир пароход, икки баржа , 5 кема бирлан 17 март 1920 йил Амударё бирлан “Ё Оллоҳ!” деб Хивага равона бўлдук.

Махфий қолмасинким, биродар Бройдо пароход учун Тошкентдин махсус нефт ёғи келтириб эрди.Нечунким, Чоржавда нефт ёғи йўқ эрди. Боку йўли очилгани йўқ эрди.Шундай қилиб пароходда товариш Бройдо, Измаилов, Шокиров, Оллақулиев, Ҳасанов ҳам Парулинлар бирлан ҳар куни Хива ёвмутлари ҳақинда мажлис қилиб келур эрдик. 25 мартда пароходимиз Тошсақага келиб чиқди. Бизларни қарши олмоқ учун муваққат ҳукуматдин зироат нозири Абдурасулбой ва Полвон Мирзабоши ўғли ҳам Ҳазорасп ҳокими Исмоил хўжалар чиқиб турган эрканлар. Бизларни қарши олдилар. Муваққат ҳукумат тарафидин келганларни маълум қилдилар. Ман уларни товариш Бройдога тақдим қилдим. Биродар Бройдо хушвақт бўлиб, Хивадаги бўлиб турган ишлардин савол қилди. Абдурасулбой жавоб бериб айтди:
-Хивада муваққат ҳукумат Сизнинг келишингизга мунтазир бўлиб турур,-деди. Андин сўнг пароходдан чиқиб, ҳукумат тарафидин ҳозирланиб қўйган дастурхонга келиб ўтириб , мевалардин тановвул қилиб, бир оз ўтирдилар.

Махфий қолмасинким, пароход Дарғонотада бир оқшом турур.Товариш Бройдо Дарғонота бозорига келиб бир неча ботмон гурунчдин палов ҳозирлаб, тамоми Дарғонота одамларини чақириб, сўйлашиб, шўролар ҳукуматининг тутган йўлини тушунтириб, бир мактаб очиб бериб ўтди.Андин сўнг товариш Бройдо айтди:
-Бизлар Тўрткўлга бориб, икки кун туриб Хивага борурмиз,сиз нечук бизлар билан Тўрткўлга борурсизми ё шул ердин Хивага кетурсизми?-деб мандин сўради.
Ман айтдим:
-Агар рухсат қилсангиз ушбу ердин Хивага бориб Сизга жой ҳозирлаб турур эрдим.Ҳам уч йил бўлди Ватандин айрилиб юрганлик важидин Ватанни кўп соғиниб турурман,-дедим.
Биродар Бройдо жавоб берди ҳам баъзий сотрудникларни ҳам Хивага кетмакка буйруқ қилди. Шунинг бирлан Абдурасулбой, Исмоил Хўжаларга яхши сарпо бериб мани бирлан хўшлашиб пароходга кириб йўлга равона бўлди.

Махфий қолмасинким, биродар Назир Шоликаров, Бобожонбой Ёқубов, Худойберган Девонов ва яна бир неча оға-инилар, қариндош-дўғонлар, ёру-биродарлар ҳам пешвозга келган эрканлар. Алар ҳам келиб етишдилар. Ушбу азиз севикли биродарларимиз, фарзандларимиз бирлан кўришиб, шод масрур бўлиб, лутфу-карамига хурсанд бўлиб омон-эсонлик сўрашиб ўтирдик. Биродар Худойберган Девонов сурат машин олиб келган эркан, бизларнинг суратларимизни олди.Ман айтдум:
-Икки соат бурун келган бўлсангизлар пароход ва меҳмонларни суратини олар эрдингизлар,-дедим. Биродар Назир Шоликаров айтди:
-Худо ҳоҳласа Хонқа яқинида аларнинг суратларини ҳам олурмиз,-деди.

Махфий қолмасинким, Чоржавдин чиғайтойли Мирзабой юзбоши бирлан Мулла Жуманиёзни юбориб эрдим.Меҳмонлар учун жой ҳозирлаб қўйиб, пешвоз қилмоққа.Шунинг бирлан Тошсоқадаги биродарлар бирлан наҳорий қилиб ёнимизда бўлган одамларни араваларга юклаб, Ҳазораспга узатиб юбордик.Ўзларимиз ҳам файтун араваларга сувора бўлиб Ҳазораспга равона бўлдик. Бир-икки соатдин кейин Ҳазораспга Сайид Мурот Божибоннинг заводида жой ҳозир қилган эрканлар.Бизларни музика бирлан қарши олдилар.Ушбу оқшом шунда қўндик. Эртанг эрта бирлан туриб Назир , Бобожонбой, Худойберганбойлар Хонқага, биродар Бройдонинг олдига кетмакчи бўлдилар. Ман, Жуманиёз Оллақулиев бирлан, Хивага кетатурган одамлар бирлан бирга Хивага кетатурган одамлар бирлан бирга Хивага кетатурган одамлар бирлан бирга Хивага қараб равона бўлдик.Боғот бозорига келиб пешвозга чиққан одамлар бирлан кўришиб саройда ўтириб наҳори қилдик.Ҳам уларга таъкид қилиб айтдук:меҳмонларни наҳори қилдириб, яхшилаб узатиб ўтириб юбормакни.Андин сўнг аравамизга ўтириб хўшлашиб кетдик.Тозабозорга ҳам пешвоз учун кўп одамлар келган эрканлар.Алар бирлан кўришиб ўтиб, Янгиариққа келиб таҳорат қилиб пешин намозини ўқидик.

Янгиариқнинг бозори куни эркан, тамоми бозор халқи келиб кўришиб кўп шодлик қилдилар.Булар бирлан хўшлашиб Хивага равона бўлдик.Хивага яқин келган вақтда йўлни ғолот қилиб, Ос кўпригидин ўтиб, Полвон ёпини ёқалаб машҳур Нуриллабой ҳовлига келиб етишдук.Кўрсак биродар мулла Жуманиёз ва Бобоохун эшон ва бошқа биродарлар бизларнинг олдимизга чиқмоқчи бўлиб, Нуриллабойнинг олдига чиқиб, аравага минмакчи бўлиб турган эрканлар. Бизлар келиб тушдик, биродарлар билан омон-эсонлик сўрашиб, ичкарига кирдук.Ҳукумат хизматидаги биродарлар билан кўришиб, нон еб, чой ичиб ўтирдик. Мулла Жуманиёз айтди:
-Сизнинг келишингиз ажаб бўлди. Бизлар 5-10 минут олдин йўлга чиқсак, сизни топмай келар эканмиз,-деди.
Ман айтдум:-Агар ман тўғри йўл бирлан келсам, пешвозга чиқиб турган биродарлар бирлан мулоқотлар қилиб, бунда келгунча хуфтон бўлур деб, ўзга йўллардин келдим.
Мулла Жуманиёз айтди:
-Рост айтурсиз, қаълани тамоми одамлари йўлда қараб ўлтурган эрдилар,-деди. Тамоми эшитган ёру-биродарлар пуч-пуч келиб кўришур эрдилар. Намози асрни ўқиб, биродарлардин жавоб олиб, ўз манзилимизга пиёда равона бўлдик.Кўчаларда қарию-йигит, хешу ақраболар бирлан кўришиб Оллоҳ Таоллонинг лутфу карамига кўп-кўп шукурлар қилиб, намозишом вақтинда уйимизга келдик.

Маълум бўлсинким, Хивадин золим хондин қачиб кетган вақтимизда пойи-пиёда юз минг турлик хўпу-ҳараст бирлан қоронғу оқшомнинг ичинда қочиб кетиб, 28 ой Тошкентда муҳожир бўлиб,кўп хору-зорликлар кўриб қайтган вақтда мунча иззат-ҳурмат бирлан келтирган пардвардигор оламнинг даргоҳига кўп-кўп шукурлар бажо келтириб, уйга кириб аҳли-аёл, фарзандларни кўриб, гирёйи-шоди қилишиб,ҳали-аҳволи сўрашиб, ташқарига чиқиб фотиҳага келган биродарлар бирлан сўйлашиб, хуш келдингизлар, деб кузатиб турдим.Ушбу кечани биродарлар билан сўйлашиб ўткардук.Эрта бирлан намози бомдодни ўқиб ҳукумат вақти бўлганча отга миниб шаҳиди ҳуррият Ҳусинбекнинг уйига бориб фотиҳа ўқиб, андин кейин мозорига бориб зиёрат қилиб, Қуръон ўқиб, Нуриллабой ҳовлисига келиб, Мулла Жуманиёз, Бобоохун, Мулла Бекжонлар бирлан сўйлашиб ўтирдик.Баъзий йўлда бўлиб ўтган ишлардин доклад бердим.Андин сўнг маслаҳат қилдук.Бунда бўлган инқилобчилар бирлан пинҳоний мажлис қилмоқ керак деб. Ушбу мажлис Нуриллабойда Мулла Жуманиёзнинг уйида бўлди. Мажлисда сиёсий аҳволдин сўзлар бўлди.Мажлис шу қарорга келди: “Ёш хивалилар”га қарши хон тарафдори бўлган қози Ҳикматулла Эшонни биродар Бройдо келмасдин бурун азл қилмоққа.Дарҳол Эгамберган Тиллабоевга буюрилди:Бир неча аскарлар бирлан бориб қозилик муҳрини олиб келмоққа,Мажлис шу билан тамом бўлди.

Махфий қолмасинким, товариш Бройдо Урганчга келган эркан, Назирдан шу ҳақда хабар келди: эртага Хивага борурмиз, деб. Дарҳол паррошларга буюрилди, қаъланинг ўнг тарафиндаги Тозабоғнинг олдиндаги майдонда бир неча чодирлар барпо қилмоққа.Эртасига Нуриллабойга келиб тамоми ҳукуматда бўлиб турган биродарлар учун Тозабоғга равона бўлдик. Бориб биродар Бройдога интизор бўлиб ўтирдик. Шул вақтда Эгамберган қози Ҳикматулланинг уйига бориб, қозилик муҳрини олиб келиб топширди.Ман дарҳол синдириб йўқ қилмоққа буюрдим, синдириб ташладилар. Биродар Бройдога қараб ўтирдик.Бир соатдин сўнг азиз меҳмонлар келиб етишдилар.Кўришиб муқаррар бўлган чодирга таклиф қилдик.Келиб ўтириб бир коса чой ичдилар. Қаълада бўлган тамоми одамлар томошага чиққан эрдилар.Товариш Бройдо ҳам Тошкентлик Абдулвоҳид қорийлар митингида сўзладилар. Ман дарҳол шаҳарга қайтиб кетдим. Меҳмонлар бўлатурган Рўзмат маҳрамни жойига келиб, меҳмонлар учун омода бўлган нимарсаларни кўрдим.Кўрсам шаҳар уламолари қози аскар Иброҳим охун эшон,раис Муҳаммад Собир махсум муфтилар меҳмонларнинг истиқболига келиб ўтирган эрканлар.Алар бирлан кўришиб, бир оз вақт ўтгандин сўнг меҳмонлар ҳам келиб жойлашдилар.Ҳамма ҳукумат арбоблари Бройдога “хуш келдингиз” деб мулозиматлик қилдилар.Андин сўнг тайёр бўлиб турган таомларни келтирдилар.Ҳамма меҳмонлар ўтириб, ҳукумат одамлари бирлан ноҳари қилдилар.Андин сўнг муваққат ҳукумат раиси Мулла Жуманиёз айтди:
-Сизлар узоқ йўлдан ҳориб келдингизлар, энди рухсат қилинглар, бизлар ҳам ўз ишларимизни қилиб, яна хизматларингизга келурмиз,-деб чиқиб кетдилар.Ман ҳам рухсат олиб чиқиб кетдим.Уламолар ҳам қайтиб кетдилар.Эртанги эрта бирлан туриб меҳмонлар олдига келдик. Биродар Бройдо айтди:
—Тамоми ёвмут катхудоларини чақириб келтиринглар,-деди.

Дарҳол ҳукумат бошлиғи Қўшмамдхон, Ғуломалихон.Бахши вакил катхудоларга хат қилиб юбордилар, дарҳол келсинлар, деб.Ушбу кун ман шаҳидий ҳуррият Ҳусинбек девонбеги ва Исломхўжа болаларини Бройдога кўрсатиб, таржимайи ҳолларини тушинтирдим.Биродар Бройдо кўп яхши қабул қилиб, ҳар бирларига дилдорлик қилди ҳам айтди:
-Сизлар оталаримиз ўлдилар деб хафа бўлманглар, Сизларни оталарингиз ҳеч ўлгани йўқ турур.Аларнинг номларини тарихларда қиёматгача қолса керак.
Андин сўнг булар ҳам рухсат олиб, хўшлашиб чиқиб кетдилар.

Махфий қолмасинким, биродар Бройдо келмасдан аввал ман Хивага келдим.Кўрсам Хивада бўлиб турган аскарлар ҳеч воқеасиз милтиқ отар эрканлар.Шунинг учун ман Бройдога айтдум:
-Ушбу милтиқ отишмани қолдиринг, халқлар кўп қўрқар эркан,-дедим.Биродар Бройдо дарҳол командирларга эълонномалар юборди. Агар бир аскарга бекорга милтиқ отса қаттиқ жазога дучор бўлур, деб.Дарҳол милтиқ отиш тўхтади.Товариш Бройдо бирлан Тошкент жазо маҳкамаси раиси товариш Пуништин аскарларнинг халқдин талаб олган нимарсаларини таъқиқлаб сўрашмоққа бошлади.Ҳам кўп маълумотлар олди.

Махфий қолмасинким, ушбу меҳмонларнинг олдларига тамоми хизматларини мубошири бўлиб турган биродар Муҳаммадёрбой эрди.Икки уч кун ичинда ёвмут катхудолари ҳам келиб етишдилар. Товариш Бройдо улар бирлан кўришиб, танишиб, сўйлашиб тамоми ахборотлардин огоҳ бўлиб қолди. Ҳар турлик иқтисодий масалаларни сўйлашди.

Махфий қолмасинким,Қўшмамтхон, Ғуломали сардорларнинг ёнида ёвмут отлиқ аскарлари бор эрди.Ушбу отлиқлардин ўзига қоровул учун келтириб Али маҳрамнинг жойида қўйиб, Шоликаровга буйрди.Ушбу қоровулларнинг харажатларидин хабардор бўлиб турмоқни.Ёвмут катхудолари бирлан қазув тўғрисида сўйлашиб ушбу қарорга келдилар: Ғозиобод, Шоҳобод ёпларини ёвмутлар обхўр бўлган ерлардин тутиб ўзлари қазиб очмоққа.Ёвмутлар зўрдин рози бўлдилар.Нечунким, улар ҳамиша ўзбекларга қаздириб ичар эрдилар.

Махфий қолмасинким, биродар Шоликаров манга оҳиста айтди:
-Ушбу оқшом аскарларни тафтиш-обиска қилурлар.Агарда бир воқеа бўлиб милтиқ отсалар қўрқиб турманглар,-деди.
Шундай қилиб трибунал раиси товариш Поништин ёнига бир неча аскар олиб гумондор аскарлар ва баъзи тўраларнинг устига бориб обиска қилиб, кўп нимарсалар топиб олиб, ўзларини ҳибсга олиб келтирганлар. Аскарлар ичинда катта бир ғовға бўлиб олган.Эртанг туриб меҳмонлар олдига келдим.Биродар Ҳаким божибон. Бобожонбой кеча бўлган воқеаларни кўп хавф бирлан сўзладилар.
Ман :- Хабарим бор турур, хотиржам бўлинглар ,-дедим.Андин сўнг товариш Поништинни кўрдим.Кеча бўлган воқеаларни бир-бир баён қилиб, ўн беш кишини арестоват қилганини айтди.

Махфий қолмасинким, биродар Бройдо Тўрткўлда бўлган вақтда Шайдаковни Чоржавга юборган эркан. Хивадин Скаловни ҳам юборган. 2-3 кун ўтгандин сўнг ҳибсдаги мол талаб олганларни суд қилмоқчи бўлиб Гурландин Иброҳим Эшонни олиб келмоққа киши юборди.Ҳам Ибодулла тўрага киши юборди.улар келиб бўлдилар.Нуриллабой саройининг Ичан боғинда ҳукм мажлисини қурдилар.Тамоми талон-тарож қилинган молларни ҳам келтириб қўйдилар.Айбдорларни ҳам қоровулларни келтириб ўтиртирдилар.Андин сўнг айбдорларни ҳар бирларидан савол қилмоққа бошладилар. “Бу нимарсаларни қайдан олдинг, санга нечук бердилар?”, деб. Алҳосил кўп таъқиқ, тафтишлар қилиб , сўраб, охири шул қарорга келдилар: Бир командирни отиб ўлдирмакка, ўн аскарни ўн йилдин турмага ҳибс қилиб, халқ хизматини ишлатмакка, олган нимарсаларини эгаларига қайтариб бермакка.Шундай қилиб, суд тамом бўлди. Ҳатто биродар Мулла Жуманиёз Султонмуродовдин савол қилди: “Сиз нечун бул нимарсаларни кўриб туриб бердингиз? «деб. Мулла Жуманиёз ноиложлигини баён қилди. Андин сўнг биродар Бройдо шаҳарда бўлган етим болаларни жамламакка буйруқ қилди ҳам тамоми кўҳна мактабларда болаларни оёқларига бир ёғочдин бўлган палахмонга солиб жазо қилур эрдилар. Ушбу жазони қолдирди. Бир катта митинг қилиб тамоми уламолар ҳам шаҳарда бўлган меҳнаткаш косибларни жалб қилиб, сўйлаб илмни ҳар навъи бўлса ҳам вужудга келтирмак ҳақинда. Расулиллоҳдин ҳадислар баён қилиб қози Иброҳим эшондин савол қилди: мактаблар очиб, халойиққа илм таратганимиз шариатга мувофиқми, шуни ўзингиз одамларга баён қилинг, деди. Қози Иброҳим эшон туриб халққа кўп панду насиҳатлар қилиб айтди:
-Расулиллоҳ айтиб турурлар, агар илм Чинмочинда бўлса ҳам бориб билиб келинг, деганлар.Бундин мақсад агар илм кофиристонда бўлса ҳам мусулмонлар бориб келмоқи фарз турур,деб халойиқларга англатдилар. Етим болаларга чопон, кўйлак, бошга чўгирма, белбоғ ҳам этиклар бериб, исмларини ҳам хўсторларини ёзиб, ўзларига наҳори бериб, қайтариб юбордилар.Мактаб очилгандин сўнг келурсизлар, деб.Етим болалар хурсанд бўлиб қайтиб кетдилар.
Андин сўнг товариш Бройдонинг хотини ҳам Карим Қори Ниёзий, Мулла Бекжон афандилар дорулетим (болалар уйи) учун ҳозирлик қилабошладилар. Хоннинг ҳарам саройини етим болалар учун мувофиқ топдилар. Ҳам шул жойни омода қилдилар.Муқаррар бўлган кун биродар Шоликаровга буюрдилар.Хат бўлган етим болаларни топиб келтирди. Мактабни очиб, муаллимлар тайин қилиб, ўқитмоққа бошладилар.

Махфий қолмасинким, манда ҳеч бир хизмат йўқ эрди.Биродар Бройдо манга айтди:
-Қурултойга қадар Сиз нима хизматни адо қилиб турурсиз?-деб савол қилди. Ман ўйлаб турмасдин жавоб бердим:
-Манга ҳукумат муфаттишлигини беринг,-дедим.
Биродар Бройдо хушвақт бўлиб, баракалло, маним кўнглимда ҳам шул эрди, деб мувофиқ топди. Ҳам “ Назир Шоликаровни шаҳар муҳофизаси қилмоқ нечук бўлур”, деди. Ман айтдум:
-Мувофиқ турур, аммо Назир афандининг маслик бир касали бор турур,-деб.
Анда товариш Бройдо айтди:
-Ман ушбу сўз бирлан қўрқутурман: агар мундин сўнг сани маст бўлди деб ёлғондан ҳам биров келиб айтса, отиб ўлдирурман, шунга рози бўлсанг қўл қўйгил, деб қўл қўйдирурман.

“Кўп яхши”, дедим. Андин сўнг манга айтди:
-Сиз Шоликаровни мани олдимга юборинг,-деб манга жавоб бериб юборди. Ман Назир афандини биродар Бройдо ёнига юбордим. Бройдо Назир афандини ўз бўлимига олиб бориб, юқорида баён бўлган шартларни айтиб, рози қилиб келди. Ҳам муваққат ҳукуматга буюрди: Манга, ҳам Назир афандига ҳам мандат бермакка.Сўнг бизга мандат бердилар.

Махфий қолмасинким, маним ҳамиша ишим Бройдонинг олдида эрди. Муфаттиш идорасига бормоққа ҳеч бир вақтим йўқ эрди. Биродар Ҳасан Алиакбаровни ўзимга муовин қилиб олдим. Эрназар Оллоқулов, Ҳасанбой Читкаров, Раҳмонберган Девонов, Юсуф Отажонов, Саъдулла Мадраҳимовлар хизматчи аъзолар қилиб олинди. Алиакбаров товариш Бройдо таклифидин аъзо бўлган товариш Андрей бирлан хондин ва бошқалардин мусодара қилиб олинган молларни дафтарга ёзмоққа бошладилар.

Махфий қолмасинким, биродар Бройдо муфаттиш идорасига ўз сотрудникларидан унер деганни аъзо қилиб бериб юборди. Назир афанди ҳам ўзига муқаррар бўлган ишга қиём қилди. Андин сўнг биродар Бройдо ёвмут ичига Қўшмаматхоннинг жойига бориб келмоқчи бўлди. Узатиб юбормакчи бўлиб ҳамма олдига бордук. Ман айтдим:
-Мани кўп хушвақт турурман, ўзингиз ёвмут ичига бориб кўриб келмакчи бўлганингизга,-дедим.
Шундай қилиб, хўшлашиб кетдилар. Товариш Бройдо ушбу ёвмутлар олдига кетганида Гурлан устидан юрмакчи бўлганидан Бобоохун эшон жавоб олиб бу улуғ меҳмонларга мезбонлик қилмоқ учун бурунроқ Гурланга кетди.Бориб халойиқни жам қилиб меҳмонларни шўролар ҳукумати тарафидан келганини, мақсудларини ҳаммага тушунтириб ҳама асбобларини омода қилиб турди. Товариш Бройдо Гурланга бориб Бобоохун эшоннинг уйида бир оқшом бўлиб, жами Гурлан халқини жамлаб кўп яхши сўзлар ва насиҳатлар айтиб, бечора эзилган Гурлан халқини кўп хушвақт ва миннатдор қилиб Гурланда тоза бир мактаб очмоқ учун қарор қилиб, Бобоохун эшонга топшириб ўтиб кетди. Қўшмамтхоннинг жойига бориб тўй қилиб, ёвмут катхудоларини ҳам олдириб, кўп сўйлашиб, кўп маълумотлар олган.Шундай қилиб етти кун ичинда қайтиб келди. Келган ҳамон бориб кўришдик.Аввалги айтган сўзи шул бўлди:
-Биродар Юсупов, Сизнинг ҳам айтган сўзларингиз рост эркан,-деб қўйди.Ҳеч ким билгани йўқ нима сўз эрканини.
Маълум бўлсинким, ман ёвмутлар ҳақинда пароходда бўлсин, Тошкентда бўлсин, кўп маълумотлар берур эрдим.Кўпларина бовар қилмас эрди. Фақат адоватларингиздан айтурсилар ,ҳеч бу айтган сўзларингиз мумкин бўлмаса керак, дер эрди. Ман айтур эрдим, худо ҳоҳласа бориб кўрурсиз, деб. Ушбу айтган сўзларингиз рост эркан, деб айтгани турур.

Маълум бўлсинким, Тошкентдин аэроплан бирлан биродар Бройдони дарҳол қайтиб бормоққа хат келиб қолди.
Биродар Бройдо кетмоққа омода бўлди. Бобоохун, Мулла Жуманиёз, Мулла Бекжон унинг олдига бориб кўп тавалло қилдук.Қурултойни ўтказиб кетмоққа.У айтди:
-Ҳеч мумкин эрмас. Ман Қурултойда бўлажак ишларни тамом қилиб қўйдим.Сизлар хотиржам бўлинг, ҳамма ишлар кўп яхши бўлур. Биродар Измайлов ва Шокировлар бор турур,-деди. Ҳам Бобохунга айтди:-Қурултой ўтгандин сўнг ҳақ-ноҳақ Маскавга боринг. Худо ҳоҳласа сизнинг бирлан кўришиб Хоразм учун кўп фойдали ишлар қилурмиз.
Қурултойга Хоразм элатларига инструкторлар юбордилар. Ўзи ҳам йўлга кетмакчи бўлиб аэропланни хат бериб қайтариб, ўзи ҳам муқаррар бўлган кунда йўлга чиқди.

Махфий қолмасинким, биродар Бройдо учун арава Чоржавгача узатиб келмоқ учун бир неча отлиқ қоровуллар бирлан орўйитамом бирлан ҳамма Хоразм ҳукумати бошинда бўлган одамлар олдига келиб, хўшлашиб, яна кўришмакни Оллоҳ Таолодан сўраб қолдилар.Ушбу воқеалар апрел ойинда бўлган эрди.

Махфий қолмасинким, ҳар қаъла ва вакил сайлаш учун кетган одамлар халққа воқеани тушунтириб, халқни ўз ихтиёри бирлан биринчи Қурултойга вакиллар сайлаб келдилар. Қурултойга келган вакилларни кутиб олиб зиёфат қилмоқни ихтиёрини биродар Жуманиёз Оллақулиевга топширдилар.Бир неча кунда тамоми вакиллар келиб бўлдилар. Андин сўнг 22 ланчи апрелда 1-Қурултой мажлиси очилиб, вакиллар мани бир овоздин президиумга раис қилиб сайладилар. Ман туриб вакил биродарларга раҳматлар айтиб, илтимос қилдим:
-Президиум раислигига бизлар бирлан Тошкентдин Хива экспедициясида член комиссия бўлиб Туркистон ҳукуматидин келган нўғай биродар Ризоаддин Шокировни сайлаб, мани шунга муовин қилсангизлар эркан,-деб.-Нечунким, ушбу биродаримиз Тошкентлик мусулмон биродарлари тарафидан келган, ҳам шунингдек кўп катта Қурултойларни ўтказган, ҳам бизларга келган меҳмон турур.Ҳам меним розилигим шунда турур,-дедим.
Вакил биродарлар маним илтимосимни қабул қилиб президиум раислигига биродар Шокировни, биринчи муовинлигига мани, иккинчи муовинлигига Бобоохунни сайлаб қўйдилар.Аъзолар Қўшмаматхон, Шомурод бахши, Ғуломали ва бошқаларни сайлаб тамом қилдилар ҳам ишга тутиндилар.Биродар Шоликаров туриб:
— Бул вақтгача зулм истибдодга эзилиб хонлардин, ҳам оларнинг қуйруқи бўлган золим сипоҳи-тўралардин ҳам Жунайидхон, ҳам онга қуйруқ бўлган бир қароқчи туркманлардин кўрган хўрлик-зўрликларингиздан, Сизларнинг ичларингиздан хоннинг халққа қилиб турган зулм, жабру ситамларига тоқат қила билмай ҳижрат қилиб қочиб, Тошкентга бориб, Руссия шўролар ҳукуматига зори-тавалло қилиб, мундаги фақир камбағал халққа бўлиб турган зулм-жабрларни англатиб, шўролар ҳукуматидан ёрдам олиб золимларни йўқ қилиб, Сизлар учун ушбу ҳеч тамом бўлмайтурган озодликни олиб бермакка сабаб бўлдилар.Албатта Сиз муҳтарам вакиллар бу муҳожирларнинг қилган хизматини тақдир қилсангизлар керак,-деди.

Тамоми вакиллар қўл чопиб қарши олдилар.Ҳам эълон қилди:
-Ушбу биринчи қурултойларингизни Туркистон ҳукуматида ўтирган мусулмонлар тарафидан муборакбодлик қилурман,-деди Шоликаров.Яна қўл чопиб қарши олдилар.
-Ҳам кўп Қурултойларни фароғатчилик, осойишлик бирлан ўтказмакларингизни тилаб сўзимни тамом қилиб айтурман.Яшасин Хоразмнинг биринчи Қурултойи!,-деб сўзини тамом қилди яна Шоликаров.

Вакиллар кўп узоқ қўл чопиб қабул қилиб, раҳматлар ўқиб миннатдорчилик эълон қилдилар. Андин сўнг Олимжон Ақчурин сўзлади, ҳукуматнинг тутган йўлларини халққа англатди.Андин сўнг ҳар кимлар сўзладилар. Шунинг бирлан биринчи мажлис ёпилди. Вакиллар ўз манзилларига бориб, ноҳари қилиб истироҳат қилдилар.Кечада ҳам мажлис бўлди. Анда ҳам баъзи масалалар қаралиб ҳал бўлди.Ушбу тартиб Қурултой тўрт кун давом қилди.Товариш Измайлов ҳар мажлисда бўлур эрди. Шокиров, Ақчурин,ҳам Обидовлар Хоразм учун қонун асосини ҳозир қилдилар.Қонун асоси шундан иборат турур: Хоразм Руссия шўроларига монанд бир халқ жумҳурияти турур деб ўрта йўл бирлан мамлакатнинг аҳволи руҳиясига мувофиқ қилиб қонун асосини тартиб қилган эрканлар.Шул қонун асосини ўқиб халққа тушунтирдилар.Вакиллар бутун қабул қилдилар.Қонун асосида 15 адад нозир бўлмоғи керак эркан.Шунга номзод кўрсатиб овозга қўйдилар. Нозирлар шўросининг раислигига уч кишини кўрсатдилар: бири фақир турур, бири Бобоохун, бири Мулла Жуманиёз.

Махфий қолмасинким, партиянинг мқсади Мулла Жуманиёзни раисликка ўтказмак турур, халқ вакилларининг мақсади ё фақир ё Бобоохунни ўтказмак турур.Шунинг бирлан бизларни учаламизни ҳам мажлисдан чиқариб юбордилар. Қурултой вакиллари музокара қилиб қолдилар. Бизлар залга кириб ўтирдик. Бир неча сўз сўйлашиб ўтирган ҳамон биродар Мулла Жуманиёз айтди:
-Тақсир маним кўнглимга бир сўз келур, агар маъқул бўлса айтур эрдим,-деди.
Бобоохун эшон :-Хўп айтинг,-деди.
Мулла Жуманиёз айтди:
-Бизлар халқ учун музокара қилиб турмоқи ҳожат эрмас турур. Ман таклиф қилурман, аввалдин инқилобчиларнинг бошлиқи Ҳожи афанди эрди. Ҳам Марказий инқилоб қўмитасида раис эрди. Бул киши яна нозирлар шўросига раис бўлсин, ман муовин бўлурман, сиз адлия нозири бўлинг.

Бобоохун айтди:
— Ман аввалдин айтурман, хўп яхши,-деб қабул қилди.
Ман айтдум:-Бобоохун эшон раис бўлсинлар, бизлар муовин бўлиб хизмат қилурмиз,-дедим.
Бобоохун Эшон айтдилар:
-Ман русча билмасман, фақат Ҳожи бобо бўлсин, маним адлия нозирлигим бўлур,-деди.

Шунинг бирлан бир қарорга келиб мажлисга чиқиб, Мулла Жуманиёз баён бўлган сўзларини вакилларга эълон қилди. Ҳамма бир оғиздан қўл чопиб рози бўлдилар. Бизлар ўтиб ўринларимизда ўтирдик. Қолган 12 одамни ҳам сайлаб қўйдилар: Мулла Бекжон маориф нозири, Матпанабой молия нозири, Худойберган Девонов муфаттиш нозири, Шокиров ҳарбия нозири, Эшчон қори хўжалик нозири, Қўшмамдхон –иккинчи муовин, Ғулом Али ижтимоий таъминот нозири, Шомурод Бахши-ҳибзи сиҳат нозири, Мулла Ўроз аъзо, Назир Шоликаров саркотиб, Қори Абдулвоҳид-адлия нозири муовини, Ҳаким божибон зироат нозири, жами 15 адад нозирлар тамом сайланди.Яна ҳукумат бир неча киши тайинлаб қўйдилар. Агар одам даркор бўлса, нозирлар ўзи тайин қилмоққа ихтиёр бердилар. Бобожонбой зироат нозирини муовини қилиб тайинланди. Шундай қилиб Қурултойнинг расмини олиб, 24 апрелда жавоб бериб, вакилларни қайтариб юборди. Андин сўнг Нозирлар шўросининг мажлисини қилиб ҳукумат тузмоққа машғул бўлдилар. Биродар Шоликаровни шаҳар муҳофаза мудири қилдилар. Адлия ва член коллегия Юсуф охун ва Сапо Ҳожи охун бўлди. Маорифга Карим Қори муовин, Юсуп Харратов саркотиб бўлди. Мулла Жуманиёз партияга раис, шунингдек жазо маҳкамасига раис қилиб сайланди. Мулла Муҳаммаджон Абдолов нозирлар шўросига саркотиб бўлди.Молияга Исмоил Ҳажиев муовин бўлди. Шундай қилиб, “Ёш хиваликлар”нинг ҳар бирини тегишли хизматга қўйдилар.Шундай қилиб биринчи май 1920 йилда расмий равишда ҳукумат хизматига далолат қилдилар. Ҳар кунда эрта бирлан келиб фуқароларнинг арзи додига машғул бўлдилар. Номозшомни ўқиб нозирлар уйларига қайтиб кетмоққа муқаррар қилдилар.

Бир куни Руссия вакили Измайловнинг иштироки бирлан ҳам партия аъзолари тамоми ҳукумат маъмурлари бирлан мажлис қилиб бойларга контрибуция ақча солмоққа ҳукумат ёзилган списка бўйича солиқ олмоққа қарор қилди. Шоликаровга буйруқ берилди, шу списка бўйича дарҳол ундириб олмоққа.шоликаров ҳар қаъладаги бойларга киши юбориб, Хивага келтириб савол қилди.Ушбу ҳукумат муқаррар қилган ақчани дарҳол бермакка.Рози бўлганлари муҳлат олиб кетдилар. Рози бўлмаганларни зиндонга ҳибс қилдилар. Шу жумладин Баққоловлар, Авазбой қози, Пишикбой ва бошқалар.Қози Ҳикматулла эшонга ҳам ақча солинди.Ани ҳибс қилмай уйига қоровул қўйилди.

Махфий қолмасинким, қурултой қарор қилиб эрди, Тошкентга қочиб кетган ҳам ҳуррият йўлинда ўлиб кетган “Ёш хивалик” биродарларимизни хонга сотилган баъзий қози, муфтилар нечун ҳукм қилиб, ҳибсга буюрган эрканлар.Ушбу ҳукмлари шариатга тўғрими эркан, шуни Тошкентдин келган қози Абдулвоҳид эшон муҳокама қилиб сўрашсин, деб.Қози Абдулвоҳид эшон, муфтиларни Руссия ваколатхонасига чақириб олдириб бизларга хабар қилди. Ман ўз тарафимдан Сўфи Зиёевни вакил қилиб айтдум:
-Агар уламолар ўз хатоларига иқрор бўлиб хондин қўрққонлигимиздан ҳукм қилдук десалар афу қилиб, даволарингизни тамом қилинглар,-дедим.

Шундай қилиб муҳокама бўлган Қози Ҳикматулла Эшон ҳеч иқрор бўлмаган. Андин сўнг тамоми бўлиб чиққан.
“Ёш хивалилар” сўйлаб бўйнига қўйганлар.Охири Қози Муҳаммад Шариф муфти очиқдан-очиқ эълон қилган:
-Бизларга хон шундай ҳукм қилинглар, деб буюрди, бизлар қилдук.Бошқа иложимиз бўлмади,-деган.Ҳаммалари рост деб қойил бўлганлар.Шунинг бирлан “ёш хивалилар” уламоларни афу қилиб даволарини тамом қилиб қайтиб кетганлар. Маълум бўлсинким, ҳукуматда аксилҳаракатчилар ҳақинда катта қўшма бир мажлис бўлиб ўтди.Сафаротхонада ҳам бўлган.Мазкур ишчилар, партиядаги одамлар ҳам ҳозир бўлдилар.Мажлисда Баққоловлар ҳақинда музокара бўлди. Мулла Жуманиёз сўз олиб сўзлади:
-Баққолов ва Абдураҳмонбойлар биринчи аксилҳаракатчилар турурлар.Нечунким, хоннинг биринчи иш кўриб турган одами ҳам Урганч ҳокими. Албатта шундай одамлар бўлиб турган вақтда шўролар ҳукуматининг барпо бўлганига рози бўлмайдилар.Булар шўролар ҳукуматининг нечук йўл билан бўлсин жону ил бирлан қаршилик қилсалар керак,-деди.

Андин сўнг ман айтдим:
-Абдураҳмонбой хон олдинда меҳтар бўлиб турган.Лекин Абдураҳмонбой ман билурман аввало бир деҳқон турур. Ҳукуматнинг сиёсатларидан ҳеч хабари йўқ турур.Урганчда ҳамиша ўз уйида деҳқончилик ва савдогарлик қилур.Ман они ўз фикримча аксилҳарактчи деб билмасман,-дедим.
Андин сўнг Жуманиёз Султонмуродов сўз олиб айтди:
-Фуқароларга қилган жабр зулмини санаб бўлмас турур.Мани бола чағаларимди элтиб ҳибс қилиб қўйиб кўп озор берган,-деди.
Манг айтдим:-Абдураҳмонбойни ҳокимлиги шундай турур.Хон Абдураҳмонбойни Урганчга ҳоким қилди.Абдураҳмонбой Хивада хоннинг олдида бўлиб турган вақтларда баъзи бир кичик ишлар бўлса қараб турган.Сизнинг бола-чақангизни Хивадин ёзган буйруқ бўйинча ҳибс қилган. Бул ишлар билан ман Абдримбойни бир сиёсатчи одам деб билмасман,-дедим.
Кўп музокара бўлди, охири буларни ишларини Олий Жазо маҳкамасига бердилар.

Махфий қолмасинким, жазо маҳкамасига Олимжон Ақчурин, Мулла Жуманиёз Султонмуродовлар ва бир неча нўғойлар аъзо эрдилар. Уларни ишларини қараб, шул ҳукмга қарор қилганлар: Абдураҳмонбойни дарҳол отиб ўлдирмакка.Абдураҳим Баққоловни уч йил турмада ҳибс қилиб сақламоққа.Ушбу кун ҳукм хатларини нозирлар шўросига тасдиқ қилдириб, амалга оширдилар.

Махфий қолмасинким, Тўрткўлдин “Ёш хиваликлар” аскар бирлан Урганчга ўтган вақтларида Исфандиёрхон Мулла Жуманиёз Султонмуродовнинг бир неча оға-иниларини тутдириб, Хивада ўлдирган эркан. Мулла Жуманиёз биродарларини жасадини топтириб, Қиётга элтиб, ўзларининг мозористонига дапн қилдирган.

ДАВОМИ БОР

Махсус «Хуршид Даврон кутубхонаси» учун тайёрланди.

055
Умид Бекмуҳаммад
БЎҒИЗЛАБ ЎЛДИРИЛГАН ИСФАНДИЁРХОН

05 … Исфандиёрхон 1910 йил августда хонлик тахтига ўтиргач, юртда ободончилик ишларини бошлаган, бош вазир, қайнотаси Исломхўжанинг ислоҳат дастурини қўллаб, Хивада почта, телеграф, Оврўпа шифохонасини бунёд эттирган, солиқларни камайтирган эди. Аммо, 1913 йил Исломхўжа вафотидан сўнг унинг ёнидан ғийбатчию, ҳасадгўй, бойликка ружу қўйган гуруҳбоз арбоблар жой олди. Матвафо карвонбоши, Ашур маҳрам, Шайхназарбойлар Исфандиёрхоннинг тахти теварагидан лаганбардорлик билан амаллар олиб, ҳукмдорга маишат қилиш учун турли йўллар ўйлаб топар, ҳатто, хонликдаги энг чиройли қизларни ҳарамга совға сифатида олиб келишарди. Шу тарзда улар Исфандиёрхоннинг ишратбозлигидан фойдаланиб, ўзларининг нафси йўлида халққа зулм ўтказиб, беҳисоб бойлик тўплаганди.

Хонлик Русия мустамлакаси бўлгани учун, мустамлакачилар ҳам ҳар йили етиштирган маҳсулотларни ташиб кетарди. Матвафо карвонбоши ва Ашур маҳрамлар эса рус савдо-саноатчилари билан келишиб, хонликнинг бутун иқтисодиётини ўз қўлларига олган эди. Исфандиёрхоннинг 1911 йил Петербург ва Кавказга, 1914 йил Москва ҳамда Русиянинг бошқа шаҳарларига, 1915 йилнинг декабрида сафар қилганларида Матвафо ва Ашур маҳрам рус амалдорлари билан музокара олиш билан бирга, хонга рус ва фаранг аёлларини ишрат қилиш учун топиб беришганди.

1915 йил декабридаги Исфандиёрхоннинг Петербургга сафаридан сўнг, халқ ўртасида “хон касал орттириб келибди” деган миш-миш тарқалади.Қолаверса, 1916 йил январида Ашур маҳрамнинг Хотира ва Ўғил маҳрам исмли аёллар, хонликдаги ёш, чиройли қизларни ҳарамга келтиришга уринишади. Ўшанда эрта индин тўйи бўладиган Хўжайли ва Гурланлик қизларнинг мажбуран ҳарамга келтирилиши, халқни қўзғолонга чорлади. Яхшиям, хоннинг бахтига Тошкентдан генерал Галкин бошчилик гарнизон келиб, Исфандиёрхон тузумини, ҳаётини сақлаб қолди.

Ўша даврда бойликка муккасидан кетган амалдорлар, умуман хонга қарши мухолифат ҳам юзага келган, улар ўзларини “Ёш хиваликлар” деб аташарди. Палёзҳожи Юсупов бошчилигидаги жадидларИсфандиёрхонга нисбатан қарши ҳаракатлар олиб борган. Полёзҳожи Юсупов ўз хотираларида шу боис Исфандиёрхоннинг золимлиги, ҳатто Кавказнинг хушманзара жофларида қачон, кимлар билан базм қилганлиги, уларга брилиант, сирға, пул берганлигигача ёзган.

Хўш, Исфандиёрхон ростдан ҳам Полёзҳожи ёзганидек, фақат фаҳш билан машғул, золим хон бўлганми?

Аслида Лаффасий, Баёний каби муаррихлар ёзишига кўра, Исфандиёр ёшлигидан ювош, ғоят иқтидорли бўлиб, “Фаррух” тахаллуси билан шеърлар битар, Шарқ мамлакатлари ҳамда Россияни кезган савдогар, қилич ясовчи, соат тузатувчи уста бўлган. Ҳатто, рус тили, дунё жуғрофиясини мукаммал билганидан Россия жуғрофия жамиятининг аъзоси ҳам эди.У қайнотаси билан 10 банддан иборат ислоҳат дастури тузиб, давр янгиликлари ва замонавий бўлган иншоаатлар ҳам барпо этдиради. Ҳаттоки, отаси Феруз касаллигига қарамай, ёнидагилар рус врачларига кўрсатайлик, шифо топасиз, деганларида, рекцион руҳонийлар ва табиблар ғазабидан қўрқиб, таклифни рад этганди. Исфандиёрхон эса Хивада махсус рус шифокорлари ишлайдиган замонавий шифохона барпо қилдиради. Афсуски, Исфандиёрхоннинг бу ишлари, 1913 йил 9 августида қайнотаси, бош вазир Исломхўжанинг сирли ўлимидан кейин тўхтаб қолади. Негаки, Исфандиёрхон ён-атрофқидан ислоҳатчилар эмас, Матвафо Баққолов-карвонбоши, Ашур маҳрам каби фитнакор, золим амалдорлар жой олганини юқорида таъкидлагандик.Улар хоннинг ювош, кўнгли бўшлигидан фойдаланиб, унга ўз таъсирини ўтказа бошладилар. Яъни, хон Чор Россияси мустамлакачилари, “Ёш хиваликлар”, туркман ёвмудлари ва фитнакор амалдорлар қуршовида қолади. Уларнинг бирлари мустамлакачи бўлиб, етиштирилган бор нарсани Россияга ташир, “Ёш хиваликлар” эса худди Туркия, Эрондагидек сиёсий ислоҳат ўтказишни истаб, мустамлака ўлка ҳукмдорига мухолифатда бўлар, ёвмудлар эса солиқлар кўплиги, мустамлакачи ва итоаткорларнинг талончилиги учун исён кўтарар, фитнакор амалдорлар бўлса, фақат иғво билан ўз амалларини сақлашни ўйлаб, бойиш билан машғул эди.

Исфандиёрхон бўлса, Чоризмнинг итоаткори эди. Аммо 1909 йилда хонликни савдогар ниыобида ичдан кузатган охранка айғоқчиси ёзганидек, “Хоннинг Русияга ҳаводор бўлиши мумкин эмас.Чунки, Хиванинг Русия қўлига кирган вақтларида кўрган азоб ва жафолари ҳали битгани ва унитилгани йўқ эди”. Бироқ Исфандиёр ана шу итоаткорлиги эвазига, олдинги даврлардагидек, оға –ини, ота-болалар ўртасидаги сарой тўнтаришларидан қутулган, умри охиригача тахтда ўтириши мумкин эди. 20-30 чоғли “Ёш хиваликлар” фақат пойтахт Хивадагина бўлиб, савдогар, муллаларнинг бутун халқ олдидаям таъсири оз бўлиб, улар ёвмудлар билан бирлашиб мустамлакачиларга ғазовот эълон қилишга ожиз эдилар. “Ёш хиваликлар” худди Туркия, Эрондаги сингари давлатни монархия асосида эмас, сайлов йўли билан сайланган “Идораи Маршрутия” орқали бошқаришни, ўзларининг ҳам давлат бошқарувида иштирок қилишларини истардилар. Аммо мустамлака ҳолатида туриб, Исфандиёр “Ёш хиваликлар” талабини бажара олмас, қолаверса, тахтдан ажралишни ҳам истамасди. Шу боис хонни “Ёш хиваликлар” ёмонотлиқ қилар, хон бўлса, уларни қувғин қилиб, молу мулкини мусодара қилганди. Яъни, Исфандиёр қайнотаси ўлимидан сўнг фақат сарой амалдорларигагина таяниб қолганди. Саройда бўлса Матвафо Баққоловнинг таъсири катта эди. 1899 йилдан хон саройида таржимонлик қилган В.Н. Корнилов у ҳақда “Матвафо ниҳоятда юлғич бўлиб, оғир солиқлар билан халққа зулмини ўтказади. Халқ уни жуда ёмон кўради. У ёвмудларга яширинча иғво қилиб, уларни талончиликка гиж-гижларди. У жуда уддабурон бўлиб, ҳар қандай йўллар билан бўлса ҳам хон саройида биринчи лавозимни эгаллаш учун ҳаракат қиларди”.

Исфандиёрхон саройида эса яна Абдураҳмон, Шариф Баққоловлар, Ашур ва Рўзмат Маҳрам, Шайхназарбой,Ҳусайинбек каби иғво ва фитна усталари бўлиб, улар Исломхўжа тириклигида хонга таъсирини ўтказа олмас, унинг ўлимидан сўнг эса қудратли кучга айланиб, ҳатто бир-бирини иғво қилиб, тобора хонни сиқувга олгандилар. Улар хоннинг ишратга ўчлигидан фойдаланиб, халқни солиқлар баҳонасида талаб, бойирдилар.

Бу вақтга келиб зулмнинг ҳаддидан ошгани туфайли Исфандиёрхон ҳақида халқ ўртасида қўшиқлар ҳам тўқиладики, Хивалик машҳур халфа (аёл қўшиқчиларни Хоразмда шундай аташаган—У.Б.) Хонимжон Сайдамат қизи ва бошқалар томонидан куйланган қуйидаги маҳзун ашулалар ўша даврнинг қийинчиликларини ифодалаб ҳам беради:

“ Исфандиёр хон бўлди,
Бағримиз қора қон бўлди
Еганимиз чигинли нон бўлди
Ўлар бўлдик золим хонлар дастидан…”

Ёки: “ Исфандиёр қон оқизди ариқдан,
Қутилмадик доғдағали солиқдан,
Иложини топса агар инсофсиз,
Божу хирож олар сувда балиқдан…”

Ёхуд: “ Қизлар хароб бўлди хоннинг қўлиннан,
Маҳрам чиқар гўзалларнинг йўлиннан,
На Ойхонум, на Гулсанам кун кўрди,
Зор йиғлашиб, ўлди золим зулминнан…”
Шунингдек: Исфандиёр хонимиз,
Азоб чекар жонимиз.
Фуқаронинг қорни оч,
Хон уйида нонимиз.

Ёпнинг суви лойланар,
Хон отлиси айланар.
Аста гапир жон қизим,
Алинггга қулф бойланар.

Исфандиёр хон бўлди,
Бағримиз қора қон бўлди.
Азроилдан кам эмас
Олажаги жон бўлди.
Ёки:

Эшитинглар янги чиққан ҳикоя,
Умринг йиғлаб ўтгай, бевафо золим!
Бу сўзим асло эмас ривоят,
Умринг йиғлаб ўтгай, бевафо золим!

Қўлинг чўлоқ бўлғай, кўзинг кўр бўлгай
Азиз умринг охирида хор бўлгай
Ҳазрат Али-Шоҳимардон пир ургай,
Умринг йиғлаб ўтгай, бевафо золим!

Билмадинг ёзим билан қишимни,
Оқиздинг кўзимдан қонли ёшимни.
Энди топдинг тенгинг билан душингни,
Умринг йиғлаб ўтгай бевафо золим!

Ёвмудларнинг куч бергайлар қўлига,
Сира боқма, соғи билан сўлига.
Етти туя занжир солғай бўйнига,
Умринг йиғлаб ўтгай бевафо золим!

Хуллас, бу қўшиқларни фақат Исфандиёрхонга эмас, унинг атрофидаги гуруҳбозларга, фожиали даврга халқнинг берган баҳоси деб атамоқ керак…

099

POLVONNIYOZHOJI YUSUPOV
“YOSH XIVALIKLAR” HARAKATI:
QUVONCHLAR, IZTIROBLAR, FOJIALAR
Nashrga tayyorlovchi va izohlar muallifi: Umid BEKMUHAMMAD
033

4-BO’LIM: ISFANDIYORXONNING YOVMUTLAR TOMONIDAN O’LDIRILISHI VA SAYYID ABDULLANING XIVA XONI QILIB TAXTGA CHIQARILISHI

08Endi Isfandiyorxonning nechuk bo’lib o’ldirilgani haqida yozamiz.Ma’lum bo’lsinkim, bizlar Toshkentda bo’lib yurgan vaqtlarimizda Samarqanddin bizlarni ko’rmoq uchun birodar Yusuf devon Otajon o’g’li ham Hakimboy Yoqub o’g’illari keldilar.Bir necha kun bizlarni yonimizda bo’ldilar.Bir necha kun bizlarni yonimizda bo’ldilar.Xivada bo’lib turadigan axborotni tamom bayon qildilar.

Menim ko’nglimga bir siyosat kelib, Junayidxonga xat yozdim.Yusuf devonga aytdum:
— Bir xat qilib Sizga yuborgan bo’lib yozarmiz.Siz shul xatni Choriga yuboring.Albatta Chori Junayidxonga ko’rsatsa kerak.Shunda Isfandiyorxondan qutulurmiz, dedim. Yusuf devon ma’qul ko’rib, “yozing” , dedi.Men , Mulla Jumaniyoz Sultonmurodov xat yozmoqqa mashg’ul bo’ldik.Mazmuni shul turur:
“Ko’p salom, birodarimiz Yusuf Devonga, alhamdullilohi rabbil olamin, bizlar ko’p bunda salomat, subhi oqshom sizlarning duoyi xayringizga mashg’ul tururmiz.Ilohi hazrati haq subhoni va taolo sizlarni o’z panohida omon saqlab diydor ko’rishmoqni nasibi ro’zi qilgay.omin, bihurmati sandul mursalimun bodast.

Maxfiy qolmasinkim, bunda inqilob qo’mitalarimiz yaxshi ishlab turibdi.O’tgan kun Nozirlar sho’rosining raisi Kolesov mani chaqirib . bir xat berdi o’qib ko’ring, deb.Xatni o’qib ko’rsam, Isfandiyorxon yozgan erkan.Mazmuni shul turur: do’stlik avzoyi adnosidan so’ngra, qo’shma sho’rolar jumhuriyatiga ma’lum bo’lsinkim, ushbu kaltabon xon Junayid zulmidin fuqarolar jonlaridan to’ydilar.Man ham qochib ketmakka rozi bo’ldim.Ko’p-ko’p o’tinib iltimos qilurman, tez vaqtda katta bir askar yuborib, ushbu zolim yovmut kaltabonlarning zulmidan Xorazm xalqini xalos qilsangiz.Hamma fuqarolar duoyi xayr qilib, har nechuk farmon qilsangizlar jonu dillarimiz bilan qabul qilur erdik, deb Isfandiyorxon qo’l qo’ygan va muhr bosgan.Tovarish Kolesov manga aytdi: Siz hamisha Junayidxon fuqarolarini yaxshi ko’rur, fuqarolar tarafidin bir so’z bo’lsa, Isfandiyorxondin so’rab turur, deb.Man aytdum: tovarish xonning yozganlari yolg’on turur.Xon fuqarolarning ahli ayollariga tar’iz qilmoqqa odat qilgan zolim turur.Junayid anga hech ixtiyor bermas turur.Shuning uchun yozib yuborgan xat turur, deb xonni yomon qilib, chiqib ketdim.Endi sizga ma’lum bo’lsinkim, bizlarning ushbu xatimizni Chori o’g’li orqali xon og’aga yuboring.Xon og’a g’ofil bo’lib yurmasin.Ushbu badbaxt Isfandiyor xon bir kun bir yerlardin yordam topib, albatta askar oldirsa kerak.Ul vaqtda pushaymon qilgan hech foyda qilmasa kerak”, deb xatni tamom qilib qo’mitaning pechatlarini bosib ham qo’l qo’yib Chorjavda birodar Yusuf devonga yetishsin deb lapaning ustiga yozib qo’liga berduk.Birodar Yusuf devon bir necha kundin so’ng qaytib ketdi, uzatib xo’shlashib qoldik.

Maxfiy qolmasinkim, turkman jamoalariga ushbu yozgan xatimiz ko’p muvofiq bo’lsa kerak.Nechun kim xon olar birlan avvaldin dushman turur.Agar vaqtini topsa har nechuk qilmoqi ma’lum turur.Albatta ushbu xatga ko’p ahamiyat bersa kerak, deb muntazir bo’lib o’tirdik.Yusuf devon bir necha kundin so’ng sog’-salomat Xivaga borib, vaqtini topib o’zining odami birlan xatni Junayidni o’shbu xatni o’qib ko’rgan hamon bir necha yuz otli birlan sarkarda yovmutlar birlan o’g’li Eshshini yuborgan, xonni mahramlari birlan o’ldirib kelinglar, deb.O’zi ham G’ovuk degan qishloqqa kelib o’tirgan.Darhol boshliq Eshshi, Ushoq bek va boshqa sarkardalar kelib, otlarni kazarmada qo’yib o’zlari qa’laga kelib har yerda mehmon bo’lganlar.
Andin so’ng xonning ko’rinish vaqti bo’lgan.Bayon bo’lgan sarkardalar Nurillaboyga kelganlar.Fuqarolarning arzi tamom bo’lgandin so’ng Davlat Murot yasovulboshiga aytganlar: xondin javob olgin, bizlar kirib ko’rarmiz, deb.Yasovulboshi kirib javob olib yovmutlarni birga olib kirgan.Yovmutlar o’z odatlari bo’yicha xon birlan ko’rishganlar.Ichlaridin birovga topshirib qo’ygan erkanlar.U xon birlan ko’rishib, uning mahkam tutib, kiyimlarini chiqarib olib pichoq birlan bir necha marotaba sanchib tashlagan.Tamomi kiyimlarini ushbu jallodga berganlar.Bul voqeani ko’rib xon oldida turgan mahram xizmatkorlari qochib ketganlar.Xonning jasadi yonida hech kim qolmagan.Bir odam Xudoybergan bangi deganga bir necha tanga berib xonning jasadidan xabardor bo’lib turgil, it tegmasin deb. Turkmanlar tashqariga chiqib, Ibrohim xo’ja ham Ro’zimuhammad mahramlarni ham otib o’ldirganlar.Andin so’ng xonning haram saroyiga yasovulboshi olib kirib xonning tamomi oltin briliant javohirotlarini talon-taroj qilib olib bo’lgandin so’ng qa’laga jar chektirganlar.Fuqarolar farog’at bo’lib,hech qo’rqmasinlar deb.Ro’zimuhammad mahram birlan Ibrohim Xo’janing uylarida bo’lgan tamomi oshyo-asboblarini ham olganlar.Ertangi erta birlan xonning birodari Said Abdulla to’rani Ushoqbek olib kelib xon qilgan.Andin so’ng Isfandiyorxonni janozasini o’qib Abulvafoyi Xorazmiy degan azizning joyinda o’zining bino qilib qo’ygan madrasasida dafn qilganlar. Shuning birlan yovmut tamomi amvoli-ashyolarni olib otliq askarlari birlan qaytib Junayidxon oldiga borib surat voqealarni bayon qilganlar.

Maxfiy qolmasinkim, xonni mahramlari birlan yovmutlar o’ldirgandin so’ng birodar mulla Jumaniyoz Sultonmurodov bizlarga Toshkentga telegram bergan erkan.Bizlar telegrammni olgan hamon shod masrur bo’lib darhol hukumat idorasiga borib telegramni ko’rsatib ma’lum qilduk.
Darhol tamomi gazetalar bosib chiqardilar.Ittifoqo 6-chi sho’rolar qurultoyi erdi.Hammaga ma’lum bo’ldi.Qurultoyda tamomi vakillar mandin bir-bir so’rab voqeani bildilar.Maxfiy qolmasinkim, zolim Ashir mahramni o’lgani shul suratda bo’lgan: marhum shahidi hurriyatparvar ya’ni Husainbek, Isoqbek, Abdusalom, Tolibxo’jalar o’lgandin so’ng mashhur Jaloladdin Eshonnikida bir fotiha lozim bo’lgan.Junayidxon fotihaga kelgan.Eshon hazrat xon Junayidni ko’rmasdin ichkari uyga kirib ketgan.Xon Junayid eshon hazratni chiqmog’ini iltimos qilgan.Ko’rishib qaytmoq uchun.Eshon hazrat aytib yuborgan:
-Zolimning yuzini ko’rmoq lozim ermas turur.Bir lan’ati badbaxt Ashir mahram degan odamning so’zi birlan shuncha begunoh odamlarni o’ldirib, qoniga zomin bo’ldi.Agar ushbu badbaxt Ashir mahramni o’ldirib yubormasa man qiyomatda ham Junayidxonning yuzini ko’rmasman, ham bezor tururman,-degan.
Turkman jamoalari Eshon bo’lgan odamlarning hech bir so’zlarini rad qilmas tururlar.Shuning birlan xon Junayid Ushoq Said Muhammadbekka buyirgan ,darhol borib Ashir mahramni xondin so’rab olib o’ldirgil va tamomi moli-ashyolarini olgil, deb.
Darhol Ushoqbek bir necha otliqlar birlan kelib Ashir mahramni uyiga tushib o’zini hibsga olgan.Xon Ushoqbekdan tilab ko’p aqchalar va’da qilgan.Ushoqbek buni qabul qilmasdin mirshablarga buyirib Ashir mahramni bo’g’ib o’ldirganlar.Ollohning adolatini tamosha qiling, o’zining qilgan yomon amalining mukofotini oldi.Qa’la odamlari bu zolimdan qutulganliklari uchun xudoytaologa shukurlar qilganlar.Jasadini bir-ikki odam janoza o’qib dafn qilganlar.Hatto ba’ziy birovlar janozasining izidan tosh-kasak otib qolganlar.Shuning birlan Isfandiyorxonning zulmi davri o’tib ketgan.

Maxfiy qolmasinkim, Sayid Abdulla to’ra xon bo’lib o’tirgan.Ammo xon Junayidga Davlatmurod yasovulboshi yaqin bo’lgan.Tamomi amr Davlatmurod mahramning qo’linda bo’lgan.Xon maziy ism bo’lib o’tirgan.Abdirahmonboy Baqqolovni mehtar qilib qo’ygan.Bir necha kundin so’ng Sayid Abdullaxon Junayidning uyiga mehmon bo’lib borib, ondin so’ng Ismamut otaga (hozirgi Turkmanistondagi ziyoratgoh qabriston-U.B.) ziyorat qilib Xivaga qaytib kelganlar.

Maxfiy qolmasinkim, shul vaqtda Toshkentdin kelgan elchilar ham Xivaga kelib xon Junayidning oldiga borib so’zlarni so’ylashib, do’stlashib , ahdinamolar yozishib, hay’at raisi Lyutsenko To’rtko’lga o’tib ketgan.Faqat turk Kozimbek Xivada qolgan.Kozimbek afandi bir necha kun Xivada bo’lgandin so’ng Isfandiyorxonning qiziga uylanmoqchi bo’lgan.Ham xonning qaynotasi Faxriddin naqib xo’ja rozilik bergan.Ushbu voqealarni xon Junayidga ma’lum qilgan.Xon Junayid qahrlanib kishi yuborgan.Bir muslima bor erdi xonlarning qizlarini o’qitib yurar erdi.Shul mazlumadin gumon qilib otib shahid qilganlar.Kozimbek afandi ushbu voqealarni anglab shu kechasi qochib To’rtko’lga o’tib ketgan.Shuning birlan ushbu hay’at qancha aqcha hadiyalar sarf qilib hech bir natija chiqarmagan.Ushbu hay’at faoliyati “Yosh xivaliklar”ning inqilob qo’mitasi ishlab chiqargan ishlarini bir necha vaqtlar keyinga qoldirgan.Nechunkim, “Yosh xivalilar” To’rtko’ldagi askarlar birlan ittifoq qilib Xiva tarafiga o’tib urishmoqchi bo’lib turgan vaqtlarida ushbu hay’at odamlari kelib bularni to’xtatib qoldirganlar.O’zlari ham hech bir ish qilmasdin Toshkentga qaytib ketdilar.

Maxfiy qolmasinkim, Chimboy tarafidin otliq kazak uralskalar isyon qilganlar.To’rtko’ldan askar jamlab Nukusga yuborganlar.Ham “Yosh xivalilar”dan birodar Hakimboy Bojibon ham Muhiddinlarni Chimboy tarafidin xabar olib kelmoq uchun yuborganlar.Bular borib, ko’rib kelib, otliq kazak uralskalarning qilib turgan ishlaridan xabardor qilganlar.

Maxfiy qolmasinkim, birodarimiz Bobooxun eshitib, Biybozordin Mulla Jumaniyoz va Bobojonboylarning yoniga To’rtko’lga kelgan.Komissar Konoplevga ko’rsatib voqealarni bayon qilganlar.Konoplev Bobooxunga ko’ngil berib aytgan:
-Insholloh tez vaqtlarda Xivani yana o’zlaringizga olib berurmiz,-deb biroz aqcha, miltiq berib, qaytarib yuborgan.

Maxfiy qolmasinkim, Hakim bojibonlar kelgandin so’ng Chimboydan uralskalar Nukusga kelib urishib ko’p odamlarni asir olib, bir to’p, bir miltiqni g’animat qilib olib
ketganlar.Ushbu voqealarni eshitgan hamon Xristoforov bir necha sotrudniklar birlan maydonga chiqarib otib, chopib o’ldirganlar.Xristoforovning o’rniga Hasanov o’tirib qolgan.Ushbu voqealarni Toshkentga yozib ma’lum qilganlar.

5-BO’LIM, “YOSH XIVALIKLAR”NING SHO’ROLAR HUKUMATI QUROLLI KUCHLARI YORDAMIDA JUNAYIDXON VA XONLIK TUZUMIGA QARSHI KURASHI

Endi o’z inqilob qo’mitamizdan so’z eshiting: qo’mitamizga a’zolar ko’p kira boshlagan.Ham To’rtko’lda bozorda miting qilib, xalqqa agitatsiya qilmoq vazifasini “yosh xivaliklar” qo’mitasiga havola qilganlar.Mulla Jumaniyoz Sultonmurodov har bozor kuni bozorda miting qilib, xalqqa agitatsiya qila boshlagan.Ham Toshkentga agitatorlar kursiga kishilar yuborganlar.Ham To’rtko’lda bo’lib turgan voqealarni Markaziy Qo’mitaga doklad qilmoq uchun Bobojonboy Yoqub o’g’li, Nazir Sholikarovni kursantlar birlan qo’shib, Qozonli ustidan tuya birlan Toshkentga yuborganlar.Ushbu birodarlar yo’lga chiqqanlar.Alardin hukumatning sakkizlanchi se’zdiga rus vakillari birlan qo’shib Hakim Bojibon va Muhiddin Umarovlarni yuborganlar.Chorjav ustidan.Endi so’zni o’z ahvollarimizdan so’zlarmiz.Toshkentda Otajon Mahram Sapaev birlan qolgan erdik.Birodar Otajon Mahramning kasali har kunda ziyoda bo’lur erdi.Axir oqibat Habibbula afandi “Yosh xivaliklar”ni inqilob qo’mitasi tarafidin sihat nazoratiga ariza yozib berdi: ”Yosh xivaliklar” inqilob qo’mitasining ma’sul sarkotibi kasal turur.Shuni hukumat hisobiga bir shaharga davolanmoq uchun yuborsangiz”, deb.Ushbu arizani man sihat nazoratiga eltib topshirib javob so’radim.Bir kunni muqarrar qildi, “ushbu bayon bo’lgan kasalni gorodskoy kasalxonaga eltib komissiyaga ko’rsating”, dedi.

Maxfiy qolmasinkim, qolmasinkim, muqarrar bo’lgan kunda gorodskoy kasalxonaga olib borib komissiyaga ko’rsatduk.Komissiya kiyimlarini chiqartirib ko’rdi.Man shunda ko’rdim, bechora birodarimiz po’sti ustixon bo’lgan erkan.Ham har kuni o’ksirigi ziyoda bo’lur erdi.Man komissiya raisidan iltimos qildim.Chimkentga yubormakni.Nechunkim birodarimiz Chimkentni avvaldin bir-ikki martaba ko’rgan erdi.Ham bir necha oshna-yoru do’stlari bor erdi.Komissiya ham qabul qildi, sihatga yozib ma’lum qilurmiz,dedi.Man ushbu birodarni kasalini ko’p xavfli ko’rdim.
Ma’lum bo’lsinkim, bundin bir necha kun oldin Toshkentli birodarimiz Umriuzoq afandi Yoqubjon aytgan erdi: “ Siz eski shaharga borib mani uyimda bo’ling.Kasal odam har turli noharini orzu qilur.Bunda uning hech bola-chaqasi yo’q turur, sizga nohari tayyorlab bermakka.Hoji bobo bo’lsa hamisha qo’mita xizmatidin bo’shamas turur.Manim uyim sizlarni o’z uyingiz turur”, deb ko’p so’ragan erdi.Man o’z-o’zimga muqarrar qildim, birodarimizni albatta eski shaharga Umriuzoq afandining xonasiga eltib qo’ymoq kerak.Agar bir voqe’a bo’lib qolsa musulmonlarni ichinda tapkin-tachxiz qilib katta bir ziyoratxonaga dafn qilurmiz, deb . Birodarimiz Otajon afandiga aytdim:
-Birodar sizni Umriuzoq afandining uyiga yuborurman.Bola-chaqalari sizga har turluk oshlar pishirib berurlar,-dedim.Ham ul kishining hovlisi bo’lsa o’z joyimiz turur,-dedim.
Bu taklifni birodarimiz ham qabul qildi.Shul vaqtda ittifoqan Umriuzoq afandimiz ham kelib qoldi.

Doktorlar ko’rib, Chimkentga yubormak bo’lganlarini bayon qildim ham aytdum:
-Xudo hohlasa ertang kelib Otajon afandini uyingizga olib borib qo’ying,-dedim.
Umriuzoq afandi xo’p deb, ko’p xushvaqt bo’ldi va ertangi arava keltirib, birodarimizni olib ketdi.Man yig’lab qoldim.Birodarimiz Otajon mandin iltimos qildi, tez-tez borib turmoqni.Man aytdum:
-Albatta borib tururman, xotirjam bo’ling, deb ollohga topshirib uzotib yubordim.Bir necha kundin so’ng Ashirboy birlan borib ko’rdim.Olla rozi bo’lsin Umriuzoq afandi birodarimiz Otajonga ko’p yaxshi tarbiya qilib turgan erkan.Ham eski shaharda o’zbek hakimidan bir tabib keltirib muolija qildirib o’tirgan erkan.Lekin birodarimizning kasaliga hech dorining foydasi yo’q turur.Ko’p so’ylashib ahvol so’rashib o’tirdik.Xiva tarafidin so’z so’radi, qo’mitadin xat keldimi, deb.Man xat-xabarlarni ma’lum qildim.Shuning birlan xo’shlashib javob olib ketdim.Yana ta’kid qildim, tez-tez kelib turmoqqa.Lekin uchlanchi kun ko’p parishon ko’rdim.Na chora qilmoq kerak, Olloh Taoloning hohlagani shul bo’lsa.Shuning birlan bir necha kun o’tdi.Bir kun erta birlan turib samovarga o’t solib. Choy ichib ko’rmakka bormoqchi bo’lib muqarrar qilgan erdim.Erta birlan birov kelib eshikni qoqdi.Ko’p qo’rqib ketdim.Nechunkim, birodar Otajon tarafidin ko’p xavfda erdim.Darhol eshikni ochdim.Umriuzoq afandining odami Yunus erkan.Darhol xabar so’radim, Otajon dunyodin o’tdi, deb xabar qildi.Man yig’lab inalla va ilohim Rajun, deb borurman deb uzatib yubordim.Choy ham ichmay yarmarka bozoriga musofir birodarimiz oldiga ketdim.Nechunkim, man uyda yakka o’zim erdim.Ashirboyning do’koniga borib ba’zi kambag’al birodarlarga jinozaga aytdum.Mahi sharif ramazonning uchlanchi kuni 1919 yilning 2 iyun kuni erdi.Darhol Ashirboy, Musa Xaytboy va yana bir necha kambag’al Xivali birodarlar birlan eski shaharga ravona bo’ldik.Borib ko’rsak, Umriuzoq afandi Jamolboy akaga xabar qilgan ekan, ham tamomi kerak-yaroq bo’lgan narsalarga kishi yuborgan erkan.Pokisho’y ham kelgan erkan.Man Pakisho’y birlan Otajonning yotgan yeriga kirdim.Pokisho’y birodarim marhumni ko’zini ochdi.Ko’rdim go’yo uxlab yotgandin yotibtur.Ushbu yotgani hech ko’zim oldidan ketmas turur.Ilohi ollohtaolo rahmat va mag’firat qilgay deb chiqib tabkin va tajxizga mashg’ul bo’ldik.Jamolboy aka ham kelib qoldi.O’n ikki maschitga janozaga xabar qildik.Odamlar puch-puch kelaboshladilar.Ushbu mahalda bir katta eshon bor erkan, keldilar.Davronini ushbu eshon hazrat qildilar.Shunday qilib obro’yi tamom birlan jamiyat kasir bo’lib, qoratosh mahallasi maschitida janoza o’qib , hazrati Shayxi Alamdorning mozoristonida bir mevazor daraxtning ostinda lahadga qo’ydik. Lahadga qo’yib bo’lgandin so’ng birodar Jamolboy bir nutq iroda qildi.Nutq shundan iborat turur:
-Ey jon birodar, san avvalda bunda kelib bizlar birlan oshna bo’lib Olloh taoloning taqdiri birlan bizlarni o’rtalarimizdin chiqib ketding.Ham bizlardin judo bo’lib o’z manziling, vataning bo’lgan Xorazmga ketmasdin bizlarning manzil makonimizda dunyodin intiqlol qilding.Endi bizlarga lozim turur hamisha saning qabringni ziyorat qilib, duoi fotiha qilib turmoq.Sani Olloh taolo rahmat qilib tuproqingni yengil qilgay, Omin!-dedi.

Man yig’lab hech bir so’zlamoqqa toqatim bo’lmadi.Qur’on o’qib xo’shlashib, aziz birodarimizni tuproqqa jo qilib, Ollohga topshirib yig’lay-yig’lay ma’yus bo’lib qaytib Umriuzoq afandining hovlisiga kelib qur’on o’qitib, Umriuzoq afandidin javob olib qaytib ketduk.Nechunkim, uyimizda hech kim yo’q erdi.Ilohim musofirlikda g’urbatda o’lgan birodarimiz Otajon mahram Sapo o’g’lini rahmat qilg’ay, omin.Birodarimiz 37 yoshinda erdi.Xivada bir sohira 3-4 yashar qizi qoldi.
Endi o’z ahvolotimizdan yozarmiz.Manim bir o’zim yakka tanho musofirlikda, yonimda hech bir yo’ldoshim yo’q Olooh taoloning berganiga rozi bo’lib vazifam bo’lgan xizmatlarni qilib yurdim.Bir necha kundin so’ng birodar Bobojonboy Yoqub o’g’li, Nazir Sholikarov ham bir necha kursantlar o’qimoqchi bo’lib kelib tushdilar.Ushbu birodarlarni ko’rib vaqtim bir necha xush bo’ldi.Otajon mahramning o’lganini bayon qildim.Birodarlar ham yig’lab fotiha o’qib qo’ydilar.Nazir afandi ham yo’lda ko’p qattiq kasal bo’lgan erkan. Yo’lda ko’rgan ranju mashaqqat ham To’rtko’lda bo’lgan siyosatlardin so’ylashib o’lturdik.Nahori tayyor bo’ldi.Nahori qilduk.

Birodarlarimiz yo’lda charchab kelgan erkanlar yotib uxladilar, manim sevinganimdan hech uyqum kelmadi.Ertang turib To’rtko’lda bo’lib turgan ham o’tgan ahvolotdin so’ylashib o’tirdilar.Xon tarafidan Sobir mahram, Xon Junayid tarafidan Shayxi Nafas elchi bo’lib kelganlarini bayon qildilar.Ham ul tarafdin qochib To’rtko’lga o’tgan Jabborquli Qo’chqor o’g’li, Eshchan mahram va boshqalar nechuk qochib o’tganlarini so’yladilar.Ham Xivaga xabar yuborib bizlarning bolalarimizni sog’liqlarini bilganlarini bayon qildilar.Pinhoni suratda Nazir afandining birodari Otaniyoz oxun va Bobo doyilar kelib ketganlarini bayon qildilar.Man go’yo Xivaga borgandek bo’ldim.Bir necha kundin so’ng Hakim bojibon, Muhiddinlar, Mulla Jumaniyoz Sultonmurodovning bolalari Xaticha, Maryam, Orif, Ismoil, Olavuddin no’g’oyning bolalari, Sirojaddin, Nizomaddin, Nadirovning bolalari Ahmadjon.Otvullalar kelib chiqdilar.Bularni keltirib joylashtirdim.Mulla Jumaniyoz xat qilib yuborgan erkan bolalarini maktabga bermak haqinda.Ushbu bolalarning buncha keyin qolganiga sabab Xivaga bizning bolalarga xat yuborganlar.To’rtko’lga ularni keltirib ular birlan birga qo’shib yubormakchi bo’lgan erkanlar.Ikki kun o’tgandin so’ng Mulla Jumaniyozni dorulmualliminga joylashtirdim.Otovulla, Ahmadjonlarni ham shunda o’rnashtirdim.Bolalar yotib o’qiy boshladilar.Kursantlar har hafta juma kuni manim oldimga kelur erdilar.Katta kursantlardin Irojiddin Faxriddinov, Hasan Dilikomov, Qalandar Odinaev, Yoqubbek Otabekov, Nazir Sholikarovlarni agittsiya kursiga yubordim. Bular “Qosim” no’merida erdi.Kurs shuning huzurida
erdi.

Maxfiy qolmasinkim, To’rtko’l sho»basidin bir protokol kelib qoldi.Mazmuni shundan iborat turur.Birodar Nazir Sholikarov To’rtko’lda ba’ziy qo’mitaning programmasiga nomuvofiq ishlar qilgan erkan.U ketgandin so’ng katta majlis qilib qaror qilganlar.Birodar Sholikarovni sudga bermoqqa.Markaziy Qo’mitaga taklif qilganlar.Ham bir yuzdin ziyoda a’zolar qo’l qo’yib yuborganlar.Ushbu To’rtko’l sho»basining qarorini o’qib ko’rgandin so’ng Markaziy Qo’mita ham obshiy majlis qilib qaror qildi: “Birodar Sholikarovning eski inqilobchiligini nazarga olib sudga bermay o’zimga yaxshi tanbeh bo’lsin, deb olti oy partiyadin chiqarib yubormakka bir og’izdan qaror qabul qilindi.Shuning birlan birodar Sholikarov qo’lidin qo’mita bergan shahodatnoma olindi.Sholikarov xorijiy tijorat sho»basiga xizmatga kirdi.Tovarish Litovskiy birlan Buxoro taraflarga ketdi.

Maxfiy qolmasinkim,To’rtko’l sho»bamiz Xiva tarafidin qochib ketgan o’zbek va qozoqlardin partiyniy drujina tashkil qilgan.Ushbularga To’rtko’lda qurol bermaganlar.Mulla Jumaniyoz yarog’ so’rab xat yozgan erkan. Man borib musulmanskiy kraevoy byuroga ma’lum qildim.Qurol talab qildim.Qo’shma majlis qilib qaramoqchi bo’lib muqarrar qildilar.

Maxfiy qolmasinkim, afg’on vakili Muhammad Salimxonga ham ma’lum qilib erdim.Muhammad Salimxon aytib erdi:
-Sizlarning milliy askarlaringizga miltiq bermasalar Siz e’lon qiling: agar Rossiya Sho’rolar Jumhuriyati Sizlarga qurol bermasalar bizlarga javob bersinlar.Boshqa davlatdin talab qilib olamiz, deb.Man Qobulga xat yuborurman.Afg’onhukumati Sizlarga qurol birlan yordam berur,- deb erdi.
Shuning birlan kraevoy byuroning majlisi bo’ldi.Birodar Tursunxo’jaev aytdilar:
— Bir ming miltiq olib Xivada tinch o’tirg’on odamlarni o’ldirasizlarmi? –dedi.
Man aytdum:-Birodar ushbu aytgan so’zingizdin olloh saqlasin, biz “Yosh xivalilar” shuning uchun miltiq so’rarmizkim, bizlarning xondin ham yovmutlardin qochib ketgan a’zolarimiz ko’p turur.Shulardin partiyniy drujina tashkil qilganlar. Shularga miltiq lozim turur.Bizlar odam o’ldirib qon to’kmak uchun miltiq talab qilmasmiz, faqat biz “Yosh xivaliklar” Xiva tarafga o’tganda anda qolgan.”Yosh xivali” birodarlar bilsinlar, bizlarda kuch-quvvat bor erkan, deb.Andin so’ng hech kimdin qo’rqmasdin bizlarning oldimizga kelsalar kerak.Agarda bizlarda quvvat bo’lmasa, bizlarning oldimizga kelmoqqa qo’rqsalar kerak, dedim.Ham aytdum: agar ushbu martaba ham so’ragan miltiqlarimizni bermasangizlar “yosh xivaliklar” inqilob qo’mitasiga ruxsat bering, boshqa bir davlatdin qurol so’rab olsin, dedim.

Ko’p muzokaralardin so’ng 500 miltiq “Yosh xivalilar”ning inqilob qo’mitasining To’rtko’l sho»basiga bermakka qaror qildilar va protokol kopiyasini hukumatga yubordilar.Va yana ma’lum bo’lsinkim, sobiq harbiy nozir Osipovni haqinda hukumatga bergan arizamiz bor erdi.Ko’p voqealar bo’lgandin onga hech javob bo’lgani yo’q erdi.Shul arizamizning natijasini so’rab hukumatga bordum.Sarkotib Fatihov ma’lum qildi:
-Sizlarning arizangiz Votintsevning shkaflarida yo’q bo’lib ketdi.Agar sizda nusxasi bo’lsa tozadin yozib bering, -dedi.Man darhol nusxasidin ko’chirib kelib topshirdim.Ham iltimos qildim, darhol majlisga qo’ymoqni.Ikki kun keyin kelib so’radim: ushbu arizani ham qayda qo’yganini bilmadi.Man sarkotib birlan urushdim va aytdum:
-Sizlar nechuk odamlarsiz, kishilar muhim bo’lgan arizalarni yozib berurlar, sizlar iltifot qilmasdin yo’q qilursizlar.Bul vatanga, millatga katta bir jinoyat turur.Ham “Yosh xivaliklar”ning inqilob qo’mitasi Osipovni aksil harakatchiligini anglab ushbu arizani yozgan erdi.Siz yozilgan arizaning mazmunini anglamasdin hamon yo’q qilursizlar.Agar ushbu kun bizlarning arizalarni majlisga qo’ymasangiz sizni beparvoligingizdan sudga berurmiz,-dedim.Sarkotib o’tinib iltimos qildi:
-Yana nusxasi bo’lsa bering, shul kun majlisga qo’yarmiz,-dedi.

Man aytdum:-Pechatlarimiz qo’mitada turur,-deb.
-Pechat darkor emas, nusxa bo’lsa kifoya turur,-dedi.Yana bir nusxa berdim.Shul kungi majlisda ko’rib qaror qildilar.operativ shtabga buyurganlar. “Yosh xivalilar”ni inqilob qo’mitasini so’ragan askarni darhol bersin, deb.Bir nusxa protokol operativ shtabga,bir nusxa bizlarning qo’mitaga yuborganlar.Nusxa protokolni olgan hamon birodar Habibulla Aliev birlan operativniy shtabga bordik.Shtab raisi sobiq xorijiya naziri Dompatskiy darhol Samarqanddin bir necha askarga buyruq qildi, ushbu soat To’rtko’lga kelmoqqa.Shuning birlan birodar Hakim Bojibon To’rtko’lga qaytarmoqchi bo’lib musulmanskiy kraevoy byurodin qo’mita sho»basi uchun aqcha so’radik, berdilar.Anda ishlagan ishlar dokladini topshirdim.Ham birodar Bobojon Yoqub o’g’li va Muhiddinlarni Chorjavda qo’mita sho»basi ochib ish qilmoqqa.Sho»baga rais qilib markaziy qo’mitadin qo’lga mandat berdim.Marvda sho»ba ochmoqqa ixtiyor berdik.Shuning birlan man yolg’iz bo’lib qoldim.Faqat maktabda o’qib yurgan bolalar har vaqt kelar erdilar.Shuning bilan qo’mitamizda inqilobga doir har bir ish bo’lsa ishlab yurdim.Bir kuni Chorjavdin shifrovanniy telegram kelib qoldi, Zokir Bekchurinning imzosi birlan.Nima yozgani ma’lum bo’lmadi.Shul oqshom partiyadin majlis bor erdi.Mani ham chaqirib erdilar.Ushbu telegramni muhandis Kobesovga ko’rsatdim, hal qilib bermak uchun.ul kishi ertang hal qilib bermakchi bo’ldi.Ba’ziy masalalarni hal qilib majlis tamom bo’ldi.Hamma qaytib ketdilar.Ertang kelib telegramni so’radim.kaliti yo’q erkan.Telegramni olib xorijiy nazoratiga bordim, anda ham kaliti yo’q erkan.Andin voenniy sovetga bordim, telegramni olar ham hal qila bilmadilar.Aytdilar:
-Chorjavga Bekchuringa telegram berduk, o’zi kelur,-dedilar.Bir necha kundin so’ng Zokir Bekchurin ham yovmutning solih tiyrasidin Hasanxon deganlar kelib yetishdilar.Choy ichib, hol-ahvol so’rashib o’tirdik.To’rtko’l qo’mitadin Mulla Jumaniyozdin xat olib keldilar.Xat shundan iborat turur.Xiva tarafdin mashhur G’ulomali, Ilonli( hozirgi Turkmanistonning Dosho’g’iz viloyatidagi tuman-U.B.)dan Mulla Navro’z, ham Hasanxon kelgan.Yovmut Qo’shmamadxondin Masharip Mulla O’roz kelganlar.Bular kelib To’rtko’l hukumatdin askar so’raganlar. “Yosh xivalilar” markaziy qo’mitalari askar jamlab bul tarafga o’tmoqchi tururlar.O’tib Junayidxonni yo’q qilsalar kerak.Agar bizlar ham shul vaqtda ular birlan xabarlashib shularga qo’shilib qolsak o’zlarimizga ko’p foyda qilgan bo’larmiz.Yo’q ersa bizlarni ham xon Junayid izidin yo’q qilurlar, deb ushbu elchilarni yuborgan bo’lsalar kerak.Albatta yovmut jamoalari shunday hiylalarni ko’p yaxshi bilurlar.Shuning birlan man voenniy sovetga kelib ma’lum qildim.Kechda turkkomissiyaga keldik. Turkkomissiya kirmakka ruxsat qildi.Ichkariga kirduk.Turkkomissiya raisi Eliava bizlar birlan ko’rishib To’rtko’l tarafidin bir necha so’zlar savol qildi.Bizlar bo’lgan voqealarni bayon qildik.Ham darhol ushbu kelgan birodarlar birlan askar qo’shib yubormakka qaror qildilar.Xo’shlashib ketdik.Ertasi Hasanxonni Chorjavga uzatib yubordik.Birodar Zakir Bekchurin qolib To’rtko’l haqinda mufassal doklad yoza boshladi.To’rtko’lda bo’lib o’tgan voqealarni yozib “Izvestiya” gazetasiga berdi.

Maxfiy qolmasinkim, bir necha kundin so’ng Zokir afandi ham qaytib ketdi.Ushbu vaqtda Maskavdin turk faylasufi Mustafo Subhiy afandi bir armani birlan kelib, sovet internatsional propaganda “Osvobojdenniy Vostok” degan bir qo’mita ochdilar.Shul vaqtlarda birodar Jumaniyoz Ollaquliev ham Buxoro tarafidin kelib, inqilob qo’mitaga a’zo bo’lib , sarkotiblik vazifasini oldi.Ham To’rtko’ldagi Mulla Jumaniyozovdin xat keldi.Dekabrning o’nlarida Xiva tarafiga o’tarmiz, deb.Bir vaqt Chorjavdin telegram kelib qoldi, Hasanov imzosi birlan.Xivaga askarlar o’tdilar, muvaffaqiyat bizlar tarafda.Xudo hohlasa tez vaqtda Xivani olurlar, o’zim borurman, deb.Telegramni kraevoy byuroga ma’lum qildim.Ma’lum bo’lsinkim, tovarish Xristoforov o’lgandin so’ng To’rtko’lda inqilob qo’mitasi barpo qilgan erdilar.Risqi Akaev degan turkistonli bir tatar yigit bir a’zo, Saldatovni yana bir
a’zosi, To’rtko’ldin bo’lmog’i kerak erkan, manga taklif qildilar.Man To’rtko’ldin qozoqi Muhammadjon Boljonovni saylab berdim.Bir necha kundin so’ng Shayxutdin Hasanov ham kelib qoldi.Birgalashib ishlamakka boshladik.Mustafo Subhi afandining oldiga har kun borar erdik.Bir kuni bizlarning qo’mitamiz programmasini so’rab oldi.Ko’rib, Xorazmni Turkistonni bir juzviy qilmoq, degan moddasini qoldirib, mustaqil Xorazm jumhuriyati, deb Turkistonni bir juzviy deganini tushirib qoldirdi.Shuni birlan tarjima qilib gazetalarga bostirib Maskavga, markazga yubordi.Shuning birlan “Yosh xivalilar”ning inqilob qo’mitasi tarafidin pinhoniy ravishda Buxoro ahvolatidin bilib turmoq uchun Mustafo Subhiy mandin so’rab birodar Hasanovni Chorjavga yubordi.Jumaniyoz Olloqulievni ham qo’mitasiga olmoqchi bo’ldi.Man qabul qilmadim.Aytdum:

-Har nechuk xizmatingiz bo’lsa ishlab tursin, rasmiy suratda Sizni qo’mitaga o’tmasin,-dedim.Shuning birlan birga ishlab yurdik.

Sakkizlanchi sho’rolar qurultoyi bo’lib o’tdi.Bir necha vaqtdin so’ng Chorjav sho»basining raisi Bobojonboy Nazir Sholikarov birlan kelib qoldilar.Chorjavda ko’prikdan o’tgan Xivalilar mollaridan zakot olur erkanlar.Shuning birlan ma’lum qilmoq uchun ham Chorjavdagi a’zolardin partiyniy drujina qilmoqqa markaziy qo’mitadin buyruq olmoqqa kelgan erkanlar.Ham Nazir Sholikarov qo’mitaga ariza yozib berdi.Mazmuni: “Man bir ko’na inqilobchi tururman, hammaga ma’lum turur.Ba’ziy bir xato qilgan bo’lsam qo’mita mani ko’na inqilobchiligimni hisobga olib afu qilsin”, deb.Bundin so’ng mani To’rtko’ldin kelgan ishlarim bo’lsa shaxsiy adovatdin eshitilgan bir ish turur, degan.Andin so’ng qo’mitamizda butun a’zolarimizni jamlab bir majlis qilduk.Man birodar Sholikarovni arizasini o’qib ma’lum qildim.Nazir afandini inqilob yo’linda ko’rgan ranju-mashaqqatlarini, shuning birlan hech ko’nglini sovutmay bizlar birlan ishlab yurganini bayon qilib qo’mita a’zolaridan o’tindim.Gunohini afu qilmoqni ham taklif qildim.Andin so’ng tovushga qo’ydim.Har kim Nazir afandini “Yosh xivalilar” inqilob qo’mitasiga a’zo bo’lsin, degan qo’l ko’tarsin, deb.Hamma bir og’izdan ko’tarib shahodatnoma bermoqqa qo’mitaga havola qildilar.Shundan ushbu shahodatnoma berildi. Bir necha kun o’tkandin so’ng Bobojonboy birlan Chorjav tarafiga bir necha Xivali askarlarni olib ketdilar.Bobojonboy Chorjav tarafiga bir necha Xivali askarlarni olib ketdilar.Bobojonboy Chorjavga kelib Muhiddin Umarovni Marvga yuborib, onda ham “Yosh xivalilar”ning inqilob qo’mitasini barpo qilganlar.Marvda, Ashxabodda bo’lib yurgan Xorazmliklarni a’zo qilib olganlar.

Endi Xiva tarafidan yozarmiz.Chorjavdin tovarish Shaydakov o’z otryadi birlan To’rtko’lga ketgan.Tovarish Skalov ham ularga yetishgan.”Yosh xivalilar” inqilob qo’mitasiga kelib tamomi a’zolarni ko’rib, fikrlarini so’rab bilganlar.Turkmandin kelgan elchilarni ham maqsadini so’rab bilganlar.Shunday qilib, o’zlari pinhoniy bir vaqt qilib qo’yganlar.Bir necha vaqt o’z kerak narsalarini tayyor muqarrar bo’lgan soatda 1919 yil dekabrning oxirlarida Qoramozi dushidin birodar Skalov Mulla Jumaniyoz Sultonmurodov birlan o’tganlar.Tovarish Shaydakov, tovarish Sherbakov, Hakim bojibon birlan paroxodda oshoq ( past, ya’ni bu yerda Amudaryoning past, quyi tarafiga nazarda tutilmoqda -U.B.) tarafga ketganlar.Xo’jaylidan chiqmoq uchun.Tovarish Skalov Mulla Jumaniyoz birlan daryodin o’tib chiqib yovmut xon Junayidning qo’ygan qorovullari birlan ko’p otishganlar.Oqibat yovmut askarlari to’p-pulemyotlariga toqat qilaolmasdin qochib Urganchga ketganlar.Bizning askarlar ham kamol ehtiyot birlan o’q ota-ota izlaridan quvib Urganchga kirib kraftning zavodiga kelib joylashganlar.Xon Junayid o’z otliq askarlari birlan Urganch qa’lasini Xiva tarafida, bir yarim chaqirim masofada Yoqubboy Go’janing bog’inda manzil qilgan.Har ikki tarafdin qorovullari chiqib oz-oz otishib turganlar.

Maxfiy qolmasinkim, turkmanlar Urganchni talon-taroj qilib, o’ris, no’g’aylar To’rtko’lga qochib ketgan vaqtda Rizaevning Xivada bo’laturgan prikazchigi Hasan Aliakbarov degan bir ko’na soldati bor erkan.Ul odam bola-chaqasi ko’p bo’lganligi sababli no’g’aylar birlan To’rtko’lga keta bilmagan erkanlar.Tangriga tavakkal qilib, Urganch qa’lasining tashqarisida Rizaevning bog’inda bo’lib turgan erkan. Sho’rolar askari kelgandin so’ng ko’p mashaqqatlar birlan bir xat yozib,qorovulga berib o’tingan: “komandirlaringizga bering”, deb.Qorovul xatni olib komandirga topshirgan.Komandir xatni o’qib, Skalovga ma’lum qilgan.Skalov pinhoniy suratda Hasan Aliakbarovni oldirib Urganchda nima so’z bor turur, o’zbeklar ruslarga qararlar ham yovmutlar birlan muomila nechuk turur, yovmut askarlari qancha? So’rab surishtirgan.Hasan Aliakbarov tamomi bilgan va eshitgan so’zlarini birma-bir bayon qilgan.Andin so’ng ruxsat so’ragan.Tovarish Skalov :
-Har nechuk bir toza voqea eshitsang, darhol kelib xabar qilgil,-deb ruxsat bergan.Hasan afandi hech kimga ko’rinmasdan kelib, o’z uyinda o’tirgan.

Endi oshoqqa ketgan tovarish Shaydakov, Hakim Bojibonlardin eshiting.Paroxod sog’-salomat Qipchoq dushiga (to’g’risiga-U.B.) kelgan.Yovmutlarni qo’ygan qorovullarni paroxodga peshvoz chiqqanlar.Tovarish Shaydakov yonida bo’lgan Farg’onali Hoji Azim Bol`shakov degan bir ko’ngilli askarni tarjimon qilib so’ylashgan.Yovmutlar aytgan:
-Bizlar sizlar birlan do’st tururmiz.Hech vaqt sizlar birlan urushishimiz yo’q turur.Ham bul oqshom sizlarni mehmon qilib, xarajatlaringizni berurmiz,-deganlar.
Tovarish Shaydakov xushvaqt bo’lgan.Hakim Bojibon kulib aytgan:
-Bul oqshomni mehmondorchiligidan xudo saqlagay.Chunki Hakim Bojibon turkmanlarning qoidalarini ko’p yaxshi bilur erdi.Shuning birlan kech bo’lib, qorong’u tushkan hamon paroxodga qarab o’q ota boshlaganlar.Tovarish Shaydakov voqeani anglab darhol askarga buyruq qilgan:To’p, pulemyotlarni ota boshlaganlar, turkmanlar toqat qila bilmay qochib ketganlar.Andin so’ng askarlar ko’p ehtiyot qilib Nukusga kelib Xo’jayliga o’tganlar.Xo’jaylida turgan yovmutlar bir oz otishib qochib ketganlar.Tovarish Shaydakov Xo’jaylida bir katta zavodga askarlarni joylashtirgan.
Endi Urganchdin yozarmiz.
Tovarish Skalov Urganchda bir necha kunlar bo’lgan.Avvalgi martaba askarlar Urganchga kelganlarida Baqqolovlarning joylarini talon-taroj qilib, ko’p narsalarni olgan erkanlar.Tovarish Skalov darhol askarlarga buyruq qilgan: olgan nimarsalarini qaytarib topshirsinlar.Andin so’ng obisk qilurmiz, agar har kimda talab olingan narsalar topilsa darhol otib o’ldirurmiz, deb.Shuning birlan hamma askarlar olgan nimarsalarini egasiga qaytarib berganlar.Ushbu vaqtlarda hech bir katta urush bo’lmagan, faqat qorovullar vaqti-vaqti bilan otishub turganlar.

Maxfiy qolmasinkim, tovarish Skalov Mulla Jumaniyoz Sultonmurodovdin so’ragan:
-Sizlar aytib erdingizlar Qo’shmamadxon, G’ulomalixonlar Xiva tarafiga o’tgan zamon kelurlar deb.Hozir bir necha haftalar o’tub ketdi, kelmak tursin xabar ham olganlari yo’q.
Mulla Jumaniyoz aytgan: -Albatta kelurlar.Lekin yo’llarda xon Junayidning qorovullari bo’lganligi sababli vaqt qarab turgan bo’lsalar kerak.Shunday ham bo’lsa Ilonlichilardan ( bu yerda hozirgi Turkmanistonning Dosho’g’iz (Toshhovuz) viloyatidagi tuman nazarda tutilmoqda-U.B.) Matyoqub degan bir askar yigit bo’lgan.Shul yigitga Mulla Jumaniyoz ko’p nimarsalar va’da qilib Xo’jaeliga Shaydakov askaridagi Hakim bojibonga xat berib yuborgan.Har nechuk bo’lsa ham Qo’shmamadxonni askari birlan keltirmoqchi, ilojini ko’ring, deb.Matyoqub Xo’jayliga podachi suratinda ketgan.Bir necha kunda Xo’jayliga borib Hakim Bojibonga Mulla Jumaniyozning xatini, Skalovga Mulla Jumaniyozning xatini topshirgan.Hakim bojibon Qo’shmamadxonga xabar qilgan.Otlisi bo’lmasa ham o’zi bir kelib ketsin, deb.Qo’shmamadxon Xo’jayliga yetishib kelgan.
Shaydakov surat voqeani yozib Skalovga, Hakim bojibon, Mulla Jumaniyozga yuborganlar.Ushbu xatlar Urganchga kelib yetishganda ko’p shodlik bo’lgan.

Maxfiy qolmasinkim, Urganch fuqarolari ham askarlarni ovqat va kerak nimarsalarni topib yetkazib turganlar.Xo’jayliga Qo’shmamadxonga darak otli yovmutlar ham kelganlar.Tovarish Shaydakov bir yovmut otliqlari Shobboz Guzaridan o’tib Skalovning oldiga kelib ba’ziy so’zlarni so’ylashib qaytib ketgan.Turkman otliqlari birlan Qo’shmamadxon kelib qo’shilganini xon Junayid eshitub, ishlar yomon bo’lganini anglab ham Shaydakov oshoq tarafdin (bu yerda Amudaryoning quyi hududlaridan bo’lgan Xo’jayli nazarda tutilmoqda-U.B.) chiqib, Xo’jaylini olganini bilib, qaytib yovmut ichiga borib o’z ilojini qilmoqni yaxshi ko’rib, ko’chmakka buyruq qilgan.Ham Davlatmurod Yasovulboshiga aytgan:
-Bizlar endi ketduk, xon hazrat nechuk qilsa ixtiyor o’zinda turur, shuni borib aytgin,-degan ham darhol ko’chib ketganlar.Davlatmurod yasovulboshi Xivaga xonning oldiga kelib yig’lab voqeani bayon qilgan:
-Junayidxon ketdilar, Xiva ishlarini Sizning ixtiyoringizga qo’ydilar.
Xon (so’nggi Xiva xoni Said Abdullaxon nazarda tutilmoqda-U.B.)shul voqeani eshitib, hayron bo’lib, ulamolarni , saroydagi boylarni, sipohiylarni huzuriga oldirib, surat voqealarni bayon qilib maslahat so’ragan:
-Endi nechuk qilmoq kerak?-deb.

Axir shunga qaror qilganlar: Urganchga elchilar yuborib sulh qilmoqqa.Urganchga bormoq uchun ulamolardin qozi kalon Hikmatullo eshon, Sobir oxun, sipohiylardin Qushbegi, Otaliq, Naqib, Savdogarlardan Matniyoz oqsoqol, Madamin Hoji, Matpanaboy Matchanboy, Sadullaboy, Ortiqboylarga xon hazrat vakillik bergan.Elchilar darhol Urganchga ravona bo’lganlar.Borib Mashiriboy parining joyiga mehmon bo’lganlar.Shul oqshom shunda bo’lib, ertangi erta birlan turib tovarish Skalov bularni qabul qilgan.Skalov so’z boshlab aytgan:
-Sho’rolar jumhuriyatining shiori shul turur: mazlum xalqqa hamisha yordam qilmoq.Ham sho’rolar jumhuriyati mulki bo’lib turgan To’rtko’lga hujum qilib farog’at o’tigan fuqarolarni qo’rqitib qonlar to’kmoqqa sabab bo’lgani uchun “Yosh xivaliklar” iltimosini nazar-e’tiborga olib, Turkkomissiya mani askarboshi qilib komil huquq berib yubordi.Endi sizlar farog’at bo’lib o’z vatanlaringizda o’tiringlar.Xudo hohlasa bizlar yovmut ichiga borib undagi yomonlarni yo’q qilib Xivaga borurmiz,-deb javob berib qaytarib yuborgan.Shuning birlan eshonlar, sipohiylar ham savdogarlar qaytib Xivaga kelib voqealarni bekami-ko’st bayon qilganlar.Endigi so’zni Xo’jaylidan eshiting:

Tovarish Shaydakov Xo’jayliga necha qorovul askar qoldirib, Qo’shmamadxonni odamlari birlan olib Po’rsiga kelgan.Chovdur jamoalari peshvozga chiqib, qabul qilib ziyofat tayyor qilib qo’ygan erkanlar.Tovarish Shaydakovga Hakim Bojibon orqali taqdim qilganlar.Ham Chovdir katxudolari roziliklarini bayon qilganlar.Po’rsida 2-3 kun turganlar.Mashhur G’ulomalixon Junayid yonida erkan.Lekin Junayidxon ushbu oqshom G’ulomalini o’ldirmakka buyirgan.Yovmutlar ichidan bir odam G’ulomaliga pinhoniy e’lon qilgan.G’ulomali tahorat sindirmoqchi bo’lib po’stinni ham qoldirib tashqariga chiqqan.Ohista-ohista qorong’i oqshomda bir to’qay ichiga kirib g’oyib bo’lib ketgan.Junayidxon bilib izidan ko’p otlilarni har tarafga yuborgan.Topa olmaganlar, hatto qorong’i oqshomda bir chuqurda yotgan vaqtida otlilar ustidan ikki martaba o’tib ketganlar.Ajali yetmagan erkan, topa olmay qaytib ketganlar.Otlilar ketganidan so’ng G’ulomali etigini ham tashlab yurib ko’p mashaqqatlar birlan Po’rsiga Shaydakov askariga kelib yetishgan.Shaydakov uni chaqirib choy qilib berib Junayidxondin xabar so’ragan.G’ulomali tamomi voqealarni bayon qilgan.Andin ko’chib Shaydakov Toshhovuzga kelib tushgan.G’ulomaliga darak otliqlar ham kelaboshlaganlar.

Ma’lum bo’lsinkim, Xo’jayliga Uralskiy otli kazaklar o’tib, hujum qilib qorovul bo’lib turgan askarlarni o’ldirganlar.Toshhovuzga Shaydakovga xabar kelgan.Shaydakov darhol askar birlan Xo’jayliga borib urishib uralskiylarni qochirib qa’lani tozodin olgan.Ham bir necha gumonli odamlarni tutib o’ldirgan.Shu jumladin Durdiboy degan Urganchli bir yigit bor erdi, oni ham o’ldirganlar.Ushbu yigit ko’p taraqqiyparvar erdi.Ba’zilarining shaxsiy adovati birlan yolg’ondin yomonlab aytganlari birlan otib o’ldirganlar.Dushman bo’lgan uralskiylar qochib ketgandin so’ng Shaydakov askarlarni olib Toshhovuzga kelib, ondin ko’chib Gurlanga kelib tushgan.Gurlan xalqi ko’p qo’rqqanlar qa’lani talon-taroj qiladurlar deb.Darvoqe askarlar Gurlanni talomoqchi bo’lganlar.Lekin shu vaqtda birodar Bobooxun Gurlanda bor bo’lib, oning Gurlan xalqi hamisha sho’rolar hukumati tarafdori bo’lib, unga hech qarshiliklari yo’q turur, deb bergan ma’lumotiga va qilgan sayi g’ayratiga binoan hamda askarlarni tovarish Shaydakovning ko’p qattiq intizomda tutganligi hamda “agar birovlarning bir narsalarini zo’rlik qilib olsalar, darhol sud qilib otib o’ldirurmiz”, deb askarlarga e’lon qilgani sababli xalq talanmagan.Shunga qaramay ba’zibir bebosh askarlar o’z to’ralari bilan bir nechalari Ibrohim eshonning uyiga borib, musulmonlarni keltirib qo’ygan bir necha arja (sandiq-U.B.) narnsalarini olib ketganlar.Andin ko’chib Shaydakov G’oziobodga kelib tushgan.Urganchdin tovarish Skalov ham yonida bo’lgan.Askarlar bilan kelib Shaydakovga qo’shilgan.yovmutlar otishib qochib ketganlar.Avvalgi odatlari bo’yicha tamomi yomonlar ko’chib qumga ketganlar.Shunday bo’lib yovmutlar urushi tamom bo’lgan.Andin so’ng Skalov, Shaydakov, Qo’shmamadxon va G’ulomalilar Badirkentga borib, Junayidning tobelarini o’ldirib, molu-mulklarini olib, joylarini o’tlab xarob qilganlar.Junayidxon uyining darvozasini yiqib, tamomi darvoza, oyna-qopi (deraza-eshik-U.B.) , taxtalari, yog’ochlari bo’lsin Qo’shmamatxon olib o’z uyiga yuborgan.Hatto elektr lampa simlari ham ko’p bo’lgan.Go’yo Isfandiyorxon va tamomi boy sipohiylarning davlati ham shul joyda bo’lgan.Tamomisini Qo’shmamatxon, Skalov va Shaydakovlardin so’rab olib o’z joyiga yuborgan.Shuning birlan ishlar tamom bo’lgan.
Ma’lum bo’lsinkim, ushbu Junayidxonning joyini behuda xarob qilganlar.Ushbu joy ko’p katta joy bo’lganki, tamomi narsalari hozir bir krepost bo’lgan.Agar buzmay qoldirgan yovmut ichinda askar bo’lmoq uchun birinchi muvofiq o’rin bo’lur erdi.Xayfkim yiqib xarob qilganlar.Qo’shmamatxonning so’zlari birlan ondin askarlar birlan G’oziobodga qaytib kelib tushganlar.

6-BO’LIM: XIVA XONLIGINING BOL`SHEVIKLAR TOMONIDAN TUGATILISHI,
XXRNING TASHKIL TOPISHI VA “YOSH XIVALIKLAR”NING BU JARAYONDA TUTGAN O’RNI.

Bir ikki kun turib ( Shaydakov qo’shinining G’oziobodda turib keyin Xivaga yurishi nazarda tutilmoqda-U.B.) 1920 yil 1-fevralda Xivaga iroda qilib ushbu kunda kelib Xivaga kirganlar.Skalov Baqqolovning ( xonlik davrida bosh vazir bo’lgan Matvafo Baqqolov ko’zda tutilmoqda-U.B.) joyiga( uyiga-U.B.) tushgan.Askarlarni Toza bog’da va boshqa yerda o’rnashtirganlar.Mulla Jumaniyoz Sultonmurodov va Hakim bojibonlar shahidi hurriyatparvar Husinbek ( “Yosh xivaliklar” harakatining yo’lboshchilaridan Husinbek Matmurodov nazarda tutilmoqda-U.B.) joyiga tushganlar.Hurriyat ham shu joyida olingan erdi. “Yosh xivalilar” ham Isfandiyorxondin qochib Toshkentga ketgan erdi.Ham Xivani fath qilib olganda ham ushbu joyni munosib ko’rib, ushbu joyga tushganlar.Yo’q ersa olar uchun Sayid Abdullaxonning joyi hozirlab qo’yilgan erkan, qabul qilmay ushbu joyga tushganlar.

Maxfiy qolmasinkim, tovarish Skalov Davlatmurod yasovulboshini o’z oldiga chaqirib bir necha savollarni so’rab buyruq bergan: otib o’ldirmakka.Darhol otib o’ldirganlar.Muhammad Yusuf Devon va Yunus devonlarni ham o’ldirmakchi bo’lganlar.Mulla Jumaniyoz aytgan:
-Agar bularni o’ldirsangiz Xiva mamlakatining tamomi daxod va rasxodlari bularning qo’linda turur.Xivada uningdek tamomi nimarsalarni yozilgan daftarlar yo’q turur.Bu yerda avvaldin odat tildin so’rab bilmoq bo’lgan. Nechundir bunda buxgalter bo’lmagan.Shuning uchun o’ldirmakni biroz to’xtatib tursangizlar, bizlar tamomi nimarsalarni so’rab yozib olib bo’lgandin so’ng o’ldirsangizlar ham bo’lur,-degan.

Mulla Jumaniyozning bu so’zi ma’qul bo’lib, Muhammad Yusup devon va Yunus devonlarni o’ldirmay Mulla Jumaniyozga topshirganlar.Ham bir xat tartib qilib xonga yuborganlar.Xat shundan iborat iborat: “O’z ixtiyori birlan xonlikdin o’zini azil qilib, qo’l qo’yib muhr bossin”.Shuning birlan Hakim bojibon xonni oldiga kelib xatni ko’rsatgan ham aytgan: ushbu xatdagi so’zlarga rozi bo’lib muhr bosing.Shunda sizning xayringiz turur, degan. Said Abdullaxon qozilarni chaqirib keltirib maslahat qilib so’ragan.Qozilar ham chor-nachor ko’p yaxshi turur, deb rozi bo’lganlar.Shuning birlan xon qo’l qo’yib muhr bosib Hakim bojimonning qo’liga bergan.Hakim Bojibon xatni keltirib Skalov qo’liga bergan.Shuning birlan ertangi Skalov, Shaydakov, Mulla Jumaniyoz, Hakim Bojibon va tamomi “yosh xivaliklar”din tashkil topgan askarlar qa’la ichindagi arkning oldiga kelib jam bo’lganlar.Ham tomoshabin shahar odamlari ko’p bo’lganlar.Mulla Jumaniyoz so’z olib so’zlagan:
-Birodarlar o’zlaringizga ma’lum, bul vaqtgacha zulm istibdod birlan ezilib bo’ldingizlar.Xonlar , to’ralar ham alarning xoin sipohiylari bul vaqtgacha molu-jonlaringizni talon-taroj qilib o’z hohishlari birlan xarj qildilar.Ham nomuslaringizni oyoq osti qildilar.Ham bularni ustiga zolim Junayidxon ham 3 yilning ichinda ko’ngliga tushgan zulmni qilib keldi.Alhamdullilohi rabbil olamiyn, Sizlarni ahd-nolalaringizni ta’siri birlan Olloh taologa Russiya sho’rolar hukumatini yordamchi qilib o’z ichlaringizdan chiqib zolim Isfandiyor xonni zulmidan qochib ketgan bir necha nafar “yosh xivaliklar” so’rovi birlan ham alarning ishtihod g’ayratlari birlan kelib Xorazm mamlakatini olmoqqa muyassar bo’ldi.Olloh Taoloning lutfi karamidin ko’p xursand bo’lmoq lozim turur va yana Sizlarga ma’lum qilurman.Endi bundan so’ng Xorazmda hech xon bo’lmas turur.Endi o’z ichlaringizdan yaxshi , insofli, diyonatli odamlaringizni bir necha vaqt saylab qo’yarsizlar.Agar saylab qo’ygan odamlaringiz sizlarni xayringizdan boshqa o’z foydasi uchun bir ish qilsa darhol o’rnidan tushirib o’rniga boshqa birovni saylab qo’yarsizlar,-deb so’zni tamom qilgan.

Bu nutqdin tamomi xaloyiqlar xursand bo’lib, qo’l chopganlar(qarchak chalganlar deyilmoqda-U.B.).Ham Said Abdullaxonga buyruq qilganlar, arkdin chiqmaslikka.Shuning birlan qaytib ketib muvaqqat hukumat qilmoqqa maslahat qilib shul qarorga kelganlar:Mulla Jumaniyoz Sultonmurodov-“Yosh xivaliklar” tarafidan rais, Matpanaboy savdogarlar tarafidin a’zo , Odam mullalar tarafidin a’zo va sarkotib Mulla O’roz Qo’shmamatxon tarafidin a’zo, Mulla Navro’z G’ulom Ali tarafidin a’zo.Jami 5 kishidin murakkab qilib, muvaqqat hukumat barpo qilganlar.Andin so’ng Qo’shmamatxon,G’ulom Alilar o’z joylariga ketganlar.Muvaqqat hukumat mamlakat ishlarini ko’ra boshlagan.

Maxfiy qolmasinkim, xon vaqtinda Xivadin Buxoro amiriga elchi bo’lib xon tarafidin Abdukarim bojibon, Junayidxon tarafidan yovmut Sheyxim sulginlar shul vaqtda Buxoroda bo’lganlar.Xiva olinib, muvaqqat hukumat barpo bo’lgandin so’ng Abdukarim bojibon yaqin odamlaridin Mulla Ibrohim deganni qo’liga xat berib, Buxoroga xabarchi qilib yuborganlar, ham aytganlar: Abdukarim bojibon. Sheyximdan boshqa bo’lib o’zi kelsin, deb. Chunki qochibketdi.Sheyxim ham o’z ilojini ko’rsin.Mulla Ibrohim Buxoroga kelgandin so’ng tamomi Xivada bo’lib o’tgan xabarlar oshkora bo’lib ketgan.Nazir Sholikarov ham Buxoroda erkan.Tamomi voqealarni yozib, manga-Toshkentga yuborgan.Ham darhol Chorjavga kelmakni yozib, o’zi Chorjavga Bobojonboyni oldiga ketgan.Chorjavga borib tamomi Xivada bo’lgan axborotlarni anglab, Xivaga ketmakchi bo’lib yana manga telegram berganlar.Man telegramni oldim.Yozganlar:” darhol ishlaringizni tashlab kelgaysiz.Xivadin xabar keldi, sizni kelsin deb.Agar yo’l uchun aqcha yo’q bo’lsa, hech kimdin so’rab yurmang, bunda aqcha ko’p turur.Xotirjam bo’lib darhol yo’lga chiqib, bizga telegram bering”, deb.Sholikarov, Yoqubovlar imzo qilganlar.Man telegramni o’qib, birodarlarga telegram berdim: “ Sizlar darhol hech to’xtamasdin Xivaga chiqib ketinglar.Man xudo hohlasa, bundin katta bir kuch birlan borurmiz.Manim salomimni Xivadagi birodarlarimga aytinglar”, deb. Telegram olgandin so’ng Nazir Bobojonboy, o’z a’zomiz “Yosh Buxoroli” Ahmadjon Yuldoshev, Muhiddin Umarovlar yonlaridagi odamlar kemaga o’ltirib, Xivaga qarab ketganlar.Shul kun Nazirning Buxorodin yozib yuborgan xati kelib yetishdi.Xivada bo’lib o’tgan voqealarni tafsil birlan yozgan erkan.Bobooxunni muvaqqat hukumatga olmoqchi bo’lgan erkanlar. Bobooxun qabul qilmagan:” Polvonniyoz Hoji kelmaguncha hech bir ishni qabul qilmasman” deb.Abdukarim bojibon ham salom yozgan.Ondin Jumaniyoz Olloqulov birlan birga borib, telegram va xatlarni Mustafo Subhiy afandiga ko’rsatduk. Ham bizlar birlan Xivaga yubormakka.Yusup Ibrohimovni so’raduk.Subhiy afandi “ yaxshi” deb, ushbu kun Turkkomissiyada katta qo’shma majlisda muzokara qilib “insholloh qabul qildirurman”, dedi. Ham Turkkomissiyada majlis bo’lganida bizlarning talabalarimizni qabul qilganlar.Faqat Yusuf Ibrohimov, Tatarskiy, Beregovoy birlan Farg’onada “bosmachilar”ning ustinda erdi.Hozir ul kishi yaxshi ish ishlab turgan erkan.Agar ul qaytib Xivaga ketsa ishlar boshqa bo’lur.Aning ishi hozir ochiq qolsin, deganlar.Lekin xorijiya noziri tovarish Broydoga taklif qilganlar : Bizlar birlan Xivaga borib, Xivada sho’rolar jumhuriyatini tashkil qilib qaytmoqqa.Ertangi erta birlan Subhiy afandi oldiga Jumaniyoz Olllaquliev birlan borduk.Subhiy afandi xush vaqt bo’lib aytdi:
-Sizlarning ishingiz ko’p yaxshi bo’lib ketdi.Olloh xayirli ish qilsin, birodar Broydoni Sizlar birlan ketmakka qaror qildilar.Endi har bir ishlaringiz bo’lsa birodar Broydoga borib aytinglar,-deb bizlarga javob berdi.

Bizlar darhol Turkkomissiya turaturgan sobiq aptekachi Kaplanning joyiga ( sobiq maorif vazirligi joylashgan bino, Sobiq pushkin ko’chasida) borib, propuska olib ichkariga kirib, tovarish Broydoning priyom daftariga qayd qildirib, so’raduk.Tovarish Broydo keldi, yoniga kirduk.Tovarish Broydo kulib aytdi:
-Man Sizlar birlan Xivaga bormoqchi bo’ldum,-deb.
Man :
— Ko’p yaxshi, olloh rozi bo’lsin, albatta.Sizdek odamning bormoqi ziyoda zarur turur.Nechunkim, Sharqda birinchi sho’rolar hukumatiga qo’shilmoqchi bo’lib turgan Xorazm turur.Albatta Sizningdek dunyoning siyosatidan ogoh bo’lib turgan odam bo’lsa mamlakatning ham xalqning ahvoli ruhiyasiga kelib, bir idora tashkil qilib berilsa sho’rolar hukumatiga katta bir xizmat qilgan bo’lur.Ham Sharq mamlakatlari Xorazmning yaxshi idoraidan ibrat olib qo’shilmoqni orzu qilurlar,-dedim.
Birodar Broydo kulib aytdi:
-So’zingiz rost turur, -deb e’tirof qilib qo’ydi.Ham birodar Yusuf Ibrohimovni takror so’radim:
-Albatta ul kishini Xivaga bormoqi ziyoda zarur,-dedim. U “xo’p ko’rarmiz”, dedi. Ham har kun kelib qilajak ishlarni maslahatlashib turmoqni buyurdi.
Tovarish Broydoning ishlari shunday ko’p turur, bir kishi birlan ikki minutdan ziyoda so’ylashmakka vaqti yo’q turur.Xo’shlashib chiqib ketdik.Boshqa ishlarimiz birlan mashg’ul bo’ldik.

Maxfiy qolmasinkim, xorijiya nazirligidan bir xat keldi.”Xivaga o’z a’zolaringizdan bir odamni xorijiy nozirligiga yuboring”, deb.”Yosh buxorolilar”dan o’z a’zomiz birodar Fathulla Komilovni o’zimiz birga olib borib xorijiya naziratiga taqdim qildik ham “Yosh xivalilar”ning markaziy qo’mitasidin qo’liga komandirovkaga xat berdik :”Ikki kunda Xivaga ketarsiz” deb.Fathulla afandiga tamomi bosh-oyoq kiyim berdilar.Fathulla afandi ham o’z saranjomiga mashg’ul bo’ldi.Man ham Mulla Jumaniyozga, Bobooxun eshonga hamda o’z bolalarimga xat yozmoqqa mashg’ul bo’ldim.Mulla Jumaniyozga yozdim, “albatta Bobooxun Eshonni o’z xizmatingizga oling.Ul kishini ko’rsatuvi bo’yicha ulamolardin kimni aytsa, darhol shul odamni qozi va rais, a’lam, oxun qilib bering.Xivada bo’lgan barcha odamlarni ul kishi ko’p yaxshi biladurlar”, deb.

Bobooxun eshonga ham xat yozdim: “ albatta kelib hukumat xizmatiga kirgaysiz , nechunkim bul hurriyat yo’linda ko’rgan ranji-mashaqqatlaringizni yodingizdan chiqarmay g’arib millatingizni saodati uchun har nechuk og’irligi bo’lsa ham o’zingizga olgaysiz.Inshollloh xudo hohlasa man ham bir katta kuch birlan xizmatingizga tez yetishurmiz. Mandin birodarlaringizga ham tamomi do’st ulamo, oxun-eshonlarga ko’p-ko’p salom aytgaysiz”, deb xatni tamom qilib, birodar Fathulla afandining qo’liga topshirdim.Ham birodar Broydoning bizning birlan bormoqchi bo’lganini va uning nechuk odam erkanini o’zingiz aytursiz”, dedim. Fathulla afandi chiqib ketdi.Bizlar hamisha o’z ishlarimiz bilan mashg’ul bo’ldik.Andin so’ng birodar Broydoning oldiga Jumaniyoz birlan borduk.Broydoga Xivadin xabar kelgan erkan.Xonni taxtdin tushirib muvaqqat hukumat tashkil qilganlarini ham kimlar a’zo bo’lganlarini haqinda. Broydo savol qildi:
-Mulla Jumaniyoz Sultonmurodov kim?,-deb.

Man aytdim:-“Yosh xivalilar”ning inqilob qo’mitasini To’rtko’l sho»basini raisi,-dedim.Boshqalarni ham so’radi, javob berdim.Broydo “yana 3-4 kunga Xivaga yo’lga chiqarmiz”, dedi.Man
Yusuf Ibrohimovni so’radim. Unda u o’ziga telegram berurman, dedi.Xo’shlashib chiqib ketdik.Har kunda Xivaga ketaturgan instruktorlar hozirlamoqqa mashg’ul bo’ldilar.Shu jumladin Toshkent ulamolaridin qozi Abdulvohid qori, mudarris Ibodulla Xo’ja, Abdulhofiz, Karim Qori Niyoziy ham bir necha mulla bachchalar hozir bo’ldilar.Ham avvalda Xivada bankda xizmat qilib turgan Ivan Ivanovich Parulin ham Xiva ahvoli ruhiyasiga oshno bo’lgan odamlarni hozir qila boshladilar. Bizlar ham bo’lsak partiya uchun aqcha, boshqa kerak bo’lgan narsalarimizni olib hozir bo’la boshladik.Har kun xorijiya naziratiga borib Xivaga ketaturgan odamlar birlan anglashib, maslahatlashib yurdik.Oxiri 1920 yil 4 martda Xivinskiy ekspeditsiyaga maxsus ekstrenniy poezd birlan yaxshi soatda Toshkentdin chiqdik.Tovarish Broydo rais, chlen kollegiya tovarish Izmaylov ham Rizoaddin Shokirov ham bir necha adad tatar qizil ofitser ham Mirkomil Mirsharopov, Ermuhammedov, Mansurov ham oxran uchun askarlar, turk kotibi Hakim afandi, Markaziy Firqa qo’mitadin Kavkazli Ismoilov, hukumatdin Olimjon Oqchurin, “Yosh buxorolilar”dan Usmonxo’ja va boshqa bir nechalari katta bir sostav poezd birlan “YO Olloh”, deb Toshkentdin jo’nab ketdik. Olloh Taolloga xayirli qilsin.Mustafo Subhiy afandi boshqa hukumat a’zolari va Turkkomissiya a’zolari xo’shlashib, uzatib qoldilar.Bizlar: Jumaniyoz Ollaquliev, Katli Ashirboy bola-chaqasi birlan, Xivali Xudoybergan hammalarimiz o’zlarimizga muqarrar bo’lgan kupega o’tirib, “YO Olloh, sandin madad!” deb yurib ketdik. Ertaga Samarqandga kelib, bir kun to’xtab, birodar Broydo Samarqandga borib o’z ishlarini bitkarib, yana bir necha adad ishchilar olib keldi.Andin ham o’tib ketdik.Ertansi Qiziltepaga keldik.Amir Buxorosining odamlari peshvoz qilib oldilar.Andin ham jo’nab ketduk.Buxoro vokzali Kogonga kelib yetishduk. Amir Buxorosining maxsus askarlari muzika birlan qarshi oldilar. Ushbu yerda uch kun to’xtab qoldik. Tovarish Broydo Russiya muxtor vakiliga borib ba’zi o’ziga maxsus bo’lgan ishlarni qilib keldi.

Maxfiy qolmasinkim, man Buxoroi sharifga bormadim, qo’rqdim. Nechunkim, Buxoroda amir hukumati erdi, hamda “Yosh buxorolilar” birlan dushman edi. Mani “Yosh xivalilar” inqilobiy qo’mitasining raisi ekanligim alarga ma’lum erdi. Andin ham o’tib Chorjavga qarab jo’nab ketdik. Sog’-salomat Chorjavga kelib tushdik. Xivali tamomi savdogarlar hamda Xivadin bizlarni qarshi olmoqqa vakil bo’lib kelgan Farg’onali Hoji Azim Bolshakov, Shayxaddin Hasanov ham chig’atoyli Mirzo yuzboshilar va Xiva tarafidin oqsoqol bo’lib turgan Muhammad Rahim Rahmonquli o’g’li qarshi oldilar.Ko’rishib, salomatlik so’rashib bo’lgandin so’ng Bolshakov “Grandotel” mehmonxonasida mehmonlar uchun ziyofat hozirlab qo’ygan erkan. Mehmonxonaga choy va oshga taklif qildilar. Tamomi mehmonlar birlan peshin nahorasini shunda qilduk. Tovarish Broydo Hoji Bolshakovga, Muhammad Rahim oqsoqolga sarpo berdi. Nahoratdin so’ng tovarish Broydo boshqa ishlarga mashg’ul bo’ldi. Bizlar ham Xivadin kelgan odamlar birlan ko’rishib, Xivada bo’lib o’tgan so’zlardin ma’lumot olib turdik.Ertasi Toshkentdin Turkistonni ko’rib kelmoqchi bo’lib askarboshilar tovarish Frunze ham Mustafo Subhiy ham Kazimbeklar kelib yetishdilar. Tovarish Broydo ham bizlar birlan vokzalda so’ylashib o’z yo’llariga o’tib ketdilar. Bizlar 4-5 kun Chorjavda turdik. Olloh rozi bo’lsin. Chorjavda turgan Xivali birodarlar, xususan Madrim oqsoqol, Safoboylar ko’p-ko’p ziyofat qildilar. Shunday qilib bir paroxod, ikki barja , 5 kema birlan 17 mart 1920 yil Amudaryo birlan “YO Olloh!” deb Xivaga ravona bo’lduk.

Maxfiy qolmasinkim, birodar Broydo paroxod uchun Toshkentdin maxsus neft yog’i keltirib erdi.Nechunkim, Chorjavda neft yog’i yo’q erdi. Boku yo’li ochilgani yo’q erdi.Shunday qilib paroxodda tovarish Broydo, Izmailov, Shokirov, Ollaquliev, Hasanov ham Parulinlar birlan har kuni Xiva yovmutlari haqinda majlis qilib kelur erdik. 25 martda paroxodimiz Toshsaqaga kelib chiqdi. Bizlarni qarshi olmoq uchun muvaqqat hukumatdin ziroat noziri Abdurasulboy va Polvon Mirzaboshi o’g’li ham Hazorasp hokimi Ismoil xo’jalar chiqib turgan erkanlar. Bizlarni qarshi oldilar. Muvaqqat hukumat tarafidin kelganlarni ma’lum qildilar. Man ularni tovarish Broydoga taqdim qildim. Birodar Broydo xushvaqt bo’lib, Xivadagi bo’lib turgan ishlardin savol qildi. Abdurasulboy javob berib aytdi:
-Xivada muvaqqat hukumat Sizning kelishingizga muntazir bo’lib turur,-dedi. Andin so’ng paroxoddan chiqib, hukumat tarafidin hozirlanib qo’ygan dasturxonga kelib o’tirib , mevalardin tanovvul qilib, bir oz o’tirdilar.

Maxfiy qolmasinkim, paroxod Darg’onotada bir oqshom turur.Tovarish Broydo Darg’onota bozoriga kelib bir necha botmon gurunchdin palov hozirlab, tamomi Darg’onota odamlarini chaqirib, so’ylashib, sho’rolar hukumatining tutgan yo’lini tushuntirib, bir maktab ochib berib o’tdi.Andin so’ng tovarish Broydo aytdi:
-Bizlar To’rtko’lga borib, ikki kun turib Xivaga borurmiz,siz nechuk bizlar bilan To’rtko’lga borursizmi yo shul yerdin Xivaga ketursizmi?-deb mandin so’radi.
Man aytdim:
-Agar ruxsat qilsangiz ushbu yerdin Xivaga borib Sizga joy hozirlab turur erdim.Ham uch yil bo’ldi Vatandin ayrilib yurganlik vajidin Vatanni ko’p sog’inib tururman,-dedim.
Birodar Broydo javob berdi ham ba’ziy sotrudniklarni ham Xivaga ketmakka buyruq qildi. Shuning birlan Abdurasulboy, Ismoil Xo’jalarga yaxshi sarpo berib mani birlan xo’shlashib paroxodga kirib yo’lga ravona bo’ldi.

Maxfiy qolmasinkim, birodar Nazir Sholikarov, Bobojonboy Yoqubov, Xudoybergan Devonov va yana bir necha og’a-inilar, qarindosh-do’g’onlar, yoru-birodarlar ham peshvozga kelgan erkanlar. Alar ham kelib yetishdilar. Ushbu aziz sevikli birodarlarimiz, farzandlarimiz birlan ko’rishib, shod masrur bo’lib, lutfu-karamiga xursand bo’lib omon-esonlik so’rashib o’tirdik. Birodar Xudoybergan Devonov surat mashin olib kelgan erkan, bizlarning suratlarimizni oldi.Man aytdum:
-Ikki soat burun kelgan bo’lsangizlar paroxod va mehmonlarni suratini olar erdingizlar,-dedim. Birodar Nazir Sholikarov aytdi:
-Xudo hohlasa Xonqa yaqinida alarning suratlarini ham olurmiz,-dedi.

Maxfiy qolmasinkim, Chorjavdin chig’aytoyli Mirzaboy yuzboshi birlan Mulla Jumaniyozni yuborib erdim.Mehmonlar uchun joy hozirlab qo’yib, peshvoz qilmoqqa.Shuning birlan Toshsoqadagi birodarlar birlan nahoriy qilib yonimizda bo’lgan odamlarni aravalarga yuklab, Hazoraspga uzatib yubordik.O’zlarimiz ham faytun aravalarga suvora bo’lib Hazoraspga ravona bo’ldik. Bir-ikki soatdin keyin Hazoraspga Sayid Murot Bojibonning zavodida joy hozir qilgan erkanlar.Bizlarni muzika birlan qarshi oldilar.Ushbu oqshom shunda qo’ndik. Ertang erta birlan turib Nazir , Bobojonboy, Xudoyberganboylar Xonqaga, birodar Broydoning oldiga ketmakchi bo’ldilar. Man, Jumaniyoz Ollaquliev birlan, Xivaga ketaturgan odamlar birlan birga Xivaga ketaturgan odamlar birlan birga Xivaga ketaturgan odamlar birlan birga Xivaga qarab ravona bo’ldik.Bog’ot bozoriga kelib peshvozga chiqqan odamlar birlan ko’rishib saroyda o’tirib nahori qildik.Ham ularga ta’kid qilib aytduk:mehmonlarni nahori qildirib, yaxshilab uzatib o’tirib yubormakni.Andin so’ng aravamizga o’tirib xo’shlashib ketdik.Tozabozorga ham peshvoz uchun ko’p odamlar kelgan erkanlar.Alar birlan ko’rishib o’tib, Yangiariqqa kelib tahorat qilib peshin namozini o’qidik.

Yangiariqning bozori kuni erkan, tamomi bozor xalqi kelib ko’rishib ko’p shodlik qildilar.Bular birlan xo’shlashib Xivaga ravona bo’ldik.Xivaga yaqin kelgan vaqtda yo’lni g’olot qilib, Os ko’prigidin o’tib, Polvon yopini yoqalab mashhur Nurillaboy hovliga kelib yetishduk.Ko’rsak birodar mulla Jumaniyoz va Bobooxun eshon va boshqa birodarlar bizlarning oldimizga chiqmoqchi bo’lib, Nurillaboyning oldiga chiqib, aravaga minmakchi bo’lib turgan erkanlar. Bizlar kelib tushdik, birodarlar bilan omon-esonlik so’rashib, ichkariga kirduk.Hukumat xizmatidagi birodarlar bilan ko’rishib, non yeb, choy ichib o’tirdik. Mulla Jumaniyoz aytdi:
-Sizning kelishingiz ajab bo’ldi. Bizlar 5-10 minut oldin yo’lga chiqsak, sizni topmay kelar ekanmiz,-dedi.
Man aytdum:-Agar man to’g’ri yo’l birlan kelsam, peshvozga chiqib turgan birodarlar birlan muloqotlar qilib, bunda kelguncha xufton bo’lur deb, o’zga yo’llardin keldim.
Mulla Jumaniyoz aytdi:
-Rost aytursiz, qa’lani tamomi odamlari yo’lda qarab o’lturgan erdilar,-dedi. Tamomi eshitgan yoru-birodarlar puch-puch kelib ko’rishur erdilar. Namozi asrni o’qib, birodarlardin javob olib, o’z manzilimizga piyoda ravona bo’ldik.Ko’chalarda qariyu-yigit, xeshu aqrabolar birlan ko’rishib Olloh Taolloning lutfu karamiga ko’p-ko’p shukurlar qilib, namozishom vaqtinda uyimizga keldik.

Ma’lum bo’lsinkim, Xivadin zolim xondin qachib ketgan vaqtimizda poyi-piyoda yuz ming turlik xo’pu-harast birlan qorong’u oqshomning ichinda qochib ketib, 28 oy Toshkentda muhojir bo’lib,ko’p xoru-zorliklar ko’rib qaytgan vaqtda muncha izzat-hurmat birlan keltirgan pardvardigor olamning dargohiga ko’p-ko’p shukurlar bajo keltirib, uyga kirib ahli-ayol, farzandlarni ko’rib, giryoyi-shodi qilishib,hali-ahvoli so’rashib, tashqariga chiqib fotihaga kelgan birodarlar birlan so’ylashib, xush keldingizlar, deb kuzatib turdim.Ushbu kechani birodarlar bilan so’ylashib o’tkarduk.Erta birlan namozi bomdodni o’qib hukumat vaqti bo’lgancha otga minib shahidi hurriyat Husinbekning uyiga borib fotiha o’qib, andin keyin mozoriga borib ziyorat qilib, Qur’on o’qib, Nurillaboy hovlisiga kelib, Mulla Jumaniyoz, Bobooxun, Mulla Bekjonlar birlan so’ylashib o’tirdik.Ba’ziy yo’lda bo’lib o’tgan ishlardin doklad berdim.Andin so’ng maslahat qilduk.Bunda bo’lgan inqilobchilar birlan pinhoniy majlis qilmoq kerak deb. Ushbu majlis Nurillaboyda Mulla Jumaniyozning uyida bo’ldi. Majlisda siyosiy ahvoldin so’zlar bo’ldi.Majlis shu qarorga keldi: “Yosh xivalilar”ga qarshi xon tarafdori bo’lgan qozi Hikmatulla Eshonni birodar Broydo kelmasdin burun azl qilmoqqa.Darhol Egambergan Tillaboevga buyurildi:Bir necha askarlar birlan borib qozilik muhrini olib kelmoqqa,Majlis shu bilan tamom bo’ldi.

Maxfiy qolmasinkim, tovarish Broydo Urganchga kelgan erkan, Nazirdan shu haqda xabar keldi: ertaga Xivaga borurmiz, deb. Darhol parroshlarga buyurildi, qa’laning o’ng tarafindagi Tozabog’ning oldindagi maydonda bir necha chodirlar barpo qilmoqqa.Ertasiga Nurillaboyga kelib tamomi hukumatda bo’lib turgan birodarlar uchun Tozabog’ga ravona bo’ldik. Borib birodar Broydoga intizor bo’lib o’tirdik. Shul vaqtda Egambergan qozi Hikmatullaning uyiga borib, qozilik muhrini olib kelib topshirdi.Man darhol sindirib yo’q qilmoqqa buyurdim, sindirib tashladilar. Birodar Broydoga qarab o’tirdik.Bir soatdin so’ng aziz mehmonlar kelib yetishdilar.Ko’rishib muqarrar bo’lgan chodirga taklif qildik.Kelib o’tirib bir kosa choy ichdilar. Qa’lada bo’lgan tamomi odamlar tomoshaga chiqqan erdilar.Tovarish Broydo ham Toshkentlik Abdulvohid qoriylar mitingida so’zladilar. Man darhol shaharga qaytib ketdim. Mehmonlar bo’laturgan Ro’zmat mahramni joyiga kelib, mehmonlar uchun omoda bo’lgan nimarsalarni ko’rdim.Ko’rsam shahar ulamolari qozi askar Ibrohim oxun eshon,rais Muhammad Sobir maxsum muftilar mehmonlarning istiqboliga kelib o’tirgan erkanlar.Alar birlan ko’rishib, bir oz vaqt o’tgandin so’ng mehmonlar ham kelib joylashdilar.Hamma hukumat arboblari Broydoga “xush keldingiz” deb mulozimatlik qildilar.Andin so’ng tayyor bo’lib turgan taomlarni keltirdilar.Hamma mehmonlar o’tirib, hukumat odamlari birlan nohari qildilar.Andin so’ng muvaqqat hukumat raisi Mulla Jumaniyoz aytdi:
-Sizlar uzoq yo’ldan horib keldingizlar, endi ruxsat qilinglar, bizlar ham o’z ishlarimizni qilib, yana xizmatlaringizga kelurmiz,-deb chiqib ketdilar.Man ham ruxsat olib chiqib ketdim.Ulamolar ham qaytib ketdilar.Ertangi erta birlan turib mehmonlar oldiga keldik. Birodar Broydo aytdi:
—Tamomi yovmut katxudolarini chaqirib keltiringlar,-dedi.
Darhol hukumat boshlig’i Qo’shmamdxon, G’ulomalixon.Baxshi vakil katxudolarga xat qilib yubordilar, darhol kelsinlar, deb.Ushbu kun man shahidiy hurriyat Husinbek devonbegi va Islomxo’ja bolalarini Broydoga ko’rsatib, tarjimayi hollarini tushintirdim.Birodar Broydo ko’p yaxshi qabul qilib, har birlariga dildorlik qildi ham aytdi:
-Sizlar otalarimiz o’ldilar deb xafa bo’lmanglar, Sizlarni otalaringiz hech o’lgani yo’q turur.Alarning nomlarini tarixlarda qiyomatgacha qolsa kerak.
Andin so’ng bular ham ruxsat olib, xo’shlashib chiqib ketdilar.

Maxfiy qolmasinkim, birodar Broydo kelmasdan avval man Xivaga keldim.Ko’rsam Xivada bo’lib turgan askarlar hech voqeasiz miltiq otar erkanlar.Shuning uchun man Broydoga aytdum:
-Ushbu miltiq otishmani qoldiring, xalqlar ko’p qo’rqar erkan,-dedim.Birodar Broydo darhol komandirlarga e’lonnomalar yubordi. Agar bir askarga bekorga miltiq otsa qattiq jazoga duchor bo’lur, deb.Darhol miltiq otish to’xtadi.Tovarish Broydo birlan Toshkent jazo mahkamasi raisi tovarish Punishtin askarlarning xalqdin talab olgan nimarsalarini ta’qiqlab so’rashmoqqa boshladi.Ham ko’p ma’lumotlar oldi.

Maxfiy qolmasinkim, ushbu mehmonlarning oldlariga tamomi xizmatlarini muboshiri bo’lib turgan birodar Muhammadyorboy erdi.Ikki uch kun ichinda yovmut katxudolari ham kelib yetishdilar. Tovarish Broydo ular birlan ko’rishib, tanishib, so’ylashib tamomi axborotlardin ogoh bo’lib qoldi. Har turlik iqtisodiy masalalarni so’ylashdi.

Maxfiy qolmasinkim,Qo’shmamtxon, G’ulomali sardorlarning yonida yovmut otliq askarlari bor erdi.Ushbu otliqlardin o’ziga qorovul uchun keltirib Ali mahramning joyida qo’yib, Sholikarovga buyrdi.Ushbu qorovullarning xarajatlaridin xabardor bo’lib turmoqni.Yovmut katxudolari birlan qazuv to’g’risida so’ylashib ushbu qarorga keldilar: G’oziobod, Shohobod yoplarini yovmutlar obxo’r bo’lgan yerlardin tutib o’zlari qazib ochmoqqa.Yovmutlar zo’rdin rozi bo’ldilar.Nechunkim, ular hamisha o’zbeklarga qazdirib ichar erdilar.

Maxfiy qolmasinkim, birodar Sholikarov manga ohista aytdi:
-Ushbu oqshom askarlarni taftish-obiska qilurlar.Agarda bir voqea bo’lib miltiq otsalar qo’rqib turmanglar,-dedi.
Shunday qilib tribunal raisi tovarish Ponishtin yoniga bir necha askar olib gumondor askarlar va ba’zi to’ralarning ustiga borib obiska qilib, ko’p nimarsalar topib olib, o’zlarini hibsga olib keltirganlar. Askarlar ichinda katta bir g’ovg’a bo’lib olgan.Ertang turib mehmonlar oldiga keldim.Birodar Hakim bojibon. Bobojonboy kecha bo’lgan voqealarni ko’p xavf birlan so’zladilar.
Man :- Xabarim bor turur, xotirjam bo’linglar ,-dedim.Andin so’ng tovarish Ponishtinni ko’rdim.Kecha bo’lgan voqealarni bir-bir bayon qilib, o’n besh kishini arestovat qilganini aytdi.

Maxfiy qolmasinkim, birodar Broydo To’rtko’lda bo’lgan vaqtda Shaydakovni Chorjavga yuborgan erkan. Xivadin Skalovni ham yuborgan. 2-3 kun o’tgandin so’ng hibsdagi mol talab olganlarni sud qilmoqchi bo’lib Gurlandin Ibrohim Eshonni olib kelmoqqa kishi yubordi.Ham Ibodulla to’raga kishi yubordi.ular kelib bo’ldilar.Nurillaboy saroyining Ichan bog’inda hukm majlisini qurdilar.Tamomi talon-taroj qilingan mollarni ham keltirib qo’ydilar.Aybdorlarni ham qorovullarni keltirib o’tirtirdilar.Andin so’ng aybdorlarni har birlaridan savol qilmoqqa boshladilar. “Bu nimarsalarni qaydan olding, sanga nechuk berdilar?”, deb. Alhosil ko’p ta’qiq, taftishlar qilib , so’rab, oxiri shul qarorga keldilar: Bir komandirni otib o’ldirmakka, o’n askarni o’n yildin turmaga hibs qilib, xalq xizmatini ishlatmakka, olgan nimarsalarini egalariga qaytarib bermakka.Shunday qilib, sud tamom bo’ldi. Hatto birodar Mulla Jumaniyoz Sultonmurodovdin savol qildi: “Siz nechun bul nimarsalarni ko’rib turib berdingiz? «deb. Mulla Jumaniyoz noilojligini bayon qildi. Andin so’ng birodar Broydo shaharda bo’lgan yetim bolalarni jamlamakka buyruq qildi ham tamomi ko’hna maktablarda bolalarni oyoqlariga bir yog’ochdin bo’lgan palaxmonga solib jazo qilur erdilar. Ushbu jazoni qoldirdi. Bir katta miting qilib tamomi ulamolar ham shaharda bo’lgan mehnatkash kosiblarni jalb qilib, so’ylab ilmni har nav’i bo’lsa ham vujudga keltirmak haqinda. Rasulillohdin hadislar bayon qilib qozi Ibrohim eshondin savol qildi: maktablar ochib, xaloyiqqa ilm taratganimiz shariatga muvofiqmi, shuni o’zingiz odamlarga bayon qiling, dedi. Qozi Ibrohim eshon turib xalqqa ko’p pandu nasihatlar qilib aytdi:
-Rasulilloh aytib tururlar, agar ilm Chinmochinda bo’lsa ham borib bilib keling, deganlar.Bundin maqsad agar ilm kofiristonda bo’lsa ham musulmonlar borib kelmoqi farz turur,deb xaloyiqlarga anglatdilar. Yetim bolalarga chopon, ko’ylak, boshga cho’girma, belbog’ ham etiklar berib, ismlarini ham xo’storlarini yozib, o’zlariga nahori berib, qaytarib yubordilar.Maktab ochilgandin so’ng kelursizlar, deb.Yetim bolalar xursand bo’lib qaytib ketdilar.
Andin so’ng tovarish Broydoning xotini ham Karim Qori Niyoziy, Mulla Bekjon afandilar doruletim (bolalar uyi) uchun hozirlik qilaboshladilar. Xonning haram saroyini yetim bolalar uchun muvofiq topdilar. Ham shul joyni omoda qildilar.Muqarrar bo’lgan kun birodar Sholikarovga buyurdilar.Xat bo’lgan yetim bolalarni topib keltirdi. Maktabni ochib, muallimlar tayin qilib, o’qitmoqqa boshladilar.

Maxfiy qolmasinkim, manda hech bir xizmat yo’q erdi.Birodar Broydo manga aytdi:
-Qurultoyga qadar Siz nima xizmatni ado qilib turursiz?-deb savol qildi. Man o’ylab turmasdin javob berdim:
-Manga hukumat mufattishligini bering,-dedim.
Birodar Broydo xushvaqt bo’lib, barakallo, manim ko’nglimda ham shul erdi, deb muvofiq topdi. Ham “ Nazir Sholikarovni shahar muhofizasi qilmoq nechuk bo’lur”, dedi. Man aytdum:
-Muvofiq turur, ammo Nazir afandining maslik bir kasali bor turur,-deb.
Anda tovarish Broydo aytdi:
-Man ushbu so’z birlan qo’rquturman: agar mundin so’ng sani mast bo’ldi deb yolg’ondan ham birov kelib aytsa, otib o’ldirurman, shunga rozi bo’lsang qo’l qo’ygil, deb qo’l qo’ydirurman.

“Ko’p yaxshi”, dedim. Andin so’ng manga aytdi:
-Siz Sholikarovni mani oldimga yuboring,-deb manga javob berib yubordi. Man Nazir afandini birodar Broydo yoniga yubordim. Broydo Nazir afandini o’z bo’limiga olib borib, yuqorida bayon bo’lgan shartlarni aytib, rozi qilib keldi. Ham muvaqqat hukumatga buyurdi: Manga, ham Nazir afandiga ham mandat bermakka.So’ng bizga mandat berdilar.

Maxfiy qolmasinkim, manim hamisha ishim Broydoning oldida erdi. Mufattish idorasiga bormoqqa hech bir vaqtim yo’q erdi. Birodar Hasan Aliakbarovni o’zimga muovin qilib oldim. Ernazar Olloqulov, Hasanboy Chitkarov, Rahmonbergan Devonov, Yusuf Otajonov, Sa’dulla Madrahimovlar xizmatchi a’zolar qilib olindi. Aliakbarov tovarish Broydo taklifidin a’zo bo’lgan tovarish Andrey birlan xondin va boshqalardin
musodara qilib olingan mollarni daftarga yozmoqqa boshladilar.

Maxfiy qolmasinkim, birodar Broydo mufattish idorasiga o’z sotrudniklaridan uner deganni a’zo qilib berib yubordi. Nazir afandi ham o’ziga muqarrar bo’lgan ishga qiyom qildi. Andin so’ng birodar Broydo yovmut ichiga Qo’shmamatxonning joyiga borib kelmoqchi bo’ldi. Uzatib yubormakchi bo’lib hamma oldiga borduk. Man aytdim:
-Mani ko’p xushvaqt tururman, o’zingiz yovmut ichiga borib ko’rib kelmakchi bo’lganingizga,-dedim.
Shunday qilib, xo’shlashib ketdilar. Tovarish Broydo ushbu yovmutlar oldiga ketganida Gurlan ustidan yurmakchi bo’lganidan Bobooxun eshon javob olib bu ulug’ mehmonlarga mezbonlik qilmoq uchun burunroq Gurlanga ketdi.Borib xaloyiqni jam qilib mehmonlarni sho’rolar hukumati tarafidan kelganini, maqsudlarini hammaga tushuntirib hama asboblarini omoda qilib turdi. Tovarish Broydo Gurlanga borib Bobooxun eshonning uyida bir oqshom bo’lib, jami Gurlan xalqini jamlab ko’p yaxshi so’zlar va nasihatlar aytib, bechora ezilgan Gurlan xalqini ko’p xushvaqt va minnatdor qilib Gurlanda toza bir maktab ochmoq uchun qaror qilib, Bobooxun eshonga topshirib o’tib ketdi. Qo’shmamtxonning joyiga borib to’y qilib, yovmut katxudolarini ham oldirib, ko’p so’ylashib, ko’p ma’lumotlar olgan.Shunday qilib yetti kun ichinda qaytib keldi. Kelgan hamon borib ko’rishdik.Avvalgi aytgan so’zi shul bo’ldi:
-Birodar Yusupov, Sizning ham aytgan so’zlaringiz rost erkan,-deb qo’ydi.Hech kim bilgani yo’q nima so’z erkanini.
Ma’lum bo’lsinkim, man yovmutlar haqinda paroxodda bo’lsin, Toshkentda bo’lsin, ko’p ma’lumotlar berur erdim.Ko’plarina bovar qilmas erdi. Faqat adovatlaringizdan aytursilar ,hech bu aytgan so’zlaringiz mumkin bo’lmasa kerak, der erdi. Man aytur erdim, xudo hohlasa borib ko’rursiz, deb. Ushbu aytgan so’zlaringiz rost erkan, deb aytgani turur.

Ma’lum bo’lsinkim, Toshkentdin aeroplan birlan birodar Broydoni darhol qaytib bormoqqa xat kelib qoldi.
Birodar Broydo ketmoqqa omoda bo’ldi. Bobooxun, Mulla Jumaniyoz, Mulla Bekjon uning oldiga borib ko’p tavallo qilduk.Qurultoyni o’tkazib ketmoqqa.U aytdi:
-Hech mumkin ermas. Man Qurultoyda bo’lajak ishlarni tamom qilib qo’ydim.Sizlar xotirjam bo’ling, hamma ishlar ko’p yaxshi bo’lur. Birodar Izmaylov va Shokirovlar bor turur,-dedi. Ham Boboxunga aytdi:-Qurultoy o’tgandin so’ng haq-nohaq Maskavga boring. Xudo hohlasa sizning birlan ko’rishib Xorazm uchun ko’p foydali ishlar qilurmiz.
Qurultoyga Xorazm elatlariga instruktorlar yubordilar. O’zi ham yo’lga ketmakchi bo’lib aeroplanni xat berib qaytarib, o’zi ham muqarrar bo’lgan kunda yo’lga chiqdi.

Maxfiy qolmasinkim, birodar Broydo uchun arava Chorjavgacha uzatib kelmoq uchun bir necha otliq qorovullar birlan oro’yitamom birlan hamma Xorazm hukumati boshinda bo’lgan odamlar oldiga kelib, xo’shlashib, yana ko’rishmakni Olloh Taolodan so’rab qoldilar.Ushbu voqealar aprel oyinda bo’lgan erdi.

Maxfiy qolmasinkim, har qa’la va vakil saylash uchun ketgan odamlar xalqqa voqeani tushuntirib, xalqni o’z ixtiyori birlan birinchi Qurultoyga vakillar saylab keldilar. Qurultoyga kelgan vakillarni kutib olib ziyofat qilmoqni ixtiyorini birodar Jumaniyoz Ollaqulievga topshirdilar.Bir necha kunda tamomi vakillar kelib bo’ldilar. Andin so’ng 22 lanchi aprelda 1-Qurultoy majlisi ochilib, vakillar mani bir ovozdin prezidiumga rais qilib sayladilar. Man turib vakil birodarlarga rahmatlar aytib, iltimos qildim:
-Prezidium raisligiga bizlar birlan Toshkentdin Xiva ekspeditsiyasida chlen komissiya bo’lib Turkiston hukumatidin kelgan no’g’ay birodar Rizoaddin Shokirovni saylab, mani shunga muovin qilsangizlar erkan,-deb.-Nechunkim, ushbu birodarimiz Toshkentlik musulmon birodarlari tarafidan kelgan, ham shuningdek ko’p katta Qurultoylarni o’tkazgan, ham bizlarga kelgan mehmon turur.Ham menim roziligim shunda turur,-dedim.
Vakil birodarlar manim iltimosimni qabul qilib prezidium raisligiga birodar Shokirovni, birinchi muovinligiga mani, ikkinchi muovinligiga Bobooxunni saylab qo’ydilar.A’zolar Qo’shmamatxon, Shomurod baxshi, G’ulomali va boshqalarni saylab tamom qildilar ham ishga tutindilar.Birodar Sholikarov turib:
— Bul vaqtgacha zulm istibdodga ezilib xonlardin, ham olarning quyruqi bo’lgan zolim sipohi-to’ralardin ham Junayidxon, ham onga quyruq bo’lgan bir qaroqchi turkmanlardin ko’rgan xo’rlik-zo’rliklaringizdan, Sizlarning ichlaringizdan xonning xalqqa qilib turgan zulm, jabru sitamlariga toqat qila bilmay hijrat qilib qochib, Toshkentga borib, Russiya sho’rolar hukumatiga zori-tavallo qilib, mundagi faqir kambag’al xalqqa bo’lib turgan zulm-jabrlarni anglatib, sho’rolar hukumatidan yordam olib zolimlarni yo’q qilib, Sizlar uchun ushbu hech tamom bo’lmayturgan ozodlikni olib bermakka sabab bo’ldilar.Albatta Siz muhtaram vakillar bu muhojirlarning qilgan xizmatini taqdir qilsangizlar kerak,-dedi.

Tamomi vakillar qo’l chopib qarshi oldilar.Ham e’lon qildi:
-Ushbu birinchi qurultoylaringizni Turkiston hukumatida o’tirgan musulmonlar tarafidan muborakbodlik qilurman,-dedi Sholikarov.Yana qo’l chopib qarshi oldilar.
-Ham ko’p Qurultoylarni farog’atchilik, osoyishlik birlan o’tkazmaklaringizni tilab so’zimni tamom qilib ayturman.Yashasin Xorazmning birinchi Qurultoyi!,-deb so’zini tamom qildi yana Sholikarov.

Vakillar ko’p uzoq qo’l chopib qabul qilib, rahmatlar o’qib minnatdorchilik e’lon qildilar. Andin so’ng Olimjon Aqchurin so’zladi, hukumatning tutgan yo’llarini xalqqa anglatdi.Andin so’ng har kimlar so’zladilar. Shuning birlan birinchi majlis yopildi. Vakillar o’z manzillariga borib, nohari qilib istirohat qildilar.Kechada ham majlis bo’ldi. Anda ham ba’zi masalalar qaralib hal bo’ldi.Ushbu tartib Qurultoy to’rt kun davom qildi.Tovarish Izmaylov har majlisda bo’lur erdi. Shokirov, Aqchurin,ham Obidovlar Xorazm uchun qonun asosini hozir qildilar.Qonun asosi shundan iborat turur: Xorazm Russiya sho’rolariga monand bir xalq jumhuriyati turur deb o’rta yo’l birlan mamlakatning ahvoli ruhiyasiga muvofiq qilib qonun asosini tartib qilgan erkanlar.Shul qonun asosini o’qib xalqqa tushuntirdilar.Vakillar butun qabul qildilar.Qonun asosida 15 adad nozir bo’lmog’i kerak erkan.Shunga nomzod ko’rsatib ovozga qo’ydilar. Nozirlar sho’rosining raisligiga uch kishini ko’rsatdilar: biri faqir turur, biri Bobooxun, biri Mulla Jumaniyoz.

Maxfiy qolmasinkim, partiyaning mqsadi Mulla Jumaniyozni raislikka o’tkazmak turur, xalq vakillarining maqsadi yo faqir yo Bobooxunni o’tkazmak turur.Shuning birlan bizlarni uchalamizni ham majlisdan chiqarib yubordilar. Qurultoy vakillari muzokara qilib qoldilar. Bizlar zalga kirib o’tirdik. Bir necha so’z so’ylashib o’tirgan hamon birodar Mulla Jumaniyoz aytdi:
-Taqsir manim ko’nglimga bir so’z kelur, agar ma’qul bo’lsa aytur erdim,-dedi.
Bobooxun eshon :-Xo’p ayting,-dedi.
Mulla Jumaniyoz aytdi:
-Bizlar xalq uchun muzokara qilib turmoqi hojat ermas turur. Man taklif qilurman, avvaldin inqilobchilarning boshliqi Hoji afandi erdi. Ham Markaziy inqilob qo’mitasida rais erdi. Bul kishi yana nozirlar sho’rosiga rais bo’lsin, man muovin bo’lurman, siz adliya noziri bo’ling.

Bobooxun aytdi:
— Man avvaldin ayturman, xo’p yaxshi,-deb qabul qildi.
Man aytdum:-Bobooxun eshon rais bo’lsinlar, bizlar muovin bo’lib xizmat qilurmiz,-dedim.
Bobooxun Eshon aytdilar:
-Man ruscha bilmasman, faqat Hoji bobo bo’lsin, manim adliya nozirligim bo’lur,-dedi.

Shuning birlan bir qarorga kelib majlisga chiqib, Mulla Jumaniyoz bayon bo’lgan so’zlarini vakillarga e’lon qildi. Hamma bir og’izdan qo’l chopib rozi bo’ldilar. Bizlar o’tib o’rinlarimizda o’tirdik. Qolgan 12 odamni ham saylab qo’ydilar: Mulla Bekjon maorif noziri, Matpanaboy moliya noziri, Xudoybergan Devonov mufattish noziri, Shokirov harbiya noziri, Eshchon qori xo’jalik noziri, Qo’shmamdxon –ikkinchi muovin, G’ulom Ali ijtimoiy ta’minot noziri, Shomurod Baxshi-hibzi sihat noziri, Mulla O’roz a’zo, Nazir Sholikarov sarkotib, Qori Abdulvohid-adliya noziri muovini, Hakim bojibon ziroat noziri, jami 15 adad nozirlar tamom saylandi.Yana hukumat bir necha kishi tayinlab qo’ydilar. Agar odam darkor bo’lsa, nozirlar o’zi tayin qilmoqqa ixtiyor berdilar. Bobojonboy ziroat nozirini muovini qilib tayinlandi. Shunday qilib Qurultoyning rasmini olib, 24 aprelda javob berib, vakillarni qaytarib yubordi. Andin so’ng Nozirlar sho’rosining majlisini qilib hukumat tuzmoqqa mashg’ul bo’ldilar. Birodar Sholikarovni shahar muhofaza mudiri qildilar. Adliya va chlen kollegiya Yusuf oxun va Sapo Hoji oxun bo’ldi. Maorifga Karim Qori muovin, Yusup Xarratov sarkotib bo’ldi. Mulla Jumaniyoz partiyaga rais, shuningdek jazo mahkamasiga rais qilib saylandi. Mulla Muhammadjon Abdolov nozirlar sho’rosiga sarkotib bo’ldi.Moliyaga Ismoil Hajiev muovin bo’ldi.
Shunday qilib, “Yosh xivaliklar”ning har birini tegishli xizmatga qo’ydilar.Shunday qilib birinchi may 1920 yilda rasmiy ravishda hukumat xizmatiga dalolat qildilar. Har kunda erta birlan kelib fuqarolarning arzi dodiga mashg’ul bo’ldilar. Nomozshomni o’qib nozirlar uylariga qaytib ketmoqqa muqarrar qildilar.

Bir kuni Russiya vakili Izmaylovning ishtiroki birlan ham partiya a’zolari tamomi hukumat ma’murlari birlan majlis qilib boylarga kontributsiya aqcha solmoqqa hukumat yozilgan spiska bo’yicha soliq olmoqqa qaror qildi. Sholikarovga buyruq berildi, shu spiska bo’yicha darhol undirib olmoqqa.sholikarov har qa’ladagi boylarga kishi yuborib, Xivaga keltirib savol qildi.Ushbu hukumat muqarrar qilgan aqchani darhol bermakka.Rozi bo’lganlari muhlat olib ketdilar. Rozi bo’lmaganlarni zindonga hibs qildilar. Shu jumladin Baqqolovlar, Avazboy qozi, Pishikboy va boshqalar.Qozi Hikmatulla eshonga ham aqcha solindi.Ani hibs qilmay uyiga qorovul qo’yildi.

Maxfiy qolmasinkim, qurultoy qaror qilib erdi, Toshkentga qochib ketgan ham hurriyat yo’linda o’lib ketgan “Yosh xivalik” birodarlarimizni xonga sotilgan ba’ziy qozi, muftilar nechun hukm qilib, hibsga buyurgan erkanlar.Ushbu hukmlari shariatga to’g’rimi erkan, shuni Toshkentdin kelgan qozi Abdulvohid eshon muhokama qilib so’rashsin, deb.Qozi Abdulvohid eshon, muftilarni Russiya vakolatxonasiga chaqirib oldirib bizlarga xabar qildi. Man o’z tarafimdan So’fi Ziyoevni vakil qilib aytdum:
-Agar ulamolar o’z xatolariga iqror bo’lib xondin qo’rqqonligimizdan hukm qilduk desalar afu qilib, davolaringizni tamom qilinglar,-dedim.

Shunday qilib muhokama bo’lgan Qozi Hikmatulla Eshon hech iqror bo’lmagan. Andin so’ng tamomi bo’lib chiqqan.
“Yosh xivalilar” so’ylab bo’yniga qo’yganlar.Oxiri Qozi Muhammad Sharif mufti ochiqdan-ochiq e’lon qilgan:
-Bizlarga xon shunday hukm qilinglar, deb buyurdi, bizlar qilduk.Boshqa ilojimiz bo’lmadi,-degan.Hammalari rost deb qoyil bo’lganlar.Shuning birlan “yosh xivalilar” ulamolarni afu qilib davolarini tamom qilib qaytib ketganlar. Ma’lum bo’lsinkim, hukumatda aksilharakatchilar haqinda katta qo’shma bir majlis bo’lib o’tdi.Safarotxonada ham bo’lgan.Mazkur ishchilar, partiyadagi odamlar ham hozir bo’ldilar.Majlisda Baqqolovlar haqinda muzokara bo’ldi. Mulla Jumaniyoz so’z olib so’zladi:
-Baqqolov va Abdurahmonboylar birinchi aksilharakatchilar tururlar.Nechunkim, xonning birinchi ish ko’rib turgan odami ham Urganch hokimi. Albatta shunday odamlar bo’lib turgan vaqtda sho’rolar hukumatining barpo bo’lganiga rozi bo’lmaydilar.Bular sho’rolar hukumatining nechuk yo’l bilan bo’lsin jonu il birlan qarshilik qilsalar kerak,-dedi.

Andin so’ng man aytdim:
-Abdurahmonboy xon oldinda mehtar bo’lib turgan.Lekin Abdurahmonboy man bilurman avvalo bir dehqon turur. Hukumatning siyosatlaridan hech xabari yo’q turur.Urganchda hamisha o’z uyida dehqonchilik va savdogarlik qilur.Man oni o’z fikrimcha aksilharaktchi deb bilmasman,-dedim.
Andin so’ng Jumaniyoz Sultonmurodov so’z olib aytdi:
-Fuqarolarga qilgan jabr zulmini sanab bo’lmas turur.Mani bola chag’alarimdi eltib hibs qilib qo’yib ko’p ozor bergan,-dedi.
Mang aytdim:-Abdurahmonboyni hokimligi shunday turur.Xon Abdurahmonboyni Urganchga hokim qildi.Abdurahmonboy Xivada xonning oldida bo’lib turgan vaqtlarda ba’zi bir kichik ishlar bo’lsa qarab turgan.Sizning bola-chaqangizni Xivadin yozgan buyruq bo’yincha hibs qilgan. Bul ishlar bilan man Abdrimboyni bir siyosatchi odam deb bilmasman,-dedim.
Ko’p muzokara bo’ldi, oxiri bularni ishlarini Oliy Jazo mahkamasiga berdilar.

Maxfiy qolmasinkim, jazo mahkamasiga Olimjon Aqchurin, Mulla Jumaniyoz Sultonmurodovlar va bir necha no’g’oylar a’zo erdilar. Ularni ishlarini qarab, shul hukmga qaror qilganlar: Abdurahmonboyni darhol otib o’ldirmakka.Abdurahim Baqqolovni uch yil turmada hibs qilib saqlamoqqa.Ushbu kun hukm xatlarini nozirlar sho’rosiga tasdiq qildirib, amalga oshirdilar.

Maxfiy qolmasinkim, To’rtko’ldin “Yosh xivaliklar” askar birlan Urganchga o’tgan vaqtlarida Isfandiyorxon Mulla Jumaniyoz Sultonmurodovning bir necha og’a-inilarini tutdirib, Xivada o’ldirgan erkan. Mulla Jumaniyoz birodarlarini jasadini toptirib, Qiyotga eltib, o’zlarining mozoristoniga dapn qildirgan.

DAVOMI BOR

Maxsus «Xurshid Davron kutubxonasi» uchun tayyorlandi.

055
Umid Bekmuhammad
BO’G’IZLAB O’LDIRILGAN ISFANDIYORXON

06  Isfandiyorxon 1910 yil avgustda xonlik taxtiga o’tirgach, yurtda obodonchilik ishlarini boshlagan, bosh vazir, qaynotasi Islomxo’janing islohat dasturini qo’llab, Xivada pochta, telegraf, Ovro’pa shifoxonasini bunyod ettirgan, soliqlarni kamaytirgan edi. Ammo, 1913 yil Islomxo’ja vafotidan so’ng uning yonidan g’iybatchiyu, hasadgo’y, boylikka ruju qo’ygan guruhboz arboblar joy oldi. Matvafo karvonboshi, Ashur mahram, Shayxnazarboylar Isfandiyorxonning taxti tevaragidan laganbardorlik bilan amallar olib, hukmdorga maishat qilish uchun turli yo’llar o’ylab topar, hatto, xonlikdagi eng chiroyli qizlarni haramga sovg’a sifatida olib kelishardi. Shu tarzda ular Isfandiyorxonning ishratbozligidan foydalanib, o’zlarining nafsi yo’lida xalqqa zulm o’tkazib, behisob boylik to’plagandi.

Xonlik Rusiya mustamlakasi bo’lgani uchun, mustamlakachilar ham har yili yetishtirgan mahsulotlarni tashib ketardi. Matvafo karvonboshi va Ashur mahramlar esa rus savdo-sanoatchilari bilan kelishib, xonlikning butun iqtisodiyotini o’z qo’llariga olgan edi. Isfandiyorxonning 1911 yil Peterburg va Kavkazga, 1914 yil Moskva hamda Rusiyaning boshqa shaharlariga, 1915 yilning dekabrida safar qilganlarida Matvafo va Ashur mahram rus amaldorlari bilan muzokara olish bilan birga, xonga rus va farang ayollarini ishrat qilish uchun topib berishgandi.

1915 yil dekabridagi Isfandiyorxonning Peterburgga safaridan so’ng, xalq o’rtasida “xon kasal orttirib kelibdi” degan mish-mish tarqaladi.Qolaversa, 1916 yil yanvarida Ashur mahramning Xotira va O’g’il mahram ismli ayollar, xonlikdagi yosh, chiroyli qizlarni haramga keltirishga urinishadi. O’shanda erta indin to’yi bo’ladigan Xo’jayli va Gurlanlik qizlarning majburan haramga keltirilishi, xalqni qo’zg’olonga chorladi. Yaxshiyam, xonning baxtiga Toshkentdan general Galkin boshchilik garnizon kelib, Isfandiyorxon tuzumini, hayotini saqlab qoldi.

O’sha davrda boylikka mukkasidan ketgan amaldorlar, umuman xonga qarshi muxolifat ham yuzaga kelgan, ular o’zlarini “Yosh xivaliklar” deb atashardi. Palyozhoji Yusupov boshchiligidagi jadidlarIsfandiyorxonga nisbatan qarshi harakatlar olib borgan. Polyozhoji Yusupov o’z xotiralarida shu bois Isfandiyorxonning zolimligi, hatto Kavkazning xushmanzara joflarida qachon, kimlar bilan bazm qilganligi, ularga briliant, sirg’a, pul berganligigacha yozgan.

Xo’sh, Isfandiyorxon rostdan ham Polyozhoji yozganidek, faqat fahsh bilan mashg’ul, zolim xon bo’lganmi?

Aslida Laffasiy, Bayoniy kabi muarrixlar yozishiga ko’ra, Isfandiyor yoshligidan yuvosh, g’oyat iqtidorli bo’lib, “Farrux” taxallusi bilan she’rlar bitar, Sharq mamlakatlari hamda Rossiyani kezgan savdogar, qilich yasovchi, soat tuzatuvchi usta bo’lgan. Hatto, rus tili, dunyo jug’rofiyasini mukammal bilganidan Rossiya jug’rofiya jamiyatining a’zosi ham edi.U qaynotasi bilan 10 banddan iborat islohat dasturi tuzib, davr yangiliklari va zamonaviy bo’lgan inshoaatlar ham barpo etdiradi. Hattoki, otasi Feruz kasalligiga qaramay, yonidagilar rus vrachlariga ko’rsataylik, shifo topasiz, deganlarida, rektsion ruhoniylar va tabiblar g’azabidan qo’rqib, taklifni rad etgandi. Isfandiyorxon esa Xivada maxsus rus shifokorlari ishlaydigan zamonaviy shifoxona barpo qildiradi. Afsuski, Isfandiyorxonning bu ishlari, 1913 yil 9 avgustida qaynotasi, bosh vazir Islomxo’janing sirli o’limidan keyin to’xtab qoladi. Negaki, Isfandiyorxon yon-atrofqidan islohatchilar emas, Matvafo Baqqolov-karvonboshi, Ashur mahram kabi fitnakor, zolim amaldorlar joy olganini yuqorida ta’kidlagandik.Ular xonning yuvosh, ko’ngli bo’shligidan foydalanib, unga o’z ta’sirini o’tkaza boshladilar. Ya’ni, xon Chor Rossiyasi mustamlakachilari, “Yosh xivaliklar”, turkman yovmudlari va fitnakor amaldorlar qurshovida qoladi. Ularning birlari mustamlakachi bo’lib, yetishtirilgan bor narsani Rossiyaga tashir, “Yosh xivaliklar” esa xuddi Turkiya, Erondagidek siyosiy islohat o’tkazishni istab, mustamlaka o’lka hukmdoriga muxolifatda bo’lar, yovmudlar esa soliqlar ko’pligi, mustamlakachi va itoatkorlarning talonchiligi uchun isyon ko’tarar, fitnakor amaldorlar bo’lsa, faqat ig’vo bilan o’z amallarini saqlashni o’ylab, boyish bilan mashg’ul edi.

Isfandiyorxon bo’lsa, Chorizmning itoatkori edi. Ammo 1909 yilda xonlikni savdogar niiobida ichdan kuzatgan oxranka ayg’oqchisi yozganidek, “Xonning Rusiyaga havodor bo’lishi mumkin emas.Chunki, Xivaning Rusiya qo’liga kirgan vaqtlarida ko’rgan azob va jafolari hali bitgani va unitilgani yo’q edi”. Biroq Isfandiyor ana shu itoatkorligi evaziga, oldingi davrlardagidek, og’a –ini, ota-bolalar o’rtasidagi saroy to’ntarishlaridan qutulgan, umri oxirigacha taxtda o’tirishi mumkin edi. 20-30 chog’li “Yosh xivaliklar” faqat poytaxt Xivadagina bo’lib, savdogar, mullalarning butun xalq oldidayam ta’siri oz bo’lib, ular yovmudlar bilan birlashib
mustamlakachilarga g’azovot e’lon qilishga ojiz edilar. “Yosh xivaliklar” xuddi Turkiya, Erondagi singari davlatni monarxiya asosida emas, saylov yo’li bilan saylangan “Idorai Marshrutiya” orqali boshqarishni, o’zlarining ham davlat boshqaruvida ishtirok qilishlariniistardilar. Ammo mustamlaka holatida turib, Isfandiyor “Yosh xivaliklar” talabini bajara olmas, qolaversa, taxtdan ajralishni ham istamasdi. Shu bois xonni “Yosh xivaliklar” yomonotliq qilar, xon bo’lsa, ularni quvg’in qilib, molu mulkini musodara qilgandi.Ya’ni, Isfandiyor qaynotasi o’limidan so’ng faqat saroy amaldorlarigagina tayanib qolgandi. Saroyda bo’lsa Matvafo Baqqolovning ta’siri katta edi. 1899 yildan xon saroyida tarjimonlik qilgan V.N. Kornilov u haqda “Matvafo nihoyatda yulg’ich bo’lib, og’ir soliqlar bilan xalqqa zulmini o’tkazadi. Xalq uni juda yomon ko’radi. U yovmudlarga yashirincha ig’vo qilib, ularni talonchilikka gij-gijlardi. U juda uddaburon bo’lib, har qanday yo’llar bilan bo’lsa ham xon saroyida birinchi lavozimni egallash uchun harakat qilardi”.

Isfandiyorxon saroyida esa yana Abdurahmon, Sharif Baqqolovlar, Ashur va Ro’zmat Mahram, Shayxnazarboy,Husayinbek kabi ig’vo va fitna ustalari bo’lib, ular Islomxo’ja tirikligida xonga ta’sirini o’tkaza olmas, uning o’limidan so’ng esa qudratli kuchga aylanib, hatto bir-birini ig’vo qilib, tobora xonni siquvga olgandilar. Ular xonning ishratga o’chligidan foydalanib, xalqni soliqlar bahonasida talab, boyirdilar.

Bu vaqtga kelib zulmning haddidan oshgani tufayli Isfandiyorxon haqida xalq o’rtasida qo’shiqlar ham to’qiladiki, Xivalik mashhur xalfa (ayol qo’shiqchilarni Xorazmda shunday atashagan—U.B.) Xonimjon Saydamat qizi va boshqalar tomonidan kuylangan quyidagi mahzun ashulalar o’sha davrning qiyinchiliklarini ifodalab ham beradi:

“ Isfandiyor xon bo’ldi,
Bag’rimiz qora qon bo’ldi
Yeganimiz chiginli non bo’ldi
O’lar bo’ldik zolim xonlar dastidan…”

Yoki: “ Isfandiyor qon oqizdi ariqdan,
Qutilmadik dog’dag’ali soliqdan,
Ilojini topsa agar insofsiz,
Boju xiroj olar suvda baliqdan…”

Yoxud: “ Qizlar xarob bo’ldi xonning qo’linnan,
Mahram chiqar go’zallarning yo’linnan,
Na Oyxonum, na Gulsanam kun ko’rdi,
Zor yig’lashib, o’ldi zolim zulminnan…”
Shuningdek: Isfandiyor xonimiz,
Azob chekar jonimiz.
Fuqaroning qorni och,
Xon uyida nonimiz.

Yopning suvi loylanar,
Xon otlisi aylanar.
Asta gapir jon qizim,
Alinggga qulf boylanar.

Isfandiyor xon bo’ldi,
Bag’rimiz qora qon bo’ldi.
Azroildan kam emas
Olajagi jon bo’ldi.
Yoki:

Eshitinglar yangi chiqqan hikoya,
Umring yig’lab o’tgay, bevafo zolim!
Bu so’zim aslo emas rivoyat,
Umring yig’lab o’tgay, bevafo zolim!

Qo’ling cho’loq bo’lg’ay, ko’zing ko’r bo’lgay
Aziz umring oxirida xor bo’lgay
Hazrat Ali-Shohimardon pir urgay,
Umring yig’lab o’tgay, bevafo zolim!

Bilmading yozim bilan qishimni,
Oqizding ko’zimdan qonli yoshimni.
Endi topding tenging bilan dushingni,
Umring yig’lab o’tgay bevafo zolim!

Yovmudlarning kuch bergaylar qo’liga,
Sira boqma, sog’i bilan so’liga.
Yetti tuya zanjir solg’ay bo’yniga,
Umring yig’lab o’tgay bevafo zolim!

Xullas, bu qo’shiqlarni faqat Isfandiyorxonga emas, uning atrofidagi guruhbozlarga, fojiali davrga xalqning bergan bahosi deb atamoq kerak…

099

(Tashriflar: umumiy 782, bugungi 1)

Izoh qoldiring