Polvonniyozhoji Yusupov. «Yosh xivaliklar» harakati: quvonchlar, iztiroblar, fojialar (07)

035

Ўз даврининг илғор зиёлиси бўлган Полвонниёз ҳожи Юсупов,табиий, доимий равишда газет-журналларга ошнолик, қолаверса сиёсий воқеаларнинг “қайноқ” жараёнида кечган ҳаёти сабаб, у тарихнинг жонли гувоҳи сифатида кундалик ёзишни одат қилганди. Хива музейидаги сокин ҳаёт уни кундаликлар асосида хотиралар ёзишга ундайди. Натижада эътиборингизга ҳавола қилинаётган хотиралар 1926 йилда юзага келади. Араб алифбосида битилган Полёзҳожининг хотиралари 644 бетдан иборат бўлиб, унда муаллиф ўзи кўрган, кузатган, ўзи бошидан кечирган Хоразмдаги, шунингдек Туркистон ўлкасидаги воқеликни қаламга олади. Катта ҳажмли асар асосан кундалик дафтар асосида ёзилгани боис, унга бирон ном, мавзу, бўлим, боб қўйилмаган.Полёзҳожининг асаридаги воқеалар асосан 1910-25 йилларда кечган жараёнлардир.

ПОЛВОННИЁЗҲОЖИ ЮСУПОВ
“ЁШ ХИВАЛИКЛАР” ҲАРАКАТИ:
ҚУВОНЧЛАР, ИЗТИРОБЛАР, ФОЖИАЛАР
Нашрга тайёрловчи ва изоҳлар муаллифи: Умид БЕКМУҲАММАД
033

8-БЎЛИМ: ХХСРДАГИ ТУРЛИ ЗИДДИЯТЛАР, РСФСР ВАКОЛАТХОНАСИ ХОДИМЛАРИ ВА ҲАРБИЙЛАРИНИНГ ТУТГАН СИЁСАТИ

033Махфий қолмасинким, бир куни партия катта бир мажлис қилди. Тамоми партияга кирган аскарлар ҳам иштирок қилдилар. Ушбу мажлис Нуриллабойдаги боғда бўлди. Ман ҳам бир оз бориб турдим. Ўзларига президиум сайладилар. Мулла Жуманиёз Султонмуродов раис, Большаков муовин, Ҳасан Алиакбаров хазиначи. Ондин сўнг ман ҳам чиқиб ўз ишимга кетдим. Ман кетгандин сўнг татарлар катта бир жанжал чиқарганлар. Жанжаллари шундан иборат турурким, “шаҳар муҳофазаси бошлиғи Назир Шоликаров изига 20-30 милиция эргаштириб катта хонлар қила турган шону-шавкат бирлан юратур. Ушбу камбағаллар ҳукуматида онинг қилиб турган иши мувофиқ эрмасдур. Энди Шоликаровни ўрнидан тушириб, ҳибс қилиб уйини обиск қилурмиз”, деб қарор қилганлар. Ҳам мажлисни ёпганлар.Дарҳол татар қизил офицерлари маним олдимга келиб, бир неча милиция талаб қилдилар.Ман ўн милицияга буйруқ бердим. Чиқиб бир нечалари Шоликаровнинг уйига кетдилар. Бир нечалари Шоликаровни олиб бориб бир жойга ҳибс қилиб, олдига қоровул қўйганлар.Ҳам Шоликаровни уйини обиск қилиб хат қилиб келдилар. Маним фикримча ушбу партияга ўтириб олган татар қизил аскар биродарларининг шул қилган ишлари зўрлик турур. Агар қонунга мувофиқ тўғри иш қилмоқчи бўлсалар, Шолкаровнинг қилган жиноятларини ариза қилиб ҳукуматга бериб, ҳукуматнинг қарорича иш қилсалар керак эди. Шундай қилиб Шоликаровнинг ўрнига биродар Муҳаммадёрбойни шаҳар муҳофаза мудири қилинди.

Махфий қолмасинким, бир куни Қўшмамадхондин хабар келди. Ман Ушоқ Сайид Муҳаммадбекка хабар қилиб эрдим. “Санинг гуноҳларингни ҳукуматдин ҳам Руссия вакилидан тиларман, мунда келгил”, деб. Сайид Муҳаммадбек ўз одамлари бирлан келган турур.”Эртанг ўзим бирлан бирга олиб борурман”, деб биродар Измайловга ҳам хат ёзган эркан. Ҳам музикалар тайёр қилиб мунтазир бўлиб турдилар. Намози аср вақтинда Қўшмаматхон, Ушоқ Сайид Муҳаммадбек, Сафар дапмачи, Қоқобой карвонбоши ва бошқа Ушоқ тийраси (уруғи-У.Б.)нинг катхудолари ҳам келдилар.Музика бирлан қарши олиб, “хуш келдингизлар”, деб жой кўрсатдилар. Жой устида ўтириб чой ичмакка машғул бўлдилар. Шул вақтда бизлар ҳам ҳукумат одамлари бирлан келиб тоза келган меҳмонлар бирлан кўришиб, омон-эсонлик сўрашиб ўтирдик. Биродар Измайлов бир дўстлик тажрибаларини сўйлади. Ондин сўнг наҳори чекилди. Наҳорининг ўртасида ҳам ҳамиша музика чертилиб турилди. Ноҳаридан сўнг бизлар ҳам рухсат олиб уйларимизга кетдук. Меҳмонлар ҳам Қўшмаматхоннинг уйига кетдилар.

Махфий қолмасинким, Ушоқ Сайид Муҳаммадбек бошлиқ бошқа ёвмутлар ҳам кимларда бир нимарсалари бўлса ё бировдин бир хусумат бўлса сўрай бошладилар.Шундай бўлса ҳам ҳар турлик муомила қилиб узатиб юбордик.

Махфий қолмасинким, бир неча кундин сўнг Қўшмаматхонни одами бир хат олиб келди. Мазмуни шул турур: “ мунда бир неча қоровул учун аскарлар юбориб, Ушоқ Сайид Муҳаммадбекни йўлдошлари бирлан олиб кетсин”, деган. Биродар Измайловга ҳам шундай хат ёзилган эркан. Измайловнинг олдига бориб маслаҳат қилиб, дарҳол 25 отлиқ аскар юбордик. Сурат воқеа шундай бўлган эркан: Ушоқбек 20-30 отлиқ бирлан Қора йилғин ( хонлик давридаги ҳудуд номи-У.Б.)га келиб, бир ёвмутнинг жойига тушган, мақсади шул бўлган: пинҳоний равишда Қўшмамтхоннинг олдига бориб , уни ғофил топиб, ўлдирмакчи бўлиб, маслаҳат қилиб келган эрканлар.Оларнинг ичинда бўлган бир ёвмут Қўшмаматхонга хабар берган.Шунинг бирлан Қўшмаматхон дарҳол отланиб, Сайид Муҳаммадбеклар ғофил ўтирган вақтинда келиб, устига кириб, милтиқларини олиб, ўзларини ҳибс қилиб, мунда хат юборган эркан.Хивадин юборилган қоровул аскарлар бориб Сайид Муҳаммадбек, Сафар дапмачи яна икки ёвмут, тўртларини аравага юклаб, Гурлан устидан олиб қайтганлар.Иттифоқан шул куни Гурлан бозори эркан.Ўзбек халқлари пуч-пуч бўлиб Сайид Муҳаммадбек, Сафар дапмачиларни кўриб, Оллоҳ Таолонинг карамига кўп-кўп шукурлар қилиб, Сайид Муҳаммадбекларга айтганлар:
-Ина биродарлар, Оллоҳ таолонинг қудратини кўринглар, ўтган кунларда мусулмонларни уйларини талон-тарож қилиб, қанча бегуноҳ мазлум мусулмонларни ўлдириб хароб қилдингизлар.

Алҳамдиллоҳи раббил оламийн, охирига шарманда бўлиб ўғрилар қаторинда банди бўлиб боратурурсизлар.Иншоллоҳ хотиржам бўлинглар, бир сафар бегуноҳ тўккан қонларингиз жазосини тортурсизлар.Чунки мазкур Ушоқ Сайид Муҳаммадбек Исфандиёрхондин буйруқ олиб. Гурланга бориб, Гурланлик собиқ адлия нозири Бобоохун эшонни ўлдирмакчи бўлиб, Бобоохун эшонни бирлан муовини Юсуф Охунларни “сизлар инқилобчисизлар”, деб изидин бешотар бирлан уч мартаба отса ҳам қазоси етмаган важидан ўқлари тегмай, ул биродарлар қочиб қутилиб, оларнинг тамоми молу-асбобларини талон-тарож қилиб, 57 аравага юклаб олиб кетиб, Гурлан халқини юракларини қон қилган эрди. Олган молларини Исфандиёрхон билан пойлашган эркан.
Шунинг эртаси эрта бирлан аскарлар уларни Руссия сафаратхонасига келтирганлар.Мунинг сабаби шулким, ушбу Ушоқ жамоаларига Руссия сафаратхонаси омон бериб эрди.Шу сабабдин мунда келтирмак даркор эркан.Ондин сўнг биродар Измайлов ҳукуматга хабар берди. Бир нечамиз биродар Измайловни кўриб, ҳар тарафдин сўйлашиб ўтирдик.Ондин сўнг банди бўлиб келган ёвмутларни тақдим қилди.Ман шаҳар муҳофазасининг муовини биродар Эгамберган Тиллабоевга буюрдим: “элтиб ҳибсхонада маҳкам қўйинглар” деб. Эгамберган уларни олиб кетди.

Махфий қолмасинким, Хива қаъласинда ўтирган фуқаро, косиблар тамоми томошага келганлар, нечунким ушбу Сайид Муҳаммадбек ва Сафар дапмачиларнинг зулми зиёда кўп бўлган. Мусулмонларни фиғонини жонидан чиқарганлар.Баъзилари аввалги Хивада катта бўлиб ўтирган арз қилатурган тартибда арз қилганлар. Шундай қилиб Эгамберган элтиб зиндонда алоҳида бир уйга солиб олдинда қоровул қўйган. Ҳам ёнида бўлган нимарсаларни олганда муҳрлари хонлар тариқасида олтиндан эркан, келтириб молия нозирига топширганлар.Шунинг бирлан бизлар ўз ишларимизга машғул бўлдик.Бир неча кун ўтгандин сўнг товариш Измайловнинг олдига келдим. Унинг бирлан ёвмутлар сиёсатини сўйлашиб ўтирдик.Ушоқ Сайид Муҳаммадбекнинг масаласи ўртага тушди. Ман айтдум:
-Ёвмутларнинг дастури шул турур.Уларнинг ичларидан бирлари ёмонлик қилса ҳукуматга тутиб берурлар.Ҳукумат дарҳол ўлдириб йўқ қилса ҳеч сўз йўқ турур. Агар бир ой, икки ой ўлдирмай ҳибс қилиб сақласа, ондин сўнг тутиб берган одамнинг олдига ҳибсда ётган одамнинг бола-чақалари, қариндош-туғганлари келиб тавалло қилиб сўрарлар.Андин сўнг тутиб берган одамнинг ўзи келиб ҳукуматдин унинг гуноҳини ўтишни сўрар.Ҳукумат қабул қилиб бермаса, ондин сўнг ҳукумат бирлан душман бўлиб, унга қарши уруш эълон қилур. Бир вақтлари хон замонида шундай воқеа бўлган эди.Шомурод бахши хонга қаршилик қилиб уруш бошлади.Шул вақт хон ўз саркардаси Шихназарбойга буюрди: Шомурод бахшини тутиб келтирмакка.Шихназарбой аскарлари бирлан бориб Жунайидхондин ёрдам сўради.Жунайидхон Шомурод бахшини тутиб берди.Шихназарбой уни Хивага олиб келди.Хон Шихназарбойни уйинда уни ҳибс қилиб қўймоққа буюрди. Бир неча кундин сўнг Шихназарбой хонга арз қилди.”Бахшини йўқ қилмоқ даркор. Агар кўп турса, унинг гуноҳини ўтмакни ёвмут катхудолари сўрарлар”, деди.Хон қабул қилмади.Бир икки ой ўтгандин сўнг хон Жунайиднинг ўзи сўраб, хонга хат юборди. “Бахшини бола-чақалари мани олдимга келиб, мани безор қилдилар, энди уни гуноҳини ўтиб, ҳибсдан чиқариб юборинг”, деб. Хон қабул қилмади.Ондин сўнг Жунайид қибла тарафдин келиб Хивага ҳужум қилиб бир неча одамларни ўлдириб, бир неча одамларнинг жойларини талон-тарож қилиб кетди.Хон Тўрткўлга бош ҳокимга телеграмма юборди. Бош ҳоким 100 отлиқ казаклар бирлан келиб Шомурод бахшини ҳибсдан чиқариб, Қозоқбой Бўлиш деган одам бирлан хон Жунайидга бериб юборди.Бу сўздан мақсадим шулдирким, Ушоқбек ҳам бир икки ой ҳибсда бўлса Қўшмаматхоннинг ўзи гуноҳини тилаб олса керак.

Онда товариш Измайлов айтди:
-Шул фикрингиз дуруст турур.Кеча манга Ғулом Али гуноҳини сўраб хат келди. Сиз дарҳол Нуриллабойга бориб Ушоқбекларни ҳибсхонадин чиқариб, манга телефон бирлан маълум қилинг.Ман бориб жазо маҳкамасини ҳам халқни ҳузурида Руссия Шўролар жумҳурияти номидан эълон қилурман.Бизлар бирлан қилган аҳду паймондин қайтиб бизларга душманлик қилгани зоҳир бўлганлиги важидин, ҳозирдан эътиборан Ушоқ Сайид Муҳаммадбек йўлдошлари бирлан бизнинг жамоатимиздан чиқди,деб айтарман,-деди.
Ман дарҳол қайтиб Нуриллабойга келиб жазо маҳкамасининг раиси биродар Мулла Жуманиёз Султонмуродовга сурат воқеани айтиб,” ҳукуматнинг адолатини кўрсинлар, дарҳол жазо маҳкамасининг ушбу айвонига, Ушоқбекларни олдиринг”, дедим. Биродар Мулла Жуманиёз Султонмуродов баён бўлган ушбу ишларни дарҳол ўрнига келтирди. Товариш Измайловга телефон бирлан маълум қилдим.Измайлов ҳам дарҳол келди.

Махфий қолмасинким, Сайид Муҳаммадбекнинг зулм-ситамларидан жонларидан тўйган қаъла одамлари дарҳол мингдан ортиқ киши жам бўлдилар. Товариш Измайлов мажлисда чиқиб ўз манзилига кетди. Андин сўнг жазо маҳкамаси ўз ишига киришди.Энди айблайтурганлар: Бобожонбой Ёқуб ўғли, Девонбегининг болалари бўлди.Иттифоқан шул вақтда Шомурод бахши ёвмут ичиндан келиб, уни оқлайтурган бўлди.Бахши айтди:
-Ман нима дерман,-деди.
Ман айтдим:
-Сиз айтинг, аввалги бўлган нимарсалар бўлиб ўтиб кетди, суд гуноҳини ўтсин.Саидмуҳаммадбек товба қилсин, ёмон ишлар қилмасликка, деб.

Ҳукм мажлисида сўзлар кўп бўлди.Бобожонбой биродари Раҳмонберганбой ҳам Отажон маҳрам, Қурбонбой Қалантарларни отиб ўлдириб, тамоми молларини олганлари ҳам девонбегининг болалари ўз оталаридин зўрлик қилиб, кўп нимарсаларини олганларини, қаъла одамларига жабр-зулм қилиб нимарсаларини олганларини ҳар томошада турган қаъла одамлари ҳар турли маълумотлар бериб турдилар.Андин сўнг Шомуротбек бахши чиқиб юқорида баён бўлган сўзларини айтди. Шунинг бирлан ҳукм аъзолари туриб уйга кириб ҳукм қилиб чиқдилар.Ва ҳукмни халқ ўртасида ўқидилар.Ҳукм шундан иборат турур: Саидмуҳаммадбек ҳам Сафар дапмачини отиб ўлдирмакка, бошқа иккисини ўн йилдан турмага ҳибс қилмоққа.Ушоқбекларга икки соат муҳлат берилди.Ўзларини оқлайтурган йўлни топмоққа.Шунинг бирлан ҳукм мажлиси ёпилди.Икки соат ўтгандин сўнг жазо маҳкамаси раиси мулла Жуманиёз Султонмуродов қаъладин ташқарига чиқариб, отиб ўлдириб қайтиб келди.

Маълум бўлсинким, Жунайидхон Ашхабот йўлинда Ўрта Қудуқ деган чорваларнинг йўлинда бир неча қудуқлари бор эркан, шунда истиқомат қилур эркан.Ашхабатдаги аскар бошлиғи бир икки така туркман эшонларини қўшиб Плюзов деган командирнинг тати риёсатида бир катта аскар юборган. Ушбу отрядда татар бригадасининг военний комиссари Сибир татари Хафиз Плюзов ҳам бўлган.Бул йигит маним бирлан таниш эрди.Тошкентда татар бригадасида бўлган вақтда ушбу отряд бир туяга озиқ сув ҳам аскарларга даркор нарсаларни юклаб йўлга чиққан. Бир неча кун йўл юриб Жунайидхон бўлган ерга келиб тушиб, зўрға Жунайидни кўриб, баёни воқеаларни сўзлашганлар.Ҳам шунга қарор қилганлар:
“ Жунайидхон ўз ери бўлган Хивага келиб тамоми милтиқларини топшириб, фарағот ўтирмакка.Агар ўзи истаса бир неча вақт бола-чақаси бирлан Руссия шўролар жумҳурияти ҳимоятинда Руссиянинг бир қаъласига бориб турмакка”.

Жунайидхон шунга рози бўлиб, ўзининг муовини бўлган Чариқни булар бирлан қўшиб юбориб, ўзи буларнинг изларидан келмакчи бўлган.Шунинг бирлан Плюзов Чариқни олиб, бир неча кун йўл юриб, Хивага келиб сафаратхонага тушдилар, ҳам сурат воқеаларни баён қилдилар: Бизлар айтдук:
-Жунайидни кўп яхши қилиб қўлга олган экансизлар, афсус яна қўлдан чиқариб юборибсизлар, энди уни қўлга олмоқ кўп мушкул турур,-дедик.
Онда олар айтдилар:
-Ҳеч воқеа бўлмас, албатта Жунайидхон келур,-дедилар.

Шунинг бирлан биродар Измайлов Чариқ бирлан сўзлашиб, уни уйига қайтариб юборди.Бир неча кун ўтгандин сўнг хон Жунайид келадиган вақтни чамалаб биродар Ҳафиз Плюзовни бир неча отли билан хон Жунайиднинг олдига юбормакчи бўлиб ҳукуматдин бир одам талаб қилдилар, ҳамроҳ бўлиб бормоққа. Ҳукумат биродар Бобожон Ёқубовни ҳамроҳ қилиб юборди. Нечунким, бу одам – Бобожонбой ёвмут ишлари бўйича яхши маъхлумотга эга турур. Булар чиқиб, ёвмут ичига бориб, Чариқнинг уйига тушиб, мунтазир бўлиб ётганлар.Бир куни Хон Жунайид қум ичиндан чиқиб Бадиркентда бир ёвмут-Эшон миробнинг жойига тушган. Маълум бўлсинким, ушбу жой қумнинг оғзида турур. Биродар Плюзовнинг олдига келиб ваъда қилган:” эртанг эрта бирлан тамоми ёнида бўлган одамларини ҳам милтиқларини келтириб топширмакчи бўлган”.Энди ўзи қўшига қайтиб бормоққа рухсат сўраган. Оқ кўкрак биродар Плюзов ёвмутлар ҳийласидан бехабар шул сўзига инониб рухсат бериб қўшига юборган. Шул вақтда Бобожонбой аскарларга озуқа учун Тошҳовузга кетган эркан. Жунайидхон қўшига кетгандин сўнг Бобожонбой келган.Биродар Плюзов баён воқеани айтган:
-Биродар кўп хато қилибсиз.Душман ўз оёғи бирлан келган эркан, бекорга жавоб берибсиз.Агар юбормай мунда олиб қолган бўлсангиз, тамомий ҳамроҳлари милтиқларини келтириб топширар эрди.

Ҳам тамомий ишлар битган бўлур эрди.Ҳайфким туркман ҳийласига, фирибга ишонибсиз.Оллоҳ Таоло хайрли қилсин аэртанг нечук воқеа бўлур, Оллоҳ билур,-деб ётганлар.
Кўп вақт ўтиб кетган.Жунайидхондин хабар бўлмаган.Биродар Плюзов ўн икки отли конвой бирлан Эшон миробнинг жойига борган. Отли аскарларни ҳовлининг олдига қўйиб, ўзи отдан тушиб ичкарига Жунайидхоннинг олдига кириб айтган:
-Сан эрта бирлан милтиқларни келтириб топширмакчи бўлиб ваъда қилиб кетиб эрдинг.Шул вақтгача бормадинг,-деган.
Жунайидхон айтган:
-Йўлдошларимиз милтиқларини бермакка рози бўлмадилар,-деган.Биродар Плюзов дарҳол наган тўппончасини чиқариб Жунайидга қараб отган.Жунайиднинг ўғли Эшши ҳам Плюзовга қаратиб отган.Плюзовнинг ўқи Жунайидга тегмаган.Эшшининг ўқи Плюзовга тегиб, у ўлган.Яна бир ўқ хатодин Чариққа тегиб, Чариқ ҳам ўлган.Жунайидхон ҳовлининг устига 70 одамни қоровул қилиб қўйган эркан.Биродар Плюзов билан борган отлиқ конвой аскарларни дарҳол отиб ўлдирганлар. Шу жумладин товариш Плотников бирлан бир аскар қолиб ҳовлининг жиловхонасида бир жойга кириб келган одамларни отиб турганлар.Кўп отишганлар, охири ноилож бўлиб ҳовлига ўт қўйганлар.Ҳам биродар Плотниковга ўқ тегиб заҳмдор бўлиб қолган. Фақат бир аскар қолиб, ёвмутларга йўл бермасдан отиб турган.Ҳовлини тамом ўт олиб кетгандин сўнг ноилож ушбу аскар ташқарига чиқмоқчи бўлиб турган вақтда бошқа аскарни ҳовлидан олиб чиққанлар.Дарҳол Хивага киши юборганлар.

Махфий қолмасинким, эртанг туриб Нуриллабой саройига бормоқчи бўлиб туриб эрдим, бир хабар келди: “Эрта билан товариш Измайлов тўпни олиб ёвмут ичига кетган” . деб. Ман ҳайрон бўлдим, бизларга маълум қилмасдан нечук кетган эркан, деб.Нуриллабойга бормасдин сафаротхонага кетдим. Бориб сурат воқеани билиб, Нуриллабойга келиб, ҳамма нозирларни чақириб, сурат воқеаларни баён қилдим.Шунинг бирлан товариш Измайлов Бадиркентга бориб ўлган биродарларнинг жасадини араваларга солиб, Хивага юборган.Ҳам ёвмутлардин Махтумқорани тутиб отиб ўлдирган.Ондин сўнг Жунайидхоннинг изидан аскар юборган.Жунайидхон қочиб, қум ичига кетган эркан.Ушбу оқшомда золим Жунайидни қўлида қурбон бўлган 12 адад йигит мейитларда келиб етишдилар. Лекин Хиванинг кўп иссиқлигидан жасадлари бузилган эркан.Ҳукуматга хабар келди, дарҳол ҳукумат киши юборди.Ҳуррият майдонига биродарлар қабристонида ҳаммалари учун бир қабр қаздириб, дафн қилдилар.Эртанг хасфи-ҳол устига мозористон қилиб, бошига алам тикиб қўйилди.Ҳам ушбу вафот этган биродарларнинг исмлари ва қайси ердан келганликлари, қанча ёшда эрканлари тошга ҳам ўрисча ҳам мусулмонча ёзиб қўйилди.Атрофига ёғоч панжара қилиб, гуллар бирлан зийнатланган веноклар қўйилди.Шунинг бирлан дафн маросими тамом бўлди.Биродар Измайлов ҳам бир неча кундин сўнг соғ-саломат етишиб келди.

Махфий қолмасинким, маориф нозирлиги тарафидан халққа бир эълон бўлган: таҳрири нуфус учун 18 ёшгача бўлган қиз ва эркак болаларни хат қилиб, маориф нозирлигига топширсинлар.Аксил ҳаракатчилар ушбу воқеадин фойдаланиб халққа иғво қила бошлаганлар:Мана кўринг сизларнинг эркак болаларингизни аскар қилиб, қизларингизни ҳар кимларга олиб бермакчилар.Бўлмаса бул вақтгача бундай рўйхатлар ҳеч вақт бўлгани йўқ эрди.Яна мусулмончиликда қизларни рўйхатга олиш шариатга хилоф турур.Энди Сизлар уламо, фузало қозиларнинг олдига боринг, деб қаъла оқсоқоллари ҳам бошқа фуқаролар жамлашиб Мадаминхон мадрасасига келиб, Қози аскар Иброҳим Охун ҳам бир нечта муфти охунларни жамлаб Қозикалонни тутганлар ва унга: бизларга мунингдек ҳукумат даркор эмасдур.Бизлар ўлсак ҳам қизларимизни рўйхат қилиб бермасмиз, деб кўп ғавғо қилганлар.Халойиқ ҳам кўп жам бўлган.Бу воқеани ҳукуматга хабар қилдилар.Ман Али Муҳаммад Охун бирлан Маткарим охунларни Қози эшонларни олдларига юбордим:
-Ислоҳ қилиб, одамларни тарқатиб келинглар,- деб.Булар халққа кўп тушунтирганлар:
— Бул маориф нозирати тарафидин бўлган буйруқ, фақат ўқув ёшида бўлган эркак ва қизлар ҳисобини билмоқ турур.Агар сизлар рози бўлиб ёзиб бермасангизлар ҳеч гап йўқ турур.Бизларни жумурият раиси Полвонниёз ҳожи Юсупов юборди.Агар бизларни сўзларимизни қабул қилмасангизлар, бизлар бирлан бирга ҳукумат уйига, Полвонниёз Ҳожининг ёнига юринглар, ул киши албатта ҳоҳишларингизни қилиб берур,-деганлар.

Нодон халқ қизиб кетиб, буларга койиш қилганлар.Сизлар жадидлар турурсизлар, сизларни сўзларингизга ҳеч инобат қилиб бўлмас.Ахир шул қарорга келганлар: шаҳар оқсоқолларидан Жабборберган бирлан қўшиб ҳукуматга юбормакка.Ҳукумат маориф нозирлиги тарафидин мазкур буйруқни мансух қилиб хат берсин.Шунинг бирлан Маткарим Қори Охун, Жабборберган Махсум оқсоқол маним олдимга келиб, баён воқеаларни айтиб, ҳам халқни сўраган талабларини баён қилдилар.Ман айтдим:
-Ушбу сўз учун мундай ёлғон қилиб, эшон-муллаларни беҳузур қилиб юрмак ҳеч ҳожат эрмас.Агар маориф нозирлиги томонидан чиққан буйруқни қабул қилмас эканлар,бир нечалари келиб манга эълон қилсалар, ман дарҳол шул буйруқни мансух қилур эрдим.Бу халқни йиғнаб иғво қилиб юрганлар албатта аксил ҳаракатчи кўҳна сипоҳийлар ҳам муттасиб баъзий хон тарафдори бўлган муллалар турурлар.Мазкур маориф нозирлиги тарафидан чиққан буйруқни бир баҳона қилиб ишлаган ишлари турур.Кўп яхши, агар халққа маъқул эрмас эркан, биз буйруқ қилурмиз, шул кундин эътиборан маориф нозирлигидан таҳлили нуфуз учун чиққан буйруқни амалдин соқит қилур ,-деб ҳукуматни муҳрини босиб ҳам қўл қўйиб Жобберган махсум оқсоқолнинг қўлига бердик.Ҳам айтдим:
-Бир неча оқсоқоллар бирлан мунда келинглар, ман ўзим баён воқеани тушунтириб айтурман,-дедим.

Махфий қолмасинким, мани олдимда ўтирган биродарлар айтдилар:
-Сиз бир нечаларингиз бунда келинглар, деб айтдингиз.Энди бунда бир неча қоровул аскарлар олдириб қўйинг.Чунким аларнинг ичинда душманлар ҳам кўп турур.Эҳтиёт қилмоқ лозим турур,-дедилар.
Сўйлашиб ўтириб эрдик, шул вақтда Муҳаммад ризо охуннинг ўғли Ваис келиб эълон қилди:
-Жаббборберган оқсоқол бундин ҳукуматдин олган буйруқ хатни кўрсатди,оқсоқоллар ҳам халойиқлар ҳеч қабул қилмай Қози калон эшоннинг устига ҳужум қилиб, дарсхонанинг эшигини зўрлик қилиб очиб, қопида турган муллани уриб, қози эшоннинг ёқасидан тутиб, дарсхонадин судраб чиқмоқчи бўлиб, ғавғо қилиб қолдилар. Аларнинг мақсадлари: ҳукуматни йиқмоқ бўлиб маслаҳат қилганлар, деб одамлардин эшитдим.Маним отам буюрдилар: дарҳол ушбу воқеани бир иложини қилмасалар иш ёмон бўлиб кетар,-деб.

Шул вақтда ҳарбия нозири Шейхутдин Ҳасанов ҳам бор эрди.Телефон бирлан аскари казармага маълум қилди:
— Бир рота яроғли аскар пулемётлари бирлан Мадаминхоннинг мадрасасини қамаб олиб, ҳеч бир кишини чиқариб киргизмасинлар,-деб.
Шул соат аскарлар келиб мадраса атрофини ўраб олиб, мадрасанинг қаршисидаги Чорсунинг устига пулемётни чиқариб қуриб қўйганлар.Шул вақтда Қозикалон устига ҳужум қилиб турган “қаҳрамонлар” ( мутассиб муллалар,эшонлар назарда тутилмоқда-У.Б.) ҳар бирлари ҳар тарафга қочиб, кўп машаққатлар бирлан баъзилари қаъланинг устидан ўзларини ташлаб, баъзилари ҳожатхонанинг тўшигидан чиқиб қочиб кетганлар.Ҳукуматга хабар қилдиким, аскарлар мадрасани мусодара қилиб олиб қўйибдилар, нима буйруқ қилурсизлар деб.

Бизлар: Ман, Қози Абдулвоҳид, Шокиров, ҳам Ҳасановлар пиёда мадрасага равона бўлдик. Келиб мадрасага кирдук.Фирқа аъзоларининг бошинда Ҳожи Азим, Большаковлар ҳам келиб мадрасага даҳл бўлдилар.Ҳам мактабда ўқиб юрган бир неча ёш болалар ҳам келдилар. Алар ушбу воқеалар бўлиб турган вақтда шул ерда бўлиб, ҳукуматга қарши сўзлаб халққа иғво қилиб турган одамларни таниган эрканлар.Бошлаб қозикалон эшонни ҳузурига кириб бўлган воқеаларни сўраб билдик.Эшитганимиздек эркан, Қозикалон эшон, Аълам эшонларни рўйи саханга чиқардук.Ҳам онда ҳозир бўлган Сайиджон Қори охун, муфти охун ва бошқалар ҳам қоча билмай қолган одамлар ва оқсоқолларга қараб Қози Абдулвоҳид Қори эшон бир неча насиҳатомуз сўзлар сўзлади.Андин сўнг ман сўзлаб, уламоларга ва оқсоқолларга ҳам халққа хитобона айтдум:
-Эй азиз ватандош биродарлар! Сизлар бир неча хоин шахсий манфаатларини ўйлаб аввалдин хонга сотилган мунофиқ одамларнинг иғволарига кирманглар, алар фақат ўз манфаатлари учун ватанни, миллатни вайрон бўлиб хароб бўлганини ҳеч парво қилмаслар.Ҳамиша мунофиқлигини қилурлар.Фақат бировларнинг ўртасига фитна солиб, бир неча ноҳақ қон тўкилмагига сабаб бўлурлар.Уларнинг қўлларидан бошқа ҳеч бир иш келмас турур.Биродарлар! Сизлар огоҳ ва доно бўлинглар.Шўролар ҳукумати катта бир ҳукумат турур.Баъзи бир неча шахсиятчи, бефаросат одамларнинг иғвоси бирлан ва қилган фитна фасоди бирлан ҳеч бир нима бўлмас турур.Хаёл қилманглар.Исфандиёрхоннинг замонида ушбу “ёш хиваликлар”га баъзи бир бўҳтонлар қилиб, шаҳардин чиқариб, бир нечаларини тутиб ўлдирдик, деб.Хотиржам бўлинг, энди онингдек қила билмаслар.Бизларга ёрдамчи бўлиб турган катта Руссия шўролар ҳукумати бизларга ёрдамга тайёр турур.Шундин хабардор бўлиб туринглар,-деб сўзимни тамом қилдим.

Ҳаммаларимиз қайтиб кетдик.Мадрасада фақат фирқа аъзолари қолиб, мактаб болаларини кўрсатуви бирлан кўп муллаларни, оқсоқоллар ва бошқа одамларни тутиб, ҳибс қила бошлади.Шундай қилиб, икки-уч кунда бир неча юз одамга Нуриллабойга, шаҳар муҳофазаси ўрнашган жойга қамаб тамом бўлди.Андин сўнг жазо маҳкамаси тафтишда машғул бўлди. Бир неча одамлар билмасдин, нечук воқеа деб мадрасага кирган эрканлар, аларни чиқариб юборди. Ва баъзи билмасдин иштирок қилганларни бир неча ойга ҳибсга юбордилар.Эшонлардин қози аскар Иброҳимохун, Сайиджон Қори охун, Рапи Муфти охун, Маҳаммадниёз муфти эшон, Мадамин махсум охун эшонларни айбли топиб, отиб ўлдиришга қарор қилдилар. Обид охун, Аълам эшон Одам охунларни ҳам айбли топиб, бир ерларга юбормакка қарор қилиб қўйди.Ушбу суратда ҳукм мажлиси тамом бўлди.

Махфий қолмасинким, эртага эрта бирлан Руссия сафаротхонасидан мани чақириб хабар қилди. Бордим .Товариш Измайлов бирлан ҳар тарафдин сўйлашиб ўтирдик. Ман Назир Шоликаровнинг гуноҳини сўраб илтимос қилдим.Ушбу куни Назир Шоликаров кафилга ҳибсдан чиққан эрди.Уни келтириб, бир неча насиҳатомуз сўзлар айтиб гуноҳини ўтди.Ҳам айтди:
-Сан тўғрида биродар Юсупов кўп илтимос қилди. Бул сафар гуноҳингни ўтдик.Агар мундин сўнг бир гуноҳ қилсанг, албатта ўлмакка тайёр бўлгил,-деб мажлис қилиб, қарор чиқариб, Назир афандини гуноҳини ўтиб, жавоб бериб юборди. Андин сўнг бошқа бир неча одамларни чиқириб юбориб манга айтди:
-Кеча мадрасада бўлган воқеалар кўп катта воқеалар бўлди.Ман кеча ухламай ўйлаб чиқиб, ушбу қарорга келдим.Октябр инқилоби бўлди.Шўролар ҳукумати барпо бўлди.Керенский ҳукумати оқ подшо Николайни Тоболскда ҳибс қилиб қўйиб эрди. Бир вақт эшитилди, нодон деҳқонлар ва бошқалар оқ подшо ҳибс қилиб қўйилган жойнинг олдига жойлашиб кўп таъзим қилиб юрган эрмишлар.Шўролар ҳукумати шуни эшитиб шул ишлар ҳақида маслаҳат қилиб, шунга қарор қилган: Николайни дарҳол отиб ўлдирганлар.Агар ўлдирмай сақлаб қўйсалар, Колчак хуруж қилган вақтда, деҳқонлар нодонлик сабабли Колчакка ёрдамга чиқар эрдилар. Шўролар ҳукумати Николайни ўлдириб йўқ қилгандин сўнг, тамоми деҳқонлар ҳукуматга ёрдам қилиб, ғайрат қилиб Колчакни йўқ қилдилар.Энди ман кечаги мадрасада бўлган воқеаларда фақат хон ва хонзодаларни кўрарман, хотиржам бўлинг, агар улар бунда ҳаёт бўлиб турган вақтда Хоразмда ҳеч шўролар ҳукумати яшайолмас турур. Албатта бизларни бир тарафга юбормак лозим турур.

Ман айтдим:-Маним фикримча, буларни бунда турганларини ҳеч зиёни йўқ турур.Нечунким, оларни халқнинг олдида ҳеч эътибори йўқ турур, -деб баъзий сабабларини кўрсатдим.
Измайлов қаътий суратда айтди:-Шул кундин эътиборан чиқариб юбормак керак,-деди.
Ман айтдим:-Эртага чиқариб юборсак нечук бўлур,-дедим.
Товариш Измайлов айтди:-Ман номувофиқ кўриб фол қилдим.Товариш Плюзовлар ўн учинчи числода ўлдурулдилар, ҳам бошқа кўп воқеалар 13-да бўлди,-деди.
Ман айтдим:-Ўн тўртинчи числода бўлса нечук бўлур,-дедим.
Онда Измайлов айтди:-Ҳарбий нозир кетиб қолур, онда бошқа аскар даркор бўлур, албатта ушбу кун узатиб юбормак керак.Бунинг учун кемалар тайёр турур.Кечада ҳар қайсисининг уйига аскар билан киши юборинг, бориб олиб чиқиб кемага элтиб топширсунлар.Сиз дарҳол харжу-харажатлар ҳам тўшамак учун ғоли-палос , чодир юборинг, тайёр қилиб қўйсинлар,-деди.
Шунинг бирлан хўшлашиб,Нуриллабойга келиб шаҳар муҳофазаси биродар Мадёрбойга буюрдим:-Баён бўлган харажатларни, чой, тамаки ва йўл харажатларини тайёрлаб кемага элтиб топширинг,-дедим.

Кеч бўлди, тамом нозирларга топширдим:
-Нуриллабойдан кетмай туринглар, мажлис бор,-дедим.
Соат ўн бир бўлди.Ҳар икки нозирни бир тўраникига юбордим. Дарҳол бориб товариш Измайловнинг буюрган хизматини ўрнига келтирмакка.Ҳамма қизил аскар командирлари аскарлар бирлан бориб хон ва тўраларни аравага миндириб кемага элтиб қўйиб хабар бердилар.Жазо маҳкамасининг раиси Мулла Жуманиёзов айтди:
-Турмада ётган Абдримбой Баққолов, Қози Ҳикматулла эшон ҳам Аълам эшон,Одам охунлар ҳам булар бирлан Маскавга кетсинлар. Жазо маҳкамаси шуни мувофиқ топди,-деди.
Буларга ҳам киши юборилди.Буларни ҳам келтириб кемада қўйдилар.
Махфий қолмасинким, руслар Жалоладдин Эшонга ҳам одам юборган эрканлар.Ондин сўнг биз кемаларни узатмоққа кетдук ҳам бориб кема бошинда турдик. Бироз вақтдин сўнг бир неча отлиқ аскарлар бирлан Болшаков келиб эълон қилди:
-Жалоладдин эшон қочиб кетган эркан, топмай келдук,-деди.
Ондин сўнг кемалар ҳаракат қилиб юриб кетди.

Махфий қолмасинким, жазо маҳкамасинда айбдор қилиб, ўлимга ҳукм қилинган муллаларни ушбу азонда (эрталаб-У.Б.) чиқариб отиб ўлдирдилар.

Махфий қолмасинким, товариш Измайлов Қўшмаматхон, Бахши, Ғулом Алилардан 500 отлиқ яроғли навкар сўраб эрди. Улар ўз отлари ва яроғлари бирлан Чоржавга дўстлик кўмакига рози бўлиб, одамларни жам қилмоққа кетиб эрдилар.Бир куни бир неча юз отлиқ аскар-навкар олиб келдилар.Хива майдонида парад қилиб кўриб, нутқ сўзлаб йўл харажатлари қилиб юбормакка қарор қилиб қўйдилар. Икки уч кун ўтиб, изда (орқада-У.Б.) қолганлари ҳам келиб етишди.Қизил командир Миркомил Миршаропов ва Назир Шоликаровни қўшиб, Хивадин Чоржавга узатиб юбордилар. Маълум бўлсинким, ушбу ёвмут отлиқлари йўлда бўлган ўзбекларни ҳамма нимарсаларини талаб олиб, яхши семиз отларни тортиб олиб, ўзларини ориқ отларини бериб мусулмонларга кўп озор бериб кетганлар. Бир неча кунда Чоржавга бориб етганлар.

Махфий қолмасинким, Назир Шоликаровни нозирлар шўроси савдо ҳайъатига раис қилиб, аскарлар учун ҳам озуқа, кийим ва бошқа аскарларга лозим бўлган нарсаларни Туркистон жумҳуриятидан олиб келмакка мандат бериб юборган эрди. Ёнида член коллегия қилиб, молия нозирлигидан Исмоилбой Соли ҳожи,муфаттиш нозирлигидан Романберганбой девон ўғлини қўшиб юборган эрдилар. Булар аскарларни Чоржавда топшириб ўзлари ўз ишлари билан Тошкентга ўтиб кетганлар.

Энди сўзни Хивадин ёзармиз. Бир неча кунлар ўтиб кетгандин сўнг товариш Измайлов товариш Белов бирлан қайтиб кетмакчи бўлди. Ўрнига биродар Ризоаддин Шокировни қойим мақом қилди.Ҳам ушбу вақтда Ашхабаднинг начальниги Береговой бўлиб, товариш Дубянский келиб эрди. Бир кун товариш Измайлов ҳам товариш Белов Хивадин чиқиб Тўрткўлга пароходга қараб кетдилар.Тамоми ҳукумат одамлари бирлан узатиб чиқиб хўшлашиб қолдик. Биродар Шокиров Ризоаддин сафаратхонада ўтириб ўз ишига машғул бўлди. Бир неча кунлар ўтиб кетди.Бир куни Илонлидан хабар келди: “Жунайидхоннинг отлиқлари ҳар ерларни талон-тарож қилиб юриб турурлар”, деб.Начальник Береговой товариш Дубянскийга маълум қилди.Товариш Дубянский бир неча юз аскарларни ҳар ерларга юбориб, ўзи ҳам Мулла Жуманиёз Султонмуродов, Бобожон Ёқубов. Яхшимуродбой Давлатмуродбой ўғиллари бирлан чиқиб,Тошҳовуз устидан Илонлига бориб Жунайидхон бирлан уришиб, Жунайидхонни ёвмут ичига қочириб юборган. Андин сўнг ўзи Қўшмаматхон, Ғуломали ва Бахшиларни олдига олдириб,Жунайиднинг ҳақинда маслаҳат қилиб ҳам булардин илтимос қилган, бир неча юз туя топиб бермакка.Ҳам бир неча мешлар сув учун ҳозирлаб қум ичига, Жунайиднинг изидин бормоққа.Шунинг бирлан ушбу баён бўлган нарсаларни тайёр қилмакка машғул бўлиб, тайёр бўлгандин сўнг туяларга озиқларни юклаб, Қўшмаматхон бирлан ёвмутга Жунайидхон устига равона бўлганлар.Ҳам ёвмутга бориб етганлар.Андин маслаҳат қилиб, туяларга сув ҳам озиқ юклаб,Жунайидхонга қарши равона бўлганлар.Жунайидхон ҳам куч қувватини жамлаб қарши турган.Кўп қаттиқ курашлар бўлган.Икки тарафдин ҳам одамлар ўлиб , мажруҳлар кўп бўлган.Оқибатда Жунайидхон тоқат қилолмай қум ичига қочиб кетган.Шунинг бирлан товариш Дубянскийга маълум бўлган.Қўшмаматхон ва Ғуломали аскарлари нечук ишларни қилганлар. Қўшмаматхон , Ғуломалилар ўзлари Руссия ва Хоразм аскарида бўлсалар ҳам, кўнгиллари Жунайиднинг тарафинда бўлганлар.Ҳатто буларнинг отлиқларидан бир нечалари ҳар турлик йўл бирлан бўлса ҳам Хоразм ва рус аскарларига хавф бериб “урушни ташлаб кетганларингиз яхши”, деб агитация қилганлар.Ҳам фурсат топиб туяга меш бирлан юкланган сувларни ҳам ташиб йўқ қилганлар. Ҳам ондин бошқа Жунайидга озуқа юбориб турганликлари очиқ зоҳир бўлган.Хусусан ўкуз жамоалари озиқа йиғнаб Бахшини юбориб турганлигини аниқлаганлар.Ҳатто Қўшмаматхон начальник Береговой ва Дубянскийни ҳеч бир айтган сўзларини қилмай, ўз тўғрисидин номувофиқ ҳаракатлар қилган.Аскар бошлиғи товариш Дубянский, ҳарбий нозири Ҳасанов ва Мулла Жуманиёзлар кўрганлар, агар мундин зиёда уруш давом қилса эҳтимол бир воқеа бўлиб қолса керак, деб ўзлари маслаҳат қилиб, урушни қолдириб, қайтиб бормоққа қарор қилиб,Илонлига қайтиб келганлар.Илонлига келиб, аскар қолдириб, ўзлари Тошҳовузга келиб, тўғри Бахшиларга киши юбориб,Тошҳовузга олдирганлар. Бахшиларни тафтиш қилганлар.Дарвоқе Жунайидхон хизмат қилиб турганликлари зоҳир бўлган.Буларни ҳибсга олиб, Бахшининг овасига аскар билан юборганлар.Бориб Бахшини ва Тоғонбойнинг уйларини талон-тарож қилиб олганлар ҳам Исмамут отага келиб ётган фуқаролардин бир нечасини Хивага юборганлар.Шомурод бахшиларни ҳам Хивага юборганлар.Уларни Хивага келтириб ҳибс қилдилар.Шундай қилиб ёвмут ичинда пинҳоний Жунайидхонга ёрдам қилиб турганлардин бир нечаларини тутиб Хивага юбордилар.

Маълум бўлсинким,Қўшмаматхон ва Ғуломалига товариш Дубянский эълон қилган:
-Яна бир неча юз отлиқ аскар беринг Чоржавга юбормак учун,-деб.
Булар қабул қилиб, бермакчи бўлиб отлиқ навкарларнинг тараддудида бўлганлар. Бечора фарағат ўтирган деҳқон туркманлардан навкар сўрай бошлаганлар. Мусулмонлар ўзларида бўлган нимарсаларини сотиб, Қўшмамтхонга пора бериб қутилиб қолганлар. Эндиликда сотиб пора бермакка ҳеч нарсаси йўқ одамларни жамлаб ўзларида йўқ одамлар учун бошқа фуқароларнинг отини олиб бериб, бир неча юз отлиқ аскар жамлаб, ўзига тарафдор ёвмут калтабонларидан бир нечасини олиб, Хива тарафига қараб чиққан.

Махфий қолмасинким, товариш Дубянский Ҳасанов, Султонмуродовлар икки кун бурун Хивага қайтиб келдилар. Шул вақтда Чоржавдин хабар келди:” ёвмут аскарлари тамом қочиб кетдилар”, деб. Ҳам Дарғонотадин хабар келди: “ ёвмут аскарлари йўлда одамларни талон тарож қилиб, бизлар бирлан отишуб ўтиб кетдилар” деб. Бунда зиёда эҳтиёт қилиб, сўрашиб кўрилди ҳам маълум бўлди: “ Қўшмаматхонга хабар юборган экан.Дарҳол Хивага етишиб келинглар, бунда бошқа бир маслаҳатимиз бор турур”, деб. Ҳам ўз тарафдори бўлган калтабонлар бирлан маслаҳат қилиб, шунга ришиб, қарор қилганлар: “Хивага келиб ҳукуматнинг бошинда ўтирган одамларни ўлдириб, ўзи хон бўлиб Хоразмнинг ихтиёрини ўз қўлига олиб калтабонлар бирлан бир бўлиб, шўролар ҳукумати бирлан уришиб, Хоразмдин чиқариб юбормакчи бўлганлар”.Ушбу воқеаларни Нозирлар шўроси яхшилаб таъқиқлаб бўлди. Ҳам Жунайиднинг урушига борганда Қўшмаматхон, Ғуломали, Бахшиларни ишлаб турган ҳийлаларини аскарбоши Дубянский, Ҳасанов ва Султонмуродовлар яхши эҳтиёт қилиб билиб келдилар.Шунда ҳам буларни қилган ишларини ҳукуматга маълум қилдилар.Шунинг бирлан Шоббоздин чиқиб, Хивага юрганлиги Тозобоғда қора чодир уйлар қуриб, жой ҳозирлаб қўйди. Пешинда Қўшмамтхон келиб етишди.Отлиқ аскарларни мазкур боғга тушириб жойлаштирдилар.Ўзининг ёнида мукаммал суратда қуролланган баҳодир йигитларни олиб Нуриллабойнинг ёнидаги ўз уйига келиб тушди.

Маълум бўлсинким, ҳукумат эшитган воқеалардин хафланиб, мажлис қилиб Қўшмаматхон воқеани англамоқчи бўлди.Тамоми нозирлар келдилар. Ҳам сафаратхонадин маъсул ишчилар ҳам келдилар.Мажлисда Қўшмаматхоннинг сўзлаган сўзларидан маълум бўлди.Нозирлар эшитган сўзларидан савол қилдилар:
-Ёвмут аскарлари нечун Чоржавдин қочиб кетганлар?-деб.
Қўшмаматхон:- Уйларини соғиниб қолган турурлар,-деб дуруст жавоб берди.
Ҳам сўрадилар:-Ғулом Али Сизнинг бирлан нечун келмади?
Жавоб берди:-Эртанг келатур,-деб.

Махфий қолмасинким, эшитилиб эрди.Қўшмаматхон Хивани олганидан сўнг, ушбу кунда Ғуломали Тошҳовуз, Илонлини олиб, онда бўлган аскарларнинг қуролларини олиб қўймоққа қарор қилганлар, деб.Ғуломалининг келмаганлиги сабаби ҳам маълум бўлди.Нозирларнинг шўроси қарор қилди:
-Қўшмаматхонни арестоват қилиб воқеаларнинг таъқиқ қилмоғони, шунинг бирлан ҳарбия нозири Шейхутдин Ҳасанов Қўшмаматхонни ёнидан тўппонча, пичоқларини олиб, элтиб шаҳар муҳофазасининг жойига қамаб, олдига қоровуллар қўйди.Нозирлар шўроси ушбу ишлар ҳақинда музокара қилиб ўтирди.Шул вақтда Қўшмаматхоннинг уйидин милтиқ товуши чиқди.”Бул нечук милтиқ товуши эркан ?” деб хабар олмоқчи бўлиб ҳарбия нозири киши юборган.Одам бориб воқеани англамоқчи бўлган ҳамон бир неча милтиқ отганлар.Ҳам буларга ҳужум қилганлар.Воқеа шундай бўлган: Қўшмаматхон тез қайтиб келмагани учун бул одамлар гумон қилганлар.”Энди ҳукумат бизларнинг қилмоқчи бўлган ишларимизни билиб Қўшмаматхонни ҳибс қилдилар.Энди бизлар бир илож қилиб, бир неча қоровулни ўлдириб қаъладин чиқиб кетмак керак”, деб милтиқ отмоққа машғул бўлганлар.Буларнинг отлари ҳам ҳозир бўлиб турган эркан.

Ҳарбия нозири буларни қилмоқчи бўлган ишларидан огоҳ бўлиб ушбу жойнинг атрофига катта қоровул қўйиб, том устига пулемёт чиқариб буларга қаратиб отганлар.Булар ҳам қарши туриб милтиқ отганлар.Дарҳол ҳарбия нозирини юборган одами, ҳарбия нозири бирлан келиб нозирлар шўросига воқеаларни баён қилиб таклиф қилди: “Қўшмаматхонларни бир иш қилиб йўқ қилмасалар, агар қутилиб кетса албатта Хоразм жумҳурияти бўлиб фароғат ўтирган халқларни талон тарож қилиб, кўп кишиларни бегуноҳ ўлдириб йўқ қилса керак”, деб. Нозирлар шўроси воқеаларни англаб музокара қилиб айтдилар: “Агар Қўшмаматхон омон қолиб чиқса, икки хон жуфт бўлиб Хоразмни хароб қилсалар керак”, деб шул қарорга келдилар.Хоразм жумҳуриятини шундай қонхўрлардин сақлаб қолмоқ учун дарҳол отиб ўлдирмакни лозим билиб, ҳарбия нозирига ҳавола қилдилар. Ҳарбия нозири дарҳол амалга қўйди.Ҳам Ғуломали тарафидан бунда турган Мулла Наврўз ҳам ундан катта бир ривоят қилиб, ҳибсда эрди. Они ҳам отиб ўлдирмакка буйурдилар.Нечунким, ул ҳам катта ёмонларнинг бошлиғи эрди. Ондин сўнг кўп аскарлар бирлан ўраб олиб, Қўшмаматхонни уйиндаги одамлар бирлан отишиб. Бирисини ярадор қилгандин сўнг таслим бўлганлар. Яроғларини олиб, ўзларини бир жойга солиб, олдига қоровуллар қўйганлар.Тозабоғга бормоққа йўлга чиқдим.Йўлда кўрсам бир неча адад ёвмутларни атрофини қоровуллар чулғаб олиб, Нуриллабой мадрасасига олиб ўтиб кетдилар.Ондин ўтиб, Тозабоғга бордим.Кўрсам начальник Береговой, товариш Дубянский боғдаги тамоми ёвмутларнинг милтиқ ўқларини олиб, ўзларини қоровуллар бирлан Нуриллабой мадрасасига юбориб турган эркан.Кўришиб-омонлашиб қайтиб Нуриллабойга келиб, ўз ишимизга машғул бўлдик.Бир-икки кун ўтгандин сўнг ушбу ҳибсда бўлиб турган туркманларни ичидан бўлган машҳур ёмонларини халқ турмасига келтириб ҳибс қилдилар.Бошқаларининг ичидан бир нечаларини чиқариб юбордилар.Қолганлари ушбу мадрасада тўхтаб турди.

Махфий қолмасинким, ушбу вақтларда Чоржавдин қайтган ёвмут аскарлари кўп ерларни талон қилиб, Хиванинг бир тарафидан ўтиб, ёвмут ичига етдилар.Халқ турмасинда бўлиб турган ёвмутларнинг ишларини жазо маҳкамасига бердилар.Жазо маҳкамаси ишларини тафтиш қилиб,, бир нечаларини ўлтириб йўқ қилмоқни қарор қилиб, амалга қўйдилар.Қолган бир нечаларини чиқариб юбордилар.Шунинг бирлан бир неча кун фарағот бўлиб турди.

Махфий қолмасинким, ҳукумат Мулла Бекжонни маориф нозирлигидан чиқариб, Карим қорини маориф нозири қилди.Мулла Бекжонни муфаттиш нозири қилди.Ондин сўнг Мулла Бекжонни комил ҳуқуқли вакил қилиб юборди.

Маълум бўлсинким, Жунайидхон яна ҳужум қила бошлади.Хиванинг бир тарафига отлиқ аскарлар юбориб, халқни талон қила бошлади.Урганчнинг Бегобод деган қишлоқига ҳам Қўшкўприк чиғатойларига ҳужум қила бошлади.Хивадин Ғозиобод ва бошқа ерларга аскар юборилди.Шул жумладин Қўшкўприк устидан кетган аскарнинг командири Абдулҳамид Ўрозмаматга йўлда ўқ тегиб кетди.Биродар Ўрозмаматни такфин таҳрир қилиб, кўп тантана бирлан биродар мозористонига дафн қилинди.

Махфий қолмасинким, Нуриллабойнинг мадрасасинда ётган ёвмутларни биродар Болшаков бирлан Чоржав тарафига юбормакчи бўлиб буйруқ қилдилар.Нечунким,мунда бўлиб турсалар эҳтимол бир воқеа бўлиб қолса деб, товариш Малишев ўз ихтиёри бирлан Хивадин олиб Тўрткўлга кетди. Ондин сўнг аскарларнинг ҳар тарафидин ҳужум қилиб, калтабонларни қочириб юбордилар.Шунинг бирлан ҳам ёвмут ичинда кўп одамларни талаб турди.Бир кун Жунайидхоннинг ҳақинда қўшма бир мажлис бўлди. Нозирлар шўроси ва сафаратхонадаги вакиллар, аскарий командирлар иштирок қилиб, шунга қарор қилдилар: Жунайидхонни тамоман йўқ қилиб юбормакка. Ман мажлисга таклиф киргиздим:
-Аввалги урушда юрган биродарлар бўлсалар, кўп вақтлар уруш сафида бўлиб хориганлар, энди ушбу сафарда манга рухсат қилсангизлар, товариш Дубянский бирлан ман борсам,-деб нозирлар шўроси маним бормоғимга қарор қилди.

Биродар Мулла Жуманиёз Султонмуродов ман келганча, нозирлар шўросига муваққат раис бўлиб турмоққа тайинланди.Ушбу вақтда биродар Ризоаддин Шокировни чақириб Тошкентдин телеграм келиб эрди.Комил ҳуқуқли вакил қилиб тошкентлик Саъдуллахўжа Турсунхўжаевни сайлаб Хивага юборганлар. Биродар Шокиров ўрнига товариш Болшаковни қўйиб кетди.1920 йил октябр ойинда аскар бирлан биродар Дубянский, Волошин ҳам бошқалар бирлан хабарли соатда Ғозиобод устидан ёвмут устига ирода қилди. Ҳам ушбу кунда Ғозиободга келиб қўндик.Ушбу оқшом шунда бўлиб, абритонг эрта бирлан туриб, Волошин бирлан отлиқ аскарларни қум тарафига юбориб,ўзларимиз Бадиркентга қараб, тўпчи, пиёда аскарлар ҳам бир отряд отлиқ аскарлар бирлан равона бўлдик.Бир неча соат юриб Жангалли деган ерга етиб эрдик.Жунайидхонни қоровуллари бор эркан.Милтиқ отиб бир аскарни оёқидин заҳмдор қилдилар.Бизнинг аскарлар ҳам ўқ отиб қочириб юбордилар.Андин ўтиб икки чақирим борган эрдик йўлда жўхори кўп экан. Жўхорининг орқа тарафидан кўп қаттиқ ўқ ота бошладилар.Товариш Дубянский буюрди: бир ҳовлининг олдинда тўпни қўйиб бир неча мартаба отдилар.Оқибат ёвмутлар тоқат қилабилмай қочиб кетдилар.Андин сўнг тўпнинг отларини қўшиб йўлга равона бўлдик.Бадиркентнинг бошинда машҳур ёвмутлар эшони Хон Эшоннинг жойига етишдук.Товариш Дубянский тўпчи ҳам пиёда аскарларни ушбу жойда қўйиб ўзи илгари кетди.Ҳам айтди:
-Ман илгари бориб кўрарман.Ҳам даркор бўлсангизлар сизларга хабар қилурман, борурсизлар.Ё ўзим ҳам келиб шул ерда бўлурман,-деди.

Ҳам манга айтди:
-Сиз ҳам аскарларнинг ёнида бўлиб туринг,-деди.Ҳам ўзи юриб кетди.Уч соат ўтгандин сўнг хабар келди, аскарлар келсин, деб.Дарҳол аскарлар наҳориларга қарамасдан тўпларнинг отларини қўшиб равона бўлдик.Кун ҳам ботиб кетди.Кўп машаққатлар бирлан илки хуфтонда Бадиркентдаги Отабой Қарчиғай деган Жунайидхоннинг қайинотасининг аввосига (ҳовлисига-У.Б.) товариш Дубянскийнинг ёнига келиб етишдик.Тушиб бир-икки касо чой ичиб ўтирган эрдик.Дарҳол бир неча юз милтиқ аскарлар тарафига отабошладилар.Худой сақлади, агар йўлда бизларнинг аскарларни устига отсалар кўп кулфат бўлур эркан.Нечунким, қоронғу кеча ўқнинг қайдин келгани маълум эрмас турур.Хайрият бизлар келиб тушгандин сўнг отабошладилар.Аскарлар ҳам том устига пулемётларни чиқариб отабошладилар.Оқибат ёвмутлар тоқат қилаолмай қочиб кетдилар.Шунинг бирлан шул оқшом шул ерда қўндик.Эрта бирлан туриб, товариш Дубянский амр қилди:
-Отлиқ аскарлар Волошинни кутиб, у келгандин сўнг унинг отряди бирлан қумнинг кунчиқар тарафидан борсун,-деб.

Ўзи тўпчи ҳам пиёда аскарлар бирлан қумнинг ичидан Жунайидни қазиб қўйган чуқурига истеҳкомига ирода қилди.Бизлар ҳам товариш Дубянский бирлан равона бўлдик. Йўлда Эшон миробни ҳовлисига келиб кирдук, ўтга ёндирган эканлар.Биродар Плюзовлар ўз отряди бирлан келиб ушбу жойда Жунайидхоннинг аскарлари тарафидан қурбон бўлган эканлар.Шаҳидларга дуои хайр қилиб, равона бўлдик.Андин ўтиб қумнинг ичига кириб кетдик.Бориб кўлнинг йўл тарафинда бир тепанинг устинда тўпни қуриб қўйиб, пиёда аскарларни қумни ошоқ тарафига юборди.Андин ўтиб сўнг дурбинлар бирлан қараб кўрдилар.Жунайидхоннинг аскарлари кўлнинг ул тарафинда қумнинг остинда окопларинда эрканлар.Бизларнинг пиёда аскарларимизга ўқ ота бошладилар.Андин сўнг товариш Дубянский буйруқ қилди: окопларга тўп отмоққа.Тўпчи аскарлар тўп ота бошладилар.Тўпнинг ўқи бориб окопларнинг устига тушиб портламоққа бошлади.Жунайидхон аскарлари пароканда бўлиб окоплардин чиқиб, қумнинг ул тарафига равона бўлдилар.Шундай қилиб, кўп отишмалар бўлиб турди.Бизларнинг пиёда аскарлардин икки аскар заҳмдор бўлди. Олиб келиб санитар аравасига солиб қўйдилар.Алҳосил икки юздин зиёда тўп отилди.Ахийри ёвмут ёмонлари кўп кулфат бирлан бошқа бир ерга кетдилар.Товариш Дубянский ҳам тўпларни ёвмутлар кетган тарафга олиб бормоққа буйруқ қилди. Бизлар ҳам тўп бирлан равона бўлдик.Дубянскийнинг ўзи илгари бориб, бир ерда туриб ёвмутлар бирлан отишмоққа машғул бўлди.Тўплар ҳам етиб келиб, бир ерда ота бошладилар.Охири ёвмутлар тоқат қила билмай қумнинг ичига қочиб кетдилар.Ўқ отишма тамом бўлди.Бир соатдин сўнг Дубянский, Яхшимуродбой ва Давлатмуродбой ўғлига буйурди: “Кўлнинг ул тарафига ўтиб, воқеани билмакка”. Яхшимуродбой от бирлан кўл сувига кириб, отни сувдин юздириб ўтиб, кўриб келди. Воқеани баён қилди:” Ёвмутларнинг окопларинда кўп ўликлари қолган.Ўзлари тамом қум ичига кириб кетганлар”.

Товариш Волошин отлиқ аскарлар бирлан қумнинг бир тарафидин келиб, ёвмутларни оти, ўзбеклардин талон қилиб келган ҳўкиз, сигир, туяларни, барча жониворларни олиб келдилар. Ҳам сурат воқеани баён қилдилар, ўзбек чўпонлари Илонли деган қишлоқнинг одамлари бўлган.Шундай қилиб, қайтиб келиб, кеча бўлган манзилда қўндик.Ғозиободдин бир ўзбек юзбоши хат келтириб эрди.Дубянский айтди:
-Юзбоши тўхтаб турсин, эрта тонг хат берурман,-деди.

Эрта тонг туриб Ғозиободга аскари таъминотга хат берди.Хат борган ҳамон озуқаларни араваларга юклаб хон Эшоннинг жойига борурмиз, деб, ҳам олиб боратурган юзбошига таъкид қилди: “Ҳеч бир тўхтамасдан, дарҳол етишмакни”. Шунинг бирлан аскарларни ҳам кўчмакка буйруқ қилди. Бир неча соат йўл юриб, хон Эшоннинг жойига келиб тушиб тамоми атрофларга аскарлар қўйди.Ғозиобод тарафидин таъминотдин ҳеч бир хабар бўлмади.Аскарларни ўзлари бирлан бўлган озуқалари тамом бўлган эрди.Товариш Дубянский кўп қистаниб, Яхшимуродбойга буйурди: “Ғозиободга бориб келмакка”.Яхшимуродбой от чопиб кетди. Ярим соатда бориб кўрса таъминот аравалари ўз ўрнида турган эрканлар. Дарҳол таъминот бошлиғига маълум қилиб, араваларни қўштуриб йўлга равона қилиб яна ўзи от чопиб келиб, маълум қилди.Икки-уч соатдин сўнг таъминот ҳам келиб етушди.Аскарлар наҳориларга машғул бўлдилар.

Махфий қолмасинким, Бадиркентдин хат бериб юборган юзбоши йўлда ёвмутларнинг жойларинда қолган баъзий нимарсаларни олмоқ бирлан машғул бўлиб, ҳануз бормаган эркан. Дарҳол ушбу юзбошини киши юбориб олдириб, кўп койиш қилиб, ҳибсга буюрдим.

Маълум бўлсинким, Ғозиободдин чиқиб, Бадиркетга бордук, зуманканда бир жон одам қолмасдин кўчиб кетган эрканлар.Отизларинда тамоми жўгори, тори, шолилари пишиб турур.Кунжиларни ҳам ўриб қолдириб қочиб турурлар.Чиқиб ушбу ёмон одамларни касофатларидин бечора фарағат ўлтирган деҳқонлар хароб бўлганлар.Бир йил бўйи қилган меҳнатларини ташлаб қочиб кетганлар.Тамом калтабон ўғриларнинг касофатларидин.

Маълум бўлсинким, ёвмут ичи кўп обод бўлган эркан.Сувлари кўп, тамоми катта-катта ҳовлилар солганлар.Ҳар жонга қанча таноб ерлари бўлиб, боғ-боғчалар қилган эрканлар.Дарахтлари ҳам ҳавога чиқиб кетган.Мундан қирқ беш йил муқаддам ман ёвмут ичига кириб эрдим, фақат йилғиндан, қамишдан бошқа дарахт йўқ эрди. Ҳозир мунча тараққий қилганлар.Мунинг сабаби ерларнинг кўплиги ҳам миннат пошшоликнинг буларга жорий эрмаслиги турур.Ушбу оқшом шул ерда жойлашиб қўндук.Хивага ҳам хат юбордук, баён воқеаларни ёзиб.Эртанг Хивадин ҳам хат келди.Шундай қилиб, ушбу жойда икки-уч кун туриб, аскарларни ҳар ерда жойлаштириб қўймоқчи бўлиб маслаҳат қилдилар.Шунинг бирлан атрофда турган қоровуллар тўрт ёвмутни тутиб келдилар.Шул ёвмутларни бир-бир тафтиш қилиб сўз сўрадилар.Ҳар бирлари айтдилар: бизлар ўкуз жамоаларининг деҳқонлари. Бизларни ерларни устинда қўйиб, ўзлари кўчиб Ниёз бахшининг авбосига кетдилар, дедилар. Ҳам маълум қилдилар: ўкиз мисли ушоқлар турур. Ўкуз жамоалари бирлан хон Жунайид зиёда қаттиқ душман турур.Агар буларда яроғ бўлмаса дарҳол келиб, буларни дунёдин йўқ қилса керак. Маним фикримча “ ўкуз отлиқларини олиб Бадиркентда қолган аскарлар ичига қўшиб командирга топширмоқ керак”, дедим.

Товариш Дубянский ва ҳам бошқалар қабул қилиб, аҳднома ёзишиб муҳр қилиб, оларга бир дона бериб бизлар ҳам бир дона олдук. Товариш Дубянский Бадиркентда турган командирга хат ёзиб берди.Ўкуз жамоаларидин бир оз отлиқ аскар олиб ўз аскарлари қаторида овқат бериб иш буюрмоққа. Шунинг бирлан Ўкуз катхудолари жавоб олиб хўшлашиб қайтиб кетдилар. Бизлар ҳам ушбу жойда бир рота аскар қолдириб, кўчиб Тошҳовузга қараб равона бўлдук. Ёвмутлар баъзи кўприкларни бузғон эркан.Тузатиб тўпларни ўткариб,Тошҳовуз навкарлари қоровул бўлиб турган ерга яқин келдик.Товариш Дубянский бир отряд отлари бирлан асркарларнинг олдинда эрди.Навкарлар ёвмут аскарлари гумон қилиб ўқ отабошладилар.Алҳосил аскарни ўткармакка имкон бермадилар.Шундай катта аскарнинг 20-25 навкар йўлини олиб ўткармай отишиб турдилар. Охири ўқлари тамом бўлмоққа яқин бўлгандин сўнг қаълага хабар бермакчи бўлиб, от чопиб Тошҳовуз қаъласига кетдилар.Андин сўнг аскарлар йўлга тушиб равона бўлдилар.Қоронғи оқшомда Тошҳовузга келиб биродар Жобберган Қўчқоровнинг жойига тушдик.Биродар Қўчқоров йўқ эркан.Тушиб жойлашиб ўтирдик.Бир-икки соатдин сўнг биродар Жобберган келди. Қоровул навкарлар келиб Собирберганга маълум қилган.Кўп отлиқ пиёда ёвмутлар қумга келиб бизлар бирлан кўп отишдилар.Бизларнинг ўқларимиз тамом бўлди, мунда келдик, деб.Андин сўнг биродар Собирберган қолган навкарларни олиб от чопиб қумга кетган.Бизлар ўтиб мунда келдик.Қумда ҳеч кимни кўрмасдин қайтиб мунда келган. Ман ўз тарафимдан Тошҳовуз ўзбек навкарларига кўп-кўп раҳат ўқирман.20 отлиқ ёвмут шунча аскарни кўриб туриб баҳодирлик кўрсатиб, икки соат миқдори аскарларга йўл бермасдан отишиб турдилар.Андин сўнг Собирберган таом тайёр қилиб наҳори берди. Ҳаммаларимиз ҳориб қолган эрканмиз.Фарағат ётиб истироҳат қилдук.Эртанг туриб қаълада бўлиб турган аскарларни кўриб чиқдик. Ҳам товариш Дубянский ҳар ерларда қўйиб келган аскарларга хатлар ёзиб юборди.Бул кун ҳам ўтди.Эртанг биродар Дубянский маслаҳат қилиб шул қарорга келди, ҳам айтди:
-Тамоми керак ерларда аскар қўйдик. Энди бизларнинг ёнимизда отлиқ аскар оз қолди.Турк фронтидин хабар келди:бир полк отлиқ аскар мунда келмакка. Буйруқ қилган эрканлар.Шул аскарлар тез вақтда келиб қолурлар.Ондин сўнг сизлар бирлан бирга чиқиб Ғозиободдин кириб то Кўҳна Урганчга боргунча тамоми ёвмутларнинг яроғларини олиб ўтиб, хон Жунайидни йўқ қилурмиз,-деди.

Ҳам таклиф қилди: Хивага қайтиб кетмакка.Ман ҳам рози бўлдим.Дарҳол отларни ҳозир қилиб, йўлга равона бўлдик. Келиб Маноққа Нуржон баҳодирнинг жойига қўниб, оқшом шунда бўлиб, эртанг йўлга чиқиб, равона бўлдик.Шоҳободга келиб чой ичдик.Кўрсак ёвмутлар Шоҳобод чорсупасини тамом ўтлатиб, ёндирган эрканлар.Ондин отланиб Хивага равона бўлдик. Вақти пешин соғ-саломат Хивага келиб тушдик.Нуриллабойга ўтирган биродарлар бирлан кўришиб, соғ-саломатлик сўрашиб уйларимизга кетдик.Биродар Ризоаддин Шокиров ўрнидан кетиб, товариш Ашуров унинг ўрнида қолган эркан.

Махфий қолмасинким, ёвмут маҳорабасига кетмасдин бурун Тошкентдин тўғри сим бирлан сўйлашганда Қўшмамадхонларнинг бўлган воқеаларини айтган эрдим.Шул вақтларда Маскавдин Бобоохун ҳам Тошкентга келган эрканлар. Ёнинда ёвмутлардин Мулла Ўроз Хўжа Аҳмад ўғли ҳам Мулла Нурмуҳаммад Бобо ўғли ҳам бор эрди. Биродар Шоликаровнинг айтгани бирлан ушбу ёвмутларни Тошкент хорижий назорати олиб қолган. Бобо охун Тошкентдин чиқиб Бухорога қайтган.

Махфий қолмасинким, Тошкентдин Хивага комил ҳуқуқли вакил бўлиб чиққан биродар Саъдуллахўъжа Турсунхўжаевни Бухорода қолдирганлар. Бир неча вақтдан сўнг товариш Сафоновнинг Хоразмга комил ҳуқуқли вакил қилиб, ёнига Бобоохундин айрилиб қолган Мулла Ўроз ва Мулла Нурмуҳаммадларни қўшиб юборганлар.Булар Чоржавга келганлар. Биродар Шоликаров ҳам ишларини биткариб Чоржавга келган эркан. Сафонов бирлан кўришиб Хивага телеграм берди.”Биродар Сафонов билан борурмиз”, деб. Ондин сўнг булар бир неча кемага ўтириб йўлга чиқдилар.

Махфий қолмасинким, бир неча кунлар Тошкентда ҳам йўлда Мулла Ўрозлар товариш Сафоновга ўзбек ва ёвмутлар ҳақинда кўп ёлғон сўзларни айтиб, соддадил Оврўпадин келган, Шарқ сиёсатидан бехабар товариш Сафоновни инонтирганлар.Ҳукуматнинг ҳақинда ҳам кўп ёлғон сўзлар айтганлар. Оқибат ҳукумат меҳмонларини қарши олиб келмак учун Хонқага фаэтон-аравалар бирлан кишилар юборди. Хивага яқин келган вақтда тамоми ҳукумат одамлари бирлан пешвоз чиқиб кўришиб, сафаратхонага келтириб тушуриб, “хуш келдингиз”, деб хўшлашиб қайтиб кетдик.Меҳмонлар ҳам фарағат бўлиб, ўз жойларинда қолдилар. Ушбу Мулла Ўроз ва Мулла Нурмуҳаммадлар ҳам сафоратхонда Сафоновнинг олдида қолдилар. Эртанг Хоразм ҳукумати катта банкент қилиб вакилларини ҳамроҳлари бирлан таклиф қилди. Тамоми нозирлар банкентга ҳозирландилар. Нутқлар сўзланиб наҳорилардин тановвул қилиб, бир неча соатлардин сўнг хўшлашиб қайтиб кетдилар. Товариш Сафоновнинг сўзлаган сўзларидан маълум бўлдики, у ҳукуматга ёмон кўз билан қараб иш бошлади.

Махфий қолмасинким, биродар Шоликаровни ҳукумат хорижия нозири лавозимига, Жуманиёз Оллақуловни муовини ҳам тижорат шўъбасига мудир қилиб сайладилар.Шунинг бирлан булар ҳам ўз ишларига машғул бўлдилар.

Махфий қолмасинким, товариш Сафонов аввалига Дубянский, Малишевларнинг қилиб қўйган планларини тамом йўқ қилиб, ўзи бошқа турли йўл бирлан иш қила бошлади.Ҳам аввалги ишланиб қўйган тўғрисидин хон Жунайидга ҳам Ғуломалига хат юборди, “фалон кунга Хивага келинглар”, деб. Ҳам манга алам қилгани шуки Сафонов манга,
-Хон Жунайид ва Ғуломалига хат юбордим, фалон куни бунда келурлар,-деди. Ман кулиб айтдим:
-Кўп яхши қилибсиз, келганларидан сўнг кўрурмиз,ушбу хат юборган одамларингиз Сизнинг хатингиз бирлан келмаслар,-дедим.Онда товариш Сафонов айтди:
-Келурлар, хотиржам бўлинг,-деди.

Шунинг бирлан бир неча кунлар ўтиб кетди, булардин ҳеч бир хабар бўлгани йўқ. Албатта товариш Сафонов ёвмутларнинг аҳволи-руҳияларини қайдан билсин. Ёнинда бўлган Мулла Ўроз ва Мулла Нурмуҳаммадларнинг ёлғон сўзларини эътиборга олиб иш қилиб туриб турур. Ҳам Мулла Ўроз нечук одам эрканини ҳеч билмас турур. Ҳукумат тарафидин ёвмутлар сиёсатини билатурғон бир одам бир сўз эътибор қилмасдан ҳамон ўзининг ғалат ишини қила бошлади. Товариш Дубянский ҳам қайтиб кетмоққа мажбур бўлди. Нечунким Дубянский ёвмутлар аҳволотини кўп яхши англаб эрди. Товариш Сафоновнинг тутган сиёсати Хоразм учун кўп зарарли эрди. Ҳукумат арбоблари Тангрига таваккал қилиб қараб ўлтирдилар. Нечунким, тамоми аскарларнинг ихтиёри шуларда эрди.

Махфий қолмасинким, Сафонов келмасдин бурун Шоликаровнинг ўрнига товариш Малишев қолган эрди. Бир кун катта қўшма мажлис қилиб, ушбу йилда аскарларни ўзларига ҳам отларига қанча буғдой, жўхори, култа, гурунч даркорлиги ҳақинда рўйхат қилиб кўрсатилди. Ҳам алам қилди, вақфларнинг ижараларини олиб аскарларни таъмин қилмоққа таклиф этди.Баъзи нозирлар бунга қарши сўзлаган эдилар.Аларга дуруст сўзлар бирлан рад қилди. Охири сўзлар узоққа кетди.Ман тоқат қила билмай товариш Малишевга қараб айтдим:
-Сиз хотиржам бўлинг, ман ҳукумат бошинда ўтирган вақтимда кўп асрлардин бўлиб келган вақф ҳамон ўз ўрнинда бўлиб, хизмат қилиб юрган мулла, муаззинларга мувофиқ вақфнома берилиб турса керак. Ҳам тарихларда палон одам ҳукумат бошинда ўтирган вақтинда кўп асрлардин буён бўлиб келган вақфлар барҳам бўлиб, масчит ва мадрасалар хароб бўлиб қолди, деган сўзни ҳеч эшитмакка тоқатим йўқ турур. Ҳозирдин сизга маълум қилурман.Сиз бул иш ҳақинда ҳеч бир тараддуд қилманг.Агар мундин зиёда зўрлик қилсангиз, ман сизни ҳам ўзимни ўлдириб, тарихларда шўролар ҳукумати Хоразмда қўйган комил ҳуқуқли вакилнинг қилган номувофиқ ҳаракатларига тоқат қила олмай ўзини ўлдирган, деган сўзни эшитурман,-дедим.
Ондин сўнг товариш Малишев аввалги жадалидан бир оз бўшаб айтди:
-Сиз аскарларнинг овқатига нима қилурсиз,-деди.
Ман жавоб бердимким,
— Аскарларга қанча буғдой . жўхори, гурунч керак бўлса сиз манга ёзиб беринг, ман ўзим қайдан олсам, шундан олурман.Алҳосил, аскарларнинг бир йиллик овқатини таъмин қилурман,- дедим.
Шунинг бирлан мажлисни тамом қилиб, ҳамма қайтиб уйларимизга кетдук. Алҳосил вақфлар тўғрисинда бир кун бир сўз эшитиб ҳайрон бўлиб турар эрдим. Товариш Сафонов бўлсин ул киши ҳам бутун бошқа бир йўл бирлан ҳужум қила бошлади.

Махфий қолмасинким, нозирлар ҳар ҳафта бирларини уйига зиёфатга бориб, уч-тўрт соат ўтириб сўзлашиб қайтар эрдилар.Бир кун ман Сафоновнинг олдига борган эрдим, бир сўздан сўнг Сафонов айтди:
-Товариш Юсупов ўтган оқшом молия нозири Муҳаммадпанобойнинг уйинда нечук пинҳоний мажлис қилдингизлар?,-деди.
Ман айтдим:
-Ҳеч бир пинҳоний мажлис қилганимиз йўқ турур.Муҳаммадпанобой зиёфат қилди.Бориб уч-тўрт соат ўтириб наҳори қилиб қайтдук.
Ондин сўнг у айтди:
-Ўтган кун Бобоохуннинг ҳужрасинда нишладингизлар?-деди.
Ман айтдим:
-Бобоохун Маскавдин келгани учун уйига чақириб, зиёфат қилди, бошқа ҳеч гап-сўз бўлгани йўқ,-дедим.

Онда товариш Сафонов қаҳрланиб айтди:
-Товариш сизлар хабардор бўлинг бир кугуртдин Маскавни ўт олди деган мақол бор турур. Ман сизларнинг ишлаб ҳам қилиб юрган ишларингиздин огоҳ турурман,-деди.
Ман айтдим:
-Бизлар ҳеч бир иш ишлаганимиз йўқ ҳам ҳеч бизларни ондай сўзлар ёд хаёлимизда йўқ турур.Фақат бизлар халқнинг хизматлари бирлан машғул турурмиз.Бошқа ҳеч бир фаҳмни билмасмиз.Сиз кўп яхши айтдингиз, энди мундин сўнг нозирлар бирлан ҳукумат жойидан бошқа жойда ҳеч йўлиқмасмиз, хотиржам бўлинг,-дедим. Ҳам шунинг бирлан чиқиб кетдим.Ҳукуматга бориб, ҳамма нозирларга бўлган воқеани айтдим. Алар ҳайрон бўлиб қолдилар.

Алҳосил товариш Сафонов ҳар кунда партияга бориб, ҳукуматга қарши ҳар турли сўзларни сўзлаб, агитация қила бошлади.Ҳам ҳар турлук қонундин ташқари ҳужум қилиб, ҳукуматга хатлар ёза бошлади.Андин сўнг нозирлар бирла маслаҳат қилиб шул қарорга келдук: Тошкентга икки киши юбориб Сафоновнинг чорасини кўрмоққа. Биродар Мулла Жуманиёз Султонмуродов ҳам Мулла Обдаловни юбормакни ҳозирлаб қўйдук.

Махфий қолмасинким, нозирлар шўросига маълум қилмасдин Сафоновнинг амри бирлан ҳарбия нозири Ҳасанов сиёсий идора ташкил қилиб Мусаев деган бир бошқирд йигитини бошлиқ қилиб қўйган. Бир кун нозирлар шўросининг мажлиси бўлди. Сафонов, Ҳасанов ва Ривокинлар ҳам бор эрди. Шул вақтда зироат нозири биродар Ҳаким Божибон бир хат келтириб манга берди.Вақф ҳақинда эркан. Албатта Ҳасановларнинг кўрсатуви бўйича бўлса керак.Хатнинг мазмуни бундин иборат турур: Подшолик ерларини вақфини бермакми ё йўқми? Бовужуд ман биродар Ҳаким Божибонга айтиб эрдим:
-Банкдин ақча олиб вақф ерларни мутаваллиларга беринглар!-деб.
Шунинг бирлан ҳам биродар Ҳаким Божибон бу лаҳзаларнинг киргизган маъниси шул бўлса керак, бир ғавғо бўлсин, деб.Андин сўнг вақф ҳақинда сўз бўлиб кетди.Товариш Ҳасанов сўз олиб кўп сўзлар ҳам айтди:
-Ҳеч вақтда партийни одам вақф деган нимарсаларни ҳеч қабул қилмас турур,-деб сўзни тамом қилди.

Товариш Сафонов бўлсин, Ривокин бўлсин шул мазмунда сўзлар айтдилар.Охир ман ноилож шунга таклиф қилдим:
-Вақф масаласи бўлса катта бир масала турур. Биринчи қурултой бизларга топшириб кетиб эрди. Соғ-саломат иккинчи қурултойга элтиб топшириб доклад қилурмиз.Агар қурултой бермакка буюрса, андин сўнг берулсин.Агар қурултой бермасликка қарор қилса, шунинг бирлан иш тамом бўлур,-дедим.
Сафонов маним таклифимни маъқул кўрди.Товушга қўйиб қарор қилиб қўйилди.

Бир кун Сафоновнинг олдига бориб эрдим, айтди:
-Туркманлар учун Пўрси қаъласинда бир қурултой қилиш керак.Ўзбекдин ҳам ҳукумат одамларидин ҳеч ким бўлмасин.Фақат ман ўзим бориб туркманларнинг кўнглинда нима мақсадлари бор, шуни англаб келурман.Сиз нечук кўрарсиз?,-деди.
Ман айтдим:
-Ихтиёр сизда турур,-дедим. Нечунким, ман билурман бул қурултойнинг бўлмагига аввалдин ҳозирлик қилиб қўйилган турурлар.

Махфий қолмасинким, Сафоновнинг кўрсатуви бирлан сиёсий идора агитация қилмоқ учун ҳар тарафга одамлар юбориб , бозорларда халқни жамлаб ваъз қила бошладилар.Шул жумладин бухоролик Хўжаев деган идоранинг одами Қиёт- Қўнғирот (Қиёт-Қўнғирот хонлик давридаги ноиблик бўлиб, Хоразм вилоятининг ҳозирги Янгибозор тумани ҳудуди ҳисобланади-У.Б.) бозорида сўйлаган: ҳеч бир муллага вақф учун ғалла берманг, деб. Шул вақт эртадин деҳқон келиб маълум қилган, “ палон мулла меним вақфимни бергил деб тутиб турур”, деган. Онда Хўжаев қўлига хат берган, мулла вақф деб даҳл қилмасин, агар қабул қилмаса чора кўрар, деб. Қиёт- Қўнғирот одамлари жам бўлиб Хивага ҳукуматга хат ёзганлар. Шул мазмундаким, агар бозорларда агитация қилиб юрган одамлар бизларнинг диний вақфларимизни йўқ қилмоқчи бўлиб юрсалар, бизлар тамоми Қиёт-Қўнғирот халқлари номидан норозилик баён қилурмиз, деб.

Бир кун ҳукуматда мажлис бўлиб турган вақтда товариш Сафоновни ушбу ариза хатини кўрсатиб ҳам таржима қилиб тушунтирдик.Онда Сафонов айтди:
-Сиёсий идоранинг ҳақи бор турур халққа ҳар турлук сўзларни агитация қилиб тушунтирмакка.Лекин вақфни олинмасин деб, Хўжаевнинг хат бергани ҳеч дуруст эрмас турур,Хўжаевни ҳукмга бермак керак,-деди.
Ҳам яна айтди:-Сизлар тарафдин ҳам агитация бўлсин. Қайси тарафнинг сўзларини қабул қилсалар ихтиёр халқнинг ўзида турур.Ондин бошқа ҳукуматнинг агитацияни тўхтатмоққа ҳақи йўқ турур.
Шунинг бирлан нозирлар шўроси ҳам халққа хитобнома тузиб, бир неча ададни бостирмоқ учун матбуаага берди. Икки кундин сўнг товариш Сафонов Пўрсига туркманлар қурултойини чақирмоққа кетди. Ўрнинда товариш Ривокин қолди. Нозирлар шўроси биродар Мулла Жуманиёз ҳам Мулла Муҳаммаджонларга мандат бериб, Ривокиндан тасдиқ қилдириб, Тошкентга юборди.

Махфий қолмасинким, матбаада сиёсий идора бошлиғи Мусаев эрди. Мусаев туркманлар қурултойига кетганлигидан муовин Файзи Раҳмон Ваисов турган эрди. Нозирлар шўроси матбаага берган хитобномани савол қилди. Ваисов айтди:
-Ман хитобномани нусхасини йўқ қилибман, бошқа нусха бўлса беринг,-деди.
Ман буюрдим, дарҳол ёзиб бердилар. Бир неча кунлар ўтиб кетди. Ман матбаа ходимларини чақириб, такрор сўраб, койишроқ қилдим. Онда ходимлар айтдилар:
-Ваисов рухсат қилмас турур, бизлар ноилож қилурмиз,-дедилар.

Ман қаҳрланиб айтдим:
-Матбаа Хоразм ҳукумати ихтиёрида бўлса керак, нечун Ваисов ман қилур,-дедим. Ҳам яна айтдим:
-Дарҳол бостириб бермасангизлар матбаани қўйдириб тамомингизни хизматдин чиқаруб юборурман,-дедим.
Хизматкорлар “дарҳол босиб келтирармиз”, деб кетдилар. Бориб Ваисовга маълум қилганлар. Ваисов дарҳол сафаратхонага Ривокин олдига бориб, баён воқеани айтган:
-Ушбу хитобнома бирла қишлоқларга борса, ҳеч бир киши бизларни одамларимизнинг сўзларига қулоқ солмай дарҳол қайтариб юборурлар. Ман бул вақтга қадар тўхтатиб, нозирлар шўроси матбаа ходимларини олдириб, қаттиқ буйруқ қилдим: дарҳол 50 ададни тайёр қилиб келинглар, бўлмаса матбааларингизни ёпурмиз, деб.Хизхматкорлар келиб айтдилар.Ман сизнинг олдингизга келдим.

Бир илож қилмасангиз ёмон бўлар,- деган.
Товариш Ривокин ички ичиб маст бўлиб ўтирган эркан, мастлик ҳолинда Ваисов бирлан келиб, мани ичкарига олиб кириб қаҳрланиб айтди:
-Сизларнинг ушбу хитобномаларингиз шўролар ҳукумати қонунига хилоф турур.Агар ушбу хитобномаларингизни шўроларга юборсангиз гўё шўролар ҳукуматига қарши ҳаракат қилган бўлурсизлар.Ҳам ман ҳеч қўл қўймасман, хитобномаларингиз босилсун, -деб.
Бир неча “дуруст” сўзлар айтди шу тариқа Ваисов.Ман кўрдим, товариш Ривокин маст турур. Ноилож бўлиб айтдим:
-Агар шўролар ҳукуматининг қонунига мувофиқ бўлмаса қолсин.Лекин товариш Сафонов айтиб эрди сизлар ҳам агитация қилмоққа ҳақингиз бор турур, деб.Шунинг учун хитобномаларни қилиб эрдиким, хомуш бўлдим. Биродарлар ўзларингиз ҳисоб қилиб кўринглар.Бир мустақил ҳукуматнинг олдинда турган соғирнинг қилиб турган зўрлигини, албатта қонундин ташқари бир зўрлик турур.

Махфий қолмасинким, биродар Бобоохун эшон бизларнинг бўлиб турғон аҳволимизни кўриб адлия нозирлигидан истеъфо қилди. Мажлис қабул қилиб, Юсуф Муфти охунни адлия нозири қилиб сайлаб қўйилди. Бобоохун эшонни нозирлар шўросининг раисига комил муқим қилиб қўйди. Шунинг бирлан Бобоохун Эшон истироҳат учун Гурланга ўз уйига кетди.
Сафонов Пўрси қаъласига бориб тамомий туркманларга хабар қилган, вакиллар юборинг деб.Туркманлар ўз одатларича катхудо, муҳрдор одамларни сайлаб юборганлар.Вакиллар келиб бўлгандин сўнг президиумга Мулла Ўрозни, Мулла Нурмуҳаммад яна бировларни аъзо қилиб мажлисни очиб, Сафонов кўп сўз сўйлаган.Тамомий сўзларни фаҳми шул бўлган: “ҳозирги ҳукуматга қарши таклиф қилган бир неча мақсадларингиз бўлса ушбу қурултойда изҳор қилинглар.Шуни қарор қилдириб ўтказармиз”, деди. Туркман катхудолари айтганлар: “Бизлар мақсадларимизни хатга ёзиб берармиз” деб. Андин сиёсий идора бошлиғи татар Мусаев сўз олиб чиқиб кўп сўзлар сўйлаган.Сўзлаган сўзлари шул бўлган: “ тамомий ҳукуматни ёмонлаб туркманларни ҳукуматга қарши қилмоқдан иборат бўлган”. Туркман вакиллари айтганлар: бизлар санинг ҳеч бир сўзингни тушуна билмадик.Бизлар ҳукуматдин ҳеч бир ёмонлик кўрганимиз йўқ турур, деб жавоб берганлар. Ҳарбия нозири Ҳасанов ҳам кўп сўзлаган.Шунинг бирлан мажлис ёпилган.Мусаев, Ҳасановлар Қўнғиротга ўтиб кетганлар.Эртанг яна мажлис очилган. Туркман вакиллари талабнома хатларини мажлисга қўйганлар.Мазмуни шундан иборат турур: талабномадин асли адо бўлган бизларни фарағат қилиб Жунайид ҳам бошқа ёмонларни йўқ қилиб, бизнинг ҳам масчиту-мадрасаларимизни обод қилиб, тамомий вақфларимизни ундириб вазифахўрларга топширмоқни қарор қилинг.Ҳам тамоми ишларимизни мувофиқ шариат ижро қилмоққа қарор қилинг. Ва бошқа моддалари ҳам бўлса шундай сўзлар бўлган. Сафоновнинг тутган плани бўлмагач маъюс бўлиб қолган. Ушбу талабномани қарор қилинглар.

Андин сўнг Сафонов Пўрсида туркман исполнителний бюро ташкил қилиб, Мулла Ўрозни раис, Мулла Нурмуҳаммад ва бошқаларни аъзо қилиб сайлаб қўйган. Андин сўнг қурултой тамом бўлган. Пўрсида туркманларга тўй берган ҳам от чоптирган. Хивага киши юбориб “туркман отларига байроқ учун пичоқ ҳам сарпойлар олиб юборилсин “ деб, Ривокинга хат юборган. Ривокин келиб мазкур нимарсаларни ҳукумат амиридан сўради. Бир неча бахмал чакмонлар ҳам икки адад олтин қинли пичоқ бериб юбоилди. Тўйни тамом қилиб қайтиб Хивага келди. Бир кун мажлис бўлди.Товариш Сафонов Пўрсида қурултойда бўлғон ишларни ҳам қарорларни доклад қилмоқчи бўлиб сўз олди ҳам айтди:
-Пўрсига вакиллар чақирдук.Туркманлар аввалги одатлари бўйинча катхудо, оқсоқол, муҳрдорларни сайлаб юборганлар.Мулла, эшонлари ўн уч моддалик бир талабнома ёзиб берган эрканлар. Шуни ўтказмоқни талаб қилдилар, қурултой қарор қилди.Ман бир туркмандин сўрадим, ёзиб берган хатларингиз нечук хат турур, дедим. Онда айтди, “бизлар нима билурмиз, мулла эшонларимиз ёзиб бердилар”, деб жавоб берди, ҳам айтди.Пўрсида тузилган исполнителний бюрога мундин талон-тарож бўлган одамларнинг кетган молларини ёзиб қўлларига беринг.Исполнителний бюрога борсунлар.Туркманлардин моларини олиб берурлар, деди. Ҳам буюрдилар: шул кундин эътиборан бир неча девонларга буйуринг, тамомий талон-тарож бўлган молларни алоҳида ёзсинлар.Туркманлардин олинган бир неча юз адад от, туя, мол қўйлар бор турур. Етишига лойиқ тақсим қилиб берурмиз,-деди.

Кўп яхши деб дарҳол бир неча девонларни жамлаб рўйхат қилмоққа буюрдик.Ҳам бозорларга жар чектирдик. Тамоми талон-тарож бўлган молларни келиб девонларга рўйхат қилдурсинлар, деб. Шунинг бирлан бир неча кишининг ичинда халқ келиб, рўйхатга бердилар.Ҳам рўйхатнинг копиясини олиб товариш Сафоновга юбордилар. Мундин ҳам ҳеч натижа бўлмади. Туркманлардин олинган молларни Тўрткўлга ўткариб юбордилар. Талон бўлган одамлар ҳукуматга аризалар бердилар.Нозирлар шўроси молларнинг ададларини хат қилиб, қўлларига бериб айтди: “сизлар ушбу хатни Пўрсига исполнителний бюрода Мулла Ўрознинг қўлига элтиб беринг.Мулла Ўроз молларингизни олиб берур”, деб. Шунинг бирлан мусулмонлар Пўрсига кета бошладилар. Мусулмонлар бекорга ишларидан қолиб, машаққатлар чекиб бир неча кунда пиёда, сувора Пўрсига бориб, Мулла Ўрозга рўйхатларини кўрсатиб маълум қилганлар. Мулла Ўроз “ ёвмут катхудоларига хат ёзарман, бир неча кун сабр қилинглар”, деган. Мусулмонлар бир неча кун бўлиб, ҳеч бир жавоб бўлмагач, қайтиб келганлар.Ондин ҳам ҳеч бир натижа бўлмади. Албатта туркманлар сиёсатидан хабарсиз Оврўпали биродарлар туркманлар сиёсатини билмасдан баъзи ёлғон бир турлик айтган сўзларга ишониб бечора ҳукуматнинг қилиб турган тўғри сиёсатини хароб қилурлар. Бир неча вақт исполнителний бюродин ҳеч бир иш чиқмасдин ўз-ўзидан тарқалиб кетди.Товариш Сафонов баъзи биродарлар бирлан биргалашиб ҳукуматга қарши иш қила бошлади.Бизлар ҳам қилиб турган зўрликларини Тошкентга биродар Султонмуродовларга шифрли телеграм бирлан маълум қилиб турдик.Ушбу вақтда Ашхабоддин Туркфронтдин аскарий сиёсий идорани одамлари келиб қолди. Шуларнинг ичинда 1919 йилда Тоза Урганчда маълум бўлиб турган Ўринбург (Оренбург-У.Б.)лик, Шокир Сиддиқов ҳам келди. Бул киши 1917 йилда Тошкентда ҳам баъзиларни ёнимизда бўлиб, инқилоб қўмитамизда бир неча кун хизмат қилиб эрди. Бизлар шод бўлиб, бул кишини маориф назоратига белгилаб, сафаратхонага хат бердук.Биродар Сиддиқовни ҳукумат қарамоғига юборинг, деб.

Маълум бўлсинким, нозирлар шўросинда мажлис бўлди. Баъзи масалалардин сўнг ман айтдим:
-Энди иккиланчи қурултой учун ҳозирлик кўрмак керак,-деб.
Сафонов айтди:
-Албатта мартнинг ўн бешинчисида қурултой чақирмоқ керак,-деди.Ҳам таклиф қилди:-Ушбу мажлисда қурултой учун комиссия ташкил қилмоқ керак, -деб тайинлаб кўрсатди. Сўнг яна айтди:
-Нозирлар шўроси биродар Сиддиқовни сўраб хат ёзди.Комиссияга бирланчи Сиддиқов, иккиланчи Ҳасан Муҳаммаджонов, учинчи ҳукуматдин бир одам бўлсин,-деди.

Мажлис биродар Бобожонбой Ёқубовни қўшди. Шунинг бирлан ушбу баён бўлган одамларни сайлаб, тасдиқ қилиб қолдирдилар.Қурултой комиссиялари ўз ишларига машҳурлик қилдилар. Бир кун комиссиянинг дастурал амалини нозирлар шўросига тасдиқ учун киргиздилар. Мазмуни шул турурким: Комиссия қилган ишларини ҳар ҳафтада нозирлар шўросининг раисига кўрсатиб тасдиқ қилдирмоқ.Ҳам бошқа нима иш қилса нозирлар шўросини мажлисинда кўрсатиб ўтказмак.Ҳам комиссия ўз ишига мустақил турур, деган.
Мажлисда кўп музокаралар бўлди.Товариш Сафонов ҳам комиссияларни ушбу дастуриламалини тасдиқ қилдирмакка кўп ғайрат қилди. Кўп музокарадин сўнг ман айтдим:
-Комсиссиянинг мустақил ҳаракатини нозир шўроси қабул қилмаса нечук бўлур?,-деб савол бердим.

Комиссиялар айтдилар: “агар нозирлар шўроси қабул қилмаса ул вақтда бекор бўлур”, дедилар. Ман айтдим:
-Ондак бўлса музокара ҳеч ҳожат эрмас турур.Комиссияларни ҳозирлаган ишларини мажлисда кўрарсизлар, агар номувофиқ бўлса ул вақтда қабул қилмассизлар,-дедим.
Шунинг бирлан ушбу дастуриламал тасдиқ қилиб берилди.Шунинг бирлан комиссиялар қурултойга нечук вакиллар сайламоқ, ҳам кимларни қабул қилмоқ, ҳам кимларни рад қилмоқ, ҳам қайси тартибда вакил сайламоқ, шуларнинг ҳозирлиги бирлан машғул бўлдилар. Биродар Сафонов қурултой учун 19 моддалик дастуриламал ҳозирлаб русча ёзиб берган эркан. Ушбу русчани таржима қилмоқ учун нозирлар шўросининг таржимони биродар Насруллабой Мусабековга ҳавола қилдилар.Биродар Мусобеков таржима қилмоққа машғул бўлди.Ушбу дастурил амалнинг мазмунини англаб дарҳол Тошкентга биродар Султонмуродовга шифрли телеграм юбордик. Тез вақтда қурултой ҳақинда бир илож қилмоққа. Бир куни комиссия маним якка ўзимни мажлисларга таклиф қилди. Онда товариш Сафонов ҳам Мусаев ҳам рус сиёсий идора бошлиғи бор эркан. Таржима бўлиб битган дастурил амални ўқиб кўрсатди. Ҳам таклиф қилди, тасдиқ қилиб қўймоққа. Ман айтдим:
-Ушбуни ўзим бошдан оёқ ўқиб чиқдим.Кўрсам тамоми мамлакатнинг аҳволи руҳиясига хилоф тузилган дастурил амал турур.Ушбу дастурил амални тасдиқ қилмоққа ожиз турурман. Эртанг нозирлар шўросининг мажлисинда қўйиб маслаҳат қилиб кўрармиз,-дедим.
Дарҳол Сафонов қаҳрланиб айтди:
-Комиссияга нозирлар шўроси ҳуқуқ берди, ўзининг қилган ишларида комил ҳуқуқли деб. Шунинг бирлан Сизлар тасдиқ қилмасангизлар ҳам ушбу дастуриламал амалда турур,-деди.

Ман айтдим:
-Комиссияларнинг қолғон ишларини нозирлар шўроси тасдиқ қилмаса ҳеч қабул эрмас турур,-дедим.Ҳам таклиф қилдим, эртанг мажлисга қўймоққа. Андин сўнг Сафонов айтди:
-Яхши, эртанг мажлис бўлсин. Мажлисда кимлар тарафдор, кимлар қарши, шуларни марказга билдирмак даркор турур. Мунга товариш Юсупов қарши, Бобожонбой Ёқубов тарафдор,-деб қўйди.
Ман айтдим:
-Албатта ман қарши турурман,-дедим. Шунинг бирлан бу масала эртанг мажлисга қолди. Ушбу вақтда сиёсий идора бошлиғи Сафоновдан арава талаб қилди. Қўнғирот тарафларга бир неча артистлар юбориб, театрлар қўйиб қайтмоқ учун.
Сафонов айтди:
-Ина товариш Юсупов,-деди.

Ман айтдим:
-Ўтган кун аравалар тўғрисинда сафаратхонага хат ёзиб юборган эдим. Деҳқонларнинг экин вақтлари яқинлаб келди. Арава тўғрисинда бир чора кўрсангиз эркан, деб. Албатта аравалар тўғрисинда бир илож қилмасангиз деҳқонлар экишдин қолиб хароб бўлмоқ эҳтимоли бор турур,-дедим.
Товариш Сафонов айтди:
-Албатта деҳқонларнинг араваларига даҳл қилмасдан қаъла ичиндаги бойларнинг аравасини олмоқ керак,-деди.
Ман айтдим:
-Қаъла ичиндаги аравалар ҳам қаъла атрофиндаги деҳқончилик араваси турур,-дедим.
Онда Сафонов айтди:
-Сиз маним ёнимга бир милиция қўшинг, ман қаъладин минг арава топарман,-деди.
Ман яна айтдим:
-Кўп яхши ўн арава топсангиз ҳам ман қойил турурман,-дедим.

Шунинг бирлан эртанг мажлис қилмоқчи бўлиб туриб кетдик. Ман уйга келиб баъзий биродарлар бирлан маслаҳат қилиб ҳайрон бўлиб, Тангрига таваккал қилиб қолдик. Эртанг 1921 йил 3 март эди. Нуриллабойга бориб зироат нозироти бўлатурган жойга жамлашиб тамоми нозирларни ҳозир қилиб, Сафоновга мунтазир бўлиб ўтирдик. Сафонов ҳам келди. Андин сўнг мажлисни очдик. Дастукил амални ўқиб нозирларга тушунтира бошладим. Шул вақтда Мусаев Сафоновга айтди:
-Мана кўринг мажлис раиси товариш Юсупов нозирларга агитация қилиб турибди.
Ман қаҳрланиб айтдим:
-Раислик сифатим бирлан ўз аъзоларимга тушунтирмакка ҳақим бор турур. Агарда тушунтирмакка ҳам йўл бермасангизлар ман ҳозирдин эътиборан раисликни ташладим,-деб ўрнимдан туриб пастга тушиб ўтирдим. Сафонов ва бошқалар ҳайрон бўлиб қолди.Андин сўнг Сафонов сўйламакчи бўлиб кимдан рухсат олмоққа ҳайрон бўлиб турди. Шундин тамоми нозирлар манга тавалло қилиб айтдилар:
-Ҳеч бўлмаса мажлисни ўтказинг.Андин сўнг ташланг,-деб ўрнимга ўтказдилар.Алқисса кўп яхши савол ва жавоблар бўлди.Охириким Карим Қори Ниёзий таклиф киргизди. Дастурил амални қолдириб кетмакка.Нозирлар ўзлари қайтадин кўриб мувофиқ бўлганини ўчириб қолдирмоқ, шунга қарор бўлиб Сафоновлар қайтиб кетдилар. Андин сўнг нозирлар қолиб маслаҳат қилиб бир икки моддасини қолдириб, ўрнига бошқа бир сўзлар зам қилиб тарқаб кетдилар. Ушбу чоршанба куни эрди. Эртанг жума куни байрам бўлгани учун маҳкама ёпиқ эрди.

Махфий қолмасинким, ушбу 4 мартда жума куни Сафоновларнинг маслаҳатлари бирлан ўрис аскарбошлиқлари тамоми аскарлар бирлан келиб, тўп, пулемёт ва музикалари бирлан, отлиқ ва пиёда қуролланган аскарлар бирлан шаҳарнинг тамоми ерларини айланиб чиқиб, қаъланинг ташқарисига намозгоҳ дарвозасинда тамоми меҳнаткашларни йиғнаб митинг қилғонлар.Сўзнинг маъноси шул турур: бу ҳукуматингиз бойлар ҳукумати турур. Бул ҳукуматни тушириб, ўрнига камбағалларни нозирлар қилмоқ керак, деб. Шул вақтда камбағал меҳнаткашлардин Раҳим Холмас деган айтган:
-Биродарлар бул сўзларингиз нечук сўз турур, бизлар ҳеч тушунмадик. Мумкин бўлса бизларга жавоб беринглар.Бизлар яхши маслаҳат қилишиб ондин сўнг жавоб айтурмиз,-деган. Шул вақтда “сан қарши экансан” деб тутиб олиб бир неча милтиқ отганлар. Халқ қўрқиб ҳар тарафдин қочиб кетганлар. Шунинг бирлан аскарлар “ура! ура!” деб қичқириб қайтиб ўтиб кетдилар. Шул вақтда Жуманиёз Оллақулиев Тошкентдин Мулла Жуманиёз Султонмуродовдин ҳозир келган шифрли телеграмни келтириб ўқиди. Ёлғон эркан: “мундин қурултой учун махсус комиссиялар борур.Товариш Сафоновнинг қурултой ишларига ҳеч даҳли йўқ турур. Қурултой комиссияларини ишдан тўхтатинг”,деган.

Махфий қолмасинким, меҳнаткашлар намойишидан қайтиб келиб ўзлари мажлис қилиб ўрис аскарлари ҳам сиёсий идора бошлиқларининг ушбу қилган зўрликларига ҳам меҳнаткашлардин Раҳим Холмасни арестоват қилганларига, шул митинг қарорларига норозилик изҳор этиб, қарор қилиб протоколларини сафаратхонага ва нозирлар шўросига юборганлар. Эртанг 5 мартда сешанба куни ҳукумат аъзолари Нуриллабойга ҳукумат жойига келиб ўз ишларига машғул бўлдилар. Нозирлар шўросига ҳамма нозирлар ва ишчиларни чақириб, Тошкентдин келган телеграмни маълум қилиб, қарор қилдик: ҳозирдан эътиборан қурултой комиссияларини ишдан тўхтатиб қўймоққа.Ҳам комиссияларга расмий хат юбордик: ишларингизни қўйиб туринглар,Тошкентдин қурултой комиссиялари келгунча, деб.Ҳам Тошкентга телеграм бермакка буйурдик.Шул вақтда Сафоновдан телефон келди,” мажлис ҳозир бўладими?” деб. Жавоб бердик:
-Бул кун мажлис йўқ,-деб.

Онда Сафонов айтди:
-Маним бир муҳим ишим бўлиб қолди, сизларни кўрмакчи турурман,-деб.
Бизлар айтдук:
-Келишингиз мумкин турур,-деб жавоб бердик.
Дарҳол Сафонов келиб қолди.Қўлинда меҳнаткаш шўросидан норозилик баён қилинган протокол копияси, ҳам айтди:
-Бул нечук сўз турур.Сизлар айтибсизлар, рус аскарлари деб.Бавужуд онда тамоми Хоразм аскарлари бўлган. Ҳеч бир рус аскарлари бўлмаган. Онда меҳнаткаш маҳкамасини муваққат раиси Отажон Қаландар туриб айтди:
-Ҳай биродар Хоразм аскарларидан бир ҳам аскар йўқ эрди.Фақат сиёсий идорада бўлиб юрган қоровул аскар бор эрди. Бошқа тамомиси рус аскарлари эрди. Ҳам биз меҳнаткашларни арестоват қилгандек ўртага олиб, сўкиб, ҳақоратлар қилиб, ҳеч бир сўз сўйламакка эрк бермай кўп қонундин ташқари ҳаракат қилдилар,-деди.

Шул вақт диний комиссия вакили татар Раҳим Муҳаммаджонов айтди:
-Ушбу ишлар ҳеч бўлгани йўқ турур.Фақат намойиш эрди.
Онда Отажон Қаландар айтди:
-Санинг сўзинг бутун ёлғон турур, ўзинг ўртада туриб ушбу бойлар ҳукуматини йўқ қилмоқ керак, деб сўйлаб турмадингми, -деб ғовға қилиб қолдилар.
Шунинг бирлан Сафонов айтди:
-Эртанг аскарларни мунда келтириб сўрамоқ керак. Дарвоқеа ушбу айтилган сўзлар бўлса аскарлар гуноҳкор турурлар.Ва агар меҳнаткаш маҳкамаси ёлғондан туҳмат қилиб айтган бўлса, ул вақтда жазосини бермак керак,-деб ҳарбия нозири Ҳасановга буюрди:-эртанг аскарларни Нуриллабойга келтирмакка.

Шул вақтда Жуманиёз Оллақулиев телеграмхонадин келиб эрди. Сўз олиб айтдим:
-Ушбу телеграмхонада Хоразм ҳукуматига даракму?,-деб.
Бу саволга маним ўзим жавоб бердим:
-Албатта Хоразм ҳукумати тамоми харажатларини бериб тургандин сўнг ҳам Хоразм ерида бўлгандин сўнг ҳукуматга дарак турур,-дедим.
Ондин Жуманиёз Оллақулиев сўнг маълум қилди:
-Ушбу ҳукуматнинг Тошкентга юборган шифрли телеграмни қабул қилиб олмади. Айтди:-кеча товариш Сафонов айтди: ҳукуматнинг шифр бирлан юборган телеграмини қабул қилиб олманг, деб. Бул нечук сўз турур. Хоразм бир мустақил ҳукумат бўлса, телеграм , телеграмхона ўзига дарак бўлса?

Онда Сафонов айтди:
-Дуруст, ҳукумат Руссияга телеграм берса, албатта комил ҳуқуқли вакили билмак даркор турур. Агар ҳукумат бошқа давлатларга телеграм юборса, яъни Туркия,Эрон, Афғонистонларга шифрли телеграм юборса, ул вақтда ўз ихтиёри турур,-деди.
Онда ман айтдим:
-Ажабо, бул нечук сўз турур. Агар ҳукумат бошқа давлатларга шифр бирлан телеграм юборса, ул вақтда Руссия комил ҳуқуқли вакили гумон қилса дуруст бўлса керак.
Бавужуд Хоразм ҳукумати Руссия шўролар ҳукумати бирлан иттифоқда бўлган бир ҳукумат турур.Яна эҳтимол бор, Руссиянинг Хоразмда қўйган комил ҳуқуқли вакили Хоразм ҳақинда бир ёмон иш қилган бўлса, ушбу комил ҳуқуқли вакилнинг қилган номувофиқ ишларини ёзиб, телеграм бермакчи бўлса, онда ҳам жаноб вакилни ўзидан рухсат олиб юбормак даркор бўлса керак.Ул суратда Руссия тарафидан қўйилган вакил афанди бир диктатор бўлса керак. Ул вақтда ўзларидан ҳеч бир ҳукумат қўймоқ ҳожат бўлмаса керак,-дедим.
Шунинг била Сафонов Тошкентдин рухсат олиб берурман, деб бул сўзни тамом қилди.Ондин сўнг дастури амалнинг 15 моддасини музокара қилмоққа бошлади. Шул вақтда қурултой комиссиясиниг раиси Шокир Сиддиқов хабар қилди:
-Бул кун нозирлар шўросидан буйруқ бўлди. Қурултой комиссияси ишдан тўхтасин, -деб .

Сафонов айтди:
-Нима сабабдин?-деб.
Ман айтдим:
-Кеча Тошкентдаги вакилларимиздан телеграм келди.Қурултой учун мунда махсус комиссиялар борур.Алар боргунча комиссиялар ишларидан тўхтасинлар,деб. Шунга биноан нозирлар шўроси буйруқ қилди,-дедим. Олло сақласин, Сафонов шундин қизиб, қаҳрланиб айтиб қўйди:
-Тошкентда бўлган вакилларингизни арестоват, яъни ҳибс қилурман.Энди маним сизлар бирлан ҳеч ишим йўқ турур.Қизил аскарлар ҳукуматни нечук қилсалар,-деб нозирлар бирлан хўшлашмасдин қаҳр бирлан мажлисдан чиқиб кетди. Бироз вақтдин сўнг телефонда сўрадик:
-Эртанг аскарларни Нуриллабойга чақирамизму?
Онда Сафонов жавоб берди:
-Маним ҳеч ишим йўқ,-деб. Шунинг бирлан кеч бўлди. Тамоми нозирлар ҳам қайтиб уйларига кетдилар.

ДАВОМИ БОР

 «Хуршид Даврон кутубхонаси» учун махсус тайёрланди.

092

POLVONNIYOZHOJI YUSUPOV
“YOSH XIVALIKLAR” HARAKATI:
QUVONCHLAR, IZTIROBLAR, FOJIALAR
Nashrga tayyorlovchi va izohlar muallifi: Umid BEKMUHAMMAD
033

8-BO’LIM: XXSRDAGI TURLI ZIDDIYATLAR, RSFSR VAKOLATXONASI XODIMLARI VA HARBIYLARINING TUTGAN SIYOSATI

033Maxfiy qolmasinkim, bir kuni partiya katta bir majlis qildi. Tamomi partiyaga kirgan askarlar ham ishtirok qildilar. Ushbu majlis Nurillaboydagi bog’da bo’ldi. Man ham bir oz borib turdim. O’zlariga prezidium sayladilar. Mulla Jumaniyoz Sultonmurodov rais, Bol`shakov muovin, Hasan Aliakbarov xazinachi. Ondin so’ng man ham chiqib o’z ishimga ketdim. Man ketgandin so’ng tatarlar katta bir janjal chiqarganlar. Janjallari shundan iborat tururkim, “shahar muhofazasi boshlig’i Nazir Sholikarov iziga 20-30 militsiya ergashtirib katta xonlar qila turgan shonu-shavkat birlan yuratur. Ushbu kambag’allar hukumatida oning qilib turgan ishi muvofiq ermasdur. Endi Sholikarovni o’rnidan tushirib, hibs qilib uyini obisk qilurmiz”, deb qaror qilganlar. Ham majlisni yopganlar.Darhol tatar qizil ofitserlari manim oldimga kelib, bir necha militsiya talab qildilar.Man o’n militsiyaga buyruq berdim. Chiqib bir nechalari Sholikarovning uyiga ketdilar. Bir nechalari Sholikarovni olib borib bir joyga hibs qilib, oldiga qorovul qo’yganlar.Ham Sholikarovni uyini obisk qilib xat qilib keldilar. Manim fikrimcha ushbu partiyaga o’tirib olgan tatar qizil askar birodarlarining shul qilgan ishlari zo’rlik turur. Agar qonunga muvofiq to’g’ri ish qilmoqchi bo’lsalar, Sholkarovning qilgan jinoyatlarini ariza qilib hukumatga berib, hukumatning qaroricha ish qilsalar kerak edi. Shunday qilib Sholikarovning o’rniga birodar Muhammadyorboyni shahar muhofaza mudiri qilindi.

Maxfiy qolmasinkim, bir kuni Qo’shmamadxondin xabar keldi. Man Ushoq Sayid Muhammadbekka xabar qilib erdim. “Saning gunohlaringni hukumatdin ham Russiya vakilidan tilarman, munda kelgil”, deb. Sayid Muhammadbek o’z odamlari birlan kelgan turur.”Ertang o’zim birlan birga olib borurman”, deb birodar Izmaylovga ham xat yozgan erkan. Ham muzikalar tayyor qilib muntazir bo’lib turdilar. Namozi asr vaqtinda Qo’shmamatxon, Ushoq Sayid Muhammadbek, Safar dapmachi, Qoqoboy karvonboshi va boshqa Ushoq tiyrasi (urug’i-U.B.)ning katxudolari ham keldilar.Muzika birlan qarshi olib, “xush keldingizlar”, deb joy ko’rsatdilar. Joy ustida o’tirib choy ichmakka mashg’ul bo’ldilar. Shul vaqtda bizlar ham hukumat odamlari birlan kelib toza kelgan mehmonlar birlan ko’rishib, omon-esonlik so’rashib o’tirdik. Birodar Izmaylov bir do’stlik tajribalarini so’yladi. Ondin so’ng nahori chekildi. Nahorining o’rtasida ham hamisha muzika chertilib turildi. Noharidan so’ng bizlar ham ruxsat olib uylarimizga ketduk. Mehmonlar ham Qo’shmamatxonning uyiga ketdilar.

Maxfiy qolmasinkim, Ushoq Sayid Muhammadbek boshliq boshqa yovmutlar ham kimlarda bir nimarsalari bo’lsa yo birovdin bir xusumat bo’lsa so’ray boshladilar.Shunday bo’lsa ham har turlik muomila qilib uzatib yubordik.

Maxfiy qolmasinkim, bir necha kundin so’ng Qo’shmamatxonni odami bir xat olib keldi. Mazmuni shul turur: “ munda bir necha qorovul uchun askarlar yuborib, Ushoq Sayid Muhammadbekni yo’ldoshlari birlan olib ketsin”, degan. Birodar Izmaylovga ham shunday xat yozilgan erkan. Izmaylovning oldiga borib maslahat qilib, darhol 25 otliq askar yubordik. Surat voqea shunday bo’lgan erkan: Ushoqbek 20-30 otliq birlan Qora yilg’in ( xonlik davridagi hudud nomi-U.B.)ga kelib, bir yovmutning joyiga tushgan, maqsadi shul bo’lgan: pinhoniy ravishda Qo’shmamtxonning oldiga borib , uni g’ofil topib, o’ldirmakchi bo’lib, maslahat qilib kelgan erkanlar.Olarning ichinda bo’lgan bir yovmut Qo’shmamatxonga xabar bergan.Shuning birlan Qo’shmamatxon darhol otlanib, Sayid Muhammadbeklar g’ofil o’tirgan vaqtinda kelib, ustiga kirib, miltiqlarini olib, o’zlarini hibs qilib, munda xat yuborgan erkan.Xivadin yuborilgan qorovul askarlar borib Sayid Muhammadbek, Safar dapmachi yana ikki yovmut, to’rtlarini aravaga yuklab, Gurlan ustidan olib qaytganlar.Ittifoqan shul kuni Gurlan bozori erkan.O’zbek xalqlari puch-puch bo’lib Sayid Muhammadbek, Safar dapmachilarni ko’rib, Olloh Taoloning karamiga ko’p-ko’p shukurlar qilib, Sayid Muhammadbeklarga aytganlar:
-Ina birodarlar, Olloh taoloning qudratini ko’ringlar, o’tgan kunlarda musulmonlarni uylarini talon-taroj qilib, qancha begunoh mazlum musulmonlarni o’ldirib xarob qildingizlar.

Alhamdillohi rabbil olamiyn, oxiriga sharmanda bo’lib o’g’rilar qatorinda bandi bo’lib boraturursizlar.Insholloh xotirjam bo’linglar, bir safar begunoh to’kkan qonlaringiz jazosini tortursizlar.Chunki mazkur Ushoq Sayid Muhammadbek Isfandiyorxondin buyruq olib. Gurlanga borib, Gurlanlik sobiq adliya noziri Bobooxun eshonni o’ldirmakchi bo’lib, Bobooxun eshonni birlan muovini Yusuf Oxunlarni “sizlar inqilobchisizlar”, deb izidin beshotar birlan uch martaba otsa ham qazosi yetmagan vajidan o’qlari tegmay, ul birodarlar qochib qutilib, olarning tamomi molu-asboblarini talon-taroj qilib, 57 aravaga yuklab olib ketib, Gurlan xalqini yuraklarini qon qilgan erdi. Olgan mollarini Isfandiyorxon bilan poylashgan erkan.
Shuning ertasi erta birlan askarlar ularni Russiya safaratxonasiga keltirganlar.Muning sababi shulkim, ushbu Ushoq jamoalariga Russiya safaratxonasi omon berib erdi.Shu sababdin munda keltirmak darkor erkan.Ondin so’ng birodar Izmaylov hukumatga xabar berdi. Bir nechamiz birodar Izmaylovni ko’rib, har tarafdin so’ylashib o’tirdik.Ondin so’ng bandi bo’lib kelgan yovmutlarni taqdim qildi.Man shahar muhofazasining muovini birodar Egambergan Tillaboevga buyurdim: “eltib hibsxonada mahkam qo’yinglar” deb. Egambergan ularni olib ketdi.

Maxfiy qolmasinkim, Xiva qa’lasinda o’tirgan fuqaro, kosiblar tamomi tomoshaga kelganlar, nechunkim ushbu Sayid Muhammadbek va Safar dapmachilarning zulmi ziyoda ko’p bo’lgan. Musulmonlarni fig’onini jonidan chiqarganlar.Ba’zilari avvalgi Xivada katta bo’lib o’tirgan arz qilaturgan tartibda arz qilganlar. Shunday qilib Egambergan eltib zindonda alohida bir uyga solib oldinda qorovul qo’ygan. Ham yonida bo’lgan nimarsalarni olganda muhrlari xonlar tariqasida oltindan erkan, keltirib moliya noziriga topshirganlar.Shuning birlan bizlar o’z ishlarimizga mashg’ul bo’ldik.Bir necha kun o’tgandin so’ng tovarish Izmaylovning oldiga keldim. Uning birlan yovmutlar siyosatini so’ylashib o’tirdik.Ushoq Sayid Muhammadbekning masalasi o’rtaga tushdi. Man aytdum:
-Yovmutlarning dasturi shul turur.Ularning ichlaridan birlari yomonlik qilsa hukumatga tutib berurlar.Hukumat darhol o’ldirib yo’q qilsa hech so’z yo’q turur. Agar bir oy, ikki oy o’ldirmay hibs qilib saqlasa, ondin so’ng tutib bergan odamning oldiga hibsda yotgan odamning bola-chaqalari, qarindosh-tug’ganlari kelib tavallo qilib so’rarlar.Andin so’ng tutib bergan odamning o’zi kelib hukumatdin uning gunohini o’tishni so’rar.Hukumat qabul qilib bermasa, ondin so’ng hukumat birlan dushman bo’lib, unga qarshi urush e’lon qilur. Bir vaqtlari xon zamonida shunday voqea bo’lgan edi.Shomurod baxshi xonga qarshilik qilib urush boshladi.Shul vaqt xon o’z sarkardasi Shixnazarboyga buyurdi: Shomurod baxshini tutib keltirmakka.Shixnazarboy askarlari birlan borib Junayidxondin yordam so’radi.Junayidxon Shomurod baxshini tutib berdi.Shixnazarboy uni Xivaga olib keldi.Xon Shixnazarboyni uyinda uni hibs qilib qo’ymoqqa buyurdi. Bir necha kundin so’ng Shixnazarboy xonga arz qildi.”Baxshini yo’q qilmoq darkor. Agar ko’p tursa, uning gunohini o’tmakni yovmut katxudolari so’rarlar”, dedi.Xon qabul qilmadi.Bir ikki oy o’tgandin so’ng xon Junayidning o’zi so’rab, xonga xat yubordi. “Baxshini bola-chaqalari mani oldimga kelib, mani bezor qildilar, endi uni gunohini o’tib, hibsdan chiqarib yuboring”, deb. Xon qabul qilmadi.Ondin so’ng Junayid qibla tarafdin kelib Xivaga hujum qilib bir necha odamlarni o’ldirib, bir necha odamlarning joylarini talon-taroj qilib ketdi.Xon To’rtko’lga bosh hokimga telegramma yubordi. Bosh hokim 100 otliq kazaklar birlan kelib Shomurod baxshini hibsdan chiqarib, Qozoqboy Bo’lish degan odam birlan xon Junayidga berib yubordi.Bu so’zdan maqsadim shuldirkim, Ushoqbek ham bir ikki oy hibsda bo’lsa Qo’shmamatxonning o’zi gunohini tilab olsa kerak.

Onda tovarish Izmaylov aytdi:
-Shul fikringiz durust turur.Kecha manga G’ulom Ali gunohini so’rab xat keldi. Siz darhol Nurillaboyga borib Ushoqbeklarni hibsxonadin chiqarib, manga telefon birlan ma’lum qiling.Man borib jazo mahkamasini ham xalqni huzurida Russiya Sho’rolar jumhuriyati nomidan e’lon qilurman.Bizlar birlan qilgan ahdu paymondin qaytib bizlarga dushmanlik qilgani zohir bo’lganligi vajidin, hozirdan e’tiboran Ushoq Sayid Muhammadbek yo’ldoshlari birlan bizning jamoatimizdan chiqdi,deb aytarman,-dedi.
Man darhol qaytib Nurillaboyga kelib jazo mahkamasining raisi birodar Mulla Jumaniyoz Sultonmurodovga surat voqeani aytib,” hukumatning adolatini ko’rsinlar, darhol jazo mahkamasining ushbu ayvoniga, Ushoqbeklarni oldiring”, dedim. Birodar Mulla Jumaniyoz Sultonmurodov bayon bo’lgan ushbu ishlarni darhol o’rniga keltirdi. Tovarish Izmaylovga telefon birlan ma’lum qildim.Izmaylov ham darhol keldi.

Maxfiy qolmasinkim, Sayid Muhammadbekning zulm-sitamlaridan jonlaridan to’ygan qa’la odamlari darhol mingdan ortiq kishi jam bo’ldilar. Tovarish Izmaylov majlisda chiqib o’z manziliga ketdi. Andin so’ng jazo mahkamasi o’z ishiga kirishdi.Endi ayblayturganlar: Bobojonboy Yoqub o’g’li, Devonbegining bolalari bo’ldi.Ittifoqan shul vaqtda Shomurod baxshi yovmut ichindan kelib, uni oqlayturgan bo’ldi.Baxshi aytdi:
-Man nima derman,-dedi.
Man aytdim:
-Siz ayting, avvalgi bo’lgan nimarsalar bo’lib o’tib ketdi, sud gunohini o’tsin.Saidmuhammadbek tovba qilsin, yomon ishlar qilmaslikka, deb.

Hukm majlisida so’zlar ko’p bo’ldi.Bobojonboy birodari Rahmonberganboy ham Otajon mahram, Qurbonboy Qalantarlarni otib o’ldirib, tamomi mollarini olganlari ham devonbegining bolalari o’z otalaridin zo’rlik qilib, ko’p nimarsalarini olganlarini, qa’la odamlariga jabr-zulm qilib nimarsalarini olganlarini har tomoshada turgan qa’la odamlari har turli ma’lumotlar berib turdilar.Andin so’ng Shomurotbek baxshi chiqib yuqorida bayon bo’lgan so’zlarini aytdi. Shuning birlan hukm a’zolari turib uyga kirib hukm qilib chiqdilar.Va hukmni xalq o’rtasida o’qidilar.Hukm shundan iborat turur: Saidmuhammadbek ham Safar dapmachini otib o’ldirmakka, boshqa ikkisini o’n yildan turmaga hibs qilmoqqa.Ushoqbeklarga ikki soat muhlat berildi.O’zlarini oqlayturgan yo’lni topmoqqa.Shuning birlan hukm majlisi yopildi.Ikki soat o’tgandin so’ng jazo mahkamasi raisi mulla Jumaniyoz Sultonmurodov qa’ladin tashqariga chiqarib, otib o’ldirib qaytib keldi.

Ma’lum bo’lsinkim, Junayidxon Ashxabot yo’linda O’rta Quduq degan chorvalarning yo’linda bir necha quduqlari bor erkan, shunda istiqomat qilur erkan.Ashxabatdagi askar boshlig’i bir ikki taka turkman eshonlarini qo’shib Plyuzov degan komandirning tati riyosatida bir katta askar yuborgan. Ushbu otryadda tatar brigadasining voenniy komissari Sibir tatari Xafiz Plyuzov ham bo’lgan.Bul yigit manim birlan tanish erdi.Toshkentda tatar brigadasida bo’lgan vaqtda ushbu otryad bir tuyaga oziq suv ham askarlarga darkor narsalarni yuklab yo’lga chiqqan. Bir necha kun yo’l yurib Junayidxon bo’lgan yerga kelib tushib, zo’rg’a Junayidni ko’rib, bayoni voqealarni so’zlashganlar.Ham shunga qaror qilganlar:
“ Junayidxon o’z yeri bo’lgan Xivaga kelib tamomi miltiqlarini topshirib, farag’ot o’tirmakka.Agar o’zi istasa bir necha vaqt bola-chaqasi birlan Russiya sho’rolar jumhuriyati himoyatinda Russiyaning bir qa’lasiga borib turmakka”.

Junayidxon shunga rozi bo’lib, o’zining muovini bo’lgan Chariqni bular birlan qo’shib yuborib, o’zi bularning izlaridan kelmakchi bo’lgan.Shuning birlan Plyuzov Chariqni olib, bir necha kun yo’l yurib, Xivaga kelib safaratxonaga tushdilar, ham surat voqealarni bayon qildilar: Bizlar aytduk:
-Junayidni ko’p yaxshi qilib qo’lga olgan ekansizlar, afsus yana qo’ldan chiqarib yuboribsizlar, endi uni qo’lga olmoq ko’p mushkul turur,-dedik.
Onda olar aytdilar:
-Hech voqea bo’lmas, albatta Junayidxon kelur,-dedilar.

Shuning birlan birodar Izmaylov Chariq birlan so’zlashib, uni uyiga qaytarib yubordi.Bir necha kun o’tgandin so’ng xon Junayid keladigan vaqtni chamalab birodar Hafiz Plyuzovni bir
necha otli bilan xon Junayidning oldiga yubormakchi bo’lib hukumatdin bir odam talab qildilar, hamroh bo’lib bormoqqa. Hukumat birodar Bobojon Yoqubovni hamroh qilib yubordi. Nechunkim, bu odam – Bobojonboy yovmut ishlari bo’yicha yaxshi ma’xlumotga ega turur. Bular chiqib, yovmut ichiga borib, Chariqning uyiga tushib, muntazir bo’lib yotganlar.Bir kuni Xon Junayid qum ichindan chiqib Badirkentda bir yovmut-Eshon mirobning joyiga tushgan. Ma’lum bo’lsinkim, ushbu joy qumning og’zida turur. Birodar Plyuzovning oldiga kelib va’da qilgan:” ertang erta birlan tamomi yonida bo’lgan odamlarini ham miltiqlarini keltirib topshirmakchi bo’lgan”.Endi o’zi qo’shiga qaytib bormoqqa ruxsat so’ragan. Oq ko’krak birodar Plyuzov yovmutlar hiylasidan bexabar shul so’ziga inonib ruxsat berib qo’shiga yuborgan. Shul vaqtda Bobojonboy askarlarga ozuqa uchun Toshhovuzga ketgan erkan. Junayidxon qo’shiga ketgandin so’ng Bobojonboy kelgan.Birodar Plyuzov bayon voqeani aytgan:

-Birodar ko’p xato qilibsiz.Dushman o’z oyog’i birlan kelgan erkan, bekorga javob beribsiz.Agar yubormay munda olib qolgan bo’lsangiz, tamomiy hamrohlari miltiqlarini keltirib topshirar erdi.

Ham tamomiy ishlar bitgan bo’lur erdi.Hayfkim turkman hiylasiga, firibga ishonibsiz.Olloh Taolo xayrli qilsin aertang nechuk voqea bo’lur, Olloh bilur,-deb yotganlar.
Ko’p vaqt o’tib ketgan.Junayidxondin xabar bo’lmagan.Birodar Plyuzov o’n ikki otli konvoy birlan Eshon mirobning joyiga borgan. Otli askarlarni hovlining oldiga qo’yib, o’zi otdan tushib ichkariga Junayidxonning oldiga kirib aytgan:
-San erta birlan miltiqlarni keltirib topshirmakchi bo’lib va’da qilib ketib erding.Shul vaqtgacha bormading,-degan.
Junayidxon aytgan:
-Yo’ldoshlarimiz miltiqlarini bermakka rozi bo’lmadilar,-degan.Birodar Plyuzov darhol nagan to’pponchasini chiqarib Junayidga qarab otgan.Junayidning o’g’li Eshshi ham Plyuzovga qaratib otgan.Plyuzovning o’qi Junayidga tegmagan.Eshshining o’qi Plyuzovga tegib, u o’lgan.Yana bir o’q xatodin Chariqqa tegib, Chariq ham o’lgan.Junayidxon hovlining ustiga 70 odamni qorovul qilib qo’ygan erkan.Birodar Plyuzov bilan borgan otliq konvoy askarlarni darhol otib o’ldirganlar. Shu jumladin tovarish Plotnikov birlan bir askar qolib hovlining jilovxonasida bir joyga kirib kelgan odamlarni otib turganlar.Ko’p otishganlar, oxiri noiloj bo’lib hovliga o’t qo’yganlar.Ham birodar Plotnikovga o’q tegib zahmdor bo’lib qolgan. Faqat bir askar qolib, yovmutlarga yo’l bermasdan otib turgan.Hovlini tamom o’t olib ketgandin so’ng noiloj ushbu askar tashqariga chiqmoqchi bo’lib turgan vaqtda boshqa askarni hovlidan olib chiqqanlar.Darhol Xivaga kishi yuborganlar.

Maxfiy qolmasinkim, ertang turib Nurillaboy saroyiga bormoqchi bo’lib turib erdim, bir xabar keldi: “Erta bilan tovarish Izmaylov to’pni olib yovmut ichiga ketgan” . deb. Man hayron bo’ldim, bizlarga ma’lum qilmasdan nechuk ketgan erkan, deb.Nurillaboyga bormasdin safarotxonaga ketdim. Borib surat voqeani bilib, Nurillaboyga kelib, hamma nozirlarni chaqirib, surat voqealarni bayon qildim.Shuning birlan tovarish Izmaylov Badirkentga borib o’lgan birodarlarning jasadini aravalarga solib, Xivaga yuborgan.Ham yovmutlardin Maxtumqorani tutib otib o’ldirgan.Ondin so’ng Junayidxonning izidan askar yuborgan.Junayidxon qochib, qum ichiga ketgan erkan.Ushbu oqshomda zolim Junayidni qo’lida qurbon bo’lgan 12 adad yigit meyitlarda kelib yetishdilar. Lekin Xivaning ko’p issiqligidan jasadlari buzilgan erkan.Hukumatga xabar keldi, darhol hukumat kishi yubordi.Hurriyat maydoniga birodarlar qabristonida hammalari uchun bir qabr qazdirib, dafn qildilar.Ertang xasfi-hol ustiga mozoriston qilib, boshiga alam tikib qo’yildi.Ham ushbu vafot etgan birodarlarning ismlari va qaysi yerdan kelganliklari, qancha yoshda erkanlari toshga ham o’rischa ham musulmoncha yozib qo’yildi.Atrofiga yog’och panjara qilib, gullar birlan ziynatlangan venoklar qo’yildi.Shuning birlan dafn marosimi tamom bo’ldi.Birodar Izmaylov ham bir necha kundin so’ng sog’-salomat yetishib keldi.

Maxfiy qolmasinkim, maorif nozirligi tarafidan xalqqa bir e’lon bo’lgan: tahriri nufus uchun 18 yoshgacha bo’lgan qiz va erkak bolalarni xat qilib, maorif nozirligiga
topshirsinlar.Aksil harakatchilar ushbu voqeadin foydalanib xalqqa ig’vo qila boshlaganlar:Mana ko’ring sizlarning erkak bolalaringizni askar qilib, qizlaringizni har kimlarga olib bermakchilar.Bo’lmasa bul vaqtgacha bunday ro’yxatlar hech vaqt bo’lgani yo’q erdi.Yana musulmonchilikda qizlarni ro’yxatga olish shariatga xilof turur.Endi Sizlar ulamo, fuzalo qozilarning oldiga boring, deb qa’la oqsoqollari ham boshqa fuqarolar jamlashib Madaminxon madrasasiga kelib, Qozi askar Ibrohim Oxun ham bir nechta mufti oxunlarni jamlab Qozikalonni tutganlar va unga: bizlarga muningdek hukumat darkor emasdur.Bizlar o’lsak ham qizlarimizni ro’yxat qilib bermasmiz, deb ko’p g’avg’o qilganlar.Xaloyiq ham ko’p jam bo’lgan.Bu voqeani hukumatga xabar qildilar.Man Ali Muhammad Oxun birlan Matkarim oxunlarni Qozi eshonlarni oldlariga yubordim:

-Isloh qilib, odamlarni tarqatib kelinglar,- deb.Bular xalqqa ko’p tushuntirganlar:
— Bul maorif nozirati tarafidin bo’lgan buyruq, faqat o’quv yoshida bo’lgan erkak va qizlar hisobini bilmoq turur.Agar sizlar rozi bo’lib yozib bermasangizlar hech gap yo’q turur.Bizlarni jumuriyat raisi Polvonniyoz hoji Yusupov yubordi.Agar bizlarni so’zlarimizni qabul qilmasangizlar, bizlar birlan birga hukumat uyiga, Polvonniyoz Hojining yoniga yuringlar, ul kishi albatta hohishlaringizni qilib berur,-deganlar.

Nodon xalq qizib ketib, bularga koyish qilganlar.Sizlar jadidlar turursizlar, sizlarni so’zlaringizga hech inobat qilib bo’lmas.Axir shul qarorga kelganlar: shahar oqsoqollaridan Jabborbergan birlan qo’shib hukumatga yubormakka.Hukumat maorif nozirligi tarafidin mazkur buyruqni mansux qilib xat bersin.Shuning birlan Matkarim Qori Oxun, Jabborbergan Maxsum oqsoqol manim oldimga kelib, bayon voqealarni aytib, ham xalqni so’ragan talablarini bayon qildilar.Man aytdim:
-Ushbu so’z uchun munday yolg’on qilib, eshon-mullalarni behuzur qilib yurmak hech hojat ermas.Agar maorif nozirligi tomonidan chiqqan buyruqni qabul qilmas ekanlar,bir nechalari kelib manga e’lon qilsalar, man darhol shul buyruqni mansux qilur erdim.Bu xalqni yig’nab ig’vo qilib yurganlar albatta aksil harakatchi ko’hna sipohiylar ham muttasib ba’ziy xon tarafdori bo’lgan mullalar tururlar.Mazkur maorif nozirligi tarafidan chiqqan buyruqni bir bahona qilib ishlagan ishlari turur.Ko’p yaxshi, agar xalqqa ma’qul ermas erkan, biz buyruq qilurmiz, shul kundin e’tiboran maorif nozirligidan tahlili nufuz uchun chiqqan buyruqni amaldin soqit qilur ,-deb hukumatni muhrini bosib ham qo’l qo’yib Jobbergan maxsum oqsoqolning qo’liga berdik.Ham aytdim:
-Bir necha oqsoqollar birlan munda kelinglar, man o’zim bayon voqeani tushuntirib ayturman,-dedim.

Maxfiy qolmasinkim, mani oldimda o’tirgan birodarlar aytdilar:
-Siz bir nechalaringiz bunda kelinglar, deb aytdingiz.Endi bunda bir necha qorovul askarlar oldirib qo’ying.Chunkim alarning ichinda dushmanlar ham ko’p turur.Ehtiyot qilmoq lozim turur,-dedilar.
So’ylashib o’tirib erdik, shul vaqtda Muhammad rizo oxunning o’g’li Vais kelib e’lon qildi:
-Jabbborbergan oqsoqol bundin hukumatdin olgan buyruq xatni ko’rsatdi,oqsoqollar ham xaloyiqlar hech qabul qilmay Qozi kalon eshonning ustiga hujum qilib, darsxonaning eshigini zo’rlik qilib ochib, qopida turgan mullani urib, qozi eshonning yoqasidan tutib, darsxonadin sudrab chiqmoqchi bo’lib, g’avg’o qilib qoldilar. Alarning maqsadlari: hukumatni yiqmoq bo’lib maslahat qilganlar, deb odamlardin eshitdim.Manim otam buyurdilar: darhol ushbu voqeani bir ilojini qilmasalar ish yomon bo’lib ketar,-deb.

Shul vaqtda harbiya noziri Sheyxutdin Hasanov ham bor erdi.Telefon birlan askari kazarmaga ma’lum qildi:
— Bir rota yarog’li askar pulemyotlari birlan Madaminxonning madrasasini qamab olib, hech bir kishini chiqarib kirgizmasinlar,-deb.
Shul soat askarlar kelib madrasa atrofini o’rab olib, madrasaning qarshisidagi Chorsuning ustiga pulemyotni chiqarib qurib qo’yganlar.Shul vaqtda Qozikalon ustiga hujum qilib turgan “qahramonlar” ( mutassib mullalar,eshonlar nazarda tutilmoqda-U.B.) har birlari har tarafga qochib, ko’p mashaqqatlar birlan ba’zilari qa’laning ustidan o’zlarini tashlab, ba’zilari hojatxonaning to’shigidan chiqib qochib ketganlar.Hukumatga xabar qildikim, askarlar madrasani musodara qilib olib qo’yibdilar, nima buyruq qilursizlar deb.

Bizlar: Man, Qozi Abdulvohid, Shokirov, ham Hasanovlar piyoda madrasaga ravona bo’ldik. Kelib madrasaga kirduk.Firqa a’zolarining boshinda Hoji Azim, Bol`shakovlar ham kelib madrasaga dahl bo’ldilar.Ham maktabda o’qib yurgan bir necha yosh bolalar ham keldilar. Alar ushbu voqealar bo’lib turgan vaqtda shul yerda bo’lib, hukumatga qarshi so’zlab xalqqa ig’vo qilib turgan odamlarni tanigan erkanlar.Boshlab qozikalon eshonni huzuriga kirib bo’lgan voqealarni so’rab bildik.Eshitganimizdek erkan, Qozikalon eshon, A’lam eshonlarni ro’yi saxanga chiqarduk.Ham onda hozir bo’lgan Sayidjon Qori oxun, mufti oxun va boshqalar ham qocha bilmay qolgan odamlar va oqsoqollarga qarab Qozi Abdulvohid Qori eshon bir necha nasihatomuz so’zlar so’zladi.Andin so’ng man so’zlab, ulamolarga va oqsoqollarga ham xalqqa xitobona aytdum:
-Ey aziz vatandosh birodarlar! Sizlar bir necha xoin shaxsiy manfaatlarini o’ylab avvaldin xonga sotilgan munofiq odamlarning ig’volariga kirmanglar, alar faqat o’z manfaatlari uchun vatanni, millatni vayron bo’lib xarob bo’lganini hech parvo qilmaslar.Hamisha munofiqligini qilurlar.Faqat birovlarning o’rtasiga fitna solib, bir necha nohaq qon to’kilmagiga sabab bo’lurlar.Ularning qo’llaridan boshqa hech bir ish kelmas turur.Birodarlar! Sizlar ogoh va dono bo’linglar.Sho’rolar hukumati katta bir hukumat turur.Ba’zi bir necha shaxsiyatchi, befarosat odamlarning ig’vosi birlan va qilgan fitna fasodi birlan hech bir nima bo’lmas turur.Xayol qilmanglar.Isfandiyorxonning zamonida ushbu “yosh xivaliklar”ga ba’zi bir bo’htonlar qilib, shahardin chiqarib, bir nechalarini tutib o’ldirdik, deb.Xotirjam bo’ling, endi oningdek qila bilmaslar.Bizlarga yordamchi bo’lib turgan katta Russiya sho’rolar hukumati bizlarga yordamga tayyor turur.Shundin xabardor bo’lib turinglar,-deb so’zimni tamom qildim.

Hammalarimiz qaytib ketdik.Madrasada faqat firqa a’zolari qolib, maktab bolalarini ko’rsatuvi birlan ko’p mullalarni, oqsoqollar va boshqa odamlarni tutib, hibs qila boshladi.Shunday qilib, ikki-uch kunda bir necha yuz odamga Nurillaboyga, shahar muhofazasi o’rnashgan joyga qamab tamom bo’ldi.Andin so’ng jazo mahkamasi taftishda mashg’ul bo’ldi. Bir necha odamlar bilmasdin, nechuk voqea deb madrasaga kirgan erkanlar, alarni chiqarib yubordi. Va ba’zi bilmasdin ishtirok qilganlarni bir necha oyga hibsga yubordilar.Eshonlardin qozi askar Ibrohimoxun, Sayidjon Qori oxun, Rapi Mufti oxun, Mahammadniyoz mufti eshon, Madamin maxsum oxun eshonlarni aybli topib, otib o’ldirishga qaror qildilar. Obid oxun, A’lam eshon Odam oxunlarni ham aybli topib, bir yerlarga yubormakka qaror qilib qo’ydi.Ushbu suratda hukm majlisi tamom bo’ldi.

Maxfiy qolmasinkim, ertaga erta birlan Russiya safarotxonasidan mani chaqirib xabar qildi. Bordim .Tovarish Izmaylov birlan har tarafdin so’ylashib o’tirdik. Man Nazir Sholikarovning gunohini so’rab iltimos qildim.Ushbu kuni Nazir Sholikarov kafilga hibsdan chiqqan erdi.Uni keltirib, bir necha nasihatomuz so’zlar aytib gunohini o’tdi.Ham aytdi:
-San to’g’rida birodar Yusupov ko’p iltimos qildi. Bul safar gunohingni o’tdik.Agar mundin so’ng bir gunoh qilsang, albatta o’lmakka tayyor bo’lgil,-deb majlis qilib, qaror chiqarib, Nazir afandini gunohini o’tib, javob berib yubordi. Andin so’ng boshqa bir necha odamlarni chiqirib yuborib manga aytdi:
-Kecha madrasada bo’lgan voqealar ko’p katta voqealar bo’ldi.Man kecha uxlamay o’ylab chiqib, ushbu qarorga keldim.Oktyabr inqilobi bo’ldi.Sho’rolar hukumati barpo bo’ldi.Kerenskiy hukumati oq podsho Nikolayni Tobolskda hibs qilib qo’yib erdi. Bir vaqt eshitildi, nodon dehqonlar va boshqalar oq podsho hibs qilib qo’yilgan joyning oldiga joylashib ko’p ta’zim qilib yurgan ermishlar.Sho’rolar hukumati shuni eshitib shul ishlar haqida maslahat qilib, shunga qaror qilgan: Nikolayni darhol otib o’ldirganlar.Agar o’ldirmay saqlab qo’ysalar, Kolchak xuruj qilgan vaqtda, dehqonlar nodonlik sababli Kolchakka yordamga chiqar erdilar. Sho’rolar hukumati Nikolayni o’ldirib yo’q qilgandin so’ng, tamomi dehqonlar hukumatga yordam qilib, g’ayrat qilib Kolchakni yo’q qildilar.Endi man kechagi madrasada bo’lgan voqealarda faqat xon va xonzodalarni ko’rarman, xotirjam bo’ling, agar ular bunda hayot bo’lib turgan vaqtda Xorazmda hech sho’rolar hukumati yashayolmas turur. Albatta bizlarni bir tarafga yubormak lozim turur.

Man aytdim:-Manim fikrimcha, bularni bunda turganlarini hech ziyoni yo’q turur.Nechunkim, olarni xalqning oldida hech e’tibori yo’q turur, -deb ba’ziy sabablarini ko’rsatdim.
Izmaylov qa’tiy suratda aytdi:-Shul kundin e’tiboran chiqarib yubormak kerak,-dedi.
Man aytdim:-Ertaga chiqarib yuborsak nechuk bo’lur,-dedim.
Tovarish Izmaylov aytdi:-Man nomuvofiq ko’rib fol qildim.Tovarish Plyuzovlar o’n uchinchi chisloda o’lduruldilar, ham boshqa ko’p voqealar 13-da bo’ldi,-dedi.
Man aytdim:-O’n to’rtinchi chisloda bo’lsa nechuk bo’lur,-dedim.
Onda Izmaylov aytdi:-Harbiy nozir ketib qolur, onda boshqa askar darkor bo’lur, albatta ushbu kun uzatib yubormak kerak.Buning uchun kemalar tayyor turur.Kechada har qaysisining uyiga askar bilan kishi yuboring, borib olib chiqib kemaga eltib topshirsunlar.Siz darhol xarju-xarajatlar ham to’shamak uchun g’oli-palos , chodir yuboring, tayyor qilib qo’ysinlar,-dedi.
Shuning birlan xo’shlashib,Nurillaboyga kelib shahar muhofazasi birodar Madyorboyga buyurdim:-Bayon bo’lgan xarajatlarni, choy, tamaki va yo’l xarajatlarini tayyorlab kemaga eltib topshiring,-dedim.

Kech bo’ldi, tamom nozirlarga topshirdim:
-Nurillaboydan ketmay turinglar, majlis bor,-dedim.
Soat o’n bir bo’ldi.Har ikki nozirni bir to’ranikiga yubordim. Darhol borib tovarish Izmaylovning buyurgan xizmatini o’rniga keltirmakka.Hamma qizil askar komandirlari askarlar birlan borib xon va to’ralarni aravaga mindirib kemaga eltib qo’yib xabar berdilar.Jazo mahkamasining raisi Mulla Jumaniyozov aytdi:
-Turmada yotgan Abdrimboy Baqqolov, Qozi Hikmatulla eshon ham A’lam eshon,Odam oxunlar ham bular birlan Maskavga ketsinlar. Jazo mahkamasi shuni muvofiq topdi,-dedi.
Bularga ham kishi yuborildi.Bularni ham keltirib kemada qo’ydilar.
Maxfiy qolmasinkim, ruslar Jaloladdin Eshonga ham odam yuborgan erkanlar.Ondin so’ng biz kemalarni uzatmoqqa ketduk ham borib kema boshinda turdik. Biroz vaqtdin so’ng bir necha otliq askarlar birlan Bolshakov kelib e’lon qildi:
-Jaloladdin eshon qochib ketgan erkan, topmay kelduk,-dedi.
Ondin so’ng kemalar harakat qilib yurib ketdi.

Maxfiy qolmasinkim, jazo mahkamasinda aybdor qilib, o’limga hukm qilingan mullalarni ushbu azonda (ertalab-U.B.) chiqarib otib o’ldirdilar.

Maxfiy qolmasinkim, tovarish Izmaylov Qo’shmamatxon, Baxshi, G’ulom Alilardan 500 otliq yarog’li navkar so’rab erdi. Ular o’z otlari va yarog’lari birlan Chorjavga do’stlik ko’makiga rozi bo’lib, odamlarni jam qilmoqqa ketib erdilar.Bir kuni bir necha yuz otliq askar-navkar olib keldilar.Xiva maydonida parad qilib ko’rib, nutq so’zlab yo’l xarajatlari qilib yubormakka qaror qilib qo’ydilar. Ikki uch kun o’tib, izda (orqada-U.B.) qolganlari ham kelib yetishdi.Qizil komandir Mirkomil Mirsharopov va Nazir Sholikarovni qo’shib, Xivadin Chorjavga uzatib yubordilar. Ma’lum bo’lsinkim, ushbu yovmut otliqlari yo’lda bo’lgan o’zbeklarni hamma nimarsalarini talab olib, yaxshi semiz otlarni tortib olib, o’zlarini oriq otlarini berib musulmonlarga ko’p ozor berib ketganlar. Bir necha kunda Chorjavga borib yetganlar.

Maxfiy qolmasinkim, Nazir Sholikarovni nozirlar sho’rosi savdo hay’atiga rais qilib, askarlar uchun ham ozuqa, kiyim va boshqa askarlarga lozim bo’lgan narsalarni Turkiston jumhuriyatidan olib kelmakka mandat berib yuborgan erdi. Yonida chlen kollegiya qilib, moliya nozirligidan Ismoilboy Soli hoji,mufattish nozirligidan Romanberganboy devon o’g’lini qo’shib yuborgan erdilar. Bular askarlarni Chorjavda topshirib o’zlari o’z ishlari bilan Toshkentga o’tib ketganlar.

Endi so’zni Xivadin yozarmiz. Bir necha kunlar o’tib ketgandin so’ng tovarish Izmaylov tovarish Belov birlan qaytib ketmakchi bo’ldi. O’rniga birodar Rizoaddin Shokirovni qoyim maqom qildi.Ham ushbu vaqtda Ashxabadning nachal`nigi Beregovoy bo’lib, tovarish Dubyanskiy kelib erdi. Bir kun tovarish Izmaylov ham tovarish Belov Xivadin chiqib To’rtko’lga paroxodga qarab ketdilar.Tamomi hukumat odamlari birlan uzatib chiqib xo’shlashib qoldik. Birodar Shokirov Rizoaddin safaratxonada o’tirib o’z ishiga mashg’ul bo’ldi. Bir necha kunlar o’tib ketdi.Bir kuni Ilonlidan xabar keldi: “Junayidxonning otliqlari har yerlarni talon-taroj qilib yurib tururlar”, deb.Nachal`nik Beregovoy tovarish Dubyanskiyga ma’lum qildi.Tovarish Dubyanskiy bir necha yuz askarlarni har yerlarga yuborib, o’zi ham Mulla Jumaniyoz Sultonmurodov, Bobojon Yoqubov. Yaxshimurodboy Davlatmurodboy o’g’illari birlan chiqib,Toshhovuz ustidan Ilonliga borib Junayidxon birlan urishib, Junayidxonni yovmut ichiga qochirib yuborgan. Andin so’ng o’zi Qo’shmamatxon, G’ulomali va Baxshilarni oldiga oldirib,Junayidning haqinda maslahat qilib ham bulardin iltimos qilgan, bir necha yuz tuya topib bermakka.Ham bir necha meshlar suv uchun hozirlab qum ichiga, Junayidning izidin bormoqqa.Shuning birlan ushbu bayon bo’lgan narsalarni tayyor qilmakka mashg’ul bo’lib, tayyor bo’lgandin so’ng tuyalarga oziqlarni yuklab, Qo’shmamatxon birlan yovmutga Junayidxon ustiga ravona bo’lganlar.Ham yovmutga borib yetganlar.Andin maslahat qilib, tuyalarga suv ham oziq yuklab,Junayidxonga qarshi ravona bo’lganlar.Junayidxon ham kuch quvvatini jamlab qarshi turgan.Ko’p qattiq kurashlar bo’lgan.Ikki tarafdin ham odamlar o’lib , majruhlar ko’p bo’lgan.Oqibatda Junayidxon toqat qilolmay qum ichiga qochib ketgan.Shuning birlan tovarish Dubyanskiyga ma’lum bo’lgan.Qo’shmamatxon va G’ulomali askarlari nechuk ishlarni qilganlar. Qo’shmamatxon , G’ulomalilar o’zlari Russiya va Xorazm askarida bo’lsalar ham, ko’ngillari Junayidning tarafinda bo’lganlar.Hatto bularning otliqlaridan bir nechalari har turlik yo’l birlan bo’lsa ham Xorazm va rus askarlariga xavf berib “urushni tashlab ketganlaringiz yaxshi”, deb agitatsiya qilganlar.Ham fursat topib tuyaga mesh birlan yuklangan suvlarni ham tashib yo’q qilganlar. Ham ondin boshqa Junayidga ozuqa yuborib turganliklari ochiq zohir bo’lgan.Xususan o’kuz jamoalari oziqa yig’nab Baxshini yuborib turganligini aniqlaganlar.Hatto Qo’shmamatxon nachal`nik Beregovoy va Dubyanskiyni hech bir aytgan so’zlarini qilmay, o’z to’g’risidin nomuvofiq harakatlar qilgan.Askar boshlig’i tovarish Dubyanskiy, harbiy noziri Hasanov va Mulla Jumaniyozlar ko’rganlar, agar mundin ziyoda urush davom qilsa ehtimol bir voqea bo’lib qolsa kerak, deb o’zlari maslahat qilib, urushni qoldirib, qaytib bormoqqa qaror qilib,Ilonliga qaytib kelganlar.Ilonliga kelib, askar qoldirib, o’zlari Toshhovuzga kelib, to’g’ri Baxshilarga kishi yuborib,Toshhovuzga oldirganlar. Baxshilarni taftish qilganlar.Darvoqe Junayidxon xizmat qilib turganliklari zohir bo’lgan.Bularni hibsga olib, Baxshining ovasiga askar bilan yuborganlar.Borib Baxshini va Tog’onboyning uylarini talon-taroj qilib olganlar ham Ismamut otaga kelib yotgan fuqarolardin bir nechasini Xivaga yuborganlar.Shomurod baxshilarni ham Xivaga yuborganlar.Ularni Xivaga keltirib hibs qildilar.Shunday qilib yovmut ichinda pinhoniy Junayidxonga yordam qilib turganlardin bir nechalarini tutib Xivaga yubordilar.

Ma’lum bo’lsinkim,Qo’shmamatxon va G’ulomaliga tovarish Dubyanskiy e’lon qilgan:
-Yana bir necha yuz otliq askar bering Chorjavga yubormak uchun,-deb.
Bular qabul qilib, bermakchi bo’lib otliq navkarlarning taraddudida bo’lganlar. Bechora farag’at o’tirgan dehqon turkmanlardan navkar so’ray boshlaganlar. Musulmonlar o’zlarida bo’lgan nimarsalarini sotib, Qo’shmamtxonga pora berib qutilib qolganlar. Endilikda sotib pora bermakka hech narsasi yo’q odamlarni jamlab o’zlarida yo’q odamlar uchun boshqa fuqarolarning otini olib berib, bir necha yuz otliq askar jamlab, o’ziga tarafdor yovmut kaltabonlaridan bir nechasini olib, Xiva tarafiga qarab chiqqan.

Maxfiy qolmasinkim, tovarish Dubyanskiy Hasanov, Sultonmurodovlar ikki kun burun Xivaga qaytib keldilar. Shul vaqtda Chorjavdin xabar keldi:” yovmut askarlari tamom qochib ketdilar”, deb. Ham Darg’onotadin xabar keldi: “ yovmut askarlari yo’lda odamlarni talon taroj qilib, bizlar birlan otishub o’tib ketdilar” deb. Bunda ziyoda ehtiyot qilib, so’rashib ko’rildi ham ma’lum bo’ldi: “ Qo’shmamatxonga xabar yuborgan ekan.Darhol Xivaga yetishib kelinglar, bunda boshqa bir maslahatimiz bor turur”, deb. Ham o’z tarafdori bo’lgan kaltabonlar birlan maslahat qilib, shunga rishib, qaror qilganlar: “Xivaga kelib hukumatning boshinda o’tirgan odamlarni o’ldirib, o’zi xon bo’lib Xorazmning ixtiyorini o’z qo’liga olib kaltabonlar birlan bir bo’lib, sho’rolar hukumati birlan urishib, Xorazmdin chiqarib yubormakchi bo’lganlar”.Ushbu voqealarni Nozirlar sho’rosi yaxshilab ta’qiqlab bo’ldi. Ham Junayidning urushiga borganda Qo’shmamatxon, G’ulomali, Baxshilarni ishlab turgan hiylalarini askarboshi Dubyanskiy, Hasanov va Sultonmurodovlar yaxshi ehtiyot qilib bilib keldilar.Shunda ham bularni qilgan ishlarini hukumatga ma’lum qildilar.Shuning birlan Shobbozdin chiqib, Xivaga yurganligi Tozobog’da qora chodir uylar qurib, joy hozirlab qo’ydi. Peshinda Qo’shmamtxon kelib yetishdi.Otliq askarlarni mazkur bog’ga tushirib joylashtirdilar.O’zining yonida mukammal suratda qurollangan bahodir yigitlarni olib Nurillaboyning yonidagi o’z uyiga kelib tushdi.

Ma’lum bo’lsinkim, hukumat eshitgan voqealardin xaflanib, majlis qilib Qo’shmamatxon voqeani anglamoqchi bo’ldi.Tamomi nozirlar keldilar. Ham safaratxonadin ma’sul ishchilar ham keldilar.Majlisda Qo’shmamatxonning so’zlagan so’zlaridan ma’lum bo’ldi.Nozirlar eshitgan so’zlaridan savol qildilar:
-Yovmut askarlari nechun Chorjavdin qochib ketganlar?-deb.
Qo’shmamatxon:- Uylarini sog’inib qolgan tururlar,-deb durust javob berdi.
Ham so’radilar:-G’ulom Ali Sizning birlan nechun kelmadi?
Javob berdi:-Ertang kelatur,-deb.

Maxfiy qolmasinkim, eshitilib erdi.Qo’shmamatxon Xivani olganidan so’ng, ushbu kunda G’ulomali Toshhovuz, Ilonlini olib, onda bo’lgan askarlarning qurollarini olib qo’ymoqqa qaror qilganlar, deb.G’ulomalining kelmaganligi sababi ham ma’lum bo’ldi.Nozirlarning sho’rosi qaror qildi:
-Qo’shmamatxonni arestovat qilib voqealarning ta’qiq qilmog’oni, shuning birlan harbiya noziri Sheyxutdin Hasanov Qo’shmamatxonni yonidan to’pponcha, pichoqlarini olib, eltib shahar muhofazasining joyiga qamab, oldiga qorovullar qo’ydi.Nozirlar sho’rosi ushbu ishlar haqinda muzokara qilib o’tirdi.Shul vaqtda Qo’shmamatxonning uyidin miltiq tovushi chiqdi.”Bul nechuk miltiq tovushi erkan ?” deb xabar olmoqchi bo’lib harbiya noziri kishi yuborgan.Odam borib voqeani anglamoqchi bo’lgan hamon bir necha miltiq otganlar.Ham bularga hujum qilganlar.Voqea shunday bo’lgan: Qo’shmamatxon tez qaytib kelmagani uchun bul odamlar gumon qilganlar.”Endi hukumat bizlarning qilmoqchi bo’lgan ishlarimizni bilib Qo’shmamatxonni hibs qildilar.Endi bizlar bir iloj qilib, bir necha qorovulni o’ldirib qa’ladin chiqib ketmak kerak”, deb miltiq otmoqqa mashg’ul bo’lganlar.Bularning otlari ham hozir bo’lib turgan erkan.

Harbiya noziri bularni qilmoqchi bo’lgan ishlaridan ogoh bo’lib ushbu joyning atrofiga katta qorovul qo’yib, tom ustiga pulemyot chiqarib bularga qaratib otganlar.Bular ham qarshi turib miltiq otganlar.Darhol harbiya nozirini yuborgan odami, harbiya noziri birlan kelib nozirlar sho’rosiga voqealarni bayon qilib taklif qildi: “Qo’shmamatxonlarni bir ish qilib yo’q qilmasalar, agar qutilib ketsa albatta Xorazm jumhuriyati bo’lib farog’at o’tirgan xalqlarni talon taroj qilib, ko’p kishilarni begunoh o’ldirib yo’q qilsa kerak”, deb. Nozirlar sho’rosi voqealarni anglab muzokara qilib aytdilar: “Agar Qo’shmamatxon omon qolib chiqsa, ikki xon juft bo’lib Xorazmni xarob qilsalar kerak”, deb shul qarorga keldilar.Xorazm jumhuriyatini shunday qonxo’rlardin saqlab qolmoq uchun darhol otib o’ldirmakni lozim bilib, harbiya noziriga havola qildilar. Harbiya noziri darhol amalga qo’ydi.Ham G’ulomali tarafidan bunda turgan Mulla Navro’z ham undan katta bir rivoyat qilib, hibsda erdi. Oni ham otib o’ldirmakka buyurdilar.Nechunkim, ul ham katta yomonlarning boshlig’i erdi. Ondin so’ng ko’p askarlar birlan o’rab olib, Qo’shmamatxonni uyindagi odamlar birlan otishib. Birisini yarador qilgandin so’ng taslim bo’lganlar. Yarog’larini olib, o’zlarini bir joyga solib, oldiga qorovullar qo’yganlar.Tozabog’ga bormoqqa yo’lga chiqdim.Yo’lda ko’rsam bir necha adad yovmutlarni atrofini qorovullar chulg’ab olib, Nurillaboy madrasasiga olib o’tib ketdilar.Ondin o’tib, Tozabog’ga bordim.Ko’rsam nachal`nik Beregovoy, tovarish Dubyanskiy bog’dagi tamomi yovmutlarning miltiq o’qlarini olib, o’zlarini qorovullar birlan Nurillaboy madrasasiga yuborib turgan erkan.Ko’rishib-omonlashib qaytib Nurillaboyga kelib, o’z ishimizga mashg’ul bo’ldik.Bir-ikki kun o’tgandin so’ng ushbu hibsda bo’lib turgan turkmanlarni ichidan bo’lgan mashhur yomonlarini xalq turmasiga keltirib hibs qildilar.Boshqalarining ichidan bir nechalarini chiqarib yubordilar.Qolganlari ushbu madrasada to’xtab turdi.

Maxfiy qolmasinkim, ushbu vaqtlarda Chorjavdin qaytgan yovmut askarlari ko’p yerlarni talon qilib, Xivaning bir tarafidan o’tib, yovmut ichiga yetdilar.Xalq turmasinda bo’lib turgan yovmutlarning ishlarini jazo mahkamasiga berdilar.Jazo mahkamasi ishlarini taftish qilib,, bir nechalarini o’ltirib yo’q qilmoqni qaror qilib, amalga qo’ydilar.Qolgan bir nechalarini chiqarib yubordilar.Shuning birlan bir necha kun farag’ot bo’lib turdi.

Maxfiy qolmasinkim, hukumat Mulla Bekjonni maorif nozirligidan chiqarib, Karim qorini maorif noziri qildi.Mulla Bekjonni mufattish noziri qildi.Ondin so’ng Mulla Bekjonni komil huquqli vakil qilib yubordi.

Ma’lum bo’lsinkim, Junayidxon yana hujum qila boshladi.Xivaning bir tarafiga otliq askarlar yuborib, xalqni talon qila boshladi.Urganchning Begobod degan qishloqiga ham Qo’shko’prik chig’atoylariga hujum qila boshladi.Xivadin G’oziobod va boshqa yerlarga askar yuborildi.Shul jumladin Qo’shko’prik ustidan ketgan askarning komandiri Abdulhamid O’rozmamatga yo’lda o’q tegib ketdi.Birodar O’rozmamatni takfin tahrir qilib, ko’p tantana birlan birodar mozoristoniga dafn qilindi.

Maxfiy qolmasinkim, Nurillaboyning madrasasinda yotgan yovmutlarni birodar Bolshakov birlan Chorjav tarafiga yubormakchi bo’lib buyruq qildilar.Nechunkim,munda bo’lib tursalar ehtimol bir voqea bo’lib qolsa deb, tovarish Malishev o’z ixtiyori birlan Xivadin olib To’rtko’lga ketdi. Ondin so’ng askarlarning har tarafidin hujum qilib, kaltabonlarni qochirib yubordilar.Shuning birlan ham yovmut ichinda ko’p odamlarni talab turdi.Bir kun Junayidxonning haqinda qo’shma bir majlis bo’ldi. Nozirlar sho’rosi va safaratxonadagi vakillar, askariy komandirlar ishtirok qilib, shunga qaror qildilar: Junayidxonni tamoman yo’q qilib yubormakka. Man majlisga taklif kirgizdim:
-Avvalgi urushda yurgan birodarlar bo’lsalar, ko’p vaqtlar urush safida bo’lib xoriganlar, endi ushbu safarda manga ruxsat qilsangizlar, tovarish Dubyanskiy birlan man borsam,-deb nozirlar sho’rosi manim bormog’imga qaror qildi.

Birodar Mulla Jumaniyoz Sultonmurodov man kelgancha, nozirlar sho’rosiga muvaqqat rais bo’lib turmoqqa tayinlandi.Ushbu vaqtda birodar Rizoaddin Shokirovni chaqirib Toshkentdin telegram kelib erdi.Komil huquqli vakil qilib toshkentlik Sa’dullaxo’ja Tursunxo’jaevni saylab Xivaga yuborganlar. Birodar Shokirov o’rniga tovarish Bolshakovni qo’yib ketdi.1920 yil oktyabr oyinda askar birlan birodar Dubyanskiy, Voloshin ham boshqalar birlan xabarli soatda G’oziobod ustidan yovmut ustiga iroda qildi. Ham ushbu kunda G’oziobodga kelib qo’ndik.Ushbu oqshom shunda bo’lib, abritong erta birlan turib, Voloshin birlan otliq askarlarni qum tarafiga yuborib,o’zlarimiz Badirkentga qarab, to’pchi, piyoda askarlar ham bir otryad otliq askarlar birlan ravona bo’ldik.Bir necha soat yurib Jangalli degan yerga yetib erdik.Junayidxonni qorovullari bor erkan.Miltiq otib bir askarni oyoqidin zahmdor qildilar.Bizning askarlar ham o’q otib qochirib yubordilar.Andin o’tib ikki chaqirim borgan erdik yo’lda jo’xori ko’p ekan. Jo’xorining orqa tarafidan ko’p qattiq o’q ota boshladilar.Tovarish Dubyanskiy buyurdi: bir hovlining oldinda to’pni qo’yib bir necha martaba otdilar.Oqibat yovmutlar toqat qilabilmay qochib ketdilar.Andin so’ng to’pning otlarini qo’shib yo’lga ravona bo’ldik.Badirkentning boshinda mashhur yovmutlar eshoni Xon Eshonning joyiga yetishduk.Tovarish Dubyanskiy to’pchi ham piyoda askarlarni ushbu joyda qo’yib o’zi ilgari ketdi.Ham aytdi:
-Man ilgari borib ko’rarman.Ham darkor bo’lsangizlar sizlarga xabar qilurman, borursizlar.YO o’zim ham kelib shul yerda bo’lurman,-dedi.

Ham manga aytdi:
-Siz ham askarlarning yonida bo’lib turing,-dedi.Ham o’zi yurib ketdi.Uch soat o’tgandin so’ng xabar keldi, askarlar kelsin, deb.Darhol askarlar nahorilarga qaramasdan to’plarning otlarini qo’shib ravona bo’ldik.Kun ham botib ketdi.Ko’p mashaqqatlar birlan ilki xuftonda Badirkentdagi Otaboy Qarchig’ay degan Junayidxonning qayinotasining avvosiga (hovlisiga-U.B.) tovarish Dubyanskiyning yoniga kelib yetishdik.Tushib bir-ikki kaso choy ichib o’tirgan erdik.Darhol bir necha yuz miltiq askarlar tarafiga otaboshladilar.Xudoy saqladi, agar yo’lda bizlarning askarlarni ustiga otsalar ko’p kulfat bo’lur erkan.Nechunkim, qorong’u kecha o’qning qaydin kelgani ma’lum ermas turur.Xayriyat bizlar kelib tushgandin so’ng otaboshladilar.Askarlar ham tom ustiga pulemyotlarni chiqarib otaboshladilar.Oqibat yovmutlar toqat qilaolmay qochib ketdilar.Shuning birlan shul oqshom shul yerda qo’ndik.Erta birlan turib, tovarish Dubyanskiy amr qildi:
-Otliq askarlar Voloshinni kutib, u kelgandin so’ng uning otryadi birlan qumning kunchiqar tarafidan borsun,-deb.

O’zi to’pchi ham piyoda askarlar birlan qumning ichidan Junayidni qazib qo’ygan chuquriga istehkomiga iroda qildi.Bizlar ham tovarish Dubyanskiy birlan ravona bo’ldik. Yo’lda Eshon mirobni hovlisiga kelib kirduk, o’tga yondirgan ekanlar.Birodar Plyuzovlar o’z otryadi birlan kelib ushbu joyda Junayidxonning askarlari tarafidan qurbon bo’lgan ekanlar.Shahidlarga duoi xayr qilib, ravona bo’ldik.Andin o’tib qumning ichiga kirib ketdik.Borib ko’lning yo’l tarafinda bir tepaning ustinda to’pni qurib qo’yib, piyoda askarlarni qumni oshoq tarafiga yubordi.Andin o’tib so’ng durbinlar birlan qarab ko’rdilar.Junayidxonning askarlari ko’lning ul tarafinda qumning ostinda okoplarinda erkanlar.Bizlarning piyoda askarlarimizga o’q ota boshladilar.Andin so’ng tovarish Dubyanskiy buyruq qildi: okoplarga to’p otmoqqa.To’pchi askarlar to’p ota boshladilar.To’pning o’qi borib okoplarning ustiga tushib portlamoqqa boshladi.Junayidxon askarlari parokanda bo’lib okoplardin chiqib, qumning ul tarafiga ravona bo’ldilar.Shunday qilib, ko’p otishmalar bo’lib turdi.Bizlarning piyoda askarlardin ikki askar zahmdor bo’ldi. Olib kelib sanitar aravasiga solib qo’ydilar.Alhosil ikki yuzdin ziyoda to’p otildi.Axiyri yovmut yomonlari ko’p kulfat birlan boshqa bir yerga ketdilar.Tovarish Dubyanskiy ham to’plarni yovmutlar ketgan tarafga olib bormoqqa buyruq qildi. Bizlar ham to’p birlan ravona bo’ldik.Dubyanskiyning o’zi ilgari borib, bir yerda turib yovmutlar birlan otishmoqqa mashg’ul bo’ldi.To’plar ham yetib kelib, bir yerda ota boshladilar.Oxiri yovmutlar toqat qila bilmay qumning ichiga qochib ketdilar.O’q otishma tamom bo’ldi.Bir soatdin so’ng Dubyanskiy, Yaxshimurodboy va Davlatmurodboy o’g’liga buyurdi: “Ko’lning ul tarafiga o’tib, voqeani bilmakka”. Yaxshimurodboy ot birlan ko’l suviga kirib, otni suvdin yuzdirib o’tib, ko’rib keldi. Voqeani bayon qildi:” Yovmutlarning okoplarinda ko’p o’liklari qolgan.O’zlari tamom qum ichiga kirib ketganlar”.

Tovarish Voloshin otliq askarlar birlan qumning bir tarafidin kelib, yovmutlarni oti, o’zbeklardin talon qilib kelgan ho’kiz, sigir, tuyalarni, barcha jonivorlarni olib keldilar. Ham surat voqeani bayon qildilar, o’zbek cho’ponlari Ilonli degan qishloqning odamlari bo’lgan.Shunday qilib, qaytib kelib, kecha bo’lgan manzilda qo’ndik.G’ozioboddin bir o’zbek yuzboshi xat keltirib erdi.Dubyanskiy aytdi:
-Yuzboshi to’xtab tursin, erta tong xat berurman,-dedi.

Erta tong turib G’oziobodga askari ta’minotga xat berdi.Xat borgan hamon ozuqalarni aravalarga yuklab xon Eshonning joyiga borurmiz, deb, ham olib boraturgan yuzboshiga ta’kid qildi: “Hech bir to’xtamasdan, darhol yetishmakni”. Shuning birlan askarlarni ham ko’chmakka buyruq qildi. Bir necha soat yo’l yurib, xon Eshonning joyiga kelib tushib tamomi atroflarga askarlar qo’ydi.G’oziobod tarafidin ta’minotdin hech bir xabar bo’lmadi.Askarlarni o’zlari birlan bo’lgan ozuqalari tamom bo’lgan erdi.Tovarish Dubyanskiy ko’p qistanib, Yaxshimurodboyga buyurdi: “G’oziobodga borib kelmakka”.Yaxshimurodboy ot chopib ketdi. Yarim soatda borib ko’rsa ta’minot aravalari o’z o’rnida turgan erkanlar. Darhol ta’minot boshlig’iga ma’lum qilib, aravalarni qo’shturib yo’lga ravona qilib yana o’zi ot chopib kelib, ma’lum qildi.Ikki-uch soatdin so’ng ta’minot ham kelib yetushdi.Askarlar nahorilarga mashg’ul bo’ldilar.

Maxfiy qolmasinkim, Badirkentdin xat berib yuborgan yuzboshi yo’lda yovmutlarning joylarinda qolgan ba’ziy nimarsalarni olmoq birlan mashg’ul bo’lib, hanuz bormagan erkan. Darhol ushbu yuzboshini kishi yuborib oldirib, ko’p koyish qilib, hibsga buyurdim.

Ma’lum bo’lsinkim, G’ozioboddin chiqib, Badirketga borduk, zumankanda bir jon odam qolmasdin ko’chib ketgan erkanlar.Otizlarinda tamomi jo’gori, tori, sholilari pishib turur.Kunjilarni ham o’rib qoldirib qochib tururlar.Chiqib ushbu yomon odamlarni kasofatlaridin bechora farag’at o’ltirgan dehqonlar xarob bo’lganlar.Bir yil bo’yi qilgan mehnatlarini tashlab qochib ketganlar.Tamom kaltabon o’g’rilarning kasofatlaridin.

Ma’lum bo’lsinkim, yovmut ichi ko’p obod bo’lgan erkan.Suvlari ko’p, tamomi katta-katta hovlilar solganlar.Har jonga qancha tanob yerlari bo’lib, bog’-bog’chalar qilgan erkanlar.Daraxtlari ham havoga chiqib ketgan.Mundan qirq besh yil muqaddam man yovmut ichiga kirib erdim, faqat yilg’indan, qamishdan boshqa daraxt yo’q erdi. Hozir muncha taraqqiy qilganlar.Muning sababi yerlarning ko’pligi ham minnat poshsholikning bularga joriy ermasligi turur.Ushbu oqshom shul yerda joylashib qo’nduk.Xivaga ham xat yuborduk, bayon voqealarni yozib.Ertang Xivadin ham xat keldi.Shunday qilib, ushbu joyda ikki-uch kun turib, askarlarni har yerda joylashtirib qo’ymoqchi bo’lib maslahat qildilar.Shuning birlan atrofda turgan qorovullar to’rt yovmutni tutib keldilar.Shul yovmutlarni bir-bir taftish qilib so’z so’radilar.Har birlari aytdilar: bizlar o’kuz jamoalarining dehqonlari. Bizlarni yerlarni ustinda qo’yib, o’zlari ko’chib Niyoz baxshining avbosiga ketdilar, dedilar. Ham ma’lum qildilar: o’kiz misli ushoqlar turur. O’kuz jamoalari birlan xon Junayid ziyoda qattiq dushman turur.Agar bularda yarog’ bo’lmasa darhol kelib, bularni dunyodin yo’q qilsa kerak. Manim fikrimcha “ o’kuz otliqlarini olib Badirkentda qolgan askarlar ichiga qo’shib komandirga topshirmoq kerak”, dedim.

Tovarish Dubyanskiy va ham boshqalar qabul qilib, ahdnoma yozishib muhr qilib, olarga bir dona berib bizlar ham bir dona olduk. Tovarish Dubyanskiy Badirkentda turgan komandirga xat yozib berdi.O’kuz jamoalaridin bir oz otliq askar olib o’z askarlari qatorida ovqat berib ish buyurmoqqa. Shuning birlan O’kuz katxudolari javob olib xo’shlashib qaytib ketdilar. Bizlar ham ushbu joyda bir rota askar qoldirib, ko’chib Toshhovuzga qarab ravona bo’lduk. Yovmutlar ba’zi ko’priklarni buzg’on erkan.Tuzatib to’plarni o’tkarib,Toshhovuz navkarlari qorovul bo’lib turgan yerga yaqin keldik.Tovarish Dubyanskiy bir otryad otlari birlan asrkarlarning oldinda erdi.Navkarlar yovmut askarlari gumon qilib o’q otaboshladilar.Alhosil askarni o’tkarmakka imkon bermadilar.Shunday katta askarning 20-25 navkar yo’lini olib o’tkarmay otishib turdilar. Oxiri o’qlari tamom bo’lmoqqa yaqin bo’lgandin so’ng qa’laga xabar bermakchi bo’lib, ot chopib Toshhovuz qa’lasiga ketdilar.Andin so’ng askarlar yo’lga tushib ravona bo’ldilar.Qorong’i oqshomda Toshhovuzga kelib birodar Jobbergan Qo’chqorovning joyiga tushdik.Birodar Qo’chqorov yo’q erkan.Tushib joylashib o’tirdik.Bir-ikki soatdin so’ng birodar Jobbergan keldi. Qorovul navkarlar kelib Sobirberganga ma’lum qilgan.Ko’p otliq piyoda yovmutlar qumga kelib bizlar birlan ko’p otishdilar.Bizlarning o’qlarimiz tamom bo’ldi, munda keldik, deb.Andin so’ng birodar Sobirbergan qolgan navkarlarni olib ot chopib qumga ketgan.Bizlar o’tib munda keldik.Qumda hech kimni ko’rmasdin qaytib munda kelgan. Man o’z tarafimdan Toshhovuz o’zbek navkarlariga ko’p-ko’p rahat o’qirman.20 otliq yovmut shuncha askarni ko’rib turib bahodirlik ko’rsatib, ikki soat miqdori askarlarga yo’l bermasdan otishib turdilar.Andin so’ng Sobirbergan taom tayyor qilib nahori berdi. Hammalarimiz horib qolgan erkanmiz.Farag’at yotib istirohat qilduk.Ertang turib qa’lada bo’lib turgan askarlarni ko’rib chiqdik. Ham tovarish Dubyanskiy har yerlarda qo’yib kelgan askarlarga xatlar yozib yubordi.Bul kun ham o’tdi.Ertang birodar Dubyanskiy maslahat qilib shul qarorga keldi, ham aytdi:
-Tamomi kerak yerlarda askar qo’ydik. Endi bizlarning yonimizda otliq askar oz qoldi.Turk frontidin xabar keldi:bir polk otliq askar munda kelmakka. Buyruq qilgan erkanlar.Shul askarlar tez vaqtda kelib qolurlar.Ondin so’ng sizlar birlan birga chiqib G’ozioboddin kirib to Ko’hna Urganchga borguncha tamomi yovmutlarning yarog’larini olib o’tib, xon Junayidni yo’q qilurmiz,-dedi.

Ham taklif qildi: Xivaga qaytib ketmakka.Man ham rozi bo’ldim.Darhol otlarni hozir qilib, yo’lga ravona bo’ldik. Kelib Manoqqa Nurjon bahodirning joyiga qo’nib, oqshom shunda bo’lib, ertang yo’lga chiqib, ravona bo’ldik.Shohobodga kelib choy ichdik.Ko’rsak yovmutlar Shohobod chorsupasini tamom o’tlatib, yondirgan erkanlar.Ondin otlanib Xivaga ravona bo’ldik. Vaqti peshin sog’-salomat Xivaga kelib tushdik.Nurillaboyga o’tirgan birodarlar birlan ko’rishib, sog’-salomatlik so’rashib uylarimizga ketdik.Birodar Rizoaddin Shokirov o’rnidan ketib, tovarish Ashurov uning o’rnida qolgan erkan.

Maxfiy qolmasinkim, yovmut mahorabasiga ketmasdin burun Toshkentdin to’g’ri sim birlan so’ylashganda Qo’shmamadxonlarning bo’lgan voqealarini aytgan erdim.Shul vaqtlarda Maskavdin Bobooxun ham Toshkentga kelgan erkanlar. Yoninda yovmutlardin Mulla O’roz Xo’ja Ahmad o’g’li ham Mulla Nurmuhammad Bobo o’g’li ham bor erdi. Birodar Sholikarovning aytgani birlan ushbu yovmutlarni Toshkent xorijiy nazorati olib qolgan. Bobo oxun Toshkentdin chiqib Buxoroga qaytgan.

Maxfiy qolmasinkim, Toshkentdin Xivaga komil huquqli vakil bo’lib chiqqan birodar Sa’dullaxo»ja Tursunxo’jaevni Buxoroda qoldirganlar. Bir necha vaqtdan so’ng tovarish Safonovning Xorazmga komil huquqli vakil qilib, yoniga Bobooxundin ayrilib qolgan Mulla O’roz va Mulla Nurmuhammadlarni qo’shib yuborganlar.Bular Chorjavga kelganlar. Birodar Sholikarov ham ishlarini bitkarib Chorjavga kelgan erkan. Safonov birlan ko’rishib Xivaga telegram berdi.”Birodar Safonov bilan borurmiz”, deb. Ondin so’ng bular bir necha kemaga o’tirib yo’lga chiqdilar.

Maxfiy qolmasinkim, bir necha kunlar Toshkentda ham yo’lda Mulla O’rozlar tovarish Safonovga o’zbek va yovmutlar haqinda ko’p yolg’on so’zlarni aytib, soddadil Ovro’padin kelgan, Sharq siyosatidan bexabar tovarish Safonovni inontirganlar.Hukumatning haqinda ham ko’p yolg’on so’zlar aytganlar. Oqibat hukumat mehmonlarini qarshi olib kelmak uchun Xonqaga faeton-aravalar birlan kishilar yubordi. Xivaga yaqin kelgan vaqtda tamomi hukumat odamlari birlan peshvoz chiqib ko’rishib, safaratxonaga keltirib tushurib, “xush keldingiz”, deb xo’shlashib qaytib ketdik.Mehmonlar ham farag’at bo’lib, o’z joylarinda qoldilar. Ushbu Mulla O’roz va Mulla Nurmuhammadlar ham saforatxonda Safonovning oldida qoldilar. Ertang Xorazm hukumati katta bankent qilib vakillarini hamrohlari birlan taklif qildi. Tamomi nozirlar bankentga hozirlandilar. Nutqlar so’zlanib nahorilardin tanovvul qilib, bir necha soatlardin so’ng xo’shlashib qaytib ketdilar. Tovarish Safonovning so’zlagan so’zlaridan ma’lum bo’ldiki, u hukumatga yomon ko’z bilan qarab ish boshladi.

Maxfiy qolmasinkim, birodar Sholikarovni hukumat xorijiya noziri lavozimiga, Jumaniyoz Ollaqulovni muovini ham tijorat sho»basiga mudir qilib sayladilar.Shuning birlan bular ham o’z ishlariga mashg’ul bo’ldilar.

Maxfiy qolmasinkim, tovarish Safonov avvaliga Dubyanskiy, Malishevlarning qilib qo’ygan planlarini tamom yo’q qilib, o’zi boshqa turli yo’l birlan ish qila boshladi.Ham avvalgi ishlanib qo’ygan to’g’risidin xon Junayidga ham G’ulomaliga xat yubordi, “falon kunga Xivaga kelinglar”, deb. Ham manga alam qilgani shuki Safonov manga,
-Xon Junayid va G’ulomaliga xat yubordim, falon kuni bunda kelurlar,-dedi. Man kulib aytdim:
-Ko’p yaxshi qilibsiz, kelganlaridan so’ng ko’rurmiz,ushbu xat yuborgan odamlaringiz Sizning xatingiz birlan kelmaslar,-dedim.Onda tovarish Safonov aytdi:
-Kelurlar, xotirjam bo’ling,-dedi.

Shuning birlan bir necha kunlar o’tib ketdi, bulardin hech bir xabar bo’lgani yo’q. Albatta tovarish Safonov yovmutlarning ahvoli-ruhiyalarini qaydan bilsin. Yoninda bo’lgan Mulla O’roz va Mulla Nurmuhammadlarning yolg’on so’zlarini e’tiborga olib ish qilib turib turur. Ham Mulla O’roz nechuk odam erkanini hech bilmas turur. Hukumat tarafidin yovmutlar siyosatini bilaturg’on bir odam bir so’z e’tibor qilmasdan hamon o’zining g’alat ishini qila boshladi. Tovarish Dubyanskiy ham qaytib ketmoqqa majbur bo’ldi. Nechunkim Dubyanskiy yovmutlar ahvolotini ko’p yaxshi anglab erdi. Tovarish Safonovning tutgan siyosati Xorazm uchun ko’p zararli erdi. Hukumat arboblari Tangriga tavakkal qilib qarab o’ltirdilar. Nechunkim, tamomi askarlarning ixtiyori shularda erdi.

Maxfiy qolmasinkim, Safonov kelmasdin burun Sholikarovning o’rniga tovarish Malishev qolgan erdi. Bir kun katta qo’shma majlis qilib, ushbu yilda askarlarni o’zlariga ham otlariga qancha bug’doy, jo’xori, kulta, gurunch darkorligi haqinda ro’yxat qilib ko’rsatildi. Ham alam qildi, vaqflarning ijaralarini olib askarlarni ta’min qilmoqqa taklif etdi.Ba’zi nozirlar bunga qarshi so’zlagan edilar.Alarga durust so’zlar birlan rad qildi. Oxiri so’zlar uzoqqa ketdi.Man toqat qila bilmay tovarish Malishevga qarab aytdim:
-Siz xotirjam bo’ling, man hukumat boshinda o’tirgan vaqtimda ko’p asrlardin bo’lib kelgan vaqf hamon o’z o’rninda bo’lib, xizmat qilib yurgan mulla, muazzinlarga muvofiq vaqfnoma berilib tursa kerak. Ham tarixlarda palon odam hukumat boshinda o’tirgan vaqtinda ko’p asrlardin buyon bo’lib kelgan vaqflar barham bo’lib, maschit va madrasalar xarob bo’lib qoldi, degan so’zni hech eshitmakka toqatim yo’q turur. Hozirdin sizga ma’lum qilurman.Siz bul ish haqinda hech bir taraddud qilmang.Agar mundin ziyoda zo’rlik qilsangiz, man sizni ham o’zimni o’ldirib, tarixlarda sho’rolar hukumati Xorazmda qo’ygan komil huquqli vakilning qilgan nomuvofiq harakatlariga toqat qila olmay o’zini o’ldirgan, degan so’zni eshiturman,-dedim.
Ondin so’ng tovarish Malishev avvalgi jadalidan bir oz bo’shab aytdi:
-Siz askarlarning ovqatiga nima qilursiz,-dedi.
Man javob berdimkim,
— Askarlarga qancha bug’doy . jo’xori, gurunch kerak bo’lsa siz manga yozib bering, man o’zim qaydan olsam, shundan olurman.Alhosil, askarlarning bir yillik ovqatini ta’min qilurman,- dedim.
Shuning birlan majlisni tamom qilib, hamma qaytib uylarimizga ketduk. Alhosil vaqflar to’g’risinda bir kun bir so’z eshitib hayron bo’lib turar erdim. Tovarish Safonov bo’lsin ul kishi ham butun boshqa bir yo’l birlan hujum qila boshladi.

Maxfiy qolmasinkim, nozirlar har hafta birlarini uyiga ziyofatga borib, uch-to’rt soat o’tirib so’zlashib qaytar erdilar.Bir kun man Safonovning oldiga borgan erdim, bir so’zdan so’ng Safonovaytdi:
-Tovarish Yusupov o’tgan oqshom moliya noziri Muhammadpanoboyning uyinda nechuk pinhoniy majlis qildingizlar?,-dedi.
Man aytdim:
-Hech bir pinhoniy majlis qilganimiz yo’q turur.Muhammadpanoboy ziyofat qildi.Borib uch-to’rt soat o’tirib nahori qilib qaytduk.
Ondin so’ng u aytdi:
-O’tgan kun Bobooxunning hujrasinda nishladingizlar?-dedi.
Man aytdim:
-Bobooxun Maskavdin kelgani uchun uyiga chaqirib, ziyofat qildi, boshqa hech gap-so’z bo’lgani yo’q,-dedim.

Onda tovarish Safonov qahrlanib aytdi:
-Tovarish sizlar xabardor bo’ling bir kugurtdin Maskavni o’t oldi degan maqol bor turur. Man sizlarning ishlab ham qilib yurgan ishlaringizdin ogoh tururman,-dedi.
Man aytdim:
-Bizlar hech bir ish ishlaganimiz yo’q ham hech bizlarni onday so’zlar yod xayolimizda yo’q turur.Faqat bizlar xalqning xizmatlari birlan mashg’ul tururmiz.Boshqa hech bir fahmni bilmasmiz.Siz ko’p yaxshi aytdingiz, endi mundin so’ng nozirlar birlan hukumat joyidan boshqa joyda hech yo’liqmasmiz, xotirjam bo’ling,-dedim. Ham shuning birlan chiqib ketdim.Hukumatga borib, hamma nozirlarga bo’lgan voqeani aytdim. Alar hayron bo’lib qoldilar.

Alhosil tovarish Safonov har kunda partiyaga borib, hukumatga qarshi har turli so’zlarni so’zlab, agitatsiya qila boshladi.Ham har turluk qonundin tashqari hujum qilib, hukumatga xatlar yoza boshladi.Andin so’ng nozirlar birla maslahat qilib shul qarorga kelduk: Toshkentga ikki kishi yuborib Safonovning chorasini ko’rmoqqa. Birodar Mulla Jumaniyoz Sultonmurodov ham Mulla Obdalovni yubormakni hozirlab qo’yduk.

Maxfiy qolmasinkim, nozirlar sho’rosiga ma’lum qilmasdin Safonovning amri birlan harbiya noziri Hasanov siyosiy idora tashkil qilib Musaev degan bir boshqird yigitini boshliq qilib qo’ygan. Bir kun nozirlar sho’rosining majlisi bo’ldi. Safonov, Hasanov va Rivokinlar ham bor erdi. Shul vaqtda ziroat noziri birodar Hakim Bojibon bir xat keltirib manga berdi.Vaqf haqinda erkan. Albatta Hasanovlarning ko’rsatuvi bo’yicha bo’lsa kerak.Xatning mazmuni bundin iborat turur: Podsholik yerlarini vaqfini bermakmi yo yo’qmi? Bovujud man birodar Hakim Bojibonga aytib erdim:
-Bankdin aqcha olib vaqf yerlarni mutavallilarga beringlar!-deb.
Shuning birlan ham birodar Hakim Bojibon bu lahzalarning kirgizgan ma’nisi shul bo’lsa kerak, bir g’avg’o bo’lsin, deb.Andin so’ng vaqf haqinda so’z bo’lib ketdi.Tovarish Hasanov so’z olib ko’p so’zlar ham aytdi:
-Hech vaqtda partiyni odam vaqf degan nimarsalarni hech qabul qilmas turur,-deb so’zni tamom qildi.

Tovarish Safonov bo’lsin, Rivokin bo’lsin shul mazmunda so’zlar aytdilar.Oxir man noiloj shunga taklif qildim:
-Vaqf masalasi bo’lsa katta bir masala turur. Birinchi qurultoy bizlarga topshirib ketib erdi. Sog’-salomat ikkinchi qurultoyga eltib topshirib doklad qilurmiz.Agar qurultoy bermakka buyursa, andin so’ng berulsin.Agar qurultoy bermaslikka qaror qilsa, shuning birlan ish tamom bo’lur,-dedim.
Safonov manim taklifimni ma’qul ko’rdi.Tovushga qo’yib qaror qilib qo’yildi.

Bir kun Safonovning oldiga borib erdim, aytdi:
-Turkmanlar uchun Po’rsi qa’lasinda bir qurultoy qilish kerak.O’zbekdin ham hukumat odamlaridin hech kim bo’lmasin.Faqat man o’zim borib turkmanlarning ko’nglinda nima maqsadlari bor, shuni anglab kelurman.Siz nechuk ko’rarsiz?,-dedi.
Man aytdim:
-Ixtiyor sizda turur,-dedim. Nechunkim, man bilurman bul qurultoyning bo’lmagiga avvaldin hozirlik qilib qo’yilgan tururlar.

Maxfiy qolmasinkim, Safonovning ko’rsatuvi birlan siyosiy idora agitatsiya qilmoq uchun har tarafga odamlar yuborib , bozorlarda xalqni jamlab va’z qila boshladilar.Shul jumladin buxorolik Xo’jaev degan idoraning odami Qiyot- Qo’ng’irot (Qiyot-Qo’ng’irot xonlik davridagi noiblik bo’lib, Xorazm viloyatining hozirgi Yangibozor tumani hududi hisoblanadi-U.B.) bozorida so’ylagan: hech bir mullaga vaqf uchun g’alla bermang, deb. Shul vaqt ertadin dehqon kelib ma’lum qilgan, “ palon mulla menim vaqfimni bergil deb tutib turur”, degan. Onda Xo’jaev qo’liga xat bergan, mulla vaqf deb dahl qilmasin, agar qabul qilmasa chora ko’rar, deb. Qiyot- Qo’ng’irot odamlari jam bo’lib Xivaga hukumatga xat yozganlar. Shul mazmundakim, agar bozorlarda agitatsiya qilib yurgan odamlar bizlarning diniy vaqflarimizni yo’q qilmoqchi bo’lib yursalar, bizlar tamomi Qiyot-Qo’ng’irot xalqlari nomidan norozilik bayon qilurmiz, deb.

Bir kun hukumatda majlis bo’lib turgan vaqtda tovarish Safonovni ushbu ariza xatini ko’rsatib ham tarjima qilib tushuntirdik.Onda Safonov aytdi:
-Siyosiy idoraning haqi bor turur xalqqa har turluk so’zlarni agitatsiya qilib tushuntirmakka.Lekin vaqfni olinmasin deb, Xo’jaevning xat bergani hech durust ermas turur,Xo’jaevni hukmga bermak kerak,-dedi.
Ham yana aytdi:-Sizlar tarafdin ham agitatsiya bo’lsin. Qaysi tarafning so’zlarini qabul qilsalar ixtiyor xalqning o’zida turur.Ondin boshqa hukumatning agitatsiyani to’xtatmoqqa haqi yo’q turur.
Shuning birlan nozirlar sho’rosi ham xalqqa xitobnoma tuzib, bir necha adadni bostirmoq uchun matbuaaga berdi. Ikki kundin so’ng tovarish Safonov Po’rsiga turkmanlar qurultoyini chaqirmoqqa ketdi. O’rninda tovarish Rivokin qoldi. Nozirlar sho’rosi birodar Mulla Jumaniyoz ham Mulla Muhammadjonlarga mandat berib, Rivokindan tasdiq qildirib, Toshkentga yubordi.

Maxfiy qolmasinkim, matbaada siyosiy idora boshlig’i Musaev erdi. Musaev turkmanlar qurultoyiga ketganligidan muovin Fayzi Rahmon Vaisov turgan erdi. Nozirlar sho’rosi matbaaga bergan xitobnomani savol qildi. Vaisov aytdi:
-Man xitobnomani nusxasini yo’q qilibman, boshqa nusxa bo’lsa bering,-dedi.
Man buyurdim, darhol yozib berdilar. Bir necha kunlar o’tib ketdi. Man matbaa xodimlarini chaqirib, takror so’rab, koyishroq qildim. Onda xodimlar aytdilar:
-Vaisov ruxsat qilmas turur, bizlar noiloj qilurmiz,-dedilar.

Man qahrlanib aytdim:
-Matbaa Xorazm hukumati ixtiyorida bo’lsa kerak, nechun Vaisov man qilur,-dedim. Ham yana aytdim:
-Darhol bostirib bermasangizlar matbaani qo’ydirib tamomingizni xizmatdin chiqarub yuborurman,-dedim.
Xizmatkorlar “darhol bosib keltirarmiz”, deb ketdilar. Borib Vaisovga ma’lum qilganlar. Vaisov darhol safaratxonaga Rivokin oldiga borib, bayon voqeani aytgan:
-Ushbu xitobnoma birla qishloqlarga borsa, hech bir kishi bizlarni odamlarimizning so’zlariga quloq solmay darhol qaytarib yuborurlar. Man bul vaqtga qadar to’xtatib, nozirlar sho’rosi matbaa xodimlarini oldirib, qattiq buyruq qildim: darhol 50 adadni tayyor qilib kelinglar, bo’lmasa matbaalaringizni yopurmiz, deb.Xizxmatkorlar kelib aytdilar.Man sizning oldingizga keldim.

Bir iloj qilmasangiz yomon bo’lar,- degan.
Tovarish Rivokin ichki ichib mast bo’lib o’tirgan erkan, mastlik holinda Vaisov birlan kelib, mani ichkariga olib kirib qahrlanib aytdi:
-Sizlarning ushbu xitobnomalaringiz sho’rolar hukumati qonuniga xilof turur.Agar ushbu xitobnomalaringizni sho’rolarga yuborsangiz go’yo sho’rolar hukumatiga qarshi harakat qilgan bo’lursizlar.Ham man hech qo’l qo’ymasman, xitobnomalaringiz bosilsun, -deb.
Bir necha “durust” so’zlar aytdi shu tariqa Vaisov.Man ko’rdim, tovarish Rivokin mast turur. Noiloj bo’lib aytdim:
-Agar sho’rolar hukumatining qonuniga muvofiq bo’lmasa qolsin.Lekin tovarish Safonov aytib erdi sizlar ham agitatsiya qilmoqqa haqingiz bor turur, deb.Shuning uchun xitobnomalarni qilib erdikim, xomush bo’ldim. Birodarlar o’zlaringiz hisob qilib ko’ringlar.Bir mustaqil hukumatning oldinda turgan sog’irning qilib turgan zo’rligini, albatta qonundin tashqari bir zo’rlik turur.

Maxfiy qolmasinkim, birodar Bobooxun eshon bizlarning bo’lib turg’on ahvolimizni ko’rib adliya nozirligidan iste’fo qildi. Majlis qabul qilib, Yusuf Mufti oxunni adliya noziri qilib saylab qo’yildi. Bobooxun eshonni nozirlar sho’rosining raisiga komil muqim qilib qo’ydi. Shuning birlan Bobooxun Eshon istirohat uchun Gurlanga o’z uyiga ketdi.
Safonov Po’rsi qa’lasiga borib tamomiy turkmanlarga xabar qilgan, vakillar yuboring deb.Turkmanlar o’z odatlaricha katxudo, muhrdor odamlarni saylab yuborganlar.Vakillar kelib bo’lgandin so’ng prezidiumga Mulla O’rozni, Mulla Nurmuhammad yana birovlarni a’zo qilib majlisni ochib, Safonov ko’p so’z so’ylagan.Tamomiy so’zlarni fahmi shul bo’lgan: “hozirgi hukumatga qarshi taklif qilgan bir necha maqsadlaringiz bo’lsa ushbu qurultoyda izhor qilinglar.Shuni qaror qildirib o’tkazarmiz”, dedi. Turkman katxudolari aytganlar: “Bizlar maqsadlarimizni xatga yozib berarmiz” deb. Andin siyosiy idora boshlig’i tatar Musaev so’z olib chiqib ko’p so’zlar so’ylagan.So’zlagan so’zlari shul bo’lgan: “ tamomiy hukumatni yomonlab turkmanlarni hukumatga qarshi qilmoqdan iborat bo’lgan”. Turkman vakillari aytganlar: bizlar saning hech bir so’zingni tushuna bilmadik.Bizlar hukumatdin hech bir yomonlik ko’rganimiz yo’q turur, deb javob berganlar. Harbiya noziri Hasanov ham ko’p so’zlagan.Shuning birlan majlis yopilgan.Musaev, Hasanovlar Qo’ng’irotga o’tib ketganlar.Ertang yana majlis ochilgan. Turkman vakillari talabnoma xatlarini majlisga qo’yganlar.Mazmuni shundan iborat turur: talabnomadin asli ado bo’lgan bizlarni farag’at qilib Junayid ham boshqa yomonlarni yo’q qilib, bizning ham maschitu-madrasalarimizni obod qilib, tamomiy vaqflarimizni undirib vazifaxo’rlarga topshirmoqni qaror qiling.Ham tamomi ishlarimizni muvofiq shariat ijro qilmoqqa qaror qiling. Va boshqa moddalari ham bo’lsa shunday so’zlar bo’lgan. Safonovning tutgan plani bo’lmagach ma’yus bo’lib qolgan. Ushbu talabnomani qaror qilinglar.

Andin so’ng Safonov Po’rsida turkman ispolnitelniy byuro tashkil qilib, Mulla O’rozni rais, Mulla Nurmuhammad va boshqalarni a’zo qilib saylab qo’ygan. Andin so’ng qurultoy tamom bo’lgan. Po’rsida turkmanlarga to’y bergan ham ot choptirgan. Xivaga kishi yuborib “turkman otlariga bayroq uchun pichoq ham sarpoylar olib yuborilsin “ deb, Rivokinga xat yuborgan. Rivokin kelib mazkur nimarsalarni hukumat amiridan so’radi. Bir necha baxmal chakmonlar ham ikki adad oltin qinli pichoq berib yuboildi. To’yni tamom qilib qaytib Xivaga keldi. Bir kun majlis bo’ldi.Tovarish Safonov Po’rsida qurultoyda bo’lg’on ishlarni ham qarorlarni doklad qilmoqchi bo’lib so’z oldi ham aytdi:
-Po’rsiga vakillar chaqirduk.Turkmanlar avvalgi odatlari bo’yincha katxudo, oqsoqol, muhrdorlarni saylab yuborganlar.Mulla, eshonlari o’n uch moddalik bir talabnoma yozib bergan erkanlar. Shuni o’tkazmoqni talab qildilar, qurultoy qaror qildi.Man bir turkmandin so’radim, yozib bergan xatlaringiz nechuk xat turur, dedim. Onda aytdi, “bizlar nima bilurmiz, mulla eshonlarimiz yozib berdilar”, deb javob berdi, ham aytdi.Po’rsida tuzilgan ispolnitelniy byuroga mundin talon-taroj bo’lgan odamlarning ketgan mollarini yozib qo’llariga bering.Ispolnitelniy byuroga borsunlar.Turkmanlardin molarini olib berurlar, dedi. Ham buyurdilar: shul kundin e’tiboran bir necha devonlarga buyuring, tamomiy talon-taroj bo’lgan mollarni alohida yozsinlar.Turkmanlardin olingan bir necha yuz adad ot, tuya, mol qo’ylar bor turur. Yetishiga loyiq taqsim qilib berurmiz,-dedi.

Ko’p yaxshi deb darhol bir necha devonlarni jamlab ro’yxat qilmoqqa buyurdik.Ham bozorlarga jar chektirdik. Tamomi talon-taroj bo’lgan mollarni kelib devonlarga ro’yxat qildursinlar, deb. Shuning birlan bir necha kishining ichinda xalq kelib, ro’yxatga berdilar.Ham ro’yxatning kopiyasini olib tovarish Safonovga yubordilar. Mundin ham hech natija bo’lmadi. Turkmanlardin olingan mollarni To’rtko’lga o’tkarib yubordilar. Talon bo’lgan odamlar hukumatga arizalar berdilar.Nozirlar sho’rosi mollarning adadlarini xat qilib, qo’llariga berib aytdi: “sizlar ushbu xatni Po’rsiga ispolnitelniy byuroda Mulla O’rozning qo’liga eltib bering.Mulla O’roz mollaringizni olib berur”, deb. Shuning birlan musulmonlar Po’rsiga keta boshladilar. Musulmonlar bekorga ishlaridan qolib, mashaqqatlar chekib bir necha kunda piyoda, suvora Po’rsiga borib, Mulla O’rozga ro’yxatlarini ko’rsatib ma’lum qilganlar. Mulla O’roz “ yovmut katxudolariga xat yozarman, bir necha kun sabr qilinglar”, degan. Musulmonlar bir necha kun bo’lib, hech bir javob bo’lmagach, qaytib kelganlar.Ondin ham hech bir natija bo’lmadi. Albatta turkmanlar siyosatidan xabarsiz Ovro’pali birodarlar turkmanlar siyosatini bilmasdan ba’zi yolg’on bir turlik aytgan so’zlarga ishonib bechora hukumatning qilib turgan to’g’ri siyosatini xarob qilurlar. Bir necha vaqt ispolnitelniy byurodin hech bir ish chiqmasdin o’z-o’zidan tarqalib ketdi.Tovarish Safonov ba’zi birodarlar birlan birgalashib hukumatga qarshi ish qila boshladi.Bizlar ham qilib turgan zo’rliklarini Toshkentga birodar Sultonmurodovlarga shifrli telegram birlan ma’lum qilib turdik.Ushbu vaqtda Ashxaboddin Turkfrontdin askariy siyosiy idorani odamlari kelib qoldi. Shularning ichinda 1919 yilda Toza Urganchda ma’lum bo’lib turgan O’rinburg (Orenburg-U.B.)lik, Shokir Siddiqov ham keldi. Bul kishi 1917 yilda Toshkentda ham ba’zilarni yonimizda bo’lib, inqilob qo’mitamizda bir necha kun xizmat qilib erdi. Bizlar shod bo’lib, bul kishini maorif nazoratiga belgilab, safaratxonaga xat berduk.Birodar Siddiqovni hukumat qaramog’iga yuboring, deb.

Ma’lum bo’lsinkim, nozirlar sho’rosinda majlis bo’ldi. Ba’zi masalalardin so’ng man aytdim:
-Endi ikkilanchi qurultoy uchun hozirlik ko’rmak kerak,-deb.
Safonov aytdi:
-Albatta martning o’n beshinchisida qurultoy chaqirmoq kerak,-dedi.Ham taklif qildi:-Ushbu majlisda qurultoy uchun komissiya tashkil qilmoq kerak, -deb tayinlab ko’rsatdi. So’ng yana aytdi:
-Nozirlar sho’rosi birodar Siddiqovni so’rab xat yozdi.Komissiyaga birlanchi Siddiqov, ikkilanchi Hasan Muhammadjonov, uchinchi hukumatdin bir odam bo’lsin,-dedi.

Majlis birodar Bobojonboy Yoqubovni qo’shdi. Shuning birlan ushbu bayon bo’lgan odamlarni saylab, tasdiq qilib qoldirdilar.Qurultoy komissiyalari o’z ishlariga mashhurlik qildilar. Bir kun komissiyaning dastural amalini nozirlar sho’rosiga tasdiq uchun kirgizdilar. Mazmuni shul tururkim: Komissiya qilgan ishlarini har haftada nozirlar sho’rosining raisiga ko’rsatib tasdiq qildirmoq.Ham boshqa nima ish qilsa nozirlar sho’rosini majlisinda ko’rsatib o’tkazmak.Ham komissiya o’z ishiga mustaqil turur, degan.
Majlisda ko’p muzokaralar bo’ldi.Tovarish Safonov ham komissiyalarni ushbu dasturilamalini tasdiq qildirmakka ko’p g’ayrat qildi. Ko’p muzokaradin so’ng man aytdim:
-Komsissiyaning mustaqil harakatini nozir sho’rosi qabul qilmasa nechuk bo’lur?,-deb savol berdim.

Komissiyalar aytdilar: “agar nozirlar sho’rosi qabul qilmasa ul vaqtda bekor bo’lur”, dedilar. Man aytdim:
-Ondak bo’lsa muzokara hech hojat ermas turur.Komissiyalarni hozirlagan ishlarini majlisda ko’rarsizlar, agar nomuvofiq bo’lsa ul vaqtda qabul qilmassizlar,-dedim.
Shuning birlan ushbu dasturilamal tasdiq qilib berildi.Shuning birlan komissiyalar qurultoyga nechuk vakillar saylamoq, ham kimlarni qabul qilmoq, ham kimlarni rad qilmoq, ham qaysi tartibda vakil saylamoq, shularning hozirligi birlan mashg’ul bo’ldilar. Birodar Safonov qurultoy uchun 19 moddalik dasturilamal hozirlab ruscha yozib bergan erkan. Ushbu ruschani tarjima qilmoq uchun nozirlar sho’rosining tarjimoni birodar Nasrullaboy Musabekovga havola qildilar.Birodar Musobekov tarjima qilmoqqa mashg’ul bo’ldi.Ushbu dasturil amalning mazmunini anglab darhol Toshkentga birodar Sultonmurodovga shifrli telegram yubordik. Tez vaqtda qurultoy haqinda bir iloj qilmoqqa. Bir kuni komissiya manim yakka o’zimni majlislarga taklif qildi. Onda tovarish Safonov ham Musaev ham rus siyosiy idora boshlig’i bor erkan. Tarjima bo’lib bitgan dasturil amalni o’qib ko’rsatdi. Ham taklif qildi, tasdiq qilib qo’ymoqqa. Man aytdim:
-Ushbuni o’zim boshdan oyoq o’qib chiqdim.Ko’rsam tamomi mamlakatning ahvoli ruhiyasiga xilof tuzilgan dasturil amal turur.Ushbu dasturil amalni tasdiq qilmoqqa ojiz tururman. Ertang nozirlar sho’rosining majlisinda qo’yib maslahat qilib ko’rarmiz,-dedim.
Darhol Safonov qahrlanib aytdi:
-Komissiyaga nozirlar sho’rosi huquq berdi, o’zining qilgan ishlarida komil huquqli deb. Shuning birlan Sizlar tasdiq qilmasangizlar ham ushbu dasturilamal amalda turur,-dedi.

Man aytdim:
-Komissiyalarning qolg’on ishlarini nozirlar sho’rosi tasdiq qilmasa hech qabul ermas turur,-dedim.Ham taklif qildim, ertang majlisga qo’ymoqqa. Andin so’ng Safonov aytdi:
-Yaxshi, ertang majlis bo’lsin. Majlisda kimlar tarafdor, kimlar qarshi, shularni markazga bildirmak darkor turur. Munga tovarish Yusupov qarshi, Bobojonboy Yoqubov tarafdor,-deb qo’ydi.
Man aytdim:
-Albatta man qarshi tururman,-dedim. Shuning birlan bu masala ertang majlisga qoldi. Ushbu vaqtda siyosiy idora boshlig’i Safonovdan arava talab qildi. Qo’ng’irot taraflarga bir necha artistlar yuborib, teatrlar qo’yib qaytmoq uchun.
Safonov aytdi:
-Ina tovarish Yusupov,-dedi.

Man aytdim:
-O’tgan kun aravalar to’g’risinda safaratxonaga xat yozib yuborgan edim. Dehqonlarning ekin vaqtlari yaqinlab keldi. Arava to’g’risinda bir chora ko’rsangiz erkan, deb. Albatta aravalar to’g’risinda bir iloj qilmasangiz dehqonlar ekishdin qolib xarob bo’lmoq ehtimoli bor turur,-dedim.
Tovarish Safonov aytdi:
-Albatta dehqonlarning aravalariga dahl qilmasdan qa’la ichindagi boylarning aravasini olmoq kerak,-dedi.
Man aytdim:
-Qa’la ichindagi aravalar ham qa’la atrofindagi dehqonchilik aravasi turur,-dedim.
Onda Safonov aytdi:
-Siz manim yonimga bir militsiya qo’shing, man qa’ladin ming arava toparman,-dedi.
Man yana aytdim:
-Ko’p yaxshi o’n arava topsangiz ham man qoyil tururman,-dedim.

Shuning birlan ertang majlis qilmoqchi bo’lib turib ketdik. Man uyga kelib ba’ziy birodarlar birlan maslahat qilib hayron bo’lib, Tangriga tavakkal qilib qoldik. Ertang 1921 yil 3 mart edi. Nurillaboyga borib ziroat noziroti bo’laturgan joyga jamlashib tamomi nozirlarni hozir qilib, Safonovga muntazir bo’lib o’tirdik. Safonov ham keldi. Andin so’ng majlisni ochdik. Dastukil amalni o’qib nozirlarga tushuntira boshladim. Shul vaqtda Musaev Safonovga aytdi:
-Mana ko’ring majlis raisi tovarish Yusupov nozirlarga agitatsiya qilib turibdi.
Man qahrlanib aytdim:
-Raislik sifatim birlan o’z a’zolarimga tushuntirmakka haqim bor turur. Agarda tushuntirmakka ham yo’l bermasangizlar man hozirdin e’tiboran raislikni tashladim,-deb o’rnimdan turib pastga tushib o’tirdim. Safonov va boshqalar hayron bo’lib qoldi.Andin so’ng Safonov so’ylamakchi bo’lib kimdan ruxsat olmoqqa hayron bo’lib turdi. Shundin tamomi nozirlar manga tavallo qilib aytdilar:
-Hech bo’lmasa majlisni o’tkazing.Andin so’ng tashlang,-deb o’rnimga o’tkazdilar.Alqissa ko’p yaxshi savol va javoblar bo’ldi.Oxirikim Karim Qori Niyoziy taklif kirgizdi. Dasturil amalni qoldirib ketmakka.Nozirlar o’zlari qaytadin ko’rib muvofiq bo’lganini o’chirib qoldirmoq, shunga qaror bo’lib Safonovlar qaytib ketdilar. Andin so’ng nozirlar qolib maslahat qilib bir ikki moddasini qoldirib, o’rniga boshqa bir so’zlar zam qilib tarqab ketdilar. Ushbu chorshanba kuni erdi. Ertang juma kuni bayram bo’lgani uchun mahkama yopiq erdi.

Maxfiy qolmasinkim, ushbu 4 martda juma kuni Safonovlarning maslahatlari birlan o’ris askarboshliqlari tamomi askarlar birlan kelib, to’p, pulemyot va muzikalari birlan, otliq va piyoda qurollangan askarlar birlan shaharning tamomi yerlarini aylanib chiqib, qa’laning tashqarisiga namozgoh darvozasinda tamomi mehnatkashlarni yig’nab miting qilg’onlar.So’zning ma’nosi shul turur: bu hukumatingiz boylar hukumati turur. Bul hukumatni tushirib, o’rniga kambag’allarni nozirlar qilmoq kerak, deb. Shul vaqtda kambag’al mehnatkashlardin Rahim Xolmas degan aytgan:
-Birodarlar bul so’zlaringiz nechuk so’z turur, bizlar hech tushunmadik. Mumkin bo’lsa bizlarga javob beringlar.Bizlar yaxshi maslahat qilishib ondin so’ng javob ayturmiz,-degan. Shul vaqtda “san qarshi ekansan” deb tutib olib bir necha miltiq otganlar. Xalq qo’rqib har tarafdin qochib ketganlar. Shuning birlan askarlar “ura! ura!” deb qichqirib qaytib o’tib ketdilar. Shul vaqtda Jumaniyoz Ollaquliev Toshkentdin Mulla Jumaniyoz Sultonmurodovdin hozir kelgan shifrli telegramni keltirib o’qidi. Yolg’on erkan: “mundin qurultoy uchun maxsus komissiyalar borur.Tovarish Safonovning qurultoy ishlariga hech dahli yo’q turur. Qurultoy komissiyalarini ishdan to’xtating”,degan.

Maxfiy qolmasinkim, mehnatkashlar namoyishidan qaytib kelib o’zlari majlis qilib o’ris askarlari ham siyosiy idora boshliqlarining ushbu qilgan zo’rliklariga ham mehnatkashlardin Rahim Xolmasni arestovat qilganlariga, shul miting qarorlariga norozilik izhor etib, qaror qilib protokollarini safaratxonaga va nozirlar sho’rosiga yuborganlar. Ertang 5 martda seshanba kuni hukumat a’zolari Nurillaboyga hukumat joyiga kelib o’z ishlariga mashg’ul bo’ldilar. Nozirlar sho’rosiga hamma nozirlar va ishchilarni chaqirib, Toshkentdin kelgan telegramni ma’lum qilib, qaror qildik: hozirdan e’tiboran qurultoy komissiyalarini ishdan to’xtatib qo’ymoqqa.Ham komissiyalarga rasmiy xat yubordik: ishlaringizni qo’yib turinglar,Toshkentdin qurultoy komissiyalari kelguncha, deb.Ham Toshkentga telegram bermakka buyurdik.Shul vaqtda Safonovdan telefon keldi,” majlis hozir bo’ladimi?” deb. Javob berdik:
-Bul kun majlis yo’q,-deb.

Onda Safonov aytdi:
-Manim bir muhim ishim bo’lib qoldi, sizlarni ko’rmakchi tururman,-deb.
Bizlar aytduk:
-Kelishingiz mumkin turur,-deb javob berdik.
Darhol Safonov kelib qoldi.Qo’linda mehnatkash sho’rosidan norozilik bayon qilingan protokol kopiyasi, ham aytdi:
-Bul nechuk so’z turur.Sizlar aytibsizlar, rus askarlari deb.Bavujud onda tamomi Xorazm askarlari bo’lgan. Hech bir rus askarlari bo’lmagan. Onda mehnatkash mahkamasini muvaqqat raisi Otajon Qalandar turib aytdi:
-Hay birodar Xorazm askarlaridan bir ham askar yo’q erdi.Faqat siyosiy idorada bo’lib yurgan qorovul askar bor erdi. Boshqa tamomisi rus askarlari erdi. Ham biz mehnatkashlarni arestovat qilgandek o’rtaga olib,
so’kib, haqoratlar qilib, hech bir so’z so’ylamakka erk bermay ko’p qonundin tashqari harakat qildilar,-dedi.

Shul vaqt diniy komissiya vakili tatar Rahim Muhammadjonov aytdi:
-Ushbu ishlar hech bo’lgani yo’q turur.Faqat namoyish erdi.
Onda Otajon Qalandar aytdi:
-Saning so’zing butun yolg’on turur, o’zing o’rtada turib ushbu boylar hukumatini yo’q qilmoq kerak, deb so’ylab turmadingmi, -deb g’ovg’a qilib qoldilar.
Shuning birlan Safonov aytdi:
-Ertang askarlarni munda keltirib so’ramoq kerak. Darvoqea ushbu aytilgan so’zlar bo’lsa askarlar gunohkor tururlar.Va agar mehnatkash mahkamasi yolg’ondan tuhmat qilib aytgan bo’lsa, ul vaqtda jazosini bermak kerak,-deb harbiya noziri Hasanovga buyurdi:-ertang askarlarni Nurillaboyga keltirmakka.

Shul vaqtda Jumaniyoz Ollaquliev telegramxonadin kelib erdi. So’z olib aytdim:
-Ushbu telegramxonada Xorazm hukumatiga darakmu?,-deb.
Bu savolga manim o’zim javob berdim:
-Albatta Xorazm hukumati tamomi xarajatlarini berib turgandin so’ng ham Xorazm yerida bo’lgandin so’ng hukumatga darak turur,-dedim.
Ondin Jumaniyoz Ollaquliev so’ng ma’lum qildi:
-Ushbu hukumatning Toshkentga yuborgan shifrli telegramni qabul qilib olmadi. Aytdi:-kecha tovarish Safonov aytdi: hukumatning shifr birlan yuborgan telegramini qabul qilib olmang, deb. Bul nechuk so’z turur. Xorazm bir mustaqil hukumat bo’lsa, telegram , telegramxona o’ziga darak bo’lsa?

Onda Safonov aytdi:
-Durust, hukumat Russiyaga telegram bersa, albatta komil huquqli vakili bilmak darkor turur. Agar hukumat boshqa davlatlarga telegram yuborsa, ya’ni Turkiya,Eron, Afg’onistonlarga shifrli telegram yuborsa, ul
vaqtda o’z ixtiyori turur,-dedi.

Onda man aytdim:
-Ajabo, bul nechuk so’z turur. Agar hukumat boshqa davlatlarga shifr birlan telegram yuborsa, ul vaqtda Russiya komil huquqli vakili gumon qilsa durust bo’lsa kerak.
Bavujud Xorazm hukumati Russiya sho’rolar hukumati birlan ittifoqda bo’lgan bir hukumat turur.Yana ehtimol bor, Russiyaning Xorazmda qo’ygan komil huquqli vakili Xorazm haqinda bir yomon ish qilgan bo’lsa, ushbu komil huquqli vakilning qilgan nomuvofiq ishlarini yozib, telegram bermakchi bo’lsa, onda ham janob vakilni o’zidan ruxsat olib yubormak darkor bo’lsa kerak.Ul suratda Russiya tarafidan qo’yilgan vakil afandi bir diktator bo’lsa kerak. Ul vaqtda o’zlaridan hech bir hukumat qo’ymoq hojat bo’lmasa kerak,-dedim.
Shuning bila Safonov Toshkentdin ruxsat olib berurman, deb bul so’zni tamom qildi.Ondin so’ng dasturi amalning 15 moddasini muzokara qilmoqqa boshladi. Shul vaqtda qurultoy komissiyasinig raisi Shokir Siddiqov xabar qildi:
-Bul kun nozirlar sho’rosidan buyruq bo’ldi. Qurultoy komissiyasi ishdan to’xtasin, -deb .

Safonov aytdi:
-Nima sababdin?-deb.
Man aytdim:
-Kecha Toshkentdagi vakillarimizdan telegram keldi.Qurultoy uchun munda maxsus komissiyalar borur.Alar borguncha komissiyalar ishlaridan to’xtasinlar,deb. Shunga binoan nozirlar sho’rosi buyruq qildi,-dedim. Ollo saqlasin, Safonov shundin qizib, qahrlanib aytib qo’ydi:
-Toshkentda bo’lgan vakillaringizni arestovat, ya’ni hibs qilurman.Endi manim sizlar birlan hech ishim yo’q turur.Qizil askarlar hukumatni nechuk qilsalar,-deb nozirlar birlan xo’shlashmasdin qahr birlan majlisdan chiqib ketdi. Biroz vaqtdin so’ng telefonda so’radik:
-Ertang askarlarni Nurillaboyga chaqiramizmu?
Onda Safonov javob berdi:
-Manim hech ishim yo’q,-deb. Shuning birlan kech bo’ldi. Tamomi nozirlar ham qaytib uylariga ketdilar.

DAVOMI BOR

«Xurshid Davron kutubxonasi» uchun maxsus   tayyorlandi.

092

(Tashriflar: umumiy 400, bugungi 1)

Izoh qoldiring