Бундан бир яримча ой аввал (мана бу саҳифада) ноёб фото-кино жамғармаси соҳиби ва фахрий журналист Абдулла Юсупов маълумотларига асосланиб ёзилган “Серебрякова хонадонидаги суҳбат”да Иосиф Моиссевич Бик (Бык) (1882-1937) тўғрисида қисман тўхталиб ўтгандик. Сизга тақдим этилаётган иккинчи мақола Бик фаолиятига архив ҳужжатлари ва Полвонниёз ҳожининг “Хотиралари” асосида ёндошиб тайёрланди. Ушбу мақола тарихимиз сирларини билишга қизиққан мухлисларини ҳам қизиқтирса керак.
Умид Бекмуҳаммад
БЕРАҲМ БИК
« Ушбу вақтларда Маскавдин хорижия нозирати ҳам Марказий иштирокиюн партия тарафидан Иоффе деган биров келиб қолди. Бул киши ҳозирги ҳукуматда катта ўрин тутғон одам эрканлар. Бир кун сарой олдида ўтириб эрдим. Бул киши товариш Бик бирлан келиб қолди. Товариш Бик мани кўрсатиб тақдим қилди ҳам айтди:
— Биродар Юсупов турур. Бул киши бирлан сўйлашсангиз гўё Хоразмни тамоми тарихини ўқиб билган баробар турур…”
Бу Хива хонлигини тугатишда иштирок этиб, ХХРнинг биринчи раҳбари бўлган Полвонниёз ҳожи Юсуповнинг хотираларидан парча. Эътибор берган бўлсангиз юқоридаги лавҳада РСФСРнинг Хоразмдаги мухтор вакили И.М.Бикнинг Полвонниёз ҳожига берган баҳоси ва уни А.А.Иоффега таништируви акс этган.
Ҳа, Полвонниёз ҳожи Хоразм тарихини нафақат чуқур билган, балки ўзи гувоҳ бўлган воқеаларни, хусусан Бик, Иоффе ва бошқа мустамлакачиларнинг найрангларини ҳам ёзиб қолдирган шахс. 644 бетдан иборат Полвонниёз ҳожининг хотиралари ўша даврдаги таниқли адиб, шунингдек ўша вақтдаги “инқилобий” жараёнлар иштирокчиси Борис Чепрунов (1891-1938) томонидан рус тилига таржима қилинган.
Полвонниёз ҳожининг хотираларидаям, қолаверса архив ҳужжатларидаям Бик тўғрисида, унинг бераҳмлиги, очкўзлиги, бойликка муккасидан кетганлиги, ХХР манфаатлари учун тўсқинлик қилган арбоб бўлганлиги ёзилади.
Энг аввало архив ҳужжатларига эътибор қаратайлик: Маълумки, Полвонниёз ҳожини А.А.Иоффега Бик таништирганди. РСФСР томонидан фавқулодда комиссия раиси (Бутуниттифоқ марказий ижроия қўмитаси Турккомиссиясининг раиси. Сайт изоҳи)) бўлиб келган келган А.А.Иоффенинг, РСФСРнинг Хоразмдаги мухтор вакили И.М.Бикга берган “дастур”ига аҳамият берайлик: “ Из инструкции тов. Иоффе полпреду РСФСР в Хорезме тов. Бику: Представитель РСФСР свою задачу внешного демонстрирования самостоятельности Хорезма при фактически действительном управлении всею внешнею и внутреннею поилитиокой, но должен осуществлять с максимальной осторожностью и гибкостью методами, при которих не только соблюдается демопур независимости и все решения являются решениями соответствующих Хорезмских государственних органов, но так, чтоби сами руководими не чуствовали рководства, а будучи руководими, воображали, что они сами руководят”.
А.А.Иоффенинг бундай дастуриламали, ХХР марказий ижроия қўмитаси раиси бўлган Отамахзумохун Муҳаммадраҳимов каби миллий раҳбарларга ёқмасди.”Шу боис ҳам Отамахзумохун ХХР нинг ички ишларига аралашгани боис А,А.Иоффега, 24 соат ичида Хоразмдан чиқиб кетиш тўғрисидаги ультиматумни тобширади”.( ЎзМАРДАВархив, 71-фонд, 1-рўйхат, 3-иш, 204-207 варақлар).
Айнан шу сабаблиям РСФСРнинг Хоразмдаги мухтор вакили И.М.Бик 1921 йил 10 ноябрда РСФСР ташқи ишлар халқ комиссарлигига ёзган хатида “ҳозирги Хоразм республикасининг ҳукумат раҳбарлари Хоразм учун керак эмас. Ҳукумат бутунлай Менглихўжа Ибняминов ва Отамазхумохун Муҳаммадраҳимов қўлига ўтган.Миллий масала билан айрим зиёлилар шуғулланади, холос”,дея ёзганди.
Шу тариқа келишмовчилик сабаб, қолаеврса, А.А.Иоффе, И.М.Бик каби шовинистлар томонидан мураккаблаштириб юборилган ХХРдаги ишларни текшириш учун Москвадан махсус комиссия келишга мажбур бўлади. 1922 йил август-октябр ойларида Хивага келган Д.Гопнер бошчилигидаги ҳайъат И.М.Бикни танқид қилган ва уни зудлик билан Хоразмдан чақириб олишни Россия ҳукуматига тавсия этган.Бикнинг камчиликлари қаторида хотинининг , хиваликларнинг очарчиликка қарши комиссияга топширган қимматбаҳо билагузугини ўзига олиб қолганини кўрсатган. ( Гопнер Д. “Отчёт о командировке в Хорезм” ( август-октябрь 1922г.). ( ГАРФ, 1318-фонд, 1-рўйхат, 466-иш, 5-варақ).
Бироқ бу вақт ичида Бик ва бошқа мустамлакачилар томонидан уюштирилган фитна натижасида ХХР да навбатдаги тўнтариш қилинди.”1921 йил 27 ноябрда уюштирилган фитнага кўра, ХХР марказий ижроия қўмитаси ва нозирлар шўросининг кенгайтирилган қўшма мажлисида ХХР марказқўмининг раиси Отамахзумохун Муҳаммадраҳимов, ХХР нозирлар шўросининг раиси Менглихўжа Ибняминов, Марказқўм иш бошқарувчиси мулла Бекжон Раҳмонов, марказқўм бўлим бошлиғи Муҳаммад Обадалов, молия нозири Муҳаммад Юсуф Отажонов, дохилия нозири Ҳасан Эрматов, хорижия нозири Мулла Ўроз Хўжамуҳаммедов, ҳарбий ишлар нозири Миркомил Миршаропов, туркман шўъбаси раиси Янгибой Муродов, шунингдек Тригулов, Агайдаров, Юнгировлар Хоразмнинг душмани деб эълон қилинди.Уларни отиб ташлаш ва қамашга қарор қилинди.( ЎзМАРДАВархив, 71-фонд, 1-рўйхат, 3-иш, 235-варақ).
Отахзумохун Муҳаммадраҳимов мажлисга чақирлмади.У ўз устидан чиқарилган ҳукмдан хабар топгач, қочиб яширинишга мажбур бўлади. Полвонниёз ҳожи Юсуповнинг “Хотиралари”да ёзилишича,” Отахмахзум Хивада яшириниб юрган ерларда касал бўлиб вафот этган. ( айрим манбаларда уни Оллоқулихон мадрасасида яшириниб юрганини билиб, топиб отиб ташлашган-У.Б.)Оқсоқоли келиб ҳукуматга маълум қилди. Ҳукумат товариш Бикга эълон қилди.Бик докторни юбориб кўрсатиб, ондин сўнг дафн қилмоқға буюрди.Бул докторни кўрсатганидин мақсад шул турур, ёлғондин айтғон бўлмасунлар, деб.Докторнинг айтганги бирлан хотиржам бўлиб қолди. Ҳам ҳукуматнинг тамоми ихтиёри товариш Бикнинг қўлинда бўлди.”.
Архив ҳужжатларига кўра, Менглихўжа Ибняминов, Мулла Бекжон Раҳмоновлар қамоққа олинди. Шунингдек, қамоққа олинган Миркомил Миршаропов, Ҳасан Эрматов, Янгибой Муродов, Юнгиров, Агайдаров, Тригуловлар РСФСРнинг Хивадаги ваколатхонаси ихтиёрига берилиб, Хоразмдан чиқариб юборилди. Муҳаммаджон Обдалов бир йил, Муҳаммад Юсуф Отажонов беш йил қамоққа, Менглихўжа Ибняминов ва Мулла Бекжон Раҳмоновлар отиб ўлдиришга ҳукм қилиндилар. Мазкур ҳукмнинг қарори ХХР МИк президумида кўриб чиқилиб, Менглихўжа Ибняминов ва мулла Бекжон Раҳмоновлар 10 йилдан қамоқ жазосига ўзгартирилиб, ҳукм қилинади. Бироқ кейинчалик уларнинг олдинги хизматлари эътироф этилиб, М.Ибняминов ва Б.Раҳмонов қамоқдан озод этиладилар. (юқоридаги архив манбаси, ўша иш).
Полвонниёз Ҳожи Юсуповнинг “Хотиралари”да айнан Бик билан боғлиқ жуда кўп воқеалар баён этилади. Унга кўра, Холмуҳаммедов деган кимса Бикнинг ишончини қозониб, ХХР раҳбарлари, улар орасидаги фикрларни унга етказиб турган : “ шул оқшом Бобожонбой Ёқуб ўғлининг жойинда буларнинг зиёфатлари бўлган. Холмуҳаммедов дарҳол бориб товариш Бикка маълум қилган. Ондин сўнг қайтиб Нуриллабой саройига келиб, ярим оқшомда тамоми нозирларни уйларидан олдириб, буларнинг ҳақинда шул қарорга келганлар: дарҳол буларни тутиб, арестоват қилиб ҳибс қилмоққа”.
Хўш, Бик маълумот етказиб турган унинг ошнаси Холмуҳаммедов ким эди?
Полвонниёз ҳожининг ёзишича, “ махфий қолмасинким, Хивали бир хотун бор эди. Анош чўлоқ исмли. Ул хотун созанда эрди. Марказий Ижроия Қўмита саркотиби Холмуҳаммедов шул хотун орқали ҳар турлик бузуқ аполли (феълли) хотунларни келтуриб, базм қилдуриб юрар экан. Муни шаҳар ижроия қўмитасига келиб бир неча одамлар арз қилганлар.Шул одамларнинг аризаларини эътиборга олиб, мазкур Анош чўлоқни келтириб ҳибс қилдилар.Муни эшитиб, Холмуҳаммедов қаҳрланиб, шаҳар ижроия қўмитасининг раиси биродар Худойберган Ўрозниёз ўғлини зиндонга ҳибс қилдирди”.
Сессиядаги биринчи мажлисда шул масала музокара бўлди. Ҳам биродар Худойберганбойни зиндондин олиб келиб, ушбу воқеа тўғрисинда савол қилдилар.Худойберганбой баён воқеаларини айтмоққа шаръий қилди ва айтди:
-Биродарлар! Ушбу хотун Холмуҳаммедовнинг буйруғи билан ҳар бир эътиборли мусулмон одамларнинг уйига бориб, хушрўй хотини ва қизи бўлса таклиф қилур эрмиш.Шуларни Марказий Ижроия Қўмита саркотиби Холмуҳаммедов чақирган. Бул ҳолат мусулмонларнинг фиғони-жонини чиқариб, бир нечалари келиб арз қилдилар. Шунинг бирлан ман мазкур Анаш хонумни тутиб ҳибс қилдим. Дарҳол мани Холмуҳаммедов милиция орқали уйимдан олдириб, манга кўп койиш қилиб, мани зиндонға юборди. Мандин бошқа ҳеч бир сўз сўроғони йўқ.
Ҳам айтди:
-Биродарлар! Мани тамоми Хива тобе одамлари сайлаб, ушбу шаҳар ижроия қўмитасиға қўйдилар. Азбаройи мусулмонларни муҳофаза қилмоқ учун албатта шундай ношойиста ишларни бориб жазолаб турмоғим даркор турур.Марказий ижроия Қўмитасига саркотиб бўлиб турган Холмуҳаммедов шундай ношойиста қилиб юрса, мусулмонларни аҳволи нечук бўлиб ҳам халойиқлар шўро ҳукуматига нечук қарарлар — деб сўзини тамом қиладилар.
Мажлисда музокаралар бўлиб Холмуҳаммедовни савол қилғонлар.У ҳеч бир мувофиқ жавоб бера олмаганидан сўнг мажлис бир оғиздан қарор қилган6 дарҳол ушбу баён бўлғон хотунни Хивадан чиқариб, Мўйноққа денгиз бўйига юбормакка ҳам Холмуҳаммедовни ўрнидан бекор қилиб ҳибс қилмоқға.
Дарҳол Холмуҳаммедовни тутиб тамоми ерини ахтариб кўрганлар, шул вақт кисссасидан бир яхши папирусдон чиққан. Ибн Амин ўғли айтғон:
-Товариш Бик Хоразмнинг қайси қаъласини Сиздин ихтиёрини олмоқ учун Сизга кумуш папирусдон берган экан,-деб қўйғон.Ҳам Холмуҳаммедовни чиқариб қоровулга бериб ҳарбия нозири турмасига юборганлар.Сабаб шулким, ҳарбия нозири бўлиб турган товариш Волошин айтган:
-Мани Холмуҳаммедовда ҳисобларим бор турур.Ҳисобларим тамом бўлгунча ман кафил туруман, ўзим сақларман,-деган.
Нечунким, шул вақтларда товариш Бик Холмуҳаммедовни ҳарбия нозири қилиб сайламоқчи бўлиб музокара қилганлар”.
1922 йилда воқеалар шу тариқа давом этаверган.Бундай зиддиятлар кучайиб бораверган.Полвонниёз ҳожининг “Хотиралари”да булар кўп тилга олинади: “махфий қолмасинким, товариш Бик билан ҳукуматнинг ўртасинда бир-бировга инонмаслик қувват олиб кетди. Товариш Бик ҳам чора изламоққа машғул бўлди.Ҳукумат ҳам товариш Бикни Хоразмдин қайтариб юбормакға йўллар изламак бирлан машғул бўлди.Товариш Бик бир куни мани ҳузурига чақириб олди. Кўп сиёсат тўғрисинда сўйлашиб ўтирди…”
“ Ҳам ҳар кунда ҳукуматнинг товариш Бик билан адоватлари зиёда бўла бошлади.Охири ҳукумат шул қарорға келди. Товариш Бикни Хоразмдин олдириб ўрнига бошқа одам сўрамоққа қарор қилиб, тамоми нозирлар тасдиқ қилиб қўйиб, ҳаво телеграфи орқали Москавга телеграмм юбордилар. Товариш Бик бу телеграмни эшитгандин сўнг пиғон-жонидин чиқиб ҳар нечук йўл бирлан бўлса бўлсин ҳукуматни туширмакка тараддуд қила бошлади…”
Тараддулардан бири Полвонниёз ҳожидан бораётган жараён тўғрисида маълумот олиш эди.Эътиборлиси шундаки, Гопнер текширган ва аниқлаган ҳолатга кўра, Бикнинг хотини очкўзлик қилиб очарчиликка қарши тўпланган билагузукни ўзига олган эди.Яъни эрини Хивада қолдиришдан табиийки уям манффатдор эди.Полвонниёзҳожининг “Хотиралари”га кўра, Бик Полвонниёзни яширинча уйига таклиф этган. Уйида “…Бикнинг хотуни ҳайрон бўлиб савол қилди:
-Ушбу ҳукуматни туширмак ҳақинда ҳеч бир ёрдамчи йўл йўқ турурми?
Яъни, Хивада қолишдан Бикнинг хотини ҳам манфаатдор бўлиб, у бунинг йўлларини излаган.
Афсуски, вақтинча бўлсада, Бик ва унинг хотини мақсадига эришади. Аммо, ХХРнинг 3 қурултойида Салим Галиуллин ва бошқа хоразмликлар Бикга қарши нафратини ифода қилишади.
Полвонниёзҳожининг “Хотиралари”га кўра,С.Галиуллин қурултойда шундай дея ўз фикрларини очиқ айтади:
-Сан бечора ёш Хоразм жумҳуриятига қанча зарарлар етказдинг.Шул жумладан айтурман. Ҳеч лозим бўлмаган нимарсаларга қанча олтинлар сарф қилиб, “Меҳнат” нишони исм қўйиб, одамларни алдаб, ўзингга дарак бўлғон одамларга бермакка буюрдинг. Ҳам ҳар кимларга миллатни моли бўлғон олтин соатларни бермакка буюрдинг. Шунингдек, қанча-қанча миллат хазинасига зарарлар етказдинг.Алҳосил санинг бирлан бирга бўлған одамларга миллат хазинасидан бир нимарсалар бирлан пайдолар қилдинг.Ўзинг коммунист бўлиб, Хоразм бозорларидан олтин кумушлар олдириб Маскавга юбориб турдинг.Бул қилғон ишларинг хиёнат жумласидан эрмасму,-деб кўп қаттиқ қаттиқ сўзларни айтган.
Товариш Бик бу сўзларга тоқат қилабилмай чиқиб кетган. Қурултой бул кун тарқалиб кетган. Эртанг эрта бирлан қурултой мажлиси очилган. Товариш Бик туриб сўз олиб вакилларга қараб айтган:
-Эй халқ тарафидан сайланиб келган азиз вакиллар! Сизлар ушбу жолатойнинг сўзига ҳеч илтифот қилманглар.Ҳар ким шўролар тарафдори бўлса, бул тарафга ўтсинлар,-деб эълон қилган.
Шул вақтда товариш Бикнинг иттифоқ қилиб қўйган одамлари ўтган. Бошқа шаҳардан келган вакиллар қўрқанлар, агар булар ўтмай ўтурсалар, албатта товариш Бик ёмон кўриб бир баҳона бирлан буларни ҳам бир балога дучор қилса керак.Булар ҳам чор-начор Бикнинг кўрсатган тарафига ўтганлар. Фақат 1-2 одам ўтмай қолган.Бик кўрган, аксари вакиллар ўтиб, ақлли одамлар ўтириб қолган.Дарҳол ўз одамларига буюрган: Салимни арестоват қилмоққа.Дарҳол Исомаддин деган пирсиан бошлиқ бир неча одамлар уни тутиб, арестоват қилиб, мажлисдин олиб чиқиб кетганлар…
Ондин сўнг қурултой бошқа бир ранг олиб кетган.Биродар Бик ўз ҳоҳиши бирлан нечук кўрсатса, шундай бўлган. Ҳам 60 одамини кўрсатиб, ҳукумат таркибига тасдиқ қилдирган. Ондин сўнг Чоржавдан келган вакил афандиларга бир неча аршин читлар инъом қилдирган. Бир мажлисда биродар Муҳаммад Раҳим Девон чиқиб эълон қилган ҳам таклиф киритган:
-Биродар Бик Хоразм жумҳуриятига кўп пайдолик ишлар қилди. Қурултой вакилларидан илтимос қилурман, товариш Бикни Хоразмда яна бир неча йиллар қолиб, раҳбар бўлмоғини сўраб, Маскавга телеграмм берилса, -деб.
Қурултой бу таклифни қабул қилган ва телеграм берганлар”.
Ҳа, 1922 йилда ХХРда вазият шундай бўлиб, Бик қисман ўз мақсадига эришади.Аммо Г.И.Бройдо, унинг куёви, ХХР манфаатларини ҳимоя қилувчи Б.Г.Гродецкий, Д.Гопнерларнинг саъйи-ҳаракати билан бераҳм, очкўзларча фаолият олиб борган И.М.Бик ҳатти-ҳаракатига 1923 йилда чек қўйилади.У эгаллаб турган вазифасидан озод этилади.
Хуллас, архив ҳужжатлари ва ўша давр воқеаларининг гувоҳи, иштирокчиси бўлган Полвонниёз ҳожи Юсуповнинг “Хотиралари” орқали — шўро давридаги машҳур арбоблардан бири бўлмиш И.М.Бик ХХР манфаатларига тўсқинлик қилган инсон эканлиги аён бўлади.
СУҲБАТГА ОИД ТАРИХИЙ ФОТОСУРАТЛАР
Ўнгдан тўртинчи Иосиф Бик (Бык)
Ўртада Иосиф Бик (Бык)
Ўнгдан иккинчи Иосиф Бик (Бык)
Столда ўтирганлар ўнгдан учинчи Бик (Бык)