1846 йил.Санкт-Петербург. Қарийиб тўрт ойга чўзилган сафардан сўнг Хива хонлиги элчилари Россия пойтахтига етиб келишганди.Ўша даврдаги дипломатик анъанага кўра, элчилар йўл машаққатларидан чарчаб келгани боис бир неча кун ҳордиқ чиқаришгач, олий даражадаги қабул маросими уюштирилган.
Умид БЕКМУҲАММАД
МИРОБДАН ЧИҚҚАН ЭЛЧИ
Умид Бекмуҳаммад (Бекимметов Умиджон Тожимуротович) 1975 йилда Гурлан туманидаги Сахтиён қишлоғида туғилган.1997 йилда УрДУнинг тарих факультетини тугатган. Шундан кейин Хоразмда, шунингдек, Қорақалпоғистон, Қозоғистон ва Россиядаги турли матбуот нашрларида ишлаган. 2013 йилдан “Олтин Мерос” жамғармаси вилоят бўлимида ишламоқда.
Умид Бекмуҳаммаднинг Ўзбекистон ва хориждаги 60 та газета-журналларда 700 дан кўп тарихий-публицистик мақолалари, “Гурлан”, Гурлан тарихи”, “Тарихимизнинг теран тадқиқотчилари”, “Мозийнинг қора кунлари”, “Академикнинг гурунглари”, “Мозийдаги сирли ўлимлар”, “Ҳарбий ҳийлалар”, “Қатағон қурбонлари.Хотира.Хоразм вилояти”, “Қатағон қурбонлари.5-китоб”, “Навоийнинг армонлари”, “Хоразмга ошуфта кўнгиллар” каби 30 та китоби, “Хоразмга талпинган Пушкин” роман-эссеси нашр этилган.
1846 йил. Санкт-Петербург. Қарийиб тўрт ойга чўзилган сафардан сўнг Хива хонлиги элчилари Россия пойтахтига етиб келишганди.Ўша даврдаги дипломатик анъанага кўра, элчилар йўл машаққатларидан чарчаб келгани боис бир неча кун ҳордиқ чиқаришгач, олий даражадаги қабул маросими уюштирилган.
Хива хонининг элчилари Қилич Ниёзбой ва Шукуриллабой Мискиновлардан иборат ҳайъат, ўзларига ажратилган қароргоҳдан каретага минганларича Қишки саройга ташриф буюришди. Табиийки, Хивада шарқ меъморчилиги услубидаги турли ўзига хос ҳашамдор бинолар мавжуд бўлсада, Европага дарча бўлиб турган Петербургдаги иншоаатлар олдида улар кўримсиз ҳолатда эди.Қолаверса, Қилич Ниёзбойнинг Россияга биринчи ташрифи бўлганидан олган тассуротларию ҳайратлари эртакдек туюлмоқда. Шукуриллабой эса савдогар бўлганидан Эрон , Россиянинг Оренбург ҳудудларида бир неча бор бўлганди.Бироқ Оренбург билан Петербургни таққослашнинг ўзи бўлмасди. Қолаверса каретага биринчи бор минишлари. Шу боисдан ҳар иккала элчидаги ҳаяжонланиш атрофдаги император амалдорларига шундоққина билиниб турардилар. Айниқса каретадан тушишда эшикка Шукуриллабойнинг чопони илиниб қолгани-ю, Қилич Ниёзбойнинг чўгирмаси энкайганида тушай дегани уларни уялтириб қўйди.Бироқ ёши элликдан ўтган хиваликларда дид-фаросат, ҳушёрлик устунлик қилиб ўзларини бир зумда тутиб олишди.
Кареталар элчилар тушгач тезда орқаларига бурилиб Қишки саройдан узоқлашдилар.Россиядаги элчилик қоидасига биноан, элчиларни олиб келган карета дипломатлар император ҳузурига йўналгач, Қишки саройдан узоқлашиб туриши лозим эди.
Церемониймейстер ва икки камергер уларни каретада тушганидан кутиб олганича императорнинг тахт зали томон бошлаб борди.Қишки саройнинг савлатию муҳташамлиги, айниқса кўз ўрганмаган турли ҳайкаллар ва олтин безаклар тўла хоналардан ўтиб боришар экан, Хивалик элчилар Буюк Рус императорининг қудратига тан беришди.Чунки, Ичан Қаълаю хонларнинг қароргоҳи бўлмиш Кўҳна Арк Қишки Сарой олдида овлоқдаги ҳовлига ўхшаб кўринарди…
..Икки камергер икки томонга бурилиб, тахт залига кирган Қилич Ниёзбой ва Шукуриллабойга йўл бўшатишди. Шу пайт қаёқдандир уларни Петербург остонасида кутиб олган, қароргоҳ жойлаштирганича меҳмоннавозлик қилган, қабул маросимларидаги қоидаларни тушунтирган татар йигити пайдо бўлди.Татар таржимоннинг улар ёнида пайдо бўлиши Хивалик элчиларга далдадек бўлиб туюлди.
Қишки саройнинг улар бирин-кетин ўтган залларига қараганда император Николай 1 ўтирган кошона бағоят кенг ва баланд, нақшинкор эди.Императорнинг ўнг тарафида императрица, ҳамда 28 ёшдаги валиаҳд шаҳзода Александр жой олганди.
Церемониймейстер қўлидаги нақшинкор асони полга урдида баланд овозда:
-Ўрта Осиёдаги Хива давлати элчилари Қилич Ниёзбой ва Шукуриллабой!- дея элчиларни таништирди.
Ҳар иккала элчи ўз исмларини русча таллафузда эшитишгач тиз чўкканларича қўларидаги Муҳаммад Аминхоннинг ишонч ёрлиқларини чиқарганича боши узра кўтаришди.Россиянинг ташқи ишлар министри, император Николай 1 нинг баланд бўйи, хушсуврат чеҳраси олдида пакана, кўримсиз бўлиб туюлаётган Карл Несселърод ёрлиқни олиб, императорга инъом қилди. Найча шаклида ўралган ипак қоғозни қўлига ушлаган Николай 1, уни ўқиш учун граф Уваровга узатди.
Граф Уваров Хивадаги рус асири ёрдамида русчага таржима қилинган ёрлиқни ўқиб берди. Ёрлиқ императорга шон-шараф билан бошланиб, савдо алоқаларини йўлга қўйишни кучайтириш,Хоразмлик савдогарлардан Оренбургда олинадиган божни камайтириш, хонлик чегараларида барпо этилаётган рус қаъла, истеҳкомлари қай мақсадда қурилаётганига ойдинлик киритишни сўраб илтимос оҳангида ёзилганди.
Ёрлиқ ўқиб бўлингач, император Николай 1 мамнуният билан граф Уваров узатган ипак қоғозга бир зум кўз югуртирдию, уни ташқи ишлар министри Карл Нессельродга узатди.
Шундан сўнг татар таржимон ёрдамида Қилич Ниёзбой , Шукуриллабой ва император, унинг амалдорлари орасида ўзаро мулоқот бўлиб ўтди.Мулоқотда икала давлат ўртасидаги савдо алоқаларини ривож топтириш, Оренбургга ва ундан Россия ичкарисидаги шаҳарларга келадиган Хоразмлик савдогарларга нисбатан божларни камайтириш, Хивада сақланаётган рус асирларини озод қилиш, Манғишлоқ ва бошқа жойлардаги истеҳкомларнинг рус савдогарлари хавфсизлигини ўйлаб қурилаётгани каби масалалар муҳокама қилинди.
Мулоқотдан сўнг император, ташқи ишлар министри ҳар иккала элчи ва таржимонни Қишки саройнинг кутиш залига кузатиб қўйишди. Ташқарида турган карета учала мусулмонни уларга ажратилган қароргоҳга кузатиб қўйди. Бу орада қиш фасли келиб совуқ бошлангани сабаб, то аёзли кунлар ўтганича элчилар Санкт-Петербургда қолиб кетишди. Ҳар иккала элчи татар таржимон ёрдамида Пётр 1 асос солган шаҳарни ҳайрат билан томоша қилдилар. Ниҳоят кунлар сал исий бошлагач, 1847 йилнинг 25 апрелида элчилар кетишига ижозат берилди.Элчиларга йўлга етарли маблағ, совға-салом бериб кузатиб қўйилди.
Ташқи ишлар министри Карл Нессельрод жаноблари уларга Хива хони Муҳаммад Аминхон учун тайёрланган мактубни бериб юборди.Мактубда шундай сатрлар бор эди: “Сизнинг элчиларингиз Қилич Ниёзбой ва Шукуриллабой Мискинов бизнинг ҳукмдоримиз императордан ҳам шуни эшитдилардики, Манғишлоқда қурилган ҳарбий истеҳкомдан ҳеч бир ташвишланмасангиз ҳам бўлади. Бу истеҳкомнинг фақат савдо йўлларининг хавфсизлигини ва тинч-осойишталикни таъминлашдан бошқа мақсади йўқ. Маълумки, сизнинг савдо карвонларингиз бу йўлдан Астрахонга ўтадилар…Шундай қилиб сизнинг хавфсирашингиз асоссиз” ( “Письмо Государственного канцлера Несселърода хану Хивинскому”, 26 апреля 1847 года, № 1161 ).
Ана шу тариқа Қилич Ниёзбой ва Шукуриллабой Мискинов Петербургдан 28 апрелда йўлга чиққанича йўл машаққатларини енгиб, август ойи бошларида Хивага кириб келишди. Ана шундан сўнг маълум бир муддат элчилар ўрнатган алоқалар сабаб Россияга борувчи савдогарларга бир мунча енгилликлар яратилди.
1846-47 йилдаги дипломатик алоқалар Россия-Хива ўртасидаги ягона элчилик муносабатлари эмасди.Ундан олдин ҳам, ва кейинчалик ҳам ҳар иккала давлат ўртасида элчилар борди-келдиси бўлиб ўтди.Бундай дипломатик алоқалар Санкт-Петербург барпо этилмасидан олдин Москвага ҳам уюштирилганди.
Элчи сифатида эса ғоятда фаросатли, зийрак инсонлар танланган. Шукуриллабой Мискинов савдогар сифатида олдинлари Оребургга қатнаб довруқ қозонган бўлса, Қилич Ниёзбой қурғоқчил ҳудудларга сув олиб бориш ниятида арна-канал қаздиришга бош бўлган мироб эди.
Маълумки, қадимдан сув бўйлари инсонлар учун энг табаррук жойлар ҳисобланган. Шунинг учун ҳам аждодларимиз дарё, канал, арна, ёп бўйларида яшаб, деҳқончилик қилишган. Буни яхши билган Қилич Ниёзбой янги ўзлаштирилган ерларда деҳқончилик қилиш учун сув олиб келиш ташаббуси билан чиқади.
Бу пайтда, яъни XIX асрга келиб Хива хонлигидаги оз муддат бўлсада давом қилган осойишталик суғориладиган майдонларни кенгайтиришга сабаб бўлганди. Хива хони Муҳаммад Раҳимхон I қўриқ ерларни ўзлаштириш ва шу жойлардаги турли уруғ ва қабилаларни кўчириб келтириш сиёсатини юргизди. Табиийки янги ерларда деҳқончилик қилиш учун сув олиб келиш керак эди. Гурлан, Қиёт-Қўнғирот, Манғит , Тошҳовуз бекликларидаги ҳудудларга сув олиб бориб, ерларни ўзлаштириш ҳақидаги Қилич Ниёзбойнинг ташаббуси шу боис хонга маъқул тушади. Арна-канал қазишга эса айнан Қилич Ниёзбойни раҳбар қилиб тайинлайди.
Баъзи ривоятларга кўра, бугунги Қилич Ниёзбой канали оқиб ўтадиган жойлар қумлоқ, қўриқ ерлар бўлган экан. Бу жойларда фақатгина чорвачилик қилинган. Бир куни Хива хони Муҳаммад Раҳимхон I Қўнғирот тарафга ўтаётиб, чарчаганидан шу жойда тўхтабди. Хон ва унинг ёнидаги амалдорларни кутиб олган шу ерлик бой бадавлат эл оқсоқоли -Қилич Ниёзбой хонга ана шу ташландиқ ерларни ўзлаштириш, сув олиб келишни маслаҳат берибди. «Сиз ҳам шундагина чўлда эмас боғлар диёрида ҳордиқ чиқариб кетасиз. Халқ ҳам сиздан миннатдор бўлади»-деган экан Қилич Ниёзбой.
Хуллас ташаббускор ва тадбиркор Қилич Ниёзбой раҳбарлигида 1815 йилда янги канал қазиб бошланади. Тарихчи Баёний «Хоразм тарихи» асарида бу ҳақда шундай ёзади: «Канални Боғолондан (Гурлан туманидаги қишлоқ тармоғидан — У. Б) ёрдириб, Қиёт устидан ўтказиб, бўзга чиқариб, ёинки қалъаи Хитойнинг жанубий ҳудудидан (ҳозирги Манғит туманидаги қишлоқ чегарасидан-У. Б.) ул ариқнинг оёғи Шарқравуққа (Дарёлиққа) борурким, они Қилич арнаси дерлар».
Қилич Ниёзбой канал қазиш ташаббускори бўлгани учун янги канал ҳам айнан унинг номи билан аталади.
Қилич Ниёзбой каналидан чап томонга Бешуйли, ўнг томонга эса Гурлан, Нукус, Уйғур, Полвонбек каналлари (ёплари) ажралиб чиққан. Бу канал орқали Амударёнинг жуда кўп сувлари ерларни суғориш учун етиб борадиган бўлади. Кейинчалик Хива хонлигига келган Россиялик географ А. В. Каульбарс Қилич Ниёзбой каналини кўриб, ҳайратланган ва уни «кичик дарё» деб атаганди. Унинг ёзишича «Қилич Ниёзбой ва Ёрмиш каналларининг ирмоқлари бўлган, уларнинг ўртасида Дарёлиқ ўзани бўлган».
Ушбу канал Дарёлиқнинг ўнг қирғоғи бўйлаб кетган қурғоқ ерларни суғориш учун махсус қазилган. Бу билан Хоразмнинг суғориладиган ерлари анча кенгайтирилган. Академик Я. Ғуломовнинг ёзишича, «Канал ирмоғидан 66 км. нарида эски анъанага асосан қалъа қурилган. Канал ҳам, қалъа ҳам Муҳаммад Раҳимхоннинг машҳур амалдорларидан бири Қилич Ниёзбой номи билан юритилади». («Хоразмнинг суғорилиш тарихи» Т. 1959. 227 бет.).
Шу тарзда қумлоқ ва қўриқ ерлар ўзлаштирилиб ташландиқ ҳолатдаги вайрона маконлар обод боғу бўстонга айланади. Айнан ана шу канал қазилгани сабаб ҳозирги Хоразм вилоятининг Янгибозор, Гурлан туманлари, Туркманистоннинг Тошҳовуз вилоятидаги, Қорақалпоғистоннинг Амударё туманларидаги анча жойлар гуллаб яшнаган деҳқончилик ўлкасига айлантирилди.
Ана шундай шодона кунларда— XIX аср бошларидан Чор Россиясининг Хива хонлигига тажовуз ва таҳдиди кучая бошлаганди. Хонлик чегараларига яқин жойларда Россиянинг қалъалари қад ростлай бошлаган, ўлкага тез-тез жосуслар келиб қўпорувчилик ишларини олиб борарди.
Элини обод бўстонга айлантириш ниятида тиним билмаётган Қилич Ниёзбойга бу ҳолат айниқса қаттиқ таъсир қилди. Хива хонлигининг чегараси Манғишлоқнинг Тюк-қараган деган жойида руслар Новопетровск номли қалъа қурганлари Хоразмда бир-биридан ваҳимали миш-мишларнинг кучайишига сабаб бўлади. Халқ руслар бостириб келармиш, деган ваҳимали қайғу остида яшаб қўли аранг ишга борарди.
Шундай вазиятда Россия билан дипломатик алоқа олиб бора оладиган шахс Хива хонига керак бўлиб қолди. Хонликда бу пайтда канал қаздириб элда обрў эътибор қозонган кишилардан энг машҳури Қилич Ниёзбой эди. Хива ҳукмдори Муҳаммад Аминхон Қилич Ниёзбойни Хивага чақиртириб, Россия билан дипломатик муносабатлар ўрнатиб, тажовузнинг олдини олиш имкониятларини қидиришни таклиф қилганида Қилич Ниёзбой таклифни бажонудил қабул қилади. Зеро, Қилич Ниёзбой элу-юртининг осойишталиги учун, ўзи обод масканга айлантирган жойлардаги халқ фаравонлиги учун ҳамма нарсага тайёр эди.
Хуллас, 1846 йилда савдогар Шукуриллобой Мискинов билан Қилич Ниёзбой Хива хонлиги элчилари сифатида Россияга йўл олишади. Ўша йилнинг кузида элчилар Петербургга бориб шахсан император Александр 1 ва давлат канцлери Неселърод томонидан қабул қилинадилар.
Икалла давлат ўртасида савдо алоқаларини йўлга қўйган ва Россиянинг хонликка тажовузининг олдини олишга уринган элчилар ҳарна бўлсада ўз халқининг осойишталигини таъминлашга ҳаракат қилдилар. Айнан эл орасида обрў эътиборли Қилич Ниёзбойнинг Россияга элчи бўлиб бориб келганлиги, ўз фуқароларида эртанги кунга қайғу билан эмас, ишонч билан қарашларига сабаб бўлди.
Халқимизда «Сув келтирган элда азиз» деган мақол бор. Ўзининг тадбиркор ва изланувчанлиги билан янги канал қаздирган Қилич Ниёзбой интилишу шижоат билан шимолий Хоразм заминида деҳқончилик маданиятининг ривожланишига имконият яратиб беради.
Қилич Ниёзбойдек хонликда обрў қозонган мироб, элчи, давлат амалдорининг ҳаёти хонлик муаррихлари ёзиб қолдирган бир нечта асарларда ёритиб ўтилган.Жумладан , Шермуҳаммад Мунис ва Огаҳийнинг “Фирдавс ул-иқбол” асарида, Хива хони Муҳаммад Раҳимхон 1 ҳижрий 1230, рабиъ ул-аввал ойининг ўн бешида, жума куни- милодий 1815 йили Дашти Қипчоққа-Сирдарё-Жана дарё бўйларига Суюнбий,Дўсимбий ва Илёс шиғовулни 5 минг аскар билан солиқ тўплашдан бош тортган аҳолини жазолашга юборади. Мунис ва Огаҳий асарида ёзилишича, ( “Фирдавс ул-иқбол”, “Ўқитувчи” нашриёти, Тошкент, 2010 йил, 290 бет), Қилич Ниёзбой ва Аваз юзбошини қуллар сипоҳи била ҳамроҳ қилди”.Яъни Қилич Ниёзбош юзбоши сифатида қуллардан-асирга олинган эронлик қуллардан иборат қўшинга бош қилиб юборади.Суюнбий ва бошқа амалдорлар, жумладан Қилич Ниёзбой ҳам хон буйруғига кўра катта молу-мулк билан аҳолидан солиқ ундириб ортга қайтишади.
Мунис ва Огаҳийнинг ёзишларича, “Ва Қиличниёзбойниким, беэътидолиқ қилиб, оломоннинг ўлжасидин бир нима олмиш эрди, ул ҳазрат гуноҳкор қилиб буюрдиким, ҳар кимдан на олғон бўлса, истирдод (қайтарсин) қилсун”.
Ўша йили , яъни 1815 йили Муҳаммад Раҳимхон 1 буйруғига кўра Қилич Ниёзбойнинг ташаббуси қўлланилиб, янги канал қазиб бошланади.Бу ҳақда юқоридаги асарда шундай ёзилади: “Моҳи мазкурнинг авойилида хони жаннатмакон иниси Муҳаммадназарбекга буюрдиким, Гурлан қибласидағи бўздин бир улуғ ариғ қоздирғай.Ложарам, беки мазкур бу амрда масоъйи машкура тақдимға еткуруб,Боғалон арнасидин қаздуруб, Қиёт устидин ўтириб,Ўрозали иноқнинг Бўзлоғи боғининг қибласидин Бўзға солиб, сўнгин янги қаълаға Хитойнинг қибласидин ўткарди ва Анборда оғасининг мулозаматиға етиб, мароҳими подшоҳонаға сарафроз бўлди. Ул ариғ ҳоло Қиличниёзбой арносиға машҳурдур”.Яъни, 1815 йилда қазиб бошланган арнанинг яралиш тарихи шундай бўлган.
Мунис ва Огаҳийнинг юқоридаги асарида бундан ташқари ўша даврдаги қазув билан боғлиқ яна қуйидаги воқеа ҳам қаламга олинади:
“ва яна улким, ҳазрати подшоҳи мағфур рабиъул-охир ойининг йигирма бешинчи куниким, панжшанба эрди, Хеваник ариқин қоздирмоқ учун рукуб қилиб, кеча Саёд ҳавлиға нузул қилди.Жумъа куни Сорбон тўпага бориб, қозувчиға чек берди.Бешинчи куниким, сешанба ва жумоди ул-аввал ойининг иккинчи куни эрди, тамом бўлди.қазувға чиқмасдин бурунғи сешанба куни Берди иноқ Бухоро элчиси била келди.Якшанба куниким, хони мағфур қозув бошида эрди, Қўқон ҳокими Умархондин Саййид Муҳаммадҳожи элчи бўлиб келиб мулозиматға етди. Ва яна улким, жумодиулаввал ойининг ўнинда хони мағфур чоршанба куни Шоғобод ориғин қоздурмоқ учун отланиб, Анборға нузул қилди.Жумъа куни Тошҳавзға бориб, шанба куни қаъла солдурғудек жой кўруб, умаро ва жамиъ мулозимлариға ер берди.Якшанба куни кеч Анборға тушди. Душанба куни Анбордин қозув устиға бориб, тамошо қилиб, Янги ёфға тушди.Сешанба куни Муҳаммадназарбек Хонақоҳ ва уйғур ва бошқир ва минг ва Боғолон қазувчисини Гурлан кўпригидин юқори элтиб, чек берди.Ул кун Қурбон Қиличхон солоқ Хуросондин келиб, даргоҳи олампаноҳ тақбилиға фойиз бўлди.Ул ҳазрат они сешанба куни кўруб ва кўп меҳрибонлиғлар қилиб, халоиъ гаронмоя ва камари тиллопероя била сарафроз қилди.Ва кўчиб келмакига юрт тайин этди.ва қазув йигирма кунда итмомға етди.Панжшанба куни, жумодиул охир ойининг тўққизида дорул-амораи Хевақға нузул этди.Бу сафарнинг имтидоди ўттиз кун эрди”.
Мунис ва Огаҳийнинг мазкур асарида яна Қилич Ниёзбойнинг элдчиларни кутиб олиш, кузатиб қўйиши билан боғлиқ воқеалар ҳам ёритилади: “Душанба куни ул ҳазрат курднинг элчилариға Давлат қарокўз ва Қиличниёзбойни қўшуб юборди.Бу сўз билаким, бизга эл бўлсалар, такани чопмоққда тақсир қилмасунлар ва Жонмуҳаммад қози ва Давлатназарбой ва Хожаназарни мароҳими хусравона била сарафроз қилиб, икки ёрлиғ марҳамат кўргузди”.
Бу воқеа шуни кўрсатадики, канал қазиш ташаббуси билан чиқиб Муҳаммад Раҳимхон Аввал ва эл ишончи, обрўсини кўтарган Қилич Ниёзбойга ҳукмдор элчиларга мезбонлик қилишдек масъулиятли ишни тобширган.
Маълумки, арна қазилгач, каналнинг бўйида, ҳозирги Қорақалпоғистоннинг Амударё туманидаги Қиличбой қишлоғидаги ҳудуд ўзлаштирилиб, у ерда машҳур мироб номи билан аталадиган қишлоқ ҳам барпо этилганди. Ўша ерда мироб ва давлат амалдори Қилич Ниёзбой ўзи учун махсус ҳовли ҳам барпо этдирганди.
Мунис ва Огаҳийнинг асарида хоннинг ўша ҳудудга боргани ҳам ёзилган: “ жумодул-аввал ойининг йигирма иккисида, сешанба куни ҳазрати подшоҳи ғуфронпаноҳ шикор иродаси била дор ус-салтанаи Хевақдин рукуб қилиб,Анбарға нузул этди”. Эртасига эса хон Тошҳовузга ўтиб шикор қилади.”ул ҳазрат Тошҳовузда тўрт кеча мутаваққиф бўлиб, якшанба куни ондин ҳаракат кўргузуб, Қиличниёзбойнинг ҳовлисин нузули ҳумоюни била муфаххари манозил ва ашрафи мароҳил қилди.Ул кун така жамоасининг саромади Хожа Назарбек ўз элининг оқ уйлуки била даргоҳи сипеҳр пойгоҳ атибўслиқи била шарафи истисъод топди.Тонгласиким, душанба куни эрди, Қиличниёзбойнинг ҳавлисидин отланиб, ҳар кун қуш солиб ва ов қилиб ва ҳар соат карам шаҳбози била фуқаро ва ғурабо кўнгулларин шикоривор овлаб…” юради.
Яъни сешанба куни Хивадан шикорга чиққан Муҳаммад Раҳимхони Аввал Анбар (ҳозирда Шовот туманидаги Маноқ қишлоғи), у ердан Тошҳовузга, у ердан якшанба куни Қилич Ниёзбойнинг ҳовлисига ташриф буюради. Давлат амалдори ва мироб Қилич Ниёзбой ҳовлисида бир кун қолиб, эртасига ён-атрофдаги ҳудудларга шикорга чиқади. Хўжайли,Қўнғирот, Маздаҳқон,Пўрси,Қубатоғ тарафларда шикор қилиб, “Қўба тоғининг устидан ўтиб,Қиличниёзбойнинг ҳавлисиға нузул қилди”
Шу тариқа ўз ишончига сазовор мироб Қилич Ниёзбой ҳовлисига шикорга боришдаям, қайтишдаям кириб ўтган хон, эртасига Мойлижангал (ҳозирги Туркманистоннинг Тошҳовуз вилоятидаги қишлоқ) орқали Хивага қайтади.
Шикордан қайтган Муҳаммад Раҳимхон 1 Хивада бир муддат давлат ишлари билан машғул бўлгач, яна воҳага келган элчиларни қабул қилади.Бу сафар ҳам элчиларга мезбонлик қилиш Қилич Ниёзбойга топширилганди.Бу ҳақда Мунис ва Огаҳийнинг китобида шундай ёзилади: “Душанба куни Қиличниёзбой ва Мирзо Абдукарим курд хонлари элчиси била келди”.
Бундан ташқари, Муҳаммад Раҳимхон 1 ҳукмдорлиги давридаги Суюнбий,Дўсимбий, Ҳуббиқулихўжа каби давлат амалдорлари қаторида Қилич Ниёзбой ҳам ёвмут, чавдур уруғларига,шк каби Дарбандга қилинган юришларда қўшинга бош бўлиб қатнашади.Бу ҳақда Мунис ва Огаҳийнинг юқоридаги асарида бир неча бор таъкидлаб ўтилади. Ушбу ва бошқа давлат амалдорлари юришларда ғалаба қозонгач, ғолиблик шарафига “Қиличниёзбойнинг ҳавлисини нузули файзидин рашки фирдавсибарин қилди. ул мавзеда дастурхончи бошлиғ аксар маҳрам ва юзбошиларким, чаповулға маъмур бўлуб эрдилар, келдилар”. Бундай зиёфатларнинг айнан Қилич Ниёзбой ҳовлисида берилиши сабабиям машҳур мироб Қилич Ниёзбойнинг юришларда кўрсатган жасорати, қаҳрамонликлари билан боғлиқ эди.
Шу каби шаҳзода Қутлуғмурод иноқ ҳам бир неча бор ўз аёнлари билан шикорга чиққанида Қилич Ниёзбойнинг ҳовлисида бўлиб ҳордиқ чиқаргани муаррихларнинг асарида қайд этиб ўтилган.
Вақт ўтиб, 120 километрлик мироб номи билан аталадиган канал бўйлари хонликнинг энг серфайз жойларига, ушбу каналдан сув ичадиган ерлар эса ҳосилдор ерларга айланади.Шу тариқа канал бўйлари ва Қилич Ниёзбой қишлоғига кўплаб аҳоли кўчиб келтирила бошланади.
Огаҳий қаламига мансуб “Зубдату-т-таворих” асарида “Жамшидия тоифаси келтурулғондин сўнг Қилич Ниёзбой наҳрининг бир шўъбаси канорида Қуба тоғининг жануби остида ул тавойифға маскан ва мазореъ таъйин қилинди. Ҳоло, улуғ эл ва ободон юрт бўлиб ўлтурубдурлар” ( Огаҳий, “Зубдату-т-таворих”, Т, “Ўзбекистон” нашриёти, 2009 йил 13 бет).
Бунда асосий эътибор Эрон юришидан олиб келинган жамшид қавмининг Қилич Ниёзбой канали бўйларига ўрнаштирилгани ёзилган.Маълумки, 1843 йилда Раҳимқулихон отаси Оллоқулихоннинг фармойиши билан Эронга юриш қилганди.Ўшанда Бадгис вилоятиданинг Кўшк ва Қоратепа мавзеларида яшовчи жамшидлар уруғи Раҳимқулихонга Ҳирот ҳокими Шоҳ Комрон устидан шикоят қилишади.Жамшидлар оқсоқоли ҳокимнинг зулми ҳаддидан ошиб, жамшидларни талаётганини , аёллар ва болаларни қул қилиб сотишаётганини таъкидлайди. Шундан кейин ўша кўчириш воқеаси тарихда бўлиб ўтган ва буни Огаҳий ўз асарида юқоридагича ёзиб ўтган. Қубатоғ Қўнғирот тумани яқинида жойлашган бўлиб, ҳозирда Қизилжар деб аталади.
Шу каби Огаҳий хон ҳазратларининг Қилич Ниёзбой мавъзеидаги работга , яъни машҳур мироб асос солган ва унинг номи билан аталадиган қишлоқга ташриф буюрганини ҳам ёзган: “ Шанба куни андин фуқаро ва ажаза арзи аҳволин эшитмакдин фориғ бўлғондин сўнг отланиб, шукуҳи тамом била Қиличниёзбой мавъзеидаги работи лозиму-л-инбисотға ташрифи ҳузур, вофиру-с-сурур элтиб, муфаххари манозил қилди.Анда айшу ишрат асбобин муҳайё қилдируб, барча муфарриҳот ва музҳикот тамошосидин баҳраёб ва тарабмаоб бўлди”.
Бу ўринда Хива хони ва амалдорларининг Қилич Ниёзбой қишлоғига шикорга ва сайлга чиқгани таъкидланади.Эртаси якшанба куни бўлса Қилич Ниёзбой қишлоғидан “ дабдабаи шоҳона била наҳзат қилиб, Пурси мавъзеидаким, боргоҳи сипеҳриштибоҳ барпо бўлиб, қуббаи осмонфарсоси қиммаи меҳру моҳдин ўтмиш эрди”.Яъни хон Қилич Ниёзбойдан Пўрси туманига жўнаб кетганини ёзади Огаҳий ўз асарида.
Маълумки, Мунис ва Огаҳий асарлари Хива хонлиги тарихидаги кўплаб воқеаларга ойдинлик киритувчи, давлат бошқарувидаги шахслар тўғрисида қимматли маълумотлар берувчи ноёб асардир.Юқорида кўрганингиздек, Муҳаммад Раҳимхон 1 ҳукмдорлиги даврида Қилич Ниёзбой давлатдаги нуфузли шахслардан бири бўлган.Шу боисдан ҳам унинг ташаббуси билан канал қазилган, қишлоққа асос солинган, турли юришларга бош қилиб тайинланиб, элчиларга мезбонлик қилиш ҳам унга топширилган.
Ушбу тарихий фактлардан келиб чиқадиган хулоса шуки тадбиркор ва дипломат Қилич Ниёзбой ўзининг ишбилармонлиги туфайли келажак авлодга муносиб ёдгорлик қолдирди. Бу ёдгорлик бугун Қилич Ниёзбой номи билан юритиладиган канал ва қишлоқдир. Ўз даврида эъзозга сазовар бўлган аждодимиз Қилич Ниёзбойнинг канали бугунги истиқлол даври одамлари учун ҳам наф келтириб нафақат Хоразмнинг Янгибозору Гурлан туманларига, Туркманистоннинг Тошҳовуз, Қорақалпоғистоннинг Амударё туманларидаги ерларни суғоришда ҳам қўл келмоқда. Буюк мироб Қилич Ниёзбой номи билан аталадиган ушбу канал Ўзбекистоннинг Хоразм вилояти, қўшни Қорақалпоғистон ва Туркманистоннинг Тошҳовуз вилоятлари ҳудудларидаги муҳим халқаро оби-ҳаёт, сув йўли бўлиб, унинг узунлиги 120 км, эни ўртача 80 метр, чуқурлиги тахминан 2-3-3,5 метр келади. Бош соқа қисмида сув ўтказиш имконияти секундига 110-120 кубга тенг. Канал ҳаммаси бўлиб 70 минг гектардан зиёд ер майдонларини суғоради. Шундан 20,7 минг гектар ер Янгибозор, Гурлан туманларида, 16,7 минг гектар Қорақалпоғистоннинг Амударё туманида, 26,2 минг гектари Туркманистоннинг Тошҳовуз вилояти Пўрси, Губатоғ туман ерлари ҳисобланади.
Қилич Ниёзбой канали анъанага кўра хонлик даврида ҳар йили 12 кунлик бегор мажбурий қазуви даврида оммавий ҳашар йўли билан тозалаб турилган. Орадан йиллар ўтиб 1939-40 йилларда ушбу арна-канал ҳашар йўли билан тозаланган. 1965 йили қайтадан 7 километрлик кафолатли сув олиш йўли Тўронғи соқаси, 1969 йилда замонавий лойиҳа асосида каналнинг кўплаб жойлари қайтадан тозаланган ҳолда қазиб чиқилган. Канал Урганч туманидаги Тўранғи соқадан сув тақсимловчи Қиличбой, 29.49. 105 сонли, Жамшид, Бўзёп, Тозақаъла, Туркман соқа каби 10 иншоаат-тармоқлари орқали бошқарилиб ( мувофиқлаштирилиб) турилади. Қисқаси Қилич Ниёзбойнинг ер ҳолатини, сув йўлларини, оқим тезлиги, йўналишини, далаларнинг паст-баландини яхши билиши сабаб, қаздиришга бош бўлган арна-канали ҳозирдаям, келажакдаям халқимиз учун хизмат қилиши аниқ. Шу боис бугунги ва келажак авлод, мироб, элчи Қилич Ниёзбойдан миннатдор бўлса арзийди.
Umid BEKMUHAMMAD
MIROBDAN CHIQQAN ELCHI
Umid Bekmuhammad (Bekimmetov Umidjon Tojimurotovich) 1975 yilda Gurlan tumanidagi Saxtiyon qishlog’ida tug’ilgan.1997 yilda UrDUning tarix fakul`tetini tugatgan. Shundan keyin Xorazmda, shuningdek, Qoraqalpog’iston, Qozog’iston va Rossiyadagi turli matbuot nashrlarida ishlagan. 2013 yildan “Oltin Meros” jamg’armasi viloyat bo’limida ishlamoqda.
Umid Bekmuhammadning O’zbekiston va xorijdagi 60 ta gazeta-jurnallarda 700 dan ko’p tarixiy-publitsistik maqolalari, “Gurlan”, Gurlan tarixi”, “Tariximizning teran tadqiqotchilari”, “Moziyning qora kunlari”, “Akademikning gurunglari”, “Moziydagi sirli o’limlar”, “Harbiy hiylalar”, “Qatag’on qurbonlari.Xotira.Xorazm viloyati”, “Qatag’on qurbonlari.5-kitob”, “Navoiyning armonlari”, “Xorazmga oshufta ko’ngillar” kabi 30 ta kitobi, “Xorazmga talpingan Pushkin” roman-essesi nashr etilgan.
1846 yil. Sankt-Peterburg. Qariyib to’rt oyga cho’zilgan safardan so’ng Xiva xonligi elchilari Rossiya poytaxtiga yetib kelishgandi.O’sha davrdagi diplomatik an’anaga ko’ra, elchilar yo’l mashaqqatlaridan charchab kelgani bois bir necha kun hordiq chiqarishgach, oliy darajadagi qabul marosimi uyushtirilgan.
Xiva xonining elchilari Qilich Niyozboy va Shukurillaboy Miskinovlardan iborat hay’at, o’zlariga ajratilgan qarorgohdan karetaga minganlaricha Qishki saroyga tashrif buyurishdi. Tabiiyki, Xivada sharq me’morchiligi uslubidagi turli o’ziga xos hashamdor binolar mavjud bo’lsada, Yevropaga darcha bo’lib turgan Peterburgdagi inshoaatlar oldida ular ko’rimsiz holatda edi.Qolaversa, Qilich Niyozboyning Rossiyaga birinchi tashrifi bo’lganidan olgan tassurotlariyu hayratlari ertakdek tuyulmoqda. Shukurillaboy esa savdogar bo’lganidan Eron , Rossiyaning Orenburg hududlarida bir necha bor bo’lgandi.Biroq Orenburg bilan Peterburgni taqqoslashning o’zi bo’lmasdi. Qolaversa karetaga birinchi bor minishlari. Shu boisdan har ikkala elchidagi hayajonlanish atrofdagi imperator amaldorlariga shundoqqina bilinib turardilar. Ayniqsa karetadan tushishda eshikka Shukurillaboyning choponi ilinib qolgani-yu, Qilich Niyozboyning cho’girmasi enkayganida tushay degani ularni uyaltirib qo’ydi.Biroq yoshi ellikdan o’tgan xivaliklarda did-farosat, hushyorlik ustunlik qilib o’zlarini bir zumda tutib olishdi.
Karetalar elchilar tushgach tezda orqalariga burilib Qishki saroydan uzoqlashdilar.Rossiyadagi elchilik qoidasiga binoan, elchilarni olib kelgan kareta diplomatlar imperator huzuriga yo’nalgach, Qishki saroydan uzoqlashib turishi lozim edi.
Seremoniymeyster va ikki kamerger ularni karetada tushganidan kutib olganicha imperatorning taxt zali tomon boshlab bordi.Qishki saroyning savlatiyu muhtashamligi, ayniqsa ko’z o’rganmagan turli haykallar va oltin bezaklar to’la xonalardan o’tib borishar ekan, Xivalik elchilar Buyuk Rus imperatorining qudratiga tan berishdi.Chunki, Ichan Qa’layu xonlarning qarorgohi bo’lmish Ko’hna Ark Qishki Saroy oldida ovloqdagi hovliga o’xshab ko’rinardi…
..Ikki kamerger ikki tomonga burilib, taxt zaliga kirgan Qilich Niyozboy va Shukurillaboyga yo’l bo’shatishdi. Shu payt qayoqdandir ularni Peterburg ostonasida kutib olgan, qarorgoh joylashtirganicha mehmonnavozlik qilgan, qabul marosimlaridagi qoidalarni tushuntirgan tatar yigiti paydo bo’ldi.Tatar tarjimonning ular yonida paydo bo’lishi Xivalik elchilarga daldadek bo’lib tuyuldi.
Qishki saroyning ular birin-ketin o’tgan zallariga qaraganda imperator Nikolay 1 o’tirgan koshona bag’oyat keng va baland, naqshinkor edi.Imperatorning o’ng tarafida imperatritsa, hamda 28 yoshdagi valiahd shahzoda Aleksandr joy olgandi.
Seremoniymeyster qo’lidagi naqshinkor asoni polga urdida baland ovozda:
-O’rta Osiyodagi Xiva davlati elchilari Qilich Niyozboy va Shukurillaboy!- deya elchilarni tanishtirdi.
Har ikkala elchi o’z ismlarini ruscha tallafuzda eshitishgach tiz cho’kkanlaricha qo’laridagi Muhammad Aminxonning ishonch yorliqlarini chiqarganicha boshi uzra ko’tarishdi.Rossiyaning tashqi ishlar ministri, imperator Nikolay 1 ning baland bo’yi, xushsuvrat chehrasi oldida pakana, ko’rimsiz bo’lib tuyulayotgan Karl Nessel’rod yorliqni olib, imperatorga in’om qildi. Naycha shaklida o’ralgan ipak qog’ozni qo’liga ushlagan Nikolay 1, uni o’qish uchun graf Uvarovga uzatdi.
Graf Uvarov Xivadagi rus asiri yordamida ruschaga tarjima qilingan yorliqni o’qib berdi. Yorliq imperatorga shon-sharaf bilan boshlanib, savdo aloqalarini yo’lga qo’yishni kuchaytirish,Xorazmlik savdogarlardan Orenburgda olinadigan bojni kamaytirish, xonlik chegaralarida barpo etilayotgan rus qa’la, istehkomlari qay maqsadda qurilayotganiga oydinlik kiritishni so’rab iltimos ohangida yozilgandi.
Yorliq o’qib bo’lingach, imperator Nikolay 1 mamnuniyat bilan graf Uvarov uzatgan ipak qog’ozga bir zum ko’z yugurtirdiyu, uni tashqi ishlar ministri Karl Nessel`rodga uzatdi.
Shundan so’ng tatar tarjimon yordamida Qilich Niyozboy , Shukurillaboy va imperator, uning amaldorlari orasida o’zaro muloqot bo’lib o’tdi.Muloqotda ikala davlat o’rtasidagi savdo aloqalarini rivoj toptirish, Orenburgga va undan Rossiya ichkarisidagi shaharlarga keladigan Xorazmlik savdogarlarga nisbatan bojlarni kamaytirish, Xivada saqlanayotgan rus asirlarini ozod qilish, Mang’ishloq va boshqa joylardagi istehkomlarning rus savdogarlari xavfsizligini o’ylab qurilayotgani kabi masalalar muhokama qilindi.
Muloqotdan so’ng imperator, tashqi ishlar ministri har ikkala elchi va tarjimonni Qishki saroyning kutish zaliga kuzatib qo’yishdi. Tashqarida turgan kareta uchala musulmonni ularga ajratilgan qarorgohga kuzatib qo’ydi. Bu orada qish fasli kelib sovuq boshlangani sabab, to ayozli kunlar o’tganicha elchilar Sankt-Peterburgda qolib ketishdi. Har ikkala elchi tatar tarjimon yordamida Pyotr 1 asos solgan shaharni hayrat bilan tomosha qildilar. Nihoyat kunlar sal isiy boshlagach, 1847 yilning 25 aprelida elchilar ketishiga ijozat berildi.Elchilarga yo’lga yetarli mablag’, sovg’a-salom berib kuzatib qo’yildi.
Tashqi ishlar ministri Karl Nessel`rod janoblari ularga Xiva xoni Muhammad Aminxon uchun tayyorlangan maktubni berib yubordi.Maktubda shunday satrlar bor edi: “Sizning elchilaringiz Qilich Niyozboy va Shukurillaboy Miskinov bizning hukmdorimiz imperatordan ham shuni eshitdilardiki, Mang’ishloqda qurilgan harbiy istehkomdan hech bir tashvishlanmasangiz ham bo’ladi. Bu istehkomning faqat savdo yo’llarining xavfsizligini va tinch-osoyishtalikni ta’minlashdan boshqa maqsadi yo’q. Ma’lumki, sizning savdo karvonlaringiz bu yo’ldan Astraxonga o’tadilar…Shunday qilib sizning xavfsirashingiz asossiz” ( “Pis`mo Gosudarstvennogo kantslera Nessel’roda xanu Xivinskomu”, 26 aprelya 1847 goda, № 1161
).
Ana shu tariqa Qilich Niyozboy va Shukurillaboy Miskinov Peterburgdan 28 aprelda yo’lga chiqqanicha yo’l mashaqqatlarini yengib, avgust oyi boshlarida Xivaga kirib kelishdi. Ana shundan so’ng ma’lum bir muddat elchilar o’rnatgan aloqalar sabab Rossiyaga boruvchi savdogarlarga bir muncha yengilliklar yaratildi.
1846-47 yildagi diplomatik aloqalar Rossiya-Xiva o’rtasidagi yagona elchilik munosabatlari emasdi.Undan oldin ham, va keyinchalik ham har ikkala davlat o’rtasida elchilar bordi-keldisi bo’lib o’tdi.Bunday diplomatik aloqalar Sankt-Peterburg barpo etilmasidan oldin Moskvaga ham uyushtirilgandi.
Elchi sifatida esa g’oyatda farosatli, ziyrak insonlar tanlangan. Shukurillaboy Miskinov savdogar sifatida oldinlari Oreburgga qatnab dovruq qozongan bo’lsa, Qilich Niyozboy qurg’oqchil hududlarga suv olib borish niyatida arna-kanal qazdirishga bosh bo’lgan mirob edi.
Ma’lumki, qadimdan suv bo’ylari insonlar uchun eng tabarruk joylar hisoblangan. Shuning uchun ham ajdodlarimiz daryo, kanal, arna, yop bo’ylarida yashab, dehqonchilik qilishgan. Buni yaxshi bilgan Qilich Niyozboy yangi o’zlashtirilgan yerlarda dehqonchilik qilish uchun suv olib kelish tashabbusi bilan chiqadi.
Bu paytda, ya’ni XIX asrga kelib Xiva xonligidagi oz muddat bo’lsada davom qilgan osoyishtalik sug’oriladigan maydonlarni kengaytirishga sabab bo’lgandi. Xiva xoni Muhammad Rahimxon I qo’riq yerlarni o’zlashtirish va shu joylardagi turli urug’ va qabilalarni ko’chirib keltirish siyosatini yurgizdi. Tabiiyki yangi yerlarda dehqonchilik qilish uchun suv olib kelish kerak edi. Gurlan, Qiyot-Qo’ng’irot, Mang’it , Toshhovuz bekliklaridagi hududlarga suv olib borib, yerlarni o’zlashtirish haqidagi Qilich Niyozboyning tashabbusi shu bois xonga ma’qul tushadi. Arna-kanal qazishga esa aynan Qilich Niyozboyni rahbar qilib tayinlaydi.
Ba’zi rivoyatlarga ko’ra, bugungi Qilich Niyozboy kanali oqib o’tadigan joylar qumloq, qo’riq yerlar bo’lgan ekan. Bu joylarda faqatgina chorvachilik qilingan. Bir kuni Xiva xoni Muhammad Rahimxon I Qo’ng’irot tarafga o’tayotib, charchaganidan shu joyda to’xtabdi. Xon va uning yonidagi amaldorlarni kutib olgan shu yerlik boy badavlat el oqsoqoli -Qilich Niyozboy xonga ana shu tashlandiq yerlarni o’zlashtirish, suv olib kelishni maslahat beribdi. «Siz ham shundagina cho’lda emas bog’lar diyorida hordiq chiqarib ketasiz. Xalq ham sizdan minnatdor bo’ladi»-degan ekan Qilich Niyozboy.
Xullas tashabbuskor va tadbirkor Qilich Niyozboy rahbarligida 1815 yilda yangi kanal qazib boshlanadi. Tarixchi Bayoniy «Xorazm tarixi» asarida bu haqda shunday yozadi: «Kanalni Bog’olondan (Gurlan tumanidagi qishloq tarmog’idan — U. B) yordirib, Qiyot ustidan o’tkazib, bo’zga chiqarib, yoinki qal’ai Xitoyning janubiy hududidan (hozirgi Mang’it tumanidagi qishloq chegarasidan-U. B.) ul ariqning oyog’i Sharqravuqqa (Daryoliqqa) borurkim, oni Qilich arnasi derlar».
Qilich Niyozboy kanal qazish tashabbuskori bo’lgani uchun yangi kanal ham aynan uning nomi bilan ataladi.
Qilich Niyozboy kanalidan chap tomonga Beshuyli, o’ng tomonga esa Gurlan, Nukus, Uyg’ur, Polvonbek kanallari (yoplari) ajralib chiqqan. Bu kanal orqali Amudaryoning juda ko’p suvlari yerlarni sug’orish uchun yetib boradigan bo’ladi. Keyinchalik Xiva xonligiga kelgan Rossiyalik geograf A. V. Kaulbars Qilich Niyozboy kanalini ko’rib, hayratlangan va uni «kichik daryo» deb atagandi. Uning yozishicha «Qilich Niyozboy va Yormish kanallarining irmoqlari bo’lgan, ularning o’rtasida Daryoliq o’zani bo’lgan».
Ushbu kanal Daryoliqning o’ng qirg’og’i bo’ylab ketgan qurg’oq yerlarni sug’orish uchun maxsus qazilgan. Bu
bilan Xorazmning sug’oriladigan yerlari ancha kengaytirilgan. Akademik YA. G’ulomovning yozishicha, «Kanal irmog’idan 66 km. narida eski an’anaga asosan qal’a qurilgan. Kanal ham, qal’a ham Muhammad Rahimxonning mashhur amaldorlaridan biri Qilich Niyozboy nomi bilan yuritiladi». («Xorazmning sug’orilish tarixi» T. 1959. 227 bet.).
Shu tarzda qumloq va qo’riq yerlar o’zlashtirilib tashlandiq holatdagi vayrona makonlar obod bog’u bo’stonga aylanadi. Aynan ana shu kanal qazilgani sabab hozirgi Xorazm viloyatining Yangibozor, Gurlan tumanlari, Turkmanistonning Toshhovuz viloyatidagi, Qoraqalpog’istonning Amudaryo tumanlaridagi ancha joylar gullab yashnagan dehqonchilik o’lkasiga aylantirildi.
Ana shunday shodona kunlarda— XIX asr boshlaridan Chor Rossiyasining Xiva xonligiga tajovuz va tahdidi kuchaya boshlagandi. Xonlik chegaralariga yaqin joylarda Rossiyaning qal’alari qad rostlay boshlagan, o’lkaga tez-tez josuslar kelib qo’poruvchilik ishlarini olib borardi.
Elini obod bo’stonga aylantirish niyatida tinim bilmayotgan Qilich Niyozboyga bu holat ayniqsa qattiq ta’sir qildi. Xiva xonligining chegarasi Mang’ishloqning Tyuk-qaragan degan joyida ruslar Novopetrovsk nomli qal’a qurganlari Xorazmda bir-biridan vahimali mish-mishlarning kuchayishiga sabab bo’ladi. Xalq ruslar bostirib kelarmish, degan vahimali qayg’u ostida yashab qo’li arang ishga borardi.
Shunday vaziyatda Rossiya bilan diplomatik aloqa olib bora oladigan shaxs Xiva xoniga kerak bo’lib qoldi. Xonlikda bu paytda kanal qazdirib elda obro’ e’tibor qozongan kishilardan eng mashhuri Qilich Niyozboy edi. Xiva hukmdori Muhammad Aminxon Qilich Niyozboyni Xivaga chaqirtirib, Rossiya bilan diplomatik munosabatlar o’rnatib, tajovuzning oldini olish imkoniyatlarini qidirishni taklif qilganida Qilich Niyozboy taklifni bajonudil qabul qiladi. Zero, Qilich Niyozboy elu-yurtining osoyishtaligi uchun, o’zi obod maskanga aylantirgan joylardagi xalq faravonligi uchun hamma narsaga tayyor edi.
Xullas, 1846 yilda savdogar Shukurilloboy Miskinov bilan Qilich Niyozboy Xiva xonligi elchilari sifatida Rossiyaga yo’l olishadi. O’sha yilning kuzida elchilar Peterburgga borib shaxsan imperator Aleksandr 1 va davlat kantsleri Nesel’rod tomonidan qabul qilinadilar.
Ikalla davlat o’rtasida savdo aloqalarini yo’lga qo’ygan va Rossiyaning xonlikka tajovuzining oldini olishga uringan elchilar harna bo’lsada o’z xalqining osoyishtaligini ta’minlashga harakat qildilar. Aynan el orasida obro’ e’tiborli Qilich Niyozboyning Rossiyaga elchi bo’lib borib kelganligi, o’z fuqarolarida ertangi kunga qayg’u bilan emas, ishonch bilan qarashlariga sabab bo’ldi.
Xalqimizda «Suv keltirgan elda aziz» degan maqol bor. O’zining tadbirkor va izlanuvchanligi bilan yangi kanal qazdirgan Qilich Niyozboy intilishu shijoat bilan shimoliy Xorazm zaminida dehqonchilik madaniyatining rivojlanishiga imkoniyat yaratib beradi.
Qilich Niyozboydek xonlikda obro’ qozongan mirob, elchi, davlat amaldorining hayoti xonlik muarrixlari yozib qoldirgan bir nechta asarlarda yoritib o’tilgan.Jumladan , Shermuhammad Munis va Ogahiyning “Firdavs ul-iqbol” asarida, Xiva xoni Muhammad Rahimxon 1 hijriy 1230, rabi’ ul-avval oyining o’n beshida, juma kuni- milodiy 1815 yili Dashti Qipchoqqa-Sirdaryo-Jana daryo bo’ylariga Suyunbiy,Do’simbiy va Ilyos shig’ovulni 5 ming askar bilan soliq to’plashdan bosh tortgan aholini jazolashga yuboradi. Munis va Ogahiy asarida yozilishicha, ( “Firdavs ul-iqbol”, “O’qituvchi” nashriyoti, Toshkent, 2010 yil, 290 bet), Qilich Niyozboy va Avaz yuzboshini qullar sipohi bila hamroh qildi”.Ya’ni Qilich Niyozbosh yuzboshi sifatida qullardan-asirga olingan eronlik qullardan iborat qo’shinga bosh qilib yuboradi.Suyunbiy va boshqa amaldorlar, jumladan Qilich Niyozboy ham xon buyrug’iga ko’ra katta molu-mulk bilan aholidan soliq undirib ortga qaytishadi.
Munis va Ogahiyning yozishlaricha, “Va Qilichniyozboynikim, bee’tidoliq qilib, olomonning o’ljasidin bir nima olmish erdi, ul hazrat gunohkor qilib buyurdikim, har kimdan na olg’on bo’lsa, istirdod (qaytarsin) qilsun”.
O’sha yili , ya’ni 1815 yili Muhammad Rahimxon 1 buyrug’iga ko’ra Qilich Niyozboyning tashabbusi qo’llanilib, yangi kanal qazib boshlanadi.Bu haqda yuqoridagi asarda shunday yoziladi: “Mohi mazkurning avoyilida xoni jannatmakon inisi Muhammadnazarbekga buyurdikim, Gurlan qiblasidag’i bo’zdin bir ulug’ arig’ qozdirg’ay.Lojaram, beki mazkur bu amrda maso’yi mashkura taqdimg’a yetkurub,Bog’alon arnasidin qazdurub, Qiyot ustidin o’tirib,O’rozali inoqning Bo’zlog’i bog’ining qiblasidin Bo’zg’a solib, so’ngin yangi qa’lag’a Xitoyning qiblasidin o’tkardi va Anborda og’asining mulozamatig’a yetib, marohimi podshohonag’a sarafroz bo’ldi. Ul arig’ holo Qilichniyozboy arnosig’a mashhurdur”.Ya’ni, 1815 yilda qazib boshlangan arnaning yaralish tarixi shunday bo’lgan.
Munis va Ogahiyning yuqoridagi asarida bundan tashqari o’sha davrdagi qazuv bilan bog’liq yana quyidagi voqea ham qalamga olinadi:
“va yana ulkim, hazrati podshohi mag’fur rabi’ul-oxir oyining yigirma beshinchi kunikim, panjshanba erdi, Xevanik ariqin qozdirmoq uchun rukub qilib, kecha Sayod havlig’a nuzul qildi.Jum’a kuni Sorbon to’paga borib, qozuvchig’a chek berdi.Beshinchi kunikim, seshanba va jumodi ul-avval oyining ikkinchi kuni erdi, tamom bo’ldi.qazuvg’a chiqmasdin burung’i seshanba kuni Berdi inoq Buxoro elchisi bila keldi.Yakshanba kunikim, xoni mag’fur qozuv boshida erdi, Qo’qon hokimi Umarxondin Sayyid Muhammadhoji elchi bo’lib kelib mulozimatg’a yetdi. Va yana ulkim, jumodiulavval oyining o’ninda xoni mag’fur chorshanba kuni Shog’obod orig’in qozdurmoq uchun otlanib, Anborg’a nuzul qildi.Jum’a kuni Toshhavzg’a borib, shanba kuni qa’la soldurg’udek joy ko’rub, umaro va jami’ mulozimlarig’a yer berdi.Yakshanba kuni kech Anborg’a tushdi. Dushanba kuni Anbordin qozuv ustig’a borib, tamosho qilib, Yangi yofg’a tushdi.Seshanba kuni Muhammadnazarbek Xonaqoh va uyg’ur va boshqir va ming va Bog’olon qazuvchisini Gurlan ko’prigidin yuqori eltib, chek berdi.Ul kun Qurbon Qilichxon soloq Xurosondin kelib, dargohi olampanoh taqbilig’a foyiz bo’ldi.Ul hazrat oni seshanba kuni ko’rub va ko’p mehribonlig’lar qilib, xaloi’ garonmoya va kamari tilloperoya bila sarafroz qildi.Va ko’chib kelmakiga yurt tayin etdi.va qazuv yigirma kunda itmomg’a yetdi.Panjshanba kuni, jumodiul oxir oyining to’qqizida dorul-amorai Xevaqg’a nuzul etdi.Bu safarning imtidodi o’ttiz kun erdi”.
Munis va Ogahiyning mazkur asarida yana Qilich Niyozboyning eldchilarni kutib olish, kuzatib qo’yishi bilan bog’liq voqealar ham yoritiladi: “Dushanba kuni ul hazrat kurdning elchilarig’a Davlat qaroko’z va Qilichniyozboyni qo’shub yubordi.Bu so’z bilakim, bizga el bo’lsalar, takani chopmoqqda taqsir qilmasunlar va Jonmuhammad qozi va Davlatnazarboy va Xojanazarni marohimi xusravona bila sarafroz qilib, ikki yorlig’ marhamat ko’rguzdi”.
Bu voqea shuni ko’rsatadiki, kanal qazish tashabbusi bilan chiqib Muhammad Rahimxon Avval va el ishonchi, obro’sini ko’targan Qilich Niyozboyga hukmdor elchilarga mezbonlik qilishdek mas’uliyatli ishni tobshirgan.
Ma’lumki, arna qazilgach, kanalning bo’yida, hozirgi Qoraqalpog’istonning Amudaryo tumanidagi Qilichboy qishlog’idagi hudud o’zlashtirilib, u yerda mashhur mirob nomi bilan ataladigan qishloq ham barpo etilgandi. O’sha yerda mirob va davlat amaldori Qilich Niyozboy o’zi uchun maxsus hovli ham barpo etdirgandi.
Munis va Ogahiyning asarida xonning o’sha hududga borgani ham yozilgan: “ jumodul-avval oyining yigirma ikkisida, seshanba kuni hazrati podshohi g’ufronpanoh shikor irodasi bila dor us-saltanai Xevaqdin rukub qilib,Anbarg’a nuzul etdi”. Ertasiga esa xon Toshhovuzga o’tib shikor qiladi.”ul hazrat Toshhovuzda to’rt kecha mutavaqqif bo’lib, yakshanba kuni ondin harakat ko’rguzub, Qilichniyozboyning hovlisin nuzuli humoyuni bila mufaxxari manozil va ashrafi marohil qildi.Ul kun taka jamoasining saromadi Xoja Nazarbek o’z elining oq uyluki bila dargohi sipehr poygoh atibo’sliqi bila sharafi istis’od topdi.Tonglasikim, dushanba kuni erdi, Qilichniyozboyning havlisidin otlanib, har kun qush solib va ov qilib va har soat karam shahbozi bila fuqaro va g’urabo ko’ngullarin shikorivor ovlab…” yuradi.
Ya’ni seshanba kuni Xivadan shikorga chiqqan Muhammad Rahimxoni Avval Anbar (hozirda Shovot tumanidagi Manoq qishlog’i), u yerdan Toshhovuzga, u yerdan yakshanba kuni Qilich Niyozboyning hovlisiga tashrif buyuradi. Davlat amaldori va mirob Qilich Niyozboy hovlisida bir kun qolib, ertasiga yon-atrofdagi hududlarga shikorga chiqadi. Xo’jayli,Qo’ng’irot, Mazdahqon,Po’rsi,Qubatog’ taraflarda shikor qilib, “Qo’ba tog’ining ustidan o’tib,Qilichniyozboyning havlisig’a nuzul qildi”
Shu tariqa o’z ishonchiga sazovor mirob Qilich Niyozboy hovlisiga shikorga borishdayam, qaytishdayam kirib o’tgan xon, ertasiga Moylijangal (hozirgi Turkmanistonning Toshhovuz viloyatidagi qishloq) orqali Xivaga qaytadi.
Shikordan qaytgan Muhammad Rahimxon 1 Xivada bir muddat davlat ishlari bilan mashg’ul bo’lgach, yana vohaga kelgan elchilarni qabul qiladi.Bu safar ham elchilarga mezbonlik qilish Qilich Niyozboyga topshirilgandi.Bu haqda Munis va Ogahiyning kitobida shunday yoziladi: “Dushanba kuni Qilichniyozboy va Mirzo Abdukarim kurd xonlari elchisi bila keldi”.
Bundan tashqari, Muhammad Rahimxon 1 hukmdorligi davridagi Suyunbiy,Do’simbiy, Hubbiqulixo’ja kabi davlat amaldorlari qatorida Qilich Niyozboy ham yovmut, chavdur urug’lariga,shk kabi Darbandga qilingan yurishlarda qo’shinga bosh bo’lib qatnashadi.Bu haqda Munis va Ogahiyning yuqoridagi asarida bir necha bor ta’kidlab o’tiladi. Ushbu va boshqa davlat amaldorlari yurishlarda g’alaba qozongach, g’oliblik sharafiga “Qilichniyozboyning havlisini nuzuli fayzidin rashki firdavsibarin qildi. ul mavzeda dasturxonchi boshlig’ aksar mahram va yuzboshilarkim, chapovulg’a ma’mur bo’lub erdilar, keldilar”. Bunday ziyofatlarning aynan Qilich Niyozboy hovlisida berilishi sababiyam mashhur mirob Qilich Niyozboyning yurishlarda ko’rsatgan jasorati, qahramonliklari bilan bog’liq edi.
Shu kabi shahzoda Qutlug’murod inoq ham bir necha bor o’z ayonlari bilan shikorga chiqqanida Qilich Niyozboyning hovlisida bo’lib hordiq chiqargani muarrixlarning asarida qayd etib o’tilgan.
Vaqt o’tib, 120 kilometrlik mirob nomi bilan ataladigan kanal bo’ylari xonlikning eng serfayz joylariga, ushbu kanaldan suv ichadigan yerlar esa hosildor yerlarga aylanadi.Shu tariqa kanal bo’ylari va Qilich Niyozboy qishlog’iga ko’plab aholi ko’chib keltirila boshlanadi.
Ogahiy qalamiga mansub “Zubdatu-t-tavorix” asarida “Jamshidiya toifasi kelturulg’ondin so’ng Qilich Niyozboy nahrining bir sho»basi kanorida Quba tog’ining janubi ostida ul tavoyifg’a maskan va mazore’ ta’yin qilindi. Holo, ulug’ el va obodon yurt bo’lib o’lturubdurlar” ( Ogahiy, “Zubdatu-t-tavorix”, T, “O’zbekiston” nashriyoti, 2009 yil 13 bet).
Bunda asosiy e’tibor Eron yurishidan olib kelingan jamshid qavmining Qilich Niyozboy kanali bo’ylariga o’rnashtirilgani yozilgan.Ma’lumki, 1843 yilda Rahimqulixon otasi Olloqulixonning farmoyishi bilan Eronga yurish qilgandi.O’shanda Badgis viloyatidaning Ko’shk va Qoratepa mavzelarida yashovchi jamshidlar urug’i Rahimqulixonga Hirot hokimi Shoh Komron ustidan shikoyat qilishadi.Jamshidlar oqsoqoli hokimning zulmi haddidan oshib, jamshidlarni talayotganini , ayollar va bolalarni qul qilib sotishayotganini ta’kidlaydi. Shundan keyin o’sha ko’chirish voqeasi tarixda bo’lib o’tgan va buni Ogahiy o’z asarida yuqoridagicha yozib o’tgan. Qubatog’ Qo’ng’irot tumani yaqinida joylashgan bo’lib, hozirda Qiziljar deb ataladi.
Shu kabi Ogahiy xon hazratlarining Qilich Niyozboy mav’zeidagi rabotga , ya’ni mashhur mirob asos solgan va uning nomi bilan ataladigan qishloqga tashrif buyurganini ham yozgan: “ Shanba kuni andin fuqaro va ajaza arzi ahvolin eshitmakdin forig’ bo’lg’ondin so’ng otlanib, shukuhi tamom bila Qilichniyozboy mav’zeidagi raboti lozimu-l-inbisotg’a tashrifi huzur, vofiru-s-surur eltib, mufaxxari manozil qildi.Anda ayshu ishrat asbobin muhayyo qildirub, barcha mufarrihot va muzhikot tamoshosidin bahrayob va tarabmaob bo’ldi”.
Bu o’rinda Xiva xoni va amaldorlarining Qilich Niyozboy qishlog’iga shikorga va saylga chiqgani ta’kidlanadi.Ertasi yakshanba kuni bo’lsa Qilich Niyozboy qishlog’idan “ dabdabai shohona bila nahzat qilib, Pursi mav’zeidakim, borgohi sipehrishtiboh barpo bo’lib, qubbai osmonfarsosi qimmai mehru mohdin o’tmish erdi”.Ya’ni xon Qilich Niyozboydan Po’rsi tumaniga jo’nab ketganini yozadi Ogahiy o’z asarida.
Ma’lumki, Munis va Ogahiy asarlari Xiva xonligi tarixidagi ko’plab voqealarga oydinlik kirituvchi, davlat boshqaruvidagi shaxslar to’g’risida qimmatli ma’lumotlar beruvchi noyob asardir.Yuqorida ko’rganingizdek, Muhammad Rahimxon 1 hukmdorligi davrida Qilich Niyozboy davlatdagi nufuzli shaxslardan biri bo’lgan.Shu boisdan ham uning tashabbusi bilan kanal qazilgan, qishloqqa asos solingan, turli yurishlarga bosh qilib tayinlanib, elchilarga mezbonlik qilish ham unga topshirilgan.
Ushbu tarixiy faktlardan kelib chiqadigan xulosa shuki tadbirkor va diplomat Qilich Niyozboy o’zining ishbilarmonligi tufayli kelajak avlodga munosib yodgorlik qoldirdi. Bu yodgorlik bugun Qilich Niyozboy nomi bilan yuritiladigan kanal va qishloqdir. O’z davrida e’zozga sazovar bo’lgan ajdodimiz Qilich Niyozboyning kanali bugungi istiqlol davri odamlari uchun ham naf keltirib nafaqat Xorazmning Yangibozoru Gurlan tumanlariga, Turkmanistonning Toshhovuz, Qoraqalpog’istonning Amudaryo tumanlaridagi yerlarni sug’orishda ham qo’l kelmoqda. Buyuk mirob Qilich Niyozboy nomi bilan ataladigan ushbu kanal O’zbekistonning Xorazm viloyati, qo’shni Qoraqalpog’iston va Turkmanistonning Toshhovuz viloyatlari hududlaridagi muhim xalqaro obi-hayot, suv yo’li bo’lib, uning uzunligi 120 km, eni o’rtacha 80 metr, chuqurligi taxminan 2-3-3,5 metr keladi. Bosh soqa qismida suv o’tkazish imkoniyati sekundiga 110-120 kubga teng. Kanal hammasi bo’lib 70 ming gektardan ziyod yer maydonlarini sug’oradi. Shundan 20,7 ming gektar yer Yangibozor, Gurlan tumanlarida, 16,7 ming gektar Qoraqalpog’istonning Amudaryo tumanida, 26,2 ming gektari Turkmanistonning Toshhovuz viloyati Po’rsi, Gubatog’ tuman yerlari hisoblanadi.
Qilich Niyozboy kanali an’anaga ko’ra xonlik davrida har yili 12 kunlik begor majburiy qazuvi davrida ommaviy hashar yo’li bilan tozalab turilgan. Oradan yillar o’tib 1939-40 yillarda ushbu arna-kanal hashar yo’li bilan tozalangan. 1965 yili qaytadan 7 kilometrlik kafolatli suv olish yo’li To’rong’i soqasi, 1969 yilda zamonaviy loyiha asosida kanalning ko’plab joylari qaytadan tozalangan holda qazib chiqilgan. Kanal Urganch tumanidagi To’rang’i soqadan suv taqsimlovchi Qilichboy, 29.49. 105 sonli, Jamshid, Bo’zyop, Tozaqa’la, Turkman soqa kabi 10 inshoaat-tarmoqlari orqali boshqarilib ( muvofiqlashtirilib) turiladi. Qisqasi Qilich Niyozboyning yer holatini, suv yo’llarini, oqim tezligi, yo’nalishini, dalalarning past-balandini yaxshi bilishi sabab, qazdirishga bosh bo’lgan arna-kanali hozirdayam, kelajakdayam xalqimiz uchun xizmat qilishi aniq. Shu bois bugungi va kelajak avlod, mirob, elchi Qilich Niyozboydan minnatdor bo’lsa arziydi.