Umid Bekmuhammad. Uch shoir qismati

085   Кунлардан бир куни олимлар Хоразмшоҳ Отсиз мажлисида мунозара ва баҳс қилар эдилар. Вотвот ҳам ўшал мажлисда ҳозир бўлиб, мунозара, баҳс ва теззабонлик кўрсатар эди… Турди Фароғий номи тилга олиниши билан, унинг “тор кўнгуллик беклар” ҳақидаги шеъри ёдга тушади… Амирнинг жаҳолатпарастлигини билган Ҳозиқ дўстларининг таклифига кўра, Шаҳрисабзга кетишга мажбур бўлади…

Умид Бекмуҳаммад
УЧ ШОИР ҚИСМАТИ
022

НАЗМИЙ НАЙЗАБОЗЛИК

Жанг айни қизиган пайтда қамалдаги қаълага пайкон ўқи ёки манжаниқ тоши эмас, қоғозга ёзилган сатрлар келиб тушди. Ингичка чўп учига жойланиб, ёй орқали юборилган қоғозни ўқиб, Хоразмшоҳ Отсиз деди: “ Найзабозлик энди назмда давом этадиган кўринади. Шу боис ҳам уларга назмда жавоб юбормоғимиз керакдур”.Шу тариқа Хоразмшоҳ ёнидаги шоир рақиб томонга жавоб йўллади. У ўз даврининг машҳур кишиси Рашидуддин Вотвот эди…

Рашидуддин Муҳаммад ибн Абдужалил ал Умарий 1114-1116 йиллар оралиғида Балхда туғилган бўлиб, тарихда Вотвот номи билан қолган. Айримлар Рашидуддин кичик бўйли, тепакал ва хунукроқ бўлгани учун Вотвот дея аталган, дейишади. Чунки арабчада бу сўз “ кўршапалак” маъносини билдиради.

Вотвот тахаллуси шоир Хоразмда яшагани боис қўлланган, негаки, сўзамол, тез гапирадиган инсон бўлгани туфайли хоразмликлар уни шундай аташган деган фикр ҳам бор. Бундайларни Хоразмда Вотвот деб аташади.

Болалиги ва ёшлиги шарқнинг энг машҳур Балхнинг Низомия мадрасасида ўтган Рашидуддин таҳсилни тугатгач, Хоразмга келди. Илмли, эътиқодли инсон бўлгани, қолаверса, шарқнинг энг довруқли илмгоҳини тугатгани учун ҳам Хоразмшоҳ Отсиз уни 1152 йили саройга ишга олди.

Давлатшоҳ Самарқандийнинг “ Тазкиратул-шуаро” асарида ёзилишича, “ Рашиддиддин хоксор, кичик жуссали, теззабон одам эди.Ватвот деб аташларига боис улким,Ватвот мўъжаз бир қуш бўлиб (Фарастук) фариштарак ҳам дейдилар.Шундай бир нақл бор: Кунлардан бир куни Хоразм олимлари Хоразмшоҳ Отсиз мажлисида мунозара ва баҳс қилар эдилар.Вотвот ҳам ўшал мажлисда ҳозир бўлиб, мунозара, баҳс ва теззабонлик кўрсатар эди.Хоразмшоҳ кўрдики, шу қадар кичик жуссали бир одам беҳад ва беандоза баҳс юритаётибдир.Ватвотнинг олдига бир довот (сиёҳ солинадиган идиш-У.Б.) қўйилган эди.Хоразмшоҳ зарофат юзасидан дедиким: “Довотни олиб қўйингларчи, кўрайлик қани, унинг орқасида туриб гапираётган ким экан?”.Писандани англаган Рашидиддин довотни олиб қўйиб, ўрнидан турди ва деди: “Киши жусаси билан эмас, балки дили ва тили билан инсондир”.Унинг закийлиги , фазли ва балоғати Хоразмшоҳга аён бўлди.Унга иззату эҳтиром кўргазди ва кўп инъомлар бериб баҳраманд қилди..У шоирликдан бошқа яна бир юқори мансаб ва мартаба эгаси бўлиб, ҳозиржавоб, ширнсухан олим эди.Теварак-атроф шоирлари билан баҳслашар, уларнинг камчиликларини топар эди.Шунинг учун шоирлар уни хуш кўрмас, кўпчилиги бениҳоя ҳасад ва бахилликдан уни нозик ҳажв қилардилар.Лекин унинг жисми бу бўҳтонлардан холидир ва унинг фазли хусусида ҳеч қандай гап бўлиши мумкин эмас”.

Вотвотнинг шундан кейинги ўттиз йиллик ҳаёти Хоразм билан боғлиқ..У аввалига Отсиз, сўнг унинг ўғли Ийл Арслон, кейин набираси Алоуддин Текеш саройида хизмат қилади. Вотвот араб ва форс тилларини жуда яхши билган. Хоразмда яшагани боис воҳа шевасини ҳам тузуккина ўзлаштирган, сўзга чечан инсон эди.

Араб саёҳи Ёқут ал-Ҳамавий Вотвотга шундай таъриф берган: “ У ўз замонасининг энг нодир ва ажиб кишиларидан, ўз даврининг ғаройиб шахсларидан бўлиб, наср ва назм бобида асрининг энг фозили эди. Араб тилининг ўта нозик томонлари наҳву адабнинг ғоятда билимдони бўлиб, унинг шуҳрати чор атрофга ёйилган, номи барча иқлимларда маълум ва машҳур”.

Вотвотнинг хоразмшоҳлар ва салжуқийлар ўртасидаги жангу жадаллар кучайган даврда яшаб ижод этгани унинг асарларида акс этган. Айниқса, Ҳазорасп қаъласидаги хоразмшоҳлар ва салжуқийлар ўртасида кечган жанг қизиган пайтда ёзган шеъри эл орасида машҳур бўлиб кетганди.

Салжуқийлар ҳукмдори Султон Санжар Ҳазораспни қамал қилаётиб, Хоразмшоҳ Отсизга қарата сарой шоири Анварий шундай шеър ёзиб жўнаттирганди:

Султонимга кулиб боқса толею иқбол,
Етти иқлим мулки бергай анга ихтиёр.
Ҳазораспни олсанг магар қилиб бир жазм,
Пойингга келадир ҳазор аспли Хоразм.

Хоразмшоҳ Отсиз тарафида турган Вотвот ҳам шу заҳотиёқ жавоб битиб жўнатди:

Шоҳим, душман бўлса сенга, ҳатто Рустами достон,
Ҳазораспдан, ҳатто, битта эшак олиши гумон.

Бироқ жангда Хоразмшоҳ енгилиб,Султон ғолиб бўлади. Назмий найзабозлик қилган Ватвот Султон Санжар қаҳридан қўрқиб, яширинади.Аммо уни навкарлар топиб келтиришади.Олдинига Ватвотни Султон Санжар етти пора қилиб ўлдиришни, надими Мунтаҳабиддин Бадиъ унинг гуноҳидан ўтишни сўрагач эса, “Кетаверсин Ватвот, уни етти пораю, икки пора ҳам қилиб ўлдириб бўлмас экан, чунки, бунга унинг қуввати ҳам қолмапти” дея авф қилади.Шундан сўнг қариб қолган Ватвот Термизга бориб бир мунча муддат яшайди.Бу орада Хоразмшоҳ Отсиз Султон Санжарга қарши қўшин тортиб яна ўз салтанатини қайта қўлга киритгач, Ватвот яна Хоразмга қайтиб боради.Олдингидек саройда иш бошлайди.

Ҳа, Вотвот умрини Хоразмшоҳлар салтанатига бағишлаган, шу боис бу сулола вакилларини мадҳ этганди.Негаки, улар илм қадрига етадиган, Вотвотдек ижодкорларни қадрлай биладиган ҳукмдорлар бўлишган.

Шоир ана шу имкониятдан фойдаланиб, араб ва форс тилларида йигирма битта асар ёзиб қолдирди. Форс тилидаги шеърий девонининг ўзи ўн беш минг байтдан иборат бўлиб, шарқ шеъриятида катта шуҳрат қозонган.

Рашидуддин Вотвот 1191 йили воҳада ҳаётдан кўз юмди.

САРОЙГА СИҒМАГАН ШОИР

Турди Фароғий номи тилга олиниши билан, унинг “тор кўнгуллик беклар” ҳақидаги шеъри ёдга тушади.Афсуски, ўз даври жабрини чекиб яшаган исёнкор шоирнинг ҳаёти тўғрисида маълумотлар тўлиқ эмас.Унинг сақланиб қолган асарларидан, ундаги ҳукмдорлар, ҳокимлар тўғрисида битилган ижод намуналаридан келиб чиқиб, у аштархонийлардан Абдулазизхон (1645-1680) ва Суҳонқулихон (1680-1702) ҳукмронлик қилган йилларда яшаб ижод этган дейиш мумкин.

Маълумки, бу давр уруғ-аймоқчилик ижтимоий мувозанатни бузиб, сиёсий бўҳрон кучайган, вилоят, шаҳар ҳокимлари лавозими кўпкарига айланган, беклар ўртасида муросадан кўра, мухолифлик авж олган 17-асрнинг охири, 18-асрнинг бошлари эди.Хонликдаги бу вазиятдан ташвишга тушган Турдибек низоларни олампаноҳ ва аъёнларига уқтириб ҳал қилолмагач, саройдан кетишни афзал билади…

Мирзо Бадиъ Девоннинг » Мажмаъ ал-аркам» асаридаги маълумотга кўра, Бухоро амирлигидаги қабул маросимлари, расмий тантаналарда ҳар бир уруғ вакиллари ҳукмдорнинг ўнг ва чап тарафидан жой олган.

Аштархонийлар сулоласининг олтинчи вакили бўлган Субҳонқулихон (1681-1702) даврида юз уруғининг саройдаги бошлиқларидан бири Турдибек эди.У ҳам худди Субҳонқулихон каби шоир бўлиб, Турди Фароғий тахаллуси билан ашъорлар битар, ёзганлари ўша вақтда одат тусини олган маиший, муҳаббат мавзусидан кўра, ижтимоий аҳамият касб этарди.

Зеро, Турди саройда фаолият кўрсатган давр хонликларда ички низолар авж олган, ҳукмдорларнинг маиший бузуқлик ва бир-бирларига ёвлашиб, босқинчиликлари юқори даражага чиққан суронли йиллар эди. Айниқса, 92 ўзбек уруғининг ҳар бири аймоқларга бўлинганидек, уруғ бошлиқлари, саройдаги вакилларининг мансаб талашиши, ҳокимлик учун курашлари ҳам давлатнинг парчаланишига олиб келаётган, бунинг устига,гоҳ Қўқон, баъзан Хива хонлари, айрим пайтларда эса Бухоро амирлари уларга қарши тез-тез ҳужум қилиб турар, буларнинг бари Ўрта Осиё тараққиётига салбий таъсир кўрсатарди.

Энг фожиалиси, уруғ бошлиқлари мансабга интилиб, ҳатто, қизлариниям ҳарамга бошлаб келар, бекларнинг бу қилиқлари, маиший тийиқсизлиги,ор-номусини йўқотганлиги ўша уруғнинг обрўсини тўкар, иззат-нафсига тегарди.

Гарчи Субҳонқулихон шоир ва табиб бўлиб, Бухорода илмий-маданий марказни юксалтириб, ижодкорларга, хусусан,Турдига ёрдам беришга интилса-да,Турдибек ўз шахсияти, ижоди қадрланишидан ҳам кўра, уруғлар ўртасидаги низоларга, аймоқчиликка барҳам беришни истарди.
Турди саройда ортиқча қололмаслигини сезиб,

Хон эшикинда бир киши қолмади бир соҳиби фан,
Бори бир неча сукум қайди маҳзи кардан,
Келмас қўлларидин иш, ҳамма ошхўр,гарзан..

дея шеър битиб, ўз уруғи орасига кетди.
Шунингдек,Турди Фароғий уруғ бошлиқлари—бекларга ҳам мурожаат қилиб, уларни миллат истиқболи, Ватан тараққиёти йўлида ҳамжиҳатликка чақирди:

Тор кўнгуллик беклар, ман-ман деманг, кенглик қилинг
Тўқсон икки бори ўзбак юртидир, тенглик қилинг.

Бирни қипчоқу хитою, бирни юз,найман деманг,
Қирқу юз минг сон бўлуб, бир хон ойинлик қилинг.

Бир яқодин бош чиқориб, барча бир тўнға кириб,
Бир ўнгурлик, бир тиризлик, бир яқо, енглик қилинг.

Ким қўюбдур, уҳдаи ўз мулкунгиздин чиқмайин,
Икки, уч, тўрт даъвосин этмакни, кўтаҳлик қилинг.

Мардлар майдон чекиб, рангин кўториб захмлар,
Сизга йўқ ул жавҳаре, юзга упо-энглик қилинг.

Турди шунингдек ўз давридаги маънавий бузуқлик, порахўрлик, очкўзлик иллатларини ҳам қаламга олади:

Едингиз барчангиз итдек фуқаронинг этини,
Ғасб ила молни олиб, қўймадингизлар битини,
Қамчилар доғи солиб бўйин, қанотиб бетини
Бўлмади кам бу раият бошидин ҳеч таёқ…

Ёхуд:

Барчаси порайу ришваға ўлуб бад омуз,
Халқ қўлиға тамаъ бирла тикиб доим кўз…

Ёки:

Аждаҳодек пораға турмиш очиб оғзини,
Юртдин йўқ хабари, барчасининг фикри томоқ…

Саройни тарк этган Турди ўша даврда бошқа бекларга нисбатан кенг феълли, адолатлироқ бўлган Муҳаммад Раҳимбий ҳузурига боришни афзал кўрди.Юз уруғидан бўлган, Ўратепа ва Хўжанд ҳокими бўлмиш Раҳимбий шоир Турдини яхши кутиб олади.

Ўша даврда хон қўшинидан ташқари ҳар бир бекнинг ҳам навкарлари бўлиб, Раҳимбий Хива хонлиги билан 1686 йилда бўлган урушда навкарлари ёрдамида қаҳрамонлик кўрсатиб, Бухоро амирлигининг қўли баланд келишига сабабчи бўлган эди.Ваҳоланки, 1686-90 йилларда қатағон уруғи бекларидан Ўз Темурбий, ёбу уруғи бекларидан Тоғма, юз уруғи бекларидан Фозилбий турли сабаблар билан Бухоро хони Субҳонқулига қарши исён кўтариб, ички парокандаликни келтириб чиқардилар.Хива хонидан мадад олиб, Субҳонқулини тахтдан туширишга интилдилар.Учала исёнчи беклар ҳатто, Раҳимбийни ҳам Субҳонқулига гиж-гижлаб, ўзларига қўшилишга даъват қилдилар.Бироқ Раҳимбий исёнга қўшилиш таклифини рад этди.

Шундай вазиятда, олдинига Турди ҳам бекларнинг бирлашиб, Бухорога юришини маъқул кўради.Ҳатто, Раҳимбийни бунга ундаб, шеър ҳам ёзади.Шоир бекларнинг бирлашиши Субҳонқулихон ( Турди Субҳонқулихон тўғрисида ҳажвия ҳам ёзган—У.Б.) саройидаги амалдорлар зулмига чек қўйиб, уларнинг танобини тортиб қўйиши мумкин, деб ўйлаган эди.Бироқ Турди уруш ва ички низолар парокандаликка, таназзулга сабабчи бўлишини тушуниб етди ва амалдорларнинг исён қилгани ёхуд хукмдор алмашгани билан аҳвол яхшиланмаслигини англади.

Шундан кейин у сиёсатга аралашмай, Раҳимбий ёнида, кейин Оқбўтабий ҳузурида тинчгина хўжалик ишлари, ижод билан шуғулланиб,18-асрнинг бошларида вафот этди.Агар Турди ҳам бек бўлгани учун сиёсий » кўпкари»га қўшилиб, бирор лавозимни эгаллаганида , бошқа бекларга ўхшаб номи тарихда қолмасди.Айнан «кўпкари»га қўшилмагани учун ҳам Турди Фароғий номи неча асрларки барҳаёт.Унинг 434 мисрадан иборат 18 шеър, 5 мухаммас, 12 ғазал ва 1 фардни ўз ичига олган адабий мероси эса унинг номини асрлардан асрларга олиб ўтғусидир.

Турди тўғрисида адабиёт илмида илк маротаба маълумот берган Абдулҳамид Мажидий (1902-1938) эди.У 1924 йилда “Зарафшон” газетасининг 27 ноябрдаги сонида “Тарихий адабий парчалар”, 1925 йили эса “Маориф ва ўқитувчи” журналининг 9-10 сонларида “ўзбек шоири Турди” номли мақолаларини чоп этдирган эди.Шундан кейингина Турди номи , унинг шеърияти адабиёт ихлосмандлари эътиборини тортди.

1928 йилда бўлса профессор Фитрат “маориф ва ўқитувчи” журналининг 1-сонида “Ўзбек шоири Турди” сарлаваҳали мақоласини чоп этдириб, исёнкор шоир шеъриятини, унинг ҳаётини кенгроқ ёритишга ҳаракат қилди.Мақолада Фитрат Мажидийнинг Турди ҳаёти ва ижоди ҳақида мақола чоп этдириб катта иш қилганлигини таъкидлаш баробарида, айрим эътирозли ўринларга ўз фикриниям билдириб ўтади.Фитрат мақоласида Турди шеърларида тилга олинган даврдаги вазиятга, хонларнинг бедодликларига, тахт талашувларига, халқ аҳволининг эса ёмонлашувига тўхталиб ўтади.Фитрат айниқса, уруғлар ўртасидаги низоларнинг миллат фожиасига, давлат таназзулига олиб келганлигини таҳлил қилишга эътибор қаратади.Турди шеърларида ана шу давр ўз ифодасини топганлиги Фитрат мақоласида таъкидлаб ўтилади.

“Бу даврнинг маълум шоирлари бўлған Машраб,Ҳувайдо,Сўфи Оллоҳёр ва Турдиларни текширганда тилда соддалиқ, назмда оҳангсизлик, санъатда заифлик каби ҳолларни оз-кўб ҳаммаларида кўриш мумкин.Лекин Турдининг уларнинг ҳаммасидан яхшироқ ёзғанини эътироф қилишимиз лозим келадир.Турди ёлғиз сўзларни эмас, ўхшатишларни, мажозларни ҳам соддалаштиради.Унинг шеърларида “давлат баҳридан узоқ гардан шикаста мунди”, “ювған қозон остида қолған ювинди” каби сарой доиралариға кира олмайтурғон, лекин омма томонидан яхши қабул қилишға истеъдодли бўлған ўхшатмалар, маъжозлар кўбдир”, дея Турди шеърияти тўғрисида фикр юритади Фитрат.

Хуллас,Мажидий, Фитратлар жонбозлиги натижасидагина Турди Фароғийдек исёнкор шоир ижоди адабиёт ихлосмандлари эътиборини тортди.Аммо шу билангина унинг ҳаёти ва ижоди тўлиқ ўрганилди, дейиш қийин.Турди Фароғий шеърияти ўзининг кенг фундаментал тадқиқотчиларини кутиб турибди дейиш мумкин.

ҲАҚИҚАТГЎЙ ҲОЗИҚ

Хонни, хусусан, унинг қилаётган ишларини танқид қилишга ҳеч ким ботина олмсасди. Бироқ ҳақиқатгўй Ҳозиқ Хива хони Оллоқулихон қурдира бошлаган ҳаммом тузилишининг нотўғри эканлигини унинг ўзига айтди. Бу эса шоир билан хон ўртасидаги муносабатнинг бузилишига сабаб бўлди.Натижада, ҳақиқатгўй Ҳозиқ Хивадан кетишга мажбур бўлди.

Шайхулислом Ҳиротийнинг ўғли бўлган Мирзо Жунайдулло Махдум-Ҳозиқ 18 асрнинг 80 йилларида Ҳиротнинг Карх номли маҳалласида таваллуд топганди. Илмга бўлган иштиёқ боис, у Бухорога келиб мадрасада таҳсил олади, дин, тиб, адабиёт илмларини пухта ўрганади. Шу тариқа у ўз шеърлари, табобатда эришган натижалари, нотиқлик санъати билан Бухорои шарифда шуҳрат қозонади. Дастлаб ўзи таҳсил олган Оли мадрасасида имом, кейин эса Амир Ҳайдар(1800-1827) саройида фаолият юритади.

Аммо ҳақиқатпарвар шоир сарой ўйинлари, фисқу фасод ва маиший тийиқсизликнинг Амир Ҳайдар девонида авж олганини кўриб, Бухорони тарк этади.Бухорога нисбатан маданиятга, санъатга эътибор кучли бўлган Қўқон ҳукмдори-амир Умархон ҳузурига боради. Унинг ижодига, яшашига, қолаверса, таклифу мулоҳазаларига ижобий қараган Умархон,Ҳозиқни доимо маслаҳатгўйи сифатида ҳурмат қилган.Бироқ Амир Умархоннинг 1822 йилда вафот этганидан сўнг, у яна Қўқон саройини тарк этиб, эл орасида юрганча табиблик билан машғул бўлади.Табобатга оид “ Шарҳи Қонунча”, асарини, “Юсуф ва Зулайҳо” достонини ёзиб тугатади.

1826 йилда унинг Бухоро ва Қўқонда саргардон юрганини, билим ва тафаккурини эшитган Хива хони Оллоқулихон Ҳозиқни Хоразмга таклиф этади. Ҳозиқ бу ердаям саройдаги ишлардан кўра, ижод билан машғул бўлишни афзал, деб билади. Мунис Хоразмийдек мироб ва шоир билан дўстлашади. Хонни, унинг аъёнлари ва халқни табиб сифатида даволаб, шуҳрат қозонади.”Ҳақиқатни аниқлаш ва текшириб кўриш” номли тиббиётга доир асарини ёзиб тугаллайди.

Бироқ у 1841 йилда Оллоқулихон қурдираётган ҳаммом тузилишини танқид қилади. Бу эса хон ва шоир ўртасидаги муносабатларга соя солади. Оқибатда у Хива хони саройиниям тарк этиб, Бухорога кетади. У ердаги мадрасада, кейин эса элма-эл юриб, табибчилик фаолиятини давом этдиради, баъзида эса Амир Насруллонинг таклифига кўра, ноиложликдан саройга ҳам бориб туришга мажбур бўлади.

Аммо у ҳамиша ҳақ гапни айтади. Бу ҳол унинг ўзбек ва тожик тилларида ёзган шеърларида ҳам акс этган.Хусусан, у чаён ҳақидаги бир шеърида, халқ орасидаги ҳикматдан усталик билан фойдаланади:

Қасди золим аз тавозуъ нест жуз тамхиди зулм,
Мешавад ҳам неши ақраб,заҳр чун бармекашад.

Яъни, золимнинг тавозе этишдан мақсад ҳам, зулм қилмоқдур, чунки чаён ҳам заҳар сочишдан олдин найзасини пастга эгади, дея фикр юритади.

Ҳозиқнинг ҳақиқатпарварлиги шундан ҳам маълумки, у ҳатто, Амир Насруллохондек, халқ ўртасида “қассоб “ лақабини олган золим ҳукмдоргаям ҳақ гапни айта олди.Чунончи, 1842 йил май ойида, Қўқонга юриш қилиб, Мадаминхонни, онаси шоира Нодирабегимни ўлдиртириб юбориб, хонликни талон-тарож этганида унинг қилмишларига бағишлаб бир фард битади:

Буриди бар қади худ аз маломат,
Либосе то ба домони қиёмат.

Ҳозиқнинг ушбу битиги халқ ўртасида шунчалик машҳур бўладики, ҳатто, саводсиз кишилар ҳам ёддан айтиб юришади.Негаки, фард мазмуни айнан халқ фикрини мужассам этганди: “Ўз қадингга лаънатлардан шундай бир либос тикиб кийдингки, у либос устингда то қиёматгача қолади”.

Мирзаолим Мушриф “Ансоб ус-салотин ут-таворих” асарида ёзишича, “бу фардни эшитиб, амирнинг зиёда жаҳли келиб, рангида қатра қон қолмайди.То ўрдасиға доҳил бўлғунча сўзламади”.

Амирнинг жаҳолатпарастлигини билган Ҳозиқ дўстларининг таклифига кўра,Шаҳрисабзга кетишга мажбур бўлади.Бу пайтда Шаҳрисабз, гарчи амирликка қарашли ҳудуд бўлса-да, ўлка беклари амир Насруллонинг мухолифи сифатида сиёсат майдонига чиққандилар. Ҳозиқ Шаҳрисабз ҳокими Хўжақул парвоначи паноҳида яшай бошлайди. Дастлаб Амир Насрулло ҳийла ишлатиб, Ҳозиқнинг Бухорода қолган ўғли Мирза Муҳташамдан ва яқин биродарларидан хат бериб, шоирни саройга “лутфан” чақиртиради. Насруллохоннинг феълини яхши билган Ҳозиқ бунга рози бўлмайди ва яна бир фард ёзиб жавоб беради:

Чун ҳузурам сабаби ранчиши табғиат гардид,
Мегурезам, ки малулат макунам бори дигар.

Яъни, меним ҳозир бўлишим табиатингнинг хиралишига сабаб бўлади.Сенга яна маломат етказмаслик учун қочаман.

Ҳозиқнинг жавобини ўқиб, амирнинг баттар жазаваси тутади:
-Уч бора чақиртирсамда, келмаса, Шаҳрисабза қўшин тортиб,Ҳозиқниям, унинг тарафдорлариниям даф этгум,-дея аёънларига ўшқиради Насруллохон.
Шунда Раҳмонберди исмли вазири амирга маслаҳат беради:
-Бир шоирга ўчакишиб, кек ,дея черик тортсак, эл олдида уяту иснодга қоламиз.

Шундан кейин вазирнинг маслаҳатига кўра, бир неча бора қамалиб чиқиб, ҳозирдаям зиндонда ётган Душабой исмли ўғрибошидан ёлланма қотил сифатида фойдаланишга қарор қилишади.Ҳакимхон тўра “Мунтахаб-ут-таворих” асарида “Душабой ва унга қўшилган учта каллакесар тўрт бебок кофир киши-ўғрилар вақтни ғанимат билиб, саҳар вақтинда шанба эртаси Шаҳрисабза келиб, уйнинг эшигини синдириб, мавлоно Ҳозиқ ётган жойга бостириб кирдилар”, дея воқеа тафсилотини ёзадилар.Шу тариқа тўрттала ўғрилар Ҳозиқнинг азиз бошини танасидан жудо қилишади.

Машъум воқеадан огоҳ бўлган Хўжақули парвоначи,Ҳожи Ҳакимхон тўралар аҳли оломон билан марҳумни Китоб беклигининг Охунд мозорига дафн этишади.

Гарчи Жунайдулло махдум-Ҳозиқ 1843 йил январида суиқасд қурбони бўлган эса-да, “Воқеа исломи”, “Таҳқиқ-ул-кафонад”, “Юсуф ва Зулайҳо” каби табоат ва адабиётга доир асарлари билан тарихда боқий қолди.

Мақоламнинг сўнгида Ўзбекистон халқ шоири Хуршид Давроннинг 1984 йилда ёзилган «Ҳозиқ» сарлавҳали шеърини илова қиламан:

Бир эмас, уч тахтнинг пойида туриб
Умринг кечди…
Бугун сен тахтдан йироқ.
Аммо, огоҳ бўлгин:
Қотил от суриб
Келмоқда – қўлида қонга ўч яроқ.

Дилда Нодиранинг ўчмас сийрати,
“Оҳ”, дейсан гоҳ унга кўзларинг тушиб,
Аммо, огоҳ бўлгин:
Қотил от суриб
Келмоқда Бухоро томондан шошиб.

Тиғланган,
Бичилган,
Сўйилган шоир
Халқининг сафида борсан-да, ахир!
Жаҳолат даврида яшамоқ мушкул,
Шоир бўлиб яшаш –
Минг чандон оғир!

Сен айтдинг,
Қўрқмадинг…
Эзгу йўлингдан
Қайтмадинг, ҳақ сўздан кечолмадинг воз.
Мангулик байтидир асли ўлимдан
Тап тортмай янграган ҳар қандай овоз.

Қуёшга,
Заминга
Алвидо айтиб,
Кўксингда жўш уриб эзгу туйғулар,
Қассоб Насруллонинг изнидан қайтиб,
Ҳайқирдинг –
Чекинди қора қутқулар!

Ахир, шоир зоти фақат ҳақ сўзни
Айтмоқ учун келар қадим дунёга,
Ўйлама: “Хас бўлиб ихтиёр этдим
Тўғон бўлмоқликни ўжар дарёга”.

Ҳақиқат тан олмас хону подшоҳни,
Ундан ҳукуматлар, тузумлар қўрқар,
Чунки улар билар: ёруғ дунёни
Тебратар сочи оқ она – Ҳақиқат.

Огоҳ бўл!
Бухоро томондан бу дам
Амир зах зиндондан чиқарган қотил
Тиғ тутиб,
От суриб келмоқда илдам –
Сен эса бу қора хатардан ғофил.

— Огоҳ бўл! –
Огоҳ бўл! – Ҳайқираман мен,
Ахир, юрак сезар,  яқину  йироқ
Юртлардаям бугун ҳақ деган шоир
Жонига қасд этиб чархланур яроқ.

— Огоҳ бўл!
Огоҳ бўл! – Ҳайқираман мен,
Боқаман – Юрт ғофил,
Оломон ғофил –
От суриб келмоқда қора тун аро
Ҳақиқат жонига қасд этган қотил.

Чунки ҳақиқатнинг сўзи ўлмаган,
Ундан ҳукмдорлар қўрқади ҳамон.
Чунки улар билар, ерга ташланган
Бир дона уруғ, бу – эртанги ўрмон.

…Қотил қилич серпар…
Думалайди бош,
Қонли қўллар уни халтага солар.
Сўнг тоғлар ортидан кўринмай қуёш,
У олис Бухоро томон йўл олар.

От елар…
От елар…
Халтадан чак-чак
Томчилар йўлларга, майсаларга қон.
Қуёш ҳам ҳарсиллаб шу издан борар,
Қўлида уст-боши қонли бола – Тонг…

07  Kunlardan bir kuni olimlar Xorazmshoh Otsiz majlisida munozara va bahs qilar edilar. Votvot ham oʻshal majlisda hozir boʻlib, munozara, bahs va tezzabonlik koʻrsatar edi… Turdi Farogʻiy nomi tilga olinishi bilan, uning “tor koʻngullik beklar” haqidagi sheʼri yodga tushadi… Amirning jaholatparastligini bilgan Hoziq doʻstlarining taklifiga koʻra, Shahrisabzga ketishga majbur boʻladi…

Umid Bekmuhammad
UCH SHOIR QISMATI
022

NAZMIY NAYZABOZLIK

Jang ayni qizigan paytda qamaldagi qa’laga paykon o’qi yoki manjaniq toshi emas, qog’ozga yozilgan satrlar kelib tushdi. Ingichka cho’p uchiga joylanib, yoy orqali yuborilgan qog’ozni o’qib, Xorazmshoh Otsiz dedi: “ Nayzabozlik endi nazmda davom etadigan ko’rinadi. Shu bois ham ularga nazmda javob yubormog’imiz kerakdur”.Shu tariqa Xorazmshoh yonidagi shoir raqib tomonga javob yo’lladi. U o’z davrining mashhur kishisi Rashiduddin Votvot edi…

Rashiduddin Muhammad ibn Abdujalil al Umariy 1114-1116 yillar oralig’ida Balxda tug’ilgan bo’lib, tarixda Votvot nomi bilan qolgan. Ayrimlar Rashiduddin kichik bo’yli, tepakal va xunukroq bo’lgani uchun Votvot deya atalgan, deyishadi. Chunki arabchada bu so’z “ ko’rshapalak” ma’nosini bildiradi.

Votvot taxallusi shoir Xorazmda yashagani bois qo’llangan, negaki, so’zamol, tez gapiradigan inson bo’lgani tufayli xorazmliklar uni shunday atashgan degan fikr ham bor. Bundaylarni Xorazmda Votvot deb atashadi.

Bolaligi va yoshligi sharqning eng mashhur Balxning Nizomiya madrasasida o’tgan Rashiduddin tahsilni tugatgach, Xorazmga keldi. Ilmli, e’tiqodli inson bo’lgani, qolaversa, sharqning eng dovruqli ilmgohini tugatgani uchun ham Xorazmshoh Otsiz uni 1152 yili saroyga ishga oldi.

Davlatshoh Samarqandiyning “ Tazkiratul-shuaro” asarida yozilishicha, “ Rashiddiddin xoksor, kichik jussali, tezzabon odam edi.Vatvot deb atashlariga bois ulkim,Vatvot mo»jaz bir qush bo’lib (Farastuk) farishtarak ham deydilar.Shunday bir naql bor: Kunlardan bir kuni Xorazm olimlari Xorazmshoh Otsiz majlisida munozara va bahs qilar edilar.Votvot ham o’shal majlisda hozir bo’lib, munozara, bahs va tezzabonlik ko’rsatar edi.Xorazmshoh ko’rdiki, shu qadar kichik jussali bir odam behad va beandoza bahs yuritayotibdir.Vatvotning oldiga bir dovot (siyoh solinadigan idish-U.B.) qo’yilgan edi.Xorazmshoh zarofat yuzasidan dedikim: “Dovotni olib qo’yinglarchi, ko’raylik qani, uning orqasida turib gapirayotgan kim ekan?”.Pisandani anglagan Rashididdin dovotni olib qo’yib, o’rnidan turdi va dedi: “Kishi jusasi bilan emas, balki dili va tili bilan insondir”.Uning zakiyligi , fazli va balog’ati Xorazmshohga ayon bo’ldi.Unga izzatu ehtirom ko’rgazdi va ko’p in’omlar berib bahramand qildi..U shoirlikdan boshqa yana bir yuqori mansab va martaba egasi bo’lib, hozirjavob, shirnsuxan olim edi.Tevarak-atrof shoirlari bilan bahslashar, ularning kamchiliklarini topar edi.Shuning uchun shoirlar uni xush ko’rmas, ko’pchiligi benihoya hasad va baxillikdan uni nozik hajv qilardilar.Lekin uning jismi bu bo’htonlardan xolidir va uning fazli xususida hech qanday gap bo’lishi mumkin emas”.

Votvotning shundan keyingi o’ttiz yillik hayoti Xorazm bilan bog’liq..U avvaliga Otsiz, so’ng uning o’g’li Iyl Arslon, keyin nabirasi Alouddin Tekesh saroyida xizmat qiladi. Votvot arab va fors tillarini juda yaxshi bilgan. Xorazmda yashagani bois voha shevasini ham tuzukkina o’zlashtirgan, so’zga chechan inson edi.

Arab sayohi Yoqut al-Hamaviy Votvotga shunday ta’rif bergan: “ U o’z zamonasining eng nodir va ajib kishilaridan, o’z davrining g’aroyib shaxslaridan bo’lib, nasr va nazm bobida asrining eng fozili edi. Arab tilining o’ta nozik tomonlari nahvu adabning g’oyatda bilimdoni bo’lib, uning shuhrati chor atrofga yoyilgan, nomi barcha iqlimlarda ma’lum va mashhur”.

Votvotning xorazmshohlar va saljuqiylar o’rtasidagi jangu jadallar kuchaygan davrda yashab ijod etgani uning asarlarida aks etgan. Ayniqsa, Hazorasp qa’lasidagi xorazmshohlar va saljuqiylar o’rtasida kechgan jang qizigan paytda yozgan she’ri el orasida mashhur bo’lib ketgandi.

Saljuqiylar hukmdori Sulton Sanjar Hazoraspni qamal qilayotib, Xorazmshoh Otsizga qarata saroy shoiri Anvariy shunday she’r yozib jo’nattirgandi:

Sultonimga kulib boqsa toleyu iqbol,
Yetti iqlim mulki bergay anga ixtiyor.
Hazoraspni olsang magar qilib bir jazm,
Poyingga keladir hazor aspli Xorazm.

Xorazmshoh Otsiz tarafida turgan Votvot ham shu zahotiyoq javob bitib jo’natdi:

Shohim, dushman bo’lsa senga, hatto Rustami doston,
Hazoraspdan, hatto, bitta eshak olishi gumon.

Biroq jangda Xorazmshoh yengilib,Sulton g’olib bo’ladi. Nazmiy nayzabozlik qilgan Vatvot Sulton Sanjar qahridan qo’rqib, yashirinadi.Ammo uni navkarlar topib keltirishadi.Oldiniga Vatvotni Sulton Sanjar yetti pora qilib o’ldirishni, nadimi Muntahabiddin Badi’ uning gunohidan o’tishni so’ragach esa, “Ketaversin Vatvot, uni yetti porayu, ikki pora ham qilib o’ldirib bo’lmas ekan, chunki, bunga uning quvvati ham qolmapti” deya avf qiladi.Shundan so’ng qarib qolgan Vatvot Termizga borib bir muncha muddat yashaydi.Bu orada Xorazmshoh Otsiz Sulton Sanjarga qarshi qo’shin tortib yana o’z saltanatini qayta qo’lga kiritgach, Vatvot yana Xorazmga qaytib boradi.Oldingidek saroyda ish boshlaydi.

Ha, Votvot umrini Xorazmshohlar saltanatiga bag’ishlagan, shu bois bu sulola vakillarini madh etgandi.Negaki, ular ilm qadriga yetadigan, Votvotdek ijodkorlarni qadrlay biladigan hukmdorlar bo’lishgan.

Shoir ana shu imkoniyatdan foydalanib, arab va fors tillarida yigirma bitta asar yozib qoldirdi. Fors tilidagi she’riy devonining o’zi o’n besh ming baytdan iborat bo’lib, sharq she’riyatida katta shuhrat qozongan.

Rashiduddin Votvot 1191 yili vohada hayotdan ko’z yumdi.

SAROYGA SIG’MAGAN SHOIR

Turdi Farog’iy nomi tilga olinishi bilan, uning “tor ko’ngullik beklar” haqidagi she’ri yodga tushadi.Afsuski, o’z davri jabrini chekib yashagan isyonkor shoirning hayoti to’g’risida ma’lumotlar to’liq emas.Uning saqlanib qolgan asarlaridan, undagi hukmdorlar, hokimlar to’g’risida bitilgan ijod namunalaridan kelib chiqib, u ashtarxoniylardan Abdulazizxon (1645-1680) va Suhonqulixon (1680-1702) hukmronlik qilgan yillarda yashab ijod etgan deyish mumkin.

Ma’lumki, bu davr urug’-aymoqchilik ijtimoiy muvozanatni buzib, siyosiy bo’hron kuchaygan, viloyat, shahar hokimlari lavozimi ko’pkariga aylangan, beklar o’rtasida murosadan ko’ra, muxoliflik avj olgan 17-asrning oxiri, 18-asrning boshlari edi.Xonlikdagi bu vaziyatdan tashvishga tushgan Turdibek nizolarni olampanoh va a’yonlariga uqtirib hal qilolmagach, saroydan ketishni afzal biladi…

Mirzo Badi’ Devonning » Majma’ al-arkam» asaridagi ma’lumotga ko’ra, Buxoro amirligidagi qabul marosimlari, rasmiy tantanalarda har bir urug’ vakillari hukmdorning o’ng va chap tarafidan joy olgan.
Ashtarxoniylar sulolasining oltinchi vakili bo’lgan Subhonqulixon (1681-1702) davrida yuz urug’ining saroydagi boshliqlaridan biri Turdibek edi.U ham xuddi Subhonqulixon kabi shoir bo’lib, Turdi Farog’iy taxallusi bilan ash’orlar bitar, yozganlari o’sha vaqtda odat tusini olgan maishiy, muhabbat mavzusidan ko’ra, ijtimoiy ahamiyat kasb etardi.

Zero, Turdi saroyda faoliyat ko’rsatgan davr xonliklarda ichki nizolar avj olgan, hukmdorlarning maishiy buzuqlik va bir-birlariga yovlashib, bosqinchiliklari yuqori darajaga chiqqan suronli yillar edi.
Ayniqsa, 92 o’zbek urug’ining har biri aymoqlarga bo’linganidek, urug’ boshliqlari, saroydagi vakillarining mansab talashishi, hokimlik uchun kurashlari ham davlatning parchalanishiga olib kelayotgan, buning ustiga,goh Qo’qon, ba’zan Xiva xonlari, ayrim paytlarda esa Buxoro amirlari ularga qarshi tez-tez hujum qilib turar, bularning bari O’rta Osiyo taraqqiyotiga salbiy ta’sir ko’rsatardi.

Eng fojialisi, urug’ boshliqlari mansabga intilib, hatto, qizlariniyam haramga boshlab kelar, beklarning bu qiliqlari, maishiy tiyiqsizligi,or-nomusini yo’qotganligi o’sha urug’ning obro’sini to’kar, izzat-nafsiga tegardi.

Garchi Subhonqulixon shoir va tabib bo’lib, Buxoroda ilmiy-madaniy markazni yuksaltirib, ijodkorlarga, xususan,Turdiga yordam berishga intilsa-da,Turdibek o’z shaxsiyati, ijodi qadrlanishidan ham ko’ra, urug’lar o’rtasidagi nizolarga, aymoqchilikka barham berishni istardi.
Turdi saroyda ortiqcha qololmasligini sezib,

Xon eshikinda bir kishi qolmadi bir sohibi fan,
Bori bir necha sukum qaydi mahzi kardan,
Kelmas qo’llaridin ish, hamma oshxo’r,garzan..

deya she’r bitib, o’z urug’i orasiga ketdi.
Shuningdek,Turdi Farog’iy urug’ boshliqlari—beklarga ham murojaat qilib, ularni millat istiqboli, Vatan taraqqiyoti yo’lida hamjihatlikka chaqirdi:

Tor ko’ngullik beklar, man-man demang, kenglik qiling
To’qson ikki bori o’zbak yurtidir, tenglik qiling.

Birni qipchoqu xitoyu, birni yuz,nayman demang,
Qirqu yuz ming son bo’lub, bir xon oyinlik qiling.

Bir yaqodin bosh chiqorib, barcha bir to’ng’a kirib,
Bir o’ngurlik, bir tirizlik, bir yaqo, yenglik qiling.

Kim qo’yubdur, uhdai o’z mulkungizdin chiqmayin,
Ikki, uch, to’rt da’vosin etmakni, ko’tahlik qiling.

Mardlar maydon chekib, rangin ko’torib zaxmlar,
Sizga yo’q ul javhare, yuzga upo-englik qiling.

Turdi shuningdek o’z davridagi ma’naviy buzuqlik, poraxo’rlik, ochko’zlik illatlarini ham qalamga oladi:

Yedingiz barchangiz itdek fuqaroning etini,
G’asb ila molni olib, qo’ymadingizlar bitini,
Qamchilar dog’i solib bo’yin, qanotib betini
Bo’lmadi kam bu raiyat boshidin hech tayoq…

Yoxud:

Barchasi porayu rishvag’a o’lub bad omuz,
Xalq qo’lig’a tama’ birla tikib doim ko’z…

Yoki:

Ajdahodek porag’a turmish ochib og’zini,
Yurtdin yo’q xabari, barchasining fikri tomoq…

Saroyni tark etgan Turdi o’sha davrda boshqa beklarga nisbatan keng fe’lli, adolatliroq bo’lgan Muhammad Rahimbiy huzuriga borishni afzal ko’rdi.Yuz urug’idan bo’lgan, O’ratepa va Xo’jand hokimi bo’lmish Rahimbiy shoir Turdini yaxshi kutib oladi.

O’sha davrda xon qo’shinidan tashqari har bir bekning ham navkarlari bo’lib, Rahimbiy Xiva xonligi bilan 1686 yilda bo’lgan urushda navkarlari yordamida qahramonlik ko’rsatib, Buxoro amirligining qo’li baland kelishiga sababchi bo’lgan edi.Vaholanki, 1686-90 yillarda qatag’on urug’i beklaridan O’z Temurbiy, yobu urug’i beklaridan Tog’ma, yuz urug’i beklaridan Fozilbiy turli sabablar bilan Buxoro xoni Subhonquliga qarshi isyon ko’tarib, ichki parokandalikni keltirib chiqardilar.Xiva xonidan madad olib, Subhonqulini taxtdan tushirishga intildilar.Uchala isyonchi beklar hatto, Rahimbiyni ham Subhonquliga gij-gijlab, o’zlariga qo’shilishga da’vat qildilar.Biroq Rahimbiy isyonga qo’shilish taklifini rad etdi.

Shunday vaziyatda, oldiniga Turdi ham beklarning birlashib, Buxoroga yurishini ma’qul ko’radi.Hatto, Rahimbiyni bunga undab, she’r ham yozadi.Shoir beklarning birlashishi Subhonqulixon ( Turdi Subhonqulixon to’g’risida hajviya ham yozgan—U.B.) saroyidagi amaldorlar zulmiga chek qo’yib, ularning tanobini tortib qo’yishi mumkin, deb o’ylagan edi.Biroq Turdi urush va ichki nizolar parokandalikka, tanazzulga sababchi bo’lishini tushunib yetdi va amaldorlarning isyon qilgani yoxud xukmdor almashgani bilan ahvol yaxshilanmasligini angladi.

Shundan keyin u siyosatga aralashmay, Rahimbiy yonida, keyin Oqbo’tabiy huzurida tinchgina xo’jalik ishlari, ijod bilan shug’ullanib,18-asrning boshlarida vafot etdi.Agar Turdi ham bek bo’lgani uchun siyosiy » ko’pkari»ga qo’shilib, biror lavozimni egallaganida , boshqa beklarga o’xshab nomi tarixda qolmasdi.Aynan «ko’pkari»ga qo’shilmagani uchun ham Turdi Farog’iy nomi necha asrlarki barhayot.Uning 434 misradan iborat 18 she’r, 5 muxammas, 12 g’azal va 1 fardni o’z ichiga olgan adabiy merosi esa uning nomini asrlardan asrlarga olib o’tg’usidir.

Turdi to’g’risida adabiyot ilmida ilk marotaba ma’lumot bergan Abdulhamid Majidiy (1902-1938) edi.U 1924 yilda “Zarafshon” gazetasining 27 noyabrdagi sonida “Tarixiy adabiy
parchalar”, 1925 yili esa “Maorif va o’qituvchi” jurnalining 9-10 sonlarida “o’zbek shoiri Turdi” nomli maqolalarini chop etdirgan edi.Shundan keyingina Turdi nomi , uning she’riyati adabiyot ixlosmandlari e’tiborini tortdi.

1928 yilda bo’lsa professor Fitrat “maorif va o’qituvchi” jurnalining 1-sonida “O’zbek shoiri Turdi” sarlavahali maqolasini chop etdirib, isyonkor shoir she’riyatini, uning hayotini kengroq yoritishga harakat qildi.Maqolada Fitrat Majidiyning Turdi hayoti va ijodi haqida maqola chop etdirib katta ish qilganligini ta’kidlash barobarida, ayrim e’tirozli o’rinlarga o’z fikriniyam bildirib o’tadi.Fitrat maqolasida Turdi she’rlarida tilga olingan davrdagi vaziyatga, xonlarning bedodliklariga, taxt talashuvlariga, xalq ahvolining esa yomonlashuviga to’xtalib o’tadi.Fitrat ayniqsa, urug’lar o’rtasidagi nizolarning millat fojiasiga, davlat tanazzuliga olib kelganligini tahlil qilishga e’tibor qaratadi.Turdi she’rlarida ana shu davr o’z ifodasini topganligi Fitrat maqolasida ta’kidlab o’tiladi.

“Bu davrning ma’lum shoirlari bo’lg’an Mashrab,Huvaydo,So’fi Ollohyor va Turdilarni tekshirganda tilda soddaliq, nazmda ohangsizlik, san’atda zaiflik kabi hollarni oz-ko’b hammalarida ko’rish mumkin.Lekin Turdining ularning hammasidan yaxshiroq yozg’anini e’tirof qilishimiz lozim keladir.Turdi yolg’iz so’zlarni emas, o’xshatishlarni, majozlarni ham soddalashtiradi.Uning she’rlarida “davlat bahridan uzoq gardan shikasta mundi”, “yuvg’an qozon ostida qolg’an yuvindi” kabi saroy doiralarig’a kira olmayturg’on, lekin omma tomonidan yaxshi qabul qilishg’a iste’dodli bo’lg’an o’xshatmalar, ma’jozlar ko’bdir”, deya Turdi she’riyati to’g’risida fikr yuritadi Fitrat.

Xullas,Majidiy, Fitratlar jonbozligi natijasidagina Turdi Farog’iydek isyonkor shoir ijodi adabiyot ixlosmandlari e’tiborini tortdi.Ammo shu bilangina uning hayoti va ijodi to’liq o’rganildi, deyish qiyin.Turdi Farog’iy she’riyati o’zining keng fundamental tadqiqotchilarini kutib turibdi deyish mumkin.

HAQIQATGO’Y HOZIQ

Xonni, xususan, uning qilayotgan ishlarini tanqid qilishga hech kim botina olmsasdi. Biroq haqiqatgo’y Hoziq Xiva xoni Olloqulixon qurdira boshlagan hammom tuzilishining noto’g’ri ekanligini uning o’ziga aytdi. Bu esa shoir bilan xon o’rtasidagi munosabatning buzilishiga sabab bo’ldi.Natijada, haqiqatgo’y Hoziq Xivadan ketishga majbur bo’ldi.

Shayxulislom Hirotiyning o’g’li bo’lgan Mirzo Junaydullo Maxdum-Hoziq 18 asrning 80 yillarida Hirotning Karx nomli mahallasida tavallud topgandi. Ilmga bo’lgan ishtiyoq bois, u Buxoroga kelib madrasada tahsil oladi, din, tib, adabiyot ilmlarini puxta o’rganadi. Shu tariqa u o’z she’rlari, tabobatda erishgan natijalari, notiqlik san’ati bilan Buxoroi sharifda shuhrat qozonadi. Dastlab o’zi tahsil olgan Oli madrasasida imom, keyin esa Amir Haydar(1800-1827) saroyida faoliyat yuritadi.

Ammo haqiqatparvar shoir saroy o’yinlari, fisqu fasod va maishiy tiyiqsizlikning Amir Haydar devonida avj olganini ko’rib, Buxoroni tark etadi.Buxoroga nisbatan madaniyatga, san’atga e’tibor kuchli bo’lgan Qo’qon hukmdori-amir Umarxon huzuriga boradi. Uning ijodiga, yashashiga, qolaversa, taklifu mulohazalariga ijobiy qaragan Umarxon,Hoziqni doimo maslahatgo’yi sifatida hurmat qilgan.Biroq Amir Umarxonning 1822 yilda vafot etganidan so’ng, u yana Qo’qon saroyini tark etib, el orasida yurgancha tabiblik bilan mashg’ul bo’ladi.Tabobatga oid “ Sharhi Qonuncha”, asarini, “Yusuf va Zulayho” dostonini yozib tugatadi.

1826 yilda uning Buxoro va Qo’qonda sargardon yurganini, bilim va tafakkurini eshitgan Xiva xoni Olloqulixon Hoziqni Xorazmga taklif etadi. Hoziq bu yerdayam saroydagi ishlardan ko’ra, ijod bilan mashg’ul bo’lishni afzal, deb biladi. Munis Xorazmiydek mirob va shoir bilando’stlashadi. Xonni, uning a’yonlari va xalqni tabib sifatida davolab, shuhrat qozonadi.”Haqiqatni aniqlash va tekshirib ko’rish” nomli tibbiyotga doir asarini yozib tugallaydi.

Biroq u 1841 yilda Olloqulixon qurdirayotgan hammom tuzilishini tanqid qiladi. Bu esa xon va shoir o’rtasidagi munosabatlarga soya soladi. Oqibatda u Xiva xoni saroyiniyam tark etib, Buxoroga ketadi. U yerdagi madrasada, keyin esa elma-el yurib, tabibchilik faoliyatini davom etdiradi, ba’zida esa Amir Nasrulloning taklifiga ko’ra, noilojlikdan saroyga ham borib turishga majbur bo’ladi.

Ammo u hamisha haq gapni aytadi. Bu hol uning o’zbek va tojik tillarida yozgan she’rlarida ham aks etgan.Xususan, u chayon haqidagi bir she’rida, xalq orasidagi hikmatdan ustalik bilan foydalanadi:

Qasdi zolim az tavozu’ nest juz tamxidi zulm,
Meshavad ham neshi aqrab,zahr chun barmekashad.

Ya’ni, zolimning tavoze etishdan maqsad ham, zulm qilmoqdur, chunki chayon ham zahar sochishdan oldin nayzasini pastga egadi, deya fikr yuritadi.

Hoziqning haqiqatparvarligi shundan ham ma’lumki, u hatto, Amir Nasrulloxondek, xalq o’rtasida “qassob “ laqabini olgan zolim hukmdorgayam haq gapni ayta oldi.Chunonchi, 1842 yil may oyida, Qo’qonga yurish qilib, Madaminxonni, onasi shoira Nodirabegimni o’ldirtirib yuborib, xonlikni talon-taroj etganida uning qilmishlariga bag’ishlab bir fard bitadi:

Buridi bar qadi xud az malomat,
Libose to ba domoni qiyomat.

Hoziqning ushbu bitigi xalq o’rtasida shunchalik mashhur bo’ladiki, hatto, savodsiz kishilar ham yoddan aytib yurishadi.Negaki, fard mazmuni aynan xalq fikrini mujassam etgandi: “O’z qadingga la’natlardan shunday bir libos tikib kiydingki, u libos ustingda to qiyomatgacha qoladi”.

Mirzaolim Mushrif “Ansob us-salotin ut-tavorix” asarida yozishicha, “bu fardni eshitib, amirning ziyoda jahli kelib, rangida qatra qon qolmaydi.To o’rdasig’a dohil bo’lg’uncha so’zlamadi”.

Amirning jaholatparastligini bilgan Hoziq do’stlarining taklifiga ko’ra,Shahrisabzga ketishga majbur bo’ladi.Bu paytda Shahrisabz, garchi amirlikka qarashli hudud bo’lsa-da, o’lka beklari amir Nasrulloning muxolifi sifatida siyosat maydoniga chiqqandilar. Hoziq Shahrisabz hokimi Xo’jaqul parvonachi panohida yashay boshlaydi. Dastlab Amir Nasrullo hiyla ishlatib, Hoziqning Buxoroda qolgan o’g’li Mirza Muhtashamdan va yaqin birodarlaridan xat berib, shoirni saroyga “lutfan” chaqirtiradi. Nasrulloxonning fe’lini yaxshi bilgan Hoziq bunga rozi bo’lmaydi va yana bir fard yozib javob beradi:

Chun huzuram sababi ranchishi tabg’iat gardid,
Megurezam, ki malulat makunam bori digar.

Ya’ni, menim hozir bo’lishim tabiatingning xiralishiga sabab bo’ladi.Senga yana malomat yetkazmaslik uchun qochaman.

Hoziqning javobini o’qib, amirning battar jazavasi tutadi:
-Uch bora chaqirtirsamda, kelmasa, Shahrisabza qo’shin tortib,Hoziqniyam, uning tarafdorlariniyam daf etgum,-deya ayo’nlariga o’shqiradi Nasrulloxon.
Shunda Rahmonberdi ismli vaziri amirga maslahat beradi:
-Bir shoirga o’chakishib, kek ,deya cherik tortsak, el oldida uyatu isnodga qolamiz.

Shundan keyin vazirning maslahatiga ko’ra, bir necha bora qamalib chiqib, hozirdayam zindonda yotgan Dushaboy ismli o’g’riboshidan yollanma qotil sifatida foydalanishga qaror qilishadi.Hakimxon to’ra “Muntaxab-ut-tavorix” asarida “Dushaboy va unga qo’shilgan uchta kallakesar to’rt bebok kofir kishi-o’g’rilar vaqtni g’animat bilib, sahar vaqtinda shanba ertasi Shahrisabza kelib, uyning eshigini sindirib, mavlono Hoziq yotgan joyga bostirib kirdilar”, deya voqea tafsilotini yozadilar.Shu tariqa to’rttala o’g’rilar Hoziqning aziz boshini tanasidan judo qilishadi.

Mash’um voqeadan ogoh bo’lgan Xo’jaquli parvonachi,Hoji Hakimxon to’ralar ahli olomon bilan marhumni Kitob bekligining Oxund mozoriga dafn etishadi.

Garchi Junaydullo maxdum-Hoziq 1843 yil yanvarida suiqasd qurboni bo’lgan esa-da, “Voqea islomi”, “Tahqiq-ul-kafonad”, “Yusuf va Zulayho” kabi taboat va adabiyotga doir asarlari bilan tarixda boqiy qoldi.

Maqolamning so’ngida O’zbekiston xalq shoiri Xurshid Davronning 1984 yilda yozilgan «Hoziq» sarlavhali she’rini ilova qilaman:

Bir emas, uch taxtning poyida turib
Umring kechdi…
Bugun sen taxtdan yiroq.
Ammo, ogoh bo’lgin:
Qotil ot surib
Kelmoqda – qo’lida qonga o’ch yaroq.

Dilda Nodiraning o’chmas siyrati,
“Oh”, deysan goh unga ko’zlaring tushib,
Ammo, ogoh bo’lgin:
Qotil ot surib
Kelmoqda Buxoro tomondan shoshib.

Tig’langan,
Bichilgan,
So’yilgan shoir
Xalqining safida borsan-da, axir!
Jaholat davrida yashamoq mushkul,
Shoir bo’lib yashash –
Ming chandon og’ir!

Sen aytding,
Qo’rqmading…
Ezgu yo’lingdan
Qaytmading, haq so’zdan kecholmading voz.
Mangulik baytidir asli o’limdan
Tap tortmay yangragan har qanday ovoz.

Quyoshga,
Zaminga
Alvido aytib,
Ko’ksingda jo’sh urib ezgu tuyg’ular,
Qassob Nasrulloning iznidan qaytib,
Hayqirding –
Chekindi qora qutqular!

Axir, shoir zoti faqat haq so’zni
Aytmoq uchun kelar qadim dunyoga,
O’ylama: “Xas bo’lib ixtiyor etdim
To’g’on bo’lmoqlikni o’jar daryoga”.

Haqiqat tan olmas xonu podshohni,
Undan hukumatlar, tuzumlar qo’rqar,
Chunki ular bilar: yorug’ dunyoni
Tebratar sochi oq ona – Haqiqat.

Ogoh bo’l!
Buxoro tomondan bu dam
Amir zax zindondan chiqargan qotil
Tig’ tutib,
Ot surib kelmoqda ildam –
Sen esa bu qora xatardan g’ofil.

— Ogoh bo’l! –
Ogoh bo’l! – Hayqiraman men,
Axir, yurak sezar, yaqinu yiroq
Yurtlardayam bugun haq degan shoir
Joniga qasd etib charxlanur yaroq.

— Ogoh bo’l!
Ogoh bo’l! – Hayqiraman men,
Boqaman – Yurt g’ofil,
Olomon g’ofil –
Ot surib kelmoqda qora tun aro
Haqiqat joniga qasd etgan qotil.

Chunki haqiqatning so’zi o’lmagan,
Undan hukmdorlar qo’rqadi hamon.
Chunki ular bilar, yerga tashlangan
Bir dona urug’, bu – ertangi o’rmon.

…Qotil qilich serpar…
Dumalaydi bosh,
Qonli qo’llar uni xaltaga solar.
So’ng tog’lar ortidan ko’rinmay quyosh,
U olis Buxoro tomon yo’l olar.

Ot yelar…
Ot yelar…
Xaltadan chak-chak
Tomchilar yo’llarga, maysalarga qon.
Quyosh ham harsillab shu izdan borar,
Qo’lida ust-boshi qonli bola – Tong…

07

(Tashriflar: umumiy 1 246, bugungi 1)

Izoh qoldiring