Umid Bekmuhammad. Xorazm toponimi: turli taxminlar.

010
Хоразм.Умуман бу топоним тўғрисида нима биламиз ёки нималар маълум? Қадимий Хоразм тарихини теран тадқиқ қилган профессор С.П.Толстов ёзганидек, «Хоразм» номи форс ёзувларида, «Авесто» да ва паҳлавий (қадимги форс тили—У.Б.) тилидаги диний асарларда, юнон-лотин, хитой ва арман манбаларида бир неча бор тилга олинади.

077

Умид Бекмуҳаммад
ХОРАЗМ ТОПОНИМИ: ТУРЛИ ТАХМИНЛАР

     Хоразм.Қуйи Амударё бўйларида, бундай қараганда энг чеккадаги масканлардек кўринсада, аслида инсоният тараққиётига катта ҳисса қўшган воҳа.Зардушт, Ал-Хоразмий, Беруний, Замаҳшарий, Нажмиддин Кубро, Огаҳий каби юзлаб шу сарҳадда яшаб ўтган юксак тафаккур соҳиблари дунё илму фани хазинасига муносиб улуш қўшганлиги тарихдан маълум.

Ёхуд бетакрор Хоразм суворалари, мафтункор Лазги, кўкка бўй чўзган миноралар, уларга ишлатилган жилвакор бўёқ, жўшқин Жайхун бўйидаги сўлим табиат, энг асосийси эса Қорақум ва Қизилқум оралиғида сермашаққат турмуш кечириб келган меҳнаткаш, айни пайтда ҳозиржавоб ва хушчақчақ халқ ҳаёти.
Ана шундай мўъжизакор ва сеҳрли диёрга тарих мобайнида Искандар Зулқарнайдан тортиб Чингизхон аскарларию, Пётр 1 йўллаган Бекович Черкасский каби кўплаб истилочилар отланишган.
Баъзида бўлса, вазият сабаб Венгриялик Вамбери каби олимлар асл исми, ниятини яшириб Хоразмга ташриф буюришган ҳам.
Хуллас, Хоразмга талпиниб Ибн Батута сингари сайёҳ, Иван Грозний йўллаган Женкинсон ва яна неча турли хил соҳа вакиллари воҳада бўлганича, кўрган кечирганларини қоғозга туширишган.Буларнинг бари эса Хоразм тарихини бошқа манбаларга таққослаб ўрганувчи нодир қўлёзмалар сирасига киради.

Хўш, кимнидир ҳайратга солган, кимларнингдир очофат нафсини ўзига тортиб босқинчилик қилишига сабаб бўлган бу цивилизация масканларидан бири-Хоразм топоними нимани англатади?
Хоразм.Умуман бу топоним тўғрисида нима биламиз ёки нималар маълум? Қадимий Хоразм тарихини теран тадқиқ қилган профессор С.П.Толстов ёзганидек, «Хоразм» номи форс ёзувларида, «Авесто» да ва паҳлавий (қадимги форс тили—У.Б.) тилидаги диний асарларда, юнон-лотин, хитой ва арман манбаларида бир неча бор тилга олинади.Аммо булардан ўлка тўғрисида ҳеч қандай маълумот олишнинг иложи йўқ — бор йўғи иккита Хоразм ҳукмдорининг номи маълум: Арриан асарида янги эрадан аввалги 4 асрдаги ва хитойларнинг Тан сулоласи » Тарихи» да эрамизнинг 8 асри ўрталаридаги ҳукмдор номи учрайди; Хоразмнинг араблар томонидан босиб олиниши тўғрисида Белазурий ва Табарий асарларида озгина маълумот берилган: Хоразмнинг Х асрдан олдинги тарихига оид маълумотлар ана шулардангина иборат, холос.Х асрда эса араб-форс жуғрофик адабиётида бир неча ўринда Хоразмнинг жуда ихчам тасвирини учратамиз.

Х-Х1 асрларга оид Хоразм тарихидан ҳам айрим парчаларинигина биламиз холос.Х11 аср мобайнида ҳамда Х111 аср бошларига келиб Хоразм Грузия чегараларидан тортиб Фарғонагача,Ҳинд дарёсидан Шимолий Орол чўлларигача қулоч ёйган улуғ Шарқ империясининг марказига айланади.Бу ерда рўй берган воқеалар Шарқ тарихига оид манбаларнинг диққат марказидан ўрин олди.Шу давргача номаълум бўлган, мусулмон оламининг узоқ чеккасида жойлашган бу ўлканинг бунчалик ҳайратда қоларли даражада кучайиши мутлақо кутилмаган бир нарсадир.

Беруний сақлаб қолган ва Захау биринчи бўлиб нашр қилган ҳамда тадқиқ қилган маҳаллий тарихий анъана Хоразм тарихининг ташқи чизмасинигина беради, чунки хоразмликларнинг ўзи бу анъанани илк ўрта асрда тасаввур қилган эди.
“Хоразмликлар, —дея ҳикоя қилганди Беруний “Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар” асарида, -йил ҳисобини ўз мамлакатларида аҳоли жойлашган вақтдан, «Искандардан аввалги 980 йилдан» ( яъни селевкийлар эрасидан(Селевкийлар эраси Бобил Селевк томонидан босиб олинган вақтдан —эрамиздан олдинги 312 йил)—янги эрадан аввалги 1292 йилдан бошлайди.Шундан кейин улар эрамиздан аввалги 1200 йилдан—афонавий қаҳрамон Авесто ва қадимги Ўрта Осиё-Эрон эпосининг » туркий салтанат» ни бўйсундирган қаҳрамони Сиёвуш ибн Кайковус уларнинг мамлакатига келган ҳамда унинг ўғли Кайхисрав хоразмшоҳлар сулоласига асос солган вақтдан бошланадиган янги эрани қабул қилди. Берунийнинг сўзларига қараганда, бу сулола эрамизнинг Х асрига қадар ҳукмронлик қилган.Кейинчалик, деб ҳикоя қилади Беруний, хоразмликлар форсларнинг йил ҳисобини қабул қилдилар.Бунга кўра, йил ҳисоби » уларнинг (хоразмликларнинг) мамлакатини идора этган ва шоҳ унвонига эга бўлган Кайхисравлар сулоласидан чиққан ҳар бир подшоҳ ҳукмронлик қилган йилларга қараб юритилган. Ушбу сулолага мансуб подшоҳлардан Африғ ҳукмронлигига қадар шундай бўлиб келган.Африғ,Эрон подшоҳи Яздижард (Яздигирд 1) сингари бад шуҳрат чиқарди.Ўғли мамлакатни бошқаришда унинг меросхўри бўлди.

Ривоятларга кўра, ал Фир шаҳри ортидаги улкан қасрни » Искандардан кейинги 616 йили» ( эрамизнинг 305 йили) Африғ қурдирган эмиш; бу қасрни селевкийлар эрасининг 1305 йилида ( янги эранинг 997 йили) Амударё бузиб кетган.Хоразмлик сиёвушийларининг қуйи авлоди ( бу авлодни Африғ бошлаб берган) Хоразмда 995 йилга қадар ҳукмронлик қилди.Африғ қурдирган қасрнинг бузилиб кетиши билан африғийлар сулоласининг қулаши символик тарзда бир вақтга тўғри келди.

Беруний шу сулолага мансуб 22 шоҳни санаб ўтади.У 305 йилдан 995 йилгача ҳукмронлик қилган бу подшоҳлардан баъзиларининг ҳукмронлик қилган йиллари тўғрисида айрим хронологик маълумотлар келтиради.
Ҳокимият табийки отадан болага ўтиб турган ушбу сулоланинг шажараси қуйидагичадир: 1)Африғ; 2).Бағра (варианти-Багзот);3)Саххасак;4)Аскажамуқ 1; 5) Азкажавар 1; 6) Сахр 1; 7) Шовуш; 8) Ҳамгари ( варианти—Ҳангари ёки Ҳангири); 9) Бўзгар; 10) Арсамух(варианти –Артамух).
Берунийнинг ёзишича,Арсамух Муҳаммад пайғамбар замонида, яъни янги эранинг тахминан 622 йилларида ҳукм сурган; 11) Сахр 11; 12) Сабри; 13) Азкажавр 11 ( варианти—Азкахвар); 14) Аскажамуқ 11.Берунийнинг ёзишича, бу шоҳ даврида босқинчи Қутайба Хоразмни иккинчи марта босиб олган, сўнгра Аскажамуқ 11 ни подшоҳ қилиб тайинлаган; 15) Шовшафар; 16) Турксабоса(?); 17) Абдуллоҳ; 18 ) Мансур ; 19) Ироқ; 20) Муҳаммад; 21) Аҳмад; 22) «жафокаш Абу Абдуллоҳ Муҳаммад «; Абу Абдуллоҳ Африғ қасрини сув бузиб кетишидан бир оз аввал ўзининг қудратли рақиби—Урганч амири Маъмун ибн Муҳаммад қўлида ҳалок бўлган.
Тадқиқотчилар аллақачоноқ шу нарсани қайд қилиб ўтган эдиларки, турли хил қадимги адабий ёдгорликларда учровчи Хоразмга оид қисқа-қисқа маълумотлар Хоразм Ўрта Шарқ ва Шарқий Европанинг қадимги тарихида салмоқли ўрин тутганлигидан дарак беради.Лекин бу тўғрида ҳозирча аниқ-равшан бирон нарса дейиш қийин.
Хоразмнинг роли, айниқса, зардуштийлик дини ривоятларида таъкидлаб ўтилганлиги диққатга сазовор.Бундахиши ва бошқа ёдгорликларда қайд қилинишича,Эроннинг дастлабки афсонавий шоҳларидан бири Йима ( форс эпосида Жамшид деб ном олган) Хоразмда зардуштийликнинг энг қадимий ва энг мўътабар ўтини—коҳинлар тоифасининг ҳомийси Хурдод, Адархурра ёки Фробак ўтини ёққан.

Хориж олимларидан Маркварт зардуштийликнинг илоҳи олийси Ахура-Мазда томонидан яратилган ва аҳоли яшаган дастлабки афсонавий ўлка-Айранем-вэжо( Эронваж) ни Хоразмдан қидиради; Бартольд ва бошқа бир қанча тадқиқотчилар ҳам унинг фикрини қувватлайдилар.Афсонада бу ер энг шимолий ва совуқ ўлка сифатида тасвирланган.Ривоятга кўра, зардуштийликнинг асосчиси, афсонавий пайғамбар Зардушт шу ерда туғилган.
Худди шу Марквартнинг ўзи, вафотидан кейин 1938 йилда нашр этилган асарида Аҳмонийлар ҳукмронлигидан олдинги даврда Ўрта Осиёда Хоразм етакчилигида Сўғдиёна (Зарафшон ҳавзаси) ва Хуросон (Жанубий Туркманистон, Шимолий Шарқий Эрон ва Ғарбий Афғонистон) ни бирлаштирган қудрватли давлат бўлган, деган тахминни илгари суради.

У ўз тахминининг исботи учун далилни Ҳеродот асаридан, ҳамда Эрон давлатининг 16 сатрапияси ( сатрапия—қадимги Эронда сатрап(ҳоким) қўли остида бўлган вилоят –У.Б.) таркиби тўғрисидаги маълумотлардан излайди. Ҳеродот Аҳмонийлар давридан аввал гирканлар (Каспий денгизининг жануби шарқи, Гургон дарёси ҳавзаси), парфияликлар (Шимолий Хуросон), данглар ва таманайлар (Ғарбий Афғонистон)нинг ерлари билан туташ бўлган катта мамлакатда хоразмликлар ҳокимлик қилганлиги тўғрисида маълумот берган эди.
Худди шу Геродотнинг айтишича, 16 сатрапия таркибига хоразмликлар, сўғдлар, парфияликлар ва орийлар( ҳозирги Ҳирот ҳудудида яшаган) кирган. 1938 йили юқорида номи зикр этилган Тари ҳам,Марквартдан мустақил равишда, шунга ўхшаш фикрга келди.Бироқ буларнинг ҳаммаси маълумотларнинг камлиги туфайли, асосан, исбот қилиб бўлмайдиган, фақат у ёки бу маънода ҳақиқатга тўғри келувчи тахминлигича қолаверди. Мавҳум афсоналар билан чулғанган қадимги Хоразм гўё ечиб бўлмайдиган тарихий жумбоқ бўлиб келди.

Энди айнан топоним маъносига келсак. Инсоният цивилизациясига ўзига хос ҳисса қўшган бу воҳа номи—Хоразм атамасининг келиб чиқиши бўйича шу пайтгача турли хил талқинлар билдирилиб келинмоқда.Академик С.П.Толстов ёзганидек, “ милоднинг Х асрига келиб, бу сўзнинг маъносини хоразмликларнинг ўзлари ҳам унитиб юборганлар..”.
Бироқ, турли авлодга мансуб тадқиқотчилар гуруҳи Хоразм атамасини изоҳлашга уриниб кўрганлар.Масалан, Клипперт Лерх “Хоразм” номини “Хуваразмис”, яъни “ паст текислик ер” деб,немис олими Э.Захау “Авесто”дада қайд этилган “Қайризао” айнан Хоразм эканлигини таъкидлаб, ушбу сўз икки қисмдан, “зем-ер, қайри-озиқ-овқат” маъноларини, аниқроғи Қайризао-озиқ-овқат мамлакати, озуқага мўл юрт, унумдор ер” дея ўз тахминини илгари суради.

Бу фикрни бошқа бир немис олими Гейчер ҳам қувватлаб, “Қайризао” унумдор, ҳосилдор,озиқ-овқат мўл-кўл ўлка” деганди.Шу каби тахминни рус олими М.Н.Богомолов ҳам ифодалаб, ушбу топоним қадимги форс тилидан келиб чиққан –“Хуваразам” бўлиб, чорва моллари боқиш учун қулай ерлар, мустаҳкам қаълалар билан ўралган ўлка маъносини билдиради деб ҳисоблайди.
Юсти ва Шпигель сингари олимлар эса, аксинча “ ёмон, унумсиз ер” деб талқин қилишган.Улар фикрича “Хор-ёмон” зам-ер” деган маъноларни англатади.Машҳур олим ва сайёҳ Вамбери бўлса Хоразм атамасини “Хо-разм”—урушга мойил, жанговар деган маънода таҳлил қилганди.Греков ҳамда Савельевлар фикрича, “Хуваразмис” нинг биринчи Хвар қисмини “Хуршед” “Офтоб” сўзи билан боғлаб, “Қуёш ўлкаси” сифатидаги талқин билан баҳсу мунозарага қўшилди.
Маълумки, форсчада Хур,Хуршид-қуёш бўлиб, славянларнинг қуёш худоси— Хорс номи ҳам шундан олингандир.

Бундан ташқари ушбу сўз турли манбаларда турлича талаффузда айтилганига ҳам эътибор қаратмоқ керак.Мисол учун араб манбаларида “Хўворезм”, янги эранинг 7 асри бошларидаги Хоразм тангаларида “Хвризм”, қадимги форсчада эса “Уваразмис”, бобилчада “Хумаризма”, эламчада бўлса “Маразмис”, “Авесто” да “Қайризао”,юнончада “Хўрўзмия-Хораспия”, лотинчада “Хорасмия”, миххат ёзувида “Уварезмийя”, хитой манбаларида “Холи-ш-ми-кич “ тарзида келтирилади.
Беҳистун ва Персеполдаги ёзувларда бўлса Уваразми, қадимий “Хан сулоласи тарихи” асарида Юегянь (Юецзянь), “Тан сулоласи тарихи” да “Хосюнь”, “Холисими Боли” тарзида қайд этиб ўтилган.
Барча энг сўнгги тадқиқотчилар бу сўзнинг иккинчи қисми “зм” , “зем” ҳинд-европа тилларига мансуб “зем- ер, ўлка” асосидан олинган ( форсча “замин” ва русча “ земля” ҳам шу асосдан ясалган) деб изоҳлашга мойиллар. Биринчи элемент “хвари” га келганда эса шуни айтиш керакки, унинг келиб чиқишини форс тили билан боғлашга интилиш турли-туман фикрларнинг вужудга келишига сабаб бўлди.

Милоднинг 1 асрида қадимги юнон тарихчиси Страбон “Хвай-ри-зем” , яъни “қуёшли ер” дея топонимни изоҳлаб ўтган ва “бу ерда яшовчилар қуёшни худо деб билишади” деган фикрни билдирганди.
Маълумки, Сиёвуш номи қадимий Эрон тилида “Қора бошли”, қадимий турк тилида “Қора сочли”-“Хорасмий” маъносини билдирган.Хоразм сўзи ҳам ана шу номдан олинган деган тахмин ҳам мавжуд. Маълумки, Хоразмда салтанат сурган сулолалардан бири Сиёвушийлар бўлиб, унинг асосчиси юқоридаги шахс ҳисобланади.Археолог сифатида С.П.Толстов милоддан 1 аср олдин, милоднинг 8 асри орасидаги даврга оид топилган Хоразм тангаларида Сиёвушни чавандоз худо образида жуда кўп учратганлигини таъкидлаб ўтганди.

Профессор Тоҳир Карим бўлса атамани “ Авесто” билан боғлайди.Унинг назарида атама “Хо-орий-зам, яъни Орий қабилаларининг ери деган мазмунга эга.”Авесто”да келтирилган Арианэм Ваэжо номининг луғавий маъноси “Орий кенгликлари” эканлиги ва бу тушунча Хоразм билан боғлиқ бўлиб, ўша вақтда воҳа жуда кенг жуғрофий ҳудудларни қамраб олганлиги эса тарихдан маълум. “Орий кенгликлари” нинг айнан Хоразм эканлигини Германиялик И.Марварт илмий жиҳатдан исботлаб берганлигини ҳам назарда тутмоқ лозим.

Атама билан боғлиқ бир нечта ривоятлар ҳам борки, шулардан бирини Хива хони Оллоқулихон саройига Эрондан элчи бўлиб келган Ризоқулихон “Хоразм сафари” асарида келтириб ўтади.Унга кўра, бир замонлар Сулаймон пайғамбар парилардан бирига ғазаб қилиб, уни дунёнинг энг узоқ чеккасига олиб бориб ташлашни девга буюрибди.Дев парини опичлаб пайғамбар айтгандай жойни узоқ қидирибди.Ниҳоят ўша вақтда дашту биёбон бўлиб ётган ҳозирги Хоразмни маъқул топибди.Бироқ дев Сулаймоннинг топшириғини бажарганидан кейин, ўзиям шу ерда қолишга қарор қилибди.Чунки узоқ сарсон-саргардонликда юриб у асира парини севиб қолган экан.Натижада дев пари билан оила қуриб шу ерда яшай бошлабди-бу масканни ватан тутибди.Хоразмликлар ана шу дев ва паридан тарқалган, йигитлари девдай алпқомат, қизлари паридай гўзал эмиш.

Шу каби ,Хоразм тўғрисида араб сайёҳи Муқаддасий (985 йил) ҳам ўзининг “Ахзам ут тақсим фи маърифат ул-ақолим” асарида бир ривоятни келтириб ўтади.Ушбу ривоятда шарқ подшоси аччиғини келтирган 400 кишини кимсасиз узоқликдаги жойга олиб бориб ташлашни буюргани айтилади.Подшоҳ ғазабини келтирганлар шу тариқа ҳозирги Кос шаҳрига (Кос-Кот-Шаббоз,ҳозирги Қорақалпоғистондаги Беруний тумани) келтирилибди.Орадан вақт ўтиб, подшоҳ 103 фарсаҳликдаги Косга келиб қолганлар ҳолидан хабар олишни топширибди.Мулозимлар келиб қарашсаки, бадарға қилинганларнинг ҳаммаси тирик бўлиб, улар ўзларига чайлалар қуриб, балиқ овлаб кун кечирар эканлар.Уларда ўтин чўп кўп экан.Воқеадан подшоҳни огоҳ қилишса, ҳукмдор мулозимларидан сўрабди:
— Гўштни улар нима дер эканлар?
— Хор.
— Ўтин-чўпничи?
— Разм.
Шунда подшо дебди:
— Ўша жойларни мен уларга бағишладим.Уларнинг юрти “Хоразм” деб аталсин.
Бундан ташқари, ҳукмдор бадарға этилганларга тўрт юзта турк қизини олиб бориб ташлашни буюрибди.
Муқаддасий келтирган бу ривоятни ( “хор” ва “разм” –“гўшт” ва “ ўтин”—Хоразм) академик С.П.Толстов ўзининг “Қадимий Хоразм цивилизациясини излаб” номли монографиясида келтириб ўтади ва уни “ афсонадан бошқа нарса эмас” дея баҳолайди.

Хўш,С.П.Толстовнинг ўзи бу борада қандай фаразни илгари суради?
Унинг назарида “ бизни қизиқтираётган термин асосида этник ном ётади, деб фараз қилсак, у ҳолда “ Хоразм” ( “ хварри ёки харри халқининг ери”) сўзи (шуниси диққатга сазоворки,Ёқут 13 асрдаёқ “Хоразм” сўзидаги “р” ташдид остида, яъни иккиланиб ўқилишини кўрсатиб, араб шоири Асадийнинг “Хоразм” сўзи иккита “ р” билан ёзилган шеъридан парча келтиради) бизни шарқий яфет қабилалари этнографияси оламига элтади ва Митанни давлатининг асосчилари бўлган қабила номи—“Хуррит” билан “Харри” ёки “Хурри” ўртасида ўхшашлик борлигини кўрсатади.Ҳозирча биз янги эрадан аввалги 3-2 минг йилликларга(Олд Осиёда тарих майдонида хурритлар пайдо бўлган давр) оид Хоразм маданияти тўғрисида жуда кам маълумотга эга бўлганимиз сабабли бу ҳақда бирор аниқ фикр айтиш қийин; лекин Хоразм билан Митанни ўртасида алоқалар бўлганлиги шубҳасиз.Шуни қайд қилиш лозимки, Шаушатар( 1 ва 11) номли машҳур Митанни подшоҳларининг исми билан Хоразм подшоҳларининг Абу Райҳон Беруний келтирган,Хитой ахборотлари ва нумизматика материаллари тасдиқловчи рўйхатидаги ном (Шаушафар) ўртасида ҳайрон қоларли даражада ўхшашлик мавжуд. Митанниларнинг аёл маъбудаси “ Саускас” (Сауспи) нинг исми, шубҳасиз, юқоридаги ном билан боғлиқ бўлиб, айни вақтда у Абу Райҳон Берунийнинг ўша рўйхатида келтирилган Хоразм подшоси Шауш (1 ва 2) нинг номи билан ўхшаб кетади. Миттани подшосининг исми Артатам ( 1 ва 2) билан Хоразм подшоси Артамуҳнинг номи ўртасида ҳам, узоқ бўлса-да, ўхшашлик бор.

Бироқ хурри-митанни алоқалари бизни Олд Осиё яфетлари оламига олиб кирувчи бошқа алоқалар билан—хоразм-хетт алоқалари билан ҳам боғланади. Хатту ( хеттлар) этноними билан Ўрта Осиёлик массагетлар ( “улуғ гетлар” ) ( Страбон хоразмийларни шуларга киритган ) номининг негизи ўртасидаги чуқур маънога эга бўлган ўхшашликдан ташқари, эронийлар ва туркийлар турмушида параллели учрамайдиган хоразмча орна ( ўзбек тилининг Хоразм шевасида бу сўз ҳали ҳам ишлатилади)—канал ва протохеттча арна ( манба, булоқ) сўзларининг бир-бирига ҳайрон қоларли даражада ўхшашлигини қайд қилиб ўтамиз.

Топилган ҳайкалчалардан маълум бўлган қадимги хоразмий кийим-бошлар Кичик Осиё қабилаларининг кийимлари билан жуда кўп умумийликка эга, бу қабилаларнинг кийимлари эса бизга “ фригия қалпоғи” ва узун қнжли этиклардан ( булар эркак хеттларга хос кийимдир—У.Б.) тортиб, хотин-қизларнинг кийим-бошларигача ҳаммаси хетт ва қадимги Эрон бўртма нақшкорлиги ҳамда грек санъати ёдгорликларидан маълумдир.Жумладан, Каспийортидаги дах-массагет қабилаларининг бевосита авлодлари бўлмиш така-туркманлар аёлларининг кийим бошлари қадимги нақшкорликда тасвирланган хетт маликалари ва аёл маъбудларининг кийимларига жуда ҳам ўхшаб кетади.

С.П.Толстов “Қадимий Хоразм цивилизациясини излаб” номли асарида айнан ўша ўхшашликни батафсил илмий изоҳлаб беради.С.Толстовнинг якуний илмий хулосаси шуки, Хоразм-“ хварри ёки харри халқининг ери” деган этник мазмунга эга.
Хўш, хварри ёки Хвар, Хоарена қаерда жойлашган эди?
Хивалик муаррих Муҳаммад Ёқубнинг “Мозийдан садо” рисоласида ёзилишича, “ Дашти Кабир чўлларидан шимолда, Эльбурс тоғининг жанубий тизмаларидан шарқда, Каспий денгизининг жанубий-шарқий ҳудудларида қадимий Мидиянинг Хвар ёки Хоарена вилояти бўлган.Бу вилоят эрамиздан аввалги 7 асргача Мидия таркибида, сўнгроқ Парфия таркибида бўлади. Эр.ав. 7 асрнинг биринчи ярмида Мидия Оссурия қарамоғида бўлганлиги тарихдан яхши маълум.Осссурия манбаларида бир тарихий воқеа ҳикоя қилинадики, сўнгроқ бу воқеа эр.ав.674 йилдаги “Асархаддон” ёзувларида ўз аксини топади.

Унда ёзилишича, Осссурия давлатига шарқий Мидиянинг ҳукмдорлари қўзғолон кўтарган аҳолини тинчитишга ёрдам беришларини сўраб мурожаат қилишади.Осссурияликлар қўзғолонни бостириш учун узоқ Мидияга юриш бошлайдилар. Улар иккита катта қабила жойлашган мулкни эгаллайдилар.Қабилалардан биттасининг номи эронча исм билан аталган экан. Шу билан шарқий Мидиядаги воқеалар тугамайди. Осссурияликлар яна бир неча бор юриш қилиб, мўл-кўл ўлжаларга эга бўладилар.Таъкидлаб ўтайликки, ўлжалар ичида энг асосийси тулпорлар бўлган.Учинчи бир қабиланинг тақдири не кечганлигини воқеалар ривожидан излашимизга тўғри келади.

Хоарен вилоятидаги учта кучли қабиланинг бир-бири билан рақобати улар билан сиқилишиб, жиққа мушт бўлиб яшаш ва бунинг устига, янги босқинчилар-осссурияликларнинг отлардан ўлпон тўлашни талаб қилиши-буларнинг бариси-Хоаренлик хварриларнинг катта бир қисмининг янги ерлар излаб, қуйи Амударё тарафларига ёйилиб кетишларига сабабчи бўлади.
Эр.ав.7 асрнинг иккинчи чорагида Хоаренлик хварриларнинг бир қисми ҳозирги Хоразм ҳудудларига келиб ўрнашадилар.Қабилаларнинг бу кўчиши қадимий афсоналарда ҳам ўз аксини топган.Деярлик барча афсоналарнинг замирида “кўчиш”, “ҳайдалиш”, “бадарға қилиниш”нинг ётиши худди ана шу воқеалар билан боғлиқдир.Ҳоҳ у, Сулаймон девнинг 400 аскаридан дарғазаб бўлиб, уларни чўлу-биёбонга ҳайдаб юборишими, ҳоҳ у, бир подшонинг ўз навкарларидан норози бўлиб, уларни узоқ саҳрога бадарға қилишими,-буларнинг ҳамммасиям қандайдир бир гуруҳнинг мураккаб тарихий шароит туфайли кўчганлигидан далолат бериб турибди.Бу гуруҳ худди ана ўша Хоаренлик хваррилар эканлиги сир бўлмаса керак.

“ Кочевники из границах Хорезма” номли 1979 йилда Москвадаги “Наука” нашриётида чоп этилган китобда ёзилишича эса, “ Аҳамонийлар эр.ав.543-533 йилларда қуйи Амударё ҳудудларини босиб олиб, бу ерларни Хоарезейм деб ёзма ёдгорликларида қайд этиб ўтганлар.Хоарен вилоятидаги Хварри қабиласининг бир қисми қуйи Амударё воҳасига жойлашган бўлса, яна бир қисми Каспий денгизининг шарқий соҳилларига, яна бир қисми эса, ўнг қирғоқ Оқчадарё воҳасига жойлашганлар.Страбоннинг масссагетлар иттифоқига атастар ва хваризеймларни ҳам қўшиши шундандир”.

Ҳа, кўчиб келган хварриларнинг маҳаллий кўчманчи ёхуд ярим кўчманчи аҳоли-скиф, хунн, сак, сармат қабилалари ва уларнинг олон, ос, бижаноқ, колх, кимммерий, тур, ўнғуз( ўғуз),хваллис, хазар, саррацин, каразман, пасиан, қанг,бисермен, коман, саранг, апасиак, оксиан, аристий, киррод, рибий, тохар, исседон, атас ва бошқа гуруҳлари билан чиқишиб-сингишиб кетиши натижасида ва бу қабила гуруҳлар ўртасидаги обрў-эътибори туфайли улар улкан массагетлар иттифоқига бошчилик ҳам қилганлар.

Академик Яҳё Ғуломовнинг ёзиши бўйича, антик маълумотларнинг тўла ва изчил эмаслигига қарамасдан Парфия,Гиркания ва жанубий Туркманистоннинг шарқроғида ҳукмронлик қилиш учун Мидия подшоҳлигининг асосий рақиби Хоразм подшоҳлиги бўлганлиги ҳақида равшан тасаввур ҳосил қилиш мумкин.
Бу рақобатнинг илдизларини эса, бизнингча, юқоридаги воқеалар замиридан излаш керак: ўз ерини мажбурий ташлаб кетиш, бир умр шу юрт илинжида яшаш, баъъзи бир қабилаларга душман кўзи билан қараш, қувғинлик-дарбадарлик сабаблари деб мидияликларга нисбатан адоват ҳисссининг тўлиб-тошиши-ҳар икки томон учун ҳам рақиб мақомида туришни тақозо этар эди.

Баъзи бир тадқиқотчиларимиз Герадот тасвирлаган Акес дарёсини Оксус-Амударё билан чалкаштирадилар.Амударёнинг қадимги номларидан бири Оксус-ўкуз-ўғуз бўлганлиги тўғри, аммо уни Акес деб ўқиш чалкаш хулосаларга олиб келади.Хоразмнинг қадимий манбаларида Окуз-Хўкуз номи билан боғлиқ афсоналар кўп.Оксус-Хўкуз бўйи қабилалари сўнгроқ ўғузлар деб аталгани ҳам тўғри.Бироқ Герадот тасвирлаган беш ирмоқли дарё Оксус-Хўкуз эмас, балки қадимий Хоарена вилоятидаги Акесдир. У ерда Колей Мура (Эброшим) дарёси бўлиб, у Эльбурс ва Хуросон тоғларидан бошланади, бир қанча ирмоқларга бўлинади, қоя ва даралар оралаб оқади. “Осиёда чор атрофи тоғлар билан ўралган водий бор, тоғларда бешта йўл бор.Қачонлардир бу водий хоразмликларга қарашли бўлган, ҳамда хоразмликларнинг ва фамонийларнинг ерлари чегарасида бўлган, ҳокимият форслар қўлига ўтгандан бошлаб, бу водий подшо ( форс) қамровига ўтган.Атрофдаги тоғлардан катта дарё оқиб келади,уни Акес деб атайдилар.Бу дарё илгарилари юқорида эслатиб ўтилган халқларнинг ерларини суғорар эди.Шу билан бирга дарёнинг ҳар жойи-ҳар жойидан каналлар ўтказилган бўлиб, ҳар бир халқ ўзи учун алоҳида тармоқлар орқали сув олар эди.Аммо бу халқлар ҳокимият форслар қўл остига ўтгач, қуйидаги аҳволга гирифтор бўлдилар.Подшо сувнинг тоғлардан чиқадиган жойини тўсиб қўйди.Ҳар бирида дарвоза қурдирди, сувнинг чиқиб кетадиган йўли беркитилди ва тоғлар орасидаги водийда кўл пайдо , чунки сув унга кирардию, чиқиб кета олмас эди” дейилади Герадотнинг “Тарих” китобида.

Ушбу кўл Амударёнинг қадимий ўзани бўлмиш Ўзбой қуйиладиган Сариқамиш кўли эмаслиги янги тадқиқот-қидирувлар натижасида аниқланди.Акеснинг бешта ирмоғи: Жаба,Жабаруд-Қалшур (Нишопур ва Сабзавор ёнидан оқади) ,Жовейн,Қорсув ва Қалпдир.Тўғон-дарвоза эса Эроннинг тоғли жойидаги,Машҳад ва Ҳирот оралиғида жойлашган “Банди Фаридун” дир.Демак, Қолей-Мура-Акесдир.Яъни ҳозирги Тажан дарёсидир.Ҳали-ҳалигача хоразмликлар орасида йўқолган ва топилиши гумон бўлган нарсаларга нисбатан “энди уни Тажандан топасан” деган иборанинг қўллланилиши, ўша узоқ ўтмишда ота-боболарининг хоки туроби бўлган ерларга бир ишорадир.

Б.И.Вайнберг ва М.Г.Воробьевалар хоразмийларнинг қадимий ватани тўғрисида салмоқли ва ишонарли хулосаларни чиқарганлар.Уларнинг фикрича, ҳозирги хоразмликлар ҳеч бўлмаганда ўз юртларининг номлари учун ҳам ўша Хоаренлик хваррилардан миннатдор бўлсалар арзийди.Чунки бу қабилалар тарихнинг минг турли ғовғаю-силсилаларидан, чиғириқларидан омон чиқбилган ва ўз номини тарих саҳифаларига мангуга битиб қолдирган элатдир.Бу элатнинг тили, ҳув ўша, “қувғинлик” даврларида форсий тиллар гуруҳига мансуб бўлса-да, сўнгги тарихий воқеалар таъсирида турклашиб кетган.

1990 йилда Тошкентда бўлиб ўтган туркшуносларнинг учинчи конференциясида тарихчи олим М.Волидов эр.ав. 2-1 ҳамда эрамизнинг 1-5 асрида яшаган юнон олимлари Птоломей,Аммиан, Марцеллин, Византиялик Фефан, Зосима, Менандр маълумотларига таяниб, Каспий денгизидан шарқда, бутун Марказий Осиёда скиф номи билан яшаган халқларнинг асосини хунлар ташкил этганлиги ҳақида маъруза қилди.У скифлар-хуннлар туркий халқларнинг аждодлари эканлигини исботлаб берганди.
Хивалик тарихчи Муҳаммад Ёқуб ёзишича, скифлар мураккаб қабилалар бирикмасидан иборат бўлган, уларнинг таркибидаги туркий қавм-тўққиз ўғизларни 9 аср алломаси Муҳаммад Ал-Хоразмий “искиф” дейишларини эслатиб ўтади.Бу милоддан аввалги 3 асрда Марказий Хуннлар империясидан Оқ хунларнинг ажралиб чиқиши, уларнинг Марказий империя таркибидаги уйсун( уйшун) лар билан келишаолмай қолиши тарихидир.Уйсунлар билан Оқ хуннлар ўртасидаги низога—Марказий Хунн империясининг бир ёқлама аралашув сиёсати Оқ хуннларни ўз ерларини ташлаб кетишга мажбур қилади.Оқ хуннлар ўзларининг ўлдирилган сардорларининг хотини бошчилигида Ғарбга томон кўча бошлайдилар.Дастлаб, Кўчар ўлкасига,сўнгра Или водийсига, сўнгра эса Бақтрияга кўчиб кетишга мажбур бўладилар.Улар Амударёнинг ўнг қирғоғига келиб, Сурхондарё ва Қашқадарё воҳаларига жойлашадилар.Маълумотларга қараганда, улар грек-македон давлати қўшинларига қаттиқ зарба берадилар ва эр.ав. 2 асрда Улуғ Кушонлар давлатини тузадилар.Ажабо, икки хил қувилиш ва бир хил якун: ҳар иккала қабила-хоаренлик хваррилар ва оқ хунлар-олдин хору-зорликда дарбадар кезиб, охирида улкан империяга-давлатга асос солишади.Тақдир ўйиними бу, ё тасодифларнинг тарихий ўхшашлигими бу?

…Топонимга қайтадиган бўлсак, тилшунос олим Бахтиёр Ризо ушбу атаманинг келиб чиқиши бўйича янги, ўз шахсий фаразини илгари суради.Маълумки, «қўр» сўзи гулханнинг сўниб битмаган, янги гулхан ёқишда асқотадиган чўғ, оловнинг ҳилланиб турган қолдиғини билдиради.Ҳатто, ҳозирдаям ,»юрагинда қўри бор», » қалбининг қўрини бахш этди» сингари иборалар ишлатилиб, унда қалбни, юракни оташ, ёниб турган гулханга тенглаштириш мазмуни акс этган.Тилшунос ана шу «қўр» сўзи айнан оловни муқаддас деб билган—зардуштийлар билан боғлиқ эканини таъкидлаб, қуйидагича фикр юритади: » «Хоразм » сўзи ярим форсийлашган тарзда «Қўри азим»,яъни Катта гулхан,Бош гулхан, Асосий оташгоҳ мазмунларидан келиб чиққан.Маълумки, «Қўр» сўзи туркийча бўлса, «азим» сўзи форсийсичадир.Бунинг сабаби, Эрон Аҳамонийлари «Қўр» сўзини ўзларининг талаффузида ифодалашган ва унга «азим» сўзини қўшишган.Шундан кейин келган юнонлар эса бу сўзни форсийлардан ўзлаштиришган.»

Албатта,Бахтиёр Ризонинг бу фикрлари –»Қўри Азим» ҳам бир илмий тахмин холос.
Хуллас, Хоразм атамасининг қайси бир талқинини олмайлик, унда воҳа қуёшли, муқаддас, унумдор замин сифатида таърифланади.Дарҳақиқат худди шундай. Ана шу боисдан ҳам Қизилқум ва Қорақум оралиғидаги қуёшли ўлкада инсоният маданиятининг ривожланиш босқичлари, тамаддуни пайдо бўлди ва тараққий топди.

054      Муаллиф ҳақида

Умид Бекмуҳаммад 1975 йилда Хоразм вилоятининг Гурлан туманида туғилган.1997 йилда Урганч Давлат Университетининг тарих факультетини тугатган.Унинг Ўзбекистон ва хориждаги 55 та газета ва журналларда 600 га яқин мақолалари, “Хоразм тарихидан саҳифалар”,“Навоийнинг армонлари”, “Қатағон қурбонлари-5 китоб”, “Қатағон қурбонлари.Хотира.Хоразм вилояти”, “Гурлан тарихи”, “Амударё”, “Мозийнинг қора кунлари”, “Ҳарбий ҳийлалар”, “Тарихимизнинг теран тадқиқотчилари”, “Хоразмга ошуфта кўнгил”, “Тарихга боғланган тақдирлар” каби 30 дан ортиқ китоби, «Пушкиннинг армонлари» роман-эссеси нашр этилган.

Мақолани кўчириб босишда муаллиф ҳақида маълумот бериш ва «Хуршид Даврон кутубхонаси» сайтидан олингани кўрсатилиши шарт.

(Tashriflar: umumiy 1 220, bugungi 1)

1 izoh

  1. Умид Бекмухаммад ишларига омад.Келажакда бунданда улуг муваффакиятлар тилайман.

Izoh qoldiring