Taniqli adib Farhod Musajonov tavalludiga 80 yil to’ldi.

051
Фарҳод Мусажонов 1933 йил декабрида Тошкент шаҳрида туғилган. ТошДУнинг шарқ факултетини тамомлаган (1956). Биринчи ҳикояси — «Дарадаги қишлоқда» (1959). Унинг «Офтобни қувалаб» (1963), «Бўш келма, Алиқулов!» (1965), «Бир қултум булоқ суви» (1972), «Душанба, нонуштадан сўнг» (1974), «Боғ кўчамни қўмсайман» (1977), «Қилич ва соз» (2000), «Лафз» (2003) каби қиссалари ва бир канча ҳикоялари бор. Ҳозиргача унинг «Баҳор нафаси» (1964), «Ҳиммат» (1984), «Боғ кўча» (1987) каби ҳикоя ва қиссалардан иборат 30 га якин тўплами нашр этилган. Бундан ташқари у драматургия соҳасида ҳам самарали ижод қилган («Оқ кабутар», «Талваса» ва бошқалар). Шунингдек, «Жазирама офтоб остидаги уй», «Бировнинг боши», «Кўзларим йўлингда», «Ҳувайдо», «Сўнмас зиё» каби стсенарийлар муаллифи ҳамдир.
«Шуҳрат» медали билан тақдирланган (2000). 2013 йил 28 май куни Тошкент шаҳрида вафот этган.Аллоҳ раҳмат қилган бўлсин.

051

051

ЁЗУВЧИ ЎЗИ ҲАҚИДА

051
Мен Тошкентда, Ўқчи маҳалласида туғилганман, 1933 йил 19 декабрда.
Бизнинг ҳовлимиз янги тушган консерватория биносининг ўнг қанотида жойлашган эди. Отам Алимуҳамедов Мусажон давлат арбоби бўлган. 1937 йили «халқ душмани» сифатида айбланиб қатағон қилинган. Онам Башорат маълум муддат «Қизил Ўзбекистон» газетасида мухбир бўлган. Бироқ отам қамоққа олингандан сўнг ёт унсур сифатида мафкура соҳасида ишлашдан четлатилган, пировардида эгар-жабдуқ фабрикасига оддий ишчи бўлиб кирган.
«Халқ душмани»нинг фарзанди бўлганим туфайли мени на комсомоллар, на коммунистлар ўз сафларига қабул қилишмаган. Яна бир сабаби, уларнинг сафини «булғатгани» ўзимда ҳам иштиёқ йўқ эди. Шу туфайли марҳум отам 1956 йили оқланганларидан кейин ҳам барибир партиясига кирмадим.
Мактабни тугаллаб илгариги Ўрта Осиё, ҳозирги Ўзбекистон Миллий университетининг Шарқ факултети эрон-афғон бўлимига ўқишга кирдим. Уни битиргач, «Шарқ юлдузи», «Ғунча» журналлари, «Ўзбекистон маданияти» газета таҳририятида, сўнг Ўзбекистон радиосининг адабиёт бўлимида ишладим. 1967 йили «Ўзбекфильм» киностудиясига таклиф этилдим. Бир йилдан сўнг мени Москвага, икки йиллик сценаристлар Олий курсига ўқишга жўнатишди.
Қайтиб келгач, 1970 йилдан то 1999 йилгача иш жойим кино соҳасида бўлди, дастлаб киностудияда муҳаррир, сўнг бош муҳаррир, кейинчалик «Ўзбеккино» ДАКда бошқарма бошлиғи лавозимларида ишладим.

Ижодимни болаларга ҳикоя ёзишдан бошлаганман. «Дарадаги қишлоқда» деган биринчи ҳикоям 1956 йили «Шарқ юлдузи» журналида босилиб чиқди. Биринчи ҳикоялар тўпламим ҳам шу номда 1959 йили чоп этилди.
Шундан буён болаларга 60 дан зиёд ҳикоя, учта қисса ёздим, 15 тадан ортиқ китоб нашр эттирдим. Улардан «Орзуга айб йўқ», «Бўш келма, Алиқулов», «Бир қултум булоқ суви» сарлавҳали қиссалар ва турли йилларда ёзилган ҳикоялар ўрин олган.
Катталарга ёзишни ҳажвий ҳикоялардан бошлаганман. Бироқ кейинчалик мени кўпроқ жиддий мавзулар қизиқтира бошлади. Шу сабаб қиссалар, пьесалар, сценарийлар ёзишга киришдим. «Сунбула», «Боғ кўчамни қўмсайман», «Соз ва қилич» «Куймаган жоним маним» деган тўртта қисса, ўндан ортиқ пьеса, йигирмага яқин сценарийлар яратдим. Баъзи сценарийларимни ўзим режиссёрлик қилиб суратга олдим. Хусусан, «Кўзларим йўлингда», «Сенсан севарим», «Мен сенга зор», «Сўнмас зиё» каби фильмларга ўзим сценарий ёзиб, ўзим режиссёрлик қилганман. Шунингдек, «Аския», «Қизиқчи» сингари бадиий ҳамда йигирмадан зиёд ҳужжатли фильмларнинг муаллифиман.
Катта жанрларга берилиб кетиб, ҳеч қачон ҳажвий ҳикоялар ёки болаларга ёзишни канда қилмаганман, ўқтин-ўқтин бўлса-да, болаларга ҳам ҳажвий ҳикоялар ёзиб тураман.
Чамалаб кўрсам, катталарга юзтача ҳикоя битибман, улар қиссаларим билан бирга ўн олтита тўплам ҳолида чоп этилди. Жами болалар ва катталарга бағишланган китобларим сони ўттиздан ошиқ.
Мен асарлари кўплаб хорижий тилларга таржима қилинган адиблардан эмасман. Нари борса ўнга яқин тилга ағдарилгандир битикларим. Бироқ бу ҳол мени асло ранжитмайди. Чунки асарларим аввало ўз халқимга манзур бўлишини истайман.
Зеро, ўз халқингга манзур бўлган асаргина бошқа халқларнинг ҳам диққат-эътиборини тортиши мумкин.
Анчадан бери олти серияли «Лафз» деган фильмимнинг сценарийсини қиссага айлантиришни ният қилиб юрардим. Ҳозир шу ниятимни амалга ошириш билан машғулман. Болалар адабиёти ривожига қўшган ҳиссам учун Ғафур Ғулом номидаги мукофотни олганман.
2000 йилда эса ҳукуматимизга раҳмат, «Меҳнат шуҳрати» ордени билан тақдирлади хизматларимни. Энг қадрли ва азиз мукофотларимдан яна бири китобхонларимнинг илгари хат орқали, эндиликда оғзаки тарзда асарларим ҳақида фикр айтиб, миннатдорчилик билдиришлари.
Худо ҳаққи, бу мукофотга етадигани йўқ, ҳар ҳолда мен учун»

051

САБОҚ
Ҳикоя

Бир маромда кечадиган ҳаёт зерикарли, тунд бўлади. Янги йил арафасида ана шу мудроқ ҳаёт бир мунча ўзгаради, жонланади, дилларда янги орзу-умидлар жўш уради. Ҳар хил ташвишлар пайдо бўлади, чунончи янги йилни қаерда, кимлар билан кутиш, қандай таомлар тайёрлаш, кимларга қандай совғалар қилиш…
Очил ака ишлайдиган муассаса кичкинагина, атиги олти нафардан иборат: бошлиқ, котиба ва тўрт ходим. Ҳаммалари турли феъл-атворли бўлишларига қарамай жуда иноқ, аҳиллар. Янги йилни ҳам ҳамиша бирга кутишади.
Эски йил тугашига яқин Очил ака ҳамкасбларини йиғиб маслаҳат солди.
— Оғайнилар, кун айланиб, ой туғиб янги йил ҳам яқинлашиб қолди, тайёргарлик кўришни бошлайлик, неча пулдан йиғамиз, келишиб олсак, — деди бижилдоқ, маҳмадона Хуррамов.
— Тақсир, сиз жўравошимизсиз, ўзингиз кетадиган харажатни ҳисоб-китобини қилиб, фалончадан тушади денг, бизлар кўнаверамиз.
— Унда яна битта гап, — давом этди Очил ака, — агар қарши бўлмасанглар, янги бошлиқни ҳам таклиф этсак, ёмон одамга ўхшамайди, анча камтарин, соддагина экан. Келганига бир ойдан ошди, қачонгача бегона тутиб ёлғизлаб қўямиз, сафимизга қўшайлик.
— Майли, қўшайлик, — ҳаммадан олдин яна Хуррамов жўравошининг гапини маъқуллади.
— Бўпти, — деди Очил ака, — унда мен харажатни хомчўт қилиб чиқаман. Кейин яна бир йиғиламиз. Дарвоқе, бу гал қаерда кутамиз, навбат кимники эди?
— Навбат Забихиллоники, — яна Хуррамов сўзамоллик қилди, — шунақами. Навбат сизники-а, Забихилло?
— Ҳа, меники — деди шу пайтгача гапга аралашмай ўтирган Забихилло хокисор илжайиб, — аммо…
— Нима аммо? — сўради Очил ака.
Забихилло гапиришдан олдин ҳамкасбларига хижолатомуз боқди. У бировга ёмонликни раво кўрмайдиган беозор, мулойим кимса эди. Шунча йил бирга ишлаб ҳали бирорта одам билан айтишмаган, ғалва чиқармаганди. Бир айби лаганбардор эди. Ҳамкасблари унинг хушомадгўйлигини яхши билишар, аммо хафа бўлишмас, юзига ҳам солишмасди.
— Янги йилни кутиш ҳақида гап очганингиз яхши бўлди, Очил ака, — Забихилло ийманиб давом этди, — ўзим қўзғамоқчи бўлиб тургандим шу гапни. Мени маъзур тутасизлар, кутилмаганда бир ишкал чиқиб қолди. Бу йилчалик анъанамиз бузиладиганга ўхшайди.
— Чайналмасдан, дардингизни айтаверинг, — шарт кесди гапни Забихиллонинг сал қувлигини биладиган Очил ака.
— Дардимни айтадиган бўлсам, уч кун бурун паркентлик божам келиб янги йилни бирга кутгани уйига таклиф этиб кетди, мужмаллик қилиб, аниқ жавоб бермагандим, божам кетганидан кейин хотиндан балога қолдим. Нега тихирлик қиласиз, ишхонангиздагилар билан ҳар йили биргасиз, бир галчалик янги йилни менинг қариндошларим билан кутсангиз, осмон узилиб ерга тушмайди, дея жаврай кетди.
Одатда ёлғончи ёки айби бор одам ёлғонни яшириш, ўзини оқлаш учун гапни чўзади. Забихилло ҳам эзмаланди. — Хотинни авраб ёки пўписа қилиб жағини ёпишим мумкин эди, аммо масаланинг бошқа нозик томони — божам бошқа кун қуриб қолгандек айнан ўттиз биринчи декабрда туғилган. Бу йил юбилейи — элликка тўлади. Шундай пайтда йўқлаб бормаслик уят. Қолаверса, совғадан қочди деб ўйлаши мумкин.
— Нима ҳам дердик, асосли важингиз бор экан, божангизнинг олдида юзингиз шувут бўлмасин, — деди майда гапни, ялинчоқликни ёқтирмайдиган Очил ака, — ўзимиз кутаверамиз.
— Ҳа, бир галчалик шунақа бўлиб қолди. Худо хоҳласа, янаги йилга яна бирга кутаверамиз, — деди Забихилло енгил тортиб.
Масала осон ҳал бўлганди. Энди Забихилло ўйлаган режасини бемалол амалга ошириши мумкин. Кечга томон ҳамкасбларининг кўзини шамғалат қилиб, секин бошлиқнинг ҳузурига кирди. Таъзим тавозеъни ўрнига қўйиб илтижо қилди.
— Раббим Қудратович, айбга буюрмайсиз, мен бир масала бўйича киргандим.
— Ўтиринг, — бошлиқ Забихиллони илиқ кутиб олди, — эшитаман, қандай масала экан?
— Гап шундаки… — Забихилло эшилиб ялтоқланди, — мен нозик масала юзасидан, тўғрироғи илтимос билан киргандим.
Ҳар қандай бошлиқ янги келган кезлари ходимларнинг ишончини, ҳурматини қозонишга, ўзини одил ва доно кўрсатишга ҳаракат қилади.
— Бемалол гапираверинг, Забихилло Халимович. Қўлдан келса ҳар қандай илтимосни бажарамиз. Ҳали яхши синашда бўлмасак-да, сиз ҳақингизда маълум тасаввурга эгаман. Тайёрлаган ойлик ҳисоботингизни кўриб чиқдим, ишингиз пухта, мукаммал. Биз сизга ўхшаган малакали мутахассисларга суянишимиз лозим.
— Минг раҳмат, Раббим Қудратович, — бу мақтовдан Забихилло талтайиб кетди, — ҳали яхши синашда эмасмиз деб жуда тўғри айтдингиз. Бизнинг мақсад ҳам айнан шу, яқинроқ синашда бўлиш. Ишхонада муносабатлар барибир расмий бўлади. Шунинг учун анчадан бери сизни уйга таклиф қилишни ният қилиб қўйгандим. Аммо ҳали у, ҳали бу сабаб бўлиб, қолаверса, ҳаддим сиғмай орқага суриб юргандим. Ният холис экан, қарасам янги йил яқинлашиб қолибди. Шу баҳона ҳузурингизга киришга журъат этдим. Агар ҳеч кимга ваъда бериб қўймаган бўлсангиз, янги йил оқшомида кулбамизга ташриф буюрсангиз дегандим.
Келганига ҳали ҳеч қанча бўлмасидан шундай илтифотга сазовор бўлгани бошлиқнинг кўнглини кўтарди.
— Ҳурмат учун раҳмат, Забихилло Ҳалимович, насиб қилган бўлса ўтамиз.
Бошлиқдан кўра ҳам Забихилло кўпроқ суюниб кетди.
— Раҳмат, Раббим Қудратович, сўзимизни ерда қолдирмай, бизни назарга илиб рози бўлганингиздан бошимиз кўкка етди. Демак, гап шу — янги йил оқшомида кутамиз. Мана бу адрес, — Забихилло бошлиғига таклифнома тутқазади.
— Топиш осон, уйимиз «Турон» меҳмонхонасининг шундоққина ёнида.
— Топамиз бир амаллаб, — деди бошлиқ мулойим жилмайиб.
Забихилло бошлиқ билан хайрлашар экан димоғи чоғ бўлиб ўйлади: иш пишди, энди тайёргарликка зўр бериш, зиёфатни дўндириш керак.
Орадан бир кун ўтиб бошлиқнинг ҳузурига Очил ака кирди. У ортиқча мулозаматсиз муддаони айтиб қўя қолди.
— Раббим Қудратович, янги йилни ҳамма хизматчилар бирга кутиш бизда расм бўлиб қолган. Фақат ҳисобчи Кўпайсинова бола-чақаси кўп бўлгани учун уйида кутади. Котибангиз Лайлохон ҳам қўшилмайди, ёш нарса, ўз тенгқурлари бор. Олдинги раҳбаримиз ҳам доим биз билан кутарди. Бу йил ҳам шу анъанани давом эттирсак деган ниятдамиз. Ҳаммамизнинг номимиздан сизни янги йилни бирга кутишга таклиф қилгани кирдим.
Бошлиқ ажабланиб, андак фурсат ходимига тикилиб қолди. Буни Очил ака ўзича талқин этди.
— Балки бирор жойга ваъда бериб қўйгандирсиз ёки йилни уйда кутишга одатлангандирсиз… Шундай бўлса, хафа бўлиш йўқ, — Очил ака лаганбардорликни билмасди, дангал гап қилди. — Биздан таклиф, сиздан хоҳишга қараб иш тутиш.
— Аввало, таклиф учун раҳмат, — бошлиқ ҳам ортиқ чайналмай гапнинг индаллосини айта қолди, — ўзимнинг ҳам ходимлар билан яқинроқ танишиш ниятим бор эди, аммо кеча Забихилло Халимович кириб уйига таклиф этди, янги йилни бирга кутгани.
Ҳамкасбидан бундай найрангни кутмаган Очил ака қулоқларига ишонмай анграйиб қолди. Аранг ўзига келиб ғулдуради:
— Йўғ-е, ростданми?
— Нима, сизнинг хабарингиз йўқми? — саволни савол билан қарши олди бошлиқ — ахир янги йилни доим бирга кутамиз дедингиз-ку.
Очил ака Забихиллодан фарқли ўлароқ сотқинлик қилмади.
— Албатта айтади бизга, фақат… олдин сизнинг розилигингизни олмоқчи бўлгандир. Майли, узр.
Очил ака ҳамкасбининг қилмишидан ичи алғов-далғов бўлиб ўз хонасига қайтди. Забихиллонинг тепасига яқинлашдида, масхараомуз тиржайиб кўзига тикилди. Забихилло бу пармаловчи назарга дош беролмай безовталанди.
— Ҳа, намунча тикилиб қолдингиз?
— Мабодо, ёрдам керак эмасми?
— Қандай ёрдам? — Забихилло ҳайрон бўлди.
— Божангизнинг туғилган кунига нима совға қилишни билмай қийналмаяпсизми? Ҳали бир тўхтамга келмаган бўлсангиз, ёрдамлашиб юборайлик, — деди Очил ака изтеҳзомуз. — Ахир ҳамиша бир-биримизга кўмаклашиб келган садоқатли инсонлармиз.
Бу тагдор гаплар Забихиллонинг уёғ-буёғидан ўтиб кетган бўлса-да, сир бой бермади.
— Раҳмат илтифотлари учун, хотин мушкулимизни осон қилди, тўн совға қиладиган бўлдик.
Очил ака ғалати илжайиб ўз жойига бориб ўтирди. Кечга томон Хуррамов билан Бобосалмоновни холи жойга бошлаб бор гапни тўкиб солди. Забихиллонинг писмиқона қилмиши ҳамкасбларига ёмон таъсир қилди.
— Вой хушомадгўй-ей! Ялтоқланиб эски бошлиқнинг пинжига кириб олганди, энди бунисини ҳам ялаб-юлқашни бошлабди-да, — деди Хуррамов. — Шумлик қилгани учун биз ҳам уни боплаб тузлаймиз.
Ҳамкасблар Забихиллонинг таъзирини беришга тил бириктирдилар, аммо сир бой бермай юравердилар.
Ҳадемай янги йил оқшоми ҳам етиб келди. Забихилло зиёфатни ўрнига қўярди, бу гал ҳам бозордан қази-қартадан тортиб ҳўл меванинг энг сарҳилини харид қилди. Ўз қўли билан турли таомлар тайёрлади. Кечга томон ҳамма нарсани тахт қилиб қўйди. Анча уриниб чарчаганди, бироз нафас ростлагани диванга ўтирди. Хотинига чой буюриб, пар болишга ёнбошлади. Бир пиёла чой ичганини билади эшик қўнғироғи жиринглаб қолди.
Забихилло дик этиб ўрнидан турди, бошлиқ келиб қолган бўлса-я деган хаёлда эшикни очди-ю, остонада хотини билан турган Очил акани кўриб, тили калимага келмай, тахтадек қотиб қолди.
— Ҳа, тақсир, уйингизга келган меҳмонни ичкарига таклиф қилишни ҳам унутдингизми? — сўради Очил ака чапаничасига.
— Келинглар, яхшимисизлар? — аранг гапирди Забихилло.
— Хотиним билан божамникига кетаётгандик, эшигингизни босиб ўтолмадик, бирровга бўлса ҳам кириб, янги йил билан сизни табриклаб кетайлик дедик, — Очил ака жилмайиб сўзлади.
— Ажаб қилибсизлар, — Забихилло ҳам ўлганининг кунидан ишшайди, — қани ичкарига.
Ошхонадан Забихиллонинг хотини Рисолатхон чиқиб меҳмонлар билан қуюқ сўрашди.
— Келганингиз айни муддао бўлди, Рихсихон, биласиз хасип солиш майда иш, ёрдамлашиб юборасиз, — деди ва меҳмонни ошхонага бошлади.
Эркаклар меҳмонхонага кирдилар. Очил ака катта стол устидаги ясатилган дастурхонни кўриб ҳайратланди.
— Ана буни дастурхон безаш деса бўлади. Одамнинг жонидан ғайра ҳамма нарса муҳайё! Энг азиз, энг нозик меҳмонларни кутиб олишга арзирли дастурхон ясатибсиз, қойилман, боплабсиз!
— Йўғ-е, жуда баҳойимизни оширвордингиз, — ғулдиради Забихилло.
— Дарвоқе, божангизникига бормоқчи эдингиз?
— Энди йўлга отланмоқчи бўлиб тургандик, — деди Забихилло минғиллаб.
— Кетадиган одам нечун шунчалик тўкин дастурхон безамасангиз, — Очил аканинг ҳар битта гапи илмоқли эди.
— Нима десам экан, — Забихилло дудуқланиб баҳона тўқиди, — дастурхон ясатиғлиқ турса, хосияти яхши бўлади, йил бўйи хонадонда тўкинчилик, қут-барака бўлади. Қолаверса, янги йил билан табриклагани сизга ўхшаган ёру биродарлар, қариндош-уруғ, қўни-қўшни кириб қолиши мумкин, бирровга бўлса ҳам, — Забихилло «бирровга бўлса ҳам»га атай урғу бериб гапирди.
— Келин хасип солаяпман деди, у ҳам бирровга кириб кетадиганларгами? — яна ниш санчди Очил ака.
Забихилло ўзини сал ўнглаб олганди:
— Тақсир, бировникига қуруқ бориб бўладими, айниқса янги йил арафасида.
— Қаранг, шунга ҳам фаросатим етмабди, — деди Очил ака ва пичинг аралаш қўшиб қўйди, — аммо сувдан қуруқ чиқадиганлардан бўлиб кетибсиз.
Забихилло бу кесатиқни ҳазм қилиб ургурмасидан эшик қўнғироғи жиринглаб қолди. Бу гал ҳам миясига «бошлиқ келди» деган фикр урилди. Шошиб эшикни очди-ю, яна эсанкираб қолди, остонада Бобосалмонов аёли билан турарди.
— Хотиним билан божамникига кетаётгандик, эшигингизни босиб ўтолмадик, бирровга бўлса ҳам кириб янги йил билан ўзларини табриклаб кетайлик дедик…
— Ажаб қилибсизлар, — деди Забихилло аламзада овозда, — қани ичкарига.
Бобосалмоновнинг хотинини ҳам уй бекаси ошхонага бошлади, эркаклар меҳмонхонада холи қолишди. Забихиллонинг кўзлари аланг-жаланг, оёғи куйган товуқдек типирчиларди.
— Тақсир, сал безовта кўринасиз? — сўради Очил ака.
— Божамизнинг кўзи тўрт бўлиб бизни кутиб ўтиргандир. Биласизлар, қишлоқда янги йил кутишни пешиндан бошлаб юборадилар. Қолаверса, Паркент яқин жой эмас, етиб олишнинг ўзи бўлмайди, — усталик қилди Забихилло.
Шу пайтда яна эшик қўнғироғи жиринглади. Ана энди бошлиқ келгани аниқ деган фикр билан Забихилло даҳлизга отилди. Остонада Хуррамовни кўриб, тепа сочи тикка бўлди.
— Хотиним билан божамникига кетаётган эдик, эшигингизни босиб ўтолмадик, бирровга бўлса ҳам кириб, янги йил билан табриклаб кетайлик дедик, — ҳамкасбларининг гапини қайтарди Хуррамов.
— Ажаб қилибсизлар, — Забихилло аранг тишининг оқини кўрсатди. Зардаси қайнаб меҳмонларни ичкарига таклиф этди.
Ҳамкасблари келишиб олгандек бир хил гапиришаётгани Забихиллони шубҳалантирди. Янада кўпроқ таҳликага тушди. Ичидан қиринди ўтаётган бўлса ҳам меҳмоннавозлик қилишга уринди.
— Қани, дастурхонга қаранглар, бирпас ўтирамиз.
— Йўқ, энди биз турайлик, сизни борадиган жойингиз бор, кеч қолманг, — деди Очил ака. — Янги йил ҳаммамизга омад келтирсин, қут-баракали, файзли бўлсин.
— Айтганингиз келсин, — деди Хуррамов, — ҳар ҳолда йилнинг бошланиши бизлар учун омадли бўлаяпти. Кеча Раббим Қудратович ўн кунга Японияга учиб кетди. Бу дегани ўн кун ўзимизга хон, ўзимизга бек бўлиб яйраймиз.
— Раббим Қудратович кеча кечгача ишда эдилар-ку, — деди Забихилло лоқайд кўринишга тиришиб.
— Ҳа, кун бўйи ишда эдилар. Кечқурун саккизларда уйда телевизор кўриб ўтиргандим, телефон жиринглаб қолди. Олсам, Раббим Қудратович, шошилинч командировка чиқиб қолди, кетаяпман дедилар. Бир-иккита топшириқ бердилар. Биз ҳам жа унақа сўтаклардан эмасмиз, қўнғироқдан мақсад кузатиб қўйгин, демоқчи бўлганлар. Иккита қази, тўртта ёғли патир, озгина ҳўл мева олиб аэропортга чиқдим. Оқ йўл тилаб кузатиб қўйдим.
Забихилло эси оғган одамдек бақрайиб қолди. Сал ўзига келгач, ҳар эҳтимолга қарши тусмоллаб сўради.
— Фақат топшириқ бердиларми? Бошқа ҳеч нарса демадиларми, мабодо?
— Дарвоқе, яхши эсимга солдингиз. Забихилло Халимовичга бериб қўйинг деб сизга хат ташлаб кетдилар, — Хуррамов чўнтагидан кичкина конверт чиқарди. — Мана.
Хатда биттагина жумла ёзилган эди: «Забихилло Халимович, ўз ҳамкасбларингизнинг юзига оёқ қўйиб, лаганбардорлик қилганингиз учун раҳмат. Садоқатни сиздан ўрганиш керак экан».
Хатни ўқиб ҳангу-манг бўлиб қолди.
— Нима гап экан? — деб сўради Очил ака.
— Ҳеч гап йўқ, — Забихилло ҳамкасбларининг кўзига қаролмай ерга боқди. — Ҳисоботнинг бир жойида хато кетган экан, ўшани тўғриламасдан бошқармага жўнатманг дебдилар.
— Йўғ-е, наҳотки сиздан хато ўтган бўлса, ишни пишиқ қилардингиз-ку, — узиб олди Очил ака.
— Хато ҳаммадан ҳам ўтади, беайб парвардигор дейдилар.
— Бу гапингизда жон бор, хато ҳаммадан ҳам ўтади, энг асосийси — хатони бўйнига олиб, тузатиш. Хато қилиб тониб туриш — мунофиқлик.
— Албатта, албатта, — деб ғулдиради Забихилло.
У бошлиқ келади деб илҳақ бўлиб ўтирганди, энди умидини узди. Бир тарафдан катта харажат қилиб тайёргарлик кўргани зое кетганига ачинди, иккинчи тарафдан сал енгил тортди. Агар шу тобда бошлиқ келиб қолса, ҳамкасбларининг олдида шарманда бўларди. Майли, бошлиқнинг кўнглини кейинги сафар олар, олдинда байрамлар кўп: Хотин-қизлар куни, Наврўз…
Кутилмаганда миясига яхши фикр келди.
— Менга қаранглар, меҳмон отадай азиз, дейдилар. Шундоқ экан, таклиф бор, шўтта қоласизлар, янги йилни ҳар доимгидек бирга кутамиз.
— Нималар деяпсиз?! — йўлига пўписа қилди Очил ака, — Эсингиздан чиқдими, ахир божангизга ваъда бериб қўйгансиз.
— Божамникига эртага эрталаб бораман, кун бўйи ўтириб ҳиссасини чиқараман, божам бамаъни одам, хафа бўлмайди. Сизлар ҳам божаларингизникига кейинроқ ўтарсизлар.
— Не-не умидлар билан тайёрлаган таомларим савил қолмасин дейсиз-да, — яна пичинг қилди Очил ака.
Туйқус яна эшик қўнғироғи жиринглади, бу гал Забихилло қўнғироққа эътибор ҳам бермади. Зум ўтмай даҳлиздан хотинининг «Ҳай дадаси, меҳмонлар келди» деган овози эшитилди.
Забихилло сакраб ўрнидан турганди, Очил ака йўлини тўсди.
— Тўхтанг, бояги хат ҳақида бошлиққа оғиз оча кўрманг. Янги йилни бирга кутишга чап берганингиз учун хатни мен ёзгандим.
Забихилло эс-ҳушини йиғиб улгурмасидан Раббим Қудратович аёли билан меҳмонхонага савлат тўкиб кириб келди.
— Жамоат жам-ку. Мана бу ишни қойил қилибсиз, Забихилло Ҳалимович, ҳамкасбларингизни йиғганингиз зўр бўлибди, — бошлиқ тўрдан жой олди.
— Кутилмаган хушхабар ёки совға сюрприз дейилади. Биз ҳам Янги йил муносабати билан сизни бир хурсанд қилайлик дедик-да, — ялтоқланди Забихилло.
— Ҳақиқатдан ҳам қувончли ҳол бўлибди, — деди бошлиқ.
— Камина ҳам Янги йил арафасида сабоқ, э, узр, сюрприз олдик. Ғанимлар камчилигимизни юзимизга айтмайди, баттар бўлсин деб атай яширади. Дўстлар эса дашном бериб бизни тўғри йўлга соладилар, — Забихилло бошлиқ пайқаб қолмасин учун пардали қилиб гапирди ва шу тариқа ҳамкасбларидан кечирим сўради.
— Тақсир, мана бу нозу-неъматлардан тотиб кўрамизми ёки фалсафа сўқийверамизми? — Очил ака ҳам усталик билан Забихиллонинг гуноҳидан кечганини англатди.
— Бўлди, оғзимни юмдим, энди оғзимни фақат овқат ейиш учун очаман, — деб ҳазиллашди Забихилло.
Енгил кулги кўтарилди. Ҳамкасбларидан дакки еб ўсал бўлган Забихилло энди бахтиёр ва шод эди. Нега қувонмасин, бошлиғини уйга чақирганди, ниятига етди, боз устига анъаналари бузилмай ҳамкасблари ҳам йиғилди. Шу боис у хушомадга зўр беришга, нафақат бошлиғи балки қадрдон ҳамкасбларининг ҳам кўнглини овлашга киришди.

334

ФАРҲОД МУСАЖОНОВНИНГ  «БЎШ КЕЛМА,АЛИҚУЛОВ» ҚИССАСИНИ  CALAMEO ДАСТУРИ ЁРДАМИДА МУТОЛАА ҚИЛИНГ,БОСМАДАН ЧИҚАРИНГ ВА ЮКЛАБ ОЛИНГ

(Tashriflar: umumiy 2 910, bugungi 1)

Izoh qoldiring