Xursandbek To’liboyev. «Men eskirdim…» yoxud bir she’r tahlili.

025
Абдували Қутбиддин – соф ўзбекча куйлайди. Унинг шеърларида миллат дарди, орзуси ва армони, истак-интилишлари теран ифода этилади. Ўтган йили нашрдан чиққан “Бор” номли китобида битта шеър эътиборимни тортди. “Мен эскирдим…” сатрлари билан бошланувчи ихчамгина шеърдаги шоирнинг руҳоний кайфияти – жамият ва тузумнинг издан чиққанлигини баралла ўзида сингдира олганлигида қабариб кўринади.

029
Хурсандбек Тўлибоев
“МЕН ЭСКИРДИМ…” ЁХУД БИР ШЕЪР ТАҲЛИЛИ

Абдували Қутбиддин – дилбар хаёл шоири.
Шавкат РАҲМОН

Ўзбек адабиётида шундай ижодкорлар борки, улар шоирликни ҳар қандай унвону маслакдан юқори мақомда кўрадилар. 70- йиллар авлодидан кейин 80-90 йиллар авлоди шаклланди. Бу авлод сафида ўзининг дилбар шеърлари-ю, фалсафий достонлари билан адабий жараёнга сезиларли ҳисса қўшиб келаётган Абдували Қутбиддинни алоҳида эътироф этиш жоиз.

087    Абдували Қутбиддин – соф ўзбекча куйлайди. Унинг шеърларида миллат дарди, орзуси ва армони, истак-интилишлари теран ифода этилади. Ўтган йили нашрдан чиққан “Бор” номли китобида битта шеър эътиборимни тортди. “Мен эскирдим…” сатрлари билан бошланувчи ихчамгина шеърдаги шоирнинг руҳоний кайфияти – жамият ва тузумнинг издан чиққанлигини баралла ўзида сингдира олганлигида қабариб кўринади. Шеър тагига 1990 йил дея имзо қўйилган. Шоирнинг ўша оғир бир даврдаги кайфияти тузум ва тутимларнинг эскириб, яроқсиз ҳолга келиб қолишини, бундан воз кечиш кераклигини, яъни ҳар бир миллат ўзининг қалбига, юрагига, борингки, табиатига содиқлик билан эътиқод қўйиб яшашини исташлик ётади. Шеърни таҳлил қилиб кўрайлик, бунга шубҳа нигоҳи билан қарамайсиз:

Мен эскирдим.
Шалтоғим чиққан,
Ғийқиллайман эски эшикдай.
Шаҳдим ўчган,
Қабоғим сўлган,
Бир зўр йигит ичимда ўлган…

Шоир жаимиятдаги тартибсизликлару адолатсизликларга тилидаю дили билан қарши бўлмоқда. Жамиятнинг ичдан емрилиб келаётгани ва бу йўлда катта жарлик олдидан чиқиб қолишга қаратилган кучли танқидий нигоҳи-ю, исёни шоир юрагини безовталайди. “Шаҳд”нинг ўчиши, “Қабоқ”нинг сўлиши даҳшат бўлиб туюлади онгли кишига, албатта.

Барчамизга маълумки, эскирган тузумнинг издан чиқиши – худди поезднинг ўз йўлидан чиқиб кетиши билан баровар. Сўнгги чора – фалокат! Абдували Қутбиддин – исёнкор шоир. Унинг исёнида қандайдир – очиқ айтиш, дангал гапириш ҳолатлари кузатилмайди. Унинг «яралари юмиқ шоир». Сирли, қандайдир рамз ва мажозга йўғириб – сўз айтади. Сўзнинг муқаддас хилқат эканлигини теран англайди. Фаол бўлишликка, энг асосийси ўзликни, тарихни чуқур билишликка даъват қилади. Муҳими ҳам шундай эмасми? Унинг шеърларини шу чоқача бирор мунаққид теран илмий таҳлилу тадқиқ қилиб беролганича йўқ. Лекин умумий фикрлар айтилаётир. Булар шоир ижодини англашнинг, унинг “нима демоқдаман” қабилидаги ҳайқириғига яқинлашиб ҳам кетмайди. Эътиборлиси шундаки, Улуғбек Ҳамдам таъбири билан айтганда катта монографик тадқиқот сифатида ўрганилишни талаб қиладиган шеърият…

Шеърнинг иккинчи мисрасини мутолаа қилсак, масала моҳияти янада теранлик касб эта боради:

Кулбамга ҳам сиғмаган зўрға,
Хира тортдим. Қулоғим оғир.
Ҳар кечқурун кемирар тўрва,
Ҳар кундузи емирар тақдир.
Ўйланмасдан қолганман.
Бошим
Ғувуллайди.

Тўғриси бўм-бўш.
Гоҳи-гоҳи қўққисдан, ёшим
Қабоғимда чўққилар бир қуш.

Шоирнинг исён қилишининг маълум сабаблари бор. Айниқса, у ўзининг атрофи ва мавжуд жамият тутумларидан норозилик кайфияти уйғониши боис, қўлига қалам олади. У шу туфайли, яъни сўз орқали идрок этилган кайфият манзараларини ифода этишга ўтади. Чунки одамзоднинг бахту иқболининг бутун бўлишини исташлик ҳам шоир талқинларида ўзига хос тарзда жилваланади. “Кулбага сиғмас”лик, “Хира тортиш”, “Ўйланмасдан қолиш”лар муросасиз яшаганлигида ичини кемираётган адоғсиз дарду ҳасратлари натижасидир.

Абдували Қутбиддиннинг ушбу шеъри боя айтганимиздек, 90- йилда ёзилган. У пайти миллатимиз асрий орзуси – мустақиллик қўлга киритилмаган, “ур-сур”, “пала-партиш” ишлар авж олган замон эди. Шоирнинг биринчи галдаги миллат ҳаётининг орзусини истгани, у ерда яшовчи ҳар бир фуқаро – бахтли бўлишлигини чин дилдан қўмсаганини кузатиш мумкин. Ва, шеър тагига битилган 1990 санаси ана шу каби истак-манфаатларнинг қарор топишини олдиндан кўра билиши шоир қалбининг нигоҳи ўткирлигидан далолат эмасми?!

Дарҳақиқат, ижодкорки бор, ўзининг дунёсида “нималарнидир” орзулаб юради, ва шундай истакнинг бағрида туйғулари камол топиб боради. Булар қалб кўзининг очиқлиги туфайли узоқни, келажакни кўра билиш билан ҳам ўлчанади, албатта! Абдували Қутбиддин хоҳ ижтимоий мавзудами, хоҳ ишқий мавзудами, хоҳ маиший мавузда бўладими ёзганлари қалб нидолари, дилидаги орзу-умидларини, чин туйғулари-ю, юраги буюрганини қоғозга туширади. У шеърлари гўзал ва ўқимишли, оммавий бўлиши учун “пардоз-андоз” қилиб, мисраларга зеб бериб ўтирмайди. Қандай туғилса, шундайлигича китобхонга тақдим этади. Шу боис ҳам унинг шеърлари оғир ўқилади, оғир ҳазм қилинади. Шоирнинг “муҳим” гапини тушуниш учун камида шоир каби фикрлашга, у каби дунёқарашга эга бўлиш керак. Чунки ҳар бир асар бир олам бўлса, ҳар бир инсон ҳам бир олам, бу оламга кириб бориш, ижодкор фитратини тушуниш учун унинг қалбига анчайин яқинлашмоқ ҳам керак. Шундагина биз ўз мақсадимизга етган бўламиз.

Умуман, ушбу “Мен эскирдим..” шеъри қайси тузум ва даврда яратилган бўлмасин, ҳар ким ўзича қабул қилади. Ҳақиқий шеър эскирмайди, у ҳам даврлар каби ўз оламида яшаб қолишга ҳақли. Чунки ҳақиқий санъат асари замон ва макон танламаганидек, ҳақиқий шеър ҳам қалбни, юракни танламайди, у қайси мавзуда, қайси даврда яратилишидан қатъи назар, ўз ўқувчисини топиб, олам ва одам хусусида беминнат дарс бериб келаверади десак, ҳақ гапни айтган бўламиз… Зеро, Абдували Қутбиддин каби шоирлар ижоди ҳам бундан мустасно эмас, дегим келади..

Мақола махсус «Хуршид Даврон кутубхонаси» веб-саҳифаси учун ёзилган

029
Абдували ҚУТБИДДИН
«БОР» КИТОБИДАН ШЕЪРЛАР

* * *

Бебаҳо матога томган доғдайин
Ўчмайди шафақлар минг ювилса ҳам.
Сарсари, шақиллаб ўтса-да, йиллар
Сен ўша, ўша…

Томчи-ла тасвирлаб бўлмайди сени,
Ҳатто англатолмас билса-да кўршаб.
Тап-таранг тасмадай кокилларингни
Тараган исёнлар бермас изоҳлаб.
Сен ўша, ўша…

Беҳуда даъволар қиламан гоҳо,
Хобгоҳинг қўриқлар фалак лашкари.
Ошкор этмоққа тутинаман гоҳ,
Ақлдан ташқари,
Фикратдан ташқари….

Воажаб, ингичка қилдан ҳам нозик
Иплар чувагувчи балогир сарҳад
Аро, минг йиллик бутхона янглиғ
Тоқатни тоқат-ла тилгувчи қаҳат –
Ўша, ўша…

1983.

* * *

Тахайюл тунида сени эсладим,
Кафтингда бахт қуши, елкангда кафтар.
Пойингда жовдирар муштипар, мулзам –
Кийиклар…

Бошида гулбаргак, қароғида ой
Севдим, дедим сени манглайи ялпиз.
Қўй деди, этагинг тишлаб ётган той –
Она қиз бу,
Она қиз.

Қалдироқ бургутдай ерга ташланди,
Оёғимдан тортди, боғлади йўлга.
Йўл чопди,
Жуда кўп чопди.
Бошлади малаклар юз чайган кўлга.
Сев, сев, севв!

Кўзимга мил тортдим, сени эсладим
Кафтингда бахт қуши, елкангда кафтар.
Осмон марказига ботаётирсан,
Осмон марказига ботар
Кийиклар.

1988.

* * *

Қайдадир тун сиёҳ кокилин эшар,
Тоғларда эзади ҳарир кўксини.
Қайдадир жайронлар ўйнаб юришар,
Фақат мен яшайман
Ўксиниб.

Қайдадир минора қанот қоқади,
Ҳис этиб танида лайлак жисмини.
Зарафшон қайгадир лойқа оқади,
Фақат мен яшайман
Ўксиниб.

Қайдадир изтироб фазога етар
Томоша қилгани товус рақсини.
Қақнуслар оловлар измида ётар,
Фақат мен яшайман
Ўксиниб.

Қайдадир сайҳонда ўтлар қовушар,
Қайдадир йўқотар офтоб бўзини.
Қайдадир майсалаб битар товушлар,
Фақат мен яшайман
Ўксиниб.

Қайдадир шапалак шафақни ушлар,
Нурланиб сезади бахтнинг исини.
Қайдадир бир санам мени деб яшар,
Фақат мен яшайман.
Ўксиниб.

1988.

* * *

Ҳеч ким суйган эмас мени сенчалик,
Қақнус тумшуғида ёнган аланга.
Азизам, азизам, ғамгин азизам,
Саодат олмоққа етурми тангам.

Захоб ютиб кетган
Олучча барги,
Темир дубулғада ўсган чиннигул.
Нотинч изтиробим ва соғинчларим
Сенсиз этмакдаман ёлғиз танаввул.

Ҳамал қафасида ҳарир, ғаройиб
Зиндон топиб берар кофар ҳаяжон.
Бўёқлар яралган симий ҳовузда
Қунишиб, жунжикар-серталваса жон.

Ҳеч ким севган эмас мени сенчалик,
Ҳеч ким бўлолмаган сендай фидо тан.
Денгизни сапчитиб отган қийқириқ,
Гўё сен,
Денгиздай таажжубланаман.

Оғир лангар бўлиб қўлларим чўкар,
Тубсиз қучоғингга карахт, беозор,
Ҳайронман,
Узугинг ютган наҳанглар,
Сени қуршаётир ишорангга зор.

Ҳеч ким суйган эмас мени сенчалик,
Ҳеч ким суйган эмас мени юракдан.
Ҳеч ким тўкилмаган сендек эланиб,
Ҳеч ким тўкилмаган сендек элакдан.

На тақдир битувчи,
На қаттол рақиб,
Бермаган саодат олмоққа танга.
Ҳеч ким ёндирмаган мени сенчалик,
Қақнус тумшуғида ёнган аланга.

Ҳеч ким суйган эмас мени сенчалик…

1984.

ҚАСАМ

Фаромуш боғларда солланиб маҳзун,
Заррин сарполарда, давлати фузун,
Қалбимга атайди нон ҳамда тузин,
Ё жоним муҳаббат,
Сим-сим-эй, сим-сим,
Мабодо алдасам, қўлларим синсин.

Ўткинч тилакларда болалик бадбахт,
Севгининг номидан ёзади тилхат.
Агарда яшасам қалдирғочсифат,
Қизғалдоқ энамдир,
Сим-сим-ей, сим-сим,
Мабодо алдасам, қўлларим синсин.

Ортимда чўл дедим, кўрсам, Бадахшон,
Қадимий тангадай беҳамён, бешон.
Ўзимни изласам – мендан йўқ нишон,
Ал-амон мен қайда,
Сим-сим-эй, сим-сим.
Мабодо алдасам қўлларим синсин.

Сўнгги дам ўзим-ла ўчакишсам, ҳай,
Соҳир кўзларингдан талаб этсам май,
Эвоҳ, кекирдагим кесиб этсам най,
Пуфласам – куй ёнса,
Сим-сим-эй, сим-сим.
Мабодо алдасам юрагим тинсин.

1984.

ТААЖЖУБ

Кувида нима бор – Абрсув,
Халтада нима бор – Кунчакка.
Товоқда нима бор – Тунмайиз,
Олақол
Емакка.
– Хўп, майли…

Қозонда нима бор – Ойшўрва,
Косада нима бор – Юлдузқоқ.
Шишада нима бор – Уфқёғ,
Керакми?
Олақол.
– Хўп, майли…

Аслида не тусаб қолдинг сен,
Артиб ол, лабингдан сўлагинг.
– Дадажон, қорним тўқ, айтинг, мен
Не билан овутай юрагим?
– Ё товба…

1988.

* * *

Қорсан, муваққатсан, эрийсан, йўқсан –
Афлотун эмассан – атиги хотир.
Мени эзғилашга ўчсан, кечаги
Сулув эдинг,
Мен ахир…
Кўзгу масхаралар, оқ тушган – хабар,
Ажинлар солади нохуш хавотир.
Мени ғижимлашга ўчсан, кабутар.
Осмон эдинг,
Мен ахир…

Қўрққандим, ўшанда, қўлларим боғли,
Қўрқдим, кириб кетдим, чиқмадим –
чодир.
Мени нимталашга излайсиз, доғли –
Юрак эдинг,
Мен ахир…

Бўридай санқийман ўз зулматимда
Ўғирлаб олганим кечаги тақдир.
Нимага унутай дард, кулфатимсан,
Севгим эдинг,
Мен ахир…

1992.

Бошпана

Кўзингни тиқма, бу менинг бошпанам,
Пойгакдан мўлтайма, асло қўймайман,
Юрак деб аталган қизил офтобдан
Ўзим қон ичгайман, сенга қуймайман.

Бармоғинг ниқтама, менинг бошпанам
Хати тирноғинг-ла ёзилмагандир.
Мен билан Худонинг ўртасида ҳам,
Ариқлари сен-ла қазилмагандир.

Юзинг буриштирма, менинг бу юзим,
Қирилган гоҳ кишан, гоҳ тиканлардан.
Кўтардим қилт этмай ҳайрат қимизин,
Эзилдим эзилиб эзилганлардан.

Меники бу ғавғо, керакмас даллол,
Дафтарим варақлаб ўқий олмайсан.
Агарки, борлиғим йиртсалар, алҳол,
Менга бошқа борлиқ тўқий олмайсан.

Йўлу йўриғингга юрмасман зинҳор.
Эшит, фарёд чиқар ўпган тошимдан,
Илоё, бошингни тешмасин дўл-қор,
Илоё, ёрилма еган ошингдан.

1990.

* * *

Пайғомлар йўлладим, уйғон, ҳилолим,
Жунун оқшомлари очди жамолин,
Поялар урибман домингга сенинг,
Сен менинг,
Сен менинг,
Сен менинг.

Тийра гирёнларда отлиқ дард ҳоким,
Ки зулфи оташи аждарлар балким.
Боримни бахш этдим, ромингга сенинг,
Сен менинг,
Сен менинг,
Сен менинг.

Там-там малаксиймо чачвонин ташлар,
Яғмо шамларига ибодат бошлар,
Ризвон олмасида имонинг сенинг,
Сен менинг,
Сен менинг,
Сен менинг.

Ризо чайласида оҳунинг рози,
Жамбил хоҳишига монанд овози.
Дўззахий бўлса ҳам каломинг сенинг,
Сен менинг,
Сен менинг,
Сен менинг.

1990.

ИЛЛО

Илло, қисматимни титиб қўйганман,
Илло, ҳавасимни қирқиб қўйганман.
Илло, жамолингга кўзим ўйганман,
Илло…

Сенинг аччиғингда вафодор гулдай
Палакларим ташлаб кеккайдим, илло.
Ҳасрат – бидъатидан майишдим
ғулдай,
Илло…

Девордаги доғдай мудҳиш сесканиб,
Тобландим тафтингни тобида, илло.
Беҳузур чирпандим, сени қизғаниб,
Илло…

Тупроқ ерникимас, шуур фазода,
Киндик уламини ажратган момо
Мени маҳкум этсин машъум жазога,
Илло…

1991.

ТУЙҒУ

Сен райҳондан ўргула, сўласан,
Томчидай томчидай тундан кейинги
Тонг эмас, йўқ, чароғон шабнам…
Жону кўзим, бор нурга кўмилгин.

Масиҳнафас дамсен, тирилгайдир у,
Қизғалдоқ ёпинғич, юм-юм юмилгин.
Илинж соғаридан туғилар туйғу,
Жону кўзим, бор нурга кўмилгин.

Қийқим-қийқим садо ёғилар, тингла,
Юракда им ила чархпалак ургин.
Коинот қадарсен, охиратинг йўқ,
Жону кўзим, бор, нурга кўмилгин.

Нидолар қилгил- у, хатолар қилгил,
Азолар қилгил-у, сазолар қилгил,
Албат нурли-нурли садолар қилгил,
Жону кўзим, бор, нурга кўмилгин.

1991.

УшмундоҚ

Осима,
Не қилай кўнглим ушмундоқ,
Бир чети осмону, бир чети тупроқ.
Бир тунда подшоман икки кишварга,
Бир кунда зордирман бир қур назарга.
Липиллаб, липиллаб бўзарди руҳим,
Хоҳла порлатиб қўй, хоҳла парчала,
Эсиз, ҳар томонга урди шукуҳим,
Эсиз, ўтолмадим шум даричадан.

Осима,
Розиман, мендан асар йўқ,
Иста, мен ҳақимда бошқа хабар йўқ.
Аммо дилим эрка дилингни истар,
Мендек хушхабар йўқ,
Мендек хатар йўқ.

Осима,
Аларга кўп ҳам инонма,
Улар қуш кўмганлар хиёбонларга.
Қумлари зарланган
Бўлса ҳам бордир,
Лек ҳаром ўрмалар товонларида…
Осима,

Сен ҳақсан,
Мен тугаб ботдим,
Бу қисса сўнгида, шудир қасида.
Гўзал борлиғимни майдалаб сотдим,
Йўғимни қайтардим
Ўз эгасига…

2004.

* * *

Пичанзорда ётган тош турди,
Думалади.
Наврўзгача уч кун бор эди.
(Сурилгиси келарди жуда…)

Қарғамикан тумшуғин урди,
Қимирлатди,
Тош индамади.
(Наврўзгача бир кун бор эди…)

Ҳамма ёқда ғимир-ғимирлар,
Ҳамма ёқни тўлдирди излар.
Тош силкинди,
Уч бор силкинди.
Сакролмади тиллақўнғиздай…
(Наврўз куни эди, ўша кун…)

Эртасига сап-сариқ тошни,
Кўриб қолди ивирсиқ бола.
Айлантириб боқди ичига,
Ичкарида куйларди лола.
(Ичкарида куйларди лола…)

2007.

(Tashriflar: umumiy 2 117, bugungi 1)

Izoh qoldiring