Shukur Xolmirzayev. Ota yurt & Adabiyot — mening hayotim…

Ashampoo_Snap_2017.08.05_10h53m17s_001_.png24 март — Ўзбекистон халқ ёзувчиси Шукур Холмирзаев таваллуд топган кун

   Шукур Холмирзаев  ёзган барча асарларида  инсониятни севиб яшашга бўлган даъватлар қабариб кўринади. У жаҳон адабиётининг ўнлаб ҳикоянавислари билан бир қаторда турадиган асарлар яратди. Биз ўша бадиият дурдоналаридан олам-олам маъно топамиз. Бу эса ўз навбатида, адабиётни тушунишга ва унинг келажагига бўлган ишонч туйғусини англаб етишга ёрдам беради.

АДАБИЁТ – МЕНИНГ ҲАЁТИМ
Адиб мақолалари ва кундалигидан
088

eab5983c2e77d9446311906678484031.jpgКундаликда ёзиб қолдирган фикрлар Шукур Холмирзаевнинг – ҳаётни, ижодни, ёзувчи масъулияти, олам ва одам ҳақидаги энг теран хулосаларини ҳам намоён қилиб турибди. Маълумки, ғарб адабиётида ижодкорнинг кундалиги ўзининг асарларидан ҳам қиммат туради, Шукур Холмирзаев умрининг сўнгги йилларида ёзган барча асарларида – инсониятни севиб яшашга бўлган даъватлар қабариб кўринади. У жаҳон адабиётининг ўнлаб ҳикоянавислари билан бир қаторда турадиган асарлар яратди. Биз ўша бадиият дурдоналаридан “олам-олам” маъно топамиз. Бу эса ўз навбатида, адабиётни тушунишга ва унинг келажагига бўлган ишонч туйғусини англаб етишга ёрдам беради. Шундай эмасми?!

088

Мен ёзувчи сифатида, адабиётчи сифатида мустақиллик даврида ўсдим – гўё бошқатдан туғилдим ва Инсону дунёни кашф этдим. Менинг учун бундан ортиқ бойлик йўқ: энди шу поғонадан туриб ижод қилишим қолди…

Мен ҳаётнинг ҳар хил томонларига, унинг турфа кўчалари борлигига диққат қаратиб шундай хулосага келдим: унда инсон ва унинг қисмати, чигал тақдирлар билан ўралганини, буни енгиб ўтиб, иродаси букилмай, қадди синмай саодатга етиб келганида шом қоронғуси туша бошлаганини ўзим неча бор кўрганман, йўқ, яшаб кўрганман…

Улуғ ижодкорлар билан ғойибона суҳбатлар қурарканман, ўзимдаги куч, ирода билан уларнинг етиб келган манзилларини солиштираман. Ҳаммасида бир хил алам билан савол туғилади: “Мен нима излаяпман?!”(Толстой) Яшашдан мақсад нима ўзи?(Достоевский) Ўзим айтганимга амал қилиб, ёзганимга жавоб бериб билдимми?(Гёте) Улуғлик нима-ю, инсонлик нима деган саволнинг моҳиятига яқинлашиб билдимми?(Хемингуэй)”

…Қарабсизки, адабиётнинг турфа кўчаси бор. Аммо – унинг олиб борар манзили битта – кўнгил! Юрак ва ақл иккиси икки қутб. Чинакам ижодкорлар шу икки қутб ўртасида кўприк вазифасини ўтайди. Ақлга суяниб кўнгилни яратади, кўнгилга суяниб – ҳикмат сўзлайди! Бу инсоннинг руҳини тозалайди дегани. Руҳнинг покланиши энг катта ибодатдир. Бу борада Мавлоно Румий “ўзлигида янги нарса топган инсон ақллидир, авлиёдир” дейди. Чунки инсон ўзидан ўзини излайди. Минглаб шу ҳақда китоблар ёзилган. аммо ўз адабиётимизни, юрагимизнинг ёзиб қўйган адабиётини ўқиб бўлганимизда эди…

Ҳаёт — бу яшаб турган ҳаёт янада бошқача бўларди. Чунки ўзининг ботинидаги адабиёт билан инсон ҳеч қачон келиша олмайди. Битта юракнинг ичида – нималар йўқ деб ўйлайсиз. Ташқарига сочилиб кетган, ҳаммаси ўз юрагимизнинг, руҳимизнинг қичқириқларидан ўзга нарса эмас!

Толе қуши елкамизга ҳали қўниб улгурмасиданоқ биз завқланамиз. Чунки қуш бизга яқинлашяпти. Ҳали бу бахт меники дегани эмас. Асар ҳам шундай яратилади. Тасаввурлардан туғилади адабиёт. Мен яхши асар ёзиш истагида “ёниб-яшасам”, буни ифода этиш йўлларини излайман, қийналаман, оғриқларим зўрая бошлайди, туйғуларим покаланади, ўзимни ҳар бир найранглардан узоқларга олиб кета бошлайман, негаки, менга толе қуши қўнишга яқинлашяпти.

Мен асар яратмоқчиман. Завқим ошади, ошаверади. Уни ёзиб тугатган куним эса – бир ўзим танҳо қоламан. Гўёки ҳеч кимим, ҳеч ташвишим, ҳеч бир юмушим йўқдек. Ботиним тилка-пора, жангу-жадалларни эслатади. Унинг тўрт томони ҳуввиллаб ётган кимсасизлик. Ёлғизлик. Ана сизга адабиётнинг қудрати. Босиб ўтилган йўл билан энди босиладиган ҳаёт йўллари учрашган жойда, тун ва зулмат бағрини чок-чок тилиб нур таратмоқчи бўлаётган қуёшнинг аксларига тўқнашган жойда туғилади ҳақиқий адабиёт.

Ҳаммамиз маъно излаймиз. Аммо ўша маънони топганимизда – умр шомига етиб келамиз. Жон ўз ишини қилиб, руҳни кузатади. Руҳ эса асл маъно эшигини қоқиб кирмоққа шошилади. Ҳаётнинг чигал томонлари бу. Адабиёт эса шу икки оралиқда – кўнгилни ёлғизликдан, зулмат ва жаҳолатдан, ёлғон ва ҳақиқатдан ҳимоя қилишга бел боғлайди.

Ўз адабиётингизни ўқиб кўринг, ўзингизнинг юрагингизда яшаб, ўзингизнинг истагингизда бир он қолиб кўринг. Шунда ҳис қиласиз ўз руҳингизнинг орузларини… қайғуларини… озорларини…

Адабиёт – менинг ҳаётим! Умр бўйи излаганларимни топдим. Баъзида шундай илмлар билан тўқнаш келдимки, ўзимга, юрагимга сиғмай кетган пайтлар кўп бўлган. Чунки илм олишда, олинган илмни ифдоа этишда холис бўлмоқ, “яхшини-яхши”, “ёмонни-ёмон”, “тўғрини-тўғри”, “ўғрини-ўғри” деб кўрсатиш билан бир қаторда уларнинг пинҳон томонларини кашф этиш лозим. Айнан шу кашф этиш – шу икки оралиқда – адабиёт туғилади. Шундагина баралла – адабиёт менинг ҳаётим деб айта оласан киши…”

 Ёзувчи боғ яратар экан, унинг асари қандай бўлса, боғи ҳам шундай бўлади. Бутун дунёда ўзининг қадрига етган ижодкор – ёзувчи борки, ёлғизликни яхши кўради. Ёлғизлик фикрни тиниқлаштиради, фақат ўз фикрларинг билан қоласан. Ёзувчилик – оғир кармон иш, бу кўп ўтиришни, ёлғизликни талаб қилади.

 Бошқа санъат турлари қаторида адабиётимизни янада ўсишини, мустақиллигимизни тўла ёритадиган, унинг барча изтиробу қувончларини қамраб олган баркамол бадиий асарларимиз яратилишини орзу қиламан.

 Ҳужрам бурчагида ҳамон тақинчоқлари олинмаган (бойнинг келинидай) арчам кўкариб турибди. Аммо шохлари-бутоқлари қари чол-кампирларнинг бармоқларидек қийшайиб-тумшайиб кетди. Демак, бу арча қаридими… ўлдими? Ўлди. Ажаб, у тирик эди. дачадан кесиб келувдим. Бизга (айниқса, жужуқларга) қанча завқ берди ва шунинг учун эвазига… ўлди. Энди у бизга керакмас! Уни чиқариб, майдонга ташлаймиз ва… ёқиб юборамиз. Қандай ваҳший зотмиз! Ёки бу арча… умридан розимикин? Инсонларга шунча завқ бериб ҳалок бўлиш – ҳамма арчаларгаям насиб этавермайди-ку? Хаёл, хаёл. Бас!

 Салом, дафтар! Бугун душанба бўлиши керак. Ҳикоям?! Чилонзорга – санъат ўқув юртига таклиф қилишди. 500 одам бор эди. Мени улуғлардай кутиб олишди. Сўнг… кўчада ёлғиз қолдим.

 Роман устида ишлаяпман: роман ёзишни, умуман, санъат яратишни ўргандим. Финал хусусида: Бир улуғ одамнинг фавқулодда қазосидан ҳайратга тушамиз. Аммо дўппини олиб қўйиб: “Не бўлиб шундай ўлим топди?” деб ўйлай бошласак ва ошиқмасдан унинг ҳаёт йўлига назар ташласак, шундай “нуқта”ларни кўрамизки, ўшаларга назардан шу одам айни кунда ўлиши лозим эканига ақлимиз етади. Энди: асарда ҳам шу тариқа – ҳол юз бериши лозим. Аммо асарга қаҳрамон этиб олинган каснинг ўшандоқ “нуқта”ларига алоҳида эътибор зарур… Шу “эътибор” ёзувчига “дастур” бўлса, асар ўз-ўзидан ёзилади ва керакли-лозим воқеалар тасвирланади, ҳалиги “нуқта”ларга ёш, фавқулодда ўткинчи ҳоллар ўз-ўзидан тушиб қолади. Бу – буюк Қонун!

 Адабиёт – ҳасратдан бошқа нарса эмас. Фақат Ёзувчининг оддий одамдан фарқи – оддий одам ўз дардидан ҳасрат қилса, Ёзувчи бировлар дардидан ҳасрат қилади.

Хурсанд Тўлибоев тайёрлаган

Шукур ХОЛМИРЗАЕВ
ОТА ЮРТ
(Бўлган воқеа)
088

I

Мансур деган жияним бор. Новчадан келган, қотма, ўзимга ўхшаган қиррабурун йигит. Совхозда агроном бўлиб ишлайди. Иши яхши. Лекин қайси куни шикоят қилиб қолди:

— Ариқ устидаги Қудрат бобони биласизми? Ўшани ўнта эчкиси бор. Токзорга яқин туради. Деворнинг орқаси — унинг уйи. Шу баҳорда токзорни айланган эдим. Қарасам, бир тарафи кўкариб қолибдию бир тарафи қип-қизил, совуқ уриб кетгандай. Буни нима жин урди, деб текширган бўлдим. Совуқ-повуқ урган эмас — мол еб кетибди! «Ўламан саттор, мол киргани йўқ!» дейди. Ахир, кўриб турибман, мол қийратган. У ер-бу ерга белги қўйдим. Эртасига борсам, яна уч туп токнинг шўрасини еб кетибди. Ишга ўтган йилим шу токларни экдирган эдим. Меҳнатинг сингса, дарахт ҳам болангга ўхшаб қолар экан. Кейинги куни ярим кечада от миниб бордим. Биламан, қоровул гўрсўхта ухлаб қолган. Девордан қарасам, ўнтача майда мол токларни киртиллати-иб еб юрибди. Бедапоя марзасида биров орқа ўгириб ўтирибди. Аста отдан тушдим. Уни бутага боғлаб, девордан ошиб тушдим. Секин-аста ёнига бор-сам, ўша — Қудрат бобо! Ол-а! Ўтирган жойида ухлаётган экан. Ёнгинасига ўтирдим. Эчкилар токни қийратяпти. Бу киши уйқуни уряптилар! Барака топмагур пенсионер. Пенсионерни сўкма, дерсиз. Қўйинг, шунақалари борки, бизда ишласангиз биласиз. Охири чидай олмадим. Ахир, совхознинг токини еяпти-я! Ўтини ҳам эмас! Бу чолни на совхоз, на халқ қизиқтиради, ўлай агар! Йўғасам, шундай қиладими? Тикилиб турдим-да, шаппа бўғиб ерга босдим. Эловсираб қолди. Рости, сўкдим. Кейин қўйвордим. Анчадан кейин ўзига келди. «Туринг, милисага борамиз!» дедим. Йиғлайди, сиқтайди денг. Кўнглим бўш-да. Жавобини бердим. Аммо шу токларни ўстириб берасиз, деб шарт қўйдим. Токни ўстиролмади-ю, бир центнер майиз келтириб топширди. Ҳарна-да. Ҳозир мени кўчада кўрса, отда бўлсам ҳам букилиб салом беради. «Саломалайкум, Раҳмон полвоннинг ўғли. Яхши юрибсизми?» — деб қўяди.

…Мансурнинг отаси, яъни тоғам ҳақиқатан ҳам полвон ўтган. У кишининг отаси — бобом ҳам вақтида бекнинг полвони бўлган, ҳатто Афғонистонга бориб, у тарафнинг полвонлари билан беллашиб келаркан. Инқилоб олдида қоқшолдан ўлган. Зурёд бўлиб онам билан тоғам қолган.

II

Мансуржоннинг ҳамма иши жойида-ю, лекин кўнглида киши билмас бир дарди бор. Тоғам урушга кетиб, «бедарак йўқолди» деган хабар келган эди. Бояқиш момом: «Кафан кийган келмайди, кепата кийган келади», деб тоғамнинг йўлига кўз тута-тута дунёдан ўтди. Онам ҳам яқин йилларгача ёлғиз укасининг омон қайтишини кутарди. Тоғамни икки-уч йил кутгач, янгамиз эр қилган. Лекин ёлчимаган. Ундан чиқиб, ҳозир укасининг уйида яшайди. Гап-гурунг устида у ҳам тоғамнинг қачон бўлмасин кириб келишини кутаётганини сезар эдим.

«Бедарак йўқолди». Жуда мавҳум гап-да!

Хуллас, жиянимнинг дарди ҳам шу эди. Бир куни мен:

— Мансуржон, бир сўратиб кўрмайсизми? Ўша хат келганига ўттиз йилдан ошди. Бедарак кетганларнинг кўпларидан дарак чиқди, — дедим.

— Йўқ-йўқ. Керакмас, — деди. Сўнг мунгланиб, айбдордек жилмайди. — Асир тушиб кетган бўлса-чи? Йўқ. Бу иснодга чидолмайман.

Бобомизнинг Фармон деган укаси ҳам елкаси ер искамаган полвонлардан экан. Лекин бекнинг полвонлари сафига қўшилмаган, темирчилигини қилиб юраверган. «Ундай мағрур одам уруғимиздан чиққанмас», дерди раҳматли момом.

У кишини ўша мағрурлиги олиб кетган. Бир куни темирчиликда ўтирса: «Раис жаноблари келяпти!» деб овоза бўлибди. Раис — қози ҳузуридаги бир мансабдор, асосан савдо-тижорат аҳлининг арзини тинглаб, ажрим қиладиган киши. У бозорга от ўйнатиб кирганда, савдогару харидор расталардан тушиб, икки букилиб қарши оларкан. Ҳамма пастга тушибди-ю, Фармон полвон дўкони супасида қаққайиб тураверибди. Кимдир унинг этагидан тортиб: «Полвон, пастга тушинг. Бир балони орттирманг», дебди ҳам. Полвон парво қилмабди. Раис ўзига қарашли ясовул ва навкарлар билан бозорга кирибди. Одамлар билан сўрашиб, аҳволлашиб ўтаверибди. Фармон полвонга етганда тўхтаб, ҳайрон бўлиб сўрабди: «Нега пастга тушмайсиз, полвон?» «Э, тақсир, — деб жавоб берибди темирчи, — сиз ҳам худонинг бандаси, мен ҳам худонинг бандаси. Бандаси бандасига таъзим қилса, фарқимиз қаерда қолди?» Раис навкарларига: «Ушланглар. Бандихонага олиб кетинглар!» дебди. Полвон зиндонда ётаверибди. Акаси, қариндош-уруғлари, мухлислари ҳам бекка бориб ёлворишибди, хунини сўрашибди. Бек бир куни: «Буни раис жанобларидан сўрангиз. У киши афв этса, полвон ҳозир чиқиб кетади», дебди. Улар раисга боришибди. Раис узоқ мулоҳазадан сўнг: «Фармон полвонни бозоржойга олиб чиқамиз. Менинг хоки пойимни ўпиб тавба қилсин. Токи бу иш фуқарога ибрат бўлгай, минбаъд улуғлар шаънига доғ туширгувчи гумроҳ ана шундай жазога тортилажагини тушуниб олурлар», дебди. Нақл қиладиларки, полвон шартга рози бўлмаган. Икки ойдан кейин уни зиндонда жойнамозга мук тушиб, ўлиб ётган еридан олиб келган эканлар…

Мансур: «Отам асир тушган бўлса… бу иснодга қандай чидайман», деганида шу воқеани эсладим. У одамларнинг феъли-атвори менда йўқ. Лекин мана шу жиянимда бор чоғи.

III

Бултур ҳаётимда катта бир ўзгариш бўлди. Ўттиз тўрт йилдан бери биринчи марта ота юртимга бордим.

Отам қўшни областнинг чўлдаги Булғур деган қишлоғидан. Буёққа келишидан аввал у Булғурда маориф мудири экан. Ўша кезлар қандайдир англашилмовчиликлар орасида, баъзи бемаъни одамларнинг туҳмати билан, отамга ўхшаш бир неча зиёлининг ҳаёти хавф остида қолган экан. Отам вазиятни сезиб, Тошкентга жўнабди. У ерда бир йилча яшагач, дўстларининг маслаҳати билан бу тарафга, онамнинг юртига келибди. Озгина муддат район газетасида ишлаган. Тағин ўшанақа гаплар қўзғалиб, отам… кетганида мен икки яшар бола эканман.

Отам билан бирга кетганлар қайтиб, онамга: «Бандалик экан, у кишини ўз қўлимиз билан ерга қўйдик», дейишган.

Шуни айтишим керакки, онам теккан киши уйимизга келиб юрган чоғларидаёқ унга меҳр қўйиб қолган эдим. У киши бизни нуқул ўз қишлоғига кўчиб кетишга ундар, гоҳо отга миндириб олиб ҳам борар, лекин онам: «Йўқ, мен бу жойни ташлаб кетолмайман. Бу ерда ота-боболарим ўтган. Хилхонамиз шу ерда», дер эди.

Ниҳоят, у кишининг ўзи бизникига кўчиб келди. Йил ўтмай, мен уни ота деб кетдим.

Чоғимда, тез бундай деб кетишимнинг бир сабаби — у кишини жуда яхши кўриб қолганим бўлса, сўнгра — бизнинг оилада, мен тушунмайдиган сабабларга кўра, ўз отамнинг номи тилга кам олинар эди.

Йиллар ўтди.

Мен ўз отамни, унинг юрти Булғурни тез-тез эслайдиган бўлиб қолдим. Лекин буни ўгай отамдан яширардим, сездирсам, у киши хафа бўлади: «Ўгай ўгайлигини қилади-да, бари бир менга фарзанд бўлмади», деб ўйлайди, дер эдим.

Дам олиш баҳонасида бола-чақамни олиб борганимда, бир кеч зиёфатдан сархушроқ бўлиб қайтдим. Нима деганимни эслолмайман, бир вақт ҳушёр тортиб кетдим. Қарасам, отам бошимни силаб:

— Ўғлим, тўғри ўйлабсан. Ота ўғил шундай бўлади. Пулинг бўлмаса пул берай, ота юртингни бориб кўр, — деб турибди.

Негадир йиғлаб юбордим. Назаримда, шу дамдан бошлаб бу меҳрибон одам билан орамизда бир чоҳ пайдо бўлгандек эди.

Булғурга бордим. Уруғларим, аммалар, амакиваччалар шод бўлиб қолишди. «Сени кўп ўйлар эдик. Ўша ёкда бир тирноғимиз қолган, деб армонда юрар эдик. Амакиларинг ҳам урушга кетиб, қайтмади. Буёкда қўлимиз калталик қилиб, сени излаб боролмадик. Бизни кечир», деб йиғлаганлар ҳам бўлди.

IV

Булғурдан қайтиб келган куним Мансуржон ҳам уйимизда экан. Дастурхон атрофига йиғилганимизда, бўлган иш бўлди энди, деб Булғурга борганим ва кўрган-билганларимни айтиб бердим. Отам бирпас хаёлга толди-да:

— Ажаб қилибсан, ўғлим. Менинг ҳам юрагимда армон қолмайдиган бўдди. Шу бола ичида кўп ўксинар, деб ўйлар эдим, — деди.

Отамнинг гаплари қулоғимга кирмади. Кўпроқ ўз туйғуларимга қулоқ солар, уларни таҳлил қилар эдим. Оқибат, ҳайрон бўлдим: отам билан орамизда энди ҳеч қандай чоҳ йўқ эди!

Мансур дастурхон бошидан туриб кетди. Бирор ёққа чиқди, деб ўйладим. Аммо келавермади. Уёқ-буёққа қарадим — йўқ. Момомнинг чорбоғимиз этагидаги бир уй, бир даҳлизли бўш кулбаси деразасида чироқ шуьласи кўринди.

— Эна, момомнинг уйида ким бор?
— Ҳеч ким, — деди онам. — Бўш. И-е! Чироқ ёняптими?
— Сиз қимирламанг. Ўзим бориб келаман, — дедим.

Ҳақиқатан ҳам момом қазо қилгандан бери уйида биров яшамас, Мансур бир-икки ой айвонда ётиб туриб, уйлангач, жой қилиб кетган эди.

Бу уйлар кейин қурилган. Асл уйимиз ўша! Онам ҳам, тоғам ҳам ўша уйда туғилган. Кейинчалик у ерда момом билан Мансур яшади, гоҳо мен ҳам бориб ётардим.

Кўнглим ғалати бўлиб, ҳар хил хотиралар ёдимга тушиб, уйга яқинлашдим. Бир неча йилдирки, бу уйчага кирганимни билмайман. Бироқ ҳозир қаерда тош туртиб чиқиб турибди, қаер чуқурча — ихтиёрсиз бир тарзда билиб, шунга мос қадам ташлаб борардим.

Мана, супа. Тарновдан оққан сув супанинг лабларини емириб юборган эди. Ҳамон шундай бўлса керак. Ана, ёғоч каравот. Мен ҳам шу каравотда, момомнинг ёнида ётардим. У дам Мансурнинг, дам менинг бошимни силаб, ҳангомалар айтиб ухлатар эди.

Ана, айвон бошида ўчоқ. Унда бобомдан қолган мис чойдишда чой қайнатиларди. Момом чойнакка чой дамлагач, чўққа қўяр, жўмрагидан пирқиллаб сув тоша бошласа, қозонсочиқ билан тагини артиб, дастурхонга келтирар эди. Дастурхонда туршак, олмақоқи, шафтолиқоқи, ёнғоқ, патир бўларди. Биз нонни чойга бўктириб ер эдик.

Моможон! Хотира мулким! Энг азиз, гўзал дақиқаларим сиз билан ўтган. Ҳаётни сизнинг кўзингиз билан кўрганман! Сиздан бир умр миннатдорман, момогинам.

Деразадан қарасам, Мансур палосда ўтирибди. Олдида қандайдир сурат. Бир қўлини ерга, бирини белига тираб, суратга тикилади. Секин эшикни тортдим.

— Ким у? — дея бўғилиб бақирди у.

— Мен, мен, — дедим. Эшикни очиб кирдим. Таниш ҳидлар димоғимга урилди. — Нима қиляпсиз, Мансур?

У менга лоқайд назар ташлаб, суратга ишора қилди. Эгилиб қарасам — тоғам! Қора чопонда, кўкраги очиқ. Сочи олинган. Кичкина мурти бор. Тоғам бу суратни урушга кетишдан бир кун олдин олдирган экан. Момом борлигида дераза билан эшик ўртасида, деворга осиғлиқ турарди.

Тавба! Нега илгари тузукроқ қарамаган эканман! Бу одам менинг тоғам-ку! Ҳозир ҳаёт бўлганида мени жияним деб суярди. Тоғажон, биз кўп нарсаларни ўз вақтида эмас, кейин суямиз шекилли… Кўкраги очиқ. Қандайдир чапанинамо. Лекин мардлиги, йигитлиги мана мен деб турибди! Уруш еди бу одамни.

Мансурга қарадим. Дафъатан унинг юрагидаги пинхоний дард ёдимга тушди. Энди ёмон таъсирланиб кетдим. Мансурга яна тикилиб қарадим. Чеҳрасида аламзадалик ифодаси намоён эди.

— Мансур! — дедим. — Бу ўтириш ярашмайди сизга! Мен тоғамнинг асир тушиб кеттанига ишонмайман. Тўғри, ярадор бўлиб, ўзи билмай асир тушиб қолганлар бор, албатта…

— Йўқ! — деди у. — Эркак одам асир тушмайди!
— Шу тобда ўз даражангизга муносиб фикр қилмаяпсиз.

— Мен ўз фикримни айтяпман.
— Бўлмаса, нимадан қўрқасиз? Сўранг, суриштиринг.

У суратни олиб ўрнидан турди. Жойига илиб қўйди.
— Кетдик.

Мансур танчада ёниб турган, — момомдан қолган, — еттинчи лампани тепасидан пуфлаб ўчирди. Чикдик. Атроф зим-зиё, пастга тушиб, ўнгга бурилди. Уйимиз эса рўпарада.

— Қаёққа? — дедим.
— Мен бир… — У чайналиб тургач, ниҳоят айтди: — Шу… опамни бир кўриб келай…

У янгамиз эр қилиб кетгани сабабли ҳамон уни ёқтирмас, янгам ўртага одам қўйиб, неча марта «яраштиринглар», деган, онам ҳам Мансурга кўп марта: «Қўй энди, жигарим. Онангдаям айб йўқ. Тақдир экан, яраш», деган, лекин Мансур у киши билан ҳатто гаплашишни ҳам истамас эди.

— Шундай қилинг, Мансуржон. Ҳаётда ҳамма нарса бўлади. Уруш айбдор, — дедим.

У ерга тикилди. Шу бўйи бурилиб, боғ оралаб кетди.

V

Май байрамини Тошкентда бола-чақам билан ўтказиб, туғилган юртимга жўнадим. Буёкда яна байрамлар кўп. Йўлакай Булғурга ҳам тушдим. Аммамлар, амакиваччалар — барчалари хурсанд бўлиб кетишди. Энди улар: «Ё бизни ҳам ўша ёққа олиб бор, ё уларни бизга ола кел. Борди-келди қилайлик», деб қолишди.

Булғурдан чиқаётиб, кўнглим кўтарилиб, бағрим кенгайиб кетганини ҳис қилдим. Бу кўнглимга она юрт ҳам, ота юрт ҳам сиғар экан. Сиғибгина қолмай бағрингни кенгайтириб юборар экан.

— Мансур қалай? — дедим онам билан сўрашар-сўрашмас. — Ота, Мансурнинг кайфияти қалай?

Улар бир-бирларига қараб, сўнг бир-бирларига гап бермай:
— Чошгоҳда бир кўринди. Кайфи бор эди чоғи… Яна чиқиб кетди. Лекин онаси билан ярашгани яхши бўлди-да. Момонгнинг уйига кўчириб келмоқчи. Насиб бўлса, балки ўз уйига кўчириб кетар… Кайфияти тузуг-у, биз билан яхши гаплашмади, — дейишди.

Янгамиз билан ярашгани яхши. Аммо… Чой-пой ичиб, дам олган бўлдим-да, кўчага чикдим. Тошкентдан йилда бир келган таниши ё синфдошини кўрганлар нима қилади? Бунинг устига, бугун 9 май — Ғалаба куни!

Ресторандан чиқиб, истироҳат боғига ўтдик. Кўчада мактаб томон кетаётсак, тахта омбори олдида одам гавжум! Қандайдир ҳайкалнинг устидан сурп чодирни туширишяпти. Атрофида пионерлар кўп. Кўпининг қўлида лолақизғалдоқ.

Қаерда бўлмай, Мансурни суриштирдим. Идорасига, бўлимларга телефон қилиб, уни қидириб ҳам келишди. Мансур ҳеч қаерда йўқ эди.

Дўстларим мени кузатиб қўйишди. Дарвозахонада ҳам бир оз гаплашиб турдик.

— Ҳайкал яхши бўпти, — деди Бўронбек деган синфдошим. — Фақат бир жиҳати менга унча ётишмади. Номаълум солдат дейилган, бу тўғри-ю, шу… ҳайкал ўзимизнинг тоғлик йигитларга ўхшамабди-да.

Ҳар ким ҳар хил фикр айтди. Оқибат — қишлоқда ҳайкал ўрнатилишининг ўзи яхши гап, деб хайрлашдик.

Мансурдан кўнглим алағдалиги учунми, уйда узоқ ўтиролмаслигимни сезардим.

— Эна, Мансурдан дарак борми? Дарак йўқ? — Момонинг уйига йўл олдим. Назаримда, Мансур уйда ётгандек туюлди. Чироқни ўчириб ётгандир, деб ўйлаб супага чикдим. Деразадан қарадим. Эшикни очдим. Гугурт чакдим. Уй бўм-бўш.

Айтганимдек, уйда ўтиролмадим. Яна кўчага чиқиб кетдим.

VI

Қайтиб келаётсам, биров салом беради. Қарасам, Қудрат бобо!

— Э, салом! — дедим. — Раҳмон полвоннинг ўғлини кўрмадингизми?

— Ҳе, — дея чол кулиб қўйди. Сўнг ҳовликди: — Нима эди?
— Йўқ, кўрдингизми бугун?

— Шу… қаердаям… Қизилнинг бошида кўрдим шекилли. Отлиқ эдилар. Гиламдай очилган лолақизғалдоқ ичида турган эканлар. Мен билан яхши сўрашдилар…

— Бобой, у менга жиян бўлади, биласиз.
— Албатта, албатта.
— Шуни менга топиб берасиз энди.

Тонг қоронғиси экан. Биров чақирди. Болохонадан чиқсам, дарвоза тарафда ўша Қудрат бобо. Қўли билан мени имлади. Кийиндим, тушиб бордим.

— Ҳа?
— Мана буни кўринг.

Бир сурат берди. Тикилдим. Қандайдир мармар устун, атрофида ўзбекларга ўхшамайдиган кампир, чоллар, ёш болалар.

— Нима бу?
— Яхшироқ қаранг.

Қайтиб болохонага чикдим. Лампочкани ёкдим. Не кўз билан кўрайки, мармар устун — ҳалок бўлган аскарларга қўйилган ёдгорлик бўлиб, унда олтита исм ёзилган, тўртинчиси — «Ўрмонов Раҳмон» эди. «1943 йил, 3 октябрь». Атрофда ёдгорликка таъзим қилиб турган кампир, чол ва болалар — руслар.  (Кейин билсам, Мансур отасини ҳарбий комиссарлик орқали суриштирган, натижада Ростовдан хат билан бирга шу сурат ҳам келган экан. Комиссарликдагилар атай Ғалаба куни беришибди.)

Чопиб пастта тушдим.

— Буни қаердан топдингиз?
— Ёнида ётган экан.

— Ўзи қаерда?
— Ҳозир кўрасиз.

Қудрат бобога эргашдим. Кўчага чикдик. Чол мени мактабга борадиган йўлга бошлади. Ёғоч омборга етмаёқ:
— Ана, ана! — деди.

Мансур солдат ҳайкали тагида, мармар зинада бошини ҳайкалнинг пойига қўйганча ётар, ёнида боғланмаган бир даста лолақизғалдоқ бор эди…

1978

Shukur Xolmirzayev yozgan barcha asarlarida insoniyatni sevib yashashga bo‘lgan da’vatlar qabarib ko‘rinadi. U jahon adabiyotining o‘nlab hikoyanavislari bilan bir qatorda turadigan asarlar yaratdi. Biz o‘sha badiiyat durdonalaridan olam-olam ma’no topamiz. Bu esa o‘z navbatida, adabiyotni tushunishga va uning kelajagiga bo‘lgan ishonch tuyg‘usini anglab yetishga yordam beradi.

ADABIYOT – MЕNING HAYOTIM
Adib maqolalari va kundaligidan
088

8ee5be33344552c23368c5e6861d0b4c.jpg Kundalikda yozib qoldirgan fikrlar Shukur Xolmirzayevning – hayotni, ijodni, yozuvchi mas’uliyati, olam va odam haqidagi eng teran xulosalarini ham namoyon qilib turibdi. Ma’lumki, g‘arb adabiyotida ijodkorning kundaligi o‘zining asarlaridan ham qimmat turadi, Shukur Xolmirzayev umrining so‘nggi yillarida yozgan barcha asarlarida – insoniyatni sevib yashashga bo‘lgan da’vatlar qabarib ko‘rinadi. U jahon adabiyotining o‘nlab hikoyanavislari bilan bir qatorda turadigan asarlar yaratdi. Biz o‘sha badiiyat durdonalaridan “olam-olam” ma’no topamiz. Bu esa o‘z navbatida, adabiyotni tushunishga va uning kelajagiga bo‘lgan ishonch tuyg‘usini anglab yetishga yordam beradi. Shunday emasmi?!

088

Men yozuvchi sifatida, adabiyotchi sifatida mustaqillik davrida o‘sdim – go‘yo boshqatdan tug‘ildim va Insonu dunyoni kashf etdim. Mening uchun bundan ortiq boylik yo‘q: endi shu pog‘onadan turib ijod qilishim qoldi…

Men hayotning har xil tomonlariga, uning turfa ko‘chalari borligiga diqqat qaratib shunday xulosaga keldim: unda inson va uning qismati, chigal taqdirlar bilan o‘ralganini, buni yengib o‘tib, irodasi bukilmay, qaddi sinmay saodatga yetib kelganida shom qorong‘usi tusha boshlaganini o‘zim necha bor ko‘rganman, yo‘q, yashab ko‘rganman…

Ulug‘ ijodkorlar bilan g‘oyibona suhbatlar qurarkanman, o‘zimdagi kuch, iroda bilan ularning yetib kelgan manzillarini solishtiraman. Hammasida bir xil alam bilan savol tug‘iladi: “Men nima izlayapman?!”(Tolstoy) Yashashdan maqsad nima o‘zi?(Dostoyevskiy) O‘zim aytganimga amal qilib, yozganimga javob berib bildimmi?(Gyote) Ulug‘lik nima-yu, insonlik nima degan savolning mohiyatiga yaqinlashib bildimmi?(Xeminguey)”

…Qarabsizki, adabiyotning turfa ko‘chasi bor. Ammo – uning olib borar manzili bitta – ko‘ngil! Yurak va aql ikkisi ikki qutb. Chinakam ijodkorlar shu ikki qutb o‘rtasida ko‘prik vazifasini o‘taydi. Aqlga suyanib ko‘ngilni yaratadi, ko‘ngilga suyanib – hikmat so‘zlaydi! Bu insonning ruhini tozalaydi degani. Ruhning poklanishi eng katta ibodatdir. Bu borada Mavlono Rumiy “o‘zligida yangi narsa topgan inson aqllidir, avliyodir” deydi. Chunki inson o‘zidan o‘zini izlaydi. Minglab shu haqda kitoblar yozilgan. ammo o‘z adabiyotimizni, yuragimizning yozib qo‘ygan adabiyotini o‘qib bo‘lganimizda edi…

Hayot — bu yashab turgan hayot yanada boshqacha bo‘lardi. Chunki o‘zining botinidagi adabiyot bilan inson hech qachon kelisha olmaydi. Bitta yurakning ichida – nimalar yo‘q deb o‘ylaysiz. Tashqariga sochilib ketgan, hammasi o‘z yuragimizning, ruhimizning qichqiriqlaridan o‘zga narsa emas!

Tole qushi yelkamizga hali qo‘nib ulgurmasidanoq biz zavqlanamiz. Chunki qush bizga yaqinlashyapti. Hali bu baxt meniki degani emas. Asar ham shunday yaratiladi. Tasavvurlardan tug‘iladi adabiyot. Men yaxshi asar yozish istagida “yonib-yashasam”, buni ifoda etish yo‘llarini izlayman, qiynalaman, og‘riqlarim zo‘raya boshlaydi, tuyg‘ularim pokalanadi, o‘zimni har bir nayranglardan uzoqlarga olib keta boshlayman, negaki, menga tole qushi qo‘nishga yaqinlashyapti.

Men asar yaratmoqchiman. Zavqim oshadi, oshaveradi. Uni yozib tugatgan kunim esa – bir o‘zim tanho qolaman. Go‘yoki hech kimim, hech tashvishim, hech bir yumushim yo‘qdek. Botinim tilka-pora, jangu-jadallarni eslatadi. Uning to‘rt tomoni huvvillab yotgan kimsasizlik. Yolg‘izlik. Ana sizga adabiyotning qudrati. Bosib o‘tilgan yo‘l bilan endi bosiladigan hayot yo‘llari uchrashgan joyda, tun va zulmat bag‘rini chok-chok tilib nur taratmoqchi bo‘layotgan quyoshning akslariga to‘qnashgan joyda tug‘iladi haqiqiy adabiyot.

Hammamiz ma’no izlaymiz. Ammo o‘sha ma’noni topganimizda – umr shomiga yetib kelamiz. Jon o‘z ishini qilib, ruhni kuzatadi. Ruh esa asl ma’no eshigini qoqib kirmoqqa shoshiladi. Hayotning chigal tomonlari bu. Adabiyot esa shu ikki oraliqda – ko‘ngilni yolg‘izlikdan, zulmat va jaholatdan, yolg‘on va haqiqatdan himoya qilishga bel bog‘laydi.

O‘z adabiyotingizni o‘qib ko‘ring, o‘zingizning yuragingizda yashab, o‘zingizning istagingizda bir on qolib ko‘ring. Shunda his qilasiz o‘z ruhingizning oruzlarini… qayg‘ularini… ozorlarini…

Adabiyot – mening hayotim! Umr bo‘yi izlaganlarimni topdim. Ba’zida shunday ilmlar bilan to‘qnash keldimki, o‘zimga, yuragimga sig‘may ketgan paytlar ko‘p bo‘lgan. Chunki ilm olishda, olingan ilmni ifdoa etishda xolis bo‘lmoq, “yaxshini-yaxshi”, “yomonni-yomon”, “to‘g‘rini-to‘g‘ri”, “o‘g‘rini-o‘g‘ri” deb ko‘rsatish bilan bir qatorda ularning pinhon tomonlarini kashf etish lozim. Aynan shu kashf etish – shu ikki oraliqda – adabiyot tug‘iladi. Shundagina baralla – adabiyot mening hayotim deb ayta olasan kishi…”

Yozuvchi bog‘ yaratar ekan, uning asari qanday bo‘lsa, bog‘i ham shunday bo‘ladi. Butun dunyoda o‘zining qadriga yetgan ijodkor – yozuvchi borki, yolg‘izlikni yaxshi ko‘radi. Yolg‘izlik fikrni tiniqlashtiradi, faqat o‘z fikrlaring bilan qolasan. Yozuvchilik – og‘ir karmon ish, bu ko‘p o‘tirishni, yolg‘izlikni talab qiladi.

Boshqa san’at turlari qatorida adabiyotimizni yanada o‘sishini, mustaqilligimizni to‘la yoritadigan, uning barcha iztirobu quvonchlarini qamrab olgan barkamol badiiy asarlarimiz yaratilishini orzu qilaman.

Hujram burchagida hamon taqinchoqlari olinmagan (boyning keliniday) archam ko‘karib turibdi. Ammo shoxlari-butoqlari qari chol-kampirlarning barmoqlaridek qiyshayib-tumshayib ketdi. Demak, bu archa qaridimi… o‘ldimi? O‘ldi. Ajab, u tirik edi. dachadan kesib keluvdim. Bizga (ayniqsa, jujuqlarga) qancha zavq berdi va shuning uchun evaziga… o‘ldi. Endi u bizga kerakmas! Uni chiqarib, maydonga tashlaymiz va… yoqib yuboramiz. Qanday vahshiy zotmiz! Yoki bu archa… umridan rozimikin? Insonlarga shuncha zavq berib halok bo‘lish – hamma archalargayam nasib etavermaydi-ku? Xayol, xayol. Bas!

Salom, daftar! Bugun dushanba bo‘lishi kerak. Hikoyam?! Chilonzorga – san’at o‘quv yurtiga taklif qilishdi. 500 odam bor edi. Meni ulug‘larday kutib olishdi. So‘ng… ko‘chada yolg‘iz qoldim.

Roman ustida ishlayapman: roman yozishni, umuman, san’at yaratishni o‘rgandim. Final xususida: Bir ulug‘ odamning favqulodda qazosidan hayratga tushamiz. Ammo do‘ppini olib qo‘yib: “Ne bo‘lib shunday o‘lim topdi?” deb o‘ylay boshlasak va oshiqmasdan uning hayot yo‘liga nazar tashlasak, shunday “nuqta”larni ko‘ramizki, o‘shalarga nazardan shu odam ayni kunda o‘lishi lozim ekaniga aqlimiz yetadi. Endi: asarda ham shu tariqa – hol yuz berishi lozim. Ammo asarga qahramon etib olingan kasning o‘shandoq “nuqta”lariga alohida e’tibor zarur… Shu “e’tibor” yozuvchiga “dastur” bo‘lsa, asar o‘z-o‘zidan yoziladi va kerakli-lozim voqealar tasvirlanadi, haligi “nuqta”larga yosh, favqulodda o‘tkinchi hollar o‘z-o‘zidan tushib qoladi. Bu – buyuk Qonun!

Adabiyot – hasratdan boshqa narsa emas. Faqat Yozuvchining oddiy odamdan farqi – oddiy odam o‘z dardidan hasrat qilsa, Yozuvchi birovlar dardidan hasrat qiladi.

Xursand To‘liboyev tayyorlagan

Shukur XOLMIRZAYEV
OTA YURT
(Bo‘lgan voqea)
088

I

Mansur degan jiyanim bor. Novchadan kelgan, qotma, o‘zimga o‘xshagan qirraburun yigit. Sovxozda agronom bo‘lib ishlaydi. Ishi yaxshi. Lekin qaysi kuni shikoyat qilib qoldi:

— Ariq ustidagi Qudrat boboni bilasizmi? O‘shani o‘nta echkisi bor. Tokzorga yaqin turadi. Devorning orqasi — uning uyi. Shu bahorda tokzorni aylangan edim. Qarasam, bir tarafi ko‘karib qolibdiyu bir tarafi qip-qizil, sovuq urib ketganday. Buni nima jin urdi, deb tekshirgan bo‘ldim. Sovuq-povuq urgan emas — mol yeb ketibdi! «O‘laman sattor, mol kirgani yo‘q!» deydi. Axir, ko‘rib turibman, mol qiyratgan. U yer-bu yerga belgi qo‘ydim. Ertasiga borsam, yana uch tup tokning sho‘rasini yeb ketibdi. Ishga o‘tgan yilim shu toklarni ekdirgan edim. Mehnating singsa, daraxt ham bolangga o‘xshab qolar ekan. Keyingi kuni yarim kechada ot minib bordim. Bilaman, qorovul go‘rso‘xta uxlab qolgan. Devordan qarasam, o‘ntacha mayda mol toklarni kirtillati-ib yeb yuribdi. Bedapoya marzasida birov orqa o‘girib o‘tiribdi. Asta otdan tushdim. Uni butaga bog‘lab, devordan oshib tushdim. Sekin-asta yoniga bor-sam, o‘sha — Qudrat bobo! Ol-a! O‘tirgan joyida uxlayotgan ekan. Yonginasiga o‘tirdim. Echkilar tokni qiyratyapti. Bu kishi uyquni uryaptilar! Baraka topmagur pensioner. Pensionerni so‘kma, dersiz. Qo‘ying, shunaqalari borki, bizda ishlasangiz bilasiz. Oxiri chiday olmadim. Axir, sovxozning tokini yeyapti-ya! O‘tini ham emas! Bu cholni na sovxoz, na xalq qiziqtiradi, o‘lay agar! Yo‘g‘asam, shunday qiladimi? Tikilib turdim-da, shappa bo‘g‘ib yerga bosdim. Elovsirab qoldi. Rosti, so‘kdim. Keyin qo‘yvordim. Anchadan keyin o‘ziga keldi. «Turing, milisaga boramiz!» dedim. Yig‘laydi, siqtaydi deng. Ko‘nglim bo‘sh-da. Javobini berdim. Ammo shu toklarni o‘stirib berasiz, deb shart qo‘ydim. Tokni o‘stirolmadi-yu, bir sentner mayiz keltirib topshirdi. Harna-da. Hozir meni ko‘chada ko‘rsa, otda bo‘lsam ham bukilib salom beradi. «Salomalaykum, Rahmon polvonning o‘g‘li. Yaxshi yuribsizmi?» — deb qo‘yadi.

…Mansurning otasi, ya’ni tog‘am haqiqatan ham polvon o‘tgan. U kishining otasi — bobom ham vaqtida bekning polvoni bo‘lgan, hatto Afg‘onistonga borib, u tarafning polvonlari bilan bellashib kelarkan. Inqilob oldida qoqsholdan o‘lgan. Zuryod bo‘lib onam bilan tog‘am qolgan.

II

Mansurjonning hamma ishi joyida-yu, lekin ko‘nglida kishi bilmas bir dardi bor. Tog‘am urushga ketib, «bedarak yo‘qoldi» degan xabar kelgan edi. Boyaqish momom: «Kafan kiygan kelmaydi, kepata kiygan keladi», deb tog‘amning yo‘liga ko‘z tuta-tuta dunyodan o‘tdi. Onam ham yaqin yillargacha yolg‘iz ukasining omon qaytishini kutardi. Tog‘amni ikki-uch yil kutgach, yangamiz er qilgan. Lekin yolchimagan. Undan chiqib, hozir ukasining uyida yashaydi. Gap-gurung ustida u ham tog‘amning qachon bo‘lmasin kirib kelishini kutayotganini sezar edim.

«Bedarak yo‘qoldi». Juda mavhum gap-da!

Xullas, jiyanimning dardi ham shu edi. Bir kuni men:

— Mansurjon, bir so‘ratib ko‘rmaysizmi? O‘sha xat kelganiga o‘ttiz yildan oshdi. Bedarak ketganlarning ko‘plaridan darak chiqdi, — dedim.

— Yo‘q-yo‘q. Kerakmas, — dedi. So‘ng munglanib, aybdordek jilmaydi. — Asir tushib ketgan bo‘lsa-chi? Yo‘q. Bu isnodga chidolmayman.

Bobomizning Farmon degan ukasi ham yelkasi yer iskamagan polvonlardan ekan. Lekin bekning polvonlari safiga qo‘shilmagan, temirchiligini qilib yuravergan. «Unday mag‘rur odam urug‘imizdan chiqqanmas», derdi rahmatli momom.

U kishini o‘sha mag‘rurligi olib ketgan. Bir kuni temirchilikda o‘tirsa: «Rais janoblari kelyapti!» deb ovoza bo‘libdi. Rais — qozi huzuridagi bir mansabdor, asosan savdo-tijorat ahlining arzini tinglab, ajrim qiladigan kishi. U bozorga ot o‘ynatib kirganda, savdogaru xaridor rastalardan tushib, ikki bukilib qarshi olarkan. Hamma pastga tushibdi-yu, Farmon polvon do‘koni supasida qaqqayib turaveribdi. Kimdir uning etagidan tortib: «Polvon, pastga tushing. Bir baloni orttirmang», debdi ham. Polvon parvo qilmabdi. Rais o‘ziga qarashli yasovul va navkarlar bilan bozorga kiribdi. Odamlar bilan so‘rashib, ahvollashib o‘taveribdi. Farmon polvonga yetganda to‘xtab, hayron bo‘lib so‘rabdi: «Nega pastga tushmaysiz, polvon?» «E, taqsir, — deb javob beribdi temirchi, — siz ham xudoning bandasi, men ham xudoning bandasi. Bandasi bandasiga ta’zim qilsa, farqimiz qayerda qoldi?» Rais navkarlariga: «Ushlanglar. Bandixonaga olib ketinglar!» debdi. Polvon zindonda yotaveribdi. Akasi, qarindosh-urug‘lari, muxlislari ham bekka borib yolvorishibdi, xunini so‘rashibdi. Bek bir kuni: «Buni rais janoblaridan so‘rangiz. U kishi afv etsa, polvon hozir chiqib ketadi», debdi. Ular raisga borishibdi. Rais uzoq mulohazadan so‘ng: «Farmon polvonni bozorjoyga olib chiqamiz. Mening xoki poyimni o‘pib tavba qilsin. Toki bu ish fuqaroga ibrat bo‘lgay, minba’d ulug‘lar sha’niga dog‘ tushirguvchi gumroh ana shunday jazoga tortilajagini tushunib olurlar», debdi. Naql qiladilarki, polvon shartga rozi bo‘lmagan. Ikki oydan keyin uni zindonda joynamozga muk tushib, o‘lib yotgan yeridan olib kelgan ekanlar…

Mansur: «Otam asir tushgan bo‘lsa… bu isnodga qanday chidayman», deganida shu voqeani esladim. U odamlarning fe’li-atvori menda yo‘q. Lekin mana shu jiyanimda bor chog‘i.

III

Bultur hayotimda katta bir o‘zgarish bo‘ldi. O‘ttiz to‘rt yildan beri birinchi marta ota yurtimga bordim.

Otam qo‘shni oblastning cho‘ldagi Bulg‘ur degan qishlog‘idan. Buyoqqa kelishidan avval u Bulg‘urda maorif mudiri ekan. O‘sha kezlar qandaydir anglashilmovchiliklar orasida, ba’zi bema’ni odamlarning tuhmati bilan, otamga o‘xshash bir necha ziyolining hayoti xavf ostida qolgan ekan. Otam vaziyatni sezib, Toshkentga jo‘nabdi. U yerda bir yilcha yashagach, do‘stlarining maslahati bilan bu tarafga, onamning yurtiga kelibdi. Ozgina muddat rayon gazetasida ishlagan. Tag‘in o‘shanaqa gaplar qo‘zg‘alib, otam… ketganida men ikki yashar bola ekanman.

Otam bilan birga ketganlar qaytib, onamga: «Bandalik ekan, u kishini o‘z qo‘limiz bilan yerga qo‘ydik», deyishgan.

Shuni aytishim kerakki, onam tekkan kishi uyimizga kelib yurgan chog‘laridayoq unga mehr qo‘yib qolgan edim. U kishi bizni nuqul o‘z qishlog‘iga ko‘chib ketishga undar, goho otga mindirib olib ham borar, lekin onam: «Yo‘q, men bu joyni tashlab ketolmayman. Bu yerda ota-bobolarim o‘tgan. Xilxonamiz shu yerda», der edi.

Nihoyat, u kishining o‘zi biznikiga ko‘chib keldi. Yil o‘tmay, men uni ota deb ketdim.

Chog‘imda, tez bunday deb ketishimning bir sababi — u kishini juda yaxshi ko‘rib qolganim bo‘lsa, so‘ngra — bizning oilada, men tushunmaydigan sabablarga ko‘ra, o‘z otamning nomi tilga kam olinar edi.

Yillar o‘tdi.

Men o‘z otamni, uning yurti Bulg‘urni tez-tez eslaydigan bo‘lib qoldim. Lekin buni o‘gay otamdan yashirardim, sezdirsam, u kishi xafa bo‘ladi: «O‘gay o‘gayligini qiladi-da, bari bir menga farzand bo‘lmadi», deb o‘ylaydi, der edim.

Dam olish bahonasida bola-chaqamni olib borganimda, bir kech ziyofatdan sarxushroq bo‘lib qaytdim. Nima deganimni eslolmayman, bir vaqt hushyor tortib ketdim. Qarasam, otam boshimni silab:

— O‘g‘lim, to‘g‘ri o‘ylabsan. Ota o‘g‘il shunday bo‘ladi. Puling bo‘lmasa pul beray, ota yurtingni borib ko‘r, — deb turibdi.

Negadir yig‘lab yubordim. Nazarimda, shu damdan boshlab bu mehribon odam bilan oramizda bir choh paydo bo‘lgandek edi.

Bulg‘urga bordim. Urug‘larim, ammalar, amakivachchalar shod bo‘lib qolishdi. «Seni ko‘p o‘ylar edik. O‘sha yokda bir tirnog‘imiz qolgan, deb armonda yurar edik. Amakilaring ham urushga ketib, qaytmadi. Buyokda qo‘limiz kaltalik qilib, seni izlab borolmadik. Bizni kechir», deb yig‘laganlar ham bo‘ldi.

IV

Bulg‘urdan qaytib kelgan kunim Mansurjon ham uyimizda ekan. Dasturxon atrofiga yig‘ilganimizda, bo‘lgan ish bo‘ldi endi, deb Bulg‘urga borganim va ko‘rgan-bilganlarimni aytib berdim. Otam birpas xayolga toldi-da:

— Ajab qilibsan, o‘g‘lim. Mening ham yuragimda armon qolmaydigan bo‘ddi. Shu bola ichida ko‘p o‘ksinar, deb o‘ylar edim, — dedi.

Otamning gaplari qulog‘imga kirmadi. Ko‘proq o‘z tuyg‘ularimga quloq solar, ularni tahlil qilar edim. Oqibat, hayron bo‘ldim: otam bilan oramizda endi hech qanday choh yo‘q edi!

Mansur dasturxon boshidan turib ketdi. Biror yoqqa chiqdi, deb o‘yladim. Ammo kelavermadi. Uyoq-buyoqqa qaradim — yo‘q. Momomning chorbog‘imiz etagidagi bir uy, bir dahlizli bo‘sh kulbasi derazasida chiroq shulasi ko‘rindi.

— Ena, momomning uyida kim bor?
— Hech kim, — dedi onam. — Bo‘sh. I-ye! Chiroq yonyaptimi?
— Siz qimirlamang. O‘zim borib kelaman, — dedim.

Haqiqatan ham momom qazo qilgandan beri uyida birov yashamas, Mansur bir-ikki oy ayvonda yotib turib, uylangach, joy qilib ketgan edi.

Bu uylar keyin qurilgan. Asl uyimiz o‘sha! Onam ham, tog‘am ham o‘sha uyda tug‘ilgan. Keyinchalik u yerda momom bilan Mansur yashadi, goho men ham borib yotardim.

Ko‘nglim g‘alati bo‘lib, har xil xotiralar yodimga tushib, uyga yaqinlashdim. Bir necha yildirki, bu uychaga kirganimni bilmayman. Biroq hozir qayerda tosh turtib chiqib turibdi, qayer chuqurcha — ixtiyorsiz bir tarzda bilib, shunga mos qadam tashlab borardim.

Mana, supa. Tarnovdan oqqan suv supaning lablarini yemirib yuborgan edi. Hamon shunday bo‘lsa kerak. Ana, yog‘och karavot. Men ham shu karavotda, momomning yonida yotardim. U dam Mansurning, dam mening boshimni silab, hangomalar aytib uxlatar edi.

Ana, ayvon boshida o‘choq. Unda bobomdan qolgan mis choydishda choy qaynatilardi. Momom choynakka choy damlagach, cho‘qqa qo‘yar, jo‘mragidan pirqillab suv tosha boshlasa, qozonsochiq bilan tagini artib, dasturxonga keltirar edi. Dasturxonda turshak, olmaqoqi, shaftoliqoqi, yong‘oq, patir bo‘lardi. Biz nonni choyga bo‘ktirib yer edik.

Momojon! Xotira mulkim! Eng aziz, go‘zal daqiqalarim siz bilan o‘tgan. Hayotni sizning ko‘zingiz bilan ko‘rganman! Sizdan bir umr minnatdorman, momoginam.

Derazadan qarasam, Mansur palosda o‘tiribdi. Oldida qandaydir surat. Bir qo‘lini yerga, birini beliga tirab, suratga tikiladi. Sekin eshikni tortdim.

— Kim u? — deya bo‘g‘ilib baqirdi u.

— Men, men, — dedim. Eshikni ochib kirdim. Tanish hidlar dimog‘imga urildi. — Nima qilyapsiz, Mansur?

U menga loqayd nazar tashlab, suratga ishora qildi. Egilib qarasam — tog‘am! Qora choponda, ko‘kragi ochiq. Sochi olingan. Kichkina murti bor. Tog‘am bu suratni urushga ketishdan bir kun oldin oldirgan ekan. Momom borligida deraza bilan eshik o‘rtasida, devorga osig‘liq turardi.

Tavba! Nega ilgari tuzukroq qaramagan ekanman! Bu odam mening tog‘am-ku! Hozir hayot bo‘lganida meni jiyanim deb suyardi. Tog‘ajon, biz ko‘p narsalarni o‘z vaqtida emas, keyin suyamiz shekilli… Ko‘kragi ochiq. Qandaydir chapaninamo. Lekin mardligi, yigitligi mana men deb turibdi! Urush yedi bu odamni.

Mansurga qaradim. Daf’atan uning yuragidagi pinxoniy dard yodimga tushdi. Endi yomon ta’sirlanib ketdim. Mansurga yana tikilib qaradim. Chehrasida alamzadalik ifodasi namoyon edi.

— Mansur! — dedim. — Bu o‘tirish yarashmaydi sizga! Men tog‘amning asir tushib kettaniga ishonmayman. To‘g‘ri, yarador bo‘lib, o‘zi bilmay asir tushib qolganlar bor, albatta…

— Yo‘q! — dedi u. — Erkak odam asir tushmaydi!
— Shu tobda o‘z darajangizga munosib fikr qilmayapsiz.

— Men o‘z fikrimni aytyapman.
— Bo‘lmasa, nimadan qo‘rqasiz? So‘rang, surishtiring.

U suratni olib o‘rnidan turdi. Joyiga ilib qo‘ydi.
— Ketdik.

Mansur tanchada yonib turgan, — momomdan qolgan, — yettinchi lampani tepasidan puflab o‘chirdi. Chikdik. Atrof zim-ziyo, pastga tushib, o‘ngga burildi. Uyimiz esa ro‘parada.

— Qayoqqa? — dedim.
— Men bir… — U chaynalib turgach, nihoyat aytdi: — Shu… opamni bir ko‘rib kelay…

U yangamiz er qilib ketgani sababli hamon uni yoqtirmas, yangam o‘rtaga odam qo‘yib, necha marta «yarashtiringlar», degan, onam ham Mansurga ko‘p marta: «Qo‘y endi, jigarim. Onangdayam ayb yo‘q. Taqdir ekan, yarash», degan, lekin Mansur u kishi bilan hatto gaplashishni ham istamas edi.

— Shunday qiling, Mansurjon. Hayotda hamma narsa bo‘ladi. Urush aybdor, — dedim.

U yerga tikildi. Shu bo‘yi burilib, bog‘ oralab ketdi.

V

May bayramini Toshkentda bola-chaqam bilan o‘tkazib, tug‘ilgan yurtimga jo‘nadim. Buyokda yana bayramlar ko‘p. Yo‘lakay Bulg‘urga ham tushdim. Ammamlar, amakivachchalar — barchalari xursand bo‘lib ketishdi. Endi ular: «Yo bizni ham o‘sha yoqqa olib bor, yo ularni bizga ola kel. Bordi-keldi qilaylik», deb qolishdi.

Bulg‘urdan chiqayotib, ko‘nglim ko‘tarilib, bag‘rim kengayib ketganini his qildim. Bu ko‘nglimga ona yurt ham, ota yurt ham sig‘ar ekan. Sig‘ibgina qolmay bag‘ringni kengaytirib yuborar ekan.

— Mansur qalay? — dedim onam bilan so‘rashar-so‘rashmas. — Ota, Mansurning kayfiyati qalay?

Ular bir-birlariga qarab, so‘ng bir-birlariga gap bermay:
— Choshgohda bir ko‘rindi. Kayfi bor edi chog‘i… Yana chiqib ketdi. Lekin onasi bilan yarashgani yaxshi bo‘ldi-da. Momongning uyiga ko‘chirib kelmoqchi. Nasib bo‘lsa, balki o‘z uyiga ko‘chirib ketar… Kayfiyati tuzug-u, biz bilan yaxshi gaplashmadi, — deyishdi.

Yangamiz bilan yarashgani yaxshi. Ammo… Choy-poy ichib, dam olgan bo‘ldim-da, ko‘chaga chikdim. Toshkentdan yilda bir kelgan tanishi yo sinfdoshini ko‘rganlar nima qiladi? Buning ustiga, bugun 9 may — G‘alaba kuni!

Restorandan chiqib, istirohat bog‘iga o‘tdik. Ko‘chada maktab tomon ketayotsak, taxta ombori oldida odam gavjum! Qandaydir haykalning ustidan surp chodirni tushirishyapti. Atrofida pionerlar ko‘p. Ko‘pining qo‘lida lolaqizg‘aldoq.

Qayerda bo‘lmay, Mansurni surishtirdim. Idorasiga, bo‘limlarga telefon qilib, uni qidirib ham kelishdi. Mansur hech qayerda yo‘q edi.

Do‘stlarim meni kuzatib qo‘yishdi. Darvozaxonada ham bir oz gaplashib turdik.

— Haykal yaxshi bo‘pti, — dedi Bo‘ronbek degan sinfdoshim. — Faqat bir jihati menga uncha yotishmadi. Noma’lum soldat deyilgan, bu to‘g‘ri-yu, shu… haykal o‘zimizning tog‘lik yigitlarga o‘xshamabdi-da.

Har kim har xil fikr aytdi. Oqibat — qishloqda haykal o‘rnatilishining o‘zi yaxshi gap, deb xayrlashdik.

Mansurdan ko‘nglim alag‘daligi uchunmi, uyda uzoq o‘tirolmasligimni sezardim.

— Ena, Mansurdan darak bormi? Darak yo‘q? — Momoning uyiga yo‘l oldim. Nazarimda, Mansur uyda yotgandek tuyuldi. Chiroqni o‘chirib yotgandir, deb o‘ylab supaga chikdim. Derazadan qaradim. Eshikni ochdim. Gugurt chakdim. Uy bo‘m-bo‘sh.

Aytganimdek, uyda o‘tirolmadim. Yana ko‘chaga chiqib ketdim.

VI

Qaytib kelayotsam, birov salom beradi. Qarasam, Qudrat bobo!

— E, salom! — dedim. — Rahmon polvonning o‘g‘lini ko‘rmadingizmi?

— He, — deya chol kulib qo‘ydi. So‘ng hovlikdi: — Nima edi?
— Yo‘q, ko‘rdingizmi bugun?

— Shu… qayerdayam… Qizilning boshida ko‘rdim shekilli. Otliq edilar. Gilamday ochilgan lolaqizg‘aldoq ichida turgan ekanlar. Men bilan yaxshi so‘rashdilar…

— Boboy, u menga jiyan bo‘ladi, bilasiz.
— Albatta, albatta.
— Shuni menga topib berasiz endi.

Tong qorong‘isi ekan. Birov chaqirdi. Boloxonadan chiqsam, darvoza tarafda o‘sha Qudrat bobo. Qo‘li bilan meni imladi. Kiyindim, tushib bordim.

— Ha?
— Mana buni ko‘ring.

Bir surat berdi. Tikildim. Qandaydir marmar ustun, atrofida o‘zbeklarga o‘xshamaydigan kampir, chollar, yosh bolalar.

— Nima bu?
— Yaxshiroq qarang.

Qaytib boloxonaga chikdim. Lampochkani yokdim. Ne ko‘z bilan ko‘rayki, marmar ustun — halok bo‘lgan askarlarga qo‘yilgan yodgorlik bo‘lib, unda oltita ism yozilgan, to‘rtinchisi — «O‘rmonov Rahmon» edi. «1943 yil, 3 oktyabr». Atrofda yodgorlikka ta’zim qilib turgan kampir, chol va bolalar — ruslar. (Keyin bilsam, Mansur otasini harbiy komissarlik orqali surishtirgan, natijada Rostovdan xat bilan birga shu surat ham kelgan ekan. Komissarlikdagilar atay G‘alaba kuni berishibdi.)

Chopib pastta tushdim.

— Buni qayerdan topdingiz?
— Yonida yotgan ekan.

— O‘zi qayerda?
— Hozir ko‘rasiz.

Qudrat boboga ergashdim. Ko‘chaga chikdik. Chol meni maktabga boradigan yo‘lga boshladi. Yog‘och omborga yetmayoq:
— Ana, ana! — dedi.

Mansur soldat haykali tagida, marmar zinada boshini haykalning poyiga qo‘ygancha yotar, yonida bog‘lanmagan bir dasta lolaqizg‘aldoq bor edi…

1978

05

(Tashriflar: umumiy 3 874, bugungi 1)

Izoh qoldiring