Xurshid Davron. Gap o’qqa aylanganda & Sarvar Anvar o‘g‘li. «Qaynotam shahvat bilan qaradi…», «Birovning xotinini sevaman…»: Insoniyat karantinga muhtoj

0_166b4e_ed9596d6_orig.png  «Ўзбекистон» каналида намойиш этиладиган «Учбурчак» телелойиҳасида авжига чиқа бошлаган уятсизликка чидаб бўлмайди…

ГАП ЎҚҚА АЙЛАНГАНДА
09

  «Ўзбекистон» телеканалида намойиш этиладиган «Учбурчак» телелойиҳасининг сўнгги кўрсатувларида авжига чиқа бошлаган уятсизликка чидаб бўлмайди. Кўрсатув муаллифлари Нозима Воҳидова билан Нилуфар Умрзоқовани яхши биламан, ҳар қалай улар 20 йил давомида ТВда ишлаган йилларим кўз ўнгимда бўлишган. Бу ўринда мен бу икки фаросатсиздан кўра, энг аввало, «Ўзбекистон» телеканалининг ноқобил раҳбари қаёққа қараяпти, деган саволни бераман.

Қолаверса, Ўзбекистон телерадиокомпаниясининг раҳбарлари Президентга ёқаман деб, эрта-ю кеч «Ўзбекистон–24» канали билан шуғулланавермай, бошқа телеканалларга ҳам ҳеч бўлмаганда «мўралаб» турсалар яхши бўларди.

«Учбурчак» телелойиҳасининг сўнгги кўрсатувларини миллий атворимизу ақидаларимизга қарши қаратилган раҳна (диверсия) деб биламан. Бундай номақбул, таназзулдаги Ғарбнинг оила, никоҳ ва миллий қадриятларни рад этувчи ғайриинсоний қарашларини тарғиб этувчи кўрсатувлар эртага жамиятимиз ҳаётига бемисл даражада салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигини нега тушунмайдилар.

Мен бу хусусдаги муносабатимни алоҳида мақолада баён қилишимни маълум қилиб, ТВ ходимларини, уларга масъул «тепадагилар»ни бир нарсадан огоҳ қиламан. Бир пайтлар (ўтган асрнинг 70 йилларида) шоҳ замонидаги Эронда худди шундай мавзудаги, яъни уятсизликларни очиқ-ойдин кўрсата бошлаганларида, ўша шарманда она-ю оталарнинг қилмишларига чидолмасдан ўнлаб болалар ўз жонларига қасд қилганлари маълум. Агар эртага «Учбурчак»да шармандалик қилган кимсаларнинг болаларидан биронтаси ўзини ўлдирса, бунга энг аввало, ТВ раҳбарлари, жумладан «Учбурчак»нинг бефаросат муаллифлари ҳам жавоб беришлари шартлигини унутмасинлар.

Зеро, бугунги интернет замонида бирон гап айтилган жойида қолиб кетмайди. Айниқса, бундай уятли гаплар интернет орқали ўша шарманда аёлларнинг маҳаллаларига, фарзандлари таълим олаётган мактаб ўқувчилари орасида бир пасда тарқалиб кетади. Табиий равишда, ўша ўзини шарманда қилган аёллар болаларини қўллари билан  нуқиб кўрсата бошлашади. Бундай уятсизликка эса ёш боланинг руҳияти дош беролмайди.

Интернет тармоғи  жуда бешафқат. Унинг бераҳм шафқатсизлиги туфайли дунёда минглаб болалар ўз жонларига қасд қилмоқда. Шу гапларни ёзатуриб, кўзим янги маълумотга тушди: Австралияда тенгдошларининг интернет орқали билдирган киноя ва мазахлар туфайли 12 ёшли қизалоқ ўз жонига қасд қилибди…

Демократия ва сўз эркинлигини чегарасизлигу уятни унутиб ҳамма гапни очиқ айтиш деб тушунмаслик керак. Зеро, буюк шоир ёзганидек:

Дунёда чегара кўпдир ва лекин
Ёлғиз уятсизлик чегараси йўқ…

Хуршид Даврон
Ўзбекистон халқ шоири

«ҚАЙНОТАМ ШАҲВАТ БИЛАН ҚАРАДИ…», 
«БИРОВНИНГ ХОТИНИНИ СЕВАМАН…»:
Инсоният карантинга муҳтож
09

Эътибор бераяпсизми, қиш қишга ўхшамайди, вақтдан барака кўтарилган – кўз очиб юмганча ойлар ўтиб кетмоқда, қалблар қаттиқлашиб бормоқда, хуллас, инсоният ўз йўлидан адашиб кетди. Нега? Чунки инсон ўз юзига ёпилган муқаддас пардани йиртмоқда, ўша буюк, ўша азиз, ўша улуғ парда – ҳаёнинг, иффатнинг расвосини чиқармоқда, уни кўмишга, кўмганда ҳам қайтиб эсланмайдиган ҳолда йўқ қилишга интилмоқда.

Кўпчилик «ўзбекчилик» деган атамани кўпроқ салбий маънода талқин этади. Аммо яхшиям-ки, ана шу «ўзбекчилик» деган нарса бор экан. Шу тушунча бўла туриб, бугунги ҳолатимиз, маънавиятимиз, ахлоқимиз ҳаминқадар бўлиб бормоқда, биз учун уятли ва чидаб бўлмас ҳолатлар табиийлик тусини олмоқда.

Табиийлаштириш

Яқинда «Ўзбекистон» телеканалининг «Учбурчак» кўрсатувида бир келинчак чиқиб, қайнотасининг унга гап отгани, шилқимлик қилганини гапириб берди. Эътибор беринг, ипидан игнасигача, ҳар бир деталигача ҳикоя қилди. Савол: бунга қандай қилиб юзи чидади экан? Бу ҳолатга қайнота, эр ва бошқа қариндошлар муносабат билдиришди. Савол: уларнинг юзи қандай чидади? Бу воқеага мутахассислар, кўрсатув иштирокчилари изоҳ беришди. Савол: Умуман бу нарсаларга ўзбекларнинг юзи қандай чидамоқда?

Таниқли адибимиз Ўткир Ҳошимовнинг «Икки эшик ораси» асари қаҳрамони Робия ўз тоғасининг хотини раис билан дон олишиб юрганини ўз кўзи билан кўради, аммо бу ҳақда ҳеч кимга ҳеч нарса демайди. Янгасидан нафратланади, аммо бети чидамай, бу ҳақда лом-мим демайди. Ёзувчи қаҳрамони орқали бу воқеани ошкор этиши, эл-юрт олдида бундайларни шарманда қилиши мумкин эди-ку? Аммо ўзбекнинг характеридан келиб чиқиб, андишага бориб, бу ҳақда сўз юритмайди, қаҳрамонини ҳақиқий ўзбек образида қиёслайди.

Келиннинг айтаётганларига диққат билан эътибор қаратинг, фақат диққат билан: «Эрим қайнотам билан гаплашиб олди. Дада, бошқа биров билан бўлса майли дердим, келиб-келиб мани хотинимга осиласизми?». Бошқа биров билан бўлса майли… Демак, зинога майли, демак фаҳшга майли… 64 ёшли нуроний инсон зинокорлик қилса майли, фақат келини билан эмас, шундайми?

Бир вақтлар «Гап чиқди» деган кўрсатув бўларди. Парда ортидан туриб, оилалар муаммоси ҳал этиларди. Лекин очиқ-ойдин чиқиб, бутун миллат олдида гапиришлар бизга бегона эди.

Эртага бир қиз чиқиб, тоғаси ёки амакиси ва ёки акасининг шаҳвоний қарашлари ҳақида гапирса, яна бири чиқиб бошқа қариндошини ҳикоя қилса, алалоқибат бу нарсалар биз учун табиийликка айланмайдими?

Жа, кўпиртирманг дерсиз… Асло. Бугун дунёнинг бир чеккасидаги портлашда 20 киши ўлди деганда пинагимизни бузмаётган, юмор дея саҳнага чиқиб эротик гаплардан завқланиб кулаётган, бировнинг хотини билан юриб, буни севги дея изоҳлаётганларни қаҳрамонга айлантираётган, келини қайнотасини чопиб ташлабди деганда «йўғее», деб қўяётган ва буларнинг барчасини табиий қабул қилаётган ўзимиз, ўзга сайёраликлар эмас…

Бундай муаммоларни олиб чиқмаса, эртага бу нарсаларни ким гапиради, деган фикр ўтган бўлиши ҳам мумкин хаёлингиздан. Жавобим қуйидагича: Бу каби ҳолатлар қариндош-уруғ доирасидан чиқмаган, чиқмаслиги керак. Ўзбек доим шундай йўл тутган ва бу усул асрларки ўзини оқлаб келаётир.

Алвидо, сериал

Бугун каналларимизда сериаллар кўпайган. Бири тугамасдан иккинчиси бошлайди. Оммавийлиги ҳам ёмонмас. Кўчадаги хотинлар гапининг асосий мавзуси севимли сериалидаги муҳим воқеаларни шарҳлашдан иборат. Ҳатто айрим эркаклар ҳам севги машмашаларига тўла турк сериалларининг шайдоси.

Аммо улар ана шу севимли сериалларидаги севимли қаҳрамонлари улар ўрнига фарзандларини тарбиялаётганини билишармикан? Мана шу сериаллар таъсирида маънавиятлари секин-асталик билан ўзгариб бораётгани, оила, эр, хотин, қариндош ва бошқа инсоний юксак фазилатларга нисбатан муносабатлари ўзгариб бораётганини сезишармикан? Бировнинг хотини билан очиқчасига гаплашиш, ота-онасига ақл ўргатиш, ака-ука ўртасидаги қадрсизлик, очиқ кийиниш ва шунга ўхшаш ахлоқсизлик, инсонийликка хос бўлмаган иллатларга табиий тус бераётган сериал қулига айланиб қолаётганларини англашармикан?

Мана шу мақолани ёзаётганимда «Зўр ТВ» орқали ҚВЗ кўрсатуви бўлиб ўтаётган экан. Унда Юлдуз Усмонованинг «Мен сен билан қироличаман» қўшиғига пародия сифатида қилган юморлари қулоғимга элас чалинди:

«Керак эмас Амирдака бой,
Асли исмим ўзи Барчиной.
Мен Камолни чиндан севарман.
Лекин Амир билан қироличаман…»

Мана сизга табиийлик, мана сизга аҳамиятсизлик. Бу «менинг эрим бор, лекин ўйнашимни севаман, аммо эрим билан ҳам, ўйнашим билан ҳам қолавераман», деганими?

Бу сериал деганлари кечки соат ўнда якунланади. Шу сериалларни кўраётганда атрофингизга қаранг, кимни кўраяпсиз. Болаларингизни а? Шу сериалдан тарбия олаётган болаларингизни… Соат кечки саккизда бошланиб, кечки ўнда якунланадиган сериалларга маҳлиё ота-оналар ўз фарзандларининг шу вақтда нималар билан бандлигини билишадими? Камида улар билан бирга ўтириб, сериал томоша қилишади. Бўлмаса, ўз телефон ва планшетларида ўзлари истаган видеоларни кўришади. Хуллас, ҳамма ўзи билан ўзи овора, ота-она сериал билан андармон, қайнота-қайнона ҳам ўша ерда, бола ўзи билан ўзи овора, сериалда эса ахлоқсизлик ва маънавиятсизлик тарғиботи…

Абдулла Авлоний ўзининг «Туркий Гулистон ёхуд ахлоқ»да шундай дейди:

«Эмди очиқ маълум бўлдики, тарбияни туғулган кундан бошламак, вужудимизи қувватландурмак, фикримизи нурландурмак, ахлоқимизи гўзалландурмак, зеҳнимизи равшанландурмак лозим экан. Тарбияни кимлар қилур? Қайда қилинур, деган савол келадур. Бу саволга, «биринчи уй тарбияси. Бу она вазифасидур. Иккинчи, мактаб ва мадраса тарбияси. Бу ота, муаллим, мударрис ва ҳукумат вазифасидур», – деб жавоб берсак, бир киши деюрки, «қайси оналарни айтурсиз, билимсиз, боши пақмоқ, қўли тўқмоқ оналарми? Ўзларида йўқ тарбияни қайдан олиб берурлар», дер. Мана, бу сўз кишининг юрагини эзар, бағрини ёндурар. Отасига нима дерсиз, десак, қайси ота? Тўйчи, улоқчи, базмчи, дўмбирачи, карнайчи, сурнайчи, илм қадрини билмаган, илм учун бир пулни кўзлари қиймаган, замондан хабарсиз оталарни айтурсизми? Аввал ўзларини ўқитмак, тарбия қилмак лозимдур», – дер. Мана бу сўзни эшитгач, умид қўллари қўлтуқға урилур».

Бу гаплар бундан юз йил илгари айтилган. Қайнотаси ҳақида очиқдан очиқ гапираётганларни, бировнинг хотини билан юриб буни муҳаббат деяётганларни, эротик ҳазилларни фарзанди билан кўраётган ота-оналар тарбияга, аввало, ўзлари муҳтожлар.

Қайтар дунё

Инсоният хатти-ҳаракати ҳеч қачон эътибордан четда эмас. Аллоҳ барчасидан воқиф. Ҳеч кимга ўзга ўстирган дарахтнинг мевасидан едирилмайди. Барча ўзи эккан мевани ейди. Қандай ўстирганидан, мазасидан қатъи назар фақат ва фақат ўз мевасини ейди.

Эртага фарзандимиз тарбиясиз бўлиб кетса, эртага фарзандимиз ҳаёсиз инсонга айланса, эртага турмуш тарзимиздан барака кўтарилса, эртага бирор бир мусибат бошимизга тушса, «қайси айбим учун» демайлик… Бу мисолни бир инсон тақдирида келтирдим, жамиятда худди шундай… Чунки аввал бошидан барчасига ўзимиз уруғ ташлаймиз, кейин уни ниҳол қилиб ўстирамиз ва ана шу дарахтнинг мевасини ўзимиз еймиз. Дарахт мевасининг ширинлиги ҳам, заққумлиги ҳам ўз қўлимизда.

Гапимиз якунида айтмоқчимизки, инсоният карантинга муҳтож. Қандай дейсизми? Бу кейинги мақоламиз мавзуси…

Сарвар Анвар ўғли

Манба: www.kun.uz

0_d5871_dd93e474_orig.jpg“O‘zbekiston” telekanalida namoyish etiladigan “Uchburchak” teleloyihasining so‘nggi ko‘rsatuvlarida avjiga chiqa boshlagan uyatsizlikka chidab bo‘lmaydi…

GAP O‘QQA AYLANGANDA
09

“O‘zbekiston” telekanalida namoyish  etiladigan  “Uchburchak” teleloyihasining so‘nggi ko‘rsatuvlarida avjiga chiqa boshlagan uyatsizlikka chidab bo‘lmaydi. Ko‘rsatuv mualliflari Nozima Vohidova bilan Nilufar Umrzoqovani yaxshi bilaman, har qalay ular 20 yil davomida TVda ishlagan yillarim ko‘z o‘ngimda bo‘lishgan. Bu o‘rinda men bu ikki farosatsizdan ko‘ra, eng avvalo, “O‘zbekiston” telekanalining noqobil rahbari qayoqqa qarayapti, degan savolni beraman.

Qolaversa, O‘zbekiston teleradiokompaniyasining rahbarlari Prezidentga yoqaman deb, erta-yu kech “O‘zbekiston–24” kanali bilan shug‘ullanavermay, boshqa telekanallarga ham hech bo‘lmaganda “mo‘ralab” tursalar yaxshi bo‘lardi.

“Uchburchak” teleloyihasining so‘nggi ko‘rsatuvlarini milliy atvorimizu aqidalarimizga qarshi qaratilgan rahna (diversiya) deb bilaman. Bunday nomaqbul, tanazzuldagi G‘arbning oila, nikoh va milliy qadriyatlarni rad etuvchi g‘ayriinsoniy qarashlarini targ‘ib etuvchi ko‘rsatuvlar ertaga jamiyatimiz hayotiga bemisl darajada salbiy ta’sir ko‘rsatishi mumkinligini nega tushunmaydilar.

Men bu xususdagi munosabatimni alohida maqolada bayon qilishimni ma’lum qilib, TV xodimlarini, ularga mas’ul “tepadagilar”ni bir narsadan ogoh qilaman. Bir paytlar (o’tgan asrning 70-yillarida) shoh zamonidagi Eronda xuddi shunday mavzudagi, ya’ni uyatsizliklarni ochiq-oydin ko‘rsata boshlaganlarida, o‘sha sharmanda ona-yu otalarning qilmishlariga chidolmasdan o‘nlab bolalar o‘z jonlariga qasd qilganlari ma’lum. Agar ertaga “Uchburchak”da sharmandalik qilgan kimsalarning bolalaridan birontasi o‘zini o‘ldirsa, bunga eng avvalo, TV rahbarlari, jumladan “Uchburchak”ning befarosat mualliflari ham javob berishlari shartligini unutmasinlar.

Zero, bugungi internet zamonida biron gap aytilgan joyida qolib ketmaydi. Ayniqsa, bunday uyatli gaplar internet orqali o‘sha sharmanda ayollarning mahallalariga, farzandlari ta’lim olayotgan maktab o‘quvchilari orasida bir pasda tarqalib ketadi. Tabiiy ravishda, o‘sha o‘zini sharmanda qilgan ayollar bolalarini qo‘llari bilan nuqib ko‘rsata boshlashadi. Bunday uyatsizlikka esa yosh bolaning ruhiyati dosh berolmaydi.

Internet tarmog‘i juda beshafqat. Uning berahm shafqatsizligi tufayli dunyoda minglab bolalar o‘z jonlariga qasd qilmoqda. Shu gaplarni yozaturib, ko‘zim yangi ma’lumotga tushdi: Avstraliyada tengdoshlarining internet orqali bildirgan kinoya va mazaxlar tufayli 12 yoshli qizaloq o‘z joniga qasd qilibdi…

Demokratiya va so‘z erkinligini chegarasizligu uyatni unutib hamma gapni ochiq aytish deb tushunmaslik kerak. Zero, buyuk shoir yozganidek:

Dunyoda chegara ko‘pdir va lekin
Yolg‘iz uyatsizlik chegarasi yo‘q…

Xurshid Davron
O‘zbekiston xalq shoiri

«QAYNOTAM SHAHVAT BILAN QARADI…», 
«BIROVNING XOTININI SЕVAMAN…»:
Insoniyat karantinga muhtoj
09

E’tibor berayapsizmi, qish qishga o‘xshamaydi, vaqtdan baraka ko‘tarilgan – ko‘z ochib yumgancha oylar o‘tib ketmoqda, qalblar qattiqlashib bormoqda, xullas, insoniyat o‘z yo‘lidan adashib ketdi. Nega? Chunki inson o‘z yuziga yopilgan muqaddas pardani yirtmoqda, o‘sha buyuk, o‘sha aziz, o‘sha ulug‘ parda – hayoning, iffatning rasvosini chiqarmoqda, uni ko‘mishga, ko‘mganda ham qaytib eslanmaydigan holda yo‘q qilishga intilmoqda.

Ko‘pchilik «o‘zbekchilik» degan atamani ko‘proq salbiy ma’noda talqin etadi. Ammo yaxshiyam-ki, ana shu «o‘zbekchilik» degan narsa bor ekan. Shu tushuncha bo‘la turib, bugungi holatimiz, ma’naviyatimiz, axloqimiz haminqadar bo‘lib bormoqda, biz uchun uyatli va chidab bo‘lmas holatlar tabiiylik tusini olmoqda.

Tabiiylashtirish

Yaqinda «O‘zbekiston» telekanalining «Uchburchak» ko‘rsatuvida bir kelinchak chiqib, qaynotasining unga gap otgani, shilqimlik qilganini gapirib berdi. E’tibor bering, ipidan ignasigacha, har bir detaligacha hikoya qildi. Savol: bunga qanday qilib yuzi chidadi ekan? Bu holatga qaynota, er va boshqa qarindoshlar munosabat bildirishdi. Savol: ularning yuzi qanday chidadi? Bu voqeaga mutaxassislar, ko‘rsatuv ishtirokchilari izoh berishdi. Savol: Umuman bu narsalarga o‘zbeklarning yuzi qanday chidamoqda?

Taniqli adibimiz O‘tkir Hoshimovning «Ikki eshik orasi» asari qahramoni Robiya o‘z tog‘asining xotini rais bilan don olishib yurganini o‘z ko‘zi bilan ko‘radi, ammo bu haqda hech kimga hech narsa demaydi. Yangasidan nafratlanadi, ammo beti chidamay, bu haqda lom-mim demaydi. Yozuvchi qahramoni orqali bu voqeani oshkor etishi, el-yurt oldida bundaylarni sharmanda qilishi mumkin edi-ku? Ammo o‘zbekning xarakteridan kelib chiqib, andishaga borib, bu haqda so‘z yuritmaydi, qahramonini haqiqiy o‘zbek obrazida qiyoslaydi.

Kelinning aytayotganlariga diqqat bilan e’tibor qarating, faqat diqqat bilan: «Erim qaynotam bilan gaplashib oldi. Dada, boshqa birov bilan bo‘lsa mayli derdim, kelib-kelib mani xotinimga osilasizmi?». Boshqa birov bilan bo‘lsa mayli… Demak, zinoga mayli, demak fahshga mayli… 64 yoshli nuroniy inson zinokorlik qilsa mayli, faqat kelini bilan emas, shundaymi?

Bir vaqtlar «Gap chiqdi» degan ko‘rsatuv bo‘lardi. Parda ortidan turib, oilalar muammosi hal etilardi. Lekin ochiq-oydin chiqib, butun millat oldida gapirishlar bizga begona edi.

Ertaga bir qiz chiqib, tog‘asi yoki amakisi va yoki akasining shahvoniy qarashlari haqida gapirsa, yana biri chiqib boshqa qarindoshini hikoya qilsa, alaloqibat bu narsalar biz uchun tabiiylikka aylanmaydimi?

Ja, ko‘pirtirmang dersiz… Aslo. Bugun dunyoning bir chekkasidagi portlashda 20 kishi o‘ldi deganda pinagimizni buzmayotgan, yumor deya sahnaga chiqib erotik gaplardan zavqlanib kulayotgan, birovning xotini bilan yurib, buni sevgi deya izohlayotganlarni qahramonga aylantirayotgan, kelini qaynotasini chopib tashlabdi deganda «yo‘g‘yee», deb qo‘yayotgan va bularning barchasini tabiiy qabul qilayotgan o‘zimiz, o‘zga sayyoraliklar emas…

Bunday muammolarni olib chiqmasa, ertaga bu narsalarni kim gapiradi, degan fikr o‘tgan bo‘lishi ham mumkin xayolingizdan. Javobim quyidagicha: Bu kabi holatlar qarindosh-urug‘ doirasidan chiqmagan, chiqmasligi kerak. O‘zbek doim shunday yo‘l tutgan va bu usul asrlarki o‘zini oqlab kelayotir.

Alvido, serial

Bugun kanallarimizda seriallar ko‘paygan. Biri tugamasdan ikkinchisi boshlaydi. Ommaviyligi ham yomonmas. Ko‘chadagi xotinlar gapining asosiy mavzusi sevimli serialidagi muhim voqealarni sharhlashdan iborat. Hatto ayrim erkaklar ham sevgi mashmashalariga to‘la turk seriallarining shaydosi.

Ammo ular ana shu sevimli seriallaridagi sevimli qahramonlari ular o‘rniga farzandlarini tarbiyalayotganini bilisharmikan? Mana shu seriallar ta’sirida ma’naviyatlari sekin-astalik bilan o‘zgarib borayotgani, oila, er, xotin, qarindosh va boshqa insoniy yuksak fazilatlarga nisbatan munosabatlari o‘zgarib borayotganini sezisharmikan? Birovning xotini bilan ochiqchasiga gaplashish, ota-onasiga aql o‘rgatish, aka-uka o‘rtasidagi qadrsizlik, ochiq kiyinish va shunga o‘xshash axloqsizlik, insoniylikka xos bo‘lmagan illatlarga tabiiy tus berayotgan serial quliga aylanib qolayotganlarini anglasharmikan?

Mana shu maqolani yozayotganimda «Zo‘r TV» orqali QVZ ko‘rsatuvi bo‘lib o‘tayotgan ekan. Unda Yulduz Usmonovaning «Men sen bilan qirolichaman» qo‘shig‘iga parodiya sifatida qilgan yumorlari qulog‘imga elas chalindi:

«Kerak emas Amirdaka boy,
Asli ismim o‘zi Barchinoy.
Men Kamolni chindan sevarman.
Lekin Amir bilan qirolichaman…»

Mana sizga tabiiylik, mana sizga ahamiyatsizlik. Bu «mening erim bor, lekin o‘ynashimni sevaman, ammo erim bilan ham, o‘ynashim bilan ham qolaveraman», deganimi?

Bu serial deganlari kechki soat o‘nda yakunlanadi. Shu seriallarni ko‘rayotganda atrofingizga qarang, kimni ko‘rayapsiz. Bolalaringizni a? Shu serialdan tarbiya olayotgan bolalaringizni… Soat kechki sakkizda boshlanib, kechki o‘nda yakunlanadigan seriallarga mahliyo ota-onalar o‘z farzandlarining shu vaqtda nimalar bilan bandligini bilishadimi? Kamida ular bilan birga o‘tirib, serial tomosha qilishadi. Bo‘lmasa, o‘z telefon va planshetlarida o‘zlari istagan videolarni ko‘rishadi. Xullas, hamma o‘zi bilan o‘zi ovora, ota-ona serial bilan andarmon, qaynota-qaynona ham o‘sha yerda, bola o‘zi bilan o‘zi ovora, serialda esa axloqsizlik va ma’naviyatsizlik targ‘iboti…

Abdulla Avloniy o‘zining «Turkiy Guliston yoxud axloq»da shunday deydi:

«Emdi ochiq ma’lum bo‘ldiki, tarbiyani tug‘ulgan kundan boshlamak, vujudimizi quvvatlandurmak, fikrimizi nurlandurmak, axloqimizi go‘zallandurmak, zehnimizi ravshanlandurmak lozim ekan. Tarbiyani kimlar qilur? Qayda qilinur, degan savol keladur. Bu savolga, «birinchi uy tarbiyasi. Bu ona vazifasidur. Ikkinchi, maktab va madrasa tarbiyasi. Bu ota, muallim, mudarris va hukumat vazifasidur», – deb javob bersak, bir kishi deyurki, «qaysi onalarni aytursiz, bilimsiz, boshi paqmoq, qo‘li to‘qmoq onalarmi? O‘zlarida yo‘q tarbiyani qaydan olib berurlar», der. Mana, bu so‘z kishining yuragini ezar, bag‘rini yondurar. Otasiga nima dersiz, desak, qaysi ota? To‘ychi, uloqchi, bazmchi, do‘mbirachi, karnaychi, surnaychi, ilm qadrini bilmagan, ilm uchun bir pulni ko‘zlari qiymagan, zamondan xabarsiz otalarni aytursizmi? Avval o‘zlarini o‘qitmak, tarbiya qilmak lozimdur», – der. Mana bu so‘zni eshitgach, umid qo‘llari qo‘ltuqg‘a urilur».

Bu gaplar bundan yuz yil ilgari aytilgan. Qaynotasi haqida ochiqdan ochiq gapirayotganlarni, birovning xotini bilan yurib buni muhabbat deyayotganlarni, erotik hazillarni farzandi bilan ko‘rayotgan ota-onalar tarbiyaga, avvalo, o‘zlari muhtojlar.

Qaytar dunyo

Insoniyat xatti-harakati hech qachon e’tibordan chetda emas. Alloh barchasidan voqif. Hech kimga o‘zga o‘stirgan daraxtning mevasidan yedirilmaydi. Barcha o‘zi ekkan mevani yeydi. Qanday o‘stirganidan, mazasidan qat’i nazar faqat va faqat o‘z mevasini yeydi.

Ertaga farzandimiz tarbiyasiz bo‘lib ketsa, ertaga farzandimiz hayosiz insonga aylansa, ertaga turmush tarzimizdan baraka ko‘tarilsa, ertaga biror bir musibat boshimizga tushsa, «qaysi aybim uchun» demaylik… Bu misolni bir inson taqdirida keltirdim, jamiyatda xuddi shunday… Chunki avval boshidan barchasiga o‘zimiz urug‘ tashlaymiz, keyin uni nihol qilib o‘stiramiz va ana shu daraxtning mevasini o‘zimiz yeymiz. Daraxt mevasining shirinligi ham, zaqqumligi ham o‘z qo‘limizda.

Gapimiz yakunida aytmoqchimizki, insoniyat karantinga muhtoj. Qanday deysizmi? Bu keyingi maqolamiz mavzusi…

Sarvar Anvar o‘g‘li

Manba: www.kun.uz

14523281_128174554322239_1806217793777675479_n.jpg

05

(Tashriflar: umumiy 1 765, bugungi 1)

4 izoh

  1. «Демократия ва сўз эркинлигини чегарасизлигу уятни унутиб ҳамма гапни очиқ айтиш деб тушунмаслик керак». Тўппа-тўғри!
    Кўпчиликни қийнаётган дардлар, халқнинг катта ижтимоий муаммоларига эътиборни қаратиш ўрнига, арзон шон-шуҳрат ва енгил-елпи сенсация кетидан қувишнинг намоёни бу. Ҳеч кимникига ўхшамаган ностандарт тафаккур иддаосининг оқибати бу.
    «Учбурчак» телелойиҳасининг сўнгги кўрсатувларини миллий атворимизу ақидаларимизга қарши қаратилган раҳна (диверсия) деб биламан… Агар эртага «Учбурчак»да шармандалик қилган кимсаларнинг болаларидан биронтаси ўзини ўлдирса, бунга энг аввало, ТВ раҳбарлари, жумладан «Учбурчак»нинг бефаросат муаллифлари ҳам жавоб беришлари шартлигини унутмасинлар» — миллатнинг ор-номусли ҳар бир вакили шундай дейиши аниқ.

Izoh qoldiring