Xurshid Do’stmuhammad. Shabada

044     Бахт ҳам насиба, у кимларнидир зор қақшаб излаб юради, рўпарасидан, оёғининг остидан чиқиб қучоқ очиб кутади, кимларнидир эса калака қилгандек мудом четлаб ўтади.

Хуршид Дўстмуҳаммад
ШАБАДА
045

Бахт ҳам насиба, у кимларнидир зор қақшаб излаб юради, рўпарасидан, оёғининг остидан чиқиб қучоқ очиб кутади, кимларнидир эса калака қилгандек мудом четлаб ўтади.

Тоғаси Комронни ёмон изза қилди.
– Ҳаётда ношукрликдан ёмон нарса йўқ, – деди у аввалига мулойимлик билан, лекин бу мулойимлик-вазминлик портлаш арафасидаги сокинлик экани тоғанинг феълини биладиганлар учун янгилик эмас эди. Комрон ҳам ўша портлашга шай ҳолда танбеҳу насиҳатга қулоқ тутди. Мирсаййид тоға давом этди: – Хотининг – сенинг насибанг, сен эса — унинг насибаси, ойдай-гулдай яшаб дунё кезиб юрибсан, шу насибангдан юз ўгирмоқчимисан? Айт, юз ўгирмоқчимисан?! Кифтингда кўтариб юрган юм-юмалоқ қовоқнинг ичида ақл-идрок, тоғдек кўксингда диёнат борми, ўзи?!

Комрон ўзини бу гаплардан мутаассир бўлгандек тутиб ўтирса-да, хаёли тақдирми-тасодифми унга рўпара қилган бошқа бир… насибада эди. Хўп, хотини унинг насибаси экан, буниси-чи? Буни кўриб кўрмаганликка олса, қўл чўзса етгулик оралиқда шамшоддек расо қаддини, оққуш бўйнидек нозик бўйни-дудоғи, яноқлари ял-ял нур таратаётган… насибадан кўз юмиб ўтса ношукрлик бўлмайдими?!
Комрон кўнглидан кечган шу ўйларини тоғасидан яширмади. Мирсаййид тоға ҳанг-манг бўлиб қолди, шундай танбеҳлари жиянига кор қилмаганидан лол эди у.

– Бир оиланинг бузилиши аршни ларзага келтиради. Эшитганмисан, шу гапни? – Яна босиқ оҳангга кўчди тоға. Комрон тушунмадими, қулоғи яхши илғамадими, тоғасига савол назари билан қаради. – Аршни ларзага солади, – деяпман, тушунасанми, ўзи, осмонни, кўкни остин-устун қилади! Шуни билиб қўй, бола!..

* * *

Зинапоя бўйлаб чиқиб-тушаётганларнинг ҳисоби йўқ эди. Йигитлар қизларга, қизлар йигитларга тўқнашиб-нетаёзган, қувноқ қаҳ-қаҳалар, шодон бақир-чақирлар, салом-аликлару хайр-хўшлар тўлган зинапояда ёшларнинг жони ичига сиғмайди, оёқ-қўллари қанотга айланган – учишмайди, холос.

Комрон зинапоянинг бир чеккасидан бошини хам қилганича юқорига кўтарила бошлади. Иккинчи, учинчи… бешинчи қаватга етдим деганда бошини кўтарди. Нега кўтарди? Яна уч-тўрт пиллапояни босиб ўтганида бешинчи қават йўлагига етган, шундоққина чапга бурилса, икки эшик наридаги хонага бош суқса – келишилган, уни кутишяпти – зарур юмушини битирса, вассалом, кечга довур мўлжаллаган ишлари бошидан ошиб ётибди, бозор-ўчар, онасининг ёлғиз жигаргўшаси бўлмиш хаста тоғасини зиёрат қилиш, уйга бориб жомадонларни тартибга солиш – ўраб-чирмаш, боғлаш-қулфлаш, уч ҳафталик таътил кунларинг бир кун бемалол дийдорингга тўёлмадим дея хархашадан тинмаётган онасини хумордан чиқариш. Ҳозир эса… Нега у бошини кўтарди?..

Комроннинг боши айланиб кетди, бошидан оёқларининг учи томон ёки оёғининг учидан боши томон аллақандай тўлқин шувиллаб ўтди, ичига дайди ва телба шамол кириб қолгандек, шамол уни шу ондаёқ мувозанатдан чиқариб ағдарадигандек.

Комрон ранги ўчганини бети қизиб кетганидан сезди, рўпарасида – уч пиллапоя юқорида тек қотган нотаниш қиздан кўз узолмай қолди. Пахтадай, сутга чайилгандай, қаймоқдай, йўқ, уларнинг барчасидан-да ўзгача – ҳушни ўғирлар даражада ёқимли.
– Нега бунчалар оппоқсиз?

Қиз ўзини йўқотиб қўйди, бегона йигит берган саволни эшитмади, эшитса-да, илғамади, дув қизариб жимгина бош чайқади. Йўқ, деди у, йўқ – шу маънода бош чайқади, фақат овози чиқмади, шу боис йўқ деганини ҳеч ким – Комрон ҳам, қизнинг дугоналари ҳам… қизнинг ўзи ҳам эшитмади. Лекин уч одимлик пиллапоя шоҳид – қиз уч карра айтди: йўқ, йўқ, йўқ!..

– Исмингиз нима?

Кимдир – пастдан чиқиб келдими, юқоридан тушиб келаётувдими – тиккасига Комронга урилди, Комрон жон ҳолатда зина панжарасини тутиб қолмаса, пастга қараб коптокдек думалаб-юмалаб кетиши муқаррар эди.

– Вой-й!

Кўк томон, ой томон, арш томон учди “вой”!

…Комрон шу қадар заиф, иродаси мўрт эдими?.. Шунчалар таъсирчан, ювош, содда-гўл эдими?.. Буларни ҳам, ўзининг буткул бошқа одамга айланиб қолганини ҳам билмади.

– Исмингиз нима? – деб сўради яна Комрон.

Ғала-ғовурда овози эшитилмади. Комрон саволини такрорлади.

– Нозик!..

Қизнинг ўзи айтдими, ёнидаги дугонасими – Комрон пайқамади. У дам-бадам вужудидан кўтарилаётган ҳовурни совутолмаётган, совутиш қаёқ-да, ҳовур уни товага солиб қовура бошлаганди.

– Нозик?.. Нозикой?..
– Нозик…

Бу сафар қизнинг ўзи айтди, секин ва беихтиёр айтди, истар-истамас, ажабланиб айтди. Йўлак, кўчага чиқаверишдаги кенггина чорбурчак дахлиз гавжум, ҳамма ўзи билан ўзи овора эди. Тўсатдан издиҳом оралаб яқинлашаётган кўлага кўринди, кимлар ўзларини четга олишга улгуришди, кимлар – йўқ, кўлага Комрон билан Нозикнинг ўртасидан қуюндек елиб ўтди-кетди. Қуюннинг изидан уларнинг орасида қуюқ булут қолди. Нозикнинг шундайига ҳам оппоқ чеҳраси баттар оқарди, буни Комрон пайқамади, Комроннинг ҳам қути ўчди – буни Нозик пайқамади.

Йигит ҳам, қиз ҳам бу сингари ишораларни илғайдиган аҳволда эмасдилар.

– Эртага кетмайман, – деди Комрон.
– Қаерга кетмайсиз? – Ҳайрон бўлиб сўради Нозик.

– Ҳеч қаёққа… – Комрон шундай деб қўлидаги ихчам жомадоннусха сумкасини титкилаб учоқ чиптасини олди, Нозик билан унинг дугонаси ёнига яқинлашиб чиптани кўрсатди.
– Вий-й-й!

Комрон беҳосдан қизнинг оёғини босиб олдим деган хаёлда ўзини орқага олди.

– Чет элга кетяпсизми?! – Ҳайратини яширолмай қарсак чалиб юборди Нозикнинг дугонаси ўзини тутолмай.
– Чет элга, – деди Комрон ва заррача иккиланмай-нетмай чиптанинг қоқ ўртасидан йиртди. – Нозикой, сизни кўриш учун ҳам ҳеч қаёққа учмайман!..

* * *

– Келдингми, болам, қаёқларда қолиб кетдинг? Ўртоқларинг телефон қилавериб ҳолижонимга қўйишмади.

Комрон кулди.

– Эртага учмайдиган бўлдим.

Раҳима ая тушунмай ўғлига анграйди.

– Тинчликми?
– У томонларга самолётларнинг учиши бекор қилинибди.

Раҳима ая ўғли ҳазиллашаётганини тушунди.

– Бирор ишинг битмай қолдими? Тоғангникига бордингми?
– Эртага кетмайман-ку, бошқа куни борарман, ая. Яхшиси, сиз билан ҳангамалашиб ўтираман.

* * *

Камол дарвозани очиб яп-янги ҳовлига кирган акасининг кетидан изма-из беш-олти одим ташладию, қарийб ҳовлининг ўртасига борди, қўшқаватли уйнинг ҳайбатидан, кўм-кўк ҳовуздаги сувнинг тиниқлигидан кўзини узолмай туриб қолди, уй томон ўгирилди.

– Ичарига кирайлик, – йўл бошлади Комрон. Камол унга сўзсиз эргашди.

Равон, уй ва йўлаклар, ҳар қадамда дид билан қўйилган қимматбаҳо жиҳозлар, деворларга илинган манзарали суратлар, маҳобат, маҳобат… иккинчи қаватдаги меҳмонхонага илинган қандилни томоша қилаётган Камолнинг дўпписи бехосдан тушиб кетди. У момиқ ипак гиламга тушган дўппини қўлга олди-да, тапиллатиб кафтига уриб қоқди. Комрон кулгисини яширолмади.

– Эсинг жойидами, Кам, шундай уйда чанг-ғубор бўладими?!

Камол акасининг истеҳзосига эътибор бермади, оғир ва виқорли курсилардан бирининг чеккасига омонатгина қўнди-да, тепага анграйди.

– Учинчи қавати ҳам борми?
– Бор, – деди Комрон, – у ерга фақат ётоқ – спалнийдан чиқилади.
– Ҳм… – деди-қўйди Камол. – Шу туриши қанчага тушди, ака?.. Ўзингизникими, энди, шу уй?

Укаси ҳамон кўзларига ишонолмаётган эди. Комрон бир шода калитни унинг олдига ташлади.

– Мана, истаган маҳал истаган эшикни очиб кираверасан. Никоҳ куни келин билан болаларингни олиб кўчиб келасизлар, зинанинг нариги қаноти сизларга, тушундингми, жой мўл, ҳаммамизга етиб ортади.
– Ишни пишиқ қилибсизу, илло…

– Нима, илло? Гапинг бўлса, икковимиздан бошқа ҳеч ким йўқ, айтавер.
– Онам кўрмадилар-да, бу жойларни…

Сув қуйгандек жим-жит уйда аллақайси эшикнинг қирсс этиб ёпилгани аниқ-тиниқ эшитилди. Камол савол назари билан акасига анграйди. Комрон биринчи қаватга олиб тушадиган зинапоя тепасига бориб пастга қаради.

– Дахлизники… – деди у қўл силтаб, сўнг бир муддат жим турди-да, укаси бехосдан айтган гапга жавоб беришга киришди: – Мени ўйламайди дейсанми, ука. Илгарироқ… ҳаётлик чоқларида розилик берганларида, ким билади дейсан, шу жойларда балки узоқроқ яшармидилар… Оёқ тираб олдилар, сира кўндириб бўлмади…

– Онамизга насиб этмаган бўлса, тоғамни олиб келсак, кўрсалар, дуо қилсалар…
– Тоғам, дейсанми? Нималар деяпсан, укажон, қайсар дарахтнинг ёғочидан йўниб ишланган ўша тоғам шу уйга келиб дуо қилишига ишонасанми?! Шунга кўзинг етадими, Кама?!

– Тушунтирсак, онамнинг руҳини ўртага қўйсак…
– Онам билан қони бир одам-да, икки дунёдаям тушунмайди, пешанасига милтиқ тирасанг ҳам билганидан, айтганидан қолмайди… Кимсан фалончи олим, писмадончи профессор қариган чоғида уйда касал бўлиб ётиб, бир юмалабдию насиҳатгўй муллага айланиб қолибди! Менга айтган гапларини айтсам… Арш нима дегани, Кам? Сен биласанми? Қаерга жойлашган у? Осмон – космос дегани бўлса, осмон қаёқдаю менинг оилам қаёқда?! Менинг осмон билан неча пуллик ишим бор?!

* * *

“У томонлар”га самолёт кунда-кунора учишдан тўхтамади, лекин Комрон учмади. У эрта кетиб кеч қайтар, қўли-кўзи интернетдан, қулоғи қўл телефондан бўшамас, онасининг бағрида бўлишдан улканроқ бахт-саодат йўқлигини такрорлашдан чарчамас, лекин хаёли жойида эмасди унинг. “Тобинг қочяптими? Мазанг йўқми?” деб онаси қўярда-қўймай сиқувга олди, кор қилмади, кунда-кунора “у томон”дан Комила қўнғироқ қилар, эри билан гаплаша олмаётганидан зорланар, хавотирлана бошлаганини тушунтиришга ҳаракат қиларди.

– У томондаги идорамизнинг бу ердаги ваколатхонасида нозик вазифа топширишган, шуни битирмагунча бормасам керак, – деди Комрон ниҳоят.
– Шуни Комилага тушунтириб айт, минг хаёлга бориб хавотирда ўтирибди, – деди аяси.

Комилани минг хаёлга дучор қилган Комроннинг ўзи бир хаёл исканжасидан чиқиб кетолмаётган, қандай бўлмасин шу бир хаёл гирдоби уни домига тортиб кетаётгандек, Комрон шу тахлит ғарқ бўлишни ўзи учун тенгсиз бахтиёрликдек эп билаётган эди.

– Эртадан кейин янгам келяпти, – деди Камол акасига. – Кутиб олишга чиқа…
– Келяпти?! Нега менга айтмай келяпти? – тутақиб кетди Комрон худди уйқудан уйғонгандек кўзларини ишқаб.

Раҳима ая жеркиб берди:
– Ўзинг хотининг билан ёлчитиб гаплашмасанг қаёқдан айтади сенга, қачон айтади?! Ишинг кўпайиб кетган бўлса, унда нима гуноҳ, болаларингда нима гуноҳ?!

Комроннинг мияси яшин тезлигида ишлади, вазиятдан беталофат чиқишнинг бирдан-бир чорасини топди ва уни аяси билан укасига айтди:

– Ваколатхонадаги ишларим тугай деб қолди, бугун ё эртага жавобини айтишади.
– Айтишса, у ҳолда Комилахон келмай турсин, бир-икки кун сабр қилса, ўзинг борсанг, аёл бошига болаларини сургаб овора бўлиб юрмасди.

Комрон яна топқирлик қилди.
– Отланган бўлса келаверсин, уйидагиларини соғинган, – деди.

* * *

Учоқ белгиланган вақтда ерга қўнди, тоқати тугаб бораётган Комила юкларини тезда олди-да, ўғил-қизини сургаганича ташқарига ошиқди. Комила ҳов наридаги автоуловлар тўхташ жойида кўринган Комрон бамайлихотир келаётганини кўрдию, юрагининг бир чеккаси узилиб тушди. Хархаша қилаётган ўғил-қизига эътибор ҳам бермай Комрон томон пешвоз юрди. У эрининг авзойига синчиклаб қарамоқчи эди, унинг кўзларидан жуда-жуда кўп нарсани билиб олишига ишончи комил эди, Комроннинг эса кўзига биринчи бўлиб Комиланинг жуссаси кўринди. Ҳа, хотини жуссадор, семизликка мойил, тарози палласига қўйилса, эридан ҳийла ортиқроқ тош босадиган аёл эди. Биринчи марта хотини Комроннинг кўзига жуссадоргина эмас, бесўнақай ва қўпол кўриниб кетди.

Уйга етиб келишгунга қадар Комрон йўлдан, Комила эрининг авзоидан кўз узмади. Комила кўнглининг кўз ва дил илғамас бурчакларида сас-садо чиқаришга журъат этолмай пусиб ётган шубҳа-гумонлари энди кўз ўнгида саф торта бошлаганини сезди.

Комрон илгариги Комрон, эри илгариги эр эмас эди!..

Комрон уйга яқин қолишганидагина ёрилди:
– Мен эрта ё индин у ёққа кетишим керак, – деди хотинини аҳамиятсиз янгиликдан бохабар қилаётгандек бепарво оҳангда.

У тинимсиз ўйлаётгани, миясида чигалдан-чигал режаларни пишираётгани очиқ-равшан сезилаётган, ўзича у пинҳон тутган сирларни усталик билан яширяпман деб ўйлаётган, Комила эса аёлларга хос зийраклик билан эрининг хаёлида пишиб етилмаган баҳонаю важ-карсонларнинг илдизу шох-шаббасигача фаҳмлаб-илғаб улгураётганди.

* * *

Мушаррафнинг куни росмана туғди. Бир томонда ёш бошига, тағин кимсан қайноғасининг янги қаллиғига қайнона бўлиб қолди, иккинчи томондан, етти ухлаб тушига кирмаган шохона хонадон бекасига айланди. Уй-жойлар ялтиллайди, ёғ тушса ялаб-юлқасанг арзийди, ҳамма нарса янги! Болаларни айтмайсизми! “Детский”да одамнинг жонидан бошқа ўйинчоқларнинг саноғига етмайсиз! Фақат бола болалигини қилади-да, бир-икки дафъа ўғли амакисини саволга тутиб қолса денг.

– Амаки, Имронни қачон бу ерга опкеласиз? – дея сўради эрталабки нонушта маҳали.

Дастурхон теварагида оғир сукунат чўкди. Мушарраф ўғлига танбеҳ бермоқчи эди, кечикди.
– Нозикой, чойга қарайсизми? – деб чалғитди бошқаларни қийин аҳволдан халос этиш мақсадида.

Дастурхоннинг попугини ўйнаб нафасини ичига ютиб ўтирган Нозикой “хўп” деганча ўрнидан турди-да, қўшни хона – ошхонага кириб кетди.

Комрон жиянининг саволини жавобсиз қолдирмади.

– Имронни ҳам, Гўзални ҳам олиб келаман, жиян, – деди баралла. У атайин Нозикой эшитадиган қилиб гапирди. – Келишади, уларни ташлаб қўймаймиз…

Камол акасига зимдан кўз ташлади, шу орада ошхонадан қайтиб чиққан Нозикой сассиз-несиз юриб келиб, стол устида турган чойнакка қўл узатди.

– Қайнадими? – деб сўради овозини пастлатиб Мушарраф.
– Ҳм, қай…

Шу пайт ошхонада нимадир тарақлаб кетди. Дастурхон атрофида ўтирганларнинг барчалари чўчиб ошхона томон ўгирилдилар. У томонда қандайдир чинни асбоб тушиб чил-чил синди, кетидан ошхонанинг очиқ эшигидан қуюқ буғ-тутун бурқсиб чиқди.

Ошхонага биринчи бўлиб Камол, унинг изидан Мушарраф етиб борди.
– Ёняпти! – деб бақириб юборди Камол. – Ёрилиб кетибди!

Хотини унинг ваҳимасига жўр бўлди.

– Ваҳима кўтарманглар, – деди Комрон атайин вазминлик билан. Келиб ошхона ичига қараб турди-турди-да, укаси ва бошқаларни тинчлантирди. – Чой қайнаб… суви тугаб қолган… Ну, чорт с ним!..

Хижолат ва қўрқувдан ошхона эшигига беҳол суяниб қолган Нозикой бу гапни эшитиб йиғлаб юборди.
– Қандай қилиб? Ҳозиргина қўйгандим, ҳозиргина. Тўлдириб қўйгандим, – дея олди у, холос.

* * *

Комила келган кунидан икки кун ўтар-ўтмас Комрон йўлга отланди. Раҳима ая эрта саҳарлаб жўнаб кетишга шайланган ўғлини қўярда-қўймай хонасига қамаб олди. Аввалига ётиғи билан гапни узоқдан бошлади. Онасининг қандайдир муддаода гапни атайин узоқдан бошлаши тоғасининг одатларига ўхшаб кетишини ўйлаб кетди Комрон. Шубҳа йўқ, онаси тоғасига шикоят қилган. Тоғаси унинг кўзини мошдай очиб қўйиш қасдида гапни осмондан бошлаб, космоснинг… ар… арш дедими – Комрон ичида кулиб қўйди – коинотнинг чанг-тўзони чиқиб кетармишми-ей!.. Буёғидан уёғи яқинлашиб тўшакка қадалиб ётган, умри бино бўлиб туғилиб ўсган шаҳару вилоятидан икки қадам нарини кўрмаган одамлар ўйлаб топган сафсаталар…

– Эркакдир-аёлдир, – деди онаси, – оила тақдирига ҳамиша-ҳар куни ҳушёр бўлмоғи керак. Эр-хотин ўртасида совуқчилик пайдо бўлдими, бепарволик оқибати яхшилик билан тугамайди. Хуллас, сўзимни қулоғингга олмасанг у дунёю бу дунё рози эмасман, шуни унутма, ўғлим!..

* * *

Сафарга “отланган” юклар топширилди ҳамки, ака-ука ўртасида суҳбат қовушмади. Комрон Камолдан, Камол Комрондан ниманидир кутаётган, лекин улардан ҳеч бирлари оғиз очишга жазм этолмаётган эдилар. Ниҳоят, Комроннинг сабри тугади. У Камолни четга тортди.

– Кама, – дедию сўзини давом эттиролмади, соатига қаради. Фурсат ғанимат эди. Учоқ чиптасини рўйхатдан ўтказса, шу заҳоти ичкарига кириб кетади. Ваҳоланки, унинг барча умиди, ишонгани укасида эди. Шу боисдан у айтадиганини айтиб ташлади: – Мен жуда оғир аҳволдаман. Сенга айтаману, жўнаб кетаман. Укам бўлиб, эркак бўлиб тингла. Менга ёрдам бер.

Камол акасининг аҳволини тушуниб етган, лекин унга қандай ёрдам бериши мумкинлигини тасаввурига сиғдиролмаётган эди. Комрон давом этди:

– Ётиғи билан онамга тушунтирасан… кўндирасан.
– Нималар деяпсиз, ака? Бу гапларни айтиш сиз ўйлагандан кўра анча оғир. Оқибати эса ундан баттар, шуларни ўйлаб кўрдингизми?

– Тўғриси, ўйламадим, кўрдиму ақл-ҳушимдан айрилдим… Тамом бўлдим…
— Кимни кўрдингиз? Кап-катта эркаксиз-а! Ким экан, қаерда дуч кела қолдингиз, ака?!

Комрон Камолнинг билагидан тутди, сўзсиз уни кузатувчилар издиҳоми томон бошлади. Боядан бери ака-укадан кўз узмай хавотирда турган гулдек нозик-нозанин… Нозикой улар томон бир-икки одим ташладию ерга қараганича тўхтади.

Камолнинг тили айланмай қолди. Шу топда айтиши мумкин бўлган сўзи йўқ эди унинг. Аъзои бадани мажолсизланиб беихтиёр нари кетди. Комрон унга етиб олди.

– Комила янгамнинг аҳволи нима кечади? Болаларнинг-чи?.. – деди Камол паришон хаёлларини йиғолмай. Комрон нимадир деди, лекин жавобнинг қизиғи қолмаганди Камол учун. Давом этди: – Мен сиз айтаётган юкни зиммамга ололмайман, қолаверса…
– Нима, қолаверса?!

Комроннинг товуши Камолнинг қулоғига оғир ботди. У атайин бир зум сўзсиз қараб турди-да, сўнг гапирди:
– Ҳозир сиз оғир аҳволда экансиз, агар бундан кечмасангиз, – деди у Нозикой турган томонга ишора қилиб, – ҳаммамизни оғир аҳволда қолдирасиз. Онам кўтаролмасликлари эса аниқ, ака…

* * *

Комрон хашамдор машинасини дарвозага тақаб тўхтатди-да, ўтирган жойида пульт тугмасини босди. Юқорига йиғилиб очиладиган дарвоза тиқ этмади. Комрон кафтида тутиб турган матоҳнинг тугмаларини бир-бир босиб чиқди, яна натижа бўлмади.

– Кичик эшикдан киринг-да, ичкаридан дарвозани очинг, – у шундай деб Нозикойга калитни тутқазди.

Яқиндагина ёмғир ёғиб ўтган, ҳовли қоронғи, уйда ҳеч ким йўқ, чироқни ёқиш учун йўлакка қадар етти-саккиз қадам юриш керак. Комрон хотинининг якка тавақали кичик эшик ёнига етиб борганига, калитни қулфга суқаётганига қараб турдию нимагадир чалғиб, ундан кўзини узди. Зум ўтмай йўлак чироғи ёнгани кўринди, кўриндию… Комрон нима воқеа юз берганини англолмай қолди, лекин кимдир “В-вой!” деганини аниқ эшитди, юраги аллақандай нохушликни сезиб, машинадан отилиб чиқди, югуриб ҳовлига кирди. Не кўз билан кўрсаки, Нозикой деворга суянганича бехуш йиқилиб ётарди.

– Нозикой! Нозик-к! Менга қаранг! Менга қара, Нозик!

Комроннинг ўтакаси ёрилди, назарида шу тобда суюкли, ардоқли, гўзалдан-гўзал арзандасидан айрилиб қолаётгандек эди. Йўлак деворидаги жўмракни бураб ҳовучига сув олди-да, Нозикнинг бетига сепди. Яна ва яна сепди. Нозик сесканиб кўзини очди. Ўрнидан туришга ҳаракат қилатуриб, ҳуш-беҳуш ҳўнграб юборди.

– Нима бўлди, Нозик? Айтинг, нима бўлди ахир?! – Қўрқиб кетган Комроннинг бетига сув сепадиган кимса йўқ эди.
– Нариёққа, – деди Нозик қўли билан ҳовли томон кўрсатиб, – нариёққа ўтиб кетди…

– Ким? Ким ўтиб кетди? – Сапчиб қад ростлади Комрон. Ҳовлиқиб ҳовли томонга югурди. – Кўрдингми? Сенга тегдими?! Қанақа?..
– Қоп-қора… шарпа… Баланд… Бетини кўрмадим…

* * *

Комрон “у томон”да туриб ҳам укасини ҳолижонига қўймади. Сен гапни бошлаб берсанг бас, қолганини ўзим тушунтираман деб кунда сим қоқишдан чарчамади.

Камол мавридини пойлаган эди – мавридини онасининг ўзи келтирди.

Нима бўлдию, она-бола ёлғиз қолишди, Камол энди ўтирган жойидан қўзғалган ҳам эдики, онаси уни тўхтатди.
– Камол, ўғлим, – деди у вазмин бир товушда, – ичимда бир хавотир бор, шуни кимга ёрилишни билмай эзилиб кетяпман.

Камол онасига бирров разм солдию, индамади. Раҳима ая эса ундан садо чиқишини кутди.
– Қандай хавотир, ая? – дея савол қотди у.
– Қандай бўларди, акангнинг қадам олиши ёқмаяпти…

Комил темирни қизиғида босди:
– Менга ҳам, – деди у хуноби тошиб.

Раҳима ая ўрнидан турди, бир-бир қадам ташлаб Камолнинг рўпарасига келиб тўхтади.

– Хавотирим бежиз эмасми?! Хабаринг борми?! Қадам олиши…
– Номаъқул қадамини босиб бўлган, акам!

У шундай дедию, бирдан юраги орқасига тортиб кетди. Шу тобда оғзидан чиққан гапи онасига ўқ теккандек таъсир кўрсатиши мумкинлигини кейин ўйлаб қолди. Бироқ онаси кутилмаганда ўзини дадил тутди. Раҳима ая бор иродасини жамлаб ич-ичидан отилиб чиқаётган ғазабними, ўкирикними, нафратними бўғзида тутиб қолди, ўзи дунёга келтириб, ўзи вояга етказган ўғлининг афтига игнадек нигоҳларини суққудек бўлиб қадади. Камол бу нигоҳга дош беролмади, кўзини олиб қочди. Менда нима гуноҳ, дея ўзини оқлаш мавриди эмаслигини тушунди. Раҳима ая бошқа чурқ этмади, ётоқ бўлмаси томон аста-аста одимлаб борди-да, очиқ эшик ёнида ортига ўгирилди, бир зум равон деразаси орқали ҳовлига нигоҳи етганича термилиб турди-турди-да, бошини хам қилганича ичкарига кириб эшикни оҳиста ёпди.

* * *

Мушарраф овсинининг ёнида алламаҳалгача қолиб кетди. Кейинги кунларда қоронғи тугул, куппа-кундузлари ҳам Нозик иккинчи қаватга чиқмас, чиқмагани-чиқмаган, Мушаррафни ёнидан жилдирмасликка ҳам одатланди. Мушарраф унинг ранг кўр-ҳол сўр бўлиб қолганига, фақат бу эмас, Нозик бўлар-бўлмасга чўчиб кетадиган, тиқ этган шовқиндан таҳликага тушадиган бўлиб қолганди. Мушарраф аста-секин унинг кўнглига қўл солди, ҳозир айни ўйнаб-яйраб қоладиган пайтингиз, бундай шароитлар биздақаларнинг етти ухлаб тушимизга кирмаган, ўзингизни қўлга олинг, кўзга яқин келинсиз, сиздақаларга кўз тегиши аниқ, шунинг учун унда-мунда ирим-сиримини ҳам унутманг, икки-уч қайта ўқитворсангиз қушдай енгил бўлиб юрасиз деб насиҳатлару меҳрибончиликларга кўмиб ташлади, кўмиб ташлагани сайин ҳам Нозикнинг чеҳраси очилмади, унинг зўраки жилмайишларида бурунги тароватдан асар қолмаганди.

Мушарраф Нозикой қандайдир ҳуркак бўлиб қолганини, лекин овсини ундан буни яшираётганини сезиб улгурган, Нозикой ҳам ўзидан кўра анча-мунча дадилроқ бўлган Мушаррафнинг қаттиқ-қаттиқ гапиришларида, кўз қарашларида хавотир, таҳлика шарпасини илғай бошлаган эди.

* * *

– Намунча, – деди Камол тўшакда ёнбошлаб ётган жойидан, ҳовлига чиқаверишдаги эшикни маҳкамлаб қулфлагач ҳам уни қайта-қайта тортиб кўраётган хотинининг ҳаракатларини кузатиб. – Бунақа одатинг йўқ эди-ку?

– Тунда ташқарига чиқсангиз… – Тўсатдан гап бошлади Мушарраф. Камол ҳиринглаб кулди.
– Тунда ташқарига чиқадиган одатим йўқ-ку, хотин, кўзинг илинмай туриб туш кўряпсанми?

– Кеча кечаси турмадингизми?
– Кеча кечаси?… – Ўйлаб қолди Камол. – Тош қотиб ухладим-ку, Мушар.
– Ҳазиллашманг!

– Нега ҳазиллашай, қаттиқ чарчаган эдим, ёстиққа бош қўйганча тош қотибман…

Мушарраф чаён чаққандек сапчиб ўрнидан ирғиб турди. Турасолиб хона чироқларининг барини кетма-кет ёқиб юборди. Унинг рангида ранг қолмаган, лаблари гезариб кетган, худди тўшагига бегона махлуқ кириб қолгандек дағ-дағ қалтирарди. Камол хотинини бу аҳволда биринчи бор кўриши эди, ўзини вазмин тутишга ҳаракат қилиб, аста ўрнидан қўзғалди.

– Нима бўлди, Мушар, гапир, нимадан бунчалик эсхонанг чиқиб…
– Аниқ кўрдим!..

– Нимани? Қачон?
– Тунда, қора шарпа! Бўйи сиздей… Тепамга келиб қараб турди!..

– Ишонмайман.
– Бунга ишонмасангиз ичи сувга тўла чой қайнаткич ёниб кетганини кўрдингиз-ку! Нозик ёнимдан жилмайдиган бўлиб қолди, бежизга эмас бу! Назаримда бехосиятроқ уйми, дейман-да…
– Секин!.. Бу сўзни оғзингдан чиқара кўрма, ахир акам…

Камол акаси билан бу хонадонга илк сафар келишганини эслади. Ўшанда ака-ука юқори қаватда суҳбатлашиб қолишди, шунда тўсатдан пастдаги аллақайси эшик ўзидан-ўзи қисирлаб ёпилди… Камол аниқ эслади ўша ҳодисани…

* * *

Раҳима ая узуккун уйга қамалиб ётадиган одат чиқарди, кампир ҳеч ким билан гаплашмас, ҳузурига бошқалар киришини хушламас, келинларига сўзни қисқа қилиб, борақолинглар, деб чиқариб юборар, Комиланинг кўзига қаролмас, Имрон билан Гўзал невараларини кўрганида ўпкаси тўлиб кетар – таркидунё қилган одамдек унинг учун ҳеч нарсанинг қизиғи қолмаганди…

* * *

Ўтганларнинг руҳларини шод қилиш ниятида лорсиллаган қора қўчқорнинг жони бахшида қилинди. Беш-олти нафар қўни-қўшни иштирокида ўтказиш мўлжалланган “ис чиқариш” тадбири кичкина тўйга айланди. Хабарланганларнинг бари келди, тоға келмади.
– Аканг энди менга бегона, – деди Мирсаййид тоға, ўзини аранг вазмин тутиб, — мен-ку, майли, онасининг бетига оёқ қўйдими, гулдек оиласининг, ўғил-қизининг уволидан қўрқмадими, ўнта қўй атамайдими! Юзта қўй атамайдими!..

* * *

Шом қоронғисида уйга қайтган заҳоти ая Камолни чақиртирди. Камол аясининг ҳеч кимни огоҳлантирмай кетиб қолгани учун унга танбеҳ бермоққа оғиз жуфтлаган ҳам эди, онаси уни гапиришга қўймади.

– Телефон қил, – деди қўлини узоққа деган маънода боши узра силкиб. — Қаерда бўлсаям топ.
– Хўп… Фақат ҳозир у ерда ярим тун, ҳамма уйқуда… – тайсаллади Камол. – Ухлаб ётган бўлса…
– Ўлиб ётган бўлсаям уйғот!

Камол онаси тўнини тескари кийганини, энди унга ҳеч кимсанинг гап-сўзи кор қилмаслигини билди. Шу аснода акаси билан боғландию, телефонни онасига узатди. Раҳима ая кафтидаги телефонни қулоғига босган заҳоти муддаога кўчди:
– Ҳм… Эртага етиб кел!.. Билмадим!.. Эшитяпсанми, ернинг остидамисан-устидамисан, охирги гапим шу: эртадан қолмай етиб кел!..

* * *

– Асал ойи бир ой давом этади деб ким айтса айтаверсин, бизнинг умримиз, ҳаётимиз асал-л!

Комрон ўрнидан тура солиб гулни бели ва тақимлари остидан икки қўллаб кўтариб олди, бир-бир қадам ташлаб учинчи қаватдаги хос хонага йўналди.

– Осмонга, – деди кулиб, – осмондан ҳам тепага – аршга олиб чиқаман! – Комрон шодумон эди, шодлигини баралла нишонлашни истаётган эди.
– Йўқ, – деди Нозик, – у ёққа чиқмайлик.

Комрон аҳдидан қайтмади. Гулни бир қўлидан қўймай иккинчи қўли билан учинчи қаватга олиб чиқадиган дарча эшиги илгагини туширди.
– Қўрқяпман! Тўхтанг, очманг!

Биллур ҳовузча ичига икки кишилик пар ўрин тўшалган, оппоқ чойшаб тунги шабадада муаттар ҳид таратар эди.

Ҳамон гулни бағридан қўймаган Комрон бир оёғини кўтариб биллур ҳовуз девори оша ошириб ўтишга улгурдими-йўқми, нимадир лоп этди.
– Қочинг! – дея нола чекиб юборди Нозик.

Комрон оёғини тортиб улгурдими-йўқми, кўз ўнгида оппоқ чойшабнинг бир чеккаси тутаб, димоғига ачимсиқ ис урилди…

* * *

Комроннинг бу қадар зудлик билан етиб келишини ҳеч ким кутмаганди. Бироқ ўғлиз келдилар дея суюнчи ундириш хаёлида аянинг ҳузурига югургилаб кирган Мушаррафнинг фарёдини биринчи бўлиб Комила эшитди. Комила қайнонасининг тепасига етиб бормай хона ўртасида тек турган кўйи кафтларини бетига босганича унсиз, лекин аччиқ-аччиқ ўкраб юборди.

* * *

Мушарраф эрининг қулоғини тинчитмади.

– Билмадим… Бу аҳволда юрагим адо бўлади, дадаси.
– Қўйгин, бир нарсани гапираверасанми, Мушар! — деди Камол хотинига уқдиришга уриниб. – Сен айтаётган нарса одамнинг назарида бўлади, ҳаётда эмас.

– Ҳаётда йўқ бўлса, кўзга кўриняптику? Тунда тепамга келиб қараган ким?! Буёқда Нозик ҳомиласини тушириб қўйганидан хабарингиз йўқ.
– Ҳомиласини туширган бўлсаям чидаб ўтирибди-ку!

– Қаёқда чидайди! Тиқ этса ёнимга келиб олади, бир ўзи тепа қаватга қадам босмайдиган бўлган. Шўрлик эсдан оғиб қолмаса деб қўрқаман…
– Ҳозиргина кўрдим-ку, тепага чиқиб кетаётув…
– Опа!!.

Мушарраф жим бўлди. Деразадан ҳовли томон бошини чиқариб қулоғини динг қилди.

– Чақирди, – деди Камол чўчигандай диққатини жамлаб.
– Опа-а! О-опа-а-а!..

Чинқириқдан шошиб қолган Мушарраф билан Камол изма-из қувалашгандай Комрон билан Нозикой яшайдиган томондаги айвон зинасидан чиқишганида иккинчи қават эшиги бўсағасидаги супачада йиқилиб қолган Нозикойни кўришди.

– Ана! – деди Мушарраф ва ётоқ бўлмасига кираверишдаги эшик ёнида ҳолсизланиб ўтириб қолган Нозикойнинг ёнига олдинма-кетин кўтарилишди.
– Қаранг… ичкарига қаранг… – дея олди ҳамон ўзини қўлга оломаган Нозикой. У қалт-қалт титрар эди. Мушарраф кўрқа-пуса ҳобхонага бош суқдию, “Вой, ўла-ай-й!” деб қичқирганича ёқасини чангаллади.

Пардоз-андоз жавони устида нима бўлса, ҳаммаси уй билан битта бўлиб сочилиб ётарди.

* * *

– Онанг раҳматли бўлишини кутиб юрган экансан-да?! Ўтган ўтди, тамом-вассалом деб ўйладингми?! Тупроғи совумай-а?! Руҳини чирқиратиб…
– Қўйинг, тоға, бу гаплар ортиқча…
– Ортиқча бўлса, сенга – катта кўча! Илло синглимдан қолган уй-жой Камол билан Комиланики, сен эса… Садқаи ўғил кет-э!..

* * *

Ҳаммаси тунда юз берди.

Комрон билан Нозикой аллапаллада тўйданми-меҳмондорчиликданми қайтишганида ҳали чироқ ёнмаган — қоматини ғоз тутиб турган шоҳона кошона қора зулмат оғушида қаққайиб турарди.
– Ётақолайлик, эрталаб шуғулланамиз, – деди Комрон.

Нозикойнинг кўнгли ғаш эди, аввалига ухлолмай, хаёлан минг кўчага изғиди, ниҳоят эрининг билагидан тутганича… кўзи илинган экан, қаттиқ шовқиндан чўчиб уйғонди. Уйғондию, эшикни устма-уст тарақлатиб жонҳолатда “Ака! Ака!”лаб -бақираётган Камолнинг овозини таниди.

– Ёнғин! Чиқинглар! Ака-а!..

* * *

– Ўт нимадан чиқибди? – бетини терс буриб савол қотди Мирсаййид тоға.
– Чироқни симидан деганмиш… – Камол шундай дедию, ўша тунда уйда чироқ бутунлай ўчганини эслаб ҳайрон бўлиб елкасини қисди.

Орага оғир сукунат чўқди, ниҳоят тоға бошини чайқай-чайқай, минг афсус деган оҳангда салмоқланиб гапирди:

– Гулдек оиланинг бузилиши аршни ларзага келтиришини айтгандим. Тушунмади, тушунишни ҳам истамади. Айтиб қўй, чиройли уйидаги машмашаларнинг бари ўша мен айтган ларзанинг шабадаси, холос… Уқдингми, шабадаси…

“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, 2012 йил, 50-сон

044

Xurshid Do’stmuhammad
SHABADA
045

Baxt ham nasiba, u kimlarnidir zor qaqshab izlab yuradi, ro‘parasidan, oyog‘ining ostidan chiqib quchoq ochib kutadi, kimlarnidir esa kalaka qilgandek mudom chetlab o‘tadi.
Tog‘asi Komronni yomon izza qildi.
– Hayotda noshukrlikdan yomon narsa yo‘q, – dedi u avvaliga muloyimlik bilan, lekin bu muloyimlik-vazminlik portlash arafasidagi sokinlik ekani tog‘aning fe’lini biladiganlar uchun yangilik emas edi. Komron ham o‘sha portlashga shay holda tanbehu nasihatga quloq tutdi. Mirsayyid tog‘a davom etdi: – Xotining – sening nasibang, sen esa — uning nasibasi, oyday-gulday yashab dunyo kezib yuribsan, shu nasibangdan yuz o‘girmoqchimisan? Ayt, yuz o‘girmoqchimisan?! Kiftingda ko‘tarib yurgan yum-yumaloq qovoqning ichida aql-idrok, tog‘dek ko‘ksingda diyonat bormi, o‘zi?!
Komron o‘zini bu gaplardan mutaassir bo‘lgandek tutib o‘tirsa-da, xayoli taqdirmi-tasodifmi unga ro‘para qilgan boshqa bir… nasibada edi. Xo‘p, xotini uning nasibasi ekan, bunisi-chi? Buni ko‘rib ko‘rmaganlikka olsa, qo‘l cho‘zsa yetgulik oraliqda shamshoddek raso qaddini, oqqush bo‘ynidek nozik bo‘yni-dudog‘i, yanoqlari yal-yal nur taratayotgan… nasibadan ko‘z yumib o‘tsa noshukrlik bo‘lmaydimi?!
Komron ko‘nglidan kechgan shu o‘ylarini tog‘asidan yashirmadi. Mirsayyid tog‘a hang-mang bo‘lib qoldi, shunday tanbehlari jiyaniga kor qilmaganidan lol edi u.
– Bir oilaning buzilishi arshni larzaga keltiradi. Eshitganmisan, shu gapni? – Yana bosiq ohangga ko‘chdi tog‘a. Komron tushunmadimi, qulog‘i yaxshi ilg‘amadimi, tog‘asiga savol nazari bilan qaradi. – Arshni larzaga soladi, – deyapman, tushunasanmi, o‘zi, osmonni, ko‘kni ostin-ustun qiladi! Shuni bilib qo‘y, bola!..

* * *

Zinapoya bo‘ylab chiqib-tushayotganlarning hisobi yo‘q edi. Yigitlar qizlarga, qizlar yigitlarga to‘qnashib-netayozgan, quvnoq qah-qahalar, shodon baqir-chaqirlar, salom-aliklaru xayr-xo‘shlar to‘lgan zinapoyada yoshlarning joni ichiga sig‘maydi, oyoq-qo‘llari qanotga aylangan – uchishmaydi, xolos.
Komron zinapoyaning bir chekkasidan boshini xam qilganicha yuqoriga ko‘tarila boshladi. Ikkinchi, uchinchi… beshinchi qavatga yetdim deganda boshini ko‘tardi. Nega ko‘tardi? Yana uch-to‘rt pillapoyani bosib o‘tganida beshinchi qavat yo‘lagiga yetgan, shundoqqina chapga burilsa, ikki eshik naridagi xonaga bosh suqsa – kelishilgan, uni kutishyapti – zarur yumushini bitirsa, vassalom, kechga dovur mo‘ljallagan ishlari boshidan oshib yotibdi, bozor-o‘char, onasining yolg‘iz jigargo‘shasi bo‘lmish xasta tog‘asini ziyorat qilish, uyga borib jomadonlarni tartibga solish – o‘rab-chirmash, bog‘lash-qulflash, uch haftalik ta’til kunlaring bir kun bemalol diydoringga to‘yolmadim deya xarxashadan tinmayotgan onasini xumordan chiqarish. Hozir esa… Nega u boshini ko‘tardi?..
Komronning boshi aylanib ketdi, boshidan oyoqlarining uchi tomon yoki oyog‘ining uchidan boshi tomon allaqanday to‘lqin shuvillab o‘tdi, ichiga daydi va telba shamol kirib qolgandek, shamol uni shu ondayoq muvozanatdan chiqarib ag‘daradigandek.
Komron rangi o‘chganini beti qizib ketganidan sezdi, ro‘parasida – uch pillapoya yuqorida tek qotgan notanish qizdan ko‘z uzolmay qoldi. Paxtaday, sutga chayilganday, qaymoqday, yo‘q, ularning barchasidan-da o‘zgacha – hushni o‘g‘irlar darajada yoqimli.
– Nega bunchalar oppoqsiz?
Qiz o‘zini yo‘qotib qo‘ydi, begona yigit bergan savolni eshitmadi, eshitsa-da, ilg‘amadi, duv qizarib jimgina bosh chayqadi. Yo‘q, dedi u, yo‘q – shu ma’noda bosh chayqadi, faqat ovozi chiqmadi, shu bois yo‘q deganini hech kim – Komron ham, qizning dugonalari ham… qizning o‘zi ham eshitmadi. Lekin uch odimlik pillapoya shohid – qiz uch karra aytdi: yo‘q, yo‘q, yo‘q!..
– Ismingiz nima?
Kimdir – pastdan chiqib keldimi, yuqoridan tushib kelayotuvdimi – tikkasiga Komronga urildi, Komron jon holatda zina panjarasini tutib qolmasa, pastga qarab koptokdek dumalab-yumalab ketishi muqarrar edi.
– Voy-y!
Ko‘k tomon, oy tomon, arsh tomon uchdi “voy”!
…Komron shu qadar zaif, irodasi mo‘rt edimi?.. Shunchalar ta’sirchan, yuvosh, sodda-go‘l edimi?.. Bularni ham, o‘zining butkul boshqa odamga aylanib qolganini ham bilmadi.
– Ismingiz nima? – deb so‘radi yana Komron.
G‘ala-g‘ovurda ovozi eshitilmadi. Komron savolini takrorladi.
– Nozik!..
Qizning o‘zi aytdimi, yonidagi dugonasimi – Komron payqamadi. U dam-badam vujudidan ko‘tarilayotgan hovurni sovutolmayotgan, sovutish qayoq-da, hovur uni tovaga solib qovura boshlagandi.
– Nozik?.. Nozikoy?..
– Nozik…
Bu safar qizning o‘zi aytdi, sekin va beixtiyor aytdi, istar-istamas, ajablanib aytdi. Yo‘lak, ko‘chaga chiqaverishdagi kenggina chorburchak daxliz gavjum, hamma o‘zi bilan o‘zi ovora edi. To‘satdan izdihom oralab yaqinlashayotgan ko‘laga ko‘rindi, kimlar o‘zlarini chetga olishga ulgurishdi, kimlar – yo‘q, ko‘laga Komron bilan Nozikning o‘rtasidan quyundek yelib o‘tdi-ketdi. Quyunning izidan ularning orasida quyuq bulut qoldi. Nozikning shundayiga ham oppoq chehrasi battar oqardi, buni Komron payqamadi, Komronning ham quti o‘chdi – buni Nozik payqamadi.
Yigit ham, qiz ham bu singari ishoralarni ilg‘aydigan ahvolda emasdilar.
– Ertaga ketmayman, – dedi Komron.
– Qaerga ketmaysiz? – Hayron bo‘lib so‘radi Nozik.
– Hech qayoqqa… – Komron shunday deb qo‘lidagi ixcham jomadonnusxa sumkasini titkilab uchoq chiptasini oldi, Nozik bilan uning dugonasi yoniga yaqinlashib chiptani ko‘rsatdi.
– Viy-y-y!
Komron behosdan qizning oyog‘ini bosib oldim degan xayolda o‘zini orqaga oldi.
– Chet elga ketyapsizmi?! – Hayratini yashirolmay qarsak chalib yubordi Nozikning dugonasi o‘zini tutolmay.
– Chet elga, – dedi Komron va zarracha ikkilanmay-netmay chiptaning qoq o‘rtasidan yirtdi. – Nozikoy, sizni ko‘rish uchun ham hech qayoqqa uchmayman!..

* * *

– Keldingmi, bolam, qayoqlarda qolib ketding? O‘rtoqlaring telefon qilaverib holijonimga qo‘yishmadi.
Komron kuldi.
– Ertaga uchmaydigan bo‘ldim.
Rahima aya tushunmay o‘g‘liga angraydi.
– Tinchlikmi?
– U tomonlarga samolyotlarning uchishi bekor qilinibdi.
Rahima aya o‘g‘li hazillashayotganini tushundi.
– Biror ishing bitmay qoldimi? Tog‘angnikiga bordingmi?
– Ertaga ketmayman-ku, boshqa kuni borarman, aya. Yaxshisi, siz bilan hangamalashib o‘tiraman.

* * *

Kamol darvozani ochib yap-yangi hovliga kirgan akasining ketidan izma-iz besh-olti odim tashladiyu, qariyb hovlining o‘rtasiga bordi, qo‘shqavatli uyning haybatidan, ko‘m-ko‘k hovuzdagi suvning tiniqligidan ko‘zini uzolmay turib qoldi, uy tomon o‘girildi.
– Ichariga kiraylik, – yo‘l boshladi Komron. Kamol unga so‘zsiz ergashdi.
Ravon, uy va yo‘laklar, har qadamda did bilan qo‘yilgan qimmatbaho jihozlar, devorlarga ilingan manzarali suratlar, mahobat, mahobat… ikkinchi qavatdagi mehmonxonaga ilingan qandilni tomosha qilayotgan Kamolning do‘ppisi bexosdan tushib ketdi. U momiq ipak gilamga tushgan do‘ppini qo‘lga oldi-da, tapillatib kaftiga urib qoqdi. Komron kulgisini yashirolmadi.
– Esing joyidami, Kam, shunday uyda chang-g‘ubor bo‘ladimi?!
Kamol akasining istehzosiga e’tibor bermadi, og‘ir va viqorli kursilardan birining chekkasiga omonatgina qo‘ndi-da, tepaga angraydi.
– Uchinchi qavati ham bormi?
– Bor, – dedi Komron, – u yerga faqat yotoq – spalniydan chiqiladi.
– Hm… – dedi-qo‘ydi Kamol. – Shu turishi qanchaga tushdi, aka?.. O‘zingiznikimi, endi, shu uy?
Ukasi hamon ko‘zlariga ishonolmayotgan edi. Komron bir shoda kalitni uning oldiga tashladi.
– Mana, istagan mahal istagan eshikni ochib kiraverasan. Nikoh kuni kelin bilan bolalaringni olib ko‘chib kelasizlar, zinaning narigi qanoti sizlarga, tushundingmi, joy mo‘l, hammamizga yetib ortadi.
– Ishni pishiq qilibsizu, illo…
– Nima, illo? Gaping bo‘lsa, ikkovimizdan boshqa hech kim yo‘q, aytaver.
– Onam ko‘rmadilar-da, bu joylarni…
Suv quygandek jim-jit uyda allaqaysi eshikning qirss etib yopilgani aniq-tiniq eshitildi. Kamol savol nazari bilan akasiga angraydi. Komron birinchi qavatga olib tushadigan zinapoya tepasiga borib pastga qaradi.
– Daxlizniki… – dedi u qo‘l siltab, so‘ng bir muddat jim turdi-da, ukasi bexosdan aytgan gapga javob berishga kirishdi: – Meni o‘ylamaydi deysanmi, uka. Ilgariroq… hayotlik choqlarida rozilik berganlarida, kim biladi deysan, shu joylarda balki uzoqroq yasharmidilar… Oyoq tirab oldilar, sira ko‘ndirib bo‘lmadi…
– Onamizga nasib etmagan bo‘lsa, tog‘amni olib kelsak, ko‘rsalar, duo qilsalar…
– Tog‘am, deysanmi? Nimalar deyapsan, ukajon, qaysar daraxtning yog‘ochidan yo‘nib ishlangan o‘sha tog‘am shu uyga kelib duo qilishiga ishonasanmi?! Shunga ko‘zing yetadimi, Kama?!
– Tushuntirsak, onamning ruhini o‘rtaga qo‘ysak…
– Onam bilan qoni bir odam-da, ikki dunyodayam tushunmaydi, peshanasiga miltiq tirasang ham bilganidan, aytganidan qolmaydi… Kimsan falonchi olim, pismadonchi professor qarigan chog‘ida uyda kasal bo‘lib yotib, bir yumalabdiyu nasihatgo‘y mullaga aylanib qolibdi! Menga aytgan gaplarini aytsam… Arsh nima degani, Kam? Sen bilasanmi? Qaerga joylashgan u? Osmon – kosmos degani bo‘lsa, osmon qayoqdayu mening oilam qayoqda?! Mening osmon bilan necha pullik ishim bor?!

* * *

“U tomonlar”ga samolyot kunda-kunora uchishdan to‘xtamadi, lekin Komron uchmadi. U erta ketib kech qaytar, qo‘li-ko‘zi internetdan, qulog‘i qo‘l telefondan bo‘shamas, onasining bag‘rida bo‘lishdan ulkanroq baxt-saodat yo‘qligini takrorlashdan charchamas, lekin xayoli joyida emasdi uning. “Tobing qochyaptimi? Mazang yo‘qmi?” deb onasi qo‘yarda-qo‘ymay siquvga oldi, kor qilmadi, kunda-kunora “u tomon”dan Komila qo‘ng‘iroq qilar, eri bilan gaplasha olmayotganidan zorlanar, xavotirlana boshlaganini tushuntirishga harakat qilardi.
– U tomondagi idoramizning bu yerdagi vakolatxonasida nozik vazifa topshirishgan, shuni bitirmaguncha bormasam kerak, – dedi Komron nihoyat.
– Shuni Komilaga tushuntirib ayt, ming xayolga borib xavotirda o‘tiribdi, – dedi ayasi.
Komilani ming xayolga duchor qilgan Komronning o‘zi bir xayol iskanjasidan chiqib ketolmayotgan, qanday bo‘lmasin shu bir xayol girdobi uni domiga tortib ketayotgandek, Komron shu taxlit g‘arq bo‘lishni o‘zi uchun tengsiz baxtiyorlikdek ep bilayotgan edi.
– Ertadan keyin yangam kelyapti, – dedi Kamol akasiga. – Kutib olishga chiqa…
– Kelyapti?! Nega menga aytmay kelyapti? – tutaqib ketdi Komron xuddi uyqudan uyg‘ongandek ko‘zlarini ishqab.
Rahima aya jerkib berdi:
– O‘zing xotining bilan yolchitib gaplashmasang qayoqdan aytadi senga, qachon aytadi?! Ishing ko‘payib ketgan bo‘lsa, unda nima gunoh, bolalaringda nima gunoh?!
Komronning miyasi yashin tezligida ishladi, vaziyatdan betalofat chiqishning birdan-bir chorasini topdi va uni ayasi bilan ukasiga aytdi:
– Vakolatxonadagi ishlarim tugay deb qoldi, bugun yo ertaga javobini aytishadi.
– Aytishsa, u holda Komilaxon kelmay tursin, bir-ikki kun sabr qilsa, o‘zing borsang, ayol boshiga bolalarini surgab ovora bo‘lib yurmasdi.
Komron yana topqirlik qildi.
– Otlangan bo‘lsa kelaversin, uyidagilarini sog‘ingan, – dedi.

* * *

Uchoq belgilangan vaqtda yerga qo‘ndi, toqati tugab borayotgan Komila yuklarini tezda oldi-da, o‘g‘il-qizini surgaganicha tashqariga oshiqdi. Komila hov naridagi avtoulovlar to‘xtash joyida ko‘ringan Komron bamaylixotir kelayotganini ko‘rdiyu, yuragining bir chekkasi uzilib tushdi. Xarxasha qilayotgan o‘g‘il-qiziga e’tibor ham bermay Komron tomon peshvoz yurdi. U erining avzoyiga sinchiklab qaramoqchi edi, uning ko‘zlaridan juda-juda ko‘p narsani bilib olishiga ishonchi komil edi, Komronning esa ko‘ziga birinchi bo‘lib Komilaning jussasi ko‘rindi. Ha, xotini jussador, semizlikka moyil, tarozi pallasiga qo‘yilsa, eridan hiyla ortiqroq tosh bosadigan ayol edi. Birinchi marta xotini Komronning ko‘ziga jussadorgina emas, beso‘naqay va qo‘pol ko‘rinib ketdi.
Uyga yetib kelishgunga qadar Komron yo‘ldan, Komila erining avzoidan ko‘z uzmadi. Komila ko‘nglining ko‘z va dil ilg‘amas burchaklarida sas-sado chiqarishga jur’at etolmay pusib yotgan shubha-gumonlari endi ko‘z o‘ngida saf torta boshlaganini sezdi.
Komron ilgarigi Komron, eri ilgarigi er emas edi!..
Komron uyga yaqin qolishganidagina yorildi:
– Men erta yo indin u yoqqa ketishim kerak, – dedi xotinini ahamiyatsiz yangilikdan boxabar qilayotgandek beparvo ohangda.
U tinimsiz o‘ylayotgani, miyasida chigaldan-chigal rejalarni pishirayotgani ochiq-ravshan sezilayotgan, o‘zicha u pinhon tutgan sirlarni ustalik bilan yashiryapman deb o‘ylayotgan, Komila esa ayollarga xos ziyraklik bilan erining xayolida pishib yetilmagan bahonayu vaj-karsonlarning ildizu shox-shabbasigacha fahmlab-ilg‘ab ulgurayotgandi.

* * *

Musharrafning kuni rosmana tug‘di. Bir tomonda yosh boshiga, tag‘in kimsan qaynog‘asining yangi qallig‘iga qaynona bo‘lib qoldi, ikkinchi tomondan, yetti uxlab tushiga kirmagan shoxona xonadon bekasiga aylandi. Uy-joylar yaltillaydi, yog‘ tushsa yalab-yulqasang arziydi, hamma narsa yangi! Bolalarni aytmaysizmi! “Detskiy”da odamning jonidan boshqa o‘yinchoqlarning sanog‘iga yetmaysiz! Faqat bola bolaligini qiladi-da, bir-ikki daf’a o‘g‘li amakisini savolga tutib qolsa deng.
– Amaki, Imronni qachon bu yerga opkelasiz? – deya so‘radi ertalabki nonushta mahali.
Dasturxon tevaragida og‘ir sukunat cho‘kdi. Musharraf o‘g‘liga tanbeh bermoqchi edi, kechikdi.
– Nozikoy, choyga qaraysizmi? – deb chalg‘itdi boshqalarni qiyin ahvoldan xalos etish maqsadida.
Dasturxonning popugini o‘ynab nafasini ichiga yutib o‘tirgan Nozikoy “xo‘p” degancha o‘rnidan turdi-da, qo‘shni xona – oshxonaga kirib ketdi.
Komron jiyanining savolini javobsiz qoldirmadi.
– Imronni ham, Go‘zalni ham olib kelaman, jiyan, – dedi baralla. U atayin Nozikoy eshitadigan qilib gapirdi. – Kelishadi, ularni tashlab qo‘ymaymiz…
Kamol akasiga zimdan ko‘z tashladi, shu orada oshxonadan qaytib chiqqan Nozikoy sassiz-nesiz yurib kelib, stol ustida turgan choynakka qo‘l uzatdi.
– Qaynadimi? – deb so‘radi ovozini pastlatib Musharraf.
– Hm, qay…
Shu payt oshxonada nimadir taraqlab ketdi. Dasturxon atrofida o‘tirganlarning barchalari cho‘chib oshxona tomon o‘girildilar. U tomonda qandaydir chinni asbob tushib chil-chil sindi, ketidan oshxonaning ochiq eshigidan quyuq bug‘-tutun burqsib chiqdi.
Oshxonaga birinchi bo‘lib Kamol, uning izidan Musharraf yetib bordi.
– Yonyapti! – deb baqirib yubordi Kamol. – Yorilib ketibdi!
Xotini uning vahimasiga jo‘r bo‘ldi.
– Vahima ko‘tarmanglar, – dedi Komron atayin vazminlik bilan. Kelib oshxona ichiga qarab turdi-turdi-da, ukasi va boshqalarni tinchlantirdi. – Choy qaynab… suvi tugab qolgan… Nu, chort s nim!..
Xijolat va qo‘rquvdan oshxona eshigiga behol suyanib qolgan Nozikoy bu gapni eshitib yig‘lab yubordi.
– Qanday qilib? Hozirgina qo‘ygandim, hozirgina. To‘ldirib qo‘ygandim, – deya oldi u, xolos.

* * *

Komila kelgan kunidan ikki kun o‘tar-o‘tmas Komron yo‘lga otlandi. Rahima aya erta saharlab jo‘nab ketishga shaylangan o‘g‘lini qo‘yarda-qo‘ymay xonasiga qamab oldi. Avvaliga yotig‘i bilan gapni uzoqdan boshladi. Onasining qandaydir muddaoda gapni atayin uzoqdan boshlashi tog‘asining odatlariga o‘xshab ketishini o‘ylab ketdi Komron. Shubha yo‘q, onasi tog‘asiga shikoyat qilgan. Tog‘asi uning ko‘zini moshday ochib qo‘yish qasdida gapni osmondan boshlab, kosmosning… ar… arsh dedimi – Komron ichida kulib qo‘ydi – koinotning chang-to‘zoni chiqib ketarmishmi-ey!.. Buyog‘idan uyog‘i yaqinlashib to‘shakka qadalib yotgan, umri bino bo‘lib tug‘ilib o‘sgan shaharu viloyatidan ikki qadam narini ko‘rmagan odamlar o‘ylab topgan safsatalar…
– Erkakdir-ayoldir, – dedi onasi, – oila taqdiriga hamisha-har kuni hushyor bo‘lmog‘i kerak. Er-xotin o‘rtasida sovuqchilik paydo bo‘ldimi, beparvolik oqibati yaxshilik bilan tugamaydi. Xullas, so‘zimni qulog‘ingga olmasang u dunyoyu bu dunyo rozi emasman, shuni unutma, o‘g‘lim!..

* * *

Safarga “otlangan” yuklar topshirildi hamki, aka-uka o‘rtasida suhbat qovushmadi. Komron Kamoldan, Kamol Komrondan nimanidir kutayotgan, lekin ulardan hech birlari og‘iz ochishga jazm etolmayotgan edilar. Nihoyat, Komronning sabri tugadi. U Kamolni chetga tortdi.
– Kama, – dediyu so‘zini davom ettirolmadi, soatiga qaradi. Fursat g‘animat edi. Uchoq chiptasini ro‘yxatdan o‘tkazsa, shu zahoti ichkariga kirib ketadi. Vaholanki, uning barcha umidi, ishongani ukasida edi. Shu boisdan u aytadiganini aytib tashladi: – Men juda og‘ir ahvoldaman. Senga aytamanu, jo‘nab ketaman. Ukam bo‘lib, erkak bo‘lib tingla. Menga yordam ber.
Kamol akasining ahvolini tushunib yetgan, lekin unga qanday yordam berishi mumkinligini tasavvuriga sig‘dirolmayotgan edi. Komron davom etdi:
– Yotig‘i bilan onamga tushuntirasan… ko‘ndirasan.
– Nimalar deyapsiz, aka? Bu gaplarni aytish siz o‘ylagandan ko‘ra ancha og‘ir. Oqibati esa undan battar, shularni o‘ylab ko‘rdingizmi?
– To‘g‘risi, o‘ylamadim, ko‘rdimu aql-hushimdan ayrildim… Tamom bo‘ldim…
— Kimni ko‘rdingiz? Kap-katta erkaksiz-a! Kim ekan, qaerda duch kela qoldingiz, aka?!
Komron Kamolning bilagidan tutdi, so‘zsiz uni kuzatuvchilar izdihomi tomon boshladi. Boyadan beri aka-ukadan ko‘z uzmay xavotirda turgan guldek nozik-nozanin… Nozikoy ular tomon bir-ikki odim tashladiyu yerga qaraganicha to‘xtadi.
Kamolning tili aylanmay qoldi. Shu topda aytishi mumkin bo‘lgan so‘zi yo‘q edi uning. A’zoi badani majolsizlanib beixtiyor nari ketdi. Komron unga yetib oldi.
– Komila yangamning ahvoli nima kechadi? Bolalarning-chi?.. – dedi Kamol parishon xayollarini yig‘olmay. Komron nimadir dedi, lekin javobning qizig‘i qolmagandi Kamol uchun. Davom etdi: – Men siz aytayotgan yukni zimmamga ololmayman, qolaversa…
– Nima, qolaversa?!
Komronning tovushi Kamolning qulog‘iga og‘ir botdi. U atayin bir zum so‘zsiz qarab turdi-da, so‘ng gapirdi:
– Hozir siz og‘ir ahvolda ekansiz, agar bundan kechmasangiz, – dedi u Nozikoy turgan tomonga ishora qilib, – hammamizni og‘ir ahvolda qoldirasiz. Onam ko‘tarolmasliklari esa aniq, aka…

* * *

Komron xashamdor mashinasini darvozaga taqab to‘xtatdi-da, o‘tirgan joyida pult tugmasini bosdi. Yuqoriga yig‘ilib ochiladigan darvoza tiq etmadi. Komron kaftida tutib turgan matohning tugmalarini bir-bir bosib chiqdi, yana natija bo‘lmadi.
– Kichik eshikdan kiring-da, ichkaridan darvozani oching, – u shunday deb Nozikoyga kalitni tutqazdi.
Yaqindagina yomg‘ir yog‘ib o‘tgan, hovli qorong‘i, uyda hech kim yo‘q, chiroqni yoqish uchun yo‘lakka qadar yetti-sakkiz qadam yurish kerak. Komron xotinining yakka tavaqali kichik eshik yoniga yetib borganiga, kalitni qulfga suqayotganiga qarab turdiyu nimagadir chalg‘ib, undan ko‘zini uzdi. Zum o‘tmay yo‘lak chirog‘i yongani ko‘rindi, ko‘rindiyu… Komron nima voqea yuz berganini anglolmay qoldi, lekin kimdir “V-voy!” deganini aniq eshitdi, yuragi allaqanday noxushlikni sezib, mashinadan otilib chiqdi, yugurib hovliga kirdi. Ne ko‘z bilan ko‘rsaki, Nozikoy devorga suyanganicha bexush yiqilib yotardi.
– Nozikoy! Nozik-k! Menga qarang! Menga qara, Nozik!
Komronning o‘takasi yorildi, nazarida shu tobda suyukli, ardoqli, go‘zaldan-go‘zal arzandasidan ayrilib qolayotgandek edi. Yo‘lak devoridagi jo‘mrakni burab hovuchiga suv oldi-da, Nozikning betiga sepdi. Yana va yana sepdi. Nozik seskanib ko‘zini ochdi. O‘rnidan turishga harakat qilaturib, hush-behush ho‘ngrab yubordi.
– Nima bo‘ldi, Nozik? Ayting, nima bo‘ldi axir?! – Qo‘rqib ketgan Komronning betiga suv sepadigan kimsa yo‘q edi.
– Nariyoqqa, – dedi Nozik qo‘li bilan hovli tomon ko‘rsatib, – nariyoqqa o‘tib ketdi…
– Kim? Kim o‘tib ketdi? – Sapchib qad rostladi Komron. Hovliqib hovli tomonga yugurdi. – Ko‘rdingmi? Senga tegdimi?! Qanaqa?..
– Qop-qora… sharpa… Baland… Betini ko‘rmadim…

* * *

Komron “u tomon”da turib ham ukasini holijoniga qo‘ymadi. Sen gapni boshlab bersang bas, qolganini o‘zim tushuntiraman deb kunda sim qoqishdan charchamadi.
Kamol mavridini poylagan edi – mavridini onasining o‘zi keltirdi.
Nima bo‘ldiyu, ona-bola yolg‘iz qolishdi, Kamol endi o‘tirgan joyidan qo‘zg‘algan ham ediki, onasi uni to‘xtatdi.
– Kamol, o‘g‘lim, – dedi u vazmin bir tovushda, – ichimda bir xavotir bor, shuni kimga yorilishni bilmay ezilib ketyapman.
Kamol onasiga birrov razm soldiyu, indamadi. Rahima aya esa undan sado chiqishini kutdi.
– Qanday xavotir, aya? – deya savol qotdi u.
– Qanday bo‘lardi, akangning qadam olishi yoqmayapti…
Komil temirni qizig‘ida bosdi:
– Menga ham, – dedi u xunobi toshib.
Rahima aya o‘rnidan turdi, bir-bir qadam tashlab Kamolning ro‘parasiga kelib to‘xtadi.
– Xavotirim bejiz emasmi?! Xabaring bormi?! Qadam olishi…
– Noma’qul qadamini bosib bo‘lgan, akam!
U shunday dediyu, birdan yuragi orqasiga tortib ketdi. Shu tobda og‘zidan chiqqan gapi onasiga o‘q tekkandek ta’sir ko‘rsatishi mumkinligini keyin o‘ylab qoldi. Biroq onasi kutilmaganda o‘zini dadil tutdi. Rahima aya bor irodasini jamlab ich-ichidan otilib chiqayotgan g‘azabnimi, o‘kiriknimi, nafratnimi bo‘g‘zida tutib qoldi, o‘zi dunyoga keltirib, o‘zi voyaga yetkazgan o‘g‘lining aftiga ignadek nigohlarini suqqudek bo‘lib qadadi. Kamol bu nigohga dosh berolmadi, ko‘zini olib qochdi. Menda nima gunoh, deya o‘zini oqlash mavridi emasligini tushundi. Rahima aya boshqa churq etmadi, yotoq bo‘lmasi tomon asta-asta odimlab bordi-da, ochiq eshik yonida ortiga o‘girildi, bir zum ravon derazasi orqali hovliga nigohi yetganicha termilib turdi-turdi-da, boshini xam qilganicha ichkariga kirib eshikni ohista yopdi.

* * *

Musharraf ovsinining yonida allamahalgacha qolib ketdi. Keyingi kunlarda qorong‘i tugul, kuppa-kunduzlari ham Nozik ikkinchi qavatga chiqmas, chiqmagani-chiqmagan, Musharrafni yonidan jildirmaslikka ham odatlandi. Musharraf uning rang ko‘r-hol so‘r bo‘lib qolganiga, faqat bu emas, Nozik bo‘lar-bo‘lmasga cho‘chib ketadigan, tiq etgan shovqindan tahlikaga tushadigan bo‘lib qolgandi. Musharraf asta-sekin uning ko‘ngliga qo‘l soldi, hozir ayni o‘ynab-yayrab qoladigan paytingiz, bunday sharoitlar bizdaqalarning yetti uxlab tushimizga kirmagan, o‘zingizni qo‘lga oling, ko‘zga yaqin kelinsiz, sizdaqalarga ko‘z tegishi aniq, shuning uchun unda-munda irim-sirimini ham unutmang, ikki-uch qayta o‘qitvorsangiz qushday yengil bo‘lib yurasiz deb nasihatlaru mehribonchiliklarga ko‘mib tashladi, ko‘mib tashlagani sayin ham Nozikning chehrasi ochilmadi, uning zo‘raki jilmayishlarida burungi tarovatdan asar qolmagandi.
Musharraf Nozikoy qandaydir hurkak bo‘lib qolganini, lekin ovsini undan buni yashirayotganini sezib ulgurgan, Nozikoy ham o‘zidan ko‘ra ancha-muncha dadilroq bo‘lgan Musharrafning qattiq-qattiq gapirishlarida, ko‘z qarashlarida xavotir, tahlika sharpasini ilg‘ay boshlagan edi.

* * *

– Namuncha, – dedi Kamol to‘shakda yonboshlab yotgan joyidan, hovliga chiqaverishdagi eshikni mahkamlab qulflagach ham uni qayta-qayta tortib ko‘rayotgan xotinining harakatlarini kuzatib. – Bunaqa odating yo‘q edi-ku?
– Tunda tashqariga chiqsangiz… – To‘satdan gap boshladi Musharraf. Kamol hiringlab kuldi.
– Tunda tashqariga chiqadigan odatim yo‘q-ku, xotin, ko‘zing ilinmay turib tush ko‘ryapsanmi?
– Kecha kechasi turmadingizmi?
– Kecha kechasi?… – O‘ylab qoldi Kamol. – Tosh qotib uxladim-ku, Mushar.
– Hazillashmang!
– Nega hazillashay, qattiq charchagan edim, yostiqqa bosh qo‘ygancha tosh qotibman…
Musharraf chayon chaqqandek sapchib o‘rnidan irg‘ib turdi. Turasolib xona chiroqlarining barini ketma-ket yoqib yubordi. Uning rangida rang qolmagan, lablari gezarib ketgan, xuddi to‘shagiga begona maxluq kirib qolgandek dag‘-dag‘ qaltirardi. Kamol xotinini bu ahvolda birinchi bor ko‘rishi edi, o‘zini vazmin tutishga harakat qilib, asta o‘rnidan qo‘zg‘aldi.
– Nima bo‘ldi, Mushar, gapir, nimadan bunchalik esxonang chiqib…
– Aniq ko‘rdim!..
– Nimani? Qachon?
– Tunda, qora sharpa! Bo‘yi sizdey… Tepamga kelib qarab turdi!..
– Ishonmayman.
– Bunga ishonmasangiz ichi suvga to‘la choy qaynatkich yonib ketganini ko‘rdingiz-ku! Nozik yonimdan jilmaydigan bo‘lib qoldi, bejizga emas bu! Nazarimda bexosiyatroq uymi, deyman-da…
– Sekin!.. Bu so‘zni og‘zingdan chiqara ko‘rma, axir akam…
Kamol akasi bilan bu xonadonga ilk safar kelishganini esladi. O‘shanda aka-uka yuqori qavatda suhbatlashib qolishdi, shunda to‘satdan pastdagi allaqaysi eshik o‘zidan-o‘zi qisirlab yopildi… Kamol aniq esladi o‘sha hodisani…

* * *

Rahima aya uzukkun uyga qamalib yotadigan odat chiqardi, kampir hech kim bilan gaplashmas, huzuriga boshqalar kirishini xushlamas, kelinlariga so‘zni qisqa qilib, boraqolinglar, deb chiqarib yuborar, Komilaning ko‘ziga qarolmas, Imron bilan Go‘zal nevaralarini ko‘rganida o‘pkasi to‘lib ketar – tarkidunyo qilgan odamdek uning uchun hech narsaning qizig‘i qolmagandi…

* * *

O‘tganlarning ruhlarini shod qilish niyatida lorsillagan qora qo‘chqorning joni baxshida qilindi. Besh-olti nafar qo‘ni-qo‘shni ishtirokida o‘tkazish mo‘ljallangan “is chiqarish” tadbiri kichkina to‘yga aylandi. Xabarlanganlarning bari keldi, tog‘a kelmadi.
– Akang endi menga begona, – dedi Mirsayyid tog‘a, o‘zini arang vazmin tutib, — men-ku, mayli, onasining betiga oyoq qo‘ydimi, guldek oilasining, o‘g‘il-qizining uvolidan qo‘rqmadimi, o‘nta qo‘y atamaydimi! Yuzta qo‘y atamaydimi!..

* * *

Shom qorong‘isida uyga qaytgan zahoti aya Kamolni chaqirtirdi. Kamol ayasining hech kimni ogohlantirmay ketib qolgani uchun unga tanbeh bermoqqa og‘iz juftlagan ham edi, onasi uni gapirishga qo‘ymadi.
– Telefon qil, – dedi qo‘lini uzoqqa degan ma’noda boshi uzra silkib. — Qaerda bo‘lsayam top.
– Xo‘p… Faqat hozir u yerda yarim tun, hamma uyquda… – taysalladi Kamol. – Uxlab yotgan bo‘lsa…
– O‘lib yotgan bo‘lsayam uyg‘ot!
Kamol onasi to‘nini teskari kiyganini, endi unga hech kimsaning gap-so‘zi kor qilmasligini bildi. Shu asnoda akasi bilan bog‘landiyu, telefonni onasiga uzatdi. Rahima aya kaftidagi telefonni qulog‘iga bosgan zahoti muddaoga ko‘chdi:
– Hm… Ertaga yetib kel!.. Bilmadim!.. Eshityapsanmi, yerning ostidamisan-ustidamisan, oxirgi gapim shu: ertadan qolmay yetib kel!..

* * *

– Asal oyi bir oy davom etadi deb kim aytsa aytaversin, bizning umrimiz, hayotimiz asal-l!
Komron o‘rnidan tura solib gulni beli va taqimlari ostidan ikki qo‘llab ko‘tarib oldi, bir-bir qadam tashlab uchinchi qavatdagi xos xonaga yo‘naldi.
– Osmonga, – dedi kulib, – osmondan ham tepaga – arshga olib chiqaman! – Komron shodumon edi, shodligini baralla nishonlashni istayotgan edi.
– Yo‘q, – dedi Nozik, – u yoqqa chiqmaylik.
Komron ahdidan qaytmadi. Gulni bir qo‘lidan qo‘ymay ikkinchi qo‘li bilan uchinchi qavatga olib chiqadigan darcha eshigi ilgagini tushirdi.
– Qo‘rqyapman! To‘xtang, ochmang!
Billur hovuzcha ichiga ikki kishilik par o‘rin to‘shalgan, oppoq choyshab tungi shabadada muattar hid taratar edi.
Hamon gulni bag‘ridan qo‘ymagan Komron bir oyog‘ini ko‘tarib billur hovuz devori osha oshirib o‘tishga ulgurdimi-yo‘qmi, nimadir lop etdi.
– Qoching! – deya nola chekib yubordi Nozik.
Komron oyog‘ini tortib ulgurdimi-yo‘qmi, ko‘z o‘ngida oppoq choyshabning bir chekkasi tutab, dimog‘iga achimsiq is urildi…

* * *

Komronning bu qadar zudlik bilan yetib kelishini hech kim kutmagandi. Biroq o‘g‘liz keldilar deya suyunchi undirish xayolida ayaning huzuriga yugurgilab kirgan Musharrafning faryodini birinchi bo‘lib Komila eshitdi. Komila qaynonasining tepasiga yetib bormay xona o‘rtasida tek turgan ko‘yi kaftlarini betiga bosganicha unsiz, lekin achchiq-achchiq o‘krab yubordi.

* * *

Musharraf erining qulog‘ini tinchitmadi.
– Bilmadim… Bu ahvolda yuragim ado bo‘ladi, dadasi.
– Qo‘ygin, bir narsani gapiraverasanmi, Mushar! — dedi Kamol xotiniga uqdirishga urinib. – Sen aytayotgan narsa odamning nazarida bo‘ladi, hayotda emas.
– Hayotda yo‘q bo‘lsa, ko‘zga ko‘rinyaptiku? Tunda tepamga kelib qaragan kim?! Buyoqda Nozik homilasini tushirib qo‘yganidan xabaringiz yo‘q.
– Homilasini tushirgan bo‘lsayam chidab o‘tiribdi-ku!
– Qayoqda chidaydi! Tiq etsa yonimga kelib oladi, bir o‘zi tepa qavatga qadam bosmaydigan bo‘lgan. Sho‘rlik esdan og‘ib qolmasa deb qo‘rqaman…
– Hozirgina ko‘rdim-ku, tepaga chiqib ketayotuv…
– Opa!!.
Musharraf jim bo‘ldi. Derazadan hovli tomon boshini chiqarib qulog‘ini ding qildi.
– Chaqirdi, – dedi Kamol cho‘chiganday diqqatini jamlab.
– Opa-a! O-opa-a-a!..
Chinqiriqdan shoshib qolgan Musharraf bilan Kamol izma-iz quvalashganday Komron bilan Nozikoy yashaydigan tomondagi ayvon zinasidan chiqishganida ikkinchi qavat eshigi bo‘sag‘asidagi supachada yiqilib qolgan Nozikoyni ko‘rishdi.
– Ana! – dedi Musharraf va yotoq bo‘lmasiga kiraverishdagi eshik yonida holsizlanib o‘tirib qolgan Nozikoyning yoniga oldinma-ketin ko‘tarilishdi.
– Qarang… ichkariga qarang… – deya oldi hamon o‘zini qo‘lga olomagan Nozikoy. U qalt-qalt titrar edi. Musharraf ko‘rqa-pusa hobxonaga bosh suqdiyu, “Voy, o‘la-ay-y!” deb qichqirganicha yoqasini changalladi.
Pardoz-andoz javoni ustida nima bo‘lsa, hammasi uy bilan bitta bo‘lib sochilib yotardi.

* * *

– Onang rahmatli bo‘lishini kutib yurgan ekansan-da?! O‘tgan o‘tdi, tamom-vassalom deb o‘yladingmi?! Tuprog‘i sovumay-a?! Ruhini chirqiratib…
– Qo‘ying, tog‘a, bu gaplar ortiqcha…
– Ortiqcha bo‘lsa, senga – katta ko‘cha! Illo singlimdan qolgan uy-joy Kamol bilan Komilaniki, sen esa… Sadqai o‘g‘il ket-e!..

* * *

Hammasi tunda yuz berdi.
Komron bilan Nozikoy allapallada to‘ydanmi-mehmondorchilikdanmi qaytishganida hali chiroq yonmagan — qomatini g‘oz tutib turgan shohona koshona qora zulmat og‘ushida qaqqayib turardi.
– Yotaqolaylik, ertalab shug‘ullanamiz, – dedi Komron.
Nozikoyning ko‘ngli g‘ash edi, avvaliga uxlolmay, xayolan ming ko‘chaga izg‘idi, nihoyat erining bilagidan tutganicha… ko‘zi ilingan ekan, qattiq shovqindan cho‘chib uyg‘ondi. Uyg‘ondiyu, eshikni ustma-ust taraqlatib jonholatda “Aka! Aka!”lab -baqirayotgan Kamolning ovozini tanidi.
– Yong‘in! Chiqinglar! Aka-a!..

* * *

– O‘t nimadan chiqibdi? – betini ters burib savol qotdi Mirsayyid tog‘a.
– Chiroqni simidan deganmish… – Kamol shunday dediyu, o‘sha tunda uyda chiroq butunlay o‘chganini eslab hayron bo‘lib yelkasini qisdi.
Oraga og‘ir sukunat cho‘qdi, nihoyat tog‘a boshini chayqay-chayqay, ming afsus degan ohangda salmoqlanib gapirdi:
– Guldek oilaning buzilishi arshni larzaga keltirishini aytgandim. Tushunmadi, tushunishni ham istamadi. Aytib qo‘y, chiroyli uyidagi mashmashalarning bari o‘sha men aytgan larzaning shabadasi, xolos… Uqdingmi, shabadasi…

“O‘zbekiston adabiyoti va san’ati” gazetasi, 2012 yil, 50-son

041

(Tashriflar: umumiy 424, bugungi 1)

Izoh qoldiring