ХХ аср ўзбек шеърияти антологияси. Рамз Бобожон

rb

* * *

Севгилим!
Ёдимда ўша тун
Оқ-оппоқ олмадай оймома…
Юлдузлар йиғилса бир бутун,
Сочилса шоирга манзума…

Севгилим!
Ёдимда шалола
Дарёга қўшилиб оққани,
Уйқудан туролмай Камола
Уялиб,
Гўдакдай боққани…

Севгилим!
Ёдимда оққушлар
Тўш уриб дарёда сузгани,
Юлдуздан тўқилган кумушлар
Тўлқин-ла ўйнашиб ўзгани…

Севгилим!
Ёдимда илк бора
Севгини тилимга олганим,
Дардингни дилимга солганим,
На қилай, Ўзингга ҳавола!

НЕГА ИНДАМАЙСАН?

Кўзларим тубида ёнар юрагим,
Ёнган юрагимни яна ёқсанг, ёқ!
Сенсан саодатим, сенсан тилагим,
Севгилим,
дилбарим, кўзларимга боқ,
Кўзларим тубида ёнар юрагим…

Нега индамайсан, нега тилинг лол?
Ким айтиб беради севги эртагин?
Вафо деганинг, бу, ҳақми ё хаёл?..
Кўзларим тубида ёнар юрагим,
Нега индамайсан,
нега тилинг лол?

* * *

Кўкда ой, пастда сой —
ажаб манзара,
Дарахтлар учида йилтирарди нур.
Баъзан булут тошар, тиниқлик хира…
Баъзан гангитарди хаёлот қурғур!
Наздимда оймўма кичрайгандай,
Умри адо бўлиб қолгандай, кемтик…
Гўё видолашиб, пичирлагандай…
Мен эса ҳайратдан турар эдим тек…
Лекин, ўйланардим,
ўйга ботардим,
Умримни қилгандай ойга сарҳисоб.
Ҳолбуки, бу кунни бир вақт бир китоб –
Еҳтимол, ўша кун, ўша соатнинг
Қадрига унчалик етмагандирман.
Балки, болаликдай бахт-саодатни –
Ардоқлаб, кўз-кўз ҳам этмагандирман…
Енди, ортга боқсам, илон изи йўл,
Баланд-паст,
чағир тош, узоқдан-узоқ…
Баъзан соғинаман силкитгандай қўл,
Хотиралар йўлга ёқади чироқ.
Кексалик кеккайиб турар қошимда,
Фасллар умримга, балки, тарозу…
Бир ўй чақмоқ чақиб, дейди, бошимда: —
Адашма, бу кунинг эртанги орзу!

* * *

Хиёбон бағрига отилдинг гулдай
Ва ўзинг ногаҳон гул бўлиб қолдинг.
Баҳор сеҳрлаган ошиқ кўнгилдай
Энтикиб-энтикиб, чуқур тин олдинг.
Балки, бир қучоқсан, бир боғнинг ўзи…
Балки, ўхшаши йўқ илоҳий гулсан.
Сендадир, севгилим, қалбимнинг кўзи,
Мен сенга, сен эса севгига қулсан.

ҲАЁТ ҲАЛИ ЭТАДИ ДАВОМ

Катта йўлдан борар умрим карвони,
Олисдир мўлжалга олинган манзил.
Бевақт толмасам, бас, қуриб дармоним,
Елкадаги юким, наҳотки, ҳазил?!
Оёғим остида пасту баланд йўл,
Муродга, бахт кулса, эрта етаман.
Серташвиш онларим, балки, мўлу кўл,
Қалбим буюрганин куйлаб ўтаман.

* * *

Эмишки, ўликлар тирикдан огоҳ,
Кошкийди, тирик ҳам бўлолса шундай?!
Онамни хотирлаб, десам, ё Оллоҳ!
Кўзларим ёнади юлдузли тундай…
Мана, мен у билан худди юзма-юз,
Онамнинг қўллари манглайимдадир.
Ҳамон қулоғимда янграр ширин сўз,
Гўё кўкрак сути танглайимдадир,
Онам, онагинам…
Болалигим тутиб, бўлиб сарсари,
Гўдаклик йилларни қиламан хаёл…
Ўтмишни қўмсайман кексайган сари,
Оналик меҳрига тўймаган мисол…
Найлай! Ёшлик ўтиб, орзуларимни
Адо этолмасам, улгуролмасам,
Чала қолдиргандай ёзувларимни
Умрим дафтарини тўлдиролмасам,
Онам, онагинам?..
Тақдирга ташаккур! Бахтсиз эмасман,
Сиз эккан кўчатлар ҳосилга кирди.
Умрим ўтди, аммо афсус емасман,
Ўғилу қизларим мевасин терди…
Тонготар неварам берганда салом,
Сизни кўз олдимда этаман хаёл…
Демак, ҳаёт ҳали этади давом,
Ҳамон бошингизда ўша оқ рўмол,
Онам, онагинам…

* * *

Ҳали тонг отмасдан кун ботди нечун?
Воажаб! Кўрганим кўзми ё юлдуз…
Юлдуз десам, ҳамон кундуз-ку, кундуз!
Билмадим, ким кимдан олади ўчин…
Севги кексаликни тан олмас балки,
Балки, туғён уриб, ҳаддидан ошар…
Балки, муштдай қалбга сиғмасдан тошар,
Кимгадир афсона, кимгадир кулки…
Қандай ғаройибот! Ҳайронман, ҳайрон!
Хиёбон бағрида кечми ё кундуз?
Воажаб! Кўрганим кўзми ё юлдуз?
Оёғим остида ерми ё осмон?

* * *

Ой ботарди, тонглар отарди,
Бир юлдуздан узмасмиз кўзни…
Уйқум қочиб, бошим қотарди,
Мажнуншуор сезардим ўзни…
Дейдиларки, севги оташ, қўр…
Бир «лов» этиб, учқун сочса бас!
Тили забун, кўзи эмиш кўр,
Бағрин очса, ошиқ маст-алас…
О, муҳаббат! Не манзилдир бу,
Сен танлаган салтанатми, айт?
Хотирамда энг ширин туйғу —
Ҳилватни нур чулғаган бир пайт…

* * *

Водариғ! Қайга кетдинг, бедараксан, бенаво?
Ҳолбуки, муҳаббатдан бир эртаксан бебаҳо…
Толиққансан, эҳтимол, майли, ухла ором ол,
Тириклигингдан нишон — кўзимга қўнган зиё…
Севги сеҳри сир эмас, дилимдасан ҳамиша,
Эҳтирос тўфонидан, нетай, адоман, адо…
Дарё кечиб, тоғ ошиб, мабодо, топсам сени,
Ўзга бахту саодат керак эмас, Сурайё, Сурайё…

* * *

Сен,
менинг ҳаётбахш нигоҳимдасан,
Ҳамон ҳаққи-ҳалол никоҳимдасан.
Қўлга қалам олсам, эзгулик дамда
Қалбимдан силқиган сиёҳимдасан…
Сенга тилаганим — файзу фароғат,
Юзини тескари қилсин маломат!
Дилбарим, мен учун тириксан, борсан,
Дунёдан ўтганлар билмайди фақат.

* * *

Тоғ-тошларга етакла, шамол,
Майли, кетсам, кетай бош олиб…
Нетай! Бевақт чалғитса хаёл,
Доғ қолдириб, мусибат солиб…
Истардимки, чўққидаги қор
Мангуликка ярқ этса дурдай…
Истардимки, мен ўлсам, баҳор —
Ўз бағридан жой берса нурдай…

АЁЛЛАРНИ АВАЙЛАНГ

Аёлларни севинг,
еркаланг, авайланг,
Ҳей!
Дўстларим,
еркаклар —
Арслон юраклар!
Сизга маслаҳат:
Бир умрлик
малика сайланг,
Маликасиз на шоҳлик бор,
на салтанат…

Иснон умри
наҳотки, ночор!
Ожизми муҳаббат?!
Асло!
Кўркамликда баҳор,
Улканликда
бепоён диёр…

Шундай!
Ёрқинликда кундай…
Забт этинг шиддаткор.
Хотин қалби ўзи бир давлат:
Ўз элчилари,
Айғоқчилари,
Қароқчилари,
Жарчилари,
Гулчилари,
Посбонлари,
Сарбонлари бор…
Балки, бир хилқат:
Ўзи — гўзаллик,
Сўзи — ғазаллик,
Рўзи — азаллик…
Сочлари толим-толим
Аёллар машҳури жаҳон,
космосда қаҳрамон,
Ҳизрни йўқласанг,
ўзлари ҳизр…

Ишчи,
деҳқон,
олим,
министр…
Хотин — она,
сингил,
егачи…
Хотин — дўст,
маҳрам,
Дардга малҳам,
Рўзғорга бош-қош,
Йўлга йўлдош,
умрдош…
Аммо,
Ҳираланса севги ҳилоласи,
Бебурд,
бевафо —
Ҳирс кўтарса бош,
Синса, кўнгил пиёласи,
Уддалолмас, ҳатто,
чегачи!
Севги — синоқ,
Севги — бахт,
фироқ…
Севги синоғидан ўтмаган
ким бор?!
Қалб — парвона,
шундай дейдилар,
Севги — ўт,
чироғ…
Ким куймаган —
қайси ёр, дилдор…
Хотинлар!
Хотинлар!
Сизни
ким севмаган…
ким илҳомланмаган,
Лутфийми, Навоий,
Пушкинми,
Ҳофиз…
Сизга
ким қараган бепарво,
Беҳис,
Жозибада — нуқтаи олий…
Йўқ!
Ҳали битмаган,
тамомланмаган,
Сизга бағишланган,
сизни куйлаган
На шеър,
на достон…
Ҳамон
ошиқлар қул,
Шоирлар ошиқ,
жумладан Расул…
Ҳей!
Дўстларим, эркаклар —
Арслон юраклар!
Аёлларни авайланг,
эъзозланг,
бахтин сўроқланг,
Ҳатто,
керак бўлса ёқланг,
Балолардан сақланг,
Севинг,
ардоқланг!

(Tashriflar: umumiy 737, bugungi 1)

Izoh qoldiring