Farhod Eshonov. Uch hikoya

88Ёнимда эканингда, мен учун кунларнинг ахамияти йўқ эди. Шунчаки уларни сен билан бирга қарши олар, сен билан бирга кузатишни хушлардим. Энди эса кечаги кунни эслаб ўзимни қўярга жой топа олмаяпман. Тун бўйи ўша воқеа менга уйқи бермади. Чунки, энди сен билан қайта учрашишнинг йўлини топгандайман. Ха албатта бу борада сен доим ўз фикрингга эга бўлгансан. Ахир иккимиздан жасурроғи ҳам ўзинг эдинг. Мен бўлса….

Фарҳод Эшонов
УЧ ҲИКОЯ

Эшонов Фарҳод Раҳматилло ўғли 1994 йил Фарғона вилояти Марғилон шаҳрида туғилган. Маълумоти ўрта-махсус. 2019 йилдаги «Зомин» адабий семинарининг наср йўналиши иштирокчиси. Ҳозирги кунда дурадгорлик билан шуғулланади. Ҳикоялари матбуотда, шу жумладан, «ХДК»да ҳам эълон қилинган.


КУРСИВ

Таомилга кўра кейинги навбат диссертга. У ўзи учун бегона бўлмаган ширинликлар дунёсида адашиб қолган тўққиз яшар боладай, танлов борасида чуқур мушоҳадага ғарқ бўлганди.

— Жаноб, буюртма берасизми?

Гўё, ҳали иш фаолияти давомида бунчалик танловга қийналган хўррандани кўрмаган ва ўзини ҳафсаласи пир бўлаётган феъли тор кимсалардек тутиб сўради гиргиттон.

— Наполеон, Прада… — Ўзига-ўзи қўлидаги таомномани кўздан кечирганча, ҳотиралар оғуши аро ниманидир эслашга қаттиқ уринар эди.

Наполеон! Прада! Микадо! Баралла қичқириб уйни бошига кўтарарди. Бу уч хил ширинлик тайёрланган кун Валеранинг уйларига келадиган мехмонлар кўп бўлишини англатарди. Баайни ушбу мехмонлар орасида узоқ қариндоши, Холаваччаси Светлана, унинг ҳарбий эри командир Хамзатов ва айниқса қизлари Бибисоранинг ҳам борлиги боланинг ҳурсандчилигига алоҳида хузур бахш этарди. Гарчи бу кунда отаси хизмат чоғида қаҳрамонларча омонатини топширган эса-да, боланинг кўнглига катталардан ҳеч ким озор етказгиси келмагани сабаб, бу кун байрамдек ўтишига асло қарши чиқишмаган. Қолаверса марҳумнинг рафиқаси Людмила Андреевна ҳам жуда бамани, оғир-босиқ ва мағрур бўлиб, ҳа деганда эрини ҳотирлаб аъза тутадиган жабрдийда ёки йиғлоқи аёллар сирасига кирмасди.

Ниҳоят, эшик томондан Хамзатовлар оиласи бўй берди. Аввал қўлида бир даста оқ гуллар кўтариб олган Светлана, сўнг махсус қутида шохона ичимлик кўтариб олган Равшан Ибрагимич ва уларнинг ортидан беғубор табассум ила, уялибгина кўриниш берган Бибисора…

Унинг юз тузилишини эслашга уринар экан, қаршисида ўқрайиб турган кафе хизматчисига кўзи тушиб, бир лаҳзага ширин хаёллари узилиб қолди.

— Нима буюрасиз жаноб? Қўлидаги таомномани ёпиб — Шоколадли Прада, деб, чўрт кесди. — Ҳа, айтганча… Буюртмани тўлиқ сўрамаган, аммо бундан сира ҳижолат чекмаган йигит, ортга қайрилиб мурожаат қилмоқчи эди-ҳамки, — Ичишга икки хиссалик Эспрессо, деган, носамимий ва қўпол жавоб олди.

Қошиқча билан тортни титиб, унинг ширин ва қадрдон таъми ҳам бояги ҳотираларини қайтара олмагач, кеча ҳамёнига солиб қўйилган бир парча қоғозни олиб ўқий бошлади.

«Биласанми азизам, ўртамизда фақат шу битик бор. То унга нуқта қўймас эканман, сен билан учрашмаймиз. Аммо ушбу якун нақадар оғир ва мушкул эканини билсанг эди. Билсанг эди…

Ёнимда эканингда, мен учун кунларнинг ахамияти йўқ эди. Шунчаки уларни сен билан бирга қарши олар, сен билан бирга кузатишни хушлардим. Энди эса кечаги кунни эслаб ўзимни қўярга жой топа олмаяпман. Тун бўйи ўша воқеа менга уйқи бермади. Чунки, энди сен билан қайта учрашишнинг йўлини топгандайман. Ха албатта бу борада сен доим ўз фикрингга эга бўлгансан. Ахир иккимиздан жасурроғи ҳам ўзинг эдинг. Мен бўлса…
Мен бўлса ҳар галгидек журъат этолмадим. Балки замон тезлашиб кетгандир? Ха, аниқ замон тезлашган. Ундай бўлмаганда агар, йўл устига йиқилиб, ҳушини йўқотган болага — атрофдагилар ўзларининг аллатовур матоҳлари орқали ҳаракатсиз ва ҳиссиз қараб туришармиди? Балки улар ростдан ҳам бир лаҳзага жойларида қотиб, ҳушёрликни йўқотгандир. Ёки уларнинг барчаси одамиийлик деган тушунчани унутишгандир. Лекин мен, сенинг кекса эринг, ҳали одамгарчиликни унутганича йўқ. Қарши йўналишдан, катта тезликда яқинлашиб келаётган енгил машинани пайқаган захотим, ўспиринни қутқариш пайига тушдим.

Одамларга нима бўлган? Нега улар, театрга келган томошабиндек? Шу каби турли ўйлар ўтар ва жаҳлим чиқарди. — Қарасаларингчи. Эй. Ҳой одамлар. Эй барзанги, ха, ха сен. Бу ёққа кел. Ушла. Ха, оёғидан. Қани, уч, деганда, йўл четига оламиз. Бир, икки…

Боланинг бехуш танасини, бир четга ўтказар эканмиз ҳолдан тойдим. Кимдир, менинг ўрнимга унинг қўлларидан кўтариб олди. Ниҳоят, бояги бир тўда оломонга жон кирди. Энди улар ҳам ёрдамга шошарди. Мен бўлса, хихм-хихм, мен бўлса анча қарибман шекилли, тиззаларим. Тиззаларим оғрияпти. Нафас ростлашим керак. Йўл четида энкайганча нафас ростлаган бўлдим. Айнан ана шу бир неча фурсатлик ҳолдан тойиш туфайли тобора яқинлашиб келаётган машинани, пешонам остидан кузатиб турар эканман, кўп нарсаларни англаб етдим. Балки мен ҳам, худди ҳеч нарса бўлмагандек, индамай ўспириннинг олдига ётиб олишим керакмиди? Ана. Ана ўшанда мана бу қўлимдан тортаётган, қад-қомати келишган, кўркам ва басавлат йигит шунчаки кузатишда давом этарди. Бироқ ундай бўлмади. Афсуски, барчасини жуда кеч англадим. Ортимдан, — ғалати чол экан, деб гапирганларини эшитиб, илк бор кимнингдир фикрига ҳам қўшилиб, бош ирғаб қўйдим. Сабаби эса жуда оддий. Азизам, сенсиз кекса эринг ўзига ўхшамай қолган. Бунга эса бугун етти юз-у отмиш тўққиз кун тўлди. Аммо, сенга берган Ваъдамни устидан чиқа олмадим. Эшитяпсанми? Сендан айрилган кунимни байрамдек нишонлай олмадим. Балки менда онамда бўлган метин ирода каби куч етишмас. Шунинг учун ҳам урушда ҳалок бўлган отамни ўйласам этим увишмасди ҳеч. Очиғи уни ташқи кўринишини ва қандай инсон бўлганини ҳам эслай олмайман. Эсимда қолгани, ундан доим дарахтнинг хиди келарди…

Отамдан деярли ҳеч нарса мерос қолмаган. Шундай бўлишига қарамай, уйимиздаги эски Патефон, ёдгорлик сифатида жуда азиз менга. Азизам, ‘Канзас шаҳри’ гуруҳининг ўша машхур қўшиғи ёдингдами? «Шу руҳда давом эт, менинг дайди ўғлим (Cаррй он мй Wайwард сон)» ҳозир ўша пластинкани ускунага жойладим. Демак, шу қўшиқ садолари остида биз яна учрашамиз.
Алвидо Азизам».

Мактубни ёпиб ўзига-ўзи жаврай бошлади.
— Лаънати қозиқ. Ахир шунча йилдан бери, қандилни кўтариб турган эди. Ҳозир ўйлаб кўрайчи, ха. Нақд йигирма тўққиз йилдан буён, турган илгак айнан бугун шифтдан узилди. Нега, нега айнан бугун? А-ха-ха, қари овсар. Шу ишни ҳам эплолмадинг. Шу ишни ҳам, дея бўйнига, ҳамон оғриқ бераётган арқон излари устига, бармоқларини босиб қўйди. Сўнг қаршисида турган ичимликка кўз тушган заҳот, унинг мазасини тотиб кўришга жазм этди.

— Икки хиссалик эспрессо! — Таъкидлади байрамона оҳангда. Балки у киноларда бўлгани каби, ўзини замонга ҳамнафас тутгиси келгани учун шу суюқликдан баҳра олгиси келгандир. Ёки кун бўйи пойтахт кўчаларида тентираклаб юрганида, йўл четидаги кўчма ғилдиракли кичик буфетнинг сиртида Реклама қилиб қўйилган майда ёзувларни ўқиб эслаб қолгандир. Нима бўлган тақдирда ҳам, у айнан нима сабабдан бу ичимликни танлаганини узоқ ўйламади. Чунки Эспрессонинг биринчи ютимиданоқ қандайдир лаззатли таъм Валерани яна ўтмиш аро етаклаб кетти.

Катта ҳаяжон ва нотаниш ҳавотир билан гўшакни кўтариб рақам теришни бошлади. Хизмат вазифаси туфайли Қрим-Татар ўлкаларида юргани ва Людмила Андреевнадан хат-хабар келмай қўйгани учун ўзини қўярга жой топа олмасди ҳеч. Узоқ гудокдан сўнг гўшакдан онасининг ҳокисор овози эшитилди. Ундан тинмай ҳол сўради, кайфиятини кўтарди. Ўзи ҳақида ва денгизни кўриш тўғрисидаги барча орзулари ушалгани ҳақида бот-бот сўзлаб берди. Аммо қанча гапирмасин онасининг овозига шира қўшилмади. Гўшакни қўйгач, тамакини тутатиб озроқ ўйлади. Яхши гумонда бўлиш учун аввалига, — мени соғинганда, деб ўзини овутди. Сўнг барибир нимадандир кўнгли ғаш бўлиб Тошкентга бутунлай қайтишга қарор қилди.

Валеранинг онаси Людмила Андреевна жувонлик пайтидан жуда мағрур ва вазмин бўлган. Эри қазо қилгач ёлғиз ўғлининг кўнглини ўкситмаслик учун турмушга ҳам чиқмади қайтиб. Йиллар ўтар экан, Валер анча улғайиб раҳматли отаси каби кўркам ва басавлат йигит бўлди. Камига орзу-ҳавас қилишда ҳам, кийинишда ҳам ўзи билмай унга тақлид қиларди. Айнан шу сабаб Людмила ич-ичидан зил кетишни бошлади. Чунки ўғли, Викторнинг қисматини такрорлаётганини фақат у кўриб турарди, фақат у биларди. Тобора ёши бир жойга бораркан, мағрурлик қўрсликка вазминлик эса тажангликка айланарди. Ушбу феъли билан ўғлига сабри ва соғлиғи етганча хат ёзди. Бироқ ҳар куни ўғлининг йўлини пойлаш, бир куни қайтишини кутиш азоби оғирлик қилган шекилли, алал-оқибат бир жойга ётиб қолди.

Людмиланинг аҳволидан хабар топган Хамзатовлар оиласи биринчи бўлиб ёрдамга шошилди. Ўрталаридаги шунча йиллик борди-келди ва Равшан билан Викторнинг қиёматли дўстлиги ҳурмати то Людмила Андреевна оёққа туриб кетмагунича қошу кўз бўлишди. Айниқса Бибисора бу беминнат ғамхўрликнинг бошида бўлиши турган гап. Чунки унинг Валерда чин кўнгли бор. Людмила Андреевнага эса ўз онасидан ҳам зиёда муносабатда эди… Аммо ҳарчанд уринишмасин Людмила Андреевна ичикаверди-ичикаверди, Валера эса ўз вақтида етиб келолмади. Уйига кечикиб келган Валеранинг кўзи дафн маросимига тушиб, қўлидаги пакетлар ерга сочилиб кетди. Бу пакетларнинг барчаси марҳума учун аталган совға-саломлар эди.

— Онам раҳматли тайёрлаб берадиган какаоли чойга ўхшаркан, ўйлади марҳумани хотирлаб. Бироз бошини тик тутган бўлиб атрофга бир разм солиб олди. Кафеда ҳеч ким қолмаган. Гарчи иш вақти тугамаган эса-да, одамларнинг барчаси хотира майдонига кетган. — Бугун ғалаба куни! Бугун катта Парад бўлади, Марш бўлади! Сўнггида салют отилса ҳам ажабланмайман. — Алжираб ўрнидан турди. У ҳам ўша тарафга бориши кераклигини эслаб.

— Наполеон. Прада. Микадо… — Тошкент кўчаларида одам гавжум эди. Машиналар эса ундан ҳам кўп. Йўл четида телефоннинг видео камерасини ёқиб турган томошабинлар ҳам етарли! Бу сафар уларни ҳеч ким тергамади.

БИЛИШИНГ ШАРТ!

Бугун сенга бир сирни очаман. Бу нарсалар ҳақида деярли ҳеч эркак иқрор бўлмаган. Аммо мен бу ноҳақликка чек қўймоқчиман. Чунки бизнинг хоҳиш-истакларимиз доимо сиз аёлларга нисбатан адолатсиз жирканч ёлғонларга қоришиқ ҳолда, худди зулук қон сўргандек умрингизни, ишончингизни ва эс-ҳушингизни сездирмай тортиб оларди. Сизлар бўлса янги кўйлак, қайсидир тўйга рухсат олганингиз ва ҳомиладор бўлганингиз учун ҳам бахтни дилингизга туйиб қўяверасиз. Аслидачи, аслида ҳам оилавий бахт шулардан иборат эмасми? Ҳа, афсуски бу нарсалар икки кишини бахтли қилиш учун анча камлик қиларди. Тўғри балки ози шириндир, бироқ эркакнинг кўнгли тўлиши, мушукнинг тўққиз ўлиши дегандек гап. Аксинча бўлса билгинки сен кўриб турган томоша соҳта ёки хўжакўрсинга.
Эркаклардаги ягона беғубор ва соф туйғу узоқ ўтмиш, яъни ўспиринлик даврига тўғри келади. Бинобарин сўзни ўзимдан бошласам.
Адашмасам ўн тўрт ёшда эдим. Мактабда синфдошларим билан Футбол ўйнардик. Жисмоний тарбия дарсида албатта. Коптокка бор кучим билан зарба берганим аниқ эсимда! Бамисоли чирпирак бўлиб учаётган тўп дарвоза тўсинига тегиб ўз йўналишини ўзгартирди ва четда арғимчоқ учаётган қизларнинг бирига тегиб, уни қулатди. Не кўзлар билан қарайки йиқилиб ётган ва йиғлаётган синфдошим, Ойдин экан. Балки тўп ҳақиқатда ҳам ёмон теккандир. Ёки қўққисдан теккани учун, у қўрқиб кетгандир. Юпатмоқчи бўлиб, бориб унинг елкаларидан тутдим. У ҳам шу пайт менга термулганча йиғидан тўхтади. Орада бошқа биров келиб коптокни олиб кетти. Майдондан ҳар ҳил овозлар эшитилди. Аммо бизнинг ўртамизда вақт тўхтаб қолгани аниқ эди. Кейин сув қуйгандек жимлик тушди орага. Сўнг у, базўр сўз бошлади.
— Ҳеч бўлса, кечирим сўрамайсанми?
Юзидаги мағрурлик синиққина оҳанг билан самимий янграган бу сўзлар, илк бора мендек бадфел боланинг юрагига севги ўтини солганди.
Биласанми, ҳаммаси, бутун ҳаётим ана шу воқеага чамбарчас боғлиқ. Сезиб турганингдек Ойдин менинг илк мухаббатим бўлган. Барчаси ундан бошланган.
Вақти келиб Ойдин турмушга чиқиб кетди. Мени қўлимдан эса ҳеч нарса келмасди. Ҳали жуда ғўр эдим. Озроқ азоб чеккан бўлдим, юрагимдан қандайдир оғриқ ҳам ўтди. Жуда аламли оғриқ. Ҳалигача эсласам эсим кетади, эзиламан…
Шу ишлардан кейин Алиш пайдо бўлди.
Менику қизлар билан ош-қатиқ бўлишга унча ҳушим йўқ. Гаплашсам ҳам шунчаки кўнгил сўрардим. Лек Алишнинг таъсирида аста айнишни бошлаганимни сезиб қолдим. Энди турли муносабатлардан эриш туйилсада ўзимни олиб қочмасдим. Бирдан айнидим, қўйдим. Токи…
Билмайман нега, лекин у доим дўстларимнинг сафида эди. Балки барчага бирдек ёқмас. Балки доим бирга бўлганимиз учун ёмон қилиғларига ҳам кўз юмгандирман. Аммо мен аввалдан яхши биладиган ва танийдиган Наргиза исмли қизнинг атрофида ўралашиб қолиши ҳаммасидан ўтиб тушди.
Наргиз жуда келишган, сочлари узун, бурни пучуқ қиз эди. Ориққина, бўйи паст бу ҳилқат, кўпчиликни эсини ўғирлаши табиий албатта. Лекин Алиш каби бетайинлар бундан мосуво бўлиши шарт эди доимо. Начора «Ёмонга ўлим йўқ» экан.
Буни қарангки яхши инсонга қалбини боғлаган разил кимса яхши томонга ўзгаришни бошлади. Бу ҳодиса барчани, жумладан мени ҳам лол қолдирмасдан илож йўқ эди. Жинурсин Алишни. Унинг яхши жиҳатлари борлигини билмаган ҳам эканман. Нима бўлган тақдирда ҳам, кўнглим жуда ғаш эди. Чунки бир кунмас, бир кун аниқ нимадир бўлишини сезиб турардим…
— Бемор, тушликдан кейинги дориларингизни қабул қилиб олсангиз. — Дарвоқе’, боядан бери сенга айтиб бераётган ҳикоямнинг тугашини, сабр билан эшик олдида кутиб турган ҳамшира Зеби ҳам, унча ёмон қиз эмас. Ҳар гал менга дори ичириш учун ўзи келади. Келгани ҳамоноқ, эшик олдида бироз кузатади. Чунки мен атай, у келадиган маҳал ўзимни ё китоб ўқиётганга, ё мактуб ёзаётганга солиб оламан. Сенга айтсам Зеби менга ёқади! Билмадим нега. Лекин мана шу шифохонадаги энг гўзал қиз айнан у. Энг мехрибони ҳам, у бўлса керак…
Ойдин ҳақида сенга кўп гапирдим. У турмушга чиқиб кетгандан сўнг нима ишлар қилганим ҳам кундек равшан. Бироқ юрагимни туб-тубидаги сирлардан сен бехабарсан. Шундоқ ҳам, ортиқ гаплашадиган мавзу йўқ экан, бир сирни очсам. Анча қизларни бошини айлантиришдан ташқари, яна анчасидан фойдаландим. Мен учун ушбу муносабатлардаги чек-чегара — совчи юборасизми, деган сўз билан адо бўларди. Шунга қарамай охири барибир турмуш қуришимга тўғри келди. Йўқ. Сўзларимдан нотўғри тушунма. Мажбур бўлиб қолмадим. Шунчаки вақти-соати келгани туфайли уйландим. Вақтга қарши аёлим мен орзу қилгандан ҳам яхшироқ эди. Шунинг учун бўлса керак маълум муддат қизлар билан муносабатларга чек қўйдим. Ҳайрон бўляпсанми ушбу сўзимга? Ҳайрон бўлма. Ёлғонни ёқтирасанми?
Мен ҳам ёлғон гапиришни ёқтирмайман. Наздимда ҳамма эркак суяксиз бўлса керак. Мен каби бўлмаса-да, ўзига хос кўринишлар ила. Авваллари, бу иллатим — уйлансам йўқолар, деб ишонганим учун бамайлихотир эдим. Лекин уйлангач, қайтангга бошқача иштиёқ билан аёл зотига қизиқишим ортди.
Айтганча, Алиш ҳам уйланди. Бироқ ҳалигача, Наргиз билан севишиб юради. Негадир Наргизга раҳмим келяпти. Бир ёқдан унинг хаёлини ўзим ўғирлаб олишни истаб қоламан. У ҳаддан зиёд яхши қиз. Алиш барибир уни тинч қўймайди. Наргизни отаси йўқ. Шу учун онасига — турмушга чиқмайман, деб қаршилик қилишга юраги бетлаган. Алиш ҳам, мажбурлаб уйлантиришганига, Наргизнинг олдида ўзини айбдор ҳис этмасди. Одамларнинг гапи қизиқ. Улар гапниришни яхши кўради. Алал-оқибат эски гаплар яна болалаб кетти. Тўғрида! «Ёмонга ўлим йўқ». Гап таъсир қилармиди?
Уйлангач англадимки, турмуш қуриш бу ҳаммасига нуқта қўйилди дегани эмас. Ҳатто аёллар учун ҳам. Бора-бора жамиятимизда ажиримлар кўпайиб кетгани бежиз эмаслигига амин бўлдим. Бунинг сабаби эса нафснинг урчиб кетганида, деб ўйлайман.
Алиш тушмагур бир болали жувонга ўралашиб қолди. Бу жувон, на бир талоқ олган, на бир бева эди. Ачинарлиси ҳам шу-да. Менингча барчасига одамлар айбдор. Ёмонни ёмон, деяверсанг ундан яхши иш кутиб бўлармиди? Албатта йўқ. Жувон қурмагур ҳам чакана эмасди. Эри бой. Шахсан ўзимнинг танишларимдан бири у. Қизиғи исмини эслолмайман ҳам. Турмуш қурганидан сўнг, мана яқинда Алиш билан пана-пистакда гаплашиб юрганини эшитдим. Эшитганим ҳамоноқ ичимдан енгиллик ўтди. Ҳайрият. Вақтида орани очиқ қилганим. Бўлмаса…
Барча аёллар, ўзининг сезги органлари билан севади. Бу бор гап. Кимдир кўзлари билан. Кўпинча эса қулоқлари билан. Мен бўлса табиатан кўздан йироқ бўлганим учун, уларнинг юракларига қулоқлари орқали қўл солишга уринаман. Ҳозир менинг ҳам Алишдан сира фарқим қолмагандира? Йўқ, аслида ҳамма ўзини ҳурмат қилган йигит борки, чиройли қизларга хушомад қилишни қиёмига келтириш учун, кўзгу қаршисида соатлаб қолиб кетса керак. Сўнг ушбу машғулотларни синаб кўришдек иш қолади холос. Жазм этсанг бас.
Кейин-кейин ўзимга савол беришни бошладим. Қизларку ўз йўлига. Лекин жувонлар нега бахтсиз? Шу савол миямга урди-ю, забжамга эътибор бердим. Билганингдек, уни бахтли ёки бахтсиз эканини сезмадим. Агар ҳар эркак аёлининг бахтини кўра билганда эди. Балки улар, бундай ачинарли ва гўргача аён бўлмай қолиб кетадиган хиёнатга учрашмасди. Ёки бу турмушда мен бахтсиздирман. Агар барчаси ўзим истагандек бўлганда, ҳозир сенга дардимни тўкиб ўтирмаган бўлардим. Ахир боғланган риштанинг ўртасига кимдир суқилиши учун, боғламнинг ҳар икки тарафи ҳам бўш бўлиши керакку тўғрими? Демак, бу ип узилиши керак.
Қайсидир куни, менимча автобуснинг орқа ўриндиғида ўтирганимда, сени учратиб қолгандим. Ё алҳазар, шунчалик ҳам ўхшайдими? Ёқа тишлаганман ўшанда. Беихтиёр қаршингга келиб — Ойдин, деб мурожаат қилгандим. Эслайсанми? Сен бўлса, сўзларимни эшитмагандек, қаршингдаги қизил тугмани босган эдинг. Умрнинг аччиқлигини кўр. Сени менга йўлиқтирибди-ю, юрагингга кириб бориш учун, имкон қолдирмапти. Ортингдан анча вақт кузатиб бориб билганим шу бўлдики, сен почтада ишлайсан. Сен имо-ишоралар билан гаплашасан ва сен ҳақиқатда ҳам унга ўхшайсан. Қуйиб қўйгандек Ойдинга. Биласанми, ҳозир ушбу хатни сенгга жўнатмоқчиман. — Почтада ишлайдиган соқов қизга, деб ёзиб қўяман манзилингни. Шифохонада ишлайдиган ҳамшира Зеби, сенга етиб боришига ваъда берди, ушбу мактубни. Ҳозир ҳам, ўша ҳамшира эшик олдида тугатишимни кутиб турипти. Қизиқ нега экан? Ахир кечги дориларга ҳали вақт бор. Ха, майли. Турса турар. Муҳими сенга айтмоқчи бўлган сўнгги сўзим қолиб кетти. Шуни қоғозга туширсам бас.
— Бемор, сизни кўришга одам келди. — Ана, ўзим ҳам сезгандим. Бу ерда бошқа гап бор, деб. Ҳойнаҳой, хотиним билан қизим бўлса керак. Ха-да, бошқа ким ҳам эсларди мени? Қани ҳозир борсам биламизда нима гап-сўз…
— Ассалому алайкум, Дадаси. — Бу иккинчи хотиним. Кўриниши аввалгидек дуркун эмас албатта. Аммо кўз очиб кўргани ўзим. Балки илк севгилиси ҳам мен бўлсам ажаб эмас. Бироқ энди бу нарсаларнинг қизиғи ҳеч қолмаган. Юрагим бўм-бўш.
— Яхшимисиз, сизга яхши қарашяптими? — Унинг кўзларидаги шавқатни кўриб, юрагим бир қадар эзилди. Сўнг, ҳалигача мени севиб, нимадандир умидвор эканини сезгач, жаҳлим чиқиб кетди.
— Йўқол, эшитяпсанми? Йўқол. Менга керак эмассан. Бор. Кет. — Негадир, сўзларимни тушунмади шекилли ҳамширага қараб таажжубланди. Зеби жуда зукко қиз. Забжамнинг энсаси қотганини кўриб дарров сўз олди, — бу дорилар таъсири. Хафа бўлмайсиз, хоним. — Мийиғида жилмайиб қўйди.
Сумкасидан рўмолчасини олиб иягимни артаётган хотиним, гўё ҳеч нарсани тушунмагандек, ғамхўрлик қилишда давом этарди. — Биласизми, дадаси, қизингиз кеча нима қилганини? Қизингиз кеча мактабидан шеър ёдлаб келипти. Унинг сўзлари, унинг ҳаракатлари, унинг куч-иродаси мени ич-этимни вайрон этарди. Яна шунча дард ичида бахтли эканини кўрсатишга уринарди. Кўзлари йиғлайвериб қизариб кетганини айтмаса — бунинг уддасидан чиқди, деса бўларди. Йўқ, ортиқ унга азоб бера олмайман. У ҳам чинакамига бахтли бўлишга ҳақли. Менку тамом бўлган одамман. Бутун умрини ўсалга сарфлайди тек қўйса. Нима бўлса бўлди. Бор кучимни тўплашим керак. Ҳеч бўлса, майли оғзимдан сўлак оқса ҳам, ҳеч бўлса ‘кет’, дея олсам бас. Балки шунда тушунар…
Бир қанча уринишдан сўнг ниҳоят,- к-к-ке-ет, деган қичқириғимни англаган кўринади, ортиқ ғамини яшира олмади. Сўнг умидсиз ўриндиқдан узилди. Кетаркан, ортига ўгирилиб сўнгсўзларини паст овозда айтди. — Доктор сизни қайтиб одам бўлмайди, деяпти. Лекин мен бунга ишонмайман. Шундай бўлса ҳам, мени кечиринг. Қизимизга ота керак. Онам мени Отасиз ўстирган, биласиз. Мен қизимизга бундай азобни раво кўролмайман. Эшитяпсизми, Алишерака? Мени кечиринг.
Ҳайрият. Умидини узипти! Нега эшитмай? Қулоқларим касал эмаску ахир. Наргиз, чин юракдан сенга бахт тилайман. Риштани узганинг учун раҳмат сенга. Мен аллақачон узган эдим.
Ҳамшира яна ўз хонамга олиб келди. Стол устидаги мактубга бор йўғи бир гап етмаяпти холос. Сенга айтмоқчи бўлган сўнгги гапим. Демак, кечги дорилар вақти келгунча шу ишни қилишим керак. Ойдин, сендан кечирим сўрашим керак…
— Доктор, бемор вафот этди. Ўлим вақти кечки соат 20:23.
— Қайд этинг. Оила аъзолари бемор билан видолашдими?
— Ха жаноб, бироз аввал келишганди. Ҳаммаси жуда ачинарли кечди. Кўнглим бўш биласиз, роса йиғладим. Альцгеймерлар ўлиш олдидан барчасини бир фурсатга бўлса-да эслайди дейишарди. Менимча у ҳам бугун барчасини эслади, ҳатто сўнгги лаҳзаларда стол устидаги қоғоз тараф роса талпинди.
— Бирор нарса ёзиптими?
— Ҳа, «Ёмонга ўлим йўқ», деган.

КЎЛДАГИ АКС

Ўртамиздаги барча муносабатлар алал-оқибат ўз якунига етди. Кўнглимдан қандай ҳислар ўтгани ўзимгагина аён. Ҳар қандай илиқ туйғуни совута оладиган ташвиш борлиги, турган гап. Аммо, севги ҳеч қачон осонликча таслим бўлмаган. Чунки доимо қалбингдаги туйғулар, онгингдаги тасаввурлардан-да лаёқатлироқ эканини кеч бўлса-да англаб етасан. Дарҳақиқат, кутилмаган тасодифлар ҳақида айтгинг келади. Бироқ буларнинг барчаси тақдир-азал эканини билгач, дунёқарашинг бироз ўзгаради. Ўзлигини англаган инсон каби дунёдан ўпкаламай қўясан. Бошингга тушган ҳар қанақа ёмон вазиятда ўзингдан бошқа ҳамма нарсани ва барча кимсани айбдор санашинг, энди ўзингга эриш туйилади. «Ҳаммасига ўзим айбдорман», деган кунинг, кўз олдинг бирдан ёришганини ҳис этиб, барча жумбоқларга ечим топгандай енгил тортасан.
Кўл сатҳида жилоланаётган сувнинг учқунлари, қорачиқларинг ичида товланаётган бир чимдим ёқудга ўз илинжини айтгандек зорланади. Бошинг узра порлаётган оймома эса, ширин хаёлингдан безовта бўлган онингдаёқ, узоқ вақтдан бери сени таъқиб этиб келаётган, тим қора аксга эътиборингни тортишга уринади. Аммо сен, бир лаҳзага бўлса-да, бутун дунё ларзага келса-да, ҳеч нарсага чалғимай қирғоқда тошдек қотасан.
Аввал қулоқларингга беғубор кулгу садолари элас-элас эшитилади. Сўнг, кўз ўнгингда, зим-зиё узоқликда — қандайдир ғира-шира нимарсалар шакилга айланади. Ушбу шакил узоқ вақт сенга кимнидир эслатгандай туйилаверади-ю ана шу мавҳумликнинг тагига етмай, ўша кимингни излаб умр вароқлайсан.
Ўн олтинчи феврал. Яшаб турган қишлоғингда қишдан асар ҳам қолмаган, кунларнинг бири. Қай кўчада гул солиб қўйган гуноҳкор бодом дарахти. Сен бўлса кўл ёқасига, эрта гуллайдиган бодом кўчасидан чиқиб келардинг. Тез орада ёмғир ёғади. Буни билган балиқчи чол, қирғоқда сувга қармоқ ташлаганча устига ёмғирпўшни илади. У ўз ўрнида! Сен одатингдек сукут сақлаб, нон ушоқларини сувга соча бошладинг. Буни пайқаган чол, энсаси қотгандай нималарнидир ғуддилларди. Менчи мен? Мен… Худди симёғочдек жойимдан жила олмасдим. Гўё нон бўлаклари сувга тушиб нигоҳимни тўлқинлантириб юборар, айни дам милт-милт этаётган шаффоф сув измида сенинг аксинг каби ўзига назар ташлашингга умид боғлаб турардим. Аммо бирдан кўл ўз қаърига торта бошлади. Атрофимга сочилган нон қолдиқларига битта ҳам балиқ келмади. Мен эса ўша ушоқларга бўлса-да чирмашишга ҳаракат қилдим.
Зулмат ўз қарига тортиб борар экан, барчасидан умидимни уздим. Ўтмиш, ширин ҳотиралар. Сен. Негадир ҳаёт учун курашишни истамас эдим. Курашиш азоб. Курашиш учун кучим қолмаган. Тобора тубсизлик аро ғарқ бўларканман, атрофимдаги барча мантиқсиз нарсага ўзимни урдим. Зим-зиё чуқурликда мендан бўлак шарпалар бўлса бор, лекин бирор тирик жон йўқлиги аниқ эди. Ўзимни чорасизликдан ҳар ёнга ура бошладим. Узоқ йиллар Худодан ўтинган илинжим, чин мўъжизани, қалбимда тугулиб қолган жумбоқларга ечим сўрадим. Шу заҳот бўйнимга сиртмоқ тушгандай, қора ўпқондан нимадир мени катта куч билан тортиб чиқди. Жон ширин экан, талвасага тушгандай типирчилай бошладим. Бутун танамга ҳаётнинг аччиқ нафаси яна бир бор ёқимли елвизак каби оҳиста тегинди. Қаршимда турган киши, балиқчи чол эди. У мени қўлларида тутиб турар экан, эҳтиёткорона сиртмоқни ечиб олди ва сув тўлдирилган челакка улоқтирди.
— Биласанми балиқча? — деди чол, бироз ўтгач. Қўққисдан гап бошлаган бўлди-ю, лекин бу ёшда одамлар ўзи билан ўзи гаплашиб ҳам қўявериши мумкинлигини англадим ва шунчаки сукут сақлаб, тинглашда давом этдим.
— Бугун ҳам ов бароридан келмайдиганга ўхшайди. Хавонинг авзойи бузуқ. Балки ёмғир ёғса, балиқлар юзага кўтарилар? Ҳа, ёмғир ёғса балиқлар, хўрак излайди. — Таакидлади бош ирғаб ўзига-ўзи. Гўёки мендан яхши суҳбатдош чиқиб қолгандай. Ёмғир ҳам элас-элас томчилашни бошлади. Шунда чол, кўрсатгич бармоқлари билан, доим сен билан учрашадиган жойимизни кўрсатиб гап очди. — Ана у ерни кўряпсанми? Ха-а, ўша ер. — чуқур ух-х тортиб, ғамгин давом этди. — анча йиллар аввал эди, чамамда шу феврал ойи — доим балиқларга ўша қирғоқда овқат берадиган қиз, ҳар кунгидай кўприкка чиқиб келди. Қўлида бир ҳовуч емак билан. Унинг балиқларга бўлган меҳри болалигидан бошқача бўлган. Ҳар гал мени кўлнинг бу ёнида ов қилиб ўтирганимни кўрса, имкон қадар жониворларнинг қорнини яхши тўқлашга уринар ва мен ташлаган хўракка яқин ҳам йўлашини истамас эди…
Азизам, чол сен ҳақингда гап очди негадир. Озроқ хўрсиниб яна иккимизнинг муносабатларимиз тўғрисида ҳам тўхталиб ўтди.
— Айтсам ишонмассан. Лекин, шу қизчани бир кун кўрмасам, ов қилгандек бўлмасдим. Ўйлаб қоламан. Балки мен ҳам фарзандлик бўлганимда… Яна ким билсин? — Чолнинг бўғзига нохос нимадир тиқилгандай йўтал тутди. Бироз нафас ростлаган бўлиб, ўша эскириб кетган зафарон ёмғирпўшни устига илдирди ва гапиришда давом этди. — Қизчанинг ўз ёшига нисбатан, жуда латофатли ва назокатли экани узоқдан ҳам яхшигина кўзга ташланиб турарди. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай унинг атрофида бир йигитча ўралаша бошлади. Гарчи менга ёқмаган эса-да унинг дидига тўғри келган шекилли, тез-тез кўл бўйидаги кўприкда учрашишни бошлашди. А-ха-ха, менга нима экан? — Шу сўзларни айтиб юзига озроқ кулгу оралагандай жимиб қолди. Кейинги сўзлари эса шундай оҳангда чиқар эдики, уни эшитган ҳар қандай киши — ҳозир ҳўнграб йиғлаб юборади, деб ўйлаши турган иш.
— Мен қари овсарнинг, мен каллаварамнинг, уйи куйгурнинг, нафсига ўт тушгурнинг қилган ишини биласанми? — шу зайлда нола қилар теваракда эса момақалдироқ гумбир-гумбирларини тиндирмасди. Чол қанча баланд нола қилса, момақалдироқ шунча баланд чаларди. Агар мабодо йиғлагудек бўлса, ёмғир ҳам кучайиб унга жўр бўлишга шай турганди.
— Ўша куни ҳам ёмғир ёққанди. — давом этди бироз тинчланиб. — Қишлоғимиздаги браканер Мажиднинг маслаҳатига кириб, мақтаган движогини овга олиб чиққандим. Менинг ожиз ақлим, ҳозир токни сувга ураман-у бирдан мўмайгина балиқларни овлайман, деб ўйлаганди. Аммо бу ишга тарадди кўрарканман кўприк томондан ғалати шовқинлар кела бошлади. Эътиборимни тортгандек бироз тўхтаб қолдим ва қизиқсиниб шу тарафга яқинроқ юрдим. Йўл-йўлакай мен сувга ток урган пайт юқорига кўтарилиб чиққан чалажон балиқларни қизалоқ кўриб қўрқмаса бас, дея ўйлардим. Боланинг кўнгли билан эса ташвишим йўқ албатта. Бир фурсатдан сўнг кўприк бўйидаги овозлар аниқ эшитила бошлади. Яқинлашиб қолгандим. Қулоқларимга ишонмай бошимни кўтариб, шу томонга назар ташладим. Ҳар куни фақат кулгу ва пичир-пичирларнинг садолари келадиган жойда, жанжал зўр берибди. Қизалоқ тинмай йигитни айблар ва йўқол, дея ҳайдарди. Йигитча эса ўзича бир нималарни тушинтирган бўлиб кечирим сўрарди. У нима демасин, қизнинг важоҳати сўнмади, ўзини оқлашга тинмай уруниши зое кетарди. Охири нимадир демоқчи бўлиб, қандайдир қалтис ҳаракат билан қизнинг елкаларидан тутган эди-ҳамки — оғрияпти қўйвор, дея чинқирди қиз…
Ха, ўша куни сен билан ўртамизда англашилмовчилик бўлган эди. Чол, ўша, мен энди бутун умр ўзимни айблаб яшайдиган воқеани сўзлаб беряпти. Негаям амакимнинг қизи билан маҳаллангдан ўтдим? Камига айнан шу куни мени, у билан кўргансан. Қанча тушунтирсам ҳам ёлғон, дединг. Ишонмадинг. Ишонмасанг ҳам гўрга, нега сени ўша кўприкда ёлғиз ташлаб кетаман? Қолсам бўлмасмиди? Балки қолганимда, ҳозир. Тўхтачи, ўша куни манови Чол ҳам барчасини билган эканда. Судда гувоҳлик берган ҳам шу, демак. Аввал яқиндан кўрмагандим ҳеч. Ҳозир ҳам анча ўзгарипти. Елкаси букчайипти, юзи эса ажинга тўлипти. Чолга разм соларканман ўзимча унга савол берардим. — Нега мен кетгандан кейин Камолани сақлаб қолмадинг? Ҳеч бўлмаса кўприкдан уни ҳайдаб солмадинг. — Чол ҳеч нарсани эшитмагандай менга бақрайиб турарди. Ахир, ахир мен ҳозир балиқман! Ёки хушсиз кўчада, ёки ўз ўрнимда туш кўриб ётган бўлишим ҳам мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 103-моддаси б қисми билан(вояга етмаган шахсни ўзини-ўзи ўлдириш даражасига етказишда) айбдор деб топилиб, тўққиз йилга ҳеч қандай аппелясиясиз озодликдан маҳрум этилдим. Тўққиз йил сени ўйладим. Уч минг икки юз етмиш саккиз кун ўзимни айблаб яшадим. Аммо юрагимни туб-тубида, сени ўз жонингга қасд қилганингга шубҳам бор эди. Ана шу сўнгги гумонни унутиш ва сен билан видолашиш учун кўл бўйига келгандим бугун.
Қўққисдан чол эзилиб йиғлай бошлади, диққатимни тортиб. Ёмғир ҳам тобора кучаярди. — Биласанми балиқча, мен катта гуноҳ ишга қўл уриб қўйган бир номард, қўрқоқ ва товламачиман, — деди увиллаб. Шу лаҳза танамдаги барча аъзолар қулоққа дўнди.
— Ўша кун, йигит қизчага жаҳл қилиб кетиб юборди. Мен ҳам жанжал тин олганига ҳотиржам тортиб хилватроқ жойга ўтдим. Сўнг движогни аста ишга туширдим. Тирриллаган овозини қишлоқдагилар эшитмасин деб, дарров сувга ток уриб уни ўчирдим. Сўнг балиқларнинг бирма-бир юзага кўтарилишларини кўриш учун сув сатҳига қараб турдим. Бирма-бир балиқлар кўтарилар экан юзимга қувонч югуриб тўрни ушладим. Миямда фақат биттагина ўй эди. Уларни териб олиш. Аммо, не кўзлар билан қарайки, Балиқлар билан яна бир каттароқ нарса юзага кўтарилиб чиқди. Тўрни улоқтириб уни қирғоққа тортдим. Ё Худойим, нима қилиб қўйдим? У, у қизалоқ эди. Жонсиз ва рангсиз қизалоқ. — Шу сўзларни эшитдиму челак ичидаги сувларни ҳар ён сачратиб, типирчилай бошладим. Чол бўлса, эътибор ҳам қилмай иқрорида давом этарди.
— Аввал қўрқиб кетдим. Атрофга қараб биров йўқми, кўз югуртирдим. Сўнг қизнинг жасадини қўлимдаги тўрнинг тўрт томонига тош бойлаб, ўрадим. Аста қирғоқ бўйлаб кўприкка бориб уни кўлнинг энг чуқур жойига ташлаб юбордим. Кейин уйга кетдим.
Бутун қишлоқ қизчани излашга тушди. Эшигимни кимдир тақиллатиб келганда, унинг исми Камола, ёши ўн олтида эканини билдим. Бир неча кундан кейин полисиячи зобит ҳам келиб билганларимни сўради. Озроқ ҳаяжон босганимни сезиб ва тез-тез кўлдан балиқ овлаб туришимни билиб ўз иш жойига суҳбатга таклиф этди. Барчасидан умид узиб, минг ҳил ўйда олдига бордим. У менга бир текис савол бераркан бирдан кўприк бўйидаги жанжал ва йигит эсимга тушиб қолиб, нажот топдим. Ҳаммасини зобитга айтиб бердимда, кейин уйга кетганимни ҳам айтдим. Сўнггида кўл тубидаги жасад ўралган тўр меникилиги эсимга тушиб, жонбозлик кўрсатишни бошладим. Агар қизча ўшанда уйга қайтмаган бўлса, уни қаердан излашни биламан, дедим мотамсаро. Негадир зобит ҳам сўзларимга лаққа тушди. Унда йўл бошланг, деб ортимдан кўприккача келди. Мен чуқур нафас тортиб кўприкнинг бошқа тарафидан сувга шўнғидим. Сув тубида амаллаб тўрни ечиб, Камоланинг шишиб кетган жасадини бошқа тарафдан олиб чиқдим. Кейин…
— Кейин Суд бўлди, аблаҳ ва сен ўз ролингни моҳирона ижро этдинг. Ёмғир тин олди. Чол оҳиста мени қўлига олиб сувга қўйиб юборди. Гўё ичидаги ғуссани енгиллаштирган бўлиб. Зулмат аро Кўл ташқарисидаги симёғоч ёнида турган танам тараф ошиқардим. Минг ғазабда, миямда эса фақат бир ўй, интиқом! Бирдан зулмат ғойиб бўлди. Қандайдир майин овоз мени чақирарди. Ортга ўгирилсам, узоқдаги ғира-шира шарпаларнинг бири аниқ кўрина бошлади. У Камола эди. Тўрга ўралган ва тубсиз зулматга ғарқ бўлаётган, ҳали тирик бўлган Камола. У тинмай мени чақирарди.

086Yonimda ekaningda, men uchun kunlarning axamiyati yo‘q edi. Shunchaki ularni sen bilan birga qarshi olar, sen bilan birga kuzatishni xushlardim. Endi esa kechagi kunni eslab o‘zimni qo‘yarga joy topa olmayapman. Tun bo‘yi o‘sha voqea menga uyqi bermadi. Chunki, endi sen bilan qayta uchrashishning yo‘lini topgandayman. Xa albatta bu borada sen doim o‘z fikringga ega bo‘lgansan. Axir ikkimizdan jasurrog‘i ham o‘zing eding. Men bo‘lsa…

Farhod Eshonov
UCH HIKOYA

Eshonov Farhod Rahmatillo o‘g‘li 1994 yil Farg‘ona viloyati Marg‘ilon shahrida tug‘ilgan. Ma’lumoti o‘rta-maxsus. 2019 yildagi «Zomin» adabiy seminarining nasr yo‘nalishi ishtirokchisi. Hozirgi kunda duradgorlik bilan shug‘ullanadi. Hikoyalari matbuotda, shu jumladan, «XDK»da ham e’lon qilingan.


KURSIV

Taomilga ko‘ra keyingi navbat dissertga. U o‘zi uchun begona bo‘lmagan shirinliklar dunyosida adashib qolgan to‘qqiz yashar boladay, tanlov borasida chuqur mushohadaga g‘arq bo‘lgandi.
— Janob, buyurtma berasizmi?
Go‘yo, hali ish faoliyati davomida bunchalik tanlovga qiynalgan xo‘rrandani ko‘rmagan va o‘zini hafsalasi pir bo‘layotgan fe’li tor kimsalardek tutib so‘radi girgitton.
— Napoleon, Prada… — O‘ziga-o‘zi qo‘lidagi taomnomani ko‘zdan kechirgancha, hotiralar og‘ushi aro nimanidir eslashga qattiq urinar edi.
Napoleon! Prada! Mikado! Baralla qichqirib uyni boshiga ko‘tarardi. Bu uch xil shirinlik tayyorlangan kun Valeraning uylariga keladigan mexmonlar ko‘p bo‘lishini anglatardi. Baayni ushbu mexmonlar orasida uzoq qarindoshi, Xolavachchasi Svetlana, uning harbiy eri komandir Xamzatov va ayniqsa qizlari Bibisoraning ham borligi bolaning hursandchiligiga alohida xuzur baxsh etardi. Garchi bu kunda otasi xizmat chog‘ida qahramonlarcha omonatini topshirgan esa-da, bolaning ko‘ngliga kattalardan hech kim ozor yetkazgisi kelmagani sabab, bu kun bayramdek o‘tishiga aslo qarshi chiqishmagan. Qolaversa marhumning rafiqasi Lyudmila Andreyevna ham juda bamani, og‘ir-bosiq va mag‘rur bo‘lib, ha deganda erini hotirlab a’za tutadigan jabrdiyda yoki yig‘loqi ayollar sirasiga kirmasdi.
Nihoyat, eshik tomondan Xamzatovlar oilasi bo‘y berdi. Avval qo‘lida bir dasta oq gullar ko‘tarib olgan Svetlana, so‘ng maxsus qutida shoxona ichimlik ko‘tarib olgan Ravshan Ibragimich va ularning ortidan beg‘ubor tabassum ila, uyalibgina ko‘rinish bergan Bibisora…
Uning yuz tuzilishini eslashga urinar ekan, qarshisida o‘qrayib turgan kafe xizmatchisiga ko‘zi tushib, bir lahzaga shirin xayollari uzilib qoldi.
— Nima buyurasiz janob? Qo‘lidagi taomnomani yopib — Shokoladli Prada, deb, cho‘rt kesdi. — Ha, aytgancha… Buyurtmani to‘liq so‘ramagan, ammo bundan sira hijolat chekmagan yigit, ortga qayrilib murojaat qilmoqchi edi-hamki, — Ichishga ikki xissalik espresso, degan, nosamimiy va qo‘pol javob oldi.
Qoshiqcha bilan tortni titib, uning shirin va qadrdon ta’mi ham boyagi hotiralarini qaytara olmagach, kecha hamyoniga solib qo‘yilgan bir parcha qog‘ozni olib o‘qiy boshladi.
«Bilasanmi azizam, o‘rtamizda faqat shu bitik bor. To unga nuqta qo‘ymas ekanman, sen bilan uchrashmaymiz. Ammo ushbu yakun naqadar og‘ir va mushkul ekanini bilsang edi. Bilsang edi…
Yonimda ekaningda, men uchun kunlarning axamiyati yo‘q edi. Shunchaki ularni sen bilan birga qarshi olar, sen bilan birga kuzatishni xushlardim. Endi esa kechagi kunni eslab o‘zimni qo‘yarga joy topa olmayapman. Tun bo‘yi o‘sha voqea menga uyqi bermadi. Chunki, endi sen bilan qayta uchrashishning yo‘lini topgandayman. Xa albatta bu borada sen doim o‘z fikringga ega bo‘lgansan. Axir ikkimizdan jasurrog‘i ham o‘zing eding. Men bo‘lsa…
Men bo‘lsa har galgidek jur’at etolmadim. Balki zamon tezlashib ketgandir? Xa, aniq zamon tezlashgan. Unday bo‘lmaganda agar, yo‘l ustiga yiqilib, hushini yo‘qotgan bolaga — atrofdagilar o‘zlarining allatovur matohlari orqali harakatsiz va hissiz qarab turisharmidi? Balki ular rostdan ham bir lahzaga joylarida qotib, hushyorlikni yo‘qotgandir. Yoki ularning barchasi odamiiylik degan tushunchani unutishgandir. Lekin men, sening keksa ering, hali odamgarchilikni unutganicha yo‘q. Qarshi yo‘nalishdan, katta tezlikda yaqinlashib kelayotgan yengil mashinani payqagan zaxotim, o‘spirinni qutqarish payiga tushdim.
Odamlarga nima bo‘lgan? Nega ular, teatrga kelgan tomoshabindek? Shu kabi turli o‘ylar o‘tar va jahlim chiqardi. — Qarasalaringchi. Ey. Hoy odamlar. Ey barzangi, xa, xa sen. Bu yoqqa kel. Ushla. Xa, oyog‘idan. Qani, uch, deganda, yo‘l chetiga olamiz. Bir, ikki…
Bolaning bexush tanasini, bir chetga o‘tkazar ekanmiz holdan toydim. Kimdir, mening o‘rnimga uning qo‘llaridan ko‘tarib oldi. Nihoyat, boyagi bir to‘da olomonga jon kirdi. Endi ular ham yordamga shoshardi. Men bo‘lsa, xixm-xixm, men bo‘lsa ancha qaribman shekilli, tizzalarim. Tizzalarim og‘riyapti. Nafas rostlashim kerak. Yo‘l chetida enkaygancha nafas rostlagan bo‘ldim. Aynan ana shu bir necha fursatlik holdan toyish tufayli tobora yaqinlashib kelayotgan mashinani, peshonam ostidan kuzatib turar ekanman, ko‘p narsalarni anglab yetdim. Balki men ham, xuddi hech narsa bo‘lmagandek, indamay o‘spirinning oldiga yotib olishim kerakmidi? Ana. Ana o‘shanda mana bu qo‘limdan tortayotgan, qad-qomati kelishgan, ko‘rkam va basavlat yigit shunchaki kuzatishda davom etardi. Biroq unday bo‘lmadi. Afsuski, barchasini juda kech angladim. Ortimdan, — g‘alati chol ekan, deb gapirganlarini eshitib, ilk bor kimningdir fikriga ham qo‘shilib, bosh irg‘ab qo‘ydim. Sababi esa juda oddiy. Azizam, sensiz keksa ering o‘ziga o‘xshamay qolgan. Bunga esa bugun yetti yuz-u otmish to‘qqiz kun to‘ldi. Ammo, senga bergan Va’damni ustidan chiqa olmadim. Eshityapsanmi? Sendan ayrilgan kunimni bayramdek nishonlay olmadim. Balki menda onamda bo‘lgan metin iroda kabi kuch yetishmas. Shuning uchun ham urushda halok bo‘lgan otamni o‘ylasam etim uvishmasdi hech. Ochig‘i uni tashqi ko‘rinishini va qanday inson bo‘lganini ham eslay olmayman. Esimda qolgani, undan doim daraxtning xidi kelardi…
Otamdan deyarli hech narsa meros qolmagan. Shunday bo‘lishiga qaramay, uyimizdagi eski Patefon, yodgorlik sifatida juda aziz menga. Azizam, ‘Kanzas shahri’ guruhining o‘sha mashxur qo‘shig‘i yodingdami? «Shu ruhda davom et, mening daydi o‘g‘lim (Carry on my Wayward son)» hozir o‘sha plastinkani uskunaga joyladim. Demak, shu qo‘shiq sadolari ostida biz yana uchrashamiz.
Alvido Azizam».
Maktubni yopib o‘ziga-o‘zi javray boshladi.
— La’nati qoziq. Axir shuncha yildan beri, qandilni ko‘tarib turgan edi. Hozir o‘ylab ko‘raychi, xa. Naqd yigirma to‘qqiz yildan buyon, turgan ilgak aynan bugun shiftdan uzildi. Nega, nega aynan bugun? A-xa-xa, qari ovsar. Shu ishni ham eplolmading. Shu ishni ham, deya bo‘yniga, hamon og‘riq berayotgan arqon izlari ustiga, barmoqlarini bosib qo‘ydi. So‘ng qarshisida turgan ichimlikka ko‘z tushgan zahot, uning mazasini totib ko‘rishga jazm etdi.
— Ikki xissalik Espresso! — Ta’kidladi bayramona ohangda. Balki u kinolarda bo‘lgani kabi, o‘zini zamonga hamnafas tutgisi kelgani uchun shu suyuqlikdan bahra olgisi kelgandir. Yoki kun bo‘yi poytaxt ko‘chalarida tentiraklab yurganida, yo‘l chetidagi ko‘chma g‘ildirakli kichik bufetning sirtida Reklama qilib qo‘yilgan mayda yozuvlarni o‘qib eslab qolgandir. Nima bo‘lgan taqdirda ham, u aynan nima sababdan bu ichimlikni tanlaganini uzoq o‘ylamadi. Chunki Espressoning birinchi yutimidanoq qandaydir lazzatli ta’m Valerani yana o‘tmish aro yetaklab ketti.
Katta hayajon va notanish havotir bilan go‘shakni ko‘tarib raqam terishni boshladi. Xizmat vazifasi tufayli Qrim-Tatar o‘lkalarida yurgani va Lyudmila Andreyevnadan xat-xabar kelmay qo‘ygani uchun o‘zini qo‘yarga joy topa olmasdi hech. Uzoq gudokdan so‘ng go‘shakdan onasining hokisor ovozi eshitildi. Undan tinmay hol so‘radi, kayfiyatini ko‘tardi. O‘zi haqida va dengizni ko‘rish to‘g‘risidagi barcha orzulari ushalgani haqida bot-bot so‘zlab berdi. Ammo qancha gapirmasin onasining ovoziga shira qo‘shilmadi. Go‘shakni qo‘ygach, tamakini tutatib ozroq o‘yladi. Yaxshi gumonda bo‘lish uchun avvaliga, — meni sog‘inganda, deb o‘zini ovutdi. So‘ng baribir nimadandir ko‘ngli g‘ash bo‘lib Toshkentga butunlay qaytishga qaror qildi.
Valeraning onasi Lyudmila Andreyevna juvonlik paytidan juda mag‘rur va vazmin bo‘lgan. Eri qazo qilgach yolg‘iz o‘g‘lining ko‘nglini o‘ksitmaslik uchun turmushga ham chiqmadi qaytib. Yillar o‘tar ekan, Valer ancha ulg‘ayib rahmatli otasi kabi ko‘rkam va basavlat yigit bo‘ldi. Kamiga orzu-havas qilishda ham, kiyinishda ham o‘zi bilmay unga taqlid qilardi. Aynan shu sabab Lyudmila ich-ichidan zil ketishni boshladi. Chunki o‘g‘li, Viktorning qismatini takrorlayotganini faqat u ko‘rib turardi, faqat u bilardi. Tobora yoshi bir joyga borarkan, mag‘rurlik qo‘rslikka vazminlik esa tajanglikka aylanardi. Ushbu fe’li bilan o‘g‘liga sabri va sog‘lig‘i yetgancha xat yozdi. Biroq har kuni o‘g‘lining yo‘lini poylash, bir kuni qaytishini kutish azobi og‘irlik qilgan shekilli, alal-oqibat bir joyga yotib qoldi.
Lyudmilaning ahvolidan xabar topgan Xamzatovlar oilasi birinchi bo‘lib yordamga shoshildi. O‘rtalaridagi shuncha yillik bordi-keldi va Ravshan bilan Viktorning qiyomatli do‘stligi hurmati to Lyudmila Andreyevna oyoqqa turib ketmagunicha qoshu-ko‘z bo‘lishdi. Ayniqsa Bibisora bu beminnat g‘amxo‘rlikning boshida bo‘lishi turgan gap. Chunki uning Valerda chin ko‘ngli bor. Lyudmila Andreyevnaga esa o‘z onasidan ham ziyoda munosabatda edi… Ammo harchand urinishmasin Lyudmila Andreyevna ichikaverdi-ichikaverdi, Valera esa o‘z vaqtida yetib kelolmadi. Uyiga kechikib kelgan Valeraning ko‘zi dafn marosimiga tushib, qo‘lidagi paketlar yerga sochilib ketdi. Bu paketlarning barchasi marhuma uchun atalgan sovg‘a-salomlar edi.
— Onam rahmatli tayyorlab beradigan kakaoli choyga o‘xsharkan, o’yladi marhumani xotirlab. Biroz boshini tik tutgan bo‘lib atrofga bir razm solib oldi. Kafeda hech kim qolmagan. Garchi ish vaqti tugamagan esa-da, odamlarning barchasi xotira maydoniga ketgan. — Bugun g‘alaba kuni! Bugun katta Parad bo‘ladi, Marsh bo‘ladi! So‘nggida salyut otilsa ham ajablanmayman. — Aljirab o‘rnidan turdi. U ham o‘sha tarafga borishi kerakligini eslab.
— Napoleon. Prada. Mikado… — Toshkent ko‘chalarida odam gavjum edi. Mashinalar esa undan ham ko‘p. Yo‘l chetida telefonning video kamerasini yoqib turgan tomoshabinlar ham yetarli! Bu safar ularni hech kim tergamadi.

BILISHING  SHART!

Bugun senga bir sirni ochaman. Bu narsalar haqida deyarli hech erkak iqror bo‘lmagan. Ammo men bu nohaqlikka chek qo‘ymoqchiman. Chunki bizning xohish-istaklarimiz doimo siz ayollarga nisbatan adolatsiz jirkanch yolg‘onlarga qorishiq holda, xuddi zuluk qon so‘rgandek umringizni, ishonchingizni va es-hushingizni sezdirmay tortib olardi. Sizlar bo‘lsa yangi ko‘ylak, qaysidir to‘yga ruxsat olganingiz va homilador bo‘lganingiz uchun ham baxtni dilingizga tuyib qo‘yaverasiz. Aslidachi, aslida ham oilaviy baxt shulardan iborat emasmi? Ha, afsuski bu narsalar ikki kishini baxtli qilish uchun ancha kamlik qilardi. To‘g‘ri balki ozi shirindir, biroq erkakning ko‘ngli to‘lishi, mushukning to‘qqiz o‘lishi degandek gap. Aksincha bo‘lsa bilginki sen ko‘rib turgan tomosha sohta yoki xo‘jako‘rsinga.
Erkaklardagi yagona beg‘ubor va sof tuyg‘u uzoq o‘tmish, ya’ni o‘spirinlik davriga to‘g‘ri keladi. Binobarin so‘zni o‘zimdan boshlasam.
Adashmasam o‘n to‘rt yoshda edim. Maktabda sinfdoshlarim bilan Futbol o‘ynardik. Jismoniy tarbiya darsida albatta. Koptokka bor kuchim bilan zarba berganim aniq esimda! Bamisoli chirpirak bo‘lib uchayotgan to‘p darvoza to‘siniga tegib o‘z yo‘nalishini o‘zgartirdi va chetda arg‘imchoq uchayotgan qizlarning biriga tegib, uni qulatdi. Ne ko‘zlar bilan qarayki yiqilib yotgan va yig‘layotgan sinfdoshim, Oydin ekan. Balki to‘p haqiqatda ham yomon tekkandir. Yoki qo‘qqisdan tekkani uchun, u qo‘rqib ketgandir. Yupatmoqchi bo‘lib, borib uning yelkalaridan tutdim. U ham shu payt menga termulgancha yig‘idan to‘xtadi. Orada boshqa birov kelib koptokni olib ketti. Maydondan har hil ovozlar eshitildi. Ammo bizning o‘rtamizda vaqt to‘xtab qolgani aniq edi. Keyin suv quygandek jimlik tushdi oraga. So‘ng u, bazo‘r so‘z boshladi.
— Hech bo‘lsa, kechirim so‘ramaysanmi?
Yuzidagi mag‘rurlik siniqqina ohang bilan samimiy yangragan bu so‘zlar, ilk bora mendek badfel bolaning yuragiga sevgi o‘tini solgandi.
Bilasanmi, hammasi, butun hayotim ana shu voqeaga chambarchas bog‘liq. Sezib turganingdek Oydin mening ilk muxabbatim bo‘lgan. Barchasi undan boshlangan.
Vaqti kelib Oydin turmushga chiqib ketdi. Meni qo‘limdan esa hech narsa kelmasdi. Hali juda g‘o‘r edim. Ozroq azob chekkan bo‘ldim, yuragimdan qandaydir og‘riq ham o‘tdi. Juda alamli og‘riq. Haligacha eslasam esim ketadi, ezilaman…
Shu ishlardan keyin Alish paydo bo‘ldi.
Meniku qizlar bilan osh-qatiq bo‘lishga uncha hushim yo‘q. Gaplashsam ham shunchaki ko‘ngil so‘rardim. Lek Alishning ta’sirida asta aynishni boshlaganimni sezib qoldim. Endi turli munosabatlardan erish tuyilsada o‘zimni olib qochmasdim. Birdan aynidim, qo‘ydim. Toki…
Bilmayman nega, lekin u doim do‘stlarimning safida edi. Balki barchaga birdek yoqmas. Balki doim birga bo‘lganimiz uchun yomon qilig‘lariga ham ko‘z yumgandirman. Ammo men avvaldan yaxshi biladigan va taniydigan Nargiza ismli qizning atrofida o‘ralashib qolishi hammasidan o‘tib tushdi.
Nargiz juda kelishgan, sochlari uzun, burni puchuq qiz edi. Oriqqina, bo‘yi past bu hilqat, ko‘pchilikni esini o‘g‘irlashi tabiiy albatta. Lekin Alish kabi betayinlar bundan mosuvo bo‘lishi shart edi doimo. Nachora «Yomonga o‘lim yo‘q» ekan.
Buni qarangki yaxshi insonga qalbini bog‘lagan razil kimsa yaxshi tomonga o‘zgarishni boshladi. Bu hodisa barchani, jumladan meni ham lol qoldirmasdan iloj yo‘q edi. Jinursin Alishni. Uning yaxshi jihatlari borligini bilmagan ham ekanman. Nima bo‘lgan taqdirda ham, ko‘nglim juda g‘ash edi. Chunki bir kunmas, bir kun aniq nimadir bo‘lishini sezib turardim…
— Bemor, tushlikdan keyingi dorilaringizni qabul qilib olsangiz. — Darvoqe’, boyadan beri senga aytib berayotgan hikoyamning tugashini, sabr bilan eshik oldida kutib turgan hamshira Zebi ham, uncha yomon qiz emas. Har gal menga dori ichirish uchun o‘zi keladi. Kelgani hamonoq, eshik oldida biroz kuzatadi. Chunki men atay, u keladigan mahal o‘zimni yo kitob o‘qiyotganga, yo maktub yozayotganga solib olaman. Senga aytsam Zebi menga yoqadi! Bilmadim nega. Lekin mana shu shifoxonadagi eng go‘zal qiz aynan u. Eng mexriboni ham, u bo‘lsa kerak…
Oydin haqida senga ko‘p gapirdim. U turmushga chiqib ketgandan so‘ng nima ishlar qilganim ham kundek ravshan. Biroq yuragimni tub-tubidagi sirlardan sen bexabarsan. Shundoq ham, ortiq gaplashadigan mavzu yo‘q ekan, bir sirni ochsam. Ancha qizlarni boshini aylantirishdan tashqari, yana anchasidan foydalandim. Men uchun ushbu munosabatlardagi chek-chegara — sovchi yuborasizmi, degan so‘z bilan ado bo‘lardi. Shunga qaramay oxiri baribir turmush qurishimga to‘g‘ri keldi. Yo‘q. So‘zlarimdan noto‘g‘ri tushunma. Majbur bo‘lib qolmadim. Shunchaki vaqti-soati kelgani tufayli uylandim. Vaqtga qarshi ayolim men orzu qilgandan ham yaxshiroq edi. Shuning uchun bo‘lsa kerak ma’lum muddat qizlar bilan munosabatlarga chek qo‘ydim. Hayron bo‘lyapsanmi ushbu so‘zimga? Hayron bo‘lma. Yolg‘onni yoqtirasanmi?
Men ham yolg‘on gapirishni yoqtirmayman. Nazdimda hamma erkak suyaksiz bo‘lsa kerak. Men kabi bo‘lmasa-da, o‘ziga xos ko‘rinishlar ila. Avvallari, bu illatim — uylansam yo‘qolar, deb ishonganim uchun bamaylixotir edim. Lekin uylangach, qaytangga boshqacha ishtiyoq bilan ayol zotiga qiziqishim ortdi.
Aytgancha, Alish ham uylandi. Biroq haligacha, Nargiz bilan sevishib yuradi. Negadir Nargizga rahmim kelyapti. Bir yoqdan uning xayolini o‘zim o‘g‘irlab olishni istab qolaman. U haddan ziyod yaxshi qiz. Alish baribir uni tinch qo‘ymaydi. Nargizni otasi yo‘q. Shu uchun onasiga — turmushga chiqmayman, deb qarshilik qilishga yuragi betlagan. Alish ham, majburlab uylantirishganiga, Nargizning oldida o‘zini aybdor his etmasdi. Odamlarning gapi qiziq. Ular gapnirishni yaxshi ko‘radi. Alal-oqibat eski gaplar yana bolalab ketti. To‘g‘rida! «Yomonga o‘lim yo‘q». Gap ta’sir qilarmidi?
Uylangach angladimki, turmush qurish bu hammasiga nuqta qo‘yildi degani emas. Hatto ayollar uchun ham. Bora-bora jamiyatimizda ajirimlar ko‘payib ketgani bejiz emasligiga amin bo‘ldim. Buning sababi esa nafsning urchib ketganida, deb o‘ylayman.
Alish tushmagur bir bolali juvonga o‘ralashib qoldi. Bu juvon, na bir taloq olgan, na bir beva edi. Achinarlisi ham shu-da. Meningcha barchasiga odamlar aybdor. Yomonni yomon, deyaversang undan yaxshi ish kutib bo‘larmidi? Albatta yo‘q. Juvon qurmagur ham chakana emasdi. Eri boy. Shaxsan o‘zimning tanishlarimdan biri u. Qizig‘i ismini eslolmayman ham. Turmush qurganidan so‘ng, mana yaqinda Alish bilan pana-pistakda gaplashib yurganini eshitdim. Eshitganim hamonoq ichimdan yengillik o‘tdi. Hayriyat. Vaqtida orani ochiq qilganim. Bo‘lmasa…
Barcha ayollar, o‘zining sezgi organlari bilan sevadi. Bu bor gap. Kimdir ko‘zlari bilan. Ko‘pincha esa quloqlari bilan. Men bo‘lsa tabiatan ko‘zdan yiroq bo‘lganim uchun, ularning yuraklariga quloqlari orqali qo‘l solishga urinaman. Hozir mening ham Alishdan sira farqim qolmagandira? Yo‘q, aslida hamma o‘zini hurmat qilgan yigit borki, chiroyli qizlarga xushomad qilishni qiyomiga keltirish uchun, ko‘zgu qarshisida soatlab qolib ketsa kerak. So‘ng ushbu mashg‘ulotlarni sinab ko‘rishdek ish qoladi xolos. Jazm etsang bas.
Keyin-keyin o‘zimga savol berishni boshladim. Qizlarku o‘z yo‘liga. Lekin juvonlar nega baxtsiz? Shu savol miyamga urdi-yu, zabjamga e’tibor berdim. Bilganingdek, uni baxtli yoki baxtsiz ekanini sezmadim. Agar har erkak ayolining baxtini ko‘ra bilganda edi. Balki ular, bunday achinarli va go‘rgacha ayon bo‘lmay qolib ketadigan xiyonatga uchrashmasdi. Yoki bu turmushda men baxtsizdirman. Agar barchasi o‘zim istagandek bo‘lganda, hozir senga dardimni to‘kib o‘tirmagan bo‘lardim. Axir bog‘langan rishtaning o‘rtasiga kimdir suqilishi uchun, bog‘lamning har ikki tarafi ham bo‘sh bo‘lishi kerakku to‘g‘rimi? Demak, bu ip uzilishi kerak.
Qaysidir kuni, menimcha avtobusning orqa o‘rindig‘ida o‘tirganimda, seni uchratib qolgandim. Yo alhazar, shunchalik ham o‘xshaydimi? Yoqa tishlaganman o‘shanda. Beixtiyor qarshingga kelib — Oydin, deb murojaat qilgandim. Eslaysanmi? Sen bo‘lsa, so‘zlarimni eshitmagandek, qarshingdagi qizil tugmani bosgan eding. Umrning achchiqligini ko‘r. Seni menga yo‘liqtiribdi-yu, yuragingga kirib borish uchun, imkon qoldirmapti. Ortingdan ancha vaqt kuzatib borib bilganim shu bo‘ldiki, sen pochtada ishlaysan. Sen imo-ishoralar bilan gaplashasan va sen haqiqatda ham unga o‘xshaysan. Quyib qo‘ygandek Oydinga. Bilasanmi, hozir ushbu xatni sengga jo‘natmoqchiman. — Pochtada ishlaydigan soqov qizga, deb yozib qo‘yaman manzilingni. Shifoxonada ishlaydigan hamshira Zebi, senga yetib borishiga va’da berdi, ushbu maktubni. Hozir ham, o‘sha hamshira eshik oldida tugatishimni kutib turipti. Qiziq nega ekan? Axir kechgi dorilarga hali vaqt bor. Xa, mayli. Tursa turar. Muhimi senga aytmoqchi bo‘lgan so‘nggi so‘zim qolib ketti. Shuni qog‘ozga tushirsam bas.
— Bemor, sizni ko‘rishga odam keldi. — Ana, o‘zim ham sezgandim. Bu yerda boshqa gap bor, deb. Hoynahoy, xotinim bilan qizim bo‘lsa kerak. Xa-da, boshqa kim ham eslardi meni? Qani hozir borsam bilamizda nima gap-so‘z…
— Assalomu alaykum, Dadasi. — Bu ikkinchi xotinim. Ko‘rinishi avvalgidek durkun emas albatta. Ammo ko‘z ochib ko‘rgani o‘zim. Balki ilk sevgilisi ham men bo‘lsam ajab emas. Biroq endi bu narsalarning qizig‘i hech qolmagan. Yuragim bo‘m-bo‘sh.
— Yaxshimisiz, sizga yaxshi qarashyaptimi? — Uning ko‘zlaridagi shavqatni ko‘rib, yuragim bir qadar ezildi. So‘ng, haligacha meni sevib, nimadandir umidvor ekanini sezgach, jahlim chiqib ketdi.
— Yo‘qol, eshityapsanmi? Yo‘qol. Menga kerak emassan. Bor. Ket. — Negadir, so‘zlarimni tushunmadi shekilli hamshiraga qarab taajjublandi. Zebi juda zukko qiz. Zabjamning ensasi qotganini ko‘rib darrov so‘z oldi, — bu dorilar ta’siri. Xafa bo‘lmaysiz, xonim. — Miyig‘ida jilmayib qo‘ydi.
Sumkasidan ro‘molchasini olib iyagimni artayotgan xotinim, go‘yo hech narsani tushunmagandek, g‘amxo‘rlik qilishda davom etardi. — Bilasizmi, dadasi, qizingiz kecha nima qilganini? Qizingiz kecha maktabidan she’r yodlab kelipti. Uning so‘zlari, uning harakatlari, uning kuch-irodasi meni ich-etimni vayron etardi. Yana shuncha dard ichida baxtli ekanini ko‘rsatishga urinardi. Ko‘zlari yig‘layverib qizarib ketganini aytmasa — buning uddasidan chiqdi, desa bo‘lardi. Yo‘q, ortiq unga azob bera olmayman. U ham chinakamiga baxtli bo‘lishga haqli. Menku tamom bo‘lgan odamman. Butun umrini o‘salga sarflaydi tek qo‘ysa. Nima bo‘lsa bo‘ldi. Bor kuchimni to‘plashim kerak. Hech bo‘lsa, mayli og‘zimdan so‘lak oqsa ham, hech bo‘lsa ‘ket’, deya olsam bas. Balki shunda tushunar…
Bir qancha urinishdan so‘ng nihoyat,- k-k-ke-yet, degan qichqirig‘imni anglagan ko‘rinadi, ortiq g‘amini yashira olmadi. So‘ng umidsiz o‘rindiqdan uzildi. Ketarkan, ortiga o‘girilib so‘ngso‘zlarini past ovozda aytdi. — Doktor sizni qaytib odam bo‘lmaydi, deyapti. Lekin men bunga ishonmayman. Shunday bo‘lsa ham, meni kechiring. Qizimizga ota kerak. Onam meni Otasiz o‘stirgan, bilasiz. Men qizimizga bunday azobni ravo ko‘rolmayman. Eshityapsizmi, Alisheraka? Meni kechiring.
Hayriyat. Umidini uzipti! Nega eshitmay? Quloqlarim kasal emasku axir. Nargiz, chin yurakdan senga baxt tilayman. Rishtani uzganing uchun rahmat senga. Men allaqachon uzgan edim.
Hamshira yana o‘z xonamga olib keldi. Stol ustidagi maktubga bor yo‘g‘i bir gap yetmayapti xolos. Senga aytmoqchi bo‘lgan so‘nggi gapim. Demak, kechgi dorilar vaqti kelguncha shu ishni qilishim kerak. Oydin, sendan kechirim so‘rashim kerak…
— Doktor, bemor vafot etdi. O‘lim vaqti kechki soat 20:23.
— Qayd eting. Oila a’zolari bemor bilan vidolashdimi?
— Xa janob, biroz avval kelishgandi. Hammasi juda achinarli kechdi. Ko‘nglim bo‘sh bilasiz, rosa yig‘ladim. Alsgeymerlar o‘lish oldidan barchasini bir fursatga bo‘lsa-da eslaydi deyishardi. Menimcha u ham bugun barchasini esladi, hatto so‘nggi lahzalarda stol ustidagi qog‘oz taraf rosa talpindi.
— Biror narsa yoziptimi?
— Ha, «Yomonga o‘lim yo‘q», degan.

KO’LDAGI AKS

O‘rtamizdagi barcha munosabatlar alal-oqibat o‘z yakuniga yetdi. Ko‘nglimdan qanday hislar o‘tgani o‘zimgagina ayon. Har qanday iliq tuyg‘uni sovuta oladigan tashvish borligi, turgan gap. Ammo, sevgi hech qachon osonlikcha taslim bo‘lmagan. Chunki doimo qalbingdagi tuyg‘ular, ongingdagi tasavvurlardan-da layoqatliroq ekanini kech bo‘lsa-da anglab yetasan. Darhaqiqat, kutilmagan tasodiflar haqida aytging keladi. Biroq bularning barchasi taqdir-azal ekanini bilgach, dunyoqarashing biroz o‘zgaradi. O‘zligini anglagan inson kabi dunyodan o‘pkalamay qo‘yasan. Boshingga tushgan har qanaqa yomon vaziyatda o‘zingdan boshqa hamma narsani va barcha kimsani aybdor sanashing, endi o‘zingga erish tuyiladi. «Hammasiga o‘zim aybdorman», degan kuning, ko‘z olding birdan yorishganini his etib, barcha jumboqlarga yechim topganday yengil tortasan.
Ko‘l sathida jilolanayotgan suvning uchqunlari, qorachiqlaring ichida tovlanayotgan bir chimdim yoqudga o‘z ilinjini aytgandek zorlanadi. Boshing uzra porlayotgan oymoma esa, shirin xayolingdan bezovta bo‘lgan oningdayoq, uzoq vaqtdan beri seni ta’qib etib kelayotgan, tim qora aksga e’tiboringni tortishga urinadi. Ammo sen, bir lahzaga bo‘lsa-da, butun dunyo larzaga kelsa-da, hech narsaga chalg‘imay qirg‘oqda toshdek qotasan.
Avval quloqlaringga beg‘ubor kulgu sadolari elas-elas eshitiladi. So‘ng, ko‘z o‘ngingda, zim-ziyo uzoqlikda — qandaydir g‘ira-shira nimarsalar shakilga aylanadi. Ushbu shakil uzoq vaqt senga kimnidir eslatganday tuyilaveradi-yu ana shu mavhumlikning tagiga yetmay, o‘sha kimingni izlab umr varoqlaysan.
O‘n oltinchi fevral. Yashab turgan qishlog‘ingda qishdan asar ham qolmagan, kunlarning biri. Qay ko‘chada gul solib qo‘ygan gunohkor bodom daraxti. Sen bo‘lsa ko‘l yoqasiga, erta gullaydigan bodom ko‘chasidan chiqib kelarding. Tez orada yomg‘ir yog‘adi. Buni bilgan baliqchi chol, qirg‘oqda suvga qarmoq tashlagancha ustiga yomg‘irpo‘shni iladi. U o‘z o‘rnida! Sen odatingdek sukut saqlab, non ushoqlarini suvga socha boshlading. Buni payqagan chol, ensasi qotganday nimalarnidir g‘uddillardi. Menchi men? Men… Xuddi simyog‘ochdek joyimdan jila olmasdim. Go‘yo non bo‘laklari suvga tushib nigohimni to‘lqinlantirib yuborar, ayni dam milt-milt etayotgan shaffof suv izmida sening aksing kabi o‘ziga nazar tashlashingga umid bog‘lab turardim. Ammo birdan ko‘l o‘z qa’riga torta boshladi. Atrofimga sochilgan non qoldiqlariga bitta ham baliq kelmadi. Men esa o‘sha ushoqlarga bo‘lsa-da chirmashishga harakat qildim.
Zulmat o‘z qariga tortib borar ekan, barchasidan umidimni uzdim. O‘tmish, shirin hotiralar. Sen. Negadir hayot uchun kurashishni istamas edim. Kurashish azob. Kurashish uchun kuchim qolmagan. Tobora tubsizlik aro g‘arq bo‘larkanman, atrofimdagi barcha mantiqsiz narsaga o‘zimni urdim. Zim-ziyo chuqurlikda mendan bo‘lak sharpalar bo‘lsa bor, lekin biror tirik jon yo‘qligi aniq edi. O‘zimni chorasizlikdan har yonga ura boshladim. Uzoq yillar Xudodan o‘tingan ilinjim, chin moʻjizani, qalbimda tugulib qolgan jumboqlarga yechim so‘radim. Shu zahot bo‘ynimga sirtmoq tushganday, qora o‘pqondan nimadir meni katta kuch bilan tortib chiqdi. Jon shirin ekan, talvasaga tushganday tipirchilay boshladim. Butun tanamga hayotning achchiq nafasi yana bir bor yoqimli yelvizak kabi ohista tegindi. Qarshimda turgan kishi, baliqchi chol edi. U meni qo‘llarida tutib turar ekan, ehtiyotkorona sirtmoqni yechib oldi va suv to‘ldirilgan chelakka uloqtirdi.
— Bilasanmi baliqcha? — dedi chol, biroz o‘tgach. Qo‘qqisdan gap boshlagan bo‘ldi-yu, lekin bu yoshda odamlar o‘zi bilan o‘zi gaplashib ham qo‘yaverishi mumkinligini angladim va shunchaki sukut saqlab, tinglashda davom etdim.
— Bugun ham ov baroridan kelmaydiganga o‘xshaydi. Xavoning avzoyi buzuq. Balki yomg‘ir yog‘sa, baliqlar yuzaga ko‘tarilar? Ha, yomg‘ir yog‘sa baliqlar, xo‘rak izlaydi. — Taakidladi bosh irg‘ab o‘ziga-o‘zi. Go‘yoki mendan yaxshi suhbatdosh chiqib qolganday. Yomg‘ir ham elas-elas tomchilashni boshladi. Shunda chol, ko‘rsatgich barmoqlari bilan, doim sen bilan uchrashadigan joyimizni ko‘rsatib gap ochdi. — Ana u yerni ko‘ryapsanmi? Xa-a, o‘sha yer. — chuqur ux-x tortib, g‘amgin davom etdi. — ancha yillar avval edi, chamamda shu fevral oyi — doim baliqlarga o‘sha qirg‘oqda ovqat beradigan qiz, har kungiday ko‘prikka chiqib keldi. Qo‘lida bir hovuch yemak bilan. Uning baliqlarga bo‘lgan mehri bolaligidan boshqacha bo‘lgan. Har gal meni ko‘lning bu yonida ov qilib o‘tirganimni ko‘rsa, imkon qadar jonivorlarning qornini yaxshi to‘qlashga urinar va men tashlagan xo‘rakka yaqin ham yo‘lashini istamas edi…
Azizam, chol sen haqingda gap ochdi negadir. Ozroq xo‘rsinib yana ikkimizning munosabatlarimiz to‘g‘risida ham to‘xtalib o‘tdi.
— Aytsam ishonmassan. Lekin, shu qizchani bir kun ko‘rmasam, ov qilgandek bo‘lmasdim. O‘ylab qolaman. Balki men ham farzandlik bo‘lganimda… Yana kim bilsin? — Cholning bo‘g‘ziga noxos nimadir tiqilganday yo‘tal tutdi. Biroz nafas rostlagan bo‘lib, o‘sha eskirib ketgan zafaron yomg‘irpo‘shni ustiga ildirdi va gapirishda davom etdi. — Qizchaning o‘z yoshiga nisbatan, juda latofatli va nazokatli ekani uzoqdan ham yaxshigina ko‘zga tashlanib turardi. Oradan hech qancha vaqt o‘tmay uning atrofida bir yigitcha o‘ralasha boshladi. Garchi menga yoqmagan esa-da uning didiga to‘g‘ri kelgan shekilli, tez-tez ko‘l bo‘yidagi ko‘prikda uchrashishni boshlashdi. A-xa-xa, menga nima ekan? — Shu so‘zlarni aytib yuziga ozroq kulgu oralaganday jimib qoldi. Keyingi so‘zlari esa shunday ohangda chiqar ediki, uni eshitgan har qanday kishi — hozir ho‘ngrab yig‘lab yuboradi, deb o‘ylashi turgan ish.
— Men qari ovsarning, men kallavaramning, uyi kuygurning, nafsiga o‘t tushgurning qilgan ishini bilasanmi? — shu zaylda nola qilar tevarakda esa momaqaldiroq gumbir-gumbirlarini tindirmasdi. Chol qancha baland nola qilsa, momaqaldiroq shuncha baland chalardi. Agar mabodo yig‘lagudek bo‘lsa, yomg‘ir ham kuchayib unga jo‘r bo‘lishga shay turgandi.
— O‘sha kuni ham yomg‘ir yoqqandi. — davom etdi biroz tinchlanib. — Qishlog‘imizdagi brakaner Majidning maslahatiga kirib, maqtagan dvijogini ovga olib chiqqandim. Mening ojiz aqlim, hozir tokni suvga uraman-u birdan mo‘maygina baliqlarni ovlayman, deb o‘ylagandi. Ammo bu ishga taraddi ko‘rarkanman ko‘prik tomondan g‘alati shovqinlar kela boshladi. E’tiborimni tortgandek biroz to‘xtab qoldim va qiziqsinib shu tarafga yaqinroq yurdim. Yo‘l-yo‘lakay men suvga tok urgan payt yuqoriga ko‘tarilib chiqqan chalajon baliqlarni qizaloq ko‘rib qo‘rqmasa bas, deya o‘ylardim. Bolaning ko‘ngli bilan esa tashvishim yo‘q albatta. Bir fursatdan so‘ng ko‘prik bo‘yidagi ovozlar aniq eshitila boshladi. Yaqinlashib qolgandim. Quloqlarimga ishonmay boshimni ko‘tarib, shu tomonga nazar tashladim. Har kuni faqat kulgu va pichir-pichirlarning sadolari keladigan joyda, janjal zo‘r beribdi. Qizaloq tinmay yigitni ayblar va yo‘qol, deya haydardi. Yigitcha esa o‘zicha bir nimalarni tushintirgan bo‘lib kechirim so‘rardi. U nima demasin, qizning vajohati so‘nmadi, o‘zini oqlashga tinmay urunishi zoye ketardi. Oxiri nimadir demoqchi bo‘lib, qandaydir qaltis harakat bilan qizning yelkalaridan tutgan edi-hamki — og‘riyapti qo‘yvor, deya chinqirdi qiz…
Xa, o‘sha kuni sen bilan o‘rtamizda anglashilmovchilik bo‘lgan edi. Chol, o‘sha, men endi butun umr o‘zimni ayblab yashaydigan voqeani so‘zlab beryapti. Negayam amakimning qizi bilan mahallangdan o‘tdim? Kamiga aynan shu kuni meni, u bilan ko‘rgansan. Qancha tushuntirsam ham yolg‘on, deding. Ishonmading. Ishonmasang ham go‘rga, nega seni o‘sha ko‘prikda yolg‘iz tashlab ketaman? Qolsam bo‘lmasmidi? Balki qolganimda, hozir. To‘xtachi, o‘sha kuni manovi Chol ham barchasini bilgan ekanda. Sudda guvohlik bergan ham shu, demak. Avval yaqindan ko‘rmagandim hech. Hozir ham ancha o‘zgaripti. Yelkasi bukchayipti, yuzi esa ajinga to‘lipti. Cholga razm solarkanman o‘zimcha unga savol berardim. — Nega men ketgandan keyin Kamolani saqlab qolmading? Hech bo‘lmasa ko‘prikdan uni haydab solmading. — Chol hech narsani eshitmaganday menga baqrayib turardi. Axir, axir men hozir baliqman! Yoki xushsiz ko‘chada, yoki o‘z o‘rnimda tush ko‘rib yotgan bo‘lishim ham mumkin.
O‘zbekiston Respublikasi Jinoyat Kodeksining 103-moddasi b qismi bilan(voyaga yetmagan shaxsni o‘zini-o‘zi o‘ldirish darajasiga yetkazishda) aybdor deb topilib, to‘qqiz yilga hech qanday appelyasiyasiz ozodlikdan mahrum etildim. To‘qqiz yil seni o‘yladim. Uch ming ikki yuz yetmish sakkiz kun o‘zimni ayblab yashadim. Ammo yuragimni tub-tubida, seni o‘z joningga qasd qilganingga shubham bor edi. Ana shu so‘nggi gumonni unutish va sen bilan vidolashish uchun ko‘l bo‘yiga kelgandim bugun.
Qo‘qqisdan chol ezilib yig‘lay boshladi, diqqatimni tortib. Yomg‘ir ham tobora kuchayardi. — Bilasanmi baliqcha, men katta gunoh ishga qo‘l urib qo‘ygan bir nomard, qo‘rqoq va tovlamachiman, — dedi uvillab. Shu lahza tanamdagi barcha a’zolar quloqqa do‘ndi.
— O‘sha kun, yigit qizchaga jahl qilib ketib yubordi. Men ham janjal tin olganiga hotirjam tortib xilvatroq joyga o‘tdim. So‘ng dvijogni asta ishga tushirdim. Tirrillagan ovozini qishloqdagilar eshitmasin deb, darrov suvga tok urib uni o‘chirdim. So‘ng baliqlarning birma-bir yuzaga ko‘tarilishlarini ko‘rish uchun suv sathiga qarab turdim. Birma-bir baliqlar ko‘tarilar ekan yuzimga quvonch yugurib to‘rni ushladim. Miyamda faqat bittagina o‘y edi. Ularni terib olish. Ammo, ne ko‘zlar bilan qarayki, Baliqlar bilan yana bir kattaroq narsa yuzaga ko‘tarilib chiqdi. To‘rni uloqtirib uni qirg‘oqqa tortdim. Yo Xudoyim, nima qilib qo‘ydim? U, u qizaloq edi. Jonsiz va rangsiz qizaloq. — Shu so‘zlarni eshitdimu chelak ichidagi suvlarni har yon sachratib, tipirchilay boshladim. Chol bo‘lsa, e’tibor ham qilmay iqrorida davom etardi.
— Avval qo‘rqib ketdim. Atrofga qarab birov yo‘qmi, ko‘z yugurtirdim. So‘ng qizning jasadini qo‘limdagi to‘rning to‘rt tomoniga tosh boylab, o‘radim. Asta qirg‘oq bo‘ylab ko‘prikka borib uni ko‘lning eng chuqur joyiga tashlab yubordim. Keyin uyga ketdim.
Butun qishloq qizchani izlashga tushdi. Eshigimni kimdir taqillatib kelganda, uning ismi Kamola, yoshi o‘n oltida ekanini bildim. Bir necha kundan keyin polisiyachi zobit ham kelib bilganlarimni so‘radi. Ozroq hayajon bosganimni sezib va tez-tez ko‘ldan baliq ovlab turishimni bilib o‘z ish joyiga suhbatga taklif etdi. Barchasidan umid uzib, ming hil o‘yda oldiga bordim. U menga bir tekis savol berarkan birdan ko‘prik bo‘yidagi janjal va yigit esimga tushib qolib, najot topdim. Hammasini zobitga aytib berdimda, keyin uyga ketganimni ham aytdim. So‘nggida ko‘l tubidagi jasad o‘ralgan to‘r menikiligi esimga tushib, jonbozlik ko‘rsatishni boshladim. Agar qizcha o‘shanda uyga qaytmagan bo‘lsa, uni qayerdan izlashni bilaman, dedim motamsaro. Negadir zobit ham so‘zlarimga laqqa tushdi. Unda yo‘l boshlang, deb ortimdan ko‘prikkacha keldi. Men chuqur nafas tortib ko‘prikning boshqa tarafidan suvga sho‘ng‘idim. Suv tubida amallab to‘rni yechib, Kamolaning shishib ketgan jasadini boshqa tarafdan olib chiqdim. Keyin…
— Keyin Sud bo‘ldi ablah va sen o‘z rolingni mohirona ijro etding. Yomg‘ir tin oldi. Chol ohista meni qo‘liga olib suvga qo‘yib yubordi. Go‘yo ichidagi g‘ussani yengillashtirgan bo‘lib. Zulmat aro Ko‘l tashqarisidagi simyog‘och yonida turgan tanam taraf oshiqardim. Ming g‘azabda, miyamda esa faqat bir o‘y, intiqom! Birdan zulmat g‘oyib bo‘ldi. Qandaydir mayin ovoz meni chaqirardi. Ortga o‘girilsam, uzoqdagi g‘ira-shira sharpalarning biri aniq ko‘rina boshladi. U Kamola edi. To‘rga o‘ralgan va tubsiz zulmatga g‘arq bo‘layotgan, hali tirik bo‘lgan Kamola. U tinmay meni chaqirardi.

09

(Tashriflar: umumiy 76, bugungi 1)

Izoh qoldiring