Furqat Alimardon. Uch hikoya

0_165d45_d5f775dc_orig.png   Бепоён саҳро. Сариқтус калтакесак қумдан бошини чиқариб турди-да, яна қаёққадир ғойиб бўлди. Қумтепа устида харсангтош қорайиб кўринади. Қум барханлари тошнинг ярмига қадар кўмиб борган. Пастроқда қурий бошлаган қудуқ. Унинг ёнида ярми қуриб битган олма дарахти. Ҳали яшиллигини сақлаб турган шохларида қуруқшаган бир неча олма.

Фурқат АЛИМАРДОН
ҲИКОЯЛАР
04

19731893_1845712959090395_5739814222812576765_n.jpgФурқат Алимардон 1991 йилда Сурхондарё вилояти Қумқўрғон туманида туғилган. 2014 йилда Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг «Халқ ижодиёти» факультетини тамомлаган. Талабалик пайтидан бошлаб республика нашрларида ҳикоя ва мақолалари эълон қилинади. Ҳозирда «Маърифат»-«Учитель Узбекистана» газеталари таҳририятида фаолият юритади.

04

КУТИШ

Ёзнинг илк кунлари. Жазирама тафтидан неки тирик жон бор, барчаси ин-инига кириб кетган. Онда-сонда сув қидирган чумчуқларнинг чуғур-чуғури эшитилади.
Ғолиб бирпас қайрағоч соясида нафас ростлаб, сув очилган томорқаси томон юрди. Уларнинг қишлоғига сув жуда узоқдан келади. Экин-тикинларни вақтида сувлаб олмаса, зироатнинг ҳосили кам бўлиб, қуруқ ҳашак айланади. Кейин молларга емиш бўлишдан бошқасига ярамайди.
Ғолиб бошоғи хамир боғлаб қолган буғдойзорга яқинлашиб, жойида туриб қолди. Не кўз билан кўрсинки, эгатларда сув атиги бир неча қадам оқиб, тўхтаб қолган.
— Э, бугун навбат бизники-ку! — деди у ажабланиб. — Балки ариқдан сув келмай қўйдимикин?
Ғолиб шу ўйда қулоқбошига югурди. Қараса, сув кеча навбати ўтган қўшниси Маҳмуднинг томорқасига оқиб ётибди.
— Ҳа, гап буёқда экан-да, — деб у сувни ўзининг томорқаси томон буришга тутинди. Шу пайт узоқроқдан Маҳмуд:
— Ҳўв, Ғолиб, сувни ёпмай тур, кеча пиёзни яхши сувлаёлмадим, — дея овоз берди. Ғолиб асабийлашиб:
— Сиз-ку бир марта бўлса ҳам сувлаб олдингиз, ҳали бизнинг буғдойнинг ярмига ҳам сув боргани йўқ, агар ҳозир сувламасак дони пуч бўлиб қолади, кейин бир йиллик ризқимиз йўққа чиқади, — дея жавоб берди.
— Мабодо эртароқ суғориб бўлсанг, хабар қиларсан, — дея Маҳмуд ортига қайтди. Ғолиб эгатларни бир-бир кўздан кечириб чиқиб, уйлари томон йўл олди.
— Ҳа, болам, сув келмай қолдими? — деди онаси унга синчков тикилиб.
— Йўқ, келяпти, фақат боя Маҳмуд ака сувни очиб кетибди, кимдир қараб турмаса бўлмайдиганга ўхшайди.
— Укаларинг ухлаб ётибди, отанг ишда бўлса, менинг иссиққа бошим оғрийди, — деди онаси. — Яхшиси, ўзинг тезроқ овқатланиб, ариқ бошига борақол. Маҳмуднинг ҳам инсофи бордир, кўрибди-ку, шундай иссиқда сарсон бўлиб юрганингни.
Ғолиб онаси тайёрлаб берган чалобга нон тўғраб еб олди-да, далага югурди. Не кўз билан кўрсинки, сув яна Маҳмуднинг пиёзига очиб қўйилибди.
— Ҳе, инсофсиз, одам деган ҳам шундай бўладими? — деб у сувни ўзининг томорқасига бурди. Қўшнисининг уйига бориб «ҳўв, Маҳмуд ака!» деб чақирди. Уйдан Маҳмуд елка қисганча чиқиб келди.
— Эй, одаммисиз ўзи. Гапга умуман тушунмас экансиз-ку, ака! — деди Ғолиб.
— Ҳа, ука, нима деб ўзингча дўқ ураяпсан? — деди Маҳмуд ҳеч нарсадан хабари йўқдек талмовсираб.
— Нимага сувни яна очиб олдингиз? — cўради Ғолиб.
— Ука, мен тегинганим йўқ, худо урсин, манави ярамас болалар очиб келибди-да! — деб Маҳмуд ўзи билан бирга чиққан ўғлига ёмон қаради.
— Майли, ўзингиз биласиз, инсофингизни берсин, — дея Ғолиб изига қайтди.
Орадан бир-икки ҳафта ўтди. Ғалла ўрими бошланди, Ғолиб ўроқни қўлига олиб буғдой бошига келди. Буғдойзорнинг орасида нимадир қимирлагандай бўлди, секин бориб қараса, тўрт-беш қўй-эчки пишиб турган бошоқларни териб еб юрибди. Синчиклаб қараса, Маҳмуднинг моллари экан.
— Эй, эгангга ўхшамай ўлгурлар, буғдойни пайҳон қилибсанлар-ку! — дея молларни эгасиникига томон ҳайдади у.
Маҳмуд ҳеч нарса билмагандек, уйи ёнида қаққайганча сигарет чекиб турарди.
— Ака, инсофингиз йўқ экан ўзи! Буғдойнинг уволидан қўрқмайсизми? — деди Ғолиб жаҳл билан.
— Ҳа-ҳа, нима бўлди? — деди Маҳмуд талмовсираб. Кейин молларни кўриб:
— Менга бундай дағдаға қилма! Ўзларингнинг қўйларинг деб ўйлабман, бўлмаса қараб турармидим! — дея Маҳмуд қўйларини қўраси томонга ҳайдади.
Буғдойни ўриб тугатишгач, уйларининг ёнига ташиб чиқаришди. Кун иссиғида чанқаб кетган Ғолиб кўзадан сув олиб ичаркан:
— Зоҳид, сигирларни буғдойпояга боғлаб келинглар, фақат қозиғини яхшилаб қоқинглар! Ер юмшоқ, тағин бўшалиб кетиб, қўшниларнинг экинларига зиён етказмасин! — деб тайинлади укасига.
Ғолиб ювиниб бўлгач тушлик қилишга ўтирди. Ўроқ ўриб чарчагани учунми, ёнбошлаганча кўзи илинган эди, томорқа томондан аёл кишининг бақиргани эшитилди. Деразадан бошини чиқариб қаради.
— Ҳа, молингни азангга ишлатгурлар! Боқолсанг мол қилмайсанми жувонмарглар! — дея Маҳмуднинг хотини Ойгул Ғолибларнинг уйи томонга қараб бақиряпти.
Ғолиб секин ўша томонга борди.
— Янга тинчликми? — деб сўради қўшни аёлдан.
— Тинчлик эмас! Манави эгасиз қолгур сигирларинг пиёзимизни пайҳон қилди! Қарсаларинг бўлмайдими? — деди Ойгул.
— Эй, ҳаа, ер юмшоқ, бўшалиб кетибди-да янга! Биз ҳам ўроқдан чарчабмиз, ухлаб қолибман! Қўшничилик шу-да! Бир кун сизнинг молингиз, бошқа кун бизнинг молимиз томорқаларимизга оралайди-да! — дея Ғолиб жилмайди.
Аёл айтган гапидан хижолат бўлдими ёки бўз йигит билан гап талашиб ўтиргиси келмадими уйига жўнай бошлади. Беш-олти қадам ташлагач, ортига ўгрилиб:
— Ҳа, айтганча, акангиз жаҳл билан сигирларингизни урвуди, қаранг-чи ҳеч нима қилмабдими? — деди.
Ғолиб шартта бориб сигирининг уёқ-буёғига қарай бошлади. Сўнгра бирданига:
— Ибий, елинидан қон оқяпти, нима билан урган эди эрингиз? — деб сўради аёлдан.
— Қўлида паншаха олиб юрвуди, ҳа, тиқиб олибдими? — дея сўради Ойгул Ғолибдан.
— Ҳааа, елинига тиқибди! Молга кучини кўрсатадиган ўша номард эрингиз қаерда?! — жаҳл билан бақирди ғолиб қўшни аёлга.
— Кетвуди, кетвуди! — деганча аёл уйига югургилаб кетди.
Ғолиб сигирнинг ярасига бирон чора кўриш учун етаклаб уйига олиб борди. Ота-онасию укалари ухлаб ётган экан. Воқеани эшитган онаси қўлига таёқ олиб:
— Мен ҳам бориб бирон молини майиб қилиб келаман ҳозир! — дея Маҳмуднинг уйига йўл олган эди, лекин эри Раззоқбой ака уни йўлдан қайтариб.
— Молда нима айб? Ёмон билан тенг бўлма, хотин! Қўявер, Худонинг ўзи жазосини беради! — деди вазмин оҳангда.
— Мен мол дўхтирга телефон қилдим, ҳозир келади! — деди Ғолиб сигирнинг жароҳатига йод теккизаётиб…
Саратон охирлаган паллада сигирнинг яраси битиб кетди, лекин дилдаги яралар ҳамон зирқирарди…
Яна умидбахш тонг отди. Маҳмуд саҳар чоғи уйқудан тураркан, кўнглида аллақандай ғашлик ҳиссини туйди. У одатдагидек, бир отим носни тили тагига ташлади. «Балки шунинг хумори тутгандир» — деб ўйлади ўзича. Аммо юрагидаги ғашлик тарқалмади. Юз-қўлини юваркан, хотинининг ҳар галги дийдиёси ҳам ўзига эриш туюлди. Хотини сузиб келган сутни косаси билан кўтариб бир-икки хўплашда ичиб бўлиб, ёнбошлаганча яна пинакка кетди. У туш кўрди, тушида тор йўлакдан қаёққадир шошганча кетиб борарди. Бирдан ҳаммаёқни зулмат қоплаб, ҳеч нарсани кўрмай қолди. «Ёруғлик, ёруғлик!..» Маҳмуд ўзининг ваҳимали чинқириғидан қўрқиб уйғониб кетди. У атрофга олазарак тикилди, ташқаридан болаларнинг чуғур-чуғури эшитилиб турарди.
— Ойгул! — деб хотинини чақирди. Кечки овқат учун ҳозирлик кўраётган хотини югуриб келди:
— Яна алаҳсирадингизми? Ким айтди сизга намозшомгача ухланг деб! Бундоқ ташқарига чиқиб, молларга қарасангиз бўлмайдими? — деди Ойгул қошларини чимириб.
— Қанақа намозшом? Ҳали туш ҳам бўлгани йўқ-ку? — деди Маҳмуд ажабланиб.
— Мана бир ойдан ошди, кечасиям, кундузиям алағсирайсиз! Ўзингизга ўзингиз гапирасизми-эй! Нима бўлаяпти сизга ўзи? — дея ғазабланди хотини.
— Мен қаердан биламан! Бор ишингни қилавер! — тутоққанча бақирди хотинига Маҳмуд.
Ойгул унга заҳарханда қараб қўйиб, ташқарига чиқиб кетди. Маҳмуд ҳовлига чиқдию вақтнинг бир зумда ўтиб кетганига ҳайрон бўлди. Қуёш ботаётган уфққа қараб турар экан, унинг кўнглига недир англаб бўлмас гаплар келарди. “Менга нима бўлаяпти? Қаерда, қандай хато қилдим? Ё қарғиш олдиммикан?” У ёнидан арзон сигаретини чиқариб тутатганча ўй суришда давом этди. Кимга ёмонлик қилганини эслашга уринди. “Эсимни таниганимдан буён бировга зиёним тегмаган, тегган бўлса ҳам қилиғига яраша жавобини олган!” дея ўзини-ўзи овутган бўлди. Шу пайт унинг хаёлига бир фикр келди. Маҳмуд юз-қўлини ювди-да қаёққадир отланганча хотинига гапирди:
— Хотин, мен бир оздан кейин қайтаман, бир… хўп, келиб айтиб бераман! — дедию кўчага тез юриб чиқиб кетди.
— Намозшомда қаёққа борасиз энди? — деди хотини жиғибийрон бўлганча.
Бу гапни эшитмаган Маҳмуд шошганча қаергадир кетиб борарди…
Ғолиб уйдагилари билан дастурхон атрофида кечки овқатни ейишарди. Дабдурустдан отаси Раззоқбой ака “Ҳа, мана, эсимга келди!” деди баланд овозда. Оила аъзолари ҳам хадик, ҳам қизиқиш билан оилабошига термулишди.
— Уч-тўрт кундан бери бир тушни қайта-қайта кўраяпман! — деб гап бошлади Раззоқбой ака болаларига бир-бир қараб чиқиб.
— Нима туш? Айтиб беринг? — дейишди қизиқувчан қизчалари.
— Эй, тушни бировга айтмайди, жим ўтиринглар-эй! — деб танбеҳ берди Ғолибнинг онаси аёлларга хос иримчилигига бориб.
— Сен иримингни йиғиштир хотин! — деб Раззоқбой гапини давом эттирди. — Тушимда бир нотаниш одам уйимизга келади. “Ака, одам боласи шундай бўлар экан, қилғиликни қилиб қўйиб, хатосини кейин тушунаркан! Мен ҳам билиб-билмай сизларнинг кўнглингизга озор бердим! Энди ҳаммамиз гуноҳкор бандамиз-да!” деб кечирим сўрайди.
Қизлар пиқиллаб кулиб юборишди. Оталари ҳам жилмайганча сўзида давом этди.
— Ўйлайман ким экан деб, ўйлайман! Охири калламга ҳув, сигиримизга паншаха тиқиб олган Маҳмуд эмасмикан? — деган фикр келиб қолди!
— Эээ, ўлса ҳам келмайди у қўшнингиз! — деди Ғолибнинг онаси.
Ташқарида ит ҳуриб, кимдир чақиргандек бўлди. Ғолиб жойидан қўзғалган эди отаси:
— Ўтиравер! Шу тушим ўнг бўлиб, Маҳмудбой келганга ўхшайди! Ўзим чиқаман! — дея ташқарилади.
Ҳовлида бузоқни қувиб, ўйнаб юрган итдан бошқа ҳеч зоғ йўқ, нарироқда эса ювиб дорга ёйилган кўйлаклар ҳилпираб турарди.

ҒИРБАЙДИ

Қиш бўлишига қарамай бирон марта ёлчитиб қор ёғмади. Бир-бирига икки томчи сувдек ўхшаш қишлоқ уйлари. Мўрисидан узиқ-юлуқ тутун чиқаётган уй деразасидан бир неча кун олдин ота-онасини кўргали шаҳардан келган йигирма беш ёшлардаги йигит ҳовлини кузатяпти. Анча йиллардан бери шовқинли, шошқин шаҳарда яшайдиган йигитга қишлоқнинг сокинлиги сабабми, вақт секин ўтаётгандек туюлди. Келганига уч-тўрт кун бўлмадию, у ўзини шаҳардаги таниш-билишларидан нимададир ортда қолаётгандек ҳис этди. Нимадан ортда қолаяпти, қандай ортда қоляпти — тушунарсиз ҳолат. «Эй, авваллари, хотиржам қўй боқиб юраверардим, лекин ҳозир нимадир бошқача, одам шошади!» — дея ўйлади у ичида. Шу пайт уйга кирган укаси:
— Кўпкари бўлаётган экан, ошналаринг чақирди, бормайсанми? — деди ўн ёш кичик бўлса ҳам акасини сенлаб.
— Йўқ, бормайман, кимлар бораётган экан ўзи? — сўради йигит бепарво.
— Беш-олтита синфдошларинг! — деганча бола ташқарилади.
Йигит бир оз ўйланиб турди-да, бирдан кўпкарига боришга қарор қилди. Велосипеднинг баллони тешилган экан. Эшакка минишга уялган ака-ука, лой кўчада яёв кўпкарига жўнади.
Кўпкарига ҳар ким ненидир излаб боряпти. Биров зот айириш учун, биров томоша, яна биров бошқа бирон нарса учун. Ҳамма нимани излаб бораётганини яхши билади. Фақат, укаси билан қишлоқнинг лой кўчасида туфлиси ифлос бўлганидан ғижиниб, кўпкарига шошаётган йигит нимага бораётганини билмайди.
Йўлда икковлонга шерик бўлиб қўшилган бир ваҳимакашроқ қўшнилари ховлиқиб.
— Э, бугун кўпкари зўр бўлади, Наби манқанинг хотирасига уллари улоқ беряпти, — деди.
— Сиз отингизни миниб чиқмабсиз-да, кўпкари чопмайсизми? — дея ҳазиллашди йигитнинг укаси қўшнисига.
Йигитнинг хотирасида бир нарса ярқ этиб жонланди. Мактабда бешинчи синфда ўқирди. Синфдошлари билан дарсдан қочиб, қўшни қишлоқдаги суннат тўйида бўладиган курашни кўриш учун боришди. Болалар кураш бошлангунча қорнини тўйғизиб олиш ниятида қурга ўтиришди. Бир-бир косадан қайнатма шўрва ичиб, икков ора бир товоқдан ош ейишди. Шунда ҳам турмай ўтираверган болаларни кўрган тўй хизматчиларидан бири: “Ҳўв, сенлар Наби манқанинг тўйида ўтирибсанми, тур ҳамманг, даврага бор, ҳозир чеккада қолиб кетасан!” — деган гапини эслади. Ичида: “Ўша одамни бир кўришим керак эди-да, майли, энди ўғилларини кўрамиз, начора” деб қўйди. Бир пайтлар шу туманда Наби манқа деган бой киши бўлгани, у одамнинг минглаб қўйларию, юзлаб отлари бўлганини отасидан сўраб билгани, лақаби борасидаги гаплар унинг хаёлидан бир-бир ўтди…
Етиб борганларида улоқ бошланган, бир-иккита зот ҳам айрилган экан. Бир чеккадан бориб томошага қўшилган ака-укалар, оломон орасидан ўзларининг тенгқурларини излай бошлашди. Дўстлари билан қисқа салом-аликдан сўнг қий-чувларга тўлган кўпкарисойга термулишди. Икки юздан зиёд от бир-бирини эзиб ташлагудек бўлиб, ерда ётган улоққа интилади. Чавандозлар юзинг-кўзинг деб ўтирмай ёнидагиларнинг ўзими, отими фарқи йўқ қамчи билан айлантириб солади. Баковулнинг қўлида микрофон: “Ҳалол оласан, полвон, фақат ҳалоллл!” деб жар солади. Шу пайт қайсидир полвон “энангдилаб” кимгадир сўкиниб қолди. Бунга баковул: “Ўв, Шокир полвон, зўрлигингизни биламиз, оғизга қаранг, оғизга!” — дейди. Шаҳардан келган йигит ёнидагилардан у “зўр полвон”нинг кимлигини суриштирди. “Ҳа, у олиш бўйича вилоят чемпиони Шерзот полвоннинг акаси-ку!” дейди дўстлари. “Ҳа” деб қўйди йигит лабини тишлаб. Шу пайт баковулнинг “Ҳалол” деган ҳайқириғи қулоқни тешгудек жаранглади. Атрофни шовқин тутиб кетди, биров ҳуштак чалган, биров бақирган. Шовқин сабаб, баковулнинг гапини яхши эшитмаган одамлар: “Ким айирди, ким айирди?” деб бир-бирини сўроққа тута бошлади. Йигит ҳам ёнидагиларнинг гапига қулоқ солди: “Вўҳ, Шокир полвон зотни айирди!” — дейди одамлар бир-бирига ҳовлиқиб. “Зўр деганича боракан-да, бўлмаса шу оломон ичидан улоқни олиб чиқиш осонми!?” — деб қўяди йигит секингина ўзига-ўзи.
Недир синоатки, одам жисман бир жойда мавжуд, аммо хаёли бошқа жойларда бўлиши мумкин. Йигитнинг ҳам жисми шовқинли кўпкарида қолди-ю, хаёли бебош боладек аллақаёқларга дайдиб кетди: “Мен уйга келсам, бирон нарса қоралаб кетмоқчи эдим. Ҳамкасбларим қишлоқда ижодкор учун детал кўп бўлади, дегич эди. Келганимча бир-неча кун бўлди. Аммо детал-петал топганим йўқ. Ишқилиб бирон материал ёзиб кетай-да!”
“Ў-ў-ўввв, ҳалойиқ, қулоқ соллл!” баковулнинг қичқириғи йигитнинг хаёлини қочирди: “Отамнинг Деҳқонободдан тўн ёпишган дўсти келган, шу бобомнинг ҳурматига энди ғирбайди қиламиз, бошқа чабоғонлар яқинлашмай туринглар, зотига бир тана қўйилди, босинг бобо!” деди баковул. Томошабинларнинг бу удумни тушунгани жилмайиб, тушунмагани анграйиб қўрага жим қараб турибди. Йигит ёши каттароқ бир танишидан:
— Ғирбайди, нима ўзи? — деб сўради ҳайратини яширмай.
— Ғирбайдими? — оғзидаги носини туфлаб, гапида давом этди йигитнинг ҳамқишлоғи. — Кўпкари қилаётган одамнинг қадрли бир меҳмони келган бўлса, шунга бир зот ажратилади. Ҳеч ким у билан улоқни тортишмайди. Шундай, укам!” — деди велосипедига суяниб турган қишлоқдоши.
— Э-э-э, ғалати удум экан-ку! — деб ўзича норозилик қилган бўлди йигит ҳеч кимга эшитилмайдиган овозда. Шу пайт адирнинг устидан (отини ўшаёққа боғлаб келган бўлса керак) саксонлардан ошган, тўладан келган бобо катта бир чўбир отини улоққа қараб чоптирди. Қўранинг ўртасида ётган улоқ ёнига келиб отини тўхтатди. Шу ердаги йигитлар бобонинг олдига улоқни жойлаштириб беришди. Бобо отига қамчи уриб юз қадамча жойга бориб, баковулнинг ёнига қайтди.
— Эй бобо, яшанг, зотинғиз ҳалооолллл! — деди баковул микрофонда қулоқни йиртгудек товушда. Сўнгра:
— Жигитлар полвон бобомнинг зотини опкелинглар! — дея юк машинаси устида кўпкарига қўйилган совринларни тақсимлаётган йигитларга қараб овоз берди.
— Эй, энағар, манқанинг боласи! Кўпкари қилсанг ҳалол қилда! — деган жаҳлдор овоз келди чавандозлар орасидан. Қўққисдан айтилган бу гапни эшитган баковул:
— Кимни энағар деяпсан, ўйнашдан бўған! — дея отини чоптириб бориб, бир оз олдин катта зотлардан бирини олган Шокир чавандознинг бошига қамчи билан солди. Шокир полвон бўш келадиган одамми, у ҳам баковулни қамчи билан уриб кетди. Одамлар югуриб бориб бу икки полвонни ажратишди. Иккиси ҳам ўз насибасини олган, отдан тушиб бир четга ўтишди.
— Уккағар чабоғон, бировнинг тўйини бузгали уялмайсанма? — гинали овозда сўз қотди баковул ёрилган пешонасига дастрўмолини босганча.
— Мен нимага уялишим керак? Ўзинг уял, шунча одамни термилтириб, бир чолга зот берасан!
— Эй, уккағар, тентак, бу удум, бобом отамгаям улоқ илдирган! Мен нима қилай? Бобомни қуруқ қўл билан қайтарайми? — деди баковул ҳаммага эшиттириб.
— Манқанинг боласи, кўпкарига опкелиб бобонгга совға берасанми?! Қайтаётганида бир танани етаклатиб юбор! Ким сенга нима дейди!? Бу ер кўпкари! Ҳамма зотини ҳалол олиши керак! Шунча чавандоз кўпкарига қарға қўригали келганми!? Уларнинг ҳам “Зот оламан!” деган умиди бор. Бўпти, биз кетдик! — дея Шокир полвон отига сакраб минди.
— Тўхта, қаёққа борасан? Ҳали яна зотлар бор? — деди баковул хижолатли оҳангда.
— Йўқ, кетаман, ҳув, тентаксойда ҳам бугун улоқ бўлаяпти. Сен ҳамма зотингни таниш-билишларингга бўлиб бер! — дея Шокир полвон отини чоптириб кетди.
Унинг ортидан бошқа чавандозлар ҳам кета бошлади. Баковул бошини эгиб олган, елкаси силкинар эди. У йиғлаяптими, ёки бошига теккан қамчилар оғриғидан қалтираяптими йигит кўролмади.
Ҳамқишлоқлар уйларига қайтаётган маҳал қор учқунлай бошлади. Кўпкарига зот айираман деб келганлар улоқнинг бесамара бўлганидан, томошаталаблар эса томошанинг чала бўлганидан кўнгиллари ғаш тортиб қайтишяпти. Биргина ёнидагиларнинг ҳазил-ҳузулларига парво қилмай, ўзича хурсанд келаётган йигит “Топдим, топдим!” дея пичирлар эди.

CУЛУК*

Бепоён саҳро. Сариқтус калтакесак қумдан бошини чиқариб турди-да, яна қаёққадир ғойиб бўлди. Қумтепа устида харсангтош қорайиб кўринади. Қум барханлари тошнинг ярмига қадар кўмиб борган. Пастроқда қурий бошлаган қудуқ. Унинг ёнида ярми қуриб битган олма дарахти. Ҳали яшиллигини сақлаб турган шохларида қуруқшаган бир неча олма.
Cерсоқол кекса кунботар томонга оғир-оғир қадам ташлайди. Қарашининг маҳзунлигидан диндорга ўхшайди. Бўйи баланд, соч-соқоли кўкимтир оқ, мўйларининг узунлиги худди кекса соқолтой рассомларни эслатади.
Маҳбусга ўхшаган мусофир беўхшов одимлаб, унга қарши томондан келмоқда. Қумтепа устидаги харсангтош кўзига одамдек қорайиб кўринди. “Эй, яхши бўлди, жуда чанқаган эдим, сув сўрайман!” дея хаёлидан ўтказди-да қадамини тезлатди. Бир ҳўплам совуқ сувга ташналиги ортиб, юрагида олов ёнди. Аммо қаршисида одам эмас, қорайган тош турарди. У қўлидаги тўрвасини ерга ташлаб, харсангга суянганча ҳансираб нафас олди. Тошдаги ўйиқлар унга сирли туюлиб қўли билан сийпалаб, чангни артди. “Бу нима экан? Қадимий ёзув-ку!” Саводсиз-да, саводсиз! Афсус! Уни энди сувсизлик эмас, ёзувни ўқишга бўлган иштиёқ қийнай бошлади.
Серсоқол қария ҳам унинг ёнига етиб келди.
Мусофир қариянинг саломига алик оларкан:
— Ўқишни биласизми? — деб сўради.
Мўйсафид “ҳа” дегандек бош ирғади.
— Шуни ўқинг-чи, нима ёзилган экан! – деди у қўли билан харсангдаги ёзувларни кўрсатиб.
— Қани, қани! — деди қария ҳам қизиқиб ва тошни ҳафсала билан пайпаслай туриб: “Ҳайҳот, уни ҳеч ердан тополмайсан…” — деган сўзларни ўқиди.
Қария бўйнини чўзди ва:
— Бу гап тугамаган, давоми бор. Тошнинг тагини ҳам очинг! — деди сўнгра.
Мусофир қўли билан тош тагидаги қумларни сидирган эди, ёзувнинг давоми яққол кўзга ташланди.
Мўйсафид:
— “Зеро, у сендадир”, — дея ўқиди аллақандай ҳорғин оҳангда.
Гармсел шамол эсди.
Мўйсафид ибодатга ўтирди. Мусофир дарахт шохидаги қоқидек буришган олмани шарт узиб, ғарч тишлади.
Мўйсафид ибодатини тугатгач, мусофирга ижирғаниб, кибрли назар солди.
Ғалати мусофир тумшайди.
— Нега кибр билан қараяпсиз? — деди бир оз ўпкаланган оҳангда.
Мўйсафид оппоқ соқолини силади, лекин ҳеч нарса демади.
Мусофир бақувват қўлларининг чангини қоқди:
— Мен билан кетасизми?
— Қаёққа кетаяпсиз ўзи? — деди саволга савол билан мўйсафид. Мусофирнинг юзида англашилмас майл жило таратди:
— Ўзимни топгани. Сиз-чи?
— Худони! — деди у Мўйсафид маҳзун оҳангда ва:
— Мен сиз билан кетолмайман! Истаган тақдиримда ҳам! — дея йўлга отланди.
— Ўзингиз биласиз, — дея мусофир “зорим бору, зўрим йўқ” дегандек тўрвасини кўтариб, йўлга тушди.
Кенг саҳро заррин нурларга тўлган, гармсел шамол эсиб, қизиган юзларга олтин қум зарраларини сочмоқда эди.
Иккаласи ҳам икки тарафга йўл солиб кетди. Харсангтош худди улардан хафа бўлгандек, мунғайиб қолгандек, шом қоронғусида қорайиб турар эди.
Икки инсон, икки кўнгил, муддаоси икки хил бўлган ўз йўлларида кетиб борар, фақат иккисини ҳам битта савол қийнар, бу ҳам бўлса: тошдаги ёзувнинг маъноси…
— Нима экан а?! — дея ўзига-ўзи савол берарди Мусофир. Унинг қадамлари тоборо секинлаша бошлади ва охири юрмай қолди. Бирданига қўлидаги тўрвасини осмонга отиб “Тушундиииммм!” дея ҳайқира бошлади.
Тонгни етиб келган жойида оттирган Мусофир, яна ортга харсангтош ёнига қайтди.
Харсангтош ёнидаги қурий бошлаган қудуқни қайтадан кавлаб хориган Мусофир узоқдан кимнингдир келаётганини кўрди. Чорак соатлардан сўнг у етиб келди. Келган одам ўша кибрли Мўйсафид эканини кўриб Мусофирнинг юзига табассум югурди.
— Ҳа, нега қайтиб келдингиз? Бу ерда эканимни қаердан билдингиз?
Мусофирнинг саволларига Мўйсафид биргина ишора билан, тошдаги ёзувни кўрсатиб жавоб берди. Буни кўриб Мусофир ерга ағнаб қаҳ-қаҳ отиб кулганча “Қойил сиз ҳам англабсиз!” — дер эди. Мўйсафид бир сўз демай тошдаги ёзувга термилиб ўтирарди.
Тўлин ой ёритган саҳрода икки шарпа қудуқ қазир эди: бири Мўйсафид, бири Мусофир.

*Сулук – хатти-ҳаракат ва турмуш тарзи; йўл; хулқ, ахлоқ. Соликнинг тариқат йўлини ўтиш жараёни; муриднинг руҳий-ахлоқий камолотга эришиш йўли. Тасаввуфнинг амалий-ахлоқий сулуки. Қушларнинг Семурғни қидириб қилган фантастик сафари ва бу сафардаги кечинмалари ҳамда тортган азоб-уқубатлари риёзат ва сулук йўлининг рамзий ифодасидир. «ЎТА».

0_163c56_7f88ae51_orig.jpg Bepoyon sahro. Sariqtus kaltakesak qumdan boshini chiqarib turdi-da, yana qayoqqadir g‘oyib bo‘ldi. Qumtepa ustida xarsangtosh qorayib ko‘rinadi. Qum barxanlari toshning yarmiga qadar ko‘mib borgan. Pastroqda quriy boshlagan quduq. Uning yonida yarmi qurib bitgan olma daraxti. Hali yashilligini saqlab turgan shoxlarida quruqshagan bir necha olma.

Furqat ALIMARDON
HIKOYALAR
04

2-Furqat AliMardon.jpgFurqat Alimardon 1991 yilda Surxondaryo viloyati Qumqo‘rg‘on tumanida tug‘ilgan. 2014 yilda O‘zbekiston davlat san’at va madaniyat institutining “Xalq ijodiyoti” fakultetini tamomlagan. Talabalik paytidan boshlab respublika nashrlarida hikoya va maqolalari e’lon qilinadi. Hozirda “Ma’rifat”-“Uchitel Uzbekistana” gazetalari tahririyatida faoliyat yuritadi.

04

KUTISH

Yozning ilk kunlari. Jazirama taftidan neki tirik jon bor, barchasi in-iniga kirib ketgan. Onda-sonda suv qidirgan chumchuqlarning chug‘ur-chug‘uri eshitiladi.
G‘olib birpas qayrag‘och soyasida nafas rostlab, suv ochilgan tomorqasi tomon yurdi. Ularning qishlog‘iga suv juda uzoqdan keladi. Ekin-tikinlarni vaqtida suvlab olmasa, ziroatning hosili kam bo‘lib, quruq hashak aylanadi. Keyin mollarga yemish bo‘lishdan boshqasiga yaramaydi.
G‘olib boshog‘i xamir bog‘lab qolgan bug‘doyzorga yaqinlashib, joyida turib qoldi. Ne ko‘z bilan ko‘rsinki, egatlarda suv atigi bir necha qadam oqib, to‘xtab qolgan.
— E, bugun navbat bizniki-ku! — dedi u ajablanib. — Balki ariqdan suv kelmay qo‘ydimikin?
G‘olib shu o‘yda quloqboshiga yugurdi. Qarasa, suv kecha navbati o‘tgan qo‘shnisi Mahmudning tomorqasiga oqib yotibdi.
— Ha, gap buyoqda ekan-da, — deb u suvni o‘zining tomorqasi tomon burishga tutindi. Shu payt uzoqroqdan Mahmud:
— Ho‘v, G‘olib, suvni yopmay tur, kecha piyozni yaxshi suvlayolmadim, — deya ovoz berdi. G‘olib asabiylashib:
— Siz-ku bir marta bo‘lsa ham suvlab oldingiz, hali bizning bug‘doyning yarmiga ham suv borgani yo‘q, agar hozir suvlamasak doni puch bo‘lib qoladi, keyin bir yillik rizqimiz yo‘qqa chiqadi, — deya javob berdi.
— Mabodo ertaroq sug‘orib bo‘lsang, xabar qilarsan, — deya Mahmud ortiga qaytdi. G‘olib egatlarni bir-bir ko‘zdan kechirib chiqib, uylari tomon yo‘l oldi.
— Ha, bolam, suv kelmay qoldimi? — dedi onasi unga sinchkov tikilib.
— Yo‘q, kelyapti, faqat boya Mahmud aka suvni ochib ketibdi, kimdir qarab turmasa bo‘lmaydiganga o‘xshaydi.
— Ukalaring uxlab yotibdi, otang ishda bo‘lsa, mening issiqqa boshim og‘riydi, — dedi onasi. — Yaxshisi, o‘zing tezroq ovqatlanib, ariq boshiga boraqol. Mahmudning ham insofi bordir, ko‘ribdi-ku, shunday issiqda sarson bo‘lib yurganingni.
G‘olib onasi tayyorlab bergan chalobga non to‘g‘rab yeb oldi-da, dalaga yugurdi. Ne ko‘z bilan ko‘rsinki, suv yana Mahmudning piyoziga ochib qo‘yilibdi.
— He, insofsiz, odam degan ham shunday bo‘ladimi? — deb u suvni o‘zining tomorqasiga burdi. Qo‘shnisining uyiga borib “ho‘v, Mahmud aka!” deb chaqirdi. Uydan Mahmud yelka qisgancha chiqib keldi.
— Ey, odammisiz o‘zi. Gapga umuman tushunmas ekansiz-ku, aka! — dedi G‘olib.
— Ha, uka, nima deb o‘zingcha do‘q urayapsan? — dedi Mahmud hech narsadan xabari yo‘qdek talmovsirab.
— Nimaga suvni yana ochib oldingiz? — co‘radi G‘olib.
— Uka, men teginganim yo‘q, xudo ursin, manavi yaramas bolalar ochib kelibdi-da! — deb Mahmud o‘zi bilan birga chiqqan o‘g‘liga yomon qaradi.
— Mayli, o‘zingiz bilasiz, insofingizni bersin, — deya G‘olib iziga qaytdi.
Oradan bir-ikki hafta o‘tdi. G‘alla o‘rimi boshlandi, G‘olib o‘roqni qo‘liga olib bug‘doy boshiga keldi. Bug‘doyzorning orasida nimadir qimirlaganday bo‘ldi, sekin borib qarasa, to‘rt-besh qo‘y-echki pishib turgan boshoqlarni terib yeb yuribdi. Sinchiklab qarasa, Mahmudning mollari ekan.
— Ey, egangga o‘xshamay o‘lgurlar, bug‘doyni payhon qilibsanlar-ku! — deya mollarni egasinikiga tomon haydadi u.
Mahmud hech narsa bilmagandek, uyi yonida qaqqaygancha sigaret chekib turardi.
— Aka, insofingiz yo‘q ekan o‘zi! Bug‘doyning uvolidan qo‘rqmaysizmi? — dedi G‘olib jahl bilan.
— Ha-ha, nima bo‘ldi? — dedi Mahmud talmovsirab. Keyin mollarni ko‘rib:
— Menga bunday dag‘dag‘a qilma! O‘zlaringning qo‘ylaring deb o‘ylabman, bo‘lmasa qarab turarmidim! — deya Mahmud qo‘ylarini qo‘rasi tomonga haydadi.
Bug‘doyni o‘rib tugatishgach, uylarining yoniga tashib chiqarishdi. Kun issig‘ida chanqab ketgan G‘olib ko‘zadan suv olib icharkan:
— Zohid, sigirlarni bug‘doypoyaga bog‘lab kelinglar, faqat qozig‘ini yaxshilab qoqinglar! Yer yumshoq, tag‘in bo‘shalib ketib, qo‘shnilarning ekinlariga ziyon yetkazmasin! — deb tayinladi ukasiga.
G‘olib yuvinib bo‘lgach tushlik qilishga o‘tirdi. O‘roq o‘rib charchagani uchunmi, yonboshlagancha ko‘zi ilingan edi, tomorqa tomondan ayol kishining baqirgani eshitildi. Derazadan boshini chiqarib qaradi.
— Ha, molingni azangga ishlatgurlar! Boqolsang mol qilmaysanmi juvonmarglar! — deya Mahmudning xotini Oygul G‘oliblarning uyi tomonga qarab baqiryapti.
G‘olib sekin o‘sha tomonga bordi.
— Yanga tinchlikmi? — deb so‘radi qo‘shni ayoldan.
— Tinchlik emas! Manavi egasiz qolgur sigirlaring piyozimizni payhon qildi! Qarsalaring bo‘lmaydimi? — dedi Oygul.
— Ey, haa, yer yumshoq, bo‘shalib ketibdi-da yanga! Biz ham o‘roqdan charchabmiz, uxlab qolibman! Qo‘shnichilik shu-da! Bir kun sizning molingiz, boshqa kun bizning molimiz tomorqalarimizga oralaydi-da! — deya G‘olib jilmaydi.
Ayol aytgan gapidan xijolat bo‘ldimi yoki bo‘z yigit bilan gap talashib o‘tirgisi kelmadimi uyiga jo‘nay boshladi. Besh-olti qadam tashlagach, ortiga o‘grilib:
— Ha, aytgancha, akangiz jahl bilan sigirlaringizni urvudi, qarang-chi hech nima qilmabdimi? — dedi.
G‘olib shartta borib sigirining uyoq-buyog‘iga qaray boshladi. So‘ngra birdaniga:
— Ibiy, yelinidan qon oqyapti, nima bilan urgan edi eringiz? — deb so‘radi ayoldan.
— Qo‘lida panshaxa olib yurvudi, ha, tiqib olibdimi? — deya so‘radi Oygul G‘olibdan.
— Haaa, yeliniga tiqibdi! Molga kuchini ko‘rsatadigan o‘sha nomard eringiz qayerda?! — jahl bilan baqirdi g‘olib qo‘shni ayolga.
— Ketvudi, ketvudi! — degancha ayol uyiga yugurgilab ketdi.
G‘olib sigirning yarasiga biron chora ko‘rish uchun yetaklab uyiga olib bordi. Ota-onasiyu ukalari uxlab yotgan ekan. Voqeani eshitgan onasi qo‘liga tayoq olib:
— Men ham borib biron molini mayib qilib kelaman hozir! — deya Mahmudning uyiga yo‘l olgan edi, lekin eri Razzoqboy aka uni yo‘ldan qaytarib.
— Molda nima ayb? Yomon bilan teng bo‘lma, xotin! Qo‘yaver, Xudoning o‘zi jazosini beradi! — dedi vazmin ohangda.
— Men mol do‘xtirga telefon qildim, hozir keladi! — dedi G‘olib sigirning jarohatiga yod tekkizayotib…
Saraton oxirlagan pallada sigirning yarasi bitib ketdi, lekin dildagi yaralar hamon zirqirardi…
Yana umidbaxsh tong otdi. Mahmud sahar chog‘i uyqudan turarkan, ko‘nglida allaqanday g‘ashlik hissini tuydi. U odatdagidek, bir otim nosni tili tagiga tashladi. “Balki shuning xumori tutgandir” — deb o‘yladi o‘zicha. Ammo yuragidagi g‘ashlik tarqalmadi. Yuz-qo‘lini yuvarkan, xotinining har galgi diydiyosi ham o‘ziga erish tuyuldi. Xotini suzib kelgan sutni kosasi bilan ko‘tarib bir-ikki xo‘plashda ichib bo‘lib, yonboshlagancha yana pinakka ketdi. U tush ko‘rdi, tushida tor yo‘lakdan qayoqqadir shoshgancha ketib borardi. Birdan hammayoqni zulmat qoplab, hech narsani ko‘rmay qoldi. “Yorug‘lik, yorug‘lik!..” Mahmud o‘zining vahimali chinqirig‘idan qo‘rqib uyg‘onib ketdi. U atrofga olazarak tikildi, tashqaridan bolalarning chug‘ur-chug‘uri eshitilib turardi.
— Oygul! — deb xotinini chaqirdi. Kechki ovqat uchun hozirlik ko‘rayotgan xotini yugurib keldi:
— Yana alahsiradingizmi? Kim aytdi sizga namozshomgacha uxlang deb! Bundoq tashqariga chiqib, mollarga qarasangiz bo‘lmaydimi? — dedi Oygul qoshlarini chimirib.
— Qanaqa namozshom? Hali tush ham bo‘lgani yo‘q-ku? — dedi Mahmud ajablanib.
— Mana bir oydan oshdi, kechasiyam, kunduziyam alag‘siraysiz! O‘zingizga o‘zingiz gapirasizmi-ey! Nima bo‘layapti sizga o‘zi? — deya g‘azablandi xotini.
— Men qayerdan bilaman! Bor ishingni qilaver! — tutoqqancha baqirdi xotiniga Mahmud.
Oygul unga zaharxanda qarab qo‘yib, tashqariga chiqib ketdi. Mahmud hovliga chiqdiyu vaqtning bir zumda o‘tib ketganiga hayron bo‘ldi. Quyosh botayotgan ufqqa qarab turar ekan, uning ko‘ngliga nedir anglab bo‘lmas gaplar kelardi. “Menga nima bo‘layapti? Qayerda, qanday xato qildim? Yo qarg‘ish oldimmikan?” U yonidan arzon sigaretini chiqarib tutatgancha o‘y surishda davom etdi. Kimga yomonlik qilganini eslashga urindi. “Esimni taniganimdan buyon birovga ziyonim tegmagan, teggan bo‘lsa ham qilig‘iga yarasha javobini olgan!” deya o‘zini-o‘zi ovutgan bo‘ldi. Shu payt uning xayoliga bir fikr keldi. Mahmud yuz-qo‘lini yuvdi-da qayoqqadir otlangancha xotiniga gapirdi:
— Xotin, men bir ozdan keyin qaytaman, bir… xo‘p, kelib aytib beraman! — dediyu ko‘chaga tez yurib chiqib ketdi.
— Namozshomda qayoqqa borasiz endi? — dedi xotini jig‘ibiyron bo‘lgancha.
Bu gapni eshitmagan Mahmud shoshgancha qayergadir ketib borardi…
G‘olib uydagilari bilan dasturxon atrofida kechki ovqatni yeyishardi. Dabdurustdan otasi Razzoqboy aka “Ha, mana, esimga keldi!” dedi baland ovozda. Oila a’zolari ham xadik, ham qiziqish bilan oilaboshiga termulishdi.
— Uch-to‘rt kundan beri bir tushni qayta-qayta ko‘rayapman! — deb gap boshladi Razzoqboy aka bolalariga bir-bir qarab chiqib.
— Nima tush? Aytib bering? — deyishdi qiziquvchan qizchalari.
— Ey, tushni birovga aytmaydi, jim o‘tiringlar-ey! — deb tanbeh berdi G‘olibning onasi ayollarga xos irimchiligiga borib.
— Sen irimingni yig‘ishtir xotin! — deb Razzoqboy gapini davom ettirdi. — Tushimda bir notanish odam uyimizga keladi. “Aka, odam bolasi shunday bo‘lar ekan, qilg‘ilikni qilib qo‘yib, xatosini keyin tushunarkan! Men ham bilib-bilmay sizlarning ko‘nglingizga ozor berdim! Endi hammamiz gunohkor bandamiz-da!” deb kechirim so‘raydi.
Qizlar piqillab kulib yuborishdi. Otalari ham jilmaygancha so‘zida davom etdi.
— O‘ylayman kim ekan deb, o‘ylayman! Oxiri kallamga huv, sigirimizga panshaxa tiqib olgan Mahmud emasmikan? — degan fikr kelib qoldi!
— Eee, o‘lsa ham kelmaydi u qo‘shningiz! — dedi G‘olibning onasi.
Tashqarida it hurib, kimdir chaqirgandek bo‘ldi. G‘olib joyidan qo‘zg‘algan edi otasi:
— O‘tiraver! Shu tushim o‘ng bo‘lib, Mahmudboy kelganga o‘xshaydi! O‘zim chiqaman! — deya tashqariladi.
Hovlida buzoqni quvib, o‘ynab yurgan itdan boshqa hech zog‘ yo‘q, nariroqda esa yuvib dorga yoyilgan ko‘ylaklar hilpirab turardi.

G‘IRBAYDI

Qish bo‘lishiga qaramay biron marta yolchitib qor yog‘madi. Bir-biriga ikki tomchi suvdek o‘xshash qishloq uylari. Mo‘risidan uziq-yuluq tutun chiqayotgan uy derazasidan bir necha kun oldin ota-onasini ko‘rgali shahardan kelgan yigirma besh yoshlardagi yigit hovlini kuzatyapti. Ancha yillardan beri shovqinli, shoshqin shaharda yashaydigan yigitga qishloqning sokinligi sababmi, vaqt sekin o‘tayotgandek tuyuldi. Kelganiga uch-to‘rt kun bo‘lmadiyu, u o‘zini shahardagi tanish-bilishlaridan nimadadir ortda qolayotgandek his etdi. Nimadan ortda qolayapti, qanday ortda qolyapti — tushunarsiz holat. “Ey, avvallari, xotirjam qo‘y boqib yuraverardim, lekin hozir nimadir boshqacha, odam shoshadi!” — deya o‘yladi u ichida. Shu payt uyga kirgan ukasi:
— Ko‘pkari bo‘layotgan ekan, oshnalaring chaqirdi, bormaysanmi? — dedi o‘n yosh kichik bo‘lsa ham akasini senlab.
— Yo‘q, bormayman, kimlar borayotgan ekan o‘zi? — so‘radi yigit beparvo.
— Besh-oltita sinfdoshlaring! — degancha bola tashqariladi.
Yigit bir oz o‘ylanib turdi-da, birdan ko‘pkariga borishga qaror qildi. Velosipedning balloni teshilgan ekan. Eshakka minishga uyalgan aka-uka, loy ko‘chada yayov ko‘pkariga jo‘nadi.
Ko‘pkariga har kim nenidir izlab boryapti. Birov zot ayirish uchun, birov tomosha, yana birov boshqa biron narsa uchun. Hamma nimani izlab borayotganini yaxshi biladi. Faqat, ukasi bilan qishloqning loy ko‘chasida tuflisi iflos bo‘lganidan g‘ijinib, ko‘pkariga shoshayotgan yigit nimaga borayotganini bilmaydi.
Yo‘lda ikkovlonga sherik bo‘lib qo‘shilgan bir vahimakashroq qo‘shnilari xovliqib.
— E, bugun ko‘pkari zo‘r bo‘ladi, Nabi manqaning xotirasiga ullari uloq beryapti, — dedi.
— Siz otingizni minib chiqmabsiz-da, ko‘pkari chopmaysizmi? — deya hazillashdi yigitning ukasi qo‘shnisiga.
Yigitning xotirasida bir narsa yarq etib jonlandi. Maktabda beshinchi sinfda o‘qirdi. Sinfdoshlari bilan darsdan qochib, qo‘shni qishloqdagi sunnat to‘yida bo‘ladigan kurashni ko‘rish uchun borishdi. Bolalar kurash boshlanguncha qornini to‘yg‘izib olish niyatida qurga o‘tirishdi. Bir-bir kosadan qaynatma sho‘rva ichib, ikkov ora bir tovoqdan osh yeyishdi. Shunda ham turmay o‘tiravergan bolalarni ko‘rgan to‘y xizmatchilaridan biri: “Ho‘v, senlar Nabi manqaning to‘yida o‘tiribsanmi, tur hammang, davraga bor, hozir chekkada qolib ketasan!” — degan gapini esladi. Ichida: “O‘sha odamni bir ko‘rishim kerak edi-da, mayli, endi o‘g‘illarini ko‘ramiz, nachora” deb qo‘ydi. Bir paytlar shu tumanda Nabi manqa degan boy kishi bo‘lgani, u odamning minglab qo‘ylariyu, yuzlab otlari bo‘lganini otasidan so‘rab bilgani, laqabi borasidagi gaplar uning xayolidan bir-bir o‘tdi…
Yetib borganlarida uloq boshlangan, bir-ikkita zot ham ayrilgan ekan. Bir chekkadan borib tomoshaga qo‘shilgan aka-ukalar, olomon orasidan o‘zlarining tengqurlarini izlay boshlashdi. Do‘stlari bilan qisqa salom-alikdan so‘ng qiy-chuvlarga to‘lgan ko‘pkarisoyga termulishdi. Ikki yuzdan ziyod ot bir-birini ezib tashlagudek bo‘lib, yerda yotgan uloqqa intiladi. Chavandozlar yuzing-ko‘zing deb o‘tirmay yonidagilarning o‘zimi, otimi farqi yo‘q qamchi bilan aylantirib soladi. Bakovulning qo‘lida mikrofon: “Halol olasan, polvon, faqat halolll!” deb jar soladi. Shu payt qaysidir polvon “enangdilab” kimgadir so‘kinib qoldi. Bunga bakovul: “O‘v, Shokir polvon, zo‘rligingizni bilamiz, og‘izga qarang, og‘izga!” — deydi. Shahardan kelgan yigit yonidagilardan u “zo‘r polvon”ning kimligini surishtirdi. “Ha, u olish bo‘yicha viloyat chempioni Sherzot polvonning akasi-ku!” deydi do‘stlari. “Ha” deb qo‘ydi yigit labini tishlab. Shu payt bakovulning “Halol” degan hayqirig‘i quloqni teshgudek jarangladi. Atrofni shovqin tutib ketdi, birov hushtak chalgan, birov baqirgan. Shovqin sabab, bakovulning gapini yaxshi eshitmagan odamlar: “Kim ayirdi, kim ayirdi?” deb bir-birini so‘roqqa tuta boshladi. Yigit ham yonidagilarning gapiga quloq soldi: “Vo‘h, Shokir polvon zotni ayirdi!” — deydi odamlar bir-biriga hovliqib. “Zo‘r deganicha borakan-da, bo‘lmasa shu olomon ichidan uloqni olib chiqish osonmi!?” — deb qo‘yadi yigit sekingina o‘ziga-o‘zi.
Nedir sinoatki, odam jisman bir joyda mavjud, ammo xayoli boshqa joylarda bo‘lishi mumkin. Yigitning ham jismi shovqinli ko‘pkarida qoldi-yu, xayoli bebosh boladek allaqayoqlarga daydib ketdi: “Men uyga kelsam, biron narsa qoralab ketmoqchi edim. Hamkasblarim qishloqda ijodkor uchun detal ko‘p bo‘ladi, degich edi. Kelganimcha bir-necha kun bo‘ldi. Ammo detal-petal topganim yo‘q. Ishqilib biron material yozib ketay-da!”
“O‘-o‘-o‘vvv, haloyiq, quloq solll!” bakovulning qichqirig‘i yigitning xayolini qochirdi: “Otamning Dehqonoboddan to‘n yopishgan do‘sti kelgan, shu bobomning hurmatiga endi g‘irbaydi qilamiz, boshqa chabog‘onlar yaqinlashmay turinglar, zotiga bir tana qo‘yildi, bosing bobo!” dedi bakovul. Tomoshabinlarning bu udumni tushungani jilmayib, tushunmagani angrayib qo‘raga jim qarab turibdi. Yigit yoshi kattaroq bir tanishidan:
— G‘irbaydi, nima o‘zi? — deb so‘radi hayratini yashirmay.
— G‘irbaydimi? — og‘zidagi nosini tuflab, gapida davom etdi yigitning hamqishlog‘i. — Ko‘pkari qilayotgan odamning qadrli bir mehmoni kelgan bo‘lsa, shunga bir zot ajratiladi. Hech kim u bilan uloqni tortishmaydi. Shunday, ukam!” — dedi velosipediga suyanib turgan qishloqdoshi.
— E-e-e, g‘alati udum ekan-ku! — deb o‘zicha norozilik qilgan bo‘ldi yigit hech kimga eshitilmaydigan ovozda. Shu payt adirning ustidan (otini o‘shayoqqa bog‘lab kelgan bo‘lsa kerak) saksonlardan oshgan, to‘ladan kelgan bobo katta bir cho‘bir otini uloqqa qarab choptirdi. Qo‘raning o‘rtasida yotgan uloq yoniga kelib otini to‘xtatdi. Shu yerdagi yigitlar boboning oldiga uloqni joylashtirib berishdi. Bobo otiga qamchi urib yuz qadamcha joyga borib, bakovulning yoniga qaytdi.
— Ey bobo, yashang, zoting‘iz halooollll! — dedi bakovul mikrofonda quloqni yirtgudek tovushda. So‘ngra:
— Jigitlar polvon bobomning zotini opkelinglar! — deya yuk mashinasi ustida ko‘pkariga qo‘yilgan sovrinlarni taqsimlayotgan yigitlarga qarab ovoz berdi.
— Ey, enag‘ar, manqaning bolasi! Ko‘pkari qilsang halol qilda! — degan jahldor ovoz keldi chavandozlar orasidan. Qo‘qqisdan aytilgan bu gapni eshitgan bakovul:
— Kimni enag‘ar deyapsan, o‘ynashdan bo‘g‘an! — deya otini choptirib borib, bir oz oldin katta zotlardan birini olgan Shokir chavandozning boshiga qamchi bilan soldi. Shokir polvon bo‘sh keladigan odammi, u ham bakovulni qamchi bilan urib ketdi. Odamlar yugurib borib bu ikki polvonni ajratishdi. Ikkisi ham o‘z nasibasini olgan, otdan tushib bir chetga o‘tishdi.
— Ukkag‘ar chabog‘on, birovning to‘yini buzgali uyalmaysanma? — ginali ovozda so‘z qotdi bakovul yorilgan peshonasiga dastro‘molini bosgancha.
— Men nimaga uyalishim kerak? O‘zing uyal, shuncha odamni termiltirib, bir cholga zot berasan!
— Ey, ukkag‘ar, tentak, bu udum, bobom otamgayam uloq ildirgan! Men nima qilay? Bobomni quruq qo‘l bilan qaytaraymi? — dedi bakovul hammaga eshittirib.
— Manqaning bolasi, ko‘pkariga opkelib bobongga sovg‘a berasanmi?! Qaytayotganida bir tanani yetaklatib yubor! Kim senga nima deydi!? Bu yer ko‘pkari! Hamma zotini halol olishi kerak! Shuncha chavandoz ko‘pkariga qarg‘a qo‘rigali kelganmi!? Ularning ham “Zot olaman!” degan umidi bor. Bo‘pti, biz ketdik! — deya Shokir polvon otiga sakrab mindi.
— To‘xta, qayoqqa borasan? Hali yana zotlar bor? — dedi bakovul xijolatli ohangda.
— Yo‘q, ketaman, huv, tentaksoyda ham bugun uloq bo‘layapti. Sen hamma zotingni tanish-bilishlaringga bo‘lib ber! — deya Shokir polvon otini choptirib ketdi.
Uning ortidan boshqa chavandozlar ham keta boshladi. Bakovul boshini egib olgan, yelkasi silkinar edi. U yig‘layaptimi, yoki boshiga tekkan qamchilar og‘rig‘idan qaltirayaptimi yigit ko‘rolmadi.
Hamqishloqlar uylariga qaytayotgan mahal qor uchqunlay boshladi. Ko‘pkariga zot ayiraman deb kelganlar uloqning besamara bo‘lganidan, tomoshatalablar esa tomoshaning chala bo‘lganidan ko‘ngillari g‘ash tortib qaytishyapti. Birgina yonidagilarning hazil-huzullariga parvo qilmay, o‘zicha xursand kelayotgan yigit “Topdim, topdim!” deya pichirlar edi.

CULUK*

Bepoyon sahro. Sariqtus kaltakesak qumdan boshini chiqarib turdi-da, yana qayoqqadir g‘oyib bo‘ldi. Qumtepa ustida xarsangtosh qorayib ko‘rinadi. Qum barxanlari toshning yarmiga qadar ko‘mib borgan. Pastroqda quriy boshlagan quduq. Uning yonida yarmi qurib bitgan olma daraxti. Hali yashilligini saqlab turgan shoxlarida quruqshagan bir necha olma.
Cersoqol keksa kunbotar tomonga og‘ir-og‘ir qadam tashlaydi. Qarashining mahzunligidan dindorga o‘xshaydi. Bo‘yi baland, soch-soqoli ko‘kimtir oq, mo‘ylarining uzunligi xuddi keksa soqoltoy rassomlarni eslatadi.
Mahbusga o‘xshagan musofir beo‘xshov odimlab, unga qarshi tomondan kelmoqda. Qumtepa ustidagi xarsangtosh ko‘ziga odamdek qorayib ko‘rindi. “Ey, yaxshi bo‘ldi, juda chanqagan edim, suv so‘rayman!” deya xayolidan o‘tkazdi-da qadamini tezlatdi. Bir ho‘plam sovuq suvga tashnaligi ortib, yuragida olov yondi. Ammo qarshisida odam emas, qoraygan tosh turardi. U qo‘lidagi to‘rvasini yerga tashlab, xarsangga suyangancha hansirab nafas oldi. Toshdagi o‘yiqlar unga sirli tuyulib qo‘li bilan siypalab, changni artdi. “Bu nima ekan? Qadimiy yozuv-ku!” Savodsiz-da, savodsiz! Afsus! Uni endi suvsizlik emas, yozuvni o‘qishga bo‘lgan ishtiyoq qiynay boshladi.
Sersoqol qariya ham uning yoniga yetib keldi.
Musofir qariyaning salomiga alik olarkan:
— O‘qishni bilasizmi? — deb so‘radi.
Mo‘ysafid “ha” degandek bosh irg‘adi.
— Shuni o‘qing-chi, nima yozilgan ekan! – dedi u qo‘li bilan xarsangdagi yozuvlarni ko‘rsatib.
— Qani, qani! — dedi qariya ham qiziqib va toshni hafsala bilan paypaslay turib: “Hayhot, uni hech yerdan topolmaysan…” — degan so‘zlarni o‘qidi.
Qariya bo‘ynini cho‘zdi va:
— Bu gap tugamagan, davomi bor. Toshning tagini ham oching! — dedi so‘ngra.
Musofir qo‘li bilan tosh tagidagi qumlarni sidirgan edi, yozuvning davomi yaqqol ko‘zga tashlandi.
Mo‘ysafid:
— “Zero, u sendadir”, — deya o‘qidi allaqanday horg‘in ohangda.
Garmsel shamol esdi.
Mo‘ysafid ibodatga o‘tirdi. Musofir daraxt shoxidagi qoqidek burishgan olmani shart uzib, g‘arch tishladi.
Mo‘ysafid ibodatini tugatgach, musofirga ijirg‘anib, kibrli nazar soldi.
G‘alati musofir tumshaydi.
— Nega kibr bilan qarayapsiz? — dedi bir oz o‘pkalangan ohangda.
Mo‘ysafid oppoq soqolini siladi, lekin hech narsa demadi.
Musofir baquvvat qo‘llarining changini qoqdi:
— Men bilan ketasizmi?
— Qayoqqa ketayapsiz o‘zi? — dedi savolga savol bilan mo‘ysafid. Musofirning yuzida anglashilmas mayl jilo taratdi:
— O‘zimni topgani. Siz-chi?
— Xudoni! — dedi u Mo‘ysafid mahzun ohangda va:
— Men siz bilan ketolmayman! Istagan taqdirimda ham! — deya yo‘lga otlandi.
— O‘zingiz bilasiz, — deya musofir “zorim boru, zo‘rim yo‘q” degandek to‘rvasini ko‘tarib, yo‘lga tushdi.
Keng sahro zarrin nurlarga to‘lgan, garmsel shamol esib, qizigan yuzlarga oltin qum zarralarini sochmoqda edi.
Ikkalasi ham ikki tarafga yo‘l solib ketdi. Xarsangtosh xuddi ulardan xafa bo‘lgandek, mung‘ayib qolgandek, shom qorong‘usida qorayib turar edi.
Ikki inson, ikki ko‘ngil, muddaosi ikki xil bo‘lgan o‘z yo‘llarida ketib borar, faqat ikkisini ham bitta savol qiynar, bu ham bo‘lsa: toshdagi yozuvning ma’nosi…
— Nima ekan a?! — deya o‘ziga-o‘zi savol berardi Musofir. Uning qadamlari toboro sekinlasha boshladi va oxiri yurmay qoldi. Birdaniga qo‘lidagi to‘rvasini osmonga otib “Tushundiiimmm!” deya hayqira boshladi.
Tongni yetib kelgan joyida ottirgan Musofir, yana ortga xarsangtosh yoniga qaytdi.
Xarsangtosh yonidagi quriy boshlagan quduqni qaytadan kavlab xorigan Musofir uzoqdan kimningdir kelayotganini ko‘rdi. Chorak soatlardan so‘ng u yetib keldi. Kelgan odam o‘sha kibrli Mo‘ysafid ekanini ko‘rib Musofirning yuziga tabassum yugurdi.
— Ha, nega qaytib keldingiz? Bu yerda ekanimni qayerdan bildingiz?
Musofirning savollariga Mo‘ysafid birgina ishora bilan, toshdagi yozuvni ko‘rsatib javob berdi. Buni ko‘rib Musofir yerga ag‘nab qah-qah otib kulgancha “Qoyil siz ham anglabsiz!” — der edi. Mo‘ysafid bir so‘z demay toshdagi yozuvga termilib o‘tirardi.
To‘lin oy yoritgan sahroda ikki sharpa quduq qazir edi: biri Mo‘ysafid, biri Musofir.

*Suluk – xatti-harakat va turmush tarzi; yo‘l; xulq, axloq. Solikning tariqat yo‘lini o‘tish jarayoni; muridning ruhiy-axloqiy kamolotga erishish yo‘li. Tasavvufning amaliy-axloqiy suluki. Qushlarning Semurg‘ni qidirib qilgan fantastik safari va bu safardagi kechinmalari hamda tortgan azob-uqubatlari riyozat va suluk yo‘lining ramziy ifodasidir. “O‘TA”.

05

(Tashriflar: umumiy 240, bugungi 1)

Izoh qoldiring