Islom Ali. Yangi daftardan she’rlar

09Бугунги кун ўзбек шеърияти иқлимида фаол ижод қилаётган ёшлар кўп. Ана шундай шоирлардан бири Ислом Алидир.

Ислом АЛИ
ШЕЪРЛАР

Ислом Али — 1993 йил Самарқанд вилояти Қўшработ туманида туғилган. Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти талабаси. Беш ташаббус олимпиадаси «Мушоира» танловининг республика босқичи ғолиби (2022). Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан ўтказилган анъанавий Зомин семинари иштирокчиси (2022).

***

Сен кетиб борарсан, шамол сочингнинг
Рангига бўяйди туннинг бағрини.
Ортингдан ичиккан гўдакдай зор-зор,
Мадорсиз туйғулар чопар оғриниб.

Сен кетиб борарсан, беғам, беташвиш.
Мен сенга термулиб беҳуш қайтаман.
Кўнглимда бир куртак тағин урар ниш.
Эртак озор билан тугар қайтадан.

Сен кетиб борарсан, ўртамиздаги
Ўтмиш ярасини силар — таланган.
Пинҳона тикилган ўт нигоҳингдан
Юзимга туташиб кетар аланга.

Кейин мен кетарман, гоҳи ўйларим,
Гоҳи оёқларим сархуш чалкашиб.
Мен сендан узоқлаб кетганим сари,
Мен сенга шунчалар бўларман яқин.

Сен кетиб борарсан ўйчан ва сокин.
Мен кетиб борарман сипқорганча май.
Ёнимга жилмайиб чиққан аёлни
Сенинг исминг билан чақирдим билмай.

Ўртамиз шу тундай узун чўзилган.
Нурайди бир оний висолнинг кўшки.
Сен кетиб борарсан, икки кўзингда
Денгиздай чайқалиб боради ишқим.

Сен кетиб борарсан…
56
***

Куннинг қучоғидан арийди ҳовур,
Муздек ел ўйнашиб чиқар тун билан.
Шаробнинг ҳидидан элтиб ҳайтовур,
Боғларнинг пинжида тунар сумбула.

Кузатар, ҳасаддан қушлар ҳурпайиб,
Оловтус баргларнинг телба рақсини.
Булутлар ҳаёлга чўмгани сайин
Кўпирар, кўлмакда кўриб аксини.

Мезон хиромига бурканар дала.
Ёз бўйи толиққан мусичалар жим.
Тераклар соқолин қиртишлаб чала,
Кўкнинг авзойига бўлар мунажжим.

Табиат боғ ичра қориштирар ранг.
Ишкомлар нозланиб эгилар ерга.
Ҳавода муаллақ чайқалар оҳанг,
Иккиқад тийрамоҳ интиқдур шеърга.

Борлиқнинг сукути чўзилмас узоқ,
Ичикиб кутган у ой-йилларини.
Дард билан дунёга келтирар кузак
Кўкламга ошуфта шоирларини.

ЁЗ ОҚШОМЛАРИ

1
Шингил узумларга доғ тушди такрор.
Уч кунда қариди ўриклар — қоқи.
Ғовурли кезларни қилганча хумор,
Кенгликларда оқшом мизғийди сокин.

Боғларнинг исини обқочар шамол.
Шотутлар бандидан узилар илкис.
Чироғини ёқиб овулга, ҳамон,
Оқшом, суҳбатларни излайди, дилгир.

2
Овулни саргардон кезади узлат.
Офтоб елкасига турар ўт қалаб
Чувлашиб, юзини беркитган қизлар
Шудгорнинг сочини юлар тимдалаб.

Кўчалар қорайган,
Йўллар қорайган,
Далалар қорайган,
Чўллар қорайган,
Ҳали қуш уйғонмай далага чиққан,
Рўмоли остида юзи тер жиққа,
Кунлик маошини сепига йиққан,
Нўхат юлган қадоқ қўллар қорайган.

Оҳиста шафақни ечинтирар шом.
Изига адашмай қайтади пода.
Ямоқ тўрва билан қайтар издиҳом.
Дўконга чиқади чарчаган одам.

Говмишини шошиб ийдирар бузоқ.
Шовуллаб челакни тўлдиради сут.
Оқшом эркалайди бу овулни, ё
Бу овул оқшомни эркалар ёҳуд.

3
Кўчанинг бошидан чалинар ҳуштак.
Сўнгидан бир садо келади қайтиб.
Чопишиб, кенгликни кезмоққа муштоқ,
Топишиб оламиз, уч-тўртта дайди.

Юракни ўйнатар қўшиқлар саси.
Кетамиз бўйсуниб кўнгил азмига.
«53» винодан ичиб косасиз,
Қўшни овулдаги қизлар базмига.

… Қайтамиз, унутиб дунёнинг ғамин
Ва овлоқ қирларда ҳориб, тентиган.
Биримиз тамаки чекар, бошқамиз,
Англамай кўп отган носдан элтиган.

Қайдадир кучуклар увиллар чўзиб.
Тутзорлар керишиб ғичирлар, зўрға.
Пинакка юмилар осмоннинг кўзи.
Чулдираб дунёни уйғотар тўрғай.

4
Интиқ соғинаман энди ҳар тунда.
Ўша хуморлардан, бугун мастлигим.
Ҳамон оқшомларни тинглашим шундан,
Шундандир, ҳар тунда ухламаслигим.

Ҳовлида ўй суриб чаламан ҳуштак
Ва интиқ кутаман унинг галини.
Ойни чироқ қилиб, ғовурга муштоқ
Оқшом жим излайди дайдиларини.

НУР

Хаёлларим ҳилолнинг
шуъласига чалкашди,
Бу кўҳна дун ичинда
кўнглим ҳамон саркашдир.
Сукут ичра кимлигим
очиб қўйди жимлигим,
Кўзларимни алдаб, сўнг
сўзларимни алқашди.

Аслида мен дунёнинг
ҳайратига харидор,
Ичимга жин қамалган
ёнида бир пари бор.
Ғафлатдаман гўёки
Хаёлларим ва ёки
Пари ухлатмас, ажаб,
Жин уйғотмас, дариғо.

Сочини йиғиб ҳилол
Хаёлотга чўмгай. Сиз
наҳот, бўшлиқ ичинда
нурсизликка кўнгайсиз?
Чўкиб кетар кўзларнинг
Гавҳарига қаро тун,
Мен зулматни зиё деб
шеър айтишим ўнғайсиз.

Жимдирман-у ичимда
асов тулпор пишқирар.
Тушимга сайраб турган
парвоздаги қуш кирар.
Сархушлигим тарқалиб
уйғонсам, ағёр қолиб
Кўз очиб кўрганларим
кўнглимни тафтиш қилар.

Қўл узатсам гулларга,
очмас менга пинжини,
Забоним булбулларга
қиёс эди, инчунун.
Отам илк ва сўнгги дам
уйғонмаган субҳидам
Чинқириб бу дунёнинг
бузиб қўйдим тинчини.

Энди билдим: шоирлар
ўз кўнглига ўзи ёв,
Босмаган одим — армон,
босиб қўйган изи ёв.
Кўкка боқсам негадир
юзимга нур тегадир,
Падаримнинг бу ҳилол
очмаган бир кўзи-ёв?!

Шундан бери талатўп
чалиб келар оёқдан,
Хотирам жонланади
қувват сўриб маёқдан.
Ёритгайдир шамчироқ
ўтмишимнинг тасмасин:
Кунларим гўзал бироқ,
ўсмирлигим қаёқда?

Ҳа, эсладим: кўзимга
Бир шавқи комрон берди.
Бир кун ўша ҳайратим
майга чўкиб жон берди.
Дунёни маст кузатдим.
Тиланчи қўл узатди.
У тағин берди ҳайрат
Мен гадога нон бердим.

Ризқим кетти гадодан
оғзим юмуқ жилмайдим,
Унда нега хатолар
ёнимдан ҳеч жилмайдир?
Дунёга тик боқиб ман
битта сирдан воқифман.
Кўзидан нур қочган, лек
дунё ўзи билмайдир.

Бу борлиқнинг хилқати
бунча чигал, мураккаб.
Худо, сендан бир қатим
нур тиларман юракка.
Бу тун аро нурга ўч
икки кафтим бир ҳовуч
Кўксимга ин қурган қуш
токи сайраб тураркан:
Худо, сендан бир қатим
нур тиларман юракка!
Худо, сендан бир қатим
нур тиларман юракка!

АЛЛАЛАЙДИ РУҲИМНИ ШОВҚИН

Аллалайди руҳимни шовқин,
Эврилади жимликдан тошлар.
Сарҳушликнинг бошланар завқи,
Ҳар толангнинг учидан бошлаб.

Деворларнинг хароба турқи,
Кўзёш тўла жомли зиёфат.
Шиддатингдан маддоҳлар ҳуркиб,
Топар иблисмонанд қиёфа.

Ўрлаб кўкка чирмашар хониш,
Ҳиром қилар саноқсиз телба.
Бирор каснинг узилмас жони,
Тилига бир калима келмай.

Қирилади нафси майиблар,
Басирларнинг порлайди кўзи.
Мағор жамиятни айблаб,
Сўнг ҳаммадан кетасан ўзиб.

Юпунларнинг тўкис ҳаёти,
Ақчадорлар ғарибдан-ғариб.
Тонгга қадар ҳаммаси ботин,
Азондан сўнг бари тескари.

Сотқинларнинг туллак рақсидан,
Фарёд урар тенг ярим мозий.
Жами қабиҳликлар аксидан,
Сўрилади руҳингга озиқ.

Кел.
Руҳингни еч.
Ухла.
Уйғон.
Покдомонлик билан унасан.
Бир оқшомга шоирнинг куйган,
Юрагида қолиб тунасанг.

ЖИМ ЁЗАР

Самони тўлдирар парвози афгор,
Қулочин ёзмайди чўққида сорлар.
Заргарга менгзалиб қанча дурадгор,
Ёғочга айланди қутлуғ чинорлар.

Риёнинг юзига иниб борар доғ,
Ғурурдан бўшайди алпларнинг кўкси,
Сиподан от ясаб чопади маддоҳ,
Товони яғирдай йўрғалар йўқсил.

Саҳрода санқимас ошиқи содиқ,
Айритил фасодлар топмайди қазо.
Курашмай енгилар нечалаб фотиҳ.
Чилторини узиб йиғлар муҳтазод.

Учқунлар чирмашар осмон тоқига,
Зиёга берилгай чоҳларда карам.
Жим йўяр табиат, алмисоқига,
Шеърини жим ёзар Ислом Али ҳам.

БОЛАЛИКНИНГ БИР ОҚШОМИ

Ярим тун, ой сочин таради.
Хаёл тортиб кетар домига.
Секин ҳавас билан қарадим,
Болаликнинг бир оқшомига.

Бола эдим, қизиққон топқир.
Қўлтиғимни севарди китоб.
Ўттиз варақ қолди негадир,
Қийнар эди энг охирги боб.

Бир китобча дунёси, дуни.
Варақларга сиғарди борлиқ.
Қувиб солар эди уйқуни,
Мутолаага бўлган хуморлик.

Лойсупада ётиб юзтубан…
Шу жойида букланар варақ.
Ёнгинамда сарғимтил туман
Ва керосин ҳидли мойчироқ.

Шу жойида ёпилар китоб.
Қўрқув босар беихтиёр жим.
Тиззаларим қалтирар, шу тоб
Ваҳимадан титрайди ичим.

Давом этай десам чора йўқ.
…у ётарди талашиб жонга.
Номардларнинг милтиғидан ўқ,
Текган эди бош қаҳрамонга.

Жим ётаман босади қўрқув,
Қаҳрамонга ачиниб жуда.
Кўзларимга йиғилади сув,
Сув қуйгандай жим-жит ҳовлида.

Ҳеч илинмас уйқуга кўзим.
…ўлмагандир тирикдир балки.
Қаҳрамонни яратиб ўзи,
Ўлдиради ёзувчи халқи.

Мен китобга сингиган бола,
Хотимани ўйлаб толмайман.
Гар ўқисам тинчим йўқолар,
Ўқимасам тинч ётолмайман.

Хоҳиш қўйди юзимга қадам.
Сўнг букилган вароққа бордим.
Тирилтир деб қайта дам-бадам
Муаллифга яна ёлвордим.

Сўнгги бобда хиралашар кўз.
Саҳарда дил ёришиб чиқди.
Туш кўрибман, тушимда ёвуз
Қотил билан олишиб чиқдим.

У

У саҳарлаб турмайди эрта,
У тунда ҳам эрта ётмайди.
Сукунатда ёзилган шеърдан,
Ҳайқириқлар яратар айтиб.

У ҳар куни жўнайди ишга,
Елкасида турмушнинг юки,
Дам чақа, дам чекига тушган,
Сўзбозликни қолади уқиб.

Нимагадир ўй сурар узоқ
Ва узоққа термулади жим,
Бўялади нечалаб вароқ,
Деразадан отилар ғижим.

У шошмасдан қайтади ишдан,
Фидокордай кўкрагин кериб.
Ҳеч нарсага, нолишдан бошқа,
Ўхшамайди бирорта шеъри.

У дунёга қилади зарда,
Қийшиқ тараб ўсган сочини.
Бисотига тўплаб сўзлардан,
Кейин ўзи кетар сочилиб.

Уни ҳаёт шундай авраган,
Дўстининг йўқ бирорта марди.
Садоқатдан сўзлаб даврага,
Бермоқчи ҳам бўлади тартиб.

Уни ютар сукутнинг мунги,
Ғовурдан ҳам бўлар дили ғаш.
Қийин ахир, китобга сингиб,
Хотинига билдирмай йиғлаш.

Шу зайлда ўтказади кун,
У ўзини излаган дайди.
Ундан фақат шеър сўраш мумкин,
Ундан кўнгил сўраб бўлмайди.

ЙЎЛ

Бу йўллар — соғинчни қалқитган наҳр,
Бу йўллар — дорбознинг доридай тикка.
Кезарман, бир тараф — тошланган чақир,
Бир тараф иккита работдан чиққан.

Юрарман иккита манзилга қараб,
Гоҳ хаёл, гоҳида қадамлар билан.
Кўзга яқинларга тўла бир тараф,
Бир ён сўзга яқин одамлар билан.

Кўнгилни иккига бўлган масофа,
Шаҳар эшитмайди оҳ-у додимни.
Мен дайдиб чангини чиқарган қирлар
Қўйиб юбормайди бир оёғимни.

Мени туш кўради ҳар тунда овул,
Дўконлар менингсиз очиб дафтарин —
Дўстларим турнадай кириб бағрига,
Чиқишда тентираб бузар сафларин.

Мен баланд уйларни оралаб, ҳашам,
Шеър ўқиб бораман дона-доналаб.
Ички чўнтагимнинг астаригача
Фаррошлик қилади емакхоналар.

Йўлнинг у бошида хира нур билан,
Тонгда ёнган чироқ каби ёнаман.
Онамнинг юзига исмим суртилар.
Бошпана топмаган боши панаман.

Бораман, келаман, йўлдаман ва ё
Юрарман қисматим — бурчимни ўтаб.
Ҳар сафар кузатар ўксиб бир аёл,
Йиғлаб этагимдан қўймас бир гўдак.

Сўз териб қатнайман икки бошига,
Тақдирнинг тадбирин билгай қай киши.
Э воҳ, бу йўллардан тайиндир бир кун
Кўзларимни юмиб жим-жит қайтишим.

Бу йўллар элтади икки работга.

БОРЯПМАН

Торт томоним чегара гарчи,
Тўсиқларни бузиб боряпман.
Севгинг – уммон, оқимга қарши
Қаергадир сузиб боряпман.

Савдо топдим ҳузур ахтариб,
Кўздан висол шиддати ариб,
Ўзим юпун, ўзимдан ғариб,
Минг чоралар тузиб боряпман.

Мени телба этган ўй нима,
Ё севгининг маккор ўй(и)нима?
Сочларингни чирмаб бўйнима,
Ҳар толангни узиб боряпман.

Бирида ёш, биттасида қон.
Икки кўзим – икки сиёҳдон.
Кўзимга чўп ботириб, жонон,
Суратингни чизиб боряпман.

Гоҳида гул, гоҳи дил босиб,
Манглайимга гуноҳлар ёзиб,
Ҳар оҳингни елкамга осиб,
Тумор каби тизиб боряпман.

Товонимни чўғга ишқалаб,
Ёниб тутар бўлдим ишққа лаб,
Юрагингга ўтдан ишқ қалаб,
Ҳовурида қизиб боряпман.

Энди аччиқ ёшман, севгилим,
Кипригингдан бошланар йўлим,
Лабларингга етмоқлик – ўлим,
Кўзларингдан сизиб боряпман.

КУЗ

Деразам ортини чўмилтирар куз,
Саҳарлаб чинорлар олмиш таҳорат.
Намиққан хазоннинг исидай туйқус
Хаёл бўйламоққа излайди чора.

Тўкилмоқ шоирга юксалишдай гап,
Очиққан руҳингни ололсанг чайиб.
Ёмғирлар ошиқни мастликка чорлаб,
Кўкдаги соқийнинг қуйилган майи.

Сен ҳам томчиларга тавалло айла,
Азизим, кузакда туйғулар вожиб.
Ишқпараст конгилга толдириб ҳайрат,
Шаҳарни қитиқлар осмоннинг сочи.

Мен жим кезарканман хиёбон узра,
Конглимни ийдириб соғади исминг.
Яланғоч дарахтлар ҳайқирар музлаб:
«Куз ҳам муҳаббатнинг бир бўлак қисми».

Мени оғушига ямлайди бу боғ,
Сочимнинг тукига сингади иқрор.
Азизим, кўзингни ёдлатиб шундоқ,
Яхшиям соғиниб яшашга куз бор.

ТУМАН ТУШГАН ЙЎЛЛАР

Туман тушган бу йўллар карахт,
Дийдангга куй ўрнашар ҳазин.
Шохидан сув ичиб бир дарахт,
Томиридан тугар мевасин.

Ҳуввв қишлоққа боққинчи, фақир,
Уввв кўнгилга боққин беватан.
Ёки бирор пирим қирма-қир,
Адашганми чўлоқ тевада.

Сал ҳушингни йиғиб ол энди,
Бу адирлар ҳурликка мойил.
Кенгликка сўз тикканча тентиб,
Дўнгликка кўз тиксангчи шоир.

Ё шаштингни ивитдими май,
Қани ишқда тобланган байтинг,
Нега завжанг ичикса боқмай,
Нечун боланг жилмайса қайтдинг.

Тун беради мавҳумий савол,
Бургутлардан кела бошлар хат.
Тополмасдан руҳингга даво,
Яшаш ахир ўлимдай дахшат.

Йўқол дейди тўлмаган зухал,
Ва қол дейди ярим ой қози.
Сукунатнинг бардоши тугар.
Йиртиб ташлар тирқишни мозий.

Адашдими арқоннинг учи,
Ҳақсизликка сотардинг ғазаб.
Сўнг ўлмаган виждонни қучиб,
Йиғласанг ҳам туярдинг маза.

Сўлган каби отангнинг боғи,
Қуритдими сўлингни ҳандак.
Ёмоқ босиб тўнингга ёғий,
Ҳеч курашни қилмайди канда.

Учолмайсан қанотинг мавжуд,
Қучолмайсан кўкни, уриб тўш.
Овулингда майхона гавжум,
Овулингда масжидлар бўм-бўш.

Йўл кутади бу йўллар ҳамон,
Бутун қишлоқ бўй чўзар якка,
Кўзларини очар оломон,
Шеърларингни босиб юракка.

ЁМҒИР

Булут сепиб турар сув офтобада –
Уч кунлик келиндай ялтираб туси,
Энг ширин ҳисларга тутганча бадан,
Шаҳар қилиб олар тонггача ғусл.

У нозик қалтираб, оҳис, мастона
Чайиб олар экан нозик танини
Мен ойна ортидан лабларим қонаб
Кузатдим Тошкентнинг чўмилганини.

Деразани очсам эҳтирос – ташим,
Ўн олти яшардек қайта суюндим.
Мен ухлаёлмадим. Шаҳар тезлашиб,
Ҳеч ким уйғонмасдан бурун кийинди.

Энди тўқсон кунлик баҳорий чилла
Ва шунча кезади намиққан туйғу.
Кўпирган булутлар туйқус шитирлаб
Ойнанинг ортига бермайди уйқу

Bugungi kun o‘zbek she’riyati iqlimida faol ijod qilayotgan yoshlar ko‘p. Ana shunday shoirlardan biri Islom Alidir.

Islom ALI
SHE’RLAR

Islom Ali — 1993 yil Samarqand viloyati Qo‘shrabot tumanida tug‘ilgan. O‘zbekiston davlat san’at va madaniyat instituti talabasi. Besh tashabbus olimpiadasi «Mushoira» tanlovining respublika bosqichi g‘olibi (2022). O‘zbekiston Yozuvchilar uyushmasi tomonidan o‘tkazilgan an’anaviy Zomin seminari ishtirokchisi (2022).

***

Sen ketib borarsan, shamol sochingning,
Rangiga bo‘yaydi tunning bag‘rini.
Ortingdan ichikkan go‘dakday zor-zor,
Madorsiz tuyg‘ular chopar og‘rinib.

Sen ketib borarsan, beg‘am, betashvish.
Men senga termulib behush qaytaman.
Ko‘nglimda bir kurtak tag‘in urar nish.
Ertak ozor bilan tugar qaytadan.

Sen ketib borarsan, o‘rtamizdagi
O‘tmish yarasini silar — talangan.
Pinhona tikilgan o‘t nigohingdan
Yuzimga tutashib ketar alanga.

Keyin men ketarman, gohi o‘ylarim,
Gohi oyoqlarim sarxush chalkashib.
Men sendan uzoqlab ketganim sari,
Men senga shunchalar bo‘larman yaqin.

Sen ketib borarsan o‘ychan va sokin.
Men ketib borarman sipqorgancha may.
Yonimga jilmayib chiqqan ayolni
Sening isming bilan chaqirdim bilmay.

O‘rtamiz shu tunday uzun cho‘zilgan.
Nuraydi bir oniy visolning ko‘shki.
Sen ketib borarsan, ikki ko‘zingda
Dengizday chayqalib boradi ishqim.

Sen ketib borarsan…

***

Kunning quchog‘idan ariydi hovur,
Muzdek yel o‘ynashib chiqar tun bilan.
Sharobning hididan eltib haytovur,
Bog‘larning pinjida tunar sumbula.

Kuzatar, hasaddan qushlar hurpayib,
Olovtus barglarning telba raqsini.
Bulutlar hayolga cho‘mgani sayin
Ko‘pirar, ko‘lmakda ko‘rib aksini.

Mezon xiromiga burkanar dala.
Yoz bo‘yi toliqqan musichalar jim.
Teraklar soqolin qirtishlab chala,
Ko‘kning avzoyiga bo‘lar munajjim.

Tabiat bog‘ ichra qorishtirar rang.
Ishkomlar nozlanib egilar yerga.
Havoda muallaq chayqalar ohang,
Ikkiqad tiyramoh intiqdur she’rga.

Borliqning sukuti cho‘zilmas uzoq,
Ichikib kutgan u oy-yillarini.
Dard bilan dunyoga keltirar kuzak
Ko‘klamga oshufta shoirlarini.

YOZ OQSHOMLARI

1
Shingil uzumlarga dog‘ tushdi takror.
Uch kunda qaridi o‘riklar — qoqi.
G‘ovurli kezlarni qilgancha xumor,
Kengliklarda oqshom mizg‘iydi sokin.

Bog‘larning isini obqochar shamol.
Shotutlar bandidan uzilar ilkis.
Chirog‘ini yoqib ovulga, hamon,
Oqshom, suhbatlarni izlaydi, dilgir.

2
Ovulni sargardon kezadi uzlat.
Oftob yelkasiga turar o‘t qalab
Chuvlashib, yuzini berkitgan qizlar
Shudgorning sochini yular timdalab.

Ko‘chalar qoraygan,
Yo‘llar qoraygan,
Dalalar qoraygan,
Cho‘llar qoraygan,
Hali qush uyg‘onmay dalaga chiqqan,
Ro‘moli ostida yuzi ter jiqqa,
Kunlik maoshini sepiga yiqqan,
No‘xat yulgan qadoq qo‘llar qoraygan.

Ohista shafaqni yechintirar shom.
Iziga adashmay qaytadi poda.
Yamoq to‘rva bilan qaytar izdihom.
Do‘konga chiqadi charchagan odam.

Govmishini shoshib iydirar buzoq.
Shovullab chelakni to‘ldiradi sut.
Oqshom erkalaydi bu ovulni, yo
Bu ovul oqshomni erkalar yohud.

3
Ko‘chaning boshidan chalinar hushtak.
So‘ngidan bir sado keladi qaytib.
Chopishib, kenglikni kezmoqqa mushtoq,
Topishib olamiz, uch-to‘rtta daydi.

Yurakni o‘ynatar qo‘shiqlar sasi.
Ketamiz bo‘ysunib ko‘ngil azmiga.
«53» vinodan ichib kosasiz,
Qo‘shni ovuldagi qizlar bazmiga.

… Qaytamiz, unutib dunyoning g‘amin
Va ovloq qirlarda horib, tentigan.
Birimiz tamaki chekar, boshqamiz,
Anglamay ko‘p otgan nosdan eltigan.

Qaydadir kuchuklar uvillar cho‘zib.
Tutzorlar kerishib g‘ichirlar, zo‘rg‘a.
Pinakka yumilar osmonning ko‘zi.
Chuldirab dunyoni uyg‘otar to‘rg‘ay.

4
Intiq sog‘inaman endi har tunda.
O‘sha xumorlardan, bugun mastligim.
Hamon oqshomlarni tinglashim shundan,
Shundandir, har tunda uxlamasligim.

Hovlida o‘y surib chalaman hushtak
Va intiq kutaman uning galini.
Oyni chiroq qilib, g‘ovurga mushtoq
Oqshom jim izlaydi daydilarini.

NUR

Xayollarim hilolning
shu’lasiga chalkashdi,
Bu ko‘hna dun ichinda
ko‘nglim hamon sarkashdir.
Sukut ichra kimligim
ochib qo‘ydi jimligim,
Ko‘zlarimni aldab, so‘ng
so‘zlarimni alqashdi.

Aslida men dunyoning
hayratiga xaridor,
Ichimga jin qamalgan
yonida bir pari bor.
Gʻaflatdaman go‘yoki
Xayollarim va yoki
Pari uxlatmas, ajab,
Jin uyg‘otmas, darig‘o.

Sochini yig‘ib hilol
Xayolotga cho‘mgay. Siz
nahot, bo‘shliq ichinda
nursizlikka ko‘ngaysiz?
Cho‘kib ketar ko‘zlarning
Gavhariga qaro tun,
Men zulmatni ziyo deb
she’r aytishim o‘ng‘aysiz.

Jimdirman-u ichimda
asov tulpor pishqirar.
Tushimga sayrab turgan
parvozdagi qush kirar.
Sarxushligim tarqalib
uyg‘onsam, ag‘yor qolib
Ko‘z ochib ko‘rganlarim
ko‘nglimni taftish qilar.

Qo‘l uzatsam gullarga,
ochmas menga pinjini,
Zabonim bulbullarga
qiyos edi, inchunun.
Otam ilk va so‘nggi dam
uyg‘onmagan subhidam
Chinqirib bu dunyoning
buzib qo‘ydim tinchini.

Endi bildim: shoirlar
o‘z ko‘ngliga o‘zi yov,
Bosmagan odim — armon,
bosib qo‘ygan izi yov.
Ko‘kka boqsam negadir
yuzimga nur tegadir,
Padarimning bu hilol
ochmagan bir ko‘zi-yov?!

Shundan beri talato‘p
chalib kelar oyoqdan,
Xotiram jonlanadi
quvvat so‘rib mayoqdan.
Yoritgaydir shamchiroq
o‘tmishimning tasmasin:
Kunlarim go‘zal biroq,
o‘smirligim qayoqda?

Ha, esladim: ko‘zimga
Bir shavqi komron berdi.
Bir kun o‘sha hayratim
mayga cho‘kib jon berdi.
Dunyoni mast kuzatdim.
Tilanchi qo‘l uzatdi.
U tag‘in berdi hayrat
Men gadoga non berdim.

Rizqim ketti gadodan
og‘zim yumuq jilmaydim,
Unda nega xatolar
yonimdan hech jilmaydir?
Dunyoga tik boqib man
bitta sirdan voqifman.
Ko‘zidan nur qochgan, lek
dunyo o‘zi bilmaydir.

Bu borliqning xilqati
buncha chigal, murakkab.
Xudo, sendan bir qatim
nur tilarman yurakka.
Bu tun aro nurga o‘ch
ikki kaftim bir hovuch
Ko‘ksimga in qurgan qush
toki sayrab turarkan:
Xudo, sendan bir qatim
nur tilarman yurakka!
Xudo, sendan bir qatim
nur tilarman yurakka!

ALLALAYDI RUHIMNI SHOVQIN

Allalaydi ruhimni shovqin,
Evriladi jimlikdan toshlar.
Sarhushlikning boshlanar zavqi,
Har tolangning uchidan boshlab.

Devorlarning xaroba turqi,
Ko‘zyosh to‘la jomli ziyofat.
Shiddatingdan maddohlar hurkib,
Topar iblismonand qiyofa.

O‘rlab ko‘kka chirmashar xonish,
Hirom qilar sanoqsiz telba.
Biror kasning uzilmas joni,
Tiliga bir kalima kelmay.

Qiriladi nafsi mayiblar,
Basirlarning porlaydi ko‘zi.
Mag‘or jamiyatni ayblab,
So‘ng hammadan ketasan o‘zib.

Yupunlarning to‘kis hayoti,
Aqchadorlar g‘aribdan-g‘arib.
Tongga qadar hammasi botin,
Azondan so‘ng bari teskari.

Sotqinlarning tullak raqsidan,
Faryod urar teng yarim moziy.
Jami qabihliklar aksidan,
So‘riladi ruhingga oziq.

Kel.
Ruhingni yech.
Uxla.
Uyg‘on.
Pokdomonlik bilan unasan.
Bir oqshomga shoirning kuygan,
Yuragida qolib tunasang.

JIM YOZAR

Samoni to‘ldirar parvozi afgor,
Qulochin yozmaydi cho‘qqida sorlar.
Zargarga mengzalib qancha duradgor,
Yog‘ochga aylandi qutlug‘ chinorlar.

Riyoning yuziga inib borar dog‘,
Gʻururdan bo‘shaydi alplarning ko‘ksi,
Sipodan ot yasab chopadi maddoh,
Tovoni yag‘irday yo‘rg‘alar yo‘qsil.

Sahroda sanqimas oshiqi sodiq,
Ayritil fasodlar topmaydi qazo.
Kurashmay yengilar nechalab fotih.
Chiltorini uzib yig‘lar muhtazod.

Uchqunlar chirmashar osmon toqiga,
Ziyoga berilgay chohlarda karam.
Jim yo‘yar tabiat, almisoqiga,
She’rini jim yozar Islom Ali ham.

BOLALIKNING BIR OQSHOMI

Yarim tun, oy sochin taradi.
Xayol tortib ketar domiga.
Sekin havas bilan qaradim,
Bolalikning bir oqshomiga.

Bola edim, qiziqqon topqir.
Qoʻltigʻimni sevardi kitob.
Oʻttiz varaq qoldi negadir,
Qiynar edi eng oxirgi bob.

Bir kitobcha dunyosi, duni.
Varaqlarga sigʻardi borliq.
Quvib solar edi uyquni,
Mutolaaga bo‘lgan xumorlik.

Loysupada yotib yuztuban…
Shu joyida buklanar varaq.
Yonginamda sargʻimtil tuman
Va kerosin hidli moychiroq.

Shu joyida yopilar kitob.
Qoʻrquv bosar beixtiyor jim.
Tizzalarim qaltirar, shu tob
Vahimadan titraydi ichim.

Davom etay desam chora yoʻq.
…u yotardi talashib jonga.
Nomardlarning miltigʻidan oʻq,
Tekgan edi bosh qahramonga.

Jim yotaman bosadi qoʻrquv,
Qahramonga achinib juda.
Koʻzlarimga yigʻiladi suv,
Suv quyganday jim-jit hovlida.

Hech ilinmas uyquga koʻzim.
…oʻlmagandir tirikdir balki.
Qahramonni yaratib oʻzi,
Oʻldiradi yozuvchi xalqi.

Men kitobga singigan bola,
Xotimani oʻylab tolmayman.
Gar oʻqisam tinchim yoʻqolar,
Oʻqimasam tinch yotolmayman.

Xohish qoʻydi yuzimga qadam.
Soʻng bukilgan varoqqa bordim.
Tiriltir deb qayta dam-badam
Muallifga yana yolvordim.

So‘nggi bobda xiralashar koʻz.
Saharda dil yorishib chiqdi.
Tush ko‘ribman, tushimda yovuz
Qotil bilan olishib chiqdim.

U

U saharlab turmaydi erta,
U tunda ham erta yotmaydi.
Sukunatda yozilgan she’rdan,
Hayqiriqlar yaratar aytib.

U har kuni jo‘naydi ishga,
Yelkasida turmushning yuki,
Dam chaqa, dam chekiga tushgan,
So‘zbozlikni qoladi uqib.

Nimagadir o‘y surar uzoq
Va uzoqqa termuladi jim,
Bo‘yaladi nechalab varoq,
Derazadan otilar g‘ijim.

U shoshmasdan qaytadi ishdan,
Fidokorday ko‘kragin kerib.
Hech narsaga, nolishdan boshqa,
O‘xshamaydi birorta she’ri.

U dunyoga qiladi zarda,
Qiyshiq tarab o‘sgan sochini.
Bisotiga to‘plab so‘zlardan,
Keyin o‘zi ketar sochilib.

Uni hayot shunday avragan,
Do‘stining yo‘q birorta mardi.
Sadoqatdan so‘zlab davraga,
Bermoqchi ham bo‘ladi tartib.

Uni yutar sukutning mungi,
Gʻovurdan ham bo‘lar dili g‘ash.
Qiyin axir, kitobga singib,
Xotiniga bildirmay yig‘lash.

Shu zaylda o‘tkazadi kun,
U o‘zini izlagan daydi.
Undan faqat she’r so‘rash mumkin,
Undan ko‘ngil so‘rab bo‘lmaydi.

YO‘L

Bu yo‘llar — sog‘inchni qalqitgan nahr,
Bu yo‘llar — dorbozning doriday tikka.
Kezarman, bir taraf — toshlangan chaqir,
Bir taraf ikkita rabotdan chiqqan.

Yurarman ikkita manzilga qarab,
Goh xayol, gohida qadamlar bilan.
Ko‘zga yaqinlarga to‘la bir taraf,
Bir yon so‘zga yaqin odamlar bilan.

Ko‘ngilni ikkiga bo‘lgan masofa,
Shahar eshitmaydi oh-u dodimni.
Men daydib changini chiqargan qirlar
Qo‘yib yubormaydi bir oyog‘imni.

Meni tush ko‘radi har tunda ovul,
Do‘konlar meningsiz ochib daftarin —
Do‘stlarim turnaday kirib bag‘riga,
Chiqishda tentirab buzar saflarin.

Men baland uylarni oralab, hasham,
Sheʼr o‘qib boraman dona-donalab.
Ichki cho‘ntagimning astarigacha
Farroshlik qiladi yemakxonalar.

Yo‘lning u boshida xira nur bilan,
Tongda yongan chiroq kabi yonaman.
Onamning yuziga ismim surtilar.
Boshpana topmagan boshi panaman.

Boraman, kelaman, yo‘ldaman va yo
Yurarman qismatim — burchimni o‘tab.
Har safar kuzatar o‘ksib bir ayol,
Yig‘lab etagimdan qo‘ymas bir go‘dak.

So‘z terib qatnayman ikki boshiga,
Taqdirning tadbirin bilgay qay kishi.
E voh, bu yo‘llardan tayindir bir kun
Ko‘zlarimni yumib jim-jit qaytishim.

Bu yo‘llar eltadi ikki rabotga.

BORYAPMAN

Tort tomonim chegara garchi,
To‘siqlarni buzib boryapman.
Sevging – ummon, oqimga qarshi
Qayergadir suzib boryapman.

Savdo topdim huzur axtarib,
Ko‘zdan visol shiddati arib,
O‘zim yupun, o‘zimdan g‘arib,
Ming choralar tuzib boryapman.

Meni telba etgan o‘y nima,
Yo sevgining makkor o‘y(i)nima?
Sochlaringni chirmab bo‘ynima,
Har tolangni uzib boryapman.

Birida yosh, bittasida qon.
Ikki ko‘zim – ikki siyohdon.
Ko‘zimga cho‘p botirib, jonon,
Suratingni chizib boryapman.

Gohida gul, gohi dil bosib,
Manglayimga gunohlar yozib,
Har ohingni yelkamga osib,
Tumor kabi tizib boryapman.

Tovonimni cho‘g‘ga ishqalab,
Yonib tutar bo‘ldim ishqqa lab,
Yuragingga o‘tdan ishq qalab,
Hovurida qizib boryapman.

Endi achchiq yoshman, sevgilim,
Kiprigingdan boshlanar yo‘lim,
Lablaringga yetmoqlik – o‘lim,
Ko‘zlaringdan sizib boryapman.

KUZ

Derazam ortini cho‘miltirar kuz,
Saharlab chinorlar olmish tahorat.
Namiqqan xazonning isiday tuyqus
Xayol bo‘ylamoqqa izlaydi chora.

To‘kilmoq shoirga yuksalishday gap,
Ochiqqan ruhingni ololsang chayib.
Yomg‘irlar oshiqni mastlikka chorlab,
Ko‘kdagi soqiyning quyilgan mayi.

Sen ham tomchilarga tavallo ayla,
Azizim, kuzakda tuyg‘ular vojib.
Ishqparast kongilga toldirib hayrat,
Shaharni qitiqlar osmonning sochi.

Men jim kezarkanman xiyobon uzra,
Konglimni iydirib sog‘adi isming.
Yalang‘och daraxtlar hayqirar muzlab:
«Kuz ham muhabbatning bir bo‘lak qismi».

Meni og‘ushiga yamlaydi bu bog‘,
Sochimning tukiga singadi iqror.
Azizim, ko‘zingni yodlatib shundoq,
Yaxshiyam sog‘inib yashashga kuz bor.

TUMAN TUSHGAN YO‘LLAR

Tuman tushgan bu yo‘llar karaxt,
Diydangga kuy o‘rnashar hazin.
Shoxidan suv ichib bir daraxt,
Tomiridan tugar mevasin.

Huvvv qishloqqa boqqinchi, faqir,
Uvvv ko‘ngilga boqqin bevatan.
Yoki biror pirim qirma-qir,
Adashganmi cho‘loq tevada.

Sal hushingni yig‘ib ol endi,
Bu adirlar hurlikka moyil.
Kenglikka so‘z tikkancha tentib,
Do‘nglikka ko‘z tiksangchi shoir.

Yo shashtingni ivitdimi may,
Qani ishqda toblangan bayting,
Nega zavjang ichiksa boqmay,
Nechun bolang jilmaysa qaytding.

Tun beradi mavhumiy savol,
Burgutlardan kela boshlar xat.
Topolmasdan ruhingga davo,
Yashash axir o‘limday daxshat.

Yo‘qol deydi to‘lmagan zuxal,
Va qol deydi yarim oy qozi.
Sukunatning bardoshi tugar.
Yirtib tashlar tirqishni moziy.

Adashdimi arqonning uchi,
Haqsizlikka sotarding g‘azab.
So‘ng o‘lmagan vijdonni quchib,
Yig‘lasang ham tuyarding maza.

So‘lgan kabi otangning bog‘i,
Quritdimi so‘lingni handak.
Yomoq bosib to‘ningga yog‘iy,
Hech kurashni qilmaydi kanda.

Ucholmaysan qanoting mavjud,
Qucholmaysan ko‘kni, urib to‘sh.
Ovulingda mayxona gavjum,
Ovulingda masjidlar bo‘m-bo‘sh.

Yo‘l kutadi bu yo‘llar hamon,
Butun qishloq bo‘y cho‘zar yakka,
Ko‘zlarini ochar olomon,
She’rlaringni bosib yurakka.

YOMG‘IR

Bulut sepib turar suv oftobada –
Uch kunlik kelinday yaltirab tusi,
Eng shirin hislarga tutgancha badan,
Shahar qilib olar tonggacha g‘usl.

U nozik qaltirab, ohis, mastona
Chayib olar ekan nozik tanini
Men oyna ortidan lablarim qonab
Kuzatdim Toshkentning cho‘milganini.

Derazani ochsam ehtiros – tashim,
O‘n olti yashardek qayta suyundim.
Men uxlayolmadim. Shahar tezlashib,
Hech kim uyg‘onmasdan burun kiyindi.

Endi to‘qson kunlik bahoriy chilla
Va shuncha kezadi namiqqan tuyg‘u.
Ko‘pirgan bulutlar tuyqus shitirlab
Oynaning ortiga bermaydi uyqu.

44

(Tashriflar: umumiy 120, bugungi 1)

1 izoh

Izoh qoldiring