Jontemir. Yangi she’rlar

Ashampoo_Snap_2018.03.03_17h32m05s_003_.png    «Хуршид Даврон кутубхонаси» шеъриятимизнинг янги авлодига мансуб истеъдодли шоир Жонтемирнинг шеърлари билан мунтазам таништириб келмоқда. Бугун ҳам унинг янги шеърларини тақдим этмоқдамиз.

ЖОНТЕМИР
ЯНГИ ШЕЪРЛАР
09

***

Пианино клавишлари узраAshampoo_Snap_2018.03.03_18h22m39s_010_.png
Ҳаракатланаётган
сеҳргар бармоқлар —
Ёмғир кўл юзин чертар оҳисда.
Таралаётган куй
(Балки куй эмасдир, балки…)
Уйқудаги бокира қиздай
Шу қадар осуда,
Шу қадар гўзалки…
Дирижёр дарахтлар силкир шохини,
(Жонсиз япроқларни ёпинволган йўл.)
Осмондан тушётган
ерни соғиниб,
Миллионлаб нотани
чалаяпти кўл.
Соябонли ўриндиқда жим,
Юрак дарвозасин очиб қўйиб ланг.
Сигар тутатганча чорлайман
Исмма-исм
(до, ми, сол),
Ёприлиб киради қалбимга оҳанг.
Мен худди Бетховен.
Эшитмайману
Ҳис қиламан ич-ичимдан, бас.
Ахир бу —
Илоҳий куйнинг
Бастакори заминлик эмас.
Ёмғир кўл юзини чертар оҳиста…

14.11.2017.

***

1.

Симёғочнинг қулоғидай дик —
Сезгир осмон,
Ёмғирли ҳафта.
Соябонсиз (гўл) одамларни
Миниб олган бир кўча авто.
Гавжум кафе,
Сутли қаҳва.
Ажнабий қўшиқ:
«You are not alone».
Ойна яқинида икки севишган,
Кўзларида лим-лим ҳавас
Ва…
Бири учун севги муқаддас,
Бири учун — пайтава.

2.

Ҳар галгидек деразанг очиқ,
Ахир ёмғир!
(мендир эҳтимол)
Совуққон томчилардан қочиб,
Кириб олди хонанга шамол.
Кўзларимиз тўқнашди гулру,
Қарашларинг ўтли, ишқ талаб.
Тушунсангчи
«Мен сени севаман» бу —
Ҳамма айта оладиган гап.

3.

Юрак расмин чизиб ҳавода,
Мен томонга пуфладинг уни.
Эриб кетди қайноқ тафтимдан,
Титраб турган лабимга қўниб.
Сўнг ортимга қайрилдим мағрур,
«Севмайсизми?» дея сўрадинг.
Билмайсанки кўзлари биллур,
Кўксимдаги сенинг юрагинг.

4.

Боланинг қўрқувидек ҳаққоний,
Таъсирли —
Жон чиқар маҳал
пичирланган калима мисол
Илк бор Момо Ҳавони кўриб
Донг қотган Одам Ато
Ҳайратидай изҳор
Топмагунча то
Тилимга осилган қулфни
Очмасликка ичганман қасам.
…Қониб ишқ ҳўплаймиз ҳали лабо-лаб.
Фақат ҳозир…
Ахир тушунсангчи
«Мен сени севаман» бу —
Ҳамма айта оладиган гап!

5.
Ёмғир…

21.11.2017

БЎСА

Куз. Дарахтлар а-аста ечинди,
Арча бундан мустасно фақат.
Ёмғир —
Ишчи заминга жиндек,
Кўкдан узатилган чой-чақа.
Танга ёғар булутдан ийиб,
Хонаки гул — чеҳраси тажанг.
Ишҳақидан қуруқ қолмай деб,
Судралади ялқов чувалчанг.
Қанчасини чўнтакка тиқди,
Қудуқ. Унда карнай иштаҳа.
Туни билан йўталиб чиқди,
Усти-боши жиққа пул шаҳар.
Мен тонгача чиқмадим уйдан,
Керак эмас кўкнинг ойлиги.
Етиб ортар Унинг лабидан
Ўмарилган қайноқ бойлигим.

26.11.2017

***

Кўприкдан ўзини отмоқчи аёл,
Пастда дарё масиқиб оқар.
Сочларин сўнги бор сийпалар шамол,
Кўзлари уфққа мардона боқар.
Кўприкдан ўзини отмоқчи бир қуш,
Орзулари оғрийди қақшаб.
Идроки юлдузсиз осмондай бўм-бўш.
Синган қанот билан яшамоқ — даҳшат!
Кўприкдан ўзини отмоқчи Ҳаёт,
…қўллари кесилган симёғочларнинг.
Алданган ор-номус, топталган ҳаё,
Газетлар кутмоқда мудҳиш хабарни…

25.12.2017

ДАРВЕШОНА
(Шаҳрисабзлик Одилхон девонага)

1.

Кўзларимни беркитинглар,
Сўнг қўлимга тутқазинг май.
Мен Ҳалложман!
Силкитинглар,
Хурмо эмас,
Шеър тўкилгай.

Нафсимга тош босган Набий,
Шундан ташқи ҳолим ғариб.
Ҳирсни Яъжуж-Маъжуж каби,
Келдим тоғларга қантариб.

Ишқдан қаср қилдим бунёд,
Кўрган борки, бўлар дудуқ.
Сирларингни ғофил дунё,
Қулоғимга айтар қудуқ.

Ўнглаб берар тушимни гул,
Кийиб олган руҳимни қуш.
Фаришталар ҳажримда кул,
Кафтим теккан тошлар — кумуш.

Бир куф-ф урсам тамуғ куяр.
Етти қават осмон уйим.
Гарчи Аллоҳ қаттиқ суяр —
Жаннатига етмас бўйим.

2.

Она, кимни туғдинг ўзи?
На одамман на малоик.
Кўча кезсам, жини қўзиб,
Қувгай сўқир, гўл халойиқ.
Дод соламан «азо-он але»,
Муллолари қилар таҳдид.
Дерлар: сандек девонанинг,
Тириклиги замонга зид.
Яллоларга йўқдир таъбим,
Сиздай яшолмасам нетай?
Туфроғинга аё Раббим,
Эрта келдим чоғи,
Кетай.

3.

Зулматда — нур,
Ғурбатда — нур,
Гоген чизган сувратда — нур,
Мусо кўрган қудратда — нур,
Ернинг юзи — дорилжунун.
Самодадир соғлар асли,
Ё тубонинг бўлган ҳасми,
Девонадир чўпми, ҳасми,
Ернинг юзи — дорилжунун.
Қаро кийиб бошдин оёқ,
Самоъ тушиб кездим саёқ.
Ўз отамдан едим таёқ,
Ернинг юзи — дорилжунун.
Дархтларни қучсанг кулгу,
Қўлинг ёзиб учсанг кулгу,
Ҳайитда май ичсанг кулгу,
Ернинг юзи — дорилжунун.
Мумкин эмас мастон юриш,
Отла кишнаш, итла ҳуруш,
Руҳинг билан суҳбат қуруш,
Ернинг юзи — дорилжунун.
Эй, гўрковлар жойим қайда?
Чорлаяпти мани Сайдим,
Тупугимга арзимайди,
Ернинг юзи — дорилжунун.

4.

Ёғмурга чайилиб
Шаффофлашган руҳ,
Пайғамбар қадами теккан тепалик.
Музликлар қаъридан бош кўтарган чўғ,
Лаъиннинг қонини ичган
Телбалик.
Хожасин кўйида девона занжи,
Ҳаром қоринларни
Еринглатган ниш.
Шаҳватхўр жасадлар куфридан ранжиб,
Замину
Фалакни менсимаган Ишқ.
…ва ҳайқирган ертилиб бўғзи,
У қўл урган энг сўнги гуноҳ.
(Ёзғувчини кечирсин Ўзи)
«Ла илаҳа иллаллоҳ,
Мажнуни расулуллоҳ!»

5.

Томиримни ёрди ишқ,
Бир бошимдан қорди ишқ.
Дулдулига мингазиб,
Ҳақ сори юборди ишқ.
Ё Оллоҳу, ё Оллоҳ,
Ҳақ дўст, ё Оллоҳ.

Ҳулвонинг шоҳидаги,
Ҳалложнинг оҳидаги,
Қақнус томоғидаги,
Руҳимни суғорди ишқ.
Ё Оллоҳу, ё Оллоҳ,
Ҳақ дўст, ё Оллоҳ.

Жинларнинг базми қизир,
Қайдасан Хожа Ҳизр?
Кавсардан чиққан сиззиб,
Ул чашми хуммордир ишқ.
Ё Оллоҳу, ё Оллоҳ,
Ҳақ дўст, ё Оллоҳ.

Йиғлатиб не моҳирни,
Оқизган ҳам Тоҳирни,
Ботинингу зоҳирни,
Покловчи дуодир ишқ.
Ё Оллоҳу, ё Оллоҳ,
Ҳақ дўст, ё Оллоҳ.

Олиб Жибрил шаштини,
Жовидоннинг даштини,
Ошиқликнинг гаштини,
Сурган шоҳсувордир ишқ.
Ё Оллоҳу, ё Оллоҳ,
Ҳақ дўст, ё Оллоҳ.

Заррадан дун жамлаган,
Оламни тарамлаган,
Яратган, яралмаган,
Яратган, яралмаган,
Яратган, яралмаган,
Тангри Таолодир ишқ.
Ё Оллоҳу, ё Оллоҳ,
Ҳақ дўст, ё Оллоҳ.

Кийиб олган руҳимни қуш…

14.02.2018

ЁМҒИР

Ёмғир.
Туйғулар рақси.
Ёмғир.
Қизил атргул.
Ёмғир.
Эзгин хотира.
Ёмғир.
Ишқнинг кўзидан
Томчилаётган қўшиқ.
Ёмғир.
Япроқлар куйлар жўшиб,
Такрорлайди майсалар,
Ҳатто тошлар шивирлаб…
Ёмғир.
Фақат менгина
Ёдлай олмадим сени.

29.10.2017

ТАБРИЗ СОҒИНЧИ

Озод қушлар, сайёҳ қушлар,
Табризга элтинглар мани.
Ўнгарилиб солиҳ тушлар,
Табризга элтинглар мани.

Қодир замин, масиҳ само,
Жобир қуюн, форам сабо,
Ёпинтириб жулдур қабо,
Табризга элтинглар мани.

Ҳақдан ўзга севгони йўқ,
Машрабманам девони йўқ,
Вале мандек девона йўқ,
Табризга элтинглар мани.

Йўл кўрсатинг сафедорлар,
Шамс Табризим, Шаҳриёрлар,
Дуо қилинг Чориёрлар,
Табризга элтинглар мани.

Ман Атоман Ҳавом қани?
Ғазалнавис аъвом қани?
Бундан ортиқ даъвом қани?
Табризга элтинглар мани.

Ишқ деганда дилим қонмас,
Тилим куймас, таним ёнмас,
Аллоҳ, Аллоҳ, жовидонмас,
Табризга элтинглар мани.

Фиравнга тенг ғурури,
Пошшо эдим кибор, пўрим,
Гадо бўлдим тушда кў-ўриб,
Табризга элтинглар мани.

Шаҳрисабз баридан пеш,
Бироқ кўнгил висолга эш,
Дийдорлашсин икки дарвеш,
Табризга элтинглар мани.

Қазо топсин шаби андуҳ,
Кел, эй Дулдул, Кемаи Нуҳ,
Тарк этмайин кўзани руҳ,
Табризга элтинглар мани.

Табризга элтинглар мани.
Табризга элтинглар мани.

29.11.2017

***

Хайр Тошкент,
Энди мен борай,
Тоғларимдан олайин хабар.
Булоқлардан кечирим сўрай,
Чўзилгани учун бу сафар.
Хайр метро, автобус, бекат,
Арча кўча…
Оловланган ҳис.
Мен ҳатто исмин билмайдиган,
Хайр сенга мовий кўзли қиз.
Жигарларим, чеҳраси тиниқ,
Шавққа тўла биллур қадаҳлар.
Ўрда. Анҳор. Таниш ўриндиқ,
Омон бўлинг шоир дарахтлар.
Бас дегунча дайдидим сенда,
Қарздорман олдингда пойтахт.
Лек қайтмасам бўлмайди энди,
Чорлаяпти қишлоқ отли бахт.
Унда мангу уйқуда бобом,
Ҳовлимиз ҳам ётмиш ҳувиллаб.
Оҳ, мункиллаб қолгандир момом,
Додор ўғлин эрта-кеч ўйлаб.
Танбеҳларга қулоқ илмадим,
Шаҳарда деб шоир ҳаёти…
Эшитдиму ўкраб йиғладим,
Сўйилипти тоғамнинг оти.
Жудоликлар айтсам бир талай,
Тонг отяпти, о, вақтим тиғиз.
Қучоғингдан қалбга ўт қалаб,
Олиб кетар саҳарги поезд.
Эсим қурсин, ҳа, яна бир гап,
Мен кетарман, чемадоним тахт.
Фақат шеър деб бағрингда юрган,
Мажнунларни ўкситма пойтахт.
Хайр Тошкен,
Энди мен борай…

21.07.2017
Ҳувайдо. «Дилбар» кафеси.

ҲАДИК

Мен тўсатдан ғойиб бўламан,
Балки саҳар,
Балки туш пайти.
Ижара ҳақини тўламай…
Сенга севишимни айтмай,
Ё айтиб.
Йўқотади Тошкент соямни,
Шаҳрисабз қолар ғафлатда.
Қайғу босар кекса доямни:
«Ёш эдия, аттанг, минг аттанг».
Чиқиллайди соат бемалол,
Гиёҳ чайнар оғринмай кийик.
Елкасида ўстирган ҳалол
Тоғлар, фақат тоғларга қийин.
Аввалгидай оқаверар сой,
Йигит қўшни қизга хат берар.
От бўлади гижинглаган той,
Телефонлар жиринглайверар.
Бу шаҳарнинг шоири камми?
Йиғламайди қизлар соч юлиб.
Кимдир илар сафар тўрвамни,
Унга насиб босмаган йўлим.
Хиёбонлар ҳувиллаб қолмас,
Майхонада чапани, саркаш.
Кўксин муштлаб шеър ўқиркан маст,
Ном чиқарар янги жанжалкаш.
Дўстлар аста унутгай номим,
Душманларим ўтгай тупуриб.
Ҳаққа ташна тўпаланг қоним,
Ўзга танда оқар кўпириб.
Мен тўсатдан…
Аён ҳаммаси,
Бундан дунё бўлмайди абгор.
Ҳар даврнинг ўз девонаси,
Ўз даҳоси,
Ўз жаллоди бор.
Фақат тоғлар,
Сени ўйлайман,
Эрта келса ажалим қувиб.
Тупроққа киришдан қўрқмайман…
Кейин қандай яшайди бувим?!

11.02.2018

***

1.
…Жаллоднинг болтаси
Маҳбус бошини
Чирт узиб ташларкан
Енгил зарб ила —
Бир хоним сакратиб қўйди қошини,
Бошқаси ингичка бўйнини силар.
«Исёнкор» калласи жойланган сават,
Миллионлаб кўзларга санчилар қаттиқ.
Уйига қайтаркан навбатма-навбат,
Хотинлар ўзича чайнайди мантиқ.

2.
Эрта яна ҳукм,
Яна бир қатл.
Оддий ҳол,
Оммага қилмайди таъсир.
Бу юртнинг шоҳи гўл,
Эри бесоқол,
Ягона қаҳрамон —
Жаллод болтаси!

3.
Болаларнинг орзуси эса,
Қачондир
Албатта қаҳрамон бўлмоқ.

25.12.2017

***

Зумуррад осмон,
Ажина шамол,
Тупроқ кўча,
Туркона ҳовли.
«Чумбулингни кесиб оламан» —
Қўшни чол,
Кўксига тушган соқоли.

Саратон. Катта ариқ. Лойқа сув,
Пахта даласидан қуйилар пайноб.
Молбоқар болалар,
Ўйин-кулгу,
Қий-чув,
Бригадр амаки:
Ғўзани еяпти!
Сигиринга қара, найнов!

Пешин.
Тутзор.
Кулга кўмилган картошка.
Қарта. Томошабин —
Бўрибосар ит.
Гугурт чўп (ишқалаб ёқилар тошга),
Йўталиб чекилган сигарет.

Маҳалланинг энг олди қизи,
Эртакдаги малика Будур.
Тун. Олмазор. Раиснинг ўғли
Ва У…
Ғажиб ташланган ғурур.

Қишлоқ девонаси — Одилхон,
Унинг ёқимли хиргойиси:
Тингла мени қабристон,
Дунё асли сабристон,
Исроилу Идрисдан
Қолган дилтумордир ишқ.
Лалай-ҳо-о, лалалай…
Қай бирини кўпроқ соғиндим
Бу хотираларни?!

Дала,
Қўшни чол,
Олмазор.
Қуриб ҳам қолгандир
пайноб ариқнинг суви.
Ҳайҳотдек ҳовлида
Сизни ёлғиз ташлаб кетган
Далли ўғлингизни кечиринг буви.

21.08.2017

***

Мен — 172 қаватли бино,
Ҳувиллаб ётибди барча хоналар.
Лифт ишдан чиққан,
Нураган зина,
Дарвозаси беркилган поналаб.
Ойналарин пардаси қора,
Ўтказмайди ой нурин — баттол.
Пештоқига қўрқинчи сўзлар
Ёзиб кетган номалум ҳаттот.
Ёмғир ювиб тушган рангини,
Бадбўй ҳид анқийди тирқишларидан.
Ҳеч йўқ олиб келинг бирор бангини,
Сўзлаб берсин кўрган, қилмишларидан.
(Ёлғизлик, тушкунлик руҳимга ҳоким.)
…Дарвосин бузинг,
Зирҳланган ойналарга қарата ўқ узинг,
Қуёшга тик қарайин токи!
Токи
Бокира кизлар кулгусин,
гўдак йиғисин,
Азон товушини эшитай қониб.
Қуриб бораётган лохас юрагим
Қайта кўкарсин
Майсаларнинг кўзёши томиб.
Ташқарида юрган одамлар,
Чўчимангиз бу зах бинодан.
Аямай муштланг деворларини,
Унинг уйғонмаги сизларга боғлиқ!
О, билсангиз эди руҳимнинг
Ёлғизликдан зерикканин не чоғлик.

24.11.2015

***

Ҳа, бутунлай кетдим қишлоқдан,
Дала-туздан қўлимни ювиб.
Бир гўзалнинг кўнглида мотам,
Йиғлаб қолди изиллаб бувим.
Чопиб чиқди ортимдан Қоплон,
Қувдим. Қочди тутзор оралаб.
«Қайт изинга, ношукур, нодон»,
Сўкиб қолди дўстлар бўралаб.
Менчи, ортга ташлаб барини,
Кетдим, жанга шошган ботирдай.
Ўтгандан сўнг бор кўприкларни,
Ёқиб юбор битта қолдирмай!
Хайр кишлок, маъсума синглим,
Билмам балки кибирми бу ё.
Йўл истайди луливаш кўнглим,
Оғушинга ол мени дунё!
Юртфуруш деб қаргаманглар, бас,
Англаяпман улғайган сари.
Шоир учун бир қишлоқ эмас,
Ватан эрур бутун ер шари.
Тангрим, кўриб турибсан ўзинг,
Измингдаман, тилимда такбир.
Не қилсанг қил, бурмагин юзинг,
Йўлга тушдим, Аллоҳу Акбар.

30.10.2017

ҚАЧОНДИР

Човушар ишқла жунун,
Мум тишлагай фаросат.
«Аё Ҳақ» деб минг Мажнун,
Тарқаб кетар саросар.
Майсалар етар кўкка,
Соясин қирга ташлаб.
Дордан дунёни сўка,
Сакраб тушар шоҳ Машраб.
Излаб асл ботирин,
Заминга қўнар Семурғ.
Қабатида Қодирий,
Совутин кияр Темур.
Тулпорларин нафаси,
Ҳавони қилиб фалаж.
Иблиснинг араваси,
Адо этиб қайтар ҳаж.
Тоғлар чайқалар карахт,
Чақмоқ ойга тортар мил.
Оёқ чиқарар дарахт,
Қудуқларга битар тил.
Муштдек изидан отнинг,
Етмишминг шаҳид нишлар.
Болтасида жаллоднинг,
Соқол олар дарвешлар.
Ёмғурмас ёғар юлдуз,
Сир қолмагай самода.
Худо билан юзма-юз,
Туриб сўзлашгай одам…

21.01.2018
Чимён.

ЧИМЁН

Довдиратиб қўйди дафаътан,
Муқанна тоғларнинг виқори.
Чўққиларда қурай деб ватан,
Ўрлайвердим тағин юқори.
Нур ялаган зирва ярақлар,
Қўрқув эса борар торайиб.
Ғира-шира имлар дарахтлар,
Деҳқоннинг юзидай қорайиб.
Эзганмасми ўпкамни тутун,
Ярим йўлда мункиганим рост.
Тўйиб баҳмал ҳаводан ютиб,
Мажолимга дам бердим бироз.
Сўнг бошимни кўтардиму тик,
Дедим: уят бўлар чарчасанг.
Ахир шаҳар эмиб ўсган, лек
Ҳисор туққан қашқирваччасан!
Тепиб кетди юрак бетоқат,
Тўрт оёқлаб юриб қўйдим мўл.
Тўхтамасдим, афсуски, фақат,
Қуёшгача эканда бу йўл.
Пастда қолган тўдамга атай,
Увладим,
«Кўр, кафтимда фазо!».
Қиличлар тўқнашган лаҳзадай,
Жаранглади товушим уззо-қ.
Қулфин очдим шунда кўр сирни,
(Унинг жойи шаҳар, тош-қирмас.)
Ватани чўққидир қашқирнинг,
Пастлаб кетган қашқир Қашқирмас!

21.01.2018

***

Мен ким?
Ошиқ,
Авлоди Мажнун,
Кавла, ушшоқ чиқар ҳамёндан.
Бир қултум май хумори учун,
Бор-йўғидан кечган Ҳайёмман.
Тушларида кўтариб довуш,
Ҳофиз билан шеър айтишган маст.
Табризийни соғинган ковуш,
Париларга хушдор, ишқпараст.
Нафсни қондан олган ажратиб,
Ваъдасидан топган тасалли.
Дунёсига пешоб сачратиб,
Хилватларда яшовчи далли.

Кўр оломон бош кўтарган тун,
Қоқ иккига бўлинган ҳилол.
Хожасидан айрилгандан сўнг,
Мадинани тарк этган Билол.
Ердан баланд, осмондан пастда,
Кўздан ғойиб ин қурган Семурғ.
Тайёрланиб учмоққа, аста
Енгиллашиб бораётган Руҳ.
Мен ким? Сарсон-саргардон юриб,
Сабоғини олган тош-қирни.
Ёлғончиман шеърда лоф уриб,
Сийлолмаган битта кампирни…

19.02.2018

***

Бу ёмғирлар бошланди қачон?
Ва тўхтайди қаерга келиб?!
Ув-в соғинчинг бераҳм қачов,
Юрагимни ташлади тилиб.
Кунларимни ямламай ютар,
Ичимдаги машрабий йиғи.
Ҳисларимга ханжардай ботар,
Ўтсиз бўсаларнинг синиғи.
Тушларимни ғижимлайман,
Оҳ,
(Қишлоқ. Буви, Тарлоним — йўқсиз).
Сизиб чиқар на қон на сиёҳ.
Ўткир шароб куйдирар бўғзим.
Нигоҳимни уфққа тўшайман,
Шивирлайман жилғадек оқиб:
Эртагаёқ ишдан бўшайман,
Сўнг тоғларга кетгум улоқиб!
Шоир вафо қиларми ахтга?
Ҳар ёмғирда янгиланар лафз.
Кўниколмас силлиқ пойтахтга,
Кўксимдаги авбош Шаҳрисабз.
Оёқлади яна битта қиш,
Ҳулво бўйин қўмсайди димоғ.
Юртдан олис бахт ҳақда ёзиш,
Таҳоратсиз намоз ўқимоқ.
Бу ёмғирлар бошланди қачон?
Ва тўхтайди қаерга келиб?!
Фақат висол, висолдир нажот,
Умидингни узма севгилим…

21.02.2018

ЛЕРМОНТОВ

Менга ёқар қизғин давралар,
Баҳслар аро топилган севинч.
Руҳиятим далли, дарбадар,
Оғир-босиқ бўлолмадим ҳеч.
Тариф берманг: қалби гул, майин.
Сал-пал билгум ҳатто Худони.
Шоир бўлсам ҳамки нетайин,
Томиримда жанжалкаш қони.
Бирор касда устун келиб нафс,
Мушт ўқталса босмайди титроқ.
Ортимда мард, баҳодир Кавказ
Турганда уятдир чекинмоқ!
Гарчи кўнглим эмасдир оҳу,
Лаб босмадим тизлаб ялпизга.
Шунчалик тош эсамда ёҳу,
Енгилганман фақат бир қизга.
Сезилмайди бунда ҳеч алам,
Ошиқ аҳли азалдан билар.
Баъзан мағрур қояларнинг ҳам,
Бойчечакка дўнгиси келар.
Ожиздирман, балки сиз ҳақсиз,
Ишқ бу Ватан! Елкамда қўли.
Ватанини жангу жадалсиз,
Ёв измига берганга ўлим!

16.11.2017

ҲОЖИМУРОД

Мен дунёга келаётган дам,
Оташин дард қилган доялик.
Феъли юмшоқ жўралар шундан
Яшолмайман сокин қоядек.
Томиримда қон эмас қайноқ
Лава оқар кўпириб, тошиб.
Қўлимда эрк аталмиш байроқ,
Урҳолардан чиқмайди бошим.
Тинч юрмаклик менга етти ёт,
Куйдурмаса севмам бир қизни.
Кишнамаса у қандайин от,
Тўлқинларсиз денгиз денгизми?!
Олис йўлга тушган жангчига,
Раҳмдиллик ташқидан ташқи.
Ўзгартаман дея чалғиманг,
Ут ейдими ҳеч замон қашқир?
Паналарда қимтиниб, пусиб,
Жон сақламоқ туркийларга ор.
Кун кечирсанг сокин, бир йўсин,
Севмас ҳатто ул парвардигор.
Сен-да янчиб юмшоқ феълликни,
Тайёр тургин жангу жадалга.
Ҳу азалдан жабр, қулликни,
Кўнгли бўшлар қўйган ватанга.
Хулоса қил, бошингни кўтар,
Дунолмайсан қиличга, майли.
Ўтмасидан умринг беҳуда,
Ҳеч бўлмаса ханжарга айлан!

11.11.2017

***

Юрагим — телефон.
Муҳим қўнғироқни кутаётир у
Йигирма уч йилдан буён.
Хотирасида
Бегона рақамлар ётар қалашиб,
Аламки,
Кутгани эмас,
Адашиб тушарлар
фақат адашиб…
Юрагим — телефон.
Тун-кун пиқиллайди гўшагин
Кўксимга тақаб.
Соврилиб битяпти адашганлар ва
Туйнуксиз ёлғизлик чангалида Вақт.
Қачон сим қоқасан
Кутилган рақам?!

22.11.2017

***

М.га

Мен ўзидан чиқиб кетган одамман
чидаб бўлмас Оғриқ таъсирида
кенгликка сачрагану
жисмига қайтиб кирмаган
шаккок Товуш
чайилиб гулларнинг бўйига
учқунлаган
чақмоққа тегиб
коинотнинг ёйилмасида
сайёрасин йўқотган Товуш
хотирангиздаги жасадим холос —
аслида йўқ
айни чоғда ҳамма ердаман

20.12.2017

***

1.
Михлаб қўйдим деворга вақтни,
Сенсизлигим ўсар гуркираб.
Ҳовлидаги уч тўп дарахтнинг
Тушларига қайноқ чўл кирар.
Сутли қаҳва тусайди чашка,
Озиқланмас шеър билан очлик.
Саҳийликни билмайди Тошкан,
Чўнтагимда мизғир мухтожлик.
Иштаҳанинг жахлин қўзғатиб,
(Ортиғига етмас имконим)
Сўнги тамакимни чўғлатиб,
Варақлайман Евтушенкони.

2.
Ҳаловатим бормайди кўпга,
Илҳом ақл деворин муштлар:
Дарахтлар учишди жанубга,
Патларини тўкворди қушлар…
Ўхшамади.
Асаблар таранг,
Ғудранаман ойга (куяман) —
Ёқмаяпти совуқ башаранг!
Дарпардани тортиб қўяман.

3.
Хотирангни очор сукунат,
Титкилайсан ўтмишни — чўри.
Ғаладондан топилган сурат,
Бор кучингни олади сўриб.
Сенга таниш сулув суратда,
Ёнида ёт, келишган жасад.
Қўлингдаги ханжарни тикка,
Ўшанинг кўксига санчасан!

4.
Тумшуғимни кўтарар ғурур,
Далда берар Навоий, Жомий.
Кўзларимдан сизиб чиқару,
Лабларимни куйдирар номинг…

6.12.17

ТОШЛАНИШ

Фикратимда чумоли мисол
Ўрмалайди беёқим шубҳа.
Суймаганга улашдинг висол —
Савол улка-ан!
Жавоби — мубҳам.
Ғамдан оғир руҳиятим бор,
Ҳе йўқ, бе йўқ кўкка сапчимас.
Бироқ қалбдан тўкилди оҳор,
Бўғзим ертиб чиқди ўткир сас.
Ғазабимни чўғлатар шағам,
Алам қониб қонимни ичар.
… Сени қучар қўллари дағал…
Ит ялади Ойни бу кеча.

2.
Ким чақмоқни қилар парвариш?!
Парчаланди осмоним — қондил.
Йигит ёшда бошланди қариш,
Барча ёзган шеърларим — рондел.
Қобирғамни синдирди бу тун,
Кўздан азоб томчилар чак-чак.
Хона совуқ, устига тутун,
Оромкурси учар ҳалинчак…
Ғижимлайман ронделларимни,
Итқитаман ахлат қутига.
…Бутлаб бўлмас қондилларимни,
Чайган билан йўлбарс сутига.
Ойнани очаман. Ташқари яхоб,
Яланғоч ҳисларим жунжикар.
Тамакимни чертганим заҳот,
Оловланиб кетди кунчиқар.

3.
Кулгуларинг кўзимга санчиб,
Қайтиш йўлин унутган надим.
Беш йил таъми бузилган аччиқ
Хотирангни обдон чайнадим.
Рўй бермади қайта учрашув,
Янги дунё очмоққа шайман.
Ютсам — жонга қасд қилганим шу,
Кечир, сени туфлаб ташлайман.

7.12.2017

СЎНГИ МАКТУБ

Сени Шаҳрисабзда кутаман
Амир Темур хиёбони
Оқсарой пойида
залволрли қадамларсиз келажакка кетиб бораяпкан ҳарсанг
севимли ўриндиғига соя ташлаб турган дарахт каби
Офтоб қиздирганда ҳам
ёмғир
серюлдуз осмон остида
қўзғалмай бир дам
Сени Шаҳрисабзда кутаман
Фасллар тушини ўнгариб
енгимга беркитиб қип-қизил олма
қарзга шароб олиб узумзорлардан
ўктам сабр билан тоғликларга хос
Сени Шаҳрисабзда кутаман
Хоҳ Бухоро хоҳ Парижда бўл
шоҳона этагинг ўнлаб югурдак
кўтариб юрсада
мен турган тупроқ
чапани кулгим
сари тортаверар
машуқ юрагинг
аллақандай куч
қачондир қайтасан турналар мисол
шунда
пахмоқ сочим ва
иккимиз ҳарид қилган пояфзалимдан
таниб оласан мени
ҳар галгидек ўткинчиларга
шеър ўқиб бераётган бўларман балки
умидим синдиролмас
сукунат жаранги
тобора яшариб бораётган соғинч
руҳимда ҳечвақо қолмади кутишдан бўлак
шу қадар енгилманки
йиғланган булутман
агар
агарсиз кел
унутма
Сени Шаҳрисабзда кутаман

3.01.2018

***

Телбалигингман сенинг
Зулматинг
Тушларингда чорловчи товуш
Бир умрлик ғусса
Сарҳушлигинг
Лабларингда қартайган бўса
Кенглигингман
Ҳайқир
Ёмғирли тун
Соябонинг олиб қочган шамол
Хиёбондаги ёлғиз ўриндиқ
Исминг ўйилмаган дарахт
Вужудингни ҳаракатлантираётган
Шиддатли куй
Асов эҳтирос
Бирор юракка санчилмаган
Ишқ
Ханжарингман

8.01.2018

***

Мен ажриқман,
Эҳтиёт бўлинг!
Тирноқдек томирим тушса
юрагингизга
Босиб оламан вужудингизни.
Сиз
Гулларни севасиз,
Қуёш,
Отлар ва
Гитар оҳангларини.
Мен эса ажриқман!
…бурдаланг,
Лайлак уясида
қирқ йил қурутинг —
Ўлмайман!
Кўча,
Хиёбон,
Автобус…
Самалётда ҳам ҳушёрликни йўқотманг.
Мен — ажриқман.
Юрагингиздан бошқа ерда ўсмайдиган
Ажриқ.

4.03.2017

***

Сенсизлик қурт каби емирар онгни,
Рақамлар кўпайтмасидан иборат ҳаётда
Адашиб юрибман нигор,
Адашиб.
Ҳар қадамда таъқиқ белгилари:
У ёғи ғам,
Нарёғи дард.
Тўрт томони қибла
Сенли кунларни соғиндим.
Улкан сўроқларга йўлиқавериб
Тош қотган юрагимни
юмшатиб бер менга.
Бўлинмас сон каби ёлғизлик…

22.05.2017

***

Беркитаман деразаларни,
Занжирлайман эшикни
Маҳкам.
Хонам бўйлаб учиб юрипти,
Қўзғолончи сўзлар галаси.
Эрк бериб бўлмайди уларга!
Фикратимдан қафас тиклайман,
Ачқимтир тамаки тутуни ила
Бирма-бир жойлайман
Ҳаллож сўзларни.
Бўйсунишни истамай узоқ,
Чинқиришар раҳмимни қўзғаб.
Аямай тишлашар чаккаларимни.
Қайсарликларига қарамай
Нафис қанотларин
Совуққон лабларим қўйвормас.
Тонгача чўзилар олишув,
Баъзан ҳафта,
Баъзида ойлаб.
Барибир уларга эрк бера кўрманг!
…Дунёни янгилар жиловланган сўз.

31.12.2017
Қарлуқ

***

Кеча бир дўстим
тарк этди мени,
Бутун шаҳарни:
Оғирёқ автобуслару
Тунги хиёбонлар,
Мудроқ газетлар,
Китоблар қанча.
Бисотимда ҳеч ким қолмади:
Аввал отам,
Кейин онам,
Мана энди…
Ҳей, гул сотувчи қиз!
Ортиқ сизни безовта қилолмайди у,
Хат ташишдан қутулдим мен ҳам.
Ижарачи кампир йиғлар.
Чекаман.
Қулоғим остида жаранглар тинмай,
Келажак ҳақдаги ўтли сўзларинг…
Юраги ўзидан каттароқ Одамлар даврасида
кўришгунча дўст.

17.01.2018

***

Кулгуларинг сиғмас ҳобимга,
Қушлар учмиш бағримдан, яниб.
Оғироёқ изтиробимга,
Нур ҳўплатган қўлларинг қани?!
Оёғида чаннаган чориғ,
Кўнгил дайдир, беҳуш, ширакайф.
Туйғуларнинг лаблари ёриқ,
Ҳиссиётлар висолсираган.
Симираман тунни, тугамас,
Чорлайди безовта товушлар.
Инграр руҳим ололмай нафас,
Ёлғизлик анқиган оғушда.
Сенли кунлар энди кўп қадим,
Ҳамон зулмат солади қутқу.
Сув ўтлари мисол чайқалиб,
Видо айтган сочларингми бу?..

7.01.2018

БЕЗОВТАЛИК

Юролмайсан уйда бемалол,
Ўқилмаган китоблар ҳаққи.
Телефонинг жиринглар
— Алло!
Ахборотлар қилади таъқиб.
Чекилмаган тамакинг хомуш,
Якунига етмаган шахмат.
Столинга бериб ётган тўш,
Оқ қоғознинг нигоҳи — даҳшат!
Майхўр дўстинг улашган вино,
Ва бобонгдан қолган жойномоз.
Экрандаги севимли кино,
Симторлари тортилмаган соз.
Ғижимланиб кетар ғазабинг,
Ололмайсан вақтингни тўплаб.
Ғаладонда ётар асабий,
Машуқангдан келган мактублар.
Ором билан ўртангда низо,
Мушт тушурар ташвишнинг қўли.
…деразадан кузатиб узоқ,
Аста қайтар изига ўлим.

6.01.2018

ҚАСОС

Қонли ҳаво,
Осмон қонаяпти.
Тарновлардан шовуллаб
тўкилмоқда қон.
Қон шимган палтонинг тугмаларига
Илондек чирмашиб олган важоҳат
Симёғоч,
Ариқ,
Дайди итлар нигоҳи —
Ҳамма ёқда қон
ҚОН!
Қурбони томон
Кетаётган ханжар
лабидаги сигарадан ўрлаётган ўткир қон ҳиди
Димоғини куйдирар туннинг…

7.01.2018

***

Бир зулматнинг ичидаман,
Навқирон, тар ғурбатнинг.
Сойлар оқмас шарқираб,
Чигирткалар сайрамас.
Руҳим қолмиш шалвираб,
Юрагимни ўйнамас —
Тасодифий учрашув,
Туйқус рўй берар даҳшат.
Елкасида кўтарган
Қани у мағрур тоғлар?
Ҳар тонг меҳр ушатган
Лабларинг қайда қолди?
Чўнтагимда қўлларим,
Ғижимлайман ҳавони…
Бир зулматнинг ичидаман,
Баҳайбат бир қориннинг.
Наҳот шунчалар мушкул
Пишиб-етилган дардни
Эски, ҳорғин дунёга
Қайта бошдан келтирмак?!

25.01.2018

СУРАТ

Бандаргоҳ
Яланғоч оёғин денгиз кўмган аёл
Белигача уфққа ботган қуёш
Қанотларин ке-енг ёйиб
Қуритаётган чағалай
Тобора узоқлашиб бораётган кема
Палубадан қирғоқ томон
бош кийимин силкиётган Матрос соғинчи…

27.01.2018
Broadway

***

Ажабланманг тағин эртага,
Лом-лум демай эшик қулфласам.
Шоир зоти чилвирсиз варрак,
Учгай шамол қайга пуфласа…
Аравада келаётган ким?
Жаҳонгашта лўлилар,
Ҳа, рост!
Ола кетинг мени, ўтинчим,
Қўшиқ айтай, ўйин туш раққос.
«Йигирма йил маҳбусдек юрдик,
Яшамоқни ўргандик сал-пал.
Дунёсини чўнтакка урдик,
Чал, лўлиқиз, гитарангни чал.
Дўст тўпладим мўмин, ғайридин,
…қоним кўпроқ сизга тортади.
Бир сулувни севдим, айрилдим,
Бир умрга етиб ортади.
Энди сочин силасин шамол,
Майли, қалбим қолсин қуруқшаб.
Сендан кечдим эй соҳибжамол,
Ташлаб кетган отамга ўхшаб.
Ҳаётимда кўп едим дакки,
Кекса тоғлар айтманг фалсафа.
Шеърдан бошқа ҳар не қалбаки,
Шеърдан бошқа бари — сафсата!
На онам бор демоқликка «қайт»,
На кучугим бўлолмагай ғов.
Қай довондан ўтаётган пайт,
Кўксимга тиғ урар балки ёв —
Чўчимайман, шаштим сўнмагай,
Шоир умри азал мураккаб.
Ўз ажали билан ўлмаган,
Ҳеч замонда машрабюраклар!»
Ажабланманг тағин эртага,
Лом-лум демай эшик қулфласам…

3.01.2018

ҚУВҒИН

Видо шимган либосин ечиб
Юрак кетиб борар
Яланғоч юпун
Суқланиб тикилар
Бепушт симёғоч
Масиққан дарахтлар қошидан
Мағрур
Ўз-ўзига ғарқ
Ўз-ўзин ютиб
Юрак кетиб борар
Маюс бепарво

2.
Қишги тупроқ ширин уйқуда,
Шеърга мавзу излаяпти тун.
Жим илдамлар оғир қайғудан,
Юлдузларни чўчитмаслик-чун.
Оч бўридай ташланар афсус,
Ғашлик эзар — бигиз пошнали.
Ноҳақ жазо юкланган маҳбус
Каби аста борар тошланиб.

3.
Ғижимланган сигарет мисол,
Тан — қутидан итқитилган у.
Теваракда
(пўкак) сумбатлар бисёр,
Бирига жойлашиб олсачи?
Ва шу…
Томирлари тортилган таранг,
(Чангаллашга боши бор на қўл)
Ортга қайтиб тўқимоқ найранг,
Ё тан бермоқ.
Қай бири маъқул?!

4.
Осмон жим,
Туйғулар фалаж.
Ичиб қўйган умидни нафрат.
Хуррак отар тақдир — мунажжим,
Видо шимган либосин ечиб
Юрак кетиб борар
Манзили нигун.
Йўлнинг эса сўнги кўринмас…

31.01.2018

СУЯНЧИҚ

Тўлқиндек, пишқирдим, кўпирдим,
Ўзни ўтга урдим атайлаб.
Оғриқсиз юзларга тупурдим,
Яшамадим бошим авайлаб.
Йигитлигим йўл тортиб олди,
Ўтган кунлар асрларга тенг.
Юрагимда бир сулув қолди,
Юз сулувнинг юрагида мен!
Кечди йиллар шиддатлар аро,
Таваккал деб Парвардигорга.
Жаллод билан симирдим шароб,
Гоҳо борим тикдим қиморга.
Қай кўнгилда каъба тикладим,
Қай эшикдан топдим маломат.
Унутмадим Тангри ҳикматин,
Фақат унга айтдим саловат.
Ботинимда зилзила қўпиб,
Қуршаганда онгни ғам-ёғи.
Пешонамдан оҳиста ўпиб,
Тинчлантирган руҳни илоҳий
Куч сезардим ичимда мудом,
Қўллаяпти дердим Она Ер.
Неъматларин қилару ином,
Сўрагани арзимаган шеър…
Демак бари беҳуда эмас,
Чекинмайман зинҳор-базинҳор.
Ҳали етти иқлимга сиғмас,
Куйланмаган қўшиқларим бор.

1.11.2017

***

Кўниколмай соддаликка ҳеч,
Мен шаҳарга бўлдим равона.
Шундан бери юрагим нотинч,
Соғиндингми ўғлингни она?
Ижодхонам, китоблар, кулдон,
Ғашинга тегарди ёзишим.
Оила қур, ер ҳайда, пул топ,
Йўқса тайин хушдан озишим
Дея ўғлинг койирдинг тез-тез,
Қулоғимга илмасдим аммо.
Нима қилай мени деҳқонмас,
Шоир қилиб яратди Худо.
Шаҳарда ҳам бойиганим йўқ,
Сўз кетидан юрибман сарсон.
Ўзгармадим: ўша далли, шўх…
Қўй, хавотир олма онажон.
Лек чопоним қучганча сармаст,
Мен дайдини кутганинг кутган.
Билмайсанки ўғлинг эсипаст,
Шеърдан бошқасини унутган.
Бас, ўзингни қийнама ёҳу,
Тамом бўлди юрагим қонаб.
Менга узун дуоларингу,
Сенга Худо ёр бўлсин, она.

1.09.2017

ҚОПЛОН

Болаликда итим бўларди,
Қўйган эдим отини Қоплон.
Қучоқласам бағрим тўларди,
Оғамдайин содиқ, қадрдон.
Қайда бўлсин ҳуштагимга шай,
Кўчаларда юрардим олиб.
Урушарди ўзин аямай,
Жангда доим чиқарди ғолиб.
Севган қизим соғиниб қай тун,
Отлангандим ёнига тўғри.
Бурқситганча оғзидан тутун,
Йўлим тўсди бир гала ўғри.
Оро кириб жонимга шу пайт,
Зумда етиб келиб изимдан.
Десам ҳамки «қайт, ортинга қайт»,
Ташлангани ҳамон эсимда.
Кўролмайин ичи қоралар,
Унга игна беришди, билдим.
Алдаб-сулдаб тутзор оралаб,
Ҳу-ув жарликда қолдириб келдим.
Ёдлаб олган қайтмоққа йўлни,
Аммо, аммо ортга қайтмади.
Гап тарқатдим қишлоқда «ўлди»,
Қилмишим ҳеч кимга айтмадим.
Оқиб ўтди мана қанча сув,
Худди бари тушда бўлгандай.
Қучоғимда ҳув ўша сулув,
Бахтли яшаб юрибман қандай?!
Ўйлайману сиғмас ақлга,
Нодонликдир, балки безбетлик.
Қоплон мени оғам деб билган,
Менчи унга қилганман итлик.

6.10.2017

КЎЗЛАРИНГ

Чорламади бежизга пойтахт,
Шаҳар тентиб юрибман бу кез.
Бунда сени учратдим — не бахт,
Куз қўйнида мовий кўзли қиз.
Аллақандай маюс юзларинг,
Ханжар каби совуқ икки лаб.
Аллоҳ, Аллоҳ мовий кўзларинг,
О, уларни бўлмас тасвирлаб!
Улгурмайман айтмоққа бир сўз,
Гавжум шаҳар «четроқ ўт, четроқ».
Олиб қочар гоҳо автобус,
Гоҳо ютиб юборар метро.
Йўқотаман изингни ҳар гал,
На исминг на манзилинг аён.
Излаб топай десам эй гўзал,
Биласан-ку, Тошкент бепоён.
Юрагимда бир ватан яшар,
Турон дея атайман уни.
Маликалик сенга ярашар,
Кел, шу юртда топсангчи қўним.
Иста олиб кетай жанубга,
Кўрсатаман Ҳисор тоғларин.
Сайр қиламиз ой чиққач кўкка,
Шаҳрисабз сўлим боғларин.
Унда тойлар юрар гижинглаб,
Буғдойзорни чайқатар сабо.
Булбулларнинг чах-чахин тинглаб,
Ором олар қалбинг дилрабо.
Фақат кўнглим дарвешона, ҳур,
Балки тоғлик бўлганим учун.
Ишқ қоплаган сочимга довур,
Телба руҳсиз яшамоқ нечун?!
Адо қилди кўзларинг мени,
Кўрмагунча йўқ эди дардим.
Илгарироқ учратсам сени,
Аллақачон шоир бўлардим.
Аммо нега маюс юзларинг?
Ханжар каби совуқ икки лаб.
Аллоҳ, Алоҳ, мовий кўзларинг…
Йўқ, уларни бўлмас тасвирлаб!
Иста, олиб кетай жанубга.

ЧОРЛОВ

Кофур исён юрак қаъримда,
Ҳаққа элтар отим ориқдир.
Мурдор каслар куракларимда,
Жобирнафас дўстга зориқдим.
Бот-бот имлар бахтнинг сулуви,
Ахта умид висолдан йироқ.
Қочса ҳамки оғзининг суви,
Бир иш келмас қўлидан бироқ.
Тентирайман даллию гаранг,
Кўчаларнинг елкаси яғир.
Дард — чўзилиб ётган чувалчанг,
Бурдаласам кўпаяр тағин.
Юлдузларга ўқталаман мушт,
Билмам нени қилганча талаб.
Сўнг йиғлайман тонгача бепушт
Симёғочни маҳкам қучоқлаб.
Бу шаҳардан тоғлар кўринмас,
Сурув ҳайдаб, чалаётган най.
Болакайнинг оёғига маст,
Йиқилсайдим.
На лаззат, бай-бай.
Қайдасан эй, қайралган қилич?
Миллион йиллик масофани чоп.
Қайғу тўри чирмаб олган зич
Кунжаклардан мени излаб топ.
Ҳеч бўлмаса овоз бер, ёҳу,
Ҳис қилайин эмаслигим тоқ.
Ва жанубга қараб Аллоҳу
Акбар дея кутайин муштоқ.
Кел, сидириб кўнгил доғини,
Фирдавсларга туташсин бўйим.
Гумбурлатиб Ҳисор тоғини,
Тушиб берай туркийча ўйин.
Кел, зулматга ботган куракнинг
Мудроғини пок кафтинг-ла арт.
Ажриқ босиб кетган юракни,
Бағринга бос.
Безларин қабарт.
Сендан ўзга бўлолмагай эл,
Оғринмайман бундан, ичикмам.
Гарчи мағрур эдим, бўрифеъл —
Совриляпман…
Фақат кечикма!
Жобирнафас дўстга зориқдим.

13.02.2018
Ўрда.

***

1.
Январ ёлғиз бувим сингари,
Бир кечада қолди-ку қариб.
…Чақмоқ-туннинг шоҳтомирлари,
Кўк юзига тепди қабариб.
Юрагимни ёпдингу шамол
Сочларинга урмасдан тароқ.
Эшитсангда деганимни
Қол!
Сачраб кетдинг томчилар аро.
Деразалар ҳайқирди:
-Кетма!!!
(Эзғиланди кафтимда сигар.)
Тўнғилладим ичимда:итман
Ва ўзимни тинчлатдим —
Етар!
Йўқ, етмади қафасдаги қуш
Озодликка чиққандек шиддат
Билан чопдим ортингдан сарҳуш.
Йиғлаб қолди ғурурим-идда.
Кўзойнагин артиб устма-уст,
Йўлим тўсди автолар сели.
Оёқлади манфур автобус,
Юзинчи бор йўқотдим сени.
Балки ҳақсан.
Кетишинг керак…
Ёмғир тинмас, ҳаво изғирин.
Ҳечвақосиз Парфи шоирдек,
Кўчаларда абгор изғидим.

2.
Сукунатдан ёпиниб мўйна,
Аччиқ ўтмиш ҳўплайман
(Майми?).
Кипригимга осилиб ўйнар,
Шўртак соғинч-
Ҳазилкаш маймун.
Аризасин ёзиб бошлиққа,
Киролмаган ходимдек ўсал.
Ҳилпиратар йингин бўшлиққа,
Оқ кўйлагим учрашув тусаб.
Телефонга қўл узатсам бас,
Мактуб сўрар ойнадаги қуш.
Суратингни қучиб олиб маст
Уйқусида китоб кўрган туш…
Энди қайтма.
Бугуноқ.
Ҳозир!
Силтаб тортиб афсус жиловин.
Ўчираман кулдонга босиб,
Сен ҳақдаги ўйлар оловин.
Эсламайман,
Мажнунга қасам,
Чақмоқ. Оқшом, бари-барини.
Фақат кечир унутолмасам,
Ўша январ ёмғирларини…
Сачраб кетдинг томчилар аро.

***

Тонг ойнага бошин суқмади,
Уйқуда осмон,
Уйқудадир Шош.
Хилватидан балқиб чиқмади,
Бир тутам соч ортидаги кўкимтир қуёш.
…Гул ҳиди таралар тўшакдан,
Қилмишлари достон бўсанинг.
Совуқ урган қора мушакдай
Кесволинган тили ғуссанинг.
Кўрилётган туш мутаносиб,
Бармоқларда ёқимли сезги.
Деразага юзини босиб,
Қор ёғишин кузатар севги…

3.12.2017

***

Оралиқни босиб ўтди қор,
Қайтаролди на дўқ, на фасл.
Ўша оқшом қордай беғубор
Лабларинга тегди нафасим.
Ишқ қуйилди кўзлар жомига,
Ўчирилди ҳадик тармоқдан.
Қоп-қора оловнинг комига,
Шўнғиб кетди жасур бармоқлар.
Нафислашган истагу майл,
Қоқ юракка кўрсатар тасир.
Тебратарди бизни бир зайл,
Бетховеннинг ой санатаси.
Эҳтиросдан мўртлашган вужуд,
Сўнги зарбга беролмайин дов,
Ақл томон бошлади ҳужум,
У ёғи сир. У ёғи — Ундов (!).
Ва айрилдик тонгача етмай,
Қололмадим, демадинг тўхтанг.
Сўнги бора ишқни ранжитмай,
Ажралишдик, чунки — уч нуқта (…).
Қор. Декабр. Ташвишлар ариб,
Бўшатаркан бўйинбоғимни.
Нафасимдан титраган ҳарир
Ўша тунни аччиқ соғиндим.

9.12.2017

***

Осмону фалакдан юмшоқлик ёғар,
Ўсиб борар ерда юмшоқлик.
Бирам совуқ далаю тоғлар,
Очиқ оғзи каби тимсоҳнинг.
Оғочларнинг сўнгаклари мўрт,
Бу шунчаки юзаки баҳо.
Пўстлоғини тешган билан қурт,
Илдизларда жон сақлар баҳор.
Бостирволган шаҳар ширвозни,
Маҳси-калиш қишлоқ удуми.
Бурқсиб пуфлар қўлбола ёзни,
Печкаларнинг метал хартуми.
Кун — капалак.
Тунлар қарғадек…
Бутун борлиқ ётганда ухлаб.
Иситгинг келади кафтингдек,
Музлаб қолган ойни куҳ-куҳлаб.
Қамал қилган ёвуз оқ пошшо,
Муслатгичда қолган майдайсан.
Қайноқ тушларингни ҳар оқшом,
Саҳройи Кабрга ҳайдайсан…
Илдизларда жон сақлар баҳор!

2013.

***

Бизлар узоқ суҳбатлашамиз,
Кўкаради эски хотиринг.
Гоҳ келишиб гоҳ талашамиз:
Ҳозир тирик бўлса Қодирий…
Саёҳатга бурилар мавзу,
Париж, Лондон, Истанбул, Макка.
Сиёсатга йўрғалаймиз сўнг,
Ташвиқотлар жойлаб юракка.
Тинч қўймаймиз пошшоларни ҳам,
Бошсиз қолган кўҳна Оқсарой.
Шаҳардаги юзаки ҳашам,
Кўчадаги ҳар битта гадой.
Ич-ичингдан ғазабга тўлиб,
Жимм қотасан бир зум, музлайсан.
Ва тўсатдан суҳбатни бўлиб,
Қуш каби эрк ҳақда сўзлайсан.
…Қўзғаламиз ночор, бўғриқиб,
Хайрлашамиз шунда зўрға биз.
Оҳ, негадир висол тўғрида,
Гап очишдан қаттиқ қўрқамиз.

26.12.2017

***

О, Марина!
Жувонмарг қушчам.
Сени ўйласам
Уялиб кетаман тириклигимдан,
Нафратланаман ҳаётдан
Ҳатто ватандан!
Қаҳвахоналарга иш сўраб
ёзган илтимосномаларингни
ўқиган ҳар қандай одамнинг
Тўкилиб кетар-ку юраги.
Наҳот ўша машум йиллар:
Яъни бошингни дорга тиккунча,
Ўғлинг — ягона суянчинг учун
Сўнги бора дастурхон тузаб
Самовотга учиб кетгунингча то
Топилмади ватанинг —
Рус халқи аро
Бирорта ҳам раҳмдил юрак?!

Ў-ў шўрлик Россия,
Шафқатсиз жаллод!

Нақадар ёқимли куйлар эди у…
Кераксиз қоғоздек обдон ғижимлаб
Ирғитган бўлсангда
чиркин бурчакка,
Барибир севарди,
Сени севарди!
Россияда унинг қайноқ лаблари тегмаган
41- йилдан кейинги тонглар,
Баҳорлар қолди холос.
«Кечирасиз, кўтаролмадим».

Марина,
Марина,
Исёнкор вулқон!
Тўлқин,
Қояларга келиб урган тўш.
Марина,
Онаси тухумдан очиб
Яна ўзи номуд қилган қуш.

14.11.2017

***

Кассага кираман,
Оламан билет,
Ва ўзни вагонга ураман.
Мени хомуш кузатар Тошкент,
…бекатда йиғлоқи қизни кўраман.
Поезд қўзғалар.
Бир кўнглим
Тушиб қол, дея қистайди.
Ахир қолишимни
Бутун бир шаҳар
Тағин анави қиз жуда истайди.
Дўстларим қўл силкир
«Шоир, омон бўл!»
(Ҳар кимнинг илдизи ўз ватанида)
Тошкент, сенла қолардим буткул,
Агар Шаҳрисабз бўлмаганида.

12.06.2017

***

Сигарамдан шифт томон
Ўрмалар оқ илонлар,
Сийрак соқолзоримни
Суғормакда кўзёмғир.
Юрагимнинг қаридан овоз келар-
Сўнди ишқ!
Кетдинг.
Ҳаммаси тамом.
Қия очиқ эшикдан
Ҳувиллаб кирар шамол.
Ортингдан чиқдим шошиб,
Сени қайтармоққамас,
Кесиб ташламоқ учун
Иккимизнинг исмимиз
ўйилган қайрағочни…
Болтанинг ҳар зарбидан фарёд чиқар —
Сўнди ишқ!

4.10.2017

* * *

Нодирабегимнинг шеъри

Руҳ тирбанд автобус эшигидан
Сирғалиб чиқмакка тиришар.
Совуқ ойналарга урар ўзини —
Унга ҳаво етишмас,
Ёмғир ҳиди анқиган ҳаво!
Тошбақа мисол
Ёлғизлигин орқалаганча
қалқиб турган
Бўм-бўш сумбатига тикилар
Аянчли…
Ўзига қадалган ўтсиз қарашлар
Тағин қўзғар жазавасини
Ва яна бақувват елкалар,
Ингичка, йўғон оёқлар аро
чиқишга йўл излар
Ташвишлар ортилган дунёдан.
Бир дақиқа тинч қўймас уни,
Бекатдаги исёнкор Нигоҳ!

8.10.2017

ҲУШТАК

Кокиллари ял-ял товланиб,
Бораяпти бир сулув қушдай.
Лаблар орасидан «о»ланиб,
Нам ҳавога сачради ҳуштак.
Қарамади, бироқ ортидан
Нигоҳларинг қолди пиқиллаб.
Енгилтаг ҳаётнинг қорнида,
Ўтиб кетди мана кўп йиллар.
Қайси куни яна учратдинг,
Бу гал ёлғиз эмасди аммо.
Пешонангдан афсусни артдинг,
Энди ҳуштак чалиш-муаммо.
Бор айбни руҳга ортасан,
Жипслашар тишларинг муштдай.
Босиб-босиб сигар тортасан,
Сал кам қирқни ҳатлаган Ҳуштак.

1.12.2017

ҲАСАД

Офтобда қизарган ер шари,
Ҳадемай узилар, банди мўрт.
Думини ичкари яшириб,
Туйнукдан осмонга қарар қурт.
Пайқамади чумчуқлар, анқов!
Ҳаво булут, қалам тортди қош.
Аригани аёнлашгач ғов,
Жой алмашди тағин дум ва бош.

НОЯБР ВА ШОИР

Қадам экиб борасан йўлга,
Тамакингни тортиб бемалол.
Меъзонларга чувалиб қолган,
Хаёлингни тўзғитар шамол.
Яланғоч қўлларин кўтариб,
Нажот сўрар осмондан дарахт.
Лаҳза сайин бормакда қариб,
Ўз-ўзини совурганча вақт.
Эплаб нурин сочолмай ҳалак,
Қуёш тортиб ўтирар бурун.
Зайифлашган кунлар-капалак,
Тун-қарғанинг умридай узун…
Нохос ҳушинг учиб кетар «вай»,
Бармоғингни куйдиради чўғ.
Чертиб яна янгисин чекай
Десанг бошқа сигаретинг йўқ.
Ҳаммасига аччиқма-аччиқ,
Қош чимириб, лабинг бурадинг.
Чунки қалбинг баҳордай очиқ,
Сарғаймаган эди юрагинг.

15.11.2017

РАШК

Коптогин йўқотган болага ўхшаб,
Сендан қолган хотираларни
Сувга айтиб йиғладим оқшом.
Кулиб тушган суратларингни
Хўп оқиздим қайиқча ясаб.
Ва тўсатдан тушдим даҳшатга —
Мен-ку сувга айтиб қутулдим,
Энди кимнинг қармоғидасан?!

17.07.2017

ТОШКЕНТ

Бу шаҳарда осмон ҳукумрон эмас,
Яшашмайди қуёшга қараб.
Ўз ҳолича яллиғланар уфқ,
Ўз ҳолича парчаланар кун,
Бедор қадамлар,
Бўғиқ шовқин ичра
кўзларин чирт юмиб
ухлашга урунар
Бир ҳовуч ҳапдори ҳўплаган кеча…
Бекатларда мизғир тақдирлар.
Ҳар қадамда учрайди тўп-тўп
Ташландиқ кўнгиллар уюми.
Саҳар.
Ҳеч ким кутиб олмас бокира тонгни,
Унга лаб босмакни истамас биров.
Шўрлик тонг
Беркилган дераза,
Баҳайбат дарвозалар қошида сарғаяр
Қари қиз мисол
Ва ортига қайтар оҳиста.
…ини минг танга ғарнинг.
Келажаги қориндор каслар
Елкаларин қабартар ўриндиқларнинг.
Ай, тўпори кўнглим менинг,
Ёввойи руҳим —
Ўрмонидан айрилган Маугли,
Билмадим, қайгача етар бардошинг.

УЙҒОНИШ
Е. Евтушенко хотирасига

Сен ўлмадинг, уйқуга кетдинг,
Шундоқ юрагимнинг устида.
Найрангбоз дунёни тарк этдинг —
Уйғонурсан ернинг остида!
Уйғонурсан, ажиб бир маъво,
Гўзалликдан қамашар кўзинг.
Одам сенсан, парилар Ҳаво —
Томоғингда довдирар сўзинг.
Бу уйғониш нақадар тотли,
Аллоҳ билан келмоқ юзма-юз.
Сен эртароқ чоптирдинг отни,
Менчи, ҳамон уйқудаман дўст.

МАУГЛИНИНГ КУНДАЛИГИДАН

Ўрмонимга элтиб қўй, Киплинг!
Илонларим, қашқирларим, сиртлонларим ёнига.
Мени сиғдирмади бу маккор дунё.
Инсон бўлмакни эплолман, билдим,
Ёввойи руҳимни саргардон қилдим,
Бир қизнинг пойига бекор йиқилдим…
Ғурурим чилпарчин,
Кўнглим чилпарчин,
Бўкириб йиғламоқ уятдир бунда.
Одамлар ичида юрибман гарчи,
Онгимни ёлғизлик чўқир қузғундай.
Мени ўрмонимга элтиб қўй, Киплинг.
Совуққон нигоҳ,
Серзарда арилар,
Осмонни кўтариб турган дарахтлару
Озод қушлар сайроғи,
Тимсоҳли дарёни соғиндим.
Бўлишмасин қанча бешафқат,
Хиёнат нелигин билишмас улар!
…кечир,
Инсон бўлмакни эплолмам, билдим,
Ёввойи руҳимни саргардон қилдим,
Бир қизнинг пойига бекор йиқилдим…
Мени ўрмонимга элтиб қўй, Киплинг.
Эшитяпсанми?
Элтиб қўй.
Ўтинаман…

***

От миниб шаҳарни кезиб юрибман,
Бошим тегай-тегай дейди қуёшга.
Тулпорим одимлар мағрур, ҳуркмай,
Ғалати қарайди модернест Тошкан.
Йўл бермоқ истамас ағёр автолар,
Ортимга қайтмоқни қилишар талаб.
Маҳбус симёғочлар боқар афтода,
Мен ҳамон боряпман олдга йўрғалаб.
Кўча тўла одам, бирида ҳавас,
Бурнини жийириб қарар қай бири.
Улар бизни йўлдан қайтара олмас,
Чўчима Тарлоним! Туркий айғирим!
Мақсадга етгунча қаддингни букма,
Тепангда кенг осмон, остда эна ер.
Тош отган касларга (нуқимай, сўкмай),
Жайдари шевангда кишнаб утавер.
Кўксингда гупирар тоғликлар ўти,
Туёғинг зарбидан эзилар асфалт.
Барча қийинчилик, ғовлардан ўтиб,
Келгунча сабр қил, о, сенга навбат.
Майда-чуйдаларга сарфлама кучинг,
Биламан, купкари қиляпти хумор.
Ҳозирча йўрғала, отишсин пичинг,
Олдинда пишқириб чопмак гали бор!
Факат сен чўчима, чўчима Тарлон.

4.11.2017

siluety-buhary_kozlova_alevtina_1394867884.jpg“Xurshid Davron kutubxonasi” she’riyatimizning yangi avlodiga mansub iste’dodli shoir Jontemirning she’rlari bilan muntazam tanishtirib kelmoqda. Bugun ham uning yangi she’rlarini taqdim etmoqdamiz.

JONTЕMIR
YANGI SHE’RLAR
09

Jontemir (Toshtemirov) 1994 yilning 18 sentyabrida Qashqadaryo viloyati Shahrisabz tumanida tug‘ilgan. 2013 yil Qarshi davlat universiteti qoshidagi 2-akademik litseyni tamomlagan.

09

***

Pianino klavishlari uzraAshampoo_Snap_2018.03.03_18h22m13s_009_.png
Harakatlanayotgan
sehrgar barmoqlar —
Yomg‘ir ko‘l yuzin chertar ohisda.
Taralayotgan kuy
(Balki kuy emasdir, balki…)
Uyqudagi bokira qizday
Shu qadar osuda,
Shu qadar go‘zalki…
Dirijyor daraxtlar silkir shoxini,
(Jonsiz yaproqlarni yopinvolgan yo‘l.)
Osmondan tushyotgan
yerni sog‘inib,
Millionlab notani
chalayapti ko‘l.
Soyabonli o‘rindiqda jim,
Yurak darvozasin ochib qo‘yib lang.
Sigar tutatgancha chorlayman
Ismma-ism
(do, mi, sol),
Yoprilib kiradi qalbimga ohang.
Men xuddi Betxoven.
Eshitmaymanu
His qilaman ich-ichimdan, bas.
Axir bu —
Ilohiy kuyning
Bastakori zaminlik emas.
Yomg‘ir ko‘l yuzini chertar ohista…

14.11.2017.

***

1.

Simyog‘ochning qulog‘iday dik —
Sezgir osmon,
Yomg‘irli hafta.
Soyabonsiz (go‘l) odamlarni
Minib olgan bir ko‘cha avto.
Gavjum kafe,
Sutli qahva.
Ajnabiy qo‘shiq:
“You are not alone”.
Oyna yaqinida ikki sevishgan,
Ko‘zlarida lim-lim havas
Va…
Biri uchun sevgi muqaddas,
Biri uchun — paytava.

2.

Har galgidek derazang ochiq,
Axir yomg‘ir!
(mendir ehtimol)
Sovuqqon tomchilardan qochib,
Kirib oldi xonanga shamol.
Ko‘zlarimiz to‘qnashdi gulru,
Qarashlaring o‘tli, ishq talab.
Tushunsangchi
“Men seni sevaman” bu —
Hamma ayta oladigan gap.

3.

Yurak rasmin chizib havoda,
Men tomonga puflading uni.
Erib ketdi qaynoq taftimdan,
Titrab turgan labimga qo‘nib.
So‘ng ortimga qayrildim mag‘rur,
“Sevmaysizmi?” deya so‘rading.
Bilmaysanki ko‘zlari billur,
Ko‘ksimdagi sening yuraging.

4.

Bolaning qo‘rquvidek haqqoniy,
Ta’sirli —
Jon chiqar mahal
pichirlangan kalima misol
Ilk bor Momo Havoni ko‘rib
Dong qotgan Odam Ato
Hayratiday izhor
Topmaguncha to
Tilimga osilgan qulfni
Ochmaslikka ichganman qasam.
…Qonib ishq ho‘playmiz hali labo-lab.
Faqat hozir…
Axir tushunsangchi
“Men seni sevaman” bu —
Hamma ayta oladigan gap!

5.
Yomg‘ir…

21.11.2017

BO‘SA

Kuz. Daraxtlar a-asta yechindi,
Archa bundan mustasno faqat.
Yomg‘ir —
Ishchi zaminga jindek,
Ko‘kdan uzatilgan choy-chaqa.
Tanga yog‘ar bulutdan iyib,
Xonaki gul — chehrasi tajang.
Ishhaqidan quruq qolmay deb,
Sudraladi yalqov chuvalchang.
Qanchasini cho‘ntakka tiqdi,
Quduq. Unda karnay ishtaha.
Tuni bilan yo‘talib chiqdi,
Usti-boshi jiqqa pul shahar.
Men tongacha chiqmadim uydan,
Kerak emas ko‘kning oyligi.
Yetib ortar Uning labidan
O‘marilgan qaynoq boyligim.

26.11.2017

***

Ko‘prikdan o‘zini otmoqchi ayol,
Pastda daryo masiqib oqar.
Sochlarin so‘ngi bor siypalar shamol,
Ko‘zlari ufqqa mardona boqar.
Ko‘prikdan o‘zini otmoqchi bir qush,
Orzulari og‘riydi qaqshab.
Idroki yulduzsiz osmonday bo‘m-bo‘sh.
Singan qanot bilan yashamoq — dahshat!
Ko‘prikdan o‘zini otmoqchi Hayot,
…qo‘llari kesilgan simyog‘ochlarning.
Aldangan or-nomus, toptalgan hayo,
Gazetlar kutmoqda mudhish xabarni…

25.12.2017

DARVЕSHONA
(Shahrisabzlik Odilxon devonaga)

1.

Ko‘zlarimni berkitinglar,
So‘ng qo‘limga tutqazing may.
Men Hallojman!
Silkitinglar,
Xurmo emas,
She’r to‘kilgay.

Nafsimga tosh bosgan Nabiy,
Shundan tashqi holim g‘arib.
Hirsni Ya’juj-Ma’juj kabi,
Keldim tog‘larga qantarib.

Ishqdan qasr qildim bunyod,
Ko‘rgan borki, bo‘lar duduq.
Sirlaringni g‘ofil dunyo,
Qulog‘imga aytar quduq.

O‘nglab berar tushimni gul,
Kiyib olgan ruhimni qush.
Farishtalar hajrimda kul,
Kaftim tekkan toshlar — kumush.

Bir kuf-f ursam tamug‘ kuyar.
Yetti qavat osmon uyim.
Garchi Alloh qattiq suyar —
Jannatiga yetmas bo‘yim.

2.

Ona, kimni tug‘ding o‘zi?
Na odamman na maloik.
Ko‘cha kezsam, jini qo‘zib,
Quvgay so‘qir, go‘l xaloyiq.
Dod solaman “azo-on ale”,
Mullolari qilar tahdid.
Derlar: sandek devonaning,
Tirikligi zamonga zid.
Yallolarga yo‘qdir ta’bim,
Sizday yasholmasam netay?
Tufrog‘inga ayo Rabbim,
Erta keldim chog‘i,
Ketay.

3.

Zulmatda — nur,
G‘urbatda — nur,
Gogen chizgan suvratda — nur,
Muso ko‘rgan qudratda — nur,
Yerning yuzi — doriljunun.
Samodadir sog‘lar asli,
Yo tuboning bo‘lgan hasmi,
Devonadir cho‘pmi, hasmi,
Yerning yuzi — doriljunun.
Qaro kiyib boshdin oyoq,
Samo’ tushib kezdim sayoq.
O‘z otamdan yedim tayoq,
Yerning yuzi — doriljunun.
Darxtlarni quchsang kulgu,
Qo‘ling yozib uchsang kulgu,
Hayitda may ichsang kulgu,
Yerning yuzi — doriljunun.
Mumkin emas maston yurish,
Otla kishnash, itla hurush,
Ruhing bilan suhbat qurush,
Yerning yuzi — doriljunun.
Ey, go‘rkovlar joyim qayda?
Chorlayapti mani Saydim,
Tupugimga arzimaydi,
Yerning yuzi — doriljunun.

4.

Yog‘murga chayilib
Shaffoflashgan ruh,
Payg‘ambar qadami tekkan tepalik.
Muzliklar qa’ridan bosh ko‘targan cho‘g‘,
La’inning qonini ichgan
Telbalik.
Xojasin ko‘yida devona zanji,
Harom qorinlarni
Yeringlatgan nish.
Shahvatxo‘r jasadlar kufridan ranjib,
Zaminu
Falakni mensimagan Ishq.
…va hayqirgan yertilib bo‘g‘zi,
U qo‘l urgan eng so‘ngi gunoh.
(Yozg‘uvchini kechirsin O‘zi)
«La ilaha illalloh,
Majnuni rasululloh!»

5.

Tomirimni yordi ishq,
Bir boshimdan qordi ishq.
Dulduliga mingazib,
Haq sori yubordi ishq.
Yo Ollohu, yo Olloh,
Haq do‘st, yo Olloh.

Hulvoning shohidagi,
Hallojning ohidagi,
Qaqnus tomog‘idagi,
Ruhimni sug‘ordi ishq.
Yo Ollohu, yo Olloh,
Haq do‘st, yo Olloh.

Jinlarning bazmi qizir,
Qaydasan Xoja Hizr?
Kavsardan chiqqan sizzib,
Ul chashmi xummordir ishq.
Yo Ollohu, yo Olloh,
Haq do‘st, yo Olloh.

Yig‘latib ne mohirni,
Oqizgan ham Tohirni,
Botiningu zohirni,
Poklovchi duodir ishq.
Yo Ollohu, yo Olloh,
Haq do‘st, yo Olloh.

Olib Jibril shashtini,
Jovidonning dashtini,
Oshiqlikning gashtini,
Surgan shohsuvordir ishq.
Yo Ollohu, yo Olloh,
Haq do‘st, yo Olloh.

Zarradan dun jamlagan,
Olamni taramlagan,
Yaratgan, yaralmagan,
Yaratgan, yaralmagan,
Yaratgan, yaralmagan,
Tangri Taolodir ishq.
Yo Ollohu, yo Olloh,
Haq do‘st, yo Olloh.

Kiyib olgan ruhimni qush…

14.02.2018

YOMG‘IR

Yomg‘ir.
Tuyg‘ular raqsi.
Yomg‘ir.
Qizil atrgul.
Yomg‘ir.
Ezgin xotira.
Yomg‘ir.
Ishqning ko‘zidan
Tomchilayotgan qo‘shiq.
Yomg‘ir.
Yaproqlar kuylar jo‘shib,
Takrorlaydi maysalar,
Hatto toshlar shivirlab…
Yomg‘ir.
Faqat mengina
Yodlay olmadim seni.

29.10.2017

TABRIZ SOG‘INCHI

Ozod qushlar, sayyoh qushlar,
Tabrizga eltinglar mani.
O‘ngarilib solih tushlar,
Tabrizga eltinglar mani.

Qodir zamin, masih samo,
Jobir quyun, foram sabo,
Yopintirib juldur qabo,
Tabrizga eltinglar mani.

Haqdan o‘zga sevgoni yo‘q,
Mashrabmanam devoni yo‘q,
Vale mandek devona yo‘q,
Tabrizga eltinglar mani.

Yo‘l ko‘rsating safedorlar,
Shams Tabrizim, Shahriyorlar,
Duo qiling Choriyorlar,
Tabrizga eltinglar mani.

Man Atoman Havom qani?
G‘azalnavis a’vom qani?
Bundan ortiq da’vom qani?
Tabrizga eltinglar mani.

Ishq deganda dilim qonmas,
Tilim kuymas, tanim yonmas,
Alloh, Alloh, jovidonmas,
Tabrizga eltinglar mani.

Firavnga teng g‘ururi,
Poshsho edim kibor, po‘rim,
Gado bo‘ldim tushda ko‘-o‘rib,
Tabrizga eltinglar mani.

Shahrisabz baridan pesh,
Biroq ko‘ngil visolga esh,
Diydorlashsin ikki darvesh,
Tabrizga eltinglar mani.

Qazo topsin shabi anduh,
Kel, ey Duldul, Kemai Nuh,
Tark etmayin ko‘zani ruh,
Tabrizga eltinglar mani.

Tabrizga eltinglar mani.
Tabrizga eltinglar mani.

29.11.2017

***

Xayr Toshkent,
Endi men boray,
Tog‘larimdan olayin xabar.
Buloqlardan kechirim so‘ray,
Cho‘zilgani uchun bu safar.
Xayr metro, avtobus, bekat,
Archa ko‘cha…
Olovlangan his.
Men hatto ismin bilmaydigan,
Xayr senga moviy ko‘zli qiz.
Jigarlarim, chehrasi tiniq,
Shavqqa to‘la billur qadahlar.
O‘rda. Anhor. Tanish o‘rindiq,
Omon bo‘ling shoir daraxtlar.
Bas deguncha daydidim senda,
Qarzdorman oldingda poytaxt.
Lek qaytmasam bo‘lmaydi endi,
Chorlayapti qishloq otli baxt.
Unda mangu uyquda bobom,
Hovlimiz ham yotmish huvillab.
Oh, munkillab qolgandir momom,
Dodor o‘g‘lin erta-kech o‘ylab.
Tanbehlarga quloq ilmadim,
Shaharda deb shoir hayoti…
Eshitdimu o‘krab yig‘ladim,
So‘yilipti tog‘amning oti.
Judoliklar aytsam bir talay,
Tong otyapti, o, vaqtim tig‘iz.
Quchog‘ingdan qalbga o‘t qalab,
Olib ketar sahargi poyezd.
Esim qursin, ha, yana bir gap,
Men ketarman, chemadonim taxt.
Faqat she’r deb bag‘ringda yurgan,
Majnunlarni o‘ksitma poytaxt.
Xayr Toshken,
Endi men boray…

21.07.2017
Huvaydo. “Dilbar” kafesi.

HADIK

Men to‘satdan g‘oyib bo‘laman,
Balki sahar,
Balki tush payti.
Ijara haqini to‘lamay…
Senga sevishimni aytmay,
Yo aytib.
Yo‘qotadi Toshkent soyamni,
Shahrisabz qolar g‘aflatda.
Qayg‘u bosar keksa doyamni:
“Yosh ediya, attang, ming attang”.
Chiqillaydi soat bemalol,
Giyoh chaynar og‘rinmay kiyik.
Yelkasida o‘stirgan halol
Tog‘lar, faqat tog‘larga qiyin.
Avvalgiday oqaverar soy,
Yigit qo‘shni qizga xat berar.
Ot bo‘ladi gijinglagan toy,
Telefonlar jiringlayverar.
Bu shaharning shoiri kammi?
Yig‘lamaydi qizlar soch yulib.
Kimdir ilar safar to‘rvamni,
Unga nasib bosmagan yo‘lim.
Xiyobonlar huvillab qolmas,
Mayxonada chapani, sarkash.
Ko‘ksin mushtlab she’r o‘qirkan mast,
Nom chiqarar yangi janjalkash.
Do‘stlar asta unutgay nomim,
Dushmanlarim o‘tgay tupurib.
Haqqa tashna to‘palang qonim,
O‘zga tanda oqar ko‘pirib.
Men to‘satdan…
Ayon hammasi,
Bundan dunyo bo‘lmaydi abgor.
Har davrning o‘z devonasi,
O‘z dahosi,
O‘z jallodi bor.
Faqat tog‘lar,
Seni o‘ylayman,
Erta kelsa ajalim quvib.
Tuproqqa kirishdan qo‘rqmayman…
Keyin qanday yashaydi buvim?!

11.02.2018

***

1.
…Jallodning boltasi
Mahbus boshini
Chirt uzib tashlarkan
Yengil zarb ila —
Bir xonim sakratib qo‘ydi qoshini,
Boshqasi ingichka bo‘ynini silar.
“Isyonkor” kallasi joylangan savat,
Millionlab ko‘zlarga sanchilar qattiq.
Uyiga qaytarkan navbatma-navbat,
Xotinlar o‘zicha chaynaydi mantiq.

2.
Erta yana hukm,
Yana bir qatl.
Oddiy hol,
Ommaga qilmaydi ta’sir.
Bu yurtning shohi go‘l,
Eri besoqol,
Yagona qahramon —
Jallod boltasi!

3.
Bolalarning orzusi esa,
Qachondir
Albatta qahramon bo‘lmoq.

25.12.2017

***

Zumurrad osmon,
Ajina shamol,
Tuproq ko‘cha,
Turkona hovli.
“Chumbulingni kesib olaman” —
Qo‘shni chol,
Ko‘ksiga tushgan soqoli.

Saraton. Katta ariq. Loyqa suv,
Paxta dalasidan quyilar paynob.
Molboqar bolalar,
O‘yin-kulgu,
Qiy-chuv,
Brigadr amaki:
G‘o‘zani yeyapti!
Sigiringa qara, naynov!

Peshin.
Tutzor.
Kulga ko‘milgan kartoshka.
Qarta. Tomoshabin —
Bo‘ribosar it.
Gugurt cho‘p (ishqalab yoqilar toshga),
Yo‘talib chekilgan sigaret.

Mahallaning eng oldi qizi,
Ertakdagi malika Budur.
Tun. Olmazor. Raisning o‘g‘li
Va U…
G‘ajib tashlangan g‘urur.

Qishloq devonasi — Odilxon,
Uning yoqimli xirgoyisi:
Tingla meni qabriston,
Dunyo asli sabriston,
Isroilu Idrisdan
Qolgan diltumordir ishq.
Lalay-ho-o, lalalay…
Qay birini ko‘proq sog‘indim
Bu xotiralarni?!

Dala,
Qo‘shni chol,
Olmazor.
Qurib ham qolgandir
paynob ariqning suvi.
Hayhotdek hovlida
Sizni yolg‘iz tashlab ketgan
Dalli o‘g‘lingizni kechiring buvi.

21.08.2017

***

Men — 172 qavatli bino,
Huvillab yotibdi barcha xonalar.
Lift ishdan chiqqan,
Nuragan zina,
Darvozasi berkilgan ponalab.
Oynalarin pardasi qora,
O‘tkazmaydi oy nurin — battol.
Peshtoqiga qo‘rqinchi so‘zlar
Yozib ketgan nomalum hattot.
Yomg‘ir yuvib tushgan rangini,
Badbo‘y hid anqiydi tirqishlaridan.
Hech yo‘q olib keling biror bangini,
So‘zlab bersin ko‘rgan, qilmishlaridan.
(Yolg‘izlik, tushkunlik ruhimga hokim.)
…Darvosin buzing,
Zirhlangan oynalarga qarata o‘q uzing,
Quyoshga tik qarayin toki!
Toki
Bokira kizlar kulgusin,
go‘dak yig‘isin,
Azon tovushini eshitay qonib.
Qurib borayotgan loxas yuragim
Qayta ko‘karsin
Maysalarning ko‘zyoshi tomib.
Tashqarida yurgan odamlar,
Cho‘chimangiz bu zax binodan.
Ayamay mushtlang devorlarini,
Uning uyg‘onmagi sizlarga bog‘liq!
O, bilsangiz edi ruhimning
Yolg‘izlikdan zerikkanin ne chog‘lik.

24.11.2015

***

Ha, butunlay ketdim qishloqdan,
Dala-tuzdan qo‘limni yuvib.
Bir go‘zalning ko‘nglida motam,
Yig‘lab qoldi izillab buvim.
Chopib chiqdi ortimdan Qoplon,
Quvdim. Qochdi tutzor oralab.
“Qayt izinga, noshukur, nodon”,
So‘kib qoldi do‘stlar bo‘ralab.
Menchi, ortga tashlab barini,
Ketdim, janga shoshgan botirday.
O‘tgandan so‘ng bor ko‘priklarni,
Yoqib yubor bitta qoldirmay!
Xayr kishlok, ma’suma singlim,
Bilmam balki kibirmi bu yo.
Yo‘l istaydi lulivash ko‘nglim,
Og‘ushinga ol meni dunyo!
Yurtfurush deb qargamanglar, bas,
Anglayapman ulg‘aygan sari.
Shoir uchun bir qishloq emas,
Vatan erur butun yer shari.
Tangrim, ko‘rib turibsan o‘zing,
Izmingdaman, tilimda takbir.
Ne qilsang qil, burmagin yuzing,
Yo‘lga tushdim, Allohu Akbar.

30.10.2017

QACHONDIR

Chovushar ishqla junun,
Mum tishlagay farosat.
“Ayo Haq” deb ming Majnun,
Tarqab ketar sarosar.
Maysalar yetar ko‘kka,
Soyasin qirga tashlab.
Dordan dunyoni so‘ka,
Sakrab tushar shoh Mashrab.
Izlab asl botirin,
Zaminga qo‘nar Semurg‘.
Qabatida Qodiriy,
Sovutin kiyar Temur.
Tulporlarin nafasi,
Havoni qilib falaj.
Iblisning aravasi,
Ado etib qaytar haj.
Tog‘lar chayqalar karaxt,
Chaqmoq oyga tortar mil.
Oyoq chiqarar daraxt,
Quduqlarga bitar til.
Mushtdek izidan otning,
Yetmishming shahid nishlar.
Boltasida jallodning,
Soqol olar darveshlar.
Yomg‘urmas yog‘ar yulduz,
Sir qolmagay samoda.
Xudo bilan yuzma-yuz,
Turib so‘zlashgay odam…

21.01.2018
Chimyon.

CHIMYON

Dovdiratib qo‘ydi dafa’tan,
Muqanna tog‘larning viqori.
Cho‘qqilarda quray deb vatan,
O‘rlayverdim tag‘in yuqori.
Nur yalagan zirva yaraqlar,
Qo‘rquv esa borar torayib.
G‘ira-shira imlar daraxtlar,
Dehqonning yuziday qorayib.
Ezganmasmi o‘pkamni tutun,
Yarim yo‘lda munkiganim rost.
To‘yib bahmal havodan yutib,
Majolimga dam berdim biroz.
So‘ng boshimni ko‘tardimu tik,
Dedim: uyat bo‘lar charchasang.
Axir shahar emib o‘sgan, lek
Hisor tuqqan qashqirvachchasan!
Tepib ketdi yurak betoqat,
To‘rt oyoqlab yurib qo‘ydim mo‘l.
To‘xtamasdim, afsuski, faqat,
Quyoshgacha ekanda bu yo‘l.
Pastda qolgan to‘damga atay,
Uvladim,
“Ko‘r, kaftimda fazo!”.
Qilichlar to‘qnashgan lahzaday,
Jarangladi tovushim uzzo-q.
Qulfin ochdim shunda ko‘r sirni,
(Uning joyi shahar, tosh-qirmas.)
Vatani cho‘qqidir qashqirning,
Pastlab ketgan qashqir Qashqirmas!

21.01.2018

***

Men kim?
Oshiq,
Avlodi Majnun,
Kavla, ushshoq chiqar hamyondan.
Bir qultum may xumori uchun,
Bor-yo‘g‘idan kechgan Hayyomman.
Tushlarida ko‘tarib dovush,
Hofiz bilan she’r aytishgan mast.
Tabriziyni sog‘ingan kovush,
Parilarga xushdor, ishqparast.
Nafsni qondan olgan ajratib,
Va’dasidan topgan tasalli.
Dunyosiga peshob sachratib,
Xilvatlarda yashovchi dalli.

Ko‘r olomon bosh ko‘targan tun,
Qoq ikkiga bo‘lingan hilol.
Xojasidan ayrilgandan so‘ng,
Madinani tark etgan Bilol.
Yerdan baland, osmondan pastda,
Ko‘zdan g‘oyib in qurgan Semurg‘.
Tayyorlanib uchmoqqa, asta
Yengillashib borayotgan Ruh.
Men kim? Sarson-sargardon yurib,
Sabog‘ini olgan tosh-qirni.
Yolg‘onchiman she’rda lof urib,
Siylolmagan bitta kampirni…

19.02.2018

***

Bu yomg‘irlar boshlandi qachon?
Va to‘xtaydi qayerga kelib?!
Uv-v sog‘inching berahm qachov,
Yuragimni tashladi tilib.
Kunlarimni yamlamay yutar,
Ichimdagi mashrabiy yig‘i.
Hislarimga xanjarday botar,
O‘tsiz bo‘salarning sinig‘i.
Tushlarimni g‘ijimlayman,
Oh,
(Qishloq. Buvi, Tarlonim — yo‘qsiz).
Sizib chiqar na qon na siyoh.
O‘tkir sharob kuydirar bo‘g‘zim.
Nigohimni ufqqa to‘shayman,
Shivirlayman jilg‘adek oqib:
Ertagayoq ishdan bo‘shayman,
So‘ng tog‘larga ketgum uloqib!
Shoir vafo qilarmi axtga?
Har yomg‘irda yangilanar lafz.
Ko‘nikolmas silliq poytaxtga,
Ko‘ksimdagi avbosh Shahrisabz.
Oyoqladi yana bitta qish,
Hulvo bo‘yin qo‘msaydi dimog‘.
Yurtdan olis baxt haqda yozish,
Tahoratsiz namoz o‘qimoq.
Bu yomg‘irlar boshlandi qachon?
Va to‘xtaydi qayerga kelib?!
Faqat visol, visoldir najot,
Umidingni uzma sevgilim…

21.02.2018

LЕRMONTOV

Menga yoqar qizg‘in davralar,
Bahslar aro topilgan sevinch.
Ruhiyatim dalli, darbadar,
Og‘ir-bosiq bo‘lolmadim hech.
Tarif bermang: qalbi gul, mayin.
Sal-pal bilgum hatto Xudoni.
Shoir bo‘lsam hamki netayin,
Tomirimda janjalkash qoni.
Biror kasda ustun kelib nafs,
Musht o‘qtalsa bosmaydi titroq.
Ortimda mard, bahodir Kavkaz
Turganda uyatdir chekinmoq!
Garchi ko‘nglim emasdir ohu,
Lab bosmadim tizlab yalpizga.
Shunchalik tosh esamda yohu,
Yengilganman faqat bir qizga.
Sezilmaydi bunda hech alam,
Oshiq ahli azaldan bilar.
Ba’zan mag‘rur qoyalarning ham,
Boychechakka do‘ngisi kelar.
Ojizdirman, balki siz haqsiz,
Ishq bu Vatan! Yelkamda qo‘li.
Vatanini jangu jadalsiz,
Yov izmiga berganga o‘lim!

16.11.2017

HOJIMUROD

Men dunyoga kelayotgan dam,
Otashin dard qilgan doyalik.
Fe’li yumshoq jo‘ralar shundan
Yasholmayman sokin qoyadek.
Tomirimda qon emas qaynoq
Lava oqar ko‘pirib, toshib.
Qo‘limda erk atalmish bayroq,
Urholardan chiqmaydi boshim.
Tinch yurmaklik menga yetti yot,
Kuydurmasa sevmam bir qizni.
Kishnamasa u qandayin ot,
To‘lqinlarsiz dengiz dengizmi?!
Olis yo‘lga tushgan jangchiga,
Rahmdillik tashqidan tashqi.
O‘zgartaman deya chalg‘imang,
Ut yeydimi hech zamon qashqir?
Panalarda qimtinib, pusib,
Jon saqlamoq turkiylarga or.
Kun kechirsang sokin, bir yo‘sin,
Sevmas hatto ul parvardigor.
Sen-da yanchib yumshoq fe’llikni,
Tayyor turgin jangu jadalga.
Hu azaldan jabr, qullikni,
Ko‘ngli bo‘shlar qo‘ygan vatanga.
Xulosa qil, boshingni ko‘tar,
Dunolmaysan qilichga, mayli.
O‘tmasidan umring behuda,
Hech bo‘lmasa xanjarga aylan!

11.11.2017

***

Yuragim — telefon.
Muhim qo‘ng‘iroqni kutayotir u
Yigirma uch yildan buyon.
Xotirasida
Begona raqamlar yotar qalashib,
Alamki,
Kutgani emas,
Adashib tusharlar
faqat adashib…
Yuragim — telefon.
Tun-kun piqillaydi go‘shagin
Ko‘ksimga taqab.
Sovrilib bityapti adashganlar va
Tuynuksiz yolg‘izlik changalida Vaqt.
Qachon sim qoqasan
Kutilgan raqam?!

22.11.2017

***

M.ga

Men o‘zidan chiqib ketgan odamman
chidab bo‘lmas Og‘riq ta’sirida
kenglikka sachraganu
jismiga qaytib kirmagan
shakkok Tovush
chayilib gullarning bo‘yiga
uchqunlagan
chaqmoqqa tegib
koinotning yoyilmasida
sayyorasin yo‘qotgan Tovush
xotirangizdagi jasadim xolos —
aslida yo‘q
ayni chog‘da hamma yerdaman

20.12.2017

***

1.
Mixlab qo‘ydim devorga vaqtni,
Sensizligim o‘sar gurkirab.
Hovlidagi uch to‘p daraxtning
Tushlariga qaynoq cho‘l kirar.
Sutli qahva tusaydi chashka,
Oziqlanmas she’r bilan ochlik.
Sahiylikni bilmaydi Toshkan,
Cho‘ntagimda mizg‘ir muxtojlik.
Ishtahaning jaxlin qo‘zg‘atib,
(Ortig‘iga yetmas imkonim)
So‘ngi tamakimni cho‘g‘latib,
Varaqlayman Yevtushenkoni.

2.
Halovatim bormaydi ko‘pga,
Ilhom aql devorin mushtlar:
Daraxtlar uchishdi janubga,
Patlarini to‘kvordi qushlar…
O‘xshamadi.
Asablar tarang,
G‘udranaman oyga (kuyaman) —
Yoqmayapti sovuq basharang!
Darpardani tortib qo‘yaman.

3.
Xotirangni ochor sukunat,
Titkilaysan o‘tmishni — cho‘ri.
G‘aladondan topilgan surat,
Bor kuchingni oladi so‘rib.
Senga tanish suluv suratda,
Yonida yot, kelishgan jasad.
Qo‘lingdagi xanjarni tikka,
O‘shaning ko‘ksiga sanchasan!

4.
Tumshug‘imni ko‘tarar g‘urur,
Dalda berar Navoiy, Jomiy.
Ko‘zlarimdan sizib chiqaru,
Lablarimni kuydirar noming…

6.12.17

TOSHLANISH

Fikratimda chumoli misol
O‘rmalaydi beyoqim shubha.
Suymaganga ulashding visol —
Savol ulka-an!
Javobi — mubham.
G‘amdan og‘ir ruhiyatim bor,
He yo‘q, be yo‘q ko‘kka sapchimas.
Biroq qalbdan to‘kildi ohor,
Bo‘g‘zim yertib chiqdi o‘tkir sas.
G‘azabimni cho‘g‘latar shag‘am,
Alam qonib qonimni ichar.
… Seni quchar qo‘llari dag‘al…
It yaladi Oyni bu kecha.

2.
Kim chaqmoqni qilar parvarish?!
Parchalandi osmonim — qondil.
Yigit yoshda boshlandi qarish,
Barcha yozgan she’rlarim — rondel.
Qobirg‘amni sindirdi bu tun,
Ko‘zdan azob tomchilar chak-chak.
Xona sovuq, ustiga tutun,
Oromkursi uchar halinchak…
G‘ijimlayman rondellarimni,
Itqitaman axlat qutiga.
…Butlab bo‘lmas qondillarimni,
Chaygan bilan yo‘lbars sutiga.
Oynani ochaman. Tashqari yaxob,
Yalang‘och hislarim junjikar.
Tamakimni chertganim zahot,
Olovlanib ketdi kunchiqar.

3.
Kulgularing ko‘zimga sanchib,
Qaytish yo‘lin unutgan nadim.
Besh yil ta’mi buzilgan achchiq
Xotirangni obdon chaynadim.
Ro‘y bermadi qayta uchrashuv,
Yangi dunyo ochmoqqa shayman.
Yutsam — jonga qasd qilganim shu,
Kechir, seni tuflab tashlayman.

7.12.2017

SO‘NGI MAKTUB

Seni Shahrisabzda kutaman
Amir Temur xiyoboni
Oqsaroy poyida
zalvolrli qadamlarsiz kelajakka ketib borayapkan harsang
sevimli o‘rindig‘iga soya tashlab turgan daraxt kabi
Oftob qizdirganda ham
yomg‘ir
seryulduz osmon ostida
qo‘zg‘almay bir dam
Seni Shahrisabzda kutaman
Fasllar tushini o‘ngarib
yengimga berkitib qip-qizil olma
qarzga sharob olib uzumzorlardan
o‘ktam sabr bilan tog‘liklarga xos
Seni Shahrisabzda kutaman
Xoh Buxoro xoh Parijda bo‘l
shohona etaging o‘nlab yugurdak
ko‘tarib yursada
men turgan tuproq
chapani kulgim
sari tortaverar
mashuq yuraging
allaqanday kuch
qachondir qaytasan turnalar misol
shunda
paxmoq sochim va
ikkimiz harid qilgan poyafzalimdan
tanib olasan meni
har galgidek o‘tkinchilarga
she’r o‘qib berayotgan bo‘larman balki
umidim sindirolmas
sukunat jarangi
tobora yasharib borayotgan sog‘inch
ruhimda hechvaqo qolmadi kutishdan bo‘lak
shu qadar yengilmanki
yig‘langan bulutman
agar
agarsiz kel
unutma
Seni Shahrisabzda kutaman

3.01.2018

***

Telbaligingman sening
Zulmating
Tushlaringda chorlovchi tovush
Bir umrlik g‘ussa
Sarhushliging
Lablaringda qartaygan bo‘sa
Kengligingman
Hayqir
Yomg‘irli tun
Soyaboning olib qochgan shamol
Xiyobondagi yolg‘iz o‘rindiq
Isming o‘yilmagan daraxt
Vujudingni harakatlantirayotgan
Shiddatli kuy
Asov ehtiros
Biror yurakka sanchilmagan
Ishq
Xanjaringman

8.01.2018

***

Men ajriqman,
Ehtiyot bo‘ling!
Tirnoqdek tomirim tushsa
yuragingizga
Bosib olaman vujudingizni.
Siz
Gullarni sevasiz,
Quyosh,
Otlar va
Gitar ohanglarini.
Men esa ajriqman!
…burdalang,
Laylak uyasida
qirq yil quruting —
O‘lmayman!
Ko‘cha,
Xiyobon,
Avtobus…
Samalyotda ham hushyorlikni yo‘qotmang.
Men — ajriqman.
Yuragingizdan boshqa yerda o‘smaydigan
Ajriq.

4.03.2017

***

Sensizlik qurt kabi yemirar ongni,
Raqamlar ko‘paytmasidan iborat hayotda
Adashib yuribman nigor,
Adashib.
Har qadamda ta’qiq belgilari:
U yog‘i g‘am,
Naryog‘i dard.
To‘rt tomoni qibla
Senli kunlarni sog‘indim.
Ulkan so‘roqlarga yo‘liqaverib
Tosh qotgan yuragimni
yumshatib ber menga.
Bo‘linmas son kabi yolg‘izlik…

22.05.2017

***

Berkitaman derazalarni,
Zanjirlayman eshikni
Mahkam.
Xonam bo‘ylab uchib yuripti,
Qo‘zg‘olonchi so‘zlar galasi.
Erk berib bo‘lmaydi ularga!
Fikratimdan qafas tiklayman,
Achqimtir tamaki tutuni ila
Birma-bir joylayman
Halloj so‘zlarni.
Bo‘ysunishni istamay uzoq,
Chinqirishar rahmimni qo‘zg‘ab.
Ayamay tishlashar chakkalarimni.
Qaysarliklariga qaramay
Nafis qanotlarin
Sovuqqon lablarim qo‘yvormas.
Tongacha cho‘zilar olishuv,
Ba’zan hafta,
Ba’zida oylab.
Baribir ularga erk bera ko‘rmang!
…Dunyoni yangilar jilovlangan so‘z.

31.12.2017
Qarluq

***

Kecha bir do‘stim
tark etdi meni,
Butun shaharni:
Og‘iryoq avtobuslaru
Tungi xiyobonlar,
Mudroq gazetlar,
Kitoblar qancha.
Bisotimda hech kim qolmadi:
Avval otam,
Keyin onam,
Mana endi…
Hey, gul sotuvchi qiz!
Ortiq sizni bezovta qilolmaydi u,
Xat tashishdan qutuldim men ham.
Ijarachi kampir yig‘lar.
Chekaman.
Qulog‘im ostida jaranglar tinmay,
Kelajak haqdagi o‘tli so‘zlaring…
Yuragi o‘zidan kattaroq Odamlar davrasida
ko‘rishguncha do‘st.

17.01.2018

***

Kulgularing sig‘mas hobimga,
Qushlar uchmish bag‘rimdan, yanib.
Og‘iroyoq iztirobimga,
Nur ho‘platgan qo‘llaring qani?!
Oyog‘ida channagan chorig‘,
Ko‘ngil daydir, behush, shirakayf.
Tuyg‘ularning lablari yoriq,
Hissiyotlar visolsiragan.
Simiraman tunni, tugamas,
Chorlaydi bezovta tovushlar.
Ingrar ruhim ololmay nafas,
Yolg‘izlik anqigan og‘ushda.
Senli kunlar endi ko‘p qadim,
Hamon zulmat soladi qutqu.
Suv o‘tlari misol chayqalib,
Vido aytgan sochlaringmi bu?..

7.01.2018

BЕZOVTALIK

Yurolmaysan uyda bemalol,
O‘qilmagan kitoblar haqqi.
Telefoning jiringlar
— Allo!
Axborotlar qiladi ta’qib.
Chekilmagan tamaking xomush,
Yakuniga yetmagan shaxmat.
Stolinga berib yotgan to‘sh,
Oq qog‘ozning nigohi — dahshat!
Mayxo‘r do‘sting ulashgan vino,
Va bobongdan qolgan joynomoz.
Ekrandagi sevimli kino,
Simtorlari tortilmagan soz.
G‘ijimlanib ketar g‘azabing,
Ololmaysan vaqtingni to‘plab.
G‘aladonda yotar asabiy,
Mashuqangdan kelgan maktublar.
Orom bilan o‘rtangda nizo,
Musht tushurar tashvishning qo‘li.
…derazadan kuzatib uzoq,
Asta qaytar iziga o‘lim.

6.01.2018

QASOS

Qonli havo,
Osmon qonayapti.
Tarnovlardan shovullab
to‘kilmoqda qon.
Qon shimgan paltoning tugmalariga
Ilondek chirmashib olgan vajohat
Simyog‘och,
Ariq,
Daydi itlar nigohi —
Hamma yoqda qon
QON!
Qurboni tomon
Ketayotgan xanjar
labidagi sigaradan o‘rlayotgan o‘tkir qon hidi
Dimog‘ini kuydirar tunning…

7.01.2018

***

Bir zulmatning ichidaman,
Navqiron, tar g‘urbatning.
Soylar oqmas sharqirab,
Chigirtkalar sayramas.
Ruhim qolmish shalvirab,
Yuragimni o‘ynamas —
Tasodifiy uchrashuv,
Tuyqus ro‘y berar dahshat.
Yelkasida ko‘targan
Qani u mag‘rur tog‘lar?
Har tong mehr ushatgan
Lablaring qayda qoldi?
Cho‘ntagimda qo‘llarim,
G‘ijimlayman havoni…
Bir zulmatning ichidaman,
Bahaybat bir qorinning.
Nahot shunchalar mushkul
Pishib-yetilgan dardni
Eski, horg‘in dunyoga
Qayta boshdan keltirmak?!

25.01.2018

SURAT

Bandargoh
Yalang‘och oyog‘in dengiz ko‘mgan ayol
Beligacha ufqqa botgan quyosh
Qanotlarin ke-yeng yoyib
Quritayotgan chag‘alay
Tobora uzoqlashib borayotgan kema
Palubadan qirg‘oq tomon
bosh kiyimin silkiyotgan Matros sog‘inchi…

27.01.2018
Broadway

***

Ajablanmang tag‘in ertaga,
Lom-lum demay eshik qulflasam.
Shoir zoti chilvirsiz varrak,
Uchgay shamol qayga puflasa…
Aravada kelayotgan kim?
Jahongashta lo‘lilar,
Ha, rost!
Ola keting meni, o‘tinchim,
Qo‘shiq aytay, o‘yin tush raqqos.
«Yigirma yil mahbusdek yurdik,
Yashamoqni o‘rgandik sal-pal.
Dunyosini cho‘ntakka urdik,
Chal, lo‘liqiz, gitarangni chal.
Do‘st to‘pladim mo‘min, g‘ayridin,
…qonim ko‘proq sizga tortadi.
Bir suluvni sevdim, ayrildim,
Bir umrga yetib ortadi.
Endi sochin silasin shamol,
Mayli, qalbim qolsin quruqshab.
Sendan kechdim ey sohibjamol,
Tashlab ketgan otamga o‘xshab.
Hayotimda ko‘p yedim dakki,
Keksa tog‘lar aytmang falsafa.
She’rdan boshqa har ne qalbaki,
She’rdan boshqa bari — safsata!
Na onam bor demoqlikka “qayt”,
Na kuchugim bo‘lolmagay g‘ov.
Qay dovondan o‘tayotgan payt,
Ko‘ksimga tig‘ urar balki yov —
Cho‘chimayman, shashtim so‘nmagay,
Shoir umri azal murakkab.
O‘z ajali bilan o‘lmagan,
Hech zamonda mashrabyuraklar!»
Ajablanmang tag‘in ertaga,
Lom-lum demay eshik qulflasam…

3.01.2018

QUVG‘IN

Vido shimgan libosin yechib
Yurak ketib borar
Yalang‘och yupun
Suqlanib tikilar
Bepusht simyog‘och
Masiqqan daraxtlar qoshidan
Mag‘rur
O‘z-o‘ziga g‘arq
O‘z-o‘zin yutib
Yurak ketib borar
Mayus beparvo

2.
Qishgi tuproq shirin uyquda,
She’rga mavzu izlayapti tun.
Jim ildamlar og‘ir qayg‘udan,
Yulduzlarni cho‘chitmaslik-chun.
Och bo‘riday tashlanar afsus,
G‘ashlik ezar — bigiz poshnali.
Nohaq jazo yuklangan mahbus
Kabi asta borar toshlanib.

3.
G‘ijimlangan sigaret misol,
Tan — qutidan itqitilgan u.
Tevarakda
(po‘kak) sumbatlar bisyor,
Biriga joylashib olsachi?
Va shu…
Tomirlari tortilgan tarang,
(Changallashga boshi bor na qo‘l)
Ortga qaytib to‘qimoq nayrang,
Yo tan bermoq.
Qay biri ma’qul?!

4.
Osmon jim,
Tuyg‘ular falaj.
Ichib qo‘ygan umidni nafrat.
Xurrak otar taqdir — munajjim,
Vido shimgan libosin yechib
Yurak ketib borar
Manzili nigun.
Yo‘lning esa so‘ngi ko‘rinmas…

31.01.2018

SUYANCHIQ

To‘lqindek, pishqirdim, ko‘pirdim,
O‘zni o‘tga urdim ataylab.
Og‘riqsiz yuzlarga tupurdim,
Yashamadim boshim avaylab.
Yigitligim yo‘l tortib oldi,
O‘tgan kunlar asrlarga teng.
Yuragimda bir suluv qoldi,
Yuz suluvning yuragida men!
Kechdi yillar shiddatlar aro,
Tavakkal deb Parvardigorga.
Jallod bilan simirdim sharob,
Goho borim tikdim qimorga.
Qay ko‘ngilda ka’ba tikladim,
Qay eshikdan topdim malomat.
Unutmadim Tangri hikmatin,
Faqat unga aytdim salovat.
Botinimda zilzila qo‘pib,
Qurshaganda ongni g‘am-yog‘i.
Peshonamdan ohista o‘pib,
Tinchlantirgan ruhni ilohiy
Kuch sezardim ichimda mudom,
Qo‘llayapti derdim Ona Yer.
Ne’matlarin qilaru inom,
So‘ragani arzimagan she’r…
Demak bari behuda emas,
Chekinmayman zinhor-bazinhor.
Hali yetti iqlimga sig‘mas,
Kuylanmagan qo‘shiqlarim bor.

1.11.2017

***

Ko‘nikolmay soddalikka hech,
Men shaharga bo‘ldim ravona.
Shundan beri yuragim notinch,
Sog‘indingmi o‘g‘lingni ona?
Ijodxonam, kitoblar, kuldon,
G‘ashinga tegardi yozishim.
Oila qur, yer hayda, pul top,
Yo‘qsa tayin xushdan ozishim
Deya o‘g‘ling koyirding tez-tez,
Qulog‘imga ilmasdim ammo.
Nima qilay meni dehqonmas,
Shoir qilib yaratdi Xudo.
Shaharda ham boyiganim yo‘q,
So‘z ketidan yuribman sarson.
O‘zgarmadim: o‘sha dalli, sho‘x…
Qo‘y, xavotir olma onajon.
Lek choponim quchgancha sarmast,
Men daydini kutganing kutgan.
Bilmaysanki o‘g‘ling esipast,
She’rdan boshqasini unutgan.
Bas, o‘zingni qiynama yohu,
Tamom bo‘ldi yuragim qonab.
Menga uzun duolaringu,
Senga Xudo yor bo‘lsin, ona.

1.09.2017

QOPLON

Bolalikda itim bo‘lardi,
Qo‘ygan edim otini Qoplon.
Quchoqlasam bag‘rim to‘lardi,
Og‘amdayin sodiq, qadrdon.
Qayda bo‘lsin hushtagimga shay,
Ko‘chalarda yurardim olib.
Urushardi o‘zin ayamay,
Jangda doim chiqardi g‘olib.
Sevgan qizim sog‘inib qay tun,
Otlangandim yoniga to‘g‘ri.
Burqsitgancha og‘zidan tutun,
Yo‘lim to‘sdi bir gala o‘g‘ri.
Oro kirib jonimga shu payt,
Zumda yetib kelib izimdan.
Desam hamki “qayt, ortinga qayt”,
Tashlangani hamon esimda.
Ko‘rolmayin ichi qoralar,
Unga igna berishdi, bildim.
Aldab-suldab tutzor oralab,
Hu-uv jarlikda qoldirib keldim.
Yodlab olgan qaytmoqqa yo‘lni,
Ammo, ammo ortga qaytmadi.
Gap tarqatdim qishloqda “o‘ldi”,
Qilmishim hech kimga aytmadim.
Oqib o‘tdi mana qancha suv,
Xuddi bari tushda bo‘lganday.
Quchog‘imda huv o‘sha suluv,
Baxtli yashab yuribman qanday?!
O‘ylaymanu sig‘mas aqlga,
Nodonlikdir, balki bezbetlik.
Qoplon meni og‘am deb bilgan,
Menchi unga qilganman itlik.

6.10.2017

KO‘ZLARING

Chorlamadi bejizga poytaxt,
Shahar tentib yuribman bu kez.
Bunda seni uchratdim — ne baxt,
Kuz qo‘ynida moviy ko‘zli qiz.
Allaqanday mayus yuzlaring,
Xanjar kabi sovuq ikki lab.
Alloh, Alloh moviy ko‘zlaring,
O, ularni bo‘lmas tasvirlab!
Ulgurmayman aytmoqqa bir so‘z,
Gavjum shahar “chetroq o‘t, chetroq”.
Olib qochar goho avtobus,
Goho yutib yuborar metro.
Yo‘qotaman izingni har gal,
Na isming na manziling ayon.
Izlab topay desam ey go‘zal,
Bilasan-ku, Toshkent bepoyon.
Yuragimda bir vatan yashar,
Turon deya atayman uni.
Malikalik senga yarashar,
Kel, shu yurtda topsangchi qo‘nim.
Ista olib ketay janubga,
Ko‘rsataman Hisor tog‘larin.
Sayr qilamiz oy chiqqach ko‘kka,
Shahrisabz so‘lim bog‘larin.
Unda toylar yurar gijinglab,
Bug‘doyzorni chayqatar sabo.
Bulbullarning chax-chaxin tinglab,
Orom olar qalbing dilrabo.
Faqat ko‘nglim darveshona, hur,
Balki tog‘lik bo‘lganim uchun.
Ishq qoplagan sochimga dovur,
Telba ruhsiz yashamoq nechun?!
Ado qildi ko‘zlaring meni,
Ko‘rmaguncha yo‘q edi dardim.
Ilgariroq uchratsam seni,
Allaqachon shoir bo‘lardim.
Ammo nega mayus yuzlaring?
Xanjar kabi sovuq ikki lab.
Alloh, Aloh, moviy ko‘zlaring…
Yo‘q, ularni bo‘lmas tasvirlab!
Ista, olib ketay janubga.

CHORLOV

Kofur isyon yurak qa’rimda,
Haqqa eltar otim oriqdir.
Murdor kaslar kuraklarimda,
Jobirnafas do‘stga zoriqdim.
Bot-bot imlar baxtning suluvi,
Axta umid visoldan yiroq.
Qochsa hamki og‘zining suvi,
Bir ish kelmas qo‘lidan biroq.
Tentirayman dalliyu garang,
Ko‘chalarning yelkasi yag‘ir.
Dard — cho‘zilib yotgan chuvalchang,
Burdalasam ko‘payar tag‘in.
Yulduzlarga o‘qtalaman musht,
Bilmam neni qilgancha talab.
So‘ng yig‘layman tongacha bepusht
Simyog‘ochni mahkam quchoqlab.
Bu shahardan tog‘lar ko‘rinmas,
Suruv haydab, chalayotgan nay.
Bolakayning oyog‘iga mast,
Yiqilsaydim.
Na lazzat, bay-bay.
Qaydasan ey, qayralgan qilich?
Million yillik masofani chop.
Qayg‘u to‘ri chirmab olgan zich
Kunjaklardan meni izlab top.
Hech bo‘lmasa ovoz ber, yohu,
His qilayin emasligim toq.
Va janubga qarab Allohu
Akbar deya kutayin mushtoq.
Kel, sidirib ko‘ngil dog‘ini,
Firdavslarga tutashsin bo‘yim.
Gumburlatib Hisor tog‘ini,
Tushib beray turkiycha o‘yin.
Kel, zulmatga botgan kurakning
Mudrog‘ini pok kafting-la art.
Ajriq bosib ketgan yurakni,
Bag‘ringa bos.
Bezlarin qabart.
Sendan o‘zga bo‘lolmagay el,
Og‘rinmayman bundan, ichikmam.
Garchi mag‘rur edim, bo‘rife’l —
Sovrilyapman…
Faqat kechikma!
Jobirnafas do‘stga zoriqdim.

13.02.2018
O‘rda.

***

1.
Yanvar yolg‘iz buvim singari,
Bir kechada qoldi-ku qarib.
…Chaqmoq-tunning shohtomirlari,
Ko‘k yuziga tepdi qabarib.
Yuragimni yopdingu shamol
Sochlaringa urmasdan taroq.
Eshitsangda deganimni
Qol!
Sachrab ketding tomchilar aro.
Derazalar hayqirdi:
-Ketma!!!
(Ezg‘ilandi kaftimda sigar.)
To‘ng‘illadim ichimda:itman
Va o‘zimni tinchlatdim —
Yetar!
Yo‘q, yetmadi qafasdagi qush
Ozodlikka chiqqandek shiddat
Bilan chopdim ortingdan sarhush.
Yig‘lab qoldi g‘ururim-idda.
Ko‘zoynagin artib ustma-ust,
Yo‘lim to‘sdi avtolar seli.
Oyoqladi manfur avtobus,
Yuzinchi bor yo‘qotdim seni.
Balki haqsan.
Ketishing kerak…
Yomg‘ir tinmas, havo izg‘irin.
Hechvaqosiz Parfi shoirdek,
Ko‘chalarda abgor izg‘idim.

2.
Sukunatdan yopinib mo‘yna,
Achchiq o‘tmish ho‘playman
(Maymi?).
Kiprigimga osilib o‘ynar,
Sho‘rtak sog‘inch-
Hazilkash maymun.
Arizasin yozib boshliqqa,
Kirolmagan xodimdek o‘sal.
Hilpiratar yingin bo‘shliqqa,
Oq ko‘ylagim uchrashuv tusab.
Telefonga qo‘l uzatsam bas,
Maktub so‘rar oynadagi qush.
Suratingni quchib olib mast
Uyqusida kitob ko‘rgan tush…
Endi qaytma.
Bugunoq.
Hozir!
Siltab tortib afsus jilovin.
O‘chiraman kuldonga bosib,
Sen haqdagi o‘ylar olovin.
Eslamayman,
Majnunga qasam,
Chaqmoq. Oqshom, bari-barini.
Faqat kechir unutolmasam,
O‘sha yanvar yomg‘irlarini…
Sachrab ketding tomchilar aro.

***

Tong oynaga boshin suqmadi,
Uyquda osmon,
Uyqudadir Shosh.
Xilvatidan balqib chiqmadi,
Bir tutam soch ortidagi ko‘kimtir quyosh.
…Gul hidi taralar to‘shakdan,
Qilmishlari doston bo‘saning.
Sovuq urgan qora mushakday
Kesvolingan tili g‘ussaning.
Ko‘rilyotgan tush mutanosib,
Barmoqlarda yoqimli sezgi.
Derazaga yuzini bosib,
Qor yog‘ishin kuzatar sevgi…

3.12.2017

***

Oraliqni bosib o‘tdi qor,
Qaytaroldi na do‘q, na fasl.
O‘sha oqshom qorday beg‘ubor
Lablaringa tegdi nafasim.
Ishq quyildi ko‘zlar jomiga,
O‘chirildi hadik tarmoqdan.
Qop-qora olovning komiga,
Sho‘ng‘ib ketdi jasur barmoqlar.
Nafislashgan istagu mayl,
Qoq yurakka ko‘rsatar tasir.
Tebratardi bizni bir zayl,
Betxovenning oy sanatasi.
Ehtirosdan mo‘rtlashgan vujud,
So‘ngi zarbga berolmayin dov,
Aql tomon boshladi hujum,
U yog‘i sir. U yog‘i — Undov (!).
Va ayrildik tongacha yetmay,
Qololmadim, demading to‘xtang.
So‘ngi bora ishqni ranjitmay,
Ajralishdik, chunki — uch nuqta (…).
Qor. Dekabr. Tashvishlar arib,
Bo‘shatarkan bo‘yinbog‘imni.
Nafasimdan titragan harir
O‘sha tunni achchiq sog‘indim.

9.12.2017

***

Osmonu falakdan yumshoqlik yog‘ar,
O‘sib borar yerda yumshoqlik.
Biram sovuq dalayu tog‘lar,
Ochiq og‘zi kabi timsohning.
Og‘ochlarning so‘ngaklari mo‘rt,
Bu shunchaki yuzaki baho.
Po‘stlog‘ini teshgan bilan qurt,
Ildizlarda jon saqlar bahor.
Bostirvolgan shahar shirvozni,
Mahsi-kalish qishloq udumi.
Burqsib puflar qo‘lbola yozni,
Pechkalarning metal xartumi.
Kun — kapalak.
Tunlar qarg‘adek…
Butun borliq yotganda uxlab.
Isitging keladi kaftingdek,
Muzlab qolgan oyni kuh-kuhlab.
Qamal qilgan yovuz oq poshsho,
Muslatgichda qolgan maydaysan.
Qaynoq tushlaringni har oqshom,
Sahroyi Kabrga haydaysan…
Ildizlarda jon saqlar bahor!

2013.

***

Bizlar uzoq suhbatlashamiz,
Ko‘karadi eski xotiring.
Goh kelishib goh talashamiz:
Hozir tirik bo‘lsa Qodiriy…
Sayohatga burilar mavzu,
Parij, London, Istanbul, Makka.
Siyosatga yo‘rg‘alaymiz so‘ng,
Tashviqotlar joylab yurakka.
Tinch qo‘ymaymiz poshsholarni ham,
Boshsiz qolgan ko‘hna Oqsaroy.
Shahardagi yuzaki hasham,
Ko‘chadagi har bitta gadoy.
Ich-ichingdan g‘azabga to‘lib,
Jimm qotasan bir zum, muzlaysan.
Va to‘satdan suhbatni bo‘lib,
Qush kabi erk haqda so‘zlaysan.
…Qo‘zg‘alamiz nochor, bo‘g‘riqib,
Xayrlashamiz shunda zo‘rg‘a biz.
Oh, negadir visol to‘g‘rida,
Gap ochishdan qattiq qo‘rqamiz.

26.12.2017

***

O, Marina!
Juvonmarg qushcham.
Seni o‘ylasam
Uyalib ketaman tirikligimdan,
Nafratlanaman hayotdan
Hatto vatandan!
Qahvaxonalarga ish so‘rab
yozgan iltimosnomalaringni
o‘qigan har qanday odamning
To‘kilib ketar-ku yuragi.
Nahot o‘sha mashum yillar:
Ya’ni boshingni dorga tikkuncha,
O‘g‘ling — yagona suyanching uchun
So‘ngi bora dasturxon tuzab
Samovotga uchib ketguningcha to
Topilmadi vataning —
Rus xalqi aro
Birorta ham rahmdil yurak?!

O‘-o‘ sho‘rlik Rossiya,
Shafqatsiz jallod!

Naqadar yoqimli kuylar edi u…
Keraksiz qog‘ozdek obdon g‘ijimlab
Irg‘itgan bo‘lsangda
chirkin burchakka,
Baribir sevardi,
Seni sevardi!
Rossiyada uning qaynoq lablari tegmagan
41- yildan keyingi tonglar,
Bahorlar qoldi xolos.
“Kechirasiz, ko‘tarolmadim”.

Marina,
Marina,
Isyonkor vulqon!
To‘lqin,
Qoyalarga kelib urgan to‘sh.
Marina,
Onasi tuxumdan ochib
Yana o‘zi nomud qilgan qush.

14.11.2017

***

Kassaga kiraman,
Olaman bilet,
Va o‘zni vagonga uraman.
Meni xomush kuzatar Toshkent,
…bekatda yig‘loqi qizni ko‘raman.
Poyezd qo‘zg‘alar.
Bir ko‘nglim
Tushib qol, deya qistaydi.
Axir qolishimni
Butun bir shahar
Tag‘in anavi qiz juda istaydi.
Do‘stlarim qo‘l silkir
“Shoir, omon bo‘l!”
(Har kimning ildizi o‘z vatanida)
Toshkent, senla qolardim butkul,
Agar Shahrisabz bo‘lmaganida.

12.06.2017

***

Sigaramdan shift tomon
O‘rmalar oq ilonlar,
Siyrak soqolzorimni
Sug‘ormakda ko‘zyomg‘ir.
Yuragimning qaridan ovoz kelar-
So‘ndi ishq!
Ketding.
Hammasi tamom.
Qiya ochiq eshikdan
Huvillab kirar shamol.
Ortingdan chiqdim shoshib,
Seni qaytarmoqqamas,
Kesib tashlamoq uchun
Ikkimizning ismimiz
o‘yilgan qayrag‘ochni…
Boltaning har zarbidan faryod chiqar —
So‘ndi ishq!

4.10.2017

* * *

Nodirabegimning she’ri

Ruh tirband avtobus eshigidan
Sirg‘alib chiqmakka tirishar.
Sovuq oynalarga urar o‘zini —
Unga havo yetishmas,
Yomg‘ir hidi anqigan havo!
Toshbaqa misol
Yolg‘izligin orqalagancha
qalqib turgan
Bo‘m-bo‘sh sumbatiga tikilar
Ayanchli…
O‘ziga qadalgan o‘tsiz qarashlar
Tag‘in qo‘zg‘ar jazavasini
Va yana baquvvat yelkalar,
Ingichka, yo‘g‘on oyoqlar aro
chiqishga yo‘l izlar
Tashvishlar ortilgan dunyodan.
Bir daqiqa tinch qo‘ymas uni,
Bekatdagi isyonkor Nigoh!

8.10.2017

HUSHTAK

Kokillari yal-yal tovlanib,
Borayapti bir suluv qushday.
Lablar orasidan “o”lanib,
Nam havoga sachradi hushtak.
Qaramadi, biroq ortidan
Nigohlaring qoldi piqillab.
Yengiltag hayotning qornida,
O‘tib ketdi mana ko‘p yillar.
Qaysi kuni yana uchratding,
Bu gal yolg‘iz emasdi ammo.
Peshonangdan afsusni artding,
Endi hushtak chalish-muammo.
Bor aybni ruhga ortasan,
Jipslashar tishlaring mushtday.
Bosib-bosib sigar tortasan,
Sal kam qirqni hatlagan Hushtak.

1.12.2017

HASAD

Oftobda qizargan yer shari,
Hademay uzilar, bandi mo‘rt.
Dumini ichkari yashirib,
Tuynukdan osmonga qarar qurt.
Payqamadi chumchuqlar, anqov!
Havo bulut, qalam tortdi qosh.
Arigani ayonlashgach g‘ov,
Joy almashdi tag‘in dum va bosh.

NOYABR VA SHOIR

Qadam ekib borasan yo‘lga,
Tamakingni tortib bemalol.
Me’zonlarga chuvalib qolgan,
Xayolingni to‘zg‘itar shamol.
Yalang‘och qo‘llarin ko‘tarib,
Najot so‘rar osmondan daraxt.
Lahza sayin bormakda qarib,
O‘z-o‘zini sovurgancha vaqt.
Eplab nurin socholmay halak,
Quyosh tortib o‘tirar burun.
Zayiflashgan kunlar-kapalak,
Tun-qarg‘aning umriday uzun…
Noxos hushing uchib ketar “vay”,
Barmog‘ingni kuydiradi cho‘g‘.
Chertib yana yangisin chekay
Desang boshqa sigareting yo‘q.
Hammasiga achchiqma-achchiq,
Qosh chimirib, labing burading.
Chunki qalbing bahorday ochiq,
Sarg‘aymagan edi yuraging.

15.11.2017

RASHK

Koptogin yo‘qotgan bolaga o‘xshab,
Sendan qolgan xotiralarni
Suvga aytib yig‘ladim oqshom.
Kulib tushgan suratlaringni
Xo‘p oqizdim qayiqcha yasab.
Va to‘satdan tushdim dahshatga —
Men-ku suvga aytib qutuldim,
Endi kimning qarmog‘idasan?!

17.07.2017

TOSHKЕNT

Bu shaharda osmon hukumron emas,
Yashashmaydi quyoshga qarab.
O‘z holicha yallig‘lanar ufq,
O‘z holicha parchalanar kun,
Bedor qadamlar,
Bo‘g‘iq shovqin ichra
ko‘zlarin chirt yumib
uxlashga urunar
Bir hovuch hapdori ho‘plagan kecha…
Bekatlarda mizg‘ir taqdirlar.
Har qadamda uchraydi to‘p-to‘p
Tashlandiq ko‘ngillar uyumi.
Sahar.
Hech kim kutib olmas bokira tongni,
Unga lab bosmakni istamas birov.
Sho‘rlik tong
Berkilgan deraza,
Bahaybat darvozalar qoshida sarg‘ayar
Qari qiz misol
Va ortiga qaytar ohista.
…ini ming tanga g‘arning.
Kelajagi qorindor kaslar
Yelkalarin qabartar o‘rindiqlarning.
Ay, to‘pori ko‘nglim mening,
Yovvoyi ruhim —
O‘rmonidan ayrilgan Maugli,
Bilmadim, qaygacha yetar bardoshing.

UYG‘ONISH
Ye. Yevtushenko xotirasiga

Sen o‘lmading, uyquga ketding,
Shundoq yuragimning ustida.
Nayrangboz dunyoni tark etding —
Uyg‘onursan yerning ostida!
Uyg‘onursan, ajib bir ma’vo,
Go‘zallikdan qamashar ko‘zing.
Odam sensan, parilar Havo —
Tomog‘ingda dovdirar so‘zing.
Bu uyg‘onish naqadar totli,
Alloh bilan kelmoq yuzma-yuz.
Sen ertaroq choptirding otni,
Menchi, hamon uyqudaman do‘st.

MAUGLINING KUNDALIGIDAN

O‘rmonimga eltib qo‘y, Kipling!
Ilonlarim, qashqirlarim, sirtlonlarim yoniga.
Meni sig‘dirmadi bu makkor dunyo.
Inson bo‘lmakni eplolman, bildim,
Yovvoyi ruhimni sargardon qildim,
Bir qizning poyiga bekor yiqildim…
G‘ururim chilparchin,
Ko‘nglim chilparchin,
Bo‘kirib yig‘lamoq uyatdir bunda.
Odamlar ichida yuribman garchi,
Ongimni yolg‘izlik cho‘qir quzg‘unday.
Meni o‘rmonimga eltib qo‘y, Kipling.
Sovuqqon nigoh,
Serzarda arilar,
Osmonni ko‘tarib turgan daraxtlaru
Ozod qushlar sayrog‘i,
Timsohli daryoni sog‘indim.
Bo‘lishmasin qancha beshafqat,
Xiyonat neligin bilishmas ular!
…kechir,
Inson bo‘lmakni eplolmam, bildim,
Yovvoyi ruhimni sargardon qildim,
Bir qizning poyiga bekor yiqildim…
Meni o‘rmonimga eltib qo‘y, Kipling.
Eshityapsanmi?
Eltib qo‘y.
O‘tinaman…

***

Ot minib shaharni kezib yuribman,
Boshim tegay-tegay deydi quyoshga.
Tulporim odimlar mag‘rur, hurkmay,
G‘alati qaraydi modernest Toshkan.
Yo‘l bermoq istamas ag‘yor avtolar,
Ortimga qaytmoqni qilishar talab.
Mahbus simyog‘ochlar boqar aftoda,
Men hamon boryapman oldga yo‘rg‘alab.
Ko‘cha to‘la odam, birida havas,
Burnini jiyirib qarar qay biri.
Ular bizni yo‘ldan qaytara olmas,
Cho‘chima Tarlonim! Turkiy ayg‘irim!
Maqsadga yetguncha qaddingni bukma,
Tepangda keng osmon, ostda ena yer.
Tosh otgan kaslarga (nuqimay, so‘kmay),
Jaydari shevangda kishnab utaver.
Ko‘ksingda gupirar tog‘liklar o‘ti,
Tuyog‘ing zarbidan ezilar asfalt.
Barcha qiyinchilik, g‘ovlardan o‘tib,
Kelguncha sabr qil, o, senga navbat.
Mayda-chuydalarga sarflama kuching,
Bilaman, kupkari qilyapti xumor.
Hozircha yo‘rg‘ala, otishsin piching,
Oldinda pishqirib chopmak gali bor!
Fakat sen cho‘chima, cho‘chima Tarlon.

4.11.2017

05

(Tashriflar: umumiy 2 605, bugungi 1)

1 izoh

  1. Assalomalekum aka qalesz menga yorzamiz kerak edi men ham baʼzida sheʼr yozib turaman. Shu sheʼrlarni qanday qayerga topshirsam bʼladi internet orqali chunki men oʻzbekistonda emasman shunga yordam berasiz iltimos

Izoh qoldiring