Nastarin Iforzoda. She’rlar

Ashampoo_Snap_2018.03.09_14h00m54s_001_.png    Бир неча кун аввал Настарин Ифорзоданинг ҳикояси билан таништирган эдик. Бугун Рафиқ Сайдуллонинг тавсияси билан унинг шеърларини тақдим этмоқдамиз.

Настарин ИФОРЗОДА
ШЕЪРЛАР
02

Хаёл…

Гўзал жаннат бўлса52_n.jpg
Тун бўлса кундуз
Сирли бир оҳангга тўлган пайт бўлса
Сиз маним ёнимда
Ман эмас сизсиз
Нигоҳлар, вужудлар бир ғалат бўлса
Қўллар ипак бўлса
Туйғулар ипак
Ипак лабларимда инжа табассум
Мен сизга кераксам
Сиз менга керак
Бир ишқ гувоҳ бўлса
Бир меҳр маъсум…

Фақат диллар тўлиб айтса сўзини
(Каъбада сўзлашган фаришта мисол
Менинг юрагимга ташлаб сўзини)
Кўнглимга қуйилса илоҳий изҳор.
Миллион йил яшасак
битта Нигоҳга
қул бўлиб
энтикиб
айроланмасак..
Миллион яшасак битта Гуноҳга
сотилсак
Сотилиб
ғаюрланмасак..

Нафаслар гулласа дудоғимизда
Бир ўтга улашса тунлар ва тонглар
Исмлар гулласа қароғимизда
Фақат Ишққа тўлса
муқаддас жомлар…

Ҳеч ким айтолмаган афиф Изҳорни
Қулоғимда аста шивирласангиз
Кўнглимга яширсам ўша Озорни
Қалбимдан бошқага кўмилмасангиз..
Миллиард йил яшасак битта Қароғда
Яна миллиард йил тугамаса Сўз
Шабнамлар гулласа маним дудоғда
Шабнамлар ичсалар сизнинг гўзал Сўз..

Айтсам: Шунча сабр мукофоти шул
Десангиз: Ерда ҳам бўлурми малак?!
Жаннатий изҳорга кўмилса Кўнгил
(Жаннатий изҳордан кўнгил жонсарак)
Асл Ҳаё бўлса ёпинчиқлар ҳам
Қалбнинг томирлари гулласа тўлиб
Оғушлар изнида гуллаблар кетсам
Оғушлар гулласа ибодат бўлиб…

… О! Булар барчаси хаёл – покиза
Ҳаддини билмаган беадоғ Хаёл
Борлиғим хаёлдек айни ожиза
Борлиғим хаёлдан гуллади хиёл.

Гўзал жаннат бўлса
Тун бўлса кундуз…

***

Бош олиб кетаман бир куни албат
Майсанинг кўзида ухламоқ учун
Тўкилмоқлик учун яноқларидан
булутнинг
Ҳаёнинг кўрсатиб кучин…

Мени тўхтатолмас беор шамоллар
Ерлар ўполмайди этакларимдан.
Руҳимни эзмайди тошдек саволлар
Гуллар сув ичади кўрмакларимдан…

ва…
сизнинг қўлингиз етмаган жойда
Ғарқ бўлиб энг ширин суҳбатга, гўё
руҳимни Тонгларга соча бошлар У
Аввал- у охирда туғилар Ҳаё.

***

Етмиш минг пардани очди мустафо
Илмни дунёга сочди мустафо
ЎЗИ деб ўзидан кечди мустафо
Шайтондан қочгувчи бандалар қани?!

Хадича онамга содиқ ёр эди
Кетдилар — йил, ойлаб мотамзор эди
Куз келмай, дил қонар бир баҳор эди
Унингдек вафопўш дийдалар қани?!

Илгида етимлар бахтиёр, шодмон
Парча нон топдилар, ҳам бутун имон
Таваккул баҳрида сақлардилар жон
Риёдан асралган гирялар қани?

Ерни супурарди муслима бари
Кўздан ниҳон эди кўзнинг дилбари
(Мустафонинг беун эзилганлари…)
Даюси бўлмаган дунёлар қани?!

Неча гул ўсмоқда гулзори хазон
Бу арзон дунёнинг нархи ҳам арзон
Имонни талашиб ётибди мезон…
Ҳарф этсанг, нур тўлар кунё(я)лар қани?!

Илтижо

Холиқо, икки палла бир бандаман
Қайда чокдил бўлса, мен ҳам андаман.
Ҳар саҳар илким тутиб турса дуо,
Ҳар шабистон гоҳ назм, гоҳ чирмандаман..
Гар Ўзинг дардим аро бир кор топмасанг
Ҳам гуноҳ, ҳам Ишқ уза шармандаман.

Ёрлигингда ёрга кил ошик

Мани ул гулзор-у гулга қил ошиқ
На кайф- у сафо, пок йулга қил ошиқ.
Ҳар кимки сафар этди — ватандин айро
Ватанда туруб, Ватанга қил ошиқ.

Мани дояи парҳезга қил ошиқ,
Ҳам лаби шаҳду шакаррезга қил ошиқ.
Аҳли шеър, толиби илмга пайваст этуб
Ашъор ўлкасида ҳокими гуҳаррезга қил ошиқ.

Эй Ёр, ёрлигингда ёрга қил ошиқ
Тоқатига сабр эли зорга қил ошиқ.
Тоат-у, илм-у ҳунар айвонида
Ҳам риёзати анворга қил ошиқ.

***

Бу уйда бир вақтлар бувим яшаган..
Асқар Маҳкам сатри

Бу уйда бир вақтлар бувим яшаган
Сочларимни майда ўрар эди у
Бу уйлар…
шу кулба..
бўйра тўшалган
Ғамларни эмирган бувимдек,
ё ҳу!
Қўллари қадоқди,
силаган маҳал
сочларимни ҳатто юларди билмай.
Онам достон ўқирди, варағи зарҳал ..

Ҳаётга эгилмай, вақтга эгилмай..
Калима айтарди тунлари бувим
Оятни биларди, шеърни биларди
Алланинг куйига сел бўлиб маҳзун..
Худодан бизларга умр тиларди..
Кўз ёш қилмас эди, йиғламас эди..
Дунёни йиғига кўмиб кетди у..
Фақат ўша уйнинг хотиралари
Бутун бир умримни безади мангу…

Бу уйда бир вақтлар бувим яшаган.

Севги ҳақида энг узун шеър

— Беҳушман
— Бечора…

***

Келинг дўстим
Эшигим очиқ
Ёмғирда ювилган кўнгиллар билан
Япроқдек умидвор кўнгиллар билан
Кўнгилдан яралган кўнгиллар билан..
Мол дунёни қўйинг, ўтади
Вақт, фурсатни қўйинг, ўтади
Кун, қисматни қўйинг ўтади

Келинг дўстим
Эшигим очиқ
Хотирнинг сарғайган излари билан
Ғурурнинг эгилган тизлари билан
Ҳайдалган қалбларнинг юзлари билан..

Сиз шунчаки келинг
Бир нигоҳ
журъатига етмаган дил — ла
Шабнам ичиб тўймаган лаблар
сарҳадига етмаган дил — ла
Оловларга ёққан — у, ўзи
Тирик қолган ишқпараст дил — ла
Келинг дўстим.

Гарчи шамол ўйинлари рост
Гарчи ишқнинг ёмғири ёлғон
Келинг дўстим, шу муздек қалбга
Мадад бўлсин сел — ашки борон..
Ахир энди эшигим яқин…

***

Кетманг,
Шу ерда қолинг то охир.
Қаранг
изларимни ўпяпти Соғинч
Кўнглимда минг йиллик бир армон оғрир —
ва..
битта Илинж…
Кетманг
Ўзингиз ҳам изимни пойлаб
Тонглар оттирасиз
қизарар шафақ
Келмасам
кўнглингиз келар сўроқлаб
Келмасам
дилингиз кетади қонаб…
Кетманг
Минг сўзимни тикканман битта
сўзингизга
Фидо бўлмоқлик учун
Гарчи у сўзларнинг рақслари оқ
Ғамнинг шаробидан тўйса -да ичиб.
Кетманг!
Кетаверсин дарднинг кўлкаси
Иффат қўлларини тутганим ҳақдир
Ахир бу юрагим — умид далдаси
Ёниб бораётган кўнглим Шафақдир.

Муножот

Сиз яшил пардалар ортидадирсиз,
Мен сориғ пардалар адоғидаман.
«Хилватда анжуман» ғамини ейсиз,
Анжуман истаган воридман мен ҳам.

«Назар бар қадам»сиз увайси солик,
Ҳолимга бир назар этмоғим қийин.
«Хуш дар дам» — нафаслар имонга молик,
Ютилиб кетяпман ютилган сайин.

Ёқалар ҳўл бўлар авжи гуноҳдан,
Басрийнинг кўз ёшин севганим тайин.
Бир иноят тўкинг Ишқи паноҳдан,
Аслимга шимилиб кетай Сиздайин.

Сиз яшил пардалар ортидадирсиз…

***

Ўзингни урмағил ўтга
Ки кулдин шаҳсувор ўлмас.
Дилингни берма ношудга,
Ишқ анда барқарор ўлмас.
Ҳушингни тўзма, тўзғитма
Ки ҳуш олғучилар бисёр
Ғарибсен, дилни инжитма,
Кузакларда баҳор ўлмас.
Фақирсен, нотавонсен,
Фалак сенсиз -да собитдур
Фужурға берма вақтингни
Қабоҳатда шарор ўлмас.
Сен эй, Кўнглум, ғарибликда
Туроби хоки маҳзун бўл.
Ки шаффоф дил сафосида
Надоматдин ғубор ўлмас.

Кўнгил — настарангул…

Кўнгил — настарангул, кўкдек бокира
Еллар- бармоғимни ўпган бўсалар
Тунлар — оёғимга тўкилган кўнгил —
тонгларни ичарлар “севдим” десалар.

Кенгликлар – ҳаддини билмаган изҳор
Минг йилки юракка қамалган оҳдир.
Муҳаббат — меваси тўкилар себзор
Олмалар – заминга тушган гуноҳдир.

Сен Аршнинг сояси илинжида маст
Мен Жаннат ишқида гуллайман ёниб.
Иккимиз бир-бирни тутолмаган даст,
Қониб сув ичармиз, кетсак уйғониб.

Зайнабойим

Кундошли уй остонаси ўтлиғ экан
Оёқ куймай ёндингизми, Зайнабойим?!
Икки гулнинг аросида битта тикан
Тиканликка кўндингизми, Зайнабойим?!

Илк бўсалар “гуноҳкори” Кумуш эди,
“Қочқоқ”-“қувлоқ” забонида суйиш эди,
Бир нигоҳда ишқ тотини туйиш эди,
Ишқсизликка кўндингизми, Зайнабойим?!

Кашта тикса Кумушойим бармоқлари
Осон бўлса Отабекка бормоқлари
Нимтабассум ости кўнгил ёрмоқлари…
Ёрғоқ кўнгил бўлдингизми, Зайнабойим?!

Ахир, бирнинг бахти доим бирда бўлар
Иккиланган муҳаббатдан қоя қулар
Айтинг, ким ҳам кундошига бахтин тилар?!
Бахтсизликка кўндингизми, Зайнабойим?!

Тилим-тилим ой тилинса кечалари
Ой Кумушда ой билинса кечалари
Қўшни уйда Ой кулинса кечалари
Ойсизликка кўндингизми, Зайнабойим?!

Сарпо-суруқ бахтга ошно кирмас экан
Бекнинг қалби қалбингизни билмас экан.
Икки ёрти бутун бўлса, тулмас экан
Тул ҳаётга кўндингизми, Зайнабойим?!

Шерик бахтга кўнолмайди аёл зоти
Ахир, фақат кўнгил унинг бор бисоти
Ёрингизни ололмассиз энди сотиб
Нозлар қуриб сўлдингизми, Зайнабойим?!

“Ота…Она..Бегим…”лаган Кумуш эди
Гулнинг гулдек очилмоғи сўлиш эди
Тутганингиз коса – сўнгги улуш эди
“Мен Кумуш”лаб бўлдингизми, Зайнабойим?!

Аё Раббим!
Инсоф бергил
Қодирийни ёшга кўмган зайнабларга,
Қабоҳатнинг қозонига ёғлар қуйган зайнабларга,
Бировларнинг бахтин тортиб, “бахтин топган” зайнабларга,
Шармисорлик чоғиридан тўйдингизми, Зайнабойим?!

6-8.jpgBir necha kun avval Nastarin Iforzodaning hikoyasi bilan tanishtirgan edik. Bugun Rafiq Saydulloning tavsiyasi bilan uning she’rlarini taqdim etmoqdamiz.

Nastarin IFORZODA
SHE’RLAR
02

Xayol…

Go‘zal jannat bo‘lsaAshampoo_Snap_2018.03.03_18h22m39s_010_b.png
Tun bo‘lsa kunduz
Sirli bir ohangga to‘lgan payt bo‘lsa
Siz manim yonimda
Man emas sizsiz
Nigohlar, vujudlar bir g‘alat bo‘lsa
Qo‘llar ipak bo‘lsa
Tuyg‘ular ipak
Ipak lablarimda inja tabassum
Men sizga keraksam
Siz menga kerak
Bir ishq guvoh bo‘lsa
Bir mehr ma’sum…

Faqat dillar to‘lib aytsa so‘zini
(Ka’bada so‘zlashgan farishta misol
Mening yuragimga tashlab so‘zini)
Ko‘nglimga quyilsa ilohiy izhor.
Million yil yashasak
bitta Nigohga
qul bo‘lib
entikib
ayrolanmasak..
Million yashasak bitta Gunohga
sotilsak
Sotilib
g‘ayurlanmasak..

Nafaslar gullasa dudog‘imizda
Bir o‘tga ulashsa tunlar va tonglar
Ismlar gullasa qarog‘imizda
Faqat Ishqqa to‘lsa
muqaddas jomlar…

Hech kim aytolmagan afif Izhorni
Qulog‘imda asta shivirlasangiz
Ko‘nglimga yashirsam o‘sha Ozorni
Qalbimdan boshqaga ko‘milmasangiz..
Milliard yil yashasak bitta Qarog‘da
Yana milliard yil tugamasa So‘z
Shabnamlar gullasa manim dudog‘da
Shabnamlar ichsalar sizning go‘zal So‘z..

Aytsam: Shuncha sabr mukofoti shul
Desangiz: Yerda ham bo‘lurmi malak?!
Jannatiy izhorga ko‘milsa Ko‘ngil
(Jannatiy izhordan ko‘ngil jonsarak)
Asl Hayo bo‘lsa yopinchiqlar ham
Qalbning tomirlari gullasa to‘lib
Og‘ushlar iznida gullablar ketsam
Og‘ushlar gullasa ibodat bo‘lib…

… O! Bular barchasi xayol – pokiza
Haddini bilmagan beadog‘ Xayol
Borlig‘im xayoldek ayni ojiza
Borlig‘im xayoldan gulladi xiyol.

Go‘zal jannat bo‘lsa
Tun bo‘lsa kunduz…

***

Bosh olib ketaman bir kuni albat
Maysaning ko‘zida uxlamoq uchun
To‘kilmoqlik uchun yanoqlaridan
bulutning
Hayoning ko‘rsatib kuchin…

Meni to‘xtatolmas beor shamollar
Yerlar o‘polmaydi etaklarimdan.
Ruhimni ezmaydi toshdek savollar
Gullar suv ichadi ko‘rmaklarimdan…

va…
sizning qo‘lingiz yetmagan joyda
G‘arq bo‘lib eng shirin suhbatga, go‘yo
ruhimni Tonglarga socha boshlar U
Avval- u oxirda tug‘ilar Hayo.

***

Yetmish ming pardani ochdi mustafo
Ilmni dunyoga sochdi mustafo
O‘ZI deb o‘zidan kechdi mustafo
Shaytondan qochguvchi bandalar qani?!

Xadicha onamga sodiq yor edi
Ketdilar — yil, oylab motamzor edi
Kuz kelmay, dil qonar bir bahor edi
Uningdek vafopo‘sh diydalar qani?!

Ilgida yetimlar baxtiyor, shodmon
Parcha non topdilar, ham butun imon
Tavakkul bahrida saqlardilar jon
Riyodan asralgan giryalar qani?

Yerni supurardi muslima bari
Ko‘zdan nihon edi ko‘zning dilbari
(Mustafoning beun ezilganlari…)
Dayusi bo‘lmagan dunyolar qani?!

Necha gul o‘smoqda gulzori xazon
Bu arzon dunyoning narxi ham arzon
Imonni talashib yotibdi mezon…
Harf etsang, nur to‘lar kunyo(ya)lar qani?!

Iltijo

Xoliqo, ikki palla bir bandaman
Qayda chokdil bo‘lsa, men ham andaman.
Har sahar ilkim tutib tursa duo,
Har shabiston goh nazm, goh chirmandaman..
Gar O‘zing dardim aro bir kor topmasang
Ham gunoh, ham Ishq uza sharmandaman.

Yorligingda yorga kil oshik

Mani ul gulzor-u gulga qil oshiq
Na kayf- u safo, pok yulga qil oshiq.
Har kimki safar etdi — vatandin ayro
Vatanda turub, Vatanga qil oshiq.

Mani doyai parhezga qil oshiq,
Ham labi shahdu shakarrezga qil oshiq.
Ahli she’r, tolibi ilmga payvast etub
Ash’or o‘lkasida hokimi guharrezga qil oshiq.

Ey Yor, yorligingda yorga qil oshiq
Toqatiga sabr eli zorga qil oshiq.
Toat-u, ilm-u hunar ayvonida
Ham riyozati anvorga qil oshiq.

***

Bu uyda bir vaqtlar buvim yashagan..
Asqar Mahkam satri

Bu uyda bir vaqtlar buvim yashagan
Sochlarimni mayda o‘rar edi u
Bu uylar…
shu kulba..
bo‘yra to‘shalgan
G‘amlarni emirgan buvimdek,
yo hu!
Qo‘llari qadoqdi,
silagan mahal
sochlarimni hatto yulardi bilmay.
Onam doston o‘qirdi, varag‘i zarhal ..

Hayotga egilmay, vaqtga egilmay..
Kalima aytardi tunlari buvim
Oyatni bilardi, she’rni bilardi
Allaning kuyiga sel bo‘lib mahzun..
Xudodan bizlarga umr tilardi..
Ko‘z yosh qilmas edi, yig‘lamas edi..
Dunyoni yig‘iga ko‘mib ketdi u..
Faqat o‘sha uyning xotiralari
Butun bir umrimni bezadi mangu…

Bu uyda bir vaqtlar buvim yashagan.

Sevgi haqida eng uzun she’r

— Behushman
— Bechora…

***

Keling do‘stim
Eshigim ochiq
Yomg‘irda yuvilgan ko‘ngillar bilan
Yaproqdek umidvor ko‘ngillar bilan
Ko‘ngildan yaralgan ko‘ngillar bilan..
Mol dunyoni qo‘ying, o‘tadi
Vaqt, fursatni qo‘ying, o‘tadi
Kun, qismatni qo‘ying o‘tadi

Keling do‘stim
Eshigim ochiq
Xotirning sarg‘aygan izlari bilan
G‘ururning egilgan tizlari bilan
Haydalgan qalblarning yuzlari bilan..

Siz shunchaki keling
Bir nigoh
jur’atiga yetmagan dil — la
Shabnam ichib to‘ymagan lablar
sarhadiga yetmagan dil — la
Olovlarga yoqqan — u, o‘zi
Tirik qolgan ishqparast dil — la
Keling do‘stim.

Garchi shamol o‘yinlari rost
Garchi ishqning yomg‘iri yolg‘on
Keling do‘stim, shu muzdek qalbga
Madad bo‘lsin sel — ashki boron..
Axir endi eshigim yaqin…

***

Ketmang,
Shu yerda qoling to oxir.
Qarang
izlarimni o‘pyapti Sog‘inch
Ko‘nglimda ming yillik bir armon og‘rir —
va..
bitta Ilinj…
Ketmang
O‘zingiz ham izimni poylab
Tonglar ottirasiz
qizarar shafaq
Kelmasam
ko‘nglingiz kelar so‘roqlab
Kelmasam
dilingiz ketadi qonab…
Ketmang
Ming so‘zimni tikkanman bitta
so‘zingizga
Fido bo‘lmoqlik uchun
Garchi u so‘zlarning raqslari oq
G‘amning sharobidan to‘ysa -da ichib.
Ketmang!
Ketaversin dardning ko‘lkasi
Iffat qo‘llarini tutganim haqdir
Axir bu yuragim — umid daldasi
Yonib borayotgan ko‘nglim Shafaqdir.

Munojot

Siz yashil pardalar ortidadirsiz,
Men sorig‘ pardalar adog‘idaman.
“Xilvatda anjuman” g‘amini yeysiz,
Anjuman istagan voridman men ham.

“Nazar bar qadam”siz uvaysi solik,
Holimga bir nazar etmog‘im qiyin.
“Xush dar dam” — nafaslar imonga molik,
Yutilib ketyapman yutilgan sayin.

Yoqalar ho‘l bo‘lar avji gunohdan,
Basriyning ko‘z yoshin sevganim tayin.
Bir inoyat to‘king Ishqi panohdan,
Aslimga shimilib ketay Sizdayin.

Siz yashil pardalar ortidadirsiz…

***

O‘zingni urmag‘il o‘tga
Ki kuldin shahsuvor o‘lmas.
Dilingni berma noshudga,
Ishq anda barqaror o‘lmas.
Hushingni to‘zma, to‘zg‘itma
Ki hush olg‘uchilar bisyor
G‘aribsen, dilni injitma,
Kuzaklarda bahor o‘lmas.
Faqirsen, notavonsen,
Falak sensiz -da sobitdur
Fujurg‘a berma vaqtingni
Qabohatda sharor o‘lmas.
Sen ey, Ko‘nglum, g‘ariblikda
Turobi xoki mahzun bo‘l.
Ki shaffof dil safosida
Nadomatdin g‘ubor o‘lmas.

Ko‘ngil — nastarangul…

Ko‘ngil — nastarangul, ko‘kdek bokira
Yellar- barmog‘imni o‘pgan bo‘salar
Tunlar — oyog‘imga to‘kilgan ko‘ngil —
tonglarni icharlar “sevdim” desalar.

Kengliklar – haddini bilmagan izhor
Ming yilki yurakka qamalgan ohdir.
Muhabbat — mevasi to‘kilar sebzor
Olmalar – zaminga tushgan gunohdir.

Sen Arshning soyasi ilinjida mast
Men Jannat ishqida gullayman yonib.
Ikkimiz bir-birni tutolmagan dast,
Qonib suv icharmiz, ketsak uyg‘onib.

Zaynaboyim

Kundoshli uy ostonasi o‘tlig‘ ekan
Oyoq kuymay yondingizmi, Zaynaboyim?!
Ikki gulning arosida bitta tikan
Tikanlikka ko‘ndingizmi, Zaynaboyim?!

Ilk bo‘salar “gunohkori” Kumush edi,
“Qochqoq”-“quvloq” zabonida suyish edi,
Bir nigohda ishq totini tuyish edi,
Ishqsizlikka ko‘ndingizmi, Zaynaboyim?!

Kashta tiksa Kumushoyim barmoqlari
Oson bo‘lsa Otabekka bormoqlari
Nimtabassum osti ko‘ngil yormoqlari…
Yorg‘oq ko‘ngil bo‘ldingizmi, Zaynaboyim?!

Axir, birning baxti doim birda bo‘lar
Ikkilangan muhabbatdan qoya qular
Ayting, kim ham kundoshiga baxtin tilar?!
Baxtsizlikka ko‘ndingizmi, Zaynaboyim?!

Tilim-tilim oy tilinsa kechalari
Oy Kumushda oy bilinsa kechalari
Qo‘shni uyda Oy kulinsa kechalari
Oysizlikka ko‘ndingizmi, Zaynaboyim?!

Sarpo-suruq baxtga oshno kirmas ekan
Bekning qalbi qalbingizni bilmas ekan.
Ikki yorti butun bo‘lsa, tulmas ekan
Tul hayotga ko‘ndingizmi, Zaynaboyim?!

Sherik baxtga ko‘nolmaydi ayol zoti
Axir, faqat ko‘ngil uning bor bisoti
Yoringizni ololmassiz endi sotib
Nozlar qurib so‘ldingizmi, Zaynaboyim?!

“Ota…Ona..Begim…”lagan Kumush edi
Gulning guldek ochilmog‘i so‘lish edi
Tutganingiz kosa – so‘nggi ulush edi
“Men Kumush”lab bo‘ldingizmi, Zaynaboyim?!

Ayo Rabbim!
Insof bergil
Qodiriyni yoshga ko‘mgan zaynablarga,
Qabohatning qozoniga yog‘lar quygan zaynablarga,
Birovlarning baxtin tortib, “baxtin topgan” zaynablarga,
Sharmisorlik chog‘iridan to‘ydingizmi, Zaynaboyim?!

05

(Tashriflar: umumiy 1 229, bugungi 1)

5 izoh

  1. Шеьрларингиз укиб эслаб тураман ичи толи дард.дардингизни Оллохим сотиб олсин.

Izoh qoldiring