Nastarin Iforzoda. “Yaprog‘ida shabnam yig‘lagan ey, gul….”

Ashampoo_Snap_2018.02.19_19h39m16s_003_.png    Нилуфар қабр устидан бир сиқим тупроқни олиб ҳидлади. Ундан опасининг ҳиди келгандек бўлди, энтикиб кетди. Кўзларини яна жиққа ёш қоплади. Кимни айбласин, касалликними, опасиними ёки анов йигитними..?! Қабристон эса мангу жимликка маҳкум манзил эди…

Настарин ИФОРЗОДА
«ЯПРОҒИДА ШАБНАМ
ЙИҒЛАГАН, ЭЙ ГУЛ…»

01

Нилуфар қабр устидан бир сиқим тупроқни олиб ҳидлади. Ундан опасининг ҳиди келгандек бўлди, энтикиб кетди. Кўзларини яна жиққа ёш қоплади. Кимни айбласин, касалликними, опасиними ёки анов йигитними..?! Қабристон эса мангу жимликка маҳкум манзил эди.
………………………………………………………..

Нилуфар йўлакдан кетар экан, беихтиёр диққатини бир эълон тортди: “Сочлар сотиб оламиз!” Сочлар,- ўйлади қиз ва юраги тилиниб кетди, кўзини худди пашша киргандек артиб қўйди. Йўлда йиғлаш уят-да…Нилуфарни кўпчилик хаёлати қиз дерди. Бу сўз шевада айтилган бўлса- да уни ҳамма тушунарди университетда. Ахир бу сўз Нилуфар ҳақида –да. Бу қиз бутун университет йигитларини ўзига қаратган экан , деб ўйласангиз хато қиласиз. Лекин шуниси аниқки, у билан бир бор суҳбат қурган одамнинг хаёлида бир неча кун балки бир неча ой Нилуфарнинг сиймоси айланиб юрарди.

Нилуфар ўзини оғир ўйлардан қутилтирмоқ учун йўл четидаги айримлари қийғос гуллаган, айримлари эндигина куртаклаётган, ҳали аччиқ изғирин-у, бемаврид шамоллар келишидан эмин дарахтларга қаратди. Чиройидан ийманаётган қизлардек бир — бирига эгилиб турган пушти гулли шафтолилар Нилуфарга табассум ҳадя этарди. “Яшаш қанчалар яхши- я! Гуллар! Осмон! Дарахтлар! Нафис эпкинлар! Оппоқ булутлар!! Шу оппоқ булутларга қўшилиб дунё кезсанг, замон-у маконнинг сенга ҳеч бир аҳамияти бўлмаса, ҳеч нарса йўлингга ғов бўлолмаса. Сен эса учсанг, фақат учсанг! Боғларнинг ифоридан тўйиб-тўйиб нафас олсанг! Бу анвойи ҳид айниқса юқорида зўр бўлса керак, осмонда! Одамларни тепадан туриб томоша қилсанг, уларга ўз кўзинг билан кўрганинг сабабидан ишонсанг ва ишонмасанг.

— Саломалайкум! Нилуфар овоз келган томонга ялт этиб қаради. Бу ўша, энди бутун оиласи танийдиган кўркам йигит эди. Бўйлари баланд ва пурвиқор, қарашлари ўткир, овози эса соҳир.

— Ассалому алайкум, — Нилуфар ҳам йигитга салом берди. Бу опаси сўнгги хатида айтгани йигит эди. Ўзи бугун нима бўляпти, ўйлади қиз. Эзгин хотиралардан қанча ўзимни олиб қочсам, ортимдан шунча қуваётгандек. Аввалига эълон, кейин бу учрашув… Шу ўйлар билан тез-тез юриб борар экан, пошнаси қоқилиб, йиқилиб тушди. Кап-катта қизнинг қоқилиб йиқилиши кимгадир кулгули бўлса, кимдир ачиниб қаради. Тиззаси қизариб кетди. Нилуфар ўзи сабабини англолмаган нарса томоғига тиқилганини ҳис қилди, кўз ёши қирғоғидан сизиб, ёқасига тушди. “Эрталаб туриб опамнинг руҳига дуои фотиҳа қилмадим –да”,деб ўйлади Нилуфар- шунинг эвазига эрталабдан шунча кўргулик “ . Тўрт пара дарсда қандай ўтирганини билмади. Курсдошлари феълини яхши билишгани учун бирор гап қотиб асабига ҳам тегишмади. Ахир у хаёлпараст бир қиз бўлса, ўз оламида яшайди. Бу оламга эса ҳеч кимнинг киришга ҳаққи йўқ.

Ўқиш тугаб, уйга қайтгач опасининг руҳига дуо қилди, жаннатларни сўради. Шу кўйи хонасида узоқ қолиб кетди. Онаси безовта қилмади.. Гўё катта қизига тутилган аза яна бир кунга узайган эди. Бувиси эса ҳамон ўша эски алласини куйларди:

Сочлари толим – толим
Майдалаб ўролмайман
Қайга кетди Нигорим
Бир бориб кўролмайман…

Сочларингга кўзмунчоқ
Бўлай ўзим алла ё
Ташлаб кетдинг Нигорим
Кўрар кўзим алла ё…

Нилуфар бувисининг овозини эшитмаслик учун қулоқларини кафтлари билан маҳкам ёпди. Ойиси бувисига “Шу аллайизни айтманг, онажон”, дейишига қарамай, бувиси суюкли неварасини қаттиқ соғинганида, қизидан яшириб, айтиб-айтиб йиғларди. Ахир у Нигорага ҳали тили чиқмасдан илгари сураларни, оятларни ўргатганди. Ёз оқшомлари юлдуз тўла осмонга термулиб ётишаркан, бувисининг насиҳатлари –ю эртакларига маҳлиё бўлишарди. “Болам,-дерди бувиси — бу дунё қайтар дунё. Ким қилмагай, ким топмагай. Отанг ҳам бир адашди-да болам, мана энди ўз қилганига ўзи пушаймон. Ойингга эса Худойим нафси мурда берди. Ойинг эркакка эркак, аёлга аёл. Йўлига тўғри, шунинг учун уни Худойимнинг ўзи қўллайди. Бутун қишлоқ ойингнинг пардевол урганига ҳайрон. “Пардевол” ни эса болалар билиб улгуришганди. Ойиларига ғишт узатиб туришган ўшанда. Ойиси ўша пардеволни деб эшакдан йиқилиб тушганди. Қурувчилар эшак деб баланд қилиб ясалган қўлбола столни айтишаркан. Ойингнинг ҳалол-у покизалигидан ҳамма ҳурмат қилади. Қара, ҳовлимизнинг ярми очиқ, аммо ҳеч ким безовта қилмайди, ёмон назар билан қарамайди. Ойингда иккита туққан бўлса-да, бир қизнинг ҳусни бор. Эҳеее қанчадан-қанча совчилар келди, ойинг рози бўлмади. Шу икки қизимни ўгай отанинг зулмига қўймай, деди болам бечора. Бир кўйлакни йиллаб кийди, ўзиям жони темир экан. Ойинг Худонинг суйган бандаси, Худойим охири бозорини берсин. Бувисининг овози ўзгариб кетарди шунақа пайтлар, унинг йиғлаб гапираётганини қоронғуликда сезиб туришарди. Буви “охири бозори” нима дегани сурашарди улар, охирати обод бўлсин дегани, дерди бувиси. У Нигоранинг сочларини майдалаб ўришни айниқса яхши кўрарди. “Яхши отга ёл битар”, деб куларди, мақолдаги ёмон сўзига “яхши”га ўзгартириб. Бувиси аёл бўлибдики, етим боқиб келган. Ўзининг болалари, тоғасининг хотини ўлгач, унинг 4 та боласи ва Нигора билан Нилуфар. Бувисидек тозаликни севувчи одам бўлмаса керак, таҳоратсиз юрмасди. Бирор жойга меҳмонликка борса албатта ғусл қилиб, ўзига қараб, қулоғининг орқасига райҳон қистириб борарди. Бировни яхши кўрса, қараб туриб шеър тўқиб юборарди. Овозлари хушовоз эди. Достонларни хиргойи қилиб кўрпа қавирди. Нилуфар билан опаси ҳали қавилмаган кўрпаларнинг ичига кириб ўйин қилишса, ёлғондакам пўписа қилиб “Ҳой бўхча ўғрилари , пахтасини узма”, деб ҳайдаб соларди. Унингча, қизлар турмушга чиқишса бўхча ўғриларига айланаркан. Уларнинг ҳовлиси четидан ҳеч қачон райҳон аримасди. Бувиси бу гулларни ўзгача бир меҳр билан севар, Нигора ана шу райҳонлар ёқасида шеър ёзарди. Нилуфар чуқур уф тортди. Хотирасининг қай пинжини титкиламасин Нигора чиқиб келаётганди. Нигоранинг ёди унинг жонига қасд қилгандек, хотиралар эшигини очиб юборганди…

Нигора оқ – қизилдан келган, нафис қошли, кўзлари кулиб турарди. Айниқса кулганда кулгичларининг ўйнаши юзига ажиб бир гўзаллик бахш этарди. Киприклари унча узун бўлмаса –да чиройда узункиприк қизларникидан кам эмас, жуда қуюқ эди. Уялганда қизариб кетар, юзлари лов-лов ёнарди. Сочлари қўнғиртоб, учи озроқ жингалак, ўтирса кўрпачада ёйилиб ётарди. Айниқса пушти ёки оқ кўйлак кийса, паридек бўп кетарди. Ҳарқалай, бувиси уни шунақа деб алқарди: “Париқиз!” Кулганда бутун дунё кулгандек бўларди, чин дилдан шарақлаб кулса, кўзларидан ёш чиқиб кетарди. У баъзан шўх-шаддод баъзан жуда хаёлчан бўлиб қоларди. Бирда олов бирда сув эди. Уни гоҳида бу хонадон эгаларининг ҳаммаси бир-бир йиққан кутубхона китобларига шўнғиб кетар гоҳида ҳовли ичи бедапояга кўмилиб, осмонга термулиб ётарди. Умуман олганда, бу оила аъзоларининг барчасида шоирона нимадир бор эди. (Нигора ҳақида эди деб сўзлаш, ўйлаш нақадар оғирлигини Нилуфар бугун қаттиқ ҳис қилди.)

Кейин эса ҳаммаси бирдан ўзгарди. Нигора севиб қолди. Бу ҳис унда яшарди, деса камлик қилади. Унинг бутун борлиғи севги эди. У шу ҳис билан уйғонар, шу ҳис билан кулар, йиғлар, нафас олар ва тамом бўларди… Лекин у севган инсонни ҳеч ким танимасди. Бу ҳақда берилган саволларга жимгина кулиб қўя қоларди. Нигора учун уни ошкор этмоқ худди миллион йил кутган нарсасини бировга бериб қўйишдек гап эди. У овозни севиб қолганди. Соҳир овозни…

Бу овоз уни тушларида таъқиб қилар, ўзига чорларди гўё. Нигоранинг қулоғидан эса наушник тушмасди. Ойиси гапира –гапира ўзи уйда бўлган вақтда наушнигини олиб қўядиган қилди. Лекин бунинг ҳам фойдаси бўлмади. Нигора бирибир ҳеч нарсани эшитмасди. Унинг бутун хаёли, ҳаёти шу овозга таслим бўлганди. Овоз соҳиби интернет радиода ишларди. Нигора уни фақат шу ерда учратарди холос. У шеър ўқиётганида Нигоранинг кўнглига бир оҳанг қуйиларди. Маҳзун бир оҳанг. Кейин ўша оҳанг кўзларидан ёш бўлиб сизиб чиқарди. Нега йиғлаётганини ўзи ҳам тушунмасди. Қизиқ, кўрмай туриб кўнгил бериш ҳам бўларканми, ўйларди Нигора. Менинг-ку расмларим интернетда тиқилиб ётибди, қақажон дугоналаримнинг “менга ёқди” ларига кўмилиб кетган. У нега расмини қўймайди — я?! Ҳечқурса, ёшини билволармиди?! Кунлар шу тахлит жавобсиз саволлар билан ўтар, ўқишдан қайтгач авваллари интернетга шунчаки ўйин, деб қарайдиган қиз энди бу тармоққа ипсиз боғланиб қолган эди. У пиёз тўғраётиб бирдан шеър ўқиб юбориши ёки ёнида ҳеч ким бўлмаса ҳам ўзича “ассалому алайкум”, деб кулиб қўйиши мумкин эди. “Ҳой Нигооор, ғирт телбанинг ўзисан –а?!” — дерди синглиси унга ва икковлари қаҳ-қаҳ уриб кулишарди. Ойиси ҳам уларга қараб кулиб қўяр, ишқилиб отасиз ўстираётган бу кумушбибиларимнинг кўнгли ўксимасин-да,- деб хаёл қиларди.. Нилуфар опасини сенсираб гапирар, опаси ҳам бунга эътироз билдирмас, ораларидаги бир ёшнинг фарқи билинмасди.

Нигоранинг ўқтин-ўқтин мазаси қочиб қолар, дунё кўзига қоронғу кўриниб кетган ойиси қизининг бошида эрталабгача ўтириб чиқарди. Унинг ўзини билмай қолишларини Нилуфар кўтаролмас, бошқа уйга ўтиб сураларни йиғлаб –йиғлаб тиловат қилар ва опасига шифо сўрарди. Касалликнинг кучи бирда камайса, бирда ортарди. Бу кўпроқ Нигоранинг кайфиятига ҳам боғлиқдек эди. Бувиси дастурхонга дуо ўқир экан, Нигорага комил шифо сўрашни асло тарк этмасди. Лекин Нигора негадир касаллиги ҳақида ўйламас, унинг учун бутун борлиқ фақат оҳангдан иборатдек эди. У энди ўша овозни ҳатто тушларида эшитарди. Унинг бу радиога киришига сабаб бўлган дўстига минг бор қуллуқ қилгиси келиб кетарди гоҳо. Ахир бу ерда кўнглини топганди, шеъриятни, мусиқанинг сеҳрли жилосини, тунларнинг олов каби ёнишини, тонгларнинг муаззам қуёшга интилиб отишини, дунёдаги жамики гўзалликни топгандек эди. Кимларнингдир наздида бор йўғи интернет радио бўлган бу макон унинг учун бутун олам эди. Уни ҳар сония ўзига чорлаётган, унинг ўзигагина тегишли бўлган ўзлигини минг турли нурга кўмаётган манзил эди…Ахир бунда энг гўзал овоз бор эди унинг учун. Дунёдаги энг гўзал кўшиқ шу сеҳрли овознинг шеъридан иборатдек эди: “Япроғида шабнам йиғлаган эй, гул..” , деб хониш қиларди овоз соҳиби. Буларнинг бари бир тушдек ҳаётига кириб келар экан, Нигора бу тушдан уйғониб кетишни асло истамасди. Қанийди ҳаммаси бошқача бўлса, қанийди унинг ҳеч кимдан ками бўлмаса, одамлардан яширгани сирлар ҳеч қачон ошкор бўлмаса..қанийди..! Нигора баъзан интернет радиодан эзгин шеърларни тинглар экан, радиочатга юрагини тўкиб соларди. Сирли овоз соҳиби эса худди унинг кўнглини кўриб тургандек унга маъқул бўлган, бирга қўшилиб куйлайдиган кўшикларини саралаб қўярди..Лекин у ким? Ким экан ўша инсон? Ким экан ўша гоҳ дарёдек жўшган гоҳ маҳзунликка кўмиб ташланган сатрларни бошқаларнинг қалбига қуяётган инсон?! Билолмасди.

Худди унинг дилидагини биров радиобошловчиларга еткизгандек, Нигорани шу радиога ишга таклиф қилишди. Нигора учун бу катта ишонч, катта бахт, оламшумул воқеа эди. Унинг юраги ҳапқириб кетар, кўксига сиғмасди. Биринчи марта қилган эфири эса ҳаётидаги энг гўзал воқеалардан бири эди. У ҳаяжондан титрар, гапирганда оғзининг суви қуриб борарди. Тингловчилар унинг ҳолатини билгандек, радиочатга илиқ сўзлар ёзишарди. Нигора ўзи ёзган шеърлардан бирини ўқий бошлади. Унинг кимга бағишлаб ёзилганини фақат унинг ўзи биларди. Ахир кимга ҳам бўларди..!

Тингловчиларга шеър маъқул бўлди шекилли, радиочатни алвон гулларга тўлдириб ташлашди. Гўзалликнинг байрами кўнгилларни яшнатиб юборди, айниқса Нигоранинг. У эфирни тугатиб, тингловчилар билан самимий, илиқ хайрлашар экан шахсий ёзишмаларига бир хат келди: “Биз сизни Германияда тинглаяпмиз. Ҳаммаси ажойиб! Омад тилаймиз!”. Нигора бу қадар севинмаганди яқин йиллар ичида. Ахир уни бутун дунё эшитар экан! (Ҳарқалай унга шундай туюлди) Кунлар кечаларни кутиш билан ўтар, Нигора бутун борлиғи билан интернет радио ва ўша соҳир овозга банди бўлиб қолганди..

Орадан бир неча ой ўтди Врачлар Нигорага қаттиқ ҳаяжон мумкин эмаслигини таъкидлашганди. Унинг касаллиги эса кундан-кун зўрайиб борарди. Нигора ҳаётини қувончга тўлдирган инсоннинг оилали эканлигини тасодифан билиб қолганди. Тўғри- да, деб ўйларди қиз,- сен кимсанки, унга умидвор бўласан?! Ахир касал билан соғнинг, осмон билан ернинг, оилали билан оиласизнинг фарқи бор..Бундан кўз юмиб бўлмайди. Нигора гулдек сўлий бошлаганди…

Шундай кунларнинг бирида Нилуфар опасининг столга эгилиб, ҳеч нарсани сезмай нимадир ёзаётгани устидан чиқиб қолди. Нигора ёзар экан юзи қизиб кетган, қоғоз эса нам эди. У йиғлаб-йиғлаб ёзаётганди. Синглисини кўрди –ю, яширди. Авваллари ҳам шундай қиларди, ҳали пишмаган қораламаларини бировга кўрсатмасди. Нилуфар индамади, секин хонасига кўтарилди. Лекин кечга бориб опасининг тоби қочди. Қанча уринишмасин Нигора ўзига келмади. Париқиз ўзи билан бутун шодликларни олиб кетгандек эди, энди уйларида на кулгунинг на ҳазил-мутойибанинг овози эшитиларди. Нигоранинг маъсум кўзлари дунёдан тўймай кетганини билдиргандек очиқ қолган эди. Сочлари ўша узун-узун, тунлар ёстиқ бағрига отилган, тўлғониб ётадиган сочлари нафақат кўксини, балки бутун танасини ёпиб турарди. Онасининг дийдаси ҳам ўзи ҳам тош қотиб қолган: на гапирар на йиғлай оларди…

Бир неча кун ўтиб, Нилуфар опасининг ётоғидан бир хат топиб олди: унда икки оғиз гап ёзилганди: “Нилуфар, ҳаётда яшаш ва яшамаслик бор экан. Тирикликни унинг маҳзун шеърларида, соҳир овозида ҳис этдим. Мен уни ҳаётда кўрдим, энди армоним йўқ. У бизнинг университетда ўқиркан. Хурсандман. Яшагим келяпти”.

Тамом.

6-8.jpg   Nilufar qabr ustidan bir siqim tuproqni olib hidladi. Undan opasining hidi kelgandek bo‘ldi, entikib ketdi. Ko‘zlarini yana jiqqa yosh qopladi. Kimni ayblasin, kasalliknimi, opasinimi yoki anov yigitnimi..?! Qabriston esa mangu jimlikka mahkum manzil edi…

Nastarin IFORZODA
«YAPROG‘IDA SHABNAM
YIG‘LAGAN, EY GUL…»
01

Nilufar qabr ustidan bir siqim tuproqni olib hidladi. Undan opasining hidi kelgandek bo‘ldi, entikib ketdi. Ko‘zlarini yana jiqqa yosh qopladi. Kimni ayblasin, kasalliknimi, opasinimi yoki anov yigitnimi..?! Qabriston esa mangu jimlikka mahkum manzil edi.
………………………………………………………..

Nilufar yo‘lakdan ketar ekan, beixtiyor diqqatini bir e’lon tortdi: “Sochlar sotib olamiz!” Sochlar,- o‘yladi qiz va yuragi tilinib ketdi, ko‘zini xuddi pashsha kirgandek artib qo‘ydi. Yo‘lda yig‘lash uyat-da…Nilufarni ko‘pchilik xayolati qiz derdi. Bu so‘z shevada aytilgan bo‘lsa- da uni hamma tushunardi universitetda. Axir bu so‘z Nilufar haqida –da. Bu qiz butun universitet yigitlarini o‘ziga qaratgan ekan , deb o‘ylasangiz xato qilasiz. Lekin shunisi aniqki, u bilan bir bor suhbat qurgan odamning xayolida bir necha kun balki bir necha oy Nilufarning siymosi aylanib yurardi.

Nilufar o‘zini og‘ir o‘ylardan qutiltirmoq uchun yo‘l chetidagi ayrimlari qiyg‘os gullagan, ayrimlari endigina kurtaklayotgan, hali achchiq izg‘irin-u, bemavrid shamollar kelishidan emin daraxtlarga qaratdi. Chiroyidan iymanayotgan qizlardek bir — biriga egilib turgan pushti gulli shaftolilar Nilufarga tabassum hadya etardi. “Yashash qanchalar yaxshi- ya! Gullar! Osmon! Daraxtlar! Nafis epkinlar! Oppoq bulutlar!! Shu oppoq bulutlarga qo‘shilib dunyo kezsang, zamon-u makonning senga hech bir ahamiyati bo‘lmasa, hech narsa yo‘lingga g‘ov bo‘lolmasa. Sen esa uchsang, faqat uchsang! Bog‘larning iforidan to‘yib-to‘yib nafas olsang! Bu anvoyi hid ayniqsa yuqorida zo‘r bo‘lsa kerak, osmonda! Odamlarni tepadan turib tomosha qilsang, ularga o‘z ko‘zing bilan ko‘rganing sababidan ishonsang va ishonmasang.

— Salomalaykum! Nilufar ovoz kelgan tomonga yalt etib qaradi. Bu o‘sha, endi butun oilasi taniydigan ko‘rkam yigit edi. Bo‘ylari baland va purviqor, qarashlari o‘tkir, ovozi esa sohir.

— Assalomu alaykum, — Nilufar ham yigitga salom berdi. Bu opasi so‘nggi xatida aytgani yigit edi. O‘zi bugun nima bo‘lyapti, o‘yladi qiz. Ezgin xotiralardan qancha o‘zimni olib qochsam, ortimdan shuncha quvayotgandek. Avvaliga e’lon, keyin bu uchrashuv… Shu o‘ylar bilan tez-tez yurib borar ekan, poshnasi qoqilib, yiqilib tushdi. Kap-katta qizning qoqilib yiqilishi kimgadir kulguli bo‘lsa, kimdir achinib qaradi. Tizzasi qizarib ketdi. Nilufar o‘zi sababini anglolmagan narsa tomog‘iga tiqilganini his qildi, ko‘z yoshi qirg‘og‘idan sizib, yoqasiga tushdi. “Ertalab turib opamning ruhiga duoi fotiha qilmadim –da”,deb o‘yladi Nilufar- shuning evaziga ertalabdan shuncha ko‘rgulik “ . To‘rt para darsda qanday o‘tirganini bilmadi. Kursdoshlari fe’lini yaxshi bilishgani uchun biror gap qotib asabiga ham tegishmadi. Axir u xayolparast bir qiz bo‘lsa, o‘z olamida yashaydi. Bu olamga esa hech kimning kirishga haqqi yo‘q.

O‘qish tugab, uyga qaytgach opasining ruhiga duo qildi, jannatlarni so‘radi. Shu ko‘yi xonasida uzoq qolib ketdi. Onasi bezovta qilmadi.. Go‘yo katta qiziga tutilgan aza yana bir kunga uzaygan edi. Buvisi esa hamon o‘sha eski allasini kuylardi:

Sochlari tolim – tolim
Maydalab o‘rolmayman
Qayga ketdi Nigorim
Bir borib ko‘rolmayman…

Sochlaringga ko‘zmunchoq
Bo‘lay o‘zim alla yo
Tashlab ketding Nigorim
Ko‘rar ko‘zim alla yo…

Nilufar buvisining ovozini eshitmaslik uchun quloqlarini kaftlari bilan mahkam yopdi. Oyisi buvisiga “Shu allayizni aytmang, onajon”, deyishiga qaramay, buvisi suyukli nevarasini qattiq sog‘inganida, qizidan yashirib, aytib-aytib yig‘lardi. Axir u Nigoraga hali tili chiqmasdan ilgari suralarni, oyatlarni o‘rgatgandi. Yoz oqshomlari yulduz to‘la osmonga termulib yotisharkan, buvisining nasihatlari –yu ertaklariga mahliyo bo‘lishardi. “Bolam,-derdi buvisi — bu dunyo qaytar dunyo. Kim qilmagay, kim topmagay. Otang ham bir adashdi-da bolam, mana endi o‘z qilganiga o‘zi pushaymon. Oyingga esa Xudoyim nafsi murda berdi. Oying erkakka erkak, ayolga ayol. Yo‘liga to‘g‘ri, shuning uchun uni Xudoyimning o‘zi qo‘llaydi. Butun qishloq oyingning pardevol urganiga hayron. “Pardevol” ni esa bolalar bilib ulgurishgandi. Oyilariga g‘isht uzatib turishgan o‘shanda. Oyisi o‘sha pardevolni deb eshakdan yiqilib tushgandi. Quruvchilar eshak deb baland qilib yasalgan qo‘lbola stolni aytisharkan. Oyingning halol-u pokizaligidan hamma hurmat qiladi. Qara, hovlimizning yarmi ochiq, ammo hech kim bezovta qilmaydi, yomon nazar bilan qaramaydi. Oyingda ikkita tuqqan bo‘lsa-da, bir qizning husni bor. Eheyee qanchadan-qancha sovchilar keldi, oying rozi bo‘lmadi. Shu ikki qizimni o‘gay otaning zulmiga qo‘ymay, dedi bolam bechora. Bir ko‘ylakni yillab kiydi, o‘ziyam joni temir ekan. Oying Xudoning suygan bandasi, Xudoyim oxiri bozorini bersin. Buvisining ovozi o‘zgarib ketardi shunaqa paytlar, uning yig‘lab gapirayotganini qorong‘ulikda sezib turishardi. Buvi “oxiri bozori” nima degani surashardi ular, oxirati obod bo‘lsin degani, derdi buvisi. U Nigoraning sochlarini maydalab o‘rishni ayniqsa yaxshi ko‘rardi. “Yaxshi otga yol bitar”, deb kulardi, maqoldagi yomon so‘ziga “yaxshi”ga o‘zgartirib. Buvisi ayol bo‘libdiki, yetim boqib kelgan. O‘zining bolalari, tog‘asining xotini o‘lgach, uning 4 ta bolasi va Nigora bilan Nilufar. Buvisidek tozalikni sevuvchi odam bo‘lmasa kerak, tahoratsiz yurmasdi. Biror joyga mehmonlikka borsa albatta g‘usl qilib, o‘ziga qarab, qulog‘ining orqasiga rayhon qistirib borardi. Birovni yaxshi ko‘rsa, qarab turib she’r to‘qib yuborardi. Ovozlari xushovoz edi. Dostonlarni xirgoyi qilib ko‘rpa qavirdi. Nilufar bilan opasi hali qavilmagan ko‘rpalarning ichiga kirib o‘yin qilishsa, yolg‘ondakam po‘pisa qilib “Hoy bo‘xcha o‘g‘rilari , paxtasini uzma”, deb haydab solardi. Uningcha, qizlar turmushga chiqishsa bo‘xcha o‘g‘rilariga aylanarkan. Ularning hovlisi chetidan hech qachon rayhon arimasdi. Buvisi bu gullarni o‘zgacha bir mehr bilan sevar, Nigora ana shu rayhonlar yoqasida she’r yozardi. Nilufar chuqur uf tortdi. Xotirasining qay pinjini titkilamasin Nigora chiqib kelayotgandi. Nigoraning yodi uning joniga qasd qilgandek, xotiralar eshigini ochib yuborgandi…

Nigora oq – qizildan kelgan, nafis qoshli, ko‘zlari kulib turardi. Ayniqsa kulganda kulgichlarining o‘ynashi yuziga ajib bir go‘zallik baxsh etardi. Kipriklari uncha uzun bo‘lmasa –da chiroyda uzunkiprik qizlarnikidan kam emas, juda quyuq edi. Uyalganda qizarib ketar, yuzlari lov-lov yonardi. Sochlari qo‘ng‘irtob, uchi ozroq jingalak, o‘tirsa ko‘rpachada yoyilib yotardi. Ayniqsa pushti yoki oq ko‘ylak kiysa, paridek bo‘p ketardi. Harqalay, buvisi uni shunaqa deb alqardi: “Pariqiz!” Kulganda butun dunyo kulgandek bo‘lardi, chin dildan sharaqlab kulsa, ko‘zlaridan yosh chiqib ketardi. U ba’zan sho‘x-shaddod ba’zan juda xayolchan bo‘lib qolardi. Birda olov birda suv edi. Uni gohida bu xonadon egalarining hammasi bir-bir yiqqan kutubxona kitoblariga sho‘ng‘ib ketar gohida hovli ichi bedapoyaga ko‘milib, osmonga termulib yotardi. Umuman olganda, bu oila a’zolarining barchasida shoirona nimadir bor edi. (Nigora haqida edi deb so‘zlash, o‘ylash naqadar og‘irligini Nilufar bugun qattiq his qildi.)

Keyin esa hammasi birdan o‘zgardi. Nigora sevib qoldi. Bu his unda yashardi, desa kamlik qiladi. Uning butun borlig‘i sevgi edi. U shu his bilan uyg‘onar, shu his bilan kular, yig‘lar, nafas olar va tamom bo‘lardi… Lekin u sevgan insonni hech kim tanimasdi. Bu haqda berilgan savollarga jimgina kulib qo‘ya qolardi. Nigora uchun uni oshkor etmoq xuddi million yil kutgan narsasini birovga berib qo‘yishdek gap edi. U ovozni sevib qolgandi. Sohir ovozni…

Bu ovoz uni tushlarida ta’qib qilar, o‘ziga chorlardi go‘yo. Nigoraning qulog‘idan esa naushnik tushmasdi. Oyisi gapira –gapira o‘zi uyda bo‘lgan vaqtda naushnigini olib qo‘yadigan qildi. Lekin buning ham foydasi bo‘lmadi. Nigora biribir hech narsani eshitmasdi. Uning butun xayoli, hayoti shu ovozga taslim bo‘lgandi. Ovoz sohibi internet radioda ishlardi. Nigora uni faqat shu yerda uchratardi xolos. U she’r o‘qiyotganida Nigoraning ko‘ngliga bir ohang quyilardi. Mahzun bir ohang. Keyin o‘sha ohang ko‘zlaridan yosh bo‘lib sizib chiqardi. Nega yig‘layotganini o‘zi ham tushunmasdi. Qiziq, ko‘rmay turib ko‘ngil berish ham bo‘larkanmi, o‘ylardi Nigora. Mening-ku rasmlarim internetda tiqilib yotibdi, qaqajon dugonalarimning “menga yoqdi” lariga ko‘milib ketgan. U nega rasmini qo‘ymaydi — ya?! Hechqursa, yoshini bilvolarmidi?! Kunlar shu taxlit javobsiz savollar bilan o‘tar, o‘qishdan qaytgach avvallari internetga shunchaki o‘yin, deb qaraydigan qiz endi bu tarmoqqa ipsiz bog‘lanib qolgan edi. U piyoz to‘g‘rayotib birdan she’r o‘qib yuborishi yoki yonida hech kim bo‘lmasa ham o‘zicha “assalomu alaykum”, deb kulib qo‘yishi mumkin edi. “Hoy Nigooor, g‘irt telbaning o‘zisan –a?!” — derdi singlisi unga va ikkovlari qah-qah urib kulishardi. Oyisi ham ularga qarab kulib qo‘yar, ishqilib otasiz o‘stirayotgan bu kumushbibilarimning ko‘ngli o‘ksimasin-da,- deb xayol qilardi.. Nilufar opasini sensirab gapirar, opasi ham bunga e’tiroz bildirmas, oralaridagi bir yoshning farqi bilinmasdi.

Nigoraning o‘qtin-o‘qtin mazasi qochib qolar, dunyo ko‘ziga qorong‘u ko‘rinib ketgan oyisi qizining boshida ertalabgacha o‘tirib chiqardi. Uning o‘zini bilmay qolishlarini Nilufar ko‘tarolmas, boshqa uyga o‘tib suralarni yig‘lab –yig‘lab tilovat qilar va opasiga shifo so‘rardi. Kasallikning kuchi birda kamaysa, birda ortardi. Bu ko‘proq Nigoraning kayfiyatiga ham bog‘liqdek edi. Buvisi dasturxonga duo o‘qir ekan, Nigoraga komil shifo so‘rashni aslo tark etmasdi. Lekin Nigora negadir kasalligi haqida o‘ylamas, uning uchun butun borliq faqat ohangdan iboratdek edi. U endi o‘sha ovozni hatto tushlarida eshitardi. Uning bu radioga kirishiga sabab bo‘lgan do‘stiga ming bor qulluq qilgisi kelib ketardi goho. Axir bu yerda ko‘nglini topgandi, she’riyatni, musiqaning sehrli jilosini, tunlarning olov kabi yonishini, tonglarning muazzam quyoshga intilib otishini, dunyodagi jamiki go‘zallikni topgandek edi. Kimlarningdir nazdida bor yo‘g‘i internet radio bo‘lgan bu makon uning uchun butun olam edi. Uni har soniya o‘ziga chorlayotgan, uning o‘zigagina tegishli bo‘lgan o‘zligini ming turli nurga ko‘mayotgan manzil edi…Axir bunda eng go‘zal ovoz bor edi uning uchun. Dunyodagi eng go‘zal ko‘shiq shu sehrli ovozning she’ridan iboratdek edi: “Yaprog‘ida shabnam yig‘lagan ey, gul..” , deb xonish qilardi ovoz sohibi. Bularning bari bir tushdek hayotiga kirib kelar ekan, Nigora bu tushdan uyg‘onib ketishni aslo istamasdi. Qaniydi hammasi boshqacha bo‘lsa, qaniydi uning hech kimdan kami bo‘lmasa, odamlardan yashirgani sirlar hech qachon oshkor bo‘lmasa..qaniydi..! Nigora ba’zan internet radiodan ezgin she’rlarni tinglar ekan, radiochatga yuragini to‘kib solardi. Sirli ovoz sohibi esa xuddi uning ko‘nglini ko‘rib turgandek unga ma’qul bo‘lgan, birga qo‘shilib kuylaydigan ko‘shiklarini saralab qo‘yardi..Lekin u kim? Kim ekan o‘sha inson? Kim ekan o‘sha goh daryodek jo‘shgan goh mahzunlikka ko‘mib tashlangan satrlarni boshqalarning qalbiga quyayotgan inson?! Bilolmasdi.

Xuddi uning dilidagini birov radioboshlovchilarga yetkizgandek, Nigorani shu radioga ishga taklif qilishdi. Nigora uchun bu katta ishonch, katta baxt, olamshumul voqea edi. Uning yuragi hapqirib ketar, ko‘ksiga sig‘masdi. Birinchi marta qilgan efiri esa hayotidagi eng go‘zal voqealardan biri edi. U hayajondan titrar, gapirganda og‘zining suvi qurib borardi. Tinglovchilar uning holatini bilgandek, radiochatga iliq so‘zlar yozishardi. Nigora o‘zi yozgan she’rlardan birini o‘qiy boshladi. Uning kimga bag‘ishlab yozilganini faqat uning o‘zi bilardi. Axir kimga ham bo‘lardi..!

Tinglovchilarga she’r ma’qul bo‘ldi shekilli, radiochatni alvon gullarga to‘ldirib tashlashdi. Go‘zallikning bayrami ko‘ngillarni yashnatib yubordi, ayniqsa Nigoraning. U efirni tugatib, tinglovchilar bilan samimiy, iliq xayrlashar ekan shaxsiy yozishmalariga bir xat keldi: “Biz sizni Germaniyada tinglayapmiz. Hammasi ajoyib! Omad tilaymiz!”. Nigora bu qadar sevinmagandi yaqin yillar ichida. Axir uni butun dunyo eshitar ekan! (Harqalay unga shunday tuyuldi) Kunlar kechalarni kutish bilan o‘tar, Nigora butun borlig‘i bilan internet radio va o‘sha sohir ovozga bandi bo‘lib qolgandi..

Oradan bir necha oy o‘tdi Vrachlar Nigoraga qattiq hayajon mumkin emasligini ta’kidlashgandi. Uning kasalligi esa kundan-kun zo‘rayib borardi. Nigora hayotini quvonchga to‘ldirgan insonning oilali ekanligini tasodifan bilib qolgandi. To‘g‘ri- da, deb o‘ylardi qiz,- sen kimsanki, unga umidvor bo‘lasan?! Axir kasal bilan sog‘ning, osmon bilan yerning, oilali bilan oilasizning farqi bor..Bundan ko‘z yumib bo‘lmaydi. Nigora guldek so‘liy boshlagandi…

Shunday kunlarning birida Nilufar opasining stolga egilib, hech narsani sezmay nimadir yozayotgani ustidan chiqib qoldi. Nigora yozar ekan yuzi qizib ketgan, qog‘oz esa nam edi. U yig‘lab-yig‘lab yozayotgandi. Singlisini ko‘rdi –yu, yashirdi. Avvallari ham shunday qilardi, hali pishmagan qoralamalarini birovga ko‘rsatmasdi. Nilufar indamadi, sekin xonasiga ko‘tarildi. Lekin kechga borib opasining tobi qochdi. Qancha urinishmasin Nigora o‘ziga kelmadi. Pariqiz o‘zi bilan butun shodliklarni olib ketgandek edi, endi uylarida na kulguning na hazil-mutoyibaning ovozi eshitilardi. Nigoraning ma’sum ko‘zlari dunyodan to‘ymay ketganini bildirgandek ochiq qolgan edi. Sochlari o‘sha uzun-uzun, tunlar yostiq bag‘riga otilgan, to‘lg‘onib yotadigan sochlari nafaqat ko‘ksini, balki butun tanasini yopib turardi. Onasining diydasi ham o‘zi ham tosh qotib qolgan: na gapirar na yig‘lay olardi…

Bir necha kun o‘tib, Nilufar opasining yotog‘idan bir xat topib oldi: unda ikki og‘iz gap yozilgandi: “Nilufar, hayotda yashash va yashamaslik bor ekan. Tiriklikni uning mahzun she’rlarida, sohir ovozida his etdim. Men uni hayotda ko‘rdim, endi armonim yo‘q. U bizning universitetda o‘qirkan. Xursandman. Yashagim kelyapti”.

Tamom.

033

(Tashriflar: umumiy 366, bugungi 1)

1 izoh

Izoh qoldiring