Vatan haqida she’rlar & Ra’no Mullaxo’jayeva. XX asr o’zbek she’riyatida Vatan mavzusi

Ashampoo_Snap_2018.02.28_21h16m21s_002_.png   Ворисийлик қонунияти ҳамма жойда бир хил амал қилади. 70–80- йиллар ўзбек шеъриятига кириб келган авлод ҳам ўз истеъдод ва иқтидорини салафларининг ижодий тажрибаларини ривожлантириш орқали намоён этди. Одатда, истеъдод мавжуд анъаналарни қабул қилади, янгилайди, бойитади, ўзлигини намоён этиб, келажак авлодга етказади.

Раъно Муллахўжаева
ХХ АСР ЎЗБЕК ШЕЪРИЯТИДА
ВАТАН МАВЗУСИ

07

0_1bb21c_f995914a_orig.pngXX асрнинг 80-йилларига келиб собиқ шўро мамлакатида ижтимоий янгиланиш зарурати туғилди ва бу ҳолат жамиятнинг барча бўғинлари, хусусан маънавий ҳаётида ҳам туб ўзгаришларни вужудга келтирди. Ўзбек адабиётида ҳам ана шу ўзгаришлар сезгиси билан туғилиб шаклланаётган янги бир авлоднинг адабий майдондаги фаолияти миллий бадиий тафаккур ривожига ўзига хос ҳисса бўлиб қўшилди. Шу маънода, 80-йиллар ўзбек шеъриятининг пешқадам вакилларидан бири – Шавкат Раҳмон ижодини авлодлари ва давр қамровида ўрганиш нафақат бир индивидуал шахс, балки ХХ аср ўзбек шеърияти ҳамда 70–80-йиллар авлоди ижодининг мавзу-мундарижаси, услубий-шаклий изланишларини ёритишга, муҳим илмий-назарий хулосалар чиқаришга имкон яратади.

Ворисийлик қонунияти ҳамма жойда бир хил амал қилади. 70–80- йиллар ўзбек шеъриятига кириб келган авлод ҳам ўз истеъдод ва иқтидорини салафларининг ижодий тажрибаларини ривожлантириш орқали намоён этди. Одатда, истеъдод мавжуд анъаналарни қабул қилади, янгилайди, бойитади, ўзлигини намоён этиб, келажак авлодга етказади. Ана шу мураккаб ижодий жараёнда бадиий тафаккурнинг авлодлараро тадрижий ривожланиш қонуниятлари намоён бўлади.

ХIХ асрнинг иккинчи ярмидан ХХ аср сўнггига қадар яратилган ўзбек шеърияти намуналарини даврлараро жамлаб, ўзаро қиёсланса, уларда бадиий тафаккурнинг қуйидаги йўналишлари бўйича янгиланиш босқичлари рўй берганлигини кузатамиз: 1) ғоя ва мазмундаги янгиликлар; 2) мавзу танлашдаги ранг-барангликлар 3) шакл ва услубдаги янгиликлар.

Ушбу янгиланишлар баробарида ижтимоий-иқтисодий ва бошқа бир қанча омиллар билан боғлиқ – барча даврларни боғлаб турувчи анъаналар (шакл ва мазмун, оҳанг ва ғоя кабилар) ҳам мавжуд. Лекин бу анъаналар ҳам муайян даврга мос янгиланиш босқичларидан ўтади. Бу улкан даврга хос яна бир жиҳат – шеъриятнинг ижтимоийлашувидир. 80-йиллар шеърияти борасида фикр билдирган кўпчилик мунаққидлар ижтимоий мазмуннинг устувор кўриниш олиш қонуниятини давр билан боғлиқ жараён деб баҳолаганлар.

Барча замонларда куйланган ватан, озодлик, мустақиллик мавзулари бу даврда янада долзарб кўриниш олди. Эътиборлиси, ХХ аср шеъриятида ҳар бир даврга хос хусусий жиҳатлар аниқ кўринса-да, Ватан мавзусидаги асарлар – шеърларнинг мазмун ва моҳиятида ички бир умумийлик, яхлитлик сезилиб туради. Бу моҳият – Ватанни қарийб бир юз ўттиз йил давом этган мустамлакачилик занжирларидан қутқариш, миллатни ҳур, озод кўриш истагининг гоҳ очиқ-ошкор, гоҳида эса яширин ифода топганлигида билинади. Ушбу катта даврнинг ёрқин намояндалари Чўлпон, Ҳамид Олимжон, Ойбек, Абдулла Орипов, Рауф Парфи, Шавкат Раҳмон, Усмон Азим, Хуршид Даврон каби шоирларнинг ватан мавзусидаги шеърларини қиёсан ўрганиб, бадиий тафаккурнинг ижтимоий йўналишдаги тадрижийлигини ғоя, мазмун, шакл ва оҳанг мисолида яқиндан кузатиш мумкин.

Чўлпоннинг “Юпанмоқ истаги” (1922) шеърида ошиқ дилнинг ички кечинмалари баёнидан навбатдаги семантик сатҳ – рамзий ижтимоий мазмун юзага чиқади. Лирик қаҳрамоннинг ушалмай сўнган орзулари – маҳбуба тимсоли ботинида халқнинг бой берилган эрки, озодлиги, мустақиллиги маънолари ифодаланган. Шеър оҳанги, мазмуни, маъно жиҳатдан “Билмадим, кўнглимни юпатгай кимлар” мисраси асосига қурилган. Шеърда қўйилган саволнинг жавоби эса сўнгги:

Ўйланган ўйлар-ла кўнгил юпанмас,
Кўнгилнинг истаги ўй билан қонмас,
Айтарлар бу тунда ёруғ шам ёнмас,
Чақмаса гугуртни асл ўғуллар…

тўртлигида акс этади. Шоир ўз орзусининг ушалиши – юртни озодликка олиб чиқиш унинг асл ўғлонлари саъй-ҳаракатига боғлиқ эканлигига очиқ ишора қилади. Хуршид Даврон орадан олтмиш олти йил ўтиб, Чўлпон шеърига назира (1988 ) битар экан, уни “Билмадим, кўнглимни юпатгай кимлар” мисраси билан бошлайди. Ҳар икки шеърнинг ўхшаш-уйғунлиги улардаги ягона оҳанг, туроқ ва ғоя билангина чегараланмайди. Шеърлардаги образларга ҳам муштарак рамзий маънолар юкланган. Чўлпон шеъриятида бир қанча образлар шеърдан-шеърга ўтиб, ягона рамзий мазмун касб этади. Жумладан:

Чарчаган йўловчи йўлдан адашса,
Текис йўл қолса-да, тоғларни ошса,
Йўлни кўрсаткучи юлдуз-да қочса,
Шундай юпатгайми яланғоч чўллар?

тўртлигидаги йўл кўрсатувчи ёруғ юлдуз образининг ибтидоси шоирнинг “Гўзал” шеъридаги “энг ёруғ юлдуз”га кўп жиҳатдан боғланган. Унда шоир:

Қоронғу кечада кўкка кўз тикиб,
Энг ёруғ юлдуздан сени сўраймен,

деб, гўзал тимсолидаги мақсадига мурожаат қилади. Аслида “Гўзал” ботиний ифодаланган Ватан ҳақидаги шеърдир. “Юпанмоқ истаги”даги “Йўлни кўрсатувчи юлдуз-да қочса” мисраси мазмунини “Гўзал”даги “ёруғ юлдуз” образининг маъно кўлами янада ойдинлаштиради. Яъни шоир “йўл кўрсатувчи”нинг йўқлигидан шикоят қилади, “Шундай юпатгайми яланғоч чўллар?” дея ёғийларнинг юпанч топишини ўйлаб ўксинади.
Хуршид Даврон шеърида Чўлпон қўллаган образлар такрор келади ва улар янгича маъно эгаллай бошлайди. Масалан, дастлабки тўртликдаги “Ва ёки қалбимнинг дўсти – юлдузлар?” мисраси ҳамда:

Йўлдан адаштирган маёқлар сўнса,
Балки юпатғуси эркин юлдузлар? –

мисраларидаги юлдуз образига сифатлаш бўлиб келаётган сўзлар Хуршид Даврон бу образга юклаган поэтик маънога аниқлик киритади. Агар Чўлпон шеърида йўл кўрсатувчи юлдуз “қочса”, “уялиб бошини букиб”, “Мен уни тушда кўрамен, Тушимда кўрамен, шунчалар гўзал, Биздан-да гўзалдир, ойдан-да гўзал!..”, деб шоир армон қилса, Хуршид Даврон мисраларида юлдузлар унинг “қалб дўстлари”, “юпатғуси эркин юлдузлар”га айланган. Чўлпондаги ёғий “яланғоч чўл” образи Хуршид Даврон талқинида халқни “адаштирган маёқ”қа эврилади, шоир унинг сўнишидан юпанч топади гўё. Ушбу қиёсларнинг ўзиёқ ўзбек шеъриятидаги олтмиш олти йиллик давр мобайнида бадиий тафаккурнинг замон, ижтимоий ҳаёт билан боғлиқ тадрижий ривожини аниқ намоён этади. Чўлпон “қизил империя” кучга тўлиб, қатағон қиличини яланғочлаб, юҳодек ўзга халқларни ютиб юборишга киришган ҳолатдаги Ватан ва халқ тақдирини шеърга кўчирган бўлса, Хуршид Даврон унинг кучдан кетиб, эрк бўсағасида турган халқларни қўйиб юбормасликка тиш-тирноғи билан ёпишган, сўнгги кучига таяниб, халқ озодлиги йўлига ўтган авлоднинг орзу-интилишларини бадиий ифодалайди.

Аслида ҳар қандай шеър ёки асар муайян объектга йўналтирилади. Мабодо шеърдаги маъно биргина объект қамровида қолса, фақат шу кечинма ҳосиласи сифатида юзага чиқади. Аксинча, шеърнинг қамрови кенгайса, унда маъно йўналтирилган объектлар ҳам ортиб боради. Чўлпон шеърида биз илғаган объект ҳозирча иккита: бири – муҳаббат кечинмаларига сабабчи маҳбуба бўлса, иккинчиси – асоратда қолган Ватан тақдири. Шеърда поэтик мазмун бир объект чегарасига сиғмайди, шунинг учун кечинмалар қамрови кенгаяди.

Хуршид Даврон шеърида маъшуқа образи йўқ, ижтимоий объект асосий ўринга чиққан. Шеърдаги ижтимоий маъно муаммолар билан бирга ўз долзарблигини йўқотади. Шеър биргина адабий фактлар қаторидан жой олади. Инсоний кечинмаларга йўғрилган ижтимоий мазмунли шеърни эса ана шу бирламчи кечинма адабиёт майдонида тутиб туради.

ХХ асрнинг 30-йилларига келиб шўро ҳукумати адабиёт жиловини тўлиқ қўлига олди. Адабиётга партиявийлик, синфийлик мезонлари билан ёндашган социалистик реализм қолипи татбиқ этилди, қатағон авжига чиқди. Айнан шу даврда (1939 йили) Ҳамид Олимжоннинг “Ўзбекистон” шеъри ёзилди. Шеърни она юртга қасида деб номлаш мумкин.

…Ўхшаши йўқ бу гўзал бўстон,
Достонларда битган гулистон –
Ўзбекистон дея аталур,
Уни севиб эл тилга олур.
Чиройлидир гўё ёш келин,
Икки дарё ювар кокилин;
Қорли тоғлар турар бошида,
Гул водийлар яшнар қошида.
Чор атрофга ёйганда гилам,
Асло йўқдир бундайин кўклам…

Чўлпон ва Хуршид Даврон шеърларига қиёс этилса, “Ўзбекистон” шеъри мазмунан иккинчи бир қутбни ташкил этади. Гўё миллатнинг 20- ва 80-йиллар ижтимоий ҳаётида долзарб бўлган муаммолари 30–50-йилларда йўқ бўлгандек тасаввур уйғотиши мумкин. Нега истибдод ва зулм авж нуқтага чиққан бир паллада шоир баланд пафосда юрт қасидасини куйламоқда? Наҳотки 30-йиллардан кейин халқнинг озодлик, мустақиллик ҳақидаги орзу-ниятлари бирдан унутилган бўлса? Халқнинг изтироблари, дил яралари шунча тез битган бўлса?.. Бизнингча, бу шеърда аксилифода ҳодисаси воқе бўлмоқда. Аксилифода, бу йиғисини кулгу, кулгусини йиғи билан куйлашдир. Бу даврга келиб, халқ руҳияти, кайфияти, кечинмаларининг бир қутбдаги ифодаси юзага чиққан.

Нақл қилишларича, бир золим босқинчи бегона элни ғорат қилиб, аскарларига уни уч кун талаш имконини берибди. Кейин мағлублар нима қилишмоқда, деб сўрабди. Улар норозилик билдиришаяпти, деган жавобни олгач, яна уч кун талашни буюриб, сўнг аҳволни суриштирибди. Эл йиғлаяпти, деган жавобни эшитиб, тағин уч кун таланглар, дебди. Бу муддатни ҳам ўтказиб, тобеларнинг тақдири билан қизиқибди. Эл қўшиқ айтаяпти дейишганида, талашни тўхтатинг, деган экан. Худди нақлда айтилганидек, Ҳамид Олимжон авлодининг бахтни куйлаши зулмнинг зўридан туғилган мева эди. Бу авлод шоирларининг ижодини оддий мезонлар билан ўлчаш янглиш хулосаларга олиб келади. “Ўзбекистон” шеъри ватанга беғубор муҳаббатнинг поэтик ифодаси сифатида бугуннинг ўқувчисига ҳам қалбан яқин. Бу яқинлик шоир шеъридаги чин ватанпарлик туйғуларини Чўлпон каби салафлари ва А.Орипов, Рауф Парфи, Шавкат Раҳмон, Усмон Азим, Хуршид Даврон каби кейинги авлод вакиллари ижодидаги ватан ҳақида битилган шеърлардаги ғоя билан бир махражга келтиради. Ҳамид Олимжон ўз даврининг фарзанди, замондошларининг типик вакили эди. Наим Каримов таъкидлаганидек: “Шоир ўзининг энг яхши лирик асарларида ўз авлодининг руҳий кечинмаларини, унинг бой ва мусаффо ички дунёсини гавдалантиради. Ҳамид Олимжон поэзиясидаги лирик қаҳрамон аксарият ҳолларда, айни пайтда, ҳам шоирнинг ўзи, унинг реал прототипи сифатида кўринади, ҳам шоир мансуб бўлган авлоднинг биографиясини ўзида элтади ”. Бу авлод куйлаган бахт чуқур мазмунга эгадир. Кўриб турибмизки, бадиий тафаккур тадрижида муайян мавзунинг ифода шакллари, мазмуни, оҳанг йўсини, пафос ва урғуси турлича бўлиши мумкин, лекин уларнинг ғоявий яхлитлиги сақланиб қолмоқда.

ХХ асрнинг 60-йилларига келиб шўролар мамлакатида маълум сиёсий-ижтимоий ўзгаришлар рўй берди. “Илиқлик” деб номланган даврга келиб, адабиёт, санъат соҳасида қисман эркинликларга йўл очилди. 1937 йили ноҳақ қатағон қилинган кўплаб сиймолар оқланди. Уларнинг асарлари эълон қилина бошлади. ХХ асрнинг 60-йилларида адабиётга кириб келган авлод – А.Орипов, Э.Воҳидов, Раф Парфи ижодида ана шу “илиқлик” нафаси аниқ сезилади. Ҳамид Олимжоннинг 1939 йили ёзилган “Ўзбекистон” шеъридан сўнг орадан ўттиз йил ўтиб, 1969 йили А.Ориповнинг “Ўзбекистон” шеъри эълон қилинди. Ушбу асарлар номланиши ва умумий руҳи билан бир-бирига яқин. А.Орипов асари миллий ифтихор, ғурур, ўзбек халқини улуғлаш, ўтмиш аждодлар ва шонли тарих билан фахрланиш туйғуларининг очиқ ифодаланганлиги билан Ҳамид Олимжон шеъридан ажралиб туради. А.Ориповнинг “Ўзбекистон” шеъри борасида кўп фикрларни айтиш мумкин. Шоир ижоди олтмишинчи йиллар шеъриятининг энг юксак намуналарига хос барча мукаммал жиҳатларни ўзида мужассам этганлиги билан ажралиб туради.

Умуман олганда, 20-, 40-, 60-йиллар ижодкорларининг тажриба ва анъаналари 80-йиллар шеърияти навқирон вакилларининг ижодий парвозига ҳар жиҳатдан замин яратди, уларнинг ғоявий-бадиий юксак асарлар яратишига илҳом ва имкон берди.

70–80-йиллар авлоди шеъриятидаги ижтимоий мавзу бошқа даврларда ифода топган ижтимоийликдан мутлақо фарқ қилади. Бу ҳолатнинг объектив ва субъектив сабаблари бор. Биринчидан, 70-йилларнинг иккинчи ярми, хусусан 80-йиллар бошларидаги собиқ шўро давлатида ҳукм сурган ижтимоий-сиёсий вазият аввалги даврларга умуман ўхшамасди. Бу давр шўро ҳукуматининг таназзул даври, собиқ иттифоқдош республикаларнинг миллий ўзлигини англаб, халқ озодлиги йўлида собитқадамлик билан интилиш даври бўлди. Халқ онгида мудраб ётган миллий ифтихор туйғуларини уйғотиш, унинг ўзлигини англаб етиши учун курашга чорлаш, бир сўз билан айтганда, халқни миллий мустақилликка тайёрлаш миссиясини бу даврда адабиёт ўз зиммасига олди. 70–80-йиллар авлоди ушбу жабҳада байроқдорлар сафида турди. Бу давр шоирлари шеърияти ҳам асосан давр руҳини акс эттирганлиги билан аввалги шеъриятдан ажралиб турарди.

Шавкат Раҳмон, Усмон Азим, Хуршид Даврон, Йўлдош Эшбек ва бошқа шоирларнинг шеърлари турли услуб ва йўналишларда ёзилган бўлса-да, улар ижодида мазмун ва ғояни яхлит тадрижий босқичларда кўрамиз. Уларнинг илк шеърларида ижтимоий мазмундаги шеърлар у қадар кўзга ташланмаса-да, кейинчалик Ватан ва миллат мавзуси асосий ўрин тутди . Хусусан, Шавкат Раҳмоннинг 70-йиллардан 80-йилгача бўлган даврдаги ижодида ёш юракнинг соф туйғулари табиат манзараларига қиёсан тасвирланди.

Саҳар турдим, қуёшни кутдим,
Шудрингларга чайдим юзимни.
Булоқларга лабимни тутдим
Ва борлиқда кўрдим ўзимни…

Кўзларимдан тошди шуурим,
Тўлиб кетди бағримга наво.
Мангуликдай туюлди умрим,
Мангуликдай туюлди дунё…

Шоир лирик қаҳрамони мўъжизаларга тўла дунёни бор гўзаллиги билан ўзига сингдирар экан, ундан умрбоқийлик туяди. Дунёнинг мангулиги туганмас куйдек некбин орзулар оламига уни ошно этади. Айни кечинмалар Хуршид Даврон, Усмон Азим ва бошқа шоирлар шеърларининг ҳам мавзу-мундарижасини ташкил этарди. Сир тўла дунёнинг шеърга эврилиши бу авлод шоирлари ижодини илк даврида она табиатнинг гўзаллиги-ю бахтли болаликнинг орзулар оламидан олинган беқиёс тимсоллар воситасида куйланишида ёрқин кўринади.

70-80-йиллар авлоди ижодида сохта ватанпарварлик, шиорбозлик, маддоҳлик, ҳамду санолар ўқиш деярли сезилмайди. Чунки бу даврдаги ижтимоий-сиёсий шарт-шароит, жаҳон миқёсида тезкорлик билан қулоч ёзишни бошлаган глобаллашув жараёни, ўз навбатида, ижод аҳлини ҳам янгича фикрлашга ундади, санъат ва адабиёт соҳаларида 70–80-йилларда кечган ўзгаришларнинг моҳиятини шу давр билан боғлиқ янгиланишлар ташкил қилди.

Бу давр шеъриятида ижтимоий мавзу фаол кўриниш олган бўлса, бунга асосий сабаб ижтимоий ҳаётдаги ўзгаришлар: воқеаларнинг кескин тус олиши, собиқ шўро давлатининг қайта қуриш ва ошкоралик сиёсати, иттифоқдош республикаларнинг аста-секинлик билан ўз мустақилликлари сари қадам-бақадам бориши ва ушбу мураккаб жараёнда шеъриятнинг, умуман, адабиётнинг жамиятни ҳаракатлантирувчи кучларнинг олдинги сафида бўлишидир.

Хулоса қилиб айтганда, 20-йиллар авлоди шеъриятида қўлдан кетаётган ватан қайғуси қанчалик ўртаниб куйланган бўлса, 70–80-йиллар шеъриятида ватан мустақиллигини, эрк ва озодликни қайта қўлга киритиш ғояси баралла янгради. 20-йилларда зулм қанчалик қасди-бастига олса, шеъриятда айтилмоқчи бўлган фикр рамз ва тимсолларда йўғрилиб, тагмаъно ичига сингдирилиб куйланди. 70–80- йиллар шеъриятида эса тимсол ва мажозлар орқали ифодаланган, тагмаъноларга сингдирилган ватан мавзуси тобора очиқ-ойдин намойишкорона ифода топиб, шеър баъзан бадиий равонликдан кўра оҳангдор нутқ шаклида ҳам намоён бўла бошлади. Шавкат Раҳмон ва унинг сафдошлари ижоди бунинг ёрқин мисолидир.

07
ВАТАН ҲАҚИДА ШЕЪРЛАР
09

01Абдулҳамид ЧЎЛПОН

ЁРУҒ ЮЛДУЗГА
(Ҳазар эсдалиги)

Гўзал юлдуз, нурли юлдуз, тез сўзла.
Оталарнинг тарихдаги хатосин,
Шул хатодан осуфланиб товларнинг
Эл кўксида сурган ишрат, сафосин.

Сўзла, англат ўтгандаги турмушнинг
Бутун қонли, шонли, жонли ерларин.
Кўз олдимда жилваланур юрт учун
Жонлар бериб, қонлар тўккан ерларинг.

Ўйнат, қўзғат, тўлқинлантир, ҳовлиқтир
Кенг Ҳазарнинг кўм-кўк, юмшоқ сувларин,
Сўзлаттириб, чарчат, ҳорсин, чарчасин,
Тери оқсин, кўкка чиқар буғларин.

Кўпиклантир, майда, оппоқ кўпикдан
Кўйлак кийдир, ясантир сув бетларин,
Ул сувлар-ла пардоз қилдир, кийинтир
Тоғли, тошли қирғоқларин, четларин.

Нега жимсен, нега жавоб бермайсен,
Нега кўзинг қизаринди, ёшланди?
Нега юзинг сўлган каби юмшарди?
Нега сенда бир талваса бошланди?

Биламен мен, сўзламайсен шунинг-чун –
Сўзлайдирган яхши сўзинг йўқ эрур.
Оғиз очсанг, йўқсил элни эзмакка,
Қон қилмоққа ҳасратларинг кўп эрур.

Майли, майли, қандоқ аччиқ бўлса ҳам,
Тўғри сўзни яширмасдан сўзлай бер,
Ҳар қанчалар юрак ёрғич куй бўлса,
Ботир бўлиб секингина куйлай бер.

Ўтганларнинг заҳари ҳам бу кунда
Кўнгилларга тегмай ўтар кабидир.
Кечмишларнинг йиғиси ҳам шу кунда
Йўқсил дилни суюнтирар кабидир.

Фалокатлар кўрган ота-боболар
Истиқболнинг қимматини билмаган.
Эл ва юртни сақлар учун сўнг хонлар
Тузуккина чора, тадбир қилмаган.

Биз, йўқсиллар, бошқаларга қул бўлиб,
Чет оёқлар томонидан эзилдик.
Ҳар ярамас, ҳар бузуқнинг тагида
Алам ортган, жабр кўрган биз эдик.

Етар, бўлди. Мени гапга солдинг-да,
Ўзинг унда тинглабгина турасан:
Яна, тағин таъсирланиб сўзимдан,
Оҳ-воҳ қилиб, ўзни ҳар ён урасан.

Сўзла, сен-да тилларингни ўйнатиб,
Эски алам ичра бизни олиб бор.
Яширин ётган пардаларни, зулматни
Қараб турма, нуринг билан йирт-юбор.

Ялинтирма, бошқаларга ялинган
Каби сен хам ялинтирмоқ истайсен,
Эзилганни эзишликка сен, гўзал.
Озроқ шарм, озроқ ҳаё қилмайсен?

Сўзла, англат, гўзал юлдуз, тез сўзла,
Мен-да сенингдек чиройли сўйлармен.
Ҳазардаги кўпикларга бирлашиб,
Сени мақтаб ширин куйлар куйлармен.

Оғиз очдинг, товшинг келди, эй юлдуз,
Сўзла, сўзла, ёт киши йўқ, иккимиз…

Баҳри Ҳазар, 19 Август, 1920 йил.

ГЎЗАЛ ТУРКИСТОН

Гўзал Туркистон, сенга не бўлди?
Саҳар вақтида гулларинг сўлди.
Чаманлар барбод, қушлар ҳам фарёд,
Ҳаммаси маҳзун. Бўлмасми дил шод?
Билмам не учун қушлар учмас боғчаларингда?

Бирлигимизнинг тебранмас тоғи,
Умидимизнинг сўнмас чироғи.
Бирлаш, эй халқим, келгандир чоғи,
Безансин энди Туркистон боғи.
Қўзғал, халқим, етар шунча жабру жафолар!

Ол байроғингни, қалбинг уйғонсин,
Қуллик, асорат – барчаси ёнсин.
Қур янги давлат, ёвлар ўртансин.
Ўсиб Туркистон, қаддин кўтарсин,
Яйраб, яшнаб ўз Ватанинг — гул Боғларингда!

БУЗИЛГАН ЎЛКАГА

Эй, тоғлари кўкларга салом беран зўр ўлка,
Нега сенинг бошингда  қуюқ булут кўланка?
Учмоҳларнинг кавсаридек покиза,
Садафларнинг донасидек топ-тоза
Салқин сувлар тоғдан қуйи тушаркан,
Томчилари ёмғир каби учаркан,
Нима учун йиғлар каби инграйлар?
Ёв борми, деб тўрт тарафни тинглайлар?
Табиатнинг ўтини йўқ ўтида,
Шарақ-шарақ қайнаб чиққан булоқлар
Ҳар қоронғи, қўрқинч туннинг бетида
Шифо истаб келмасин дер, қўноқлар.
— Бу нега?
Айт менга.
Кўм-кўк, гўзал ўтлоқларинг босилғон,
Устларида на пода бор, на йилқи,
Подачилар қайси дорға осилғон?
От кишнаши, қўй маъраши ўрнига
-Оҳ, йиғи,
Бу нега?

Туморчалар ҳамойиллар тақинган,
Далаларда лола барги ёпинган,
Тоғ-тошларда ўйин қилган,
Чопинган
Гўзал қизлар, ёш келинлар қаерда?
Жавоб йўқми кўклардан-да, ердан-да,
Хароб бўлган элдан-да.
От минганда, қушлар каби учгувчи,
Эркин-эркин ҳаволарни қучғувчи,
От чопганда, учар қушни тутқувчи,
Учар қушдай ёш йигитлар қаерда?
Тоғ эгаси – сор бургутлар қаерда?

Сенинг қаттиқ сир – бағрингни кўп йиллардир эзганлар,
Сен безсанг-да, қарғасанг-да, кўкрагингда кезганлар.
Сенинг эркин тупроғингда ҳеч ҳақи йўқ хўжалар,
Нега сени бир қул каби қизғанмасдан янчалар?
Нега сенинг қалин товшинг “кет” демайди уларга?
Нега сенинг эркли кўнглинг эрк бермайди қулларга?
Нега тағин танларингда қамчиларнинг кулиши?
Нега сенинг турмушингда умидларнинг ўлиши?
Нега ёлғиз қон бўлмишдир улушинг?
Нега бунча умидсиздир туришинг?
Нима учун кўзларингда туташгувчи олов йўқ?
Нима учун тунларингда бўриларнинг қорни тўқ?
Нима учун ғазабингни уйғотмайдир  оғу-ўқ?
Нима учун борлиғингда бу даража бузғунлик?
Нима учун ўч булути селларини ёғдирмас?
Нима учун куч тангриси бор кучи-ла солдирмас?
Кел, мен сенга қисқагина достон ўқий,
Қулоғингга ўтганлардан эртак тўқий.
Кел, кўзингнинг ёшларини суриб олай
Кел, ярали танларингни кўриб олай, тўйиб олай.
Нима учун ағдарилган, йиқилган
Оғир тойнинг заҳар ўқи кўксингда?
Нима учун ёвларингни бир замон
Йўқ қилғундай темирли ўч йўқ сенда?
Эй, ҳар турли қулликларни сиғдирмаган ҳур ўлка,
Нега сенинг бўғизингни бўғиб турар кўланка?

Андижон, 1921 йил

ЮПАНМОҚ ИСТАГИ

Билмадим кўнглимни юпатгай кимлар:
Тоғларми, тошларми ё оқар сувлар.
Ёки кишанлардан бўшалган қуллар,
Ёки севилмасдан ташланган туллар?

Ёки ойдин тунда кўзимни олмай
Кўклардан юпатқич юлдуз ахтарай?!
Ёки тонг чоғида сабо юпатғай,
Ёки ойдан томган вафосиз нурлар?

Ёку кўз ёшидан йиғилган бир кўл
Бўйида эгилган толда бир булбул
Сайраса, йиғласа, маъшуқаси гул
Кулганда юпатгай кўлдаги ҳурлар?

Чарчаган йўловчи йўлдан адашса,
Текис йўл қолса-да, тоғларни ошса,
Йўлни кўрсатувчи юлдуз-да қочса,
Шунда юпатгайми яланғоч чўллар?

Эркин далаларнинг эркин султони,
Сонсиз подаларнинг ёлғиз чўпони
Най чалиб тоғлардан истаса ёрни,
Балки юпатгуси “ёр” деган куйлар?

Турмушда, хаёлда… ҳар бир нарсада
Ёлғиз алданишни кўрган бир банда
Борлиққа қарғишлар ёғдирган танда
Балки юпатгуси у аччиқ сўзлар?

Денгизлар қайнаса, тошса сувлари,
Кесилса йўлчининг истак йўллари,
Денгизга айланса ўнг ва сўллари,
Балки юпатғуси ҳўлланган кўзлар?

Кўнгилда уйғонса енгил ҳаваслар,
Узилса, бузилса олтин қафаслар,
Бирга ичишсалар бир тўда мастлар,
Балки юпатгайлар ўйноқи қизлар?

Ўйланган ўйларга кўнгил юпанмас,
Кўнгилнинг истаги ўй билан қонмас,
Айтарлар бу тунда ёруғ шам ёнмас,
Чақмаса гугуртни асл ўғиллар….

1922 йил

08Ҳамид ОЛИМЖОН

ЎЗБЕКИСТОН

Водийларни яёв кезганда,
Бир ажиб ҳис бор эди манда..
Чаппар уриб гуллаган боғин,
Ўпар эдим ватан тупроғин.
Одамлардан тинглаб ҳикоя
Ўсар эди шоирда ғоя.
Дарёлардан куйлаб ўтардим,
Эртакларга қулоқ тутардим.
Ҳаммасини тинглардим, аммо,
Ўхшашини топмасдим асло.

Ўхшаши йўқ бу гўзал бўстон,
Достонларда битган гулистон —
Ўзбекистон дея аталур,
Уни севиб эл тилга олур.
Чиройлидир гўё ёш келин,
Икки дарё ювар кокилин
Қорли тоғлар турар бошида,
Гул водийлар яшнар қошида.
Чор атрофга ёйганда гилам.
Асло йўқдир бундайин кўклам.

Тоғлардаги қип-қизил лола
Бўлиб гўё ёқут пиёла,
Булоқлардан узатади сув
Эл кўзидан қочади уйқу.
Далаларда бошланади иш
Бошланади ижод ва турмуш.
Кундан-кунга ўсади пахта,
Барг чиқади ҳарбир дарахтда,
Олмазорлар гулин тўкади,
Мева боғлаб шохин букади.

Шаҳарларда ишга чиқиб эл
Одам билан тўлар Текстиль.
Ҳаммасининг бир истаги бор,
Ҳаммаси ҳам хурсанд, бахтиёр.
Бу ўлкада ҳар нарса бордир,
Кўрмаганлар доим хумордир.
Аму билан Сирдан сув ичган,
Зарафшонни лойлатиб кечган,
Чавандозлар бордир бу элда.
Баҳор чоғи пишқирган селда
Арғумоқлар қўшиғи бордир.
Бу шундайин ажиб диёрдир.

Даласида ўсмас тиконлар,
Чўлларида чопмас илонлар;
Қуш учганда куймас қаноти,
Одам ўтса қуримас зоти;
Чанқов қолиб йўловчи ўлмас,
Ҳар бурчакда бошкесар бўлмас.
Кулбаларни келиб босмас қум,
Гўдакларни ютмас оч ўлим.
Одамга бахт ва толе ёрдир —
Бу шундайин ажиб диёрдир.

Бунда булбул китоб ўқийди,
Бунда қуртлар ипак тўқийди,
Бунда ари келтиради бол,
Бунда қушлар топади иқбол,
Бунда қорнинг тагларида қиш,
Баҳор учун сўйлайди олқиш.
Бир ўлкаки ҳуснга бойдир,
Унинг энг зўр кўзгуси ойдир;

Бир парча ўт бўлиб бунда кун
Пахтасига ишлайди ҳар кун.
Ботирлари канал қазади,
Шоирлари ғазал ёзади,
Куйчилари ўқийди ялла,
Жувонлари айтади алла,
Пазандаси ёпади ширмон,
Қарилари кутади меҳмон —
Бу шундайин ажиб диёрдир.
Бунинг қизиқ ҳикмати бордир:

Ҳар гўшада суянган тоғи;
Гуржистонда севган ўртоғи
Унга ҳусн ва ифтихордир;
Узоқ Шарқда қўшини бордир,
Шунинг учун тинчдир ул кўнгул.
Шунинг учун осойишдир ул.
Шунинг учун самонда ётмас,
Шунинг учун совуқда қотмас,
Ёвларига осмон тутундир,
Шунинг учун бағри бутундир,
Шунинг учун ёпинмагай хас,
Шунинг учун кийинар атлас.

Шундай ўлка доим бор бўлсин,
Шундай ўлка элга ёр бўлсин.
Омон бўлсин оғайнилари,
Омон бўлсин дўстларнинг бари.
Доим бўлсин давлати омон,
Шундай бўлсин бу бутун жаҳон.

Шафтолузор боғларни кўрдим,
Гул кўкарган тоғларни кўрдим,
Меҳр қўйиб ўпган сари оқ,
Оппоқ бўлди бу, азиз тупроқ.

Водиларни яёв кезганда,
Бир ажиб ҳис бор эди менда…

03ОЙБЕК

ЎЗБЕКИСТОН

Бир ўлкаки, тупроғида олтин гуллайди,
Бир ўлкаки, қишларида шивирлар баҳор,
Бир ўлкаки, сал кўрмаса, қуёш соғинар…
Бир ўлкаки, ғайратидан асаби чақнар.
Бахт тошини чақиб, бунда куч гувиллайди.
Дердиларки: «унинг руҳи инжиҳ ва хаста»,
Бироқ, томчи қони унинг бир кулча олтин!
Уқа билан тортиб сотган афсоналарин,
Аччиқ, дудли фалсафанинг кутубхонасин
Совет шарқи ёқди… Ёнди бу эски латта.
Совет шарқи тўлқинини кўринг — бу ҳаёт!
Тебратади ўлкани иш — бахтнинг ўз қўли,
Очилгандир тарихларнинг энг улуғ йўли.
Хазинасин очиб берган қири, тоғ, чўли,
Бутун шарқда ёзажак у шафақдан қанот.
Болғалар-ла парчаланди уйқу илони,
Меҳнаткаш эл букун белин кўтарди мағрур,
Термометр симобидай… Ўпар экан нур
Янги тарих қуёшидан унинг манглайи,
Меҳнатидан айқиради энди бахт, сурур.
Далаларда машинанинг тетик нафаси,
Уфқларнинг зумрад кўксин ўпар пахтазор.
Чоллар — йигит, йигитчалар чақмоқдай ёнар,
Эркин меҳнат бахтли кўзда чўғ каби порлар,
Ироданинг қилич янглиғ ўткирдир дами.
Қайтиб келмас ва тирилмас мозий қабрдан,
Йўқчиликдан кафан ўртган скелет кунлар,
Кўз ёши-ла жинчироғни ёндирган тунлар..
Бўшликларга юксалган у хаёл-тутунлар,
Елкаларда учқун ёнмас қамчи зарбидан.
Хонақони ташлаб фикр фанларни минди,
Электрон текширади кечаги чўпон.
Институт курсисини ўпар қиз-жувон.
«Капитал»нинг ҳар сатридан галалаб учган
Фикрларни қувар тунлаб ёшлар киприги.
Яратипди бир шоҳ асар, гўзал бир достон,
Ғадир-будур меҳнат қўли битгандир буни,
Келажакнинг баҳоридан олинган куйи,
Хаёлларга сиғмайди ҳеч бунинг мазмуни,
Қофиядир фабриклар-ла қизлар қўшиғи,
Ўқи ва сев! Бунинг исми ёш Ўзбекистон.

1934

04Абдулла ОРИПОВ

ЎЗБЕКИСТОН

Юртим, сенга шеър битдим бу кун,
Қиёсингни топмадим асло.
Шоирлар бор, ўз юртин бутун —
Олам аро атаган танҳо.
Улар шеъри учди кўп йироқ,
Қанотида кумуш диёри,
Бир ўлка бор дунёда, бироқ
Битилмаган достондир бори:
Фақат ожиз қаламим маним,
Ўзбекистон, Ватаним маним.

Юрмасман ҳеч беҳиштни излаб,
Тополмасам чекмасман алам.
Ўтирмасман эртаклар сўзлаб,
Мусалло деб йўнмасман қалам.
Кўкламингдан олиб сурурни,
Довруғ солди устоз Олимжон,
Ғафур Ғулом туйган ғурурни
Қилмоқ мумкин дунёга достон.
Олис тарих қадамим маним,
Ўзбекистон, Ватаним маним.

Кечмишинг бор чиндан ҳам узоқ,
Илғай олмас барчасин кўзим.
Мақтамасман мозийни, бироқ
Ўтмишингни ўйлайман бир зум.
Забтга олиб кенг Осиёни,
Бир зот чиқди мағрур, давонгир,
Икки аср ярим дунёни
Зир қақшатди Буюк жаҳонгир.
Айтгум, бу кун, у маним, маним.
Ўзбекистон, Ватаним маним.

Боболардан сўз кетса зинҳор,
Бир калом бор гап аввалида.
Осмон илми туғилган илк бор
Кўрагоний жадвалларида.
Қотил қўли қилич солди маст,
Қуёш бўлиб учди тилла бош.
Дўстлар, кўкда юлдузлар эмас,
У, Улуғбек кўзидаги ёш.
Ерда қолган, о, таним маним,
Ўзбекистон, Ватаним маним.

Кўз олдимдан кечар асрлар,
Кўз—кўз этиб нуқс—у чиройин.
Сарсон ўтган неча насллар.
Тополмасдан туғилган жойин.
Америка — сеҳрли диёр,
Ухлар эди Колумб ҳам ҳали,
Денгиз ортин ёритди илк бор,
Берунийнинг ақл машъали.
Колумбда бор аламим маним,
Ўзбекистон, Ватаним маним.

Кўп жаҳонгир кўрган бу дунё,
Ҳаммасига гувоҳ — ер ости.
Лекин, дўстлар, шеър аҳли аро
Жаҳонгири кам бўлар, рости.
Беш асрким, назмий саройни
Титратади занжирбанд бир шеър.
Темур тиғи етмаган жойни
Қалам билан олди Алишер.
Дунё бўлди чаманим маним,
Ўзбекистон, Ватаним маним.

Боболардан сўзладим, аммо
Бир зот борким, баридан суюк.
Буюкларга бахш этган даҳо,
Она халқим, ўзингсан буюк.
Сен ўзингсан, энг сўнгги нонин
Ўзи емай ўғлига тутган.
Сен ўзингсан, фарзандлар шонин
Асрлардан опичлаб ўтган.
Она халқим, жон—таним маним:
Ўзбекистон. Ватаним маним.

Бош устингдан ўтди кўп замон,
Ўтди Будда, ўтди Зардушти.
Ҳар учраган нокас—у нодон,
Она халқим, ёқангдан тутди.
Сени Чингиз ғазабга тўлиб
Йўқотмоқчи бўлди дунёдан.
Жалолиддин самани бўлиб
Сакраб ўтдинг Амударёдан.
Сенсан ўшал саманим маним,
Ўзбекистон, Ватаним маним.

Толеингда бор экан яшаш,
Гоҳ қон ичдинг, гоҳида шароб.
Этмоқ бўлиб юртим хомталаш,
Бош устингга келди инқилоб.
Чора истаб жанг майдонидан
Самоларга учди унларинг,
Шаҳидларнинг қирмиз қонидан
Алвон бўлди қора тунларинг.
Қонга тўлган кафаним маним,
Ўзбекистон, Ватаним маним.

Лекин офтоб поймол ўлмас,
Кавакларда қолмас ой нури,
Одил ҳакам — Ҳақ бор, беғараз,
Мазлумларнинг буюк ғамхўри.

Қилич серпаб толе тонгида
Ўзлигингни таниб қолдинг сен.
Ўғлонларнинг қатра қонида
Ўзбекистон номин олдинг сен.
Номи қутлуғ гулшаним маним.
Ўзбекистон, Ватаним маним.

Тинч турарми бу кўҳна олам,
Тинч турарми доғули замон?
Оромингни бузди сенинг ҳам
Фашист деган ваҳший оломон.
Қоним оқди Дансигда маним,
Собир Раҳим йиқилган чоғда.
Лекин, юртим, кезолмас ғаним.
Ўзбекистон аталган боғда.
Сенсан номус ва шаъним маним.
Ўзбекистон, Ватаним маним.

Кеч куз эди, мен сени кўрдим,
Деразамдан боқарди биров.
У сен эдинг, о, деҳқон юртим,
Турар эдинг ялангтўш, яёв.
— Ташқарида изиллар ёмғир,
Кир, бобожон, яйрагил бир оз.
Дединг: — Пахтам, қолди—ку ахир,
Йиғиштирай келмасдан аёз.
Кетдинг, умри маҳзаним маним,
Ўзбекистон, Ватаним маним.
Сен кетарсан балки йироққа,
Фарғонада балки балқарсан.
Балки чиқиб оқарган тоққа,
Чўпон бўлиб гулхан ёқарсан.
Балки устоз Ойбекдек тўлиб
Ёзажаксан янги бир достон.
Балки Ҳабиб Абдулла бўлиб,
Саҳроларда очажаксан кон.
Тупроғи зар, маъданим маним,
Ўзбекистон, Ватаним маним.

Майли, юртим, кезсанг ҳам дунё,
Фазоларга қўйсанг ҳам қадам,
Ўзлигингни унутма асло,
Унутма ҳеч, онажон ўлкам.
Бир ўғлингдек мен ҳам бу замон
Кечмишингни қилдим томоша.
Иқболингни кўролдим аён
Истиқлолнинг уфқлари оша.
Иқболи ҳур, шўх—шаним маним.
Ўзбекистон, Ватаним маним.

Завол кўрма ҳеч қачон, ўлкам,
Завол билмас шу ёшинг билан.
Музаффар бўл, ғолиб бўл, ўктам,
Дўст—у ёринг, қардошинг билан.
Асрларнинг силсиласида
Боқий тургай кошонанг сенинг.
Улуғ башар оиласида
Мангу ёруғ пешонанг сенинг.
Мангу ёруғ масканим маним,
Ўзбекистон, Ватаним маним.

1964—1970

05Рауф ПАРФИ

ТУРКИСТОН ЁДИ

Нақадар узундир, оғирдир бу йўл,
Далалар ястаниб ётар кўк каби.
Тиғлаб хотирамни осмон — чеки йўқ,
Тизгинсиз бу шиддат кенглик асаби.

Бу кенгликда ўйлар мени ғижимлар,
Ул ўз қофиясин судраб келадир.
Қанча қочсанг шунча қилгай ҳужумлар,
Ўқ сингари хотирамни тиладир.

Теграмда зич ҳаво — она Туркистон,
Ёргай томиримни кўр ҳаяжоним.
Бу майдон ичинда мен тўкмаган қон,
Менинг уни дея аяган жоним.

Яна йироқларга чорлайдир мозий,
Ватан тушунчаси келар етаклаб
Айрилган, хўрланган улус овозин,
Шоирнинг бешиги айтар эртаклар.

Яссавий мақбари мунғаймиш мағрур.
Товушга айланди ҳар бир ғишт ранги.
«Дунё менинг деганлар…» Нидо келур.
«Каркас қушдек…» Қадим сўзлар жарангги.

«Ёлғон даъво қилганлар…» Сўзлар шоир.
«Оқни қаро деганлар…» Айтинг, кимлар?!
Мақбара бошимга йиқилар ҳозир,
Яна товуш: «Ҳаром еган ҳокимлар…»

Парчин-парчин бўлди ёдим симлари,
Симлар — кўзларимга мил тортган чизгу.
Ўтган улуғларни эслайман барин,
Хотирот мозори — Туркистон мангу.

Кеча содиқ ўғлинг ўтди дунёдан,
Сахий инсон эди, у шоир эди.
Санчилиб яшайди бир умр ёдда,
Кетаётиб, мен йиғлаб, бўлдим, деди.

Йиғла энди кўзим, сен-да йиғлаб ол,
Тўйсин кўз ёшингга бу туркий стам.
Тўйсин, Ватан ёди чидар бемалол.

О, сабр дарахти, қутлуғ Туркистон.
Нақадар узундир, оғирдир бу йўл.

ОНА ТУРКИСТОН
Абдулла Қодирий хотирасига

1.Хотирамнинг қаър-қаърида таърих
Доим сўзлаб турар эзгин ҳикоя.
Тутқин қуш сингари қолурман ғариб
Руҳимга булутлар ташлайдир соя.
Бот-бот хаёлимдан чекинди мубҳам,
Фикримдан юлқинди Ватан қораси.
Олисда милтираб сўнаётган шаъм
Кўҳна ҳасратимнинг машъум яраси.
Кишанбанд қилинар қўлларим гўё,
Тупроққа қўшила бошлайди таним.
Шу қадар юраги тормидир — дунё.
Наҳот фарзандига — ўзига ғаним,
Ўзи юрагига жо бўлди, аммо
Нечун сиғдирмади, нечун Ватаним?!

2. Кўрингиз тарихни, эй туркий халқим,
Кўзимга эртанинг севинчи холос.
Ул Турондир, Туркистондир? У балким
Ичимни кемирган қадимий қасос.
Кўрингиз таърихни. Кўз олдим парда,
Қўлимдан учмоқда бу ер, бу Ватан…
Ошно тутинардим пўлат ханжарга…
Жанг майдони сари отилардим ман…
Ватан, айланарман бир кескир тошга,
Қошинга ўқ каби учиб борарман…
Наҳот тил бошқадир, наҳот дил бошқа?!
Йўқ! Фармон кутарман, энг сўнгги фармон,
Шакланиб қарарман қалққан қуёшга.
Барибир, қасос, деб ёнарман ҳамон.

3.Умр деганлари ўтмакда шошқин,
Тилла баргларини элаб йўлимга.
Сенинг мангулигинг берадир таскин
Ерта узилгувчи менинг умримга.
Оҳ, Она Туркистон, куйлайин ёниб,
Дунё журъатини бердинг қўлимга.
Мен энди англадим туркий дунёни,
Мана мен, тайёрман энди ўлимга…
Эй менинг заҳматкаш, эй қутлуғ халқим,
Бергил фақат куйиб куйламак ҳаққин.
Ортиқ масъул этар топилган бу Бахт.
«Ишқ сўзидан куйди булбул маскани»,
Тил билан куйланмас она-Ватаним,
Мен сени куйламак истайман фақат.

ОҒРИҚ

1. О, Она Туркистон, қора дунёда,
Қисмат елкасида югурдим, елдим,
Гоҳ шавқ қанотида, гоҳо пиёда,
Юкиниб, мен сенга сиғиниб келдим.

Мен сени соғиндим ҳаддан зиёда,
Ғамли хотирангга борлиғим тўлди.
Бу узлук уммонда, бу аҳгар боғда
Сирпандим. Мен қаттиқ чирпандим. Сўлдим.

Ўткинчи ғамлардан танамда титроқ,
Ростми шу? Шеър туғар эмиш аламлар?..
Гоҳо хўрлаб, тишлаб ўтдилар, бироқ
Сен билан кечган эй илоҳий дамлар…

Балким, илҳомингни судради кўпроқ
Шон-шуҳрат буржида ёнган санамлар.
Соҳир юрагингни чақмоқ урди-ку,
Ортиқ кулфатларга доимо шайсан.

Кўзингда қотган нур порлаб турди-ку,
Сен ахир тириксан, ёниб яшайсан.
Тугатиб бўлмас ҳеч бу дардни ичиб,
Ўрилган ярадан чечаклар ўсди.

Юрагингнинг йиртиқ кўйлагин ечиб
Бағрингга босарсан — бормисан, дўстим?
Дунёни шопирар ёлғонга, чинга,
Биров роҳат қилар эзғиб, кулдириб,

Изтироб уруғин сепар ичингга.
Ҳай, дейсан, не топар мени ўлдириб,
Қарайсан, кўзингга нурни тўлдириб.
Балли, қобоғингнинг улуғ кучига.

2. Ҳеч нарса юпатмас, шоир, ҳеч нарса,
Ғариб бахтиёрлик энди юпатар.
Юлиб вужудимни титиб ахтарсам
Дунёвий аламнинг тошлари ётар.

Ҳар ким ўз қалбига ўзидир ҳоқон.
Барибир, мен сени севиб сизларман.
Эҳтимол, ноҳақман, эҳтимол ҳақман —
Муқаддас Туркистон сўзин изларман.

Сўз менинг кўксимга санчилар, ҳайҳот!..
Шовулла, гуркира, ҳаёт нафаси.
Руҳга иймон бергил, эй қодир ҳаёт,
Қизғонма самовий сеҳрнинг сасин…
Юрак деб аталган оғриқ бу — нажот.
Кўкрак қафасимиз — нажот қалъаси.

06Шавкат РАҲМОН

ОЗОДЛИК ҚЎШИҒИ

Бу қўшиқ ажойиб қўшиқдир,
сўзлари куйдирар томоқни,
ўлимни назарга илмайсан,
сезмайсан сургуну қамоқни.

Шалдироқ кишанлар ҳукмига
ачинмай берарсан ёшлигинг.
Юзларинг буришмас оғриқдан,
фароғат бағишлар очлигинг.

Куйласанг, чекинар разолат,
чекинар кадарлар, нолалар.
Унчалик қўрқинчли эмасдир
кўксингда эзилган лолалар…

МИНОРАИ КАЛОН

Минг йиллар қаъридан келади,
кулфатга йўлиқиб минг бора.
Тинимсиз тошбўрон, қирғинга,
хўрликка дуч келган минора!

Неча бор тўпларга тутилди,
у жудо бўлди бош қисмидан…
Ва лекин жон қолди шарқона
безаклар битилган жисмида.

Тасанно айтаман тупроқнинг
метиндан кучлироқ дошига.
Ҳар йили ин қурар лайлаклар
минорнинг нураган бошига.

Бу йил ҳам минорда, хайрият,
шарқона безаклар сўнмапти.
Минорнинг бошига бу йил ҳам,
хайрият, қарғалар қўнмапти.

ТАРИХИЙ ОНГ

Чумолидан баттарроқсан сен,
вақт ўтар жисмингни янчиб.
Икки кўзинг — иккита кучук,
қаролмайсан атрофга ранжиб.

Кўксингдаги Муқанна билан
ўзлигингга қарадингми, айт?!
Мушт зарурроқ  бўлган маҳалда
ёздинг гўзал шеърларни фақат.

Сен бечора, нотавон кимса —
макон қилдинг гуллар ортини,
кўзинг юмиб, тилингни тишлаб,
тинглаяпсан одам дардини.

Сен ботирлар наслидан эмас,
қандай чидар пойингда роҳлар!?
Ҳалок бўлган ботирлар жангда.
тирик қолган фақат қўрқоқлар!

БАШОРАТ

Сурилар бу темир пардалар,
истибдоднинг тоғлари қулар,
моғор босган қора қаърлардан
милён озод руҳлилар турар.
Тўсиб бўлмас сохта ваҳий-ла,
ёлғон шиор,
сафсата билан,
ҳур фикрни босган ваҳима,
дабдабаю асъаса билан.

Қулар қонда сузган қасрлар,
қулаб йитар сангин салтанат,
сўқир бўлар асрий наҳсдан
бино бўлган ёвуз шайтанат.
Келар,
келар буюк меҳрдан
кифтлар кифтга босилажак кун,
ғамдан фориғ жез каллалар ҳам
кўкракларга осилажак кун.

Порлар тошга дўнган сўзларим,
порлар мангу одамий руҳим,
порлар Ҳаққа ташна кўзларим,
худо берган мангу андуҳим,
ёруғ андуҳим…

ОЗОДЛИК

Қорли уваларда қора қўтослар,
темир ҳалқалар бор бурунларида.
Бир жойда айланар бутоқ чўлларнинг
дарага қамалган қуюнларидай.
Қамчинлар тарсиллар,
ёрилар ҳаво,
қий-чувлар,
ҳуштаклар,
суронлар жўшар, ҳарсиллар,
гулдирар ўжар қўтослар,
жон кириб қутурган тоғларга ўхшаб.

Қорлар қораяди…
орқада қолар
қамчинлар овози,
шавақи саслар.
Энди бирин-кетин кенгликка эмас.
қорли чўққиларга ўрлар қўтослар.
Бу йўл сўнгги йўлдир,
ягона йўлдир,
уларни на шамол,
на қоя тўсар.
Қўтослар ўрлайди тик чўққиларга.
поёнсиз борлиқда чўққилар ўсар…

СУЛАЙМОН ТОҒИ ЭТАГИДА ЎЙЛАГАНЛАРИМ

Диёнатли, орли аждодлар
бу ҳайбатли тошлар тагида
бирор лаҳза хаёл сурмаган
сохта шуҳрат, таъма ҳақида…

Яшарканлар юртда саргардон,
кезарканлар ғурбатда ёхуд,
Сулаймон тоғ пойида бир кун
кўмилмакни қилганлар орзу.

Бундан не-не аллома ўтган,
не жаҳонгир, нечалаб шоир.
Бироқ азиз тоғ тошларига
ёздирмаган ҳеч бири номин.

Сулаймон тоғ юксалиб турар
бир элатнинг буюк ёдидай,
ҳайрон бўлиб пойига бугун
келгувчилар эътиқодидан.

Бугун келар истаган кимса,
бериб таъма илинжига зеб,
номин ёзар тоғ тошларига,
палончилар келиб кетган деб.

Кузатаркан орсиз, виждонсиз
кимсалардан тўйган кунларни,
бир ҳаяжон,
титроқда туйдим
ер тагидан келган унларни.

Сулаймон тоғ,
муқаддас ёдим,
кўрсам юрак-бағримни доғлар,
бетайинлар номин кўтариб,
соат сайин ўсар қоялар.

БАХТ СЎЗИ

Бахтиёрман деган биргина сўзни
айтиш учун керак қанча куч-чидам,
гарчи бахт сўзларнинг энг ёқимлиги,
гарчи турса ҳамки тилнинг учида.

Оғир ботмасмикин
бу сўз кимгадир,
тегиб кетмасмикин оҳ-воҳларига,
қандоқ бардош бериб яшайман кейин
бахтсиз кимсаларнинг нигоҳларига.

Аввало бу сўзни ўзгалар айтсин,
айтсинлар кўзлари севинчга тўлиб,
элнинг бахти учун умрини тиккан
шоирлар айтмасин биринчи бўлиб.

Бу сўзни бир умр айтмай яшадим,
ҳар шодлик келганда юрдим секинроқ.
Ғам сўзин элимдан аввалроқ айтдим,
бахт сўзин айтаман,
элдан кейинроқ.

ЁШ ЎЗБEК ШОИРЛАРИГА

Сўзларни қайрайлик,
обдон тоблайлик,
идрок-ла совутиб тағин қайрайлик,
Ўзбекнинг қоракўз болаларига
битта дунё қолсин ҳайратлик.

Битта дунё қолсин мустаҳкам,
эшилган пўлатдай дарёлар қолсин,
Чақилмас тошлардай бир тоғлар қолсин,
мусаффо хаёллар,
самолар қолсин.

Сўзларни қайрайлик,
дўстлар, жўралар,
ғафлат тўшагида ётмай, шошайлик:
яшамоқ, курашмоқ, ўлмоқ сирларин
болакайлар учун очайлик.

Битта дунё қолсин мустаҳкам,
унга посбон бўлсин ўткир шеъримиз,
токим бу дарёлар бемалол оқсин,
болаларга қолсин жаннат еримиз.

Сўзларни қайрайлик,
тағин қайрайлик,
токим кескир бўлсин бамисли олмос.
Ўткир сўз қолмаса шоирларидан,
ўткир сўз қолмаса…
ҳеч нарса қолмас.

07УСМОН АЗИМ

* * *

Бу дунёга келмадим, ахир,
Ўз номимни ёзмоқлик учун.
Менинг номим шамолда тўзғиб,
Ёмғирларда оқмоқлик учун.

Саратону қаҳратонларда
Бола каби яшайман ўйнаб —
Пешонамга тушмайди ажин.
Мангуликка қолмоқни ўйлаб.

Қилмагайман вақтга хушомад,
Совураман қўлёзмаларни.
Ёмғир ювиб кетар бешафқат
Қалбимдаги кул ёзмаларни.

Кўкрагимда гуллайди маҳзун
Шу беэга тупроққа шафқат.
Ўргатаман бўғзим, лабимни
«Ватан» сўзни айтмоққа фақат.

Мен ўламан — тобутда руҳим
Хавотирдан туради тикка…
Ватан, сенга бу танҳо жоним
Улгурдими қоришмоқликка?

АБДУЛЛА ҚОДИРИЙ

Бўғзимга баҳайбат қайғу тиқилди,
Кўзимга йиқилди қоп-қора булут.
Тиззамдан сирғалиб китоб йиқилди,
Бирдан синфга чўкди бир ҳайрон сукут.

Партага бағримни бериб йиғладим,
Сукунатга айтдим: «Жон берди… Кумуш…»
Муаллим жилмайиб мени тинглади,
Бошимни силади ҳам шод, ҳам хомуш.

Деразадан нари, ёмғир қўйнида,
Гулларга баданин кўмарди баҳор,
Муаллим термулиб баҳор рўйига,
Деди: «Ўзбекистон мангу барқарор!»

Ёмғирдай бир соғинч кўксимга тўлди,
Юракка туташди нотаниш ғулу.
Ногоҳ Ватанимни кўргандай бўлдим,
Қодирийнинг худди ўзи эди у.

Тўрт девордан бўлса, боқардилар жим,
Синовчан кўзларин кўзимга қадаб,
Ҳозирча суратда таниганларим —
Навоий, Нодира, Гулханий, Машраб…

УСМОН НОСИРНИНГ СЎНГГИ ТУШИ

Мен, ҳар ҳолда, Тошкентда эдим,
Хадрасида, ё Ўрдасида.
Эс-ҳушимдан айрилиб турдим
Кенг шаҳарнинг қоқ ўртасида.

Тонготарга боқдим-да, бирдан —
Кўкрагимни қолдим қучоқлаб.
Уфқ нега қонга беланган,
Ким осмонни кетди пичоқлаб?

САМАРҚАНД БЎЙЛАБ ТУНГИ САЙР

Хуршид Давронга

— Самарқанд, илдизинг қаерда?
Кечангни чироқлар парчалаб ташлаган,
тун билан нур ўртасида
узун арвоҳлар —
миноралар кетиб борар
келажак сари,
баъзан
ойга боқиб
тўхтаб қолишар
(азон саси урилдими қулоқларга?)
Зиналарингдан
чопонига ўралган
сўфи эмас,
мен ўрлаб бораяпман
фалак
пештоқига
ва ерга боқиб нотинч шивирламан:
— Самарқанд, илдизинг қаерда?

Мадор бўлгин энди умидларимга,
менинг тўрт минг йиллик боғим!
Бир япроғингман:
йўқотгим келмайди илдизларимни.
Ана, осмоннинг қурбони — шаҳид расадхона,
ана, тарихнинг кўмилган бешиги — Афросиёб…
Неча аср бўлди ўшанга?
— Тупроқ, қани, ёрил!
Самарқанд, илдизинг қаерда?

Юлдузлар орасида келажак йўли,
Замон поездини
қалбим,
ҳормай торт!
Ва битта вагонга
боболар руҳини,
қайғу аламини,
шавкат-шонини,
ушалмаган орзусини орт!

Бу кимлар?
Қайдаман?
Регистон, сенми?
Нечун сенга келсам,
кўксимни тўлдирар жумлаи жаҳон?
Балки анов мовий гумбаз тагада ётган,
боболарим
армонининг
шамолидир бу?
Аммо овозлар чиқар замин қаъридан:
— Мен, — дейди (Спитамен, сенмисан?).
— Мен, — дейди (Улуғбек, сенми?),
— Биз, — дейди гувиллаб бир лашкар —
келажакка эргашиб келар
сарбадорлар!
— Самарқанд, илдизинг…
Савол ортиқча…
Теграмда мен билан уйланиб,
мен билан қийналиб,
илдизга айланиб борар бир кеча.

АЛПОМИШ ХУСУСИДА ШОИР ДЎСТИМГА МАХФИЙ ХАТ

Арпали чўлида Алпомиш ухлар.
Уни уйғотмайман.

Уйғонса, нима иш буюрамиз унга,
Хуршид Даврон?

Укам каби Эски Жўвада писта сотадими?
Акамдай пахта терадими икки минг тонна?

Нима иш буюрамиз унга,
Хуршид Даврон?

Имонни сотмоқликни ўрганадими амакимиздан,
Ёки мукофот олмоқликнинг йўлларини?

Аммамизнинг қилмишин кўриб,
Ўзини осиб қўяди-ку!

Нима иш буюрамиз унга,
Хуршид Даврон?

Биз билан пиво ичишни удда қилармикин,
Бировнинг китобини кўчиришни-чи?

Уни уйғотмасдан…
Ўлдириб қўйсакмикин?

Бизга нима?

Алпомиш учун
Хун олса,
Отамиз олади-да…

Аммо, отамиз қандай уйғонсин,
Алпомиш ухласа…

ТУРДИ ФАРОҒИЙ

Саҳарнинг салқинини
Ўтга отди саратон.
Саҳронинг ўртасида
Шамол қовжираб ёнди.
Сабрнинг гавараси —
Саксовул — шўрлик армон —
Куймаган бир сен қолдинг,
Ёнмаган бир сен қолдинг.

Бархан пойида отим
Хириллаб бермоқда жон,
Ёлларига ёпишган
Гармсел шундоқ қондир,
Чилпарчин бўлиб ётар,
Бухор устида осмон —
Чилпарчин бўлмоқликка
Кўнмаган бир мен қолдим.

Ўляпман, саксовул, ҳей,
Айтсам армонларим кўп.
Бу элни, бу тупроқни
Улоқ қилиб чопишди.
Ўляпман. Бошим узра
Калхатлар учар тўп-тўп.
Эчкемарлар теграмда
Ҳайкал каби қотишди,

Кўксимда оташ қайнар,
Бўғзим бормоқда ёниб.
Тилу дилнинг ораси
Олов билан туташди.
Ўларимда буюк сўз
Дилда туғилди аниқ!
Бир сўз… Бир сўз… Охири
«Осмон»гами уйқашдир.

— Ўзбекистон!
Мозийлар
Қабрларда тўлғонди,
Ўзига бир тикилди
Бефаҳм, овсар замон.
Оталарнинг белида
Келажаклар уйғонди,
Бухоронинг устида
Осмон… Бус-бутун осмон.

БИТИК ТОШЛАР ОРЗУСИ

Қоғозларга ёздим… Қоғозлар ёнди.
Бу сирни ўйладим — топдим, ниҳоят:
Мен Усмон эмасман, Алптегинман — мен,
Энасой бағрида тўлғонган ғоя.

Қоғоз ярамайди менинг кунимга,
Қоғозга кўчмайди ёнаётган юрак.
Шалвираган қоғоз керакмас менга,
Дардимни битгани менга тош керак.

Шамоллар қуритди кўзимдан ёшни,
Йилларнинг қатидан охир отди тонг.
Асрлар шафақдай чулғади бошни,
Миямга ўқ каби санчилди-ку онг.

Менга бир тош керак — осмон каби кенг,
Ғазаб каби оғир, ғамдай бенаво…
Менга бир тош топиб беролмадинг, сен —
Тошлари тупроққа айланган дунё.

 

«БАХШИЁНА» ТУРКУМИДАН

Элбек бахши фарзандларини теграсига ўтқазиб, «ҳеч қачон эсларингдан чиқарманглар», деб тайинлаб, ҳар замон-ҳар замонда шундай қўшиқ айтар экан:

Дарёдай озод оққин,
Ойдайин эркин боққин,
Шамоллардай озод кез —
Қояларга суянма.
Елкангдан босиб олам
Тор келса ёруғ олам.
Қояларга суянма,
Элингга суян, болам!

Хас каби қалтирама,
Ўтган елнинг қошида.
Дарахт бўл, саратонда
Қолганларнинг бошида.
Тирикларга одил бўл,
Марҳумларни унутма.
Бу юрт сеники, болам,
Талатма ҳар хил итга.
Кўр бўлма, дунёга боқ,
Бошдан адоғигача.
Одамларни қўшиқ қил,
Қўлин қадоғича.

Қарға қошида қарға
Бўлиб сайрама, болам.
Булбулсан, булбуллардай
Жон ўртар, бўлсин ноланг.
Кулгинг келмаса кулма,
Уялма кўз ёшидан.
Пешонанг қаттиқ бўлсин
Асқар тоғнинг тошидан.

Ғамни ўзингга қолдир,
Элингга бергин шонни.
Элингни ҳеч қийнама,
Қийнагин ширин жонни.
Тошдаймас, тоғдай бўлгин,
Қоянгда қуш уйғонсин.
Элинг сенга қоқилмасинг,
Элинг сенга суянсин.

Ўлар бўлсанг, пул деб ўлма —
Номард бўлиб кетарсан.
Ўлар бўлсанг, ишқ деб ўлгин —
Жўмард бўлиб кетарсан,
Ўлар бўлсанг, мансаб дема. —
Тубан тушиб ўларсан,
Ўлар бўлсанг, дил деб ўлгин,
Баланд учиб ўларсан,
Ўлар бўлсанг, қочиб ўлма,
Жангда қурбон бўл, болам!
Ёв пойида жон бермагин,
Мудом осмон бўл, болам!

Яшашга ҳам, ўлимга ҳам,
Йигит учун сабаб кўп —
Бир яшаш бор, бир ўлим бор
Барчасидан, болам, хўп:
Умринг узун бўлсин, аммо
Рост гап чоғидир бу дам —
Элинг учун, болам, яша,
Элинг учун ўл, болам.

* * *

Юравер. Қолма йўлдан.
Қолган қолар. Ачинма.
Чўчима ҳеч нарсадан —
Ўзбекистон олдинда.

Ботир бўл. Олға югур.
Қўрқма ҳар хил қотилдан.
Ахир, тоғдек суянчинг —
Ўзбекистон ортингда.

08Хуршид ДАВРОН

* * *
Қучоғингга бошимни қўйдим,
Сен чеккан ғам, ҳасратда куйдим.
Суйдим сенинг Оқдарёнгни мен
Ҳамда Қорадарёнгни суйдим,
Эй, қалбимнинг онаси, Ватан!

Сен боболар битган байтдирсан,
Муҳаббатим қўшиб айтурман.
Ўтмишингга йўл солиб гоҳо,
Келажагинг билиб қайтурман.
Эй, қалбимнинг онаси, Ватан!

Сен ўтган йўл – юрагим йўли,
Изтироб ёшлари чўккан йўл.
Боболарим жасоратига
Гувоҳ – алвон қонга чўмган йўл.
Эй, қалбимнинг онаси, Ватан!

Бу йўллардан борурман, қадим
Битик тошлар чиқар қошимга,
Улар сўзин кўчирман жим
Юрагимнинг бужур тошига.
Эй, дардимга даромоним, Ватан!

Исминг айтиб чиқар куртаклар,
Исминг айтиб чиқади қуёш.
Исминг айтар жангчи юраклар
Кураш чоғи тугаса бардош.
Эй, қалбимнинг онаси, Ватан!

Болакайлар қоғоздан ясаб
Оқизган оқ кемачалардай,
Сўлим тонглар, ол тонглар ясан
Оқиб чиқар кечаларингдан.
Сен умримнинг тонгисан, Ватан!

Қучоғингга бошимни қўйдим,
Сен чеккан дард, ҳасратда куйдим.
Суйдим сенинг Оқдарёнгни мен
Ҳамда Қорадарёнгни суйдим,
Эй, қалбимнинг онаси, Ватан!

ҚОДИРИЙНИ ЎҚИБ

Йиллар ўтиб борса-да, ҳамон
Қўмсаб-қўмсаб ўқиймиз сизни.
Сиз бамисли зангори осмон,
Биз қўмсаймиз осмонимизни.

Олис, чағир тошли йўллардан
Отда елиб ўтамиз бирга,
Айлантириб Кумушнинг оддий
Сўзларини бокира шеърга.

Яна ортга қайтамиз кейин,
Келажакка боқамиз мафтун.
Нимадандир ичикиб, қийин
Ўйлар ичра қоламиз беун.

Кейин яна уй деразасин
Очган каби соф ҳаволарга,
Бўғриққан, дим уй деразасин
Очган каби шўх наволарга –

Туйиб дилда масъум унларни,
Титраб-титраб дил ларзасидан,
Биз очамиз “Ўтган кунлар”ни
Юрагимиз деразасидай.

 

“ДЕВОНУЛ ЛУҒАТИТ-ТУРК” ОҲАНГЛАРИ

1

Кетаман “Девонул луғатит-турк”ка,
Ҳасратим, қувончим олиб кетаман.
Мозийни бугунга, заминни кўкка,
Қалбимни “Девонул луғатит-турк”ка
Улай деб кетаман, бир кун етаман.

Қояларга чиқиб қушдек боқаман,
Кўкшин япроқларда нурдек оқаман.
Қора кўк чодирин сўз билан тилиб,
Манграйган чақмоқни оламан юлиб,
Кўксимга тилмочдек уна тақаман.

Қоп-қора тун чиқиб келар ботордан,
Қип-қизил кун чиқиб келар туғордан.
Уларга басма-бас елиб бораман,
Бойчечаклар чанқаб чиқар қошимга,
Томиримни ёриб, қоним бераман.

Аркўзлардан ҳатлаб, сойларни ичиб,
Ятика шуъласин боламдек қучиб,
Ўтлоқлар қўйнини оҳудек кечиб
Етаман – эшикни аста чертаман,
Кошғарий чиқади эшикни очиб.

У айтмас: — Шайтон, — деб, у айтар: — Баёт.
У айтмас: — Ўлим, — деб, у айтар: — Ҳаёт.
У айтмас: — Кечам, — деб, у айтар: — Эртам.
У айтмас: — Бугуним. Айтар: — Будуним.
— Хайр! – демас. – Салом, — дер, — салом, набирам!

II

“Девонул луғатит-турк”да қуёш сочар нур,
Кўкшин япроқларда янграйди баҳор.
Туманлар силжийди мисли оқ уюр,
Барчин булутлару-ўтлоқлар бедор.

“Девонул луғатит-турк”да сайрар сандовуч,
Тотлиғ қўшиқларин айтар сундулоч.
Қарғилоч айланур, қимиз тўла меш
Шивирлар: — Соғинчни сўқмоқларга соч!

“Девонул луғатит-турк”да оқарар тунлар,
Ябкинлар қўйнида елар қулунлар.
Ям-яшил ўтларни қўмитиб шамол,
Ёмғир тақиб кетган дурларни юлар.

“Девонул луғатит-турк”да очун ёруғдир,
Йўллар хўб узундир, юлдузлар йирик.
Етмоқлик – гумондир, кетмаклик – зарур,
Юраклар – долғали, орзулар тирик.

 

ТЎМАРИСНИНГ КЎЗЛАРИ

Бир куни қоп-қора, совуқ сўқмоқда
Ўнгимда бўларсан бирдан намоён –
Ота-онасини ярим кечаси
Бўғиб ўлдираркан ёғийлар пинҳон,
Шовқиндан уйғониб кетган боланинг
Кўзлари мисоли чақнаб қаҳрдан…

 

АФРОСИЁБ ХОТИРАСИ

Овоз йўқ. Осмон бор. Жангчи ўтлар бор.
Шамол бор – йиғлайвериб бу дараларда
Овозини йўқотиб қўйган шамол бор.

Ой порлар – қабристонга ярашади ой,
Ҳаво – кузги олма – тирсиллаб турар,
Ҳаво бағрим каби қайғуга тўла.

Фақат сен қолгансан кўксимда, севги,
Фақат сен қолгансан кўзимда, севги,
Бу улуғ шаҳардан хотира бўлиб.

…Ўтлар ўрмалайди баҳордан қишга.
Йиқилдим — устимдан ўрмалар ўтлар,
Устимдан асрлар, мозийлар ўтар…

 

МЕРОС

Улар менга бир умр
Унитишга уриниб,
Аммо, унитолмаган
Сўзларни қолдирдилар…

* * *

Жанг тугади. Отлар кишнамас.
Ўқлар учмас. Найзалар учмас.
Тиғлар синган. Ўқдонлар бўм-бўш.
Эшитилмас бирор бир нафас.

Нафас тинган. Қолгандир шафқат.
Видо қолган. Тингандир юрак.
Билмай қайга қўнмоқни фақат
Жанггоҳ узра учар капалак.

Марду номард мурдаси тўла
Бу муқаддас, қон шимган дала
Аро  — ханжар кўксида —  ётар
Ватан учун жон берган бола.

Қони қотиб ерга ёпишган,
Уни ердан бўлмайди узиб.
Унинг очиқ қолган кўзида
Оқ булутлар ўтади сузиб.

 

* * *

Теримчи қизлар
Шохлардаги қушлардай енгил,
Қоматлари хаёл,
Қуёш иси анқиб турар чеҳраларидан.
Улар
Тўлиб кетган армонлар каби,
Эгатларга эгилган.
Орзулари мезонлар каби
Оппоқ бўлиб учиб юргувчи
Ойдин шамолларга осилган.

Ҳув… Бўғилиб сайраган
қушдан ҳам узоқ,
Қишлоғимнинг чексиз далаларида,
Оппоқ шийпонларда кўксини титроқ,
Илиқ, мовий шамоллар ўпиб,
Ухлаб ётар теримчи қизлар
Тушларини қуёшга кўмиб…

СПИТАМЕН ҚЎШИҒИ

Қўлимда бир қилич эрди,
Ул қилич қонимга зор эрди.
Айро бўлдим ул қиличимдан,
На бўлғайдур аҳволим энди?

Қўлимда бир қилич бор эрди,
Тиғида ёв қони хор эрди.
Айро бўлдим ул қиличимдан,
На бўлғайдур аҳволим энди?

Қўлимда бир қилич бор эрди
Уни менга берган ёр эрди.
Айро бўлдим ул қиличимдан,
На бўлғайдур аҳволим энди?

Ёт қилич қонимга зор энди,
Ёт қиличда қоним хор энди,
Ул хўб қиз ўзгага ёр энди,
Қўлимда бир қилич бор эрди.

ЭРИБ КЕТАР ХИРА ТУМАНЛАР…

Эриб кетар хира туманлар,
капалакдек уйғонар ялпиз.
Осмон дарё бўлиб туюлар,
ўтлар узра чопқиллайди кўз.

Қайрағочнинг гули – митти жом –
жаранглайди – таралар атир.
Ва тушларга кирар бу оқшом
майсаларни қучоқлаб адир.

Шамол елар эркин, қутуриб,
қурий бошлар томлар тўсини.
Гуллаётган олчани кўриб
деразалар очар кўксини.

Ёритганча то юрак ичин
сабза ўтлар шабнамга қонар.
Ватанини соғинмоқ учун
ер остида жангчи уйғонар.

 

КЕРАК БЎЛСА…

Керак бўлса қилич учида
яша, йиғла ва кулгин тўлиб!
Сариқ рангли гуллар ичида
очил кейин қизил гул бўлиб!

Дилингдаги сўзни айт фақат,
севсанг, бахтли этгин аёлни.
Унга сен зар, тиллани эмас,
инъом этгин ойни, шамолни.

Ўчингни ол ёвдан, зулматдан,
сотқинлардан, энг охир майдан,
сон-саноқсиз тераклар аро
энг бақувват чинорга айлан.

Атроф ёлғон билан тўлганда,
ичга ютиб титроқ нолани
катталар гунг бўлиб қолганда,
Қутла чин сўз айтган болани.

 

БОБОН БОТИРНИНГ ЎЛИМИ ОЛДИДАН АЙТГАНЛАРИ. 1869 ЙИЛ.

Демак, ҳали кун кун эмас,
Қуёш эса қуёшмас,
Кўзларимиз қуриб битди,
Кўздан оққан кўзёшмас.

Демак, ҳали халқ ҳам халқмас,
Эрк учун шайланмаса,
Демак ҳали сут ҳам ҳақмас,
Гар қонга айланмаса.

Демак, ҳали осмон узоқ,
Замин қаттиқ, сув – олов.
Демак ҳали қонимизга
Бўялмаган оқ ялов.

Демак, ҳали мусаввир кўр,
Олим соқов, шоир кар,
Бобо қўрқоқ, ота сотқин,
Она золим, ака ғар.

Демак, ҳали сўз – фоҳиша,
Имон йўқдир, дил вайрон.
Кўз – ёғдуси ўчган шиша,
Алдоқлардан эл ҳайрон.

Демак, ҳали тўлқинлари
Гувлаб ётган сойлармас,
Қуриб битар бу ўлкада
Ҳар бир гиёҳ, ҳар бир хас.

Демак, ҳали туғилмаган
Болалар ўлдирилар,
Қуриб қолган сувсиз денгиз
Мурдага тўлдирилар.

Демак, суви заҳарланар,
Ҳаволари ичилар.
Оналари таҳқирланар,
Эркаклари бичилар.

Демак, ҳали боболарнинг
Китоблари хор бўлгай,
Ўлаётган ҳар бир ўзбек
Бир-бирига зор бўлгай.

Демак, ҳали ўз юртида
Азобларга тўлар халқ,
Ҳар зарраси олтин бўлган
Юртда гадо бўлар халқ.

Демак, ҳали пахта кетган
Ўлкаларни сўроқлаб,
Ёлворамиз: — Пахта беринг,
Тўқиш учун байроқлар!

Демак, ҳали келажакдан
Ўлдирилган болалар
Бизни излаб келажаклар
Ва ер қонга бўялар.

Демак, ҳали…
Демак, ҳали…
Демак, ҳали кеч эмас,
Қонимизни тўксак, яшнар
Қуриётган ҳар бир хас.

Демак, ҳали жанглар бордир,
Худо шоҳид, сўзим ҳақ:
Денгиз, боғлар кўтарилмас,
Кўтарилмас экан халқ.

Демак, ҳали ҳар томчи қон
Ер кўксига тафт бўлгай,
Тирик қолган гўдак мушти
Элга қалқон-кафт бўлгай.

Демак, ҳали…
Ҳали эрта –
Зулм йўлин тўсайлик,
Тоғлар бўлиб юксалайлик,
Боғлар бўлиб ўсайлик.

Демак, ҳали кўчаларга
Чиқайлик кеч бўлмасдан,
Она юртни сақлаб бўлмас
Жанггоҳларда ўлмасдан.

ЎРХУН – ЭНАСОЙ ТОШЛАРИ

Ўтлар ўқийвериб неча сарғарган,
Саводсиз ёмғирлар,
Соқов бўронлар
Ҳарфларин мангуга ўчирмоқ бўлган –
Ҳар гал қутқаргандир қуёшли тонглар.

Улар бизни топиб келгунича то
Кўрган неча тўфон,
Босқину хатар –
Ёзилмасдан қолган неча юз худо,
Неча ботир номин унутган хатлар.

Тошлар эса қаттол, кўр асрларнинг
Қонли йўлларидан келаверганлар,
Мармардан тикланган чўнг қасрларни
Емирган шамоллар елаверганлар.

Энди бу тошларга ўйиқ саволлар
Бизни ўртаётир – совир дил қони:
“Элим будун эрди,
Элим энди қани?
Ботирли будун эрди,
Ботирлари қани?..”

 

МОЗИЙ ҚУШЛАРИ

20-30-йиллар шоирлари хотирасига

Мозийнинг қушлари
Учиб келарлар,
Олисдан келарлар,
Толиқиб чанқоқ.
Мени-да кўрарлар,
Хандон куларлар.
Чақмоққа қўнарлар –
Сўнади чақмоқ.

Мозийнинг қушлари
Айланар гирён,
Қўнмоққа бехатар
Масканни кутиб.
Мен эса кутарман
Бош эгиб ҳайрон,
Қўлимни тиғлардан
Баландроқ тутиб.

1987

* * *

Билмадим, кўнглимни юпатгай кимлар…
Чўлпон

Билмадим, кўнглимни юпатгай кимлар,
Дўстларми, ҳисларми ё мунглиғ қизлар,
Ёки саратонда келгувчи кузлар
Ва ёки қалбимнинг дўсти – юлдузлар?

Ё ўзи овунчга ташна аёллар,
Ё улар кўксида ўлган ҳаёллар,
Ёки пахта териб жон берган чоллар,
Ё ўзи-ўзига ўт қўйган қизлар?

Ё этаги қорга тўлган болами,
Бўғиб ўлдирилган сахий далами
Ва ёки болалар кўксидан чиқиб
Бўғзимга тош каби тиқилган ҳислар?

Билмадим, кўнглимни юпатгай кимлар
Ва дилдан аригай бу аччиқ кинлар,
Дилдан ювулғуси бу ифлос кирлар
Тағин дуч келгайми ё сўқир кўзлар?

Очилган дафтарга дардларим сочсам,
Ҳар бир сўз тутган май – заҳарни ичсам,
Дўст топмай, душманга кўнглимни очсам,
Мени юпатайми муқаддас сўзлар?

Ҳар кеча қўлимга олган қалам,
Уйғона бошлайди дилимда алам,
Юпата олмагай шундай пайт болам,
Юпатар ярамга сепилган тузлар!

Боболар тахтини сотди боболар,
Юракни кўр қилди ўзга имлолар,
Бизни омон сақлаб келди наволар –
Боболар юраги куйлатган созлар!

Юраклар учса-ю, қафаслар синса,
Юракнинг қонлари заминга сингса,
Йўлдан адаштирган маёқлар сўнса,
Балки юпатғуси эркин юлдузлар?

Ватан, деб шайланиб чиқса ўғиллар,
Жаҳолат деворин йиқса ўғиллар,
Карахтлик саройин ёқса ўғиллар,
Балки юпатғуси очилган юзлар?

Бу дунё қародир, у дунё ёлғон,
Ватан, деб жўшмаса томирларда қон,
Ҳуррият қуёши қолмагай омон
Дилни ёритмаса ўч тўла ҳислар!

КУЗНИ ЎЙЛА

Ёзни ўйла…
Марис Чаклайс

Кузни ўйла
Қор кетиши билан кузни ўйла
Кузни ўйла
Ғилдираги лойга ботиб қолган аравани
Тортолмаётган отни аямай қамчилаб
Кузни ўйла
Бешафқат кузни ўйла
Усти очилиб қолган болаларингни
Кўрпа билан ўраб қўя туриб
Кузни ўйла…

Кузни ўйла ташналикдан
Баҳор ёмғирларини ичиб, лабларинг
ёрилиб кетганда
Саратон офтоби тиғида
Меҳнат қорайтирган болаларнинг
Кўзларига қаролмасдан кузни ўйла
Куз келиши билан кўкариб кетгунича
Йўталаётган қўшни кампирга
ёрдам беролмасдан
Кузни ўйла

Икки тол овутолмаётган
Беланчакдаги боланинг бўғилиб йиғлаши,
Кун иссиғида кўксида сути қуриб қолган аёлнинг
Изтироби аро кузни ўйла
Кузни ўйла…
Кузни ўйла…

 

АЛПОМИШНИНГ ҚАЙТИШИ

Бепоён далада бир ботир ухлар,
Сочлари чатишиб кетган гиёҳга.
Қай садо ботирни яна қайтарар
Бу кўҳна, бу соқов, бу кар дунёга?

Мўйсафид табиблар гирдида ҳалак,
Дуогўй кампирлар уни қуршамиш.
Фақат уйқу аро тепинар юрак,
Бироқ кўзларини очмас Алпомиш.

Бургутлар чўқилаб узра гўштидан,
Булбуллар ин қурар киприкларига.
Учқур асрларнинг тезкор шаштидан
Чанг қўнар қирдай кенг кўкракларига.

Чоллар қайғуради: “Ким уйғотар, ким?”
Кампирлар йиғлайди: “Уйғонмас мангу!”
Шамоллар гувиллаб ўтар бетиним.
Бошида булутлар қотган беуйқу.

Хира кўзларини узмай уфқдан
Донишманд чолгина йўлга термилар
Ва айлар башорат: “Уни уйқудан
Уйғота олади фақат болалар”.

 

ЎҒЛИМ ТЕМУРГА

Ўғлим, бу ер –
Бизнинг еримиз.
Ўзимизнинг еримиз.
Қўрқмасдан қадам ташла.
Ер жуда қаттиқ –
Боболарнинг қони қотирган уни,
Момоларнинг кўзёши қотирган.
Ўғлим, бу ер –
Ўзимизники,
Ҳадиксирама, ишонгин отангга,
Ҳадеб қарайверма орқангга.
Йиқилсанг, кўтарар
Сени бу тупроқ.
Йиқилсанг, турмоқни ўрганасан,
Турмоқни ўрган, ўғлим.
Йиқилсанг, эмаклама,
Эмаклаганим етар, ўғлим,
Қад тиклашни ўрган,
Шунинг учун бизга берилган
Бу ер – бу Ватан.

 

091  Vorisiylik qonuniyati hamma joyda bir xil amal qiladi. 70–80- yillar o‘zbek she’riyatiga kirib kelgan avlod ham o‘z iste’dod va iqtidorini salaflarining ijodiy tajribalarini rivojlantirish orqali namoyon etdi. Odatda, iste’dod mavjud an’analarni qabul qiladi, yangilaydi, boyitadi, o‘zligini namoyon etib, kelajak avlodga yetkazadi.

Ra’no Mullaxo’jaeva
XX ASR O’ZBEK SHE’RIYATIDA
VATAN MAVZUSI

07

ish45-topol.jpgXX asrning 80-yillariga kelib sobiq sho’ro mamlakatida ijtimoiy yangilanish zarurati tug’ildi va bu holat jamiyatning barcha bo’g’inlari, xususan ma’naviy hayotida ham tub o’zgarishlarni vujudga keltirdi. O’zbek adabiyotida ham ana shu o’zgarishlar sezgisi bilan tug’ilib shakllanayotgan yangi bir avlodning adabiy maydondagi faoliyati milliy badiiy tafakkur rivojiga o’ziga xos hissa bo’lib qo’shildi. Shu ma’noda, 80-yillar o’zbek she’riyatining peshqadam vakillaridan biri – Shavkat Rahmon ijodini avlodlari va davr qamrovida o’rganish nafaqat bir individual shaxs, balki XX asr o’zbek she’riyati hamda 70–80-yillar avlodi ijodining mavzu-mundarijasi, uslubiy-shakliy izlanishlarini yoritishga, muhim ilmiy-nazariy xulosalar chiqarishga imkon yaratadi.

Vorisiylik qonuniyati hamma joyda bir xil amal qiladi. 70–80- yillar o’zbek she’riyatiga kirib kelgan avlod ham o’z iste’dod va iqtidorini salaflarining ijodiy tajribalarini rivojlantirish orqali namoyon etdi. Odatda, iste’dod mavjud an’analarni qabul qiladi, yangilaydi, boyitadi, o’zligini namoyon etib, kelajak avlodga yetkazadi. Ana shu murakkab ijodiy jarayonda badiiy tafakkurning avlodlararo tadrijiy rivojlanish qonuniyatlari namoyon bo’ladi.

XIX asrning ikkinchi yarmidan XX asr so’nggiga qadar yaratilgan o’zbek she’riyati namunalarini davrlararo jamlab, o’zaro qiyoslansa, ularda badiiy tafakkurning quyidagi yo’nalishlari bo’yicha yangilanish bosqichlari ro’y berganligini kuzatamiz: 1) g’oya va mazmundagi yangiliklar; 2) mavzu tanlashdagi rang-barangliklar 3) shakl va uslubdagi yangiliklar.

Ushbu yangilanishlar barobarida ijtimoiy-iqtisodiy va boshqa bir qancha omillar bilan bog’liq – barcha davrlarni bog’lab turuvchi an’analar (shakl va mazmun, ohang va g’oya kabilar) ham mavjud. Lekin bu an’analar ham muayyan davrga mos yangilanish bosqichlaridan o’tadi. Bu ulkan davrga xos yana bir jihat – she’riyatning ijtimoiylashuvidir. 80-yillar she’riyati borasida fikr bildirgan ko’pchilik munaqqidlar ijtimoiy mazmunning ustuvor ko’rinish olish qonuniyatini davr bilan bog’liq jarayon deb baholaganlar.

Barcha zamonlarda kuylangan vatan, ozodlik, mustaqillik mavzulari bu davrda yanada dolzarb ko’rinish oldi. E’tiborlisi, XX asr she’riyatida har bir davrga xos xususiy jihatlar aniq ko’rinsa-da, Vatan mavzusidagi asarlar – she’rlarning mazmun va mohiyatida ichki bir umumiylik, yaxlitlik sezilib turadi. Bu mohiyat – Vatanni qariyb bir yuz o’ttiz yil davom etgan mustamlakachilik zanjirlaridan qutqarish, millatni hur, ozod ko’rish istagining goh ochiq-oshkor, gohida esa yashirin ifoda topganligida bilinadi. Ushbu katta davrning yorqin namoyandalari Cho’lpon, Hamid Olimjon, Oybek, Abdulla Oripov, Rauf Parfi, Shavkat Rahmon, Usmon Azim, Xurshid Davron kabi shoirlarning vatan mavzusidagi she’rlarini qiyosan o’rganib, badiiy tafakkurning ijtimoiy yo’nalishdagi tadrijiyligini g’oya, mazmun, shakl va ohang misolida yaqindan kuzatish mumkin.

Cho’lponning “Yupanmoq istagi” (1922) she’rida oshiq dilning ichki kechinmalari bayonidan navbatdagi semantik sath – ramziy ijtimoiy mazmun yuzaga chiqadi. Lirik qahramonning ushalmay so’ngan orzulari – mahbuba timsoli botinida xalqning boy berilgan erki, ozodligi, mustaqilligi ma’nolari ifodalangan. She’r ohangi, mazmuni, ma’no jihatdan “Bilmadim, ko’nglimni yupatgay kimlar” misrasi asosiga qurilgan. She’rda qo’yilgan savolning javobi esa so’nggi:

O’ylangan o’ylar-la ko’ngil yupanmas,
Ko’ngilning istagi o’y bilan qonmas,
Aytarlar bu tunda yorug’ sham yonmas,
Chaqmasa gugurtni asl o’g’ullar…

to’rtligida aks etadi. Shoir o’z orzusining ushalishi – yurtni ozodlikka olib chiqish uning asl o’g’lonlari sa’y-harakatiga bog’liq ekanligiga ochiq ishora qiladi. X. Davron oradan oltmish olti yil o’tib, Cho’lpon she’riga nazira (1988 ) bitar ekan, uni “Bilmadim, ko’nglimni yupatgay kimlar” misrasi bilan boshlaydi. Har ikki she’rning o’xshash-uyg’unligi ulardagi yagona ohang, turoq va g’oya bilangina chegaralanmaydi. She’rlardagi obrazlarga ham mushtarak ramziy ma’nolar yuklangan. Cho’lpon she’riyatida bir qancha obrazlar she’rdan-she’rga o’tib, yagona ramziy mazmun kasb etadi. Jumladan:

Charchagan yo’lovchi yo’ldan adashsa,
Tekis yo’l qolsa-da, tog’larni oshsa,
Yo’lni ko’rsatkuchi yulduz-da qochsa,
Shunday yupatgaymi yalang’och cho’llar?

to’rtligidagi yo’l ko’rsatuvchi yorug’ yulduz obrazining ibtidosi shoirning “Go’zal” she’ridagi “eng yorug’ yulduz”ga ko’p jihatdan bog’langan. Unda shoir:

Qorong’u kechada ko’kka ko’z tikib,
Eng yorug’ yulduzdan seni so’raymen,

deb, go’zal timsolidagi maqsadiga murojaat qiladi. Aslida “Go’zal” botiniy ifodalangan Vatan haqidagi she’rdir. “Yupanmoq istagi”dagi “Yo’lni ko’rsatuvchi yulduz-da qochsa” misrasi mazmunini “Go’zal”dagi “yorug’ yulduz” obrazining ma’no ko’lami yanada oydinlashtiradi. Ya’ni shoir “yo’l ko’rsatuvchi”ning yo’qligidan shikoyat qiladi, “Shunday yupatgaymi yalang’och cho’llar?” deya yog’iylarning yupanch topishini o’ylab o’ksinadi.  Xurshid Davron she’rida Cho’lpon qo’llagan obrazlar takror keladi va ular yangicha ma’no egallay boshlaydi. Masalan, dastlabki to’rtlikdagi “Va yoki qalbimning do’sti – yulduzlar?” misrasi hamda:

Yo’ldan adashtirgan mayoqlar so’nsa,
Balki yupatg’usi erkin yulduzlar? –

misralaridagi yulduz obraziga sifatlash bo’lib kelayotgan so’zlar Xurshid Davron bu obrazga yuklagan poetik ma’noga aniqlik kiritadi. Agar Cho’lpon she’rida yo’l ko’rsatuvchi yulduz “qochsa”, “uyalib boshini bukib”, “Men uni tushda ko’ramen, Tushimda ko’ramen, shunchalar go’zal, Bizdan-da go’zaldir, oydan-da go’zal!..”, deb shoir armon qilsa, Xurshid Davron misralarida yulduzlar uning “qalb do’stlari”, “yupatg’usi erkin yulduzlar”ga aylangan. Cho’lpondagi yog’iy “yalang’och cho’l” obrazi Xurshid Davron talqinida xalqni “adashtirgan mayoq”qa evriladi, shoir uning so’nishidan yupanch topadi go’yo. Ushbu qiyoslarning o’ziyoq o’zbek she’riyatidagi oltmish olti yillik davr mobaynida badiiy tafakkurning zamon, ijtimoiy hayot bilan bog’liq tadrijiy rivojini aniq namoyon etadi. Cho’lpon “qizil imperiya” kuchga to’lib, qatag’on qilichini yalang’ochlab, yuhodek o’zga xalqlarni yutib yuborishga kirishgan holatdagi Vatan va xalq taqdirini she’rga ko’chirgan bo’lsa, Xurshid Davron uning kuchdan ketib, erk bo’sag’asida turgan xalqlarni qo’yib yubormaslikka tish-tirnog’i bilan yopishgan, so’nggi kuchiga tayanib, xalq ozodligi yo’liga o’tgan avlodning orzu-intilishlarini badiiy ifodalaydi.

Aslida har qanday she’r yoki asar muayyan ob’ektga yo’naltiriladi. Mabodo she’rdagi ma’no birgina ob’ekt qamrovida qolsa, faqat shu kechinma hosilasi sifatida yuzaga chiqadi. Aksincha, she’rning qamrovi kengaysa, unda ma’no yo’naltirilgan ob’ektlar ham ortib boradi. Cho’lpon she’rida biz ilg’agan ob’ekt hozircha ikkita: biri – muhabbat kechinmalariga sababchi mahbuba bo’lsa, ikkinchisi – asoratda qolgan Vatan taqdiri. She’rda poetik mazmun bir ob’ekt chegarasiga sig’maydi, shuning uchun kechinmalar qamrovi kengayadi.

Xurshid Davron she’rida ma’shuqa obrazi yo’q, ijtimoiy ob’ekt asosiy o’ringa chiqqan. She’rdagi ijtimoiy ma’no muammolar bilan birga o’z dolzarbligini yo’qotadi. She’r birgina adabiy faktlar qatoridan joy oladi. Insoniy kechinmalarga yo’g’rilgan ijtimoiy mazmunli she’rni esa ana shu birlamchi kechinma adabiyot maydonida tutib turadi.

XX asrning 30-yillariga kelib sho’ro hukumati adabiyot jilovini to’liq qo’liga oldi. Adabiyotga partiyaviylik, sinfiylik mezonlari bilan yondashgan sotsialistik realizm qolipi tatbiq etildi, qatag’on avjiga chiqdi. Aynan shu davrda (1939 yili) Hamid Olimjonning “O’zbekiston” she’ri yozildi. She’rni ona yurtga qasida deb nomlash mumkin.

…O’xshashi yo’q bu go’zal bo’ston,
Dostonlarda bitgan guliston –
O’zbekiston deya atalur,
Uni sevib el tilga olur.
Chiroylidir go’yo yosh kelin,
Ikki daryo yuvar kokilin;
Qorli tog’lar turar boshida,
Gul vodiylar yashnar qoshida.
Chor atrofga yoyganda gilam,
Aslo yo’qdir bundayin ko’klam…

Cho’lpon va Xurshid Davron she’rlariga qiyos etilsa, “O’zbekiston” she’ri mazmunan ikkinchi bir qutbni tashkil etadi. Go’yo millatning 20- va 80-yillar ijtimoiy hayotida dolzarb bo’lgan muammolari 30–50-yillarda yo’q bo’lgandek tasavvur uyg’otishi mumkin. Nega istibdod va zulm avj nuqtaga chiqqan bir pallada shoir baland pafosda yurt qasidasini kuylamoqda? Nahotki 30-yillardan keyin xalqning ozodlik, mustaqillik haqidagi orzu-niyatlari birdan unutilgan bo’lsa? Xalqning iztiroblari, dil yaralari shuncha tez bitgan bo’lsa?.. Bizningcha, bu she’rda aksilifoda hodisasi voqe bo’lmoqda. Aksilifoda, bu yig’isini kulgu, kulgusini yig’i bilan kuylashdir. Bu davrga kelib, xalq ruhiyati, kayfiyati, kechinmalarining bir qutbdagi ifodasi yuzaga chiqqan.

Naql qilishlaricha, bir zolim bosqinchi begona elni g’orat qilib, askarlariga uni uch kun talash imkonini beribdi. Keyin mag’lublar nima qilishmoqda, deb so’rabdi. Ular norozilik bildirishayapti, degan javobni olgach, yana uch kun talashni buyurib, so’ng ahvolni surishtiribdi. El yig’layapti, degan javobni eshitib, tag’in uch kun talanglar, debdi. Bu muddatni ham o’tkazib, tobelarning taqdiri bilan qiziqibdi. El qo’shiq aytayapti deyishganida, talashni to’xtating, degan ekan. Xuddi naqlda aytilganidek, Hamid Olimjon avlodining baxtni kuylashi zulmning zo’ridan tug’ilgan meva edi. Bu avlod shoirlarining ijodini oddiy mezonlar bilan o’lchash yanglish xulosalarga olib keladi. “O’zbekiston” she’ri vatanga beg’ubor muhabbatning poetik ifodasi sifatida bugunning o’quvchisiga ham qalban yaqin. Bu yaqinlik shoir she’ridagi chin vatanparlik tuyg’ularini Cho’lpon kabi salaflari va A.Oripov, Rauf Parfi, Shavkat Rahmon, Usmon Azim, Xurshid Davron kabi keyingi avlod vakillari ijodidagi vatan haqida bitilgan she’rlardagi g’oya bilan bir maxrajga keltiradi. Hamid Olimjon o’z davrining farzandi, zamondoshlarining tipik vakili edi. Naim Karimov ta’kidlaganidek: “Shoir o’zining eng yaxshi lirik asarlarida o’z avlodining ruhiy kechinmalarini, uning boy va musaffo ichki dunyosini gavdalantiradi. Hamid Olimjon poeziyasidagi lirik qahramon aksariyat hollarda, ayni paytda, ham shoirning o’zi, uning real prototipi sifatida ko’rinadi, ham shoir mansub bo’lgan avlodning biografiyasini o’zida eltadi ”. Bu avlod kuylagan baxt chuqur mazmunga egadir. Ko’rib turibmizki, badiiy tafakkur tadrijida muayyan mavzuning ifoda shakllari, mazmuni, ohang yo’sini, pafos va urg’usi turlicha bo’lishi mumkin, lekin ularning g’oyaviy yaxlitligi saqlanib qolmoqda.

XX asrning 60-yillariga kelib sho’rolar mamlakatida ma’lum siyosiy-ijtimoiy o’zgarishlar ro’y berdi. “Iliqlik” deb nomlangan davrga kelib, adabiyot, san’at sohasida qisman erkinliklarga yo’l ochildi. 1937 yili nohaq qatag’on qilingan ko’plab siymolar oqlandi. Ularning asarlari e’lon qilina boshladi. XX asrning 60-yillarida adabiyotga kirib kelgan avlod – A.Oripov, E.Vohidov, Raf Parfi ijodida ana shu “iliqlik” nafasi aniq seziladi. Hamid Olimjonning 1939 yili yozilgan “O’zbekiston” she’ridan so’ng oradan o’ttiz yil o’tib, 1969 yili A.Oripovning “O’zbekiston” she’ri e’lon qilindi. Ushbu asarlar nomlanishi va umumiy ruhi bilan bir-biriga yaqin. A.Oripov asari milliy iftixor, g’urur, o’zbek xalqini ulug’lash, o’tmish ajdodlar va shonli tarix bilan faxrlanish tuyg’ularining ochiq ifodalanganligi bilan Hamid Olimjon she’ridan ajralib turadi. A.Oripovning “O’zbekiston” she’ri borasida ko’p fikrlarni aytish mumkin. Shoir ijodi oltmishinchi yillar she’riyatining eng yuksak namunalariga xos barcha mukammal jihatlarni o’zida mujassam etganligi bilan ajralib turadi.

Umuman olganda, 20-, 40-, 60-yillar ijodkorlarining tajriba va an’analari 80-yillar she’riyati navqiron vakillarining ijodiy parvoziga har jihatdan zamin yaratdi, ularning g’oyaviy-badiiy yuksak asarlar yaratishiga ilhom va imkon berdi.

70–80-yillar avlodi she’riyatidagi ijtimoiy mavzu boshqa davrlarda ifoda topgan ijtimoiylikdan mutlaqo farq qiladi. Bu holatning ob’ektiv va sub’ektiv sabablari bor. Birinchidan, 70-yillarning ikkinchi yarmi, xususan 80-yillar boshlaridagi sobiq sho’ro davlatida hukm surgan ijtimoiy-siyosiy vaziyat avvalgi davrlarga umuman o’xshamasdi. Bu davr sho’ro hukumatining tanazzul davri, sobiq ittifoqdosh respublikalarning milliy o’zligini anglab, xalq ozodligi yo’lida sobitqadamlik bilan intilish davri bo’ldi. Xalq ongida mudrab yotgan milliy iftixor tuyg’ularini uyg’otish, uning o’zligini anglab yetishi uchun kurashga chorlash, bir so’z bilan aytganda, xalqni milliy mustaqillikka tayyorlash missiyasini bu davrda adabiyot o’z zimmasiga oldi. 70–80-yillar avlodi ushbu jabhada bayroqdorlar safida turdi. Bu davr shoirlari she’riyati ham asosan davr ruhini aks ettirganligi bilan avvalgi she’riyatdan ajralib turardi.

Shavkat Rahmon, Usmon Azim, Xurshid Davron, Yo’ldosh Eshbek va boshqa shoirlarning she’rlari turli uslub va yo’nalishlarda yozilgan bo’lsa-da, ular ijodida mazmun va g’oyani yaxlit tadrijiy bosqichlarda ko’ramiz. Ularning ilk she’rlarida ijtimoiy mazmundagi she’rlar u qadar ko’zga tashlanmasa-da, keyinchalik Vatan va millat mavzusi asosiy o’rin tutdi . Xususan, Shavkat Rahmonning 70-yillardan 80-yilgacha bo’lgan davrdagi ijodida yosh yurakning sof tuyg’ulari tabiat manzaralariga qiyosan tasvirlandi.

Sahar turdim, quyoshni kutdim,
Shudringlarga chaydim yuzimni.
Buloqlarga labimni tutdim
Va borliqda ko’rdim o’zimni…

Ko’zlarimdan toshdi shuurim,
To’lib ketdi bag’rimga navo.
Mangulikday tuyuldi umrim,
Mangulikday tuyuldi dunyo…

Shoir lirik qahramoni mo»jizalarga to’la dunyoni bor go’zalligi bilan o’ziga singdirar ekan, undan umrboqiylik tuyadi. Dunyoning manguligi tuganmas kuydek nekbin orzular olamiga uni oshno etadi. Ayni kechinmalar Xurshid Davron, Usmon Azim va boshqa shoirlar she’rlarining ham mavzu-mundarijasini tashkil etardi. Sir to’la dunyoning she’rga evrilishi bu avlod shoirlari ijodini ilk davrida ona tabiatning go’zalligi-yu baxtli bolalikning orzular olamidan olingan beqiyos timsollar vositasida kuylanishida yorqin ko’rinadi.

70-80-yillar avlodi ijodida soxta vatanparvarlik, shiorbozlik, maddohlik, hamdu sanolar o’qish deyarli sezilmaydi. Chunki bu davrdagi ijtimoiy-siyosiy shart-sharoit, jahon miqyosida tezkorlik bilan quloch yozishni boshlagan globallashuv jarayoni, o’z navbatida, ijod ahlini ham yangicha fikrlashga undadi, san’at va adabiyot sohalarida 70–80-yillarda kechgan o’zgarishlarning mohiyatini shu davr bilan bog’liq yangilanishlar tashkil qildi.

Bu davr she’riyatida ijtimoiy mavzu faol ko’rinish olgan bo’lsa, bunga asosiy sabab ijtimoiy hayotdagi o’zgarishlar: voqealarning keskin tus olishi, sobiq sho’ro davlatining qayta qurish va oshkoralik siyosati, ittifoqdosh respublikalarning asta-sekinlik bilan o’z mustaqilliklari sari qadam-baqadam borishi va ushbu murakkab jarayonda she’riyatning, umuman, adabiyotning jamiyatni harakatlantiruvchi kuchlarning oldingi safida bo’lishidir.

Xulosa qilib aytganda, 20-yillar avlodi she’riyatida qo’ldan ketayotgan vatan qayg’usi qanchalik o’rtanib kuylangan bo’lsa, 70–80-yillar she’riyatida vatan mustaqilligini, erk va ozodlikni qayta qo’lga kiritish g’oyasi baralla yangradi. 20-yillarda zulm qanchalik qasdi-bastiga olsa, she’riyatda aytilmoqchi bo’lgan fikr ramz va timsollarda yo’g’rilib, tagma’no ichiga singdirilib kuylandi. 70–80- yillar she’riyatida esa timsol va majozlar orqali ifodalangan, tagma’nolarga singdirilgan vatan mavzusi tobora ochiq-oydin namoyishkorona ifoda topib, she’r ba’zan badiiy ravonlikdan ko’ra ohangdor nutq shaklida ham namoyon bo’la boshladi. Shavkat Rahmon va uning safdoshlari ijodi buning yorqin misolidir.

07
VATAN HAQIDA SHE’RLAR
09

01Abdulhamid CHO’LPON

YORUG’ YULDUZGA
(Hazar esdaligi)

Go’zal yulduz, nurli yulduz, tez so’zla.
Otalarning tarixdagi xatosin,
Shul xatodan osuflanib tovlarning
El ko’ksida surgan ishrat, safosin.

So’zla, anglat o’tgandagi turmushning
Butun qonli, shonli, jonli yerlarin.
Ko’z oldimda jilvalanur yurt uchun
Jonlar berib, qonlar to’kkan yerlaring.

O’ynat, qo’zg’at, to’lqinlantir, hovliqtir
Keng Hazarning ko’m-ko’k, yumshoq suvlarin,
So’zlattirib, charchat, horsin, charchasin,
Teri oqsin, ko’kka chiqar bug’larin.

Ko’piklantir, mayda, oppoq ko’pikdan
Ko’ylak kiydir, yasantir suv betlarin,
Ul suvlar-la pardoz qildir, kiyintir
Tog’li, toshli qirg’oqlarin, chetlarin.

Nega jimsen, nega javob bermaysen,
Nega ko’zing qizarindi, yoshlandi?
Nega yuzing so’lgan kabi yumshardi?
Nega senda bir talvasa boshlandi?

Bilamen men, so’zlamaysen shuning-chun –
So’zlaydirgan yaxshi so’zing yo’q erur.
Og’iz ochsang, yo’qsil elni ezmakka,
Qon qilmoqqa hasratlaring ko’p erur.

Mayli, mayli, qandoq achchiq bo’lsa ham,
To’g’ri so’zni yashirmasdan so’zlay ber,
Har qanchalar yurak yorg’ich kuy bo’lsa,
Botir bo’lib sekingina kuylay ber.

O’tganlarning zahari ham bu kunda
Ko’ngillarga tegmay o’tar kabidir.
Kechmishlarning yig’isi ham shu kunda
Yo’qsil dilni suyuntirar kabidir.

Falokatlar ko’rgan ota-bobolar
Istiqbolning qimmatini bilmagan.
El va yurtni saqlar uchun so’ng xonlar
Tuzukkina chora, tadbir qilmagan.

Biz, yo’qsillar, boshqalarga qul bo’lib,
Chet oyoqlar tomonidan ezildik.
Har yaramas, har buzuqning tagida
Alam ortgan, jabr ko’rgan biz edik.

Yetar, bo’ldi. Meni gapga solding-da,
O’zing unda tinglabgina turasan:
Yana, tag’in ta’sirlanib so’zimdan,
Oh-voh qilib, o’zni har yon urasan.

So’zla, sen-da tillaringni o’ynatib,
Eski alam ichra bizni olib bor.
Yashirin yotgan pardalarni, zulmatni
Qarab turma, nuring bilan yirt-yubor.

Yalintirma, boshqalarga yalingan
Kabi sen xam yalintirmoq istaysen,
Ezilganni ezishlikka sen, go’zal.
Ozroq sharm, ozroq hayo qilmaysen?

So’zla, anglat, go’zal yulduz, tez so’zla,
Men-da seningdek chiroyli so’ylarmen.
Hazardagi ko’piklarga birlashib,
Seni maqtab shirin kuylar kuylarmen.

Og’iz ochding, tovshing keldi, ey yulduz,
So’zla, so’zla, yot kishi yo’q, ikkimiz…

Bahri Hazar, 19 Avgust, 1920 yil.

GO’ZAL TURKISTON

Go’zal Turkiston, senga ne bo’ldi?
Sahar vaqtida gullaring so’ldi.
Chamanlar barbod, qushlar ham faryod,
Hammasi mahzun. Bo’lmasmi dil shod?
Bilmam ne uchun qushlar uchmas bog’chalaringda?

Birligimizning tebranmas tog’i,
Umidimizning so’nmas chirog’i.
Birlash, ey xalqim, kelgandir chog’i,
Bezansin endi Turkiston bog’i.
Qo’zg’al, xalqim, yetar shuncha jabru jafolar!

Ol bayrog’ingni, qalbing uyg’onsin,
Qullik, asorat – barchasi yonsin.
Qur yangi davlat, yovlar o’rtansin.
O’sib Turkiston, qaddin ko’tarsin,
Yayrab, yashnab o’z Vataning — gul Bog’laringda!

BUZILGAN O’LKAGA

Ey, tog’lari ko’klarga salom beran zo’r o’lka,
Nega sening boshingda quyuq bulut ko’lanka?
Uchmohlarning kavsaridek pokiza,
Sadaflarning donasidek top-toza
Salqin suvlar tog’dan quyi tusharkan,
Tomchilari yomg’ir kabi ucharkan,
Nima uchun yig’lar kabi ingraylar?
Yov bormi, deb to’rt tarafni tinglaylar?
Tabiatning o’tini yo’q o’tida,
Sharaq-sharaq qaynab chiqqan buloqlar
Har qorong’i, qo’rqinch tunning betida
Shifo istab kelmasin der, qo’noqlar.
— Bu nega?
Ayt menga.
Ko’m-ko’k, go’zal o’tloqlaring bosilg’on,
Ustlarida na poda bor, na yilqi,
Podachilar qaysi dorg’a osilg’on?
Ot kishnashi, qo’y ma’rashi o’rniga
-Oh, yig’i,
Bu nega?

Tumorchalar hamoyillar taqingan,
Dalalarda lola bargi yopingan,
Tog’-toshlarda o’yin qilgan,
Chopingan
Go’zal qizlar, yosh kelinlar qaerda?
Javob yo’qmi ko’klardan-da, yerdan-da,
Xarob bo’lgan eldan-da.
Ot minganda, qushlar kabi uchguvchi,
Erkin-erkin havolarni quchg’uvchi,
Ot chopganda, uchar qushni tutquvchi,
Uchar qushday yosh yigitlar qaerda?
Tog’ egasi – sor burgutlar qaerda?

Sening qattiq sir – bag’ringni ko’p yillardir ezganlar,
Sen bezsang-da, qarg’asang-da, ko’kragingda kezganlar.
Sening erkin tuprog’ingda hech haqi yo’q xo’jalar,
Nega seni bir qul kabi qizg’anmasdan yanchalar?
Nega sening qalin tovshing “ket” demaydi ularga?
Nega sening erkli ko’ngling erk bermaydi qullarga?
Nega tag’in tanlaringda qamchilarning kulishi?
Nega sening turmushingda umidlarning o’lishi?
Nega yolg’iz qon bo’lmishdir ulushing?
Nega buncha umidsizdir turishing?
Nima uchun ko’zlaringda tutashguvchi olov yo’q?
Nima uchun tunlaringda bo’rilarning qorni to’q?
Nima uchun g’azabingni uyg’otmaydir og’u-o’q?
Nima uchun borlig’ingda bu daraja buzg’unlik?
Nima uchun o’ch buluti sellarini yog’dirmas?
Nima uchun kuch tangrisi bor kuchi-la soldirmas?
Kel, men senga qisqagina doston o’qiy,
Qulog’ingga o’tganlardan ertak to’qiy.
Kel, ko’zingning yoshlarini surib olay
Kel, yarali tanlaringni ko’rib olay, to’yib olay.
Nima uchun ag’darilgan, yiqilgan
Og’ir toyning zahar o’qi ko’ksingda?
Nima uchun yovlaringni bir zamon
Yo’q qilg’unday temirli o’ch yo’q senda?
Ey, har turli qulliklarni sig’dirmagan hur o’lka,
Nega sening bo’g’izingni bo’g’ib turar ko’lanka?

Andijon, 1921 yil

YUPANMOQ ISTAGI

Bilmadim ko’nglimni yupatgay kimlar:
Tog’larmi, toshlarmi yo oqar suvlar.
Yoki kishanlardan bo’shalgan qullar,
Yoki sevilmasdan tashlangan tullar?

Yoki oydin tunda ko’zimni olmay
Ko’klardan yupatqich yulduz axtaray?!
Yoki tong chog’ida sabo yupatg’ay,
Yoki oydan tomgan vafosiz nurlar?

Yoku ko’z yoshidan yig’ilgan bir ko’l
Bo’yida egilgan tolda bir bulbul
Sayrasa, yig’lasa, ma’shuqasi gul
Kulganda yupatgay ko’ldagi hurlar?

Charchagan yo’lovchi yo’ldan adashsa,
Tekis yo’l qolsa-da, tog’larni oshsa,
Yo’lni ko’rsatuvchi yulduz-da qochsa,
Shunda yupatgaymi yalang’och cho’llar?

Erkin dalalarning erkin sultoni,
Sonsiz podalarning yolg’iz cho’poni
Nay chalib tog’lardan istasa yorni,
Balki yupatgusi “yor” degan kuylar?

Turmushda, xayolda… har bir narsada
Yolg’iz aldanishni ko’rgan bir banda
Borliqqa qarg’ishlar yog’dirgan tanda
Balki yupatgusi u achchiq so’zlar?

Dengizlar qaynasa, toshsa suvlari,
Kesilsa yo’lchining istak yo’llari,
Dengizga aylansa o’ng va so’llari,
Balki yupatg’usi ho’llangan ko’zlar?

Ko’ngilda uyg’onsa yengil havaslar,
Uzilsa, buzilsa oltin qafaslar,
Birga ichishsalar bir to’da mastlar,
Balki yupatgaylar o’ynoqi qizlar?

O’ylangan o’ylarga ko’ngil yupanmas,
Ko’ngilning istagi o’y bilan qonmas,
Aytarlar bu tunda yorug’ sham yonmas,
Chaqmasa gugurtni asl o’g’illar….

1922 yil

08Hamid
OLIMJON

O’ZBEKISTON

Vodiylarni yayov kezganda,
Bir ajib his bor edi manda..
Chappar urib gullagan bog’in,
O’par edim vatan tuprog’in.
Odamlardan tinglab hikoya
O’sar edi shoirda g’oya.
Daryolardan kuylab o’tardim,
Ertaklarga quloq tutardim.
Hammasini tinglardim, ammo,
O’xshashini topmasdim aslo.

O’xshashi yo’q bu go’zal bo’ston,
Dostonlarda bitgan guliston —
O’zbekiston deya atalur,
Uni sevib el tilga olur.
Chiroylidir go’yo yosh kelin,
Ikki daryo yuvar kokilin
Qorli tog’lar turar boshida,
Gul vodiylar yashnar qoshida.
Chor atrofga yoyganda gilam.
Aslo yo’qdir bundayin ko’klam.

Tog’lardagi qip-qizil lola
Bo’lib go’yo yoqut piyola,
Buloqlardan uzatadi suv
El ko’zidan qochadi uyqu.
Dalalarda boshlanadi ish
Boshlanadi ijod va turmush.
Kundan-kunga o’sadi paxta,
Barg chiqadi harbir daraxtda,
Olmazorlar gulin to’kadi,
Meva bog’lab shoxin bukadi.

Shaharlarda ishga chiqib el
Odam bilan to’lar Tekstil`.
Hammasining bir istagi bor,
Hammasi ham xursand, baxtiyor.
Bu o’lkada har narsa bordir,
Ko’rmaganlar doim xumordir.
Amu bilan Sirdan suv ichgan,
Zarafshonni loylatib kechgan,
Chavandozlar bordir bu elda.
Bahor chog’i pishqirgan selda
Arg’umoqlar qo’shig’i bordir.
Bu shundayin ajib diyordir.

Dalasida o’smas tikonlar,
Cho’llarida chopmas ilonlar;
Qush uchganda kuymas qanoti,
Odam o’tsa qurimas zoti;
Chanqov qolib yo’lovchi o’lmas,
Har burchakda boshkesar bo’lmas.
Kulbalarni kelib bosmas qum,
Go’daklarni yutmas och o’lim.
Odamga baxt va tole yordir —
Bu shundayin ajib diyordir.

Bunda bulbul kitob o’qiydi,
Bunda qurtlar ipak to’qiydi,
Bunda ari keltiradi bol,
Bunda qushlar topadi iqbol,
Bunda qorning taglarida qish,
Bahor uchun so’ylaydi olqish.
Bir o’lkaki husnga boydir,
Uning eng zo’r ko’zgusi oydir;

Bir parcha o’t bo’lib bunda kun
Paxtasiga ishlaydi har kun.
Botirlari kanal qazadi,
Shoirlari g’azal yozadi,
Kuychilari o’qiydi yalla,
Juvonlari aytadi alla,
Pazandasi yopadi shirmon,
Qarilari kutadi mehmon —
Bu shundayin ajib diyordir.
Buning qiziq hikmati bordir:

Har go’shada suyangan tog’i;
Gurjistonda sevgan o’rtog’i
Unga husn va iftixordir;
Uzoq Sharqda qo’shini bordir,
Shuning uchun tinchdir ul ko’ngul.
Shuning uchun osoyishdir ul.
Shuning uchun samonda yotmas,
Shuning uchun sovuqda qotmas,
Yovlariga osmon tutundir,
Shuning uchun bag’ri butundir,
Shuning uchun yopinmagay xas,
Shuning uchun kiyinar atlas.

Shunday o’lka doim bor bo’lsin,
Shunday o’lka elga yor bo’lsin.
Omon bo’lsin og’aynilari,
Omon bo’lsin do’stlarning bari.
Doim bo’lsin davlati omon,
Shunday bo’lsin bu butun jahon.

Shaftoluzor bog’larni ko’rdim,
Gul ko’kargan tog’larni ko’rdim,
Mehr qo’yib o’pgan sari oq,
Oppoq bo’ldi bu, aziz tuproq.

Vodilarni yayov kezganda,
Bir ajib his bor edi menda…

03OYBEK

O’ZBEKISTON

Bir o’lkaki, tuprog’ida oltin gullaydi,
Bir o’lkaki, qishlarida shivirlar bahor,
Bir o’lkaki, sal ko’rmasa, quyosh sog’inar…
Bir o’lkaki, g’ayratidan asabi chaqnar.
Baxt toshini chaqib, bunda kuch guvillaydi.
Derdilarki: «uning ruhi injih va xasta»,
Biroq, tomchi qoni uning bir kulcha oltin!
Uqa bilan tortib sotgan afsonalarin,
Achchiq, dudli falsafaning kutubxonasin
Sovet sharqi yoqdi… Yondi bu eski latta.
Sovet sharqi to’lqinini ko’ring — bu hayot!
Tebratadi o’lkani ish — baxtning o’z qo’li,
Ochilgandir tarixlarning eng ulug’ yo’li.
Xazinasin ochib bergan qiri, tog’, cho’li,
Butun sharqda yozajak u shafaqdan qanot.
Bolg’alar-la parchalandi uyqu iloni,
Mehnatkash el bukun belin ko’tardi mag’rur,
Termometr simobiday… O’par ekan nur
Yangi tarix quyoshidan uning manglayi,
Mehnatidan ayqiradi endi baxt, surur.
Dalalarda mashinaning tetik nafasi,
Ufqlarning zumrad ko’ksin o’par paxtazor.
Chollar — yigit, yigitchalar chaqmoqday yonar,
Erkin mehnat baxtli ko’zda cho’g’ kabi porlar,
Irodaning qilich yanglig’ o’tkirdir dami.
Qaytib kelmas va tirilmas moziy qabrdan,
Yo’qchilikdan kafan o’rtgan skelet kunlar,
Ko’z yoshi-la jinchirog’ni yondirgan tunlar..
Bo’shliklarga yuksalgan u xayol-tutunlar,
Yelkalarda uchqun yonmas qamchi zarbidan.
Xonaqoni tashlab fikr fanlarni mindi,
Elektron tekshiradi kechagi cho’pon.
Institut kursisini o’par qiz-juvon.
«Kapital»ning har satridan galalab uchgan
Fikrlarni quvar tunlab yoshlar kiprigi.
Yaratipdi bir shoh asar, go’zal bir doston,
G’adir-budur mehnat qo’li bitgandir buni,
Kelajakning bahoridan olingan kuyi,
Xayollarga sig’maydi hech buning mazmuni,
Qofiyadir fabriklar-la qizlar qo’shig’i,
O’qi va sev! Buning ismi yosh O’zbekiston.

1934

04Abdulla
ORIPOV

O’ZBEKISTON

Yurtim, senga she’r bitdim bu kun,
Qiyosingni topmadim aslo.
Shoirlar bor, o’z yurtin butun —
Olam aro atagan tanho.
Ular she’ri uchdi ko’p yiroq,
Qanotida kumush diyori,
Bir o’lka bor dunyoda, biroq
Bitilmagan dostondir bori:
Faqat ojiz qalamim manim,
O’zbekiston, Vatanim manim.

Yurmasman hech behishtni izlab,
Topolmasam chekmasman alam.
O’tirmasman ertaklar so’zlab,
Musallo deb yo’nmasman qalam.
Ko’klamingdan olib sururni,
Dovrug’ soldi ustoz Olimjon,
G’afur G’ulom tuygan g’ururni
Qilmoq mumkin dunyoga doston.
Olis tarix qadamim manim,
O’zbekiston, Vatanim manim.

Kechmishing bor chindan ham uzoq,
Ilg’ay olmas barchasin ko’zim.
Maqtamasman moziyni, biroq
O’tmishingni o’ylayman bir zum.
Zabtga olib keng Osiyoni,
Bir zot chiqdi mag’rur, davongir,
Ikki asr yarim dunyoni
Zir qaqshatdi Buyuk jahongir.
Aytgum, bu kun, u manim, manim.
O’zbekiston, Vatanim manim.

Bobolardan so’z ketsa zinhor,
Bir kalom bor gap avvalida.
Osmon ilmi tug’ilgan ilk bor
Ko’ragoniy jadvallarida.
Qotil qo’li qilich soldi mast,
Quyosh bo’lib uchdi tilla bosh.
Do’stlar, ko’kda yulduzlar emas,
U, Ulug’bek ko’zidagi yosh.
Yerda qolgan, o, tanim manim,
O’zbekiston, Vatanim manim.

Ko’z oldimdan kechar asrlar,
Ko’z—ko’z etib nuqs—u chiroyin.
Sarson o’tgan necha nasllar.
Topolmasdan tug’ilgan joyin.
Amerika — sehrli diyor,
Uxlar edi Kolumb ham hali,
Dengiz ortin yoritdi ilk bor,
Beruniyning aql mash’ali.
Kolumbda bor alamim manim,
O’zbekiston, Vatanim manim.

Ko’p jahongir ko’rgan bu dunyo,
Hammasiga guvoh — yer osti.
Lekin, do’stlar, she’r ahli aro
Jahongiri kam bo’lar, rosti.
Besh asrkim, nazmiy saroyni
Titratadi zanjirband bir she’r.
Temur tig’i yetmagan joyni
Qalam bilan oldi Alisher.
Dunyo bo’ldi chamanim manim,
O’zbekiston, Vatanim manim.

Bobolardan so’zladim, ammo
Bir zot borkim, baridan suyuk.
Buyuklarga baxsh etgan daho,
Ona xalqim, o’zingsan buyuk.
Sen o’zingsan, eng so’nggi nonin
O’zi yemay o’g’liga tutgan.
Sen o’zingsan, farzandlar shonin
Asrlardan opichlab o’tgan.
Ona xalqim, jon—tanim manim:
O’zbekiston. Vatanim manim.

Bosh ustingdan o’tdi ko’p zamon,
O’tdi Budda, o’tdi Zardushti.
Har uchragan nokas—u nodon,
Ona xalqim, yoqangdan tutdi.
Seni Chingiz g’azabga to’lib
Yo’qotmoqchi bo’ldi dunyodan.
Jaloliddin samani bo’lib
Sakrab o’tding Amudaryodan.
Sensan o’shal samanim manim,
O’zbekiston, Vatanim manim.

Toleingda bor ekan yashash,
Goh qon ichding, gohida sharob.
Etmoq bo’lib yurtim xomtalash,
Bosh ustingga keldi inqilob.
Chora istab jang maydonidan
Samolarga uchdi unlaring,
Shahidlarning qirmiz qonidan
Alvon bo’ldi qora tunlaring.
Qonga to’lgan kafanim manim,
O’zbekiston, Vatanim manim.

Lekin oftob poymol o’lmas,
Kavaklarda qolmas oy nuri,
Odil hakam — Haq bor, beg’araz,
Mazlumlarning buyuk g’amxo’ri.

Qilich serpab tole tongida
O’zligingni tanib qolding sen.
O’g’lonlarning qatra qonida
O’zbekiston nomin olding sen.
Nomi qutlug’ gulshanim manim.
O’zbekiston, Vatanim manim.

Tinch turarmi bu ko’hna olam,
Tinch turarmi dog’uli zamon?
Oromingni buzdi sening ham
Fashist degan vahshiy olomon.
Qonim oqdi Dansigda manim,
Sobir Rahim yiqilgan chog’da.
Lekin, yurtim, kezolmas g’anim.
O’zbekiston atalgan bog’da.
Sensan nomus va sha’nim manim.
O’zbekiston, Vatanim manim.

Kech kuz edi, men seni ko’rdim,
Derazamdan boqardi birov.
U sen eding, o, dehqon yurtim,
Turar eding yalangto’sh, yayov.
— Tashqarida izillar yomg’ir,
Kir, bobojon, yayragil bir oz.
Deding: — Paxtam, qoldi—ku axir,
Yig’ishtiray kelmasdan ayoz.
Ketding, umri mahzanim manim,
O’zbekiston, Vatanim manim.
Sen ketarsan balki yiroqqa,
Farg’onada balki balqarsan.
Balki chiqib oqargan toqqa,
Cho’pon bo’lib gulxan yoqarsan.
Balki ustoz Oybekdek to’lib
Yozajaksan yangi bir doston.
Balki Habib Abdulla bo’lib,
Sahrolarda ochajaksan kon.
Tuprog’i zar, ma’danim manim,
O’zbekiston, Vatanim manim.

Mayli, yurtim, kezsang ham dunyo,
Fazolarga qo’ysang ham qadam,
O’zligingni unutma aslo,
Unutma hech, onajon o’lkam.
Bir o’g’lingdek men ham bu zamon
Kechmishingni qildim tomosha.
Iqbolingni ko’roldim ayon
Istiqlolning ufqlari osha.
Iqboli hur, sho’x—shanim manim.
O’zbekiston, Vatanim manim.

Zavol ko’rma hech qachon, o’lkam,
Zavol bilmas shu yoshing bilan.
Muzaffar bo’l, g’olib bo’l, o’ktam,
Do’st—u yoring, qardoshing bilan.
Asrlarning silsilasida
Boqiy turgay koshonang sening.
Ulug’ bashar oilasida
Mangu yorug’ peshonang sening.
Mangu yorug’ maskanim manim,
O’zbekiston, Vatanim manim.

1964—1970

05Rauf
PARFI

TURKISTON YODI

Naqadar uzundir, og’irdir bu yo’l,
Dalalar yastanib yotar ko’k kabi.
Tig’lab xotiramni osmon — cheki yo’q,
Tizginsiz bu shiddat kenglik asabi.

Bu kenglikda o’ylar meni g’ijimlar,
Ul o’z qofiyasin sudrab keladir.
Qancha qochsang shuncha qilgay hujumlar,
O’q singari xotiramni tiladir.

Tegramda zich havo — ona Turkiston,
Yorgay tomirimni ko’r hayajonim.
Bu maydon ichinda men to’kmagan qon,
Mening uni deya ayagan jonim.

Yana yiroqlarga chorlaydir moziy,
Vatan tushunchasi kelar yetaklab
Ayrilgan, xo’rlangan ulus ovozin,
Shoirning beshigi aytar ertaklar.

Yassaviy maqbari mung’aymish mag’rur.
Tovushga aylandi har bir g’isht rangi.
«Dunyo mening deganlar…» Nido kelur.
«Karkas qushdek…» Qadim so’zlar jaranggi.

«Yolg’on da’vo qilganlar…» So’zlar shoir.
«Oqni qaro deganlar…» Ayting, kimlar?!
Maqbara boshimga yiqilar hozir,
Yana tovush: «Harom yegan hokimlar…»

Parchin-parchin bo’ldi yodim simlari,
Simlar — ko’zlarimga mil tortgan chizgu.
O’tgan ulug’larni eslayman barin,
Xotirot mozori — Turkiston mangu.

Kecha sodiq o’g’ling o’tdi dunyodan,
Saxiy inson edi, u shoir edi.
Sanchilib yashaydi bir umr yodda,
Ketayotib, men yig’lab, bo’ldim, dedi.

Yig’la endi ko’zim, sen-da yig’lab ol,
To’ysin ko’z yoshingga bu turkiy stam.
To’ysin, Vatan yodi chidar bemalol.

O, sabr daraxti, qutlug’ Turkiston.
Naqadar uzundir, og’irdir bu yo’l.

ONA TURKISTON
Abdulla Qodiriy xotirasiga

1.Xotiramning qa’r-qa’rida ta’rix
Doim so’zlab turar ezgin hikoya.
Tutqin qush singari qolurman g’arib
Ruhimga bulutlar tashlaydir soya.
Bot-bot xayolimdan chekindi mubham,
Fikrimdan yulqindi Vatan qorasi.
Olisda miltirab so’nayotgan sha’m
Ko’hna hasratimning mash’um yarasi.
Kishanband qilinar qo’llarim go’yo,
Tuproqqa qo’shila boshlaydi tanim.
Shu qadar yuragi tormidir — dunyo.
Nahot farzandiga — o’ziga g’anim,
O’zi yuragiga jo bo’ldi, ammo
Nechun sig’dirmadi, nechun Vatanim?!

2. Ko’ringiz tarixni, ey turkiy xalqim,
Ko’zimga ertaning sevinchi xolos.
Ul Turondir, Turkistondir? U balkim
Ichimni kemirgan qadimiy qasos.
Ko’ringiz ta’rixni. Ko’z oldim parda,
Qo’limdan uchmoqda bu yer, bu Vatan…
Oshno tutinardim po’lat xanjarga…
Jang maydoni sari otilardim man…
Vatan, aylanarman bir keskir toshga,
Qoshinga o’q kabi uchib borarman…
Nahot til boshqadir, nahot dil boshqa?!
Yo’q! Farmon kutarman, eng so’nggi farmon,
Shaklanib qararman qalqqan quyoshga.
Baribir, qasos, deb yonarman hamon.

3.Umr deganlari o’tmakda shoshqin,
Tilla barglarini elab yo’limga.
Sening manguliging beradir taskin
Yerta uzilguvchi mening umrimga.
Oh, Ona Turkiston, kuylayin yonib,
Dunyo jur’atini berding qo’limga.
Men endi angladim turkiy dunyoni,
Mana men, tayyorman endi o’limga…
Ey mening zahmatkash, ey qutlug’ xalqim,
Bergil faqat kuyib kuylamak haqqin.
Ortiq mas’ul etar topilgan bu Baxt.
«Ishq so’zidan kuydi bulbul maskani»,
Til bilan kuylanmas ona-Vatanim,
Men seni kuylamak istayman faqat.

OG’RIQ

1. O, Ona Turkiston, qora dunyoda,
Qismat yelkasida yugurdim, yeldim,
Goh shavq qanotida, goho piyoda,
Yukinib, men senga sig’inib keldim.

Men seni sog’indim haddan ziyoda,
G’amli xotirangga borlig’im to’ldi.
Bu uzluk ummonda, bu ahgar bog’da
Sirpandim. Men qattiq chirpandim. So’ldim.

O’tkinchi g’amlardan tanamda titroq,
Rostmi shu? She’r tug’ar emish alamlar?..
Goho xo’rlab, tishlab o’tdilar, biroq
Sen bilan kechgan ey ilohiy damlar…

Balkim, ilhomingni sudradi ko’proq
Shon-shuhrat burjida yongan sanamlar.
Sohir yuragingni chaqmoq urdi-ku,
Ortiq kulfatlarga doimo shaysan.

Ko’zingda qotgan nur porlab turdi-ku,
Sen axir tiriksan, yonib yashaysan.
Tugatib bo’lmas hech bu dardni ichib,
O’rilgan yaradan chechaklar o’sdi.

Yuragingning yirtiq ko’ylagin yechib
Bag’ringga bosarsan — bormisan, do’stim?
Dunyoni shopirar yolg’onga, chinga,
Birov rohat qilar ezg’ib, kuldirib,

Iztirob urug’in separ ichingga.
Hay, deysan, ne topar meni o’ldirib,
Qaraysan, ko’zingga nurni to’ldirib.
Balli, qobog’ingning ulug’ kuchiga.

2. Hech narsa yupatmas, shoir, hech narsa,
G’arib baxtiyorlik endi yupatar.
Yulib vujudimni titib axtarsam
Dunyoviy alamning toshlari yotar.

Har kim o’z qalbiga o’zidir hoqon.
Baribir, men seni sevib sizlarman.
Ehtimol, nohaqman, ehtimol haqman —
Muqaddas Turkiston so’zin izlarman.

So’z mening ko’ksimga sanchilar, hayhot!..
Shovulla, gurkira, hayot nafasi.
Ruhga iymon bergil, ey qodir hayot,
Qizg’onma samoviy sehrning sasin…
Yurak deb atalgan og’riq bu — najot.
Ko’krak qafasimiz — najot qal’asi.

06Shavkat
RAHMON

OZODLIK QO’SHIG’I

Bu qo’shiq ajoyib qo’shiqdir,
so’zlari kuydirar tomoqni,
o’limni nazarga ilmaysan,
sezmaysan surgunu qamoqni.

Shaldiroq kishanlar hukmiga
achinmay berarsan yoshliging.
Yuzlaring burishmas og’riqdan,
farog’at bag’ishlar ochliging.

Kuylasang, chekinar razolat,
chekinar kadarlar, nolalar.
Unchalik qo’rqinchli emasdir
ko’ksingda ezilgan lolalar…

MINORAI KALON

Ming yillar qa’ridan keladi,
kulfatga yo’liqib ming bora.
Tinimsiz toshbo’ron, qirg’inga,
xo’rlikka duch kelgan minora!

Necha bor to’plarga tutildi,
u judo bo’ldi bosh qismidan…
Va lekin jon qoldi sharqona
bezaklar bitilgan jismida.

Tasanno aytaman tuproqning
metindan kuchliroq doshiga.
Har yili in qurar laylaklar
minorning nuragan boshiga.

Bu yil ham minorda, xayriyat,
sharqona bezaklar so’nmapti.
Minorning boshiga bu yil ham,
xayriyat, qarg’alar qo’nmapti.

TARIXIY ONG

Chumolidan battarroqsan sen,
vaqt o’tar jismingni yanchib.
Ikki ko’zing — ikkita kuchuk,
qarolmaysan atrofga ranjib.

Ko’ksingdagi Muqanna bilan
o’zligingga qaradingmi, ayt?!
Musht zarurroq bo’lgan mahalda
yozding go’zal she’rlarni faqat.

Sen bechora, notavon kimsa —
makon qilding gullar ortini,
ko’zing yumib, tilingni tishlab,
tinglayapsan odam dardini.

Sen botirlar naslidan emas,
qanday chidar poyingda rohlar!?
Halok bo’lgan botirlar jangda.
tirik qolgan faqat qo’rqoqlar!

BASHORAT

Surilar bu temir pardalar,
istibdodning tog’lari qular,
mog’or bosgan qora qa’rlardan
milyon ozod ruhlilar turar.
To’sib bo’lmas soxta vahiy-la,
yolg’on shior,
safsata bilan,
hur fikrni bosgan vahima,
dabdabayu as’asa bilan.

Qular qonda suzgan qasrlar,
qulab yitar sangin saltanat,
so’qir bo’lar asriy nahsdan
bino bo’lgan yovuz shaytanat.
Kelar,
kelar buyuk mehrdan
kiftlar kiftga bosilajak kun,
g’amdan forig’ jez kallalar ham
ko’kraklarga osilajak kun.

Porlar toshga do’ngan so’zlarim,
porlar mangu odamiy ruhim,
porlar Haqqa tashna ko’zlarim,
xudo bergan mangu anduhim,
yorug’ anduhim…

OZODLIK

Qorli uvalarda qora qo’toslar,
temir halqalar bor burunlarida.
Bir joyda aylanar butoq cho’llarning
daraga qamalgan quyunlariday.
Qamchinlar tarsillar,
yorilar havo,
qiy-chuvlar,
hushtaklar,
suronlar jo’shar, harsillar,
guldirar o’jar qo’toslar,
jon kirib quturgan tog’larga o’xshab.

Qorlar qorayadi…
orqada qolar
qamchinlar ovozi,
shavaqi saslar.
Endi birin-ketin kenglikka emas.
qorli cho’qqilarga o’rlar qo’toslar.
Bu yo’l so’nggi yo’ldir,
yagona yo’ldir,
ularni na shamol,
na qoya to’sar.
Qo’toslar o’rlaydi tik cho’qqilarga.
poyonsiz borliqda cho’qqilar o’sar…

SULAYMON TOG’I ETAGIDA O’YLAGANLARIM

Diyonatli, orli ajdodlar
bu haybatli toshlar tagida
biror lahza xayol surmagan
soxta shuhrat, ta’ma haqida…

Yasharkanlar yurtda sargardon,
kezarkanlar g’urbatda yoxud,
Sulaymon tog’ poyida bir kun
ko’milmakni qilganlar orzu.

Bundan ne-ne alloma o’tgan,
ne jahongir, nechalab shoir.
Biroq aziz tog’ toshlariga
yozdirmagan hech biri nomin.

Sulaymon tog’ yuksalib turar
bir elatning buyuk yodiday,
hayron bo’lib poyiga bugun
kelguvchilar e’tiqodidan.

Bugun kelar istagan kimsa,
berib ta’ma ilinjiga zeb,
nomin yozar tog’ toshlariga,
palonchilar kelib ketgan deb.

Kuzatarkan orsiz, vijdonsiz
kimsalardan to’ygan kunlarni,
bir hayajon,
titroqda tuydim
yer tagidan kelgan unlarni.

Sulaymon tog’,
muqaddas yodim,
ko’rsam yurak-bag’rimni dog’lar,
betayinlar nomin ko’tarib,
soat sayin o’sar qoyalar.

BAXT SO’ZI

Baxtiyorman degan birgina so’zni
aytish uchun kerak qancha kuch-chidam,
garchi baxt so’zlarning eng yoqimligi,
garchi tursa hamki tilning uchida.

Og’ir botmasmikin
bu so’z kimgadir,
tegib ketmasmikin oh-vohlariga,
qandoq bardosh berib yashayman keyin
baxtsiz kimsalarning nigohlariga.

Avvalo bu so’zni o’zgalar aytsin,
aytsinlar ko’zlari sevinchga to’lib,
elning baxti uchun umrini tikkan
shoirlar aytmasin birinchi bo’lib.

Bu so’zni bir umr aytmay yashadim,
har shodlik kelganda yurdim sekinroq.
G’am so’zin elimdan avvalroq aytdim,
baxt so’zin aytaman,
eldan keyinroq.

YOSH O’ZBEK SHOIRLARIGA

So’zlarni qayraylik,
obdon toblaylik,
idrok-la sovutib tag’in qayraylik,
O’zbekning qorako’z bolalariga
bitta dunyo qolsin hayratlik.

Bitta dunyo qolsin mustahkam,
eshilgan po’latday daryolar qolsin,
Chaqilmas toshlarday bir tog’lar qolsin,
musaffo xayollar,
samolar qolsin.

So’zlarni qayraylik,
do’stlar, jo’ralar,
g’aflat to’shagida yotmay, shoshaylik:
yashamoq, kurashmoq, o’lmoq sirlarin
bolakaylar uchun ochaylik.

Bitta dunyo qolsin mustahkam,
unga posbon bo’lsin o’tkir she’rimiz,
tokim bu daryolar bemalol oqsin,
bolalarga qolsin jannat yerimiz.

So’zlarni qayraylik,
tag’in qayraylik,
tokim keskir bo’lsin bamisli olmos.
O’tkir so’z qolmasa shoirlaridan,
o’tkir so’z qolmasa…
hech narsa qolmas.

07USMON
AZIM

* * *

Bu dunyoga kelmadim, axir,
O’z nomimni yozmoqlik uchun.
Mening nomim shamolda to’zg’ib,
Yomg’irlarda oqmoqlik uchun.

Saratonu qahratonlarda
Bola kabi yashayman o’ynab —
Peshonamga tushmaydi ajin.
Mangulikka qolmoqni o’ylab.

Qilmagayman vaqtga xushomad,
Sovuraman qo’lyozmalarni.
Yomg’ir yuvib ketar beshafqat
Qalbimdagi kul yozmalarni.

Ko’kragimda gullaydi mahzun
Shu beega tuproqqa shafqat.
O’rgataman bo’g’zim, labimni
«Vatan» so’zni aytmoqqa faqat.

Men o’laman — tobutda ruhim
Xavotirdan turadi tikka…
Vatan, senga bu tanho jonim
Ulgurdimi qorishmoqlikka?

ABDULLA QODIRIY

Bo’g’zimga bahaybat qayg’u tiqildi,
Ko’zimga yiqildi qop-qora bulut.
Tizzamdan sirg’alib kitob yiqildi,
Birdan sinfga cho’kdi bir hayron sukut.

Partaga bag’rimni berib yig’ladim,
Sukunatga aytdim: «Jon berdi… Kumush…»
Muallim jilmayib meni tingladi,
Boshimni siladi ham shod, ham xomush.

Derazadan nari, yomg’ir qo’ynida,
Gullarga badanin ko’mardi bahor,
Muallim termulib bahor ro’yiga,
Dedi: «O’zbekiston mangu barqaror!»

Yomg’irday bir sog’inch ko’ksimga to’ldi,
Yurakka tutashdi notanish g’ulu.
Nogoh Vatanimni ko’rganday bo’ldim,
Qodiriyning xuddi o’zi edi u.

To’rt devordan bo’lsa, boqardilar jim,
Sinovchan ko’zlarin ko’zimga qadab,
Hozircha suratda taniganlarim —
Navoiy, Nodira, Gulxaniy, Mashrab…

USMON NOSIRNING SO’NGGI TUSHI

Men, har holda, Toshkentda edim,
Xadrasida, yo O’rdasida.
Es-hushimdan ayrilib turdim
Keng shaharning qoq o’rtasida.

Tongotarga boqdim-da, birdan —
Ko’kragimni qoldim quchoqlab.
Ufq nega qonga belangan,
Kim osmonni ketdi pichoqlab?

SAMARQAND BO’YLAB TUNGI SAYR

Xurshid Davronga

— Samarqand, ildizing qaerda?
Kechangni chiroqlar parchalab tashlagan,
tun bilan nur o’rtasida
uzun arvohlar —
minoralar ketib borar
kelajak sari,
ba’zan
oyga boqib
to’xtab qolishar
(azon sasi urildimi quloqlarga?)
Zinalaringdan
choponiga o’ralgan
so’fi emas,
men o’rlab borayapman
falak
peshtoqiga
va yerga boqib notinch shivirlaman:
— Samarqand, ildizing qaerda?

Mador bo’lgin endi umidlarimga,
mening to’rt ming yillik bog’im!
Bir yaprog’ingman:
yo’qotgim kelmaydi ildizlarimni.
Ana, osmonning qurboni — shahid rasadxona,
ana, tarixning ko’milgan beshigi — Afrosiyob…
Necha asr bo’ldi o’shanga?
— Tuproq, qani, yoril!
Samarqand, ildizing qaerda?

Yulduzlar orasida kelajak yo’li,
Zamon poezdini
qalbim,
hormay tort!
Va bitta vagonga
bobolar ruhini,
qayg’u alamini,
shavkat-shonini,
ushalmagan orzusini ort!

Bu kimlar?
Qaydaman?
Registon, senmi?
Nechun senga kelsam,
ko’ksimni to’ldirar jumlai jahon?
Balki anov moviy gumbaz tagada yotgan,
bobolarim
armonining
shamolidir bu?
Ammo ovozlar chiqar zamin qa’ridan:
— Men, — deydi (Spitamen, senmisan?).
— Men, — deydi (Ulug’bek, senmi?),
— Biz, — deydi guvillab bir lashkar —
kelajakka ergashib kelar
sarbadorlar!
— Samarqand, ildizing…
Savol ortiqcha…
Tegramda men bilan uylanib,
men bilan qiynalib,
ildizga aylanib borar bir kecha.

ALPOMISH XUSUSIDA SHOIR DO’STIMGA MAXFIY XAT

Arpali cho’lida Alpomish uxlar.
Uni uyg’otmayman.

Uyg’onsa, nima ish buyuramiz unga,
Xurshid Davron?

Ukam kabi Eski Jo’vada pista sotadimi?
Akamday paxta teradimi ikki ming tonna?

Nima ish buyuramiz unga,
Xurshid Davron?

Imonni sotmoqlikni o’rganadimi amakimizdan,
Yoki mukofot olmoqlikning yo’llarini?

Ammamizning qilmishin ko’rib,
O’zini osib qo’yadi-ku!

Nima ish buyuramiz unga,
Xurshid Davron?

Biz bilan pivo ichishni udda qilarmikin,
Birovning kitobini ko’chirishni-chi?

Uni uyg’otmasdan…
O’ldirib qo’ysakmikin?

Bizga nima?

Alpomish uchun
Xun olsa,
Otamiz oladi-da…

Ammo, otamiz qanday uyg’onsin,
Alpomish uxlasa…

TURDI FAROG’IY

Saharning salqinini
O’tga otdi saraton.
Sahroning o’rtasida
Shamol qovjirab yondi.
Sabrning gavarasi —
Saksovul — sho’rlik armon —
Kuymagan bir sen qolding,
Yonmagan bir sen qolding.

Barxan poyida otim
Xirillab bermoqda jon,
Yollariga yopishgan
Garmsel shundoq qondir,
Chilparchin bo’lib yotar,
Buxor ustida osmon —
Chilparchin bo’lmoqlikka
Ko’nmagan bir men qoldim.

O’lyapman, saksovul, hey,
Aytsam armonlarim ko’p.
Bu elni, bu tuproqni
Uloq qilib chopishdi.
O’lyapman. Boshim uzra
Kalxatlar uchar to’p-to’p.
Echkemarlar tegramda
Haykal kabi qotishdi,

Ko’ksimda otash qaynar,
Bo’g’zim bormoqda yonib.
Tilu dilning orasi
Olov bilan tutashdi.
O’larimda buyuk so’z
Dilda tug’ildi aniq!
Bir so’z… Bir so’z… Oxiri
«Osmon»gami uyqashdir.

— O’zbekiston!
Moziylar
Qabrlarda to’lg’ondi,
O’ziga bir tikildi
Befahm, ovsar zamon.
Otalarning belida
Kelajaklar uyg’ondi,
Buxoroning ustida
Osmon… Bus-butun osmon.

BITIK TOSHLAR ORZUSI

Qog’ozlarga yozdim… Qog’ozlar yondi.
Bu sirni o’yladim — topdim, nihoyat:
Men Usmon emasman, Alpteginman — men,
Enasoy bag’rida to’lg’ongan g’oya.

Qog’oz yaramaydi mening kunimga,
Qog’ozga ko’chmaydi yonayotgan yurak.
Shalviragan qog’oz kerakmas menga,
Dardimni bitgani menga tosh kerak.

Shamollar quritdi ko’zimdan yoshni,
Yillarning qatidan oxir otdi tong.
Asrlar shafaqday chulg’adi boshni,
Miyamga o’q kabi sanchildi-ku ong.

Menga bir tosh kerak — osmon kabi keng,
G’azab kabi og’ir, g’amday benavo…
Menga bir tosh topib berolmading, sen —
Toshlari tuproqqa aylangan dunyo.

 

«BAXSHIYONA» TURKUMIDAN

Elbek baxshi farzandlarini tegrasiga o’tqazib, «hech qachon eslaringdan chiqarmanglar», deb tayinlab, har zamon-har zamonda shunday qo’shiq aytar ekan:

Daryoday ozod oqqin,
Oydayin erkin boqqin,
Shamollarday ozod kez —
Qoyalarga suyanma.
Yelkangdan bosib olam
Tor kelsa yorug’ olam.
Qoyalarga suyanma,
Elingga suyan, bolam!

Xas kabi qaltirama,
O’tgan yelning qoshida.
Daraxt bo’l, saratonda
Qolganlarning boshida.
Tiriklarga odil bo’l,
Marhumlarni unutma.
Bu yurt seniki, bolam,
Talatma har xil itga.
Ko’r bo’lma, dunyoga boq,
Boshdan adog’igacha.
Odamlarni qo’shiq qil,
Qo’lin qadog’icha.

Qarg’a qoshida qarg’a
Bo’lib sayrama, bolam.
Bulbulsan, bulbullarday
Jon o’rtar, bo’lsin nolang.
Kulging kelmasa kulma,
Uyalma ko’z yoshidan.
Peshonang qattiq bo’lsin
Asqar tog’ning toshidan.

G’amni o’zingga qoldir,
Elingga bergin shonni.
Elingni hech qiynama,
Qiynagin shirin jonni.
Toshdaymas, tog’day bo’lgin,
Qoyangda qush uyg’onsin.
Eling senga qoqilmasing,
Eling senga suyansin.

O’lar bo’lsang, pul deb o’lma —
Nomard bo’lib ketarsan.
O’lar bo’lsang, ishq deb o’lgin —
Jo’mard bo’lib ketarsan,
O’lar bo’lsang, mansab dema. —
Tuban tushib o’larsan,
O’lar bo’lsang, dil deb o’lgin,
Baland uchib o’larsan,
O’lar bo’lsang, qochib o’lma,
Jangda qurbon bo’l, bolam!
Yov poyida jon bermagin,
Mudom osmon bo’l, bolam!

Yashashga ham, o’limga ham,
Yigit uchun sabab ko’p —
Bir yashash bor, bir o’lim bor
Barchasidan, bolam, xo’p:
Umring uzun bo’lsin, ammo
Rost gap chog’idir bu dam —
Eling uchun, bolam, yasha,
Eling uchun o’l, bolam.

* * *

Yuraver. Qolma yo’ldan.
Qolgan qolar. Achinma.
Cho’chima hech narsadan —
O’zbekiston oldinda.

Botir bo’l. Olg’a yugur.
Qo’rqma har xil qotildan.
Axir, tog’dek suyanching —
O’zbekiston ortingda.

08Xurshid
DAVRON

* * *
Quchog’ingga boshimni qo’ydim,
Sen chekkan g’am, hasratda kuydim.
Suydim sening Oqdaryongni men
Hamda Qoradaryongni suydim,
Ey, qalbimning onasi, Vatan!

Sen bobolar bitgan baytdirsan,
Muhabbatim qo’shib ayturman.
O’tmishingga yo’l solib goho,
Kelajaging bilib qayturman.
Ey, qalbimning onasi, Vatan!

Sen o’tgan yo’l – yuragim yo’li,
Iztirob yoshlari cho’kkan yo’l.
Bobolarim jasoratiga
Guvoh – alvon qonga cho’mgan yo’l.
Ey, qalbimning onasi, Vatan!

Bu yo’llardan borurman, qadim
Bitik toshlar chiqar qoshimga,
Ular so’zin ko’chirman jim
Yuragimning bujur toshiga.
Ey, dardimga daromonim, Vatan!

Isming aytib chiqar kurtaklar,
Isming aytib chiqadi quyosh.
Isming aytar jangchi yuraklar
Kurash chog’i tugasa bardosh.
Ey, qalbimning onasi, Vatan!

Bolakaylar qog’ozdan yasab
Oqizgan oq kemachalarday,
So’lim tonglar, ol tonglar yasan
Oqib chiqar kechalaringdan.
Sen umrimning tongisan, Vatan!

Quchog’ingga boshimni qo’ydim,
Sen chekkan dard, hasratda kuydim.
Suydim sening Oqdaryongni men
Hamda Qoradaryongni suydim,
Ey, qalbimning onasi, Vatan!

QODIRIYNI O’QIB

Yillar o’tib borsa-da, hamon
Qo’msab-qo’msab o’qiymiz sizni.
Siz bamisli zangori osmon,
Biz qo’msaymiz osmonimizni.

Olis, chag’ir toshli yo’llardan
Otda yelib o’tamiz birga,
Aylantirib Kumushning oddiy
So’zlarini bokira she’rga.

Yana ortga qaytamiz keyin,
Kelajakka boqamiz maftun.
Nimadandir ichikib, qiyin
O’ylar ichra qolamiz beun.

Keyin yana uy derazasin
Ochgan kabi sof havolarga,
Bo’g’riqqan, dim uy derazasin
Ochgan kabi sho’x navolarga –

Tuyib dilda mas’um unlarni,
Titrab-titrab dil larzasidan,
Biz ochamiz “O’tgan kunlar”ni
Yuragimiz derazasiday.

“DEVONUL LUG’ATIT-TURK” OHANGLARI

1

Ketaman “Devonul lug’atit-turk”ka,
Hasratim, quvonchim olib ketaman.
Moziyni bugunga, zaminni ko’kka,
Qalbimni “Devonul lug’atit-turk”ka
Ulay deb ketaman, bir kun yetaman.

Qoyalarga chiqib qushdek boqaman,
Ko’kshin yaproqlarda nurdek oqaman.
Qora ko’k chodirin so’z bilan tilib,
Mangraygan chaqmoqni olaman yulib,
Ko’ksimga tilmochdek una taqaman.

Qop-qora tun chiqib kelar botordan,
Qip-qizil kun chiqib kelar tug’ordan.
Ularga basma-bas yelib boraman,
Boychechaklar chanqab chiqar qoshimga,
Tomirimni yorib, qonim beraman.

Arko’zlardan hatlab, soylarni ichib,
Yatika shu’lasin bolamdek quchib,
O’tloqlar qo’ynini ohudek kechib
Yetaman – eshikni asta chertaman,
Koshg’ariy chiqadi eshikni ochib.

U aytmas: — Shayton, — deb, u aytar: — Bayot.
U aytmas: — O’lim, — deb, u aytar: — Hayot.
U aytmas: — Kecham, — deb, u aytar: — Ertam.
U aytmas: — Bugunim. Aytar: — Budunim.
— Xayr! – demas. – Salom, — der, — salom, nabiram!

II

“Devonul lug’atit-turk”da quyosh sochar nur,
Ko’kshin yaproqlarda yangraydi bahor.
Tumanlar siljiydi misli oq uyur,
Barchin bulutlaru-o’tloqlar bedor.

“Devonul lug’atit-turk”da sayrar sandovuch,
Totlig’ qo’shiqlarin aytar sunduloch.
Qarg’iloch aylanur, qimiz to’la mesh
Shivirlar: — Sog’inchni so’qmoqlarga soch!

“Devonul lug’atit-turk”da oqarar tunlar,
Yabkinlar qo’ynida yelar qulunlar.
Yam-yashil o’tlarni qo’mitib shamol,
Yomg’ir taqib ketgan durlarni yular.

“Devonul lug’atit-turk”da ochun yorug’dir,
Yo’llar xo’b uzundir, yulduzlar yirik.
Yetmoqlik – gumondir, ketmaklik – zarur,
Yuraklar – dolg’ali, orzular tirik.

TO’MARISNING KO’ZLARI

Bir kuni qop-qora, sovuq so’qmoqda
O’ngimda bo’larsan birdan namoyon –
Ota-onasini yarim kechasi
Bo’g’ib o’ldirarkan yog’iylar pinhon,
Shovqindan uyg’onib ketgan bolaning
Ko’zlari misoli chaqnab qahrdan…

AFROSIYOB XOTIRASI

Ovoz yo’q. Osmon bor. Jangchi o’tlar bor.
Shamol bor – yig’layverib bu daralarda
Ovozini yo’qotib qo’ygan shamol bor.

Oy porlar – qabristonga yarashadi oy,
Havo – kuzgi olma – tirsillab turar,
Havo bag’rim kabi qayg’uga to’la.

Faqat sen qolgansan ko’ksimda, sevgi,
Faqat sen qolgansan ko’zimda, sevgi,
Bu ulug’ shahardan xotira bo’lib.

…O’tlar o’rmalaydi bahordan qishga.
Yiqildim — ustimdan o’rmalar o’tlar,
Ustimdan asrlar, moziylar o’tar…

MEROS

Ular menga bir umr
Unitishga urinib,
Ammo, unitolmagan
So’zlarni qoldirdilar…

* * *

Jang tugadi. Otlar kishnamas.
O’qlar uchmas. Nayzalar uchmas.
Tig’lar singan. O’qdonlar bo’m-bo’sh.
Eshitilmas biror bir nafas.

Nafas tingan. Qolgandir shafqat.
Vido qolgan. Tingandir yurak.
Bilmay qayga qo’nmoqni faqat
Janggoh uzra uchar kapalak.

Mardu nomard murdasi to’la
Bu muqaddas, qon shimgan dala
Aro — xanjar ko’ksida — yotar
Vatan uchun jon bergan bola.

Qoni qotib yerga yopishgan,
Uni yerdan bo’lmaydi uzib.
Uning ochiq qolgan ko’zida
Oq bulutlar o’tadi suzib.

* * *

Terimchi qizlar
Shoxlardagi qushlarday yengil,
Qomatlari xayol,
Quyosh isi anqib turar chehralaridan.
Ular
To’lib ketgan armonlar kabi,
Egatlarga egilgan.
Orzulari mezonlar kabi
Oppoq bo’lib uchib yurguvchi
Oydin shamollarga osilgan.

Huv… Bo’g’ilib sayragan
qushdan ham uzoq,
Qishlog’imning cheksiz dalalarida,
Oppoq shiyponlarda ko’ksini titroq,
Iliq, moviy shamollar o’pib,
Uxlab yotar terimchi qizlar
Tushlarini quyoshga ko’mib…

SPITAMEN QO’SHIG’I

Qo’limda bir qilich erdi,
Ul qilich qonimga zor erdi.
Ayro bo’ldim ul qilichimdan,
Na bo’lg’aydur ahvolim endi?

Qo’limda bir qilich bor erdi,
Tig’ida yov qoni xor erdi.
Ayro bo’ldim ul qilichimdan,
Na bo’lg’aydur ahvolim endi?

Qo’limda bir qilich bor erdi
Uni menga bergan yor erdi.
Ayro bo’ldim ul qilichimdan,
Na bo’lg’aydur ahvolim endi?

Yot qilich qonimga zor endi,
Yot qilichda qonim xor endi,
Ul xo’b qiz o’zgaga yor endi,
Qo’limda bir qilich bor erdi.

ERIB KETAR XIRA TUMANLAR…

Erib ketar xira tumanlar,
kapalakdek uyg’onar yalpiz.
Osmon daryo bo’lib tuyular,
o’tlar uzra chopqillaydi ko’z.

Qayrag’ochning guli – mitti jom –
jaranglaydi – taralar atir.
Va tushlarga kirar bu oqshom
maysalarni quchoqlab adir.

Shamol yelar erkin, quturib,
quriy boshlar tomlar to’sini.
Gullayotgan olchani ko’rib
derazalar ochar ko’ksini.

Yoritgancha to yurak ichin
sabza o’tlar shabnamga qonar.
Vatanini sog’inmoq uchun
yer ostida jangchi uyg’onar.

KERAK BO’LSA…

Kerak bo’lsa qilich uchida
yasha, yig’la va kulgin to’lib!
Sariq rangli gullar ichida
ochil keyin qizil gul bo’lib!

Dilingdagi so’zni ayt faqat,
sevsang, baxtli etgin ayolni.
Unga sen zar, tillani emas,
in’om etgin oyni, shamolni.

O’chingni ol yovdan, zulmatdan,
sotqinlardan, eng oxir maydan,
son-sanoqsiz teraklar aro
eng baquvvat chinorga aylan.

Atrof yolg’on bilan to’lganda,
ichga yutib titroq nolani
kattalar gung bo’lib qolganda,
Qutla chin so’z aytgan bolani.

BOBON BOTIRNING O’LIMI OLDIDAN AYTGANLARI. 1869 YIL.

Demak, hali kun kun emas,
Quyosh esa quyoshmas,
Ko’zlarimiz qurib bitdi,
Ko’zdan oqqan ko’zyoshmas.

Demak, hali xalq ham xalqmas,
Erk uchun shaylanmasa,
Demak hali sut ham haqmas,
Gar qonga aylanmasa.

Demak, hali osmon uzoq,
Zamin qattiq, suv – olov.
Demak hali qonimizga
Bo’yalmagan oq yalov.

Demak, hali musavvir ko’r,
Olim soqov, shoir kar,
Bobo qo’rqoq, ota sotqin,
Ona zolim, aka g’ar.

Demak, hali so’z – fohisha,
Imon yo’qdir, dil vayron.
Ko’z – yog’dusi o’chgan shisha,
Aldoqlardan el hayron.

Demak, hali to’lqinlari
Guvlab yotgan soylarmas,
Qurib bitar bu o’lkada
Har bir giyoh, har bir xas.

Demak, hali tug’ilmagan
Bolalar o’ldirilar,
Qurib qolgan suvsiz dengiz
Murdaga to’ldirilar.

Demak, suvi zaharlanar,
Havolari ichilar.
Onalari tahqirlanar,
Erkaklari bichilar.

Demak, hali bobolarning
Kitoblari xor bo’lgay,
O’layotgan har bir o’zbek
Bir-biriga zor bo’lgay.

Demak, hali o’z yurtida
Azoblarga to’lar xalq,
Har zarrasi oltin bo’lgan
Yurtda gado bo’lar xalq.

Demak, hali paxta ketgan
O’lkalarni so’roqlab,
Yolvoramiz: — Paxta bering,
To’qish uchun bayroqlar!

Demak, hali kelajakdan
O’ldirilgan bolalar
Bizni izlab kelajaklar
Va yer qonga bo’yalar.

Demak, hali…
Demak, hali…
Demak, hali kech emas,
Qonimizni to’ksak, yashnar
Quriyotgan har bir xas.

Demak, hali janglar bordir,
Xudo shohid, so’zim haq:
Dengiz, bog’lar ko’tarilmas,
Ko’tarilmas ekan xalq.

Demak, hali har tomchi qon
Yer ko’ksiga taft bo’lgay,
Tirik qolgan go’dak mushti
Elga qalqon-kaft bo’lgay.

Demak, hali…
Hali erta –
Zulm yo’lin to’saylik,
Tog’lar bo’lib yuksalaylik,
Bog’lar bo’lib o’saylik.

Demak, hali ko’chalarga
Chiqaylik kech bo’lmasdan,
Ona yurtni saqlab bo’lmas
Janggohlarda o’lmasdan.

O’RXUN – ENASOY TOSHLARI

O’tlar o’qiyverib necha sarg’argan,
Savodsiz yomg’irlar,
Soqov bo’ronlar
Harflarin manguga o’chirmoq bo’lgan –
Har gal qutqargandir quyoshli tonglar.

Ular bizni topib kelgunicha to
Ko’rgan necha to’fon,
Bosqinu xatar –
Yozilmasdan qolgan necha yuz xudo,
Necha botir nomin unutgan xatlar.

Toshlar esa qattol, ko’r asrlarning
Qonli yo’llaridan kelaverganlar,
Marmardan tiklangan cho’ng qasrlarni
Yemirgan shamollar yelaverganlar.

Endi bu toshlarga o’yiq savollar
Bizni o’rtayotir – sovir dil qoni:
“Elim budun erdi,
Elim endi qani?
Botirli budun erdi,
Botirlari qani?..”

MOZIY QUSHLARI

20-30-yillar shoirlari xotirasiga

Moziyning qushlari
Uchib kelarlar,
Olisdan kelarlar,
Toliqib chanqoq.
Meni-da ko’rarlar,
Xandon kularlar.
Chaqmoqqa qo’narlar –
So’nadi chaqmoq.

Moziyning qushlari
Aylanar giryon,
Qo’nmoqqa bexatar
Maskanni kutib.
Men esa kutarman
Bosh egib hayron,
Qo’limni tig’lardan
Balandroq tutib.

1987

* * *

Bilmadim, ko’nglimni yupatgay kimlar…
Cho’lpon

Bilmadim, ko’nglimni yupatgay kimlar,
Do’stlarmi, hislarmi yo munglig’ qizlar,
Yoki saratonda kelguvchi kuzlar
Va yoki qalbimning do’sti – yulduzlar?

YO o’zi ovunchga tashna ayollar,
YO ular ko’ksida o’lgan hayollar,
Yoki paxta terib jon bergan chollar,
YO o’zi-o’ziga o’t qo’ygan qizlar?

YO etagi qorga to’lgan bolami,
Bo’g’ib o’ldirilgan saxiy dalami
Va yoki bolalar ko’ksidan chiqib
Bo’g’zimga tosh kabi tiqilgan hislar?

Bilmadim, ko’nglimni yupatgay kimlar
Va dildan arigay bu achchiq kinlar,
Dildan yuvulg’usi bu iflos kirlar
Tag’in duch kelgaymi yo so’qir ko’zlar?

Ochilgan daftarga dardlarim sochsam,
Har bir so’z tutgan may – zaharni ichsam,
Do’st topmay, dushmanga ko’nglimni ochsam,
Meni yupataymi muqaddas so’zlar?

Har kecha qo’limga olgan qalam,
Uyg’ona boshlaydi dilimda alam,
Yupata olmagay shunday payt bolam,
Yupatar yaramga sepilgan tuzlar!

Bobolar taxtini sotdi bobolar,
Yurakni ko’r qildi o’zga imlolar,
Bizni omon saqlab keldi navolar –
Bobolar yuragi kuylatgan sozlar!

Yuraklar uchsa-yu, qafaslar sinsa,
Yurakning qonlari zaminga singsa,
Yo’ldan adashtirgan mayoqlar so’nsa,
Balki yupatg’usi erkin yulduzlar?

Vatan, deb shaylanib chiqsa o’g’illar,
Jaholat devorin yiqsa o’g’illar,
Karaxtlik saroyin yoqsa o’g’illar,
Balki yupatg’usi ochilgan yuzlar?

Bu dunyo qarodir, u dunyo yolg’on,
Vatan, deb jo’shmasa tomirlarda qon,
Hurriyat quyoshi qolmagay omon
Dilni yoritmasa o’ch to’la hislar!

KUZNI O’YLA

Yozni o’yla…
Maris Chaklays

Kuzni o’yla
Qor ketishi bilan kuzni o’yla
Kuzni o’yla
G’ildiragi loyga botib qolgan aravani
Tortolmayotgan otni ayamay qamchilab
Kuzni o’yla
Beshafqat kuzni o’yla
Usti ochilib qolgan bolalaringni
Ko’rpa bilan o’rab qo’ya turib
Kuzni o’yla…

Kuzni o’yla tashnalikdan
Bahor yomg’irlarini ichib, lablaring
yorilib ketganda
Saraton oftobi tig’ida
Mehnat qoraytirgan bolalarning
Ko’zlariga qarolmasdan kuzni o’yla
Kuz kelishi bilan ko’karib ketgunicha
Yo’talayotgan qo’shni kampirga
yordam berolmasdan
Kuzni o’yla

Ikki tol ovutolmayotgan
Belanchakdagi bolaning bo’g’ilib yig’lashi,
Kun issig’ida ko’ksida suti qurib qolgan ayolning
Iztirobi aro kuzni o’yla
Kuzni o’yla…
Kuzni o’yla…

ALPOMISHNING QAYTISHI

Bepoyon dalada bir botir uxlar,
Sochlari chatishib ketgan giyohga.
Qay sado botirni yana qaytarar
Bu ko’hna, bu soqov, bu kar dunyoga?

Mo’ysafid tabiblar girdida halak,
Duogo’y kampirlar uni qurshamish.
Faqat uyqu aro tepinar yurak,
Biroq ko’zlarini ochmas Alpomish.

Burgutlar cho’qilab uzra go’shtidan,
Bulbullar in qurar kipriklariga.
Uchqur asrlarning tezkor shashtidan
Chang qo’nar qirday keng ko’kraklariga.

Chollar qayg’uradi: “Kim uyg’otar, kim?”
Kampirlar yig’laydi: “Uyg’onmas mangu!”
Shamollar guvillab o’tar betinim.
Boshida bulutlar qotgan beuyqu.

Xira ko’zlarini uzmay ufqdan
Donishmand cholgina yo’lga termilar
Va aylar bashorat: “Uni uyqudan
Uyg’ota oladi faqat bolalar”.

O’G’LIM TEMURGA

O’g’lim, bu yer –
Bizning yerimiz.
O’zimizning yerimiz.
Qo’rqmasdan qadam tashla.
Yer juda qattiq –
Bobolarning qoni qotirgan uni,
Momolarning ko’zyoshi qotirgan.
O’g’lim, bu yer –
O’zimizniki,
Hadiksirama, ishongin otangga,
Hadeb qarayverma orqangga.
Yiqilsang, ko’tarar
Seni bu tuproq.
Yiqilsang, turmoqni o’rganasan,
Turmoqni o’rgan, o’g’lim.
Yiqilsang, emaklama,
Emaklaganim yetar, o’g’lim,
Qad tiklashni o’rgan,
Shuning uchun bizga berilgan
Bu yer – bu Vatan.

091

(Tashriflar: umumiy 13 312, bugungi 5)

2 izoh

  1. Мақолани ўқидим. Ватан мавзусидаги тадриж яхши очиб берилган. Айниқса, шеърларнинг берилгани — кўнгилдагидай. Бир мавзуга оид турли талқинларни бирдан ўқиш ўз-ўзидан мушоҳадага ундайди.
    Менимча, шеърларни ўқиган ҳар бир шеър ихлосманди шоирларимизнинг Ватанни тушуниши, англашидаги умумий (мозий, шахс, тақдир чизгилари) ва хусусий (қалб чизгилари, бадиий тафаккур) жиҳатларини яхши илғайди.

Izoh qoldiring