Jontemir. Yangi she’rlar

08

   Янги руҳий ағдармаларимни юборяпман, Хуршид ака. Балки уларни бутун шеър деб бўлмас, қандайдир қолипларни ҳатлаб ўтган ҳам чиқарман, бироқ, шоир ички жазбасининг ҳосиласидан (агар ёзганлари қай маънодадир ўзини оқласа албатта!) тонмаслиги керак назаримда.

Охирги пайтларда ўзимни инсоннинг тугаши ва иблиснинг бошланиши оралиғидаги аллақандай мавжудотдек сезиб яшаяпман. Бу ўткинчи ҳолатдир, яна билмадим. Билмадим… айнан ўша билмаганимни англамак учун ёзаётгандекман. Балки бутунлай терс йўлдадирман: муршид керакдир авбош руҳимга?! Фақат бир нарса аён – ҳақиқатим шеър бор ҳар қалай, шеър! (Жонтемирнинг мактубидан)

ЖОНТЕМИР
ЯНГИ ШЕЪРЛАР
08

Жонтемир (Тоштемиров) 1994 йилнинг  18 сентябрида Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз туманида туғилган. 2013 йил Қарши давлат университети қошидаги 2-академик лицейни тамомлаган. Айни пайтда Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети биринчи босқич талабаси.

08

ОШИҚОНА

1.
Кундуз тушда кўрганим,03
Ухлаб ҳушда кўрганим.
Кипригимга ин қурган,
Қақнусқушда кўрганим.
Азобимга сочди сил,
Баҳорнинг хўрсиниғи.
Пойингда ётар чил-чил,
Жасадимнинг синиғи.
Теришга қўлинг етмас,
Ачишади ой – жонинг.
Руҳимга пулинг етмас,
Бўм-бўшми қалб – ҳамёнинг?!
Ўксиб-ўксиб куйласам,
Бўзим гуллаб кетади.
Кўзларингни ўйласам,
Кўзим гуллаб кетади.
Ҳисортоғнинг пойида,
Пастаккина кулбам бор.
Олтин ясаб лойидан,
Бувим яшайди, дилдор.
Умри ўтар йўл қараб,
Симёғочдан ёлғиз у.
Мен Тошканда тентираб,
Айтиб юрибман турку.
Кундуз тушда кўрганим,
Ухлаб ҳушда кўрганим.
Кипригимга ин қурган,
Қақнусқушда кўрганим.
Елкасидаги юкнинг,
Оғирлигин сезмаган
Туяман.
Ишқ – зулукнинг
Тумшуғини эзмаган.
На сенга етиб бўлар,
На кечиб кетиб бўлар.
Азал Мажнун халқининг,
Юраги етим бўлар.
Мижжангдан томган зардоб,
Руҳимни шилта қилди.
Висолингдаги нарвон
Чиқмасимдан йиқилди.
Ой ҳам ботди тўлишмай,
Нега?
Карахтман. Дун – ғов.
Ишқ майини бўлишмай,
Ўзим ичиб қўйдимов.
Ўксиб-ўксиб куйласам,
Бўзим гуллаб кетади.
Кўзларингни ўйласам,
Кўзим кўллаб кетади.
Деёлмайман хайр, ҳу,
Сўқир қора байирман.
Мени ундан айир-у,
Уни мендан айирма…

2.
…Кетар бўлса бир кун ташлаб,
Сўнгунича ваҳший ўт.
Ёлғизлатиб қўйма, Машраб,
Занжиримни маҳкам тут.

Жунун – ёвдир.
Жунун – шоқол,
Қонимни ит ҳис сўрган.
Шаҳрисабз, болангни ол!
Қозиқлаб кел Ҳисорга.

Соқолимга тиғ урманглар,
Сочим тўссин юзимни.
Хабар олманг, қайғурманглар,
Тингламанг ҳам сўзимни.

Харсангларни чайнаб ётай,
Ёғмур ивитсин таним.
Қашқирларга ғазаб сотай,
Хилват бўлсин ватаним.

Фарқим қолмай телба чолдан,
Ажални-да қувгум, бас.
Дунё кўрсин, қай аҳволда,
Ҳу-в кечаги ишқпараст.

3.
Кел, эй Саъдий кел Хайём,
Тортинма ошиқ Увайс
Марҳабо гулгун айём
Муғбачалик қилар Қайс

Чайиб ол юзинг мозий
Руҳлар тушмиш фазодан
Мусиқада Шерозий
Рақсида Шаҳризода

Муллолар ўқинг хатм
Ишққа тўла идишлар
Еру кўкни титратиб
Само тушинг дарвешлар

Биз ҳозир Табриздамиз
Ва ёки Кашмирдамиз
Ахир Қиёмат қўпган
Не фарқ тошу қирдамиз

Ана йўлбарсни қучиб
Ухлаяпти чақалоқ
Тимсоҳлар сакраб учиб
Отаяпти шаталоқ

Балиқнинг оғзида чой
Ҳўплаётган Юнусми
Жаброил келтирган той
Нима эдия исми

Жин урсин хотирамга
Яна туйғу солди чанг
Мўраламанг ҳарамга
Жодугар бор юсуфранг

Мени далли қилган шул
Руҳимни қўйган ичиб
Унга сайланганман қул
Икки оламдан кечиб

Энди кўринг ҳолимни
Аросатда задаман
Чангаллаб соқолимни
Сизга май узатаман

Кел, эй Саъдий кел, Хайём,
Тортинма ошиқ Увайс
Марҳабо гулгун айём
Муғбачалик қилар Қайс

Чайиб ол юзинг мозий
Руҳлар тушмиш фазодан
Мусиқада Шерозий
Рақсида Шаҳризода

1.04.2018

***

ғафлатимни чўқиб чумчуқлар
осмон кийиб олди руҳимни

тунни қуйиб стаканимга
лабларимни куйдириб
ичдим

деразани очганим заҳот
сачраб кетди намчил ҳавога
бурқсиб ётган айрилиқ ҳиди

бу ҳолатдан кеча сиз ўтган
кўп қувонманг
бахтли бугунга
фақат сизмас
кечасиз ўтган

ассалому алайкум қуёш

12.05.2018

***

Бунёд бўлган ишқнинг белидан,
Кўзларига бегона хатар.
Ҳу-в жайдари Қашқа элидан,
Ошиқ келди сендан беш баттар.

Уйғон, Увайс,
Тош қуббани буз,
Одам тафтин оларда Одам.
Ибтидоси,
Интиҳоси – сўз,
Машраблар қолдими дунёда?!

Титраб кетди томирим ногоҳ,
Тўзон қоқди заминнинг чангин.
Юрагимга исмингдек, Аллоҳ,
Сизиб кирди осмоннинг ранги.

Иблисларнинг нигоҳи юмуқ.
Ич-ичимда қайнаб эҳтирос.
Жасадимни ечиб қўйдиму,
Руҳим билан самоъ тушдим, рост.

2
Булутлардан ёпиниб рўймол,
Бир парий қиз ўқирди Ёсин.
Қани, Увайс, тарозига сол,
У маҳбубми қалбимга ё сен?

Гапирмайди, ахир, мурдалар,
Буроқ олиб учди тушимни.
Девонаман:
Бурда-бурдалаб,
Балиқкўлга сочдим ҳушимни.

Муслимману жунуним порсо,
Паризодим, кўнглимни эт афв.
Олти ёққа чопар юборсам,
Товуш қилди еттинчи тараф:

«У Увайсдир, савдойи Расул,
Сен бор-йўғи юрткезар, дайди.
-Тутган йўлим сўлмиди?
-Ҳа, сўл!
Дунё –сароб,
Сароб алдайди…»

Гангиб қолдим Ҳақ фармонидан,
Уятидан қизариб кўпроқ
Нари кетай десам ёнидан,
Тиззамгача ютганди тупроқ.

Ҳамон юзин тўсганча рўймол,
Лайлизода ўқирди Ёсин.
Қани, Раҳмон, тарозига сол,
У маҳбубми қалбимга ё Сен?!

3
Оҳанг тинди. Қўзғалди малак,
Хилхонадан сачраб чиқди нур.
Жамолини кўрдим, ё фалак!
Сўнг йиғладим чайқалиб ўр-ўр.

Уйғонсангчи, эй ишқи шаффоф,
Сур чалайми ё арғанун, най.
Ёрдан жудо бўлганда ҳам, оҳ,
Ётиш мумкин наҳот индамай?!

Ёйилмасдан ютилган нафас,
Менга ташлаб тош мақбарани.
Муслиманинг қабатидан маст,
Йўлга тушди Увай Қараний…

Энди ҳолинг не кечар, Машраб?
Туз сепдим-ку очиқ ярангга…
Мен-да кетай Қашқарга қараб,
Ошиқларни кечир, Наманган.

Маъшуқларни кечир, Наманган.

24.03.2018, Наманган.

***

Бекатларга ойдин туш экиб,
Кўчаларда тўкилди умрим.
Сездирмайман дейман-у лекин,
Қоқ белидан букилди умрим.

Ватан дедим кўринган капак,
Дуо қилган аёлни – она.
Шеър ўқисам, чалишиб чапак…
Захарлади қоним майхона.

Юзим безаб турган – соқолмас,
Баҳор алдаб кетган ҳашак, ўт.
(Шоирларни дунё боқолмас,
Куйдиролмас дўзахдаги ўт!).

Унутилди Тарлоним, қишлоқ,
Хотирамнинг зиндони чуқур.
Саргардонлик хўп берди ишлов,
Лек, кетмади телбалик юқи.

Ўзлаштирдим ёғмур тилини,
Қушлар билан бўлдим ҳамсуҳбат.
Сулаймондек ортиб билимим,
Ҳайқирвордим қай куни: Нуҳман!

Ва кибрга берилдим гаттак,
«Қудуқ ютиб юборган тошман.
Ҳали бери топишмас, аттанг…”
Тамакидан ол қани,
Ошна:

Аслида-ку супрам қуп-қуруқ,
На макон бор, на вафоли ёр.
Сўздан бўлак ҳеч вақойим йўқ –
Азроилнинг дори-чи – тайёр!

Ҳақиқатим – шеър бор, ҳар қалай,
Шаффоф тонглар оттирдим минглаб.
…пастлаб кетдим шундоғам талай,
Жасадимни тоққа кўминглар.

Бекатларга ойдин туш экиб,
Кўчаларда тўкилди умрим…

10.05.2018

ДАРВЕШ ҚЎШИҒИ

Товоним майсани эркалаб,
Туфроқнинг тегади ғашига.
Ёғмирли булутни елкалаб,
Кетяпман Карбало даштига.

Ла-ла-лай — ҳо-о лалалай!

Ошиқман ой билан ўпишиб,
Гуноҳин совурган шамолга.
Пулсирот устида топишиб,
Ғилмонга чорлаган аёлга.

Ла-ла-лай — ҳо-о лалалай!

Қонимни томчилаб сўр, зулук,
Шабнамга тўлдирай ичимни.
Дарвешга дунёси – бир пуллук,
Ўйлайман эртанги бичимни.

Қачондир иймонга панд берар,
Ҳирс – Темурнинг калта оёғи.
Қабргача аён бор сирлар,
Нима бўлар ундан нар ёғи?!

Ла-ла-лай — ҳо-о лалалай!

2.
Чанқаб келдим, масиҳ булоқ,
Заҳар тутсанг,
Ичсам – болдир.
Ўнгда гуноҳ,
Сўлда гуноҳ,
Сендан кечиб, Сенда қолдим.

Сулув-сулув жинзодалар,
Ётоғига тортар ҳадеб.
Чинқираман: вой, ложарам,
Менга очлик қўналға деб.

Қовжиратди руҳимни нафс,
Майхоналар қувиб солди.
Тушовлади тилимни қавс (),
Сендан кечиб, Сенда қолдим.

Пайғамбарга эмасман хеш,
Тағин қисир қовурғамиз.
Биздан кўра Айюблар пеш,
Сочдан тирноқ довур ғаммиз.

Илтижойим олма малол,
Қуриб бергин биллур капа(к).
Яшаб ўтсин унда ҳалол,
Қарға умрини капалак.

3.
Қачон исминг айтсам жонон,
Тамуғдонда ёнар бўғзим.
Бирам тотлиғ, такрорласам,
Шов-шовиллаб қонар бўғзим.

Бу не ишқки, бу не лаззат?
Азобидан томар мазза.
Шивирласам тушимда гоҳ,
Эзғиланган анор бўғзим.

Йўқотаман ўзни буткул,
Чорла, само,
Тубо, ютгул.
Ўтга тушган илондай маст,
Ҳар ёна тўлғонар бўғзим.

Майли тугаб битай охир,
Ўзинг фано,
Ўзинг моҳир.
Калимадан ўткур эса,
Шу тақлид уйғонар бўғзим.

4.
Қуддусий тош каби муаллақ
Кипригимни сарғайтган томчи.
Дунё – дажжол ўраган салла –
Алдамчи.

Тома-тома ой ҳам тугади,
Ичиб қўйди ташналаб замим.
Занжи осмон ваҳм тўкади
…ва мен.

Қутуради жунунваш ҳислар,
Кўзойнагин излар фаросат.
Кўкка қараб ўсар илдизлар –
Аросат.

Яқинлашиб келади Я кун,
Исрофилни уйғотади Сас.
Бўшлиқ жаранглар «Кун фая кун» —
Бас!

5.
Қаердамиз?
Йўқ ўхшаши,
(Қилинмаган талон-тарож).
Кетаяпмиз қўл ушлашиб,
Иккимиз-да қип яланғоч.

Кўрай десанг бахтинг баҳам,
Топилмайди ожиз, очлар.
Аллоҳ-Аллоҳ, қанотсиз ҳам,
Учарканда қалдирғочлар.

Шаффоф танлар борар саф-саф,
Гул йиғлар соч тарамига.
Қадам қўяр нор йигит, ҳаҳ,
Бокиралар ҳарамига.

Осмон эмас, пардай бўшлиқ,
Тасаввурга сиғмас чирой.
Томирини кесди мушфиқ…
Тентаксираб қолди биров.

Мен йиқилдим масту аласт,
Оёғингга,
Боқма, майли.
Гуноҳларсиз олгин нафас,
Энди сира айрилмайлик.
Энди сира айрилмайлик.

Сендан кечиб, Сенда қолдим.

8.04.2018

***

Тун қуйилиб етди тобига,
Шовқинсевар кўчалар-да жим.
Самовотнинг шаб гулобига,
Сут сачратиб, юлдуз чизган ким?!

Ким, сой бўйлаб кетаяпкан зоғ?
Нега сизга қилмас у тақлид?
Балки ҳаддан ортиқ кўнгли чоғ,
Ё қайғунинг қаримсиқ шакли.

Чигирткалар, чўчитманг, йўқ, йўқ,
Дайди итлар, пусиброқ ўтинг.
Қушлар, ожиз бўғзидаги чўғ
Сўнгунича тонгни унутинг.

Шамолга дўқ урмай тургин, тол,
…ўтмиш килкир юрак қаъридан.
Ана, сувга эгилди беҳол,
Недир томди киприкларидан.

Ҳалал берманг, шу гал, илтимос,
Етим қалбнинг аччиқ унидир.
Яшолмаган ерликларга хос,
Бир шоирнинг сўнгги тунидир…

Сиз оромга муҳтож бўлгандай,
Жуда зарур унга сукунат.

12.06.2018

НАЙ

Қуршаб олди ширакайф оғуш,
Бангилатди руҳимни лаззат.
Оҳанг онгга туширганда мушт,
Ағанадим тупроққа (мазза).

Кулгучимда эриди ғулув,
Зулмат кийди кўзим оқини.
Тушлар учар: сулувдан-сулув,
Тўлдирганча осмон тоқини.

Боларилар лабимга қўниб,
Таппа-таппа йиқилар сархуш.
Майсазорга тўшалган тўним,
Мато эмас, адрасий пармуш.

Бармоқларим яшил чирмовуқ,
Киндигимдан сизиб чиқар май.
Икки қошим – икки қирғовул,
Қарсак урсам, учмоқликка шай.

2.
Лайликуйнинг чолғувчиси Ким?
Олиб қўйинг найни дастидан.
Жазабада: кечгандек ичим,
Етмиш икки парий васлидан.

Фақат мени жодуларми ё?
Битмагандим ишққа қасида.
…Ясалганга ўхшайди гўё,
Айюбнинг кўр қовурғасидан.

Замин майли, ҳатто коинот,
Айланяпти бошда визиллаб.
Пичоқ тортсам бўғзимга бот-бот,
Оғринмам, қон отмас тизиллаб.

Бу қандай куй?
Бу қандай оҳанг?
Нимта-нимта қилару, сўнгра,
Дарвешлар рақсига ҳамоҳанг,
Жасадимни кийволиб ўйнар.

3.
Ҳамон чорлар най товуши,
Елкамдаги ҳурлар гувоҳ.
Йўлни билмайди ковушим,
Сўқир эгнимдаги кулоҳ.

Висолига васлим мойил,
Масофани синдирсанг-чи.
Қайга юрай, ё Жаброил?
Дулдулингга миндирсанг-чи.

Шивирлашиб олай ҳузур,
Дунёсини ечиб қўйдим.
Санамлардан минг бор узр,
Шаҳватимни бичиб қўйдим

Тентирайман, адашган туш
Кундуз учган шапалакдай.
Ҳожам нега қилмас довуш,
Ер қаърими ё фалакдан!?

Қайнаганинг бекор жунун,
Еб битирар руҳингни нафс.
Чанг чиқарма элда бурун,
Йўқотасан, излама, бас.

Ботинимга синчландимов,
(Асли кўзим… Ўзим манқурт).
Кеч бўлса-да тинчландимов,
Аллақачон сендаман-ку,
Аллақачон Сендаман-ку!

23.04.2018

ЯССАВИЙ

Қўққисдан келиб бесас,
Ишқ пуркадинг ҳушимга.
Измир, Париж, Банорас,
Оёқлади тушимдан.

Ойга лабимни қўйиб,
Эмдим ҳақнинг сутини.
Вулқоннинг ичи куйиб,
Фалаклади тутуни.

Тилимга ким ҳаридор?
Олинг, нафсим жуда оч.
Таним бошланг сари дор,
Руҳим қолсин яланғоч.

Елкамга қўнди қуёш,
Товоним ўпти денгиз.
«Қол, сирингни этгин фош…»,
Қувдим: нари кетингиз!

Гулдираклар урди дўқ:
Лайло керакмасми?
Йўқ!
Жин чалипти ҳойнаҳой,
Мавло керакмасми?
Йўқ!

Сўнг ичкари шўнғидим,
Кўзимни чайди зулмат.
Дунё унутсин ҳидим,
Энди хилватга улман.
Ёлғиз Хилқатга қулман.

2.
Жовдирайман нур излаб,
Олти ёғим қоронғу.
Қуршовида илдизлар,
Руҳим титрар – ёронгул.

Кўнглим алланечук ғаш,
Босдимми чумолини(?).
Ўпгум қўрқув аралаш,
Маъшуқам рўймолини.

Чайнадим, қон таъми бор,
Туфроқнинг мазасида.
Бўғзим қалқиди ночор,
Ҳаллож жазавасидай.

Қачон ечилгай тугун?!
Қайда маним ватаним?!
Ўлтирибмиз икки гунг:
Яланғоч руҳ ва таним.

3.
Бирдан ёришди хилват,
Очилди яшил туйнук.
Руҳим ўтди сиқилмай,
Жасадимчи, қолди (юк).

Охир етдим ошиқа,
Ечиб дунёни – қабо.
Борми асл ошиқлар?
Ичкарига марҳабо,
Ичкарига марҳабо…

12.04.2018

***

“Бир шаҳар бор жануб томонда…”
Унинг боди боласи эдим.
Эзғиланди кибрим товонда,
Менга пешвоз чиққанда Бедил.

Лайлиланди руҳим дарёси,
Дарз кетдими бўғзимдаги тош?
Нақ елкамга қўнди — парёстиқ —
булутларни черткилаб қуёш.

Пешонаси ғилмонга теккан,
Ҳисортоғнинг (болакайга хос)
Тиззасига (тонг шудринг сепган)
Эркаланиб ўтирволдим, рост.

Сўнг йиғладим осмонга боқиб,
Нечун сен-ла қололмам буткул?!
Шолворимнинг орқасин қоқиб,
Шивирлайман: қайтаман, кутгил.

Йўқ! Шу сафар тугайди бари,
Қазо топсин алағда тушлар.
Йўлим тўсинг тоғ қашқирлари,
Атрофимда айланинг қушлар.

Даргоҳи кенг экан ғўрликнинг,
Илоҳий ишқ изидан кетдим.
Умри битди бобом шўрликнинг,
Ойдан кечиб, фонусга етдим.

Буви!
Дунё шароб, шоирлари маст,
Тонглар отар улкан сўроқдан.
Айира олмади бирор кас,
Мени шеъру сени тупроқдан.

Ялқов шаҳар, енгди ҳолсизлик,
Малҳам топ қалб оғриқларига.
Туз сеполмас ортиқ ёлғизлик,
Товонларинг ёриқларига.

Шаҳрисабз, ҳозироқ амр эт,
Саргардонлик ёқару лекин…
Ўзим билан яшай бетма-бет,
Юрагимга райҳонлар экиб.

Анча енгил тортиб қолдим, уҳ,
Нима бўлса бўлар буёғи.
Энди сен-ла кетолмайман, руҳ,
Илдиз отиб кетди оёғим.

Бир шаҳар бор жануб томонда…

29.04.2018

ҚАЙТИШ

Юлдуз терар номозхон қушлар,
Деразамнинг орти кўройдин.
Осмон, тонгни узоқроқ ушла,
Қўзғаляпти тағин бўрондил.

Хўрозларнинг тумшуғи тешган
Субҳдан сиқиб оламан сиёҳ.
…Қўл силтайди йўлчи дарвешга,
Ҳовлидаги дарахту гиёҳ.

Дарбозадан ташқарилар у,
Лалбларида чўғланган сигор.
Алам томар кипригидан дув,
Ваъдалари бўлмишдир бекор.

Ҳожиланар қорамтир само,
Бувим қара-аб қолар кетимдан.
Мен-ку сағир эмасман, аммо,
Уни буткул қўйдим етимлаб…

1.05.2018

***

1.
Ёлғизлигим қувгани,
Кулбама келди сулув.
Ғурбатимни ювгани,
Киришсанг-чи, мурдашў.

Нутқимни Ёсин безаб,
Зарбофга дўнди жанда.
Кокилин силай десам,
Икки қўлим кишанда.

Ўтар у ён-у бу ён,
Шарпамикин? Билмайсиз.
Яралганимдан буён,
Мастландим илк бор майсиз.

Нечун сиррин этмас фош?!
Қийноқми ишқнинг тарзи?
Сийнасига қўйиб бош,
Сўнг қазо топсанг арзир.

…Қарсак урганди ногоҳ,
Чертган каби шишани.
Қирқилгандай бўйинбоғ,
Парчаланди кишаним.

Унга яқинлашдим ва
Бўғзимга пичоқ тортиб.
Таъсирида жазава,
Қоним айладим тортиқ.

Қониб-қониб ичдию,
Ҳурга айланиб кетди.
Либосини ечдию,
Нурга айланиб кетди.

2.
Тунга булаб шоколадимни,
Ойни сиқиб қаҳвам юзига.
Афсунгардай худди қадимги,
Кириб олдим қашқир тусига.

Сокин шаҳар, бокира ҳаво,
Бекатдаман, қулоқларим дик.
Бунча уйқусевар бу авом?
Хуррак отар, босмайин ҳадик.

Қўш неонлар зулумотга зеб,
Машиналар сийрак ўтарди.
Мени тоққа элтиб ташла деб,
Таксичига панжам кўтардим.

Тентиб қолди кўринишимдан.
Сўзлаяпман, тишларим сўйлоқ.
Думим ёриб чиққан шимимдан,
Тумшуғимни қоплаган мўйлов…

Ҳу-ув қиримнинг ўткир майидай,
Кўпирарди қоним (изғирин).
Сўлқиллаган ўлжа пайида,
Тўрт оёқлаб узо-оқ изғидим.

3.
Саънон ўзим, жонон ўзим,
Дайдилайин, даштим қани?
Диндан чиқиб кетди сўзим,
Аввалгидай шаштим қани?!

Қудратимдан тизза чўкиб,
Таъзим қилар эди Ҳисор.
Шаҳидлади қоним тўкиб,
Масиҳлигинг қайда, Исо?..

Қўлимдадир оби ваҳдат,
Чорлагайман йиғлатиб най.
Ич-у ташим хору ахта,
Кипригимдан томчилар май.

Каъба эди кулбам у чоғ,
Бир келдию – харобазор.
Оғушида тамуғқучоқ,
Роҳатланиб тортдим озор.

Кетди, руҳим қолдириб тул,
Бай-бай, лаззат берар хўрлик.
Ошиқларни ўстирар йўл,
Маъшуқларни эса – ҳурлик.

Қайта кўриш насиб эмас,
Йўқса Мусо бот сўрарди.
Ҳатто соянг тушса бесас,
Тур мисоли ман нурардим.
(Ё васлингга улгурардим?..)

Шаҳидлади қоним тўкиб,
Масиҳлигинг қайда, Исо?!..

5.05.2018

***

Сенга борар йўлларни беркит!
Буз кўприкларни,
Масофани узайт тобора.
Тобора кучайиб борсин азобим,
Совуққонлик билан
Мушукларингга улаш
Ишқий мактубларим элтган
Кабутарларни.
Интиқлик,
Ташналик
Силламни қуритсин,
Эзсин руҳимни.
Силлиқланган пахтачўп мисол,
Саваласин тоқатимни
Бепарволигинг.
Осон ютилажак луқма татимас.
Заҳар аралашган шароб бўл
Шароб.
Истасину татиб кўрмакни
Аммо ичолмасин
Майпараст кўнглим
сени умрбод.

Сенга борар йўлларни беркит…

3.11.2017

***

…Топсангизчи корини,
Тасалли йўқ майданам.
Тушимда рухсорини,
Кўриб қолдим қайданам.

Сайроғида қушларнинг,
Чашмаларнинг юзида.
Лаззатида нўшларнинг,
Чумолининг кўзида.

Шудрингларда аксланар.
Олти ёғимда ҳам у.
Ризвондан кечгум агар,
Ватани бўлса тамуғ.

Шаробми? Хумга дўнай,
Девон? Ўқий ҳижжалаб.
Қамишми? Бир най йўнай,
Тегиб турсин лабга-лаб.

Руҳининг хушдориман,
Қуръондир, муслимман, бас!
Дурустгина қориман,
Ҳатмига етмас нафас.

Қарсак урманг йиғласам,
Икки дунёйим фалаж.
Соясини силасам,
адо бўлар эди ҳаж!

2.
Азоб бўлса висолга тўлов,
Чўнтакларим бўш.
Ҳарқалай ман…
Бир яйрасин ишқпараст олов,
Мен унга ўзимни қалайман.

Сўнгагимнинг чакиллаб ёғи,
Мушкианбар бўйласин ҳаво.
Жунунлансин эсидан оғиб,
Увайсликни унутган авом.

3.
Ёдда қолмас тушлардан
Ўнгарилиб кел, ҳушим.
Ханжар ботмас тўшларда,
Бошпанангни қур, қушим.

Кўзларимни занжирлаб
Олсин озод парвозинг.
мансаби ҳирс хачирлар
Эмас сенинг сарбозинг.

Уч! Ваҳдат майин ичиб,
Тутмасидан манфурлар.
Ҳеч замон туфроқ кечиб
Юрган эмасдир ҳурлар!

Ўзинг-ла ол! Руҳим шай,
Ошиқлик не йўлларсиз?!
Фаровон яшолмагай,
Маликалар қулларсиз…

***

Буви, дунёдан кечиб,
Ваҳдат гулобин ичиб,
Ишқ-ла гуриллаб ичи,
Ўғлинг девона бўлди.
Ўғлинг девона бўлди.

Дарвишлардан олиб дарс,
Ҳурлар билан тушар рақс,
Соғлар кулмиш, уриб қарс,
Ўғлинг девона бўлди.
Ўғлинг девона бўлди.

Ўзи кетди ўзидан,
Арш чайқалар сўзидан,
Қон томчилаб кўзидан,
Ўғлинг девона бўлди.
Ўғлинг девона бўлди.

Тушида кўрмай, кўриб,
Ёнига бормай туриб,
Хаёлидан бол сўриб,
Ўғлинг девона бўлди.
Ўғлинг девона бўлди.

Кимга айтсин додини?
(Билмайди ҳам одини),
Расволаб ҳаётини,
Ўғлинг девона бўлди.
Ўғлинг девона бўлди.

Ортиқ одам эмас у,
На таом ер, ичар сув,
Излаб ўтмак-чун мангу,
Ўғлинг девона бўлди.
Ўғлинг девона бўлди.

Машрабдиру дор қайда?
Ҳоврин босар ёр қайда?
Улдек хору зор қайда?!
Ўғлинг девона бўлди.
Ўғлинг девона бўлди.

Бу не савдо? Каромат?
Ўлук-тирик баробар,
Кўчаларда саросар,
Ўғлинг девона бўлди.
Ўғлинг девона бўлди.

Осмон тору замин зах,
Жаннат қилгайдир мазах,
Кирса, куйгайдир дўзах,
Ўғлинг девона бўлди.
Ўғлинг девона бўлди.

Гоҳо таюрдай учгай,
Мағрибдан машриқ кўчгай,
Ким бунинг сирин ечгай?!
Ўғлинг девона бўлди.
Ўғлинг девона бўлди.

Бир ёнида жинлар саф,
Малоиклар бир тараф,
Олло, ўзинг этгин авф,
Ўғлинг девона бўлди.
Ўғлинг девона бўлди.

Қўйгин, алам ютма ҳеч,
Энди уни кутма ҳеч,
Ва лекин унутма ҳеч,
Ўғлинг девона бўлди.
Ўғлинг девона бўлди.

14.05.2018

ШИДДАТ

Енгиллашиб боряпти руҳим.
Бунча сулув чайқалмаса дор…
Тўлқинлатар висол шукуҳи –
Юзлашгайдир: қул ва Ҳукумдор!

Мен аршликман!..
Тушган булғаниб,
ва кирланган енгиб эҳтиёж.
Қачонлардир дарахт бўлганин,
Унутгайми ахир симёғоч?!

Етар!
Ерлик кимсаларга хос
Яшаганим,
Ўзни этмай фош.
Манқуртлардай боқманг, илтимос,
Тентаксираб улоқтирманг тош.

Кетаяпман. Ҳаммаси тамом,
Жаброилдан сўрамайман от.
Яна мендан пастдасан, само –
Кўкайимдан кўкарди қанот!

8.05.2018

ОШИҚМАН

Ёнар гулхан, ёнар таним,
Дилбаримни олдим таниб,
Энди жаннат ҳар қадамим,
Ошиқмано-о-о…

Ҳусни Юсуфдан кўркамдир,
Севиб Азобга буркандим,
Юрагимда Сен турганда
Нима бўпти Каъбатулло,
Ошиқмано-о-о…

Таомим ишқ, шаробим ишқ,
Интилганим, қарорим ишқ,
Тириклигим, харобим ишқ,
Ошиқмано-о-о…

Алиф дедим, бе дедилар,
Ошиқлигинг не дедилар,
Наҳот Сени кўрмайдилар?!
Райҳонларга қорилди қалб,
Қудуқларга ёрилди қалб,
Ўлик эди, тирилди қалб,
Ошиқмано-о-о…

Ой шуласи арғимчоғим…
Унут бўлди ёр қучоғи,
Девонага дўндим чоғи,
Ошиқмано-о-о…

Ҳаволандим, ҳаволандим,
Бирам ширин наволандим,
Исмин айтиб даволандим,
Ошиқмано-о-о…

Нурдан либос кийган ҳарир,
Хизматимда қирқ минг пари,
Ул дилбарим танҳо ва ле,
Ошиқмано-о-о…

На ўзини кўрмай туриб,
Кокилларин ўрмай туриб,
Яқинига бормай туриб,
Ошиқмано-о-о…

Куйдиргувчи чўғлар чўғмас,
Дарвешлар ҳақ! Соғлар соғмас,
Мен илоҳий йўлдаман, бас,
Ошиқмано-о-о…

Тўрт томоним фисқу фасод,
Бир кун бари бўлгай касод,
Қайдин бу ер, қайдин фазо?
Ошиқмано-о-о…

Дунё десам кирлашаман,
Балиқларла сирлашаман,
Қачон Сен-ла бирлашаман?!
Кўкрагимни ёр Азроил,
(Қилдим нафсимни сазойи)
Унга еткаргай қазойим,
Ошиқмано-о-о…

14.01.2017

ЁТУР

Ташна руҳим май талаб,
Тоқатимни майдалаб,
Алиф қошу майда лаб,
Тиззамда жонон ётур,
Кўйида Саънон ётур.

Завқидин этиб огоҳ,
Сийнаси қалқир ногоҳ,
Лаблари тамшаниб, оҳ,
Тиззамда жонон ётур,
Ошиғи нолон ётур.

Зулфига кўмиб тунни,
Беркитмай бор ҳуснни,
Масиқтириб жунунни,
Тиззамда жонон ётур,
Қошида нодон ётур.

Нафас оларкан енгил,
Титрар жисмиму енгим,
Телба хоҳишни енгиб,
Тиззамда жонон ётур,
Машраби шодон ётур.

Деёлмам хору зорман,
Васлига интизорман,
Нетайки рўзадорман,
Тиззамда жонон ётур,
Содда мусулмон ётур.

24.05.2018

***

манов чинор бобомнинг
азонини эшитган
шохидаги чумчуқлар
учиб тушган беҳиштдан

бувим
фаришта бувим
пойидаги супада
чалқанча тушларини
ўнгаролмай ичикар

мен
шамолнинг зурёди
бу беқадр дунёда
шаталоқ отганча маст
тобора узоқлашиб
боряпман илдизимдан

эҳе ҳе е е
тоғлар акс садо бермас
йиғлаяпти қулунинг
тошлигинг ростми
ҳисор

ер айланар
жуволдиз
юриб
бир гул узволдим
энди излаб кетяпман
уни ҳидлаган ҳурни

бобо
чинор
буви
гул
ёмғирдан дарак йўқку
нега йиртиқ ёқам ҳўл

25.05.2018

***

«Қибладир тўрт томонинг»,
Буюрса-да Ҳукмдор.
Эгнимдаги қабонинг
Бир енгида Ҳалложу,
Бир енгида иблис бор.

Юрарман чайқалиб, маст,
Шабнам ичиб — сабуҳий.
Ерликларга ўхшамас,
На жасадим на руҳим.

Англолмам, қандай фан у?
…Кутоҳ деб қилманг туҳмат.
Сулаймон эмасману,
Паррандалар ҳамсуҳбат.

Ўсгандим тоғларда ҳур
қулунлар-ла эмишиб.
Ва мана: ғала-ғовур,
Ур-йиқитдир емишим.

Париларга чалиб най,
Жинлар билан сургум айш.
Дарвешларга тутгум май,
Киборларга — жилмайиш.

Майхонадан чиқибоқ,
Югураман жомеъга,
Замин бу кичик қишлоқ,
Асл Юртга сомеъман.

Мени Ўзидан бўлак,
Сиғдиролмас ўзига.
Боққан, оқизиб сўлак,
Шу заҳоти кўзикар.

Қўлида кимнинг изми,
Ортимдан!
Фақат шошманг.
Бир санғиб келмаймизми?
Дайди итлар, йўл бошланг.

Кезармиз, чайқалиб, маст,
Ичгандек ўткир қимиз.
Ерликларга ўхшамас,
На жасад на руҳимиз…

24.05.2018

***

Азонланиб қош ёрар, салқин,
Оғочларнинг киприги титрар.
Дарпардадек юраги қалқиб,
Сергакланар одамфеъл итлар.

Кўзларимдай қизарар шафақ,
Гарчи мендек тутунга қулмас…
Тўхтатару сўнгги автони,
Жўнаб кетар уйига зулмат.

Қай оғушда бедорсан, Нисо?!
Ҳаёт – туллак.
Тақдир – хунаса!
Қуш инидан учган пат мисол,
Хаёлимга келиб қўнасан.

Яна сенсиз отилган шаффоф
Тонг жасади қошида мулзам
ўлтирибман, аччиқ йиғлолмай,
Зулуксочли елкангни қўмсаб…

21.05.2018

***

Хона сархуш атринг исидан,
Дуч келгандай авбош тўфонга
Кўксим қизигани қизиган —
Қўл чўзаман магнитофонга.

Қовушиб олади куй ва ҳис,
Шир яланғоч соялар мисол.
Азобингга қўяй деб ташхис,
Пайпасланар лабларим – Исо.

Деворларга сачраган товуш
Синиғида жилваланар тун.
Деразадан киролмай хомуш
ташқарида ой изиллар, (тунд).

Жазбаланган туйғуни ҳўплаб,
Чуқу-ур нафас чиқарганча, уҳҳ.
Бир нуқтага ўзини тўплаб,
Оғушингга шўнғиб кетар руҳ…

15.05.2018

***

Кўч-кўроним отга юкладим,
Тағин сафар – пешонамга зеб.
Юрагимни икки букладим,
Олиб юриш осон бўлсин деб.

Деразадан боқасан хомуш,
Тунга сингиб борар йўловчи.
Англолмадинг телба руҳим — қуш,
Муҳаббатинг уқувсиз овчи.

Шудринг тутган майсалар аро,
Пойчамни ҳўл қилиб бораман.
Шамол урар сочимга тароқ…
Наздингда мен энг бечораман.

Нур оқади тизиллаб ерга,
Илма-тешик осмондан, бесас.
Хотираси аянч тақдирга,
Манзил керак!
Бекатлар эмас.

Етганмикин унга ҳеч сайёҳ?!
Ё бу йўллар барин этган хор.
Ортимда сен қолганинг аён,
Минг афсуски, олдда ҳам сен бор…

24.03.2018

***

Осмон сутландими,
Сукутландими?
Ҳар холда кўзингдан томмасди фириб.
Ҳалуштак қилганча балдоғинг,
Айрилиқ учмасди қийқириб.
Бунча гўзал тақиқланган йўл,
Шошилмай юрамиз токи… Лек,
Кўнгилда қорамтир ва мажҳул,
Қиёмат қўпгандай сокинлик.
Ҳуштак чалиб қўяман гоҳ-гоҳ,
Туйқус қаттиқ отасан ҳанда.
«Иккимизни у ёқда Аллоҳ,
Ёқса керак мовий гулханда».
«Телбаларда гуноҳ бўлмагай,
Кечиришар қилиқларини».
Сездирмасдан тераман гулдай
Кулгуларинг синиқларини…
Шафақ ҳўнграр қовоғин уйиб,
Бекат.
Ловиллайди пайтавам.
Жасадингни кузатиб қўйиб,
Шаффоф руҳинг олиб қайтаман.

Осмон сутландими,
Сукутландими?..

6.04.2018

***

Уҳ тортмагин лоларуҳ,
Осмонни ертар бўзим.
Ўртада масофа йўқ –
Ичкарида ҳам ўзим,
Ташқарида ҳам ўзим.

Машрабларнинг дорини —
Ҳақ чертар ишқ торини.
Фош этмай хушдорини,
Ичкарида ҳам ўзим,
Ташқарида ҳам ўзим.

Қовурғадан ясаб най,
Ҳўплаганча руҳ-ла май,
Самоъ тушётган тинмай,
Ичкарида ҳам ўзим,
Ташқарида ҳам ўзим.

Кўзимга қўниб фазо,
Жасадим топди қазо,
Вале битмади азоб,
Ичкарида ҳам ўзим,
Ташқарида ҳам ўзим.

Лойимни қайта қоргач,
Ичимга олов солгач,
Сенга айланиб олгач,
Ичкарида ҳам ўзим,
Ташқарида ҳам ўзим.

Жунунга тушди созим,
Шираланди овозим,
Шубхаланмагин, Нозим,
Ичкарида ҳам ўзим,
Ташқарида ҳам ўзим.

Сира чекмам надомат,
Ўша қалб, ўша қомат,
Келгунича қиёмат,
Ичкарида ҳам ўзим,
Ташқарида ҳам ўзим.

5.04.2018

***

…Қай тун жунун алаҳлаб,
Хилватинга киритди.
Ишққа тўла қадаҳлар,
Суягимни чиритди.

Ўнгланмадим (бари пир),
Шармандаман, шарманда.
Англолмадим барибир:
Ман сандами,
Сан манда?!

Дўзахни кўрдим татиб,
Кўзим чақар узу-угинг.
Косасида йиғлатиб,
Симиради Фузулий.

Сиғинаман.
Сен бутмас,
Кўзларинг раҳмоннамо.
Девонани ер ютмас,
Нечун чорламас само?

Қулочи кенг соғларнинг,
Бизни унутди Сайдим.
Гавҳарафшон тонгларнинг,
Қучоғида ўлсайдим…

Яратганнинг ўзи лол,
Аросат ғовидаман.
Юрагимни асраб қол,
Кимлар қуршовидаман?

Жинлар қуршовидаман…

2.04.2018

***

Бинафшаранг тунларнинг
Қаймоғини яладим,
Човоғон қулунларни
Юрагимга қамадим,
Йиғлоқи булутларни
Кулгунг билан савадим –
Келмайсанми?!

Хилватимга бош суқиб
Тинчимни бузди қушлар,
Руҳимни чўқиб-чўқиб
Жонимни узди қушлар,
Висолингдан ваъз ўқиб
Қайтадан тузди қушлар –
Келмайсанми?!

Замин сиғдирмади, бас!
Осмоннинг елкаси кенг,
Ойга қилгандим ҳавас
Чақмоқ тикиб берди енг,
Ошиқ ўлдим сўнг нафас
Энди икки олам тенг –
Келмайсанми?!

Мурғи руҳин чорлолмай
Бўғзимда сарғайди тош,
Кўзларингда порлолмай
Кўксимни ёқар қуёш,
Ҳали ўттизга бормай
Кунданга қўйдим-ку бош –
Келмайсанми?!

Дунёга босдим эгар,
Хожаман!
Удир қарол,
Соғлигим ғашга тегар
Бу дорулжунун аро,
Сенсиз кирар бўлсам гар
Ҳақнинг жаннати ҳаром –
Келмайсанми?!

28.03. 2018

***

Тушларинга сизиб кираман,
Лабларингни келар кулгиси.
Нафас олиб нафас чиқарсанг,
Таралади райҳоннинг иси.

Гуноҳларни ютар лайлитун,
Тушдан хушни бўлмас ажратиб.
Ўйнашамиз самода икков,
Бир-бировга юлдуз сачратиб.

Ҳасадданми ҳавасдан шамол,
Хўрсинади оғирдан оғир.
Шерозийнинг ғазалларини,
Куйлаб берар мажнуна ёмғир.

Беркинамиз ойнинг ортига,
Эргашади соямиз фақат.
Шивирлайсан қулоғимга сев…
Қип-қизариб кетади шафақ.

Тушларинга сиз-иб кираман…

29.03.2018

***

Далли руҳим фириб оҳанг
Тош кўзага солиб қўйдинг.
Қайда водий?
Қайда воҳа?
Мани мандан олиб қўйдинг.

Ичкари кенг, ташқари тор,
Сумамбарим чалиб чилтор,
Озор бермай туриб дилдор,
Мани мандан олиб қўйдинг.

Ғилмон акси ҳуснингда жам,
Жазавага тушдим, ажаб,
Доғда қолди ҳазрат Ажал,
Мани мандан олиб қўйдинг.

Сумбулларинг Норин дарё,
Ғарқ бўлади ёйсанг ҳар ёқ,
На керакдир энди нар ёқ,
Мани мандан олиб қўйдинг.

Юзга солдим дарвеш расмин,
Тилда номинг, қўлда тасбеҳ,
Жунун надир?
Надир ташбеҳ?
Мани мандан олиб қўйдинг.

Кўзимни ишқ кўрламишдир,
Ичимга ўт ўрламишдир,
Ошиқни Ҳақ хўрламишдир,
Мани мандан олиб қўйдинг.

Килкиб турар бўғзимда чўғ,
Азобинга қуллуқ-қуллуқ,
Ўлар бўлсам дўзахим йўқ,
Мани мандан олиб қўйдинг.

25.03.2018, Наманган

ВИСОЛ

Ўт эди у, бир қучоқ олов!
Бўғзимни куйдириб ҳўпладим.
Парчаланди жисмим беаёв,
Жазба билан қайта тўпладим.

Осон енгиб руҳимни қотил,
Жойлаб қўйди ҳарир қушпатга.
Белимгача дўзахга ботиб,
Шеърлар ўқиб бердим жаннатга.

Чайқатарди тунни арғанун,
Қўйнимда чўғ.
Юрагимда ях.
Мени менга берма эй жунун,
Шу ҳолимча қолай муаллақ.

03.2018

ВАҲДАТ ВОДИЙСИ

Қалбимни
Ишқ дорига осди!

Ёриб юрак чипқонларини,
Бадбўй нафсни ташладим сиқиб.
Шаҳид ўтган ошиқлар руҳи,
Азон айтди елкамга чиқиб.

Томиримга ўт кетди туйқус,
Ёндим!
Ёндим!
Поклангунча то.
«Сени Хожанг чорлади эй қул!».
Бош кўтарди пойимдан бир тоғ.

Шиддат билан ўрладим
на вақт,
На чексизлик бўла олди ғов.
Карахт эдим, Мусодай карахт,
Ҳаяжоним беролмас ундов(!).

Ҳовуримни ёйдим ёмғурга,
Қалбимни ишқ дорига осдим.
Тун кўксида ҳўрмалаб юрган,
Чақмоқларга лабимни босдим.

Илоҳий куй, илоҳий мастлик,
Вулқонлари қўпти вужуднинг.
Маҳшаргача битмаса керак,
Жазабаси энди бу ўтнинг…

Ҳали ҳануз етганимча йўқ,
Нур капалаб боряпти ҳавас.
Балки кучин йўқотган Буйруқ…
Йўлдаман-ку,
Шунинг ўзи бас!

Қалбимни ишқ дорига осди…

17.03.2018

ТУШУНТИРИШ

Мен шаробнинг шайдосимасман,
Асли Барлос, темурий зотим.
Оҳ, негадир сени эсласам,
Ичгим келар ўзни йўқотиб.

Сукут ютиб юбормоққа шай,
Ўтмиш эзиб арғанун чалар.
Ғижимлайди онгни аямай,
Ҳирс ҳўплаган дажжол кечалар.

Тўфон ювиб кетди йилларни,
Товушимни эшитмади Нуҳ.
Менсимайди чиркин дилларни,
Қанотлари кумуш мурғи руҳ.

Аллақачон куйган пайтавам,
Нега керак энтикиб эслаш?
Машуқага висол бир қадам,
Ошиқ учун ўтиб бўлмас дашт…

Фатво берар ўзича ҳар кас,
Тушунмайди на шоҳ ва на қул.
Мени боғу масжидлар эмас,
Майхонадан излаган маъқул.

Оҳ, негадир сени эсласам…

12.03.2018

ИЗЛАМ

Кўзларимга санчилди ишқ
Йўлга тушдим
Сени излаб,
Товонимнинг ёриуғидан
Алвон-алвон нур оқарди.
Кўйлакларин тунга бўяб
Йиғлаб қолди парий қизлар,
Кетавердим
Увайс кўнгил…
Қош қорайди,
Тонг оқарди.
Тепиб чиқди зоҳиримга,
Ичимдаги маҳфий тугун.
Етмиш икки томиримга,
Олов қўйди кофуржунун.
Ёмғурбаранг қилди само,
Дарёларда чўкди таним.
Саҳролари иблиснамо —
Тақво бўлди чайнаганим.
Балиқларга тутдим қулоқ,
Чаёнлардан ўтиндим май.
Ҳар қадамда сиқим туфроқ,
Сочиб бордим бошдан тинмай.
Қўл узатар на Жаброил,
На Азроил бергай дарак.
Термуламан Турга қойим,
Тоғ чайқалар сарак-сарак.
Малоиклар жамолингни
Бир дарвешдан қилганча рашк
Бадтарлатар аҳволимни.
Қачон тугар бу довдираш?!
Тугамасин!
Бари абас бўлар
тинмай тўқинг найранг.
Ботинимда қўзғаб ҳавас,
Тарифини қушлар сайранг.
Мен Сенга зор,
Сен мендан кеч,
Тентийверай жулдур-жулдур.
Ҳузуринга йўлатма ҳеч,
Ошиқликнинг гашти — йўлдир.
Ошиқликнинг гашти — йўлдир.

Етмиш икки томиримга
Олов қўйди кофуржунун…

2.03.2018

***

Кўзларим косасидан
Симирар ҳуснинг шароб.
Ҳилқатнинг тозасисан,
Ҳурлар қилгайдир тавоф.

(Аллақачон сенингман
Итоатимни енгма)

Яна не деб ғўлдирай?
Қулларинг… йўқ саноғи.
Ким туш кўрса ўлдирай,
Шафақ томган яноғинг.

Шаҳризодам шафоат
Айла поклансин Турон.
Кулгуларинг — таҳорат,
Суҳбатинг — ҳатми қуръон.

Тариқатим — деганинг,
Шайхим, байъат қилдим, бас.
Ҳалол сенинг еганинг,
Ўпкангдан чиққан нафас —

Беҳиштни беҳушлатар.

Ичкарингга мўралаб
Уйғондим, қалбим ровий.
Хизматимда тўралар,
Кўрган тушим — самовий…

Шаҳризодам — Ҳаққа йўл,
Қизғанма, қил такаллуф.
Икки дунё менинг бўл:
Куфла
куфла
куфла
куф!

МАКТУБ

Мактубини қаранг бу қувнинг:
«Шаҳрисабз ёмғир қўйнида.
Қайс томчилар Лайли Оқсувнинг,
Чўлпиллатиб ўпар бўйнидан.

Симираман март бўйини,
Оҳ!
Кўк юзида булутлар қуюқ.
Иситмалаб қолмасмикин боғ,
Нега унинг соябони йўқ?

Олиб қочар хаёл — ёсуман,
Пойингизга турсам ёғилиб…
Тоғдан эниб тушяпти туман —
Чекяпсизми мени соғиниб?..

Мен кутаман.
Қачондир туйқус,
Қайтасиз-ку, балки сўнги дам…
Оқсув. Оқшом. Соябонли қиз,
Шаҳрисабз ёмғир қўйнида.»

ЖАВОБ

Тушларимга киради бот-бот,
Иккимизни кўкартирган ер.
Сендан эркни қизғанди ҳаёт,
Мени авраб олиб кетди шеър.

Гоҳи Қарши, гоҳи Самарқанд,
Бухорода чилла сақладим.
Кўчасида тунлари пойтахт,
Яланғоч ханжардай яхладим.

Суянчиғим бўлди симёғоч,
Тағин соям ёнимда юрди.
Кўксимдаги далли қалдирғоч,
Тинмай исминг чуғурлаб турди.

Бесуякман шаробга азал,
Соғлигимни ичиб қўйди май.
Ҳар қадамда дуч келиб ажал,
Чирқиратиб савар аямай.

Жангчига хос феълим туфайли,
Ор устида урушардим хўп.
Муштимдаги чандиқлар, майли,
Бошимдаги ёриқлар ҳам кўп.

На бир ватан тикладим ўзга,
Тўн киймадим бурама енглик.
Сажда қилдим Аллоҳга, Сўзга,
Ахир шоир, шоир бу — кенглик!

Рост, тоғларни соғиндим бирам,
Яна сени — кўзлари шафақ.
Лек бўлсада ҳозир йўлкирам,
Шошилмасдим қошинга илҳақ.

О, биламан, бувим ҳам ёлғиз,
Шаҳрисабз менга кўз тиккан.
Энди ортга қайтолмас ҳолсиз,
Бор умрини қиморга тиккан.

Ўтилмаган сўқмоқлар саф-саф,
Кечилмаган дарёлар чорлар.
Шеър измига тушгай бетараф,
Юрагида олови борлар.

Йўлда давом этмоқлигим шарт!
Бўрон қўпиб, эсганда сабо…
Мени сенга эслатган ўшал
Ёмғирларга қуллуқ дилрабо.

Тушларимга киради бот-бот,
Иккимизни кўкартирган ер.

14.03.2018

***

ҳирснинг кўзларига ҳиссиёт сепдим
чирсиллаб ёнди у ўтмишим янглиғ
ҳайқирди
фарёдин ичди сукунат
(асабим цингари таранглик)
тилимни чайнади очиққан бўшлиқ
нигоҳим торликдан ойга кўчирдим
бинафша ҳидлаган паридек мушфиқ
жазбамни кулдонга босиб ўчирдим
юзимга сачради алвон томчилар
(руҳимни поклашга наҳот интилдинг)
касрига дўзахлар қуласа қулар
пешонам лавҳига чуқур битилдинг
хаёлим сабуҳий
тушларим раъно
тонгларга йўллайман ишқ аталмиш хат
кўйингда тентираб юрар минг Саънон
англадим васлингдан қуйида жаннат

10.04.2018

***

Сузиб берсам кўзим оқини,
Ижирғаниб, нари туртдингиз.
Эртаю кеч сизни соғиниб,
Қуйилганди ундан тўрт денгиз.

Тилим, содда, шошқалоқ тилим,
Шарт кесилиб тупроқ ялади.
Топтадингиз шафқатсизларча —
Чумолилар алқаб талади.

Қошингиздан жилмасин дея,
Қоқилганми оёғим — қозиқ.
Азобимдан роҳат ичиб, маст
Кузатасиз, жилмайиб, босиқ.

Ва кўксимни ёрдингиз охир!
Бўм-бўш эди (асаблар таранг).
Юрагимни кўрмоқ бўлсангиз,
Йиғламсираб кўзгуга қаранг.

Наҳот тушунмайсиз бокирам,
Яна қанча қилайин қуллуқ?!
Сизда мендан бошқа ҳамма жам,
Менда сиздан бўлак ҳеч ким йўқ…

***

Қатор тол деб келгандим сенга,
Қатор қайғу экан бу ерлар.
Арзимайди энди бир тийнга,
Бахтга қориб ёзилган шеърлар.

Макон бердинг — тўртинчи қават,
Юлдуз санаб отди неча тонг.
(Шеърсиз ўтган тунларга лаънат!)
Нима эди асл муддаонг?!

Мени дарё деб ўйлаб қанча
Суюғоёқ чўмилиб кетди.
Туйғуларим қулаб чалқанча,
Тупроғинга кўмилиб кетди.

Сўнди кўзим тубидаги чўғ,
Ишқсизликдан, яна майхўрлик.
Кунда жанжал: сол бошига, бўғ,
Чўкиб қолди юрагим шўрлик.

Иддаойим йўқ бирор касдан,
Ахир йўлни ўзим танладим.
Афсус, ёшлик ўтди бир пасда,
Байрамдаги қўшиқ, ялладай.

Хайриятки, орзуларим бут,
Дўстларим бор суяйдиган тўш.
Ўзни буткул қилмасдан нобуд,
Кетақолай, сенга хайр, хўш.

Саргардонлик…
Шуниси маъқул,
Кўрганларим ҳаммаси эмас.
Билмам қайда оёқ илар йўл —
Руҳни озод сақлаб қолсам бас!

Қатор тол деб келгандим сенга,
Қатор қайғу экан бу ерлар…

4.06.2018

***

илдизи майга ботган
ўйлардай боши сархуш
ўтолмайин сиротдан
қалқиб учган соқов қуш

чархни бузган қайралиб
сувни кесолмас ханжар
қулагану айланиб
тош
бўғзида қотган жар

хилватда мизғиб кундуз
тунда уйғонгувчи най
тонг ўққа тутган юлдуз
сўнаётган ҳайқирмай

бепушт эрлар тушига
бостириб кирган йиғи
санчилган ер тўшига
коинотнинг синиғи

5.06.2018

ЭР

Сукунат чалар сегоҳ,
…май ҳўплайди бир ютум.
Кулдонга ботар сегор,
Шифтга ўрлайди тутун.

Ва чангаллар бошини,
Тўкилар сарғиш тола.
Ўтмишига ёшиниб,
Бахтни қилар мутолаа:

Бувиси, бийдай яйлов,
Тойчоқ қувиб юрар у.
Қийқирар Одил найнов
«Тутолмайсан, така-ту»…

Туйқус тарқаб кетар ўй,
(Асаб тамакига ўч).
Чарчоқ кўрсатади бўй,
Соат ярим тунги уч.

Ётоғига кирмайди,
Ғичирлайди, тиши, лаб…
Буралиб пар тўшакда,
Илон ухлар вишиллаб.

***

Кўчаларни қабартдим санғиб,
Ҳар эшикда бошим изи бор.
Кечаларни белимга танғиб,
Қаршилайман тонгларни бедор.

Кўринишим дайдининг ўзи,
Юришим ҳам дайдичасига.
Соқол қўйиб, сочларим тўзиб,
Кетавергум — қайда насибам.

Гўзалларга гап отаман гоҳ,
Қош-кўзини шеърга соламан.
Қўққис ёдга тушганда Аллоҳ,
Хилватларни қумсаб қоламан.

Яшолмайман бир ерда узоқ,
Тек турганим кўрмаган биров.
Ҳамма нарса мен-чун алмисоқ,
Ва ўзимдан бошқалар — меров.

Аён, не бор уфқдан нарида,
Қизиқтирмас еттинчи гумбаз.
«Дурлар ётмиш уммон қаърида»,
Нима бўпти?
Сира муҳиммас!

Фақат баъзан дод ураман дод,
Шишиб кетса ўпкам елкандай.
Кипригимдан узунмас ҳаёт,
Кенгмас экан дунё елкамдай.

6.06.2018

***

балогардон қайдасиз
қарияпти кулгичим
ҳа ё ҳуй ҳа ё ҳуй
дам солинггай руҳимга
бўшаб қолдику ичим
ҳа ё ҳуй ҳа ё ҳуй

саҳрога кетди жасад
зуҳрога етди миш миш
демишлар
сандек насаб
самовотнинг айбидир
менга тутгани ишқнинг
маймидир ё наймиди
ҳа ё ҳуй ҳа ё ҳуй

киролмадим
вовайло о
маъшуқнинг қалбигача
етсам
тугайман
ҳайло
бобомнинг қабригача
ҳа ё ҳуй ҳа ё ҳуй

тилим булбулу соқов
кўзим бойўғлига ин
ҳеч йўқ оқарсин соқол
кетиб боряпман
секи и ин
ҳа ё ҳуй ҳа ё ҳуй

8.06.2018

***

гўдакнинг сут тишидай
сим-сим ботар кўксига
торликнинг тирноқлари

тилин танглайга тираб
қошида
виждон — кўзгу
юрагин ечинтирар

зўриқиб олар нафас
«қорайипти янаям»

сира ақли етмас ҳеч
бўйинбоғли шаҳарда
қандай яшаб юрганин
ёқаси ке-енг адрнинг

13.06.2018

***

Буви, тоғларимни соғиндим,
Қалқиб ҳайқиришга маъқул жой.
Ичим куяр, менгамас, энди
Улашяпсан тонгларга ширчой.

Туллик оғир… Ёлғиз бошингга,
Аччиқ қисмат ўрнатганми туғ?
қарияпсан… ҳамон қошингга,
Дастёр элтиб қўёлганим йўқ.

Ўч туғилдим: сафарга, майга,
Йиллар ташлаб кетди бирма-бир.
Ажинларинг санаб улғайган,
Набирангга ақл кирмади.

Кўчаларда тамаки тортиб,
Девонача юришим ғалат.
Кел, далаю меҳнатдан ортиб,
Манов харсанг қалбни эркалат.

Синса синсин ҳайём пиёлам,
(Руҳни бўғиб қўйди маразлар!)
«Соқолингни олмасанг, болам,
Мендек бувинг йўқ» де, аразла.

Кенг енгингдан чиқариб туршак,
Оғзимга тут, би-р шираланай.
Онг-ҳушимни болалик қуршаб,
Атрофингда гир-гирайланай.

Сўнг жиловим қўлга олгину,
(Хўп ялинсин бу шаҳар «қоп кет»).
Таёқ ушлаб йўлга солгину,
Ҳархашамга қарамай обкет!

Буви, тоғларимни соғиндим…

20.05.2018

07Yangi ruhiy ag‘darmalarimni yuboryapman, Xurshid aka. Balki ularni butun she’r deb bo‘lmas, qandaydir qoliplarni hatlab o‘tgan ham chiqarman, biroq, shoir ichki jazbasining hosilasidan (agar yozganlari qay ma’nodadir o‘zini oqlasa albatta!) tonmasligi kerak nazarimda. Oxirgi paytlarda o‘zimni insonning tugashi va iblisning boshlanishi oralig‘idagi allaqanday mavjudotdek sezib yashayapman. Bu o‘tkinchi holatdir, yana bilmadim. Bilmadim… aynan o‘sha bilmaganimni anglamak uchun yozayotgandekman. Balki butunlay ters yo‘ldadirman: murshid kerakdir avbosh ruhimga?! Faqat bir narsa ayon – haqiqatim she’r bor har qalay, she’r! (Jontemirning maktubidan)

JONTЕMIR
YANGI SHE’RLAR
08

Jontemir (Toshtemirov) 1994 yilning 18 sentyabrida Qashqadaryo viloyati Shahrisabz tumanida tug‘ilgan. 2013 yil Qarshi davlat universiteti qoshidagi 2-akademik litseyni tamomlagan. Ayni paytda Islom Karimov nomidagi Toshkent davlat texnika universiteti birinchi bosqich talabasi.

08

OSHIQONA

1.
Kunduz tushda ko‘rganim,08
Uxlab hushda ko‘rganim.
Kiprigimga in qurgan,
Qaqnusqushda ko‘rganim.
Azobimga sochdi sil,
Bahorning xo‘rsinig‘i.
Poyingda yotar chil-chil,
Jasadimning sinig‘i.
Terishga qo‘ling yetmas,
Achishadi oy – joning.
Ruhimga puling yetmas,
Bo‘m-bo‘shmi qalb – hamyoning?!
O‘ksib-o‘ksib kuylasam,
Bo‘zim gullab ketadi.
Ko‘zlaringni o‘ylasam,
Ko‘zim gullab ketadi.
Hisortog‘ning poyida,
Pastakkina kulbam bor.
Oltin yasab loyidan,
Buvim yashaydi, dildor.
Umri o‘tar yo‘l qarab,
Simyog‘ochdan yolg‘iz u.
Men Toshkanda tentirab,
Aytib yuribman turku.
Kunduz tushda ko‘rganim,
Uxlab hushda ko‘rganim.
Kiprigimga in qurgan,
Qaqnusqushda ko‘rganim.
Yelkasidagi yukning,
Og‘irligin sezmagan
Tuyaman.
Ishq – zulukning
Tumshug‘ini ezmagan.
Na senga yetib bo‘lar,
Na kechib ketib bo‘lar.
Azal Majnun xalqining,
Yuragi yetim bo‘lar.
Mijjangdan tomgan zardob,
Ruhimni shilta qildi.
Visolingdagi narvon
Chiqmasimdan yiqildi.
Oy ham botdi to‘lishmay,
Nega?
Karaxtman. Dun – g‘ov.
Ishq mayini bo‘lishmay,
O‘zim ichib qo‘ydimov.
O‘ksib-o‘ksib kuylasam,
Bo‘zim gullab ketadi.
Ko‘zlaringni o‘ylasam,
Ko‘zim ko‘llab ketadi.
Deyolmayman xayr, hu,
So‘qir qora bayirman.
Meni undan ayir-u,
Uni mendan ayirma…

2.
…Ketar bo‘lsa bir kun tashlab,
So‘ngunicha vahshiy o‘t.
Yolg‘izlatib qo‘yma, Mashrab,
Zanjirimni mahkam tut.

Junun – yovdir.
Junun – shoqol,
Qonimni it his so‘rgan.
Shahrisabz, bolangni ol!
Qoziqlab kel Hisorga.

Soqolimga tig‘ urmanglar,
Sochim to‘ssin yuzimni.
Xabar olmang, qayg‘urmanglar,
Tinglamang ham so‘zimni.

Xarsanglarni chaynab yotay,
Yog‘mur ivitsin tanim.
Qashqirlarga g‘azab sotay,
Xilvat bo‘lsin vatanim.

Farqim qolmay telba choldan,
Ajalni-da quvgum, bas.
Dunyo ko‘rsin, qay ahvolda,
Hu-v kechagi ishqparast.

3.
Kel, ey Sa’diy kel Xayyom,
Tortinma oshiq Uvays
Marhabo gulgun ayyom
Mug‘bachalik qilar Qays

Chayib ol yuzing moziy
Ruhlar tushmish fazodan
Musiqada Sheroziy
Raqsida Shahrizoda

Mullolar o‘qing xatm
Ishqqa to‘la idishlar
Yeru ko‘kni titratib
Samo tushing darveshlar

Biz hozir Tabrizdamiz
Va yoki Kashmirdamiz
Axir Qiyomat qo‘pgan
Ne farq toshu qirdamiz

Ana yo‘lbarsni quchib
Uxlayapti chaqaloq
Timsohlar sakrab uchib
Otayapti shataloq

Baliqning og‘zida choy
Ho‘playotgan Yunusmi
Jabroil keltirgan toy
Nima ediya ismi

Jin ursin xotiramga
Yana tuyg‘u soldi chang
Mo‘ralamang haramga
Jodugar bor yusufrang

Meni dalli qilgan shul
Ruhimni qo‘ygan ichib
Unga saylanganman qul
Ikki olamdan kechib

Endi ko‘ring holimni
Arosatda zadaman
Changallab soqolimni
Sizga may uzataman

Kel, ey Sa’diy kel, Xayyom,
Tortinma oshiq Uvays
Marhabo gulgun ayyom
Mug‘bachalik qilar Qays

Chayib ol yuzing moziy
Ruhlar tushmish fazodan
Musiqada Sheroziy
Raqsida Shahrizoda

1.04.2018

***

g‘aflatimni cho‘qib chumchuqlar
osmon kiyib oldi ruhimni

tunni quyib stakanimga
lablarimni kuydirib
ichdim

derazani ochganim zahot
sachrab ketdi namchil havoga
burqsib yotgan ayriliq hidi

bu holatdan kecha siz o‘tgan
ko‘p quvonmang
baxtli bugunga
faqat sizmas
kechasiz o‘tgan

assalomu alaykum quyosh

12.05.2018

***

Bunyod bo‘lgan ishqning belidan,
Ko‘zlariga begona xatar.
Hu-v jaydari Qashqa elidan,
Oshiq keldi sendan besh battar.

Uyg‘on, Uvays,
Tosh qubbani buz,
Odam taftin olarda Odam.
Ibtidosi,
Intihosi – so‘z,
Mashrablar qoldimi dunyoda?!

Titrab ketdi tomirim nogoh,
To‘zon qoqdi zaminning changin.
Yuragimga ismingdek, Alloh,
Sizib kirdi osmonning rangi.

Iblislarning nigohi yumuq.
Ich-ichimda qaynab ehtiros.
Jasadimni yechib qo‘ydimu,
Ruhim bilan samo’ tushdim, rost.

2
Bulutlardan yopinib ro‘ymol,
Bir pariy qiz o‘qirdi Yosin.
Qani, Uvays, taroziga sol,
U mahbubmi qalbimga yo sen?

Gapirmaydi, axir, murdalar,
Buroq olib uchdi tushimni.
Devonaman:
Burda-burdalab,
Baliqko‘lga sochdim hushimni.

Muslimmanu jununim porso,
Parizodim, ko‘nglimni et afv.
Olti yoqqa chopar yuborsam,
Tovush qildi yettinchi taraf:

«U Uvaysdir, savdoyi Rasul,
Sen bor-yo‘g‘i yurtkezar, daydi.
-Tutgan yo‘lim so‘lmidi?
-Ha, so‘l!
Dunyo –sarob,
Sarob aldaydi…»

Gangib qoldim Haq farmonidan,
Uyatidan qizarib ko‘proq
Nari ketay desam yonidan,
Tizzamgacha yutgandi tuproq.

Hamon yuzin to‘sgancha ro‘ymol,
Laylizoda o‘qirdi Yosin.
Qani, Rahmon, taroziga sol,
U mahbubmi qalbimga yo Sen?!

3
Ohang tindi. Qo‘zg‘aldi malak,
Xilxonadan sachrab chiqdi nur.
Jamolini ko‘rdim, yo falak!
So‘ng yig‘ladim chayqalib o‘r-o‘r.

Uyg‘onsangchi, ey ishqi shaffof,
Sur chalaymi yo arg‘anun, nay.
Yordan judo bo‘lganda ham, oh,
Yotish mumkin nahot indamay?!

Yoyilmasdan yutilgan nafas,
Menga tashlab tosh maqbarani.
Muslimaning qabatidan mast,
Yo‘lga tushdi Uvay Qaraniy…

Endi holing ne kechar, Mashrab?
Tuz sepdim-ku ochiq yarangga…
Men-da ketay Qashqarga qarab,
Oshiqlarni kechir, Namangan.

Ma’shuqlarni kechir, Namangan.

24.03.2018, Namangan.

***

Bekatlarga oydin tush ekib,
Ko‘chalarda to‘kildi umrim.
Sezdirmayman deyman-u lekin,
Qoq belidan bukildi umrim.

Vatan dedim ko‘ringan kapak,
Duo qilgan ayolni – ona.
She’r o‘qisam, chalishib chapak…
Zaxarladi qonim mayxona.

Yuzim bezab turgan – soqolmas,
Bahor aldab ketgan hashak, o‘t.
(Shoirlarni dunyo boqolmas,
Kuydirolmas do‘zaxdagi o‘t!).

Unutildi Tarlonim, qishloq,
Xotiramning zindoni chuqur.
Sargardonlik xo‘p berdi ishlov,
Lek, ketmadi telbalik yuqi.

O‘zlashtirdim yog‘mur tilini,
Qushlar bilan bo‘ldim hamsuhbat.
Sulaymondek ortib bilimim,
Hayqirvordim qay kuni: Nuhman!

Va kibrga berildim gattak,
«Quduq yutib yuborgan toshman.
Hali beri topishmas, attang…”
Tamakidan ol qani,
Oshna:

Aslida-ku supram qup-quruq,
Na makon bor, na vafoli yor.
So‘zdan bo‘lak hech vaqoyim yo‘q –
Azroilning dori-chi – tayyor!

Haqiqatim – she’r bor, har qalay,
Shaffof tonglar ottirdim minglab.
…pastlab ketdim shundog‘am talay,
Jasadimni toqqa ko‘minglar.

Bekatlarga oydin tush ekib,
Ko‘chalarda to‘kildi umrim…

10.05.2018

DARVЕSh QO‘SHIG‘I

Tovonim maysani erkalab,
Tufroqning tegadi g‘ashiga.
Yog‘mirli bulutni yelkalab,
Ketyapman Karbalo dashtiga.

La-la-lay — ho-o lalalay!

Oshiqman oy bilan o‘pishib,
Gunohin sovurgan shamolga.
Pulsirot ustida topishib,
G‘ilmonga chorlagan ayolga.

La-la-lay — ho-o lalalay!

Qonimni tomchilab so‘r, zuluk,
Shabnamga to‘ldiray ichimni.
Darveshga dunyosi – bir pulluk,
O‘ylayman ertangi bichimni.

Qachondir iymonga pand berar,
Hirs – Temurning kalta oyog‘i.
Qabrgacha ayon bor sirlar,
Nima bo‘lar undan nar yog‘i?!

La-la-lay — ho-o lalalay!

2.
Chanqab keldim, masih buloq,
Zahar tutsang,
Ichsam – boldir.
O‘ngda gunoh,
So‘lda gunoh,
Sendan kechib, Senda qoldim.

Suluv-suluv jinzodalar,
Yotog‘iga tortar hadeb.
Chinqiraman: voy, lojaram,
Menga ochlik qo‘nalg‘a deb.

Qovjiratdi ruhimni nafs,
Mayxonalar quvib soldi.
Tushovladi tilimni qavs (),
Sendan kechib, Senda qoldim.

Payg‘ambarga emasman xesh,
Tag‘in qisir qovurg‘amiz.
Bizdan ko‘ra Ayyublar pesh,
Sochdan tirnoq dovur g‘ammiz.

Iltijoyim olma malol,
Qurib bergin billur kapa(k).
Yashab o‘tsin unda halol,
Qarg‘a umrini kapalak.

3.
Qachon isming aytsam jonon,
Tamug‘donda yonar bo‘g‘zim.
Biram totlig‘, takrorlasam,
Shov-shovillab qonar bo‘g‘zim.

Bu ne ishqki, bu ne lazzat?
Azobidan tomar mazza.
Shivirlasam tushimda goh,
Ezg‘ilangan anor bo‘g‘zim.

Yo‘qotaman o‘zni butkul,
Chorla, samo,
Tubo, yutgul.
O‘tga tushgan ilonday mast,
Har yona to‘lg‘onar bo‘g‘zim.

Mayli tugab bitay oxir,
O‘zing fano,
O‘zing mohir.
Kalimadan o‘tkur esa,
Shu taqlid uyg‘onar bo‘g‘zim.

4.
Quddusiy tosh kabi muallaq
Kiprigimni sarg‘aytgan tomchi.
Dunyo – dajjol o‘ragan salla –
Aldamchi.

Toma-toma oy ham tugadi,
Ichib qo‘ydi tashnalab zamim.
Zanji osmon vahm to‘kadi
…va men.

Quturadi jununvash hislar,
Ko‘zoynagin izlar farosat.
Ko‘kka qarab o‘sar ildizlar –
Arosat.

Yaqinlashib keladi Ya kun,
Isrofilni uyg‘otadi Sas.
Bo‘shliq jaranglar “Kun faya kun” —
Bas!

5.
Qayerdamiz?
Yo‘q o‘xshashi,
(Qilinmagan talon-taroj).
Ketayapmiz qo‘l ushlashib,
Ikkimiz-da qip yalang‘och.

Ko‘ray desang baxting baham,
Topilmaydi ojiz, ochlar.
Alloh-Alloh, qanotsiz ham,
Ucharkanda qaldirg‘ochlar.

Shaffof tanlar borar saf-saf,
Gul yig‘lar soch taramiga.
Qadam qo‘yar nor yigit, hah,
Bokiralar haramiga.

Osmon emas, parday bo‘shliq,
Tasavvurga sig‘mas chiroy.
Tomirini kesdi mushfiq…
Tentaksirab qoldi birov.

Men yiqildim mastu alast,
Oyog‘ingga,
Boqma, mayli.
Gunohlarsiz olgin nafas,
Endi sira ayrilmaylik.
Endi sira ayrilmaylik.

Sendan kechib, Senda qoldim.

8.04.2018

***

Tun quyilib yetdi tobiga,
Shovqinsevar ko‘chalar-da jim.
Samovotning shab gulobiga,
Sut sachratib, yulduz chizgan kim?!

Kim, soy bo‘ylab ketayapkan zog‘?
Nega sizga qilmas u taqlid?
Balki haddan ortiq ko‘ngli chog‘,
Yo qayg‘uning qarimsiq shakli.

Chigirtkalar, cho‘chitmang, yo‘q, yo‘q,
Daydi itlar, pusibroq o‘ting.
Qushlar, ojiz bo‘g‘zidagi cho‘g‘
So‘ngunicha tongni unuting.

Shamolga do‘q urmay turgin, tol,
…o‘tmish kilkir yurak qa’ridan.
Ana, suvga egildi behol,
Nedir tomdi kipriklaridan.

Halal bermang, shu gal, iltimos,
Yetim qalbning achchiq unidir.
Yasholmagan yerliklarga xos,
Bir shoirning so‘nggi tunidir…

Siz oromga muhtoj bo‘lganday,
Juda zarur unga sukunat.

12.06.2018

NAY

Qurshab oldi shirakayf og‘ush,
Bangilatdi ruhimni lazzat.
Ohang ongga tushirganda musht,
Ag‘anadim tuproqqa (mazza).

Kulguchimda eridi g‘uluv,
Zulmat kiydi ko‘zim oqini.
Tushlar uchar: suluvdan-suluv,
To‘ldirgancha osmon toqini.

Bolarilar labimga qo‘nib,
Tappa-tappa yiqilar sarxush.
Maysazorga to‘shalgan to‘nim,
Mato emas, adrasiy parmush.

Barmoqlarim yashil chirmovuq,
Kindigimdan sizib chiqar may.
Ikki qoshim – ikki qirg‘ovul,
Qarsak ursam, uchmoqlikka shay.

2.
Laylikuyning cholg‘uvchisi Kim?
Olib qo‘ying nayni dastidan.
Jazabada: kechgandek ichim,
Yetmish ikki pariy vaslidan.

Faqat meni jodularmi yo?
Bitmagandim ishqqa qasida.
…Yasalganga o‘xshaydi go‘yo,
Ayyubning ko‘r qovurg‘asidan.

Zamin mayli, hatto koinot,
Aylanyapti boshda vizillab.
Pichoq tortsam bo‘g‘zimga bot-bot,
Og‘rinmam, qon otmas tizillab.

Bu qanday kuy?
Bu qanday ohang?
Nimta-nimta qilaru, so‘ngra,
Darveshlar raqsiga hamohang,
Jasadimni kiyvolib o‘ynar.

3.
Hamon chorlar nay tovushi,
Yelkamdagi hurlar guvoh.
Yo‘lni bilmaydi kovushim,
So‘qir egnimdagi kuloh.

Visoliga vaslim moyil,
Masofani sindirsang-chi.
Qayga yuray, yo Jabroil?
Duldulingga mindirsang-chi.

Shivirlashib olay huzur,
Dunyosini yechib qo‘ydim.
Sanamlardan ming bor uzr,
Shahvatimni bichib qo‘ydim

Tentirayman, adashgan tush
Kunduz uchgan shapalakday.
Hojam nega qilmas dovush,
Yer qa’rimi yo falakdan!?

Qaynaganing bekor junun,
Yeb bitirar ruhingni nafs.
Chang chiqarma elda burun,
Yo‘qotasan, izlama, bas.

Botinimga sinchlandimov,
(Asli ko‘zim… O‘zim manqurt).
Kech bo‘lsa-da tinchlandimov,
Allaqachon sendaman-ku,
Allaqachon Sendaman-ku!

23.04.2018

YASSAVIY

Qo‘qqisdan kelib besas,
Ishq purkading hushimga.
Izmir, Parij, Banoras,
Oyoqladi tushimdan.

Oyga labimni qo‘yib,
Emdim haqning sutini.
Vulqonning ichi kuyib,
Falakladi tutuni.

Tilimga kim haridor?
Oling, nafsim juda och.
Tanim boshlang sari dor,
Ruhim qolsin yalang‘och.

Yelkamga qo‘ndi quyosh,
Tovonim o‘pti dengiz.
“Qol, siringni etgin fosh…”,
Quvdim: nari ketingiz!

Guldiraklar urdi do‘q:
Laylo kerakmasmi?
Yo‘q!
Jin chalipti hoynahoy,
Mavlo kerakmasmi?
Yo‘q!

So‘ng ichkari sho‘ng‘idim,
Ko‘zimni chaydi zulmat.
Dunyo unutsin hidim,
Endi xilvatga ulman.
Yolg‘iz Xilqatga qulman.

2.
Jovdirayman nur izlab,
Olti yog‘im qorong‘u.
Qurshovida ildizlar,
Ruhim titrar – yorongul.

Ko‘nglim allanechuk g‘ash,
Bosdimmi chumolini(?).
O‘pgum qo‘rquv aralash,
Ma’shuqam ro‘ymolini.

Chaynadim, qon ta’mi bor,
Tufroqning mazasida.
Bo‘g‘zim qalqidi nochor,
Halloj jazavasiday.

Qachon yechilgay tugun?!
Qayda manim vatanim?!
O‘ltiribmiz ikki gung:
Yalang‘och ruh va tanim.

3.
Birdan yorishdi xilvat,
Ochildi yashil tuynuk.
Ruhim o‘tdi siqilmay,
Jasadimchi, qoldi (yuk).

Oxir yetdim oshiqa,
Yechib dunyoni – qabo.
Bormi asl oshiqlar?
Ichkariga marhabo,
Ichkariga marhabo…

12.04.2018

***

“Bir shahar bor janub tomonda…”
Uning bodi bolasi edim.
Ezg‘ilandi kibrim tovonda,
Menga peshvoz chiqqanda Bedil.

Laylilandi ruhim daryosi,
Darz ketdimi bo‘g‘zimdagi tosh?
Naq yelkamga qo‘ndi — paryostiq —
bulutlarni chertkilab quyosh.

Peshonasi g‘ilmonga tekkan,
Hisortog‘ning (bolakayga xos)
Tizzasiga (tong shudring sepgan)
Erkalanib o‘tirvoldim, rost.

So‘ng yig‘ladim osmonga boqib,
Nechun sen-la qololmam butkul?!
Sholvorimning orqasin qoqib,
Shivirlayman: qaytaman, kutgil.

Yo‘q! Shu safar tugaydi bari,
Qazo topsin alag‘da tushlar.
Yo‘lim to‘sing tog‘ qashqirlari,
Atrofimda aylaning qushlar.

Dargohi keng ekan g‘o‘rlikning,
Ilohiy ishq izidan ketdim.
Umri bitdi bobom sho‘rlikning,
Oydan kechib, fonusga yetdim.

Buvi!
Dunyo sharob, shoirlari mast,
Tonglar otar ulkan so‘roqdan.
Ayira olmadi biror kas,
Meni she’ru seni tuproqdan.

Yalqov shahar, yengdi holsizlik,
Malham top qalb og‘riqlariga.
Tuz sepolmas ortiq yolg‘izlik,
Tovonlaring yoriqlariga.

Shahrisabz, hoziroq amr et,
Sargardonlik yoqaru lekin…
O‘zim bilan yashay betma-bet,
Yuragimga rayhonlar ekib.

Ancha yengil tortib qoldim, uh,
Nima bo‘lsa bo‘lar buyog‘i.
Endi sen-la ketolmayman, ruh,
Ildiz otib ketdi oyog‘im.

Bir shahar bor janub tomonda…

29.04.2018

QAYTISH

Yulduz terar nomozxon qushlar,
Derazamning orti ko‘roydin.
Osmon, tongni uzoqroq ushla,
Qo‘zg‘alyapti tag‘in bo‘rondil.

Xo‘rozlarning tumshug‘i teshgan
Subhdan siqib olaman siyoh.
…Qo‘l siltaydi yo‘lchi darveshga,
Hovlidagi daraxtu giyoh.

Darbozadan tashqarilar u,
Lalblarida cho‘g‘langan sigor.
Alam tomar kiprigidan duv,
Va’dalari bo‘lmishdir bekor.

Hojilanar qoramtir samo,
Buvim qara-ab qolar ketimdan.
Men-ku sag‘ir emasman, ammo,
Uni butkul qo‘ydim yetimlab…

1.05.2018

***

1.
Yolg‘izligim quvgani,
Kulbama keldi suluv.
G‘urbatimni yuvgani,
Kirishsang-chi, murdasho‘.

Nutqimni Yosin bezab,
Zarbofga do‘ndi janda.
Kokilin silay desam,
Ikki qo‘lim kishanda.

O‘tar u yon-u bu yon,
Sharpamikin? Bilmaysiz.
Yaralganimdan buyon,
Mastlandim ilk bor maysiz.

Nechun sirrin etmas fosh?!
Qiynoqmi ishqning tarzi?
Siynasiga qo‘yib bosh,
So‘ng qazo topsang arzir.

…Qarsak urgandi nogoh,
Chertgan kabi shishani.
Qirqilganday bo‘yinbog‘,
Parchalandi kishanim.

Unga yaqinlashdim va
Bo‘g‘zimga pichoq tortib.
Ta’sirida jazava,
Qonim ayladim tortiq.

Qonib-qonib ichdiyu,
Hurga aylanib ketdi.
Libosini yechdiyu,
Nurga aylanib ketdi.

2.
Tunga bulab shokoladimni,
Oyni siqib qahvam yuziga.
Afsungarday xuddi qadimgi,
Kirib oldim qashqir tusiga.

Sokin shahar, bokira havo,
Bekatdaman, quloqlarim dik.
Buncha uyqusevar bu avom?
Xurrak otar, bosmayin hadik.

Qo‘sh neonlar zulumotga zeb,
Mashinalar siyrak o‘tardi.
Meni toqqa eltib tashla deb,
Taksichiga panjam ko‘tardim.

Tentib qoldi ko‘rinishimdan.
So‘zlayapman, tishlarim so‘yloq.
Dumim yorib chiqqan shimimdan,
Tumshug‘imni qoplagan mo‘ylov…

Hu-uv qirimning o‘tkir mayiday,
Ko‘pirardi qonim (izg‘irin).
So‘lqillagan o‘lja payida,
To‘rt oyoqlab uzo-oq izg‘idim.

3.
Sa’non o‘zim, jonon o‘zim,
Daydilayin, dashtim qani?
Dindan chiqib ketdi so‘zim,
Avvalgiday shashtim qani?!

Qudratimdan tizza cho‘kib,
Ta’zim qilar edi Hisor.
Shahidladi qonim to‘kib,
Masihliging qayda, Iso?..

Qo‘limdadir obi vahdat,
Chorlagayman yig‘latib nay.
Ich-u tashim xoru axta,
Kiprigimdan tomchilar may.

Ka’ba edi kulbam u chog‘,
Bir keldiyu – xarobazor.
Og‘ushida tamug‘quchoq,
Rohatlanib tortdim ozor.

Ketdi, ruhim qoldirib tul,
Bay-bay, lazzat berar xo‘rlik.
Oshiqlarni o‘stirar yo‘l,
Ma’shuqlarni esa – hurlik.

Qayta ko‘rish nasib emas,
Yo‘qsa Muso bot so‘rardi.
Hatto soyang tushsa besas,
Tur misoli man nurardim.
(Yo vaslingga ulgurardim?..)

Shahidladi qonim to‘kib,
Masihliging qayda, Iso?!..

5.05.2018

***

Senga borar yo‘llarni berkit!
Buz ko‘priklarni,
Masofani uzayt tobora.
Tobora kuchayib borsin azobim,
Sovuqqonlik bilan
Mushuklaringga ulash
Ishqiy maktublarim eltgan
Kabutarlarni.
Intiqlik,
Tashnalik
Sillamni quritsin,
Ezsin ruhimni.
Silliqlangan paxtacho‘p misol,
Savalasin toqatimni
Beparvoliging.
Oson yutilajak luqma tatimas.
Zahar aralashgan sharob bo‘l
Sharob.
Istasinu tatib ko‘rmakni
Ammo icholmasin
Mayparast ko‘nglim
seni umrbod.

Senga borar yo‘llarni berkit…

3.11.2017

***

…Topsangizchi korini,
Tasalli yo‘q maydanam.
Tushimda ruxsorini,
Ko‘rib qoldim qaydanam.

Sayrog‘ida qushlarning,
Chashmalarning yuzida.
Lazzatida no‘shlarning,
Chumolining ko‘zida.

Shudringlarda akslanar.
Olti yog‘imda ham u.
Rizvondan kechgum agar,
Vatani bo‘lsa tamug‘.

Sharobmi? Xumga do‘nay,
Devon? O‘qiy hijjalab.
Qamishmi? Bir nay yo‘nay,
Tegib tursin labga-lab.

Ruhining xushdoriman,
Qur’ondir, muslimman, bas!
Durustgina qoriman,
Hatmiga yetmas nafas.

Qarsak urmang yig‘lasam,
Ikki dunyoyim falaj.
Soyasini silasam,
ado bo‘lar edi haj!

2.
Azob bo‘lsa visolga to‘lov,
Cho‘ntaklarim bo‘sh.
Harqalay man…
Bir yayrasin ishqparast olov,
Men unga o‘zimni qalayman.

So‘ngagimning chakillab yog‘i,
Mushkianbar bo‘ylasin havo.
Jununlansin esidan og‘ib,
Uvayslikni unutgan avom.

3.
Yodda qolmas tushlardan
O‘ngarilib kel, hushim.
Xanjar botmas to‘shlarda,
Boshpanangni qur, qushim.

Ko‘zlarimni zanjirlab
Olsin ozod parvozing.
mansabi hirs xachirlar
Emas sening sarbozing.

Uch! Vahdat mayin ichib,
Tutmasidan manfurlar.
Hech zamon tufroq kechib
Yurgan emasdir hurlar!

O‘zing-la ol! Ruhim shay,
Oshiqlik ne yo‘llarsiz?!
Farovon yasholmagay,
Malikalar qullarsiz…

***

Buvi, dunyodan kechib,
Vahdat gulobin ichib,
Ishq-la gurillab ichi,
O‘g‘ling devona bo‘ldi.
O‘g‘ling devona bo‘ldi.

Darvishlardan olib dars,
Hurlar bilan tushar raqs,
Sog‘lar kulmish, urib qars,
O‘g‘ling devona bo‘ldi.
O‘g‘ling devona bo‘ldi.

O‘zi ketdi o‘zidan,
Arsh chayqalar so‘zidan,
Qon tomchilab ko‘zidan,
O‘g‘ling devona bo‘ldi.
O‘g‘ling devona bo‘ldi.

Tushida ko‘rmay, ko‘rib,
Yoniga bormay turib,
Xayolidan bol so‘rib,
O‘g‘ling devona bo‘ldi.
O‘g‘ling devona bo‘ldi.

Kimga aytsin dodini?
(Bilmaydi ham odini),
Rasvolab hayotini,
O‘g‘ling devona bo‘ldi.
O‘g‘ling devona bo‘ldi.

Ortiq odam emas u,
Na taom yer, ichar suv,
Izlab o‘tmak-chun mangu,
O‘g‘ling devona bo‘ldi.
O‘g‘ling devona bo‘ldi.

Mashrabdiru dor qayda?
Hovrin bosar yor qayda?
Uldek xoru zor qayda?!
O‘g‘ling devona bo‘ldi.
O‘g‘ling devona bo‘ldi.

Bu ne savdo? Karomat?
O‘luk-tirik barobar,
Ko‘chalarda sarosar,
O‘g‘ling devona bo‘ldi.
O‘g‘ling devona bo‘ldi.

Osmon toru zamin zax,
Jannat qilgaydir mazax,
Kirsa, kuygaydir do‘zax,
O‘g‘ling devona bo‘ldi.
O‘g‘ling devona bo‘ldi.

Goho tayurday uchgay,
Mag‘ribdan mashriq ko‘chgay,
Kim buning sirin yechgay?!
O‘g‘ling devona bo‘ldi.
O‘g‘ling devona bo‘ldi.

Bir yonida jinlar saf,
Maloiklar bir taraf,
Ollo, o‘zing etgin avf,
O‘g‘ling devona bo‘ldi.
O‘g‘ling devona bo‘ldi.

Qo‘ygin, alam yutma hech,
Endi uni kutma hech,
Va lekin unutma hech,
O‘g‘ling devona bo‘ldi.
O‘g‘ling devona bo‘ldi.

14.05.2018

SHIDDAT

Yengillashib boryapti ruhim.
Buncha suluv chayqalmasa dor…
To‘lqinlatar visol shukuhi –
Yuzlashgaydir: qul va Hukumdor!

Men arshlikman!..
Tushgan bulg‘anib,
va kirlangan yengib ehtiyoj.
Qachonlardir daraxt bo‘lganin,
Unutgaymi axir simyog‘och?!

Yetar!
Yerlik kimsalarga xos
Yashaganim,
O‘zni etmay fosh.
Manqurtlarday boqmang, iltimos,
Tentaksirab uloqtirmang tosh.

Ketayapman. Hammasi tamom,
Jabroildan so‘ramayman ot.
Yana mendan pastdasan, samo –
Ko‘kayimdan ko‘kardi qanot!

8.05.2018

OSHIQMAN

Yonar gulxan, yonar tanim,
Dilbarimni oldim tanib,
Endi jannat har qadamim,
Oshiqmano-o-o…

Husni Yusufdan ko‘rkamdir,
Sevib Azobga burkandim,
Yuragimda Sen turganda
Nima bo‘pti Ka’batullo,
Oshiqmano-o-o…

Taomim ishq, sharobim ishq,
Intilganim, qarorim ishq,
Tirikligim, xarobim ishq,
Oshiqmano-o-o…

Alif dedim, be dedilar,
Oshiqliging ne dedilar,
Nahot Seni ko‘rmaydilar?!
Rayhonlarga qorildi qalb,
Quduqlarga yorildi qalb,
O‘lik edi, tirildi qalb,
Oshiqmano-o-o…

Oy shulasi arg‘imchog‘im…
Unut bo‘ldi yor quchog‘i,
Devonaga do‘ndim chog‘i,
Oshiqmano-o-o…

Havolandim, havolandim,
Biram shirin navolandim,
Ismin aytib davolandim,
Oshiqmano-o-o…

Nurdan libos kiygan harir,
Xizmatimda qirq ming pari,
Ul dilbarim tanho va le,
Oshiqmano-o-o…

Na o‘zini ko‘rmay turib,
Kokillarin o‘rmay turib,
Yaqiniga bormay turib,
Oshiqmano-o-o…

Kuydirguvchi cho‘g‘lar cho‘g‘mas,
Darveshlar haq! Sog‘lar sog‘mas,
Men ilohiy yo‘ldaman, bas,
Oshiqmano-o-o…

To‘rt tomonim fisqu fasod,
Bir kun bari bo‘lgay kasod,
Qaydin bu yer, qaydin fazo?
Oshiqmano-o-o…

Dunyo desam kirlashaman,
Baliqlarla sirlashaman,
Qachon Sen-la birlashaman?!
Ko‘kragimni yor Azroil,
(Qildim nafsimni sazoyi)
Unga yetkargay qazoyim,
Oshiqmano-o-o…

14.01.2017

YOTUR

Tashna ruhim may talab,
Toqatimni maydalab,
Alif qoshu mayda lab,
Tizzamda jonon yotur,
Ko‘yida Sa’non yotur.

Zavqidin etib ogoh,
Siynasi qalqir nogoh,
Lablari tamshanib, oh,
Tizzamda jonon yotur,
Oshig‘i nolon yotur.

Zulfiga ko‘mib tunni,
Berkitmay bor husnni,
Masiqtirib jununni,
Tizzamda jonon yotur,
Qoshida nodon yotur.

Nafas olarkan yengil,
Titrar jismimu yengim,
Telba xohishni yengib,
Tizzamda jonon yotur,
Mashrabi shodon yotur.

Deyolmam xoru zorman,
Vasliga intizorman,
Netayki ro‘zadorman,
Tizzamda jonon yotur,
Sodda musulmon yotur.

24.05.2018

***

manov chinor bobomning
azonini eshitgan
shoxidagi chumchuqlar
uchib tushgan behishtdan

buvim
farishta buvim
poyidagi supada
chalqancha tushlarini
o‘ngarolmay ichikar

men
shamolning zuryodi
bu beqadr dunyoda
shataloq otgancha mast
tobora uzoqlashib
boryapman ildizimdan

ehe he ye ye
tog‘lar aks sado bermas
yig‘layapti quluning
toshliging rostmi
hisor

yer aylanar
juvoldiz
yurib
bir gul uzvoldim
endi izlab ketyapman
uni hidlagan hurni

bobo
chinor
buvi
gul
yomg‘irdan darak yo‘qku
nega yirtiq yoqam ho‘l

25.05.2018

***

“Qibladir to‘rt tomoning”,
Buyursa-da Hukmdor.
Egnimdagi qaboning
Bir yengida Halloju,
Bir yengida iblis bor.

Yurarman chayqalib, mast,
Shabnam ichib — sabuhiy.
Yerliklarga o‘xshamas,
Na jasadim na ruhim.

Anglolmam, qanday fan u?
…Kutoh deb qilmang tuhmat.
Sulaymon emasmanu,
Parrandalar hamsuhbat.

O‘sgandim tog‘larda hur
qulunlar-la emishib.
Va mana: g‘ala-g‘ovur,
Ur-yiqitdir yemishim.

Parilarga chalib nay,
Jinlar bilan surgum aysh.
Darveshlarga tutgum may,
Kiborlarga — jilmayish.

Mayxonadan chiqiboq,
Yuguraman jome’ga,
Zamin bu kichik qishloq,
Asl Yurtga some’man.

Meni O‘zidan bo‘lak,
Sig‘dirolmas o‘ziga.
Boqqan, oqizib so‘lak,
Shu zahoti ko‘zikar.

Qo‘lida kimning izmi,
Ortimdan!
Faqat shoshmang.
Bir sang‘ib kelmaymizmi?
Daydi itlar, yo‘l boshlang.

Kezarmiz, chayqalib, mast,
Ichgandek o‘tkir qimiz.
Yerliklarga o‘xshamas,
Na jasad na ruhimiz…

24.05.2018

***

Azonlanib qosh yorar, salqin,
Og‘ochlarning kiprigi titrar.
Darpardadek yuragi qalqib,
Sergaklanar odamfe’l itlar.

Ko‘zlarimday qizarar shafaq,
Garchi mendek tutunga qulmas…
To‘xtataru so‘nggi avtoni,
Jo‘nab ketar uyiga zulmat.

Qay og‘ushda bedorsan, Niso?!
Hayot – tullak.
Taqdir – xunasa!
Qush inidan uchgan pat misol,
Xayolimga kelib qo‘nasan.

Yana sensiz otilgan shaffof
Tong jasadi qoshida mulzam
o‘ltiribman, achchiq yig‘lolmay,
Zuluksochli yelkangni qo‘msab…

21.05.2018

***

Xona sarxush atring isidan,
Duch kelganday avbosh to‘fonga
Ko‘ksim qizigani qizigan —
Qo‘l cho‘zaman magnitofonga.

Qovushib oladi kuy va his,
Shir yalang‘och soyalar misol.
Azobingga qo‘yay deb tashxis,
Paypaslanar lablarim – Iso.

Devorlarga sachragan tovush
Sinig‘ida jilvalanar tun.
Derazadan kirolmay xomush
tashqarida oy izillar, (tund).

Jazbalangan tuyg‘uni ho‘plab,
Chuqu-ur nafas chiqargancha, uhh.
Bir nuqtaga o‘zini to‘plab,
Og‘ushingga sho‘ng‘ib ketar ruh…

15.05.2018

***

Ko‘ch-ko‘ronim otga yukladim,
Tag‘in safar – peshonamga zeb.
Yuragimni ikki bukladim,
Olib yurish oson bo‘lsin deb.

Derazadan boqasan xomush,
Tunga singib borar yo‘lovchi.
Anglolmading telba ruhim — qush,
Muhabbating uquvsiz ovchi.

Shudring tutgan maysalar aro,
Poychamni ho‘l qilib boraman.
Shamol urar sochimga taroq…
Nazdingda men eng bechoraman.

Nur oqadi tizillab yerga,
Ilma-teshik osmondan, besas.
Xotirasi ayanch taqdirga,
Manzil kerak!
Bekatlar emas.

Yetganmikin unga hech sayyoh?!
Yo bu yo‘llar barin etgan xor.
Ortimda sen qolganing ayon,
Ming afsuski, oldda ham sen bor…

24.03.2018

***

Osmon sutlandimi,
Sukutlandimi?
Har xolda ko‘zingdan tommasdi firib.
Halushtak qilgancha baldog‘ing,
Ayriliq uchmasdi qiyqirib.
Buncha go‘zal taqiqlangan yo‘l,
Shoshilmay yuramiz toki… Lek,
Ko‘ngilda qoramtir va majhul,
Qiyomat qo‘pganday sokinlik.
Hushtak chalib qo‘yaman goh-goh,
Tuyqus qattiq otasan handa.
«Ikkimizni u yoqda Alloh,
Yoqsa kerak moviy gulxanda».
«Telbalarda gunoh bo‘lmagay,
Kechirishar qiliqlarini».
Sezdirmasdan teraman gulday
Kulgularing siniqlarini…
Shafaq ho‘ngrar qovog‘in uyib,
Bekat.
Lovillaydi paytavam.
Jasadingni kuzatib qo‘yib,
Shaffof ruhing olib qaytaman.

Osmon sutlandimi,
Sukutlandimi?..

6.04.2018

***

Uh tortmagin lolaruh,
Osmonni yertar bo‘zim.
O‘rtada masofa yo‘q –
Ichkarida ham o‘zim,
Tashqarida ham o‘zim.

Mashrablarning dorini —
Haq chertar ishq torini.
Fosh etmay xushdorini,
Ichkarida ham o‘zim,
Tashqarida ham o‘zim.

Qovurg‘adan yasab nay,
Ho‘plagancha ruh-la may,
Samo’ tushyotgan tinmay,
Ichkarida ham o‘zim,
Tashqarida ham o‘zim.

Ko‘zimga qo‘nib fazo,
Jasadim topdi qazo,
Vale bitmadi azob,
Ichkarida ham o‘zim,
Tashqarida ham o‘zim.

Loyimni qayta qorgach,
Ichimga olov solgach,
Senga aylanib olgach,
Ichkarida ham o‘zim,
Tashqarida ham o‘zim.

Jununga tushdi sozim,
Shiralandi ovozim,
Shubxalanmagin, Nozim,
Ichkarida ham o‘zim,
Tashqarida ham o‘zim.

Sira chekmam nadomat,
O‘sha qalb, o‘sha qomat,
Kelgunicha qiyomat,
Ichkarida ham o‘zim,
Tashqarida ham o‘zim.

5.04.2018

***

…Qay tun junun alahlab,
Xilvatinga kiritdi.
Ishqqa to‘la qadahlar,
Suyagimni chiritdi.

O‘nglanmadim (bari pir),
Sharmandaman, sharmanda.
Anglolmadim baribir:
Man sandami,
San manda?!

Do‘zaxni ko‘rdim tatib,
Ko‘zim chaqar uzu-uging.
Kosasida yig‘latib,
Simiradi Fuzuliy.

Sig‘inaman.
Sen butmas,
Ko‘zlaring rahmonnamo.
Devonani yer yutmas,
Nechun chorlamas samo?

Qulochi keng sog‘larning,
Bizni unutdi Saydim.
Gavharafshon tonglarning,
Quchog‘ida o‘lsaydim…

Yaratganning o‘zi lol,
Arosat g‘ovidaman.
Yuragimni asrab qol,
Kimlar qurshovidaman?

Jinlar qurshovidaman…

2.04.2018

***

Binafsharang tunlarning
Qaymog‘ini yaladim,
Chovog‘on qulunlarni
Yuragimga qamadim,
Yig‘loqi bulutlarni
Kulgung bilan savadim –
Kelmaysanmi?!

Xilvatimga bosh suqib
Tinchimni buzdi qushlar,
Ruhimni cho‘qib-cho‘qib
Jonimni uzdi qushlar,
Visolingdan va’z o‘qib
Qaytadan tuzdi qushlar –
Kelmaysanmi?!

Zamin sig‘dirmadi, bas!
Osmonning yelkasi keng,
Oyga qilgandim havas
Chaqmoq tikib berdi yeng,
Oshiq o‘ldim so‘ng nafas
Endi ikki olam teng –
Kelmaysanmi?!

Murg‘i ruhin chorlolmay
Bo‘g‘zimda sarg‘aydi tosh,
Ko‘zlaringda porlolmay
Ko‘ksimni yoqar quyosh,
Hali o‘ttizga bormay
Kundanga qo‘ydim-ku bosh –
Kelmaysanmi?!

Dunyoga bosdim egar,
Xojaman!
Udir qarol,
Sog‘ligim g‘ashga tegar
Bu doruljunun aro,
Sensiz kirar bo‘lsam gar
Haqning jannati harom –
Kelmaysanmi?!

28.03. 2018

***

Tushlaringa sizib kiraman,
Lablaringni kelar kulgisi.
Nafas olib nafas chiqarsang,
Taraladi rayhonning isi.

Gunohlarni yutar laylitun,
Tushdan xushni bo‘lmas ajratib.
O‘ynashamiz samoda ikkov,
Bir-birovga yulduz sachratib.

Hasaddanmi havasdan shamol,
Xo‘rsinadi og‘irdan og‘ir.
Sheroziyning g‘azallarini,
Kuylab berar majnuna yomg‘ir.

Berkinamiz oyning ortiga,
Ergashadi soyamiz faqat.
Shivirlaysan qulog‘imga sev…
Qip-qizarib ketadi shafaq.

Tushlaringa siz-ib kiraman…

29.03.2018

***

Dalli ruhim firib ohang
Tosh ko‘zaga solib qo‘yding.
Qayda vodiy?
Qayda voha?
Mani mandan olib qo‘yding.

Ichkari keng, tashqari tor,
Sumambarim chalib chiltor,
Ozor bermay turib dildor,
Mani mandan olib qo‘yding.

G‘ilmon aksi husningda jam,
Jazavaga tushdim, ajab,
Dog‘da qoldi hazrat Ajal,
Mani mandan olib qo‘yding.

Sumbullaring Norin daryo,
G‘arq bo‘ladi yoysang har yoq,
Na kerakdir endi nar yoq,
Mani mandan olib qo‘yding.

Yuzga soldim darvesh rasmin,
Tilda noming, qo‘lda tasbeh,
Junun nadir?
Nadir tashbeh?
Mani mandan olib qo‘yding.

Ko‘zimni ishq ko‘rlamishdir,
Ichimga o‘t o‘rlamishdir,
Oshiqni Haq xo‘rlamishdir,
Mani mandan olib qo‘yding.

Kilkib turar bo‘g‘zimda cho‘g‘,
Azobinga qulluq-qulluq,
O‘lar bo‘lsam do‘zaxim yo‘q,
Mani mandan olib qo‘yding.

25.03.2018, Namangan

VISOL

O‘t edi u, bir quchoq olov!
Bo‘g‘zimni kuydirib ho‘pladim.
Parchalandi jismim beayov,
Jazba bilan qayta to‘pladim.

Oson yengib ruhimni qotil,
Joylab qo‘ydi harir qushpatga.
Belimgacha do‘zaxga botib,
She’rlar o‘qib berdim jannatga.

Chayqatardi tunni arg‘anun,
Qo‘ynimda cho‘g‘.
Yuragimda yax.
Meni menga berma ey junun,
Shu holimcha qolay muallaq.

03.2018

VAHDAT VODIYSI

Qalbimni
Ishq doriga osdi!

Yorib yurak chipqonlarini,
Badbo‘y nafsni tashladim siqib.
Shahid o‘tgan oshiqlar ruhi,
Azon aytdi yelkamga chiqib.

Tomirimga o‘t ketdi tuyqus,
Yondim!
Yondim!
Poklanguncha to.
“Seni Xojang chorladi ey qul!”.
Bosh ko‘tardi poyimdan bir tog‘.

Shiddat bilan o‘rladim
na vaqt,
Na cheksizlik bo‘la oldi g‘ov.
Karaxt edim, Musoday karaxt,
Hayajonim berolmas undov(!).

Hovurimni yoydim yomg‘urga,
Qalbimni ishq doriga osdim.
Tun ko‘ksida ho‘rmalab yurgan,
Chaqmoqlarga labimni bosdim.

Ilohiy kuy, ilohiy mastlik,
Vulqonlari qo‘pti vujudning.
Mahshargacha bitmasa kerak,
Jazabasi endi bu o‘tning…

Hali hanuz yetganimcha yo‘q,
Nur kapalab boryapti havas.
Balki kuchin yo‘qotgan Buyruq…
Yo‘ldaman-ku,
Shuning o‘zi bas!

Qalbimni ishq doriga osdi…

17.03.2018

TUSHUNTIRISH

Men sharobning shaydosimasman,
Asli Barlos, temuriy zotim.
Oh, negadir seni eslasam,
Ichgim kelar o‘zni yo‘qotib.

Sukut yutib yubormoqqa shay,
O‘tmish ezib arg‘anun chalar.
G‘ijimlaydi ongni ayamay,
Hirs ho‘plagan dajjol kechalar.

To‘fon yuvib ketdi yillarni,
Tovushimni eshitmadi Nuh.
Mensimaydi chirkin dillarni,
Qanotlari kumush murg‘i ruh.

Allaqachon kuygan paytavam,
Nega kerak entikib eslash?
Mashuqaga visol bir qadam,
Oshiq uchun o‘tib bo‘lmas dasht…

Fatvo berar o‘zicha har kas,
Tushunmaydi na shoh va na qul.
Meni bog‘u masjidlar emas,
Mayxonadan izlagan ma’qul.

Oh, negadir seni eslasam…

12.03.2018

IZLAM

Ko‘zlarimga sanchildi ishq
Yo‘lga tushdim
Seni izlab,
Tovonimning yoriug‘idan
Alvon-alvon nur oqardi.
Ko‘ylaklarin tunga bo‘yab
Yig‘lab qoldi pariy qizlar,
Ketaverdim
Uvays ko‘ngil…
Qosh qoraydi,
Tong oqardi.
Tepib chiqdi zohirimga,
Ichimdagi mahfiy tugun.
Yetmish ikki tomirimga,
Olov qo‘ydi kofurjunun.
Yomg‘urbarang qildi samo,
Daryolarda cho‘kdi tanim.
Sahrolari iblisnamo —
Taqvo bo‘ldi chaynaganim.
Baliqlarga tutdim quloq,
Chayonlardan o‘tindim may.
Har qadamda siqim tufroq,
Sochib bordim boshdan tinmay.
Qo‘l uzatar na Jabroil,
Na Azroil bergay darak.
Termulaman Turga qoyim,
Tog‘ chayqalar sarak-sarak.
Maloiklar jamolingni
Bir darveshdan qilgancha rashk
Badtarlatar ahvolimni.
Qachon tugar bu dovdirash?!
Tugamasin!
Bari abas bo‘lar
tinmay to‘qing nayrang.
Botinimda qo‘zg‘ab havas,
Tarifini qushlar sayrang.
Men Senga zor,
Sen mendan kech,
Tentiyveray juldur-juldur.
Huzuringa yo‘latma hech,
Oshiqlikning gashti — yo‘ldir.
Oshiqlikning gashti — yo‘ldir.

Yetmish ikki tomirimga
Olov qo‘ydi kofurjunun…

2.03.2018

***

Ko‘zlarim kosasidan
Simirar husning sharob.
Hilqatning tozasisan,
Hurlar qilgaydir tavof.

(Allaqachon seningman
Itoatimni yengma)

Yana ne deb g‘o‘ldiray?
Qullaring… yo‘q sanog‘i.
Kim tush ko‘rsa o‘ldiray,
Shafaq tomgan yanog‘ing.

Shahrizodam shafoat
Ayla poklansin Turon.
Kulgularing — tahorat,
Suhbating — hatmi qur’on.

Tariqatim — deganing,
Shayxim, bay’at qildim, bas.
Halol sening yeganing,
O‘pkangdan chiqqan nafas —

Behishtni behushlatar.

Ichkaringga mo‘ralab
Uyg‘ondim, qalbim roviy.
Xizmatimda to‘ralar,
Ko‘rgan tushim — samoviy…

Shahrizodam — Haqqa yo‘l,
Qizg‘anma, qil takalluf.
Ikki dunyo mening bo‘l:
Kufla
kufla
kufla
kuf!

MAKTUB

Maktubini qarang bu quvning:
«Shahrisabz yomg‘ir qo‘ynida.
Qays tomchilar Layli Oqsuvning,
Cho‘lpillatib o‘par bo‘ynidan.

Simiraman mart bo‘yini,
Oh!
Ko‘k yuzida bulutlar quyuq.
Isitmalab qolmasmikin bog‘,
Nega uning soyaboni yo‘q?

Olib qochar xayol — yosuman,
Poyingizga tursam yog‘ilib…
Tog‘dan enib tushyapti tuman —
Chekyapsizmi meni sog‘inib?..

Men kutaman.
Qachondir tuyqus,
Qaytasiz-ku, balki so‘ngi dam…
Oqsuv. Oqshom. Soyabonli qiz,
Shahrisabz yomg‘ir qo‘ynida.»

JAVOB

Tushlarimga kiradi bot-bot,
Ikkimizni ko‘kartirgan yer.
Sendan erkni qizg‘andi hayot,
Meni avrab olib ketdi she’r.

Gohi Qarshi, gohi Samarqand,
Buxoroda chilla saqladim.
Ko‘chasida tunlari poytaxt,
Yalang‘och xanjarday yaxladim.

Suyanchig‘im bo‘ldi simyog‘och,
Tag‘in soyam yonimda yurdi.
Ko‘ksimdagi dalli qaldirg‘och,
Tinmay isming chug‘urlab turdi.

Besuyakman sharobga azal,
Sog‘ligimni ichib qo‘ydi may.
Har qadamda duch kelib ajal,
Chirqiratib savar ayamay.

Jangchiga xos fe’lim tufayli,
Or ustida urushardim xo‘p.
Mushtimdagi chandiqlar, mayli,
Boshimdagi yoriqlar ham ko‘p.

Na bir vatan tikladim o‘zga,
To‘n kiymadim burama yenglik.
Sajda qildim Allohga, So‘zga,
Axir shoir, shoir bu — kenglik!

Rost, tog‘larni sog‘indim biram,
Yana seni — ko‘zlari shafaq.
Lek bo‘lsada hozir yo‘lkiram,
Shoshilmasdim qoshinga ilhaq.

O, bilaman, buvim ham yolg‘iz,
Shahrisabz menga ko‘z tikkan.
Endi ortga qaytolmas holsiz,
Bor umrini qimorga tikkan.

O‘tilmagan so‘qmoqlar saf-saf,
Kechilmagan daryolar chorlar.
She’r izmiga tushgay betaraf,
Yuragida olovi borlar.

Yo‘lda davom etmoqligim shart!
Bo‘ron qo‘pib, esganda sabo…
Meni senga eslatgan o‘shal
Yomg‘irlarga qulluq dilrabo.

Tushlarimga kiradi bot-bot,
Ikkimizni ko‘kartirgan yer.

14.03.2018

***

hirsning ko‘zlariga hissiyot sepdim
chirsillab yondi u o‘tmishim yanglig‘
hayqirdi
faryodin ichdi sukunat
(asabim singari taranglik)
tilimni chaynadi ochiqqan bo‘shliq
nigohim torlikdan oyga ko‘chirdim
binafsha hidlagan paridek mushfiq
jazbamni kuldonga bosib o‘chirdim
yuzimga sachradi alvon tomchilar
(ruhimni poklashga nahot intilding)
kasriga do‘zaxlar qulasa qular
peshonam lavhiga chuqur bitilding
xayolim sabuhiy
tushlarim ra’no
tonglarga yo‘llayman ishq atalmish xat
ko‘yingda tentirab yurar ming Sa’non
angladim vaslingdan quyida jannat

10.04.2018

***

Suzib bersam ko‘zim oqini,
Ijirg‘anib, nari turtdingiz.
Ertayu kech sizni sog‘inib,
Quyilgandi undan to‘rt dengiz.

Tilim, sodda, shoshqaloq tilim,
Shart kesilib tuproq yaladi.
Toptadingiz shafqatsizlarcha —
Chumolilar alqab taladi.

Qoshingizdan jilmasin deya,
Qoqilganmi oyog‘im — qoziq.
Azobimdan rohat ichib, mast
Kuzatasiz, jilmayib, bosiq.

Va ko‘ksimni yordingiz oxir!
Bo‘m-bo‘sh edi (asablar tarang).
Yuragimni ko‘rmoq bo‘lsangiz,
Yig‘lamsirab ko‘zguga qarang.

Nahot tushunmaysiz bokiram,
Yana qancha qilayin qulluq?!
Sizda mendan boshqa hamma jam,
Menda sizdan bo‘lak hech kim yo‘q…

***

Qator tol deb kelgandim senga,
Qator qayg‘u ekan bu yerlar.
Arzimaydi endi bir tiynga,
Baxtga qorib yozilgan she’rlar.

Makon berding — to‘rtinchi qavat,
Yulduz sanab otdi necha tong.
(She’rsiz o‘tgan tunlarga la’nat!)
Nima edi asl muddaong?!

Meni daryo deb o‘ylab qancha
Suyug‘oyoq cho‘milib ketdi.
Tuyg‘ularim qulab chalqancha,
Tuprog‘inga ko‘milib ketdi.

So‘ndi ko‘zim tubidagi cho‘g‘,
Ishqsizlikdan, yana mayxo‘rlik.
Kunda janjal: sol boshiga, bo‘g‘,
Cho‘kib qoldi yuragim sho‘rlik.

Iddaoyim yo‘q biror kasdan,
Axir yo‘lni o‘zim tanladim.
Afsus, yoshlik o‘tdi bir pasda,
Bayramdagi qo‘shiq, yalladay.

Xayriyatki, orzularim but,
Do‘stlarim bor suyaydigan to‘sh.
O‘zni butkul qilmasdan nobud,
Ketaqolay, senga xayr, xo‘sh.

Sargardonlik…
Shunisi ma’qul,
Ko‘rganlarim hammasi emas.
Bilmam qayda oyoq ilar yo‘l —
Ruhni ozod saqlab qolsam bas!

Qator tol deb kelgandim senga,
Qator qayg‘u ekan bu yerlar…

4.06.2018

***

ildizi mayga botgan
o‘ylarday boshi sarxush
o‘tolmayin sirotdan
qalqib uchgan soqov qush

charxni buzgan qayralib
suvni kesolmas xanjar
qulaganu aylanib
tosh
bo‘g‘zida qotgan jar

xilvatda mizg‘ib kunduz
tunda uyg‘onguvchi nay
tong o‘qqa tutgan yulduz
so‘nayotgan hayqirmay

bepusht erlar tushiga
bostirib kirgan yig‘i
sanchilgan yer to‘shiga
koinotning sinig‘i

5.06.2018

ER

Sukunat chalar segoh,
…may ho‘playdi bir yutum.
Kuldonga botar segor,
Shiftga o‘rlaydi tutun.

Va changallar boshini,
To‘kilar sarg‘ish tola.
O‘tmishiga yoshinib,
Baxtni qilar mutolaa:

Buvisi, biyday yaylov,
Toychoq quvib yurar u.
Qiyqirar Odil naynov
“Tutolmaysan, taka-tu”…

Tuyqus tarqab ketar o‘y,
(Asab tamakiga o‘ch).
Charchoq ko‘rsatadi bo‘y,
Soat yarim tungi uch.

Yotog‘iga kirmaydi,
G‘ichirlaydi, tishi, lab…
Buralib par to‘shakda,
Ilon uxlar vishillab.

***

Ko‘chalarni qabartdim sang‘ib,
Har eshikda boshim izi bor.
Kechalarni belimga tang‘ib,
Qarshilayman tonglarni bedor.

Ko‘rinishim daydining o‘zi,
Yurishim ham daydichasiga.
Soqol qo‘yib, sochlarim to‘zib,
Ketavergum — qayda nasibam.

Go‘zallarga gap otaman goh,
Qosh-ko‘zini she’rga solaman.
Qo‘qqis yodga tushganda Alloh,
Xilvatlarni qumsab qolaman.

Yasholmayman bir yerda uzoq,
Tek turganim ko‘rmagan birov.
Hamma narsa men-chun almisoq,
Va o‘zimdan boshqalar — merov.

Ayon, ne bor ufqdan narida,
Qiziqtirmas yettinchi gumbaz.
“Durlar yotmish ummon qa’rida”,
Nima bo‘pti?
Sira muhimmas!

Faqat ba’zan dod uraman dod,
Shishib ketsa o‘pkam yelkanday.
Kiprigimdan uzunmas hayot,
Kengmas ekan dunyo yelkamday.

6.06.2018

***

balogardon qaydasiz
qariyapti kulgichim
ha yo huy ha yo huy
dam solinggay ruhimga
bo‘shab qoldiku ichim
ha yo huy ha yo huy

sahroga ketdi jasad
zuhroga yetdi mish mish
demishlar
sandek nasab
samovotning aybidir
menga tutgani ishqning
maymidir yo naymidi
ha yo huy ha yo huy

kirolmadim
vovaylo o
ma’shuqning qalbigacha
yetsam
tugayman
haylo
bobomning qabrigacha
ha yo huy ha yo huy

tilim bulbulu soqov
ko‘zim boyo‘g‘liga in
hech yo‘q oqarsin soqol
ketib boryapman
seki i in
ha yo huy ha yo huy

8.06.2018

***

go‘dakning sut tishiday
sim-sim botar ko‘ksiga
torlikning tirnoqlari

tilin tanglayga tirab
qoshida
vijdon — ko‘zgu
yuragin yechintirar

zo‘riqib olar nafas
“qorayipti yanayam”

sira aqli yetmas hech
bo‘yinbog‘li shaharda
qanday yashab yurganin
yoqasi ke-yeng adrning

13.06.2018

***

Buvi, tog‘larimni sog‘indim,
Qalqib hayqirishga ma’qul joy.
Ichim kuyar, mengamas, endi
Ulashyapsan tonglarga shirchoy.

Tullik og‘ir… Yolg‘iz boshingga,
Achchiq qismat o‘rnatganmi tug‘?
qariyapsan… hamon qoshingga,
Dastyor eltib qo‘yolganim yo‘q.

O‘ch tug‘ildim: safarga, mayga,
Yillar tashlab ketdi birma-bir.
Ajinlaring sanab ulg‘aygan,
Nabirangga aql kirmadi.

Ko‘chalarda tamaki tortib,
Devonacha yurishim g‘alat.
Kel, dalayu mehnatdan ortib,
Manov xarsang qalbni erkalat.

Sinsa sinsin hayyom piyolam,
(Ruhni bo‘g‘ib qo‘ydi marazlar!)
«Soqolingni olmasang, bolam,
Mendek buving yo‘q» de, arazla.

Keng yengingdan chiqarib turshak,
Og‘zimga tut, bi-r shiralanay.
Ong-hushimni bolalik qurshab,
Atrofingda gir-giraylanay.

So‘ng jilovim qo‘lga olginu,
(Xo‘p yalinsin bu shahar “qop ket”).
Tayoq ushlab yo‘lga solginu,
Harxashamga qaramay obket!

Buvi, tog‘larimni sog‘indim…

20.05.2018

Sahifani bezashda atoqli musavvir Medat Kagarov asaridan foydalanildi.

04

(Tashriflar: umumiy 1 249, bugungi 1)

Izoh qoldiring