Жонтемир бир шеърида ёзганидек «бардошдан улкан, тасаввурдан кенг, гўдак кулгусидек жарангдор, ғарқ пишган узумдек бир шингил, Пикассо суратидек рангдор, тамаки дудидек енгил,қайғудан минг карра қайғули, тутқун эр бўғъзидаги эрк; даҳшатга солувчи оҳуни, оч арслоннинг бўкириғидек сўз излаётган» шоир. Ёш дўстимга ўша «энг оғриқли, энг покиза, энг… » Сўзни топиш қувончу оғриғини тилайман…
ЖОНТЕМИР
ЯНГИ ШЕЪРЛАР
АЛАМ
Моцарт тирик бўлганда борми,
Аллақачон танишиб олиб,
Унинг масиҳ бармоқларидан
Илоҳий куй тинглашдан олдин,
Турон отли мамлакат ҳақда
Тўлиб-тошиб сўзлаб берардим.
Мободо Ван Гогни учратиб колсам,
«Қулоқ» вокеасин сўраб ўтирмай,
Берилиб томоша килишдан бурун
Қулидаги сўнгги суратни
Турондан гап очардим дангал!
Дейлик Рауф Парфи соғ-омон.
У билан биринчи учрашувдаёк
Тил топишиб кетардим, аниқ.
…Агар Темур ҳаёт бўлганда,
Бу вайсақи тилимни тийиб.
Қаламмас, кўтариб қилич,
Эгнимга навкарлик совутин кийиб
Кўрсатган булардим сизга бепоён
Уфқларга туташиб кетган Туронни!
18.10.2017
***
Сўзлар,
Сиз ўкиб турган мана шу қудратли сўзлар,
Тошлашган юракни эритолмаса,
Пичирлаб айтилганда ҳам
Санчилмаса ғаддор кўзига —
Бўғзини куйдириб
оқизмаса кўзларидан ёш,
Туркона йигитлар,
Туркона қизлар,
Энг суюкли калима мисол
Ичида такрорлаб юрмаса агар.
Бўртиб турган учун хақиқат
Оломон ичидан сўнгги дақиқа
Дор тагига судраб боролмас экан
мағрур бошимни —
Ҳазрат Султон чўққисига олиб чиқинг-да,
Улоқтиринг пастликка томон.
Яхшиси шамол бўламан,
Турон осмонида исёнкор шамол!
18.10.2017
ОЛЧОҚҚА ДУЧ КЕЛГАНДА
Тўсатдан ўзгарар ҳолатинг,
Баданингга югурар титроқ.
Кўзларинг қизғиш тус олади,
Хаёлингга келади сиртмоқ.
Рўпарангда бижғиган мия,
«Жонини ол, қонини ич, бас!».
Ўқотар қуролмас оғзинг яхшиям,
Яхшиям кўлларинг қиличмас…
17.10.2017
КУН БОТДИ
Кун ботди. Кайтмоқда пода,
Чўпон келар ўйнатиб заранг.
Ёмғирга чайилган ҳаводан,
Тўйиб-тўйиб нафас олар чанг.
Юлдузларни шикорга чорлаб,
Самода ой уюштирар ов.
Мизғир зулмат кучоғи — ғорда,
Туёқлардан ҳориган яйлов.
Кун ботди. Енгилди қуёш,
Жонсарак япроқлар титрар…
Увлаб чиқар кўзларида ёш,
Эрксираган занжирбанд итлар.
17.10.2017
ШАРОБ
Ичаман, кўзларим чирт юмиб,
Танимда ёйилар ҳарорат.
Юбораман дардларим кўмиб,
Жураътим тоғларга баробар.
Чалкашиб кетади кун ва тун,
Чувалган от ёли сингари.
Қилолмайди онгимга хужум,
Соатнинг бешафқат миллари.
Бирдан қанот чикарар қўлим,
Ожизлигим келмайди малол.
Сарғайган расмингга термулиб,
Сўнг йиғлай бошлайман бемалол…
17.10.2017
***
Димага
Broadway.
Қорамтир осмон,
Шамол олиб юрар
буғлатилган жўхори исини.
Кўчадаги энг сўнгги рассом
Кетиб борар опичлаб полотносини.
Қўлтиқтаёқ тутган серсоқол йигит
Хомуш ўтирар бир четда,
Сочларин хавода тўзғитиб кизлар
Учиб юрар велосипетда.
Сентябрнинг салқин окшоми,
Дарахтларга ўрмалар кузак.
Шамол эсар хорғин, эриниб.
Одамлар селига бепарво,
Бепарво япроқлар ҳолига —
Симёғочга суянган кўйи
Сарғич сочлари пахмоқ,
ғамгин кўзлари мовий мусиқачи — Дима
Сикрипка чалар берилиб.
Гоҳ маҳзун чайқалар озғин қўллари,
Гох шиддатла чиқар авжига.
Узокдан кузатсанг харакатлари
Ўхшаб кетар тўлқин мавжига.
Ўткинчи лўли қиз
Пойига ташланган пулларни
битталаб терар
«Қулоқни қоматга келтирдинг» дея
қарғанади пистачи аёл.
У эса киприк қоқмай
Сикрипка чалар,
Чалар унутиб ўзини,
Узо-оқларга тикканча мовий кўзини.
Тушунишни истамас
Бу Версал,
Париж эмас,
Тошкентлигини…
У суяниб турган симёғоч
тўсатдан тунчироғин ёқар,
Жонланади эринчоқ шамол.
Лўли киз йўқ,
Жуфтакни ростлаган пистачи аёл.
Сокин кўча,
Санъатсевар дарахтлар,
Сикрипка
ва
Куй!
Заминга яқинрок энгашар осмон,
Юлдузлар мусиқа тинглар терилиб.
Соат милларига бепарво,
Бепарво япроклар ҳолига —
Унутганча буткул ўзини,
Узо-оқларга тикиб мовий кузини
хамон сикрипка чалар
сарғиш сочлари пахмок Дима
берилиб…
Оҳангга тўйинган рух,
Хорғин соямни етаклаб
тушиб борарканман метрога
Тусатдан хайқириб юбораман :
Тошкент эмас
Париж бу
Париж!
18.09.2017
***
Маддоҳлардан олмадим сабоқ,
Мудом қалтис йўлни танладим.
Қуруқ гапдан олқиш ясамоқ,
Гуноҳлигин эрта англадим.
Аравани бўм-бўш обқочган,
Оғзи полвон каслардан кўра,
Халқим дея бир ариқ очган,
Деҳқон билан тутиндим жўра.
Қайси куни янги ҳамкасбим,
Бошлиқ қўлин ўпганин кўриб,
Этолмасдан ғазабим таслим,
Юзига юбордим тупуриб.
Ва ишдан ҳайдалдим. Садқаи сар,
Тенг кўролмай ҳар икки ённи,
Айб ўзимда, феълим сал қайсар…
Пок сақлаб қолдим-ку виждонни.
Бир оғиз сўз айтмай ножоиз,
Мен шундай улғайдим бошидан.
Шеърни ҳам ёзаман шу боис,
Тургандай Худонинг қошида.
Энди фақат бир орзуйим бор,
Қилганимда бир кун жон таслим.
Яқинлашмай занчалиш, ғаддор,
Тобутимни мардлар кўтарсин!
17.06.2017
***
Кўзёшингни арт,
Бошингни кўтар!
Қалтиратма тиззаларингни.
Чўчима (қаттиқроқ йўтал!),
Бўронларга бўшатиб бер
Юрак қаърингни.
Ожизлигинг сезмасин биров,
Йўқса жонинг қолар хатарда.
Зарбаларга беролмасанг дов,
Чиқариб ташлашар қатордан.
Ҳар лаҳзани мардона яша,
Теккунича ўлим қамчиси.
Кучсизман деб қилма хархаша,
Туғулдингми, демак
Жангчисан!
12.04.2017
***
Тоғлар — шеър.
Буғдойзор — шеър.
Йилқилар,
Кетмон,
Чирилдок,
Ой,
Илк бўса…
Кисқаси,
Дунёда шеър бўлмайдиган нимаики бор,
Тан олмайман ҳеч биттасини!
Сен эса менга,
Ўлим…
13.11.2016
***
Энг учқур кийиклар чўққида,
Энг покиза қорлар чўққида.
Мағрур арчалар,
Сор бургутлар,
Фанга номалум
Аллақандай ўсимлик.
…Сен эса бор йўғи шоирсан — заминнинг пакана боласи.
Ҳеч қачон кўрмайсан уларни.
Ҳа, айтгандай,
Куйлашинг мумкин,
Фақат куйлашинг.
Куйга ярашади чўққидагилар!
26.03.2017
***
Сўз излайман бардошдан улкан,
Сўз излайман тасаввурдан кенг.
Тегмайдиган бирор кўнгилга,
Энг оғриқли, энг покиза, энг…
Гўдак кулгусидек жарангдор,
Ғарқ пишган узумдек бир шингил,
Пикассо суратидек рангдор,
Тамаки дудидек енгил.
Қайғудан минг карра қайғули,
Тутқун эр бўғъзидаги эрк.
Даҳшатга солувчи оҳуни,
Оч арслоннинг бўкириғидек
Сўз излайман.
Сўз…
25.03.2017
***
Алдаб келди мени ғанимлар,
Сен самонинг ўғлисан дея.
Қўлларингдан тутиб парилар,
Аршга олиб кетар (пок ният).
Гўл эканман, лақмаман бирам,
Ҳа, ишондим йигирма уч йил.
Энди билсам минг урун, чиран,
Тортиш кучин бўлмаскан енгиб.
Ҳақиқатни англаб етдиму
Пешонамни босди совуқ тер.
Мен ерники эканман мангу —
Остимда ер, устимда ҳам ер!
5.07.2017
ЗЕРИКТИРДИ ШАҲАР ШОВҚИНИ
Зериктирди шаҳар шовқини,
Бирдай ўтар шому эрталаб.
Жоним, туяй ҳаёт шавқини,
Қуюқ сочим ўйна эркалаб.
Ой — момомнинг қатиқ тўрваси,
Тун кўксига осиб қўйилган.
Чуҳ-чуҳлайди шамол йўрғасин,
…Ҳулво бўйларига тўйинган.
Қурбақалар сайрамас бунда,
Вовуллайди итлар ҳам сийрак.
Сайр қилгани чиқсанг қоқ тунда,
Ушлаб кетар миршаблар, зийрак.
О, билсайдинг мен келган ерда,
Отлар қандай кишнаб юришин.
Завқин бериб бўлмайди шеърда,
Кучукваччаларнинг урушин.
Саратонда дайдилаб, санқиб,
Теракзорда ўйнардик соққа.
Шалваримиз пойчасин танғиб,
Чирмашардик қари ёнғоққа.
Сен қафасда кўрган илонни,
Мен тортиб юрардим думидан.
Кучугим бўларди суллонли,
Чўмилардик қишлоқ гумида.
Айтаверсам минг бир кеча кам,
Кўзларимдан ўқи давомин.
Мени шоир қилган тош кўчам,
Лек оляпти шаҳар савобин.
…Кибор бўйинбоғим ечгин-да,
Жоним, қўшиқ куйлаб бер мунгли.
Ой сутидан қониб ичсин-да,
Ўйнаб келсин тўпори кўнглим.
Зериктирди шаҳар шовқини…
БАХТ
Кўзларингга йиқилди осмон,
Кипригингда қолди ой нури.
Анҳор кўнглин ғулғула босмай,
Тол кокилин қўймоқда ўриб.
Терак учларида зилзила,
Шовуллайди кекса қайрағоч.
Поёнлаган кун бошин силаб,
Кимга кийдираркин олтин тож?!
Қизиқтирмас дунёнинг ҳоли,
Тушунсангчи қувончим, чунки
Ўсган бўлса ҳамки соқолим,
Бу кеч ойни ўпишим мўмкин.
12.11.2016
***
Бу қадимий ашула,
Ой билан ўртамизда
Етмиш минг нафис шула –
телеграф симлари —
Оқиб келар қўшиқлар
Ва мен кўзларим ила
Шеър битаман бўшлиққа.
Булут ўқийди уни,
Шамол ҳам ёд олади.
Айтиб юрар хар куни
Тоғда, чўпон болакай.
Ўғирлайди қўшиғим
Бокира қизлар тушин.
Сўнг етказар нор бўлган
йигитларга бол қўшиб.
Кетмон чизган йўлакдан,
Буғдойзорга таралар.
Ҳарир пушти кўйлакда
Ҳар тонг қайта яралар.
Бу қадимий ашула.
Қарағай шохларига
Ин қурган саййоҳ қушлар
тумшуғида келган у…
13.11.2016
***
Қўшиқ айтиб рақс тушишга
ҳаққингиз йўқ ҳали!
Атрофга синчиклаб қаранг:
Гўдак нафасини соғинган сийналар,
Зирҳланган деразалар,
Қуриб бораётган денгизлар бор.
Кўчалар кўзёшу оғриққа лиқ тўла.
Яшин уриб,
жон беролмай тутаётган
Чинор,
Болаларини боқолмай
бир бурда нон илинжида дайдиб юрган она ит хаққи
Бахтингизни кўз-кўз қилишга шошилманг.
Тўйиб гул ҳидлашга
Ҳар доим вақт топилади…
17.11.2016
***
Дўппидек ер,
Серюлдуз осмон,
Чексиз ғам,
Жиндек севинч
Ва бир томчи севги.
11.12.2016
РУҲИМ
Кўзлари киртайган лочин,
Тўдасидан қувилган қашқир..
Мевасиз оғоч,
Энг чиройли ғам.
Дўппи кўрмай ўсаётган соч,
Ҳаробани соғинган ҳашам.
Ой нўрида вужудсиз соя,
Симлари узилган чилтор.
Ёшсиз йиғи,
Ниҳоят,
Саратонда ёғиб берган қор.
11.12.2016
МЕТРОДА
Сен учун тушаман метрога,
Довдираб жетонга қиламан тўлов.
Биламан, эмассан унча кетворган,
Эмассан либосга қамалган олов!
Қўёшнинг акси йўқ қароқларингда,
Китоб варақлайсан бутун йўл бўйи,
Узун ва нозик бармоқларингдан,
Ишқ ичгим келади лабимни қўйиб.
Қачон меҳварингдан ёғилар рағбат,
Кўз ташлаб қўясан кўп борса.
Ўла-ўлгунимча айтардим раҳмат,
Кимдир сен томонга туртиб юборса…
***
Шаҳрисабз, омон бўл иним!
Кўп севардим кулунларингни.
Бири опам, бириси синглим,
Авайлагин сулувларингни.
Рози бўлгин ўғлингдан Ҳисор,
Тик қоялар, серсув булутлар.
Оҳуларим — маҳбуб, беозор,
Мағрур қашқирлару бургутлар.
Мен шохини синдирган инак,
Кечир, бу дам араз битгандир.
Гунохимдан ўт қари кўппак,
Бир гал сени ёмон тепгандим.
Дўстим, нега бошгинанг эгик?
Кўзёш тўкмай кузат, илтимос.
Кел бағримга, хайрлашайлик,
Қўчоқлашиб тоғликларга хос!
Байталимни қўйдим қантариб,
Отбоқарни хушламас Тошкент.
Кетганимдан уч кун ўткариб,
Тушовидан уни озод эт…
Кечир буви, кексайган чоғинг,
Сени ташлаб… Дардинг кетмайди.
Оғриганда энди оёғинг,
Уқалашга қўлим етмайди.
Кўришгунча жайдари қишлоқ,
Ёдда тутгум: олма, токини.
Зангор осмон, эй она тупроқ,
Эхтиёт қил бобом ҳокини.
Шаҳрисабз — отамерос ер,
Қаролмайман кўзларинга тик.
Борлиғимни эгаллаган шеър
Сабаб сендан кетаяпман лек —
Япроғингни чертса бирор кас,
Эшит дунё, дангал айтаман.
Худо ҳаққи, олмоқ учун қасд,
Шу заҳоти ортга қайтаман!
Шаҳрисабз,
Омон бўл иним…
2.09.2017
ИЖОД
Жимликка бўялган деворлар,
Стол, компьютер,
кулдон,
Бир қути сигара.
Энг сара китоблар
Ҳамда —
Лўлилардан совға — гитара!
Тор хонага қамалган (баҳайбат) тўйғу
Тирқишлардан кетолмас чиқиб.
Тасаввурга бермайди ўйқу,
Кўкракдаги соат чиқ-чиқи.
Магнитофон мурватин бурайман бироз,
Юракни сел қилиб юборар Моцарт.
Тушуниксиз ёзуқлар битилган қоғоз
устида мук тушиб Сўз излайди Дард.
Чақмоқтош.
Сигара чўғланар.
(Деразадан боқар ташқари)
Шифтга ўрлар тутун
Тўлғона-тўлғона,
…тун ҳам аста бормакда қариб.
Ва қўққисдан ёза бошлар Дард,
Сигарани ғижимлар кулдон.
Соат, гитара, Моцарт!
Сасини чиқармас магнитофон.
Тонг ёришиб келар сездирмай,
Ёзар, ёзар,
Ёзаверар у.
Энди боягидай сукут бездирмас,
Коғозга пайдар-пай тўкилар туйғу.
Нуқта!
Тутун,
Оғир хўрсиниқ —
Товушсиз йиғи.
Чок-чокидан сўтраётган тун.
Соат. Гитара. Моцарт,
Ниҳоят
Хўроз қичкириғи…
18.06.2017
ХОҲЛАМАЙМАН
Кўп қаватли уй ойнасидан сокин шаҳарни кузатиб
соат чиқиллаши-да асабга тегувчи тор хонада гўзаллик ҳақда шеър ёзилаётган бир пайтда
дунёнинг қайсидир бурчагида дайди ўққа учиб,
қон тупурганча жон бераётган болани ўйлашни хоҳламайман!
Хоҳламайман!
Жонимга ачиниб,
муздек шарбат симириб
салқинда ётганимда,
Саратонга қасдма-қасд
далада ишлаётган
(мендан бўлак ҳеч кими йўқ)
қари момомни ўйлашни.
Жазманим эҳтиросли тун ҳадя этаётган дамда,
Тиззасида пишиллаб ухлаётган ўғилчамнинг
сочларини силаганча
нигоҳлари эшикка маҳтал хотинимни
ўйлашни хоҳламайман!
Ўлим, охиратдаги ҳаёт
ва шунга ўхшаш
майда-чуйдалар ҳақида ўйлашни хоҳламайман!
Айни чоғда қўрқаман ва ўйлашни хоҳламайманки:
мана шу шеърни ёзиб битирмагунимча
севимли сигаретим тугаб қолишини…
04.08.2016
***
Тун маликаси,
Сув қизи – Нилуфар,
Сени ўйласам
Юрагим дув қизир
Нилуфар.
Бўғзимда қалқиб турар
Бокира сўзлар тўлқини,
Сенинг ҳам.
Бирга қочиб кетайлик десак,
Йўл қани?!
Нилуфар.
Ўн олти ёш қиз тушларидай,
Гўдак кулгуси,
Ғарибнинг тинч уйқуси каби
Ширинсан.
Унутма,
Ҳажрингда яшаб ўтяпти Бир инсон.
Юсуфчеҳра,
Сув қизи,
Аламки,
Тупроқда илдизим,
Нилуфар…
8.12.2016
ХОТИРА
Кузги боғ.
Дарахтлар оралаб кезиб юрар синиқ хотира.
У қачонлардир биз яратган шодлик топган
Хотима.
Шаклга эга эмас.
(Ҳар ёнда кўринар дараги.)
Тикилиб қарасанг
Ўхшаб кетар очиқ ярага.
Кезинаркан,
Ўргимчак тўридек нафис
Боғ чолғуси симларин
Чертиб ўтар
Нозик бармоқлари.
Ва етмиш икки томиринга кетар тармоқланиб
Гўзал, аламли, бетакрор, аччиқ
Хотира оҳанглари.
Шу зайл ўтган кунлар уммонига ботирар
Ҳар гал куз келганда
Бизни хотира.
12.11.2016
ҲАР ҲОЛДА
Оғриган жойинга туз сеп.
Оғзинга бир ҳовуч тош солгину
Иштаҳа билан чайна.
Оғриган жойинга туз сеп.
Суратдан боқиб турган кўзларга
Тамакингни эзғилаб ўчир.
Анча енгил тортасан.
Юрагингни
Игнанинг учига яшир,
Игнани тухумга,
Тухумни ғозга,
Ғозни қутига,
Қутини уммонга улоқтир.
Дард эса искович итдек
Барибир топиб олаверади.
Оғриган жойинга туз сеп.
Заҳарни заҳар кесади.
Анча енгил тортасан ҳар холда.
18.03.2017
ҲАМАЛ
Ечилгандек бўйнидан сиртмоқ,
Тўлиб кетар ариқлар лаби.
Вужудинга солади титроқ,
Дарахтларнинг хўрсиниқлари.
Потраб чиқа бошлар яшиллик,
Кўкни қоплар қушлар лашкари.
Барг ёзади шохлар яшиндек —
Табиатни бўлмас бошқариб.
Ҳиссиётлар қамалдан чиққан,
Жуфт қидириб кишнар биялар.
Пок-покиза сувлар чўққидан,
Боғлар сари келар қиялаб.
Тағин борлиқ тўхтар қаришдан,
Далаларга ажиб руҳ инди.
Энг тотлиси бу ўзгаришдан,
Сақлаб қололмайсан руҳингни.
3.04.2017
ДЕЖАВЮ
Кеча ўтган эдим
Худди шу йўлдан,
Ўша машина,
Таниш рақам…
Хўжасини йўқотган қулдай,
Қаққайиб турибман
Чоррахада.
Аниқ биламан
Соатим етти,
(Топишим керак бирор бошпана).
Кечагидай ҳаво совиб кетди,
Ҳали замон ёмғир бошланар.
Қараб туринг
Дўкондан чиқиб келган чол,
Тушуриб қўяди ҳамёнин.
Гапларимга ишонмассиз эҳтимол,
Гаров боғлайман,
Ҳозир аксиради
Анави хоним.
Айтганимдек қуйиб юборди ёмғир.
Чолнинг ҳамёнини элтиб берай деб
Йўлни кесиб ўтяпман
(Бисмилло).
Муюлишдан қайрилган машина
Мени уриб кетади ҳозир.
Мана ҳозир, ҳо…
11.04.2017
***
Гўзалларга тикилма узоқ,
Улар сохта, беқўним, тошқалб.
Муҳаббат бу чиройли тузоқ,
Қалбим!
Сенинг йўриғинг бошқа.
Мен ўткинчи, фақат сен мангу,
Ёлғонларга сачрат қахрингни.
Ахир бўрон бўлмоқчисан-ку,
Эпкинларга очма бағрингни.
Бас, ўткинчи ҳислардан чекил,
Енгил-елпи қўшиқлар айтма.
Ҳақиқат-чун ҳар тонг муттасил,
Жанга кириш,
Қайтма! Қайтма!
Оғриқларинг пешонанга зеб,
Авайлагин уларни доим.
Сени фақат гул ҳидласин деб,
Яратмаган ахир Худойим.
6.03.2017
***
Бармоғидан айрилган кулол —
Дала босолмас ғазабини.
Сира озор чекмай, бемалол,
Судраб келдик тут жасадини.
Пайқамади қишлоқи итлар,
Чумчуқ уйқу чоллар қаёқда?
Фақат ҳилол кузатди титраб,
Уммондаги ёлғиз маёқдай.
Йиғлаб келди йўл бўйи сездим,
Қишнинг ўлжаси жувонмарг тут.
Юрагимни бир фарёд эзди,
«Қондошингни қилдинг-ку нобуд».
Тупроққа ёқмади қилмишим,
Айбимга рўйи-рост аминман.
…Остонамда ётар буришиб,
Баҳайбат бармоғи заминнинг.
9.12.2016
ТИТРОҚ
Орқамдан бир жонталаб ғаним,
Бошимга тош билан ургандай
Титраб кетар негадир таним,
Кетмон тутиб ерга кирганда.
Тақдирим бўлаётгандай ҳал,
Йўлиққандай оғир савдолар.
Кечалари шеър келган маҳал,
Оёқ-қўлим қалтираб қолар…
Тошларнида кесарди сўзи,
Беролмасди шайтонлар фириб.
Ноҳақликка тушганда кўзи,
Титроқ босса ҳар ўзбек эрин.
Ахир балиқ эмас-ку одам,
Ой ҳам қуёш у учун порлар.
Қадрлидир менга дунёда,
Юрагида титроғи борлар!
12.04.2017
* * *
Ўндан тўққиз шоир майдагап,
Мардлар чиқар аҳён-аҳёнда.
Туғулсайди дейман қайтадан,
Аъзам Ўктам, Шавкат Раҳмонлар.
Пошшоларнинг кўзига қараб.
Қўрқмай дардинг айтгувчилар кам,
…Дорда қалкиб турибди Машраб…
Бериб қўйдинг Абдуллани ҳам,
Олқишлашиб ватанни тилда,
Ғоз юришар сочни турмаклаб.
Қарсакбозлик авж олган элда,
Кўкарарми олов юраклар?!
Қачон учқун сачратган кесак,
Беҳуда сарфлама зарингни.
Ич-ичингдан покланай десанг,
Саралаб ол шоирларингни.
18.11.2016
БУЗИЛГАН ЎЛКАДА ЭРК
Бунда ҳамма ўзини ўйлар,
Бунда барча дарвозалар берк.
Кўчаларда номини куйлаб,
Тентиб юрар аламзада эрк.
Нигоҳидан сачрайди қайғу,
Муҳаббатдан, шодликдан ҳоли.
Замоннинг ёдидан чиққан у,
Музейдаги ханжар мисоли.
Синиқ ойналардан дамба-дам,
Олайиб қарайди асирлар…
Хушлашмайди харобада ҳам,
Сиғдиришмас ҳатто қасрда.
Тугаб борар саботи, кучи,
Судралади ит талагандай.
Аллақачон кетарди учиб,
Қанотларин кесишмаганда…
10.04.2017
САБАБ
Мен нега Тошкентга бормайман,
Чунки боқиб бўлмайди сигир.
Бунда кетмон чопиб хормайман,
Кенг шаҳарга сиғмам негадир.
Қулунламас унда биялар,
Бўрибосар итлар ҳурмайди.
Қиш кечаси тоғдан қиялаб,
Оч қашқирлар изғиб юрмайди.
Чангитгани тупроқ йўллар йўқ,
Ялтирайди офтобда асфалт.
На булоқ бор ва на тош қудуқ…
Босиб кетар ичингни ҳасрат.
Ахир тушунсангчи дилбарим,
От боқмай яшашнинг гашти йўқ.
Авваллар бўлгандир, билмадим,
Буғдой экай десанг дашти йўқ.
Юрак сиқар милтиқ отмасам,
Қилиб бўлмас бирор телбалик.
Қодирийни танимасанг ҳам,
Саломинга олишар алик.
Етар!
Ортиқ қийнама эй гул,
(Бу гал ҳам қолдирдим сафарни.)
Менсиз ҳам пойтахтда шоир мўл,
Ўшалар гуллатсин шаҳарни.
Энди ишга.
Анча олдик тин,
Ҳа, шунақа ўжар боламан.
Кўрасан, қишлоқда туриб мен,
Тошкентни ларзага соламан!
Келишмайин тиллари сўзга,
(Ўзларича шеърда моҳирлар)
О, ўшанда ёш олиб кўзга,
Қишлоғига қайтар шоирлар.
22.03.2017
***
Югур қашқир, қарама ортга,
Қамчиси-ла кесиб ҳавони.
Елкасига милтиғин ортган
Овчи келаяпти — бигиз товонли.
Чоп, аяма панжаларингни,
Болаларинг ҳаққи тўхтама.
Қулат қўрқув панжарасини,
Чўчимагин дайди ўқданам.
Ой — сут тўлғазилган пиёла.
Ярақлайди чўққилар қори.
Боравер қашқирим қиялаб,
Юқори, янаям юқори.
Овчи тишларинга ишқибоз,
Тирноғинг ҳам бойитар уни.
Тағин чақар кўксини новвос,
Бўғизланган отарнинг хуни.
Йўқ, жойида тўхтади бўри,
Чек қўймокчун азалий жанга.
Топталарди ахир ғурури,
Ёвни бошлаб кирса ватанга!
Мағрур турди тишларин қайраб,
Ол дегандай овчи ўчингни.
Ўқ овози кетди варанглаб…
Жондор ялаб қонли лўнжини,
Рақибга ташланди шердайин,
Қуриганди ўлжанинг шўри.
Кетиб борар энди гердайиб,
Тоғлар томон ярадор бўри.
9.11.2016.
НИЯТ
Аваз Малик — қадимий қишлоқ,
Қадимийдир қабристони-да.
Унда ётар бобомиз
Шундоқ,
Раҳматли отасин ёнида.
Соя ташлаб турар кекса тут,
Паналайди ёмғирдан, қордан.
Сал нарида — ҳужрада тобут,
Пусиб ётар айбдорлардай…
Бир сўзли одам эди бобом,
Бир қалкиди, бир бор йиқилди.
Ваъда берганидек бир оқшом,
Отасининг ёнига келди.
О, ўшанда ич-этимни еб…
Лекин қойил инсон сабрига.
Қиёматда енгил юрсин деб,
Кичикроқ тош қўйдик қабрига.
Ниятларим келиб ўнгидан,
(Мен ҳам дангал гапимни айтай!)
Қайда бўлмай, сафар сўнгида,
Бобом ётган тупроққа қайтай.
10.05.2017
***
Нега севгини тузлаб бўлмайди?
Тузлаб бўлмас нега дўстликни?
Туз
Бузулишдан асраши мумкин-ку туйғуларни ҳам.
Ҳаммасига фикр айбдор!
Негаки,
Баҳор ҳавосидек ўзгарувчан бизнинг фикримиз.
Агар туз ҳақдаги тахмин
тўғри чиқса,
Аввало фикрни тузламоқ керак.
Ёдда тутинг,
Аввал фикрни!
18.07.2017
* * *
Булутдек,
Шамолдек,
Қуш каби озод кўнглимни
Занжирбанд қул мисол
пойингга келтирмак истайман —
Токи телба руҳимга ҳукумронлик қил!
Майсаларнинг тилини ўргат,
Тошларнинг сабрини.
Аллоҳ жамолига йўл кўрсат,
Кўрсат Мажнуннинг қабрини.
Дардимнинг бир тишламин улашай унга…
Ёмғир,
Тўртинчи қават деразасидан
шалаббо шаҳарни ёлғиз кузатмоқ
Нақадар оғир.
Нигоҳимдан тўкилар
Фикрлар, ўйлар:
Анави соябон остида кетаётган сендирсан балки,
Исмингни айтиб чақирсам
Илғармикин мени мовий кўзларинг,
Қоронғуликда?!
Йўқ, бу дам ширин уйқудасан гўзалим.
Тушларингда юрган кимсага айланиб қолмоқни
шу қадар истайманки…
Эх!
Дарвоқе — туш!
Туш бўлсам қаниди,
Фақат сен кўришга қодир бўлган туш.
Алам қилгани
Мен на шоирман на рассом,
Йўқса,
Самовий гўзаллигинг,
Кўзинга ботириб олинган осмон,
Осмонга қоришиб кетган кўзларинг қошида титроққа тушмай
Шоҳ асар яратган бўлардим
Аллақачоноқ,
Мангуликка дахлдор асар!
Нақадар ночорман севгилим…
Ярим тун,
Кузнинг илк ёмғиридан мосуво
Тўрт девор ичида
сенлашган ҳаёлларга берилиб,
Кетма-кет кулдонга босилаётган соғинч оғушида карахтман.
…майсаларнинг тилини ўргат,
Ўргат
Кўзларинг — самога
Ой нуридан тирмашиб чиқиш сиррини.
Тоғлардек,
Уммонлардек,
Пирамидалар мисол мағрур кўнглимни
Занжирбанд қул каби
пойингга келтирдим ахир.
30.09.2017
***
Тонг ёйганда заррин сочларин,
Сигарасин чўғлатганда уфқ.
Юрагимнинг қариндошлари —
Чўққиларга қиламан қуллуқ.
Сўнг олача чопоним кийиб,
Йўл оламан мозор бошига.
Унда «инсон ўткинчидир» деб,
Ёзилган бир қабр тошига.
Йиғлаб-йиғлаб ўқигач дуо,
Қўзғаламан қоқилаб тўним.
Сизда қандай билмадим аммо,
Менинг шундай бошланар куним.
27.03.2017
ҚИМОР
Қарта чийланди.
Сенда туз,
Менда қирол,
Унда эса ҳечвақо.
…соатимни тикаман,
Сен қиммат камзўлингни.
Ўйлаб ҳам ўтирмай у
Ташлайди бор бисотин.
Чекинаман шу заҳот,
Сени босади қўрқув.
Таваккал қил!
Ютасан
Ё бари бўлар барбот.
Йўқ.
Ўйиндан чиқасан,
Ғазабланиб, уф тортиб.
Соатим ва камзўлинг
Унга этилар тортиқ.
Ваҳолангки,
Сенда туз,
Менда қирол,
Унда эса ҳечвақо.
6.04.2017
***
Менинг уйим — менинг ватаним,
Ундаги ҳамма нарса меники.
Шифтдаги қалдирғоч ини ва
Ушоқ судраб кетаётган
Анави чумоли ҳам.
Истасам чекаман,
Истамасам — йўқ.
Ўз тилимда сўзлайман
Келган одамга.
Хоҳлаганимдек
Безайман уни.
Томорқага эҳтиёжимга қараб
Уруғ сепаман.
Беҳосдан гиламга
Қаҳва тўкиб юборсам
Ҳеч ким урушмайди,
Мушт тушурмайди.
Менинг уйим — менинг ватаним.
Унда шоҳ ҳам
Авом ҳам ўзим.
31.03.2017
***
Столда хат қолдирди ёзиб,
(Ташқарида ёмғир,
Ташқарида куз)
Ва қўлига олиб палтосин
Чиқиб кетди оҳиста босиб.
Энди у қайтмайди
Бу аниқ.
Ҳаёт нақадар абсурд (бемани).
Кечагина усиз яшай олмасдим,
Ҳозир эса
Оғриган тишини олдирган кишидай
Хотиржам ётибман ўрнимда.
31.03.2017
***
Жамолунгма ёлғиз ўй сурар,
Дардкаши йўқ дунёда унинг.
Булутларга осилган сурат,
Тимсоли энг оғир қайғунинг.
Танҳоликда яшар эҳ ғариб,
Ўхшамайди на сен, на менга.
Қанча баланд ўсгани сари,
Шунча ботиб борар заминга.
Қояларни назарга илмас,
Ошкор этмас асли кимлигин.
Дардларини дастурхон қилмас,
Унинг буюклиги — жимлиги.
Сукут тоғи — мағрур салобат,
Қўзғолса ҳар балога қодир!
Жамолунгма — Арши Аълодан,
Ерга қулаб тушган баҳодир.
31.03.2017
***
Шоир дўстим, тилларинг бурро,
Қайга борма ўтасан тўрга.
Аммо олқиш битишдан кўпроқ,
Ғанимга тик боқишни ўрган!
Ўрган қилич тўтмоқни аввал,
От чоптириб тургин ҳар замон.
Давраларда сўзлагин дангал,
Тез-тез машқ қил отишни камон.
Шоирман деб шаробга чўмиб,
Тамакингдан бурқситганча дуд.
Ноҳақликка кўзингни юмиб,
Пусиб юрма, ўзни мағрур тут.
Қўқис юртни босганида ёв,
Ғазаб, нафрат жўшиб танада.
Жанг бўлиб тўрганда беаёв,
Шеър ёзиб ўтирсанг панада —
«Кўнглимни доғлади бир санам…»,
Бефойда. Оқизма ёшингни.
Худо хаққи гуноҳ бўлса ҳам,
Чавақлаб ташлайман бошингни!
21.08.2017
***
Тоғларга чиқ, ҳолини сўра,
Ҳар бир майса, ҳар битта тошни.
Эркалатгин: дагарим, тўрам,
Елканга миндириб қўёшни.
Пастда қолсин чўққилар, шамол,
Пуфлаб учур юлдуз уюрин.
Миррихга бош кўйиб ором ол,
Юрагингни эркин қўйириб.
Ортиқ сени чўчитмас соя,
Ахир шуни истардинг мудом.
Қара, қандай мукаммал ғоя,
Тоғ! Чексизлик! Инсон ва Худо!
Энди қўрқмай яшашинг мумкин,
Сингиб кетди руҳингга виқор.
Ўлимга тик боқасан,
Чунки
Елкангда қўёшнинг изи бор!
5.10.2017
***
Хонгулларга ишқибозмасман,
Капалаклар билан ишим йўқ.
Қушларнинг тилини билмасман,
Оҳулардан яқин кишим йўк.
Дийдам қаттиқ, сўзларим дағал,
Сулҳ ўрнига кўтараман мушт.
Кўчаларда кезиб бемаҳал,
Дарвешлардек юраман сархуш.
Тамакини қилмайман канда,
Гоҳ-гоҳида ўйнайман қимор.
Даҳшатлиси — шундоқ елкамда,
Дўстим урган ҳанжар изи бор!
Шундан буён ҳолатим абас,
Шундан буён кўнгилда жарлик.
Шундан нафис гулларни эмас,
Хуш кўраман ростгўй ҳанжарни.
9.07.2017
САРАТОН
Шамол уйғот булутни,
Қани кузги жалалар?
У йиғлашни унутди,
Самум ўйнар далада.
Тубига чўккан ойни
Тутолмай сой чайқалар.
…тебранмас кўкдан айниб,
Қопар тунни бақалар.
Хўрсинар овчи, бугун
Ўлжасиз қайтди овдан.
Қуёшга муштин тугиб,
Ёмғир сўрар тар новда.
Ўзидан куйиб чилла,
Хансирар, бир соя йўқ.
Аста-секин имиллаб,
Чўкиб боряпти қудуқ…
31.10.2016
***
Бу кеча:
Каллакланган тутлар учун йиғладим,
Йиғладим отилган кийиклар учун.
Банди бургутлар,
Ширяланғоч симёғоч,
Қилтомоқ дарёлар,
Чўкиб қолган тоғлар.
Бепушт эр,
Ўқилмаган китоб,
Чўқилмаган мева,
Усмон Носир бўғзида қон бўлиб қотган
Сўнги шеър-р!
Ўзини қирғоққа уриб
Жон бераётган Кўк китлар,
Бузилган дунё,
Хиралашган осмон,
Бевақт узилган ҳар бир япроқ
Ва сенга етолмаган,
Изҳорин айтолмаган
Ожиз юрагим учун
Тўйиб-тўйиб йиғладим,
Куйиб-куйиб йиғладим.
Тонг!
Хонам бўйлаб сочилиб ётар,
Чекиб ташланган юрак қолдиқлари…
15.08.2017
***
Уйғондингми, саҳар муборак!
Демак ҳаёт — ўлимла кураш.
…Юрагингни тўкиб юборар,
Автобусда бир ўтли қараш.
Қизил чироқ. Тўхтайди қатнов,
Йўлни кесиб ўта бошлайсан.
Билиб-билмай бир қизга ногоҳ,
Меҳр тўла нигоҳ ташлайсан.
Кутиб олар корхонанг сени,
Такрорий кун қўзғайди ғашинг.
Жаранглатиб сохта кулгуни,
Киришасан ишга бош қашиб.
Тарқоқлашиб бораверар ўй,
Хона, стол ортиқ ярашмас.
Радиодан янграр соҳир куй,
«Автобус, йўл, ўтли қарашлар…»
«Жонга тегди қолипда яшаш!»
…Бошлиқ сезмас эшик ёпганинг.
А-аста чиқиб кетасан, оташ
Нигоҳларни излаб топгани…
19.07.2017 Арча кўча.
23
23 — исёнкор рақам!
Бошидан то тубигача ўт.
Умр чораги — чорраҳа,
Эверестни забд этган бургут.
23 — безори бола,
Сал нарсага қўзғалар ғаши.
Капалакка лиммо-лим олам
Ва бир қизнинг ўтли қараши.
23 — қайноқ оғушлар,
Шеърга кўчган эҳтиросли тун.
…деворларни қонатган муштлар,
Қучоқлаб йиғланган тош устун.
23 — лўливаш сабоқ,
Томирларга сиғмаётган қон.
Лақиллатиб кетилган қишлоқ,
Бекатларда оттирилган тонг.
23 — мустақил ҳаёт,
Сараланган туйғулар, дўстлар.
Уюрини қўмсаётган от,
Чертиб юборилган афсуслар.
23 — болалик доғи,
Эртанги кун олдидан ҳадик.
23 — энди бу ёғи,
Тасаввурга сиғмас кексалик.
2.06.2017.
АЙРИЛИҚ
Шом.
Момиқ патларин
Йиғиб оларкан қуёш
Автобусга ўтириб
Кўнглимни бўшатгани
Хиёбонга жўнадим.
Кирарканман дарвоза
Худди ташланмоқчидай
Ириллади рўйи-рост.
Ва тағин қора мушук
кесиб ўтди йўлимни
Сўнг ташландиқ инларин
Улоқтирди дарахтлар
Мени кўриб букчайиб
олди таниш ўриндиқ.
Анҳорда балиқлар йўқ,
Қурбақалар сайроғи
Кар қилгудек қулоқни.
Дунёнинг бор қарғишин
Пешонамга битгандек
Номалум
Бадбахт ҳаттот
Соатимга қарайман
У ҳам тўхтаган ҳатто.
Тамакимни оламан.
Бари қилгандек камлик
Тушуриб қолдирибман
Автобусда гугурт ва
Сендан қолган ягона
Эсдалик —
ҳамёнимни.
1.06.2017
ҚАНДАЙ МОВИЙ, ҚАНДАЙ ЛОЖУВАРД
Кузги осмон, дилбарим Нигор.
Худди кўзгу, юқмагандай гард,
Қара, ғамлар бўлмишдир бекор.
Қандай мовий, қандай ложувард.
Тикилишар олисдан мағрур,
Ҳисортоғнинг тик қоялари.
Жонланади хотирда масрур,
Жек Лондоннинг ҳикоялари.
Ҳисортоғнинг тик қоялари.
Пастлаб учган қушларни кўриб,
Тошиб чиқар юракдан завқинг.
Тополмайсан жаннатга кириб,
О, бундайин лаҳзалар шавқин.
Пастлаб учган қушларни кўриб.
Муҳаббатдан сўз очган маҳал,
Қизаради нечун юзларинг?
Менда кўнглинг борлигин гўзал,
Ошкор этиб қўйди кўзларинг.
Қизаради нечун юзларинг?!
Лабларимла тутиб олгум бор,
Кипригинга илашган нурни.
Садағаси кетайин Нигор,
Яноғинга ярашган дурнинг
Лабларимла тутиб олгум бор.
Кенг адрлар, бахмал далалар…
Шаҳрисабзнинг жон дилбандимиз.
Тупроғида меҳр яралар,
Иккимиз ҳам ишққа бандимиз.
Кенг адрлар, бахмал далалар.
Жилғалардан таралмоқда куй,
Сочинг билан ўйнашар шамол.
Кел, дунёни бир чеккага қўй,
Эрта умрим тугар эҳтимол.
Жилғалардан таралмоқда кўй.
Қандай мовий, қандай ложувард,
Кузги осмон, дилбарим Нигор…
4.12.2016
ЖУМБОҚ
Ҳамма нарса маълум дунёда,
Жумбоқ бу мен
Фақат мен жумбоқ.
Рўпарамда ўтирган одам,
Мағзимни чақ
Ва ёки жим боқ.
Ёнғоқ мағзин яширган мисол,
Чиним тўсиб турар паранжи.
Юзимдан ниқобим йиртиб ол,
Йўқса кет. Ўксимай ранжиб…
Бунга фақат энглар қодир энг,
Моҳиятнинг сарҳиллигидан
Эсанкираб қолишар ва
Мен
Мени ечган ақлникиман.
19.05.2017
***
Ким бахт топган ичига ютиб,
Тўкиб ташла ғам-андуҳингни.
Кўкрагингни шамолга тутиб,
Енгиллатиб олгин руҳингни.
Яйловларга бор, тоғларга чиқ,
Озод қушлар галасин кузат.
Ташвишларга аччиқма-аччиқ,
Магрур яша, то сўнги фурсат…
Оғир ўйлар — кўринмас қафас,
Қайғу — чаён,
Дардлар — қопағон.
Бир амаллаб ёриб ўтсанг бас,
Диққанафас ҳаёт қобиғин.
Ўзлигингни англа қисқаси,
Дунё — жанггоҳ.
Майдонга тушдинг.
Тугулганча қолиб кетмасин,
Ерк йўлида бириккан муштинг!
29.04.2017
* * *
Бир яхшилик қилсангчи жоним,
Мендан кеч ва излама қайтиб.
Бир яхшилик қилсангчи жоним,
Бир умрга алвидо айтиб.
Мендан хафа бўлмагин фақат,
Бу аслида кўнгил хоҳиши.
Билмасмидинг, дардсиз муҳаббат,
Жуда эрта завол топишин.
Ортиқ сенга эмасман қарам,
Энди буткул очиқ орамиз.
Буёғига Худога қараб,
Бошқа-бошқа йўлдан борамиз.
25.04.2017
***
Бир кечада сени унутдим,
Бир кечада сўнди муҳаббат.
Эртасига атиргул тутиб,
Ўзга қизга битдим ишқий хат.
Синганим йўқ, мағрур турибман,
Энди кўкни тутар фарёдинг.
Айрилиқдан қўрқиб юрибман,
Бир кечалик экан-ку ёдинг.
18.05.2017
***
Кетяпсанми?
Майли, яхши бор,
Қарамагин ортинга зимдан.
Фақат битта илтимос, дилдор,
Ўзингни олиб кет қалбимдан.
Яна бир гап,
Кетишдан олдин,
Қувиб чиқар уйдан атрингни.
(Бунда ёлғиз ўзимни қолдир)
Ёқиб юбор суратларингни.
Сенга аталган шеърлар ва
Ёқтирган китобларни ол.
Шкафда кўйлакларингни кўрмай!
Буёғига яшай бемалол.
(Истайманки орзўйинга ет)
Афсус чекмаслик-чун умр сўнгида,
Барини ўзингла ола кет,
Ҳеч вақо қолмасин севгидан.
24.05.2017
***
Дилдирайди қорайган осмон,
Чақмоқ булут кўксин чўқилар.
Ёмғир қуяр,
Ерда шу замон,
Кундузнинг мотами ўқилар.
Яна тунла келдим юзма-юз,
Юзинчи ё мингинчи бора.
Сендан дарак бўлмади ҳануз,
Ҳануз ишқнинг юзлари қора.
Қайтаман дегандинг, ишондим,
Гарчи ёлғон эди сўзларинг.
Айрилиққа қонганча қондим,
Бугун кимни аврар кўзларинг?!
Биламан ғўр умидлар сароб,
Гўзаллар унутгай ахдини.
О, барибир раҳмат дилрабо,
Қолдирдинг-ку кутиш бахтини.
Яна тунла келдим юзма-юз…
1.03.2017
***
Ишкомда осиғли
Баҳайбат қафас —
Қанотлилар этилган банди.
Дон илинжида сайрайди булбул,
Беданани қилиб шарманда.
Қилмок бўлиб булбулга тақлид,
Бор овозда чиранар каклик.
Қафасда ҳам касбини қўймай,
Икки мода ғийбатчи майна,
Олди-қочти гапларни чайнар.
Бир завқланар томоша қилиб
Чой хўпларкан сўрида овчи.
…Қорли чўққиларга кўз тикиб,
фақат жим турарди мағрур сарлочин.
23.05.2017
***
Машина қўзғалмас
Ўт олдирмасанг,
Ем емаса
Сут бермас сигир.
Энг яқининг — ўлимга эса
Барибир.
Гугурт чақсанг
Оловга тегиб,
Сигарангдан дуд бўралайди.
Ўлимнинг хизмати текин,
У сендан ҳақ сўрамайди.
Хабар олар кунда уч бора,
Тўламайсан йўл кира ҳақин.
Қайтамга жеркийсан (ичи қора),
У барибир соянгдек яқин.
Кетганингда баъзан қутуриб,
Уни эсла,
Тинчир ҳолатинг.
Ёнингда шундайин дўст туриб,
Ёлғизман дейишинг ғалати.
18.05.2017
***
Тоғлар билан тиллашиб келдим,
Шамоллар-ла шеър айтишдим соз.
Қулунларга эргашиб елдим —
Руҳим кўкка қилдия парвоз.
Тубсиз жарлик лабида туриб,
Қўлларимни ёздим қанотдай.
Овозим борича ҳайқириб,
Миннатдорман дедим ҳаётдан.
Ҳарсангларга босдим юзимни,
Муздек булоқ сувига қондим.
Қушдек енгил сездим ўзимни,
Мен шу куни қайта уйғондим.
Кўп яйради юрагим — кийик,
Индамадим, қиялаб кетди…
Энди пастда яшашим қийин,
Чунки руҳим чўққига етди.
1.05.2017
Тошкент-Паркент.
***
Ёлғизлик истадим.
Етишдим.
…Тун. Китоблар. Кулдон. Сукунат.
Деразамдан ташлаб кетишди,
Эгаси номалум ишқий хат.
Энгашаман столга беҳол,
Конвертни авайлаб ертаман.
Қисқагина жумла «эслаб қол,
Кўргани бораман эртага».
Кимлигига қизиқмайман ҳам,
Ирғитаман ғижимлаб хатни.
Кетиш керак (чўкар ҳафсалам)
Бой бермасдан туриб фурсатни.
Тағин йўл.
Кетяпман пиёда,
Бошимдан нур элар кекса ой.
Юрагим, бормикан дунёда,
Ҳеч ким йўқлаб бормайдиган жой.
15.03.2017
ШОИР
Ҳайдаб солди уни ёлғиз уй,
Сиғдирмади ортиқ бағрига.
Кун очиқ эди, осмон хушрўй,
Қўвғинди шоирнинг бахтига.
Пайпаслади чўнтакларини,
Тамакиси, гугурти ҳам бор.
Кўнглидан хавотир ариди,
Энди кезса бўлар телбавор.
Кетар экан кескин қайрилиб,
Кулбасига қаради хомуш.
Юрагини эзди айрилиқ.
Эшик турар дўлайтириб мушт.
Деразадан боқар ичкари,
Ҳилвираган ёлғизлик билан.
Кўринарди зўрға кичрайиб,
Девордаги аравон гилам.
Бир хўрсиниб қўл силтади у,
Эшикнинг мушт кесакисига.
«Хайр, энди қайтмайман мангу.»
… Гугурт чақти, чўғланди сигар.
Узоқ юрди кўча чангитиб,
Кун чекинди, қуйилди оқшом.
Шу кун эрк нелигин англади,
Ўзига хон, ўзига подшо.
Аввал уйдан чиқмасди сира,
Кўча билан йўқ эди иши.
Тинмай ёзиш ҳамда ижара
Пулин топиш бўлган ташвиши.
Энди билди ва ёзди сармаст,
«Яшаш учун беташвиш, бекам.
Шоирларга уй керак эмас,
Энг муҳими озодлик экан!»
Бошқа дунё, янги қадамлар,
Ҳаммасини тушуниб етди.
Кўчадаги озод одамлар
Оқимига қўшилиб кетди…
18.03.2017
***
Гавжум уйда ёп-ёлғиз
Елкаларинг қабартар жимлик.
Тунлар ойдан тушиб ялмоғиз,
Тутар аччиқ-аччиқ ичимлик.
Термуласан йўлга нигорон,
Термуласан уфқлар сари.
Чап кўксингда уйғонар бўрон,
Чиқиб кетар руҳинг сарсари.
Тушуниксиз туйғулар босар,
Маст бўласан лўливаш ҳисдан.
Юрагингни ўйнатиб роса,
Бир телбалик чорлар олисдан.
Чипта олиб сўнги чақанга,
(Бу тўғрими йўқми билмадим)
Сездирмасдан болачақанга,
Уйдан чиқиб кетасан дадил.
Кўчаларда тентираб, санғиб,
Кечикасан поездга атай.
Ва ўзингни оқлайсан тағин,
«Сал олдинроқ келмапман, аттанг».
Сўнг ортинга қайтасан хомуш,
Саҳар вақти уйга кирасан.
Пешонанга тушуриб бир мушт,
Аввалгидек яшайверасан.
9.03.2017
ИҚРОР
Етар!
Жим юролмайман, йўқ,
Майли кесиб ташланг тилимни.
«Искандарнинг шохи бор, қудуқ»,
Яшолмайман алдаб элимни.
Охир сабр косаси тўлди,
Ортиқ ёвга эмасман шерик.
Қодирийни отганлар ўлди,
Қодирийни сотганлар тирик!
…Тўғри, мен ҳам қаттиқ адашдим,
Таниб олдим ўзимни бироқ.
Бу ёғига қўрқиб яшашдан,
Рост гапириб ўлган яхшироқ.
8.04.2017
***
Бурнидан нарёғин кўролмас,
Фосиқлар кўп ҳали дунёда.
Кўчада шунчаки юролмас,
Биз каби хотиржам, пиёда.
Қўрқишар юзма-юз келишдан,
Ўқ узишар ортингдан мудом.
Кўриниши пўрим, келишган,
Санашади ўзларин Худо.
Елкалари булутга тегиб,
Гўё тутиб турар самони.
Бошқалар яшасин бош эгиб,
Айтишар «бу зўрлар замони».
Тан олишмас ўзгарди ҳаёт,
Биров боқмас «чиз-чиз»ларига.
Билишмаски, аллақачоноқ,
Қурт тушган ўқ илдизларига…
27.03.2017
***
Бу одам ўзидан бехабар,
Оғзи полвон, анчайин ғўрроқ.
Жанжал чиқаради бесабаб,
Ақли ноқис, тиллари бурро.
Бўшаб қолса туйқус киссаси.
Ўзин минг хил тусга солади.
Бир оғиз гап билан қисқаси,
Министрни ишдан олади.
«Бардам бўлинг юртдошлар бардам»,
Ёлғондакам куюнар ҳар гал.
Катта-катта анжуманларда,
Юрт тақдирин қилиб қўяр ҳал.
Бир иш келмас аммо қўлидан,
Орттиргани ғийбат — маҳорат.
Чиқиб қолманг тағин йўлидан,
Бутун жисми тилдан иборат.
25.03.2017
***
Сен жудаям енгил ўйлайсан,
Дейлик ҳарсангни тош деб.
Биров ёзган шеърни куйлайсан,
Биров тўнин юрасан кийиб.
Шоирдан ундирасан тамаки,
Ишга борасан таниш уловда.
Сенда аслият йўқ,
Бари хомаки,
Шундай яшаб ўтасан дунёдан.
Ўз сўзинг бўлмаган ҳеч қачон,
Ҳеч қачон борингни кўрмайсан баҳам.
«Қолдиқлар”га кўниккан инсон,
Бировдан олгансан хотинингни ҳам.
18.03.2017
***
Уйғон!
Уй. Метро. Иш-метро-уй,
Улгурмайсан ҳатто совушга.
Кунда такрорланар уш бу куй,
Худдики у сенла қовушган.
Нечта боғ бор Тошкент шаҳрида?
Фавворалар, театр, музей…
Бир кунингни кечиб баҳридан,
Юрганмисан кўчада ўзи?!
Қачон кирдинг гул дўконига?
Китоб олиб қайтармидинг ҳеч?
Уйингда бордайин жодугар,
Таппа ташлаб ухлайсан ҳар кеч.
На ўйлайсан, на туш кўрасан,
Такрорланар тағин ўша куй.
Ҳой, шошмасангчи, улгурасан,
«Уйғон!
Ўй-метро-иш-метро-уй».
Кўрмагандим сендан баттарни,
Метинданми дейман ирода.
Ҳеч бўлмаса якшанбаларни,
Ўзинг учун сарфла биродар.
3.03.2017
БИР ДЎСТИМ
У овсар, ўта анқов,
Иши юришмайди ҳеч.
Йўлин босиб кетган ғов…
Кўзида эса севинч.
Сезмайсиз ҳам борлигин,
На тўйда, на азада.
Кимга дўст, хўшторлигин,
Шундайларга мазада.
Бировга бўйин эгмас,
Кўнгли подшо-камбағал.
Қўлдай яшайди бегмас,
Мағрур, чўрткесар, дағал.
Ҳаёти бўларди зўр,
Гапга қўлоқ илмайди.
Сўтак! Довдир! Ландавур,
Маддоҳликни билмайди.
10.03.2017
ЯНА БИР ДЎСТИМ
Ишга бориб келади бирдай,
Бировга тегмайди зиёни.
Тўқсонни ҳатлаган кампирдай,
Унутиб юборган дунёни.
Байрамларда кўзга ташланмас,
Юрар ўзин панага олиб.
Йўқчиликда кўнгли ғашланмас,
Яшамайди тақдирдан нолиб.
Ҳайиқади нафснинг тиғидан,
Жонига қасд қилинг, кечирар.
Осмон ва Ер оралиғида,
Камтарона ҳаёт кечирар.
Иймонига нахсни йўлатмай,
Пок сақлайди доим виждонни.
Олиб юрар ҳеч кимга айтмай,
Юрагида Ўзбекистонни.
10.03.2017
* * *
Қонга беланиб ётар
Она ит жасади.
Атрофида ғингшинар
Болалари асабий.
Далалар узра ҳоким
Олов пуркар саратон.
Жавдар чайқалар сокин
Қақраган ер — ярадор.
Шўрлик ит.
Қуриган эмчакларин
Сўрар кучукчалари,
Мазах қилгандек шамол
Чўзиб ҳўштак чалади.
Очиқ қолган кўзига
Тўлиб қолган шўр ёши,
Қизиб борар офтобда
Кўксидаги қўрғошин…
12.11.2016
* * *
Ноябр — совуққон машуқа,
(Қор учқунлагандир Тибетда?)
Куз ҳақида айтиб ашула,
Сайр қилсанг велоспетда.
Бўронларни қамаб қалбинга,
Чопоғон булутлардан ўзиб.
Талпинсанг — олдинга, олдинга,
Кетса пахмоқ сочларинг тўзиб.
Тоғ тушса елканга ортилган,
Дафатан кўк соқов, ер соқов.
Шивирлаб қолишса ортингдан,
«Ким экан бу телба, серсоқол?»
К,олмаса синоат, «?»лар,
«-«лар бўълолмаса ғов.
Четлансанг қофия, туроқдан,
Далалар — ҳаяжон,
Тераклар — «!».
Педалга мос айланса гардун,
Севинсанг мўл қайтгандек овдан.
Титраб кетса юрагинг мардум,
Чимилдиққа кирган куёвдай.
Тағин ёмғир қуйиб юборса,
Тут панасига ўтиб олиб.
Тасаввурни қўйиб юборсанг,
Чўнтагига муҳаббат солиб.
Ким ҳам шундай лаҳзани кўрган,
Ҳавони симириб тўймасанг.
Деразадан термўлиб турган,
Севгилинг ҳақида ўйласанг…
Ноябр.
13.11.2016
* * *
Мени босиб ўтилмаган эмас,
Ортда қолган йўллар ўйлантиради.
Орзу улашган далалар,
Болалигим йўллари!
Ойга тегай-тегай дерди тераклар.
Қоплонни эргаштириб
дайдиганим дайдиган…
Бир қизча бўларди,
Қўнғироқ сочларига тегиб кетсам
Сесканиб кетардим
Илонга дуч келгандай.
Бунда ҳамма нарса беғубор,
Фақат оқ ва қизил гуллардан иборатдек туюларди дунё.
Лаҳзадек ўтарди йиллар,
Ажратмасдим дўсту ғанимни.
Ҳаводан кетма-кет ўпичлар йўллаб,
Ўша қиз англатган улғайганимни.
Йили ёдимда йўқ.
Пишиқчилик,
Тутзор,
Ой шуласи остида
сояларимиз кўшилди.
Кейин… Кейин…
Қискаси, мени ортда қолган йўллар ўйлантиради.
17.11.2016
***
Сенинг қалбинг ҳақиқий олмос,
Ички дунёнг нақадар ойдин.
Менинг кўнглим кўнгилдир холос,
Йўқ, шунчаки бир сиқим лойдил.
Ўзгармайди чиройинг — арча,
Ҳазон сенла келмас рўбарў.
Юрагимни олмадек арчиб,
Қўлларинга тутқаздим гулрў.
Муҳаббат бу аслида қимор,
Десам кимлар йиғлади… Кулди.
Мендан олдин висолингни ёр,
Ўзга ютиб олмаса бўлди.
6.07.2017
ДАЙДИ
Мен дайдиман, сиғинганим йўл,
Феълим ғалат — ўзига хосман.
Кўчаларда санғийман нуқул,
Тўшагим ер, бошпанам осмон.
Талаб қилиб Ҳак карамини,
Яшамайман тишимни қайраб.
Ўйламайман қорин ғамини,
Тирикманми? Ҳар куним байрам!
На ёрим бор на тайин манзил,
Бор бисотим эскирган мато.
Ота-онам… майли… беҳазил,
Исмимни ҳам билмайман ҳатто.
Билганим шу: ўз-ўзимга бек…
Елкаларим ёлғизлик эзган.
Номаҳрам туғилган боладек,
Киндигимни етимлик кесган.
Борлигимни пайқамас биров,
На қаторда борман на сонда.
Азоб дўстим, нафсим эса ёв,
Рўҳимнинг жилови иймонда.
Чексиз давлат қилмайман орзу,
Тошми, дурми, менга фарқи йўқ.
Оз қолди, чорлайди Тарозу,
Шуни ўйлаб ғариб кўнглим тўқ.
Умр нима? Тамакидай гап,
Ёниб битар лаҳзада — амринг!
Фақат кечир, маҳшарга қараб,
Ҳечвақосиз боряпман Тангрим.
03.07.2017
***
Осмоннинг мовийлиги олдида,
Тиниқлиги олдида сувнинг.
Кўзларни қувнатмас олтиндай,
Тим қора сочлари сулувнинг.
Атргулнинг япроғи каби,
Капалакнинг қаноти мисол.
Гўзалларнинг қонталаш лаби,
Нафисликка бўлолмас тимсол.
Оқ билаклар оққайин эмас,
Тишлари ҳам ўхшамас дурга,
Чўлғанмаган юзлари нурга,
Ёлғон таъриф битма шоир, бас!
У шунчаки сенга қарши жинс,
Яратганнинг олий тортиғи.
Тасвирин ўз ҳолича чиз,
Гуноҳ бўлар ундан ортиғи.
2.06.2017
***
Кетмон чопар қўли қавариб,
Даласидан келар хўш насим.
Мен-ку ғариб, менданда ғариб,
Деҳқонларга келар ҳавасим.
Елкасида жулдур ридоси,
Топганини бўлар ўртада.
унинг эрки, унинг Худоси,
Дарвешларга қоним тортади.
Чорлайверар руҳни чўққилар,
Қалбни тоққа качон элтаман.
Одамлар-ла яшайману лек,
Жайронларга ўхшаб кетаман.
Қамалганми бўрон ичимга.
Юраккинам етар, тўлғонма.
Кекса қудуқ, айтма ҳеч кимга,
Ҳали уйғонмаган вулқонман.
Вулқон…
17.09.2015
АЛАҲСИРАШ
Кун — ашаддий душманим,
Тун — маҳбубам,
Яқиним.
Хўш,
Мен тушманми?
Кушманми?
Жаброилни чақиринг!
Ғичирлайди тишларим,
Кўзим тўладир қонга.
Гоҳо келар кишнагим,
Гоҳ ўхшайман арслонга.
Кун — атрофим кўринмас
Симтўр билан ўралган.
Тун — озодман!
Аждодим
Қай йиртқичдан тўралган?!
Баъзан ғазабим қайнаб,
Тўрт оёқда чопаман.
Сўзлашинглар авайлаб,
Қопаман!
Гоҳ ортимдан
Кимдир қувгандек бўлар,
Балки овчидир,
Қайдам.
Кун — чўзиламан тупроққа,
Тун — изланглар тўқайдан.
Нега шўндай?
Нимага?!
Тушунтириб бер дўстим.
Шошма,
Иним айиқникими
Эгнингдаги ол пўстин?
Во дареғо,
Ё Тангрим,
Бу қандай ҳол?
Қандай ген?
Ёлвораман
Ҳечқўрса,
Инсонсан деб алдагин.
Кун поёнлаб боряпти,
Даҳшатли тун бошланар.
Ҳали фанга номалум
Бир йиртқичга ошналар
Айланаман мен ҳозир.
Шундан муаззин саҳар
Азон айтган маҳали
Кайтаман ўз ҳолимга:
Содда, мўмин ва ҳалим.
Яна кун,
Сўнг яна тун…
Наҳот умрим шу зайл
Аянчли топар якун?!
Мен тушманми?
Кушманми?
21.02.2017
АЗРОИЛ КЕЛГАН ОҚШОМ
Кўкрагимда масиққан ҳаво,
Ёриб чиқмак истар бўғзимни.
Кўз ўнгимда ул гўзал маъво,
…ахтараман сўнги сўзимни.
Кўкда кезар боқий дарбадар,
Нимадир у?
Етмас идроким.
Агар чўпчак бўлса шарпалар,
Қўлоғимга шивирлаган ким?!
Титранаман тирноғим қадар,
Оғриқ!
Демак тирикман илло.
Нигоҳини кўзимга қадаб,
Томоғимга чирмашар илон.
Илон эмас, қоп-қора панжа,
Бўғар ҳам беркитар оғзимни.
Осмон қулаб тушар чалқанча,
…ахтараман сўнги сўзимни.
Енгиб олди бу даҳшат охир,
Даҳшат эмас, Ўзига қайтмоқ.
Оҳ, шоирга нақадар оғир,
Сўнги… Сўнги сўзини айтмоқ.
Ахтараман сўнги сўзимни…
30.03.2017
ЧОРЛОВ
Тун чўкканда далалар узра,
Тоғлар чиққач ҳилолга пешвоз.
Ёнганида юлдузлар — бўзранг,
Чорлар мени номаълум овоз.
Кимсан? Товшим сочилиб кетар,
Кимсан? Жавоб келмайди ҳечам.
Титрар фақат қўрқсиниб титрар,
Сукунатни ёпинган кеча.
Кузатаман: ариқ бўйида,
Сув ўйнайди жинлар галаси…
Овоз йиғлар кимнинг кўйида?
Азоб берар қайси ғаламис?
Чорлайверар қайта ва қайта,
Лоркамикан, балки у Нозим.
(Балки восвос қилмоқчи шайтон)
Нега унга етмас овозим?!
От кишнайди, итлар ҳуради,
Пайқагандек бирор шарпани.
Овоз эса келаверади,
Қулоғимга нурдай сирпаниб.
Шовуллайди терак шохлари,
Тарс ёрилар тахмин хотирда.
Хўрсинишар Ҳисор тоғлари,
Чўкиб қолган қари ботирдай…
Кўз юммайман тонгача тунлар,
Пичоқлайди рўҳимни овоз.
Балки мендан сўнган туйғулар,
Шу зайлда олишар қасос?!
25.10.2016
ҚИШЛОҚДА ТОНГ
Потраб чиқар юракдан ҳислар,
Бир йўталиб оқаргач само.
Ёсин ўқир тупроққа тизлаб,
Туни билан дайдиган шамол.
Учиб кетар чинор шохидан,
Кўз илғамас тушлар галаси.
Ҳў-в пахлавон Ҳисор тоғида,
Қорилади тонг зуваласи.
Инаклардан сут келар ийиб,
«Юввош-юввош» кўйлар аёллар.
Таҳоратга сув тайёрла деб,
Кампирини нуқилар чоллар.
Қир-адирлар эгнида кимҳоб,
Тошлар ишқар қошу қабоғин.
Ўчок. Олов қўйнида қумғон,
Отиб ўйнар қора қапқоғин.
Чала уйқў келинлар шошиб,
Супуришга тушар ҳовлини.
Кўтаради эринчоқ бошин,
Коинотнинг олтин соврини.
Синар тағин ғафлат хумдони,
Офтоб ёяр заррин палагин.
Елкасига ташлаб кетмонин,
Йўл олади қишлоқ далага.
13.12.2016
ГУНГ
Мен сизни севаман!
Шу холос.
Фақат айтишга тилим йўқ,
Тилим йўқ изҳор этишга.
…кесиб кетишган!
Сиз мени билмайсиз,
Таниганда ҳам
Гунг билан
Боғламас эдингиз
Ҳоётингизни.
Барибир севаман!
Ичим тўла сўз.
Ҳаммаси сизга аталган сўзлар.
Сизни кўрсам
Гапириб юборгим келар гоҳида.
Худо гувоҳ,
Юрагим арғимчоқ учар қийқириб
Сиз сир айтган олма шоҳида.
Фақат, айтишга тилим йўк.
Тилим…
Севгилим…
26.03.2017
ДАРДКАШ
Ҳозир кўз. Серёғин мавсум,
Ёмғирда соч ювар дарахтлар.
…Бир қиз ойна ёнида маъсум,
Менинг китобимни варақлар.
Бардошидек сочлари узун,
Сочларидан узун дардлари.
Шеърларимдан узмайди кўзин,
Киприклари — оққуш патлари…
У билан азобимиз ўхшаш,
Бир хил ҳатто чеккан оҳимиз.
Балки йўлларимиз-да туташ,
Еш чиқар балки гуноҳимиз.
Жуда-жуда яқинмиз руҳан,
Куляпман.
Демак ў жилмайди.
Уни танимайман, у ҳам,
Энг қизиғи мени билмайди…
18.03.2017
3- ФЕВРАЛ
3- феврал. Қорли кун,
Учрашишга келишдик тушда…
Дардларимни заминга тўкиб,
Учиб бордим манзилга қушдай.
Сиз йўқсиз…
(Соат икки)
Шошқин одамлар, автолар
У ёқдан бу ёққа ўтаверди.
Мен эса
Буралиб ёғаётган қор остида,
Совуқ ва сиз берган ваъдани
Бўрқситиб чекканча
Кутавердим…
(соат учга бонг урди)
Азобимдек қоп-қора қошларингиз,
Жаллод кўзларингиз
Ҳаётбаҳш лабларингиз
Ва
Райҳондан тўралган сочларингиз қошида
Ҳеч кимдирман,
Лекин алдамасдан
Келганингизда,
Тўсатдан мўжиза рўй бериб
Балки
Барча муаммолар бўлармиди ҳал.
Бироқ…
Хиёбон, дарахтлар,
Қорга қўшилиб
Мени аччиқ йиғлатди феврал.
Шу кун
Шаҳрисабз кўчаларида
итдай изғидим.
Алданган юрагимни
Сочдим бурдалаб
Оқсарой пойига қўнган
Мўнис кабутарларга.
Атрофимда севишганлар
Кувлашиб юришар
Қорга тўлдириб ҳовучин.
Бас-с!
Ортиқ февралда қололмайман.
Январ ва март оралиғида
Ҳеч вақо йўқ энди мен учун!
Алдашга ҳаққингиз йўқ эди ахир.
Айитинг!
Бирор марта сўроқсиз
Бостириб кирдимми тушларингизга?
Қўлингиздан тутдимми ёки?
Факат нишон бўлиб жеркиш — тошларингизга,
Севдим
Ҳаммасига кўниб
Жимм, сокин…
Айтинг!
Кўзингизга тик қарадимми?
Ҳатто соянгизга босолмайман лаб.
Сезмайсиз
Ҳароб бўлиб боряпти
Найрангларингиздан
Бир бечора калб.
Айтинг!
Ёлғон шунча ширинми?
Қийноққа солишми касбингиз?
Тушунтириб беринг эринмай,
Ё жонимда борми қасдингиз?
3- феврал!
Осмонни заминга қориб ташласам,
Қўлвачча кўксимни ёриб ташласам.
Сўнг масиқиб ётган Оқсувга,
Жонсиз вужудимни бориб, ташласам…
Биламан,
Хўрланган фақат мен эмас,
Бир кунда минглаб ошиқ алданар.
Бу шундай тескари дунё Қалдиргоч,
Муҳаббат боғ эмас
Қонхўр салтанат!
(тунги ўн)
Қаранг
Кўчангиздан ўтяпти
Дайди,
Сочлари тўзғиган,
Ҳолати ғариб.
Билмайсиз
Дўнёни кезиб чиқди у
Ёлғиз сизни
Сизни ахтариб.
Елкасига қўнган қорларни қоқиб
Зўраки жилмайиб ўтар ҳаммага.
О, ким ҳам биларди сиртига боқиб,
Унинг юрагида ахир ҳамма гап.
Чопинг!
Оркасидан аямай қучинг!
Кечирим сўранг қайта ва қайта.
Балки кечирар,
Балки… қайтар.
Кўксига бош қўйинг.
У энди бўм-бўш.
Қуруқ савлат билан қайтди шаҳардан.
Қўлингиздан келса,
Кайтариб олинг,
улкан юрагини
Кабутарлардан…
Мени аччиқ йиғлатди феврал.
3.02.2017
«Хуршид Даврон кутубхонаси» сайтидан: Жонтемир диққатимга ҳавола этган шеърларида сайтга шеър юборадиган ёш ижодкор дўстларимнинг аксариятида учрайдиган битта қусур бор: бу қусур уларнинг ўзбек тили имлосини яхши билмаслигидир. Яхши шоир, энг аввало, саводли бўлиши керак, «х» билан «ҳ»ни, «намалум» билан «номаълум»ни (бу саноқни узоқ давом эттириш мумкин) фарқига бориши, шеърини имло нуқтаи назаридан қайта-қайта кўриб чиқиши керак.
Қуйида шеърларни лотин алифбосида мутолаа қилинг ёки юклаб олинг