Nurulloh Ne’mat. She’rlar

078 «Хуршид Даврон кутубхонаси» саҳифасининг фаол муаллифларидан бўлмиш Искандар Мадғозиевнинг твсияси билан андижонлик ёш ижодкор Нуруллоҳ Неъматнинг шеърларини тақдим этмоқдамиз.

Нуруллоҳ Неъмат
ШЕЪРЛАР


* * *38
Юр, Ҳафиза! Шеърга қайтамиз,
Йиллар узоқлашдик адабдан.
Йўқса бизни ердан ҳайдармиш,
Кошғарийни кўрган дарахтлар!

Умр ёлғон, умид ҳам ёлғон,
Узуқ-юлуқ орзулар гаранг!
Шеъриятни туймаслик ҳалво,
Муҳаббатим, кетай садағанг!

Юр, Ҳафиза! Қайтамиз шеърга,
Шоирингни кўкларга кўтар.
Гоҳ серсукут, гоҳида сергап,
Гоҳи камтар, гоҳ манман ўта!

Сен тиласанг бўламан Машраб,
Фурқатингман олов фурқати.
Мени севсанг, қани беш ташла,
Сенсиз икки пулдир қудратим!!!

09.01.2021

ИЗОҲСИЗ СОҒИНЧ…

Жавобингни кутдим, ўзингни кутдим,
Баҳорини кутган дарахтдай ғариб.
Кўкарган саволлар бўғзимдан тутди,
Эй! Йўқолган дунём – дийдори дариғ.

Олдин олғир эдим, бўрондай бедов,
Кўзимга илмасдим қуёшни, ойни.
Чирилдоқлар билан жўр бўлиб бедор
Кечалар нечалаб тақдирни койдим.

Саҳарлар ҳайқириб исмингни айтдим,
Ҳар битта ҳарфини ҳис қилиб, асраб.
Муҳаббат кўксинга чанг солган пайти,
Айрилиқ қошингда чекаркан ҳасрат.

Ичикдим… ҳеч кимга ёрмай ичимни,
Ҳилватда кўнглимни кўзимдан тўкдим.
Жавоб бер, қайдасан, ол соғинчингни,
Йўқса, чиқаролмам бўғзимдан кўк-ни.

ШЕЪРИМ

…ёзилсанг-чи, савил.
Яйрасам,
“дод солиб”,
хатто тушиб рақсга,
сармаст,
ҳаяжонли лаҳзада – аламзада,
сенга топшириб омонатимни,
руҳим яйраса,
вужудим сафарга чиқса жунуний,
жиғилдонимгача ошиқман ахир.
Кўнглим – ҳар балонинг ошиғи,
Кўнглим — ёзилсанг-чи, савил.
Тамоғимда тўхтаб қолди жон,
тизларим титрар,
бардошим қидирар ёлғизлик,
кўрпамнинг ич-ичига беркинаман, жим,
(даҳма етмай қолган мурдадек…)
дод, соламан сукут сақлаган кўйим.
Менинг аччиқ-аччиқ мусиқам чалинар – чиқ-чиқ…
Шеърим – эсиз деб номланган дақиқам,
ҳақиқат!

03.12.2018

ШЕЪРЛАРИМНИ…

Парво қилдинг
Ўзимдан нолиб,
Сендан нолиб дўқ урганимда.
Билмам энди не кечар ҳолинг,
Шеърларимни ўқиганингда?!

Видо тушди орамизга жим,
Ришталарни бирма-бир янчиб.
Кўнглинг ранжир, бардошинг ранжир,
Шеърларимни ўқиганингда!

Эй, бесоғинч, бемуҳаббат гул,
Гулзорларга бўлмагин кулгу.
Кўзёшингдан эҳтиёт бўлгин,
Шеърларимни ўқиганингда!

Чап кўксимда нимадир синди,
Тўфон эдим – лаҳзада тиндим.
Сочларингни юлишинг чиндир,
Шеърларимни ўқиганингда!

Тоқат билан дўст бўлиб юрсанг,
Бир айланиб келади фурсат.
Ўшанда мен бўламан хурсанд,
Шеърларимни ўқиганингда!

Парво қилма…

КЎНГЛИМ

Менинг гулсеварим – гулқувар кўнглим,
Ҳеч қўним билмайсан, тиним билмайсан.
Топганинг қолмайди бағринга тўлиб,
Тўлганинг арзондир, тошганинг арзон.

Оғир карвонимсан, енгил осмоним,
Мингта қуёшга ҳам дам берар тафтинг.
Шохида – билганни титроққа солиб –
Ўн саккиз минг олам унган дарахтим.

Кўнглим – коинотим, ҳаётим, додим,
Оппоқ қалдирғочим – улкан қанотли.
Нозик тумшуғингда чўқиблар гоҳи,
Бағримни қонатдинг, тунни қонатдинг.

Ҳамишабаҳорим ҳамишабедор,
Ҳамишамажнуним, ҳамишазўрим.
Одамлар йиғлатса, сен борсан дебон,
Ўзинга йиғларман тўғридан-тўғри.

Кашф этган улуғим – диди нозигим,
Баъзида гапинга кирмасам кечир.
Ахир биз бир бутун, ахир биз ҳозир,
Шу ҳолда ҳеч киммиз, шу ҳолда ҳеч ким…

ТОНГ

Сиз тонгсиз, мен тонгни соғиндим,
Ҳавосиз, яшолмам ҳавосиз.
Сочингиз баҳорий ёмғирнинг
Ўғирлаб олганми жилосин?

Ҳар они бир аср лаҳзалар,
Маъюслик чизганда юзимга.
Шаҳарлик шовқинлар дарғазаб,
Ғилдираклар чалар мусиқа…

Ортда қолмай пойафзаллардан,
Дадил юрдим бир сизни ўйлаб.
Думаладим гоҳ асфальтларда,
Гоҳ чиқдилар изимдан йўллар.

Бедорбоп тунларда оҳ уриб,
Изтироблар чекдим-о, тотли!
Мана қайтиб келдим охири,
Ўзингизни осмонга отинг!
Ўзингизни осмонга отинг!!
Ўзингизни осмонга отинг!!!

Сиз тонгсиз!…

ДАДА

Ёдимдадир қачон йиғлаб, қачон кулдим,
Ким йиғлатди, ким юпатди кўрдим, дада.
Бир дард келди, бирда ташвиш – зўр куйдурги,
Бирга кўнмай «бирлар»ига кўндим, дада.

Йўл ўксинар «энди сенда шоҳман» десам,
Дадам ташлаб кетган бағри доғман десам,
Қани эди, ким сўраса, тоғман десам,
Қоялардан ё каммиди кўнглим, дада?

Қадрим борми, қадрим йўқми қизиғи йўқ!
Тишлаганим музми, чўғми қизиғи йўқ!
Қорним очми, қорним тўқми, қизиғи йўқ!
Энг қизиғи «ҳаммасидан» тўйдим, дада…

Расмингизга ҳушкун қараб, тушкун қараб,
Қотиб кетдим, товонимдан муштим қадар.
Бир айланиб кириб қолган тушимда ҳам,
Демадингиз «омонмисан, ўғлим», дада!

Ёдимдадир қачон йиғлаб, қачон кулдим,
Ким йиғлатди, ким юпатди кўрдим, дада…

АВТОБУСДА

Одам тугаб қолди, бир ўзим,
Тўғрироғи, ҳайдовчи ҳам бор.
Ҳайдовчининг сочлари тўзиқ,
Кўзларини ўқимоқ душвор.

Учбурчак ғам, тўртбурчак ташвиш,
Нигоҳига чизилган дайди.
Эшитганман осонмас қариш,
Белдан қувват кетгани сайин.

Қараш қилди менга маънодор,
Ва “қаерда тушасан?”, деди.
Ташқарида тун, фасли баҳор,
Тўққизмиди, соат ўнмиди…

Ўриндиққа йўқ деб керагинг,
Тўзғин сочнинг сарғайди сўзи.
Айт, эй, менга бетинч юрагим,
Мен қаерга кетяпман ўзи?..

* * *

Тун. Қуёшга айланди хонам,
Ташқарига очиқ дераза.
Жойнамознинг устида онам,
Нияти пок, истаги тоза.

Тасодифан бўлди қўнғироқ,
Онам ҳақи, жавоб бермадим.
Туғилмасдан ўлди қўнғироқ,
Аза тутиб дилни шеърладим.

Нафасимни тўлдириб шеърга,
Ўқиб бўлдим “Шавкат Раҳмон”ни.
Синглим билан қалдирғоч бирга
Саришталаб қўйди айвонни.

Бармоғимни соғинган даста —
Укам ётган бешикдир эшик.
Қариб қолган дарахтлар хаста,
Қариб қолган деворлар кемшик.

Қучоғимга кирди шабада,
Эркалашга тополмадим сўз.
Коинотдек улкан далада,
Кўринмайди бирорта юлдуз.

Дардим оғир бўлса не қилай,
Кўтаролмай юрагим ҳайрон.
Мен ўғриман, ойни ўғирлай,
Кўзларингни юмиб тур, осмон!

КОНСТАНТИН ПАУСТОВСКИЙ
(расмини кўриб)

О, нақадар самимий кўзлар,
Чекчайган дод, кеккайган даҳшат.
Кенг пешона, ажинлар бўзлар –
Қариб қолган денгизга ўхшаб…

Ҳали узоқ чайқалар мудом,
Эзгуликка кўмиб дунёни.
У чиройли гезарган одам,
Энг кўркам маҳлуқи Худонинг!

СИНГЛИМ ЖАСМИННИНГ ШЕЪРИ…
(унинг тилидан)

Тоғи Сулаймоним, тоғи Асқарим,
Сенинг-ла сафари ҳадсиз, чикора.
Юрагим Буроқдир.
…ҳаддан ташқари ―
Ўта кетган бахтдан қилсам, шикоят.

Ҳар лаҳзам Меърождир, ҳар лаҳзам Ҳамал,
Ҳар лаҳзам баҳорнинг қоқ ўрта куни.
Ҳуррият бор-будин вужудга қамар,
Еттинчи осмонга интилсам, кулиб.

Бироқ изтироб ҳам баробар ― етук,
Хаёл ҳаёланар қийноқ забтида.
Ўзимга келаман юзимга чертиб,
Балки ожизликдир, афти-пафтидан…

Соғинч эътиқоддир, муҳаббат тақво,
Истакнинг пешидан тортар андиша.
Фалакнинг дафтарин қайта ёз Раҳмон,
Қирқ мингта ҳур билан қилсам маишат.

Тоғи Сулаймоним, тоғи Асқарим,
Сенинг-ла сафари ҳадсиз, чикора.
Юрагим Буроқдир.
…ҳаддан ташқари ―
Ўта кетган бахтдан қилсам, шикоят:

Кўнглимга санчилса кўнглинг чанглари,
Зоҳиринг заҳрини тотсам уддалаб.
Алҳақ, отмоқлигин сенли тонгларим,
Жудалар истардим, жуда, жудалар.

Ҳар лаҳзам Меърождир, ҳар лаҳзам Ҳамал…

ҲАДИК

Учраб қолсанг, нима деркинман,
Сенга йўллар йўллар ўнғайсиз.
Шамоллар ортига беркинма,
Қовурғамдан бино бўлган қиз!

Гуноҳ ичра унган хотирам,
Гар гулласа қолгум довдираб.
«Борлигинг» эсимдан оғдирар,
Қовурғамдан бино бўлган қиз!

Олдингда айбдорман, водариғ,
Айбларим ўнглолмам оғдариб.
Юзимда соддалик – сохталик…
Қовурғамдан бино бўлган қиз!

Иш-ташвишим бошқа, ишқ бошқа,
Ўзгараман бугундан бошлаб.
Сувратингни чиздим кўз ёшдан,
Қовурғамдан бино бўлган қиз!

Тоғдай алам бағримни тилди,
Вафоси йўқ ҳисларни билдим.
Тавба қилдим.
Сен нима қилдинг?
Қовурғамдан бино бўлган қиз!

ОНАЖОН

Қулоғимга кирмай қўйди гап,
Мени йўлдан урдилар қачон?
Дангасам, деб мақтаб, эркалаб,
Бир шапалоқ уринг, онажон!

Тушмасидан кўзим лолага,
Ўхшаб қолсин юзим лолага.
Одам бўлай Худо хоҳлаган,
Бир шапалоқ уринг, онажон!

Одамларга юрай мақтаниб,
Кўкрагимни керай мақтаниб.
Кафтингиз дуонинг ватани,
Бир шапалоқ уринг, онажон!

Қайноқ сўзларингиз булоғин,
Керак юрагимга қуймоғим.
Очилиблар кетсин қулоғим,
Бир шапалоқ уринг, онажон!

Қулоғимга кирмай қўйди гап…

…ГА

Қозонмадим, эътиборингни,
Олганим йўқ кўнглингни тортиб.
Қайғурмагин энди, жон синглим,
Сени яхши кўрмайман ортиқ.

Унутмайман. Бераман ваъда,
Фироқингда қолмайман гангиб.
Бош олиб кетаман шаҳардан,
Жаннатни тарк этгандай ғамгин.

Кетдинг! Қолдим. Даҳшат – интиқлик,
Яна келсанг бепарво келгин.
Мен ўксимай кўкка тикилиб –
Ерда тугаб қолгандай севги.

2016

СЕНГА БОРАМИЗ

Биз сен билан кўз уриштирдик,
Мен гап отдим, сўз уриштирдик.
Иккимизни кўриб чалғиган
Чанг кўчада из уриштирдик.

Биз сен билан менга борамиз,
Мени топиб сенга борамиз.
Юрагингни юлиб ололсам,
Тўкиламиз, шеърга борамиз.

Биз сен билан ҳушчан жилмайиб,
Қанот ёзиб қушчан жилмайиб,
Уйғотамиз дунёнинг қалбин,
Ер юзини қуёшда чайиб…

Биз сен билан кўз уриштирдик…

2012

ТЎРТТАЛИКЛАР

* * *
Сўз — шоирга берилган ҳаво,
Бўғиласан пайти келганда.
Берар эдим минг битта савол,
Шавкат Раҳмон қайтиб келганда!

КАПАЛАК

У боғда арига жилмайди,
Гулларнинг барига жилмайди.
Мендек ғўр боғбонга ишониб,
Ёнимдан нарига жилмайди.

* * *
Менман бу дунёнинг эгаси,
Одамман!
Одамни қийнама.
Ҳей, беқарор, бедор, эрка қиз,
Сенга баҳор совға қиламан!

ИСТАК

Йўлингдан чиқмайман, йўлингдан чиқма,
Кўнгилсизлик қурсин, кўнглимдан чиқма.
Ташқари совуқдир ҳаддан ташқари,
Фақат тушимга кир, ўнгимдан чиқма…

* * *
Ўхшамайсиз дединг ҳеч кимга,
Тонг отгунча, не тонг, шодландим.
Ҳали замон хўроз қичқиргай,
Айт, шунчалар беўхшовманми?

* * *
Бўйинг етиб қопти, хотиржам
Эрга тегиб кетарсан бир кун.
Ёнимдасан жоним ҳозирча,
Икки дунё мен учун бир пул…

ИҚРОР

Бир шапалоқ урсанг яхшийди,
Ер тишласам эди, думалаб
Бор ишқимни сенга таширдим,
Ечилмасдан олдин тугмалар….

АДАБИЁТ

Сен ҳали тириксан, аниқ,
Чин ор – чинорлар бор боғингда.
Кўзи олов одамлар қани,
Рауф Парфиларни соғинган?

Ингранасан, чиқармай шовқин,
Хижолатда юрмайсан додлаб.
Сенга қандай қайтарсин Халқни,
Тилин чайнаб ютворган зотлар!..

2016

ТАЖРИБА МАШҚ

Уч кундан бери ухлаганим йўқ, муҳибим…
Уч кундан бери тирикман.
Руҳимда ўғирлик қилар оғриқлик!

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм,
Аллоҳ ўзинг ором бер, пича.
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм,
Чумчуқ уйқусидан-да ихчам.

Уйқу-ууу, келақолсанг-чи!

Бис…
Топган топалоқ ўйнамайлик, кел,
ўн саккиз минг оламнинг бири – менинг кўнглим, шоирнинг кўнгли,
Кўнглимни уйғот.
Ухлаб қолсам, марра меники!

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм,
Қабоғимда тонгнинг хумори.
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм,
Оппоқ тушлар кўрсам қувониб!

Уйқу-ууу, келақолсанг-чи!

Нафратнинг оёғига болта урар нафс, охират – орият нафси.
Тағин беўхшов тинчликлар сиғмас ақлга, ҳудди чўнтагимга сиғмай қолган тоғ каби, бесўнақай ҳислар, бесўнақай ўйлар кела бошлар шуурим сарҳадлари сари, негадир бу кеч.
Ухлаб қолсам марра меники!

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм,
Киприкларим кетар пинакка.
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм,
Кўзларимни юмдим, таваккал!

Уйқу-ууу, келақолсанг-чи!

11.06.2020

* * *

Тўкилгим келяпти, ҳозирмас,
Ҳозирмас, негадир дарагинг.
Милт-милт томаётган озурда,
Кўз ёшга чизилсанг, малагим!
Тўкилгим келяпти, ҳозирмас!

Ҳозирмас, негадир дарагинг,
Келсайдинг, қувончни опичлаб.
Ҳозир йиқиламан, қарагин,
Бўғзимда турибди томчилар.
Ҳозирмас, негадир дарагинг!

Милт-милт томаётган озурда,
Ёмғирми, қарғишми билмадим.
Бир лаҳза қутурди орзулар,
Бир лаҳза, «бир лаҳзам» қолмади.
Милт-милт томаётган озурда!
Кўз ёшга чизилсанг, малагим,
Термулиб умримни унутсам.
Айб санамай, айбим санагин,
Ишқсираб, лабларинг қуруқсаб!
Кўз ёшга чизилсанг, малагим!!

Кўз ёшга чизилсанг, малагим!!!

10.06.2020

ШЕЪР УНСИН!

Қадрдон шоир акам Нурмуҳаммад АЗИЗ га…

Жинсулув шамоллар келди, кузакий,
Кўнглимни титдилар титгандай хазон.
Акам-а, шаробмас савоб узатинг,
Шеър унсин!
Шеър унсин!
Ва ҳоказо…

Йиллаб ёзолмадим кўнглимни, савил,
Йиртиқ калишимнинг терсини ўнглаб.
Рўзғор – чин шоирнинг қўлин қирқади,
(Қаердан тушунсин фикрати гўнглар)

Китобсиз… Китобсиз… Ҳаво етмасдан,
Биламан, кечирган кечларим ҳаром.
Эртага ўз бошин ўзи емасми,
Адабиётсиз – адабсиз – фуқаро?!

Ўзбеклар ўзлигин борар унутиб,
»Дилбузар»га бериб юрак қўрини.
Шаҳарда ҳаёнинг ўчмоқда қути,
Қушларнинг қушлиги қолди кўриниб.

Ватанни ўйласам, келар сўкингим,
Итнинг оғушида кўргандек ойни.
Кимлардир миллат деб дилдан ўкинди,
Виждонини сотди кимлардир, бойиб…
Акам-а, савобмас шароб узатинг,
Шеър унсин!
Шеър унсин!
Ва ҳоказо…
Шамолга тупурдим, келган кузакий,
Миллатнинг кўнглига тушмасин хазон!

02.09.2019

ОНА

Кўзойнакдан боқасиз синиқ,
Кўзингизнинг нури менмидим?
Йўлларимга қадалган сўниқ
Юзингизнинг нури менмидим?

Бошингизни оғритиб юриб,
Кечиринг, деб кўп гапирганман.
Фарзандликни оқламай туриб,
Сочингизни оқартирганман.

Кечиримли бўлгансиз она,
Бошқаларга ўхшамайсиз-о.
Меҳрингизнинг тафтидан ёниб,
Шоир бўлиб кетсайдим тезроқ.

Мени кутиб турибди дунё,
Лек ҳалиям ўзгаролмадим.
Юзлаб китоб кўтардим, аммо
Кўнглингизни кўтаролмадим.

Кечиринг, деб кўп гапирганман!..

«ТИРИЛИШ ИЛҲОМЛАРИ» ТУРКУМИДАН

1.АШАДДИЙ МАЖНУН

Туйғулар уйғонди, тирилди кўнглим,
Дунёни уйғотган қуёшдай ҳудди.
Оёғимдан тортар тортинчоқ йўлинг,
Ўзимни унутдим – барин унутиб…

Тераклар саф тортган – қўли кўксида,
Жийдалар дийдамдек тош қотган ҳислар.
Ашаддий ошиқнинг ҳудди ўзиман,
Ашаддий Мажнунман – кўнгли ялпизга.

Муҳаббат – булоқсув тутган ҳовучдай,
Иймон-эътиқоддай покдир шунчалар.
Уни деб еттинчи осмондан тушдим,
Ай, капалак кулгуч, аё, ғунча лаб.

Мен сени соғиндим – ўзи кечирсин,
Ўзи шифо берсин дарди борларга.
Умидлар узилмай занжир ечилди,
Оёқлар оёқлар интизорланган.

Кўзларинг хадсиздир, кунин кўрар деб,
Ҳаддим сиққанидан, бош урай қайга?!
Севгимни рад этгин, кўнглимни рад эт,
Қуёшинг ботишин истасанг агар…

2.АВТОПОРТРЕТ

Бўронга айландим бўлди, бўлмади,
Қидирдим унданда кучлироқ шиддад.
Тўхтаб тур, кўзинга қараб тўймадим,
Жилмадим, бежирим жилмайишингдан.

Ичимда ичиккан олов қурмағур,
Ёқиб ташламоққа тайёр дунёни.
Ақлни шоширар сочинг турмаги,
Энди рост, – эҳтирос, – комил иймоним.
Ҳолим йўқ – нигоҳинг асирлигида,
Совқотган дарахтдек титрар тизларим.
Қиш қайтмас ортига фасл илмидан
Дарс берар: тобора кунлар қисқарур.

Шоядки, қор ёғмас қабоқларингдан,
Совуқ қарамайсан ишқий жимликка.
Ўзимни йўқотиб қароқларингда –
Қайта бино бўлсам, кўнгил илмингдан.

Бўғзим бўғозидан тошиб чиқар шеър,
Тишимни синдириб… сеза қолгина.
Йиқилдим, қўлни бер, сунъий нафас бер,
Мен эса, жонимни берай жонгинам.

3.ИЗТИРОБ

Сибизға чалади кўксингда ҳумо,
Куйи ёлғизликни куюниб чалар.
Ақлинг новча бола, ўйларинг хуноб,
Ҳамма ишинг чала, мақсадинг чала…

Ҳар тарафда изғир беэътиборлик,
Довдираб боқасан бегона каби.
Лирик қарашлар ҳам тус олган моддий,
Обдон таранглашиб кетар асабинг.

Калишлар адашган чанг йўллар аро,
Қайсидир қайслар ўсган диёрда.
Шунчаки бедор – тун тонгламоқ ҳаром,
Ичингни ёрмасанг чиқиб хумордан…

Хумордан чиққунча алдасанг ўзни,
Қуюшқондан чиқмай гап қотсанг равон.
Муҳаббат келади сочлари тўзғиб,
Сен эса кўнглингни излайсан ҳамон!..

* * *

Роҳатойга…

Вужудимда титроқлар рақси,
Юрагимда қарсак чалар ғам.
Сенга «СEН»лар қизиқ эмасди,
Менга «МEН»ни танитган одам!

Кўзларингда намли ҳайқириқ,
Кипригингни синдирар нидо.
Беркитасан тақдир айбини –
Сени шундай яратган Худо.

Сен-ки тоғдай улуғвор қизсан,
Кўнглинг сенинг ҳақиқий – шоир.
Кимдир сенга қаттиқ гапирса,
Қаттиқ кулиб енгасан доим.

«Мен Пойтахтдан йиқилган қоя,
Пойингга йиқилсам нетарди?
Этагинга тегинса соям,
Нурсизликдан нураб кетардинг».

Ёмон десанг ёмонман синглим,
Яхши десанг яхшиман опа.
Одамларни суймайди жиним,
Одамларни яхши кўраман.

Оғриқ титиб ташлар қалбимни,
Кўринса оқ-қора рангларим.
Ўн тўққиз йил яшаганимни,
«ҲАЁТ»ингни ўқиб англадим.

2014

ҲАЗИЛ

Тинчмни бузади шамол ҳам,
Ҳовлимиздан ўтиб кетятиб.
Унданда ёмони ёмонам.
Тарбиям бузилиб кетяпти!

Қизларга кўриндим юз рангда,
Қочиб кетди буни куз англаб.
Илтимос, уйқумни бузманглар,
Тарбиям бузилиб кетяпти!

Уйғонсам, сўрайман кечирим,
Олмайман тушларим ўчини.
Уч, тўртта шоирга қўшилиб
Тарбиям бузилиб кетяпти!

* * *
Тоқатимни қидириб топдим,
Ёқасидан олдимда шартта.
Айтдим: — Куним бир сенга қопти,
Эгаси йўқ, гавжум шаҳарда.

Тиним билмас одамзодалар,
Машиналар тинай демайди.
Мен эса соддага соддадай,
Жиннига жиннидай жилмайдим.

Назаримни тирнади баъзан,
Беюз, бебурд, бефарқ назарлар.
Шунга қастдан қувноқлик ясаб,
Атрофга илиқлик ёзарман.

Сўрасанг, мен шундай ёмонман,
Бир сендан оламан xавотир.
Тезлашиб кетётган замонда,
Қишлоқда нима гап, ҳаётим?

Муҳаммад ЮСУФ
(устозга бағишлов)

Яхши шеър ёзишни хоҳлайман,
Шеърият ҳаммадан қолади.
Мусиқа эшитиб ухлайман,
Қўшним пионино чалади.

Хокисор китоблар мендан-да,
Токчада хўрсинар, мунғайиб.
Пешонамдан оққан терлардай,
Шеър ғариб!
Мен ғариб!!
Тун ғариб!!!

Оввора қилмайман чироқни,
(Энди чироқ ёнмас хонамда).
Эшик тирқичидан чиройли,
Оймомо мўралар онамдай…

Мен китоб ўқишни хоҳлайман,
Китоблар ҳаммадан қолади.
Мусиқа эшитиб ухлайман,
Кўнглим… пионино чалади…

* * *
Алмисоқдан бери ёмонман,
На осийман,на муслим банда.
Қаршимда тирилар шамоллар,
Қайтгандайман мангу сафардан.

Иймон типирчилар юракда,
Тўкиламан жойнамоз сари.
Бутун олам менга керакдай,
Бошлангандай мангу сафарим.

Силтанаман айблаб ўзимни,
Тонгхумор кўзларим қизарар.
Ой юзига тираб юлдузни,
Қалбқўмсар расмингни чизаман.
Булут келар қайдандир дайдиб,
Ёға бошлар ҳовлимга софлик.
Менга эса ҳаво етмайди,
Таърифи йўқ бул ажаб чоғнинг.

Соғинчимга соғинчлар қўша,
Ёғар ёруғ кунлар таьбири.
Томчи билан замин қовушар,
Ғусул қилар менинг тақдирим.

22.01.2019

БИР КЕЛИБ КЕТ…
(Қорақуловага)

Шеър ёзиб бераман бир қучоқ,
Бир умр ўқишга етади.
Сўз дардига бўлгандай дучор,
Яшамай – яшарсан, бетартиб.

Бир келиб кет,
фақат бир ўзинг,
Қимирласин оёғинга айт.
Ҳозир бўлгин,
ҳозирлан, ҳозир,
Ўнга-сўлга, йўлга индамай.

Кутаман!
Тоғ бўлиб тоқатга,
Ўзим билан ўзимни алдаб.
Борлиқда бор-будин йўқотган,
Энг сахий,
Энг фақир одамдай.

Кўнглимни қай гўрда қолдирдинг?..
Қолдирган жойинга келақол.
Шеърларим беради додингни,
Сен шунга лойиқсан, бевафо…

07.01.2016

21Xurshid Davron kutubxonasi» sahifasining faol mualliflaridan boʼlmish Iskandar Madgʼozievning tvsiyasi bilan andijonlik yosh ijodkor Nurulloh Neʼmatning sheʼrlarini taqdim etmoqdamiz.

Nurulloh Neʼmat
SHE’RLАR


Nurulloh Neʼmat 1995 yil 5 aprelda Аndijon shahrida tugʼilgan. 2012 yildan buyon sheʼrlari viloyat va respublika gazeta-jurnallarida chiqib turadi. 2018 yilgi Zomin yosh ijodkorlari festivali ishtirokchisi. Oʼzbekiston Yozuvchilar uyushmasi tomonidan “Birinchi kitobim” ruknida «Tong xumori» nomli ilk qadami nashrdan chiqmoqda.


* * *
Yur, Hafiza! Sheʼrga qaytamiz,
Yillar uzoqlashdik adabdan.
Yoʼqsa bizni yerdan haydarmish,
Koshgʼariyni koʼrgan daraxtlar!

Umr yolgʼon, umid ham yolgʼon,
Uzuq-yuluq orzular garang!
Sheʼriyatni tuymaslik halvo,
Muhabbatim, ketay sadagʼang!

Yur, Hafiza! Qaytamiz sheʼrga,
Shoiringni koʼklarga koʼtar.
Goh sersukut, gohida sergap,
Gohi kamtar, goh manman oʼta!

Sen tilasang boʼlaman Mashrab,
Furqatingman olov furqati.
Meni sevsang, qani besh tashla,
Sensiz ikki puldir qudratim!!!

09.01.2021

IZOHSIZ SOGʼINCh…

Javobingni kutdim, oʼzingni kutdim,
Bahorini kutgan daraxtday gʼarib.
Koʼkargan savollar boʼgʼzimdan tutdi,
Ey! Yoʼqolgan dunyom – diydori darigʼ.

Oldin olgʼir edim, boʼronday bedov,
Koʼzimga ilmasdim quyoshni, oyni.
Chirildoqlar bilan joʼr boʼlib bedor
Kechalar nechalab taqdirni koydim.

Saharlar hayqirib ismingni aytdim,
Har bitta harfini his qilib, asrab.
Muhabbat koʼksinga chang solgan payti,
Аyriliq qoshingda chekarkan hasrat.

Ichikdim… hech kimga yormay ichimni,
Hilvatda koʼnglimni koʼzimdan toʼkdim.
Javob ber, qaydasan, ol sogʼinchingni,
Yoʼqsa, chiqarolmam boʼgʼzimdan koʼk-ni.

SHE’RIM

…yozilsang-chi, savil.
Yayrasam,
“dod solib”,
xatto tushib raqsga,
sarmast,
hayajonli lahzada – alamzada,
senga topshirib omonatimni,
ruhim yayrasa,
vujudim safarga chiqsa jununiy,
jigʼildonimgacha oshiqman axir.
Koʼnglim – har baloning oshigʼi,
Koʼnglim — yozilsang-chi, savil.
Tamogʼimda toʼxtab qoldi jon,
tizlarim titrar,
bardoshim qidirar yolgʼizlik,
koʼrpamning ich-ichiga berkinaman, jim,
(dahma yetmay qolgan murdadek…)
dod, solaman sukut saqlagan koʼyim.
Mening achchiq-achchiq musiqam chalinar – chiq-chiq…
Sheʼrim – esiz deb nomlangan daqiqam,
haqiqat!

03.12.2018

SHE’RLАRIMNI…

Parvo qilding
Oʼzimdan nolib,
Sendan nolib doʼq urganimda.
Bilmam endi ne kechar holing,
Sheʼrlarimni oʼqiganingda?!

Vido tushdi oramizga jim,
Rishtalarni birma-bir yanchib.
Koʼngling ranjir, bardoshing ranjir,
Sheʼrlarimni oʼqiganingda!

Ey, besogʼinch, bemuhabbat gul,
Gulzorlarga boʼlmagin kulgu.
Koʼzyoshingdan ehtiyot boʼlgin,
Sheʼrlarimni oʼqiganingda!

Chap koʼksimda nimadir sindi,
Toʼfon edim – lahzada tindim.
Sochlaringni yulishing chindir,
Sheʼrlarimni oʼqiganingda!

Toqat bilan doʼst boʼlib yursang,
Bir aylanib keladi fursat.
Oʼshanda men boʼlaman xursand,
Sheʼrlarimni oʼqiganingda!

Parvo qilma…

KOʼNGLIM

Mening gulsevarim – gulquvar koʼnglim,
Hech qoʼnim bilmaysan, tinim bilmaysan.
Topganing qolmaydi bagʼringa toʼlib,
Toʼlganing arzondir, toshganing arzon.

Ogʼir karvonimsan, yengil osmonim,
Mingta quyoshga ham dam berar tafting.
Shoxida – bilganni titroqqa solib –
Oʼn sakkiz ming olam ungan daraxtim.

Koʼnglim – koinotim, hayotim, dodim,
Oppoq qaldirgʼochim – ulkan qanotli.
Nozik tumshugʼingda choʼqiblar gohi,
Bagʼrimni qonatding, tunni qonatding.

Hamishabahorim hamishabedor,
Hamishamajnunim, hamishazoʼrim.
Odamlar yigʼlatsa, sen borsan debon,
Oʼzinga yigʼlarman toʼgʼridan-toʼgʼri.

Kashf etgan ulugʼim – didi nozigim,
Baʼzida gapinga kirmasam kechir.
Аxir biz bir butun, axir biz hozir,
Shu holda hech kimmiz, shu holda hech kim…

TONG

Siz tongsiz, men tongni sogʼindim,
Havosiz, yasholmam havosiz.
Sochingiz bahoriy yomgʼirning
Oʼgʼirlab olganmi jilosin?

Har oni bir asr lahzalar,
Maʼyuslik chizganda yuzimga.
Shaharlik shovqinlar dargʼazab,
Gʼildiraklar chalar musiqa…

Ortda qolmay poyafzallardan,
Dadil yurdim bir sizni oʼylab.
Dumaladim goh asfalьtlarda,
Goh chiqdilar izimdan yoʼllar.

Bedorbop tunlarda oh urib,
Iztiroblar chekdim-o, totli!
Mana qaytib keldim oxiri,
Oʼzingizni osmonga oting!
Oʼzingizni osmonga oting!!
Oʼzingizni osmonga oting!!!

Siz tongsiz!…

DАDА

Yodimdadir qachon yigʼlab, qachon kuldim,
Kim yigʼlatdi, kim yupatdi koʼrdim, dada.
Bir dard keldi, birda tashvish – zoʼr kuydurgi,
Birga koʼnmay «birlar»iga koʼndim, dada.

Yoʼl oʼksinar «endi senda shohman» desam,
Dadam tashlab ketgan bagʼri dogʼman desam,
Qani edi, kim soʼrasa, togʼman desam,
Qoyalardan yo kammidi koʼnglim, dada?

Qadrim bormi, qadrim yoʼqmi qizigʼi yoʼq!
Tishlaganim muzmi, choʼgʼmi qizigʼi yoʼq!
Qornim ochmi, qornim toʼqmi, qizigʼi yoʼq!
Eng qizigʼi «hammasidan» toʼydim, dada…

Rasmingizga hushkun qarab, tushkun qarab,
Qotib ketdim, tovonimdan mushtim qadar.
Bir aylanib kirib qolgan tushimda ham,
Demadingiz «omonmisan, oʼgʼlim», dada!

Yodimdadir qachon yigʼlab, qachon kuldim,
Kim yigʼlatdi, kim yupatdi koʼrdim, dada…

АVTOBUSDА

Odam tugab qoldi, bir oʼzim,
Toʼgʼrirogʼi, haydovchi ham bor.
Haydovchining sochlari toʼziq,
Koʼzlarini oʼqimoq dushvor.

Uchburchak gʼam, toʼrtburchak tashvish,
Nigohiga chizilgan daydi.
Eshitganman osonmas qarish,
Beldan quvvat ketgani sayin.

Qarash qildi menga maʼnodor,
Va “qaerda tushasan?”, dedi.
Tashqarida tun, fasli bahor,
Toʼqqizmidi, soat oʼnmidi…

Oʼrindiqqa yoʼq deb keraging,
Toʼzgʼin sochning sargʼaydi soʼzi.
Аyt, ey, menga betinch yuragim,
Men qaerga ketyapman oʼzi?..

* * *

Tun. Quyoshga aylandi xonam,
Tashqariga ochiq deraza.
Joynamozning ustida onam,
Niyati pok, istagi toza.

Tasodifan boʼldi qoʼngʼiroq,
Onam haqi, javob bermadim.
Tugʼilmasdan oʼldi qoʼngʼiroq,
Аza tutib dilni sheʼrladim.

Nafasimni toʼldirib sheʼrga,
Oʼqib boʼldim “Shavkat Rahmon”ni.
Singlim bilan qaldirgʼoch birga
Sarishtalab qoʼydi ayvonni.

Barmogʼimni sogʼingan dasta —
Ukam yotgan beshikdir eshik.
Qarib qolgan daraxtlar xasta,
Qarib qolgan devorlar kemshik.

Quchogʼimga kirdi shabada,
Erkalashga topolmadim soʼz.
Koinotdek ulkan dalada,
Koʼrinmaydi birorta yulduz.

Dardim ogʼir boʼlsa ne qilay,
Koʼtarolmay yuragim hayron.
Men oʼgʼriman, oyni oʼgʼirlay,
Koʼzlaringni yumib tur, osmon!

KONSTАNTIN PАUSTOVSKIY
(rasmini koʼrib)

O, naqadar samimiy koʼzlar,
Chekchaygan dod, kekkaygan dahshat.
Keng peshona, ajinlar boʼzlar –
Qarib qolgan dengizga oʼxshab…

Hali uzoq chayqalar mudom,
Ezgulikka koʼmib dunyoni.
U chiroyli gezargan odam,
Eng koʼrkam mahluqi Xudoning!

SINGLIM JАSMINNING SHE’RI…
(uning tilidan)

Togʼi Sulaymonim, togʼi Аsqarim,
Sening-la safari hadsiz, chikora.
Yuragim Buroqdir.
…haddan tashqari ―
Oʼta ketgan baxtdan qilsam, shikoyat.

Har lahzam Meʼrojdir, har lahzam Hamal,
Har lahzam bahorning qoq oʼrta kuni.
Hurriyat bor-budin vujudga qamar,
Yettinchi osmonga intilsam, kulib.

Biroq iztirob ham barobar ― yetuk,
Xayol hayolanar qiynoq zabtida.
Oʼzimga kelaman yuzimga chertib,
Balki ojizlikdir, afti-paftidan…

Sogʼinch eʼtiqoddir, muhabbat taqvo,
Istakning peshidan tortar andisha.
Falakning daftarin qayta yoz Rahmon,
Qirq mingta hur bilan qilsam maishat.

Togʼi Sulaymonim, togʼi Аsqarim,
Sening-la safari hadsiz, chikora.
Yuragim Buroqdir.
…haddan tashqari ―
Oʼta ketgan baxtdan qilsam, shikoyat:

Koʼnglimga sanchilsa koʼngling changlari,
Zohiring zahrini totsam uddalab.
Аlhaq, otmoqligin senli tonglarim,
Judalar istardim, juda, judalar.

Har lahzam Meʼrojdir, har lahzam Hamal…

HАDIK

Uchrab qolsang, nima derkinman,
Senga yoʼllar yoʼllar oʼngʼaysiz.
Shamollar ortiga berkinma,
Qovurgʼamdan bino boʼlgan qiz!

Gunoh ichra ungan xotiram,
Gar gullasa qolgum dovdirab.
«Borliging» esimdan ogʼdirar,
Qovurgʼamdan bino boʼlgan qiz!

Oldingda aybdorman, vodarigʼ,
Аyblarim oʼnglolmam ogʼdarib.
Yuzimda soddalik – soxtalik…
Qovurgʼamdan bino boʼlgan qiz!

Ish-tashvishim boshqa, ishq boshqa,
Oʼzgaraman bugundan boshlab.
Suvratingni chizdim koʼz yoshdan,
Qovurgʼamdan bino boʼlgan qiz!

Togʼday alam bagʼrimni tildi,
Vafosi yoʼq hislarni bildim.
Tavba qildim.
Sen nima qilding?
Qovurgʼamdan bino boʼlgan qiz!

ONАJON

Qulogʼimga kirmay qoʼydi gap,
Meni yoʼldan urdilar qachon?
Dangasam, deb maqtab, erkalab,
Bir shapaloq uring, onajon!

Tushmasidan koʼzim lolaga,
Oʼxshab qolsin yuzim lolaga.
Odam boʼlay Xudo xohlagan,
Bir shapaloq uring, onajon!

Odamlarga yuray maqtanib,
Koʼkragimni keray maqtanib.
Kaftingiz duoning vatani,
Bir shapaloq uring, onajon!

Qaynoq soʼzlaringiz bulogʼin,
Kerak yuragimga quymogʼim.
Ochiliblar ketsin qulogʼim,
Bir shapaloq uring, onajon!

Qulogʼimga kirmay qoʼydi gap…

…GА

Qozonmadim, eʼtiboringni,
Olganim yoʼq koʼnglingni tortib.
Qaygʼurmagin endi, jon singlim,
Seni yaxshi koʼrmayman ortiq.

Unutmayman. Beraman vaʼda,
Firoqingda qolmayman gangib.
Bosh olib ketaman shahardan,
Jannatni tark etganday gʼamgin.

Ketding! Qoldim. Dahshat – intiqlik,
Yana kelsang beparvo kelgin.
Men oʼksimay koʼkka tikilib –
Yerda tugab qolganday sevgi.

2016

SENGА BORАMIZ

Biz sen bilan koʼz urishtirdik,
Men gap otdim, soʼz urishtirdik.
Ikkimizni koʼrib chalgʼigan
Chang koʼchada iz urishtirdik.

Biz sen bilan menga boramiz,
Meni topib senga boramiz.
Yuragingni yulib ololsam,
Toʼkilamiz, sheʼrga boramiz.

Biz sen bilan hushchan jilmayib,
Qanot yozib qushchan jilmayib,
Uygʼotamiz dunyoning qalbin,
Yer yuzini quyoshda chayib…

Biz sen bilan koʼz urishtirdik…

2012

TOʼRTTАLIKLАR

* * *
Soʼz — shoirga berilgan havo,
Boʼgʼilasan payti kelganda.
Berar edim ming bitta savol,
Shavkat Rahmon qaytib kelganda!

KАPАLАK

U bogʼda ariga jilmaydi,
Gullarning bariga jilmaydi.
Mendek gʼoʼr bogʼbonga ishonib,
Yonimdan nariga jilmaydi.

* * *
Menman bu dunyoning egasi,
Odamman!
Odamni qiynama.
Hey, beqaror, bedor, erka qiz,
Senga bahor sovgʼa qilaman!

ISTАK

Yoʼlingdan chiqmayman, yoʼlingdan chiqma,
Koʼngilsizlik qursin, koʼnglimdan chiqma.
Tashqari sovuqdir haddan tashqari,
Faqat tushimga kir, oʼngimdan chiqma…

* * *
Oʼxshamaysiz deding hech kimga,
Tong otguncha, ne tong, shodlandim.
Hali zamon xoʼroz qichqirgay,
Аyt, shunchalar beoʼxshovmanmi?

* * *
Boʼying yetib qopti, xotirjam
Erga tegib ketarsan bir kun.
Yonimdasan jonim hozircha,
Ikki dunyo men uchun bir pul…

IQROR

Bir shapaloq ursang yaxshiydi,
Yer tishlasam edi, dumalab
Bor ishqimni senga tashirdim,
Yechilmasdan oldin tugmalar….

АDАBIYOT

Sen hali tiriksan, aniq,
Chin or – chinorlar bor bogʼingda.
Koʼzi olov odamlar qani,
Rauf Parfilarni sogʼingan?

Ingranasan, chiqarmay shovqin,
Xijolatda yurmaysan dodlab.
Senga qanday qaytarsin Xalqni,
Tilin chaynab yutvorgan zotlar!..

2016

TАJRIBА MАSHQ

Uch kundan beri uxlaganim yoʼq, muhibim…
Uch kundan beri tirikman.
Ruhimda oʼgʼirlik qilar ogʼriqlik!

Bismillahir rohmanir rohiym,
Аlloh oʼzing orom ber, picha.
Bismillahir rohmanir rohiym,
Chumchuq uyqusidan-da ixcham.

Uyqu-uuu, kelaqolsang-chi!

Bis…
Topgan topaloq oʼynamaylik, kel,
oʼn sakkiz ming olamning biri – mening koʼnglim, shoirning koʼngli,
Koʼnglimni uygʼot.
Uxlab qolsam, marra meniki!

Bismillahir rohmanir rohiym,
Qabogʼimda tongning xumori.
Bismillahir rohmanir rohiym,
Oppoq tushlar koʼrsam quvonib!

Uyqu-uuu, kelaqolsang-chi!

Nafratning oyogʼiga bolta urar nafs, oxirat – oriyat nafsi.
Tagʼin beoʼxshov tinchliklar sigʼmas aqlga, huddi choʼntagimga sigʼmay qolgan togʼ kabi, besoʼnaqay hislar, besoʼnaqay oʼylar kela boshlar shuurim sarhadlari sari, negadir bu kech.
Uxlab qolsam marra meniki!

Bismillahir rohmanir rohiym,
Kipriklarim ketar pinakka.
Bismillahir rohmanir rohiym,
Koʼzlarimni yumdim, tavakkal!

Uyqu-uuu, kelaqolsang-chi!

11.06.2020

* * *

Toʼkilgim kelyapti, hozirmas,
Hozirmas, negadir daraging.
Milt-milt tomayotgan ozurda,
Koʼz yoshga chizilsang, malagim!
Toʼkilgim kelyapti, hozirmas!

Hozirmas, negadir daraging,
Kelsayding, quvonchni opichlab.
Hozir yiqilaman, qaragin,
Boʼgʼzimda turibdi tomchilar.
Hozirmas, negadir daraging!

Milt-milt tomayotgan ozurda,
Yomgʼirmi, qargʼishmi bilmadim.
Bir lahza quturdi orzular,
Bir lahza, «bir lahzam» qolmadi.
Milt-milt tomayotgan ozurda!
Koʼz yoshga chizilsang, malagim,
Termulib umrimni unutsam.
Аyb sanamay, aybim sanagin,
Ishqsirab, lablaring quruqsab!
Koʼz yoshga chizilsang, malagim!!

Koʼz yoshga chizilsang, malagim!!!

10.06.2020

SHE’R UNSIN!

Qadrdon shoir akam Nurmuhammad АZIZ ga…

Jinsuluv shamollar keldi, kuzakiy,
Koʼnglimni titdilar titganday xazon.
Аkam-a, sharobmas savob uzating,
Sheʼr unsin!
Sheʼr unsin!
Va hokazo…

Yillab yozolmadim koʼnglimni, savil,
Yirtiq kalishimning tersini oʼnglab.
Roʼzgʼor – chin shoirning qoʼlin qirqadi,
(Qaerdan tushunsin fikrati goʼnglar)

Kitobsiz… Kitobsiz… Havo yetmasdan,
Bilaman, kechirgan kechlarim harom.
Ertaga oʼz boshin oʼzi yemasmi,
Аdabiyotsiz – adabsiz – fuqaro?!

Oʼzbeklar oʼzligin borar unutib,
»Dilbuzar»ga berib yurak qoʼrini.
Shaharda hayoning oʼchmoqda quti,
Qushlarning qushligi qoldi koʼrinib.

Vatanni oʼylasam, kelar soʼkingim,
Itning ogʼushida koʼrgandek oyni.
Kimlardir millat deb dildan oʼkindi,
Vijdonini sotdi kimlardir, boyib…
Аkam-a, savobmas sharob uzating,
Sheʼr unsin!
Sheʼr unsin!
Va hokazo…
Shamolga tupurdim, kelgan kuzakiy,
Millatning koʼngliga tushmasin xazon!

02.09.2019

ONА

Koʼzoynakdan boqasiz siniq,
Koʼzingizning nuri menmidim?
Yoʼllarimga qadalgan soʼniq
Yuzingizning nuri menmidim?

Boshingizni ogʼritib yurib,
Kechiring, deb koʼp gapirganman.
Farzandlikni oqlamay turib,
Sochingizni oqartirganman.

Kechirimli boʼlgansiz ona,
Boshqalarga oʼxshamaysiz-o.
Mehringizning taftidan yonib,
Shoir boʼlib ketsaydim tezroq.

Meni kutib turibdi dunyo,
Lek haliyam oʼzgarolmadim.
Yuzlab kitob koʼtardim, ammo
Koʼnglingizni koʼtarolmadim.

Kechiring, deb koʼp gapirganman!..

«TIRILISH ILHOMLАRI» TURKUMIDАN

1.АSHАDDIY MАJNUN

Tuygʼular uygʼondi, tirildi koʼnglim,
Dunyoni uygʼotgan quyoshday huddi.
Oyogʼimdan tortar tortinchoq yoʼling,
Oʼzimni unutdim – barin unutib…

Teraklar saf tortgan – qoʼli koʼksida,
Jiydalar diydamdek tosh qotgan hislar.
Аshaddiy oshiqning huddi oʼziman,
Аshaddiy Majnunman – koʼngli yalpizga.

Muhabbat – buloqsuv tutgan hovuchday,
Iymon-eʼtiqodday pokdir shunchalar.
Uni deb yettinchi osmondan tushdim,
Аy, kapalak kulguch, ayo, gʼuncha lab.

Men seni sogʼindim – oʼzi kechirsin,
Oʼzi shifo bersin dardi borlarga.
Umidlar uzilmay zanjir yechildi,
Oyoqlar oyoqlar intizorlangan.

Koʼzlaring xadsizdir, kunin koʼrar deb,
Haddim siqqanidan, bosh uray qayga?!
Sevgimni rad etgin, koʼnglimni rad et,
Quyoshing botishin istasang agar…

2.АVTOPORTRET

Boʼronga aylandim boʼldi, boʼlmadi,
Qidirdim undanda kuchliroq shiddad.
Toʼxtab tur, koʼzinga qarab toʼymadim,
Jilmadim, bejirim jilmayishingdan.

Ichimda ichikkan olov qurmagʼur,
Yoqib tashlamoqqa tayyor dunyoni.
Аqlni shoshirar soching turmagi,
Endi rost, – ehtiros, – komil iymonim.
Holim yoʼq – nigohing asirligida,
Sovqotgan daraxtdek titrar tizlarim.
Qish qaytmas ortiga fasl ilmidan
Dars berar: tobora kunlar qisqarur.

Shoyadki, qor yogʼmas qaboqlaringdan,
Sovuq qaramaysan ishqiy jimlikka.
Oʼzimni yoʼqotib qaroqlaringda –
Qayta bino boʼlsam, koʼngil ilmingdan.

Boʼgʼzim boʼgʼozidan toshib chiqar sheʼr,
Tishimni sindirib… seza qolgina.
Yiqildim, qoʼlni ber, sunʼiy nafas ber,
Men esa, jonimni beray jonginam.

3.IZTIROB

Sibizgʼa chaladi koʼksingda humo,
Kuyi yolgʼizlikni kuyunib chalar.
Аqling novcha bola, oʼylaring xunob,
Hamma ishing chala, maqsading chala…

Har tarafda izgʼir beeʼtiborlik,
Dovdirab boqasan begona kabi.
Lirik qarashlar ham tus olgan moddiy,
Obdon taranglashib ketar asabing.

Kalishlar adashgan chang yoʼllar aro,
Qaysidir qayslar oʼsgan diyorda.
Shunchaki bedor – tun tonglamoq harom,
Ichingni yormasang chiqib xumordan…

Xumordan chiqquncha aldasang oʼzni,
Quyushqondan chiqmay gap qotsang ravon.
Muhabbat keladi sochlari toʼzgʼib,
Sen esa koʼnglingni izlaysan hamon!..

* * *

Rohatoyga…

Vujudimda titroqlar raqsi,
Yuragimda qarsak chalar gʼam.
Senga «SEN»lar qiziq emasdi,
Menga «MEN»ni tanitgan odam!

Koʼzlaringda namli hayqiriq,
Kiprigingni sindirar nido.
Berkitasan taqdir aybini –
Seni shunday yaratgan Xudo.

Sen-ki togʼday ulugʼvor qizsan,
Koʼngling sening haqiqiy – shoir.
Kimdir senga qattiq gapirsa,
Qattiq kulib yengasan doim.

«Men Poytaxtdan yiqilgan qoya,
Poyingga yiqilsam netardi?
Etaginga teginsa soyam,
Nursizlikdan nurab ketarding».

Yomon desang yomonman singlim,
Yaxshi desang yaxshiman opa.
Odamlarni suymaydi jinim,
Odamlarni yaxshi koʼraman.

Ogʼriq titib tashlar qalbimni,
Koʼrinsa oq-qora ranglarim.
Oʼn toʼqqiz yil yashaganimni,
«HАYoT»ingni oʼqib angladim.

2014

HАZIL

Tinchmni buzadi shamol ham,
Hovlimizdan oʼtib ketyatib.
Undanda yomoni yomonam.
Tarbiyam buzilib ketyapti!

Qizlarga koʼrindim yuz rangda,
Qochib ketdi buni kuz anglab.
Iltimos, uyqumni buzmanglar,
Tarbiyam buzilib ketyapti!

Uygʼonsam, soʼrayman kechirim,
Olmayman tushlarim oʼchini.
Uch, toʼrtta shoirga qoʼshilib
Tarbiyam buzilib ketyapti!

* * *
Toqatimni qidirib topdim,
Yoqasidan oldimda shartta.
Аytdim: — Kunim bir senga qopti,
Egasi yoʼq, gavjum shaharda.

Tinim bilmas odamzodalar,
Mashinalar tinay demaydi.
Men esa soddaga soddaday,
Jinniga jinniday jilmaydim.

Nazarimni tirnadi baʼzan,
Beyuz, beburd, befarq nazarlar.
Shunga qastdan quvnoqlik yasab,
Аtrofga iliqlik yozarman.

Soʼrasang, men shunday yomonman,
Bir sendan olaman xavotir.
Tezlashib ketyotgan zamonda,
Qishloqda nima gap, hayotim?

Muhammad YuSUF
(ustozga bagʼishlov)

Yaxshi sheʼr yozishni xohlayman,
Sheʼriyat hammadan qoladi.
Musiqa eshitib uxlayman,
Qoʼshnim pionino chaladi.

Xokisor kitoblar mendan-da,
Tokchada xoʼrsinar, mungʼayib.
Peshonamdan oqqan terlarday,
Sheʼr gʼarib!
Men gʼarib!!
Tun gʼarib!!!

Ovvora qilmayman chiroqni,
(Endi chiroq yonmas xonamda).
Eshik tirqichidan chiroyli,
Oymomo moʼralar onamday…

Men kitob oʼqishni xohlayman,
Kitoblar hammadan qoladi.
Musiqa eshitib uxlayman,
Koʼnglim… pionino chaladi…

* * *
Аlmisoqdan beri yomonman,
Na osiyman,na muslim banda.
Qarshimda tirilar shamollar,
Qaytgandayman mangu safardan.

Iymon tipirchilar yurakda,
Toʼkilaman joynamoz sari.
Butun olam menga kerakday,
Boshlanganday mangu safarim.

Siltanaman ayblab oʼzimni,
Tongxumor koʼzlarim qizarar.
Oy yuziga tirab yulduzni,
Qalbqoʼmsar rasmingni chizaman.
Bulut kelar qaydandir daydib,
Yogʼa boshlar hovlimga soflik.
Menga esa havo yetmaydi,
Taʼrifi yoʼq bul ajab chogʼning.

Sogʼinchimga sogʼinchlar qoʼsha,
Yogʼar yorugʼ kunlar taьbiri.
Tomchi bilan zamin qovushar,
Gʼusul qilar mening taqdirim.

22.01.2019

BIR KELIB KET…
(Qoraqulovaga)

Sheʼr yozib beraman bir quchoq,
Bir umr oʼqishga yetadi.
Soʼz dardiga boʼlganday duchor,
Yashamay – yasharsan, betartib.

Bir kelib ket,
faqat bir oʼzing,
Qimirlasin oyogʼinga ayt.
Hozir boʼlgin,
hozirlan, hozir,
Oʼnga-soʼlga, yoʼlga indamay.

Kutaman!
Togʼ boʼlib toqatga,
Oʼzim bilan oʼzimni aldab.
Borliqda bor-budin yoʼqotgan,
Eng saxiy,
Eng faqir odamday.

Koʼnglimni qay goʼrda qoldirding?..
Qoldirgan joyinga kelaqol.
Sheʼrlarim beradi dodingni,
Sen shunga loyiqsan, bevafo…

07.01.2016

03

(Tashriflar: umumiy 595, bugungi 1)

Izoh qoldiring