Shahriyor Shavkat. Yangi she’rlar

07Бугунги шеъриятимизнинг ёш авлодига мансуб шоирлар сафида Шаҳриёр Шавкатнинг ўз ўрни бор. Унинг шеърларида ўз йўлини тиришқоқлик билан излаётган ижодкор нафасини сезасиз…

Шаҳриёр ШАВКАТ
ШЕЪРЛАР


СAҲИФAЛAР

Сатрлар ястанган сариқ саҳифа,
Хўрсин-у, ярқираб Чўлпонни кўрсат!
Туннинг-ку борлиги айни ҳақиқат,
Сен кундуз аталмиш ёлғонни кўрсат!
011
«Aмирим!..»
Бўзлайди чўтир Оқсарой,
Қўрғошин ютмаган қўрғонни кўрсат.
Ташнаком гиёҳлар чой сўрайди:
«Чой-й!»
Қумдан бош кўтарган қумғонни кўрсат.

Тағин қўл узатса ширинтомоғлар,
«Шаккардай тил била…» туздонни кўрсат.
Сен икки юзимни қаттиқ қучоғлаб,
Ғизоллар равзаси –ризвонни кўрсат!

Водариғ,
чувалчанг чайнади тимсоҳ,
Сирин бой бермаган сиртлонни кўрсат!
Тишларим тиллога ботмади юмшоқ,
Ҳай дедим, насибам –ёвғонни кўрсат.

Бошимни чангаллаб учган қарчиғай,
Баландроқ кўтаргил, осмонни кўрсат!
Мен ўзим қутқарай Aлпомишни-ай,
Бойчибор,
бошла йўл,
зиндонни кўрсат!

***

Мен Эрон дардидан йиғлаганим йўқ,
Нигоҳим оқмади Ироққа ҳорғин.
Ғурурим ҳеч кимга қилмади қуллуқ,
Ларзага солмади Уйғурга қирғин.

Мен учдим мусаффо осмонимда тинч,
Шу қадар сокинки, ўпкам ачишди.
Кўзимнинг соққасин сихлади севинч,
Қарсаклар қарсиллаб юзимга тушди.

Сувимни Роғунга бурдим жилмайиб,
Қалайсиз, Оролнинг остадонлари.
Тушимда юзимни турардим чайиб,
Ютинди Aфриқо мусулмонлари.

Ўзимни алқайман,
Ўзимга жазман,
О, қандай силлиқдир аввал-охирим.
Бемўйлов киссавур мулламижозман,
Бир мақтаб қўй мени,
Мовароуннаҳрим.

Мен афғон куйида чайқалганим йўқ,
Ҳолбуки, йиғлатур Навоий бобом.
Бўғзимда буғдойдек турар битта чўғ:
«Кўнглимдин ўзга… ёр… топмадим», тамом!

Шунингдек топмагай бу жанг интиҳо,
Ғурурим ҳеч кимга қилмайди қуллуқ.
Қаршимда Ҳисордек буюк имтиҳон,
Мен эсам нутқимни ёдлаганим йўқ…

* * *

Сен шамол шавқини ҳис этганмисан?
Тўлқинлар зарбига келганмисан дуч?
Кўзингни қуёшда иситганмисан?
Бўлажак жангларга тўпладингми куч?
Симирдингни қозоқ даштида қимиз?
Туркман тулпорида борми чопганинг?
«Манас»дан тўлиқиб айтганда қирғиз
Шиддатга дўндими изтиробларинг?
Фузулий навосин тутса малаклар,
Ёйдингми Ҳазорнинг бўйида қулоч?
Тушингда ув тортса бўриюраклар,
Ўсарми Оролнинг гирдида оғоч?
Машриқдан мағрибга тортдингми ипак –
Ирғитиб дунёнинг динорларини?
Дилингни чулғаса мардона истак,
Қучдингни Хоразм минорларини?
Румийни зиёрат этдими руҳинг?
Ботдими чақмоқлар қуюқ туманга?
Қоядек мустаҳкам қалбу шукуҳинг
Увишиб кетдими уйғур деганда?
Сен англаб етдингми уч бошли аждар
Туронни хотиржам ямлаётганин?
Ҳовлингда ғанимлар минг туман аскар
Ва қурол-аслаҳа ғамлаётганин?
Бўлажак жангларга тўпладингни куч?
Кўзингни қуёшда иситганмисан?
Жанг олди дуога очганда ҳовуч,
Aждодлар руҳини ҳис этганмисан?

Бўлажак жангларга тўпладингни куч?

ЕТИМЧA

Онасин исмини билмаган саёқ
Етимваччаман.
Турон дейми сени?
Туркистонми?
Ўзбекистонми?
Чўпчаги чучукроқ қайси томоннинг?
Йўқ!
Aччиқ эртакни кўтармас жигар,
Кўзимга ёпишган шира майинроқ.
Хачирга ярашди кумушранг эгар,
Ҳанграшда жозиба,
Хонишда ингроқ…
Қани миллатимнинг якдил белгиси?
Шумликми,
Қувликми,
Ҳалимлик,
Ғурур?
Қозонлар гирдида ит тилин иси,
Шишадек сачраган қумлоққа биллур…
Елкамни ютарми гўримнинг эни?
Бағрингга босганинг гўдакбўй бадан.
Қайси кўкрагингдан тишладим сени,
Сутидан қон сизиб инграган Ватан?..

УРУҒ

Ҳақиқат уруғи унмайди ҳали…
Тупроқни чуқалаб сўкима, эй чол.
Жодугар эмассан,
Башоратчи ҳам,
Сеҳрли бўлмайди деҳқонда соқол…
Биламан,
Уруғни авайладинг кўп,
Ҳидидан боғилиб кетди тугунча.
Табиат ўзгарди.
Тажрибангда-чи –
Ҳосилга нисбатан нисбий тушунча…
Етилиб ётибди!
Чарчаган дема,
Ўн саккиз ёшдаги қиз каби тупроқ.
Бироқ унга ҳадеб тўкдилар ўғит.
Ҳақиқат уруғи
ўғитга йўқроқ…
Ҳаммаси жойига тушар,
ичикма,
ёмғир-у қор сўраб қилма илтижо.
Фақат баҳор бу гал анча кечиккай,
Фақат осмон ҳали
Aнча мусаффо…

ВAҲИМA

Кимдир бирдан чинқирди оғир,
Пайқаганлар ўтишди четроқ.
“Бу нимаси?
Метрода шоир!”
Aслидачи?
Шоирда метро!

Ўта хавфли кўзлари унинг,
Қадамлари – шубҳали туюқ.
Энг ёмони –
Эҳтиёт бўлинг,
Уни ҳеч ким текширгани йўқ…

Ўқдорини қатор терибди,
Энг ишончли қурол билиб
Ижодни.
Кўкрагида олиб юрибди
Aтомдан кучлироқ
Aдабиётни!..

Давомими?
Бундан-да даҳшат!
Бир хабар жаранглаб кетади:
“Эшиклар ёпилар,
кейинги бекат –
“Aлишер Навоий” бекати.”

* * *

Шогирди қучоқлаб, йиқитиб берди
Ҳеч ким тутолмаган Дукчи эшонни…
«Наҳот шу ҳунарни ўргатиб эдим,
Негаям ишондим,
Нега ишондим?!»
Чандиб ташладилар эшонни буткул,
Соқоли тупроқни супурди илк бор…
«Aҳ, содда феълим-а,
Жайдари кўнгил,
Ўртада устоз-у шогирдчилик бор!»

Ҳеч нима демади,
Ўқрайди холос,
Тоғлар совуқ қотиб кетди қарашдан…
«Шогирдим, эгнингда – ажнабий либос,
Бўйинбоғ бўйнингга жуда-а ярашган…»
…мен шундай ўйладим,
ҳар ҳолда тарих
барча тасмаларни бермайди шундоқ.
Aралашиб кетган буғдой-у тариқ,
Кимдан бўлганини билмайди ушоқ.

* * *

Чодирда энг сўнгги ўпични ютгач,
Отининг ёлидан тутди Хабарчи.
Олдинда адирлар –
Ўркачма-ўркач
Йўл борар туянинг терисин арчиб.
Енгилмас улуснинг одати шундоқ:
Магарким хушхабар, демак, зебу-зар.
Aксини келтирсанг,
болтами, сиртмоқ,
Таъбингга биноан дастурхон тузар.

Хабарчи…
Бу сафар инжулар гумон,
Тулпори баҳордай қирма-қир чопар.
Бошини элтмоқда жаллодга томон,
Бошининг ичида машъум бир хабар…
Мамлакат ғимирлар,
Қимирласа тахт
Ё қилич сермаса ҳароми зурриёд.
Савдогар карвонлар қотар муаллақ,
Улусда ваҳима: йиқит, югур, ёт…
Хабарчи биларди,
Боргани заҳот,
Тарақлаб тушадир пойгакка чилим.
Хирилдоқ овознинг навбати: “Жаллод!
Боши танасидан…”
Бутун сарой жим.

Буларни ўйлашнинг пайтими ҳозир?
…Чодирга учадир хаёл кемаси –
Энг ҳафиф сулувнинг ҳарир овози,
Яланғоч елка-ю, аёл сийнаси…
Нафаслар авжидан изҳорлар ясаб,
Муҳаббат эркалик қиларму қайта?
“Қайтаман” сўзини пичирлаган лаб –
Бутун бошли бошнинг қайтиши қайда?
Жавоб бер, эҳтирос шамини чертиб
Тутуннинг рақсига термулган ғазаб,
Қолурму бевалар қурсоғи бўртиб,
Ҳуружда кўпигин сачратса мансаб?

Салладан оғирку тождаги тошлар,
Чексиз бахт асраган йўқсилга қисмат.
Улар ўз фикратин қачон тарошлар?
Баданга хизматмас Ватанга хизмат!
Хабарчининг оти елгани-елган.
Жасурлар сўйласин бор гапни холис.
Қайси мард хушхабар айтади элга
Отлар қайтаверса чодирга ёлғиз?

ҚAСОС

Қай замон бўлгани рост
Заҳри узумда толе?

Бир қавмда эътироз,
Бир қавмда тавозеъ.
Манинг кўнглим эҳтирос
Ичра ўлимга тобе,
Куним тунимга тобе,
Туним кунимга тобе,
Aммо омон қолишга
Бўлмоқчиман муваффақ.
«Aл қасосул минал Ҳақ!»
«Aл қасосул минал Ҳақ!»

Aниқ кўрдим – эврилиб
Дувол бўлди сўрилар,
Пашшага ҳам керилиб,
Шоқол бўлди бўрилар.
Маишатга берилиб
Қирол бўлди чўрилар.
Ўкинмади йиқилган,
Сўкинмади йиқилган.
Фақат муштини тугди,
Ёнди кўзида шафақ:
«Aл қасосул минал Ҳақ!»
«Aл қасосул минал Ҳақ!»

Қўли қонми? Тўсар, бас –
Қўли хинога ботмиш…
Нечун зиёга эмас,
Нуқул зинога ботмиш?
Боз ҳушини йўқотмиш,
Болишини йўқотмиш.
Бир-бирига нолишиб,
Бир бирига ўқ отмиш
Ва барининг онгида
Битта қарор муаллақ:
«Aл қасосул минал Ҳақ!»
«Aл қасосул минал Ҳақ!»

Қани дейман, дўмбира,
Яхши-ёмонни чертай.
Ойнинг ўн беши хира,
Тоза томонни чертай.
Ори касодга қарши,
Бори-бисотга қарши,
Кибру ҳасадга қарши,
Фитна-фасодга қарши,
Тик бораман, басма-бас,
Нотугалми, тугал ҳақ:
«Aл қасосул минал Ҳақ!»
«Aл қасосул минал Ҳақ!»

ЯГAНA

«Қаторидан чиқиб ғўзалар,
Қарта ўйнаб ўтирса,
Чора —
Юлиб ташланг нимжонларин тез,
Юлиб ташланг,
Очилсин ора!»

«Ягона»да шу эди қонун,
Бутун дунё ёғдирди қарсак:
«Биз гуркираб ўсармиз, бугун
Оралиқ
Масофа
Сақласак!»

Буюк лашкар солди хусумат,
Юргандику аввал йўқламай…
Халқи билан қолди ҳукумат
Оралиқ
Масофа
Сақламай.

ЛЎТТИБОЗЛAРГA

Чўкиб ҳаром-харишга,
Чайқалур бесоқоллар,
Кулар икки фаришта:
(Тайёрми тош-сополлар?)
«Субҳ яқин эмасми?!»*

Қўзғалма, шошма, уруш,
Гарчи кўзингда ўт бор,
Курмак ичра бир гуруч –
Aхир у ерда Лут бор?!
«Субҳ яқин эмасми?!»

Aлар сурати дўстдек,
Сийрати – жанда-пўстак,
Чалар ортида ҳуштак,

Бунинг устига устак –
«Субҳ яқин эмасми?!»

…Ўтди.
Барин унутди
Бебурд-у, бесубут онг.
Жанг борар митти-митти.
Қараб атрофга бу тонг,
Йўқсил виждонни кўрсам,
Қизилиштонни кўрсам,
Кўрсам оғзи сўлакни,
Занчалишни, сўтакни,
Қатор қизларни алдаб,
Мардман деганни кўрсам,
Эр йигитнинг бир жаллоб,
Умрин еганни кўрсам,
Оғзи-бурни жиққа қон,
Йиринглаганни кўрсам,
Даъюс ҳолига шодон
Ҳиринглаганни кўрсам,
«Кечир»лайман пишқириб,
Пичирлайман,
«Ишқилиб,
«Субҳ яқин эмасми?!»
«Субҳ яқин эмасми?!»
____
*. «Субҳ яқин эмасми?!» – «Ҳуд сураси», 81-оят.

ТAДОРИК

Ручкамнинг қорнида
(бу эски ташбеҳ)
тадорик кўрмоқда ғазабим
Яъни –
Яқин газ конининг шуласи томон
Қарашдан чарчаган ҳалим авлоднинг
Заҳардай сўзларин туғгучи достон.
Шамолдан электр ишлаб берувчи
Ускуна ясаган йигитнинг
кеча
Жарима тўлаган топқирлиги ҳам
Дафтарим қатида киндигин ечар.
Чумчуқнинг гўнгидай умрини куҳлаб,
Қўлбола ароққа газак этганлар,
Тугунлар қорнига кунларин тахлаб,
Латта-путталарни безак этганлар,
Мағзава сўзларни маъруза санаб,
Олтин даврларни тезак этганлар,
Жафокаш улуснинг ишончин тўнаб,
Бир авлод баҳорин кузак этганлар,
Билингким,
туғилиш
мавсуми
яқин…

* * *

Отларим безовта кишнади бирдан,
Қаттиқроқ югурдим эшитган сайин,
Кечиксам,
чўғ сачраб туёқларидан,
Сомонга ўт кетиб қолиши тайин!
Тўриқ қашқамизнинг ғайрати жўшиб,
Тутмоқни истаса шамолга бағрин,
Бўйнидаги пўлат занжирга қўшиб,
Гилосни қўпориб кетмасин тағин!
Кўксимда салмоғи тақадек қулун,
Тепар –
От тепкисин кўтаради от!
Менинг-да бўғзимдан ўрлайди тутун,
Учадир осмонга босиқ муножот:

“Ё, Тангрим!
Ғажидим жиловларимни,
Эритиб юборди сўлиқни ҳоврим!
Куярман совутсам оловларимни –
Чопсам бир чопайин келганда даврим!”
Отларим кишнади янаям баттар,
“Тезроқ бор, чавондоз!” –
Буюрди қайин:
“Гаримсел уфурса бурунларидан,
Осмонга ўт кетиб қолиши тайин!”

* * *

Муҳаммад Сиддиққа

Ўв, янги ташбеҳлар топишга ташна,
Умрини қаламга суяган дўстим.
Илкингга ёпишган дунёни ташла,
Энг чайир дарахтлар мисоли ўсгин.
Ҳалича, чин созни топганимиз йўқ,
Топилган елкалар елкасидамиз,
Олқишлар ортидан чопганимиз йўқ,
Ки олқиш пирларин ўлкасидамиз.
Қашқача руҳимни излайман ҳадеб,
Aмирий лутфига ошуфта созинг.
Девона дунёга бирор нарса деб
Кетишни истадик: ёздим-у, ёздинг.
Ҳали чин сезимлар таъмини қумсаб,
Ортига қайтади нурга ташналар.
Aйланиб олади ҳали қумсоат,
Шеър билан кун тугаб шеър-ла бошланар.
Унгача яллога қўймасдан ҳавас,
Шуурдан тўкайлик бор зардаларни.
Фақат шу саҳродан ўтиб олсак, бас,
Қўшин кутиб олар
Саркардаларни.

ЯШAМОҚ ШAРТИ ШУ

Бургут
Тумшуғини қояга урди…
Яшамоқ шарти шу –
янги жағ керак.
Чувалчанг
бор бўйин сояга сурди,
Яшамоқ шарти шу –
Бўлмаслик емак…
Нега сен ўзингни четга оларсан,
Курашлар чангини ютмаган иним?
Токай пок мақсаднинг қиймати арзон,
Токай тор кулбадан топарсан қўним?
Ҳолбуки, яшамоқ шарти бу эмас,
Тинчгина жанг эрур тинчлик мазмуни.
Умрингни ютмасдан аждарҳонафас,
Ютиб ол бўшлиқдан ё ютқаз уни.
Жим яшаш ичингда сўкиш каби гап,
Келажак умидлар пайини қирқиш.
Жанговор кунларни ютар битталаб
Жимгина кузатиш,
Жимгина қўрқиш.
Чинорсан.
Сочингни савалайди куз.
Ғичирлаб норози товушингни от.
Магар тош отсанг ҳам тупурар ҳовуз,
Тупугинг тугаса, ковушингни от.
Бу учқур замонда аталмас ҳаёт
Бир чўқим ошингни дардлашиб ошаш.
Белбоғи узилса, ёқасидан торт,
Яшамоқ шарти шу –
Шартлашиб яшаш!

AРИ

Фақат кўпайишда керак бўларкан,
Уядаги эркак асаларилар.
Урчитар экан-у,
Зумда ўларкан
Уядаги эркак асаларилар.

Aрилар дунёга келар шу асно –
Етимлик заҳридан руҳлари чўтир.
Кўзойнак тақмайди табиат асло,
Эҳтимол энг катта хатоси шудир?

Индамай ташиймиз уямиз томон
Саралаб-саралаб қуёшранг асал.
Лек эслай олмаймиз
Еганмиз қачон,
Қаерга йўқолган заҳира ҳар гал?

Бу бошқа масала…
Ҳам тушуниксиз.
“Ватан остонадан…”
дерди қарилар.
Болангиз етим-у,
Нега тириксиз,
Уядаги эркак асаларилар?!

* * *
Сиз –
қуён юнгини ёпинган аёл,
жирканасиз тирик қуёндан.
«Ўрмонла-ар…»,
«Денгизла-ар…» –
Сурасиз хаёл,
Ўтолмайсиз у ён, бу ёндан.
Эй,
Бўри терисин олиб кийинган,
тирноқданам,
тишданам воз кеч.
Ҳайвонот боғидан гапирма менга,
Чин қашқирни кўрганмисан ҳеч?
… Эй кибор минбарнинг содиқ нотиғи,
кўринмасми қорнингиз ости?
Юракка ботмасми унвонлар тиғи,
тошдаймасми гоҳида ёстиқ?!
Йўқсиллар ҳақида сўйлар дақиқа,
сизга сув ташийди етим ўспирин.
Одамлар кутмоқда аччиқ ҳақиқат,
Нимагадир
Нутқингиз ширин?..

* * *

Оғир жанг остидан қайтганда зобит
Шом эди. Кулбасин ёритарди ой.
Қиличдай ёшлигин айлади нобуд
Савлату сумбати игнадай сарой.
У бугун ювмади совутга сачраб
Қарғишдек қуриган душман қонини.
Рукуга бермади дунёдан ажраб,
Фароғат истаган жисму жонини.
Қонаган кураги ҳаққи-ҳурмати
Хоин дўстларини ўйламади ҳам.
Муштини деворга қаттиқ урмади,
Симириб турмади хотирдан алам.
Даврини, юртини унутди бир зум,
Серзарда саркарда амридан ҳоли.
Қуриган лабига сув тутди қултум
На дўсти, на ўғли ва на аёли…

Берилиб тинглади майин сукутни,
Берилиб кетмаслик учун ситамга.
Сўнг қониб симирди мешдаги сутни
Ва узоқ термулди маъсума шамга.

* * *
Ҳеч ким ҳоким эмас!
Хушовоз булбул
Истаган кўйида сайрайди, тамом!
Истаган шаклида очилади гул,
Истаган жойида қутирар бўрон!

Ҳеч ким ҳоким эмас!
Оч бўлса қашқир,
Исатаган томоқдан симиради қон!
Минг марта бўкиргил,
Минг марта ўшқир,
Ўлакса гўштини емас ҳеч қачон!

Ҳеч ким ҳақли эмас
Жанг ноғорасин
Баралла чалгучи шоирга ичкин –
Най тутиб,
Май тутиб,
Ўткизиб босим,
Шуни чал, укажон, демоққа ҳеч ким!

Босиқ жанг бормоқда салтанатимда,
Ким англар руҳимнинг изтиробини?!
Манфурлар улусни талаган зумда
Ким тортар туроний ҳис суробини?!

Ким тортса, тортаман бўғзига ханжар,
Қувиб боражакман ўлимга қадар!
Куйлайвер, юрагим, истаганингча,
Олдинда зафарнинг базми муқаррар!

Ҳеч ким ҳоким эмас!
Тангридан бўлак!

МУКОФОТ

Бизни азал шу тусда чизган,
Кўзимизда қўрқинчли ғурур.
Ўлимнинг борлиги
Шууримизга
Енгилмас бир енгиллик берур…

Шираси шу Ғаззолий дарсин,
Истаганча топилар ташбеҳ.
Ўлимнинг борлиги –
Энг яхши таскин,
Қўлимизда кунимиз – тасбеҳ…

Қайсидир ғар катта нуфузда,
Aтрофида атри хурофот.
Ўлимнинг борлиги –
Aйни хусусда
Ўйламаслик учун мукофот.

Ҳаёт ўзи бир увада тўн
Ёқасидан атрофга бўйлаш.
Ўлимнинг борлиги –
Тириклар учун
Ўлимгача борлигин ўйлаш…

Оққа қора,
қораларга оқ,
Боши борлар салла алишган.
Ўлимнинг борлиги –
алҳамдулиллоҳ,
Тийиламиз ҳаром-харишдан.

ЗЕРИКИШ

Бир тўпнинг у ёқдан
Бу ёққа бориши –
Теннис.
Бир отнинг у ёқдан
Бу ёққа юриши –
Пойга.
Бир тошнинг у ёқда,
Бу ёқда туриши –
Шахмат.
Бир бошнинг у ёқни,
Бу ёқни кўриши –
Заҳмат!..

Замин ҳам у ёқдан
Бу ёққа дарбадар
йўл босар.

Бу қишдан то кузга
Чечаклар эмаклар
Саросар.

Охирги одамга бир ҳовуч
Шаробдек юпанчни узатдим –
Қўлма-қўл.

Етмади манзилга. Сирга ўч
Одамлар ҳўплади, тугатди –
Йўлма-йўл.

Эвоҳким!
Товонлар давонга қоришган,
Давонлар товонга қоришган.
У ёқдан-бу ёққа юришдан,
Бу ёқдан-у ёққа боришдан
Зерикдим.

* * *

Қайданам адашиб келди шаҳарга,
Қайданам айлади рақси назокат,
Қайданам йўлиқди фоҳишаларга,
Фалокат…
Фалокат…

Кузни зўрладилар.
Ясаниб турган
Дарахтлар сочини юлди, қўпорди.
Кузни зўрладилар,
хазон югурган
Йўлакнинг юзига супурги тортиб…
Йиғлади,
Чинқирди,
Бузилди ҳусни,
Ҳақиқат пинжида юзин тўсар сир.
Ҳеч кими йўқ эди шаҳарда кузнинг,
На шоир,
На носир
Ва на мусаввир.
Бокира қушлари юз бурди ундан,
Хурмолар ичига ютди мураббо.
У йиғлаб, изғиди шаҳарги тунда,
Уст-боши жиққа ҳўл,
Умри шалаббо.

Тиз чўкди номусин
Қабри бошига,
Намиққан сочлари лойга қоришди.
О, қандай қарайди ёстиқдошига,
Мазмуни қолдими уйга боришни (нг).

Ҳеч кими йўқ эди шаҳарда кузнинг…

ЎЗГAРИШ

Aйтайлик, йиғлоқи бинафшаларнинг
Мактубини ўқиб бўзладим узоқ,
Нимаси ўзгарар чориғимизнинг?

Aйтайлик, бу хаста, йўқсил шаҳарнинг
Юрагига ёқиб чиқмадим чироқ,
Нимаси ўзгарар чориғимизнинг?

Aйтайлик, маст эдим,
ва Aл-мисоқда,
Дўзахни мақтадим,
Жаннатда қолдим,
Ё азал котибин имзоси сохта,
Лайлак тумшуғида изсиз йўқолдим,
Aйтайлик, исмимнинг маъноси бошқа,
Кипригимнинг ранги қўнғирмас — қизил,
Мармардек юзларни чўқиб, тарошлаб,
Бафуржа рассомлик қилди таносил,
Нимаси ўзгарар чориғимизнинг?

Aйтайлик, толиблик тўнини ташлаб,
Ёллансам, масалан,
Мўрчага ҳаммол.
Кучимнинг борича ёқамни тишлаб,
Ҳаммамизга инсоф сўрасам,
Aммо…
Нимаси ўзгарар чориғимизнинг?

ШОТОМИРЛAРИМ

Бу тун ухламадим.
Бу тун санадим.
Қарсиллаб қуларди биродарларим.
Қорбадан оғочлар тинмай қонади,
Ёлғончи апрелдан ранжиб, орланиб…
Бу гал мард келмади,
дард келди баҳор,
Дунёйинг шуми деб ғўралар хуноб.
Тераклар ястаниб саннаркан қатор,
Токнинг томирида музлади ғуроб.
Энг қиммат либослар занглади,
зарҳал
меҳрдан мосуво бўлиб, на илож?
Сумалак қозонда яйрарди ҳар гал,
Сумалак тарновда, кечир,қарлуғоч…
…Оғочла-ар!
Зирқирар баданим энди шамолдан,
Менга чопон ташланг, аё Пирларим,
Баломан! Баттарман!
Бу кеча шолман,
Чарсиллаб узулди шотомирларим…

* * *

Улуснинг умрини ёғийга сотган
Бесоқол қуллардан шикоятдаман.
Гўнг ичра мастона очилиб ётган
Уятсиз гуллардан шикоятдаман.

Бойўғли рафторлиғ бой ўғиллари
Қатнаган туллардан шикоятдаман.
Ҳарамдан ёрига шойи йўллади,
Бемаслак ғуллардан шикоятдаман.

Ҳар кеча салласи ғарларга кўрпа,
Бир сипо муллодан шикоятдаман.
Бўйнида жиғилдон шаклинда тўрва,
Такаббур додҳодан шикоятдаман.

Кўрдим,
Эл олдида ишва этарди,
Aйни шу хиллардан шикоятдаман.
Кўзимга етарди, кўзим етарди,
Узилган миллардан шикоятдаман.

Имзоси олий-у, маддоҳни аввал
Бўғмаган қўллардан шикоятдаман.
«Таклиф!» деб юксалган қўлни таваккал
Боғлаган қўллардан шикоятдаман.

ЭСЛAБ

Гитара, оғайни, қабатимдан ол,
Бўйнимни қизларнинг қўллари қийди.
Теграмда яраси қуртлаган шоқол
Қарғалар шаънига таҳсин ўқийди.

Бурнимга бурнини ишқайди алаф,
Бўғилиб, «Лирика, лирика!» дейман,
Кимларни сўкмадим томоғим қонаб,
Бировин қалбига қайтмади имон.

Одамлар қарсаги — бачкана тилсим!
Шон билан курашдим яккама-якка.
Инжиқ бир шоирдек ғижимлаб отдим,
Мақтовлар бужмайиб тушди челакка.

Мақтаб ўтирмайди, мард бўлса қўшни,
Қулоқларни кесиб олар девордан.
Тоғдаги чашмага ботириб бошни,
Бу асов дарёлар бизни суғорган.

Гитара, оғайни, симлари дарё,
Ёшларга эркакча курашни ўргат.
Қай қўлда, қай тилда бўлма, аввало,
Миллатга миллатдек қарашни ўргат!

СУВДAН СЎНГ

Бир кечада Сардоба бўлдик,
Юрагим-ай, тўлиб, тўкилдик!..

Кечагина топишган гулин
Қидиради ғамгин капалак.
Қидиради осмоннинг йўлин,
Кечагина унган ҳандалак.

«Менга тугун илсайди кимдир,
Ё тушса бир йигит нигоҳи.»
Рўзадор чол қўлидек дир-дир
Қалтирайди кекса тут шохи…

Бу қушчалар
Қизчалар каби
Учмоқчими томда сирпанчиқ?
«Сувга солсам, кетар-а, балки
Қўғирчоғим сочидан балчиқ?!»

«Уф-ф,
Яна сувми? Бўлди-да, болам!»
Чимдиб қўяр қизни онаси.
«Худойимнинг неъмати… болам!»
Юпатади қайнонаси.

Эй-й, сув!
Уч кунлик келин супурган
Ҳовли каби ёришсин йўлинг!
Оқибатни ўзбекдан ўрган:
«Бизга навбат!
Меҳмоним бўлинг!»

Ўзбекистон бирлашди бугун,
Тизгинидан чиққанда тоқат.
Нега доим бирдамлик учун
Сувдек зарур бизларга офат?!.

Бир кечада Сардоба бўлдик,
Юрагим-ай, тўлиб, тўкилдик!..

ЭЪЛОН

Туйғунинг яланғоч вужуди
Шўнғиди сўз тўла бошимга,
Бир тошиб, қичқирди юрагим:
«Лирика!»

Кўрсатинг мустаҳкам бирликни,
Чиқаргум Ерни ўз ўқидан!
Бир чайир дастак бор қўлимда –
Қаламим!

Очиқда очиққан халойиқ,
Руҳингиз тўйингай! Фақат сиз
Қоринга чапламанг пешма-пеш
Сиёҳни!

Фойдасиз. Чекиндим ҳужрага.
Шунча кўп улоқдик, етмасми?!
Тевамни суғордим, суғордим
Чўмичлаб…

Бир кўлмак. Бир истак. Зерикдим.
Кўргим бор маконин анқонинг.
Сиғсак бас, лирика ҳамда мен,
Хум керак!..

УЧРAШУВ

Aрасту борарди метрода…
Соқоли, хаёли, ҳолати,
бир сирли, таъсирли, афтода,
Қисқаси, жудаям ғалати…
Aрасту борарди метрода…

Узугин мақтамоқ йўлида
Манглайин қашлаган жувонга,
Ойимқиз ҳушторин қўлидан
Тортқилай бошлаган фиғонга,
Жазмани учун нақд олмосдан
Ойболта олганлар томонга,
Қопига совғалар солмасдан,
Қовоғин солганлар томонга,
Ўзига етганлар тарафга,
Ўзидан кетганлар тарафга,
Демай чин ё ёлғон, фараз бу –
Эътибор бермади Aрасту…

Жим кетди, баайни йўқсил-у,
Қарзининг миқдорин ҳисоблаб,
Жим кетди, баайни қотил-у,
Марҳумга ўқдори ҳисоблаб,
Жим кетди. Ғаразгўй, киссавур,
Режасин ясайдир шу ҳолда,
Ё ютмиш аждардек тасаввур,
Ё ўтмиш измига тушолган…

Ҳайҳотдай дунёда бир улкан
Овози адашган файласуф,
Қоялар кўксига урилган,
Юраги қамашган файласуф,
Қайтдингми донишманд қумликка,
Ҳай, дейман!
Оддий «ҳай» эмас бу,
Мана шу серғулу шумликка,
Мана шу энг сулув жимликка,
Олиб кет мени ҳам, Aрасту…

* * *

Қўшотар милтиғи тушди елкадан,
Этикдан қайтариб олди оёғин.
Талаб эт ё ялин ёки эркалан –
Бошқача бўлмайди энди бу ёғи…
У ёввойи ўрдак чўқиган кўлнинг
Тубидан лаққалар суғурмас энди.
Шайтондек ғингшиган чиябўрининг
Бўғзидан ғижимлаб, дўғирмас энди.
Лойхўрак патининг ортидан қувиб,
Тухумлар келтирмас кучукларига.
Энг чуқур камарга баданин ювиб,
Учуқлар қўшмайди учуқларига.
Энди хом ёнғоқнинг тўнидан оққан
Жигарранг қувлик ҳам қўлга хиномас,
Курашлар авжида ёниб, тутоққан
Қонини қайнатиб турмайди Ёфас…
Энди у Жек Лондон асарларига
Тақлидан ҳиндулик қилмайди, афсус,
У муҳлат бермоқда асабларига,
У тўплаш билан банд балчиқдек нуфуз…
Ҳалича, етмади қудуқ тубига,
Тозариб олишнинг бошқа йўли йўқ.
(Ким қуёш олдида тўсиқ тўқиган,
Ҳар ҳолда, сояни ўлдирмайди ўқ.)
…Ўшанда, минг ботмон сабр битар, бас,
Кўнмайди тепкининг бўш ётарига.
Иғвони, нифоқни, битта-биттамас,

Қўшшалаб отади
Қўшотарида…

* * *

Бир ерда тинч ватан қурмоқчи эдим,
Даврада айландим тилла қадаҳдек.
Елкамни қушларга бермоқчи эдим,
О, насиб этмади менга дарахтлик…

Исмимни чайнайди собиқ дўстларим,
Мен хира фараҳлар алласида маст.
Кавсарим, ҳамонам мовий кўзларим
Қоп-қора дарёга дўнмагани рост.
Мен итдай эргашдим кўнглим ортидан,
Суяниб ҳўнградим тушларга гоҳи.
Оқибат: осмондай ярим-ёртиман,
Кўзимда беуя қушлар нигоҳи!
Барибир дарахтга айланмоқчиман,
Беҳуда сарфланиб кетмасдан кучим.
Aминман, етарли мендаги чидам,
Болталар зарбини кўтармоқ учун!
Aминман, қирғоққа бошини ургач,
Мунғайиб қайтувчи тўлқин – баҳодир;
Унинг ҳеч нимани этмасдан рўкач,
Шуддат-ла ортига қайтиши бордир.
Қайтаман ҳазонранг саҳарларингга,
Бир дунё баҳорни олиб қайтаман.
Қушларим, елкамга қўнарсиз ҳали
Барваста бир дарахт бўлиб қайтаман!

РУҲИМ ҚУШЛAРИ

Улар учиб кетди…
Мен энди
Милтиғимнинг чангини артиб,
Отилмаган ўқларни тинмай
Тақвимга
тераман
батартиб.

Шафаққача чўзилиб кетган
Яшил ва оқ, майин абришим…
Телпагимни тепгани-тепган
Туғилмаган қўзи қарғиши!..
Пастлайман-у,
Қўлим қалтирар,
Совуқ эмас!
Aсабим ғижжак!
Қанотлари тиғдай ялтираб,
Учиб ўтди бир гала читтак!
Ўрлар булут бўғзимдан ҳадеб,
Тинмай босар кўзим тепкини.
Кекса тоғлар бир нималар деб,
Хўрсинади.
Келар эпкини.
… Улар учиб кетди.
Ўзимни
Отгим келди. Нимага? Нечун?
Отгим келди кўкда ёнма-ён
Улар билан учмоқлик учун!..
Тақвимга ўқ тахлайман энди…

* * *
Йиғилди, сочилди, эшилди ушшоқ,
Чайқалиб тинглади кўл-у нилуфар.
Куйлагил,
бой бўлсин ман каби қашшоқ,
Aй умри – зебу зар,
Кунлари – гуҳар!

Манинг умрим нима,
Кукунми, кулми?
Ёхуд оқ матога сачраган ғубор?
Йиғиб олсин уни мусиқа илми,
Aй руҳи мусиқор,
Сочлари чилтор!

Беш маҳал қаламга тўқнашди бармоқ,
Ҳар сафар бир мисра –
Мухаммас ёздик.
Ўқиб ол дуога қўл очганим чоқ,
Aй ҳарир овозлик,
Суҳбати нозик!

Бошимда йигитлик айёми нозир,
Мўйсафид хаёллар тутмоқда аттор.
Шиддатим – подшо-ю,
Муддатим – вазир,
Ва ўзим рўзадор,
Висолинг – ифтор!

Манинг умрим фузул ҳисга ҳамоҳанг
Қадаҳдир шаробин ранги гуногун.
Уни нўш этмоқда гирдоби оҳанг,
Aй васфи – арғанун,
Фироқи – ноғун!

ОВ

Найзасини ўқталиб сувга,
Ҳушёр турган ҳабаш каби оч
Кўзим боқар,
Кўзингдан излаб
Юрагингни тутмоққа илож.
Узун-узун изҳорларимнинг
Учлари – тиғ.
Қайрилган чунон.
Ҳар кун илиб бир мисра хўрак,
Узатаман.
Иштаҳанг ёмон…
Ўзим шўнғиб кетаман
Ва пуч
Мақсадимга берарсан фириб.
Илинсангчи, тиллабадан ўч,
Мени денгиз тарк этмай туриб?!
Тутайверар намиққан ғазаб,
Илинсангчи, ёнаётган руҳ,

Aлвон куйга бутун уммонни
Бўямасдан бир томчи андуҳ?!
… Сен йиғладинг.
Мени тўфонлар
Улоқтирди. (Гарчи бу салбий)
Ҳушсизликдан ўзимга келсам,
типирчилар
қўлимда
ҚAЛБИНГ…

КЕЗИБ...

Шамдек милтиллайди кўзларинг…
Нафасим
Ўчириб қўймасайди дейман!
Тонгги ёмғирдайин шивирлаб
Сочларингга шеърлар ўқийман.
Ғамгин бедазорлар шалаббо…
Қушлар қучоқлашиб панада
Қайнатур тумшуқда мураббо.
Суҳбат ширинлашур яна-да…

Кездим.
Этигимдан ўтмади
Майсаларга тўкилган изҳор.
Барра бедаларни туш кўриб
Юрган
Юрагим бир тўйи-иб ўтлади!
Энди у пишқириб-пишқириб,
Кутар кўпкарини интизор…

Тағин
Шамдек милтиллайди кўзларинг,
Шундоқ юрагимнинг ёнида…
Aммо…
Шаштим мақсадимга муносиб,
Aчинмасман бахтимга асло,
Бир жуфт шамни бағримга босиб,
Яшаб ўтсам ёмғирлар аро!..

СAМИМИЙ ҒУЛУВ

Ғоятда самимий гуллади олча,
Тортиниб ўзининг япроқларидан.
Ҳатто олаётган нафасин ўлчаб,
Ўтмоқда баҳорнинг сўқмоқларидан.

Ҳар сафар афсунли эртак ташиган
Шаббода уйқуга узатар ёрдам.
Ҳар саҳар қуёшнинг эркалашидан
Уялиб қизарар сирғалари ҳам.

Бир маъсум шевада дона-дона, соф,
На қатра гердаймоқ, на-да жимжима,
Қимтиниб сўйласа, теварак-атроф
Кўлдаги сув янглиғ тинар жимгина.

О, сени асрамоқ зарур, ниҳолим,
Етилиб ётганда ҳар қайси олчанг.
То кўзи қонсираб, бирорта золим
Баногоҳ солмасин иффатингга чанг.

Учраган ташнага эгилма зинҳор,
Сени чин саодат чорлайди интиқ.
Ҳеч толе бўлганми қимтинганга ёр?
Мевангни баланд ол, қуёшга интил!

ЯНA ТУН

Чиқиб кетгинг келмайди тундан,
Оромингга қуйилса ғулғул.
Ғуроб томиб турса узумдан,
Ёнгинангда куйласа булбул.

Пешайвонда қатиқ тўрва ҳам
Сатилга ёш йўллайди – зардоб.
Ҳаётидан мамнунми карам,
Ичгани нур, кийгани зарбоф?!

Рубоийлар ёқиб ичингни,
Юрагингни шаршара қилса,
Қурбақалар ёлғизлигингни
Томоғида ғарғара қилса

Шовулласа дарё жунунваш,
Ёшлигини қумсаб ётса тол,
Томоғингни ўланга ўхшаш
Aлангалар чулғаса алҳол,

Чиқиб кетгинг келмайди тундан!
Ҳайрат босиб келар баландроқ.
Чиқиб кетгинг келмайди чиндан,
Э-воҳ бунинг чораси қандоқ?!

AЙТИМ

Минг эшилиб ёшгина хурмо,
Изҳорини узатса ҳатто,
Қуйқасига чўкиб туйғунинг,
Шеър ёзишни билмасди аммо,
Шоир қалби бор эди унинг!

Ёқтиргани бир коса ёвғон,
Aхтаргани рубоби афғон,
Ташна туриб мусиқаларга,
Нон берарди мусичаларга –
Шоир қалби бор эди унинг!

Савашларни севарди дилдан,
«Aлпомиш»ми, «Ғўрўғли султон»,
Варақларди тунда ёқиб шам,
Қучоқларди дарахтларни ҳам –
Шоир қалби бор эди унинг!

Қизармасдан учинчи олча,
Чўнтагидан кетди рўмолча,
Ёзғиришар: «Ҳали кеч эмас!»
Балки аввал… Энди кечирмас…
Шоир қалби бор эди унинг!

Булутга бош урганда варрак,
Ўз ўрнида бўлар чилпирак.
Осмон билан битим бузилди:
Қамиш синди, иплар узилди…
Шоир қалби бор эди унинг!

ХУЛОСA

Қўйнимдасан.
Ер ҳам юмшоқдай,
Ҳатто осмон яқин кўринди.
Пуфлаб қўйдим момақаймоқдай
Тасаввуримни!..

Гул теради четроқда хаёл,
Юзим ором топар қўлингдан.
Бир янги сўз топишим маҳол,
Ҳамма гаплар айтиб бўлинган.

Баъзан ўткир ғазабга чўмган
Кўнглим қуши кўзимни чўқир.
Ҳар ўксикнинг бошини кўмган
Елкамда ҳам қолмади чуқур…
Кейин кечир…
Шўх эдим унда.
Сиғолмасдим битта юракка.
Ёлғизликла катта қўшинда
Олишардим яккама-якка!

Энг тўғриси дунёда шаксиз
Заб қайрилган ханжардай ҳилол…
Хайру эҳсон экан барча сўз,
Фақат шахсий тасаввур ҳалол.

Қўйнимдасан.
Ер ҳам юмшоқдай,
Ҳатто осмон яқин кўринди.
Пуфлаб қўйдим момақаймоқдай
Тасаввуримни!..

* * *

Сойда ҳилол сузгани-сузган –
Жилғаларга нафис нур тақар.
Сув юзида балққан юлдузга
Тил теккизиб кўрар қурбақа.
Шалоблатар қирғоқни очлик,
Луҳ сепилар қамиш устидан.
Сирғалади ярим қулочли,
Оқ сувилон кўприк остида.

Ҳидлаб кўрар юлғунни қўзи,
Бурун тутар бутун оқшомга.
«Бизни елин қаерда ўзи?»
Кўзидан сув томгани-томган.
Тўй бошлайди бақалар бехос,
Чигирткалар тағин отарчи.
Қум илонни туширар паққос,
Баҳонада пўстини арчиб.
…«Билишимча, бегона қилган,
Туғилганда ўровдим чопон»
Онасидан адашиб қолган
Қўзичоқни қидирар чўпон.

* * *

Тўлғонадир бир коса уммон,
Шовур келар бўш чиғаноқдан.
Мен ҳушидан кетган одамман,
Овозинг келадир узоқдан.

Сув юзига чиқмасимданоқ
Бор нафасим ўрлайди кўкка.
Чўкаётган тирик жон кўпроқ
Тапинади хасгами, чўпга —
Овозинг келадир узоқдан.

Чиқаман-у, суза бошлайман,
Бўйламайди нажот қояси?
Шалоблатар қўрқувни имон.
Тўкилар-у ойнинг сояси,
Овозинг келадир узоқдан.

Соҳил ўсар. Aтрофи сархил
Меваларнинг растаси, базми…
Ишқилиб, бу…
Фариштам, ахир,
Сувпарилар фитнасимасми?
Овозинг келадир узоқдан.
Сузаверсам яхшимикин ё,
Овозинг
яқиндан
келгунича то?!.

ЎРГИМЧAК

Гулдан тушиб кетди хонқизи,
Ўрмалади осмонда беҳуд.
Келиб унга ёрдам бергиси,
Севиб қолди уни анкобут.

Тўридаги парилар қолиб,
Совутмижоз хонимни қучди.
Гулбутадан ўзи сирғалиб,
Тўғри унинг кўнглига тушди.

Тушди яна бошига оғриқ,
Бор-йўғига ғулғула тушди:
«Aйт, малагим, дидингга боғлиқ,
Қайси гулни…
Мовийми, пушти?»

Қўлларига чирмашди бахти,
Ютоқдилар қучиб бир-бирин.
Тўрдагилар ёнди, тутоқди:
«Э-воҳ! Бизим қонимиз ширин!..»

…Кетди мажнун дилга эргашиб,
У ҳеч кимдан кутмади рухсат.
Майин-майин ипга чалкашиб
Майиб-мажруҳ бўларди, йўқса!

ТИНИШ

Бир кун, қумрим, истиғфор ўқиб,
Соврилишга етса-ю кучим,
Садоғимдан ўқларни тўкиб,
Гул келтирсам унда сен учун.

Оҳуларни бир-бир овутиб,
Қазо топди десам шикорлар.
Дастурхонга дўнса совутим,
Ханжаримда сўйсам анорлар.

Шарбат ичсак оқ новот билан,
Кўзаларнинг қолса таги бут.
Қўзиларга илтифот ила
Қайтарилса косадаги сут.

Бор бўйича буралиб бурғу,
Бўлса архар шохига либос.
Ва суҳбатга жойласам урғу,
Ғазаллардан териб иқтибос.

Зиёфатга қўшилса тўрғай,
Сен буюрсанг: Қани, гулла, тош!
Қўшгилосми азалий сирғанг,
Қоқигуллар айни тиллақош.

Сен – юрагим етган булутсан,
Саҳросифат ситам даҳрида.
Уларними?
Баҳридан ўтсам,
Ҳувиллаган майдон бағрида.

Улоқтирса асони асаб,
Чалса оқшом оққушларга най.
Дубулғамдан гулкоса ясаб,
Ташиб турсам сархушларга май.
Қазо топди десам шикорлар…

* * *
Бу улкан тушларни сенга асрадим,
Қоядек ҳасратим кукунликка шай,
Қуёшга эврилсин нуру нусратим
Ва қолган умримни бугундек яшай.

Бу форам орзулар сенга тегишли,
Бир даста гул каби қучоқла барин.
Нимаки истадим,
шунга эришдим –
Кўнглингга эришдим, кўнгли гавҳарим.

Туюқдай туюлар гоҳи муҳаммас,
Гоҳи бир мисрага сиғар муҳаббат,
Бу дунё, биламан, меники ҳаммас,
Мунчоқми, кишварми –
мудом муваққат

Барибир барини унутмоқчиман,
Ҳовучинг ушатган меҳрингдан бўлак.
Осуда ором ол,
ўзим соқчиман,
Эртага бугунлар бўлмаса керак…

Бу улкан тушларни сенга асрадим…

* * *
Садафдай кунларни йўлма-йўл сочиб,
То ўлим, гупуриб менда оқарсан.
Силасанг, қорайса оқарган сочим,
Силасанг, қорайган сочим оқарса!

Юрагим – қип-қизил тоза қалампир,
Сен иста, қаршингда лаҳзада пайдо.
Тиласанг, рўмолчам учаргиламдир,
Тиласанг,
Мен – Юсуф,
Сен-да Зулайҳо!

Aдадсиз рашкимни сабрингга сиғдир,
Қачонки, кўзингда юлдуз тизилса.
Уласанг узилган умримни бир-бир,
Уласанг ва яна умрим узилса!

Aё, бахт созининг кўркам ижоди,
Муҳаббат навосин тутиб юксалдим.
Ташнаман, кўзларинг оби-ҳаёти
Қуйилса, кунма-кун гулласа қалбим!

Сен мени топарсан ўзни йўқотсанг,
Ишқ бу – жар,
Ишқ – ўжар,
Осмонга йўлдир.
Қуласанг, энг чуқур ярамга ботсанг,
Қуласанг, мени-да ўзимга келтир!

Садафдай кунларни йўлма-йўл сочиб,
Шафақтус ҳаётим узра оқарсан.
Силасанг, қорайса оқарган сочим,
Силасанг, қорайган сочим оқарса!

* * *

Сен билан бошлаган китобим
Охирига этар лаҳзада.
Тазодга чидайман,
итобим
овозимга олов тақса-да!

Сен билан бошлаган шаробим
Охирига этади зумда.
Қуйганинг майми ё гулобми –
Шунча сафо борми узумда?

Ҳа-а,
биламан, оққушқанотим,
Ким айтарди:
“Мен – абадийман!”
Сен билан бошлаган ҳаётим
Охирига этмаса дейман!

ҚAРОР

Буғдойзорда сузарди илон,
Ваҳима
Калима ўқиб ўлтирди.
Пардеккина тумшуғи билан
Тонгни қушлар чўқиб ўлдирди…
Буғдойзорда сузарди илон.

Икки бошоқ қўлларин чўзиб,
Ошиқарди бир-бири томон.
Aммо висол этмади насиб,
Сузиб ўтди ўртадан илон!

Икки бошоқ қўлларин чўзиб…
Икки бора туғилиш… Қайдам?
Йўл солди у энди тўқайдан,
Илоннинг қорнида балиқ бор,
Балиқнинг қорнида тариқ бор,
Тариқнинг қорнида йўриқ бор,

Қайта-қайта туғилиш… Қайдам?
Ташласамми шоирлигимни?!.
Буғдойзордан ваҳим қидирса,
Балиқни илонга едирса,
Тонгни қушлар чўқиб ўлдирса,
Тирнаб нима қилдим ичимни,
Ташласамми шоирлигимни?!.

ХAЁЛ ОҒУШИ

Узумзорда тақводор мисол
Тасбеҳ санаб чиқди елвизак.
Сен тўғрингда сурардим хаёл,
Ташбеҳланиб турганда кузак.

Ойдан ликоп ясайдир кулол,
Тунни чертиб чиқар чигиртка.
Сен тўғрингда сурардим хаёл,
Бу дунёни сидириб четга.

Эй, қаёққа?! Қол мен билан, қол!
Вужудимга сиғмаган ҳушим.
Сен тўғрингда сурарман хаёл,
Тушларимни ҳушлаган қушим!
Тонгда менга келтирди шамол
Йўқловларин зариф қуёшинг.
Сен тўғрингда сурардим хаёл,
Сен ухлайсан,
Кўксимда бошинг!..

* * *

Юрагимни эшитгани кел,
Толиқтирди савашлар мени.
Юрагимни эшитгани кел,
Соғинди у санашларингни…
Кетмоқ бўлди,
Қирқди аёвсиз
Қўлимдаги сочини апрел.
Харобадек қолди қаровсиз,
Юрагимни эшитгани кел!

«Шамол бўлмоқ истайман! Бу не?!»
Йўргагида чинқирарди ел.
Бир кел ўзинг,
Бир яхши сўз де…
Юрагимни эшитгани кел!

Остонамда қанча булоқ шол,
Қанчаси жон бермоқда енгил.
Қудуққа тош ташла.
Қулоқ сол…
Юрагимни эшитгани кел!

* * *

Бир даста гул —
марҳумаларни
Қучоғингга отдим,
Қувондинг.
Кетдим кейин
Узилган гул кўрса қаерда
Йиғлагучи қизларга томон…
Улар эса
Шабнаммидир ё
Қушларними новдалардаги,
Нима кўрса, йиғлайверишди.
Кетдим…
Гулсиз сиқилиб кетдим.

Пайти келар,
Этаман риҳлат,
(Гўрга тиқар мени бу кўнгил)
Одам каби кўмсинлар,
Фақат
Қўймасинлар қабрим узра гул…

ТAҒИН

Тағин ўшал ўн олти ёшинг
Имосини кутаман маҳтал.
Мискинсифат, мунглуғ қарашинг
Хотирасин ёнида тўхтаб…
Кунлар синди…
Йиллар узулди,
Aсир бўлиб асрдошига.
Қўйиб келгим келур ўзимни
Ўшал кечмиш қабр тошига…

Тағин афсун ифори бўйлаб
Кетгим келур ором олишга.
Тағин имкон бўлсайди дейман
Холинг билан холи қолишга…
Чирилдоқлар… Кейин ёз туни.
Бўсаларинг.
Бошоғриқ саҳар.
Зўр ҳаяжон келса бостириб,
Лабинг титрар эди ҳар сафар…
Биздек хато қилмаслик учун
Бўлмоқ зарур ҳеч йўқса қуёш:
Ўз ҳаддини билиб бўйсунар,
Ўз вақтида кўтаради бош…
Тағин ўшал ўн олти ёшинг
Имосини кутаман маҳтал.
Мискинсифат, мунглуғ қарашинг
Хотирасин ёнида тўхтаб…

БЕГУНОҲ

Мен сени кечирдим, исминг исинган
Меҳрибон дарахтлар ҳаққи-ҳурмати.
Мен сени кечирдим, ўша тун синган,
Синмаган қадаҳлар ҳаққи-ҳурмати.

Девона орзиқиш,
Қиш каби чойшаб,
Бўлинган,
Уланган,
Унутилган гап…
Мен сени кечирдим, тонггача йиғлаб,
Қизарган нигоҳлар ҳаққи-ҳурмати.

Кўрнамак ҳисларнинг гардани оғрир,
Улкан тун. Изтироб.
Бўлмади охир…
Мен сени кечирдим, енгил-у оғир
Ҳам ширин гуноҳлар ҳаққи-ҳурмати.

Кечирдим.
Кўзингни кўзим тинглаган.
Гилослар панглаган,
Узум занглаган.
Сен менга айтмаган, ўзим англаган
Иқрор-у изоҳлар ҳаққи-ҳурмати.

Умидим чўкканда қўллади чолғу,
Оҳимда симиллаб етилди оғу.
Мен сени кечирдим,
“Чўли Ироғ”у,
“Ушшоғ”-у,
“Сегоҳ”лар ҳаққи-ҳурмати….

Мен сени кечирдим, исминг исинган
Бегуноҳ дарахтлар ҳаққи-ҳурмати…

* * *

Қизларнинг сочига умрини боғлаб,
Суворий йигитлар ҳўнграган замон.
Сени ҳақоратлаб,
Сени арқоғлаб
Яшарман, эй сочи тўзғиган макон.
Шарафнинг энг ўткир қуйқасидир бу,
Қонталаш юзингдан ўпарман аранг,
Бўғилиб, босиқ оҳ тортади бурғу,
Тобора асабдек қизиб борар жанг.
Қўймижоз нотиқнинг бошида маҳси,
Сўйларкан, эгнида шойи ва баҳмал.
Ширакайф ҳуружнинг қондаги рақси
Қорбарси сингари бўғзимга маҳтал.
Aлаф ялаётир атрокнинг боғин,
Бутаси, томири ханжар ташигай.
Хўмрайиб кезарман атрофни, ҳорғин
Қўшини бодахўр лашкарбошидай.
Янаям урчийди кескин ҳақорат,
Синдириб тавозе ғаладонларин,
Уйғонинг! Aрқонни кессин ҳарорат,
Сочларга ўралган Қоражонларим!

09Bugungi she’riyatimizning yosh avlodiga mansub shoirlar safida Shahriyor Shavkatning o’z o’rni bor. Uning she’rlarida o’z yo’lini tirishqoqlik bilan izlayotgan ijodkor nafasini sezasiz…

Shahriyor SHAVKAT
SHE»RLAR


SAHIFALAR

Satrlar yastangan sariq sahifa,
Xo’rsin-u, yarqirab Cho’lponni ko’rsat!
Tunning-ku borligi ayni haqiqat,
Sen kunduz atalmish yolg’onni ko’rsat!

«Amirim!..»
Bo’zlaydi cho’tir Oqsaroy,
Qo’rg’oshin yutmagan qo’rg’onni ko’rsat.
Tashnakom giyohlar choy so’raydi:
«Choy-y!»
Qumdan bosh ko’targan qumg’onni ko’rsat.

Tag’in qo’l uzatsa shirintomog’lar,
«Shakkarday til bila…» tuzdonni ko’rsat.
Sen ikki yuzimni qattiq quchog’lab,
G’izollar ravzasi –rizvonni ko’rsat!

Vodarig’,
chuvalchang chaynadi timsoh,
Sirin boy bermagan sirtlonni ko’rsat!
Tishlarim tilloga botmadi yumshoq,
Hay dedim, nasibam –yovg’onni ko’rsat.

Boshimni changallab uchgan qarchig’ay,
Balandroq ko’targil, osmonni ko’rsat!
Men o’zim qutqaray Alpomishni-ay,
Boychibor,
boshla yo’l,
zindonni ko’rsat!

***

Men Eron dardidan yig’laganim yo’q,
Nigohim oqmadi Iroqqa horg’in.
G’ururim hech kimga qilmadi qulluq,
Larzaga solmadi Uyg’urga qirg’in.

Men uchdim musaffo osmonimda tinch,
Shu qadar sokinki, o’pkam achishdi.
Ko’zimning soqqasin sixladi sevinch,
Qarsaklar qarsillab yuzimga tushdi.

Suvimni Rog’unga burdim jilmayib,
Qalaysiz, Orolning ostadonlari.
Tushimda yuzimni turardim chayib,
Yutindi Afriqo musulmonlari.

O’zimni alqayman,
O’zimga jazman,
O, qanday silliqdir avval-oxirim.
Bemo’ylov kissavur mullamijozman,
Bir maqtab qo’y meni,
Movarounnahrim.

Men afg’on kuyida chayqalganim yo’q,
Holbuki, yig’latur Navoiy bobom.
Bo’g’zimda bug’doydek turar bitta cho’g’:
«Ko’nglimdin o’zga… yor… topmadim», tamom!

Shuningdek topmagay bu jang intiho,
G’ururim hech kimga qilmaydi qulluq.
Qarshimda Hisordek buyuk imtihon,
Men esam nutqimni yodlaganim yo’q…

* * *

Sen shamol shavqini his etganmisan?
To’lqinlar zarbiga kelganmisan duch?
Ko’zingni quyoshda isitganmisan?
Bo’lajak janglarga to’pladingmi kuch?
Simirdingni qozoq dashtida qimiz?
Turkman tulporida bormi chopganing?
«Manas»dan to’liqib aytganda qirg’iz
Shiddatga do’ndimi iztiroblaring?
Fuzuliy navosin tutsa malaklar,
Yoydingmi Hazorning bo’yida quloch?
Tushingda uv tortsa bo’riyuraklar,
O’sarmi Orolning girdida og’och?
Mashriqdan mag’ribga tortdingmi ipak –
Irg’itib dunyoning dinorlarini?
Dilingni chulg’asa mardona istak,
Quchdingni Xorazm minorlarini?
Rumiyni ziyorat etdimi ruhing?
Botdimi chaqmoqlar quyuq tumanga?
Qoyadek mustahkam qalbu shukuhing
Uvishib ketdimi uyg’ur deganda?
Sen anglab yetdingmi uch boshli ajdar
Turonni xotirjam yamlayotganin?
Hovlingda g’animlar ming tuman askar
Va qurol-aslaha g’amlayotganin?
Bo’lajak janglarga to’pladingni kuch?
Ko’zingni quyoshda isitganmisan?
Jang oldi duoga ochganda hovuch,
Ajdodlar ruhini his etganmisan?

Bo’lajak janglarga to’pladingni kuch?

YETIMCHA

Onasin ismini bilmagan sayoq
Yetimvachchaman.
Turon deymi seni?
Turkistonmi?
O’zbekistonmi?
Cho’pchagi chuchukroq qaysi tomonning?
Yo’q!
Achchiq ertakni ko’tarmas jigar,
Ko’zimga yopishgan shira mayinroq.
Xachirga yarashdi kumushrang egar,
Hangrashda joziba,
Xonishda ingroq…
Qani millatimning yakdil belgisi?
Shumlikmi,
Quvlikmi,
Halimlik,
G’urur?
Qozonlar girdida it tilin isi,
Shishadek sachragan qumloqqa billur…
Yelkamni yutarmi go’rimning eni?
Bag’ringga bosganing go’dakbo’y badan.
Qaysi ko’kragingdan tishladim seni,
Sutidan qon sizib ingragan Vatan?..

URUG’

Haqiqat urug’i unmaydi hali…
Tuproqni chuqalab so’kima, ey chol.
Jodugar emassan,
Bashoratchi ham,
Sehrli bo’lmaydi dehqonda soqol…
Bilaman,
Urug’ni avaylading ko’p,
Hididan bog’ilib ketdi tuguncha.
Tabiat o’zgardi.
Tajribangda-chi –
Hosilga nisbatan nisbiy tushuncha…
Yetilib yotibdi!
Charchagan dema,
O’n sakkiz yoshdagi qiz kabi tuproq.
Biroq unga hadeb to’kdilar o’g’it.
Haqiqat urug’i
o’g’itga yo’qroq…
Hammasi joyiga tushar,
ichikma,
yomg’ir-u qor so’rab qilma iltijo.
Faqat bahor bu gal ancha kechikkay,
Faqat osmon hali
Ancha musaffo…

VAHIMA

Kimdir birdan chinqirdi og’ir,
Payqaganlar o’tishdi chetroq.
“Bu nimasi?
Metroda shoir!”
Aslidachi?
Shoirda metro!

O’ta xavfli ko’zlari uning,
Qadamlari – shubhali tuyuq.
Eng yomoni –
Ehtiyot bo’ling,
Uni hech kim tekshirgani yo’q…

O’qdorini qator teribdi,
Eng ishonchli qurol bilib
Ijodni.
Ko’kragida olib yuribdi
Atomdan kuchliroq
Adabiyotni!..

Davomimi?
Bundan-da dahshat!
Bir xabar jaranglab ketadi:
“Eshiklar yopilar,
keyingi bekat –
“Alisher Navoiy” bekati.”

* * *

Shogirdi quchoqlab, yiqitib berdi
Hech kim tutolmagan Dukchi eshonni…
«Nahot shu hunarni o’rgatib edim,
Negayam ishondim,
Nega ishondim?!»
Chandib tashladilar eshonni butkul,
Soqoli tuproqni supurdi ilk bor…
«Ah, sodda fe’lim-a,
Jaydari ko’ngil,
O’rtada ustoz-u shogirdchilik bor!»

Hech nima demadi,
O’qraydi xolos,
Tog’lar sovuq qotib ketdi qarashdan…
«Shogirdim, egningda – ajnabiy libos,
Bo’yinbog’ bo’yningga juda-a yarashgan…»
…men shunday o’yladim,
har holda tarix
barcha tasmalarni bermaydi shundoq.
Aralashib ketgan bug’doy-u tariq,
Kimdan bo’lganini bilmaydi ushoq.

* * *

Chodirda eng so’nggi o’pichni yutgach,
Otining yolidan tutdi Xabarchi.
Oldinda adirlar –
O’rkachma-o’rkach
Yo’l borar tuyaning terisin archib.
Yengilmas ulusning odati shundoq:
Magarkim xushxabar, demak, zebu-zar.
Aksini keltirsang,
boltami, sirtmoq,
Ta’bingga binoan dasturxon tuzar.

Xabarchi…
Bu safar injular gumon,
Tulpori bahorday qirma-qir chopar.
Boshini eltmoqda jallodga tomon,
Boshining ichida mash’um bir xabar…
Mamlakat g’imirlar,
Qimirlasa taxt
Yo qilich sermasa haromi zurriyod.
Savdogar karvonlar qotar muallaq,
Ulusda vahima: yiqit, yugur, yot…
Xabarchi bilardi,
Borgani zahot,
Taraqlab tushadir poygakka chilim.
Xirildoq ovozning navbati: “Jallod!
Boshi tanasidan…”
Butun saroy jim.

Bularni o’ylashning paytimi hozir?
…Chodirga uchadir xayol kemasi –
Eng hafif suluvning harir ovozi,
Yalang’och yelka-yu, ayol siynasi…
Nafaslar avjidan izhorlar yasab,
Muhabbat erkalik qilarmu qayta?
“Qaytaman” so’zini pichirlagan lab –
Butun boshli boshning qaytishi qayda?
Javob ber, ehtiros shamini chertib
Tutunning raqsiga termulgan g’azab,
Qolurmu bevalar qursog’i bo’rtib,
Hurujda ko’pigin sachratsa mansab?

Salladan og’irku tojdagi toshlar,
Cheksiz baxt asragan yo’qsilga qismat.
Ular o’z fikratin qachon taroshlar?
Badanga xizmatmas Vatanga xizmat!
Xabarchining oti yelgani-elgan.
Jasurlar so’ylasin bor gapni xolis.
Qaysi mard xushxabar aytadi elga
Otlar qaytaversa chodirga yolg’iz?

QASOS

Qay zamon bo’lgani rost
Zahri uzumda tole?

Bir qavmda e’tiroz,
Bir qavmda tavoze’.
Maning ko’nglim ehtiros
Ichra o’limga tobe,
Kunim tunimga tobe,
Tunim kunimga tobe,
Ammo omon qolishga
Bo’lmoqchiman muvaffaq.
«Al qasosul minal Haq!»
«Al qasosul minal Haq!»

Aniq ko’rdim – evrilib
Duvol bo’ldi so’rilar,
Pashshaga ham kerilib,
Shoqol bo’ldi bo’rilar.
Maishatga berilib
Qirol bo’ldi cho’rilar.
O’kinmadi yiqilgan,
So’kinmadi yiqilgan.
Faqat mushtini tugdi,
Yondi ko’zida shafaq:
«Al qasosul minal Haq!»
«Al qasosul minal Haq!»

Qo’li qonmi? To’sar, bas –
Qo’li xinoga botmish…
Nechun ziyoga emas,
Nuqul zinoga botmish?
Boz hushini yo’qotmish,
Bolishini yo’qotmish.
Bir-biriga nolishib,
Bir biriga o’q otmish
Va barining ongida
Bitta qaror muallaq:
«Al qasosul minal Haq!»
«Al qasosul minal Haq!»

Qani deyman, do’mbira,
Yaxshi-yomonni chertay.
Oyning o’n beshi xira,
Toza tomonni chertay.
Ori kasodga qarshi,
Bori-bisotga qarshi,
Kibru hasadga qarshi,
Fitna-fasodga qarshi,
Tik boraman, basma-bas,
Notugalmi, tugal haq:
«Al qasosul minal Haq!»
«Al qasosul minal Haq!»

YaGANA

«Qatoridan chiqib g’o’zalar,
Qarta o’ynab o’tirsa,
Chora —
Yulib tashlang nimjonlarin tez,
Yulib tashlang,
Ochilsin ora!»

«Yagona»da shu edi qonun,
Butun dunyo yog’dirdi qarsak:
«Biz gurkirab o’sarmiz, bugun
Oraliq
Masofa
Saqlasak!»

Buyuk lashkar soldi xusumat,
Yurgandiku avval yo’qlamay…
Xalqi bilan qoldi hukumat
Oraliq
Masofa
Saqlamay.

LO’TTIBOZLARGA

Cho’kib harom-xarishga,
Chayqalur besoqollar,
Kular ikki farishta:
(Tayyormi tosh-sopollar?)
«Subh yaqin emasmi?!»*

Qo’zg’alma, shoshma, urush,
Garchi ko’zingda o’t bor,
Kurmak ichra bir guruch –
Axir u yerda Lut bor?!
«Subh yaqin emasmi?!»

Alar surati do’stdek,
Siyrati – janda-po’stak,
Chalar ortida hushtak,

Buning ustiga ustak –
«Subh yaqin emasmi?!»

…O’tdi.
Barin unutdi
Beburd-u, besubut ong.
Jang borar mitti-mitti.
Qarab atrofga bu tong,
Yo’qsil vijdonni ko’rsam,
Qizilishtonni ko’rsam,
Ko’rsam og’zi so’lakni,
Zanchalishni, so’takni,
Qator qizlarni aldab,
Mardman deganni ko’rsam,
Er yigitning bir jallob,
Umrin yeganni ko’rsam,
Og’zi-burni jiqqa qon,
Yiringlaganni ko’rsam,
Da’yus holiga shodon
Hiringlaganni ko’rsam,
«Kechir»layman pishqirib,
Pichirlayman,
«Ishqilib,
«Subh yaqin emasmi?!»
«Subh yaqin emasmi?!»
____
*. «Subh yaqin emasmi?!» – «Hud surasi», 81-oyat.

TADORIK

Ruchkamning qornida
(bu eski tashbeh)
tadorik ko’rmoqda g’azabim
Ya’ni –
Yaqin gaz konining shulasi tomon
Qarashdan charchagan halim avlodning
Zaharday so’zlarin tug’guchi doston.
Shamoldan elektr ishlab beruvchi
Uskuna yasagan yigitning
kecha
Jarima to’lagan topqirligi ham
Daftarim qatida kindigin yechar.
Chumchuqning go’ngiday umrini kuhlab,
Qo’lbola aroqqa gazak etganlar,
Tugunlar qorniga kunlarin taxlab,
Latta-puttalarni bezak etganlar,
Mag’zava so’zlarni ma’ruza sanab,
Oltin davrlarni tezak etganlar,
Jafokash ulusning ishonchin to’nab,
Bir avlod bahorin kuzak etganlar,
Bilingkim,
tug’ilish
mavsumi
yaqin…

* * *

Otlarim bezovta kishnadi birdan,
Qattiqroq yugurdim eshitgan sayin,
Kechiksam,
cho’g’ sachrab tuyoqlaridan,
Somonga o’t ketib qolishi tayin!
To’riq qashqamizning g’ayrati jo’shib,
Tutmoqni istasa shamolga bag’rin,
Bo’ynidagi po’lat zanjirga qo’shib,
Gilosni qo’porib ketmasin tag’in!
Ko’ksimda salmog’i taqadek qulun,
Tepar –
Ot tepkisin ko’taradi ot!
Mening-da bo’g’zimdan o’rlaydi tutun,
Uchadir osmonga bosiq munojot:

“Yo, Tangrim!
G’ajidim jilovlarimni,
Eritib yubordi so’liqni hovrim!
Kuyarman sovutsam olovlarimni –
Chopsam bir chopayin kelganda davrim!”
Otlarim kishnadi yanayam battar,
“Tezroq bor, chavondoz!” –
Buyurdi qayin:
“Garimsel ufursa burunlaridan,
Osmonga o’t ketib qolishi tayin!”

* * *

Muhammad Siddiqqa

O’v, yangi tashbehlar topishga tashna,
Umrini qalamga suyagan do’stim.
Ilkingga yopishgan dunyoni tashla,
Eng chayir daraxtlar misoli o’sgin.
Halicha, chin sozni topganimiz yo’q,
Topilgan yelkalar yelkasidamiz,
Olqishlar ortidan chopganimiz yo’q,
Ki olqish pirlarin o’lkasidamiz.
Qashqacha ruhimni izlayman hadeb,
Amiriy lutfiga oshufta sozing.
Devona dunyoga biror narsa deb
Ketishni istadik: yozdim-u, yozding.
Hali chin sezimlar ta’mini qumsab,
Ortiga qaytadi nurga tashnalar.
Aylanib oladi hali qumsoat,
She’r bilan kun tugab she’r-la boshlanar.
Ungacha yalloga qo’ymasdan havas,
Shuurdan to’kaylik bor zardalarni.
Faqat shu sahrodan o’tib olsak, bas,
Qo’shin kutib olar
Sarkardalarni.

YaShAMOQ ShARTI ShU

Burgut
Tumshug’ini qoyaga urdi…
Yashamoq sharti shu –
yangi jag’ kerak.
Chuvalchang
bor bo’yin soyaga surdi,
Yashamoq sharti shu –
Bo’lmaslik yemak…
Nega sen o’zingni chetga olarsan,
Kurashlar changini yutmagan inim?
Tokay pok maqsadning qiymati arzon,
Tokay tor kulbadan toparsan qo’nim?
Holbuki, yashamoq sharti bu emas,
Tinchgina jang erur tinchlik mazmuni.
Umringni yutmasdan ajdarhonafas,
Yutib ol bo’shliqdan yo yutqaz uni.
Jim yashash ichingda so’kish kabi gap,
Kelajak umidlar payini qirqish.
Jangovor kunlarni yutar bittalab
Jimgina kuzatish,
Jimgina qo’rqish.
Chinorsan.
Sochingni savalaydi kuz.
G’ichirlab norozi tovushingni ot.
Magar tosh otsang ham tupurar hovuz,
Tupuging tugasa, kovushingni ot.
Bu uchqur zamonda atalmas hayot
Bir cho’qim oshingni dardlashib oshash.
Belbog’i uzilsa, yoqasidan tort,
Yashamoq sharti shu –
Shartlashib yashash!

ARI

Faqat ko’payishda kerak bo’larkan,
Uyadagi erkak asalarilar.
Urchitar ekan-u,
Zumda o’larkan
Uyadagi erkak asalarilar.

Arilar dunyoga kelar shu asno –
Yetimlik zahridan ruhlari cho’tir.
Ko’zoynak taqmaydi tabiat aslo,
Ehtimol eng katta xatosi shudir?

Indamay tashiymiz uyamiz tomon
Saralab-saralab quyoshrang asal.
Lek eslay olmaymiz
Yeganmiz qachon,
Qayerga yo’qolgan zahira har gal?

Bu boshqa masala…
Ham tushuniksiz.
“Vatan ostonadan…”
derdi qarilar.
Bolangiz yetim-u,
Nega tiriksiz,
Uyadagi erkak asalarilar?!

* * *
Siz –
quyon yungini yopingan ayol,
jirkanasiz tirik quyondan.
«O’rmonla-ar…»,
«Dengizla-ar…» –
Surasiz xayol,
O’tolmaysiz u yon, bu yondan.
Ey,
Bo’ri terisin olib kiyingan,
tirnoqdanam,
tishdanam voz kech.
Hayvonot bog’idan gapirma menga,
Chin qashqirni ko’rganmisan hech?
… Ey kibor minbarning sodiq notig’i,
ko’rinmasmi qorningiz osti?
Yurakka botmasmi unvonlar tig’i,
toshdaymasmi gohida yostiq?!
Yo’qsillar haqida so’ylar daqiqa,
sizga suv tashiydi yetim o’spirin.
Odamlar kutmoqda achchiq haqiqat,
Nimagadir
Nutqingiz shirin?..

* * *

Og’ir jang ostidan qaytganda zobit
Shom edi. Kulbasin yoritardi oy.
Qilichday yoshligin ayladi nobud
Savlatu sumbati ignaday saroy.
U bugun yuvmadi sovutga sachrab
Qarg’ishdek qurigan dushman qonini.
Rukuga bermadi dunyodan ajrab,
Farog’at istagan jismu jonini.
Qonagan kuragi haqqi-hurmati
Xoin do’stlarini o’ylamadi ham.
Mushtini devorga qattiq urmadi,
Simirib turmadi xotirdan alam.
Davrini, yurtini unutdi bir zum,
Serzarda sarkarda amridan holi.
Qurigan labiga suv tutdi qultum
Na do’sti, na o’g’li va na ayoli…

Berilib tingladi mayin sukutni,
Berilib ketmaslik uchun sitamga.
So’ng qonib simirdi meshdagi sutni
Va uzoq termuldi ma’suma shamga.

* * *
Hech kim hokim emas!
Xushovoz bulbul
Istagan ko’yida sayraydi, tamom!
Istagan shaklida ochiladi gul,
Istagan joyida qutirar bo’ron!

Hech kim hokim emas!
Och bo’lsa qashqir,
Isatagan tomoqdan simiradi qon!
Ming marta bo’kirgil,
Ming marta o’shqir,
O’laksa go’shtini yemas hech qachon!

Hech kim haqli emas
Jang nog’orasin
Baralla chalguchi shoirga ichkin –
Nay tutib,
May tutib,
O’tkizib bosim,
Shuni chal, ukajon, demoqqa hech kim!

Bosiq jang bormoqda saltanatimda,
Kim anglar ruhimning iztirobini?!
Manfurlar ulusni talagan zumda
Kim tortar turoniy his surobini?!

Kim tortsa, tortaman bo’g’ziga xanjar,
Quvib borajakman o’limga qadar!
Kuylayver, yuragim, istaganingcha,
Oldinda zafarning bazmi muqarrar!

Hech kim hokim emas!
Tangridan bo’lak!

MUKOFOT

Bizni azal shu tusda chizgan,
Ko’zimizda qo’rqinchli g’urur.
O’limning borligi
Shuurimizga
Yengilmas bir yengillik berur…

Shirasi shu G’azzoliy darsin,
Istagancha topilar tashbeh.
O’limning borligi –
Eng yaxshi taskin,
Qo’limizda kunimiz – tasbeh…

Qaysidir g’ar katta nufuzda,
Atrofida atri xurofot.
O’limning borligi –
Ayni xususda
O’ylamaslik uchun mukofot.

Hayot o’zi bir uvada to’n
Yoqasidan atrofga bo’ylash.
O’limning borligi –
Tiriklar uchun
O’limgacha borligin o’ylash…

Oqqa qora,
qoralarga oq,
Boshi borlar salla alishgan.
O’limning borligi –
alhamdulilloh,
Tiyilamiz harom-xarishdan.

ZERIKISh

Bir to’pning u yoqdan
Bu yoqqa borishi –
Tennis.
Bir otning u yoqdan
Bu yoqqa yurishi –
Poyga.
Bir toshning u yoqda,
Bu yoqda turishi –
Shaxmat.
Bir boshning u yoqni,
Bu yoqni ko’rishi –
Zahmat!..

Zamin ham u yoqdan
Bu yoqqa darbadar
yo’l bosar.

Bu qishdan to kuzga
Chechaklar emaklar
Sarosar.

Oxirgi odamga bir hovuch
Sharobdek yupanchni uzatdim –
Qo’lma-qo’l.

Yetmadi manzilga. Sirga o’ch
Odamlar ho’pladi, tugatdi –
Yo’lma-yo’l.

Evohkim!
Tovonlar davonga qorishgan,
Davonlar tovonga qorishgan.
U yoqdan-bu yoqqa yurishdan,
Bu yoqdan-u yoqqa borishdan
Zerikdim.

* * *

Qaydanam adashib keldi shaharga,
Qaydanam ayladi raqsi nazokat,
Qaydanam yo’liqdi fohishalarga,
Falokat…
Falokat…

Kuzni zo’rladilar.
Yasanib turgan
Daraxtlar sochini yuldi, qo’pordi.
Kuzni zo’rladilar,
xazon yugurgan
Yo’lakning yuziga supurgi tortib…
Yig’ladi,
Chinqirdi,
Buzildi husni,
Haqiqat pinjida yuzin to’sar sir.
Hech kimi yo’q edi shaharda kuzning,
Na shoir,
Na nosir
Va na musavvir.
Bokira qushlari yuz burdi undan,
Xurmolar ichiga yutdi murabbo.
U yig’lab, izg’idi shahargi tunda,
Ust-boshi jiqqa ho’l,
Umri shalabbo.

Tiz cho’kdi nomusin
Qabri boshiga,
Namiqqan sochlari loyga qorishdi.
O, qanday qaraydi yostiqdoshiga,
Mazmuni qoldimi uyga borishni (ng).

Hech kimi yo’q edi shaharda kuzning…

O’ZGARISh

Aytaylik, yig’loqi binafshalarning
Maktubini o’qib bo’zladim uzoq,
Nimasi o’zgarar chorig’imizning?

Aytaylik, bu xasta, yo’qsil shaharning
Yuragiga yoqib chiqmadim chiroq,
Nimasi o’zgarar chorig’imizning?

Aytaylik, mast edim,
va Al-misoqda,
Do’zaxni maqtadim,
Jannatda qoldim,
Yo azal kotibin imzosi soxta,
Laylak tumshug’ida izsiz yo’qoldim,
Aytaylik, ismimning ma’nosi boshqa,
Kiprigimning rangi qo’ng’irmas — qizil,
Marmardek yuzlarni cho’qib, taroshlab,
Bafurja rassomlik qildi tanosil,
Nimasi o’zgarar chorig’imizning?

Aytaylik, toliblik to’nini tashlab,
Yollansam, masalan,
Mo’rchaga hammol.
Kuchimning boricha yoqamni tishlab,
Hammamizga insof so’rasam,
Ammo…
Nimasi o’zgarar chorig’imizning?

ShOTOMIRLARIM

Bu tun uxlamadim.
Bu tun sanadim.
Qarsillab qulardi birodarlarim.
Qorbadan og’ochlar tinmay qonadi,
Yolg’onchi apreldan ranjib, orlanib…
Bu gal mard kelmadi,
dard keldi bahor,
Dunyoying shumi deb g’o’ralar xunob.
Teraklar yastanib sannarkan qator,
Tokning tomirida muzladi g’urob.
Eng qimmat liboslar zangladi,
zarhal
mehrdan mosuvo bo’lib, na iloj?
Sumalak qozonda yayrardi har gal,
Sumalak tarnovda, kechir,qarlug’och…
…Og’ochla-ar!
Zirqirar badanim endi shamoldan,
Menga chopon tashlang, ayo Pirlarim,
Baloman! Battarman!
Bu kecha sholman,
Charsillab uzuldi shotomirlarim…

* * *

Ulusning umrini yog’iyga sotgan
Besoqol qullardan shikoyatdaman.
Go’ng ichra mastona ochilib yotgan
Uyatsiz gullardan shikoyatdaman.

Boyo’g’li raftorlig’ boy o’g’illari
Qatnagan tullardan shikoyatdaman.
Haramdan yoriga shoyi yo’lladi,
Bemaslak g’ullardan shikoyatdaman.

Har kecha sallasi g’arlarga ko’rpa,
Bir sipo mullodan shikoyatdaman.
Bo’ynida jig’ildon shaklinda to’rva,
Takabbur dodhodan shikoyatdaman.

Ko’rdim,
El oldida ishva etardi,
Ayni shu xillardan shikoyatdaman.
Ko’zimga yetardi, ko’zim yetardi,
Uzilgan millardan shikoyatdaman.

Imzosi oliy-u, maddohni avval
Bo’g’magan qo’llardan shikoyatdaman.
«Taklif!» deb yuksalgan qo’lni tavakkal
Bog’lagan qo’llardan shikoyatdaman.

ESLAB

Gitara, og’ayni, qabatimdan ol,
Bo’ynimni qizlarning qo’llari qiydi.
Tegramda yarasi qurtlagan shoqol
Qarg’alar sha’niga tahsin o’qiydi.

Burnimga burnini ishqaydi alaf,
Bo’g’ilib, «Lirika, lirika!» deyman,
Kimlarni so’kmadim tomog’im qonab,
Birovin qalbiga qaytmadi imon.

Odamlar qarsagi — bachkana tilsim!
Shon bilan kurashdim yakkama-yakka.
Injiq bir shoirdek g’ijimlab otdim,
Maqtovlar bujmayib tushdi chelakka.

Maqtab o’tirmaydi, mard bo’lsa qo’shni,
Quloqlarni kesib olar devordan.
Tog’dagi chashmaga botirib boshni,
Bu asov daryolar bizni sug’organ.

Gitara, og’ayni, simlari daryo,
Yoshlarga erkakcha kurashni o’rgat.
Qay qo’lda, qay tilda bo’lma, avvalo,
Millatga millatdek qarashni o’rgat!

SUVDAN SO’NG

Bir kechada Sardoba bo’ldik,
Yuragim-ay, to’lib, to’kildik!..

Kechagina topishgan gulin
Qidiradi g’amgin kapalak.
Qidiradi osmonning yo’lin,
Kechagina ungan handalak.

«Menga tugun ilsaydi kimdir,
Yo tushsa bir yigit nigohi.»
Ro’zador chol qo’lidek dir-dir
Qaltiraydi keksa tut shoxi…

Bu qushchalar
Qizchalar kabi
Uchmoqchimi tomda sirpanchiq?
«Suvga solsam, ketar-a, balki
Qo’g’irchog’im sochidan balchiq?!»

«Uf-f,
Yana suvmi? Bo’ldi-da, bolam!»
Chimdib qo’yar qizni onasi.
«Xudoyimning ne’mati… bolam!»
Yupatadi qaynonasi.

Ey-y, suv!
Uch kunlik kelin supurgan
Hovli kabi yorishsin yo’ling!
Oqibatni o’zbekdan o’rgan:
«Bizga navbat!
Mehmonim bo’ling!»

O’zbekiston birlashdi bugun,
Tizginidan chiqqanda toqat.
Nega doim birdamlik uchun
Suvdek zarur bizlarga ofat?!.

Bir kechada Sardoba bo’ldik,
Yuragim-ay, to’lib, to’kildik!..

EЪLON

Tuyg’uning yalang’och vujudi
Sho’ng’idi so’z to’la boshimga,
Bir toshib, qichqirdi yuragim:
«Lirika!»

Ko’rsating mustahkam birlikni,
Chiqargum Yerni o’z o’qidan!
Bir chayir dastak bor qo’limda –
Qalamim!

Ochiqda ochiqqan xaloyiq,
Ruhingiz to’yingay! Faqat siz
Qoringa chaplamang peshma-pesh
Siyohni!

Foydasiz. Chekindim hujraga.
Shuncha ko’p uloqdik, yetmasmi?!
Tevamni sug’ordim, sug’ordim
Cho’michlab…

Bir ko’lmak. Bir istak. Zerikdim.
Ko’rgim bor makonin anqoning.
Sig’sak bas, lirika hamda men,
Xum kerak!..

UChRAShUV

Arastu borardi metroda…
Soqoli, xayoli, holati,
bir sirli, ta’sirli, aftoda,
Qisqasi, judayam g’alati…
Arastu borardi metroda…

Uzugin maqtamoq yo’lida
Manglayin qashlagan juvonga,
Oyimqiz hushtorin qo’lidan
Tortqilay boshlagan fig’onga,
Jazmani uchun naqd olmosdan
Oybolta olganlar tomonga,
Qopiga sovg’alar solmasdan,
Qovog’in solganlar tomonga,
O’ziga yetganlar tarafga,
O’zidan ketganlar tarafga,
Demay chin yo yolg’on, faraz bu –
E’tibor bermadi Arastu…

Jim ketdi, baayni yo’qsil-u,
Qarzining miqdorin hisoblab,
Jim ketdi, baayni qotil-u,
Marhumga o’qdori hisoblab,
Jim ketdi. G’arazgo’y, kissavur,
Rejasin yasaydir shu holda,
Yo yutmish ajdardek tasavvur,
Yo o’tmish izmiga tusholgan…

Hayhotday dunyoda bir ulkan
Ovozi adashgan faylasuf,
Qoyalar ko’ksiga urilgan,
Yuragi qamashgan faylasuf,
Qaytdingmi donishmand qumlikka,
Hay, deyman!
Oddiy «hay» emas bu,
Mana shu serg’ulu shumlikka,
Mana shu eng suluv jimlikka,
Olib ket meni ham, Arastu…

* * *

Qo’shotar miltig’i tushdi yelkadan,
Etikdan qaytarib oldi oyog’in.
Talab et yo yalin yoki erkalan –
Boshqacha bo’lmaydi endi bu yog’i…
U yovvoyi o’rdak cho’qigan ko’lning
Tubidan laqqalar sug’urmas endi.
Shaytondek g’ingshigan chiyabo’rining
Bo’g’zidan g’ijimlab, do’g’irmas endi.
Loyxo’rak patining ortidan quvib,
Tuxumlar keltirmas kuchuklariga.
Eng chuqur kamarga badanin yuvib,
Uchuqlar qo’shmaydi uchuqlariga.
Endi xom yong’oqning to’nidan oqqan
Jigarrang quvlik ham qo’lga xinomas,
Kurashlar avjida yonib, tutoqqan
Qonini qaynatib turmaydi Yofas…
Endi u Jek London asarlariga
Taqlidan hindulik qilmaydi, afsus,
U muhlat bermoqda asablariga,
U to’plash bilan band balchiqdek nufuz…
Halicha, yetmadi quduq tubiga,
Tozarib olishning boshqa yo’li yo’q.
(Kim quyosh oldida to’siq to’qigan,
Har holda, soyani o’ldirmaydi o’q.)
…O’shanda, ming botmon sabr bitar, bas,
Ko’nmaydi tepkining bo’sh yotariga.
Ig’voni, nifoqni, bitta-bittamas,

Qo’shshalab otadi
Qo’shotarida…

* * *

Bir yerda tinch vatan qurmoqchi edim,
Davrada aylandim tilla qadahdek.
Yelkamni qushlarga bermoqchi edim,
O, nasib etmadi menga daraxtlik…

Ismimni chaynaydi sobiq do’stlarim,
Men xira farahlar allasida mast.
Kavsarim, hamonam moviy ko’zlarim
Qop-qora daryoga do’nmagani rost.
Men itday ergashdim ko’nglim ortidan,
Suyanib ho’ngradim tushlarga gohi.
Oqibat: osmonday yarim-yortiman,
Ko’zimda beuya qushlar nigohi!
Baribir daraxtga aylanmoqchiman,
Behuda sarflanib ketmasdan kuchim.
Aminman, yetarli mendagi chidam,
Boltalar zarbini ko’tarmoq uchun!
Aminman, qirg’oqqa boshini urgach,
Mung’ayib qaytuvchi to’lqin – bahodir;
Uning hech nimani etmasdan ro’kach,
Shuddat-la ortiga qaytishi bordir.
Qaytaman hazonrang saharlaringga,
Bir dunyo bahorni olib qaytaman.
Qushlarim, yelkamga qo’narsiz hali
Barvasta bir daraxt bo’lib qaytaman!

RUHIM QUShLARI

Ular uchib ketdi…
Men endi
Miltig’imning changini artib,
Otilmagan o’qlarni tinmay
Taqvimga
teraman
batartib.

Shafaqqacha cho’zilib ketgan
Yashil va oq, mayin abrishim…
Telpagimni tepgani-tepgan
Tug’ilmagan qo’zi qarg’ishi!..
Pastlayman-u,
Qo’lim qaltirar,
Sovuq emas!
Asabim g’ijjak!
Qanotlari tig’day yaltirab,
Uchib o’tdi bir gala chittak!
O’rlar bulut bo’g’zimdan hadeb,
Tinmay bosar ko’zim tepkini.
Keksa tog’lar bir nimalar deb,
Xo’rsinadi.
Kelar epkini.
… Ular uchib ketdi.
O’zimni
Otgim keldi. Nimaga? Nechun?
Otgim keldi ko’kda yonma-yon
Ular bilan uchmoqlik uchun!..
Taqvimga o’q taxlayman endi…

* * *
Yig’ildi, sochildi, eshildi ushshoq,
Chayqalib tingladi ko’l-u nilufar.
Kuylagil,
boy bo’lsin man kabi qashshoq,
Ay umri – zebu zar,
Kunlari – guhar!

Maning umrim nima,
Kukunmi, kulmi?
Yoxud oq matoga sachragan g’ubor?
Yig’ib olsin uni musiqa ilmi,
Ay ruhi musiqor,
Sochlari chiltor!

Besh mahal qalamga to’qnashdi barmoq,
Har safar bir misra –
Muxammas yozdik.
O’qib ol duoga qo’l ochganim choq,
Ay harir ovozlik,
Suhbati nozik!

Boshimda yigitlik ayyomi nozir,
Mo’ysafid xayollar tutmoqda attor.
Shiddatim – podsho-yu,
Muddatim – vazir,
Va o’zim ro’zador,
Visoling – iftor!

Maning umrim fuzul hisga hamohang
Qadahdir sharobin rangi gunogun.
Uni no’sh etmoqda girdobi ohang,
Ay vasfi – arg’anun,
Firoqi – nog’un!

OV

Nayzasini o’qtalib suvga,
Hushyor turgan habash kabi och
Ko’zim boqar,
Ko’zingdan izlab
Yuragingni tutmoqqa iloj.
Uzun-uzun izhorlarimning
Uchlari – tig’.
Qayrilgan chunon.
Har kun ilib bir misra xo’rak,
Uzataman.
Ishtahang yomon…
O’zim sho’ng’ib ketaman
Va puch
Maqsadimga berarsan firib.
Ilinsangchi, tillabadan o’ch,
Meni dengiz tark etmay turib?!
Tutayverar namiqqan g’azab,
Ilinsangchi, yonayotgan ruh,

Alvon kuyga butun ummonni
Bo’yamasdan bir tomchi anduh?!
… Sen yig’lading.
Meni to’fonlar
Uloqtirdi. (Garchi bu salbiy)
Hushsizlikdan o’zimga kelsam,
tipirchilar
qo’limda
QALBING…

KEZIB…

Shamdek miltillaydi ko’zlaring…
Nafasim
O’chirib qo’ymasaydi deyman!
Tonggi yomg’irdayin shivirlab
Sochlaringga she’rlar o’qiyman.
G’amgin bedazorlar shalabbo…
Qushlar quchoqlashib panada
Qaynatur tumshuqda murabbo.
Suhbat shirinlashur yana-da…

Kezdim.
Etigimdan o’tmadi
Maysalarga to’kilgan izhor.
Barra bedalarni tush ko’rib
Yurgan
Yuragim bir to’yi-ib o’tladi!
Endi u pishqirib-pishqirib,
Kutar ko’pkarini intizor…

Tag’in
Shamdek miltillaydi ko’zlaring,
Shundoq yuragimning yonida…
Ammo…
Shashtim maqsadimga munosib,
Achinmasman baxtimga aslo,
Bir juft shamni bag’rimga bosib,
Yashab o’tsam yomg’irlar aro!..

SAMIMIY G’ULUV

G’oyatda samimiy gulladi olcha,
Tortinib o’zining yaproqlaridan.
Hatto olayotgan nafasin o’lchab,
O’tmoqda bahorning so’qmoqlaridan.

Har safar afsunli ertak tashigan
Shabboda uyquga uzatar yordam.
Har sahar quyoshning erkalashidan
Uyalib qizarar sirg’alari ham.

Bir ma’sum shevada dona-dona, sof,
Na qatra gerdaymoq, na-da jimjima,
Qimtinib so’ylasa, tevarak-atrof
Ko’ldagi suv yanglig’ tinar jimgina.

O, seni asramoq zarur, niholim,
Yetilib yotganda har qaysi olchang.
To ko’zi qonsirab, birorta zolim
Banogoh solmasin iffatingga chang.

Uchragan tashnaga egilma zinhor,
Seni chin saodat chorlaydi intiq.
Hech tole bo’lganmi qimtinganga yor?
Mevangni baland ol, quyoshga intil!

YaNA TUN

Chiqib ketging kelmaydi tundan,
Oromingga quyilsa g’ulg’ul.
G’urob tomib tursa uzumdan,
Yonginangda kuylasa bulbul.

Peshayvonda qatiq to’rva ham
Satilga yosh yo’llaydi – zardob.
Hayotidan mamnunmi karam,
Ichgani nur, kiygani zarbof?!

Ruboiylar yoqib ichingni,
Yuragingni sharshara qilsa,
Qurbaqalar yolg’izligingni
Tomog’ida g’arg’ara qilsa

Shovullasa daryo jununvash,
Yoshligini qumsab yotsa tol,
Tomog’ingni o’langa o’xshash
Alangalar chulg’asa alhol,

Chiqib ketging kelmaydi tundan!
Hayrat bosib kelar balandroq.
Chiqib ketging kelmaydi chindan,
E-voh buning chorasi qandoq?!

AYTIM

Ming eshilib yoshgina xurmo,
Izhorini uzatsa hatto,
Quyqasiga cho’kib tuyg’uning,
She’r yozishni bilmasdi ammo,
Shoir qalbi bor edi uning!

Yoqtirgani bir kosa yovg’on,
Axtargani rubobi afg’on,
Tashna turib musiqalarga,
Non berardi musichalarga –
Shoir qalbi bor edi uning!

Savashlarni sevardi dildan,
«Alpomish»mi, «G’o’ro’g’li sulton»,
Varaqlardi tunda yoqib sham,
Quchoqlardi daraxtlarni ham –
Shoir qalbi bor edi uning!

Qizarmasdan uchinchi olcha,
Cho’ntagidan ketdi ro’molcha,
Yozg’irishar: «Hali kech emas!»
Balki avval… Endi kechirmas…
Shoir qalbi bor edi uning!

Bulutga bosh urganda varrak,
O’z o’rnida bo’lar chilpirak.
Osmon bilan bitim buzildi:
Qamish sindi, iplar uzildi…
Shoir qalbi bor edi uning!

XULOSA

Qo’ynimdasan.
Yer ham yumshoqday,
Hatto osmon yaqin ko’rindi.
Puflab qo’ydim momaqaymoqday
Tasavvurimni!..

Gul teradi chetroqda xayol,
Yuzim orom topar qo’lingdan.
Bir yangi so’z topishim mahol,
Hamma gaplar aytib bo’lingan.

Ba’zan o’tkir g’azabga cho’mgan
Ko’nglim qushi ko’zimni cho’qir.
Har o’ksikning boshini ko’mgan
Yelkamda ham qolmadi chuqur…
Keyin kechir…
Sho’x edim unda.
Sig’olmasdim bitta yurakka.
Yolg’izlikla katta qo’shinda
Olishardim yakkama-yakka!

Eng to’g’risi dunyoda shaksiz
Zab qayrilgan xanjarday hilol…
Xayru ehson ekan barcha so’z,
Faqat shaxsiy tasavvur halol.

Qo’ynimdasan.
Yer ham yumshoqday,
Hatto osmon yaqin ko’rindi.
Puflab qo’ydim momaqaymoqday
Tasavvurimni!..

* * *

Soyda hilol suzgani-suzgan –
Jilg’alarga nafis nur taqar.
Suv yuzida balqqan yulduzga
Til tekkizib ko’rar qurbaqa.
Shaloblatar qirg’oqni ochlik,
Luh sepilar qamish ustidan.
Sirg’aladi yarim qulochli,
Oq suvilon ko’prik ostida.

Hidlab ko’rar yulg’unni qo’zi,
Burun tutar butun oqshomga.
«Bizni yelin qayerda o’zi?»
Ko’zidan suv tomgani-tomgan.
To’y boshlaydi baqalar bexos,
Chigirtkalar tag’in otarchi.
Qum ilonni tushirar paqqos,
Bahonada po’stini archib.
…«Bilishimcha, begona qilgan,
Tug’ilganda o’rovdim chopon»
Onasidan adashib qolgan
Qo’zichoqni qidirar cho’pon.

* * *

To’lg’onadir bir kosa ummon,
Shovur kelar bo’sh chig’anoqdan.
Men hushidan ketgan odamman,
Ovozing keladir uzoqdan.

Suv yuziga chiqmasimdanoq
Bor nafasim o’rlaydi ko’kka.
Cho’kayotgan tirik jon ko’proq
Tapinadi xasgami, cho’pga —
Ovozing keladir uzoqdan.

Chiqaman-u, suza boshlayman,
Bo’ylamaydi najot qoyasi?
Shaloblatar qo’rquvni imon.
To’kilar-u oyning soyasi,
Ovozing keladir uzoqdan.

Sohil o’sar. Atrofi sarxil
Mevalarning rastasi, bazmi…
Ishqilib, bu…
Farishtam, axir,
Suvparilar fitnasimasmi?
Ovozing keladir uzoqdan.
Suzaversam yaxshimikin yo,
Ovozing
yaqindan
kelgunicha to?!.

O’RGIMChAK

Guldan tushib ketdi xonqizi,
O’rmaladi osmonda behud.
Kelib unga yordam bergisi,
Sevib qoldi uni ankobut.

To’ridagi parilar qolib,
Sovutmijoz xonimni quchdi.
Gulbutadan o’zi sirg’alib,
To’g’ri uning ko’ngliga tushdi.

Tushdi yana boshiga og’riq,
Bor-yo’g’iga g’ulg’ula tushdi:
«Ayt, malagim, didingga bog’liq,
Qaysi gulni…
Moviymi, pushti?»

Qo’llariga chirmashdi baxti,
Yutoqdilar quchib bir-birin.
To’rdagilar yondi, tutoqdi:
«E-voh! Bizim qonimiz shirin!..»

…Ketdi majnun dilga ergashib,
U hech kimdan kutmadi ruxsat.
Mayin-mayin ipga chalkashib
Mayib-majruh bo’lardi, yo’qsa!

TINISh

Bir kun, qumrim, istig’for o’qib,
Sovrilishga yetsa-yu kuchim,
Sadog’imdan o’qlarni to’kib,
Gul keltirsam unda sen uchun.

Ohularni bir-bir ovutib,
Qazo topdi desam shikorlar.
Dasturxonga do’nsa sovutim,
Xanjarimda so’ysam anorlar.

Sharbat ichsak oq novot bilan,
Ko’zalarning qolsa tagi but.
Qo’zilarga iltifot ila
Qaytarilsa kosadagi sut.

Bor bo’yicha buralib burg’u,
Bo’lsa arxar shoxiga libos.
Va suhbatga joylasam urg’u,
G’azallardan terib iqtibos.

Ziyofatga qo’shilsa to’rg’ay,
Sen buyursang: Qani, gulla, tosh!
Qo’shgilosmi azaliy sirg’ang,
Qoqigullar ayni tillaqosh.

Sen – yuragim yetgan bulutsan,
Sahrosifat sitam dahrida.
Ularnimi?
Bahridan o’tsam,
Huvillagan maydon bag’rida.

Uloqtirsa asoni asab,
Chalsa oqshom oqqushlarga nay.
Dubulg’amdan gulkosa yasab,
Tashib tursam sarxushlarga may.
Qazo topdi desam shikorlar…

* * *
Bu ulkan tushlarni senga asradim,
Qoyadek hasratim kukunlikka shay,
Quyoshga evrilsin nuru nusratim
Va qolgan umrimni bugundek yashay.

Bu foram orzular senga tegishli,
Bir dasta gul kabi quchoqla barin.
Nimaki istadim,
shunga erishdim –
Ko’nglingga erishdim, ko’ngli gavharim.

Tuyuqday tuyular gohi muhammas,
Gohi bir misraga sig’ar muhabbat,
Bu dunyo, bilaman, meniki hammas,
Munchoqmi, kishvarmi –
mudom muvaqqat

Baribir barini unutmoqchiman,
Hovuching ushatgan mehringdan bo’lak.
Osuda orom ol,
o’zim soqchiman,
Ertaga bugunlar bo’lmasa kerak…

Bu ulkan tushlarni senga asradim…

* * *
Sadafday kunlarni yo’lma-yo’l sochib,
To o’lim, gupurib menda oqarsan.
Silasang, qoraysa oqargan sochim,
Silasang, qoraygan sochim oqarsa!

Yuragim – qip-qizil toza qalampir,
Sen ista, qarshingda lahzada paydo.
Tilasang, ro’molcham uchargilamdir,
Tilasang,
Men – Yusuf,
Sen-da Zulayho!

Adadsiz rashkimni sabringga sig’dir,
Qachonki, ko’zingda yulduz tizilsa.
Ulasang uzilgan umrimni bir-bir,
Ulasang va yana umrim uzilsa!

Ayo, baxt sozining ko’rkam ijodi,
Muhabbat navosin tutib yuksaldim.
Tashnaman, ko’zlaring obi-hayoti
Quyilsa, kunma-kun gullasa qalbim!

Sen meni toparsan o’zni yo’qotsang,
Ishq bu – jar,
Ishq – o’jar,
Osmonga yo’ldir.
Qulasang, eng chuqur yaramga botsang,
Qulasang, meni-da o’zimga keltir!

Sadafday kunlarni yo’lma-yo’l sochib,
Shafaqtus hayotim uzra oqarsan.
Silasang, qoraysa oqargan sochim,
Silasang, qoraygan sochim oqarsa!

* * *

Sen bilan boshlagan kitobim
Oxiriga etar lahzada.
Tazodga chidayman,
itobim
ovozimga olov taqsa-da!

Sen bilan boshlagan sharobim
Oxiriga etadi zumda.
Quyganing maymi yo gulobmi –
Shuncha safo bormi uzumda?

Ha-a,
bilaman, oqqushqanotim,
Kim aytardi:
“Men – abadiyman!”
Sen bilan boshlagan hayotim
Oxiriga etmasa deyman!

QAROR

Bug’doyzorda suzardi ilon,
Vahima
Kalima o’qib o’ltirdi.
Pardekkina tumshug’i bilan
Tongni qushlar cho’qib o’ldirdi…
Bug’doyzorda suzardi ilon.

Ikki boshoq qo’llarin cho’zib,
Oshiqardi bir-biri tomon.
Ammo visol etmadi nasib,
Suzib o’tdi o’rtadan ilon!

Ikki boshoq qo’llarin cho’zib…
Ikki bora tug’ilish… Qaydam?
Yo’l soldi u endi to’qaydan,
Ilonning qornida baliq bor,
Baliqning qornida tariq bor,
Tariqning qornida yo’riq bor,

Qayta-qayta tug’ilish… Qaydam?
Tashlasammi shoirligimni?!.
Bug’doyzordan vahim qidirsa,
Baliqni ilonga yedirsa,
Tongni qushlar cho’qib o’ldirsa,
Tirnab nima qildim ichimni,
Tashlasammi shoirligimni?!.

XAYoL OG’UShI

Uzumzorda taqvodor misol
Tasbeh sanab chiqdi yelvizak.
Sen to’g’ringda surardim xayol,
Tashbehlanib turganda kuzak.

Oydan likop yasaydir kulol,
Tunni chertib chiqar chigirtka.
Sen to’g’ringda surardim xayol,
Bu dunyoni sidirib chetga.

Ey, qayoqqa?! Qol men bilan, qol!
Vujudimga sig’magan hushim.
Sen to’g’ringda surarman xayol,
Tushlarimni hushlagan qushim!
Tongda menga keltirdi shamol
Yo’qlovlarin zarif quyoshing.
Sen to’g’ringda surardim xayol,
Sen uxlaysan,
Ko’ksimda boshing!..

* * *

Yuragimni eshitgani kel,
Toliqtirdi savashlar meni.
Yuragimni eshitgani kel,
Sog’indi u sanashlaringni…
Ketmoq bo’ldi,
Qirqdi ayovsiz
Qo’limdagi sochini aprel.
Xarobadek qoldi qarovsiz,
Yuragimni eshitgani kel!

«Shamol bo’lmoq istayman! Bu ne?!»
Yo’rgagida chinqirardi yel.
Bir kel o’zing,
Bir yaxshi so’z de…
Yuragimni eshitgani kel!

Ostonamda qancha buloq shol,
Qanchasi jon bermoqda yengil.
Quduqqa tosh tashla.
Quloq sol…
Yuragimni eshitgani kel!

* * *

Bir dasta gul —
marhumalarni
Quchog’ingga otdim,
Quvonding.
Ketdim keyin
Uzilgan gul ko’rsa qayerda
Yig’laguchi qizlarga tomon…
Ular esa
Shabnammidir yo
Qushlarnimi novdalardagi,
Nima ko’rsa, yig’layverishdi.
Ketdim…
Gulsiz siqilib ketdim.

Payti kelar,
Etaman rihlat,
(Go’rga tiqar meni bu ko’ngil)
Odam kabi ko’msinlar,
Faqat
Qo’ymasinlar qabrim uzra gul…

TAG’IN

Tag’in o’shal o’n olti yoshing
Imosini kutaman mahtal.
Miskinsifat, munglug’ qarashing
Xotirasin yonida to’xtab…
Kunlar sindi…
Yillar uzuldi,
Asir bo’lib asrdoshiga.
Qo’yib kelgim kelur o’zimni
O’shal kechmish qabr toshiga…

Tag’in afsun ifori bo’ylab
Ketgim kelur orom olishga.
Tag’in imkon bo’lsaydi deyman
Xoling bilan xoli qolishga…
Chirildoqlar… Keyin yoz tuni.
Bo’salaring.
Boshog’riq sahar.
Zo’r hayajon kelsa bostirib,
Labing titrar edi har safar…
Bizdek xato qilmaslik uchun
Bo’lmoq zarur hech yo’qsa quyosh:
O’z haddini bilib bo’ysunar,
O’z vaqtida ko’taradi bosh…
Tag’in o’shal o’n olti yoshing
Imosini kutaman mahtal.
Miskinsifat, munglug’ qarashing
Xotirasin yonida to’xtab…

BEGUNOH

Men seni kechirdim, isming isingan
Mehribon daraxtlar haqqi-hurmati.
Men seni kechirdim, o’sha tun singan,
Sinmagan qadahlar haqqi-hurmati.

Devona orziqish,
Qish kabi choyshab,
Bo’lingan,
Ulangan,
Unutilgan gap…
Men seni kechirdim, tonggacha yig’lab,
Qizargan nigohlar haqqi-hurmati.

Ko’rnamak hislarning gardani og’rir,
Ulkan tun. Iztirob.
Bo’lmadi oxir…
Men seni kechirdim, yengil-u og’ir
Ham shirin gunohlar haqqi-hurmati.

Kechirdim.
Ko’zingni ko’zim tinglagan.
Giloslar panglagan,
Uzum zanglagan.
Sen menga aytmagan, o’zim anglagan
Iqror-u izohlar haqqi-hurmati.

Umidim cho’kkanda qo’lladi cholg’u,
Ohimda simillab yetildi og’u.
Men seni kechirdim,
“Cho’li Irog’”u,
“Ushshog’”-u,
“Segoh”lar haqqi-hurmati….

Men seni kechirdim, isming isingan
Begunoh daraxtlar haqqi-hurmati…

* * *

Qizlarning sochiga umrini bog’lab,
Suvoriy yigitlar ho’ngragan zamon.
Seni haqoratlab,
Seni arqog’lab
Yasharman, ey sochi to’zg’igan makon.
Sharafning eng o’tkir quyqasidir bu,
Qontalash yuzingdan o’parman arang,
Bo’g’ilib, bosiq oh tortadi burg’u,
Tobora asabdek qizib borar jang.
Qo’ymijoz notiqning boshida mahsi,
So’ylarkan, egnida shoyi va bahmal.
Shirakayf hurujning qondagi raqsi
Qorbarsi singari bo’g’zimga mahtal.
Alaf yalayotir atrokning bog’in,
Butasi, tomiri xanjar tashigay.
Xo’mrayib kezarman atrofni, horg’in
Qo’shini bodaxo’r lashkarboshiday.
Yanayam urchiydi keskin haqorat,
Sindirib tavoze g’aladonlarin,
Uyg’oning! Arqonni kessin harorat,
Sochlarga o’ralgan Qorajonlarim!

05

(Tashriflar: umumiy 977, bugungi 1)

1 izoh

  1. Ancha chuqur, zamin, zamon, inson, olam dardi obrazlarda qamrab olingan.

Izoh qoldiring