Eshqobil Shukur. Yangi she’rlar

04

Таниқли шоир Эшқобил Шукурнинг куни-Кеча — 5 июнь куни “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида эълон қилинган янги шеърларини тақдим этамиз.

Эшқобил Шукур
ЯНГИ ШЕЪРЛАР


    Эшқобил Шукур Сурхондарё вилоятининг Қумқўрғон туманидаги Боймоқли қишлоғида туғилган. ТошДУнинг филология факултетини битирган (1984). Илк шеърлар тўплами — «Юракни ўрганиш» (1984). Шундан сўнг унинг «Сочлари сумбул-сумбул» (1988), «Тунги гуллар» (1989), «Яшил қушлар» (1995), «Ҳамал айвони» (2003) шеърий китоблари ва 2005 йилда «Кўҳна боғ ривоятлари» насрий китоби нашр этилган. «Нақшбанд», «Ибтидо хатоси» каби достонлари, «Насойим ул-муҳаббатга сайр» туркуми, шунингдек, «Оқибат оқшоми», «Дунёнинг кўчиши» каби қиссалари ҳам бор.


БЎЗТЎРҒАЙ

Мунглуғ бошим остидаги тошимниму дей,
Ё тош устидаги ғариб бошимниму дей?
Алишер Навоий

Мағлуб бўри кўзларидай кўзларимга бир қара,
Тўрда балиқ сўзларидай сўзларимга бир қара.

Номард бўлиб юрмайин, номард бўлиб ўлмайин,
Жон чиқар чоғ букилган тизларимга бир қара.

Бу дунёни кезмишам, боғу саҳро юрмишам,
Қизғалдоқдай қон сочган изларимга бир қара.

Какликмидим ё тўти, булбул даъво эмасман,
Бўзтўрғайдай саҳарлар бўзларимга бир қара.

Бошимга қорлар ёғди, сочимга зорлар ёзди,
Қишларим, баҳорларим, кузларимга бир қара.

Мен аёз оташиман, қаҳратон бардошиман
Ўчоғда лов-лов чўғдай музларимга бир қара.

Бошим тош устидадир, тошим бош устидадир,
Ё дўст, энди кўпимгамас, озларимга бир қара.

Бедилдан бир чўғ олдим, дилимга туташди ўт,
Бўзтўрғайдай саҳарлар бўзларимга бир қара.

****

Мен қандай кечирим сўрайин сендан,
Не қилиб кўнглимни тўкай пойингга.
Шунчалар ҳам хафа эдингми мендан,
Ҳоли хилофимдан ранжлар райъингда.

Мангу уятдаман сенинг қошингда…
Мангу музликларни эритар зорим.
Не савдолар ўтди содда бошимдан
Одам бўлолмадим, парвардигорим.

Қанча олис кетди яқин юлдузлар,
Елларга совурдим туйғуларимни.
Жондай зирқирайди дилда илдизлар,
Ўзгага сотдимми қайғуларимни.

Ғамгин борадирман чақмоқ тиғида
Сўнган алангадай азми қарорим.
Лолман икки дунё оралиғида
Одам бўлолмасдан, парардигорим!

“АЛПОМИШ” ДОСТОНИ  ОҲАНГЛАРИДА

Ётиб еса, тоғлар ҳам
Ода* бўлар, ёронлар,

Тўрт-беш кайпанг бирикса,
пода бўлар, ёронлар

Икки уруғ бирлашса,
Қуда бўлар, ёронлар.

Икки уруғ ўрлашса,
Ода бўлар, ёронлар.

Эл қуриса, ор-номус
Савдо бўлар, ёронлар.

Эл кўкарса, кўлмак ҳам
Дарё бўлар, ёронлар.

Ҳолин билмаган эсдан
Жудо бўлар, ёронлар.

Барига гувоҳ охир
Худо бўлар ёронлар.

* Ода – адо маъносида

***

Қора либосдаги қирмиз атиргул,
Зулмат табассуми каби порлайсан.
Қора либосдаги қирмиз атиргул
Қаҳратон оташи каби чорлайсан.

Қора либосдаги қирмиз атиргул,
Йўлингда юзтубан девона сабо.
Васфингда ҳар бир сўз, ҳар бир сатр – гул
Эгнингда қайғумдай қоп-қора қабо.

Қора либосдаги қирмиз атиргул,
Буюк виқор сенда, мағрурсан, ҳурсан.
Қора либосдаги қирмиз атиргул
Зулмат севиб қолган бир қучоқ нурсан.

ОРАМИЗДА
Дўстлик дебон орага қўйган эдик Худони
“Алпомиш”дан

Беғубор кунларда,
маъсум ойларда,
Бу дунёдан жуда олис жойларда
Дўст бўлдик орага қўйиб Худони.
Дўст бўлдик орага қўйиб Худони.

Сўнгра йиллар ўтиб бари ўзгарди,
Сендан бери, мендан нари ўзгарди,
Ҳар не бўлса, дунё сари ўзгарди,
Сўнгра йиллар ўтиб бари ўзгарди.

Орага гумонлар ораладилар,
Бир суюқ шайтонлар ораладилар.
Бир аччиқ шароблар тушди орага,
Бир кибор жаноблар тушди орага.
Бир гўзал хонимлар тушди орага,
Қаллоблар “жоним”лаб тушди орага.
Қанча ашқол-дашқол, қанча кесак-тош
Кирдилар орага: иккимиз – талош.

Не кирди.. барчаси орада қолди,
Фақат орадаги Худо йўқолди.

БОЛАЛИКДАГИ УЙ

Отамнинг қўллари қадоқ бўларди
Қават-қават қадоқ,
Қават-қават дард.
Отам шомда ҳориб ишдан қайтганда
Унинг қўлидаги қабариқларни
эзғилаб ўйнашни яхши кўрардим.
Мен нодон… мен гўдак қайдан билардим
Отам дарди билан ўйнаганимни.

Кўзёшни кўп кўрдим онам кўзида.
Орзу, хавотирга тўла эдим мен.
Қўнғир Ер устида,
Мовий осмон остида
Ҳеч кимимиз йўқ эди Худодан бошқа.

Уфқ эшигида бир уй бор эди.
Шафақни томорқа қилган бир ҳовли…
Девори – дашту дала
Дарвозаси – дашту дала.
Ҳовлимиз устида кўриб қолардим
Баъзан фаришталар учиб юрганин.

Тунда яккам-дуккам бўри увларди,
Чиқиб келар эди тўқайдан шамол,
Уч юз йилдан бери ялангоёқ кезган
Ғамгин зиёратчи дарвешдай гўё.
Сувнинг нафасини олиб келарди
Бизнинг уйимизга бу қари дарвеш.

Саратонда салқин шамол қўзғалса,
Онам: “Фаришталар қанот қоқаяпти” дер эди.
Мезонда илк ёмғир томчилаганда
“Момонг йиғлаяпти” дер эди онам.

Опам китобларни яхши кўрарди,
Қизғалдоқни қаттиқ суярди синглим.
Мен эса кун бўйи дала кезишни –
Ўзимни кезишни яхши кўрардим.

Олис бир қишлоқда,
овлоқ қишлоқда
Ёввойи қўрқувни қўлга ўргатган
Одамларни кўрдим. Мардларни кўрдим.
Юрагини тўкин дастурхон қилган
Қашшоқларни кўрдим, дардларни кўрдим.
Кўзёш тўкиб турган буюк тоғларни,
Чинорларни кўрдим бобомдай суюк.
Топганин дунёга сочган боғларни,
Бағирларни кўрдим даштдай кенг… куюк…

Хуллас…
Булутлар, чақмоқлар зуғум қилар чоғ,
Саратон, қаҳратон қаҳр қилар чоғ.
Қўнғир Ер устида,
Мовий осмон остида
Ҳеч кимимиз йўқ эди Худодан бошқа.
Ҳечи кимимиз йўқ эди Худодан бошқа!

***

Яна тоғ ортида қорайди оқшом…
Яна мунгли ойдай мунғайди қайғу…
Энди ёлғон ёзмак қўлимдан келмас…

Яна ҳасрат билан чопиб ўтди сув…
Яна ёнгинамда оҳ чекди шамол…
Энди ёлғон ёзмак қўлимдан келмас…

Яна гулхан ёқди кимдир олисда…
Яна чап кўксимда йиғлади кимдир…
Энди ёлғон ёзмак қўлимдан келмас…

***

Оқшом чўкаётган олтин лаҳзалар
Мағрибда бир юлдуз милтираган чоғ,
Оят тинглагандай барча нарсалар
Шомнинг ҳасратига тутганда қулоғ.

Аста кўзларимга чўка бошлар мунг,
Кўксимга қадалиб турар бир ханжар.
Руҳимда Ҳасратни уйғотади тун,
Муқим бир ҳолимда кўнглим дарбадар.

Шодон бир қўшиқлар бошлай олмайман,
Кипригимга тизиб тоши кадарни…
Найлайки, суғуриб ташлай олмайман
Кўксимга урилган сирли ханжарни.

“НАСОЙИМ УЛ МУҲАББАТ”ДА САЙР
Туркумдан

Абулҳусайн ибн Буннон
То жисму жонимға ўт қалабдурлар,
Ўтдан ҳам, сувдан ҳам ишқталаб менман.
Барча эл саҳрода ташналабдурдар,
Дарё қирғоғида ташналаб менман.

Йўлга айланган одам
Абу Абдуллоҳ Динаварий узоқ йўл босди.
Бир ушоқ тотмасдан ойлаб юрди у.
Тошларни қавартди яланг товонлар.
Чақиртиканларни қон-ла гуллатди чағир оёқлар.
Йўл юрди, йўл юрса ҳам мўл юрди Абу Абдуллоҳ.
Йўл юравериб, охири ўзи ҳам бир йўлга айланиб қолди.
Ва ниҳоят бу ғаройиб йўл
Водил Қуродаги бир масжидгача жилғадай оқиб борди.
Очликдан мадори қуриган Абу Абдуллоҳ
Зўрға оёғида масжидга кирди.
Уни абгор кўрган кибор одамлар
Кимсан ҳам демадилар, егулик ҳам бермадилар.
Шу кеча очликдан ўлди Абу Абдуллоҳ.
Эртаси масжидга келганлар уни кафанлаб дафн қилдилар.
Индини масжидга келганлар кўрдиларки,
Кафан қабрдан чиқариб ташланган эди.
Меҳробга чирмағлиқ осилиб турарди
Мағлуб байроғидай эгилган кафан.
Бир парча қоғозда бир ёзув қолмиш меҳроб пойида:
“Бизнинг бир дўстимиз сизга меҳмон бўлди,
егулик бермай ани очлиғдин ўлтурдингиз, сизнинг кафанингиз керакмас.”
Шундай ўтган эди Абу Абдуллоҳ.
Ундан масжидгача борган Йўл қолди.
Кейин одамлар масжидга шу йўлдан кела бошладилар.

Очилмаган рўза
Азалда дунё ноз-неъмат билан тўлдирилди.
Дарё-дарё неъмат, дала-дала ризқ.
Лекин қорни тўқ, кўзи оч бандалар
Тўймадилар.Талашдилар. Қўймадилар.
Энг тотли таомлар, энг ширин шарбатлар, энг лазиз лаззатлар…
Барчаси берилди ёмғир каби сероб, нур каби бисёр.
Лекин тўймадилар. Талашдилар. Қўймадилар.
Улуғлар уялди инсон ҳолидан. Ризқнинг уволидан. Ор заволидан.
Шу очкўзлар орасида, тўққоринлар орасида
Абу Бакр ал-Аскоф ўттиз йил рўза тутди. Ўттиз йил!
Жон берар чоғида оғзига сувли пахта тутганларида
заиф қўллар билан бирдан қайтарди.
Ичмади, ҳаттоки ютинмади ҳам.
Пахтага шимилган шу сувни ҳам у
Ичинг деб қолдирди тўймаганларга.
Абу Бакр ал-Аскоф ўттиз йил рўза тутиб,
Бу дунёдан кетди рўза ҳолида.

Хуштабиатлик Шайх Абу Зуръа Розий
Кўп хуштаъб эдилар Шайх Абу Зуръа,
Чеҳрасида доим қуёш куларди.
У дўсту душманга тортинмай зарра
Иссиқ табассумлар ҳадя қиларди.

Ундан сўрадилар: Нечун ҳаммага
Яхши ҳам ёмонга яхшилик қилгунг?
Шундай бўлиш мумкинми бутун оммага
Барчага баравар севгинг ва кулгунг?

Шайх деди: Ҳар кимга ҳар хил ҳол эмиш,
Кўнглим нурга тўлган бир соям йўқдур.
Очиқ юз, очиқ дил безавол эмиш ,
Менинг мундин ўзга сармоям йўқдур.

***

Қандай шарҳлаш мумкиндир буни,
Кимдан сўраб-сўрамагайман…
Шайх Шиблий дебдурлар бир куни:
Тиларменки: тиламагайман.

Ҳар тарафда ҳавас ва кибр,
Таъма – ширин, қаноат – тахир,
Эвоҳ, Шиблий демишлар ахир:
Тиларменки, тиламагайман.

Охир бари хок-ла тенгмишлар,
Ким ерга, ким сувга сингмишлар,
Бу дунёни шундай енгмишлар:
Тиларменки, тиламагайман.

Манба: “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси 2020 йил 5-июн

07Taniqli shoir Eshqobil Shukurning kuni-Kecha — 5 iyunь kuni “O’zbekiston adabiyoti va san’ati” gazetasida e’lon qilingan yangi she’rlarini taqdim etamiz.

Eshqobil Shukur
YaNGI ShE’RLAR

    Eshqobil Shukur Surxondaryo viloyatining Qumqo’rg’on tumanidagi Boymoqli qishlog’ida tug’ilgan. ToshDUning filologiya fakultetini bitirgan (1984). Ilk she’rlar to’plami — «Yurakni o’rganish» (1984). Shundan so’ng uning «Sochlari sumbul-sumbul» (1988), «Tungi gullar» (1989), «Yashil qushlar» (1995), «Hamal ayvoni» (2003) she’riy kitoblari va 2005 yilda «Ko’hna bog’ rivoyatlari» nasriy kitobi nashr etilgan. «Naqshband», «Ibtido xatosi» kabi dostonlari, «Nasoyim ul-muhabbatga sayr» turkumi, shuningdek, «Oqibat oqshomi», «Dunyoning ko’chishi» kabi qissalari ham bor.

BO’ZTO’RG’AY

Munglug’ boshim ostidagi toshimnimu dey,
Yo tosh ustidagi g’arib boshimnimu dey?
Alisher Navoiy

Mag’lub bo’ri ko’zlariday ko’zlarimga bir qara,
To’rda baliq so’zlariday so’zlarimga bir qara.

Nomard bo’lib yurmayin, nomard bo’lib o’lmayin,
Jon chiqar chog’ bukilgan tizlarimga bir qara.

Bu dunyoni kezmisham, bog’u sahro yurmisham,
Qizg’aldoqday qon sochgan izlarimga bir qara.

Kaklikmidim yo to’ti, bulbul da’vo emasman,
Bo’zto’rg’ayday saharlar bo’zlarimga bir qara.

Boshimga qorlar yog’di, sochimga zorlar yozdi,
Qishlarim, bahorlarim, kuzlarimga bir qara.

Men ayoz otashiman, qahraton bardoshiman
O’chog’da lov-lov cho’g’day muzlarimga bir qara.

Boshim tosh ustidadir, toshim bosh ustidadir,
Yo do’st, endi ko’pimgamas, ozlarimga bir qara.

Bedildan bir cho’g’ oldim, dilimga tutashdi o’t,
Bo’zto’rg’ayday saharlar bo’zlarimga bir qara.

****

Men qanday kechirim so’rayin sendan,
Ne qilib ko’nglimni to’kay poyingga.
Shunchalar ham xafa edingmi mendan,
Holi xilofimdan ranjlar ray’ingda.

Mangu uyatdaman sening qoshingda…
Mangu muzliklarni eritar zorim.
Ne savdolar o’tdi sodda boshimdan
Odam bo’lolmadim, parvardigorim.

Qancha olis ketdi yaqin yulduzlar,
Yellarga sovurdim tuyg’ularimni.
Jonday zirqiraydi dilda ildizlar,
O’zgaga sotdimmi qayg’ularimni.

G’amgin boradirman chaqmoq tig’ida
So’ngan alangaday azmi qarorim.
Lolman ikki dunyo oralig’ida
Odam bo’lolmasdan, parardigorim!

“ALPOMISh” DOSTONI OHANGLARIDA

Yotib yesa, tog’lar ham
Oda* bo’lar, yoronlar,

To’rt-besh kaypang biriksa,
poda bo’lar, yoronlar

Ikki urug’ birlashsa,
Quda bo’lar, yoronlar.

Ikki urug’ o’rlashsa,
Oda bo’lar, yoronlar.

El qurisa, or-nomus
Savdo bo’lar, yoronlar.

El ko’karsa, ko’lmak ham
Daryo bo’lar, yoronlar.

Holin bilmagan esdan
Judo bo’lar, yoronlar.

Bariga guvoh oxir
Xudo bo’lar yoronlar.

* Oda – ado ma’nosida

***

Qora libosdagi qirmiz atirgul,
Zulmat tabassumi kabi porlaysan.
Qora libosdagi qirmiz atirgul
Qahraton otashi kabi chorlaysan.

Qora libosdagi qirmiz atirgul,
Yo’lingda yuztuban devona sabo.
Vasfingda har bir so’z, har bir satr – gul
Egningda qayg’umday qop-qora qabo.

Qora libosdagi qirmiz atirgul,
Buyuk viqor senda, mag’rursan, hursan.
Qora libosdagi qirmiz atirgul
Zulmat sevib qolgan bir quchoq nursan.

ORAMIZDA
Do’stlik debon oraga qo’ygan edik Xudoni
Alpomish”dan

Beg’ubor kunlarda,
ma’sum oylarda,
Bu dunyodan juda olis joylarda
Do’st bo’ldik oraga qo’yib Xudoni.
Do’st bo’ldik oraga qo’yib Xudoni.

So’ngra yillar o’tib bari o’zgardi,
Sendan beri, mendan nari o’zgardi,
Har ne bo’lsa, dunyo sari o’zgardi,
So’ngra yillar o’tib bari o’zgardi.

Oraga gumonlar oraladilar,
Bir suyuq shaytonlar oraladilar.
Bir achchiq sharoblar tushdi oraga,
Bir kibor janoblar tushdi oraga.
Bir go’zal xonimlar tushdi oraga,
Qalloblar “jonim”lab tushdi oraga.
Qancha ashqol-dashqol, qancha kesak-tosh
Kirdilar oraga: ikkimiz – talosh.

Ne kirdi.. barchasi orada qoldi,
Faqat oradagi Xudo yo’qoldi.

BOLALIKDAGI UY

Otamning qo’llari qadoq bo’lardi
Qavat-qavat qadoq,
Qavat-qavat dard.
Otam shomda horib ishdan qaytganda
Uning qo’lidagi qabariqlarni
ezg’ilab o’ynashni yaxshi ko’rardim.
Men nodon… men go’dak qaydan bilardim
Otam dardi bilan o’ynaganimni.

Ko’zyoshni ko’p ko’rdim onam ko’zida.
Orzu, xavotirga to’la edim men.
Qo’ng’ir Yer ustida,
Moviy osmon ostida
Hech kimimiz yo’q edi Xudodan boshqa.

Ufq eshigida bir uy bor edi.
Shafaqni tomorqa qilgan bir hovli…
Devori – dashtu dala
Darvozasi – dashtu dala.
Hovlimiz ustida ko’rib qolardim
Ba’zan farishtalar uchib yurganin.

Tunda yakkam-dukkam bo’ri uvlardi,
Chiqib kelar edi to’qaydan shamol,
Uch yuz yildan beri yalangoyoq kezgan
G’amgin ziyoratchi darveshday go’yo.
Suvning nafasini olib kelardi
Bizning uyimizga bu qari darvesh.

Saratonda salqin shamol qo’zg’alsa,
Onam: “Farishtalar qanot qoqayapti” der edi.
Mezonda ilk yomg’ir tomchilaganda
“Momong yig’layapti” der edi onam.

Opam kitoblarni yaxshi ko’rardi,
Qizg’aldoqni qattiq suyardi singlim.
Men esa kun bo’yi dala kezishni –
O’zimni kezishni yaxshi ko’rardim.

Olis bir qishloqda,
ovloq qishloqda
Yovvoyi qo’rquvni qo’lga o’rgatgan
Odamlarni ko’rdim. Mardlarni ko’rdim.
Yuragini to’kin dasturxon qilgan
Qashshoqlarni ko’rdim, dardlarni ko’rdim.
Ko’zyosh to’kib turgan buyuk tog’larni,
Chinorlarni ko’rdim bobomday suyuk.
Topganin dunyoga sochgan bog’larni,
Bag’irlarni ko’rdim dashtday keng… kuyuk…

Xullas…
Bulutlar, chaqmoqlar zug’um qilar chog’,
Saraton, qahraton qahr qilar chog’.
Qo’ng’ir Yer ustida,
Moviy osmon ostida
Hech kimimiz yo’q edi Xudodan boshqa.
Hechi kimimiz yo’q edi Xudodan boshqa!

***

Yana tog’ ortida qoraydi oqshom…
Yana mungli oyday mung’aydi qayg’u…
Endi yolg’on yozmak qo’limdan kelmas…

Yana hasrat bilan chopib o’tdi suv…
Yana yonginamda oh chekdi shamol…
Endi yolg’on yozmak qo’limdan kelmas…

Yana gulxan yoqdi kimdir olisda…
Yana chap ko’ksimda yig’ladi kimdir…
Endi yolg’on yozmak qo’limdan kelmas…

***

Oqshom cho’kayotgan oltin lahzalar
Mag’ribda bir yulduz miltiragan chog’,
Oyat tinglaganday barcha narsalar
Shomning hasratiga tutganda qulog’.

Asta ko’zlarimga cho’ka boshlar mung,
Ko’ksimga qadalib turar bir xanjar.
Ruhimda Hasratni uyg’otadi tun,
Muqim bir holimda ko’nglim darbadar.

Shodon bir qo’shiqlar boshlay olmayman,
Kiprigimga tizib toshi kadarni…
Naylayki, sug’urib tashlay olmayman
Ko’ksimga urilgan sirli xanjarni.

“NASOYIM UL MUHABBAT”DA SAYR
Turkumdan

Abulhusayn ibn Bunnon
To jismu jonimg’a o’t qalabdurlar,
O’tdan ham, suvdan ham ishqtalab menman.
Barcha el sahroda tashnalabdurdar,
Daryo qirg’og’ida tashnalab menman.

Yo’lga aylangan odam
Abu Abdulloh Dinavariy uzoq yo’l bosdi.
Bir ushoq totmasdan oylab yurdi u.
Toshlarni qavartdi yalang tovonlar.
Chaqirtikanlarni qon-la gullatdi chag’ir oyoqlar.
Yo’l yurdi, yo’l yursa ham mo’l yurdi Abu Abdulloh.
Yo’l yuraverib, oxiri o’zi ham bir yo’lga aylanib qoldi.
Va nihoyat bu g’aroyib yo’l
Vodil Qurodagi bir masjidgacha jilg’aday oqib bordi.
Ochlikdan madori qurigan Abu Abdulloh
Zo’rg’a oyog’ida masjidga kirdi.
Uni abgor ko’rgan kibor odamlar
Kimsan ham demadilar, yegulik ham bermadilar.
Shu kecha ochlikdan o’ldi Abu Abdulloh.
Ertasi masjidga kelganlar uni kafanlab dafn qildilar.
Indini masjidga kelganlar ko’rdilarki,
Kafan qabrdan chiqarib tashlangan edi.
Mehrobga chirmag’liq osilib turardi
Mag’lub bayrog’iday egilgan kafan.
Bir parcha qog’ozda bir yozuv qolmish mehrob poyida:
“Bizning bir do’stimiz sizga mehmon bo’ldi,
yegulik bermay ani ochlig’din o’lturdingiz, sizning kafaningiz kerakmas.”
Shunday o’tgan edi Abu Abdulloh.
Undan masjidgacha borgan Yo’l qoldi.
Keyin odamlar masjidga shu yo’ldan kela boshladilar.

Ochilmagan ro’za
Azalda dunyo noz-ne’mat bilan to’ldirildi.
Daryo-daryo ne’mat, dala-dala rizq.
Lekin qorni to’q, ko’zi och bandalar
To’ymadilar.Talashdilar. Qo’ymadilar.
Eng totli taomlar, eng shirin sharbatlar, eng laziz lazzatlar…
Barchasi berildi yomg’ir kabi serob, nur kabi bisyor.
Lekin to’ymadilar. Talashdilar. Qo’ymadilar.
Ulug’lar uyaldi inson holidan. Rizqning uvolidan. Or zavolidan.
Shu ochko’zlar orasida, to’qqorinlar orasida
Abu Bakr al-Askof o’ttiz yil ro’za tutdi. O’ttiz yil!
Jon berar chog’ida og’ziga suvli paxta tutganlarida
zaif qo’llar bilan birdan qaytardi.
Ichmadi, hattoki yutinmadi ham.
Paxtaga shimilgan shu suvni ham u
Iching deb qoldirdi to’ymaganlarga.
Abu Bakr al-Askof o’ttiz yil ro’za tutib,
Bu dunyodan ketdi ro’za holida.

Xushtabiatlik Shayx Abu Zur’a Roziy
Ko’p xushta’b edilar Shayx Abu Zur’a,
Chehrasida doim quyosh kulardi.
U do’stu dushmanga tortinmay zarra
Issiq tabassumlar hadya qilardi.

Undan so’radilar: Nechun hammaga
Yaxshi ham yomonga yaxshilik qilgung?
Shunday bo’lish mumkinmi butun ommaga
Barchaga baravar sevging va kulgung?

Shayx dedi: Har kimga har xil hol emish,
Ko’nglim nurga to’lgan bir soyam yo’qdur.
Ochiq yuz, ochiq dil bezavol emish ,
Mening mundin o’zga sarmoyam yo’qdur.

***

Qanday sharhlash mumkindir buni,
Kimdan so’rab-so’ramagayman…
Shayx Shibliy debdurlar bir kuni:
Tilarmenki: tilamagayman.

Har tarafda havas va kibr,
Ta’ma – shirin, qanoat – taxir,
Evoh, Shibliy demishlar axir:
Tilarmenki, tilamagayman.

Oxir bari xok-la tengmishlar,
Kim yerga, kim suvga singmishlar,
Bu dunyoni shunday yengmishlar:
Tilarmenki, tilamagayman.

Manba: “O’zbekiston adabiyoti va san’ati” gazetasi 2020 yil 5-iyun

0

(Tashriflar: umumiy 278, bugungi 1)

Izoh qoldiring