Бу воқеанинг шу қадар кескин тус олишига ўзим сабабчи бўлдим. Европадаги ўзбеклар дуч келган оддий уй можароси… Буни катта муаммо қилиб кўтариб юришнинг кераги ҳам йўқ эди аслида. Лекин вазият жиддийлашган, бунинг устига бу зиддиятнинг иштирокчисига айланиб қолгандим. Қолаверса, инсон ҳақлари қўпол тарзда бузилаётганини ҳис қилиб турардим…
Юсуф Расул
УЧ ҲИКОЯ
Юсуф Расул 1971 йилда Тожикистоннинг Панжикент туманидаги Сўжина қишлоғида туғилган. 1993 йилда ТошДУ журналистика факультетини тамомлаган. 1997 йилда Тошкентдаги Ғафур Ғулом нашриётида “Кўнгилдаги масофа” шеърлар тўплами нашр қилинган. Айни пайтда Швецияда яшайди. Хориждаги ўзбеклар орасида анча танилиб қолган www.yangidunyo.com интернет нашри асосчиси ва муҳаррири.
БЕГОНА
1.
«Сен бир кун келиб шу аёлнинг қулига айланишингни ҳеч тасаввур қилмаган эдинг. Бироқ, қанчалик уринма унга устун бўлиш қулингдан келмади. Гулруй ўз ҳусну латофати билан эмас, ўз ожизлиги билан сени ўзига асир қилиб олганди.
Сен ҳеч ўйлаб кўрмагандинг дейиш у қадар ишонарли чиқмайди. Чунки, ҳар куни, баъзан турмуш ташвишларига берилиб ахийри ҳолдан тойган бир алфозда ўз-ўзингга савол берардинг-«Мен шу аёлни севаманми?» деб. Лекин бунга қадар орадан кунлар, ойлар, ҳатто йиллар ҳам ўтиб улгурар, аксар саволларинг вақт ғилдираги остида эзғиланган чумоли мисол мажруҳ бир аҳволда қоларди – бу саволларга жавоб йўқ эди.
Тўғрироғи сен журъат қилиб ўз саволларингга ўзинг жавоб бера олмасдинг.Саволлар ичида бундан-да муҳим, ёдинга тушганда қалбинг-у шуурингни алғов далғов қилиб юборадиган бошқа сўроқлар ҳам бор эди ва улар бошқаларига ўрин қолдирмасди.
Сен Гулрўйни гўзаллиги, хусну латофати учун эмас, азбаройи ожиз бир аёллиги учун яхши кўрардинг. Аёллар табиатдан ожиз бир мавжудот эканлиги, ҳамиша улар учун ҳимоячи, жилла қурса бир йўлдош лозимлигини билганинг ҳолда ундан ажралишни хаёлингга ҳам келтира олмасдинг. Чунки, сен жуда-жуда раҳмдил ва мурувватли инсон деб санардинг ўзингни.Бироқ орадан йилар ўтар экан, бу раҳмдиллингинг ўзинг учун кўп хатоликларга замин яратганлигини англаб даҳшатга туша бошлардинг. Ҳар не қилма сен ўзинг яратган бу муҳитдан қочиб қутила олмасдинг. Бу муҳит ичида сен бор эдинг. Фақат сен…
Борган сари вақт имиллаб ўтар экан, сен бир нарсани қаттиқ англаб борардинг. «Бу муҳит ўзгармас экан. Бу муҳитни ўзгартириш менинг қўлимдан келмайди!»
2.
«Ўшанда замҳарир куз ҳавоси атрофни тутиб, оламни чуқур бир сокинлик ўраб олган эди. Дарахтлар барги аста-секин сарғайиб, узилиб тушар, улар умр парчаларига ўхшаб кўринарди.
Сен узилаётган япроқларга қараб кўнглингда ҳам нималардир узилаётганини аниқ –тиниқ ҳис қилардинг. Узилаётган сенга тушунарсиз бўлган қандайдир ҳислар-туйғулар эди.
Кўп ўтмай бундай сокинликка басма-бас атайин қилгандек ёмғир қуйиб юборди. Ҳувиллаган бир парча осмондан шовуллаб тушаётган ёмғир томчилари хаёлингга унутилган кунлар хотирасини олиб қайтаётгандек эди.
Ёдингда бор…. Ўшанда ҳам куз эди. Сен ўпканг шамоллаб касалхонага тушиб қолганингда дераза ортидаги хиёбонга назар ташлаганча нуқул хаёлга толиб ўтирардинг. Хаёлингга эса қанча урунма фақат Гулруй кириб келар, сира шубҳа-ю гумонлардан халос бўла олмасдинг.
«Етар шунча уни қийнаганим, бечора қийналиб кетди. Унинг ҳам бошқа аёлларга ўхшаб ўз орзулари бор. Унинг ҳам яхши яшагиси, яхши кийиниб юргиси келади. Мен эса лоақал турмуш ташвишларидан бечора Гулрўйни халос қила олмаяпман-ку!» деган ўйлар сенга азоб берарди.
Хиёбонда эса одам сийрак эди. Осмонни тўлдириб қарғалар галаси учиб ўтар экан, улар қиш яқинлашганлигидан башорат қилишаётгандек ёқимсиз унда қағиллашар, уларнинг саслари эса шундоқ ҳам ғамзада кўнглингга қоронғулик соларди.
Сариқ япроқларни шатирлатиб босганча узун бўйли басавлат бир одам деразанг олдидан шошганича ўтиб кетади. Унинг ортидан қараб қолар экансан, кўзларинг дарахтлар панасидаги икки ошиқ-мошиққа тушади. Улар бир-бирини худди йўқотиб қўядигандек маҳкам қучоқлаб олишганди.
Уларга тикилиб «Қанийди шафқатсиз ҳаёт сўқмоқларида бу бечоралар бир-бирларини йўқотиб қўйишмаса эди! » дея ўйлардинг. Шунда бирдан хиёбоннинг узун йўлагидан аста-секин юриб келаётган Гулрўйга нигоҳинг қадалади. Гулрўй нимадандир норозидек юриб келар, жимитдайгина вужуди оғир юклардан зада бўлгандек эгилган алфозда эди. Унга қараб кўнглинг ўксийди. Буғзингга нимадир тиқилгандек бўлади. У сени ҳолингдан хабар олмоқ учун бугун ишдан эртароқ чиққан кўринарди. Қўлидаги тўрхалтасида нимадир солиб олган. «Эҳтимол нон ёки мева –чевалар олиб келаётгандир» , деб ўйлайсан.
«Бечора, бир ойда оладиган моянаси ишга қатнаш учун йўл пулига етмайди. У эса тушлик учун сақлаб қўйган пулларига ҳам сен учун нарса олади. Сен эса унга ёрдам бериш, оғирини енгил қилиш ўрнига касал бўлиб ётиб олгансан. Шу ҳам инсофданми? »
«Барибир бу кунларнинг интиҳоси бордир. Қачонгача мен уни қийнайман? Қачон тугайди бу кунлар?» Бу саволларга дабдурустдан жавоб топиш мушкул эди.
Кейинги кунларда сен касалхонада даволанар экансан, нимадандир шубҳалана бошлагандинг. Гулруй нимагадир ўзини ғалати тутар, қандайдир оғир ўйларга ботиб юрарди.
«У нимадандир норози. Балки сен билан кечган кунларини сарҳисоб қилаётгандир? Балки унинг ҳаётига қандайдир бир одам суқулиб кириб олмадимикин?»
Бироқ бу саволлар қанчалик оғир бўлмасин сен уларни ичингга ютдинг. Гулрўй ишдан чарчаб келаётганини айтаркан, ишхоналарида бўлаётган ўзгаришлар тўғрисида гапирди. Гулрўй оддий муҳаррирликдан бўлим бошлиғи лавозимига кўтарилибди.
«Бундан кейин ўзбек халқ оғзаки ижоди ҳақида туркум эшиттиришлар тайёрламоқчиман.Мақсадим шу пайтгача эътибордан четда қолиб келаётган оғзаки ижодимизнинг пайдо бўлиш тарихини қайтадан ўрганиш»деди у.
Гулрўйнинг кўзлари жуда ҳам чиройли эди. Уларга тикилар экансан фақат бир нарсани ўйлардинг: «Ундан ажралиб қолмасмиканман?»
Бироқ қанча ўйлама сен бир нарсани аниқ билардинг: Борган сари тобора Гулрўйдан узоқлашиб бораётгандинг. Сабабини эса ҳеч тушуна олмасдинг. Кўнглингни қандайдир мавҳум ўйлар эгаллаб олган – беқарор бир алфозда эдинг.
Балки булар зерикишдан пайдо бўлган туйғулардир? Балки кейинги пайтларда касаллигим туфайли ўзимни шундай ожиз, тушкун ҳис қилаётгандирман?» деган хаёлларга борардинг.
Бироқ қанча уринма буларнинг сабабини ҳеч тушуна олмасдинг».
3.
«Бир кун келиб сен ўйлаган, орзу қилган нарсалар саробга айланса, кўнглинг осмон янглиғ бўм-бўш бўлиб қолса, барибир ҳамма нарсага кўниккан одамдек жимгина яшайверардинг. Бироқ сен орзу фуқароси эмассан. Қалбингда бирор нарсага эришиш, ёки нимадандир воз кечиш орзуси йўқ. Сен орзусиз, бундай қараса мақсадсиз бир одамга ўхшайсан. Шу пайтгача бирор аёлни чин кўнгилдан севмаганинг, сева олмаслигингни фақат ўзинг биласан.Бир гал Гулрўйга ҳам буни очиқ-ойдин айтгандинг.У сенга кўнгли ийибми, «Мени севасизми?» дея сўраганида , шартта тўғрисини айтиб қўя қолдинг. «Ростини айтсам, мен сизни чин кўнгилдан севмаганман. Нимагадир одам боласини сева олмайман.Сабабини эса сўраманг, барибир буни ўзим ҳам билмайман».
Гулрўй буни кутганмиди ёки йўқми, буниси сенга қоронғу. Бироқ у шундан кейин тақдирга тан берган одамдек хомуш бўлиб қолганди.
Аёл киши кимдир ўзини севишини хоҳлармикан? Унинг ўзи ҳам бировни чин дилдан сева оладими? Афсуски аёлларнинг , жумладан Гулрўйнинг ичига кириб чиқмаганинг боис буни яхши билмайсан. Шунга қарамай Гулрўй сен учун англаб бўлмас сирли бир жумбоқдек. Унинг қалбида нималар борлиги, хаёлида қандай туйғулар яшаётгани ҳам сенга таниш эмас.
Бундай аҳволда кун ўткариш сен учун осон эмаслигини яхши биласан. Шунга қарамай яшайверасан. Бошқа иложинг ҳам йўқ».
4.
Орадан қанча йилар ўтганига қарамай У қандайдир тушунарсиз одамнинг Гулрўй исмли аёлни эслаб ёзган бу ҳикоясини қайта-қайта ўқийди. Бироқ бу ҳикояни ёзган одам ким эканлиги, нима мақсадда бундай ғамгин жумлаларни битиб, хиёбондаги ўриндиққа ташлаб кетганлигини тушуна олмайди.
«Балки шу йўл билан ўз дардларини бироз енгиллатмоқчи бўлгандир?! Ёки ўз сиридан кимнидир огоҳ этиш мақсади уни шундай қилишга мажбур этдимикин?»
У ўз хаёллари билан андармон бўлар экан, яна нотаниш одам ҳикоясини қўлга олади. Бироқ бу ҳикояда тасвирланган табиат манзараси, ёки ҳикоя қаҳрамонлари Унинг ўзига танишдек туюла бошлайди.
«Бу манзарани қаердадир кўргандайман?! Ҳикояни ёзган одам ҳам менга танишга ухшаб кўринаяпти?»
У кўнглига яқин олган ёзувларни қайта ўқир экан,хаёллари-ю хотираларини бир жойга жамлаб, чуқур ўйга толади. Бироқ на табиат манзараси ва на ҳикоя қаҳрамони кимлиги Унинг ёдига тушмайди.
«Бу одам ким бўлди экан? Нимгадир унга қизиқишим орта бошлади. Менга таниш ва жуда ҳам яқин одам бу!»
Орадан кунлар судралиб ўтар экан, У бир нарсани тушуна олмаётганлигини англайди. Бу-«ҳикоя қаҳрамони ҳақиқатдан ҳаётда бор нусхами?» деган савол эди.
Баъзан ҳикоя қахрамонининг ҳаётда бор йўқлигига шубҳа қилса, яна ўша нотаниш одамнинг Гулруй деган аёлга ёзган мактубларини қўлга оларди. Ҳикоялар эса Унга жуда-жуда таниш манзарани эслатарди. «Буларнинг барчаси ахир менинг ҳаётимда, кўз ўнгимда содир бўлган воқеалар-ку?» деган ўйлар хаёлига келса, У ўз-ўзидан ҳам шубҳалана бошлар, шубҳа гумонлардан қандай халос бўлишни билмай боши қотарди…
Шундай пайтларда яна нотаниш одам ҳикоялари Унинг жонига аро кирарди.
5.
«Гулрўй, биласанми, мен ҳеч қачон бу бош оғриғидан халос бўла олмаяпман. Юрсам кўз ўнгимда шу манзара намоён бўлади, ётсам тушларимда яна ўша – кимдир нуқул мендан ёрдам сўрайди, илтижо қилади, ялиниб ёлворади.
Кеча ғалати туш кўрибман.Қарасам ялангликда яна ўша кимдир…(Мен унинг кимлигини билмайман). Унга яқинлашар эканман, Кимдир «пиқ»қилаб, «ҳиқ»қиллабми йиғлаб ўтиради.
«Ҳа, биродар нега, нимадан бунча хомушсиз?» деб сўрадим бу одамдан.
У менга ғоятда маҳзун кўзларини тикиб илтижо билан «Илтимос, мени қутқаринг!» деди.
“Сизни? Нимадан?”-дея олдим халос.
Унинг кўзларида дунёнинг барча кўргуликлари, азобу уқубатлари, бор, жамики даҳшатлари қотиб қолгандек эди.
«Илтимос, мени ўзимдан, ўзимни ўзимдан қутқаринг! Бу ҳолда узоқ яшай олмайман. Қийналиб кетдим».
У гапирар экан, осмонни қоплаган қора булутлар бирдан ёмғир томчиларига айланиб ерга туша бошлади.Кимдир эса ёмғир томчиларини худди биринчи бор кўриб тургандек, атрофга ҳайратомуз назар ташлади.
Шунда у ёмғир томчилаётган осмонга қарата «Мени қутқаринглар! Қутқаринглар!!» деганча баланд овозда бақира бошлади.
«Қутқаринглар!» деган сўзни эшитиб яқин атрофдаги одамлар бу ерга тўпланишди.
«Мени қутқаринглар, мени ўзимни ўзимдан қутқаринглар» дерди бечора Кимдир «ҳиқ»қиллаб.
Одамлар бақираётган бу кимсанинг мақсадини ё-да гапирган сўзлари моҳиятини англай олмай, елка қисиб тарқалишди.
Яна худди атайин қилгандек ивиб қолган Кимдирнинг устидан челаклаб ёмғир қуйди…
…Бу бир туш эди. Шундай дейману кейинги пайтларда тушни ўнгидан фарқлай олмаганим ёдимга тушади. «Балки Кимдир билан бўлиб ўтган воқеа тушимда эмас, ҳаётда, кўз ўнгимда содир бўлгандир?»,деган фикрлар ўтади шууримдан».
6.
«Гулрўй, мен худди узоқ йўл юриб чарчаган одамдекман. Бироқ шундай дейману, мен юрган йўларнинг боши ёки адоғи бормикан, деб ўйга толаман.Шундай пайтларда сенинг сўзларинг хаёлимда жонланади: «Бу йўлларнинг боши ё-да охири йўқ. Вақт мисоли ҳеч ким бу йўллар қайдан бошланиб қайда тугашини билмайди».
Бешафқат Вақт бошимиз узра ўзининг узун қамчисини ўйнатиб, худди иккимизни масхара қилаётгандек туюлади менга.Шу вақт ичидан мен сени топганман, Гулрўй! Шу вақт ичида мен сендан жуда ҳам олислаб кетдим. Сен авваллари бундай эмасдинг. Мен сендан ёнингда туриб булса-да узоқлашиб борар эканман, бир кун буни осонгина тушунтириб бергандинг. «Сизни мендан узоқлаштираётган нарса шахсий камчиликларингиз.Худбинлигу зеҳниятингиз билан боғлиқ қусурларингиз. Сиз аслида мендан эмас ўзингиздан, ўз аслиятингиздан узоқлашиб бораётган одамсиз» дегандинг ўшанда, Гулруй».
7.
У бундай маҳзун сатрларни ўқир экан, дабдурустдан «ҳикоя қахрамони ёки муаллиф руҳий касал эмасмикан?» деган хаёлга борди. Унинг назарида сўзловчи ўз-ўзини унутган , дунёнинг жамики адолатсизликларини билиб ундан воз кечган одамга ўхшаб кўринарди.
Бироқ Гулрўй… Бу гўзал аёл нега ўз турмуш ўртоғини ғалати, одамови ёки телба бўлиб қолганини билган ҳолда уни ташлаб кетмайди?
Бир қарашда Гулрўй бу одамни севмайдиганга ўхшайди. Негадир шунга қарамай ундан ажралолмайди. Гўёки ҳаммаси шундай бўлиши керакдек…
У ўйлаб ўйларининг адоғига ета олмасди.
Ҳикоядаги воқеалар атайин кимнидир чалғитиш мақсадида ўйлаб чиқарилгандек туюларди. Ёки телба-тескари хаёллар асосида қурилган бир муҳаббат қиссасига ўхшарди у.
2002 йил, Чирчиқ.
СИНОВ
Бир муҳожир кундалиги
Бу воқеанинг шу қадар кескин тус олишига ўзим сабабчи бўлдим. Европадаги ўзбеклар дуч келган оддий уй можароси… Буни катта муаммо қилиб кўтариб юришнинг кераги ҳам йўқ эди аслида. Лекин вазият жиддийлашган, бунинг устига бу зиддиятнинг иштирокчисига айланиб қолгандим. Қолаверса, инсон ҳақлари қўпол тарзда бузилаётганини ҳис қилиб турардим.
Камина таржимонман. Швецияга келган ўзбекларга ёрдам бераман. Майда – чуйда қонун- қоидаларни янги келганларга тушинтираман. Бу иш кўнглимга яқин. Энг муҳими – юртдошларимга ёрдамим тегаяпти-ку, деб ўз ишимдан қониқиш ҳосил қилган бўламан. Вақтимни бекорга ўтмаётгани мени қувонтиради.
Ўша куни ҳам Тошкентдан келган Азиз акага ёрдам бермоқчи бўлдим. У ўзи яшаб турган уч хоналик уйни ойлик тўловлари қимматлиги боис бир хоналикка алмаштирмоқчи экан. Икки ҳафта бурун шаҳар маъмуриятига қарашли уй- жойлар бошқармасига бориб, швед тилида ўзи билганча фикрларини тушинтиришга ҳаракат қилибди. Бошқармадагилар уни фикрини тўғри тушинмай, бу ердан кўчиб кетмоқчи экан, деган хулосага келишиб, уйини топшириш ҳақидаги аризага имзо қўйдириб олишибди. Ҳамма можаро шу биргина имзо ортидан келиб чиққан эди.
Европада катта шаҳарларда аниқ иш жойингиз, етарли ойлик даромадингиз бўлмаса ижарага уй олишнинг имкони йўқ. Айниқса, биз яшаб турган Стокҳолмда бу масала жуда катта муаммога айланган. Муҳожирларни қўя туринг, Швециянинг туб жой аҳолиси ҳам йиллаб навбатда туради.
Азиз аканинг айтишича, бундан икки йил олдин у турмуш ўртоғи ва ўғилчаси билан Швецияга кўчиб келган экан. Орадан бир йил ўтгач, хотини онаси касал бўлиб қолгани сабабли ўғилчасини олиб Тошкентга қайтиб кетибди. Уй-жой бошқармаси томонидан берилган уч хоналик уй учун ойига минг долларга яқин ижара ҳақи тўлаш унга малол кела бошлабди. Шу боис уч хоналикни арзонроқ бир хоналик уйга алмаштириб беришларини сўраб борган ва ўзи тушунмаган бир парча қоғозга имзо чекиб балога қолган эди. Бошқармадагиларга фарқи йўқ. “Отанг ким, онанг ким “ деб сўраб ўтиришмайди. Ўзаро келишув, яъни шартномага кўра иш қилишади. Ҳеч ким, ҳатто Швеция қироли ҳам шартномани бузишга аралаша олмайди. Агар аралашгудек бўлса шармандаси чиқади. Бу ҳақда матбуот шов-шув қилади. Радио – телевиденияларда қизғин муҳокама бошланади. Худди бундан икки йил муқаддам Швеция Қироли автомобилларни вақтинча тўхташ жойи учун пул тўлашни унутганда бўлган воқеа каби. Ўшанда қирол жамоатчиликдан кечирим сўраб базур қутилганди.
…Хуллас ўша куни Азиз аканинг илтимосига кўра биргалашиб бошқармага бордик. Анетта деган ходимага у нима деса таржима қилиб турдим. Қарасам вазият жиддий. Азиз ака ўзи тушинмаган ҳолда уч ой ичида уйни бўшатиб қўйиш ҳақидаги шартномадаги махсус банд остига имзо чекиб юборган экан. Бошқа уйга кўчадиганларнинг одатда аниқ яшаш жойи бўлади. Бу жой манзилини кўрсатиб ўтиш лозим. Лекин хизматчилар бу нарсага эътибор бериб ўтиришмаган. Аризани олишганда, тезликда навбатда турган одамларга бу уй бўшаганлиги ҳақида маълумот юборишган. Ҳатто бир киши уйни келиб кўриб, ижарага олишга розилик билдирибди. Ана холос. Энди нима бўлади? Бир ўзбек кўчада қолиб кетаяпти-ку! Ёз фасли бўлса ҳам майли эди, бирор танишиникида жон сақласа. Қаҳратон қиш, совуқ жондан ўтиб кетади. Кимникига ҳам сиғарди шу пайтда?
-Сизга нима бўлган ўзи!? Яшаш учун олдин бирор жой топмасдан уйни топшириш ҳақида ариза ёзибсиз-ку! Энди нима қиласиз? -дейман юртдошимга ачиниб.
-Мен қаердан билай… “Бир хоналик уйга алмаштириб беринглар”, деб келган эдим. Қандайдир қоғозга қўл қўйдириб олишди. Бизда- Тошкентда бунақа эмас-ку!” -дейди у шумшайиб.
-Эҳ, ака, бу ер Тошкент эмас. Бу ерда фақат қоғозга қарашади. Таниш- билишчилик, порахўрлик ўтмайди. Ўз ҳақ-ҳуқуқларингизни билмасангиз мана шунақа чув тушиб юраверасиз,- дедим бироз қизишиб.
Ходима бизни ўзбекча гап- сўзимизга тушунмасдан, ҳайрат билан қараб турарди. Гарчанд мени вазифам таржима қилиш бўлса ҳам, бу воқеага бефарқ қараб тура олмадим.
-Анетта, мен бу кишининг ҳамюрти бўламан. Ўзи тушунмасдан, билмасдан ижарада турган уйини топшириш учун ариза ёзиб қўйибди. Бошқа турадиган жойи йўқ. Шу уйни уни ўзига қолдирса бўлмайдими?
Ходима бу саволимга жавоб берар экан, уйни олиш учун бир киши розилик билдиргани боис, бу масалада бизга ёрдам бера олмаслигини маълум қилди.
-Мана, унинг ўзи уч ойдан кейин уйни бўшатиш ҳақидаги аризага имзо чеккан. Мен ҳеч нарса қила олмайман, -деди у.
Бошқарма хизматчисининг совуққонлиги тўғриси жаҳлимни чиқарди. Бир муҳожир киши Швециядаги қонун- қоидаларни яхши тушунмасдан бир парча қоғозга имзо чекиб юборган экан, шунга ҳам ота гўри қозихонами? Наҳотки шу имзони деб бир ҳамюртимиз кўчада қолиб кетса! Энди унга уй олиш муаммо бўлади-ку! Бирор жойда ишламаса қаердан ҳам яшаш жойи беришсин! Чунки, ижара уйни ишлайдиган, ойлик даромади бор кишиларга беришади. Бундан ташқари, бегона жой, бегона муҳит бўлса!…
Бу саволлар мени қаттиқ изтиробга сола бошлаган эди. Табиатим шунақа ўзи. Ҳақсизликка чидай олмайман. Нимагадир Швецияга келган дастлабки йилларда кўрган- кечирган кунларим бот -бот ёдимга тушади. Ўша пайтда иш излаб бормаган жойим қолмаган эди. Оддий кўча супуришга ёки қор курашга ҳам ишга олмасдан ноз қилган, тил билмаслигимни рўкач қилиб, устимдан кулган миллатчи кимсаларнинг тиржайиб турган совуқ башарасини эсласам ўзимни ёмон ҳис қиламан. “Қаршимда турган ходима ҳам шулардан бири-да. У атайин муҳожирларга шундай қийинчилик туғдиришга ҳаракат қилмоқда! Азиз аканинг швед тили ва амалдаги қонунларни яхши билмасликларидан фойдаланиб, ўз мақсадларини амалга оширмоқчи у”, деган фикрга бора бошладим..
Аслида расмий хизматчиларга бунақа муамала қилмаслик керак эди. Биз уларнинг наздида оддий муҳожирмиз. Тағинам улар ҳақ. Азиз ака уйдан чиқаман деб сабил қолгур қоғозга имзо чекиб берган. Ҳаммасига ўзи айбдор…
Йўқ, жаҳл чиққанда ақл кетади, деганлари шу бўлса керакда. Худди уйидан ҳайдаб чиқарилаётган одамдай ходимга қараб бақира бошласам денг…
-Менга қаранг, сиз бу одамни тил билмаслигидан, адашиб қоғозга имзо чекиб юборганидан фойдаланиб миллатчилик қилаяпсиз. Тўғри, у билмасдан шартномага имзо чекиб юборган. Лекин бу хатони тўғрилаш мумкин-ку! Бу одамни маҳаллий қонунларни яхши билмаслигини, муҳожирлигини ҳисобга олмайсизларми?
Баланд овозда, қизишиб гапира бошлаганим учунми, атрофдагилар бизга ҳайрат билан, баъзилари норози бўлиб қарай бошлашди. Швецияда бунақа муносабатга камдан- кам ҳолларда дуч келасиз. Бошқа мамлакатлардан келган муҳожирлар олдинига шунақа, бақириб- чақириб юришади. Кейинчалик сувга тушган тошдек тинчланиб қолишади. Айни дақиқада кутилмаган ҳолат эди бу…
Ходима мени гапларимга эътибор ҳам бермади. Пинак бузмай, атрофдагиларга бир қараб олдида, “Бошқа иложингиз ҳам йўқ. Дўстингиз икки ой ичида уйини бўшатиб қўйиши керак. Бўшатмаса полис боради” деди.
Уни бефарқлигидан яна жаҳлим чиқди. Ўжарлик билан барибир бу уйни бўшатиб қўймаслигимизни, албатта адвокат топиб, бу масалада судлашишимиз мумкинлигини, бунинг учун бизда асос борлигини айтдим.
У эса менга барибир, дегандай елка қисиб қўя қолди.
Азиз ака билан уй- жой бошқармасини тарк этишдан ўзга чорамиз йўқ эди. Ташқарига чиқарканмиз, негадир кўнглим хижил бўла бошлади. “Нима қилиб қўйдим? Ахир мен бировларни шахсий ишига аралашишим керак эмаску. Бор- йўғи оддий таржимон бўлсам. Худо кўрсатмасин, таржимонлик ҳуқуқидан маҳрум қилиб қўйишса нима қиламан?”
Бу каби аламли саволлар мени қаттиқ изтиробга соларди. Бошқа томондан бир ҳамюртимни ҳимоя қилиб, расмийлар билан жанжаллашиб олганимга хурсанд ҳам эдим. Шу баҳонада юрагимда сақлаб юрган ғуборларни чиқариб юбордим. Мени қувонтиргани, Азиз ака ҳам оз бўлсада ўз ҳақ- ҳуқуқларини билиб олди. Бундан кейин ҳеч қачон ўзи тушунмаган қоғозга имзо чекмайди.
Ўша куни агар ижарахонасидан чиқариб юборишадиган бўлса, ҳамюртимни ўз уйимга кўчириб келишга, уй- жой топганича меникида яшаб юришига келишиб олиб хайрлашдик. Орадан бир соатлар чамаси вақт ўтгач уй- жой бошқармасидан менга телефон қилиб қолишди. Ходиманинг авзои бузуқ эди.
-Бугун дўстингизни уйи учун бошқа одам билан шартнома қилдик. Энди истаса -истамаса икки ой ичида лаш -лушларини йиғиштириб, бу уйдан чиқиб кетиши керак! -деди у жаҳл билан.
Мен вазиятни юмшатиш учун бугунги ҳодиса учун ундан кечирим сўраган бўлдим. Муҳожирларга ҳам осон тутмасликларини, маҳаллий қонунларни тушунмасдан кўплаб хатоликларга йўл қўйишлари мумкинлигини айтдим. Ходима эса ортиқ гаплашиб ўтиришга вақти йўқлигини билдириб, тезда алоқани узди.
“Ажабо, одам ҳам шу қадар сабрсиз, ўзгаларга тоқатсиз бўладими? Улар четдан келганларга доимо шунақа паст назар билан қарашларини юрак- юракдан сезиб, ҳис қилиб юрардим. Бугун эса бунга ўзим бевосита гувоҳ бўлиб турибман-ку!” деб ўйлардим.
Тўғрида, булар муҳожирларни тил билмайди, маданияти, урф -одатлари бошқа, бизга тўғри келмайди, деб иш беришмайди. Айниқса, араб мамлакатлардан келган мусулмонларга нафрат билан қарашади. Миллатчилик борган сари кучайиб кетмоқда. Бундай шароитда Европада узоқ яшаб қолишга кўзинг етмайди. Ҳар лаҳза бир хавф бошингда қилич каби осилиб туради. Нима қилмоқ керак?
Ўйларимнинг ниҳояси йўқ эди…
Турмуш ўртоғим мактабда ишлайди. Бошланғич синфларга дарс беради. Уйга келгач, унга бўлиб ўтган воқеани айтганимда мендан анча ранжиди.
“Сизга нима бўлган ўзи? Нега улар билан тортишиб юрибсиз? Тошкентда ўн йил ижарама – ижара юриб, қийналиб яшаганимиз эсингиздан чиқдими? Ҳокимият ўшанда ижара уй бериш тугул аҳволинг қандай, деб сўрамагандику! Булар эса ҳеч қаерда ишламасангиз ҳам сизга уй беради, иш топганингизча яшаш учун етарли пул ажратишади. Болаларимизни ҳар куни мактабга автобусларда текин олиб – бориб келишади. Ўқишлари ва овқатланишига бир тийин ҳам пул олишмайди. Ҳеч нарса эътибордан четда эмас. Ўзбекистонликларга бу ҳақда гапирсангиз ишонишмайди… ” деди у.
Ҳақиқатдан хотинимнинг гапида жон бор эди. Европа, айниқса Швеция муҳожирлар учун энг яхши жой дея эътироф этилган. Инсонларни қўяверинг, ҳатто ҳайвонларни ҳам кўчада қолдиришмайди. Бизда эса одам билан одамнинг иши йўқ. Бунақа ғамхўрликларни юртдошларимиз тушларида ҳам кўришмаса керак.
Лекин мен негадир ватанимни соғиниб яшардим. Швециянинг совуқ иқлими жонимдан ўтиб кетган. Нуқул, оч қолсам ҳам, қийналиб яшасам ҳам, ўз юртим яхши деган фикрда юраман. Шу боис бу ердаги оддий, кичкина муаммо менга ёмон таъсир қилади. Булар атайин муаммони кучайтираяпти, улар муҳожирларни ёмон кўришади, деган ўй миямда айланаверади.
Орадан икки кун ўтгач шаҳар маъмуриятидан бир аёл қўнғироқ қилиб қолди. Унинг фикрлари ҳаёлларимни остин -устун қилиб юборганди. .
-Ҳамюртингиз Азиз Ҳамроевнинг яшаш жойи масаласида сизга изоҳ бермоқчи эдим. У шошилиб ижарада турган уйини топшириш ҳақида ариза ёзиб қўйган экан. Сизлар уй – жой бошқармасида бўлиб, ходимлар билан бу ҳақда гаплашганингизни бизга айтишди. Бу хатони тўғрилаш масаласида биз ўзаро маслаҳатлашиб, дўстингизга ўзи истагандек бир хоналик уй беришга қарор қилдик. Бу хабарни унга етказиб қўйсангиз, -деди у.
Шаҳар маъмурияти ходимасининг бу сўзларидан кейин қалбимда тўпланиб қолган ғаму андуҳлар ўз- ўзидан йўқолиб кетгандек бўлди. Худди қоп – қора булутлар тўсиб олган осмон дабдурустдан пайдо бўлган қуёш нурларидан ёришиб кетгандек эди.
Э, ҳақиқат бор экан-ку! Мана буни Европа деса бўлади! Мен хато ўйлаган эканман…
Ниҳоят ҳаммаси жойига тушадиган бўлди. Хатолар тўғриланди. Ходиманинг бир оғиз илиқ сўзлари боис кўнглимда уюлиб ётган муз тоғлари аста- секин сувга айланиб, кўзларимдан эриб тушар, узоқ йиллик муҳожирлик сабаб толиққан руҳим енгил бўлиб қолганини ҳис қила бошлаган эдим.
Орадан ойлар ўтди. Азиз ака бир хоналик уй олиб, чилангар бўлгани боис ўз соҳаси бўйича иш ҳам топиб, ўзини эплаб кетди. Лекин ўша кунги воқеа узоқ вақт хаёлимдан нари кетмай юрди.
Бир куни шаҳримиздаги озиқ -овқатлар дўконидан шошилиб чиқаётиб, тасодифан бир аёлга урилиб кетиб, кечирим сўрадим. Беихтиёр кўзларимиз тўқнашди. Ажабо, менга жуда ҳам таниш сиймо эди у.
-Сиз билан қаердадир кўришганмизми? -деб сўрадим ундан.
-Ҳа, уй-жой бошқармасида мен билан жанжаллашиб чиқиб кетган эдингиз. Шу ҳол эсимда қолган, -деди у кулиб.
У Анетта эди. Энди олдингидек совуққонлик йўқ. Кўзлари кулиб боқарди. Мен бўлиб ўтган воқеа учун ундан яна бир марта кечирим сўраш мажбуриятида қолгандим.
-Ўша кунги воқеа учун мени маъзур тутинг. Негадир қизиққонлик қилдим. Аслида бу каби ҳодисалар мени ҳаётимда камдан – кам содир бўлади. Ўшанда ўзимни тута олмай қолибман…
Анетта мени узрхоҳлигимни қабул қилиб, муғомбирона кулиб қўйди.
-Биласизми, биз янги келган муҳожирларни атайин шундай қийин вазиятга солиб, синовдан ўтказамиз. Улар амалдаги тартиб, қоидаларни яхши ўрганиб олишлари учун бу жуда зарур. Ўшанда сизлар синовдан ўтган эдинглар…” деди у.
Швециядаги расмий идоранинг масъул ходими худди ўз рақиби устидан ғалаба қозонган кишидек мағрур қараб турарди.
Бу ҳақда ўйлаб кўрмаган эканман. Шундай бўлишини туш кўрибманми…
Демак, ўшанда биз синовдан ўтганмиз. Беҳудага улар билан талашиб – тортишган эканман-да.
Мен эсам “адвокат топиб, судлашамиз”, деганим учун улар ён босишга мажбур бўлишди, деб ўйлаб юрган эдим. Ёки ўз ҳақ- ҳуқуқимизни талаб қилганимиз учун улар иккиланиб қолишганмиди?! Ўша пайтда уларга индамай кетганимизда нима бўларди? “Сукут- розилик аломати” деб билганларини қилишмасмиди?
Қайдам, ким билади…
Анетта билан самимий хайр- хушлашар эканман, шулар ҳақида ўйладим.
Ҳаёт эса давом этмоқда.
Э, Худойим, бу бегона юртларда яна қандай синову имтиҳонларга дучор бўламиз?
Олдинда бизни нималар кутмоқда?…
Швеция, 2013 йил, 11 апрель.
ХУДОДАН УЗОҚЛАРДА
”Бу мактубни ҳаётимнинг сўнгги кунларини яшаётган бир вақтда, сўнгги васият ёки пушаймонлик ҳислари, хатоларга иқрорлик оҳанглари билан, қайғу ва ҳасратларимдан бироз бўлсада фориғ бўлиш мақсадида битмоқдаман. Биламан, сен ёзганларимни ўқий бошлаганингда, мен бу дунёдан ўтган бўламан. Балки, сен ҳам мен каби айрилиқ ўтида ёниб, умр ўтказгандирсан.
Балки, ёшликнинг у гўзал онларида сени бутун қалби билан севган, ардоқлаган, бироқ қадрингга етмаган бир йигит ҳақидаги хотиралар хаёлингнинг бир четида сақланиб қолгандир. Унутгандирсан, ёки унутмасдан яшаш қандай мусибат эканлигини ҳис қилиб, умр ўтказгандирсан.
Бироқ энди кеч… Ҳижрону мусибатлар билан ўтган дамларни ҳеч ким қайтариб бера олмайди. Кўзларим мангуга юмилгач, балки сену менга нотаниш руҳий дунёга кўчиб ўтарман. Балки, биз тасаввур қилган охират, нариги дунё деган нарсалар йўқдир. Балки, жисмим тупроққа кўмилгач, қайта кўз очмасман. Кимдир эслаб йиғлаши учун ортимдан бир уюм тупроқ ортилган қабр қолар ва у ҳам йиллар ўтгач, нураб битар. Мени ҳеч ким эсламас. Унутилган бир одамга айланарман.
Йўқ, мен у қадар бечора эмасман. “Ҳаётимни яшаб ўтсам, ҳамма нарсадан ажралиб қоламан”, деган фикр аслида ёлғон. Чунки, инсон яшар экан, нимагадир эга бўлади. Вафот этса унга ҳеч нарса керак эмас. Демак, нимагадир эга бўлиш ёки кимдандир айрилиш деган қарашлар марҳум учун бегона. Муҳаббатнинг давоми – айрилиқ бўлгани каби, ҳаётнинг давоми – ўлимдир. Ўлим , бу – абадийлик, сўнгсизлик… Ўлим, бу – барча инсонлар орзиқиб кутадиган сукунат, фароғат ойидир…
Булар ҳаётимнинг сўнгги дақиқаларида ҳаёлимга келган фикрлар эмас. Ўтган умрим давомида айрилиқ билан яшадим. Ҳижрон азоблари умрим мазмунига айланди. Айрилиқ билан ўтган кунларим, сен билан бирга кечган ўша масъум чоғлардан сира қолишмасди. Севсанг – қоронғу қалбинг ёришиб кетади, қушдай енгил тортасан, англаб бўлмас, тушунарсиз бахтиёрлик чўлғаб олади, ишқдан жудо бўлсанг, айрилсанг, ундан -да олий ва азиз бўлган чексиз бахту- саодатга эга бўласан.
Ҳа, шундай… Умрида бир марта ишқ дардига дучор бўлган одам, бу туйғуни нақадар муқаддаслигини англаб етади. Энг муҳими – кимнидир севиш… Севгисиз ўтган кунларинг – нурсиз зулматга айланади. Қоронғу умрингни ёритиб турадиган меҳрли хилқат ҳам аслида шу. Ҳаёт- севги, муҳаббат туфайли мавжуд, йўқса, ишқсиз кечган кунларнинг мазмунсиз бир кўланкадан асло фарқи йўқ.
…Биз атиги бир марта учрашганмиз. Ҳаётимиз давомида бундан кейин асло йўлларимиз туташмади. Лекин… ўша мунис чеҳранг, кулиб турган кўзларинг ҳеч қачон кўз ўнгимдан нари кетмайди. Эсингда борми, адабиёт бўйича вилоятлараро ўтказилган ўқувчи ёшлар йиғини… Бир ҳафта давомида бирга бўлдик. Сени қўнғироқдай овозинг маҳзун туйғуларга тўла сатрларни кўнгилларимизга сочганда, ҳайратдан донг қотиб қолардим. Кейин бу туйғулар бизни ўзаро бирлаштирди. Сени севиб қолгандим… Сен ҳам… Бир дақиқа бўлсин мендан узоқлашишни истамасдинг. Бу нима эди? Биринчи муҳаббатми?
Йиғин тугаб, автобусда шаҳар марказигача бирга бордик. Сен қўлларимни маҳкам ушлаб олгандинг. Бармоқларинг тафти юрагимни куйдирарди. Ҳадемай ажрашамиз. Худди энди ҳеч қачон учрашолмаслигимизни сезиб тургандай эдинг… Кўзларинг … илтижо қиларди… Мен ҳам иккимизни ажратмасликни Худодан ялиниб сўрардим…
Лекин… биз икки йўлга қараб кетдик. Сен туғилиб ўсган қишлоғингга, ота- онанг бағрига, мен эса шаҳарга – ўқишга… Бу тасодифмиди? Нега учрашдиг-у, яна ажрашдик!?. Кейин эса сени ҳеч қачон излаб тополмадим.
Ўшандан кейин юракни тилка- пора қилиб юборадиган ҳижрон онлари бошланди. Кундузлари хаёлинг билан яшардим. Тунда эса тушларимда сени кўрардим. Қўнғироқдек овозинг, илтижо билан боқиб турган кўзларинг ва қайноқ бармоқларинг…
Орадан бир йил ўтгач, олийгоҳнинг адабиёт бўлимига ўқишга кирганингни эшитдим. Излаб бориб, тополмай келдим. Сени шу ерда дейишди, лекин йўқ эдинг. Талабалар орасидан кўзларингни изладим. Кимдир кузатиб тургандай эди. Сени ўттиздан ошиқ йигит- қизлар ичида борлигингни юрак – юракдан ҳис қилдим. Лекин … сен йўқ эдинг…
Кейин ҳам қайта – қайта урунишларим натижасиз кетди. Ҳар куни тўлқинланиб ёзган хатларим жавобсиз эди. Кейинчалик олийгоҳни битириб, турмушга чиққанингни эшитдим. Сен билан бир курсда ўқиган дугонанг бу ҳақда кимгадир айтган экан. Сени қишлоқдош бир йигитга турмушга беришибди.
Кейин эса… ҳаётингга аралашишни истамадим. Шусиз ҳам ташвишларинг ошиб ётгандир, дедим. Ўзинг билан тинчиб кетган бўлсанг етарли… Шунинг ўзи қалбимга ҳаловат бахш этарди. ”Менга ўша севгимиздан қолган хотиралар етарли”, дедим…
Тасаввур қил, агар биз турмуш қурганимизда, бу қадар бахтли бўлолмасдик. Сен ҳам бу ҳаётда инсон каби яшашинг керак. Ўз орзу- умидларинг, заминий истакларинг бор. Агар ҳар куни озиқ – овқат, тўкин – сочин яшаш илинжида елиб – югурсак, тирикчилик залворлари елкамизни букиб, ўз – ўзимизни унутиш даражасига етсак, бундан севгимиз қаттиқ зарар кўрарди. У ҳолда биз бошқа одамларга ўхшаб қолардик. ”Ҳамма одамлар каби тинчгина кун ўтказиш – энг катта фожеадир”, деб ўйлардим.
Ҳаммасига кўникдим… Сени ҳижронингда умримни ўтказиш йўлини танладим. Бу бир томондан кўнгилга битмас – туганмас қайғу соларди. Қайғу ва изтироблар эса инсоннинг кўнгил кўзларини очиши, унинг ўзига нисбатан ўзгача назар билан қарашга ўргатиши тасаввурга сиғмайдиган бир ҳолат эди.
Биласанми, сени севган пайтларимда ўзимни қандайдир илоҳий дунёга кириб қолгандек ҳис қила бошлагандим. Кейин… айрилиқ онлари бошлангач, у дунёдан ташқарида эканлигимни сезиб қолдим. Севги инсон қалбини тозалаб, илоҳий дунёга йўл очадиган нурли туйғу эди. Йўқ, севги, бу – Худонинг ўзи эди. Севсанг – Худога дўст тутинасан, муҳаббатдан айро тушсанг – Худодан узоқлашасан. Мен эса сендан айрилдиму, умр бўйи Худодан узоқларда яшадим… Мана, энди қайтмоқдаман. Бироқ қайга? Яна ранжу мусибатларга тўла сенсизлик дунёсигами? ”.
…Мактуб шу ерга етганда тўхтаб қолган. Бу хатни менга Кимдир почта орқали юборган, анча вақтдирки, ғаладонимда ётган эди. Энди у ўз эгасини топишига ишончим комил…
Швеция, 2017 йил, февраль.
Bu voqeaning shu qadar keskin tus olishiga o‘zim sababchi bo‘ldim. Yevropadagi o‘zbeklar duch kelgan oddiy uy mojarosi… Buni katta muammo qilib ko‘tarib yurishning keragi ham yo‘q edi aslida. Lekin vaziyat jiddiylashgan, buning ustiga bu ziddiyatning ishtirokchisiga aylanib qolgandim. Qolaversa, inson haqlari qo‘pol tarzda buzilayotganini his qilib turardim…
Yusuf Rasul
UCH HIKOYA
Yusuf Rasul 1971 yilda Tojikistonning Panjikent tumanidagi So‘jina qishlog‘ida tug‘ilgan. 1993 yilda ToshDU jurnalistika fakultetini tamomlagan. 1997 yilda Toshkentdagi G‘afur G‘ulom nashriyotida “Ko‘ngildagi masofa” she’rlar to‘plami nashr qilingan. Ayni paytda Shvetsiyada yashaydi. Xorijdagi o‘zbeklar orasida ancha tanilib qolgan www.yangidunyo.com internet nashri asoschisi va muharriri.
BЕGONA
1.
«Sen bir kun kelib shu ayolning quliga aylanishingni hech tasavvur qilmagan eding. Biroq, qanchalik urinma unga ustun bo‘lish qulingdan kelmadi. Gulruy o‘z husnu latofati bilan emas, o‘z ojizligi bilan seni o‘ziga asir qilib olgandi.
Sen hech o‘ylab ko‘rmaganding deyish u qadar ishonarli chiqmaydi. Chunki, har kuni, ba’zan turmush tashvishlariga berilib axiyri holdan toygan bir alfozda o‘z-o‘zingga savol berarding-“Men shu ayolni sevamanmi?” deb. Lekin bunga qadar oradan kunlar, oylar, hatto yillar ham o‘tib ulgurar, aksar savollaring vaqt g‘ildiragi ostida ezg‘ilangan chumoli misol majruh bir ahvolda qolardi – bu savollarga javob yo‘q edi.
To‘g‘rirog‘i sen jur’at qilib o‘z savollaringga o‘zing javob bera olmasding.Savollar ichida bundan-da muhim, yodinga tushganda qalbing-u shuuringni alg‘ov dalg‘ov qilib yuboradigan boshqa so‘roqlar ham bor edi va ular boshqalariga o‘rin qoldirmasdi.
Sen Gulro‘yni go‘zalligi, xusnu latofati uchun emas, azbaroyi ojiz bir ayolligi uchun yaxshi ko‘rarding. Ayollar tabiatdan ojiz bir mavjudot ekanligi, hamisha ular uchun himoyachi, jilla qursa bir yo‘ldosh lozimligini bilganing holda undan ajralishni xayolingga ham keltira olmasding. Chunki, sen juda-juda rahmdil va muruvvatli inson deb sanarding o‘zingni.Biroq oradan yilar o‘tar ekan, bu rahmdillinging o‘zing uchun ko‘p xatoliklarga zamin yaratganligini anglab dahshatga tusha boshlarding. Har ne qilma sen o‘zing yaratgan bu muhitdan qochib qutila olmasding. Bu muhit ichida sen bor eding. Faqat sen…
Borgan sari vaqt imillab o‘tar ekan, sen bir narsani qattiq anglab borarding. “Bu muhit o‘zgarmas ekan. Bu muhitni o‘zgartirish mening qo‘limdan kelmaydi!”
2.
«O‘shanda zamharir kuz havosi atrofni tutib, olamni chuqur bir sokinlik o‘rab olgan edi. Daraxtlar bargi asta-sekin sarg‘ayib, uzilib tushar, ular umr parchalariga o‘xshab ko‘rinardi.
Sen uzilayotgan yaproqlarga qarab ko‘nglingda ham nimalardir uzilayotganini aniq –tiniq his qilarding. Uzilayotgan senga tushunarsiz bo‘lgan qandaydir hislar-tuyg‘ular edi.
Ko‘p o‘tmay bunday sokinlikka basma-bas atayin qilgandek yomg‘ir quyib yubordi. Huvillagan bir parcha osmondan shovullab tushayotgan yomg‘ir tomchilari xayolingga unutilgan kunlar xotirasini olib qaytayotgandek edi.
Yodingda bor…. O‘shanda ham kuz edi. Sen o‘pkang shamollab kasalxonaga tushib qolganingda deraza ortidagi xiyobonga nazar tashlagancha nuqul xayolga tolib o‘tirarding. Xayolingga esa qancha urunma faqat Gulruy kirib kelar, sira shubha-yu gumonlardan xalos bo‘la olmasding.
“Yetar shuncha uni qiynaganim, bechora qiynalib ketdi. Uning ham boshqa ayollarga o‘xshab o‘z orzulari bor. Uning ham yaxshi yashagisi, yaxshi kiyinib yurgisi keladi. Men esa loaqal turmush tashvishlaridan bechora Gulro‘yni xalos qila olmayapman-ku!” degan o‘ylar senga azob berardi.
Xiyobonda esa odam siyrak edi. Osmonni to‘ldirib qarg‘alar galasi uchib o‘tar ekan, ular qish yaqinlashganligidan bashorat qilishayotgandek yoqimsiz unda qag‘illashar, ularning saslari esa shundoq ham g‘amzada ko‘nglingga qorong‘ulik solardi.
Sariq yaproqlarni shatirlatib bosgancha uzun bo‘yli basavlat bir odam derazang oldidan shoshganicha o‘tib ketadi. Uning ortidan qarab qolar ekansan, ko‘zlaring daraxtlar panasidagi ikki oshiq-moshiqqa tushadi. Ular bir-birini xuddi yo‘qotib qo‘yadigandek mahkam quchoqlab olishgandi.
Ularga tikilib “Qaniydi shafqatsiz hayot so‘qmoqlarida bu bechoralar bir-birlarini yo‘qotib qo‘yishmasa edi! ” deya o‘ylarding. Shunda birdan xiyobonning uzun yo‘lagidan asta-sekin yurib kelayotgan Gulro‘yga nigohing qadaladi. Gulro‘y nimadandir norozidek yurib kelar, jimitdaygina vujudi og‘ir yuklardan zada bo‘lgandek egilgan alfozda edi. Unga qarab ko‘ngling o‘ksiydi. Bug‘zingga nimadir tiqilgandek bo‘ladi. U seni holingdan xabar olmoq uchun bugun ishdan ertaroq chiqqan ko‘rinardi. Qo‘lidagi to‘rxaltasida nimadir solib olgan. “Ehtimol non yoki meva –chevalar olib kelayotgandir” , deb o‘ylaysan.
“Bechora, bir oyda oladigan moyanasi ishga qatnash uchun yo‘l puliga yetmaydi. U esa tushlik uchun saqlab qo‘ygan pullariga ham sen uchun narsa oladi. Sen esa unga yordam berish, og‘irini yengil qilish o‘rniga kasal bo‘lib yotib olgansan. Shu ham insofdanmi? ”
“Baribir bu kunlarning intihosi bordir. Qachongacha men uni qiynayman? Qachon tugaydi bu kunlar?” Bu savollarga dabdurustdan javob topish mushkul edi.
Keyingi kunlarda sen kasalxonada davolanar ekansan, nimadandir shubhalana boshlaganding. Gulruy nimagadir o‘zini g‘alati tutar, qandaydir og‘ir o‘ylarga botib yurardi.
“U nimadandir norozi. Balki sen bilan kechgan kunlarini sarhisob qilayotgandir? Balki uning hayotiga qandaydir bir odam suqulib kirib olmadimikin?”
Biroq bu savollar qanchalik og‘ir bo‘lmasin sen ularni ichingga yutding. Gulro‘y ishdan charchab kelayotganini aytarkan, ishxonalarida bo‘layotgan o‘zgarishlar to‘g‘risida gapirdi. Gulro‘y oddiy muharrirlikdan bo‘lim boshlig‘i lavozimiga ko‘tarilibdi.
“Bundan keyin o‘zbek xalq og‘zaki ijodi haqida turkum eshittirishlar tayyorlamoqchiman.Maqsadim shu paytgacha e’tibordan chetda qolib kelayotgan og‘zaki ijodimizning paydo bo‘lish tarixini qaytadan o‘rganish”dedi u.
Gulro‘yning ko‘zlari juda ham chiroyli edi. Ularga tikilar ekansan faqat bir narsani o‘ylarding: “Undan ajralib qolmasmikanman?”
Biroq qancha o‘ylama sen bir narsani aniq bilarding: Borgan sari tobora Gulro‘ydan uzoqlashib borayotganding. Sababini esa hech tushuna olmasding. Ko‘nglingni qandaydir mavhum o‘ylar egallab olgan – beqaror bir alfozda eding.
Balki bular zerikishdan paydo bo‘lgan tuyg‘ulardir? Balki keyingi paytlarda kasalligim tufayli o‘zimni shunday ojiz, tushkun his qilayotgandirman?» degan xayollarga borarding.
Biroq qancha urinma bularning sababini hech tushuna olmasding».
3.
“Bir kun kelib sen o‘ylagan, orzu qilgan narsalar sarobga aylansa, ko‘ngling osmon yanglig‘ bo‘m-bo‘sh bo‘lib qolsa, baribir hamma narsaga ko‘nikkan odamdek jimgina yashayverarding. Biroq sen orzu fuqarosi emassan. Qalbingda biror narsaga erishish, yoki nimadandir voz kechish orzusi yo‘q. Sen orzusiz, bunday qarasa maqsadsiz bir odamga o‘xshaysan. Shu paytgacha biror ayolni chin ko‘ngildan sevmaganing, seva olmasligingni faqat o‘zing bilasan.Bir gal Gulro‘yga ham buni ochiq-oydin aytganding.U senga ko‘ngli iyibmi, «Meni sevasizmi?” deya so‘raganida , shartta to‘g‘risini aytib qo‘ya qolding. “Rostini aytsam, men sizni chin ko‘ngildan sevmaganman. Nimagadir odam bolasini seva olmayman.Sababini esa so‘ramang, baribir buni o‘zim ham bilmayman”.
Gulro‘y buni kutganmidi yoki yo‘qmi, bunisi senga qorong‘u. Biroq u shundan keyin taqdirga tan bergan odamdek xomush bo‘lib qolgandi.
Ayol kishi kimdir o‘zini sevishini xohlarmikan? Uning o‘zi ham birovni chin dildan seva oladimi? Afsuski ayollarning , jumladan Gulro‘yning ichiga kirib chiqmaganing bois buni yaxshi bilmaysan. Shunga qaramay Gulro‘y sen uchun anglab bo‘lmas sirli bir jumboqdek. Uning qalbida nimalar borligi, xayolida qanday tuyg‘ular yashayotgani ham senga tanish emas.
Bunday ahvolda kun o‘tkarish sen uchun oson emasligini yaxshi bilasan. Shunga qaramay yashayverasan. Boshqa ilojing ham yo‘q».
4.
Oradan qancha yilar o‘tganiga qaramay U qandaydir tushunarsiz odamning Gulro‘y ismli ayolni eslab yozgan bu hikoyasini qayta-qayta o‘qiydi. Biroq bu hikoyani yozgan odam kim ekanligi, nima maqsadda bunday g‘amgin jumlalarni bitib, xiyobondagi o‘rindiqqa tashlab ketganligini tushuna olmaydi.
“Balki shu yo‘l bilan o‘z dardlarini biroz yengillatmoqchi bo‘lgandir?! Yoki o‘z siridan kimnidir ogoh etish maqsadi uni shunday qilishga majbur etdimikin?”
U o‘z xayollari bilan andarmon bo‘lar ekan, yana notanish odam hikoyasini qo‘lga oladi. Biroq bu hikoyada tasvirlangan tabiat manzarasi, yoki hikoya qahramonlari Uning o‘ziga tanishdek tuyula boshlaydi.
“Bu manzarani qayerdadir ko‘rgandayman?! Hikoyani yozgan odam ham menga tanishga uxshab ko‘rinayapti?”
U ko‘ngliga yaqin olgan yozuvlarni qayta o‘qir ekan,xayollari-yu xotiralarini bir joyga jamlab, chuqur o‘yga toladi. Biroq na tabiat manzarasi va na hikoya qahramoni kimligi Uning yodiga tushmaydi.
“Bu odam kim bo‘ldi ekan? Nimgadir unga qiziqishim orta boshladi. Menga tanish va juda ham yaqin odam bu!”
Oradan kunlar sudralib o‘tar ekan, U bir narsani tushuna olmayotganligini anglaydi. Bu-“hikoya qahramoni haqiqatdan hayotda bor nusxami?” degan savol edi.
Ba’zan hikoya qaxramonining hayotda bor yo‘qligiga shubha qilsa, yana o‘sha notanish odamning Gulruy degan ayolga yozgan maktublarini qo‘lga olardi. Hikoyalar esa Unga juda-juda tanish manzarani eslatardi. “Bularning barchasi axir mening hayotimda, ko‘z o‘ngimda sodir bo‘lgan voqealar-ku?” degan o‘ylar xayoliga kelsa, U o‘z-o‘zidan ham shubhalana boshlar, shubha gumonlardan qanday xalos bo‘lishni bilmay boshi qotardi…
Shunday paytlarda yana notanish odam hikoyalari Uning joniga aro kirardi.
5.
«Gulro‘y, bilasanmi, men hech qachon bu bosh og‘rig‘idan xalos bo‘la olmayapman. Yursam ko‘z o‘ngimda shu manzara namoyon bo‘ladi, yotsam tushlarimda yana o‘sha – kimdir nuqul mendan yordam so‘raydi, iltijo qiladi, yalinib yolvoradi.
Kecha g‘alati tush ko‘ribman.Qarasam yalanglikda yana o‘sha kimdir…(Men uning kimligini bilmayman). Unga yaqinlashar ekanman, Kimdir “piq”qilab, “hiq”qillabmi yig‘lab o‘tiradi.
“Ha, birodar nega, nimadan buncha xomushsiz?” deb so‘radim bu odamdan.
U menga g‘oyatda mahzun ko‘zlarini tikib iltijo bilan “Iltimos, meni qutqaring!” dedi.
“Sizni? Nimadan?”-deya oldim xalos.
Uning ko‘zlarida dunyoning barcha ko‘rguliklari, azobu uqubatlari, bor, jamiki dahshatlari qotib qolgandek edi.
“Iltimos, meni o‘zimdan, o‘zimni o‘zimdan qutqaring! Bu holda uzoq yashay olmayman. Qiynalib ketdim”.
U gapirar ekan, osmonni qoplagan qora bulutlar birdan yomg‘ir tomchilariga aylanib yerga tusha boshladi.Kimdir esa yomg‘ir tomchilarini xuddi birinchi bor ko‘rib turgandek, atrofga hayratomuz nazar tashladi.
Shunda u yomg‘ir tomchilayotgan osmonga qarata “Meni qutqaringlar! Qutqaringlar!!” degancha baland ovozda baqira boshladi.
“Qutqaringlar!” degan so‘zni eshitib yaqin atrofdagi odamlar bu yerga to‘planishdi.
“Meni qutqaringlar, meni o‘zimni o‘zimdan qutqaringlar” derdi bechora Kimdir “hiq”qillab.
Odamlar baqirayotgan bu kimsaning maqsadini yo-da gapirgan so‘zlari mohiyatini anglay olmay, yelka qisib tarqalishdi.
Yana xuddi atayin qilgandek ivib qolgan Kimdirning ustidan chelaklab yomg‘ir quydi…
…Bu bir tush edi. Shunday deymanu keyingi paytlarda tushni o‘ngidan farqlay olmaganim yodimga tushadi. “Balki Kimdir bilan bo‘lib o‘tgan voqea tushimda emas, hayotda, ko‘z o‘ngimda sodir bo‘lgandir?”,degan fikrlar o‘tadi shuurimdan».
6.
“Gulro‘y, men xuddi uzoq yo‘l yurib charchagan odamdekman. Biroq shunday deymanu, men yurgan yo‘larning boshi yoki adog‘i bormikan, deb o‘yga tolaman.Shunday paytlarda sening so‘zlaring xayolimda jonlanadi: «Bu yo‘llarning boshi yo-da oxiri yo‘q. Vaqt misoli hech kim bu yo‘llar qaydan boshlanib qayda tugashini bilmaydi”.
Beshafqat Vaqt boshimiz uzra o‘zining uzun qamchisini o‘ynatib, xuddi ikkimizni masxara qilayotgandek tuyuladi menga.Shu vaqt ichidan men seni topganman, Gulro‘y! Shu vaqt ichida men sendan juda ham olislab ketdim. Sen avvallari bunday emasding. Men sendan yoningda turib bulsa-da uzoqlashib borar ekanman, bir kun buni osongina tushuntirib berganding. “Sizni mendan uzoqlashtirayotgan narsa shaxsiy kamchiliklaringiz.Xudbinligu zehniyatingiz bilan bog‘liq qusurlaringiz. Siz aslida mendan emas o‘zingizdan, o‘z asliyatingizdan uzoqlashib borayotgan odamsiz” deganding o‘shanda, Gulruy».
7.
U bunday mahzun satrlarni o‘qir ekan, dabdurustdan “hikoya qaxramoni yoki muallif ruhiy kasal emasmikan?” degan xayolga bordi. Uning nazarida so‘zlovchi o‘z-o‘zini unutgan , dunyoning jamiki adolatsizliklarini bilib undan voz kechgan odamga o‘xshab ko‘rinardi.
Biroq Gulro‘y… Bu go‘zal ayol nega o‘z turmush o‘rtog‘ini g‘alati, odamovi yoki telba bo‘lib qolganini bilgan holda uni tashlab ketmaydi?
Bir qarashda Gulro‘y bu odamni sevmaydiganga o‘xshaydi. Negadir shunga qaramay undan ajralolmaydi. Go‘yoki hammasi shunday bo‘lishi kerakdek…
U o‘ylab o‘ylarining adog‘iga yeta olmasdi.
Hikoyadagi voqealar atayin kimnidir chalg‘itish maqsadida o‘ylab chiqarilgandek tuyulardi. Yoki telba-teskari xayollar asosida qurilgan bir muhabbat qissasiga o‘xshardi u.
2002 yil, Chirchiq.
SINOV
Bir muhojir kundaligi
Bu voqeaning shu qadar keskin tus olishiga o‘zim sababchi bo‘ldim. Yevropadagi o‘zbeklar duch kelgan oddiy uy mojarosi… Buni katta muammo qilib ko‘tarib yurishning keragi ham yo‘q edi aslida. Lekin vaziyat jiddiylashgan, buning ustiga bu ziddiyatning ishtirokchisiga aylanib qolgandim. Qolaversa, inson haqlari qo‘pol tarzda buzilayotganini his qilib turardim.
Kamina tarjimonman. Shvetsiyaga kelgan o‘zbeklarga yordam beraman. Mayda – chuyda qonun- qoidalarni yangi kelganlarga tushintiraman. Bu ish ko‘nglimga yaqin. Eng muhimi – yurtdoshlarimga yordamim tegayapti-ku, deb o‘z ishimdan qoniqish hosil qilgan bo‘laman. Vaqtimni bekorga o‘tmayotgani meni quvontiradi.
O‘sha kuni ham Toshkentdan kelgan Aziz akaga yordam bermoqchi bo‘ldim. U o‘zi yashab turgan uch xonalik uyni oylik to‘lovlari qimmatligi bois bir xonalikka almashtirmoqchi ekan. Ikki hafta burun shahar ma’muriyatiga qarashli uy- joylar boshqarmasiga borib, shved tilida o‘zi bilgancha fikrlarini tushintirishga harakat qilibdi. Boshqarmadagilar uni fikrini to‘g‘ri tushinmay, bu yerdan ko‘chib ketmoqchi ekan, degan xulosaga kelishib, uyini topshirish haqidagi arizaga imzo qo‘ydirib olishibdi. Hamma mojaro shu birgina imzo ortidan kelib chiqqan edi.
Yevropada katta shaharlarda aniq ish joyingiz, yetarli oylik daromadingiz bo‘lmasa ijaraga uy olishning imkoni yo‘q. Ayniqsa, biz yashab turgan Stokholmda bu masala juda katta muammoga aylangan. Muhojirlarni qo‘ya turing, Shvetsiyaning tub joy aholisi ham yillab navbatda turadi.
Aziz akaning aytishicha, bundan ikki yil oldin u turmush o‘rtog‘i va o‘g‘ilchasi bilan Shvetsiyaga ko‘chib kelgan ekan. Oradan bir yil o‘tgach, xotini onasi kasal bo‘lib qolgani sababli o‘g‘ilchasini olib Toshkentga qaytib ketibdi. Uy-joy boshqarmasi tomonidan berilgan uch xonalik uy uchun oyiga ming dollarga yaqin ijara haqi to‘lash unga malol kela boshlabdi. Shu bois uch xonalikni arzonroq bir xonalik uyga almashtirib berishlarini so‘rab borgan va o‘zi tushunmagan bir parcha qog‘ozga imzo chekib baloga qolgan edi. Boshqarmadagilarga farqi yo‘q. “Otang kim, onang kim “ deb so‘rab o‘tirishmaydi. O‘zaro kelishuv, ya’ni shartnomaga ko‘ra ish qilishadi. Hech kim, hatto Shvetsiya qiroli ham shartnomani buzishga aralasha olmaydi. Agar aralashgudek bo‘lsa sharmandasi chiqadi. Bu haqda matbuot shov-shuv qiladi. Radio – televideniyalarda qizg‘in muhokama boshlanadi. Xuddi bundan ikki yil muqaddam Shvetsiya Qiroli avtomobillarni vaqtincha to‘xtash joyi uchun pul to‘lashni unutganda bo‘lgan voqea kabi. O‘shanda qirol jamoatchilikdan kechirim so‘rab bazur qutilgandi.
…Xullas o‘sha kuni Aziz akaning iltimosiga ko‘ra birgalashib boshqarmaga bordik. Anetta degan xodimaga u nima desa tarjima qilib turdim. Qarasam vaziyat jiddiy. Aziz aka o‘zi tushinmagan holda uch oy ichida uyni bo‘shatib qo‘yish haqidagi shartnomadagi maxsus band ostiga imzo chekib yuborgan ekan. Boshqa uyga ko‘chadiganlarning odatda aniq yashash joyi bo‘ladi. Bu joy manzilini ko‘rsatib o‘tish lozim. Lekin xizmatchilar bu narsaga e’tibor berib o‘tirishmagan. Arizani olishganda, tezlikda navbatda turgan odamlarga bu uy bo‘shaganligi haqida ma’lumot yuborishgan. Hatto bir kishi uyni kelib ko‘rib, ijaraga olishga rozilik bildiribdi. Ana xolos. Endi nima bo‘ladi? Bir o‘zbek ko‘chada qolib ketayapti-ku! Yoz fasli bo‘lsa ham mayli edi, biror tanishinikida jon saqlasa. Qahraton qish, sovuq jondan o‘tib ketadi. Kimnikiga ham sig‘ardi shu paytda?
-Sizga nima bo‘lgan o‘zi!? Yashash uchun oldin biror joy topmasdan uyni topshirish haqida ariza yozibsiz-ku! Endi nima qilasiz? -deyman yurtdoshimga achinib.
-Men qayerdan bilay… “Bir xonalik uyga almashtirib beringlar”, deb kelgan edim. Qandaydir qog‘ozga qo‘l qo‘ydirib olishdi. Bizda- Toshkentda bunaqa emas-ku!” -deydi u shumshayib.
-Eh, aka, bu yer Toshkent emas. Bu yerda faqat qog‘ozga qarashadi. Tanish- bilishchilik, poraxo‘rlik o‘tmaydi. O‘z haq-huquqlaringizni bilmasangiz mana shunaqa chuv tushib yuraverasiz,- dedim biroz qizishib.
Xodima bizni o‘zbekcha gap- so‘zimizga tushunmasdan, hayrat bilan qarab turardi. Garchand meni vazifam tarjima qilish bo‘lsa ham, bu voqeaga befarq qarab tura olmadim.
-Anetta, men bu kishining hamyurti bo‘laman. O‘zi tushunmasdan, bilmasdan ijarada turgan uyini topshirish uchun ariza yozib qo‘yibdi. Boshqa turadigan joyi yo‘q. Shu uyni uni o‘ziga qoldirsa bo‘lmaydimi?
Xodima bu savolimga javob berar ekan, uyni olish uchun bir kishi rozilik bildirgani bois, bu masalada bizga yordam bera olmasligini ma’lum qildi.
-Mana, uning o‘zi uch oydan keyin uyni bo‘shatish haqidagi arizaga imzo chekkan. Men hech narsa qila olmayman, -dedi u.
Boshqarma xizmatchisining sovuqqonligi to‘g‘risi jahlimni chiqardi. Bir muhojir kishi Shvetsiyadagi qonun- qoidalarni yaxshi tushunmasdan bir parcha qog‘ozga imzo chekib yuborgan ekan, shunga ham ota go‘ri qozixonami? Nahotki shu imzoni deb bir hamyurtimiz ko‘chada qolib ketsa! Endi unga uy olish muammo bo‘ladi-ku! Biror joyda ishlamasa qayerdan ham yashash joyi berishsin! Chunki, ijara uyni ishlaydigan, oylik daromadi bor kishilarga berishadi. Bundan tashqari, begona joy, begona muhit bo‘lsa!…
Bu savollar meni qattiq iztirobga sola boshlagan edi. Tabiatim shunaqa o‘zi. Haqsizlikka chiday olmayman. Nimagadir Shvetsiyaga kelgan dastlabki yillarda ko‘rgan- kechirgan kunlarim bot -bot yodimga tushadi. O‘sha paytda ish izlab bormagan joyim qolmagan edi. Oddiy ko‘cha supurishga yoki qor kurashga ham ishga olmasdan noz qilgan, til bilmasligimni ro‘kach qilib, ustimdan kulgan millatchi kimsalarning tirjayib turgan sovuq basharasini eslasam o‘zimni yomon his qilaman. “Qarshimda turgan xodima ham shulardan biri-da. U atayin muhojirlarga shunday qiyinchilik tug‘dirishga harakat qilmoqda! Aziz akaning shved tili va amaldagi qonunlarni yaxshi bilmasliklaridan foydalanib, o‘z maqsadlarini amalga oshirmoqchi u”, degan fikrga bora boshladim..
Aslida rasmiy xizmatchilarga bunaqa muamala qilmaslik kerak edi. Biz ularning nazdida oddiy muhojirmiz. Tag‘inam ular haq. Aziz aka uydan chiqaman deb sabil qolgur qog‘ozga imzo chekib bergan. Hammasiga o‘zi aybdor…
Yo‘q, jahl chiqqanda aql ketadi, deganlari shu bo‘lsa kerakda. Xuddi uyidan haydab chiqarilayotgan odamday xodimga qarab baqira boshlasam deng…
-Menga qarang, siz bu odamni til bilmasligidan, adashib qog‘ozga imzo chekib yuborganidan foydalanib millatchilik qilayapsiz. To‘g‘ri, u bilmasdan shartnomaga imzo chekib yuborgan. Lekin bu xatoni to‘g‘rilash mumkin-ku! Bu odamni mahalliy qonunlarni yaxshi bilmasligini, muhojirligini hisobga olmaysizlarmi?
Baland ovozda, qizishib gapira boshlaganim uchunmi, atrofdagilar bizga hayrat bilan, ba’zilari norozi bo‘lib qaray boshlashdi. Shvetsiyada bunaqa munosabatga kamdan- kam hollarda duch kelasiz. Boshqa mamlakatlardan kelgan muhojirlar oldiniga shunaqa, baqirib- chaqirib yurishadi. Keyinchalik suvga tushgan toshdek tinchlanib qolishadi. Ayni daqiqada kutilmagan holat edi bu…
Xodima meni gaplarimga e’tibor ham bermadi. Pinak buzmay, atrofdagilarga bir qarab oldida, “Boshqa ilojingiz ham yo‘q. Do‘stingiz ikki oy ichida uyini bo‘shatib qo‘yishi kerak. Bo‘shatmasa polis boradi” dedi.
Uni befarqligidan yana jahlim chiqdi. O‘jarlik bilan baribir bu uyni bo‘shatib qo‘ymasligimizni, albatta advokat topib, bu masalada sudlashishimiz mumkinligini, buning uchun bizda asos borligini aytdim.
U esa menga baribir, deganday yelka qisib qo‘ya qoldi.
Aziz aka bilan uy- joy boshqarmasini tark etishdan o‘zga choramiz yo‘q edi. Tashqariga chiqarkanmiz, negadir ko‘nglim xijil bo‘la boshladi. “Nima qilib qo‘ydim? Axir men birovlarni shaxsiy ishiga aralashishim kerak emasku. Bor- yo‘g‘i oddiy tarjimon bo‘lsam. Xudo ko‘rsatmasin, tarjimonlik huquqidan mahrum qilib qo‘yishsa nima qilaman?”
Bu kabi alamli savollar meni qattiq iztirobga solardi. Boshqa tomondan bir hamyurtimni himoya qilib, rasmiylar bilan janjallashib olganimga xursand ham edim. Shu bahonada yuragimda saqlab yurgan g‘uborlarni chiqarib yubordim. Meni quvontirgani, Aziz aka ham oz bo‘lsada o‘z haq- huquqlarini bilib oldi. Bundan keyin hech qachon o‘zi tushunmagan qog‘ozga imzo chekmaydi.
O‘sha kuni agar ijaraxonasidan chiqarib yuborishadigan bo‘lsa, hamyurtimni o‘z uyimga ko‘chirib kelishga, uy- joy topganicha menikida yashab yurishiga kelishib olib xayrlashdik. Oradan bir soatlar chamasi vaqt o‘tgach uy- joy boshqarmasidan menga telefon qilib qolishdi. Xodimaning avzoi buzuq edi.
-Bugun do‘stingizni uyi uchun boshqa odam bilan shartnoma qildik. Endi istasa -istamasa ikki oy ichida lash -lushlarini yig‘ishtirib, bu uydan chiqib ketishi kerak! -dedi u jahl bilan.
Men vaziyatni yumshatish uchun bugungi hodisa uchun undan kechirim so‘ragan bo‘ldim. Muhojirlarga ham oson tutmasliklarini, mahalliy qonunlarni tushunmasdan ko‘plab xatoliklarga yo‘l qo‘yishlari mumkinligini aytdim. Xodima esa ortiq gaplashib o‘tirishga vaqti yo‘qligini bildirib, tezda aloqani uzdi.
“Ajabo, odam ham shu qadar sabrsiz, o‘zgalarga toqatsiz bo‘ladimi? Ular chetdan kelganlarga doimo shunaqa past nazar bilan qarashlarini yurak- yurakdan sezib, his qilib yurardim. Bugun esa bunga o‘zim bevosita guvoh bo‘lib turibman-ku!” deb o‘ylardim.
To‘g‘rida, bular muhojirlarni til bilmaydi, madaniyati, urf -odatlari boshqa, bizga to‘g‘ri kelmaydi, deb ish berishmaydi. Ayniqsa, arab mamlakatlardan kelgan musulmonlarga nafrat bilan qarashadi. Millatchilik borgan sari kuchayib ketmoqda. Bunday sharoitda Yevropada uzoq yashab qolishga ko‘zing yetmaydi. Har lahza bir xavf boshingda qilich kabi osilib turadi. Nima qilmoq kerak?
O‘ylarimning nihoyasi yo‘q edi…
Turmush o‘rtog‘im maktabda ishlaydi. Boshlang‘ich sinflarga dars beradi. Uyga kelgach, unga bo‘lib o‘tgan voqeani aytganimda mendan ancha ranjidi.
“Sizga nima bo‘lgan o‘zi? Nega ular bilan tortishib yuribsiz? Toshkentda o‘n yil ijarama – ijara yurib, qiynalib yashaganimiz esingizdan chiqdimi? Hokimiyat o‘shanda ijara uy berish tugul ahvoling qanday, deb so‘ramagandiku! Bular esa hech qayerda ishlamasangiz ham sizga uy beradi, ish topganingizcha yashash uchun yetarli pul ajratishadi. Bolalarimizni har kuni maktabga avtobuslarda tekin olib – borib kelishadi. O‘qishlari va ovqatlanishiga bir tiyin ham pul olishmaydi. Hech narsa e’tibordan chetda emas. O‘zbekistonliklarga bu haqda gapirsangiz ishonishmaydi… ” dedi u.
Haqiqatdan xotinimning gapida jon bor edi. Yevropa, ayniqsa Shvetsiya muhojirlar uchun eng yaxshi joy deya e’tirof etilgan. Insonlarni qo‘yavering, hatto hayvonlarni ham ko‘chada qoldirishmaydi. Bizda esa odam bilan odamning ishi yo‘q. Bunaqa g‘amxo‘rliklarni yurtdoshlarimiz tushlarida ham ko‘rishmasa kerak.
Lekin men negadir vatanimni sog‘inib yashardim. Shvetsiyaning sovuq iqlimi jonimdan o‘tib ketgan. Nuqul, och qolsam ham, qiynalib yashasam ham, o‘z yurtim yaxshi degan fikrda yuraman. Shu bois bu yerdagi oddiy, kichkina muammo menga yomon ta’sir qiladi. Bular atayin muammoni kuchaytirayapti, ular muhojirlarni yomon ko‘rishadi, degan o‘y miyamda aylanaveradi.
Oradan ikki kun o‘tgach shahar ma’muriyatidan bir ayol qo‘ng‘iroq qilib qoldi. Uning fikrlari hayollarimni ostin -ustun qilib yuborgandi. .
-Hamyurtingiz Aziz Hamroyevning yashash joyi masalasida sizga izoh bermoqchi edim. U shoshilib ijarada turgan uyini topshirish haqida ariza yozib qo‘ygan ekan. Sizlar uy – joy boshqarmasida bo‘lib, xodimlar bilan bu haqda gaplashganingizni bizga aytishdi. Bu xatoni to‘g‘rilash masalasida biz o‘zaro maslahatlashib, do‘stingizga o‘zi istagandek bir xonalik uy berishga qaror qildik. Bu xabarni unga yetkazib qo‘ysangiz, -dedi u.
Shahar ma’muriyati xodimasining bu so‘zlaridan keyin qalbimda to‘planib qolgan g‘amu anduhlar o‘z- o‘zidan yo‘qolib ketgandek bo‘ldi. Xuddi qop – qora bulutlar to‘sib olgan osmon dabdurustdan paydo bo‘lgan quyosh nurlaridan yorishib ketgandek edi.
E, haqiqat bor ekan-ku! Mana buni Yevropa desa bo‘ladi! Men xato o‘ylagan ekanman…
Nihoyat hammasi joyiga tushadigan bo‘ldi. Xatolar to‘g‘rilandi. Xodimaning bir og‘iz iliq so‘zlari bois ko‘nglimda uyulib yotgan muz tog‘lari asta- sekin suvga aylanib, ko‘zlarimdan erib tushar, uzoq yillik muhojirlik sabab toliqqan ruhim yengil bo‘lib qolganini his qila boshlagan edim.
Oradan oylar o‘tdi. Aziz aka bir xonalik uy olib, chilangar bo‘lgani bois o‘z sohasi bo‘yicha ish ham topib, o‘zini eplab ketdi. Lekin o‘sha kungi voqea uzoq vaqt xayolimdan nari ketmay yurdi.
Bir kuni shahrimizdagi oziq -ovqatlar do‘konidan shoshilib chiqayotib, tasodifan bir ayolga urilib ketib, kechirim so‘radim. Beixtiyor ko‘zlarimiz to‘qnashdi. Ajabo, menga juda ham tanish siymo edi u.
-Siz bilan qayerdadir ko‘rishganmizmi? -deb so‘radim undan.
-Ha, uy-joy boshqarmasida men bilan janjallashib chiqib ketgan edingiz. Shu hol esimda qolgan, -dedi u kulib.
U Anetta edi. Endi oldingidek sovuqqonlik yo‘q. Ko‘zlari kulib boqardi. Men bo‘lib o‘tgan voqea uchun undan yana bir marta kechirim so‘rash majburiyatida qolgandim.
-O‘sha kungi voqea uchun meni ma’zur tuting. Negadir qiziqqonlik qildim. Aslida bu kabi hodisalar meni hayotimda kamdan – kam sodir bo‘ladi. O‘shanda o‘zimni tuta olmay qolibman…
Anetta meni uzrxohligimni qabul qilib, mug‘ombirona kulib qo‘ydi.
-Bilasizmi, biz yangi kelgan muhojirlarni atayin shunday qiyin vaziyatga solib, sinovdan o‘tkazamiz. Ular amaldagi tartib, qoidalarni yaxshi o‘rganib olishlari uchun bu juda zarur. O‘shanda sizlar sinovdan o‘tgan edinglar…” dedi u.
Shvetsiyadagi rasmiy idoraning mas’ul xodimi xuddi o‘z raqibi ustidan g‘alaba qozongan kishidek mag‘rur qarab turardi.
Bu haqda o‘ylab ko‘rmagan ekanman. Shunday bo‘lishini tush ko‘ribmanmi…
Demak, o‘shanda biz sinovdan o‘tganmiz. Behudaga ular bilan talashib – tortishgan ekanman-da.
Men esam “advokat topib, sudlashamiz”, deganim uchun ular yon bosishga majbur bo‘lishdi, deb o‘ylab yurgan edim. Yoki o‘z haq- huquqimizni talab qilganimiz uchun ular ikkilanib qolishganmidi?! O‘sha paytda ularga indamay ketganimizda nima bo‘lardi? “Sukut- rozilik alomati” deb bilganlarini qilishmasmidi?
Qaydam, kim biladi…
Anetta bilan samimiy xayr- xushlashar ekanman, shular haqida o‘yladim.
Hayot esa davom etmoqda.
E, Xudoyim, bu begona yurtlarda yana qanday sinovu imtihonlarga duchor bo‘lamiz?
Oldinda bizni nimalar kutmoqda?…
Shvetsiya, 2013 yil, 11 aprel.
XUDODAN UZOQLARDA
”Bu maktubni hayotimning so‘nggi kunlarini yashayotgan bir vaqtda, so‘nggi vasiyat yoki pushaymonlik hislari, xatolarga iqrorlik ohanglari bilan, qayg‘u va hasratlarimdan biroz bo‘lsada forig‘ bo‘lish maqsadida bitmoqdaman. Bilaman, sen yozganlarimni o‘qiy boshlaganingda, men bu dunyodan o‘tgan bo‘laman. Balki, sen ham men kabi ayriliq o‘tida yonib, umr o‘tkazgandirsan.
Balki, yoshlikning u go‘zal onlarida seni butun qalbi bilan sevgan, ardoqlagan, biroq qadringga yetmagan bir yigit haqidagi xotiralar xayolingning bir chetida saqlanib qolgandir. Unutgandirsan, yoki unutmasdan yashash qanday musibat ekanligini his qilib, umr o‘tkazgandirsan.
Biroq endi kech… Hijronu musibatlar bilan o‘tgan damlarni hech kim qaytarib bera olmaydi. Ko‘zlarim manguga yumilgach, balki senu menga notanish ruhiy dunyoga ko‘chib o‘tarman. Balki, biz tasavvur qilgan oxirat, narigi dunyo degan narsalar yo‘qdir. Balki, jismim tuproqqa ko‘milgach, qayta ko‘z ochmasman. Kimdir eslab yig‘lashi uchun ortimdan bir uyum tuproq ortilgan qabr qolar va u ham yillar o‘tgach, nurab bitar. Meni hech kim eslamas. Unutilgan bir odamga aylanarman.
Yo‘q, men u qadar bechora emasman. “Hayotimni yashab o‘tsam, hamma narsadan ajralib qolaman”, degan fikr aslida yolg‘on. Chunki, inson yashar ekan, nimagadir ega bo‘ladi. Vafot etsa unga hech narsa kerak emas. Demak, nimagadir ega bo‘lish yoki kimdandir ayrilish degan qarashlar marhum uchun begona. Muhabbatning davomi – ayriliq bo‘lgani kabi, hayotning davomi – o‘limdir. O‘lim , bu – abadiylik, so‘ngsizlik… O‘lim, bu – barcha insonlar orziqib kutadigan sukunat, farog‘at oyidir…
Bular hayotimning so‘nggi daqiqalarida hayolimga kelgan fikrlar emas. O‘tgan umrim davomida ayriliq bilan yashadim. Hijron azoblari umrim mazmuniga aylandi. Ayriliq bilan o‘tgan kunlarim, sen bilan birga kechgan o‘sha mas’um chog‘lardan sira qolishmasdi. Sevsang – qorong‘u qalbing yorishib ketadi, qushday yengil tortasan, anglab bo‘lmas, tushunarsiz baxtiyorlik cho‘lg‘ab oladi, ishqdan judo bo‘lsang, ayrilsang, undan -da oliy va aziz bo‘lgan cheksiz baxtu- saodatga ega bo‘lasan.
Ha, shunday… Umrida bir marta ishq dardiga duchor bo‘lgan odam, bu tuyg‘uni naqadar muqaddasligini anglab yetadi. Eng muhimi – kimnidir sevish… Sevgisiz o‘tgan kunlaring – nursiz zulmatga aylanadi. Qorong‘u umringni yoritib turadigan mehrli xilqat ham aslida shu. Hayot- sevgi, muhabbat tufayli mavjud, yo‘qsa, ishqsiz kechgan kunlarning mazmunsiz bir ko‘lankadan aslo farqi yo‘q.
…Biz atigi bir marta uchrashganmiz. Hayotimiz davomida bundan keyin aslo yo‘llarimiz tutashmadi. Lekin… o‘sha munis chehrang, kulib turgan ko‘zlaring hech qachon ko‘z o‘ngimdan nari ketmaydi. Esingda bormi, adabiyot bo‘yicha viloyatlararo o‘tkazilgan o‘quvchi yoshlar yig‘ini… Bir hafta davomida birga bo‘ldik. Seni qo‘ng‘iroqday ovozing mahzun tuyg‘ularga to‘la satrlarni ko‘ngillarimizga sochganda, hayratdan dong qotib qolardim. Keyin bu tuyg‘ular bizni o‘zaro birlashtirdi. Seni sevib qolgandim… Sen ham… Bir daqiqa bo‘lsin mendan uzoqlashishni istamasding. Bu nima edi? Birinchi muhabbatmi?
Yig‘in tugab, avtobusda shahar markazigacha birga bordik. Sen qo‘llarimni mahkam ushlab olganding. Barmoqlaring tafti yuragimni kuydirardi. Hademay ajrashamiz. Xuddi endi hech qachon uchrasholmasligimizni sezib turganday eding… Ko‘zlaring … iltijo qilardi… Men ham ikkimizni ajratmaslikni Xudodan yalinib so‘rardim…
Lekin… biz ikki yo‘lga qarab ketdik. Sen tug‘ilib o‘sgan qishlog‘ingga, ota- onang bag‘riga, men esa shaharga – o‘qishga… Bu tasodifmidi? Nega uchrashdig-u, yana ajrashdik!?. Keyin esa seni hech qachon izlab topolmadim.
O‘shandan keyin yurakni tilka- pora qilib yuboradigan hijron onlari boshlandi. Kunduzlari xayoling bilan yashardim. Tunda esa tushlarimda seni ko‘rardim. Qo‘ng‘iroqdek ovozing, iltijo bilan boqib turgan ko‘zlaring va qaynoq barmoqlaring…
Oradan bir yil o‘tgach, oliygohning adabiyot bo‘limiga o‘qishga kirganingni eshitdim. Izlab borib, topolmay keldim. Seni shu yerda deyishdi, lekin yo‘q eding. Talabalar orasidan ko‘zlaringni izladim. Kimdir kuzatib turganday edi. Seni o‘ttizdan oshiq yigit- qizlar ichida borligingni yurak – yurakdan his qildim. Lekin … sen yo‘q eding…
Keyin ham qayta – qayta urunishlarim natijasiz ketdi. Har kuni to‘lqinlanib yozgan xatlarim javobsiz edi. Keyinchalik oliygohni bitirib, turmushga chiqqaningni eshitdim. Sen bilan bir kursda o‘qigan dugonang bu haqda kimgadir aytgan ekan. Seni qishloqdosh bir yigitga turmushga berishibdi.
Keyin esa… hayotingga aralashishni istamadim. Shusiz ham tashvishlaring oshib yotgandir, dedim. O‘zing bilan tinchib ketgan bo‘lsang yetarli… Shuning o‘zi qalbimga halovat baxsh etardi. ”Menga o‘sha sevgimizdan qolgan xotiralar yetarli”, dedim…
Tasavvur qil, agar biz turmush qurganimizda, bu qadar baxtli bo‘lolmasdik. Sen ham bu hayotda inson kabi yashashing kerak. O‘z orzu- umidlaring, zaminiy istaklaring bor. Agar har kuni oziq – ovqat, to‘kin – sochin yashash ilinjida yelib – yugursak, tirikchilik zalvorlari yelkamizni bukib, o‘z – o‘zimizni unutish darajasiga yetsak, bundan sevgimiz qattiq zarar ko‘rardi. U holda biz boshqa odamlarga o‘xshab qolardik. ”Hamma odamlar kabi tinchgina kun o‘tkazish – eng katta fojeadir”, deb o‘ylardim.
Hammasiga ko‘nikdim… Seni hijroningda umrimni o‘tkazish yo‘lini tanladim. Bu bir tomondan ko‘ngilga bitmas – tuganmas qayg‘u solardi. Qayg‘u va iztiroblar esa insonning ko‘ngil ko‘zlarini ochishi, uning o‘ziga nisbatan o‘zgacha nazar bilan qarashga o‘rgatishi tasavvurga sig‘maydigan bir holat edi.
Bilasanmi, seni sevgan paytlarimda o‘zimni qandaydir ilohiy dunyoga kirib qolgandek his qila boshlagandim. Keyin… ayriliq onlari boshlangach, u dunyodan tashqarida ekanligimni sezib qoldim. Sevgi inson qalbini tozalab, ilohiy dunyoga yo‘l ochadigan nurli tuyg‘u edi. Yo‘q, sevgi, bu – Xudoning o‘zi edi. Sevsang – Xudoga do‘st tutinasan, muhabbatdan ayro tushsang – Xudodan uzoqlashasan. Men esa sendan ayrildimu, umr bo‘yi Xudodan uzoqlarda yashadim… Mana, endi qaytmoqdaman. Biroq qayga? Yana ranju musibatlarga to‘la sensizlik dunyosigami? ”.
…Maktub shu yerga yetganda to‘xtab qolgan. Bu xatni menga Kimdir pochta orqali yuborgan, ancha vaqtdirki, g‘aladonimda yotgan edi. Endi u o‘z egasini topishiga ishonchim komil…
Shvetsiya, 2017 yil, fevral.