Anora Sodiqova. Yig’layapman & Jurnalist Anora Sodiqova nega ishdan bo’shatildi? BBC O’zbek xizmatining jurnalist bilan suhbati

011Ўткир мавзуларни кўтариб чиқа олгани билан танилган журналист Анора Содиқова ўз меҳнат жойи — Ўзбекистон миллий ахборот агентлигидан ишдан кетказилгани тўғрисида ижтимоий тармоқда ёзиб қолдиргандан кейин Би-би-си Ўзбек хизмати журналист ҳақиқатан босимга учрадими, унинг ишдан кетиши ортида Хайриддин Султонов турганига қандай асослар мавжуд каби саволларга ойдинлик киритиш мақсадида Содиқованинг ўзи билан суҳбатлашди.

ЙИҒЛАЯПМАН
Анора Содиқова,
журналист ва блогер


«Жасорат битган эди, тил кесилган эди» Қодирийнинг бу сўзлари афсуски доим долзарб. Айни дамда Қодирий уйининг очилиш маросимидаман.

Йиғлаяпман…. кеча уй-музейи масаласида интервью беришга вақт ажратишни истамаган Сирожиддин Саидни маьруза ўқишини кўриб йиғлаяпман…Уларга музей қилишни сўраб қанча хат ёзиб кутилмадии

30 йилдан бери Музей масаласини чўзиб юрган, амалга оширишга шошилмаган Хайриддин Султоновнинг тантанавор маъруза ўқишини кўриб йиғлаяпман….

Абдулла Қодирийга пул йўқ, деб хат берган Камила Акилованинг гердайиб туришини кўриб йиғлаяпман….

27.12.2019

Журналист Анора Содиқова
нима учун ишдан кетди?


Журналист Анора Содиқованинг «босим остида» ишдан кетгани тўғрисидаги хабар ҳам а ижтимоий тармоқда шов-шувлар марказига чиқди.

03Ўткир мавзуларни кўтариб чиқа олгани билан танилган журналист Анора Содиқова ўз меҳнат жойи — Ўзбекистон миллий ахборот агентлигидан ишдан кетказилгани тўғрисида ижтимоий тармоқда ёзиб қолдирган.

Агентлик раҳбарияти Би-би-сига журналистни ишдан бўшатиш бўйича юқоридан ҳеч қандай босим бўлмагани ёки у ишдан ҳайдалмагани, балки Содиқова ўз хоҳиши билан ишдан бўшаганини маълум қилди.

Анора Содиқова ўзининг Facebook саҳифасида ёзишича, у узоқ йиллар давлат маслаҳатчиси лавозимида ишлаган ва матбуот ҳамда маданият соҳаларини назорат қилиб келган Хайриддин Султоновнинг босимига учраб, ишдан кетказилган.

«Қанча журналистлар хорижда саргардон уларга мен ҳам қўшилайми, йўқ. Қанча ёзувчи, қанча қаламкашнинг уйини куйдирдингиз, эндилар бас қилгандир, деб ўйлаб юрганди, бу бечора мазлум зиёлилар. Яна бошландими?..

Анора Содиқова дуч келган ҳолат ўзбекистонлик бир неча зиёлилар, сиёсатчилар ва журналистлар томонидан матбуот ва сўз эркинлигига таҳдид ўлароқ қабул қилинмоқда.

Хусусан, Олий Мажлис депутати Расул Кушербоев Анора Содиқовани жасур ва қатъиятли журналист деб билишини ёзди.

«У ўзининг ҳаловати деб ҳақиқатдан кўз юммайди, тилёғламалик қилмайди. Аслида журналистда шундай ҳислат бўлиши керак. Қолганини билмадим. Мен Ўзбекистонда у каби қўрқмас журналистлар борлигидан фахрланаман».

Би-би-си журналист ҳақиқатан босимга учрадими, унинг ишдан кетиши ортида Хайриддин Султонов турганига қандай асослар мавжуд каби саволларга ойдинлик киритиш мақсадида Содиқованинг ўзи билан суҳбатлашишга қарор қилди.

«Бу усулни ким қўллашини ҳамма яхши билади»

Анора Содиқова ижтимоий тармоқда ёзиб қолдирган фикрлари «юқоридагилар»га ёқмагани ортидан ишдан бўшаш тўғрисида ариза ёзишга мажбурланганини даъво қилади.

У «юқоридан қўнғироқлар» таъқибига ўтган йилнинг декабрь ойидан учраганини айтади.

Журналистнинг Би-би-сига маълум қилишича, у 2019 йил декабрь ойида Хайриддин Султоновнинг Абдулла Қодирий уй музейи очилиши маросимида нутқ сўзлаши ортидан Фейсбукда мулозимга нисбатан танқидий руҳдаги фикрларни қолдирган.

Содиқова шахсан ўзи Султоновни музей очиш масаласини пайсалга солган, дея ҳисоблашини айтади.

«30 йилдан бери музей масаласини чўзиб юрган, амалга оширишга шошилмаган Хайриддин Султоновнинг тантанавор маъруза ўқишини кўриб йиғлаяпман…», деб ёзган журналист ўзининг декабрь ойидаги постида.

Содиқова шундан сўнг ўзига «юқоридан» кўплаб қўнғироқлар бўлгани ҳақида сўзлайди.

«Пост ёзилган куни тўхтовсиз қўнғироқ қилишди. Постни олиб ташланг, бироз ўзгартиринг, дейишди. Мен ундай қилмадим. Кейин менга ўзингизнинг номингиздан эълон қилинг, дея Султоновнинг маросимда сўзлаган маърузасини юборишди. Постимни олиб ташламадим, нутқни эълон ҳам қилмадим».

Сардоба фожиасидан сўнг уйи сув остида қолган инсонлар билан қилган суҳбати тўғрисида ижтимоий тармоқда яна ўз фикрларини қолдирган Содиқова навбатдаги «босимларга учрагани»ни айтади.

У бу сафарги постида уйсиз қолган бир вақтда, фарзандларига берилган «шакар чой» учун президентга раҳмат айтган сардобаликлар борасидаги мулоҳазалари акс этганини билдиради.

Содиқованинг таъкидлашича, «юқоридагилар» унинг янги постини президент шахсини танқид қилиш ўлароқ қабул қилган.

«Босим бўлди тепадан — бу сафар постимни олиб ташладим, лекин шунга қарамай, менга сизни бўшатишга мажбурмиз, деб айтишди. Тепадан буйруқ бўлди, сизни бўшатишни истамасдик, лекин шунга мажбур бўлдик, дейишди», сўзлайди журналист.

«Узоқ йиллар давомида ёзилган фикрларни президентга, давлатга қарши, дея нотўғри талқин қилиб, одамларни ишдан бўшатиб юбориш усулини ким қўллаб келгани ва ОАВни ким назорат қилиб келганини, менимча ҳамма яхши билади».

«Бундан ташқари бошқа манбаларим ҳам бор, лекин уларни очиқламасликни маъқул кўрган бўлар эдим», дейди журналист.

«100 йиллик» амалдорлар

Анора Содиқова Шавкат Мирзиёев қудратга келгандан сўнг мамлакатдаги матбуот билан боғлиқ вазият анчайин яхшилангани, сўз эркинлиги таъминлана бошланганини билдиради.

Бироқ унинг фикрича, юқори даражали мулозимлар ичида ҳамон эски назоратни ўз қўлида сақлаб қолишни истаётганлар топилади.

«Ўзи истамаган ахборот чиқиб кетганда, ундан эски усулларда қутилишга интилаётган, ўтмишни қўмсаётган амалдорлар ҳали ҳам учраб турибди».

Журналист давлат сиёсати очиқлик сари кетаётганини таъкидлайди, аммо ҳамма ҳам бу очиқликка кўника олмаётганини қўшимча қилади.

«Бу сиёсатга эски даврни қўмсаган «100 йиллик» амалдорлар тўсқинлик қилишяпти», сўзлайди у.

«Журналистлар жим турмаслиги керак»

Анора Содиқова ўзининг ишдан кетказилганига жамоатчилик эътиборини жалб этишдан мақсад журналистларга бўлаётган босимларни тўхтатишга эришиш эканини таъкидлайди.

«Бу постни ёзганимдан кейин жуда кўп одам мени қўллаб-қувватлади, лекин кетсанг кетавермайсанми, нима қиласан шов-шув кўтариб, деганлар ҳам бўлди».

«Менинг мақсадим шов-шув кўтариб, четга чиқиб кетиш эмас. Четда яшаганман, имконим ҳам бўлган кетишга. Бироқ Ўзбекистондан кетиш ниятим йўқ. Шу ерда журналистик фаолиятимни давом эттиришни хоҳлайман. Фақат журналистларни босим билан ишдан бўшатиш одатининг тўхтатилишини истайман. Фақат шу мақсадим», дейди Содиқова.

Унинг фикрича, журналистлар ислоҳотларни ўтказиш, очиқ муҳит яратишни амалдорлардан сўраш билан чекланмай, ўз ҳуқуқини ҳам талаб қилишни ўрганиши лозим.

Хайриддин Султонов ким?

Бир вақтнинг ўзида change.org платформасида Хайриддин Султоновнинг истеъфоси талаб этилган петиция эълон қилинган.

Петицияда Султонов ҳукуматнинг 27 йиллик бош цензори ўлароқ тасвирланади ва у қалам аҳлига нисбатан «репрессив сиёсат» юритиб келганликда айбланади.

Айримлар Ўзбекистонда петиция очилмаётганидан шикоят қилишган.

Ислом Каримов даврида матбуот ва маданият соҳасини назорат қилган Султонов 2018 йилда президент аппаратида амалга оширилган ўзгаришлар ортидан айни соҳа раҳбарлигидан четлатилган, аммо президент маслаҳатчиси ва спичрайтери лавозимини сақлаб қолган эди.

64 яшар Султонов сиёсий даврага кирмасидан аввал бир неча бадиий асарлар муаллифи сифатида танилган.

Би-би-си журналист Анора Содиқова дохил яна бир неча зиёлиларнинг даъволарига доир изоҳ олиш учун Хайриддин Султонов ва Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги билан боғланишга ҳаракат қилди.

Би-би-сининг президент маслаҳатчиси Хайриддин Султонов билан боғланиш ҳаракатлари эса ҳозирча натижа бергани йўқ.

Ўзбекистон ахборот агентлиги раҳбарияти журналистни ишдан бўшатиш бўйича юқоридан ҳеч қандай босим бўлмагани ёки у ишдан ҳайдалмагани, балки Содиқова ўз хоҳиши билан ишдан бўшаганини маълум қилди.

Би-би-си айни масалада барча томонларнинг фикр ва мулоҳазалари учун доимо очиқ.

Манба: BBC Uzbek

O‘tkir mavzularni ko‘tarib chiqa olgani bilan tanilgan jurnalist Anora Sodiqova o‘z mehnat joyi — O‘zbekiston milliy axborot agentligidan ishdan ketkazilgani to‘g‘risida ijtimoiy tarmoqda yozib qoldirgandan keyin Bi-bi-si O‘zbek xizmati jurnalist haqiqatan bosimga uchradimi, uning ishdan ketishi ortida Xayriddin Sultonov turganiga qanday asoslar mavjud kabi savollarga oydinlik kiritish maqsadida Sodiqovaning o‘zi bilan suhbatlashdi.

YIG‘LAYAPMAN
Anora Sodiqova,
jurnalist va bloger


«Jasorat bitgan edi, til kesilgan edi» Qodiriyning bu so‘zlari afsuski doim dolzarb. Ayni damda Qodiriy uyining ochilish marosimidaman.

Yig‘layapman…. kecha uy-muzeyi masalasida interv’yu berishga vaqt ajratishni istamagan Sirojiddin Saidni ma’ruza o‘qishini ko‘rib yig‘layapman…Ularga muzey qilishni so‘rab qancha xat yozib kutilmadii

30 yildan beri Muzey masalasini cho‘zib yurgan, amalga oshirishga shoshilmagan Xayriddin Sultonovning tantanavor ma’ruza o‘qishini ko‘rib yig‘layapman….

Abdulla Qodiriyga pul yo‘q, deb xat bergan Kamila Akilovaning gerdayib turishini ko‘rib yig‘layapman….

27.12.2019

Jurnalist Anora Sodiqova
nima uchun ishdan ketdi?


Jurnalist Anora Sodiqovaning «bosim ostida» ishdan ketgani to’g’risidagi xabar ham a ijtimoiy tarmoqda shov-shuvlar markaziga chiqdi.

08O’tkir mavzularni ko’tarib chiqa olgani bilan tanilgan jurnalist Anora Sodiqova o’z mehnat joyi — O’zbekiston milliy axborot agentligidan ishdan ketkazilgani to’g’risida ijtimoiy tarmoqda yozib qoldirgan.

Agentlik rahbariyati Bi-bi-siga jurnalistni ishdan bo’shatish bo’yicha yuqoridan hech qanday bosim bo’lmagani yoki u ishdan haydalmagani, balki Sodiqova o’z xohishi bilan ishdan bo’shaganini ma’lum qildi.

Anora Sodiqova o’zining Facebook sahifasida yozishicha, u uzoq yillar davlat maslahatchisi lavozimida ishlagan va matbuot hamda madaniyat sohalarini nazorat qilib kelgan Xayriddin Sultonovning bosimiga uchrab, ishdan ketkazilgan.

«Qancha jurnalistlar xorijda sargardon ularga men ham qo’shilaymi, yo’q. Qancha yozuvchi, qancha qalamkashning uyini kuydirdingiz, endilar bas qilgandir, deb o’ylab yurgandi, bu bechora mazlum ziyolilar. Yana boshlandimi?..

Anora Sodiqova duch kelgan holat o’zbekistonlik bir necha ziyolilar, siyosatchilar va jurnalistlar tomonidan matbuot va so’z erkinligiga tahdid o’laroq qabul qilinmoqda.

Xususan, Oliy Majlis deputati Rasul Kusherboyev Anora Sodiqovani jasur va qat’iyatli jurnalist deb bilishini yozdi.

«U o’zining halovati deb haqiqatdan ko’z yummaydi, tilyog’lamalik qilmaydi. Aslida jurnalistda shunday hislat bo’lishi kerak. Qolganini bilmadim. Men O’zbekistonda u kabi qo’rqmas jurnalistlar borligidan faxrlanaman».

Bi-bi-si jurnalist haqiqatan bosimga uchradimi, uning ishdan ketishi ortida Xayriddin Sultonov turganiga qanday asoslar mavjud kabi savollarga oydinlik kiritish maqsadida Sodiqovaning o’zi bilan suhbatlashishga qaror qildi.

«Bu usulni kim qo’llashini hamma yaxshi biladi»

Anora Sodiqova ijtimoiy tarmoqda yozib qoldirgan fikrlari «yuqoridagilar»ga yoqmagani ortidan ishdan bo’shash to’g’risida ariza yozishga majburlanganini da’vo qiladi.

U «yuqoridan qo’ng’iroqlar» ta’qibiga o’tgan yilning dekabrь oyidan uchraganini aytadi.

Jurnalistning Bi-bi-siga ma’lum qilishicha, u 2019 yil dekabrь oyida Xayriddin Sultonovning Abdulla Qodiriy uy muzeyi ochilishi marosimida nutq so’zlashi ortidan Feysbukda mulozimga nisbatan tanqidiy ruhdagi fikrlarni qoldirgan.

Sodiqova shaxsan o’zi Sultonovni muzey ochish masalasini paysalga solgan, deya hisoblashini aytadi.

«30 yildan beri muzey masalasini cho’zib yurgan, amalga oshirishga shoshilmagan Xayriddin Sultonovning tantanavor ma’ruza o’qishini ko’rib yig’layapman…», deb yozgan jurnalist o’zining dekabrь oyidagi postida.

Sodiqova shundan so’ng o’ziga «yuqoridan» ko’plab qo’ng’iroqlar bo’lgani haqida so’zlaydi.

«Post yozilgan kuni to’xtovsiz qo’ng’iroq qilishdi. Postni olib tashlang, biroz o’zgartiring, deyishdi. Men unday qilmadim. Keyin menga o’zingizning nomingizdan e’lon qiling, deya Sultonovning marosimda so’zlagan ma’ruzasini yuborishdi. Postimni olib tashlamadim, nutqni e’lon ham qilmadim».

Sardoba fojiasidan so’ng uyi suv ostida qolgan insonlar bilan qilgan suhbati to’g’risida ijtimoiy tarmoqda yana o’z fikrlarini qoldirgan Sodiqova navbatdagi «bosimlarga uchragani»ni aytadi.

U bu safargi postida uysiz qolgan bir vaqtda, farzandlariga berilgan «shakar choy» uchun prezidentga rahmat aytgan sardobaliklar borasidagi mulohazalari aks etganini bildiradi.

Sodiqovaning ta’kidlashicha, «yuqoridagilar» uning yangi postini prezident shaxsini tanqid qilish o’laroq qabul qilgan.

«Bosim bo’ldi tepadan — bu safar postimni olib tashladim, lekin shunga qaramay, menga sizni bo’shatishga majburmiz, deb aytishdi. Tepadan buyruq bo’ldi, sizni bo’shatishni istamasdik, lekin shunga majbur bo’ldik, deyishdi», so’zlaydi jurnalist.

«Uzoq yillar davomida yozilgan fikrlarni prezidentga, davlatga qarshi, deya noto’g’ri talqin qilib, odamlarni ishdan bo’shatib yuborish usulini kim qo’llab kelgani va OAVni kim nazorat qilib kelganini, menimcha hamma yaxshi biladi».

«Bundan tashqari boshqa manbalarim ham bor, lekin ularni ochiqlamaslikni ma’qul ko’rgan bo’lar edim», deydi jurnalist.

«100 yillik» amaldorlar

Anora Sodiqova Shavkat Mirziyoyev qudratga kelgandan so’ng mamlakatdagi matbuot bilan bog’liq vaziyat anchayin yaxshilangani, so’z erkinligi ta’minlana boshlanganini bildiradi.

Biroq uning fikricha, yuqori darajali mulozimlar ichida hamon eski nazoratni o’z qo’lida saqlab qolishni istayotganlar topiladi.

«O’zi istamagan axborot chiqib ketganda, undan eski usullarda qutilishga intilayotgan, o’tmishni qo’msayotgan amaldorlar hali ham uchrab turibdi».

Jurnalist davlat siyosati ochiqlik sari ketayotganini ta’kidlaydi, ammo hamma ham bu ochiqlikka ko’nika olmayotganini qo’shimcha qiladi.

«Bu siyosatga eski davrni qo’msagan «100 yillik» amaldorlar to’sqinlik qilishyapti», so’zlaydi u.

«Jurnalistlar jim turmasligi kerak»

Anora Sodiqova o’zining ishdan ketkazilganiga jamoatchilik e’tiborini jalb etishdan maqsad jurnalistlarga bo’layotgan bosimlarni to’xtatishga erishish ekanini ta’kidlaydi.

«Bu postni yozganimdan keyin juda ko’p odam meni qo’llab-quvvatladi, lekin ketsang ketavermaysanmi, nima qilasan shov-shuv ko’tarib, deganlar ham bo’ldi».

«Mening maqsadim shov-shuv ko’tarib, chetga chiqib ketish emas. Chetda yashaganman, imkonim ham bo’lgan ketishga. Biroq O’zbekistondan ketish niyatim yo’q. Shu yerda jurnalistik faoliyatimni davom ettirishni xohlayman. Faqat jurnalistlarni bosim bilan ishdan bo’shatish odatining to’xtatilishini istayman. Faqat shu maqsadim», deydi Sodiqova.

Uning fikricha, jurnalistlar islohotlarni o’tkazish, ochiq muhit yaratishni amaldorlardan so’rash bilan cheklanmay, o’z huquqini ham talab qilishni o’rganishi lozim.

Xayriddin Sultonov kim?

Bir vaqtning o’zida change.org platformasida Xayriddin Sultonovning iste’fosi talab etilgan petitsiya e’lon qilingan.

Petitsiyada Sultonov hukumatning 27 yillik bosh senzori o’laroq tasvirlanadi va u qalam ahliga nisbatan «repressiv siyosat» yuritib kelganlikda ayblanadi.

Ayrimlar O’zbekistonda petitsiya ochilmayotganidan shikoyat qilishgan.

Islom Karimov davrida matbuot va madaniyat sohasini nazorat qilgan Sultonov 2018 yilda prezident apparatida amalga oshirilgan o’zgarishlar ortidan ayni soha rahbarligidan chetlatilgan, ammo prezident maslahatchisi va spichrayteri lavozimini saqlab qolgan edi.

64 yashar Sultonov siyosiy davraga kirmasidan avval bir necha badiiy asarlar muallifi sifatida tanilgan.

Bi-bi-si jurnalist Anora Sodiqova doxil yana bir necha ziyolilarning da’volariga doir izoh olish uchun Xayriddin Sultonov va O’zbekiston milliy axborot agentligi bilan bog’lanishga harakat qildi.

Bi-bi-sining prezident maslahatchisi Xayriddin Sultonov bilan bog’lanish harakatlari esa hozircha natija bergani yo’q.

O’zbekiston axborot agentligi rahbariyati jurnalistni ishdan bo’shatish bo’yicha yuqoridan hech qanday bosim bo’lmagani yoki u ishdan haydalmagani, balki Sodiqova o’z xohishi bilan ishdan bo’shaganini ma’lum qildi.

Bi-bi-si ayni masalada barcha tomonlarning fikr va mulohazalari uchun doimo ochiq.

Manba: BBC Uzbek

09

(Tashriflar: umumiy 689, bugungi 1)

Izoh qoldiring