Mashriqzamin — hikmat bo’stoni. Aforizmlar kitobi

09

    “Машриқзамин — ҳикмат бўстони” номли тўпламга киритилган мумтоз адиб ёки алломаларимизнинг ҳикмат ёки ҳикоятлари минг ёки юз йиллар олдин битилганига қарамай бугунги ҳаётимиз учун зарур ва фойдалидир.

МАШРИҚЗАМИН — ҲИКМАТ БЎСТОНИ
Таржимон, тўпловчи ва изоҳ муаллифлари:Ҳамиджон Хомидий ва Маҳмуд Ҳасаний
Масъул муҳаррир: Ғайбулло Ас-Салом
«Шарқ» нашриётматбаа концерни
Тошкент — 1997

04
ОДОБ, ТАЪЛИМ-ТАРБИЯ, ИСТЕЪДОД ФОЙДАЛАРИ
ҲАМДА БЕОДОБЛИКДАН ЕТАДИГАН ЗАРАРИ

08

Одоб шундай тожки — поку беғубор, Бошингга қуйгину қайга борсанг бор!
Бархурдор ибн Маҳмуд

Оллоҳ такаббурларни севмайди.
Ҳадис

Адаб кичик ёшдагиларни улуғлар дуосига сазовор этади ва у бу баракотдин умрбод баҳраманд бўлади.
Алишер Навоий

Одоб шундай узукки, агар у ҳар кимсанинг тасарруф бармоғига мувофиқ келса, унинг улуғлик оти ҳамма маъракаларда жавлон қилади.

Одоб дебочадур инсон учун иззат китобига,
Бўлар, ҳар ким одобсиздур, нишон тири маломатга.
Бархурдор ибн Маҳмуд

Айтдилар:
— Фазилат наслу насаб билан эмас, балки одоб билан топилади.
Муҳаммад Зеҳний

Бўлмас адабсиз кишилар аржманд,
Даст этар ул хайлни чархи баланд.
Алишер Навоий

Одоб аҳли билан ҳамсуҳбат бўлиш — гуллар ҳидини уфураётган тонг насимидан ҳам ширин.
«Оталар сўзи»

Кишида одоб бўлса, илм ҳам бўлиши лозим. Одоб ақлга боғлиқ нарса. Ақл устига одоб ҳам қўшилса нур устига аъло нур бўлади. Улуғлик ақлу одоб билан вужудга келади. Ақлнинг қадри одоб билан, бойлик қадри саховат билан, қувват қадри баҳодирлик билан ошади.
«Фавоқиҳ ал-жуласо»

Адаб ирфон илми ичрадур шамъ.
Анбар Отин

Одамлар одоб тутиёсини ташқи ва ички дунё ахлоқ кўзининг равшанлигини оширувчи сабаб, деб билганлар ва бу қимматли оқ йўлнинг отлиғи бўлмай туриб иззат ва ҳурмат мартабасининг идрок каъбасига етмаганлар.
Саодат мулкининг йўлида доим бехатар юргай, Одобнинг ҳассаси бўлса кишининг қўлида ҳар дам!
Бархурдор ибн Маҳмуд

Хулқ гўзал бўлса, барча халқ севади, Хулқи тўғри бўлган киши тўрга чиқади.
Юсуф Хос Ҳожиб

Бир куни Буқротдан:
—Одобли билан одобсизнинг ўртасидаги фарқ қандай? — деб сўрадилар.
—Гапирадиган ҳайвон билан гапирмайдиган ҳайвон орасидаги фарқ каби, — деб жавоб берди Буқрот.
«Фавоқиҳ ал-жуласо»

Агар одам эсанг, сайр эт бу гулшанда адаб бирла, Қадам ҳар сори қўй мулсифат ким гову хар густох.
Огаҳий

Кимки аслида бадумид эрур, Яхшилик ул кишидан этма умид.
Алмаий

ҲИКОЯТ. Одоб хазинасини юрагига жойлаган бир йигит бор эди. У ўз бахтини тополмай бир неча вақт сарсон-саргардонликда юрди. Кунлардан бир кун Анушервоннинг ходимларидан бирининг хизматига кириб қолди. У ердаги қийинчилик ва макру ҳийлаларнинг азобига қанчалик бардош бермасин, бирор фойда кўрмади. Қоронғи тунларни эса оғир хаёллар билан ўтказди: Байт:

Куннинг жамолини курай деганга,
Тунда сабр қилмоқ ёлғиз чораси.
Гавҳар қидирувчи меҳнатдан қўрқса,
Қўлига чиқмагай дурнинг сараси!

Кунлардан бир кун Анушервон ўз мулозимларидан: «Энг юмшоқ нарса нима?» — деб сўради. Биров: «Шоҳи», деб жавоб берди. Биров: «Товуқ патлари», деди. Яна бирови эса:«Шоҳидан ҳам юмшоқроқ нарса нима бўлиши мумкин», деди. Шу пайтда ҳалиги йигит сарой тепасида турган эди. У мулозимларнинг жавобидан Анушервоннинг кўнгли тўлмаганини кўриб,сўзлашга ижозат сўради. Ижозат бўлгач деди: «Энг юмшоқ нарса тинчликдир!» Анушервон унга офарин айтди ва яна сўради: «Энг яхши овқат нима?» Йигит: «Шаҳвоний қувватни оширмайдиган ва танда иллат қўзғатмайдиган овқат энг яхши овқатдир», деди. Яна сўради: «Энг яхши шароб қайси?» Йигит: «Ақлни зое қилмайдиган ва касаллик пайдо қилмайдигани»,деб жавоб берди. Яна сўради: «Гулларнинг ичида энг ширин ҳидлиси қайси?» Йигит: «Ота-она тириклигида уларни хурсанд қиладиган, ўлгандан кейин эса уларнинг номини боқийлаштирадиган ҳаёт гули бўлмиш фарзанд», деб жавоб берди.
Анушервон йигитни тақдирлади ва ўз ҳакимлари орасига олди. Байт:

Доно ночорликда қолса ҳам бир кун,
Умиди ҳосилдан кўрсатар нишон.
Мушкни кўр, либосга бекитилса ҳам,
Ҳид сочиб ўзини қилур намоён!
Муиниддин Жувайний

Одоб — улуғлик ва юксаклик қасрининг нарвони, бу нарвон орқали барча мақсад ва манзилга етиш мумкин. Шарм гулзоридан эса барча муддао гулини дасталаш мумкин. Латиф сирларнинг ҳақиқатини анг-ловчилар ва ҳар қандай рамз маъносини тадқиқ қилувчилар айтадиларки, одамийлик рисоласининг дарсларини ўқишга азм қилиб, бахтиёрлик кўчасига қадам қўювчи ҳар бир инсонга, аввало, шарму одоб қоидасини ёд қилмоқ шартдир. Токи бахт муаллимининг йўлланмаси билан ҳаёт қонунининг илмини идрок қилишда билимли ва уста бўла олсинки, ҳақиқатан ҳам, инсоният учун одоб ажойиб тож ва одамийлик безаги учун қимматбаҳо гавҳардир.
Бархурдор ибн Маҳмуд

Дегул инсон десанг ани не ажаб, Бўлмаса қирқ яшарда ақлу адаб.
Сайфи Саройи

Одобли одам табибга ўхшайди, у билан суҳбатлашиш кўнгилдаги ғамни қувади.
«Оталар сўзи»

Бир куни халифа Маъмун одоб билан сўзлаётган бир боладан: «Кимнинг ўғлисан?» деб сўради. Бола: «Одобнинг ўғлиман», деб жавоб берди. Бу жавобни эшитган Маъмун: «Қандай чиройли отанг бор экан-а», деб унга таҳсин ўқиди.
Муҳаммад Зеҳний

Улғаюрсан, санда бор бўлса адаб,
Улғаюрсан, санга ер улса адаб,
Одам эрсанг, ташқи сурата берма зеб,
Она юртингни ҳамиша айла зеб.
Анбар Отин

Одоб бир булутки, унинг бир томчи ёмғири яхши кишиларнинг амал экинзорига ёғса, умид полизини абадий кўкаламзорга айлантиради ва яхши ном ҳосилидан фойда хирмонини барпо қилади.
Бархурдор ибн Маҳмуд

Отанг-онанг тарбиятига қил гузар, Ҳолина айлаб назар, олгил хабар.
Саид Қосимий

Ўзингдан кейингиларга ибрат бўлай десанг, ўзингдан илгаригилардан ибрат ол.
«Оталар сўзи»

Ҳақиқий инсон ҳамиша илм ва ҳунар олишга интилади. Илм бир дарахт бўлса, одоб унинг мевасидир. Одобсиз олим мевасиз дарахтдир.
Муҳаммад Зеҳний

Ҳар бир киши касб-корни мукаммал билмоғи, яхши тарбия олмоғи ва яхши хулқ-одоб,фазилатларга эга бўлмоғи керак.
Абу Наср Фаробий

Ҳикмат арбобларининг айтишларича, кишининг вужуд гули одоб ранги ва ҳидидан холи бўлса, у киши одамлар назарида тикандек хору беқадр бўлади, халқ кўнгли у билан суҳбатлашишдан қолади ҳамда бегона-ошнолар ундан юз ўгирадилар. Унинг аҳволи саҳифасига нафрат қалами билан узоқлик ва бегоналик белгисини қўядилар. Шунинг учун бешарм ва одобсиз кишилар давроннинг даккиси ва танбиҳидан ўзларининг озодлик қанотларини синган ҳолда кўрадилар ва уларнинг меҳру-муҳаббати ҳеч кимнинг дилига ҳеч қачон ўтирмайди.
Бархурдор ибн Маҳмуд

Ҳаёт энг яхши мураббийдир.
«Оталар сўзи»

Тарбия таъсир қиладиган кишилар уч тоифага булинадилар.

Биринчиси — ҳануз оқ билан қорани танимаган бола. Унинг табиати ҳали ёмонлик ғубори билан булғанмаган, юраги эса ботил ишлар зулмати билан қораланмаган бўлади. Бундай болага насиҳат тез таъсир қилади. Бундай болани тўғри йўлга осонлик билан ўргатиш мумкин.

Иккинчиси — оқ билан қорани ажратадиган бўлиб қолган бола. Улардан баъзилари ўз нафсининг галабаси билан яхшилик томонга бурила олмай юрган бўлади. У қилаётган ишининг ёмонлигини билади. Нуқсонларини эътироф этади. Бундай одамни тарбиялаш биринчисига нисбатан қийинроқ, аммо унга доимий тарбия берилиб, ҳар хил насиҳатлар ва танбиҳлар бериб борилса, албатта, яхши йўлга кириб кетади.

Учинчиси — оилада ботил ҳаёт ва фосид фикрлар билан усиб улғайган киши. У умр бўйи ноҳақ ишларни ҳақ деб билиб келган ва шунга астойдил эътиқод қўйган бўлади. Ёмонлик қилса ҳам уни ўзича яхшилик деб ўйлайди. Бундай кишини тарбия қилиш жуда оғир. Унинг тарбиясига киришиш — тирноқ билан қудуқ қазиш ёки ҳали қизиб чўққа айланмаган темирни болғалаш билан баробар.
Донолар яхши ёки ёмон хулқли бўлишни оилага боғлайдилар. Уларнинг айтишларича, бузуқ хотиндан туғилган ва разил ота қўлида тарбияланган фарзанддан яхшилик кутиш қийин. Чиройли хулқ офтобга ўхшайди, офтоб музни эритгани ёки сув тузни эритиб юборгани каби чиройли хулқ ҳам барча ёмонликларни эритиб юборади.
Абулбаракот Қодирий

Онадан тарбия кўрмаган қиз ёмон,
Отадан таълим олмаган ўғил ёмон.
«Қўрқит Ота китоби»

Ҳар кимки илм-ҳикматни ўрганаман деса, уни ёшлигидан бошласин, саломатлиги яхши бўлсин, яхши ахлоқ ва одобли бўлсин, сўзининг устидан чиқсин, ёмон ишлардан сақланадиган бўлсин, хиёнат, макр-ҳийладан узоқ бўлсин.
Абу Наср Фаробий

Мураббийси бўлмаган одамни ҳаёт ўзи тарбиялаб қўяди.
«Оталар сўзи»

Ҳаёли киши имонлидур, имонлилар жаннатийдир.
Ҳадис

Ҳамма ишларингизда тўғри бўлинг, одамларга муомалада хулқингиз чиройли бўлсин.
Ҳадис

Одами ақлу назокатда сулув, Бўлса ахлоқи садоқатда сулув.
Анбар Отин

Истеъдод эгаларини тарбиялаш шундай бир кимедирки, у қора тупроқни тоза олтинга,
ноқис тошни эса айбсиз гавҳарга айлантиради. Чунончи айтадилар:

Тарбиядан тупроқ гавҳар бўлади.
Ноф ичра қон мушки асғар бўлади.
Қийматсиз қора бир темирни иксир,
Тарбия айлагач соф зар бўлади!
Хожа Самандар Термизий

Истеъдод эгасини тарбиясиз қолдирмоқ зулмдир. Истеъдодсиз кишини тарбиялаш эса умрни зое ўтказишдир. Байт:

Кишида бўлмаса агар истеъдод,
Минг ҳийла қил таълим кор қилмас асло.
Гумон қилма, бузоқ худо бўлмайди
Бутпараст олтин-ла берса ҳам оро.
Муиниддин Жувайний

Кимики ахлоқи зоҳири хушдур, Ани ҳаргиз ёмон гумон қилма.
Оразий

Азизим, ҳунар аҳлининг тарбиясига сайъ-ҳаракат қил. Ҳунарсиз кишиларга отасининг хизматлари туфайли эътибор қилма! Одамларни отасининг хизматлари туфайли эмас, ўзларида бўлган қобилият туфайли тарбиялаш лозим!
Байт:
Ўликдир ҳаётда ҳунарсиз киши, Ҳунарсиз бўлгандан ўлгани яхши!

Хожа Самандар Термизий

Отага итоат — Оллоҳга итоат қилишдир.
Ҳадис

Одамларга таом едиринглар ва ширинсўз бўлинглар.
Ҳадис

Таълим фақат сўз ва ўргатиш билангина бўлади. Тарбия эса амалий иш, тажриба билан бўлади.
Абу Наср Фаробий

Сабабсиз кулги — беодоблик белгиси.
«Оталар сўзи

Ҳар ким агар ёшлигидан беодоб кишилар ичида ўсиб улғайса, катта бўлгач, унинг вужудига ўрнашиб олган бадфеъллик иллатини чиқариб ташлаш қийин бўлади.

Гўдакликдан ёмон феълга ўрганса,

Юз меҳнат-ла уни кам қилиб бўлмас.

Яхши йўлга солай дебон уринма,
Ўсиб қотган шохни хам қилиб бўлмас! .
Хожа Самандар Термизий

Керак тарбият ёшликдан керак, Улуғ бўлса лозим келур ғам емак.
Абдулла Авлоний

Одобсизлик ота-она уйини хароб қилади.
«Оталар сўзи»

Болага отанинг меҳнати сингган бўлса, Сўнг у боланинг хулқ-атворида билинади. Ота болани назоратда тутса,
У яхши, эзгу бўлади.
Юсуф Хос Ҳожиб

Беодоблик шундай селки, у обрў ва виқор қасрини қупориб, идрок буйнини ҳар хил арқонлар билан боғлаб ташлайди. Оқил кишиларнинг айтишича, одоб риояси шундай сурмаки, унинг гардидан ҳар бир кишига сурса, эътибор кўзининг равшанлиги ҳеч қандай сабаб билан заифлик ва иллатга йўлиқмайди. Замонанинг катта-кичиклари унинг ҳузурини меҳру муҳаббат базмининг чироғи, деб биладилар. Кундан-кунга иқболининг юлдузи юксакликка кўтарилаверади.

Кишида барча ахлоқи ҳамида,
Чу жамъ ўлди қўярлар отин эҳсон.
Бири ондин саходур, бири мурувват,
Бўлар гар йўқтур, инсон эрмас инсон.
Алишер Навоий

ҲИКОЯТ. Ҳушёрликнинг киме табиатли саррофлари бу ҳикоятнинг бебаҳо олтинини шундай пул қилиб чекадиларки, бир куни Бағдод вилоятида бир неча бола бир кўчада ўйин билан машғул эдилар. Ўша шаҳарнинг ҳокими дам олиш мақсадида отга миниб, ўша кўчадан ўтиб борарди. Ҳокимнинг асари у ерда зоҳир бўлгач, бир бола ақлининг муаллими кўмагида бу ҳолни сезиб, ўрнидан турди ва одоб юзасидан чеккага чиқиб, девор остида турди. Бошқа болалар эса ҳеч нарса сезмагандек туравердилар. Қизғин уйиндан эса тўхтамадилар, буни кўзатиб турган подшога бу боланинг ҳаракати ёқди. У отини бола томонга бир оз юргизиб, унинг диққатини ўзига қаратди. Уни имтиҳон қилиб кўриш мақсадида қўлидан узугини чиқариб, болаларнинг ўртасига отди ва деди: «Кимки узукни олдинроқ топиб келса, шоҳона ҳадя олади». Болалар олдинроқ узукни топишга ҳаракат бошладилар. Ногоҳ биттаси топиб, уни подшога олиб келди. Ҳалиги бола эса ўз оёғини одоб чегарасидан чиқармай, жойидан жилмай турарди.

Подшо кўз қири билан унинг ҳолатини кўзатиб турар эди. Бу сафар узукни унинг олдига ташлади. Бола эса узукни ердан кўтариб олиб, чангини артди-да, бир ўпиб, одоб ва ҳаё  юзасидан секин-секин юриб келиб, икки қўллаб подшога узатди. Подшога унинг одоб ва ҳаёсининг чиройлилиги ёқиб деди:

Одоб ўз эгасин бир кун еткизар

Иззату обрўга ва саодатга.

Одобнинг боғидан терса ҳар ким гул,
Ҳаёти тўлади хуш тароватга.
Одобли кишилар топар яхшилик,
Беодоб нишондир, бил, маломатга!

Подшо болаларнинг ҳар бирига инъом ҳадя қилди. Сўнг ходимлардан бирига қараб деди:«Мана бу боланинг ота-онасини топиб рози қил, болани бизга берсин, тарбиялашга арзийдиган бола экан».

Ҳар ким одоб сурмасидан тортса ҳаё кўзига,

Мақсад келинин кўрар қаршисида беҳижоб.

Ота болани кичиклигидан бебош қилиб қўйса,

Болада гуноҳ йўқ, барча жафо отада.

Ўгал-қизга билим, ҳунар ўргатиш керак,
Токи бу ҳунарлар билан феъл-атвори гўзал бўлсин.
Кимнинг хулқ-атвори, феъли яхши бўлса,
У тилагини топади, ою кун унга кулиб боқади.
Юсуф Хос Ҳожиб

Фикр гар яхши тарбият топса, Ханжар, олмосдан бўлур ўткур. Фикрнинг ойнаси ўлурса занг, Руҳи равшанзамир бўлур бенур.
Абдулла Авлоний

Меҳмонни эшиккача кўзатиб қўйиш суннатдир.
Кошифий

Одоб, бу ёмон сўздан ва ёмон ишдан ўзини тиймоқдир ҳамда ўзининг ҳам, ўзганинг ҳам иззатини сақлаб, обрўсини тўкмасликдир.
Кошифий

Ёшликда заҳмат чекиб, илм ўргансанг, касб-ҳунар эгалласанг, қариганда роҳат топасан.
Кошифий

Яхши ишлов берилмаган ердан яхши ҳосил унмайди.

«Оталар сўзи»

Мусиқа фани шу маънода фойдалики, кимнинг феъл-атвори мувозанатини йўқотган бўлса,
уни тартибга келтиради.
Абу Наср Фаробий

Яхши қилиқ оқ сут билан кирса, Ўлим келиб тутмагунча ўзгармайди.
Юсуф Хос Ҳожиб

Одамига яхши қилиқдур биҳишт, Етти тамуғдин баттар, ул хўи зишт.
Ҳайдар Хоразмий

Не хуш хислат эрур ахлоқи неку, Неки қилдинг келур олдинга ўтру. Мурувват пеша қилким, ҳаййи сонеъ, Етургай қилмайин ажрингни зоеъ.
Толибий

Кишини ёмон дема (ғийбат қилма).
Муҳаммад Сиддиқ Рушдий

Қурқоқнинг олдида ҳақ сўзни айтма.
Муҳаммад Сиддиқ Рушдий

Нодондин йироқ қочқон донодур.
Муҳаммад Сиддиқ Рушдий

Ўзингни шубҳадин йироқ тут.
Муҳаммад Сиддиқ Рушдий

Мунофиқликнинг белгиси учтадир: ёлғон сўзлаш, ваъдасининг устидан чиқмаслик ва омонатга хиёнат қилиш.
Ҳадис

Кимки ғайридинни ҳақорат қилса, қиёмат куни ўтдан ясалган қамчи билан урилади.
Ҳадис

ОЛИМ, ИЛМ, КИТОБ, ҚАЛАМ, УСТОЗ, КАСБ-ҲУНАР, ЯХШИ ФАЗИЛАТЛАР

Касбнинг энг яхшиси кишининг ўз қўли билан бажарилган иши ва ҳалол саводидир.
Ҳадис

Илм ўқуб қилмаган амал мақбул, Дона сочиб кЎтармади маҳсул.
Навоий

Ер юзи бир дашту саҳро бўлса, гулзори илм,
Саҳнаи оламни бўлмоқда намудори илм.
Илму фан бирла қуролланмоқда сардори илм,
Илм ўқи, ҳеч бир жонга еткурмайди озор илм.
Оразий

Олим киши сўзидан олгил ўгит, Яхши сўзлар таъсири дилга сингар.
Маҳмуд Кошғарий

Олим кишини эзгу тутиб сўзин эшит,
Ҳунарини ўрганибон амал қилғил.
Маҳмуд Кошғарий

Олим кишилар ҳар ерда азиз ва ҳурматлидурлар.
Абдулла Авлоний

Эмиш ҳар элға қадри илм бало,
Ўла илм мақоми баски боло.
Кишиким илму фандин бохабардур,
Ҳалойиққа мўътабардур.
Тирикликда кишиким қилса ҳар кор,
Анинг осонлиғина илм даркор.
Абдулла Авлоний

Илм ўрганиш ҳар бир мусулмон учун фарздир.
Ҳадис

Жаҳон равшан зиёйи илмдандур, Кўнгил софи сафойи илмдандур.
Анбар Отин

Кимда бўлса донишу, ақлу, тамиз,
Илм ила ҳилм аҳлини тутган азиз.
Сен хатолардан ўзингни тут узоқ,
Эй ўғил! Оқил эсанг солгил қулоқ!
Фаридиддин Аттор

Бировким қилса олимларға таъзим,
Қилур гўёки пайғамбарга таъзим.
Навоий

Эй ўғил! Қайси фан бўлмасин, то уни мукаммал эгалламагунингча ҳаракатни тўхтатма, бир илм иккинчи илмни эгаллашга ёрдам беради. Бир илмни эгаллашга ақлинг йўл бердими, уни охиригача эгалламай туриб, чала ташлаб кетма!
Абдибек Шерозий

Билимни буюк, ўқувни улуғ бил,
Бу иккиси танланган бандасини улуғлайди.
Заковат қаерда бўлса, улуғлик бўлади,
Билим кимда бўлса буюклик олади.
Юсуф Хос Ҳожиб

Илм ила кимнинг дили равшан эрур,
У замон ичра саломат тан эрур.
Фаридиддин Аттор

Илм ўрганишдан уялган ва такаббурлик кўчасига кириб қолган кишилар ҳеч қачон илмга эга була олмайдилар. Эй ўғил, сен илм ўрганишдан уялма! Нодонлик ёмон хислат!
«Жовидони хирад»

Билимсиз, шубҳасиз, аниқ кўрдир,
Кел, эй нодон, билимдан ҳисса ол.
Юсуф Хос Ҳожиб

Агар инсон илм нури билан ўз йўлини ёритмаса, зулмат ва нодонлик кўчасида қолади. Киши қалбининг нури илм ва маърифат билан бақувват бўлади. Инсониятнинг қадри илм билан ҳосил бўлади. Илмдан ҳали ҳеч ким зарар кўрган эмас. Илмни эгаллаб олиш эса бир санъатдир. Дунёда қандай ёвузлик содир бўлган бўлса, уларнинг ҳаммаси нодонлик орқали келиб чиққан. Энг зўр ҳалокат нодонлик, инсонийликни битирувчи ҳам нодонликдур. Яхши таҳсил кўрган ва илм нури билан ҳулқини яхшилаган аёл ҳар ерда иззат топади. Илм — аёл учун зийнат. Ақлини нодонликдан қутқарган ҳар бир аёл номус, иззат, аёллик қадрини тушуниб етади. Бундай аёл ҳеч бир ишда адашмайди. Илмсиз аёл эса бола тарбиялашда турли хатоларга йўл қўяди.
Абдибек Шерозий

Бешикдан қабргача билим иста.
Ҳадис

Муяссар бўлса тилладин сенга тахт, Ўзингдин пастга зинҳор айламагин сахт. Агар берса сенга жаҳон султонлиғи даст, Киши ўз ҳолини билмак керак паст.
Агар рутбанг эрур аълойи офоқ,
Йиқилгон хасталарни ҳолина боқ.
Такаббур қилмағил эй бемаоний,
Фалонни ўғлидурмен деб фалоний.
Сўфи Оллоёр

Ҳакимдан:

— Шунча илмни қандай ҳосил қилдинг? — деб сўрадилар:
У айтди:
— Илм ўқиетган пайтларимда ёндирган чироқ мойини ҳисобласанг, еб-ичган нарсаларимдан кўпроқ бўлади. Бундан маълум бўладики, вақтни еб-ичиш ва уйнашга
сарфлашдан кўра илмга сарфлаш зарур экан.
«Фавоқиҳ ал-жуласо»

Билиб дарсингиз айлаб азбар ўқунг,
Ўқунглар, ўқунглар, ўқунглар, ўқунг.
Ҳавоу ҳавасларни айлаб раҳо,
Сабоқларни такрор этинг борҳо.
Роқим

Илм мартабаси мартабаларнинг зўридир, деган гап шубҳасиз тўғри. Қайси ерда илму маърифат кучли бўлса, ўша ер бахт маскани ҳисобланади. Қайси ерда нодонлик мавжуд бўлса, у ер қуруқ ёки тошлоқ жой кабидир.
Гўзал хулқ билан пайваста бўлган илм одамларни бахтиёр қилади, мартабасини баландлатади. Илмдан мақсад кўркам ва эзгу ишларни амалга оширишдир.
Фахрулбанот Сулаймоний

Бир соатгина илм ўрганиш бир кечалик ибодатдан яхшидир.
Ҳадис

Уламолар суҳбатида бўл, пок, соф ниятли кишиларга талпин.
«Амир Темур ўгитлари»

Илмсиз иликсиз сўнгак каби бўшдир, иликсиз сўнгакка қўл урилмайди.
Билим билан кишининг мартабаси ошди, илмсизлик эса кишини тубанлаштирди.
Билимли киши керақли сўзни сўзлайди, кераксиз сўзни кўмиб ташлайди.
Аҳмад Югнакий

Муродингни ҳаётинг ичра ахтар,
Ки мавҳум илм ичинда бўлма ахгар.
Анбар Отин

Қайси бир олимнинг илмидан сўралганда қизғониб гапириб бермаса, қиёматда оғзига ўтдан тизгин солиб қўйилади.
Ҳадис

Илмсиз инсон — мевасиз дарахт.
Нодонга илм ўргатмоқ умрни зое ўтказмоқдир.
Илм бир хазина бўлса, бу хазина калити савод.
Илм келинчакка ўхшайди, у хилват ва пинҳонликни ёқтиради.
Илм инсон зийнати.
Қоғозга туширилмаган илм унутилиб кетади.
Кимки илм билан ақлини оширишга уринса, молу давлат ўзи келаверади.
Илм бўлмаса одамнинг ҳайвондан фарқи бўлмас эди. Молни ишлатганинг сари озаяди, илм эса кўпаяди.
«Оталар сўзи»

Ҳар кимки эрур улума моҳир,
Бўлғай анга сўзнинг ҳусни зоҳир.
Шавқий Каттақўрғоний

Аввало олим бўл! Лоақал таълим олувчи ёки тингловчи, илму уламоларни севувчи бўлгин.
Ҳадис

Заковатли уқади, билимли билади,
Билимли, заковатли тилакка етади.
Юсуф Хос Ҳожиб

Ҳар кишининг руҳи илм бирла қувватланса, шафқатли ва бетамаъ бўлур.
Сидқий Хондойлиқий

Одамга фақат ҳусн эрур руйига зеб,
Ботинда жамил улмаса, бу ҳусн бекор.
Дилшоди Барно

Сайри жаҳон қилинг, сувга ўхшаб. У доим оқишдадур — тоза ва хушдур ва агар бир ерда кўп тўхтаб қолса, бадбўй бўлур.
Муҳаммад Сиддиқ Рушдий

Амалсиз илм — мевасиз ёғоч.
«Оталар сўзи»

Ҳамма эзгуликлар билим туфайлидир. Билим туфайли гўё кўкка йўл топилади. Сўз бўз ерга яшил кўкдан тушди,
Сўзи туфайли инсон ўзини улуғ қилди.
Юсуф Хос Ҳожиб

Борди-ю кишининг учта фарзанди бўлса, ҳар уччовига ҳам илм ўргатгани яхши. Агар бундай имкониятга эга бўлмаса, биттасига илм ўргатсин, биттасига ҳунар ва яна биттасига зироат ёки тижорат ўргатсин. Умуман, уларни бирор фойдали иш билан машғул қилиш, нобакор ва қабиҳ кишилар билан улфат, ҳамсуҳбат бўлишидан қайтариш керак.
Муҳаммад ибн Муҳаммад ал-Жомий

Эй келди фунуни илм таслим санга,
Қилмоқ анга лозим бўлди таъзим санга.
Гарчи йўқ эрди қувват оёқимда, вале,
Келдим бош ила олғали таълим санга.
Огаҳий

Яхши хислат жаҳонда олий мартаба ва юксак даражага етказувчидир. Аммо бунга етишиш воситаси илм ва одоб бойлигидир.
Илм саодатга йўлловчи машъал,
Жоҳиллик ўлимга бошлар ҳар маҳал.
Қитъа:
Билим кишиларни улуғвор қилар,
Одамдан кетмайди то у улгунча.

Олтин, кумуш билан керилма зинҳор,
Бу иззат олтину-кумуш тургунча.
Муиниддин Жувайний

Китоб — барча бунёдкорлик, яратувчилик ва ақл-идрокнинг, илму донишнинг асосидир.
Ҳаётни ўргатувчи мураббийдир.
«Амир Темур ўгитлари»

Садақанинг афзали мусулмон кишининг илм ўрганиб, сўнг бошқа мусулмон биродарларига ҳам ўргатишидир.
Ҳадис

Илму фан уйига юборинглар болангизни,
Анда ўқуганлар бори яктои жаҳондир.
Аваз Ўтар

Дунёни билмакка идрокинг гаров,
Зеҳн қуймоққа дили покинг гаров.
Яхши иш қилмоқ учун йўқса ўқув,
Санга лозимдур ўқув бирлан ўқув.
Анбар Отин

Илмнинг чеки йўқ, қанча кўп ўқисанг, билмаган нарсаларинг шунчалик кўпаяверади.
«Фавоқиҳ ал-жуласо»

Ҳар кишида илму санъат бордур,
Бахту давлат ул кишига ердур.
Камий

Илм ва ҳунар ўрганиш инсон учун энг зарур нарсалардан ҳисобланади. Ҳар қандай нарсанинг моҳиятини англаш, жаҳондаги воқеаларнинг яхши-ёмон томонини билиб олиш, одамларнинг қадру-қимматини тўғри тушуниш, оиланинг фаровон яшашини тўғри ташкил этиш, қисқаси, ҳар томонлама мукаммал бўлиш учун илм ва ҳунар ўрганиш зарурий эҳтиёжлардан биридир.
Фахрулбанот Сулаймоний

Оз-оз ўрганиб доно бўлур,
Қатра-қатра йиғилиб дарё бўлур.
Навоий

Фойдали бирор нарса ёзадиган бўлсанг, шундай хат билан ёзки, токи уни осон ўқиб, тезроқ фойда олиш имконияти бўлсин. Қандай фойдали нарсани ёдлаб олган бўлсанг, шундай тушуниб ёдлаки, токи уни қайтариб ёзиш ва тушунтириш имконига эга бўлгин. Қалам сўз элчиси ҳисобланади, ёзув эса қўлнинг тилидир.
«Фавоқиҳ ал-жуласо»

Ҳаял айламанглар, ўқунг муттасил,
Ўтар кўз юмуб-очгунча ою йил.
Роқим

Қилмаган илм сари кимса назар,
Халқ беҳуд касб майл айлар.
Қолмади ҳеч қадри илму ҳунар,
Кўрди беилм қавм неча зарар.
Камий

Билмаганни сўраб ўрганган олим,
Орланиб сўрамаган ўзига золим.
Навоий

Устоз ва муаллимлар ҳурматини ўрнига қўйганлар бу дунёда ҳам, охиратда ҳам саодат топар.
Кошифий

Илм асосига қурилмаган улуғликнинг охири хорликдир.

Нодон агар улуғ бўлса унга кўнгил боғлама,
Чунки амал нодон билан боқий эмас жаҳонда.
Чарох ҳеч қачон жоҳилларнинг амалини билмайди,
Қора чоҳга тиқар уни, қўймас бир кун омонда.
Кишини йилқидан билим фарқлади,
Билим билан инсон мартабали бўлди.
Заковатли киши гўзал ва тил-сўзи тўғри,
Ва тамоми қилиқлари тугал — тўкис бўлади.
Юсуф Хос Ҳожиб

Ҳалол касбдан чарчаб ухлаган одам гуноҳлари кечирилган ҳолда тунайди.
Ҳадис

Тўрт нарса саодат далилидир: тўғри сўз, тавозеъ, ҳалол касбу ҳунардаги меҳнат, сир сақлаш.
Кошифий

Илм, Навоий сенга мақсуд бил,
Эмдики, илм ўлди, амал айлагил.
Навоий

Аёллар ҳам эрлар каби истеъдодга эга кишилар бўлиб, ҳурмат ва эҳтиромга лойиқ бўлишларидан ташқари, оиланинг асосий тарбиячиларидир. Шундай экан, улар ҳам зарур илм билан қуролланишлари керак.
Фахрулбанот Сулаймоний

Билим билан саодат йўли очилади, шунга кўра,
Илмли бўл, бахт йўлини изла.
Аҳмад Югнакий

Ўзи ҳақида ўйламай, фақат элга билим бериш ҳақида ўйлаган олим киши худди шамга ўхшайди, у ўзини ёндиради ва халқни зиёли қилади.
Ҳақиқий олим шундай кишики, унинг сўзи, ўйи, фикри ва иши бир хил бўлади.

Олимнинг ёмонлиги кеманинг синишига ўхшайди. Чунки кема синса ҳам ўзи чўкади, ҳам ўзгаларни чўктиради.
Олим қачонки ўзининг барча ҳис-эҳтиросларининг устидан ҳоким бўлолса, шундагина уни олим дейиш мумкин.
Олимлар билан ўтирсанг фойда оласан, чунки гул ёнида ўтирган одамга гул ҳиди уриб қолади.
Олим кўр бўлса ҳам дунёни кўради.
Жоҳил соғ бўлса ҳам узоқни кўрмайди.
Одамнинг энг ёмони нодон бўлиб, фойда келтирмаганидир.
«Оталар сўзи»

Илмни ёзиб қўйиш билан боғлаб олинглар.
Ҳадис

Билим қидиришга урдим бошимни,
Бекорга ўтказмадим умримни бир дам.
Қайдаки эшитсам илму донишни,
Эшиги тагида ултирдим маҳкам.
Носир Хисрав

Билимсиз кишиларнинг кўнгли хурофотга мойил бўлади.
Абу Райҳон Беруний

Ибн Аббосдан:
— Сен қандай қилиб шунча илмга эришдинг, — деб сўрадилар.
У шундай деб жавоб берди:
— Савол берувчи тил, билувчи қалб ва чидамли ўқитувчи билан.
«Фавоқиҳ ал-жуласо»

Одамидур илму дониш бирла одам, йўқ эса,
Жумлаи ҳайвонгадур яксон қаду рухсору лаб.
Огаҳий

Қуш ов кўрса юксаклардан пастга тушар,
Олим киши ўгит берса, дарҳол уқар.
Маҳмуд Кошғарий

Кишиким илм ила бўлса тавонгар,
Не ғам гар йўқтур анго зару гуҳар.
Оразий

Шаъбий айтади:
— Илм бобида ниманики эшитсанг ёзиб қуй, қоғоз бўлмаса деворга бўлса ҳам ёз. Чунки ёдланган нарса унутилади, ёзилган нарса эса абадий қолади.
«Фавоқиҳ ал-жуласо»

Илм ва диннинг машҳур кишилари ўз маслаҳатлари билан подшоҳларга ёрдам бериб хелганлар.
«Амир Темур ўгитлари»

Агар бўлмаса йўл бошлагучи пир,
Солур буйнунга шайтон доми тазвир.
Ажаб йўлдур тамоми меҳнату ранж,
Ва лекин ҳар қаричда бир ниҳон ганж.
Сўфи Оллоёр

Кимки устодига ихлос ила иззат қилса,
Ҳақ анинг манзилини жаннати ризвон айлади.
Роқим

Хурмус ҳаким сўзларидан:
Одам учун сазовор нарса шуки, у ҳикмат ўргансин, донолик илмини билсин ва уни юрагига нақш қилсин. Ҳикмат ва фазилатга етишга қарилик тўсқинлик қилолмайди. Ҳикматни кимки дилига жойлаган бўлса, на ботир, на қаҳрамон, на подшо, ҳеч ким уни тортиб ололмайди.
Киши ўз ниятини сўз билан мувофиқ қилсин, токи тили бошқа-ю, дили бошқа бўлмасин.
«Жовидони хирад»

Ишлари дарсу сабоқ, илму адаб такрордур,
Офарин, минг офарин, бу илм бир асрордур.
Нодим

Айтишларича, Фаробий жуда камбағал экан, қоғоз сотиб олишга ҳам баъзан имконияти бўлмас экан. Ўрмонга чиққан кезларида хаёлига келган нарсаларни дарахт япроқларига ёзиб қёяр, қоғоз топганида кўчириб олар экан.
«Фавоқиҳ ал-жуласо»

Ул мактаб ароким уқудунг ноз рамузин,
Гуёки вафо илмини унутмиш эди устод.
Увайсий

Қўшни билан яхши алоқада бўлинглар.
Ҳадис

Илм ва одоб таги йўқ хазина. Кимки унга эга бўлса, қадру қиймати биланд бўлади.
Фазилатга фақат илми шарафи бор одам лойиқ.
Билмаган айб эмас, билмаганни буйнига олмаслик айб.
Одамлар сендан ўрганмаса, сен одамлардан ўрган. Илм шундай нарсаки, бутун куч сарф этилмаса, қўлга кирмайди.
«Оталар сўзи»

Билим — қайтариш ва такрорлаш мевасидир.
Абу Райҳон Беруний

Эр кишига зебу зийнат ҳикмат ва донишдур.
Навоий

Тўрт нарса ўлик дилни тирилтиради: устод, яхши дўст, мувофиқ ер ва давлату-иқбол сабабчиси бўладиган доно ақл.

Муиниддин Жувайний

Бу дин илмики хомам қилди таҳрир,
Эрур фиқҳу ҳадису сўнгра тафсир.
Чу такмил ўлди бу уч илм, сен, бил,
Яна ҳар илм майлин қилма, ё қил. Навоий

Илмдан истасанг, нишон йўқтур,
Бор бошида қазонча салласи.
Баёний

Кимки ёшлигида илм ўрганмаса, қариганда ҳурмат тополмайди.
Муҳаммад Зеҳний

Ҳеч ким устозсиз топмас жаҳонда иззу жоҳ,
Нечаким ҳашмат била Искандари даврон эрур.
Пошшохўжа

Бир куни Искандардан:
— Сен устозингни онангдан кўра яхшироқ ҳурмат қилар эмишсан, шу ростми? — деб сўрадилар.
— Ҳа, — деб жавоб берди Искандар, — онам мени йўқлик осмонидан олиб тушди, устозим эса ердан кўкка кўтарди.
«Фавоқиҳ ал-жуласо»

Жаҳон илмики бу кун менга ёд эрур, Анга барча жаҳл аҳли устод эрур. Навоий

Бузургмеҳрдан:
— Нима учун устозингни отангдан афзалроқ ҳурмат қиласан? — деб сўрадилар.
— Чунки отам мени ўткинчи ҳаётга олиб келди, устозим эса боқий ҳаёт бағишлади, — деб жавоб берди.
«Оталар сўзи»

Олимларга яқинлаш, баҳра олгил тутиб дил.
Маҳмуд Кошғарий

Ҳақиқатан ҳам устоз илм бериши билан кишининг номини улуғлаб, авлодлар оғзида қолдиради ва иккинчи ҳаёт бағишлайди.

Илм андоқ ганжи нофеъдур бани одамғаким,
Кимда ул бўлса, икки олам бўлур обод анго.
Огаҳий

Шахски, илм нурин топти зоти,
Анинг то ҳашр қолди яхши оти.
Сикандар чун топти илму ҳунарни,
Не янглиқ олди, кўргил, баҳру барни.

Навоий

Бу замонда ҳамдами роз ўлмага ўқуш керак,
Ҳар китобни ўқигонда маънисин уқиш керак.
Андин ўрганиб адаб илмин ғазал тўқиш керак,
Норасоликнинг жаҳонда томирини қирқиш керак,
Илмсиз афсунчиларга тири паррондур китоб.
Дилшоди Барно

Кишиларга улардан аввалроқ салом беришга шошил, бу улуғ кишиларнинг фазилатларидан бўлиб, камтарлик нишоналаридан биридир.
Муҳаммад Ҳусайн

Қалам оламни идора қилади.
Қаламнинг кучи қиличдан ўткир,
Қиличнинг кучи қаламнинг учи.
«Оталар сўзи»

Билим, ҳунар, эзгу қилиқ ва ё хулқни Киши ўрганади, сўнг йўриқ тузилади. Киши зулмат босган қоронғу уй кабидир,
Ўқув-идрок бир машъалдирки, уни ёритади.
Кўргин, турли яхшиликлар ўқув-идрокдан келади,
Киши билим туфайли улғаяди, машҳур бўлади.
Юсуф Хос Ҳожиб

Саҳл ибн Хорун айтади:
— Қалам кўнгилнинг бурнидир, у қачон қонаса сирларни дафтар юзига сочади ва асарларни юзага келтиради. Қалам қоғоз юзига гавҳар тизувчи асбобдир. Китоб бир боғки,ёзувлари унинг гулларидир.
«Фавоқиҳ ал-жуласо»

Китоб олимлар фикрининг паноҳгоҳи, доно кишилар бўстонининг чамани, оддий кишиларнинг тамошогоҳидир. У кимсасиз кишиларга дил очувчи боғ, кўнгли шикасталарга раҳнамодир. У барча ерда барча билан ошно, дардли кишилар дилига даводир.

Бир дўстки, ҳеч кимга бермаган азоб,
Узоқ синаб курдим, билсанг у китоб.
Сирни яширмайди ўқувчисидан,
Хабар берар сенга ёзувчисидан.
Хилватда сен билан бўлиб у улфат,
Жимгина қуради ёқимли суҳбат.
Ҳеч кимдан қолишмас билимли аҳбоб,
Ундан сўрамасанг бермайди жавоб.
Муҳаммад Жабалрудий

Бўлса гар илму ҳунардин холи ул,
Эй Камий, оламда билким, хордур.
Камий

Кимки китобга кўп боқса, китоб унинг зеҳнини очади, завқини оширади, сўзга чечан қилади.
Китоб ёлғизликдаги энг мунис ҳамдамдир.
Китоб ўтмишдан ҳам, келажакдан ҳам хабар берувчидир.
Китоб инсондан ҳеч нарса тиламайди, аммо уни камолга еткизади.
Китоб одоб-ахлоқнинг кони, билимнинг эса булоғидир.
«Оталар сўзи»

Эй азиз! Киши учун китобдан азизроқ ва ёқимлироқ суҳбатдош йўқдир. Китоб фасоҳат, балоғатда, латофатда тенги йўқ, мунофиқликдан холи ҳамроҳдир. Ёлғизликда ва ғамли айёмларда мунис улфатдир. Унда на нифоқ бору, на гина. У шундай ҳамдамки, сўзларида ёлғон ва хато бўлмайди. Суҳбатидан эса кишига малоллик етмайди. У ўз дўстининг дилини оғритмайди. Юрагини эса сиқмайди. У шундай рафиқдирки, киши орқасидан ғийбат қилиб юрмайди. Унинг суҳбатидан сенга шундай файзли фойдалар етадики, бундай фойдани одамлардан топа олмайсан. Аксинча, аксар одамлар суҳбатидан кишига зарар етади. Китобдек дўст ичида барча илму ҳилм мужассамдирки, у кишиларни ўтмишдан ва келажакдан огоҳ қилиб туради. Шунинг учун ҳам: «Китоб ақл қалъасидир», деганлар.
Муҳаммад Жабалрудий

Бизни хорликка солган, бегумон билдик — билимсизлик
Дегаймиз онг учун, оҳ, онгсизлик — билимсизлик.

Демоқчиман илм, одоб тугсин, фазл ўлиб номи,
Ўшандоғ бир ўғилдин лаззат олсин бу жаҳон коми,
Билим шундоғ бўлганда, ер юзида қолмасин оми,
Бўлур ул онда инсон бир-бирига лутф-эҳсонлик.
Оразий

Абу Бакр ал-Хоразмий ўлим тўшагида эди. Ундан:
— Кўнглинг нимани хоҳлайди, иштаҳанг нимани тусамоқда? — деб сўрадилар.
— Китоб юзига бир қарасам, — деди у.
«Фавоқиҳ ал-жуласо»

Ўқиб ўрганилган ҳар битта ҳунар,
Ҳунармандга бир кун фойда келтирар.
Низомий Ганжавий

Мол-дунёни қанча термагин, у тугайди, олқинади, Ёзилса-чи, сўз абадий қолади, оламни кезади.
Юсуф Хос Ҳожиб

Агар одам илм ва ҳунар таҳсили билан улуғ кишиларнинг ҳунарини ўрганса, вужуд матосининг қадри ҳаёт дуконида аъло даражага етиб, топиш-тутиши ҳам кўпроқ бўлади.
Бархурдор ибн Маҳмуд

Билимнинг шундайки, у яланғоч бўлганингда ҳам ўзинг билан қолади уни ҳаммомга кирганингда сув ҳам йўқота олмайди.
Абу Райҳон Беруний

Ҳунар ва санъат шундай нарсаки, у кераксиз бўлиб қолмайди, ишлатмасанг ҳам йўқолиб

кетмайди, керак пайтда эса сенга кўмакчи бўлади. Эркак кишига қирқ ҳунар ҳам оз. Эркак бўла туриб, «мен буни билмайман» дейиш уятдир.
«Фавоқиҳ ал-жуласо»

Камол эт касбким, олам уйидин
Сенга фарз улмагай ғамнок чиқмоқ.
Навоий

Эй ўғил! Фазлу-ҳунар орттиришга бутун кучинг билан кириш, уни мукаммал эгаллаб олишга ҳаракат қил.
Абдибек Шсрозий

Ҳунарингдан бир кун етарсан бахтга,
Ҳунарсиз ким етар тож ила тахтга.
Низомий Ганжавий

Касб этар оҳиста-оҳиста киши фазлу ҳунар,
Боғаро булбул боласи хушнаво кам-кам бўлур.
Мурғи ваҳшини қилолмас ҳеч ким якбора ром,
Донаю домини қурдинг, мубтало кам-кам бўлур.
Анбар Отин

Ки қилғуси санга бу камлик иштимол камол,
Камолсиз киши ҳар ердадур хижолатманд,
Етурмагай кишига ҳаргиз инъфиол камол.
Увайсий

ҲИКМАТ. Ҳар кимнинг зари бўлмаса-да, аммо ҳунари бўлса дунёда ҳеч бир хавф-хатари бўлмайди. Шунинг учун киши ҳунар зийнати билан безанмоғи керак. Ҳунарсиз киши қуруқ савлатдир. Қуруқ савлат қотиб турган суратга ўхшайди. Сен суратга боқ, у одамга ўхшаса-да, жони бўлмайди. Дарахт шохи мевасиз бўлса, кийикнинг шохларидан нима фарқи бор. Қалам гарчи чўп бўлса-да, илму ҳунарни ошкор қилгани учун азиздир. Ойна эса гўзаллар юзи туфайли қўлда юради. Сен Абу Жаҳл тарвузини кўр, ширин тарвузлар каби чиройлидир. Аммо аччиқ бўлгани учун қиймати йўқ.
Беҳунар одам эмас, молу зари бўлганда ҳам, Бўлмагай эшак одам анга либос ёпганда ҳам.
Муҳаммад Жавҳар Заминдор

Кимдаким аҳли жаҳондин бор илму маърифат,
Қилғуси они бархурдор илму маърифат.
Толибий

Кимки маърифатни этса эъзоз,
Ани ирфон этар, албатта, мумтоз.
Анбар Отин

Дониш эрур отган ўқим нишони,
Дадиллик манбаи билимим кони.
Эзгулик осмонини маҳбусиман,
Занжирим фаною само уммони.
Паҳлавон Маҳмуд

Ҳакимлар беҳунар кишини, «қанотсиз қуш» деб атаганлар. Яъни қушнинг парвози учун қанот бўлиши шарт. Ҳунар ҳам барча ишларда киши учун зарурдир. Қудратли подшолар ва шон-шавкатли улуғ кишилар ҳам, молу неъматлари ер куррасини қоплайдиган даражада кўп бўлса ҳам, ўз фарзандларини касбу камол ва қобилиятга тарғиб қиладилар. Демак, оддий халқ ҳунар ўрганиши ўз фаровонлигининг ва маишатининг асосий шарти, деб билишлари зарур.
Бархурдор ибн Маҳмуд

Ҳақ йўлинда ким сенга бир ҳарф уқутди юз ранж ила,
Айламоқ осон эмас ҳаққин адо минг ганж ила.
Навоий

Билаги зўр бирни йиқар, билими зўр — мингни.
«Амир Темур ўгитлари»

Кимда ким ўз изланишларининг афзаллиги қонуниятларини излаб топишда деб биларкан,
ул албатта, ҳамиша ўз қарашларини амалда исботлаш йўлидан боради.
Абу Райҳон Беруний

Кишида бўлмаса фазлу ҳунардан,
Ундайнинг сувратдан нима фарқи бор.
Ҳунар дунб туплаш учун эмасдир.
Ўзгалар кўнглини шод қилгин такрор.
Муҳаммад Жавҳар Заминдор

Касби илм этмай киши гар қолса маҳз жаҳл ила,
Икки олам обрўси бўлғуси барбод анго.
Огаҳий

Ҳақиқатан ҳам, ҳунар меҳрибон дўст, шафқатли ер ва файз етказувчи бир чопоғон отдирки, у ўз чавандозини тезгина роҳат ва эътибор манзилига еткизади ва шундай ҳимоячидирки, ўз соҳибини тамаъ оловидан қутқариб, омонда сақлайди.
Бархурдор ибн Маҳмуд

Айди: «Халқ ичра бу бир касбдур,
Касбни бошинга кийсанг насбдур».
Гулханий

Ким бўлса ҳунарсиз иши — ўқ ранжи эрур,
Бу важҳ ила ҳунари ганжи эрур.
Навоий

Эй ўғил! Бу насиҳатларга қулоқ сол, касбу ҳунар ўрганишдан ор қилма, меҳнат қилишни ўрган. Юрт ва элнинг ривожи ҳам ҳунарга боғлиқ. Энг ҳалол ва энг ёқимли емиш ва кийиш ҳунардан ҳосил бўлади. Ҳунар — яширин хазина. Куни келиб дунё тасодифлари туфайли мол- мулкдан ажралсанг ҳам, ҳунардан ҳеч қачон ажралмайсан. Ҳунар сенинг доимий ҳамроҳинг, мададкорингдир.
Муҳаммад Жавҳар Заминдор

Инсоннинг ҳунари унинг бойлиги. Пул тугайди, бироқ ҳунар тугамайди.
«Оталар сўзи»

Ҳунар бир бўлуб ёпмиш айб,
Қилур дўст ул бир ҳунарга назар.
Оразий

Агар одам учун ҳунар дарахтининг мевасига эҳтиёж бўлмаса ҳам, бироқ бир куни ҳунар унинг ҳаётини сақлаб қолишда асосий восита бўлиб қолиши мумкин. Шунинг учун ҳам оталар ўз фарзандларининг истеъдод уйини қобилият мулки билан безашга бор кучлари билан ҳаракат қилсинлар.
Бархурдор ибн Маҳмуд

Неча арзи ҳунар қилсам сўз ичра,
Ўтарлар ул ҳунарга айб ила ном.
Мунис

Бир-бирингиз билан саломлашиб юринглар, шунда ўрталарингда меҳру муҳаббат уйғонур.
Ҳадис

Эй ўғил! Дунёда энг ёқимсиз ва энг ёмон хислатлардан бири ишламасдан бировларнинг инъом-эҳсонига тамаъ кўзини тикиб ўтиришдир. Касбу ҳунар эгаси тамаъдан холидир. У ўз ҳунарининг фазилати туфайли ўз меҳнати билан ҳалол топиб, ҳалол ейди.
Муҳаммад Жавҳар Заминдор

Ҳунар саҳифасига рақам чекувчилар ҳужаста сийратли ҳар бир юртмамлакатдан қизил тилла сингари мўътабар ширин сўзли катта ва кичикнинг раҳматига муяссар бўладилар. Агар кишининг қўл остида қобилиятнинг тоза олтинидан бир дирам бўлса огарчилик пайтларида ҳам унинг кўзи тамаъ чанги билан булғанмайди ва рўзгор сандиғи бойликнинг кумуш-олтинидан холи бўлмайди.
Бархурдор ибн Маҳмуд

Асл ғизо касб ва ҳунар билан топилган ғизодир.
Муҳаммад Сиддиқ Рушдий

Хислати хуб ҳамадин, бас адаб ўрган зинҳор,
Билимию ҳунари бўлган киши бўлмас хор.
Толиб Толибий

Ҳунарни қадрламаган оч қолади.
Ҳар ким анжир сотиб, қорни бўлса тўқ,
Унга шу ҳунардан устун ҳунар йўқ.
Инсон ҳунаридан ҳурмат кўради,
Дунёда не экса шуни ўради.
«Оталар сўзи»

Ҳунар кґргил айб кургунча зинҳор,
Чечак тер боққа кирсанг, олмагал хор.
Қутб

Айтишларича, Гуштосб кунлардан бирида ўз ватанидан айрилиб, Кустантания шаҳрига келиб қолди. Унинг ёнида бирор тийин ҳам йўқ эди. Ейишга нарса тополмай, оч қолди. Бировдан сўрай деса, иззат нафси йўл қуймас эди. Унинг ёдига ёшлиги тушди. У болалик пайтида мактабга бораркан, йўл четида жойлашган темирчи дўкони олдида бироз тўхтаб, темирчиларнинг пичоқ ва болта ясашларини томоша қилар эди ва унинг сиридан бир мунча воқиф бўлиб қолган эди. Гуштосб кўп ўйлаб ўтирмай, темирчилар олдига борди ва уларга деди:
— Эй, биродарлар, мен ҳам темирчилик сиридан анча хабардорман, мени ҳам ўзларингизга шерик қилиб олсаларингиз.
Темирчилар рози бўлишди. Гуштосб бир неча муддат ишлаб пул йиғди. Сўнг ватанига қайтиб борди. У мартабага эришган пайтида барча ёшу қарини касбу ҳунар ўрганишга даъват
қилди. Болаларни куннинг аввалида ўқитиб, иккинчи қисмида ҳунар ўрганишга фармон берди.
Муҳаммад Жабалрудий

ҲИКОЯТ. Келтиришларича, бир ҳаким ўз ўғлига насиҳат қилиб, шундай дер экан:

Олтининг харж билан охир бўлар кам,
Ҳунар шундай ганжки, камаймас ҳеч дам!
Уларнинг фарқини айтсам агарда,
Ҳунар чашма эрур, олтин-чи шабнам!
Хуррамий

Одамнинг баракали ва бадавлат бўлиши учун касбу ҳунардан қимматроқ мато йўқ ва улуғлик ҳамда саодат осмони учун эса қобилиятдан ёрқинроқ юлдуз йўқдир. Ҳунар суви билан суғорилмаган киши гуёки мева ва сояси йўқ қуруқ дарахтга ўхшайди. Ёки ҳид ва рангдан холи гулга монанддир. Дарҳақиқат, бу фирдавсмонанд гулшаннинг райҳонлари ҳидидан димоғини муаттар қилган киши хилма-хил камёб лаззатли неъматлардан баҳраманд бўлади. Бу неъматнинг ёқимли майидан бир журъа тотмаган киши доимо бахтсизлик ва ожизлик билан оғриб, хумор бўлиб юради. Кўп азоб ва уқубатлар юкини елкасида кўтариб юришга мажбур бўлади. Билим ва ҳақиқат боғининг боғбонлари касбу ҳунарсиз кишиларни жамиятнинг разил ва пасткаш кишилари, деб ҳисоблаганлар. Касбу камолсиз кишининг муҳаббати ҳеч бир дилдан жой топмайди ва ҳеч ким касбу ҳунарсиз кишига ёрдам қўлини чўзмайди.
Ҳунар билан ҳаёт наҳлин эгаллаганларга, Саодат хазинаси калити муяссардир.
Бархурдор ибн Маҳмуд

Агар боши била чоҳ қазиса банда,
Кўзини ёшича сув топса анда.
Ва гар қазса ариғ киприк била мард,
Агар бир хўшаи жав қилса парвард.
Бу меҳнат бирла топсанг парча нон,
Кишининг миннатидин улдур осон.
Сўфи Оллоёр

Косибдан шоду зуррам йўқ жаҳонда,
Ҳунардан яхши дур ҳам йўқ жаҳонда.
Кимки шогардликка чин дилидан шод,
Бир куни ўзи ҳам булғуси устод.
Носир Хисрав

Илм ибодатдан афзал.
Ҳадис

Куним кундан-кунга бўлсин десанг хуш,
Илм пайидан бул борида эс-ҳуш.
Ҳар варақни уқиб чиққанда мудом,
Ҳаракат қил, тушун барисин тамом,
Буйра туқувчиким, туқиса аъло,
Ёмон кулоҳдуздан бўлади аъло!
Низомий Ганжавий

«МАШРИҚЗАМИН — ҲИКМАТ БЎСТОНИ» КИТОБИНИ ТЎЛИҚ ҲОЛДА МУТОЛАА ҚИЛИНГ
04

09

(Tashriflar: umumiy 2 232, bugungi 1)

Izoh qoldiring