Usmon Chevikso’y. So’roq

034  Нимага дучор бўлганини билолмади. “Тўхта!” дедилар, тўхтади. Улар полициячи эдилар. Қўлларида тўппончалари бор эди. “Қўлингдагиларни ерга қўй…” дедилар, қўлидаги елим халта ва ярмигача ичилган шароб шишасини ерга қўйди. “Қўлларингни кўтар, қимирлама” дедилар, қўлларини кўтариб, қимирламай кутиб турди.

04
Усмон Чевиксўй
СЎРОҚ
  Бобохон Муҳаммад Шариф таржимаси
003

081Таниқли турк ёзувчиси Усмон Чевиксўй (Osman Çeviksoy) 1951 йили туғилган. 1988 йили Анкара Ғози университетининг егко тили ва адабиёти бўлимини тугатди. Шундан кейин Туркиянинг турли шаҳарларида ва Германияда ўқитувчилик қилди. Унинг илк шеъри 1968 йили «Сабоҳ» газетасида чоп этилди. 1982 йилдан бошлаб унинг ҳикоя ва романларидан иборат китоблари нашр этила бошлади. Чоп этилган ҳикоя китоблари: Beyaz Yürüyüş (1982), Tutuklu Yürek (1982), Ağlamak Yasak (1984), Duvarın Öte Yanı (1985), Kar Yağar Gül Üstüne (1986), Derdimi Gül Eyledim (1989), Geriye Hüzün Kalır (1990), Sana Seni Anlatmak (1994), Aklıma Yıldız Düştü. Романлари: Başıma Dağlar Düştü (1994, Ömrümüz Gurbet (2008)

003

Нимага дучор бўлганини билолмади. “Тўхта!” дедилар, тўхтади. Улар полициячи эдилар. Қўлларида тўппончалари бор эди. “Қўлингдагиларни ерга қўй…” дедилар, қўлидаги елим халта ва ярмигача ичилган шароб шишасини ерга қўйди. “Қўлларингни кўтар, қимирлама” дедилар, қўлларини кўтариб, қимирламай кутиб турди. Ёнига келишди. Биттаси елим халтани титкилади, бошқаси чўнтакларини кавлаштирди. “Паспортингни кўрсат” дедилар. Қўлларини тушириб, паспортини олиб берди. Пас­порт­ни кўздан кечиргач, “Шу” дедилар бир-бирларига қа­раб. Ке­йин “Биз билан боришинг керак”, дейишди. “Мен оғайнимникига кетаётувдим” демоқчи бўлди, лекин айта олмади. Уларга эргашди. Машинага чиқди. Полициячилардан бири елим халта билан шароб шишасини ҳам олволганди. Шишанинг оғзи очиқ эди. “Тиқини йўқми?” деб сўрадилар. “Йўқ, ташлаб юборгандим” деди. “Ундай бўлса, ўзинг ушлаб, ўтир, лекин асло тўка кўрма”, дедилар яримлаган шишани қўлига бериб. Машина қўзғалди. Бироз ўзига келиб, эс-ҳушини йиғиштириб олгач, сўради:

– Мени нега олиб кетяпсизлар?

– Жим бўл, – дедилар.

Жим бўлмади:

– Айбим нима? – деди қатъият билан.

– Жим бўл, марказга борганингда сўрайсан, – дедилар.

Жим бўлди.

Оғзини очишга ҳам йўл қўймасдан, эни бўйига тенг бўлган кичкина хонага қамадилар. Бу хона, хонадаги биттаю битта курси, темир кроват, чоғроқ стол, стол устидаги ложувард кулдон унга таниш эди. Ўтирди, сигарета тутатди. Сигаретани ярмигача чеккач, ўчирди. Ўрнидан турди, хона бўйлаб одимлай бошлади.

Қиладиган иши оғир эди. Ишдан кейин анчагина ичиб олганди. Ўзини ҳорғин ҳис қиларди. Камзулини курсининг устига отиб, кроватга чал­қанча ётиб олди. Полиция кўрмаган, маҳкамага тушмаган, назоратда тутилмаган одам эмасди. Айби не эканини билса, кўнгли жойига тушган бўларди.

Нимадир қилиши керак. Оёққа қалқди. Қулфланган эшикни тақиллатди. “Нима гап?” деди эшик устидаги радиокарнай. Илк вақтлардаги каби эмасди, немисчани яхши биларди.

– Мени нима учун олиб келдингизлар? – деб сўради.

– Кут, – деди радиокарнай.

Бироз ранжиган овозда:

– Қўйилган айбни билишга ҳаққим бор. Айбим нималигини билмоқчиман, – деди жаҳл билан.

– Кут, – деди радиокарнай. – Ҳозир кайфинг бор, кут…

Ҳарқалай, шу ерда тунаши аниқ бўлди. Тишларини ғижирлатди. Сиқилган тишлари орасидан она тилида сўкинди.

Шу Германияга ишга келганидан бери боши балодан чиқмайди. Буни қаранг… Бу юртга келмасидан олдин ичкилик нелигини билганмиди, қиморга яқин йўлаганмиди?!.. Неки ярамас одат бўлса, шу ерда ўрганди. Шуларнинг ўзи бўлса, қанийди? Булардан баттарроқлари ҳам бор-да…

Сигарета тутатмоқчи бўлди, воз кечди. Аввалига кроватнинг чеккасига ўтирди, сўнгра узанди. Бу ерга келганидан кейин орттирган ёмон одатлари ҳолва, зотан бу одатлардан қимор, хотинбозликни аллақачон ташлаган, қолганларини ҳам, агар ўзи истаса, бугуноқ ташлашига ишончи комил, аслида, энг муҳими – бой берган нарсалари. Пул топиш учун бу ерларга келган, пул ҳам топганди… Аммо топганидан кўпроқ йўқотганди… Пул топаман деб бахтини йўқотди… Ор-номусини айтмаганда, пулдан таш­қари нимаси бўлса, ҳаммасини йўқотди…

Кўзларини юмди. Янада тўғрироғи, ичкилик ва ҳор­ғинлик таъсирида оғирлашган қовоқлари ўз-ўзидан юмилди. Кўзлари юмилди дегунча, хаё­ли уни ўн тўрт йил олдинга олиб кетди.

Чўрумда қурилаётган “Мериҳ” меҳмонхонасининг тахта қолипларини қўпоришаётганди. Ҳаво иссиқ эди. Терлаб кетишганди. Ишбайга келишганлари учун саҳар мардондан тинмай ишлаган, хийла чарчаган эдилар. “Бироз дам олайлик, Мамиш” деди ёрдамчисига. Ўтириб, сигарета тутатдилар. Баланддан шаҳарни томоша қилиб, ундан-бундан гаплашиб ўтиришарди. “Мамиш, – деди бирдан, – анави халойиқни кўряпсанми?”

Бармоғи билан ҳукумат биноси жойлашган кўчани кўрсатаётганди. Мамиш кўзларини қисиб, ўша томонга тикилди ва уймалашган халойиқни кўрди.

– Кимлар улар?

– Қўявер, – деди Мамиш, – Улар чет элда ишлаш учун ёзилаётган одамлар. Иш ва ишчи таъминоти идораси у ер.

Кўзларини очди дегунча, ўн тўрт йил олдинги воқеалар шундоққина кўз олдига келди.

Германияда, полиция маҳкамасида, назорат остида ўтирибди. Битта сигарета чеккудек вақт ичида ўша уймалашган халойиқни кўрмаганида ёки кўрса-да, Мамишдан сўрамаганида, балки шу паллада бу ерда ўтирмаган бўларди. “Мериҳ” меҳмонхонасининг устида ўтираркан, тақдири беш дақиқа ичида ўзгариб кетганди. Бирданига бу масалага қизиқиб қолган, бир ҳафта сўраб-суриштириб, борди-келдисини билиб олганди. Германия дегани тўқ, фаровон, жаннатдай мамлакат экан. У ерда ишчилар деворларига гулқоғоз ёпиштирилган, иссиқ суви бўлган уйларда шоҳона яшар, пар тўшакларда ухлар эканлар. Кетганлар орасидан “ёмон” дегани чиқмади. Лекин ёзилгандан кейин дарҳол жўнатишмас экан. Навбати келганлар жўнаб кетарди. Ёзилганлар шунчалик кўп эдики, олти ой, ҳатто бир йил навбат кутаётганлар бор эди. Ҳар нарсанинг йўли топилганидай, бу ерда ҳам осонгина ва тезда жўнаб кетишнинг иложи бор экан. Эр-хотин бирга ёзилиши даркор эди. Зеро аёл ишчилар ҳеч куттирмасдан, нари борса икки ой ичида жўнатиларди. Хотин у ерга борар-бормас, эрини чақириб олиши мумкин экан. Шундай экан, эр-хотин бирга ёзилгани мақбул эмасми?! Хотин икки ой олдин кетса нима бўпти, қиёмат қойим бўлармиди?..

Бу гапларни Мамишга айт­ган эди, терс жавоб берди. “Ақлдан оздингми, уста? – деди Мамиш. – Хотин деганни ёт элларга ёлғиз жўнатиб бўларканми? Қолаверса, ғурбатда сенга пишириб қўйибдими? Нима, иш йўқми, шу ерда ҳам хоҳлаганингча иш топилади, ишлайвер. Ажнабийларнинг юзи ҳам қурсин, пули ҳам… Пул у ёқда турсин, олтин берсалар ҳам у ёқларга кетмайман мен…”

Ичида Мамишга “Каллаварам!” деганди. “Одам дегани туққан жойида эмас, тўйган жойида яшаши керак. Европани кўрамиз, маза қилиб яшаймиз, истаганимизча еб-ичамиз, мол-мулк топамиз, бунинг нимаси ёмон? Бу кунгача ўлардай ишладик, аммо биримиз икки бўлмади. Аҳмоқ! Эшшакдай ишлашдан бошқа нимани ҳам билардинг сен?”

Мамиш ҳақида ана шундай деб ўйлаганди. Ўзи бўлса, эртасигаёқ хотинини етаклаб, Иш ва ишчи таъминоти идорасига олиб борди ва узундан-узоқ навбатга турди. Гал келиб, уларни қайд этишаётган чоғда амалдор: “Жаноб, – деди, – бегойимнинг навбати олдинроқ келиши мумкин. Бир ўзини юборасизми?” “Юбораман”, – деди ишонч билан. Икки бола туққан бу хонимча энди йўлдан озармиди? Агар салгина бошқача оёқ олганини билса бас, сичқоннинг инига яширинмайдими, топиб асфаласофилинга жўнатади.

– Ёзавер, афандим, ёзавер, – деди у. Сўнгра ичида: “Менинг хотиним сен билган енгилоёқлардан эмас… Ишонмасам, шунча йилдан бери қўйнимда олиб ётармидим”, деб қўйди.

Шунча йилдан, шунча воқелардан кейин энди у ҳақиқатнинг юзига тик боқадиган бўлганди. Хато қилган экан. Мамишнинг огоҳлантиришларига қулоқ солмай хотинини ёлғиз жўнатгани, ўзи келиб хотинининг аҳволини, бу ернинг вазиятини ўз кўзи билан кўрганидан кейин ҳам юртига қайтмагани, болаларини олиб келгани, гувоҳнома ва машина олгани… хато устига хато бўлганди. Энди бўлса, бу хатоларнинг жазосини тортаётган, изтироблар ичида қолган эди. Бировга дардини тўколмасди.

Ухлади.

Қанчалик ухлаганини билмайди, қулоғига эшитилган ғўнғир-ғўнғир товушлардан уйғониб кетди. Олдинига туш кўраяпман шекилли, деб ўйлади. Туш кўрмаётганини, уйғоқ эканини англагач, кўзларини очди. Хонанинг эшиги очиқ ва остонада иккита полициячи турар эди. Ҳайрон бўлди. “Менинг уйимда полициячи нима қилиб юрибди?” деб ўйлади. Атрофга аланглаб, полиция маҳкамасида ўтирганини тушунди. Ишдан чарчаб чиққани, трамвайда бўш ўриндиқ бўлмагани учун оёқда кетгани, хотини қовоғидан қор ёғиб кутиб олгани, ҳамишагидай – ҳатто тўшакда ҳам бўлганидай – жаврагани, жанжал чиқаргани, шундан кейин пальтосини елкасига илиб, нариги кўчадаги товуқчига боргани, ярим товуқни еркан, бир шиша шароб отволгани, итальян баққолдан гўшт консерва, нон, шароб, мева, туршак олгани, бир даҳа нарида яшайдиган ягона ва абадий дўсти Моҳирникига кетаётганида полициячилар томонидан қўлга олингани, бу ерга олиб келингани кинофильм лентасидай кўз олдидан ўтди. Айби йўқлигини дарҳол эслади. Охирги марта йўл ҳодисаси сабаб бўлиб, гувоҳномасини олдиргач, машинасини ҳам сотиб тинчиганди. Қаҳвахоналарга бормас, қимор ўйнамас, жанжаллашмасди. Балки кейинги олти ой ичида бу мамлакатда айб ҳисобланиши мумкин бўлган энг арзимаган иш ҳам қилмаганди. Мўминларча эрталаб ишига кетар, оқшом палласи уйига қайтарди. Агар уйида ғавғо қўпадиган бўлса, индамай таш­қарига чиқар, егулик, ичимлик олиб, Моҳирникига кетарди. Полициячилар унинг “Нега мени бу ерда тутиб турибсизлар?” дейишига имкон ҳам бермай:

– Бу ёққа кел, – дейишди.

– Қаёққа? – деб сўради.

– Сўроққа.

Ўрнидан турди. Камзулини кийди. Сочларини тартибга келтирди, ён томонга қийшайган галстугини тўғрилади, чиқди.

Тергов хонасида қонуний ҳуқуқлари эслатилди. Таржимон ва адвокат керак-керакмаслиги сўралди.

– Керакмас, – деди.

Ким экани аниқланди. Қонуний ҳақлари эслатилгани, адвокат ва таржимон хоҳлаш-хоҳламаслиги сўралгани, “Керакмас” деган жавоби баённомага ёзилди. Ундан ке­йин хотини ва қизи унинг устидан шикоят қилгани айтилгани, бунга “Бўлиши мумкин” деб жавоб бергани ёзилди.

(Зеро, анча олдин хотини бир марта доктордан “Баданида калтак излари бор” деган хулоса олган, қизини гувоҳ кўрсатиб, “Эрим мени дўппослайди” деб полицияга шикоят қилган эди. Шу боисдан ҳатто қамалишига ҳам бир баҳя қолганди. Ўшандан кейин у хотинига қўл кўтармайдиган бўлди. Бақириб-чақирар, лекин асло урмасди. Чунки эл-юрт орасида иккинчи марта шарманда бўлиш яхши эмасди. Хотини ғирт асоссиз равишда шикоят қилган бўлса керак. Ҳатто, хотин-қизлар ҳуқуқлари жамияти аъзоси бўлган ўша ҳароми доктор хотиндан сохта ҳужжат олган бўлиши ҳам мумкин. Хотинининг ҳақиқатда ким эканини фақат Германия­га келганидан кейингина билди. Ундан ҳар нарса кутса бўлади. Лекин ҳозир унинг ҳеч қандай айби йўқ. Шу боисдан осонгина қутулиб чиқишини билар, хотиржам эди. “Бўлиши мумкин” деганди…)

Шикоят мавзуси ўқила бошлади дегунча, унинг қаттиқ даҳшатга тушгани, кўзлари олайиб, қинидан чиққудай бўлгани, оғзи ланг очилиб қолгани, юз-кўзи, ҳатто, бутун аъзойи-баданини тер босгани, юраги ҳаддан таш­қари гурсиллаб ура бошлагани баённомага ёзилмади. Фақат “Йўқ… Йўқ…Йўқ… Буларнинг барчаси ёлғон” деб бақиргани ёзилди.

Шикоят суд медицинаси томонидан тасдиқлангани айтилиб, “Маст бўлганинг учун нима қилганингни ўзинг ҳам билмагандирсан” дея, қилмаган гуноҳни бўйнига қўймоқчи бўлишганида қачонлардан бери вайрона қалби яна бир марта вайрон бўлгани ёзилмади. Полициячилардан бирининг белидаги тўппончани тортиб олиб, ўз чаккасидан отиб, жонига қасд қилмоқни ўйлагани ҳам ёзилмади. Бу хатти-ҳаракати айбни эътироф қилиш бўлишини ўйлаб, тентакликдан воз кечгани, ўзига-ўзи: “Ҳеч бўлмаса бунинг туҳмат эканини исботлагунча яшашим керак” дегани баённомага ёзилмади.

“Мен савдойи эмасман. Мен бузуқ эмасман… Ёлғон!.. Ҳаммаси ёлғон!” деб ҳайқиргани, сўнгра бирдан юраги хуруж қилиб, ерга йиқилгани ёзилди.

Баённома касалхонада ёзиб тамомланди…

Манба: “Китоб дунёси” газетаси

08

04
Usmon Chevikso’y
SO’ROQ
  Boboxon Muhammad Sharif tarjimasi
003

Taniqli turk yozuvchisi Usmon Chevikso’y (Osman Ceviksoy) 1951 yili tug’ilgan. 1988 yili Ankara G’ozi universitetining yegko tili va adabiyoti bo’limini tugatdi. Shundan keyin Turkiyaning turli shaharlarida va Germaniyada o’qituvchilik qildi. Uning ilk she’ri 1968 yili «Saboh» gazetasida chop etildi. 1982 yildan boshlab uning hikoya va romanlaridan iborat kitoblari nashr etila boshladi. Chop etilgan hikoya kitoblari: Beyaz Yürüyüş (1982), Tutuklu Yürek (1982), Ağlamak Yasak (1984), Duvarın Öte Yanı (1985), Kar Yağar Gül Üstüne (1986), Derdimi Gül Eyledim (1989), Geriye Hüzün Kalır (1990), Sana Seni Anlatmak (1994), Aklıma Yıldız Düştü. Romanlari: Başıma Dağlar Düştü (1994, Ömrümüz Gurbet (2008)

003

Nimaga duchor bo‘lganini bilolmadi. “To‘xta!” dedilar, to‘xtadi. Ular politsiyachi edilar. Qo‘llarida to‘pponchalari bor edi. “Qo‘lingdagilarni yerga qo‘y…” dedilar, qo‘lidagi yelim xalta va yarmigacha ichilgan sharob shishasini yerga qo‘ydi. “Qo‘llaringni ko‘tar, qimirlama” dedilar, qo‘llarini ko‘tarib, qimirlamay kutib turdi. Yoniga kelishdi. Bittasi yelim xaltani titkiladi, boshqasi cho‘ntaklarini kavlashtirdi. “Pasportingni ko‘rsat” dedilar. Qo‘llarini tushirib, pasportini olib berdi. Pas¬port¬ni ko‘zdan kechirgach, “Shu” dedilar bir-birlariga qa¬rab. Ke¬yin “Biz bilan borishing kerak”, deyishdi. “Men og‘aynimnikiga ketayotuvdim” demoqchi bo‘ldi, lekin ayta olmadi. Ularga ergashdi. Mashinaga chiqdi. Politsiyachilardan biri yelim xalta bilan sharob shishasini ham olvolgandi. Shishaning og‘zi ochiq edi. “Tiqini yo‘qmi?” deb so‘radilar. “Yo‘q, tashlab yuborgandim” dedi. “Unday bo‘lsa, o‘zing ushlab, o‘tir, lekin aslo to‘ka ko‘rma”, dedilar yarimlagan shishani qo‘liga berib. Mashina qo‘zg‘aldi. Biroz o‘ziga kelib, es-hushini yig‘ishtirib olgach, so‘radi:
– Meni nega olib ketyapsizlar?
– Jim bo‘l, – dedilar.
Jim bo‘lmadi:
– Aybim nima? – dedi qat’iyat bilan.
– Jim bo‘l, markazga borganingda so‘raysan, – dedilar.
Jim bo‘ldi.
Og‘zini ochishga ham yo‘l qo‘ymasdan, eni bo‘yiga teng bo‘lgan kichkina xonaga qamadilar. Bu xona, xonadagi bittayu bitta kursi, temir krovat, chog‘roq stol, stol ustidagi lojuvard kuldon unga tanish edi. O‘tirdi, sigareta tutatdi. Sigaretani yarmigacha chekkach, o‘chirdi. O‘rnidan turdi, xona bo‘ylab odimlay boshladi.
Qiladigan ishi og‘ir edi. Ishdan keyin anchagina ichib olgandi. O‘zini horg‘in his qilardi. Kamzulini kursining ustiga otib, krovatga chal¬qancha yotib oldi. Politsiya ko‘rmagan, mahkamaga tushmagan, nazoratda tutilmagan odam emasdi. Aybi ne ekanini bilsa, ko‘ngli joyiga tushgan bo‘lardi.
Nimadir qilishi kerak. Oyoqqa qalqdi. Qulflangan eshikni taqillatdi. “Nima gap?” dedi eshik ustidagi radiokarnay. Ilk vaqtlardagi kabi emasdi, nemischani yaxshi bilardi.
– Meni nima uchun olib keldingizlar? – deb so‘radi.
– Kut, – dedi radiokarnay.
Biroz ranjigan ovozda:
– Qo‘yilgan aybni bilishga haqqim bor. Aybim nimaligini bilmoqchiman, – dedi jahl bilan.
– Kut, – dedi radiokarnay. – Hozir kayfing bor, kut…
Harqalay, shu yerda tunashi aniq bo‘ldi. Tishlarini g‘ijirlatdi. Siqilgan tishlari orasidan ona tilida so‘kindi.
Shu Germaniyaga ishga kelganidan beri boshi balodan chiqmaydi. Buni qarang… Bu yurtga kelmasidan oldin ichkilik neligini bilganmidi, qimorga yaqin yo‘laganmidi?!.. Neki yaramas odat bo‘lsa, shu yerda o‘rgandi. Shularning o‘zi bo‘lsa, qaniydi? Bulardan battarroqlari ham bor-da…
Sigareta tutatmoqchi bo‘ldi, voz kechdi. Avvaliga krovatning chekkasiga o‘tirdi, so‘ngra uzandi. Bu yerga kelganidan keyin orttirgan yomon odatlari holva, zotan bu odatlardan qimor, xotinbozlikni allaqachon tashlagan, qolganlarini ham, agar o‘zi istasa, bugunoq tashlashiga ishonchi komil, aslida, eng muhimi – boy bergan narsalari. Pul topish uchun bu yerlarga kelgan, pul ham topgandi… Ammo topganidan ko‘proq yo‘qotgandi… Pul topaman deb baxtini yo‘qotdi… Or-nomusini aytmaganda, puldan tash¬qari nimasi bo‘lsa, hammasini yo‘qotdi…
Ko‘zlarini yumdi. Yanada to‘g‘rirog‘i, ichkilik va hor¬g‘inlik ta’sirida og‘irlashgan qovoqlari o‘z-o‘zidan yumildi. Ko‘zlari yumildi deguncha, xayo¬li uni o‘n to‘rt yil oldinga olib ketdi.
Cho‘rumda qurilayotgan “Merih” mehmonxonasining taxta qoliplarini qo‘porishayotgandi. Havo issiq edi. Terlab ketishgandi. Ishbayga kelishganlari uchun sahar mardondan tinmay ishlagan, xiyla charchagan edilar. “Biroz dam olaylik, Mamish” dedi yordamchisiga. O‘tirib, sigareta tutatdilar. Balanddan shaharni tomosha qilib, undan-bundan gaplashib o‘tirishardi. “Mamish, – dedi birdan, – anavi xaloyiqni ko‘ryapsanmi?”
Barmog‘i bilan hukumat binosi joylashgan ko‘chani ko‘rsatayotgandi. Mamish ko‘zlarini qisib, o‘sha tomonga tikildi va uymalashgan xaloyiqni ko‘rdi.
– Kimlar ular?
– Qo‘yaver, – dedi Mamish, – Ular chet elda ishlash uchun yozilayotgan odamlar. Ish va ishchi ta’minoti idorasi u yer.
Ko‘zlarini ochdi deguncha, o‘n to‘rt yil oldingi voqealar shundoqqina ko‘z oldiga keldi.
Germaniyada, politsiya mahkamasida, nazorat ostida o‘tiribdi. Bitta sigareta chekkudek vaqt ichida o‘sha uymalashgan xaloyiqni ko‘rmaganida yoki ko‘rsa-da, Mamishdan so‘ramaganida, balki shu pallada bu yerda o‘tirmagan bo‘lardi. “Merih” mehmonxonasining ustida o‘tirarkan, taqdiri besh daqiqa ichida o‘zgarib ketgandi. Birdaniga bu masalaga qiziqib qolgan, bir hafta so‘rab-surishtirib, bordi-keldisini bilib olgandi. Germaniya degani to‘q, farovon, jannatday mamlakat ekan. U yerda ishchilar devorlariga gulqog‘oz yopishtirilgan, issiq suvi bo‘lgan uylarda shohona yashar, par to‘shaklarda uxlar ekanlar. Ketganlar orasidan “yomon” degani chiqmadi. Lekin yozilgandan keyin darhol jo‘natishmas ekan. Navbati kelganlar jo‘nab ketardi. Yozilganlar shunchalik ko‘p ediki, olti oy, hatto bir yil navbat kutayotganlar bor edi. Har narsaning yo‘li topilganiday, bu yerda ham osongina va tezda jo‘nab ketishning iloji bor ekan. Er-xotin birga yozilishi darkor edi. Zero ayol ishchilar hech kuttirmasdan, nari borsa ikki oy ichida jo‘natilardi. Xotin u yerga borar-bormas, erini chaqirib olishi mumkin ekan. Shunday ekan, er-xotin birga yozilgani maqbul emasmi?! Xotin ikki oy oldin ketsa nima bo‘pti, qiyomat qoyim bo‘larmidi?..
Bu gaplarni Mamishga ayt¬gan edi, ters javob berdi. “Aqldan ozdingmi, usta? – dedi Mamish. – Xotin deganni yot ellarga yolg‘iz jo‘natib bo‘larkanmi? Qolaversa, g‘urbatda senga pishirib qo‘yibdimi? Nima, ish yo‘qmi, shu yerda ham xohlaganingcha ish topiladi, ishlayver. Ajnabiylarning yuzi ham qursin, puli ham… Pul u yoqda tursin, oltin bersalar ham u yoqlarga ketmayman men…”
Ichida Mamishga “Kallavaram!” degandi. “Odam degani tuqqan joyida emas, to‘ygan joyida yashashi kerak. Yevropani ko‘ramiz, maza qilib yashaymiz, istaganimizcha yeb-ichamiz, mol-mulk topamiz, buning nimasi yomon? Bu kungacha o‘larday ishladik, ammo birimiz ikki bo‘lmadi. Ahmoq! Eshshakday ishlashdan boshqa nimani ham bilarding sen?”
Mamish haqida ana shunday deb o‘ylagandi. O‘zi bo‘lsa, ertasigayoq xotinini yetaklab, Ish va ishchi ta’minoti idorasiga olib bordi va uzundan-uzoq navbatga turdi. Gal kelib, ularni qayd etishayotgan chog‘da amaldor: “Janob, – dedi, – begoyimning navbati oldinroq kelishi mumkin. Bir o‘zini yuborasizmi?” “Yuboraman”, – dedi ishonch bilan. Ikki bola tuqqan bu xonimcha endi yo‘ldan ozarmidi? Agar salgina boshqacha oyoq olganini bilsa bas, sichqonning iniga yashirinmaydimi, topib asfalasofilinga jo‘natadi.
– Yozaver, afandim, yozaver, – dedi u. So‘ngra ichida: “Mening xotinim sen bilgan yengiloyoqlardan emas… Ishonmasam, shuncha yildan beri qo‘ynimda olib yotarmidim”, deb qo‘ydi.
Shuncha yildan, shuncha voqelardan keyin endi u haqiqatning yuziga tik boqadigan bo‘lgandi. Xato qilgan ekan. Mamishning ogohlantirishlariga quloq solmay xotinini yolg‘iz jo‘natgani, o‘zi kelib xotinining ahvolini, bu yerning vaziyatini o‘z ko‘zi bilan ko‘rganidan keyin ham yurtiga qaytmagani, bolalarini olib kelgani, guvohnoma va mashina olgani… xato ustiga xato bo‘lgandi. Endi bo‘lsa, bu xatolarning jazosini tortayotgan, iztiroblar ichida qolgan edi. Birovga dardini to‘kolmasdi.

Uxladi.
Qanchalik uxlaganini bilmaydi, qulog‘iga eshitilgan g‘o‘ng‘ir-g‘o‘ng‘ir tovushlardan uyg‘onib ketdi. Oldiniga tush ko‘rayapman shekilli, deb o‘yladi. Tush ko‘rmayotganini, uyg‘oq ekanini anglagach, ko‘zlarini ochdi. Xonaning eshigi ochiq va ostonada ikkita politsiyachi turar edi. Hayron bo‘ldi. “Mening uyimda politsiyachi nima qilib yuribdi?” deb o‘yladi. Atrofga alanglab, politsiya mahkamasida o‘tirganini tushundi. Ishdan charchab chiqqani, tramvayda bo‘sh o‘rindiq bo‘lmagani uchun oyoqda ketgani, xotini qovog‘idan qor yog‘ib kutib olgani, hamishagiday – hatto to‘shakda ham bo‘lganiday – javragani, janjal chiqargani, shundan keyin paltosini yelkasiga ilib, narigi ko‘chadagi tovuqchiga borgani, yarim tovuqni yerkan, bir shisha sharob otvolgani, italyan baqqoldan go‘sht konserva, non, sharob, meva, turshak olgani, bir daha narida yashaydigan yagona va abadiy do‘sti Mohirnikiga ketayotganida politsiyachilar tomonidan qo‘lga olingani, bu yerga olib kelingani kinofilm lentasiday ko‘z oldidan o‘tdi. Aybi yo‘qligini darhol esladi. Oxirgi marta yo‘l hodisasi sabab bo‘lib, guvohnomasini oldirgach, mashinasini ham sotib tinchigandi. Qahvaxonalarga bormas, qimor o‘ynamas, janjallashmasdi. Balki keyingi olti oy ichida bu mamlakatda ayb hisoblanishi mumkin bo‘lgan eng arzimagan ish ham qilmagandi. Mo‘minlarcha ertalab ishiga ketar, oqshom pallasi uyiga qaytardi. Agar uyida g‘avg‘o qo‘padigan bo‘lsa, indamay tash¬qariga chiqar, yegulik, ichimlik olib, Mohirnikiga ketardi. Politsiyachilar uning “Nega meni bu yerda tutib turibsizlar?” deyishiga imkon ham bermay:
– Bu yoqqa kel, – deyishdi.
– Qayoqqa? – deb so‘radi.
– So‘roqqa.
O‘rnidan turdi. Kamzulini kiydi. Sochlarini tartibga keltirdi, yon tomonga qiyshaygan galstugini to‘g‘riladi, chiqdi.
Tergov xonasida qonuniy huquqlari eslatildi. Tarjimon va advokat kerak-kerakmasligi so‘raldi.
– Kerakmas, – dedi.
Kim ekani aniqlandi. Qonuniy haqlari eslatilgani, advokat va tarjimon xohlash-xohlamasligi so‘ralgani, “Kerakmas” degan javobi bayonnomaga yozildi. Undan ke¬yin xotini va qizi uning ustidan shikoyat qilgani aytilgani, bunga “Bo‘lishi mumkin” deb javob bergani yozildi.
(Zero, ancha oldin xotini bir marta doktordan “Badanida kaltak izlari bor” degan xulosa olgan, qizini guvoh ko‘rsatib, “Erim meni do‘pposlaydi” deb politsiyaga shikoyat qilgan edi. Shu boisdan hatto qamalishiga ham bir bahya qolgandi. O‘shandan keyin u xotiniga qo‘l ko‘tarmaydigan bo‘ldi. Baqirib-chaqirar, lekin aslo urmasdi. Chunki el-yurt orasida ikkinchi marta sharmanda bo‘lish yaxshi emasdi. Xotini g‘irt asossiz ravishda shikoyat qilgan bo‘lsa kerak. Hatto, xotin-qizlar huquqlari jamiyati a’zosi bo‘lgan o‘sha haromi doktor xotindan soxta hujjat olgan bo‘lishi ham mumkin. Xotinining haqiqatda kim ekanini faqat Germaniya¬ga kelganidan keyingina bildi. Undan har narsa kutsa bo‘ladi. Lekin hozir uning hech qanday aybi yo‘q. Shu boisdan osongina qutulib chiqishini bilar, xotirjam edi. “Bo‘lishi mumkin” degandi…)
Shikoyat mavzusi o‘qila boshladi deguncha, uning qattiq dahshatga tushgani, ko‘zlari olayib, qinidan chiqquday bo‘lgani, og‘zi lang ochilib qolgani, yuz-ko‘zi, hatto, butun a’zoyi-badanini ter bosgani, yuragi haddan tash¬qari gursillab ura boshlagani bayonnomaga yozilmadi. Faqat “Yo‘q… Yo‘q…Yo‘q… Bularning barchasi yolg‘on” deb baqirgani yozildi.
Shikoyat sud meditsinasi tomonidan tasdiqlangani aytilib, “Mast bo‘lganing uchun nima qilganingni o‘zing ham bilmagandirsan” deya, qilmagan gunohni bo‘yniga qo‘ymoqchi bo‘lishganida qachonlardan beri vayrona qalbi yana bir marta vayron bo‘lgani yozilmadi. Politsiyachilardan birining belidagi to‘pponchani tortib olib, o‘z chakkasidan otib, joniga qasd qilmoqni o‘ylagani ham yozilmadi. Bu xatti-harakati aybni e’tirof qilish bo‘lishini o‘ylab, tentaklikdan voz kechgani, o‘ziga-o‘zi: “Hech bo‘lmasa buning tuhmat ekanini isbotlaguncha yashashim kerak” degani bayonnomaga yozilmadi.
“Men savdoyi emasman. Men buzuq emasman… Yolg‘on!.. Hammasi yolg‘on!” deb hayqirgani, so‘ngra birdan yuragi xuruj qilib, yerga yiqilgani yozildi.
Bayonnoma kasalxonada yozib tamomlandi…

“Kitob dunyosi” gazetasidan olindi.

02

(Tashriflar: umumiy 171, bugungi 1)

Izoh qoldiring